Ёш романнависга хат

ёшХорхе Марио Педро Варгас Льоса

Хорхе Марио Педро Варгас Льоса (Jorge Mario Pedro Vargas Llosa) 1936 йил 28 мартда Перунинг Арекип шаҳрида туғилган. 1953 йили Сан-Маркес университетининг филология факультетига ўқишга киради, аммо тез орада Европага йўл олиб, ўқишни Мадрид университетида давом эттиради. Бўлажак адиб 1960 йили Парижга кўчиб келади. 1978 йилда ўз юртининг пойтахти – Лимага қайтади. Адиб 1963 йилда нашр этилган дастлабки “Шаҳар ва кўппаклар” романи биланоқ, ихлосмандлар назарига тушади. Шундан кейин ёзилган “Яшил рангли уй”, “Собордаги мулоқот”, “Майта тақдири”, “Таканинг байрами”, “Кельтликнинг туши” сингари романлари адибнинг қувваи ҳафизаси мукаммал тафаккурга бой эканлигини шоён этди. Атоқли Перу адиби Марио Варгас Льоса 2010 йил адабиёт йўналишида Нобель мукофотига сазовор бўлди.

****

ЁШ РОМАННАВИСГА ХАТ

ГИЖЖА ҲАҚИДА МАСАЛ

Қимматли дўстим! Хатингизни ўқиб, қаттиқ таъсирландим, чунки унда ўзимнинг ўн тўрт-ўн беш ёшлик пайтларимни кўрдим. Ўшанда Лимада эдим. Ҳаёт зерикарли эди. Ёзувчи бўлишни жудаям орзу қилардим, лекин бунинг учун нима қилишим кераклигини, У. Фолкнер, Э.Хемингуэй, Мальро, Дое Пассос, Камю, Сартрлар каби машҳур бўлиш, улар каби китобхонни мафтун этадиган асарлар ёзиш учун нимадан бошлашим кераклигини билмасдим. Гоҳида уларнинг ўзига хат ёзиб (ўша пайтлар барчаси ҳаёт эди), маслаҳат сўрасаммикан, деган хаёлга ҳам борардим. Лекин, журъатим етмасди. “Мабодо жавоб ололмасам қандай аҳволга тушаман? Руҳим синиб, қўлим совиб кетмайдими?..” деган қўрқувда хат йўллашдан тийилардим. Ёзган хатингиздан кўриниб турибдики, сизда бундай қўрқув йўқ. Агар Сиз чиндан ҳам шундай қалтис ишга қўл урмоқчи экансиз, табриклайман, бошланиши чакки эмас. Лекин, сизга биринчи маслаҳатим – ортиқча хом хаёлларга берилмаслик лозим, яъни тез орада муваффақият қозонишга умидвор бўлаверманг. Мени тўғри тушунинг, Сиз бемалол муваффақиятга эришишингиз мумкин! Нега мумкин эмас экан! Лекин кутилмаган ҳодисаларга ҳам тайёр туришингиз керак бўлади. Қатъият билан ёзишни бошлаган ва ёзганларини нашр қилдираётган ҳар бир одам тез орада жамиятда қандайдир ёзилмаган қонунлар бор эканлигини – мукофотлар олиш, мухлислар орттириш, нашр ададини кўпайтириш, обрў-эътибор қозониш масалалари ҳаммаси ана шу кўзга кўринмас ўзбошимча қонунларга бўйсунаётганлигини ва ҳайратга тушарли даражада ўжарлик билан муносиб одамлар қолиб, номуносиблар тақдирланаётганлигини тушуниб етади. Бошқача айтганда, агар асосий мақсадингиз зўр асар ёзиб, шон-шуҳрат қозониш, яхши қалам ҳақи олиб бойиб кетиш бўлса, бундай орзу ҳар доим ҳам амалга ошавермаслигини эсдан чиқармаслик керак. Умуман олганда адабиётни усти ялтироқ шон-шуҳрат ва моддий бойликлар билан алмаштириш керак эмас. Тўғри, айрим ёзувчилар (улар жуда озчилик) шон-шуҳратга ҳам, бойликка ҳам эришган. Лекин бу бошқа нарса. Ҳақиқий бадиий истеъдод эгаси учун аввало Худо берган истеъдодни юзага чиқаришнинг ўзи олий мукофот, бошқа барча нарсалардан кўра ардоқлидир. Гарчи бадиий истеъдод ҳақида турли нуқтаи назарлар мавжуд бўлиб, улар ҳанузгача мен учун сир бўлиб қолаётган бўлса-да, бир нарсага ишончим комил: ёзувчиликни танлаган одам бу йўлни бошқа соҳалардан кўра аъло ва афзал билса, бунга бутун вужуди билан ишонса, иккиланиш деган нарсани билмаса, нимагадир эришади. Ва унинг учун ёзиш, ижод қилиш энг мароқли ва маъқул машғулот бўлиб қолаверади. Истеъдод – турган гапки, илоҳий, тасаввурга сиғдириб бўлмайдиган, ниҳоятда шахсий масала. Лекин бу нарсалар истеъдод ҳақида теран фикр юритишга тўсиқ бўлолмайди. Шу чоққача ёзувчини Худонинг севган бандаси, фақат унгагина Худога хуш келувчи муқаддас сўзлар битиш раво кўрилган ва ана шу илоҳий сўзлар нури билан суғорилган инсон руҳи юксакликка кўтарилиб гўзаллик (албатта, юксак маънода) билан бирлашиб кетади ҳамда боқийликка эришади деб келинган, лекин уларни бир четга суриб, ақл-идрокка таянган ҳолда ҳам тушунтириш мумкин. Бугунги кунда адабий ва бадиий истеъдод ҳақида бунақа дилга хуш ёқувчи фикрлар юритишга ҳеч ким ботина олмайди. Бу ҳақда ҳозир урфга кирган юксак истеъдод билан бирга омаднинг ҳам зарурлиги ҳақидаги масалалардаги қарашларда анча ноаниқликлар мавжуд. Гап нимагадир мойиллик ҳақида кетар экан, ана шу нарса эркакдир, аёлдир унинг қисматига айланади. Ижод лаззатини бир марта татиб кўрган одам фақат ана шу орқалигина ўзлигини рўёбга чиқариши мумкинлигини тушуниб етади. Ва ўзига ато қилинган бу илоҳий неъматни юзага чиқаришга умрбод интилади ҳамда умри беҳуда ўтмаётганига қатъий ишонади. Инсонга она қорнидаёқ ўзгармас тақдир битилган деган гапга ишониш қийин. Ҳали туғилмаган мавжудотга тасодифанми ёки қисмат тариқасидами буниси истеъдодли, буниси қобилиятсиз, бунисида севгига, бунисида эса нафратга мойиллик бор деган тамға босилганлигига мен ишонмайман. Француз эксизтенциалистлари биринчи навбатда Сартрнинг валюнтаристик қарашлари таъсирида гўё шахснинг келажагини белгиловчи қисмат унинг ўз истак-иродаси туфайли эркин тарзда танланади, деган тушунчага ҳам ёшлигимда ишонган бўлсам-да, энди ишонмайман. Бўлажак ёзувчига истеъдод тақдир туҳфаси сифатида олдиндан берилган ва унинг генларида бу нарса мустаҳкамланган деган тушунчага ҳам ишонмасам-да, тартиб-интизом, қатъийлик айрим ҳолларда инсонни даҳолик даражасига олиб чиқиши мумкин деб ҳисобласам-да, охири бир нарсага қатъий ишонч ҳосил қилдим: адабиётга мойилликни ҳеч қачон эркин истак-иродагагина боғлаб бўлмайди. Сўзсиз, улар муҳим аҳамиятга эга, лекин фақат кейинги босқичда, биринчи навбатда эса шахснинг ўзигагина тегишли бўлган туғма ёки болалигида, ёшлигида шаклланган мойиллик, қобилият бўлиши керак. Мана шу нарсани истак-ирода мустаҳкамлайди, ривожлантиради, лекин янгидан яратмайди. Агар янглишмасам (аниқроғи, албатта, янглишаман), у ёки бу одам жуда эрта – болалигидами ёки ўсмирлик чоғидами – ўзи яшаб турган дунёдан ва атрофидагилардан фарқли ўлароқ, реал ҳаётда бўлмаган одамларни, воқеа-ҳодисаларни, ҳолатларни, борингки, бутун бир оламни хаёлан ўйлаб топиш қобилияти бўлса, шунга мойиллигини намойиш қилса, унинг бу интилишини бадиий истеъдод белгилари сифатида баҳолаш мумкин. Ўз-ўзидан маълумки реал оламдан, яшаб турган мавжуд ҳаётидан юқори кўтарилиб, ўзи ўйлаб топган, тасаввуридаги оламда, самоларда парвоз қилиб юриш билан ёзувчилик орасида тубсиз чоҳ бор ва бу чоҳдан анча-мунча одам ўта олмайди. Бунга дастлаб пайдо бўлган мойилликни ирода кучи ёрдамида зўр бериб юксалтириш орқали эришиш мумкин, ана шунда у сўз сеҳри билан янги оламлар яратади, мана шуни Сартр ихтиёрий танлаш деб атади. Бошқача айтганда, аллақандай бир лаҳзада инсон ёзувчи бўлишга қарор қилди. Ўзи шу йўлни танлади. Ёки ўз қисматини танлади. Энди у ўзининг дахлсиз ички оламида қобилияти туфайли тасаввурида яратган бошқа бир оламни сўз воситасида юзага чиқариши керак. Сиз ҳозир айнан ана шу лаҳзаларни бошингиздан кечиряпсиз: бу ҳиссиётларга тўла қийин давр бўлиб, энди нафақат янги воқеликни тасаввурда яратиши керак, балки уни сўз билан ифодалаб, қоғозда моддийлаштиришингиз зарур. Сиз шунга тайёр эканлигингизга амин бўлишингиз керак. Агар тайёр бўлсангиз, бу биринчи жиддий қадам деб ҳисоблайверинг. Лекин ўз ҳолича бу сизга ҳеч нарсани кафолатлаб бермайди. Ёзувчи бўлиш ҳақидаги қатъий қарорингиз, умрингизни шунга бағишлаш истаги ёзувчи сифатида фаолият бошлашингизнинг ягона шартидир. Тасаввурда воқеа-ҳодисалар ва одамларни, янги оламни яратишга интилиш қачон ва қаерда пайдо бўлади? Менинг фикримча, жавоб битта – кимки ўзи яшаб турган воқеликдан ўзгача бир олам яратиш тасаввурига берилиб кетган бўлса, демак у атрофини ўраб турган реал дунёни қабул қила олмаяпти. Ҳаётдан мамнун, реал воқеликда руҳан осойишта яшаётган одамга хаёлларга берилиб, ўткинчи саробга ўхшаш рўёларга вақтини кетказишнинг нима кераги бор? Бундай тўқима ҳаёт реалликда ҳақиқатан ҳам содир бўлишини ҳар бир даврда одамлар орзу қилганлар. Бу реал ҳаётнинг портрети эмас, унинг ниқоби, тўғрироғи, унинг орқа томони. Одамлар реал ҳаётда эриша олмаган талаб-эҳтиёжларини, хоҳиш-истакларини қондириш йўлини тасаввурида пайдо қилишдир. Аслини олганда ёзувчининг фантазиясида, ижод иштиёқида портлаш хавфи ётади. Кўпчилик буни ўйлаб ҳам кўрмаган, бизни ўраб турган дунёнинг асосини яширин тарзда яксон қилаётганликларини ўзлари билмайдилар. Бошқа томондан қараганда бу исёнкорликни жуда хатарли деб ҳам бўлмайди: тафаккурда яратилган оламни реал оламга қарши қўйишда қандай хавф бўлиши мумкин? Бундай рақобатда қандай таҳдид бўлиши мумкин? Бир қараганда ҳеч қандай. Гап ўйин ҳақида кетаяпти, тўғрими? Ўйинлар одатда хавфсиз бўлади, агар ўз чегарасидан чиқиб реал ҳаётга аралашиб кетмаса. Айтайлик, Дон Кихот ёки Бовари хоним ўжарлик билан бу чегарани тан олмаса ва бор кучи билан адабиётда тасвирланадиган ҳаётда қолса, у ҳолда якуни фожиа билан тугайди. Оқибати – қаттиқ умидсизлик. Шундай бўлса-да адабиётни, ижодни беозор ўйин деб бўлмайди. Адабиёт – бу ҳаётдан ботинан қониқмаслик маҳсули дегани, ўз навбатида бадиий тўқима ҳам норозилик кайфиятини уйғотади. Китоб ўқиган одам (агар қобилиятли бўлса) асарда тасвирланган ҳаётни гўё бошидан кечиради, масалан, Сервантес ва Флобер романларида тасвирланган воқеаларда қатнашгандай бўлади. Реал ҳаётга қайтар экан уни теранроқ ҳис қила бошлайди. Унинг ночор ва иллатларга тўла эканлигини чуқурроқ англайди, ёзувчи тасвирлаган ҳаётдан кўра воқелик, жонли ҳаёт ўртамиёнадан ҳам пастроқ эканлигини билиб қолади. Яхши адабиёт уйғотган реал оламдан норозилик кайфияти маълум шароитларда мавжуд ҳокимиятга, тартиб-қоидаларга, ишонч- эътиқодга қарши исёнга ҳам айланиши мумкин. Мана шу сабабли испан инквизацияси (фанатик дин арбоблари) романларни катта шубҳа остига олиб, кучли таъқиб ўрнатган, бу ҳам етмагандек, ўзининг Америка қитъасидаги барча мустамлакаларида уч юз йил давомида бундай асарлар ёзилишини ҳам, ўқилишини ҳам қатъий ман қилган эди. Нима сабабдан? Чунки улар ҳиндуларни бемаъни нарсаларга чалғитиб, Худони эсдан чиқариб юбормаслик чорасини кўрганлар. Зеро, ҳеч бир диний жамиятда бунга йўл қўйилмаган. Нафақат инквизация, ҳатто ҳар қандай ҳукумат ва ўз фуқаролари ҳаётини назорат остига олган давлат режимлари ҳам адабиётга бўлган ишончсизликларини намойиш қилиб келганлар ва шу мақсадда назорат ва цензура ўрнатганлар. Айтиш керакки, улар ҳам, булар ҳам ҳақ, чунки беозор кўринган билан тасаввурдаги оламни тасвирлаш эркинлик ва озодликни бўғувчи ҳар қандай диний ва дунёвий ҳаракатларга қарши исённинг кўринишларидан биридир. Шунинг учун диктатуранинг ҳар қандай шакли – фашизм, коммунизм, Африка ёки Лотин Америкаси ҳарбий режимлари бўладими, доимо адабиётни бўйсундириб, уни назорат қилиш ва цензура остига олишга ҳаракат қилиб келганлар. Умумий мулоҳазалар билан бўлиб Сизга тааллуқли масаладан хийла четга чиқиб кетдик. Сиз қалбингизда аллақандай мойиллик (иштиёқ) сезгач, характер ва иродангизни кўрсатгансиз ва ўзингизни адабиётга бағишлашга қарор қилгансиз. Хўш, кейинчи?

Адабиётни қисматим деб қабул қилар экансиз, Сиз унга сидқидилдан хизмат қилишга, моҳиятан унинг қули бўлишга тайёр бўлишингиз керак. Фикримни аниқроқ тушунтириш учун мисол келтираман: Сиз, қайсидир маънода XIX асрдаги машҳур хонимларга ўхшаб кетдингиз. Улар чиройли қадди-қоматларини сақлаб қолишни орзу қилганлар ва семириб кетишдан шу даражада қўрққанларки, ҳатто шу мақсадда гижжа ютишга ўзларини мажбур қилганлар. Ичида шундай бир даҳшатли текинхўр яшаётган одамни ҳеч кўрганмисиз? Мен кўрганман ва Сизни ишонтириб айтаманки, ўша хонимларни қаҳрамонларга тенглаштириш мумкин ва улар гўзаллик қурбонлари деб аташга арзийди. Олтмишинчи йиллар бошларида Парижда рассом ва киночи Хосе Мария исмли ажойиб ёш испан дўстим бўларди. У мана шу касалликдан азоб чекарди. Гап шундаки, бу гижжа деган нарса организмга тушгач гўё у билан қўшилиб кетаркан: одамнинг ҳисобидан озиқланар, ўсиб-ривожланиб, мустаҳкам жойлашиб оларкан ва эгасини асоратга солиб бемалол яшаркан, ундан қутулиш жуда мушкул экан. Ичидаги гижжани тинчлантириш учун Хосе Мария тинмасдан овқатланар, кўпроқ сут ичар, шунга қарамасдан тўхтовсиз озиб борарди. Нимани еб-ичмасин, бечорага бирор нафи тегмасди, лаззат тополмасди. Бир кун Монпарнасдаги кичкина кафеда суҳбатлашиб ўтирганмизда Хосе Мариянинг айтган гаплари мени лол қолдирди: “Биз сен билан вақтимизни кўпинча бирга ўтказамиз: кинога, кўргазмаларга борамиз, китоб дўконларини айланамиз, соатлаб сиёсат, адабиёт, кино ва умумий дўстларимиз ҳақида баҳслашамиз. Сен бу нарсаларни ўз кўнглинг учун қиласан, мен эса… буларни гижжа манфаати учун қиламан. Ҳар ҳолда, мени шундай сезги қамраб олдики, энди мен ўзим учун эмас, балки ичимдаги, мени ўз қулига айлантириб олган махлуқ учун яшаяпман”. Шундан бери ёзувчи ҳаётини дўстим Хосе Мариянинг ҳаётига ўхшатаман. Адабиёт шунчаки эрмак эмас, спорт ҳам эмас, бекорчиликда вақт ўтказадиган нафис ўйин ҳам эмас. Бу машғулот тўла равишда фидойиликни талаб қилади. Адабиёт ўзига шундай хизмат қилишларини истайдики, уни ихтиёрий равишда танлаган одам (бахтли жафокашлар) унинг қулига айланиши керак. Адабиёт билан доимий тарзда шуғулланиш керак. Фақат ёзгандагина эмас, балки ҳаётнинг ҳар бир лаҳзасида у билан бўлиш керак. Флобер айтгандек: “Адабиёт – бу ҳаёт тарзидир”. Бошқача айтганда, кимки шундай гўзаллик ва истеъдоднинг чексиз ҳукмронлигини танлаган бўлса, у одам яшаш учун ёзмайди, балки ёзиш учун яшайди. Ёзувчиликка мойилликни гижжа билан таққослаш фикри унчалик янги эмас, мендан аввалроқ Томас Вульф (Фолкнернинг устози, “Вақт ва дарё ҳақида” ва “Фаришта, ўз уйингга назар сол” каби икки забардаст романнинг муаллифи) ҳам шундай ўхшатиш қилган экан: “…гўё ичимга қурт (чувалчанг) жойлашиб олгандек ширин ва бепарво болалик ҳаловатим йўқолди. Ичимдаги юҳо миямни, руҳимни, хотирамни сўриб озиқлана бошлади. Қалбимдан чиқаётган олов мени жизғанак қиларди, очлик силламни қуритар ва мен қондирилмаган, ғазабкор истагимнинг тузоғига илинганимни тушундим. У ҳаётимни олдиндан барбод қилди. Бошқача айтганда, юрагимнинг, миямнинг ёки хотирамнинг қандайдир бир ҳужайраси бундан буён абадул-абад ёнишга маҳкум, кечаю кундуз тушимда ҳам, ўнгимда ҳам ёнаман. Ҳеч қандай восита: нон ёки сув, дўстлик ёки саёҳат, спорт ёки аёл… ҳеч бири менинг дардимга даво бўла олмайди, токи ўлим нур ўтказмас кафанини устимга ёпмагунча, зулмат ўз қаърига олмагунча бу касалликдан қутила олмайман. Ниҳоят ёзувчи бўлганимни англадим, ёзувчилик йўлини танлаш нима эканлигини тушуниб етдим…”

Ўйлайманки, худди ўз умрини дин йўлига бахш этган одамдек, кимки адабиётга ўзини бағишлар экан, у бутун вақтини, куч-қудратини шунга сарфлаши керак, фақат шундагина у ҳақиқий ёзувчи бўлиб етишади ва шон-шуҳрат келтирувчи асарлар яратади. Яна бир сирли “истеъдод” деб аталувчи нарса: даҳо бўлиб туғилмайдилар, ҳеч бўлмаганда прозаиклар орасида бундайларни учратиш қийин. Тўғри, шоирлар ва мусиқачилар ўртасида ёшлик пайтидан бошлаб худди Рембо ва Моцартдек тўсатдан пайдо бўладиганлар учрайди. Бироқ, романнавислар орасида эмас. Барча буюк ва ажойиб романнавислар дастлаб ўзларидан олдинги ёзувчиларга шогирд бўладилар ва аста-секин қатъият билан қилган меҳнатлари туфайли истеъдодлари юксала боради. Ёшлигиданоқ буюк шоир сифатида танилган Рембодан фарқли ўлароқ, ўз истеъдодларини нина билан қудуқ қазигандек машаққат билан юзага чиқарган ёзувчилар ижоди барча бошловчи ёзувчиларга ишончли мисол бўла олади. Бадиий истеъдоднинг етилиш мавзуси Сизни қизиқтирса, Сизга Флобернинг севгилиси Луиза Коле билан 1850-1854 йиллардаги хат-ёзишмаларини ўқиб чиқишни тавсия қилардим. Айнан шу йиллари у ўзининг дастлабки шоҳ асари “Бовари хоним” устида ишлаган. Ёзувчилик фаолиятимни бошлаган давримда Флобернинг ана шу ёзишмалари менга катта ёрдам берган. Гарчи Флобер хийлагина пессимист бўлиб ва унинг хатлари инсониятга нафрат билан тўла бўлса-да, адабиётга бўлган севгиси чегара билмасди. Шунинг учун у ўзи танлаган йўлга мутаассибларча фидойилик билан умрини бағишлади. Дастлаб ўзи учун белгиланган чегаралар (дабдабабозлик, ўша пайтларда русм бўлган романтикларга қулларча тақлид қилиш каби дастлабки асарларида кўзга ташланган камчиликлар)дан ошиб ўтиб “Бовари хоним” ва “Ҳиссиётлар тарбияси” каби романларни ёзишга қурби етди. Унинг бу асарларини янги даврнинг дастлабки романлари қаторига қўйиш мумкин. Яна бир китобни, хатингиз мавзусига кўра, ўқиб чиқишингизни тавсия қилган бўлардим. Мен бу ерда бутунлай бошқа бир ёзувчи – америкалик Уильям Берроуз ҳамда унинг “Жанки” романини назарда тутаяпман. Берроуз романнавис сифатида мени умуман қизиқтирмайди: унинг тажриба тариқасида руҳий ҳолатлар билан боғлиқ мавзуда ёзган асарларининг биронтасини охиригача ўқимаганман. “Жанки” эса бошқа масала. Бу роман автобиографик йўналишда. Унда қаҳрамон қандай қилиб адабиёт бангиси бўлиб қолгани, ўз хоҳиши ва табиий мойиллиги билан ихтиёрий равишда ўз иллатининг бахтли қулига айланганлиги ҳақида ҳикоя қилади. Бу бадиий ижодда чин ҳақиқатни тасвирлаш бўлиб, ёзувчининг ўз касбига тўла қарам бўлиб қолганлиги, ўз ҳаётининг бирор лаҳзасини ҳам касбига бағишламай тура олмаслигини билдиради. Дўстим хатим чўзилиб кетди, бу эса эпистолар жанрига тўғри келмайди, бу жанр қисқаликни талаб қилади, шунинг учун Сиз билан хайрлашаман…

 

КАТОБЛЕПАС

Қимматли дўстим! Кейинги пайтларда ишларим жуда кўпайиб кетганлигидан навбатдаги мактубим хийла кечикди. Шунга қарамасдан хатингиз тўғрисидаги ўй-фикрларим мени бир зум ҳам тарк этгани йўқ. Бунга сабаб нафақат Сизнинг ғайрат ва журъатингиз, балки ҳамфикр эканлигимиз: “Романдаги воқеа-ҳодисалар қаердан олинади?” ва “Роман муаллифлари мавзуларни қандай ўйлаб топади?” деган саволларингиз, гарчи бир неча китоб ёзган бўлсам-да, ҳанузгача мени тўлқинлантириб келади. Тайёр жавобим бор, албатта, лекин менинг бу гапларимни айнан тушунмаслик керак, акс ҳолда унинг асл моҳияти бузилиб, сохталашиб қолади. Ҳар бир асарда тасвирланган воқеа-ҳодисаларнинг илдизи тўғридан тўғри ёзувчига бориб тақалади. Бу эса роман албатта муаллифнинг ниқобланган таржимаи ҳоли дегани эмас. Ҳар қандай бадиий асарда, ёзувчи қанчалик бўрттириб кўрсатмасин, унда муаллифнинг ҳаёт тажрибалари йиғиндиси ётади, унинг ўзаги эса ижодкорнинг қалб сиридир. Қалтис бўлса ҳам айтаман, адабиёт оламида соф тўқима бўлмайди – бундан бошқа қоида йўқ. Ҳар бир тўқима бу архитектура иншооти бўлиб, унинг пойдеворини ҳаётдан олинган фактлар, персонажлар, ҳолатлар ташкил этади. Булар ёзувчининг ижодий тасаввурига туртки бўлиб хизмат қилади ва асос (пойдевор) устига барпо қилинади. Ижодий тасаввур шу қадар ривожланиб кетадики, айрим ҳолларда у тасаввур маҳсулими ёки автобиографик материалми, деярли билиб бўлмайди. Буни қайсидир маънода улар орасидаги яширин (сирли) алоқага ўхшатиш мумкин.

Ёшлигимдаги чиқишларимнинг бирида бу алоқани стриптизнинг аксига ўхшатиб кўрсатмоқчи бўлдим. Дарвоқе, роман яратиш стриптиз билан шуғулланаётган аёл ҳаракатларининг тескарисига ўхшайди. Аёл томошабинлар кўз ўнгида ечиниб, яланғоч баданини намойиш қилади. Романнавис эса ўз ишини аксинча бажаради. Воқеликка тасаввури ёрдамида янги, турли-туман рангдаги кийимлар кийдириб, гўё яланғоч баданни безайди. Бу жараён шунчалик мураккаб ва нозикки, айрим ҳолларда муаллиф ўзи яратган ижод маҳсулида тасвирланган образлар ҳақиқатан ҳам ҳаётда бор бўлиб, унинг хотирасида қолган ва тасаввурига туртки берган ўша одамлар эканлигини ажрата олмай қолади.

Энди роман мавзуси ҳақида… Фикримча, ёзувчи мавзу учун “озуқа”ни ўзидан топади, гўё авлиё Антонийга кўринган афсонавий ҳайвон катоблепас (Флобернинг “Авлиё Антонийнинг васвасаси”да тасвирланган, кейинчалик Борхес “Фантастик зоология дарслиги”да қайта тасвирлаган) каби. Катоблепас – ақл бовар қилмайдиган махлуқ. У панжасидан бошлаб ўзини ўзи еб тамом қилади. Ёзувчи ҳам мавзу топаман деб шахсий тажрибасини ғажий бошлайди.

Таваккал қилиб роман мавзуси ҳақидаги мулоҳазаларимни бир оз кенгайтираман. Муаллиф мавзу танламайди – мавзу уни танлайди. У ёки бу нарсалар ҳақида ёзар экан, ўша нарсаларнинг ўзи унинг фикрига келган. Мавзу танлашдаги ёзувчининг эркинлиги нисбий тушунча, балки у мутлақо бўлмас. Бу борадаги фикрим шундай: ҳаётнинг ўзи мавзуни ёзувчига юклаб қўяди: муайян ҳаёт тажрибалари унинг онгида, ҳиссиётларида ўз изларини қолдирган ва улар мисоли хира пашшадек ёзувчига ёпишиб олади. Ёзувчи уларни қоғозга туширмагунча тинчимайди. Шу ҳақда ўйларканман, биринчи галда кўз олдимга Пруст келади. Мана ҳақиқий ёзувчи – катоблепас, тўғрими? “Йўқолган вақтни излаб” асарини ёзиш учун у хотирасида қалашиб ётган эсдаликларини синчиклаб қайта тиклади, ўзининг ҳаёт йўли, оиласи, атрофидаги муҳит, дўстлари, муносабатлари ва дидлари: буларни очиқ ойдин айтса бўладими, йўқми бундан қатъий назар барчасини бадиий қайта ишлаганини кўрамиз. Айни вақтда инсон қалбининг энг нозик ва сирли жиҳатлари очиб берилади, муаллиф уларни хотираси ва қалби тубидан қазиб олиш, навларга ажратиш, қўшиш ва яна қазиб олишдан, ҳаммасини битта қилиб боғлаш ва яна ажратиш, сайқал бериш ё ўтмиш йиллардан хотира бўлиб қолган қиёфаларни бузиб ташлашдан чўчимайди ҳам, чарчамайди ҳам. Унинг биографлари (масалан, Пейнтер) романдаги тўқималарга яширилган реал воқеалар ва персонажлар рўйхатини тузиб, ҳаётдан олинган материалларни бадиий қайта ишлаб, дурдона асар яратганлигини исботлаб беришган. Пруст ижодининг қудрати шундаки, ўз ўтмишидаги оддий воқеалар, автобиографик деталлар ва персонажларга бадиий жило бериб, санъат даражасига кўтара олди. Инсон табиатини яққол кўрсатиш учун нафақат ўзининг субъектив нуқтаи-назари орқали, балки ҳаёт оқимида ҳам ўзини ўрганишдан, ўз-ўзини анализ қилишдан фойдаланиб, буни уддалай олди.

Гарчи бадиий тўқима асосини ёзувчининг ҳаёт тажрибаси ташкил қилса-да, натижа ҳам шунга олиб боради дегани эмас. Улар орасидаги масофа жуда узоқ, чунки асар ёзиш жараёнида автобиографик материал ўзгаради, бойитилади. Агар роман ҳақиқий санъат асари даражасига етса, унда тўқиб чиқарилган воқеа-ҳодисалар структураси ўзгаради, ўзи мустақил равишда бадиий матн сифатида алоҳида ўз ўрнини топади.

Муаллиф ўз хотирасидан олган материални сўз ёрдамида қиёфасини, шаклини ўзгартириши, яъни объектив дунё сифатида романга олиб кириши адабий жараён дейилади. Шакл тўқимани конкрет нарсага айлантиради, агар бадиий ижодни тўғри тушунган бўлсам (бунга ишончим йўқ), бу ерда ёзувчининг эрки ўз қўлида, демак у асари учун тўла жавобгар. Эҳтимол, сиз юқоридагилардан хулоса қилиб, ёзувчи ўзи танлаган мавзуга бадиий тўқималарини қўшганлиги учун жавобгар эмас демоқчидирсиз, лекин у тўқимани ўзгартириб, адабиётга олиб киргани учун жавобгар, яъни у муваффақиятга эришадими ёки муваффақиятсизликка учрайдими, моҳиятан эса истеъдоди борми ёки йўқ эканлиги маълум бўлади. Ҳа, тўғри, мен айнан шундай деб ўйлайман.

XVIII асрнинг сермаҳсул ижодкорларидан бири – француз ёзувчиси Ретиф де ла Бретонни мен истеъдоди учун эмас, балки реал оламга қарши исённинг аниқ-тиниқ намунасини кўрсата олганлиги учун бу ерда келтирмоқчиман. У ўз китобларида реал воқеликни ўзининг исёнкор қалбида акс этган бошқа бир воқелик билан алмаштириб унга қарши норозилик билдиради.

Ретиф де ла Бретонн ёзган асарлари ичида энг машҳури “Жаноб Никола” номли автобиографик романидир. Унда XVIII асрда Франциядаги қишлоқ ва шаҳар ҳаётини шу даражада пухта ўрганиб ифодалаганки, ҳар қандай синчков жамиятшунос, инсон табиати, кундалик турмуши, касб-кори, байрамлари, хурофоту бидъатларини ўрганувчи мутахассис-элшунослар ҳам унинг олдида ип эшолмасди. Тарихчими, антропологми, этнографми, жамиятшуносми – уларнинг барчаси учун тиниб-тинчимас Ретифнинг романи бебаҳо манбаа бўлиб хизмат қиларди. Романда акс эттирилган ижтимоий ва тарихий воқелик, гарчи мукаммал ифодаланган бўлса-да, шу даражада ўзгариб кетардики, уларни юксак тасаввур маҳсули дейишдан бошқа илож йўқ эди. У яратган реал оламга жуда ўхшаш бўлган кенг ва бой дунёда эркаклар аёлларни ташқи гўзаллиги, қадди-қомати, нафосати, назокати, соф қалби учун эмас, балки хушбичим оёқлари ва оёқ кийимларига ишқибоз бўлиб севиб қолишарди. Ретиф реал ҳаётда фетишист бўлгани учун реал замондошлари воқеликдан қайтган “диссидент” деб атардилар. Ижодига кучли қувват берган бундай “диссидентлик” тасаввуридаги ҳаётни ўз шахсига монанд равишда бичиб-тўқилганида кўринади. Янгидан яратилган Ретиф оламида аёл гўзаллигининг бош хусусияти, эркаклар орзу қилган лаззат объекти – аёлнинг нозик оёқлари ва уларнинг безаги сифатида пайпоқлари ва бошмоқларидир.

Аслида Ретиф фетишизмига ўхшаш бирор нарса ҳар бир ёзувчида бор. Ана ўша нарса реал ҳаётимиздан ўзгача оламларни орзу қилишга ундайди. Тўғри сўзли бўлиш нима дегани? Бадиий тўқима таърифга кўра алдов эканлиги ҳақида ҳеч ким баҳслашмаса керак. У реал бўлмаган воқелик ёки воқеликка тақлид, ҳар қандай роман ўзини ҳақиқат деб кўрсатмоқчи бўлган ёлғондан иборат. Унинг ишончли чиқиши эса ёзувчининг маҳоратига боғлиқ. Роман жанрига оид бўлган ҳар қандай аниқлик ёлғон, сохта ва сароб бўлар экан, у ҳолда бу ҳақда сўз юритишга ҳақимиз бормикан? Ҳа, ҳақимиз бор, лекин масалани бошқачароқ қўйишимиз керак. Ҳаёт амрига бўйсуниб, у юклаган мавзудан четга чиқмасдан, ўз шахсий тажрибасига суянган ҳолда онгини чет мавзулардан тозалаб ёзган ижодкорнигина ҳақиқатгўй деб аташ мумкин. Бошқача айтганда романнависнинг ҳақгўйлиги ўз ичидаги шайтонни енгиб, кучи етганча эзгуликка хизмат қилишдан иборат бўлиши керак.

Агар ёзувчи ўзини ич-ичидан ҳаяжонга солган мавзуда эмас, балки муваффақият қозониш мақсадида бошқа бир мавзу ёки сюжетни танласа, бундай ёзувчини ҳақгўй деб бўлмайди. (Тўғри бундай ёзувчилар асарлари ҳам баъзида бозори чаққон китоблар орасидан жой олиши мумкин).

Ёзувчи ўз ички оламидаги даъват қилувчи кучдан қочиб мавзу танласа: буниси зерикарли, буниси қизиқ деса, қаттиқ янглишади. Адабиётда бирорта ҳам мавзу ўз ҳолича яхши ҳам, ёмон ҳам эмас. Бу нарса ёзувчи истеъдодига, қандай шаклда қоғозга туширишига, услуб ва сўздан фойдаланишига боғлиқ. Шаклга кирган мавзу энди бутунлай бошқача тус олади: воқеа-ҳодисаларни ифодалашда ажойиб кўринишга эга бўлиши ёки аксинча, сийқаси чиққан, чуқур ёки юзаки, мураккаб ёки оддий тус олиши мумкин. Шакл воқеа-ҳодисалар, персонажларга қувват беради, аҳамиятини оширади, ҳаққонийлик касб этади, ва аксинча, қаҳрамонни кулгили ва жонсиз қўғирчоққа айлантириши ҳам мумкин. Адабиётнинг унча кўп бўлмаган қоидаларидан бири ана шу ва менимча, бундан истисно бўлиш мумкин эмас: мавзу ўз ҳолича бирор нарсани белгиламайди. Унинг яхши ёки ёмон бўлиши, қизиқарли ёки зерикарли бўлиши ёзувчининг унинг устида қандай ишлаш, сўз ёрдамида реаликка айлантириш, сўзлардан қай тарзда фойдаланишига боғлиқ. Шу билан гапимизни тўхтатсак ҳам бўлади, деб ўйлайман. Сизни қучиб қоламан.

ИШОНЧ ҚУДРАТИ

Қимматли дўстим Сиз мутлақо ҳақсиз! Олдинги хатларимда бадиий истеъдод ҳақида ёзувчи мавзуларни қайси манбалардан олиши ҳақидаги ноаниқ мулоҳазаларим ва уларни зоологик аллегориялар-гижжа ва катоблепасга ўхшатганим мавҳум ва жуда ноқулай бўлиб, хулосаларимни на текшириб, на исботлаб, на инкор қилиб бўлади. Адабиётга хос бўлган хусусиятлар билан боғлиқ, унчалик суъбектив бўлмаган нарсаларга ўтиш вақти келди.

Шакл ҳақида гаплашамиз. У қанчалик фикрлашимизга зид бўлиб туюлмасин, романдаги энг конкрет нарса шаклдир. Айнан шакл унга сезилувчи моҳият – жон ато қилади. Сиз ёки менга ўхшаш ёзувчиликни касб қилиб ёзганларига жон ато қилувчиларни қизиқтирувчи фикрлар денгизида ғарқ бўлишдан олдин бир нарсани қайта таъкидламоқчиман; Сизга бу нарса яхши маълум, лекин кўпчилик китобхонлар учун унчалик эмас: мазмун билан шаклни ажратиш сунъийликдир. Бу нарса тадқиқот ўтказишда осон тушунтириш учун керак. Лекин реалликда эмас, ахир сўзлаб бериш билан қай тарзда сўзлашни ажратиб бўлмайди-ку. Айнан ана шу сўзлаб бериш усули муҳим: роман ҳаққоний чиқадими ёки уйдирмага ўхшайдими, мунгли чиқадими ёки қувноқми… шунга боғлиқ. “Моби Дик”ни оқ китни тутиш мақсадида дунёдаги барча денгизларда уни таъқиб қилиб юрган денгиз бўриси ҳақидаги қисса дейиш мумкин. “Дон Кихот”ни эса рицарь романлари қаҳрамонлари жасоратини тақдирлаш мақсадида Ла-Манш узра кезиб юрган телбанома идальгонинг бошидан кечирганлари ҳақидаги асар дейиш ҳам мумкин. Табиийки, уйдирмага ҳаёт бағишлаган механизмни тадқиқ қилиш учун мавзуни шаклдан ажратиш мумкин. Очиқроғи муваффақиятсиз чиққан романларда бунинг иложи бор. Яхши романда эса мавзу билан уни сўзлаб бериш усулини ажратиб бўлмайди чунки, у ягона – ажралмас.

“Эврилиш” (“Превращение”) китобини ўқиганингизга қадар кимдир Сизга бу китобни жирканч ҳашаротга айланиб қолган оддий хизматчи ҳақида сўз боради, дейишса, аминманки, сиз бир эснаб олиб, бунақа бемаъни нарсани икки дунёда ҳам ўқимайман, деган бўлардингиз. Агар Сиз бу китобни ўқиётган бўлсангиз, унда Кафканинг юксак маҳорат билан ёзилган Грегор Замзанинг қўрқинчли саргузаштларига кўр-кўрона “ишонган” бўлардингиз: яъни унга ўхшаб мусибат чекардингиз ва Сизни ҳам унинг келажагини барбод қилган умидсизлик, қайғу-ҳасрат чулғаб олган бўларди. Сиз Грегор Замза ҳаётидаги воқеаларга шу сабабли ишондингизми, Кафка бу ерда ўзига хос алоҳида услуб, алоҳида сўзларни топиб ишлатган, керак жойда сукут сақлаш, эътироф этиш, деталь топиш, ҳодисаларнинг кетма-кетлиги баён қилиш, сўзлар тизимини тузишда шу даражада усталик қилганки, натижада бўлиб ўтган воқеаларнинг ҳаққоний эканлиги шубҳа қолдирмайди ва ўқувчининг ишончини қозонади.

Роман ишончли чиқиши учун воқеа-ҳодисаларни тасвирлаганда кўпроқ реал воқеликдан олинган фактлардан фойдаланиш керак. Улар яширин тарзда тасвирланаётган воқеа ва қаҳрамон образи моҳиятини очишга хизмат қилади, китобхон ўқиётган матни ўзи яшаётган реал оламдан мустақил равишда эканлигини пайқайди. Тасвирланаётган воқеалар қанчалик мустақил бўлиб туюлса, роман шунчалик даражада ишончли чиқади. Агар роман воқеалари реал воқеликдан етарли даражада мустақил ҳолда “яшаш” учун зарур воситаларга эга деган тасаввур қолдирса, демак, бу нарса юқори даражада ишончга эришган. Бу дегани роман ўз ўқувчиларини тўла ишонтириб, ўзига бўйсундирган. Қолаверса яхши роман нафақат воқеа-ҳодисаларни ҳикоя қилади, балки ўқувчини ана шулар ичига олиб киради. Қаҳрамонлар билан бирга қатнашишга мажбур қилади.

Сиз Бертольд Брехтнинг машҳур кескинлаштириш назарияси билан таниш бўлсангиз керак. Унинг фикрича, ўзи ёзган эпик ва дидактик пьесаларда кўзланган мақсадга эришиш учун улар саҳналаштирилганда техникадан фойдаланиш зарур. Бу актёрларнинг хатти-ҳаракати, сўзлаш усуллари ҳамда декорацияларига тааллуқли. Аммо у томошабин иллюзиясини чиппакка чиқаради. Саҳнада ҳамма нарса шартлилиги кўриниб туради, лекин шунга қарамасдан асар томошабинда ўзига тегишли хулоса чиқариб олишга, ҳаётини ўзгартиришга қаратилган ҳаракатга ундайди. Брехтга бўлган муносабатингизни билмайман. Мен уни буюк ёзувчи деб ҳисоблайман.

Роман мақсади – уйдирма билан ҳақиқий воқелик орасидаги масофани қисқартириш, ҳаттоки бу чегарани йўқотиш, ёлғон билан тўқимани ўқувчига чиндан ҳам энг рост ва мангу ҳақиқат дея ишонтириб, унда воқеликни тўғри ифодалаш. Буюк адиблар моҳиятан буюк алдовчилардир: улар бизни ўраб турган олам ўзлари тасаввурларида яратган олам кабидир, деб бизни ишонтирмоқчи бўладилар, гўё бадиий тўқима – бу асосигача вайрон қилиниб, кейин қайта яратилган олам бўлиб, айнан шу нарса ёзувчи истеъдодини юксакликка олиб чиқади. Фақат ёмон романлардагина кескинлаштиришдан фойдаланилади. Брехт эса кескинлаштириш ёрдамида томошабинларга асарига сингдирилган сиёсий фалсафани уқдирмоқчи бўлди. Ишончлилиги бўлмаган ёмон романда тўқима барибир тўқима бўлиб қолаверади. Бу эса томошабинларга ўзининг қўпол хатти-ҳаракатларини билинтириб кулгига қолган ношуд қўғирчоқбоз ҳолатига ўхшайди. Табиийки, бадиий тўқиманинг мустақиллиги реал факт эмас, бу ҳам тўқима. Бошқача айтганда бадиий тўқима мажозан мустақил. Шунинг учун мен уни доим “мустақиллик иллюзияси”, реал оламдан ажралган иллюзия деб ҳисоблайман. Ҳар қандай роман ҳам бизни ўраб турган олам билан чамбарчас боғлиқ. Ҳар бир романнинг ўз муаллифи борлиги, у объктив борлиқнинг бир қисми эканлигини билдиради. Агар романдаги тўқималар китобхон яшаб турган олам билан алоқаси бўлмаса, у ҳолда тасвирланаётган воқеа ва персонажлар ундан узоқ ва бегона, инсон тажрибалари билан тенглаштириб бўлмайдиган ҳолда сунъий бўлиб қолаверади. Улар ҳеч қачон ҳеч кимни ишонтира олмаган, қизиқтирмаган бўларди, унда тасвирланган воқеа-ҳодисалар ўқувчини завқлантирмас, қаҳрамонлар билан бирга унинг кечинмаларини гўё ўз кечинмаларидек қабул қила олмасди.

Бу ерда адабиётнинг ажойиб хусусияти намоён бўлади, яъни унинг икки тарафламалиги; адабиёт мустақилликка интилади, айни пайтда реал оламга қулларча бўйсунишга ва бунга кўникишига мажбур. Худди оҳангни мусиқа асбобидан ажратиб бўлмаганидек, бунинг ҳам иложи йўқ.

Шакл таъсирчан бўлса ажойиботлар яратади. Шаклни эса икки муҳим элемент ташкил этади. Мен услуб билан композицияни назарда тутаяпман. Биринчиси, сўз ёки унинг ёрдамида воқеани тасвирлаш. Иккинчиси, материални уюштириш, агар яна соддалаштирадиган бўлсак, роман конструкциясининг таянчлари бўлмиш – ҳикоя қилувчи, макон ва замон.

Хатни чўзиб юбормаслик учун услуб ва тил ҳақидаги фикрларимни кейинги галга қолдираман. Тил ёрдамида воқеалар ҳикоя қилинади. Ишонтириш нуқтаи назаридан эса услуб муҳим ўрин тутади. Романнинг борини бор, йўғини йўққа чиқарадиган ҳам ана шу услубдир. Сизни қучиб қоламан.

УСЛУБ

Қимматли дўстим! Услуб роман шаклини ташкил қилувчи бош омил бўлса-да, у ягона эмас. Роман сўз ёрдамида тўқилади, шунинг учун ёзувчи уни қай тарзда танлаши ва жойлаштириши бу кўп нарсани ҳал қилади, шу жумладан, унинг ишончли чиқишини ҳам. Роман тилини унинг мазмуни ва мавзусидан ажратиб бўлмайди. Роман муваффақиятли чиққанми, ёзувчи ўз олдига қўйган вазифани уддалай олганми, асар ўз ҳолича, реал воқеликдан ташқарида яшай оладими, китобхон унда ўзига хос воқеликни кўра оладими… каби масалаларни айнан асар тили аниқлаб беради.

Услубнинг характеристикаси ва хусусиятларини санаб чиқишдан олдин ростлик (тўғрилик) тушунчасидан воз кечишга тўғри келади. Услуб тўғрими ёки нотўғри эканлигининг ҳеч қандай аҳамияти йўқ, энг муҳими у ҳаракатдами, йўқми, ўзига юклатилган вазифани бажаряптими, йўқми, ҳикоя қилинаётган воқеаларга жон кирита олганми, йўқми?.. Масалага шу томондан ёндашиш керак. Ўз даврининг грамматик ва стилистик қоидаларига риоя қилган ҳолда ёзган ва ёзаётган муаллифларни кўплаб мисол келтириш мумкин. Масалан, Сервантес, Стендаль, Диккенс, Гарсиа Маркес ва бошқалар… Лекин машҳурликда улардан кам бўлмаган ижодкорлар борки, улар грамматик қоидаларни бузиб, уларни остин-устин қилиб ташлайдилар, мавжуд нормалардан ташқарига чиқиб ўз услубларини қўллайдилар, шунга қарамасдан улардан ажойиб романнавислар чиққан, масалан Бальзак, Жойс, Пио Бароха, Селин, Кортасар ва Лесама Лималар. Асорин аъло даражадаги прозаиклардан, лекин романнавис сифатида зерикарли. У ўзининг Мадрид ҳақидаги эссесида айтади: “Адабиётчи прозада ёзади, анъанавий тарзда тўғри ёзади, лекин унга озгина бўлса-да юмор, киноя, зарда, пичинг киритмас экан арзимас бўлиб қолаверади…” Тўғри гап: стилистик тўғрилик ўз ҳолича бадиий муваффақиятга эришиш учун кафолат бўла олмайди.

Романдаги воқеа-ҳодисалар бир-бирига алоқадор бўлмаслиги мумкин, аммо уни тирилтирувчи, унга жон бағишловчи тил эса бир-бирига боғланган бўлиши зарур, токи тасаввурдаги нарсалар табиий ва ҳаётий бўлиши керак. Жойснинг “Улисс”идаги якунловчи Молли Блумнинг монологи бунга яхши мисол бўла олади. Ундаги аралаш-қуралаш бўлиб кетган хотиралар, таассуротлар, фикр-мулоҳазалар, ҳиссиётлар юзаки қараганда чалкашиб тартибсиз бўлиб кетган бўлишига қарамасдан, ички тузилишида жуда нозик алоқалар яшириниб ётади. Буни онг оқимининг аниқ тафсилоти деб аташ мумкинми? Йўқ. Бу ишончлиликка кучли таъсир кўрсатувчи бадиий кашфиёт.

Умрининг охирларида Хулио Кортасар “ёзувларим тобора ёмонлашиб бораяпти” деб мақтанишни яхши кўрарди. У нимани назарда тутган? Гап шундаки, унинг асарлари нутқи бора-бора мавжуд тил қоидаларига бўйсунмайдиган ҳолатга келган. Бу эса услуб асар персонажлари, воқеа-ҳодисаларни максимал даражада ҳаққоний чиқишига хизмат қилганини кўрсатади. Ва бу нарса Кортасарнинг ёмон ёзишга эмас, яхши ёзишига олиб келган. Оғзаки нутқни, ундаги ибораларни, шунингдек, тақлидий сўзларни эркин тарзда топиб қўллаган. Қолаверса, у янги сўз ва ибораларни кашф қилган, буни истеъдод билан бажарган.

Воқеанинг ишончли чиқиши фақат услубнинг яхлитлигигагина эмас, балки ҳикоя қилиш техникасига ҳам боғлиқ. Роман қисмларининг бир-бирига мос тушиши бу жанрни оқлайдими ёки йўқми? Услуб ёмон бўлса-да, унинг яхлитлиги таъсирчанликни таъминлайди. Бунга энг яхши мисол Луи Фердинанд Селин асарлари. Сизни билмадиму, лекин унинг узуқ-юлуқ жумлалари, уч нуқталарию жаргонга тўла қуюндек ёпирилиб келгувчи оҳ-воҳли саҳифалари менинг асабимга тегади. Шунга қарамасдан унинг “Тун четига саёҳат” ва “Қарзга берилган ўлим” асарлари ғоятда ишонарли чиққан. Жумлалар қанчалик даражада хунук, ғайри одатий, ҳеч қандай этик ва эстетик меъёрларга тўғри келмаса-да, ўқувчини сеҳрлаб қўяди.

Шунга ўхшаш ҳолатни Алехо Карпентерда кўрганман. Сўзсиз, у испан тилида ёзувчи буюк романнавислардан бири. Бироқ унинг муайян меъёрларга, қуруқ назарияга берилиб кетиши, китобий дабдабабозлиги, XVII аср ёзувчиларини илҳомлантирган қадимий усуллари менга умуман ёқмайди. Шунга қарамасдан унинг прозаси, айниқса “Замин салтанати”даги Ти Ноэль ва Анри Кристоф ҳақида қиссаси проза дурдонаси ҳисобланади. Мен уни ўқиб чиқдим, кейин қайтадан яна уч марта ўқидим, улар мени ўзига тортди, мафтун этди, шунинг учун юқорида келтирилган даъво ва эътирозларим ўз-ўзидан йўққа чиқди. Ҳали айтганимдай, XVII аср расмиятчилик ва дабдабабозлик услубидан фойдаланган ёзувчи қандай қилиб бундай натижага эришиши мумкин? Гап шундаки, муаллиф услубнинг яхлитлигига қатъий риоя қилган, меъёрдан ташқарига чиқмаган, натижада китобхон унинг таъсирига тушиб қолади, тасвирланаётган воқеа-ҳодисаларнинг чин эканлигига тўла ишонади. Сўз ва ибораларни шу маромда ифодалашгина муаллиф ютуғини таъминлаган.

Яна шуни қўшимча қилишим мумкин: агар “услуб яхлитлиги”ни тушунтириш нисбатан осонроқ бўлса, у ҳолда унинг муқаррарлиги, бошқа илож йўқлигини уқтириш қийинроқ, бусиз эса роман тилининг ишончлилигига эришиш мумкин эмас. Мулоҳазаларим тушунарлироқ бўлиши учун, балки, услуб натижаси муваффақиятсизликка олиб келган мисоллар келтиришдан бошлаганим ўринли бўлар, чунки ёмон услуб ўқувчини қизиқтира олмайди, асарда тасвирланаётган воқеа-ҳодисалар сунъий, қаҳрамонлар кечинмалари ўқувчига бутунлай бегона бўлиб қолаверади. Сўз ифодалари ва улар воситасида сўзлаб берилаётган ҳикоя ўртасидаги жарликни муаллиф бартараф қила олмас экан асар муваффақиятсизликка маҳкум. Асар тили билан ундаги воқеаларнинг бир-бирига тўғри келмаслиги ишончлиликни ҳам йўққа чиқаради. Китобхон ўқиётганларига ишонмайди, чунки қовушмаган услуб асар тили билан унда сўзланаётган воқеалар ўртасида чоҳ борлигини, бадиий тўқима эса сунъий эканлигини кўрсатиб туради.

Бундай услуб асарни барбод қилади, биз буни ўқиётганимиздаёқ ҳис қиламиз, агар муаллиф бу воқеаларни бошқачароқ сўзлар билан, бошқа бир усулда сўзлаб берганда яхшироқ чиққан бўларди деган фикрга келамиз. Борхес ҳикоялари, Фолкнер романлари ёки Исак Динесен асарларини ўқиганимизда биз бундай фикрга бормаймиз. Улар қўллаган услублар турлича бўлса-да, биз уларга ишонамиз. Чунки улардаги персонажлар, воқеалар ва сўзлар яхлит бирликни ташкил қилиб, уларни ажратиш хаёлимизга ҳам келмайди. Бадиий асарнинг хусусияти деганда ана шу “моҳият” билан “шакл” бирлиги муқаррарлигини назарда тутаяпман.

Испан тилида ижод қилувчи ёзувчилар орасида энг оригинали, балки ХХ асрнинг энг буюги Борхесдир. Унинг бошқа ёзувчиларга таъсири жуда кучли. Борхес услубини бошқа бирортаси билан чалкаштириш мумкин эмас. Унинг услуби ғоятда серқирра ва ажойиб тарзда таъсирчанки, шу туфайли асарларидан ҳаёт нафаси уфуриб туради. Борхес ички оламидаги ғоя ва фантазиялар ўзининг нафис интеллектуал қобилияти, абстракт фикрлари, бадиият нуқтаи назардан, алоҳида ажралиб туради ва бадиий тўқима учун бой манбаа бўлиб хизмат қилади. Унинг услуби мавзу билан чатишиб кетган, буни китобхон дастлабки сатрларданоқ ҳис қилади. Эсселари ҳикояларидан қолишмайди. Уларда ортиқча сўз йўқ. Гўё маржондек тизилган, бошқача тартиб мумкин эмасдек. Уларда ақл-идрок ҳис-туйғулардан юқори туради. Ақл-заковатини ишга солиб ўз маҳоратидан усталик билан фойдаланадики, ҳиссиётларини, такаллуфни бир четга суриб, гўё уларни инсон ҳаёти учун иккинчи даражали қилиб қўяди. Борхес услубининг уйғунлиги ва нафислиги кўп жиҳатдан ажойиб тарзда дадиллик билан қўлланган киноя ва ўхшатишларга боғлиқки, улар нафақат фикрларга сайқал беради ёки қаҳрамоннинг жисмоний ва руҳий белгиларини очиб беради, балки, ўз ҳолича муаллифга керак бўлган муҳитни яратади. Шубҳасиз, бу услуб Борхесга хос ва унга тақлид қилиб бўлмайди. Агар мухлислари ва издошлари унинг бадиий усулини қўлламоқчи бўлсалар сохта ва кулгили ҳолат юзага келади. Хорхе Луис Борхес – буюк сўз санъаткори, унинг тақлидчиларида эса табиийлик йўқ, аксинча сохталик, зўрма-зўракилик, носамимийлик кўриниб туради. (Самимият ва носамимият адабиётда этик эмас, эстетик тушунчага эга)

Шу муносабат билан испан тилида ёзувчи яна бир сўз санъаткорини – Габриэль Гарсиа Маркес номини тилга олиш ўринли бўларди. Борхес услубидан фарқли ўлароқ унинг услубида интеллектуализм йўқ, лекин ҳиссиётлар ва туйғулар ўйноқилиги кўп, софлик ва тўғрилик уни классиклар қаторига қўшган. У дабдабабозликни ёқтирмайди, ўтмишга ҳам ўралашиб қолмаган. Халқнинг жонли тилидан бажонидил фойдаланади, яъни иборалар ва чет тилларни қўллаганда ўқувчи қийналмайди, мураккаб ва топишмоқли сўзларни қўлламайди. Асар енгил ўқилади, илиқлик, оҳангдошлик сезилиб туради, руҳий кайфият жилолари, истак ва хоҳишлар табиий тасвирланган, мажбурлаб тиқиштирилган жумлалар йўқ, ёзувчини фантазияси зўрма-зўраки эмас, осонгина воқеа-ҳодисаларга айланади. “Ёлғизликнинг юз йили” ёки “Ўлат пайтидаги севги” асарларини ўқиганимизда у айнан шундай сўзлар билан шу усулда тасвирланиши керак деган фикр бизни тарк этмайди, чунки улар ҳаққоний чиққан, тасвирлар ҳайратга солади. Бошқача бўлганда улар бизни ҳаяжонга солмас, мафтун этмасди. Ахир ҳар қандай воқеа-ҳодиса сўзлар йиғиндисидан иборат, холос.

Ҳа, амалда шундай. Кимки Маркесга тақлид қилар экан, кулгига қолади. Борхесдан кейин Маркесга тақлид қилувчилар ҳам кўп. Гарчи улар муваффақиятга эришиб кўп сонли мухлислар эътиборини қозонган бўлса-да, уларда сохталик мавжуд. Адабиёт сохталаштирилган ҳақиқат, лекин буюк адабиёт уни яшира олади, аммо ўртамиёнаси ўзини фош этиб қўяди.

Мен сизга услуб ҳақида билганларимни айтдим, аммо сиз амалий ёрдам сўрамоқчисиз. У ҳолда сизга айтадиганларим шуки, яхши прозик бўлиш учун ўз услубингизни топинг. Имкон борича кўпроқ ўқинг. Чунки яхши китоб ўқимасдан туриб тилингизни бойитиш мумкин эмас. Адабиётни севишга ўргатган ёзувчиларга тақлид қила кўрманг. Уларнинг принциплари, инжиқликлари-ю ғалати камчиликларига тақлид қилишингиз мумкин, агар сиз шунга мойил бўлсангиз, лекин услубда ҳаргиз уларга эргашманг, акс ҳолда асарингиз ишончли чиқиши даргумон.

Ўз услубини излаш ва топиш мумин эмас, деган гап нотўғри. Фолкнернинг биринчи ва сўнги романини ўқинг. Ўртамиёна ёзилган “Москитлар”дан то “Сарторис”нинг биринчи вариантигача бўлган даврда у ўз услубини ва ўзига хос тилни топди. Флобер ҳам ўзининг сердиққат, шиддатли, романтик-лирик усулида ёзган “Авлиё Антоний васвасаси”нинг биринчи вариантидан то “Бовари хоним”гача бўлган даврда ўз услубини қидирди ва топди. Кейинги асарда услуб шиддати бир оз жиловланади, ортиқча ҳиссиёт ва лирик кайфиятдан “ҳаққоний иллиюзия манфаатини кўзлаб” бутунлай қутулди. Бунинг учун у беш йил машаққат чекиб меҳнат қилди ва ўзининг дурдона асарини яратди. Балки унинг “mot juste” номли услуб назарияси сизга маълумдир. Аниқ сўз деб у фикрнинг тўла маъносини англатадиган ягона сўзни назарда тутган. Ёзувчининг вазифаси ана шу сўзни топиш. Биласизми, Флобер бу сўзни қандай қилиб аниқлар экан? У ёзганларини овоз чиқариб ўқиркан, агар сўз оҳангдор чиқса, демак аниқ сўз топилди. Шакл билан моҳиятни идеал бирлашуви бу сўз ва фикрнинг мусиқий оҳангдошлигида. Ҳар бир жумлани у шу усулда текшириб кўрган.

Рубен Дарионинг қуйидаги сатрлари ёдингиздами? “Шаклини топа олмаган услубим”. Бу жумла анчагача мени таажжубга солиб юрди: ахир услуб ва шакл бир нарсанинг ўзи эмасми? Қандай қилиб ўзингда бор бўлган шаклни қидириш мумкин? Энди мен амин бўлдим, бўлиши мумкин экан, чунки ёзган хатларимнинг бирида бадиий шаклнинг элементларидан бири бу услубдир деганман. Ундан аҳамияти кам бўлмаган иккинчи бир нарса бу техника – яъни сўзлар, ибораларнинг қўллаш усули, чунки яхши воқеани сўзлаб бериш яхши сўзлар воситасида амалга оширилади. Яхши сўзлар эса етишмай қолади. Хатим жуда чўзилиб кетди, шекилли, яхшиси бу ҳақда кейинроқ гаплашамиз. Сизни қучиб қолувчи.

Рус тилидан Абдунаби АБДУҚОДИР таржимаси

Manba: «Sharq yulduzi» jurnali,2012 yil 3-son

Share on FacebookShare on Google+Tweet about this on TwitterEmail this to someoneShare on LinkedIn