Мурод Човуш: Ҳеч (қисса)

murodҲозирги замон ўзбек адабиётида янгилик сифатида қабул қилинган умидли ёзувчи Мурод Човушнинг ”Ҳеч” қиссасини эътиборингизга ҳавола этамиз. Инсон руҳиятининг чуқур таҳлили, инсонга ичкаридан қараш, маънисизликдан моҳият излаш, ўзинг билан бегонадек сўзлашиш… ”Ҳеч” ўқувчини такрорланмас илоҳий завққа ошно этадиган гўзал асардир.

****

ҲЕЧ

“ Ҳечимиз ҳечидан ҳеч кам йўқдир,
Ҳеч ҳечимиз ҳечидан ҳеч ғам йўқдир.
Танда жандадурур анда гўристон,
Эртан ўлсак бизга ҳеч мотам йўқдир.” –

Баҳоуддин Нақшбанд

Метрога кирдим. Поезд кутаяпман. Ёнимда йигит ва қиз. Қиз менга қараб қўйди. Ўхшатди, шекилли. Бепарво назар билан улар томон кўз ташлаб қўйдим. Йигит қаттиқ эслаб қолмоқчидай бошимдан оёғимгача кузатди. Поезд кела бошлади. Мен улардан етти-саккиз қадам узоқлашдим. Вагонга чиқдим. “Нима ҳақда ўйласам яхши бўлади”. “Ҳеч нарса ҳақида” — ўзимга-ўзим жавоб бердим. Ичимдан бутун ўй-фикр, хаёлларимни қувиб чиқармоқчиман, чоғи. “Бунақа бўлмайди”. Кейин метрони мусиқа кошонасига, юриб кетаётган поездни куйга, унинг ичидаги йўловчиларни яхлит бир қўшиққа ўхшатдим. Аммо ўзимни қўшиқ деб ҳисобламадим. “Мен тингловчиман”. Поезд “Пахтакор” бекатига келиб тўхтади. “Куй тўхтади”. Мен вагондан тушдим. Кўчага чиқдим. Консерватория томон юра бошладим. Босган қадамимни санай кетдим. Шундагина ўйлашдан озгина вақт қутуламан. Юриб кетяпман. “Бир, икки, уч, … етмиш, … етмиш саккиз…”, санаб боряпман. Саксон саккизинчи қадам босилганда сезиб қолдим. Ёмғир шитир-шитирини, совуқ шамол эсишини эшитиб бораётган эканман. Шу онда йиғлагим келди. Зерикаётганлигим эсимга тушди. “Мен буюк зерикувчи”. Масалан, чоллар зериккандан чой ичаверишади-ичаверишади. Улар ўлимни кутишади. Ўлимнинг келмай қолишини ҳақиқий мўъжиза деб ўйлашади ва бу мўъжизага ишонишмайди. Мен зерикканимдан ухлайман, ухлайвераман. Ўн беш, ҳатто йигирма соат тинмасдан ухлашим мумкин. Уйқуни ҳақиқий мўъжиза деб атаса бўлади.
Ушбу дақиқаларни эслаб қолишим керак, айниқса, ҳисни — ичимда худди қирда югуриб кетаётган беғубор болага ўхшаш, аммо йиғлоқи, шунга қарамай, мени олдинга — келажак сари ундайди, бу келажак қанақа тусда — ўринсиз савол, ҳар ҳолда, айтгандай, мен эртанги кунимни билишни истайман, кечаги кунимни боя ўйлаганимдек зерикиш жабҳасининг бир кўриниши каби қабул қиламан ёки қабул қилмайман, акс ҳолда нима учун яшаётганлигим сабабини ва яшашдан мақсад нима деган дангал саволни ўзимга минг бора бериб ва ўзимни бу муқаддас савол олдида минг бора тиз чўктирганимда ҳам ҳис мени узоқ-узоқларга.., ҳар ҳолда ичимда у билан қувалаш ўйнамайман, зотан дейдилар ёки демайдилар, десалар ҳам ҳис-табиатники дейдилар, секинроқ, тангри эшитмасин, ҳа, бу гап, Абдуҳолиқ Қалқонга тегишли — ияги узун, қирра бурун, чунки ҳис-табиатники ичимизга тўсатдан кириб қолган ёки ичимизга кириб олиши вазифасими, буни мен ҳозирча билмайман, агар мабодо билиб қолсам, албатта, ҳали ёзиладиган китобимга қўшиб қўяман, зеро билишсин, Абдуҳолиқ Қалқон қанақа одамлигини, у — дангал, керак бўлса тангри билан ҳам яккама-якка, бухороча курашга туша олади, билингки, у уни дуэлга чақириши мумкин, фақат унинг, яъни А.Қалқоннинг жаҳли чиқса бўлди, жаҳл чиқди — ақл кетди, дейдилар, англашилмовчилик, мен шундай ўйламасамда А.Қалқон айнан шундай фикрни ўртага, яъни унинг ўйлаши бўйича биз “сентиментал каллалар“ худди оч қолган итлар туфроққа қоришган ва иссиқдан ҳамда яланавериб қуриб қолган суякни бояги оч қолган ит ёки итлар ялаган мисол ҳалиги фикрни Қалқон яна ва яна такрорлайди, худди бизнинг қулоғимиз кардек овозини сал кўтариб, лекин кўзини биздан олиб қочиб, гўёки биз уни англамаймиз, ҳатто тушунмаймиз, у шундай ўйлайди, балки ўйламас, билмадим.
Абдуҳолиқ Қалқонга айтдим: “Юринг, кетдик, концертга”. Унамади; иягини олдинга чўзиб, чапга-ўнгга қимирлатди ва пиво ичишни давом эттирди. “Тушунарли” дедим ичимда. “Кайфият йўқ” бу гапни унга айтиб ичимда ҳам такрорладим. А.Қалқон яна индамади. “Тезроқ мендан қутулишни истаяпти”. Ёки аксинча пиво ичишда шеригидан маҳрум бўлишни хоҳламади. Кейин А.Қалқон чўнтагидан тамаки олиб чека бошлади; сигарет тутунини уч-тўрт марта ичига тортиб чиқаргандан сўнг гапирди: “Э, нима бор ўша симфонияга, қуруқ ҳислар одамни ичига киргани қолади, фойдаси йўқ, қуруққа ўзингизни алдаб келасиз, жаноб, мусиқа одамнинг душманларидан бири ҳисобланади. Биз уни қандай бўлса шундайлигича англай олмаймиз: мисол учун Бетховен мусиқасини ёзаётганида гап нима ҳақида кетаётганлигини билган, биз эса унинг мусиқасини эшитиб, ҳар хил ҳолатга тушамиз. Балки шундандир-а ҳамма бало, а, нима дейсиз?” “Худди шундай, жаноб Калкановский” дедим. “Биласизми, ожизлик қабул қилишда ким қандай қабул қилишида, бизнинг миллат қандай қабул қилишини ўрганганмисиз?;. “Нимани қандай қабул қилишини, Калкановский?”. “Ўзим ҳам билмайман”, унинг бу мавзуда гапиргиси келмади, чоғи. “Борсангиз, қани, тезроқ боринг, хуллас, тезроқ бу ердан кетинг”. Абдуҳолиқ Қалқон мийиғида кулиб ўнг панжасини “хайр” деган мисоли қимирлатди. Мен ўрнимдан турдим. Хурсанд эдим; ўзим, якка-ёлғиз ўзим концертга боряпман.
Кейин тўқсон бир деб, тўқсон иккинчи қадамни ҳисобга қўшиб қўяман, бутун эътиборимни оёғимга жалб этмоқдаман, акс ҳолда мен яна ўйлай бошлашимга тўғри келади, зеро ўйлашни одамнинг ўзи ишлаб чиқарганми ёки тангри бир куни, яъни қачондир бир нимадандир хурсанд бўлган ҳолат пайти чексиз меҳри жўшиб-тошиб кетганиданми, ўйлаш функциясини “мана, бу, сенга мендан тортиқ” деб, одам “йўқ, раҳмат илтифотингиз учун, менга бу — керакмас” деса-да, мажбурлаб калласига нозиккина симчаларни — томирларни бир-бирига улаб, уёқдан-буёққа айлантириб, кейин юрак томонга қаратиб тортиб қўйган-у, “энди бор, ишингни қил” деган мазмунда ўзи ҳаю-ҳулаб бандаси олдидан қочиб кетгандек, банда то ўйлашни бошлагунча у узоқларга — масалан, борлиқдан ташқарига чиқиб улгурган заҳоти ақл пайдо бўлиб ”бундай эрк менга керак эмас” деса, юрак йиғлай бошлаган заҳоти қалб ихтиро қилинган, аввали зерикиш илми етти-ёт бегона ҳисобланган, ажаб.
Мен консерваторияга яқинлашиб боряпман. ”Мен хоҳлардимки — у томон юришим ҳеч тугамаса, яъни қадам ташлаб бораверсам-у, аммо-лекин, консерваторияга етиб келмасам, юраверсам, юраверсам, йўл тугамаса, йўлнинг охири кўринмаса, худди, тушдагидай ёки хаёлдагидай, бироқ одам ўнгида бўладигандай эмас, айтмоқчи, кеча туш кўрдим; чўл ўртасида эканман, тўрт ёғи чексиз, осмон тўла виж-виж турналар эмиш, мен нуқул йиғлармишман ва турналарни осмондан ҳайдаган мисол, улар томон кесак отармишман, Абдухолиқ”.
“Сиз жинни бўлиб қолмадингизми?” А.Қалқон яна сигарет тутатади. Стол устида бўш шишалар. Официант қиз стол устидаги бўш шишаларни олиб кетиши керак. Бизнинг ароқ ичгимиз келяпти. Пиводан тўйдик, чоғи. Ҳа, яна шашлик буюрмоқчи биз. Кейин озроқ жимлик керак.
“Нега концертга кирмасдан қайтиб келдингиз? Кириш ёқмадими?”. “Икки соат кечикиб бошланар экан”. “Консерваторияда ҳам тартиб йўқ”. ”Шундай”. “Сиз нима учун бугун бошқачасиз?”. ”Қанақасига?”. ”Ароқни сузинг”. ”Чарчадим”. ”Нимадан?”. ”Ўзимдан”. ”Қани олдик”. ”Хотинингизни яхши кўрасизми?”. ”Йўқ”. ”Нима учун?”. ”Нима керак яхши кўриб”. ”Тўғри”. ”Хотин зотини яхши кўриш учун учин-чи бир бизга ўхшаган жонзот бўлиши керак эди”. ”Тушунмадим, йўқ, тушундим”. ”Шундагина рақобат бўларди ва биз яъни эркак-инсоният, мен аёл зотини чинакам яхши кўришга ва улар бизни шу аснода яхши кўришларини хоҳлар эдик”. ”Зўрми”. ”Даҳшат”. ”Ичамизми?”. ”Ичамиз”. “Аёлдан қочиш керак, қочган жойимиз эса — аёлгача”. ”Ҳалиги учинчи тур жонзот бўлса эди, ўшалар томон қочар эдик”. “Ҳа-ҳа-ҳа”. “Ҳи-ҳи-ҳи”. ”Яхши ҳамки йўқ”. ”Ҳаётнинг қизиғи шунда-да”. “Ҳа”. ”Қани олдик”. ”Мен ҳам концертга борсам-ми?”. ”Йўқ-йўқ”. ”Нимага?”. “Нима қиласиз бориб, вақтингиз бекор ўтгани қолади”. ”Қанақасига бекор, шундоқ ҳам бекор ўтмоқда”. ”Ўзиш керак”. “Ўзиш керак”. ”Абдухолиқ, худди ҳамма нарса ёзилиб бўлганга ўхшайди”. ”Қанақасига?”. ”Ўқи ёзгим келади, ёзмайман, ҳар куни эртага қолдиравераман, бу ишни”. ”Ўзишдан мақсад ҳам шу-да”. ”Тўғри, мақсад бор — демак биз ҳам яшашга ҳақлимиз”. ”Албатта”. ”Абдуҳолиқ, мавжудийлик кинога кўчди, ўша учун ёзиш тобора қийинлашиб бораётгандай?”. ”Жараён, жараённи тўхтатиб бўлмайди”. ”Демак, шундай ёзиш керак-ки, китобни кинога кўчириб бўлмасин”. ”Санъат — санъат учун демоқчимисиз?”. ”Гап шундаки, ҳаракатни тўхтатиб бўлмайди”. ”Қайси ҳаракатни, қани у, қаерда, қанақа тусда у — ҳаракат?”. ”Ҳамма бало шунда-да?”. ”Биз бугун билан келиша олмаймиз — ҳаракатми шу?”. ”Бугун деганда нимани назарда тутяпсиз?”. “Ўзингиз мендан яхшироқ биласиз — нимани назарда тутаётганимни”. ”Айтмоқчисиз-ки, биз — заифмиз, замон билан келиша олмаймиз, ёки келишишни хоҳламаймиз”, ”Ҳа, йўқ, Абдухолиқ, гўё замон бизнинг измимиздан юрмаяпти, хоҳлаймизки, нима десам, жамият шу гапни инобатга олсин ҳам демоқчи эмасман, мен бу ғалаённи истамайман, гап шундаки, ҳаракатдан тўхтаб қолиб, бир четда уни кузатишни хоҳлайман”, ”Абдуҳолиқ, мен кетдим, қаерга, концертга-да, сиз бемалол ўтираверинг, зўр-ку, ҳеч ким ҳалақит бермайди, яна ёлғиз ўзингиз билан жанг қилиб, нима, маст эмасман-ким айтди- ўзингиз ўзингизга мени маст бўлиб қолди деб айтди, ҳа, сотқин, ҳечам, ўзим бораман, мен билан боришнинг ҳожати йўқ, нима, қаерга, уйга кетасиз. Йўқ, ҳали жойингиздан қимирламай ўтиринг, мен қайтиб келаман, ана кўрасиз. Бир қучоқ мусиқа кўтариб келаман, э шошманг, ўтиринг, жойингизга, айтганча, Калкановский, болалигимда биринчи раҳбарларнинг ўлишини хўп кутардим, нимага, э, нимага, ҳа, топдим, масалан, Брежнев ўлганда, нимаси қизиқ, қанақасига нимаси қизиқ, у тобутда ётар эди, албатта, ўлик ҳолатда қимирламасдан, гўё ўликлик бурчини сидқидилдан, гўё партия топшириғини бажараётгандай. Қимирламасдан, тинч, осуда ва ғамгин уйқуда ширин ухлаб ётарди, телевизорда-да, э, гаранг, шундаги мусиқа менга ёқарди, то қабргача чалинган мусиқанинг шайдоси эдим. Кейин бошқа бир биринчи раҳбарнинг қачон ўлишини кутардим, ўша ғамгин мусиқаларни соғинар эдим, чунки, ўзим ҳам билмайман, кейин Андропов ўлганда хўп маза қилувдим, ўшанда мусиқани калламга сингдириб олишга, тушунмадим, нимасини тушунмайсиз, калламга жойлаштирганман, унда, эртага — катта бўлсам керак бўлиб қоладигандай, асқотадигандай, қачонки вақт келади уни ишлатаман, нимага қандай қилиб ишлатаман, билмайман, Абдуҳолиқ, сиз тушундингизми, ўзим ҳам тушунмадим, ҳақиқатдан мастман, шу ҳолатимда қотиб қолишни истар эдим, фикр тўхтаб қолса, юрак музлаб қолса-а, кўзим пирпирамаса, кетдим, келаман, ҳа, кутинг, кутмангмас, ўтираверинг — ичиб”.
… яқинлашиб боряпман. Бир юз учинчи қадам: илон пўст ташлагандай, одам кўйлагини ечгандай, дарахт барги чангини ёмғир ювиб кетгандай, кимдир-кимнидир тарк этгандай, оғиздан чиққан товуш ҳавода йўқолгандай, шу каби. Мен орқага қайтолмагандай, олдинга қараб юрсамда, яқилашиб келсамда, келиб бинога кирсамда-кирмасамда, онангни егир, худди ҳеч нарса ўзгармагандай, маст бўлсамда-бўлмасамда.
“Калкановский, яна қайтиб келдим, қандайсиз энди, ҳорманг, а, кириш ёқмади, киргим келмади, концерт бўляптими ўзи, албатта-да, ў, сиз мендан анча илгарилаб кетибсиз-ку, қани сузинг, сизга етиб олай”. “Мусиқа қутқара олмаслигини билдингизми?” “Билдим”. “Гўрга тиқишини ҳам билдингизми”. “Билдим”. “Тириклай ҳаёт гўрига тиқилишни назарда тутяпман”. “Демак, мен тирик ўликман”. “Ҳа”. “Қандай тирилса бўлади”. “Гап шундаки — тирилиб бўлмайди”. “Одам ўлади — демак тирилади”. “Бу сизнинг қарашингиз, шундайми”. “Йўқ, алжирашим”.
Бир юз ўн тўққизинчи қадам; “биз абадий ғоя ташувчилармиз”, унга ҳар замон янги фикр қўшиб қўямиз, гоҳида ғояга қарши — уни елкамизда — бошимизда кўтариб, то яна янги ва бўм-бўш каллага олиб боргунимизча, ғалаён қилиб ҳам турамиз — бош кўтарамиз, янги фикр келади. Фикр кенгайиб бораверади, ер шаридан ҳам анча кенгайиб кетади, у ойга қўнди, ҳозирча ойни забт этди, кейинроқ Марсни эгаллаб олади, шу сайин иш давом этади. Улкан ғоя ичида фикр кенгайиб кетаверади. Биз ғоя хизматчилари, содиқ қуллари, мен негадир қул бўлишдан чарчадим, албатта, бу заифлик, агар безиш заифлик бўлса ёки онгсизлик-ми, менинг каллам қандай қабул қилишидами — англашидами, атрофни ва менгача бўлган ўзича ҳамманинг ихтиёрисиз, ҳамманинг ўзаро келишувисиз, бироқ ҳамманинг онгсиз равишда ғояни билиб-билмай ташиб келаётганидан маъно қидиргандек Диоген, худди, онангни егир, мен ҳар куни ўзимга “эртадан сигарет чекишни ташлайман” дегандек, қачондир ўлиб кетган, мен ҳозир — тирик, ҳали туғилажак ўзимга ҳар куни айтдим — айтаман “бўлди, бас, яшасин ҳурлик — йўқолсин ғоя, яшасин бўйсунмас фикр”, лекин бу фикр ажойиб ва кўзга кўринмас Хизр ҳассаси каби таянч бўла оладими?
Бир юз йигирма биринчи қадам. Орқага қайтишнинг иложи йўқ. Нега? Чунки, мен шуни хоҳлайман — биламан, ажойиб — кўнглимни кўтарадиган, менга ишонч берадиган, эртага яшашимга эрмак бўладиган воқеа бугун бўладиган — ҳозирча ноаниқ, кўнгил сезган, интиқ, сезгиларим қаттиқроқ ўз кучидан ҳам кўпроқ ва тезроқ ишламоқда-ки, маст бўлсамда ичимда ҳаяжон чуқур ботиб худди илонга ўхшаб оғзим томон ўрмалаб келяпти, бошим айланяпти. Қайт қилгим келяпти.
Мен уйғонганимда (ҳали кўзимни очмай, қаерда эканлигимни аввало англаб олиш учун ҳаракат қилдим) атроф қоронғу, ўнқир-чўнқир тепаликчалар ерга ётиб олиб писиб турган пойлоқчи одамларни эслатди. Қўрқиб кетдим, мени кимлардир номаълум далага ташлаб кетишганга ўхшарди. Майса ўсиб чиққан дўнгликни қучоқлаб ухлаб қолган эканман, бошимни кўтарсам қабртошга кўзим тушди, билдимки, бу жой — қабристон, сигарет чекким келди, гугурт ёқдим, ёриғида қабртошдаги ёзувни ўқидим.

ОЙХОН УСМОН қизи 1978. 13. В. — 2002 16.В.

“Эҳ, бечора” дедим. Ойхон билан гаплашгим келди. Уни чақира бошладим. “Ойхон, эй, Ойхон, уйғонинг, чиқинг, қабрдан”. Қабр ичидан “лаббай” деган овоз-сўз чиқди. “Ойхонмисиз?”. Демак, Ойхон “ҳа” деди. “Ойхон, чиқинг, Сиз билан гаплашгим келяпти”. “Нима ҳақда” овоз эшитилди, кейин “ҳозир чиқаман” деб чиқди. Ўнг қўлини менга томон узатди, кўришдик. Икков ҳам унинг қабри устида ўтирдик. Ойхоннинг кўзига қарадим, у меникига: мен ўртамиздаги жарлик — у ўлгани, мен — тириклигим, мувофиқсизлик фикримизни моддийлаштиришга улкан ҳалақит берибгина қолмасдан, икковни яқинлаштириб қўяди, бир-биримиздан ҳеч қачон айрилмайдигандек, аммо биламиз, учрашувимизнинг ўзида ҳам айрилиқ, ҳам висол бор, бу албатта, хоҳишимизга боғлиқ, хоҳиш одамни, инсониятни бошқарадиган кўринмас ҳайбатли кучга ўхшайди.
“Ойхон нега ўлгансиз?”.
“Ўзимни ўлдирганман”.
“Нима сабаб, қандай журъат қилдингиз?”.
“Ўзимни ёққанман”.
“Гапириб беринг”.
“Бу ҳақда гапиргим келмайди. Айтганча, исмингиз нима?”.
“Денгиз”.
“Денгиз, ажойиб исм, ким қўйган?”.
“Момом қўйган”.
“Момонгиз ҳаётми-ла?”.
“Қизиқ савол. Ҳаёт, нима у?”.
“Денгиз ака, шундай чақирсам майлими, сизни?”.
“Денгиз деяверинг”.
“Қабристонда нима қилиб юрибсиз?”.
“Сизни кўргани келдим”.
“Алдаманг”.
“Маст ҳолатда келиб қолибман, эсимда бори консерваторияга кетаётувдим, унгача ўн беш-йигирма қадам қолувди. Бу ёғи эсимда йўқ”.
“Кўп ичган экансиз”.
“Ҳа”.
“Нега ичасиз? Илтимос бошқа ичманг”.
“Сизга нима”.
“Барибир, ичманг. Ваъда берасизми?”.
“Йўқ. Менинг ҳам ўлгим келяпти. Сизга маза”.
“Нимаси маза, зерикарли”.
“Бу ерда ҳам зерикарлими?!”.
“Нега ўлгингиз келади?”
“Ўлмоқ ёмонми?”.
“Йўқ”.
“Маъно бўлиши шартми?”.
“Албатта”.
“Маъно — нима у?”.
Маъно, Денгиз, у — эртага, ҳаётга — кунга қадам қўйиш, эрта учун яшамоқ. Аммо бугуннинг ўтиши қийин, эртанги кун — бугуннинг эрмаги, эрмаги ҳам эмас, умиди.
“Бас. Эртага яна Бугун келяпти. Қани маъно?”.
“Бу ўзингизга боғлиқ. Одамнинг ўзи тақдирини яратади”.
Менинг ичимни бўм-бўшлик қоплаб олган, пуч ёнғоққа ўхшайди. Уни нима билан тўлдиришни билмайман. Менда қарор йўқ. Фикр муқим турмайди. Ҳаёт менда вазифасини бажариб бўлгандай. У ичимда эскириб қолгандай. Ҳар куни бир кун такрорланади. Вақт ўтади. Ниманидир йўқотаётгандай бўлавераман. Йўқотаётган нарсам умрим эмас, вақт ҳам эмас. Нима унда? Ишга бораман — уйга қайтаман. Бунинг ичида ҳаёт яшайди. Мен ғоянинг исботи учун яшаётгандайман. Тангрининг борлигини исботлаш учун яшашга маҳкумдаймиз. Шуни биламан: менинг ҳаётим забт этилган, унинг ҳар бир қаричини бугун эгаллаб олган. Йўқотаётган нарсамни билгандирсиз, у — эрта, кундан-кун, йилдан-йил ўтган сайин эртамни йўқота боряпман.

х х х

Маҳмуд Қидиров редакция биносидан чиқиб журналистларнинг доимий ўтирадиган кафеси томон юрди. Кафе ишхонанинг
ёнгинасида Маҳмуд Қидировнинг ўзи санагани бўйича уч юз қадам чиқади. Кафега яқинлашди. Ичкарида Абдуҳолиқ Қалқон ва Денгиз Наимов ароқ, шекилли, ичиб ўтиришган экан. Кафега киргиси келмади. Кофе ичмоқчи эди. Орқага қайтди. Автобус бекати томон юра бошлади. Темур парки ичидан ўтмайди. Парк ичида кекса дарахтлар унга ҳадеб эслатишади. “Шунинг нима кераги бор”. Ўзбек чоли ҳассага суянади. Маҳмуд Қидиров ҳассага суянмайди. Кекса дарахтлар Қидировга ҳассани эслатишади. У дарахтларни тушунади. Дарахтларни кимдир тушуниш керак-ку. Йўқ, унинг ўзи кекса дарахт, умрини ўтаб бўлган, баргини тўкиб бўлган, томири қуриб бўлган, яшашга, бўй чўзишга кучи қолмаган. Ёш дарахтлар кафеда ўтиришибди. Уларга ҳаваси келади. Ва ҳаваси келмайди. Улар билан гаплашгиси келади. Ва гаплашгиси келмайди. “Фойдаси йўқ. Яшашнинг фойдаси йўқлигини билиш учун етмиш уч йил яшашимга тўғри келди. Англашнинг бемаънилигини билиш учун эҳ-ҳе қанча китоб ўқиш керак бўларкан”.
Костюмининг ички ўнг чўнтагидан конфет олиб оғзига ташлайди. Автобус ана-мана келиб қолса керак. Ана-мана келиб қолмаса ҳам майли бир соат ёки икки соат келмасин. Шошилаётгани йўқ. Шошилиб бўлди. Олдин китоб ўқиганда оғзида эриётган конфетнинг таъмига маза қилгандай, миясида адабий қаҳрамонларнинг ҳаракатини англаб ҳиссиёти жўшарди. У бекатгача нима ҳақда ўйлаб келганини эсламоқчи бўлади. Нияти, аслида ичидаги тушкун кайфиятни йўқотмоқчи. Бу ҳиссиётни сўзга, кейин гапга айлантирмоқчи эмас. “Ёлғизликдан” деб қўяқолади, холос. Ҳа-я, нима ҳақда эди. Йўқ, ҳеч нарса ҳақда ўйламабман-ку. Юзида табассум югурди, ўтиб кетди. Бу конфетнинг ширинлигидан. Одам ўзини ҳар замон алдаш ҳам керак-ку. Бирдан Толстой эсига тушади. У ҳеч қаёққа қочиб кетганди. Ўлимидан қочганмиди? Йўқ. Хотинидан ҳам қочмади. Ўзидан қочдими? Шундай деса ҳам бўлади. Толстой ёнувди, ёниб кетаётганди. Миясида тўпланган ҳашорат — фикр ёна бошлади. Бу ёнғин уни адойи-тамом қилди. Ёнғинни ўчиришнинг иложи топилмади. Иложи ҳам йўқ-да. Эй, тўхта, иложи бор. Буни ўйлаб кўриш керак. Айтганча, аёллар ўзига суиқасд қилишса олов қўйиш усулини танлайди. Қизиқ. Ўтган ҳафта хоразмлик бир аёл ўзига олов қўйибди. Ким айтди? Эсимда йўқ. Нега олов? Заҳар ичиб ўзини ўлдирса, маъқулроқмасми? Заҳар нархи қиммат турса керак. Арқон билан-чи? Йўқ, бу қийин жараён — арқон топиш керак, уни шифтга боғлаш, оёқ остига стул, э, бу — узун кечади, вақт ўтади, қарабсиз-ки, жаллод ниятидан қайтади. Олов яхши усул. Эгнига бензин сепиб гугурт чақса бўлди. Тамом. Ниятдан қайтиш ҳам кеч бўлади. Бир зумда ёниб кул бўлади.
Толстойга раҳмим келади. Миясида фикрлар тўлиб-тошиб кетганди. Қай бирини тўғри-нотўғри эканлигини билмади. Одамни бунчалик севиш ҳам керак эмас. Кўникиш керак эди, Толстой. Лев нега кафега кирмадингиз? Абдуҳолиқ Қалқон кафеда ўтирган экан, Денгиз Наимов билан. Нима қипти? Ўзим ҳам билмайман? Алдаяпман. Биламан. Нима қипти. Анови Денгиз Наимми? Ҳа, маст. Боши эгик. Метрога томон кетяпти. Унга ачинаман. Мен унга ачиниш учун етмиш уч йил яшадим. У менга ачинади. Ана-мана ўлади, ўйласа керак. Шундай ўйлайди. Нима қипти. Мен унга вазифамни ўтаб бўлдим. Ва тескариси — менга у. “Мен дунёга келдим. Вазифам бировларнинг кўнглини овламоқ”. У шуни ҳис қилган ёки билганми — бировларнинг кўнглини кўтариш тубанлик, билган. Шоир. Бир сатр шеър ҳам ёзмапман. Қизиқ. Автобус келди. Вазифасини ўтаяпти. Қани, Лев Николаевич автобусга чиқамиз. Қидиров автобус тўрига бориб бўш ўриндиққа ўтиради. Толстойга ёрдам бермоқчи. Толстойни кафеда ўтирган ёш дарахтлардан қутқармоқчи. Уф. Толстой ўлиб кетса бўлмайди-ми? “Мияси айниган чол”. Эшитдим. Наимов айтди. Улар кафега кираётганимни кўришмади, кўришдими? Атайлаб айтдими? Мени кўриб.
Ёмғир ёғаётган экан. Кўрмапман. Сезмапман. Эътибор қилмаганман. Йўқ, уни қабул қилишга вақтим бўлмаган. Ёмғир ҳам вазифасини ўтаб бўпти. Йўқ, бу менинг ҳиссиётим ёмғирга нисбатан вазифасини ўтаб бўлди. Ёпирай. Тангрим. “Бегона” Камю. Мен фақат ўқибман. Фикрлашга вақт ажратмапман. Демак ҳали яшашга ҳаққим бор. Яшаса бўлади. Миям озиқланишига овқат мўл. Ҳа. Маҳмуд Қидиров юзидан табассум югуриб ўтиб кетади. Шляпасини пешонаси томон туширади. Кўзини оёқ кийимига қаратади. Йўловчилар “мияси айниган чол” ўйлашмасин. Нима қипти. Кулса. Товуш чиқармай кулди-ку. Қаёққа кетяпман. Толстой. Маъно топилди-ку. Ўзимни алдаяпман. Қаёққа кетяпман? Уйга. Мени уйда ҳеч ким кутмайди. Кутмоқлик — одат. Лекин сени кимдир кутишини хоҳлашинг нима? Одатмас. Яшаш — одат. Лекин яшашдан чарчаш — одатмас. Қайси маънода. Қариган дарахтнинг шохлари қарсиллаб синиши. Дарахт шохи устимга ағанаб тушади. Қўрққанман. Парк ичидан ўтмаганим. Оғриқдан қўрқаман. Ҳамма қўрқади. Ҳамма худодан қўрқади. Нима учун? Дарахтнинг шохи синмасин учун. Ичимда нима синди. Ишончми? У ҳар куни синади. Ҳар лаҳза яна тикланиб яна вазифасини ўтайверади. “Ўзингизни ўзингиз алдайсиз”миш. Абдухолиқ Қалқон айтди. Рост. Ҳамма ўзини алдайди-ку. Аслида одамни шу қутқаради. Алдаш одамда умид уйғотади. Умид образ. Одамнинг бадиий тимсоли. Тимсолда чегара йўқ, охири йўқ ва кўринмайди. Кўринди дегунча — шохлар синар-синмас — янги образ пайдо бўлади — янги шохлар ўсиб чиқади. Қидиров шляпасини пешонаси, кўзи томон яна туширади. Табассумини автобусдаги йўловчилар кўрмасин. Унга лақаб қўйишган. Бугун билди. Наимов юзига айтди: сиз Антиборхес. Ёзиш демак ёзувчининг латиф олами тажалли қилиши. Мен уялиб қолишим мумкин. Қидиров шляпасини сал орқага суради. Йўловчиларга қарайди. Ҳамма ўз хаёли билан овора. Ҳеч ким унга қарагани йўқ. Миллатда шундай ҳолат бор. Нега? Бир-бирига сездирмайди. Ёки сезиладиган объектнинг ўзи йўқми? Юрак бўм-бўшми? Тавба қилдим. Тавба қилдим. Хоразмлик аёл ўзига ўт қўйибди. Ўт қўйиш одат. Муқаннадан қолган. Аҳ, хизмати шу бўлди. Аёлларга олов билан ўзини ёқишни ўргатди. Ҳамма аёлларимизнинг қонида ўзига ўт қўйиш ёзилган. Ёки ёвга ўлик танасини ҳам топширмасликми? Номус. Нега номус. Номус одам хаёлининг жирканч маҳсулотидан. Бизда фақат хаёл ишлайди. Мен шляпамни туширдим. Менга одат. Яна бошқача — бошқаларда фикр эмас ёмон хаёл уйғотмай, дейман. Уларни биламан. Ўзимни. Фақат хаёл ишлайди. Улар бор-йўғи объект. Субъектга қачон айланишади? Қачонки, қачон шляпамни кўтариб ҳов анови кампирга тиржайсам, шунда “жаноб, мен сизга кимнидир эслатдимми?”, деса, мен “йўқ, хоним, менда транс ҳолат бўлди, шекилли” жавоб қайтарганимда у аввали хомуш тортиб сўнг юзида табассум югуради ва мени ўргана бошлайди. Менинг кийимимга қарамайди, шляпамга қарамайди, оқарган сочимга қарамайди, чўтир юзимга қарамайди.
”Бу ажойиб инсон нима ҳақда ўйлаяпти” ўйлайди. ”Сўрасаммикан, йўқ, бу шарт эмас”… Шундай давом этади. Ёки бошқача. Асосийси кампир мавжудлигини ҳис қилиб туради. Ва мавжудлигини билдиришдан уялмайди. Чунки унинг мияси эркин, мустақил дунё. Дунёнинг ҳар қаричи кампир томонидан бошқарилади. Қачон шундай бўлади, хаёл. ”Автобус деразасидан қараб кетсанг узоқ-узоқларга кетар хаёлинг” Рауф ёзган. Ана шоирларимиз ҳам хаёлланишади. Хотиним билан ажрашганим. Сабаби аслида шундай. Қандай эди? Мана бундай: мен уни, унинг борлиғида акс этган воқеаликни билдим. Унинг борлиғи онггига фақат хаёлга озиқ бўладиган — хаёл ишлаб чиқарадиган маҳсулот етиштириб берарди. Бу маҳсулот борлиғини ташкил қилади. Маҳсулот ҳеч нарсадан иборат. Ҳа, ҳа ҳеч нарсадан. Чунки унинг борлиғини ўзи йўқ эди. Агар қўпол қилиб айтадиган бўлсам — шундай. Кейин нима бўлди. Нима бўларди. Унинг борлиғини хаёл ташкил қилади. Тарих унинг миясида (борлиғида) хаёлда сузиб юради. Унинг мияси (борлиғи) дунёни тасаввур қилибгина ўзича тушуна бошлайди. Ва бу ўзича тушуниш КАТТА ХАЁЛдан иборат, холос, эди. Хаёл ёнидаги кишини сотишга мойил. Хаёлнинг жиловини ушлаб бўлмайди. Натижа қандай бўлади? Хиёнат. Ҳеч бўлмаса ички хиёнат. Унинг мияси (борлиғи) мендан бошқа, бошқа борлиқ акси билан банд бўлади. Борлиқ одамнинг бирдан-бир ягона илоҳий дунёси. Лекин хотинининг борлиғи ўрнидаги хаёл эди. У товуқмияга мен-да таъсир ўтказолмадим. Менда нима айб. Айб хотинимда ҳам эмас. Айб Зулқарнайнда, унинг файласуфларида. Мен ўзимни алдаяпман. Абдуҳолиқ чин айтди. ”Афлотун ғояси бизга мос келмайди. Бизнинг табиатимиз аввал ҳаракат қилишни, масалан, йўл юришни, йўл юрилгандан сўнг нима учун йўл юрилганлиги ҳақда фикр юритишни талаб қилади.”
Чунки миямизда, ҳар битта миллатда бўладиган, нуқтадек нарса йўқ, йўқолган. Унутилган. Шунинг учун аввал уй қурамиз, иморат битгандан сўнг ”нима учун уй қурдим” деган саволни ўзимизга берамиз. Аввал туғиламиз, кейин нима учун туғилдик деган саволни ўзимизга берамиз. Отам тирик бўлганда сўрардим: нима учун ўн битта фарзанд туғдирдингиз, бу қўзичоқларни қандай боқаман, деб ўйламадингизми? ”Ҳа, ўғлим худо берганида”, дерди агар тирик бўлганида. Бу саволга ундан жавоб олишим учун тирик бўлиши шарт ҳам эмас. Хўш, борлиқдаги (миядаги) ўша нуқта — уруғ нима бўлиши мумкин. Унинг рангги қанақа? Агар бор бўлганда! У йўқ. Балки бор? Нуқта, масалан, ёмғир томчиси билан миядаги борлиқни боғлайдиган восита — билиш. Ўзбек қандай билади? Ёки қандай англайди?
Маҳмуд Қидиров уф тортади. Уф-ф, уф-ф. Нигилистлар менга таъсир ўтказиб қўйишибди-ку. Абдухолиқ фикри тўғридир. Нимайди: ҳаракат — одам борлиғи, тамом, қадимги туркнинг биздан фарқли хусусияти шу, дейди. Денгиз Наим қўшилмайди: “ҳаракат ва борлиқ параллел, бир-бирисиз мавжуд эмас“. Мен нима девдим шунда. Эсладим: илоҳий дунёни рад қилманг. Шунга ўхшаш гап айтдим. Нега шунга ўхшаш. Шунақа девдим. У нима деб жавоб қайтарувдим. “Руҳ воситасиз ҳаракат қила олмайди”. Сиз ўйлаган ўлимдан кейинги ҳаёт йўқ ва шунга ўхшаш. Ҳақиқатан, восита бўлиши керак-ку, танани ўрнини босадиган. Уф-ф.

ххх

Мен кеча концертга кирдим-ми? Эслай олмайман, қаёққадир бордим, маст эдим. Ёмғир ёғарди, консерватория биноси — хоч шаклида, Исо бинони кўтармоқчи бўлди, мен кулдим, кейин йиқилдим, яна турдим, Исо хоч — бино атрофидан айланди, мен унинг орқасидан қадамимни санаб юрдим. Кейин нима бўлди? Исо чакмонини ечиб ерга отди, мен миямдан фикрларни қувиб юбормоқчи бўлдим. Исога тақлид қилдим. Йўқ, бу ҳар кунги машғулот — ҳолат, Исо чакмонини ечгани — кейин мен миямдан ҳамма ўйларни қувиб юбормоқчи бўлганим тасодиф.
Балки, аслида бундай бўлган эмас. Исони кўрганим ва у хоч шаклида қурилган консерватория биносини кўтармоқчи бўлгани аслида миямда (хаёлда эмас) мен билан содир бўлган ҳолатда — яъни ичимдаги жараён шундай тасаввурни юзага олиб чиқди. Кейин нима бўлди, қачон уйга келдим — эслай олмайман.
Яна уйқудан уйғониб тўшакдан туриш керак. Яна тўрт йилдан кейин Ойхонни кўчада кўриб қолган куним худди ҳозиргидай эрталаб соат саккизу йигирмада уйқудан уйғониб, тўшакдан туриб, юз-қўлимни ювиб, кейин кўчага — қаёққадир бориш учун ўзимдан куч қидира бошлайман. Куч ўз-ўзимга берган саволимнинг жавобида бўлади. Гоҳида саволга савол билан жавоб қайтараман. Гоҳида эса миямда ялт этиб ажойиб фикр пайдо бўлади ва тўшакдан сапчиб тураман. “Яшаш — гўзал ҳаракат”. Яна тўрт йилдан кейин ҳам шундай бўлди. Бугун ҳам. Аввал Исо ҳақда ўйладим. Кейин. Кеча концертга киролмадим. Бугун, албатта кираман. Кейин-чи. Бўшашиб кетаман. Кўзимни юмаман. Юпанч излаб кетаман. Дўзахдан қайтиб келаман. Жаннат қизиқтирмайди. Бирдан дўзах рекламаси ҳақдаги латифа эсимга тушди. Кулгили ва ажойиб. “Бир одам ўлибди. Нариги дунёда — унга аввал жаннатни кўрсатишибди. Жаннатда одамлар юзида кулгу, ҳаммаёқ кўм-кўк, ариқлар тўла асал, хуллас бир хил ҳолат. Кейин дўзахни кўрсатишибди. У ер худди ердаги ҳаётга ўхшармиш. Кафе, бар, ресторан, кўча тўла одам, ким-кимнидир туртган, ғала-ғовур, йиғи, ҳар жойда маст-аластлар ва шунга ўхшаш.
Қайси бирини танлайсан, хоҳиш ўзингда, дейишибди. Одам ўйлабди. Жаннат зерикарли, жаннатда абадий яшаш — зулм, дўзах унга маъқул бўлибди. Дўзах ҳар ҳолда ердаги ҳаётга ўхшайди. “Дўзахга кетаман” дейиши билан атрофни қоронғулик босиб иккита дев пайдо бўлибди. Девлар уни қўлидан маҳкам ушлаб катталиги денгиз кенглигидай қозонга ташлашибди. Одам қайноқ сув азобидан бақирармиш — йиғлармиш. Девларга “Сизларга дўзах менга керак, девдим деса. Девлар “бояги кўрсатганимиз дўзахнинг рекламаси эди” дейишган экан.”
Фикр ўзгариб бораверади, бу ожизлик олти йил олдин ҳам масалан, сигарет излаган куним ёмғир ёғарди (яна ёмғир) у менга таъсир қилмайди, аксинча, унга менинг таъсирим ўтади, ўшанда Бешёғочда ҳали янги кўприк қурилмаганди, эски ва қўрқинчли кўприкдан ўтиб миллий хиёбон томон кетдим. Чунки олдимда бир одам ёши қирқларда қачон оғзидаги сигаретни ерга ташлайди. Бошим оғрийди, ҳозир ҳам лекин одам чекилган сигаретни ерга ташлаганда мен икки метрлар орқада эдим, қарама-қарши тарафдан келаётган жувонлар яқинлашиб қолди мен ерда ётган чўғи намланиб ўчаётган ярми чекилган сигарет қолдиғидан кўзимни узмай “ҳали ҳаммаси олдинда” дедим ҳозир ва яна тўққиз йилдан кейин мен ётган палатага (касалхонада) Ойхон мени кўргани келганида қувонаман ҳозир яна тўққиз йилдан кейин ҳам лекин ўшанда ва ҳозир “бу картина, бунинг ичидан чиқиб кетолмайман”, аммо Ойхон қўлимни ушлаганда қалтироқ сезаман “Майли, яшаш — гўзал ҳаракат” ўйлаб кўр шунда ва ҳозир ҳам олти йил аввал ўша миллий хиёбон ичида юриб сигарет қолдиғи излаганимда ҳали умримнинг сигаретини чекиб бўлмовдим ҳар ҳолда ўшанда шундай ўйлардим. Мен фикрдан кучли бўлмоғим шарт, олти йил олдин фикр — сигарет чекишим керак, кейин кўзимни юмаман, юммасам ҳам бўлади, ҳали севаман, шунда ҳаётимни англаб етаман, исми Ойхон энди билдим, аниқроғи, икки йил аввал. Ўшанда китоб ёзаман, мақсад агар Ойхонни учратмасам, ўйлардим, энди ҳам лекин ҳозир фикр измидан юришни хоҳламайман у менинг орқамдан юрсин худди ёмғирга таъсир қилганимдек, тўққиз йилдан кейин бундай бўлмайди, ютилдим, дейман оғзимдан кетма-кет сон-саноқсиз “тавба” сўз чиқади, ўшанда ҳам илинж қидираман яна фикрнинг орқасидан юриб кетаман уни қувиб етолмаганимдан сўка бошлайман “жаннат ҳам, дўзах ҳам картинанинг ичида, бу — зерикарли”. Юзимда табассум югуради. Ойхон “тузалади” ўйлайди, ғамхўр эканини биламан “мен ғалаба қилдим” дейман, овоз чиқариб у сал кулади, ичида “жинни бўлиб қолибди” ўйлайди, орқасидан “тавба, тавба” ичида айтади. “Хор бўлиб ўлиб кетяпти” ўйлайди, биламан мен яна дўзахда ёки жаннатда хор бўлиб яшашим мумкин, ёки… Ҳозирдан олти йил муқаддам “ҳаммаси ҳали олдинда” девдим, “алдаш керак эди ўзимни” ҳозир шундай айтдим яна тўққиз йилдан кейин бундай демайман, “ҳаммаси жой-жойида, картина ажойиб” дейман. Бир ҳафта олдин менга нима деди уйида етмиш мингга китоби бор М.Қидиров, у ҳам шу. Мияси айниган чол. Менга нима дейди. Ҳа, “Китоб. Ундаги фикр мен билан ёзувчини боғлайди”. “Мени бу қизиқтирмайди” ичимда айтиб унга бошни силкиллатдим у эса, “менинг аурам кенгайиб ахбор олиш имкони ошади” дейди, яна ўнг кўрсаткич бармоғини мен томон қимирлатиб “Сиз, дўстим”, “сенинг дўстинг эмасман”, дўстлик фикрлар параллел бўлишига қурилади, мен фикр юритишни хоҳламайман, аксинча, у “дўстим фикрлаш йўл юришга ўхшайди, манзил томон албатта”, “мияси айниган чол” унга гап айтмайман нуқул бош қимирлатаман, чунки биламан “фикрлаш ҳеч қандай манзилга олиб бормайди, у мияхонада бор-йўғи битта фильм яратади, холос” балки фильмнинг ўзи манзилдир, йўқ бундай эмас, бу — хаёл, ўшанда ҳам “фикрнинг ибтидоси ҳам интиҳоси ҳам хаёл” ўйладим, “Мен уйимдаги китобларим билан манзилга етолмайман, бу кам” хаёлим бўлинади, чол гапида давом этади, “манзилга етолмасам ҳам керак” ҳеч қандай манзил — панзил йўқ. “Биз картинанинг ичида” ичимда нуқул шу гапни такрорловдим, ҳозир ҳам, аммо тўрт йилдан кейин шу йили Абдухолиқ Қалқоннинг хотини заҳар ичади. Ойхонни учратганимдан бир ой олдин картинадан чиқиб кетиш мумкинлигини фараз қиламан «борлиқдан ташқарига нима элтиши мумкин» фикр эмас. «Фикрлаш аксинча борлиқда муқим туриб қолишни белгилайди» лекин у М.Қидиров айтгандай манзил томон олиб боради «йўқ», дейман, «борлиқдан ташқари мавжуд эмас» адашаётгандирман, шунда Ойхонни кафега таклиф қиламан аввалига рози бўлмайди «эрим» дейди «Дунёдаги энг ажойиб нарса ҳис, фикрлаш ҳам, хаёл ҳам, ўй ҳам, туш ҳам унга тенг келолмайди» кофе ичамиз миямга фикр келади «ҳис — борлиқ, ҳолат ҳис ишлаб чиқаради», менга яхши «қанийди Ойхонга тикилиб турганим, у ёнимда, шу ҳолат абадий давом этса, тугамаса, музлаб қолса» афсус, яқинда у эрга тегди, бир ярим йилдан кейин фарзанд кўришади қиз — Қундузхон исми «фикрда манфаат бор, ўйда ҳам, хаёлда ҳам тушда ҳам, ҳисда манфаат йўқ, чунки унинг ўзи сўнгги манзил» ўтираверамиз-ўтираверамиз ярим соат, қирқ беш минут, бир соат кейин хайр ҳисларим бунга яна тўрт йил бор гўё тўрт йилдан кейин шундай ҳолатни бошдан кечираман «шунгача қанча фикрларни бошдан ўтказдим» Ойхоннинг кўзига тикиламан «бу сувратни хаёлимда асраб қолмоғим керак» учрашувдан сўнг бир ҳафта ўтар-ўтмас ўша кафега кираман, унга тикиламан «суврат асқотди-ку» хаёлимда у, тикиламан ва фикрлар ёрдамида ҳисни қаеримдандир чақириб оламан «йўқ, бундай эмас» ҳозир шундай фикрга келдим «аслида, мия тўқийди, бор йўғи — шу» бу гапни олдин ҳам тўққиз йилдан кейин ҳам айтаман чунки фикрдан олдинга ўтиб кетолмайман, уни мен туғяпман, менга бўйсунмайди, неча марта ўзимга айтганман «бўлди, бас қил, ўйлама», йўқ, у мендан озодликка чиққан, менга қул эмас, бор эркалигини қилмоқда, ҳатто, «худога ишонмайман» айта олади, худо бор, дейман, жавоб: «нима қипти» ва мен бутун эътиборимни фикримга қаратаман, натижада ҳар хил хаёл пайдо бўлади. Бас. Картинадан чиқиб кетиш керак. Фикр бўёқ, у ҳаётимга ранг беради, лекин бу рангдан ва ҳосил бўлган-бўладиган картинадан қониқмайман, қизиғи йўқ. Бас. Бошқа йўл бор, бўлиши керак! Шу йўл мени қутқариши керак!
Сигарет чекким келди. Гугурт ёқиб сигаретни тутатдим ва ёнаётган гугурт чўпини ўчириб кулдонга ташламоқчи эдим, гилам устида (дунёга келганига уч-тўрт кун бўлган бўлса керак) суваракни кўриб қолдим. Ёнаётган гугурт чўпини унинг танасига тегизиб олдим. У қочди. Оловни яна тегиздим. Яна оғриқни сезди. Суварак бахтли. Лекин у бахтли эканини билмайди ва ҳис қилмайди. «Суваракжон, сиз бахтлисиз». Чунки одам — мен ҳис қилиш учун ҳатто йилларни босиб ўтаман, айтишга осон, балки, йўқ шундай. Суваракжон, билсангиз эди. Билмайсиз-да, ҳис қилиш учун, яъни юрагимда бир нималарни қўзғаш учун мен шоирларнинг шеърини ўқийман. Улар менга ўхшаганларга маҳсулот етказиб беради. Бировлари бу маҳсулот эмас, мутлақо ўзим учун ёзганман, дейишади. Ишонса бўлади, ишонмаса ҳам. Иккала вазиятда ҳам касал эканликлари билиниб қолади. Ҳей, шоирлар яширишнинг ҳожати йўқ. Нима қипти. Касал бўлсангиз. Ҳаммамиз касал. Суварак, шошманг, қаёққа қочяпсиз. Яна «ҳис» қилинг. Оғриқни ҳам ҳис қилиш бахт. Одам каби тушунсангиз эди, шеър ўқиб берардим, биргалашиб оғринардик — эзилардик, начора, танангизга олов теккизаман. Мен бу ишимдан роҳат олмаяпман, асло, ишонинг. Бор-йўғи одам табиатини, табиатимни тушуниб олмоқчиман, холос. Суваракжон, сизга азоб бериш орқали ўзимни фош қилмоқчи эмасман. Бу таъқиқланади. Сиз бу дунёга келиб азоб-уқубат тортаётганингизни билсангиз эди. Арзимас нон ушоғи деб. Билмайсиз-да. Янги гугурт чўпини ёқиб танангизга теккизай, шошманг, югурманг, қайга боряпсиз, қайга қочяпсиз? Билмайсиз-да. Агар билсангиз эди. Эй, суварак — шоир, эй, суварак — ёзувчи, эй, суварак — деҳқон, эй, суварак — олим ва ҳоказога айланар эдингиз. Суваракжон! Шошманг, мени тингланг. Ёвузлик — маъно. Яхши ҳам у бор, бўлмаса яшаш зерикарли бўларди. Ҳаётдан мазмун йўқоларди. Мана, сизга ёвузлик қиляпман, қочяпсиз — яшаш, тирик қолиш учун ҳаракат қиляпсиз. Сизга ҳавас қиламан. Сиз гилам устида зулмдан қочиб эзгулик истаб кетяпсиз. Лекин менинг ёққан оловим сизнинг танангизга таъсир қилмай қолса, бундан даҳшати йўқ. Агар таъсирсиз бўлиб қолсангиз, менга ўхшаб. Унда сизга ачинаман. Шунда шунча умрни қандай сарфлайсиз? Шунда умр сарфлашдай оғир вазифа чекингизга тушганини «билардингиз». Мана, мен ҳатто сизнинг насиҳатингизга зорман. Сиздан йўл кўрсатишингизни, маслаҳат беришингизни сўраяпман. Сизга жавоб. Сизни қийнамай. Менинг ўзим ҳам эртанги кунимни қандай сарфлаш, нима машғулот билан ўтказишни билмайман. Эртам менинг бошқарувимсиз ўтиб кетади. Ҳозир шундай деяпман-у ўзимни алдаяпман. Алдаш сўзи унчалик тўғри келмас, агар ҳолатимни чуқур тадқиқ қилсам ҳар кун келадиган эртани мияхонамда ҳозирга айлантираётган бўлиб чиқаман, ва бу ҳозирда ичимдаги фикрлаш жараёни келажакни тўқиб қўйиб ҳозирнинг ғамини истасам-истамасам ейди, бу ҳаракат эмас, жараён, ҳаракатда мақсад бўлади, жараён ўз-ўзидан ҳаракатланади, у табиат қонунини бажаради. Машғулотим — китоб ёзиш эди. Эди. Энди ёзишда маъно йўқдай. Мақсад бор — умр сермазмун ўтади ва инсониятга хизмат қиламан. Ҳамма ёзувчилар каби. Инсоннинг орзу-армонлари, изтироблари, эҳ-ҳе. Мен тўқийман, аввал ўйлаб оламан, атрофга баҳо бериб оламан; Маҳмуд Қидиров, О, яхши қаҳрамон чиқади — мулоҳазали одам, кўп ўқиган, кейин унга, уни, йўқ, у бош қаҳрамон бўлади, унга, унинг миясига ҳар хил қизиқарли ва ғайриоддий фикрлар кийгизаман, қарабсизки, роман, бошланиши чакки эмас, асар ривожланаверади, унда яна бошқа одамлар — образлар пайдо бўлади. Бири — гуманист, бири — динчи, бири — атеист, бири — фоҳиша, бири — қоровул, бири — алламбало. Китоб ёзилаверади-ёзилаверади. Мен тўқийвераман-тўқийвераман. Нимага? Нима учун? Одамни алдашнинг нима кераги бор? Унинг миясига бўлмағур китобни жойлашни кимга керак бор? Унинг мияси бу китобни ейди ва бошқа китобларни ейверади, охир-оқибат бу заҳарланган мия, билмайман нима бўлади? Маҳмуд Қидиров мияси айнимаган, меники айниган. У фақат китоб ўқийди, ўқиган нарсасига ёш боладек ишонади. У фикрламайди. Ўн яшарлигидан китоб ўқишни бошлаган. Мен ҳам ёзувчи бўламан, деб ният қилган. Китоб ёзишни илоҳий иш, деб билади. Шунинг учундир саксон ёшга боряпти бирорта китоб, ҳатто икки бетдан иборат ҳикоя ёзгани йўқ. Нега? Ёзгани йўқ. Сўраганман.

х х х

«Турон»нинг махсус мухбири Муса Нормурод таксидан тушди. Такси ҳайдовчиси билан йўл ҳақи устида озроқ тортишди. Пул санай туриб ҳайдовчига «агар хотиним иккиқат бўлмаганда у жаҳон — бу жаҳон таксингга чиқмасдим» деб тўнғиллади. «Хотининг иккиқат бўлса таксичилар айбдорми» дейиши билан ҳайдовчи машинасининг газини босди. Махсус мухбир Муса Нормурод нон халтасини ўнг қўлидан чап қўлига олиб тош қидира кетди. Ердан катталиги ёнғоқдек тошча топиб бошини кўтарди. Ёнидан «Замон» газетасининг ким неччи йиллик бўлим мудири Маҳмуд Қидиров ўтаётганди. Таксига аталган тошчани билинтирмай ерга ташлади. Ассалому алайкум, устоз ишдан қайтаяпсизми, мунча кеч? Ҳа, ҳа тушунаман, секин келаяпсиз. Ҳа, энди ман озроқ дегандай. Ҳали-ям ҳозир эртачи келяпман. Келинингиз тўлғоғи тутиб қолиши мумкин. Ҳозирча иккита, устоз, битта — қиз, битта — ўғил. Уч хонали. Яқини ҳам икки йилча бўлди. Қаёқдан, ишхонадан! Қачон туянинг думи ерга тегса — ишхонадан уй беришади. Отамнинг уч-тўртта моли бор эди. Шуни сотдик. Яна акаларим пул қўшди. Устоз. Сиз билан қўшниман. Сизнинг «дом»ингиздан кейингисида тураман. Асти қўяверасиз, совуқ-совуқ. Яна лифти ҳам ишламайди. Олтинчи қаватда. И, и-и, устоз буёқдан юринг, уёқ кўлмак. Ўқийвериб-ўқийвериб кўзнинг нурини, а, устоз. Хомуш кўринасиз, устоз. Э, а, чарчоқни чиқариб туриш керак-да. Ишдан кейин юз грамм дегандай. Йўқ-йўқ, устоз. Максимум юз эллик «фишт» қиламиз. Ошиб кетса хотин уришади. Бугун сал, энди. Шогирдингиз «эриди». Денгиз Наим-да. У ҳам яхши «олади». Э, устоз тинчликми. Ҳа, энди, тўғрисини айтаверинг. Биласиз. Айтаверинг, гап шу ерда қолади. Сиз ҳам гап олиб бўлмайдиганлар хилидан-да. Денгиз Наим, Абдухолиқ Қалқон икков ишдан бўшалдик, деди-ку. Хабарингиз бўлиши керак-ку. Бўлимингизда ишлашади. Узр-узр, устоз. Боягина айтди. «Зуҳра» кафесида юз элликни майдалаб ўтирувдим. Денгиз Наим, чамамда, сигарет излаб кириб қолди. Қўшни кафеда Абдухолиқ иккови «ювиб» ўтиришган экан. Ишдан кетишганини-да, устоз. Ўлай агар, шундай. Ўз оғзи билан айтди. Ишдан «фишт» қилдик, деди. Йўқ, устоз, ҳазиллашмаяпман. Ҳурматингиз бор. Сизни қаттиқ ҳурмат қиламан, устоз. Ўзи, шу шогирдчангизнинг калласи «фишт» — кетиб қолган. Озроқ — икки юз граммлар етишмайди. Анча секин юрасиз-а, устоз. Йўқ-йўқ, шошаётганим йўқ. Вақтни тўхтатиш керак, дейди. Маст десам, мастга ўхшамайди. Ҳойнаҳой, устимдан куляпти, бу — тирранча, дедим ичимда. Яна бир нималарни алжиради. Эшитдим, устоз, юз грамм олиб бергани ҳаққи ҳурмати. Э, устоз, сизга нима қизиғи бор. Эслолмаяпманда. Ҳе, устоз, борлиқ нима? Борлиқ — мияхона, шу ерда, дейди, вақтни тўхтатишимиз керак. Борлиқ ташқарида-ку, десам, бу мияхона, деб кулади. Туриб юзига тарсаки тортиб юбормоқчи, бўлдим. Қаранг, мени нима деб ўйлаяпти. Анча бошимни қотирди. Устоз, хафа бўлманг-у, мастлик-ростлик, айтаман, сизга лақаб қўйиб олишибди. Хафа бўлмасангиз, агар. «Интеллектуал хаёл». Яна иккинчиси ҳам бор. Антиборхес. Устоз, ҳали сиздай бўлишига анча бор. Ит эгасини қопади, дегани шу бўлса керак. Иккови неччи йил қўлингизда ишлади? Беш йил! Қаранг устоз, тузлиғига тупуришни. Нима бўлганини билмадим-у? Сиз билганни билишига анча бор. Э, устоз, сизга нима қизиғи бор. Ман, дейди, ҳар лаҳза ўляпман, шунинг учун вақтни тўхтатиш керак. Вақтни тўхтатиб бўлмайди, десам, кулади. Биламан, дейди, вақтни тўхтатиб бўлмайди, лекин, ўлмасдан бурун вақтни тўхтатиш керак. Хаёлимда инженер Кириллов бўлмоқчи, ўйладим. Тўғри ўйлабманми, устоз. Нега сал-пал. Сиз ҳам сал… қизиқроқсизда, устоз. Шу, эслолмаяпманда. Калламни ачитиб ташлади. Мастнинг гапи кимга ёқади? Сиз ҳам бир нарсага берилиб қолсангиз, а, устоз. Ман вақтни тўхтата оламан, шунинг учун ичайлик, деб, яна юз граммдан «дори» буюрди. Яна кўп лақиллади. Мажбур бўлдим: эшитдим. Шу, дейди, пашшани кўряпсизми, дейди, ҳавода учиб юрибди. Ҳаво, дейди, борлиқ, пашша, дейди, вақт. Ҳаво ҳам, дейди, ман, пашша ҳам, дейди, ман. Қаранг, тентак, нима дейди. Шу, дейди, пашша — вақт ҳавода «фишт» (йўқолиб демоқчи, устоз) бўлиб қолса-ю, дейди, ҳаво-ку, дейди, борлиқку, а, борлиқ-ку манку, а, ман-ку пашша-ку, а, пашша-ку вақт-ку. Э, устоз, бошимни қотириб ташлади. Тузук кайф ҳам қилолмадим. Сиз хафа бўлманг, Лақаб унчалик ёмон ҳам эмас. Мастлик-ростликда, устоз. Бундан қизиғи буёғи бўлди. Сиз эшитяпсизми? Эшитингда: пашша вақт эди-ку, дейди, кейин уни ўлдирдим, демак, дейди, вақт вақтмасга айланди, пашша, дейди, ҳавода, ҳаво борлиқ эди, эслайсизми, дейди, шу борлиқ, дейди, пашшасиз, пашша вақт эди-ку, дейди, а вақт ман-ку, дейди, мансиз борлиқ борлиқми, дейди. Кейин ҳадеб кулади. Уялиб кетдим. Ҳамма бизга қарайди. У тентак эса баттар авжига чиқади. Ман, дейди, пашшани ўлдиролмайман, пашша ман-ку ман вақт-ку вақт фикр-ку демак, фикр онг-ку, а, онгги бор ўзини ўлдирадими, дейди. Яна ҳадеб кулади. Бу гапларни йигирма мартача қайтарди-ёв. Ҳар эҳтимолга қарши ёдлаб олдим. Эртага, ҳушига келганида эслатаман. Нима фойдаси бор? Ароқ олиб беради. Бўлмаса, Денгиз Наим пашшага айланиб қолибди, деб овоза қиламан. Инсоф ҳам керак-да. Чамаси, бир соат бошимни қотирди. Эртага вақтни тўхтатамиз, агар тўхтатолмасак, соатимни машина ғилдираги тагига ташлайман, деб алдаб-сулдаб жўнатдим. Абдухолиқнинг олдига кетди. Кейин кўриб қолдим: такси тўхтатаётувдим; кафедан чиқиб — кўзи ерда, аскарлардай қадам ташлаб келяпти. Таксига ўтириб «қочдим». Устоз, улар нима учун ишдан бўшашди. Денгиз Наим айтди-ку, ишдан кетдик, деб. Рости, у сабабини айтмади. Ё айтгандай бўлдими? Ораларингиздан бир нима ўтганга ўхшайди, а, устоз. Гапни бурманг, устоз. Яна нималар, деди-я. Эслолмаяпманда, устоз. Лекин кўп гапларини ёдлаб олувдим. Гаплари пурмаънолими-ей, устоз. Диққатингиз ошяпти. Сизга ҳурматим катта. Шунинг учун айтаман, фақат унга сизга гапириб берганимни билдирманг. Нега қизиғи йўқ. Эшитгингиз бор-ку, устоз. Анча пишиқсиз. Тажриба-да тажриба. Устоз, нима дейди-я шогирдингиз, Маҳмуд Қидиров миясида фақат хаёл сузиб юради, улар ҳар хил пашшалар. Улар бир-бирини «фишт-фишт» қилиб кўпайишади, дейди-ю ҳадеб кулади. Пашша вақт-ку, дейди, шу ҳавода, ҳаво борлиқ-ку шунда у — ман, вақт, пашша, фикр қандай учади — чапгами, ўнггами, тўғригами, деб қайта-қайта савол берди. Билмадим, десам ҳам, гапи тугамайди. Саволини нуқул, қайтаргани-қайтарган. Э, устоз қанақа жавоб. Чапга десам ҳам кулади, ўнгга десам ҳам. Тўғрига девдим, тўғри, деди, сиз — пашша тўғри учиб кетяпман, ўйлайсиз, дейди. Борлиқ чексиз шарсимон, дедимией, шунинг учун пашша тўғри учиши мумкин эмас, у фақат ўзининг доирасида айланармиш…

х х х

Чоллар чой ичаверишади-ичаверишади. Улар ўлимни кутишади. Унинг келмай қолишини мўъжиза билишади ва бу мўъжизага ишонишмайди, чунки билишади: яқин кунлар, ойлар, йиллар ичида ўлишади. Бемаънилик, маъносизлик.
Ўтган куни чойхонада ўтирганимизда ёнимиздаги сўрида қариялар валақлашиб ўтиришувди. Гўё бу дунёдаги вазифаларини аъло даражада бажариб бўлишгандек, бир-бирига латифа айтишиб, маъносини чақар-чақмас бир-биридан ўтказиб кулишади. Агар олдимизда ўзбек тилини билмаган одам бўлса, бу чоллар ким қаттиқ ва баланд кулишдан пойга ўйнаяпти, деб ўйлаши мумкин. Мен ҳам аввалига шундай ўйловдим. Улар аслида нима учун «қаҳ-қаҳ«лаб кулишаётганини билишадими? Латифани мен ҳам эшитдим. Унда ҳеч бир кулгули жой йўқ. Ёнимдагилар ҳам эшитишди. Ёнимда йигит ва қиз. Уларнинг ёнида чол турибди. Чоллар метрога кам тушишадими? Нега? Шу чолдан сўрайми, агар шу чолдан сўрасам «Худонинг иродаси-да, болам», дейди. Бу жавоб мени қониқтирмайди. Шунинг учун кунлаб ёки йигирма соатлаб ухлайман-ухлайвераман. Уйғониб қолишдан қўрқаман. Чолларнинг чой ичишига ва чойхонадаги «қаҳ-қаҳа»сига ўхшаш ҳолат. Ичимда бир мавжудот бор, тасаввуримда у гап охирида қўйиладиган кичкина нуқтага ўхшайди, тинмай ҳаракат қилади. Мени гап тузишга ундайверади. Мени фикрласин дейди, балки у ўзининг мавжудлигини сақлаб қолиш учун курашар. Уйқу — менинг бирдан-бир халоскорим менга ширин хаёл — туш инъом этади. Туш — бу хаёлнинг давоми. Қариялар кўп туш кўришади. Сабаби ўтган умрларини хаёлида кўп эслашади. Ҳалиги қора нуқтанинг гап ясашини хоҳлашмайди. Ҳа, чолларга ўхшайман, аммо фарқ равшан — мен ҳали яшайман-яшайвераман. «Ҳеч сўнмасин ёнган чироғинг». Менинг шамим ипининг сўнгги нуқталари ёнгунига қадар ўлимнинг устидан хўп куламан — унинг табиати устидан ҳар хил ҳукмлар чиқаравераман. Ўлим — ичимда ҳаракат қилаётган ўша қора нуқта. Мен ўлишни ҳам хоҳламайман, яшашни ҳам хоҳламайман. Чоллар ўлимни ҳам хоҳлашмайди. Яшашни ҳам хоҳлашмайди. Мен ухлайвераман. Тушим ўзича ҳаракат қилади. Унда мен иштирок этмайман. Фақат томоша қиламан. Менинг ҳам ҳақнинг бир зарраси бўлиб қолгим келади. Одам қариганда тангрига айланиб қолади, демоқчи эмасман. Йўқ-йўқ.
Тушдаги воқеалар иродамга гоҳида боғлиқ равишда ривожланади. Бунинг менга қизиғи йўқ. Мен туш кўришнигина яхши кўраман. Ёмон, даҳшатли туш кўрсам қиёмат-қойим бўлгандек, уйғониб кетаман. Фақат туш кўриш учун ухламайман. Одамзотга хаёлга эрк бериш ёқади. Энг ёқимли машғулот. Қанийди, йигитнинг қизи (у ниҳоятда чиройли ва таъбимга мос) билан бекатда ёлғиз, икков бўлиб қолсак, атрофда ҳеч ким, ҳеч қандай шарпа бўлмаса-ю, унинг қўлидан ушлаб ўзим томон тортсам, унинг юзида табассум пайдо бўлиб сўнг лабим лабига тегса-ўпишсак, «бу ер ноқулай жой, меникига борамиз» десам, қиз, исмини билишим шарт эмас, ўпишишдан тийилмай, бошини «ҳа» дегандай қимирлатса. Чойхонадаги чоллар ўлишни репетиция қилишарди. Мен ҳам шанба, якшанбада. Энди ҳар куни. Ишдан бўшадим-ку. Йўқ, бу бошқа нарса — мен фикрлашни хоҳламайман. Фикрлаш — уруш, қақшатқич уруш-ки натижада енгиласан, у манзилга олиб бормайди, унинг орқасидан юраверасан-юраверасан, гўё у сенинг изингдан келаётган кўринади-ю шу сабаб фикрлаш-яшаш сенга уйқудан уйғониб ишга бориб келишдай осон ва содда туюлади, ёки сақич чайнашдек — эрмак, шунақа деса ҳам бўлади, аксинча чолларга ҳавасим келади; улар урушдан чарчаб урушмай қўйишган, ўзларига ўхшашади. Улар ўлимни кутишади, лекин ўлиш учун ҳаракат қилишмайди. Уларга ҳавасим келади ва ҳасад қиламан. Сабаби етмиш-саксон йил яшаб қўйишди. Мен яна камида ўттиз-қирқ йил яшашим керак. Шунинг учун ухлашни ёқтираман. Ухласанг, ухлайверсанг. Икки юз йил ухлаб қолсам. Қорда ухлаб қолишганидек. Уйқудан уйғониб «мени қутқар» десам. Чунки англаган бўламан, абадий ухлашнинг иложи йўқ, бир кунмас бир кун уйғонасан, аждарҳо уйқудан уйғонганидек ва вақтдан ташқарига чиқишга интиласан ва ҳали, минг афсуски, вақтинг кўп, масалан, боя, кафеда Собит Маҳмудий «вақтим камиди, ишга боришим керак» деганда ҳайрон қолувдинг, ҳам ҳавас қилувдинг, биласан, ўйламай қўйсангда лаҳзаларни енга олмайсан, баттар вақтга асир тушасан. Бўшлиқ, бўм-бўш ҳаво — бу вақт. Ўаракат бўшлиқда содир бўлади, вақтнинг кўринмас асли, томири — бўшлиқ. Ўттиз-қирқ йил — мана менинг бўшлиғим. Уни тўлдириш зиммамда. Рауф Турсунқул ўттиз ёшга тўлган куни айтган экан: шунча йилни қандай яшадим, яна қандай яшайман. Ақлли одам бунақа оҳангда гапирмайди. Ақлли одам фикрлашни канда қилмайди, шунинг учун ундан ақлли гаплар чиқади. Ақлсиз одам ҳам фикрлайди-ку, мана мен, фикрламаслик ҳақида фикрлаяпман.
Қиз сумкасидан китоб чиқарди. У китобни варақлай бошлади, аввалига йигитига табассум ҳадя қилди. «Менга хиёнат қилганнинг кўзига қарай олмайман». Қизиқ, йигит нима ҳақда ўйлаяпти, қанча ўйламасин менинг унга нисбатан уюштирган хиёнат тўла хаёлотимни билиб ололмайди, миясини ҳар қанча уринтирмасин йигит эр кишига берилган табиатнинг ишонч деган ашқоли таъсиридан кечиб ўтолмайди. Аёл киши эр кишининг ана шу ашқолидан қурол сифатида фойдаланади. Одамзотни ўрганиш ёки билиш жуда ҳам осон. Одамзотнинг қариси ниқоб кийишдан чарчаб қолади. Шунинг учун қари одамларни кўп кузатаман. Аёлнинг ичкарисини кампирлар ҳаракатидан билса бўлади.
Кампирлар ўлишга тайёргарлик кўриш ўрнига меҳрибончилик билан шуғулланишади. Масалан, менинг момом ана-мана жони узилай деб турибди, менга эртак айтиш билан машғул эди. Мен эса унинг ўлиб қолишини қўрқиб кутардим, чунки бу мудҳиш ва оғир ҳолат тез ўтиб кетса менга яхши-ку. Аёл-ку майли, кампирлар ҳам хаёлини йиғиштириб юришади. Ўз хаёлига ўзлари бош. Аёл зоти ҳеч қачон хаёлини ошкор қилмайди. Улар алла ёки эртак айтишади, холос, ёки миясида қайнонасининг қачон, қайси пайт ўлиб қолишини таваккал қилиб, яна бу ўй-қилмишидан тавба қилиб, юрган-яшаётган келини хатти-ҳаракатини пойлоқчи — детективдек пойлагани-пойлаган. Қиз — бўлажак кампир китобини ўқишда давом этмоқда. «Менга ёрдам беринг» десам ҳам кўзини китоб саҳифасидан йигит боши қанча қийшаймасин барибир кампир бояги китобини ўқишда ҳар қанча ўйласам-да менда ҳеч нарса йўқ ҳатто қизнинг сочини силаб хайрлашмадим кимдир «уф» тортди у — мен аввал қўрқдим китобда ваҳимали кеча тасвири қиз йигитнинг қўлидан ушлаб айтишга осон хаёлда осон демоқчийдим у мени тушунмади лекин ҳайрон ҳам қолмади қизиқди кейинги саҳифа очилди хат бор-йўғи бир бет «ҳа» мен ёзувдим сизгамас бу китобни ажнабий ёзувчи ҳали ўлмаган нега унда хатни қабртошига қўйиб бу эртак демак йигит кулмайди ўқиб бўлгач табассум қилди сўнггида юзига сўроқ белгисига ўхшаш кўзи қанақадир чунки олдиндан бир нима дейиш худо агар хоҳласа бу иш яхши бўлмади йигит китобни унинг гапи ҳечам кулгули эмас эртага ўтаман кутаман у бормадими олиб келинг девди айтувдими кетиш керак қаёққа кейингисига тушасизми ҳа майли яхши боринг йўлда одамлар ухлаб қолибман тузук озроқ сувга қўшиб аттанг энди қандай бор…
Менинг ҳолатимга ҳайрон қолманг, тирноғимни қайчи билан қачон олганимни эслай олишим қийин, агар сиз мендан сўрасангиз, айтаман, ҳозир кўрганингиздек, кечаю кундуз тинмасдан ўсаётган тирноғимни оқ-сариқлашган ва қариётган тишим билан ўзим билар-билмаган, мана ҳозирги, сиз кўрган ва ўйлайманки бошқалар кўрмади, ҳар ҳолда, метро — жамоат жойи, жамоатни ҳурмат қилиш керак, дейсиз, кўзингиздан шундай маъно ўқидим, лекин Абдухолиқ Қалқон «одамлар олдида тиш билан тирноқ олиш ҳурматсизлик бўлса» сизга шундай деган бўларди, «демак ҳурмат тиш билан тирноқ олмасликда экан», куларди, Рауф Турсунқул кулмасди, унинг кулганини кўрмаганман, биламан, йигитингиздан пинҳон, сиз билан пана-панада учрашганимизда менга қандай қилиб чиройли табассум қилиш лозимлигини ўргатар эдингиз, ҳа майли, гап сизнинг қачон охирги марта йиғлаганлигингизда ҳам эмас, аммо йиғлаб ҳам туриш керак. Рауф Турсунқул шунда пиёз арчаётиб «биз, чиройли ҳайвонлар, ўт еймиз» деб гапиради, кейин пиёладаги ароқни ичиб, мен бозордан олиб келган кўкатни аввал ҳидлайди, биламан, унинг ҳайвон, масалан, от ёки ҳўкизми бўлиб қолгиси келади, лекин бу унинг орзуси эмас, бу шунчаки, гоҳида у «менинг ичимда шайтон бор» деб қорни тарафини кўрсатганида семиз қўй сўйилган ердаги қон ҳидига ўхшаш манзара менинг хаёлимда пайдо бўлади ва Собит Маҳмудий пиёлаларга яна ароқ суза бошлайди. Манзара шакллана боради. Ҳар битта одам — бу манзара. Менинг манзарам сизга ваҳимали туюлади ва тирноғимни қайчи билан олишни жуда-жуда истайман худди сизни хоҳлаганимдек сизга майлим, масалан, эртага-да ўз кучида қолади бироқ тирноқни қайчи билан қирқишни унутаман, бу касалликми, — асло, тиш билан олинган тирноқ деб сиз мендан воз кечишингизни, аниқроғи, кўнглингиз қолишини билиш осон лекин биз бир-биримизни танишгаку танимаймиз ҳатто исмимизни билмаймиз, бу ҳам майли, Рауф Турсунқулга «Ҳаёт шуми?» дейман, у жавоб бермайди, кўм-кўк ўтларни еб бошлайди.
Яхши қиз, китоб ўқиш кўкат емоқдан-да гўзал ҳаракат, аммо бора-бора бу ҳаракат қарийди, балки қаримас, лекин шуни билиб қўйсангиз ёмон бўлмасди, сизга ҳам, менга ҳам маслаҳатим шу. Агар сиз билан бир куни тўсатдан танишиб қолсам, тасаввур қиламан, бу яхши иш бўларди, ҳарҳолда китоб ўқишдан яхшироқ ва сизга «Гўрўғли» достонини куни кеча ўқиб тугатганимни ва ундаги воқеалар аслида бу шунчаки восита, тўғриси, сиз менга ҳам кераксиз, ҳам керак, сиздаги ҳаяжон, менга ишонинг, ўтиб кетади. Онангни эмгир Гўрўғли ҳаётдан ниманидир топди, мен шу нимани ҳеч ушлолмаяпман. У қабрда ётганда гўр тешиклари орқали ўтган қуёш нурлари менга таъсирини ўтказмайди ёки таъсирини ўтказади, чунки Рауф Турсунқул кўкатни еб бўлиб «кеча хўп ўйладим, нега мен бу ердаман, нега ва нима иш қилаяпман ва айтдим, турмада бўлишим мумкин эдики, ёки (унинг гапини бўлади Абдуҳолиқ Қалқон) нима учун айнан шу ҳақда ўйлаяпман. Биласизми одам ўзига ўзи муаммо». Мен бу ҳақда ўйлаганим йўқ, ўшанда, аммо яшаш қизиқарли бўлгани учун яшаяпман, қизиқ, Маҳмуд Қидиров ғалати гапларни гапиради, масалан, мана бу гапи: тангри ҳар бир миллатни маълум бир ҳодиса билан синайди. Қайсидир миллат дунёга пайғамбарлар туғиб беради. Бировига катта ақл беради, бошқасида инқилоблар абадий давом этади. Худо ўзбекка эса эр-хотин можаросини берган ва ҳоказо.
Биласизми, хоним афандим. Албатта сизнинг қўлингиздан тутаман. Бу ҳақда кўп гапиришим мумкин, бундан фойда йўқ, демак, фойда кўзлашни бошладимми, яшашим қизиқ кеча бошлайди, сиздан илтимосли ўтинчим мени қутқаринг, йўқ, мен бошқа гап айтмоқчи эдим, кўзингизга қараб қолиб айтадиган гапим эсимдан чиқди, мени кечиринг, барибир кечиринг, ҳеч бўлмаса олдиндан кечириб қўйинг. Лекин барибир Гўрўғлига тушунмайман. Ҳар замон ўйлаб қоламан, балки менда ҳам ғирот бўлганда мен ундан мени қутқаринг демасдим, хаёл эркнинг майдони, бу гапда жон бор, қачонки яшашинг сенга фойда келтирмаса, хотининг бўлмаса, боланг бўлмаса ёки улар бўлсаю ҳаётингдан кўнглинг тўлмаса. Қачондир мен шундай ўйлардим. Мен нега ароқ ичиб ўтирибман. Бундан фойда ҳам йўқ, фойдасизлик ҳам. Ароқ кайф ҳам беради, кайф ҳам бермайди. Шунчаки ўтирибман. Менга ҳеч нарса керак эмас. Менга ҳеч нарса керак эмаслиги учун ҳам ароқ ичиб ўтирибман. Шу ҳақда ўйлаётувдим, нима десам, сиз менга кўнгил қўясиз, аммо шуни билиб қўйинг, сизнинг хаёлингиз мени заррача бўлса-да ташвишга солмайди, сизга айтмовмидим, хаёлни, айниқса, ўзганинг хаёлини тутиб бўлмайди. Хаёл бор-йўғи эркнинг майдони. Энди билгандирсиз нима учун менга Гўрўғли ҳам ёқади ва ёқмайди.
Яхшиси хиёбонга борайлик, қабристон яқин экан, аслида дунё улкан хиёбон, менга ишонаверинг, сизни зериктирмайман, лекин майсага ёнбошлаб олиб ўзим зерика бошлашим мумкин, илтимос қўрқманг. Мен сизга айтганманми йўқми, эсимда йўқ, биласизми, вақт бўшлиқ ва ёлғизлик. У кўпинча менга ёқади. Ҳозир эса, ростини айтай сизга, мени ёлғиз қолдирманг, вақтимни тўлдиринг, анови Собит Маҳмудийми?
“Собит, орқамдан пойлаб юрибсизми? Пойлоқчиликдан бошқа қиладиган ишингиз йўқми, Сизни қайси жин урди. Сизга бу ерда бало борми? Кетинг бу ердан.”
“Ҳай-ҳай, Наимов, намунча қизишасиз”. “Ҳа, нима демоқчисиз, қани тўқинг. Рауф Турсунқул билан кетаётувдим денг, кейин бир пайт шоир йўлда “Мустақиллик” метросига етар-етмаси тўхтаб қолиб шеър ўқиб кетди ва отга айланиб қолди, деб айтинг. Мана бу учликни ҳам қўшиб қўйинг, мен ишонай. Ақлимни қаритдинг чиритдинг. Менда вафо бор сен бевафо менга зулмингни кўрсатдинг. Шуни ўқиб отга айланиб қолдими”.
“Худди шундай. Ғиротга айланиб қаёққадир елдай учиб кетди. Орқасидан қувдим. Лекин етолмадим”. “Нимага алдайсиз, етиб келибсиз-ку”. “Қандай етиб келаман. Ғиротга етиб бўладими. Кейин қаёққа етиб келишим керак эди? Нима деяпсиз, ҳеч тушунмадим. Абдухолиқ, сиз тушундингизми?” “Гўрўғли ҳам шу ердами, балки анови ёки ҳой анови қабрдан чиққан бўлса керак. Ғироти ҳам шу ерда. Аввал ошиқ ўйин ўйнанглар. Гўрўғли ошиқларингизни ютиб олиб ёш боладай қувонсин”.
Хоним афандим! Қаёққа кетдингиз, яхшиси бу ёққа келинг, хушёр бўлинг, қабрни босиб ўтманг.
Танишинг бу киши — Собит Маҳмудий бирга ишлаймиз. Нега ҳаяжонланасиз? Ҳа-я, қўрқманг. Қабристондан қўрқиш керак эмас. Сизга тушунмадим. Нега қўрқасиз? Ҳозир сиз метрода йигит-соқчингиз билан-ку, илтимос, йиғламанг, ҳеч ким сизни зўрламоқчи эмас. Ҳозир метродасиз-ку. Қабристонда сизга “Гўрўғли” достонини лўнда қилиб айтиб бермоқчи эдим. Собит Маҳмудийни бу ерда учратаман, деб ўзимдан кутмагандим, ғоят қизиқ, худди тушдай, аммо ўнгимда, биз уни кўриб қолганимиз икков учун ҳам яхшиликкадир, ким билади, балки у бўлмаганда нима бўларди, Абдухолиқ ҳам шу ерда экан. У сумкамда вино бор, дейди. Собит Маҳмудий “ичамиз” деб икки кўзини юмиб яна очади. Улар майса устига ўтириб олишади. “Афсуски, пиёла йўқ, шундоқ шишаси билан кўтариб ичаверамиз”. Абдухолиқ ичишни бошлаб беради. Собит давом эттиради ва винодан ярми бўшалган шишани менга узатмоқчи бўлади. Мен куламан ва “ичмайман” дейман. Иккови “тушунмадик” дейишади.
“Сизлар орқамдан пойлаб юрибсиз, худди айғоқчидек, яна пойлоқчиликни ёмон кўрамиз, дейсиз”. Мен улар ёнига ўтириб оламан. “Ичасизми, — Абдухолиқ шериги қўлидан шишани олади ва менга бермоқчи бўлади. — Адашмасам, қабристонга кетяпман, деб ўзингиз айтувдингиз, қандайдир, исми эсимда йўқ, лекин исмининг охири “пари” эди. Шуни кўргани. Биз сизни кафеда анча кутдик. Чамаси бир соатча, а, Собит?” Собит Маҳмудий боши эгик, кўзи юмилган, жавоб қайтармайди. “Рости шундай деганманми, алдаманг, концертга боряпман, деб мен айтганим йўқми?” “Аввалига шундай эди, кейин айниб қолдингиз ёки маст бўлдингиз. Наимов ўйлаб иш қилиш керак, сиққанча ичишни ўрганинг. — Абдуҳолиқ шишадаги винодан хўплайди ва менга узатади. — Сумкамда яна бор. Манг ичинг, ўзингизга келасиз”.
“Абдухолиқ, сиз менга ишонмайсизми? Ростдан парининг олдига келувдим. Исми Ойхон. Сизлар келмасдан Ойхон билан гаплашиб ўтирувдим. У сизларни кўриб қабрига кириб кетди”. Собит Маҳмудий кўзини очади. Менга томон жиннихонадан қочиб чиққан одамни учратгандек ҳайрон қараш қилади. “Кўзингизга кўринган бўлса керак. Бу кўп ичишнинг аломати. Яна ким билади? Мен парилар ҳақда кўп эшитганман. Абдуҳолиқ, у балки ҳақиқатдан кўргандир?” “Парилар қабрда яшашмайди, биринчидан, у бизни калака қиляпти, иккинчидан, учинчидан, қани қабри — кўрсатингчи? Биз ҳам Ойхон пари билан суҳбат қурайлик. Уни вино билан сийлашимиз мумкин”. “Мен сизларга уни таништиришни хоҳламайман. Унинг ўзи ҳам сизларни кўраман, деб кўзи учиб турган эмас. Ҳозиргача Ойхон ҳақда ҳеч ким билмасди. Мени жинни ёки маст ўйлашмасин, деб бор сирни айтдим”. “Наимов, бу ҳол узоқ давом этиши мумкин эмас. Биз — сизнинг дўстларингиз. Сизга ёрдам бермоқчимиз, холос. Сиз жинни эмас, албатта, нега қизишасиз, фақат, Ойхонни бизга ҳам кўрсатинг” — Собит Маҳмудий шундай гапириб, аслида унинг ўзи қизиша бошлайди. Абдуҳолиқ Қалқоннинг қўлидаги шишани олиб оғзи томон кўтаради, лекин ундаги винони ичмайди, шишани майса устига секин, ёнбошлатиб қўяди ва Денгиз Наимовга яна гапира бошлайди. “Қабрдан фақат Гўрўғли тирик чиққан. Чунки у қабр ичида туғилган. Парисини аллақайси тоғда учратади. Майли, сизни гапингизга ишонадиган бўлсак, унда сиз нима қилмоқчисиз. Сизнинг келажагингиз бизни хавотирга соляпти; мен жўрамга нимадир уриб қолишини истамайман. Яна бу гапни ўзингизга қаттиқ олманг, сизга яхшилик тилайман, бор-йўғи шу. Агар Ойхонни кўрсатмасангиз ҳам сиз ҳақда ёмон фикрга келмаймиз. Агар хоҳласангиз, уни бизга таништиринг”.
“Собит мени маст ёки томи кетиб қопти деб ўйлаётган бўлсангиз, адашасиз. Маст эмасман, кейин томим жойида. Ойхонни чақириб келишим мумкин. Лекин у келмайди. Қабрдан чиқмайди. Сизлардан қўрқади. Сизларга у ҳақда бекор гапирдим. Агар Ойхон тўғрисида айтмасам мени аҳмоқ ўйлардингиз ва тушунмасдинглар. Энди эса тушунишни хоҳламаяпсиз ёки мени жиннига чиқариб ўтирибсиз”. “Наимов, ҳеч ким сизни аҳмоқ демаяпти. Қабристонда нима қип юрибсиз? Шундан хавотирдамиз. Мен уйимга, Собит ҳам бола-чақасининг олдига бориш ўрнига изингиздан юрибмиз. Бизни ҳам тушунинг. Агар парингиз қабридан чиқиб олдимизга келмаса биз маликангиз ҳузурларига боришимиз мумкин. Мен ҳеч қачон парини кўрмаганман, қизиқ, улар ҳам одамга ўхшашадими?” “Мен икковингизни ҳам тушунмаяпман. Йўқ, йўқ. Аслида тушуняпман. Бу сизларнинг қизиқишингиз, Ойхонни кўриш. Мен уни сизларга кўрсатмоқчи эмасман. Бунинг иложи йўқ. Балки иложи бордир. Бор ҳам. Аммо мени тушунинг. Мен бир нарсадан ҳадиксирайман ва шу нарсадан қаттиқ қўрқаман, яна ўйламанг у баҳона қидиряпти, деб, асло, мен бу ҳақда гапирмоқчи эмасман. Мени тушунмаяпсиз. Яна баттар тушунмай қоласиз”. “Наимов, бундоқ тушунтириб гапиринг. Умр тугаб бораяпти ҳам, (Собит Маҳмудий майсага ёнбошлатиб қўйган вино шишасини қўлига олади. Ярмидан кўпи ичилган вино шишасига қараганча охирги гапини такрорлайди). Умр тугаб бораяпти ҳам “Мени тушунинглар, мени тушунинглар” деб дунёга аюҳаннос соласиз. Адашмасам, бизга сирингизни ошкор қилдингиз, демак бизга ишонасиз, бунинг учун раҳмат. Ёки билмадим. Ёки бизнинг устимиздан бизни аҳмоқ деб аслида ўзингиз аҳмоққа айланиб қоляпмиз. Биз эмас, сиз бизни тушунинг, сизни мен ва Абдуҳолиқ ақлдан озган деб ўйлашимизга йўл қўйманг. Шунинг учун икков сиздан боядан бери илтимос қилиб ўтирибмиз. Сиз ўзингизни ёмон вазиятга солиб қўяяпсиз. Охири ҳадиксирашни бошладингиз. Нимадан ҳадиксирайсиз? Агар сизни тушунмаётган бўлсак, марҳамат, тушунтириб беринг. Денгиз, сизга ёрдам бермоқчимиз, холос. Нимадан ҳадиксираяпсиз? Нима, Ойхон бизнинг олдимизга келмаслиги мумкинми ёки сизнинг бизга тўқиган сирингиз ёлғонлиги билиниб қолишидан ҳадиксираяпсизми? Кечирасизлар, сизларга чўпчак айтиб бердим, деб қўяқолинг, ўзингизни ва бизни қийнаб нима топасиз, тушунмайман. Яхшиси бу ердан кетайлик. Сиқилиб кетдим. Яшаш жонга тегди. Одам ҳаёти ёлғон билан чинни ажратишга сарфланар экан. Уларни бир-биридан фарқламай қўйсанг яшолмайсан. Яшаса бўлади. Мен бундай яшолмайман. Уйга бораман, хотин лақиллаб бошлайди. Мен эшитмайман, гапини чинини чинга, ёлғонини ёлғонга ажратишни бошлайман. Кўчада ҳам шу, ишда ҳам шу аҳвол. Бу аҳвол қачон тугайди?” Собит Маҳмудий винодан хўплайди. Кейин Абдухолиқ Қалқондан сигарет сўрайди. Абдухолиқ бошини қимирлатади. Мен унга сигарет узатаман. Гугурт чақаман. Ўзим ҳам сигарет чека бошладим. Собит “винодан ичинг”, дейди. “Раҳмат, ичмайман”. “Раҳмат, ичмайман. Яхшиси, бу ердан кета қолайлик. Ўзимни ёмон ҳис қиляпман. Одам касалхонага борса қаеридир оғриётганини ҳис қилади. Бошқаларга ҳам шундай бўладими, билмайман, қабристонда, аксинча, ҳеч қайси аъзонг оғриётганини сезмайсан, ёки касал бўлса-да, бу ерда тузалиб кетади, чоғи. Фақат одам ўзини аллақандай ёмон, худди соҳилга чиқиб қолган балиқ ҳолатидай мушкули энди осон бўлмаслигига ишончи юз карра ошади ва вақт, бор-йўғи, вақт бизни хоҳлаган тарафига судраб-судраб охири оғзимиздан сўлагимизни оқиздиради. Қабристон мана шуни англатиб қўяди. Кетайлик”. “Фалсафа сўқишни бас қилинг, Наимов! Бухорога уч юз йил аввал кўчиб келган одамнинг авлодига ўхшайсиз. Бировнинг ишончидан фойдаланиш бунчалик эмас. Сизни шарлатан деганда Қидиров адашмаган экан. Вақт-вақт дейсиз, тупурдим вақтга. Собит, аслида биз — аҳмоқ, бу – шарлатаннинг орқасидан келмаслигимиз керак эди.” “Абдухолиқ, қизишманг жўра. Денгизнинг бугунги қилиғи менга ҳам ёқмаяпти. Начора, балки у тўғрисини гапирётгандир? Денгиз, ростдан ҳам кетгингиз келяптими? Унда бу жойдан кетамиз шуниси маъқул”. “Сизларни бу ерга биров чақирувдими, ўзи? Сизларни бу ерга мен чақирдимми? Нима учун менга ипак қуртдай осилиб олдинглар? Мени тинч қўясизми-йўқми? Ойхон бу дунё-у дунё ҳеч қачон олдингизга келмайди. Тамом-вассалом. Аслида, мен икковингизга ишонмайман, ҳеч кимга ишонмайман. Лекин ишонмаслик қўлимдан келмайди. Ишонмай дейман-у ишониб қўйганимни ўзим ҳам билмай қоламан ёки билмайман — нима дейишни ҳам. “Денгиз, нима деяпсиз? Тушунтириб гапиринг, рости икков ҳам англамадик. Абдухолиқ, сиз бирор нарса тушундингизми? Денгиз сизни чиндан жин урганга ўхшайди. Бошда бунга бошим унчалик қовушмаётувди.” “Мен маст эмасман, Собит. Томим кетиб қолгандир, эҳтимол. Метродан чиқиб консерватория томонга юрдим. Собит, консерваторияга бораётувдим. Босаётган қадамимни санаб кетаётувдим”… “Яна бошлади. Собит, бу аҳмоқ яна эски гапини бошлади. Сиз йўғингизда кафеда бунинг алжирашини милён марта эшитдим. Яхшиси бу ердан кетайлик. Вино ҳам тугади.”
Ҳей хоним афандим. Юринг. Қабристондан кетамиз. Бу ер сизга ёқиб қолди, чоғи. Менинг ухлагим келяпти. Сизни хиёбонга олиб бораман, девдим. Бормайлик. Бошим оғрияпти. “Ҳей, Собит Маҳмудий, сизга бошқа пайт гапириб берсамчи? Эшитишни истасангиз, албатта”. “Келишдик”, дейди Собит Маҳмудий.

х х х

Икки юз учинчи қадам… Вақтни тўхтатиш керак. Вақт ичида вақтдан ташқарига бир киши чиққан, холос. Вақт ичида вақтдан ташқарига чиқиб бўлмайди. Ташқаридан вақт ичига бир киши кирган, холос. Мен эса вақтни тўхтатишим керак. Шундагина ундан ташқарига чиқа оламан. Вақтни тўхтатиш керак. Бир, икки, уч… У ҳеч тўхтамайди. Тўрт, беш, олти… Фақат хаёл ишлайди. “Хаёл — учқур от” — ёзган бир шоир. Хаёл гўристонгача олиб боради. Мени вақтдан ташқарига олиб чиқишига кучи йўқ. Хаёлда кучнинг сояси бор. Вақт бу — бўшлиқ. Бўшлиқда хаёл ишламайди. Фикр ишлайди. Фикргина бўшлиқни босиб ўтади. Чунки у моддийлашади. Моддий нарсагина бўшлиқни тўлдириши мумкин. Хаёл ҳеч қачон, хаёл нари борса фикрга айланиши бор. Фикр мени бошқаради, демак, моддийлашади. Лекин у вақтдан ўзиб кетолмайди. Ҳали-бери. Вақт керак. Вақтнинг душмани фикр. Вақтни ўлдириш учун фикрга балки яна милён йил керак. Билмадим? Етти, саккиз… Вақт одамга беминнат берилган. “Текинга” айтарди Абдуҳолиқ Қалқон, “шунчаки эмас”, дерди Собит Маҳмудий ва кўрсаткич бармоғини ўнг қулоғи ёнида уч-тўрт марта қимирлатарди, агар, агар, мен вақтни тўхтатганимда “ширин хаёлингни буздимми” айтилганидек, ҳеч ким ҳеч қачон чунки ҳеч ким ҳеч қачон менинг сен билан ўртамиздаги бўшлиқда туриб олиб сенинг ва ўзининг келажаги — бўшлиғи ҳақида фикрлашни бошлаб юбормасди. Фолбин қулоғингга “ўзи шундай бўлади”, деб секин шипшимасди, радио карнайидан об-ҳаво синоптигининг “эртага ёмғир ёғади” деган овози эшитилмасди. Маҳмуд Қидиров кафега кириб кофе ичарди. Мен адашдим. Бир. Ёлғиз Бир. Бир. Икки-пикки йўқ. Бир. Тўхта. Бир. Илон пўстини ташлагандай… Фикрлаш илон ўрмалашига ўхшайди. Ҳеч ками йўқ. Фикрлаш ўнгга-чапга лекин тўғрига қараб ўрмалайди. Олдинда нима бор? Олдинда мақсад бўлиш керак, дейди файласуфлар. Диндорлар луқмаси ҳаммага маълум. Одамда ғоя ва мақсад бўлмасагина, бунга файласуфларнинг ўзлари унчалик ишонишмаса-да, вақтдан ташқарига чиқиш илон пўстини қуёш иссиғида ечгандек, улар айнан шундай ёзишмаган ва ҳеч қаерда айтишмаган бўлишса-да, диндорлар бундан фарқли бунга қарама-қарши келишади.
Мен кейин эсловдим «хотира уйғонса гўзалдир», йўқ хотира-тубсиз чоҳ, унга қулайсан, қулаб кетаверасан, қулашнинг чеки кўринмайди, худди шунингдек келажак ҳам тубсиз-маъносиз, аммо яшамоқ маъносиз эмас, бирдан-бир ҳозир ахир, куй ёлғиз, ягона ва айни дақиқа айни дақиқани музлатиб қўяди, ундан ҳатлаб ўтади, девордан сакраб ўтган одамдек, ахир ҳозир — куй маконни босиб олади, холос, хотира уйғонса мени топтаб ташлайди, сенинг миянгни эзғилаб ташлайди, яна сен «бу — гўзал» дейсан, айтардинг. Ҳозир — куй айни дақиқадан сакраб яна шу айни дақиқага келиб тушади. Айни дақиқа ўз кучини, ўзини йўқотади ва унинг ўрнини куй эгаллаган бўлади. Куй, яхлит куй вақтдан ташқарига чиқади, сен мени «у аҳмоқ» дейсан, дегандинг, келажакни ўйлайсан, ўйлардинг. Собит Маҳмудийга “мен жинни бўлиб қолаяпман» деганимда у билинтирмасдан, яъни алламбалоларни менга гапира туриб кўзимга синчков боқади; жиннининг жиннилигини кўзига қараб аниқлаш мумкинлигини билишимни билади, «томи кетганлар мендан бошқа ҳамманинг «томи» кетиб қолган, ўйлашиб шунга яраша ҳаракат қилади, Собит, менда эса бошқача — менинг миямда ҳамма аҳмоқона, нима десам, ҳм, ҳм, мен буни ҳеч кимга билинтирмаяпман, лекин охир-оқибат бундан чарчаб қолсам, кейин нима бўлади», у кулади — гапни бошқа мавзуга бурмоқчи бўлади, биламан, Собитнинг қулоғи атрофида «билинтирмаяпман»им қотиб қолади, шундай. Аммо ҳозирда яшаш жуда қўрқинчли, буни ким қандай тушунади. Маҳмуд Қидиров «тимсолда чегара йўқ» деб ҳадеб такрорлаганда кулсам, у, албатта, мени аҳмоққа чиқармайди, лекин мени даволаётган доктор «ҳар қандай гапга кулади» деб ташхис қўйганда… тимсол кучини йўқотиб бўлди, ахир, тимсол одамларни вақтга ипсиз-занжирсиз боғлайдиган шиорга айланди.

х х х

“Собит! Босган қадамимни санаб кетаётувдим. Сизга ваъда бердим; эшитингда, майли, Абдухолиқ кетса кетаверсин. Менга пиво олиб берасизми? Пулим қолмапти. Сигарет ҳам йўқ. Қадамимни санаб кетаётувдим…”
“Буни айтувдингиз, илтимос, иложи бўлса қисқа ва лўнда тушунтиринг”.
“Собит, нимани тушунтирай? Мен сизга тушунтириш учун айтмаяпман. Ёки шундайми? Ҳечам. Хоҳласангиз эшитинг. Илтимос, пиво буюринг. Раҳмат! Боя айтдим, юришимни санаб бораётувдим. Бир юзу эллик тўққизинчи қадамда йўлнинг охирига келиб қолибман. Аниқроғи йўл иккига бўлиниб кетган. Қайси тарафга юришни билмай қолдим. Чапгами ўнгами? Орқага қайтишни мўлжал қилувдим ҳам кўзим ёзувга тушди, аввал ўнг тарафдагисини ўқидимми ёки чапдагисини, эсимда йўқ, бу муҳиммас. Муҳими нима ёзилгани. Ўнг тарафга кетадиган йўлнинг ўнгида хоч шаклига ўхшаш манзил кўрсатгичида катта ҳарфлар билан Борса-келар, чапдаги йўлнинг худди шундай жойида эса “Борса-келмас” деб ёзилганди. “Борса-келар” томонга юрдим. Собит, ишонасизми-йўқми, ўнг тарафга юришимни ўйлаб ўтирганим йўқ”.
“Назаримда, ўйлагансиз: борса-келарга бориб келаман, деб ўйлагансиз”.
“Йўқ, унақа эмас. Қайси тарафга қараб юришнинг мен учун қизиғи йўқдай эди. Ўнг тарафга шунчаки юрдим. Қайсидир томонга кетишим керак эди-ку? Собит, мен кейин ўйладим; борса-келарга бориб келиб борса-келмасга кетаман, энди қадамимни санамаётган бўлсам-да, бунақа хаёл қилганимда чамамда ўн-ўн беш қадам йўл босувдим. Собит, кўзингиз княз Мишкинникига ўхшаб олайиб кетди. Мен сизни мажбурлаб ишонтираётгандай. Эриш туюлаётган бўлса, марҳамат, пивони ичайлик, турамиз-кетамиз. Ҳа, майли, эшитасизми-йўқми, рости чарчаб бораётувдим, энг ёмони одам тўқигани, нега одам тўқийди-а, Собит ва шундан чарчайди, илтимос, безрайиб қараманг, мен ҳозир тўқиётганим йўқ, айтганча буни Қалқонга айтдим; тўқиб бичмайман, дедим, ҳеч қачон, гапимга ишонмасангиз ҳам розиман, бунинг нимаси ёмон, яъни ишонмасликнинг. Бўпти-бўпти, бурнингизни жийирманг. Бир вақт қарама-қарши тарафдан Рауф Турсунқул келяпти, юриши нимани эслатади, биласизми, ҳозир эсимда йўқ, ниманийди-я, эсимга келса-куласиз, балки кулмассиз, нимага тиржаясиз. “Биз қайтаяпмиз”, дейди Рауф Турсунқул. “Сиз ҳам қайтинг”, дейди. Ўзим биламан нима қилишимни, унга жавоб қайтармадим — гапирмай туравердим. У ҳам шу — жим. Нимани гаплашамиз йўлда. “Ажралишдек йўл ёқасида.” Боряпман-боряпман, ўйлайман, қайтсам бўларди, “қайтсам қайтмасам барибир эмасми” деб кейин яна ўйладим, олдинда нима бор, “орқада ҳам пишириб қўйибдими?” деб юравердим. Одам тўқимаса бўлди, ҳаммаси яхши бўлади, Собит, ҳали бунга ўзим ишонганим йўқ, сизни ишонтирмоқчиман”.
“Нимага?”
“Нимага? Нимага? Ойхон парига. Сиз у ҳақда эшитмоқчи эдингиз, чоҚи. Хаёлингиз жойидами? Ёки сизни ҳам жин урдими? Пиво ичмаслигим керак эди. Ҳожат чиқараман деб Ойхон паридан юз қадамча узоқлашувдим, ғира-шира ҳар ҳолда, қайтиб келаётсам, унинг олдида бир шарпа, яқинлашавердим, менга ўхшайди, ёки менми у, билмайман, қўрқиб кетиб калима қайтарувдим иккови бирданига йўқолиб қолди. Нега Ойхон пари кўздан ғойиб бўлади? Ёнидаги ким? Ҳалигача билмайман. Кўзингиз яна жўлайиб кетди. Ўзингизни мажбурлаб ишонтирманг, илтимос. Бу менга далда бўлолмайди. Аксинча сиз мени йўлдан оздиряпсиз. Ҳей бир куни ичиб ўтирганимизда Рауф Турсунқулнинг айтган гапини эслайсизми: “зулматда чироқ ёруғи ҳеч бўлмаса шовқин ташийди, сукунатни бузади, бус-бутун зулматнинг ўзи эса қўрқитишдан бўлак ҳеч нима иш қилмайди” деганини. Калима қайтарганимда ҳамма ёқ қоп-қора зулмат ичида йўқолди-қолди. Бу яхши эмасми?”
“Рости нима дейишни билмайман. Каллам ачиб кетди. Яшаш, демак калла ачишига йўл қўймаслик. Зўрми? Ўша куни Рауф Турсунқул айтувди: “яшаб-яшолмайсан, ўлиб-ўлолмайсан”, эслайсизми, у киши шуни гапириб бўлувди-ям Абдуҳолиқ Қалқон ўтирган жойидан ерга йиқилувди, оёққа туролмай “кўзни юмиб яшаш керак” дегани-чи? У кўп ичганди. Биз кулувдик.”
“Борса-келарга кетаётувдим, Собит, Ойхон пари билан гаплашиб. У “нега ҳадеб куласиз”, дейди, “кўнглим тўқ” дейман унга, “гапимга кулмаяпсизми?” дейди менга…”
“Парингиз қаёқдан яна пайдо бўлиб қолди? Борса-келарингиз нима? Буни-ки тушундим — кафега бораётгансиз, йўлда Рауф Турсунқулни учратгансиз, чунки сал кейин мен унга қарама-қарши келдим. У “Наимов кафега боряпти. У ерда Қалқон ичиб ўтирибди” ва шунга ўхшаш яна нималардир деди. Эсда йўқ. Йўқ, эсда бор, фақат гапиргим келмаяпти. Сиз мени ҳозир роса лақиллатиб ўтирибсиз. Янглишмасам пиво ичишда шерик ролини ўйнаб беряпман, ҳозир. Шундайми? У сизнинг бир ўзингизни кўрганини айтувди.”
“Ойхон у кишини кўриб яширинувди. Дарахт панасига, эътиборингиз учун, жаноб”.
“Эй, менга қаранг! Парингиз билан қаерда танишгансиз? Ким у? Рости, миямнинг қатиғи чиқиб кетди”
“Метрода танишганман. Метродайди? Қаерда ва қачон? Эслолмаяпман, Собит, эслолмаяпман. Ундан исмингиз нима” деганим эсимда. “Сизникичи?” Кейин “қаерда ишлайсиз, касбингиз” сўраган. “Бекорчилар мамлакатининг президентиман” деб жавоб қайтарганман. Аввалига ишонмаган. Кейин “ҳазиллашди” ўйлаб кулган, яна кейин хўмрайган. “Жиддий сўраяпман” деган. “Жиддий.” “Қизиқ.” “Рост”. “Ўлай агар… денг”. Ва ҳоказо. Собит, агар эшитмоқчи бўлсангиз, жим эшитинг. Ойхонга эртак айтиб бораётувдим. Бир болакайнинг қандай қилиб тангрини алдамоқчи бўлгани ҳақида. У эртакнинг бошини қизиқиш билан тинглаётувди, назаримда. Аниқ билмайман. Кейин қизиқиши сўндими? Билмайман.”
“Денгиз, парингизнинг қизиқиши сўнган-сўнмаганини билмайман-у, лекин мен сизнинг гапларингизни эшитиб… Тавба қилдим. Тавба қилдим. Шунга яқинроқ”.
“Собит Маҳмудий, бу зўр-ку! Сўзларга ишонмоқ. Гапга. Чиндай! Нимаси яхши бунинг! Нимаси зўр!? Рауф Турсунқулнинг “менда фақат товушлар” деганини эслайсиз-а? Давомини ҳам эслайсиз-а? Айтувди: “Сўзлар — бу нарсалар. Ахир сўзлар тасаввур уйғотади. Агар аслида ҳам шундай бўлса худо йўқ! Лекин бундай эмас”. Собит! Эшитамизми, йўқми? “Борса-келарга бораётувдим. Йўлда бир болакайни кўрдим. Қўлида танга. Беш тийинлик. Собит эшитинг! “Тангани беш марта ерга ташлайман” дейди болакай осмонга қараб, “агар юзи — беш тийин ёзилган тарафи ер устига кўпроқ тушса сен ютасан, акси бўлса мен ютаман. Мен ютсам момом ўлмайди-я. Келишдикми?” Сўрайди. Кўзи эса шу чоқ ҳам осмондан узилмаганди. Кейин нафас ростлаб кўзини осмондан узиб юмади. Тангани ердан бир қулочича чиқадиган баландликдан ташлайди. Кўзини очади. Ерда танганинг орқа тарафини кўради. “Раҳмат” дейди осмонга қараб. Танга ташлашни такрорлайди. Биру бир. Иккию бир. Иккию икки. Бошини ердан кўтаради. Мени кўради. Мен тиржайиб турибман. У эса қайғу аралаш ҳайрон ҳолатда менга боқади. “Болакай сени танийман, — гапира бошлайман унга, — исминг Денгиз, мактабда ўқийсан. Момонг отангнинг онаси ойда яшашини ҳам у ҳар кечаси сочини тарашини ҳам биламан. Унинг энди касал эканлигини ҳам. Қайғурма, у барибир… Танганинг қайси тарафи ер устига тушишини биласанми? Сен ҳозирча билмайсан, мен биламан. Биз икковни бир-биримиздан сенинг ойда ўлаёткан момонг ва менинг ойда яшаётган парим ажратиб туради. Бошқа ҳеч қандай тўсиқ йўқ.” Собит, болакайнинг кўзидан ёш оқади, танга қўлидан ерга тушади. Бола ютилади. Лекин “мен ютдим” деб туриб олиб худони алдамоқчи бўлади. “Одамзот биргина хотирасидагина худони алдаши мумкин” деб болакайнинг қулоғига шипшийман. У менинг гапимни эшитиб кўздан ғойиб бўлади. Мен эса кўзимни осмонга қадаб бақираман: “Ойхон”. “Лаббай” деган овоз келгандай бўлади. “Ахир, сен йўқсан” деб яна бақираман. “Ҳа, шундай — мен йўқман” деган овоз эшитилгандай бўлади. “Унда нега сен борсан” деб охирги марта бақираман…”
“Наимов, Рауф Турсунқулнинг гапларини яхши эслайман. “Сўзлар-кўринмас занжир одамни маҳкам боғлаб олиб ўзини ўзига қамаб қўяди”, девди, “яна ҳар қандай фикр, ҳар қандай тасаввур нотўғри, нотўғри деб ўйлашимизнинг ўзи ҳам нотўғри” дегани ҳам худди ҳозир айтаётгандай аниқ эсимда турибди. Лекин сиз нималар ҳақда алжираяпсиз, тушунмаяпман, валдираяпсиз-валдираяпсиз, у қулоғимдан кириб бунисидан чиқиб кетяпти. Маст деса мастга ўхшамайсиз, кечирасиз-у, “томи кетиб қолган” деса бу-да нотўғри. Парк атрофида осмонга қараб бақираётганингизни Абдухолиқ кафедан қайтаётганда кўрган. У сиз билан яна ичгани қайтган. Мен ишимни битириб кафега келганимда соат тўққиз атрофида эди. Абдухолиқ сизни боя-боягина кетганингизни ва қайтиб келишингизни ҳам башорат қилувди. Эй, Наимов, борса-қайтмасингиз нима?!”
“Мана, ҳозир гаплашиб ўтирибмиз, шу — борса-қайтмас. Абдухолиққа ҳам шундай дейман. У эса кўзимга мўлтираб қарайди. Кейин “дунёда, дунё ҳам эмас, коинот ичида айнан ҳозир ва эртага, ўн йилдан сўнг ҳам нафас олишимдан хурсанд бўлишим керакми”, дейди, яна менга ўқрайиб “Наимов, мен ҳар куни ўзим билан ўзим урушаман. Бундан бахтиёр бўлишим керакми?”, дейди. Мен жавоб қайтармайман. Нима дейман? “Ўл” дейманми. Собит, гапни бурмоқчи бўламан. “Абдухолиқ борса-келарга бораётувдим” дейман. У “нима?” дейди. Борса-келарга бораётувдим. Йўлда бир болага кўзим тушди. Кимгадир гапиряпти. Лекин олдида ҳеч ким йўқ. “Менгами?” деб ўйладим. Абдухолиқ “қанақа бола?” дейди. “Бир бола-да, ёши ўн-ўн иккиларда” жавоб қайтараман унга. “Хўш, нима” дейди”.
“Ким?”
“Ким”, дейсизми, Собит. Абдухолиқ-да. Ўша бола ўзига-ўзи гапираётипти. “Нима бўпти”, дейди Абдухолиқ. “Сиз аввал эшитинг” дейман. “Хўш”, дейди…”
“Абдуҳолиқ буни менга айтиб берди”.
“Яъни, нимани айтиб берди?”
“Бола “эй, художон момомга умримдан бир йилини бер”, деган, кейин ўзининг зиқналигидан-ми уялиб, “икки йил, икки йилмас, умримнинг ўн йилини момомга улаш, у ўлмасин”, шунақа гаплар. Шундайми? Сиз эса унинг олдига келиб “бу кунингдан ўл” дегансиз. Бола қўрқиб қолиб кўздан йўқолган. Шундайми?”
“Шунга яқинроқ, Собит, ўшанда жаҳлим чиқиб кетганди. “Эй, бола, момонг сочини аслида битлардан тозалаш учун тарайди”, деб бақириб бермоқчи эдим. Абдухолиқ кўзини лўқ қилади; менга олайиб қарайди. “Ойхон парининг миясида битлар ўрмалаб юрса керак” дейман унга. У “қанақа битлар” дейди. “Мен буни сезаман”. “Қандай сезасиз?” дейди. “У бошининг қичиғини қолдириш учун доим сочини тарайди”. Абдухолиқ кулади ва “ҳа-я, сиз романингиздан парча айтиб беряпсиз-ку” дейди. Мен “ҳеч қандай роман-поман ёзганим йўқ ва ҳеч қачон ёзмайман” деб зарда билан унга гапираман. У менга кулиш билан жавоб беради. Гапирмайди.”
“Наимов, ростдан ҳам бу романдан парча эмасми? Роман ёзмоқчи эмасмисиз? Ниятингиз шу эдику? Сизни умуман тушунолмаяпман”.
“Ҳатто миттигина ҳикоя ҳам ёзмайман. Уни ўқиган одам маҳлуққа айланади. Камдан-кам одамларгина ўзини сақлаб қолади. Абдухолиққа ҳам шунақа гапирувдим. У бурнини жийиради: “ўзингиз биласиз” дейди. Собит, миямда ҳар замон, нима десам, бир бало — чунки унинг қиёфаси йўқ, ўша ярқ этиб ўтиб кетади. Йўқ, йўқ, маҳлуқ яшайди, демоқчи эмасман. Ўша балони тушунтириб бўлмайди, у сўзга айланмайди. Чунки, у — ҳеч …”

www.munosabat.org

Share on FacebookShare on Google+Tweet about this on TwitterEmail this to someoneShare on LinkedIn