Қодиржон Ботиров: Биз ҳозир бу масалада жиддий ишлаяпмиз

qodirjon botirov1Айни пайтда Швецияда яшаётган таниқли сиёсатчи ва тадбиркор, Қирғизистонлик ўзбеклар лидерларидан бири Қодиржон Ботиров билан Стокҳолмдаги кичик кафелардан бирида учрашдик.

..2010 йилнинг июнь ойидаги миллий мажоролар ташкилотчиси сифатида кўрилиб, сиртдан умрбод қамоқ жазосига ҳукм этилган, айни чоғда Мустақил Давлатлар Ҳамдўстлиги (МДҲ) бўйича қидирувга берилган бу фидойи инсонни Европа давлатларида бўладиган Қирғизистонга оид турли йиғилишларда иштирок этаётгани, БМТ, Европа Иттифоқи каби халқаро ташкилотлар биноси олдида ўз мамлакатида ўзбекларга уюштирилган қирғин ташкилотчилари жазоланишини талаб қилиб турли акциялар ўтказаётганидан хабарим бор эди.

Шу йилнинг 18 ва 19 феврал кунларида Женевада бўлиб ўтган Бирлашган Миллатлар Ташкилоти (БМТ)нинг Ирқий Камситишларни бартараф этиш бўйича Қўмитаси Қирғизистонга оид тингловини ўтказаёганда, қирғиз давлати ҳайъати ва нодавлат ташкилотлар вакиллари қаторида Қодиржон Ботиров ҳам йиғилишда ҳозир бўлди. У ўша куни қўмита раҳбари ва унинг ўринбосарлари, ҳамда махсус маърузачи билан шахсан учрашиб, уларга Қирғизистондаги ҳақиқий вазият ҳақида кўплаб ҳужжатларни топширган эди.

Орадан кўп вақт ўтмай ушбу нуфузли Қўмита Қирғизистон ҳукуматига ирқий камситишлар борасидаги уч қисм, 31 банддан иборат ўз тавсия ва талаблари ёзилган ҳужжатни тақдим этди. Тавсияларда Ботировнинг Қўмита экспертларига топширган Қирғизистондаги ўзбеклар муаммолари акс этган муҳим масалалар ҳам ўз ифодасини топган эди.

****

…Қирғизистон ҳукумати ўзини дунё учун ҳамиша очиқ эканлигини кўрсатиб келади. ”Қирғизистон – Марказий Осиёдаги демократия оролчаси” деган фикрни бутун дунёга кўз- кўз қилишни яхши кўради. 2010 йилнинг май ва июнь ойларида бўлган қонли можоролардан сўнг ҳам бу ”очиқлик” намойиш этилди. Улар олдинига Қирғизистонга Киммо Килюнен бошлиқ халқаро мустақил комиссияни таклиф этишди. Комиссия хулосаларида ўзбеклар уюшиб яшайдиган жойларга ҳукумат иддао қилаётгандек учинчи кучлар эмас, балки ҳарбий техникалар билан қуролланган қирғиз миллатчилари бостириб киргани, уларни ҳукумат тепасида турган таниқли сиёсатчилар бошқариб турганлиги айтилган эди. Йўқ, бундай бўлиши мумкин эмас. Бунақаси кетмайди. Миллатчи сиёсатчилар матбуот анжуманида қатнашаётган фин дипломати, профессор Килюненга босим ўтказиб, уни тезлик билан мамлакатдан чиқиб кетишини талаб қилишди. Бу ҳам етмагандек комиссия раҳбарини бундан кейин Қирғизистонга киритилмаслик ҳақида қарор ҳам қилишди. Кейин Ўш ва Жалолобод воқеаларини қайтадан ўрганиш бўйича улар ўзларининг мустақил комиссияларини тузишди. Комиссияга қирғинни уюштирган миллатчиларга хайрихоҳ кишилар киритилган эди. Бу комиссия эълон қилган хулосаларга кўра, қирғинни ўзбеклар уюштирган экан. Ўзбеклар лидери – Қодиржон Ботиров ўзбек тили мамлакатда иккинчи давлат тили бўлишини талаб қилиб, одамларни кўчага олиб чиққан. Автоном област қурмоқчи бўлган бу ўзбеклар! Хуллас, шунақа гаплар… Яна ўзбеклар айбсиз айбдор…

Бу гал БМТдек нуфузли халқаро ташкилот қирғин сабабларини жиддий ўрганишга киришди. Қирғизистон ҳукуматидан миллий можоролар сабабларини қайта ўрганиб, бир йил ичида БМТ олдида ҳисобот беришни талаб қилди.

Энди нима бўлади? Ҳозир ҳукуматда турганлар Қирғизистондаги қонли воқеаларни уюштирган кишиларнинг кимликларини ошкор қила олишармикан? Ёки бу гал энди БМТни алдаб, яна ҳамма айбни ўзбекларга ағдаришадими? Ўзбеклар яшаб турган ҳудудга қурол- яроқ билан бостириб кириб, ёш болалар, аёлларни, бегуноҳ кишиларни ўлдирган, тириклайин ёқиб юборган газанда тўдалар қаердан келиб қолганди? Уларга ким қурол- яроқ берганди?. Ким бошқариб турган? Милиция, Хавфсизлик кучлари, мамлакат армияси қаерда эди ўша пайтда? Ёки куч ишлатар тизимларнинг ўзи уларни бошқарганми?

БМТнинг Ирқий камситишларни бартараф этиш бўйича 18 ва 19 феврал кунлари бўлиб ўтган Қирғизистонга оид тингловда қатнашган давлат ҳайъати раҳбари, Президент Маҳкамаси вакили Мера Карибаева ўша пайтда мамлакатда вазият издан чиққанлигини, ташқи кучлар бундан фойдаланиб, хунрезликларни амалга оширганликларини айтди. Қирғизистоннинг БМТдаги вакили Гулнора Исхакова эса тинглов бўлаётган залда ўтирган ўзбеклар лидерини кўрсатиб, “Қодиржон Ботиров Қирғизистон суди томонидан судланиб қидирувга берилган. Сизлардан Қирғизистон суди қарорини ҳурмат қилишингизни сўрайман”деди. У бу билан халқаро ташкилот Ботировни Қирғизистон ҳукуматига ушлаб топшириши кераклигига шаъма қилди.Лекин у қирғин ташкилотчилари ҳанузгача ҳукумат идораларида ишлашаёганини айтмади. Айта олмади…

Вазият эса уларнинг истакларига қарши томонга қараб ўзгарди. Қирғизистон ҳукумати бир йил ичда 2010 йилги миллий ихтилофлар сабаблари, зиддиятлар пайтида инсон ҳуқуқларининг қўпол тарзда бузилиши ҳамда миллий озчиликларни сиёсий ташкилотлардан сиқиб чиқарилиши боиси ҳақидаги тўлиқ маълумотларни бир йил ичида БМТнинг Ирқий камсиишларни бартараф этиш қўмитасига тақдим этиши керак.

Халқаро БМТ Қўмитасининг бу тавсиялари Қирғизистон ҳукумати зиммасига қандай масъулият юклайди? Жорий ҳукумат бу тавсияларни бажаришда ўзида ирода топа оладими?

Қодиржон Ботиров билан суҳбатимиз айни шу мавзуда бўлди…

Юсуф Расул:- Қодиржон ака, сиз БМТнинг ирқий камситишлар бўйича қўмитасининг навбатдаги йиғилишида иштирок этган эдингиз. Йиғилишда қирғиз давлати вакиллари 2010 йил июн ойидаги қонли воқеалар пайтида ва ундан кейин инсон ҳуқуқлари бузилишига йўл қўйилгани, тергов ва суд тизимидаги адолатсизликларни тан олиб гапирдилар. Лекин қонли воқеалар ташкилотчилари кимлар эканлиги, уларни жавобгарликка тортилмаётгани сабаблари ҳақида негадир сукут сақлашди. Қўмитанинг тавсияларидан сўнг ўзбекларга нисбатан уюштирилган қирғин борасидаги асл ҳақиқатлар очилишига умид борми?

Қодиржон Ботиров: -Тўғри, ҳукумат вакиллари инсон ҳуқуқлари бузилишига оид бу камчиликларни тан олиб гапиришди. Лекин улар шу бугунга кадар бу камчиликлар устида иш олиб боришганини амалда кўрсата олишмади. Қўмита тавсияларида бу масаладаги муаммолар етарли кўрсатиб ўтилган. Якуний хулосалар билан танишган кишилар бу ҳақда тўлиқ маълумот олишлари мумкин. Тавсияларнинг 5 , 6, 9 пунктларида кўрсатилган талабларни ҳукумат ўрганиб чиқиб, уларни қандай бартараф этилгани ҳақида бир йил ичида Қўмитага ҳисобот бериши шарт.

Ю.Р.: -Бу тавсияларни бажарилишига ишонасизми?

Қ.Б.: -Бу тавсияларни ҳукумат бажариши мумкин. Умид бор, қачонки қонун хаммага тенг бўлса. Ҳамма қилган ишига қонун олдида тенг жавоб берса…. Акс ҳолда , ҳеч нарса ўзгармайди.

Халқаро ташкилот талаб қилаётган муаммолар янгилик эмас. Биз бу муаммоларни ечиш йўлида неча йиллардан буён курашиб келган эдик. Масалан, мен ўзбек миллий маданият марказининг раҳбари сифатида ўзбек халқининг ҳақ – ҳуқуқларини тиклаш, ўзбек мактабларини таъмирлаш, ўзбекча дарсликларни тайёрлаш, ўзбек ёшларини ҳукумат ва Парламентда, ҳамда маҳаллий бошқарув идораларида, ҳуқуқ -тартибот, суд, прокуратура тизимларида ишлашларига шароит яратиш бўйича кўп ҳаракат қилганман. Халқимиз вакилларини давлат идораларида хизмат қилишларини, ўзбеклар яшайдиган жойларда ўзбек тилида иш юритишни талаб қилганим учун бугун менга сепаратист деган айб қўйишган. Буни бутун дунё билади.

”Қирғизистонда давлат ташкилотларида фақат қирғизлар ишлаши керак”, ”Бошқа миллат вакиллари эса квартирантлар” , ”Қирғиз давлати фақат қирғизлар учун”, ”Бошқа миллатлар қирғизлар хизматкори бўлиши керак”, ”Қирғиз элим”, “Қирғиз тилим”, “Қирғиз ери” деган сиёсатчилар эса миллий қаҳрамонга айланиб, бугун парламент ва давлатни бошқаришаяпти. Демократия фақат қирғизлар учунми? Бошқа миллат вакиллари ўз ҳақ- ҳуқуқларини, тенгликни талаб қилишгани учун қирғиз давлати душманига чиқарилаяпти. Қирғиз миллатчилари эса – миллат қаҳрамони!

Бугунги кунда Президент маҳкамаси, ҳокимликлар, маҳалла идоралари, суд, прокуратура, ички ишлар бўлимларининг 99 фоизида қирғизлар ишлашмоқда.Бир иккита рус миллатига мансуб кишиларни ишга олиб, улар ўзларини байналминал қилиб кўрсатишга ҳаракат қилиб келишмоқда.

Ю.Р. : -Лекин Қирғизистон давлати ҳайъати аъзолари БМТ Қўмитаси йиғилишида бу каби муаммолар борлиги очиқ тан олиб гапиришди-ку!

Қ.Б.: -Қирғизистондаги ахволни қирғиз давлати вакиллари очиқ тан олишгани тўғри. Улар 2010 йилнинг май ва июнь ойларида бўлган воқеаларни ҳам тан олиб, ўшанда давлат кучсиз эканлигидан сепаратислар фойдаланишди, деб айтишди. Бундан ташқари улар миллий можородан энг кўп жабр кўрганлар ўзбеклар эканлигини очиқ тан олишди. Қўмита ҳам ўз хулосаларида буни эътироф этган. Лекин, июнь воқеалари пайтида ва ундан кейин ўзбекларни кимлар ўлдирган? Кимлар қийноққа солган? Кимлар бу ишларни бошида турган? Бу ҳақда лом- мим дейишмади.

Жалолободда фаолият кўрсатиб келган “Олимжон Ботиров” номли халқаро университет 2010 йилнинг 19 май куни қирғиз миллатчилари томонидан талон- тарож қилиниб, ёқиб юборилган эди. Шундан сўнг ўзбекларга қарши қирғин уюштирилди. Бу уруш бошида Роза Отунбаева, Исмоил Исаков, Суюн Умрзаков, Азимбек Бекназаров каби миллатчи сиёсатчилар турганини ҳамма билади-ку!

Ўша пайтда Мудофаа вазири бўлиб ишлаган Исмоил Исаков 11 ва 14 июн кунлари Ўш ва Жалолободда юриб, халқ дружиналарини тузгани, бу вилоятларда жойлашган ҳарбий қисмлардаги қурол- яроғларни миллатчи гуруҳларга тарқатиб бергани кўпчиликка маълум.

Ўша кунлари муваққат ҳукумат аъзоси Азимбек Бекназаров Жалолобод вилояти, Новкент райони милиция бўлимига телефон қилиб, ўғли Руслан бошлиқ жиноятчи тўдаларга барча қурол- яроғларни беришга буйруқ берган. Бу қуроллар воситасида ўзбеклар қирғин қилингани бугун ҳеч кимга сир эмас. Муваққат ҳукуматнинг яна бир аъзоси – Умурбек Текебаевнинг укаси – “Ота макон” партиясининг Жалолобод вилоятидаги куратори Асилбек Текебаев, Бекназаровнинг ўғли билан бирлашиб ўзбеклар яшайдиган Бозорқўрғон қишлоғига ҳужум уюштирган. Улар юздан ошиқ уйларга талончилик қилиб, ўт қўйишган. Лекин, ҳукумат тепасида ўтирган миллатчилар бу жиноятчиларни эмас, таниқли ҳуқуқ ҳимоячиси Азимжон Асқаров, ўзбек миллий маданият маркази раҳбари Шукуржон Мирзалимов ва бошқа ўзбекларни қамаб, қийноққа солиб, узоқ йилга озодликдан маҳрум қилишди. Ҳужум қилганлар эса ҳанузгача озодликда юришибди.

Улардан ташқари Суюн Умрзаков, Курсан Асанов, Қамчи Ташиев, Мелис Мирзақматов ва бошқаларни ҳам ўзбекларни қирғин қилган миллатчи тўдаларга бошчилик қилишгани ҳақида аниқ маълумотлар бор.

Ҳозир ҳукуматда юқори лавозимларда ишлаётган бу миллатчилар ўзларини ўзлари фош этишмайди, албатта.

Улар бир йил ичида БМТдай жиддий ташкилотга бу ҳақдаги аниқ маълумотларни тақдим эта олишадими? Авваламбор, Қирғизистон президенти, парламенти ва ҳукумати буни хоҳлайдими? Ахир шу парламент, шу ҳукумат ва амалдаги шу президент ҳалигача бирор халқаро ташкилот берган тавсияларни бажаргани йўқ-ку! Бажаришган бўлса ҳам шунчаки юзаки… . Кўзга ташланадиган бирор ижобий ишнинг ўзи йўқ. Бугун давлат тизимида қонунга амал қилиб ишлайдиган бирорта раҳбарни топа олмайсиз. Миллатчилик, қариндош- уруғлик, коррупция воситасида ҳокимиятга келган бу сиёсатчилар фақат ўз манфаатлари учунгина ишламоқда, холос. Халқнинг давлат раҳбарларига ишончи бутунлай йўқолган..

Бугунги кунда ўз ерини, уйини, молу мулкини ташлаб, ташқарига чиқиб кетган минглаб ўзбек оилалари бор. Қирғизистон ҳукумати уларни қайтариб олиб келиш ҳақида бирор бир ҳаракат қилгани йўқ. Қайтанга, она – ватанини ташлаб чиқиб кетган ўзбекларни ҳисобини олиб, уларни устидан сохта жиноий ишлар қўзғашмоқда, Россия ички ишлар вазирлиги, прокуратураси, хавфсизлик хизмати (ФСБ) ходимлари билан тил бириктириб, ўзбекларни мажбуран ортга қайтаришга ҳаракат қилишмоқда. Ўзбекларни камситиб, очиқдан очиқ таъқирлаб, қийнаб, уларни мамлакатдан чиқиб кетишларини кенг йўлга қўйиб олишган.

Ю.Р.:- Қирғизистонда авж олган миллатчилик, ўзбекларга нисбатан тоқатсизлик кайфиятлари қачондан бошланган? Нега бу мамлакатда миллатчиликлар борган сари кучайиб бормоқда?

Қ.Б.: -Қирғизистон жанубидаги ўзбеклар йигирма йил ичида икки марта даҳшатли қирғинга дучор қилинди. Бу қирғин асосан сиз айтган миллатчилик туфайли содир этилган эди.

Тўқсонинчи йилларда Ўш ва Ўш атрофидаги ерларни бўлиб бериш баҳонасида уюштирилган қирғин ташкилотчиларининг бирортаси ҳанузгача жавобгарликка тортилгани йўқ. 2010 йилда ўзбекларга қарши яна қирғин уюштирилди. Буни сабаблари нимада?

Хоҳласак хоҳламасак биз тарихга мурожаат қилишга мажбурмиз. Ўшда ва Жалолободда қачон қирғизлар яшашни бошлашганини биласизми? Эллигинчи ва олтмишинчи йиллардан бошлаб тоғда яшайдиган қирғизлар шаҳарга келишни бошлашган эди. Ўша вақтгача Ўш ва Жалолободда бирорта қирғиз тилидаги мактаб бўлмаган. Факат ўзбекча ва айрим русча мактаблар бор эди. Биз ўзбеклар қирғизларни ҳеч қачон рад этмаганмиз. Биз уларни яхши қабул қилганмиз. Қирғизлар орамизга қўшилганида бирор ёмонликни бир- биримизга раво кўрмай, совет даврида яшаб келдик.

Горбачёв замонида Абдусамад Масалиев Қирғизистон компартияси биринчи секретари бўлиб ишлаган пайтда, уни шогирди Усен Сиддиқов Ўш обком партиясининг биринчи котиби эди. Тўқсонинчи йилда Ўш ва Ўзганда бўлган қирғинга айнан шу шахслар жавобгар. Масалиев вафот этиб кетди, лекин Усен Сиддиқов ҳозир ҳам яшаяпти. Улар ўша пайтда Қирғизистонни қирғизлаштиришни мақсад қилиб олишган эди.

Аскар Акаев ҳокимиятга келгач, уларни йўлидан бормади. У Қирғизистон жанубини қирғизлаштиришнинг бошқа йўлини танлади. Ўш областини учга – Ўш, Жалолобод ва Баткен вилоятларига бўлиб ташлади. Янги ташкил қилинган вилоятларда янги бошқарув тизимлари яратилди. Ҳуқуқ -тартибот, халқ ва қишлоқ хўжалиги соҳалари бўйича вилоят бошқармалари тузилди. Минглаган янги иш ўринларига таниш – билишчилик, қариндош- уруғчилик билан бирор мутахассисликка эга бўлмаган, қирғиз миллатига мансуб лаёқатсиз кишилар ишга қўйилди. Катта пора эвазига лавозимлар сотиб олиш кенг йўлга қўйилди.

Ўзбеклар деҳқончилик қилиб келган суғориладиган яхши ерлар ўша пайтдаги Жалолобод вилоят Кенгаши раиси Бегмамат Усмоновнинг қарори билан узоқ овуллардан кўчириб келинган қирғизларга бўлиб берилди. Совет Иттифоқи пайтида қурилган завод ва фабрикалар, ишлаб чиқариш корхоналари, савдо марказлари, хусусийлаштириш баҳонасида миллатчи қирғизлар томонидан ўзаро тақсимлаб олинди. Коррупция гуллаб- яшнади.

Бундан ташқари Республикада қирғиз тили бўйича махсус комиссия тузилди. Бу комиссия асосан мамлакат жанубида иш олиб борди. Мактаблар ва олий ўқув юртларида ҳеч қандай тайёргарликсиз, дарслик ва қўлланмаларсиз қирғиз тилини ўқитиш жорий қилинди. Бошқа тиллардаги радио ва телевидениялар, газета ва журналларни қирғиз тилига айлантириш ҳаракатлари бошланди. Мактаблар ёки кўчалар номини қирғизчага ўзгартиришга киришилди.

Бу ишлар бошида турган Усен Сиддиков, Тўпчибек Турғуналиев, Бегмамат Осмонов, Умурбек Текебаев, Азимбек Бекназаров, Адахан Мадумаров ва бошқа сиёсатчилар ўша пайтда қирғизлар ичида миллатчилик уруғини сочишни бошлашган эди. Улар “Қирғизистон фақат қирғизлар учун!”, “Қирғиз ери”, “Қирғиз элим” ва “Қирғиз тили” деган шиорлар билан иш олиб боришди. Қирғиз тилини билмаган бошқа миллат вакилларини очиқдан очиқ камситишни бошлашди. Кўча- куйда руслар ва ўзбекларни тутиб олиб, “Нега қирғизча гапирмайсан?” деб сўроқ қилиш одат тусига кирди. Шу боис руслар ва рус тилида сўзлашувчи яхши мутахассислар бу ерда узоқ яшаб бўлмаслигини сезиб, ёппасига кўчиб кета бошлашди. Қирғизлар эса улардан бўшаган уй- жойларни бир чекадан эгаллаб олишди. Лекин завод ва фабрикаларни ишлатишни билишмади. Буни улар камчилик эмас, бизни ютуғимиз деб билишди.

Мана шундай зулм ва зўравонликларга сабр- тоқатли, матонатли ўзбек халқи чидаб яшади. Ўзбеклар ота- боболаримиздан қолган она- ватанимизни ҳеч қаерга ташлаб кетмаслик кераклигини яхши билишар эди. Уларни осонликда қувиб чиқара олмаган миллатчи қирғизлар 2010 йилда бошқа йўлни ўйлаб топишди. Улар ўзбекларга қарши қурол ишлатмагунча, уларни осонликча бу ердан йўқотиб бўлмайди , деган хулосага келишди. Шундан сўнг демократия ниқобини кийиб олган Роза Отунбоева бошлиқ муваққат ҳукумат аъзолари қуролли кучларни ўз ичига олган жиноятчи тўдалар билан бирлашиб, май ва июнь ойларидаги қонли қирғинни амалга оширишди.

Хўш, миллатчи кучлар бу жиноятлари орқасидан нимага эришдилар?

1. Ўзбеклар ёрдами билан ҳокимиятга эришган Роза Отунбаева бошлиқ муваққат ҳукумат аъзолари, Қурманбек Бакиев ва уни тарафдорларидан қутилган заҳоти, ўзбек лидерларини душманга айлантиришди.Улар лидерларни йўқ қилиб, ўзбекларни парчалаб, улардан ўзларининг шахсий мақсадларига эришиш йўлида фойдаланишди.

2. Улар талончилик натижасида жуда катта бойликка эга бўлишди. Ўзбекларни ўлдириб, қамаб, хону молини талаб, ўзларидан из қолдирмаслик учун ҳамма жойни куйдириб, ёқиб юборишди. Кеча демократман деб кўкрагига уриб юрган Роза Отунбаева, Азимбек Бекназаров, Умурбек Текебаев, Эмил Каптагаев, Кенешбек Душабаевга ўхшаган қашшоқ кишилар қирғин, қон тўкиш билан жуда катта бойликка эга бўлишди.

3. Парламент сайловларида бошқа миллат вакиллари томонидан ташкил қилинган партияларнинг бирортаси қатнаша олмади. Жиноий гуруҳлар томонидан ташкил қилинган партиялар ўз одамларини парлементга олиб келишди.

4. Янги хукумат коолициясини тузиш пайтида уларнинг ҳар бири ўз вакилларини ҳукумат таркибига киргизишга эришишди.

5. Мана шу ”демократик гуруҳ” ўз тарафдорлари бўлган Алмаз Атамбаевни президент бўлишига эришди.

6. Мелис Мирзақметов бошлиқ бўлган айрим наркаборон жиноятчи тўдалар ўзбекларга қарши даҳшатли қирғинни уюштириб, одамларни мол мулкини талаб, уйларига ўт қўйиб, кенг кўламли жиноятларни амалга оширишганига қарамай, Ўш шаҳри ҳокимиятини қўлларида сақлаб қолишга муваффақ бўлишди.

7. Ўзбек телевидения ва радиолари, газета ва журналлари ёпиб ташланди.

8. Жалолободдаги “А.Ботиров” номли Халқлар Дўстлиги Универститети 2010 йилнинг 19 майида қирғиз миллатчилари томонидан талон – тарож қилиниб, кейин ёқиб юборилди. Жиноятчиларни топиб жазолаш ўрнига, миллатчиларнинг “бу ерда фақат ўзбеклар ўқийди”, деган ёлғон кўрсатмаларига асосланиб, Университет ёпиб ташлади.
Кечаги маҳаллий миллатчилик бугунги кунда Парламент ва Давлат миқёсига кўтарилди.

Ю.Р. -Сиз айтганингиздек, миллатчилик руҳи қамраб олган мамлакат ҳукумати БМТнинг ирқий каситишларга барҳам бериш қўмитаси талабларини бажаришда ўзида куч, ирода топа олармикан?

Қ.Б.: -Бу тавсияларни бажариш учун ҳукуматда ўтирганлар ўз жиноятларини очиқчасига тан олишлари керак. Тан олиш эса улар учун қамоқ дегани.

Энди ўзингиз ўйлаб кўринг, Президент ва Парламентда ўтирганларни шу талабларни бажаришга кучлари етадими? Албатта, йўқ. Улар энди яна бошқа йўл излайдилар. Яна вақт ўтказиб, ўзбекларни айбдор қилиб кўрсатишлари мумкин. У ҳолда эса халқаро ташкилотлар қирғиз ҳукуматига қарши қатъий чоралар кўришга мажбур бўлади.

Мамлакат Президенти ва Парламенти Қирғизистонда яшаётган ўзбекларни Қирғизистон фуқароси деб тан оладими ёки йўқми?
Қирғизистондаги ўзбекларнинг бугунги муаммоларини тан олган ҳолда, уларни ҳал қилишга кескин ва жиддий ёндошадими ёки йўқми?

Охир- оқибатда ўзбек халқи билан бугунги Қирғизистон давлати раҳбарлари мулоқотга борадими ёки йўқми?
Бугунги кунда бу масалалар жуда муҳим. Ҳамма гап шу масалалар ечимига боғлиқ бўлиб қолган ҳозир.

Ю.Р.:- Қирғизистон ҳукумати БМТ тавсияларини бажаришни истамаса ёки олдингидек яна ўзбекларнинг ўзини айбдор қилиб кўрсатса , хорижда яшаётган ўзбеклар, ўзбек лидерлари қандай чора кўриши мумкин?

Қ.Б.: -Биринчидан, биз ҳақиқий жиноятчиларни жавобгарликка тортишларини талаб қилишда давом этамиз.
Иккинчидан, халқаро ташкилотлар билан яқиндан иш олиб борамиз.

Учинчидан, Қирғизистон президенти, Парламенти ва ҳукумати олиб бораётган ишларни ҳамиша кузатиб, назорат қилиб борамиз.

Белгиланган вақт ичида бу масалалар ўзининг ижобий ечимини топмаса, биз бунга нисбатан ўз муносабатимизни кескин равишда билдирамиз.


Ю.Р.: Масалан, қандай?

Қ.Б.: -Кескин равишда муносабат билдириш йўллари кўп. Амалга ошган пайтда бу кескин муносабатлар нима эканлигини улар ўзлари билиб олишади.


Ю.Р.: -Сиз каби ўз ватанини ташлаб кетишга мажбур бўлган бошқа ўзбек лидерлари айни пайтда қандай ишлар билан машғул?

Қ.Б.: -Қирғизистондаги ўзбеклар лидерлари сифатида тан олинган Жалолиддин Салоҳуддинов, Улуғбек Абдусаломов, Иномжон Абдурасулов, Озодбек Караматов, Аъзамжон Акбаров ва бошқалар ҳозир хорижда яшашаяпти. Уларни ҳаммасини Қирғизистон ҳукумати кидирувга берган. Шу боис бу лидерларнинг очик фаолият кўрсатишга имкониятлари йўқ.

Ҳозир АҚШда яшаётган “ЎшТв” директори Халилжон Худойбердиев ва бошқалар билан Қирғизистонлик ўзбеклар ҳақ- ҳуқуқларини тиклаш ва адолатни қарор топтириш масалалари устида иш олиб бораяпмиз.

****

Қодиржон Ботиров келажакка умид билан боқади.

Мен суҳбатдошимда ҳақиқий сиёсатчиларга хос бўлган синчковликни, сўзга масъулиятни, улуғворлик ва матонат туйғуларини ҳис қилдим.

Уни ўз халқи келажаги учун ҳамиша курашга тайёр эканлигини, ҳеч қачон бу эзгу мақсаддан чекинмаслигини англаб етиш қийин эмас эди.

Юсуф Расул, мустақил журналист, Швеция..

13 март, 2013 йил, Стокҳолм..

www.yangidunyo.org

Share on FacebookShare on Google+Tweet about this on TwitterEmail this to someoneShare on LinkedIn