Аюбжон Лутфий: Муҳаббатнома

ayubjonТожикистонлик ёш, умидли шоир Аюбжон Лутфий меҳмонимиз!

Аюбжоннинг айби йўқ

Аюбжон билан танишувимиз қизиқ бўлди. Техника мўъжизаларидан
бири бўлмиш – интернет укаларимнинг яна биттага кўпайиши сабабчиси бўлди. Бу
гапимдан зийрак ўқувчи биз Аюбжон билан айнан интернет орқали танишганимизни
тушунгандир.

Бу йигитни танишларим рўйхатига қўшишдан олдин анча ўргандим, кимлиги, нима иш
билан шуғулланиши, дўстлари ким-у, улар билан қандай муносабатда бўлади, ҳаммасини
ўрганиб, қандай камчиликлари борлигини рўй-рост айтдим. Мени хурсанд қилган жиҳат
шу бўлдики, Аюбжон қаттиқ танқидларимни жуда самимий қабул қилди ва уларни
тузатишга ваъда берди. Кейин унинг шеърларини электрон саҳифаларда ўқидим.
Аюбжоннинг фикрлари ёшига нисбатан анча каттароқ экани гувоҳи бўлдим. Айниқса, бу
йигитнинг самимийлиги, соддалиги, алдовни билмаслиги шеърларида шундайича кўриниб
турарди. Бир шеърида ошиқ йигитнинг бўлажак қайнонасига кўнглидагини қандай изҳор
этганлиги ифодаланади:

Менинг ишонганим холажонимсиз,
Жонгинамдан ширин жонажонимсиз,
Ўзимнинг иккинчи онажонимсиз,
Ойдек қизингизни менга берасиз.

Аюбжоннинг шеърлари ҳали шеъриятнинг талабларига тўлиқ жавоб бермайди, аммо буни
айбга йўймайсиз, чунки унинг тинимсиз изланиши, бу ишга сидқидилдан меҳр билан
ёндошишини ҳисобга оладиган бўлсак, ижодига ижобий баҳо берса бўлади.

Ёш шоир укам шундай шижоат билан ижод қилишида давом этса, бир кун келиб, «Сўз
боши» ёзганман деб фахрланишимга ишонаман. Аюбжон иккимиз бошқа-бошқа
мамлакатнинг фуқаролари бўлсак-да, аммо дунё ҳамжамиятида қилиб турган ишимиз бир.
Аюбжон, устоз шоирлар каби адабиёт ва санъатга меҳри баланд халқингиз юрагидан ўрин
оладиган ижодкор бўлишингизни астойдил тилаб ќоламан, бўш келманг, омад отининг
мард човандози бўлинг!

Ботиржон ЭРГАШЕВ,
Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси
адабий маслаҳатчиси, шоир.

****

ОТАЖОНИМ БОР

Аслида дунёда мендан бахтли йўқ,
Кимсалар отасин меҳрига ҳам зор.
Бахтим ошиб ётар, кўнглим эса тўқ,
Шукурки, бошимда менинг отам бор.

Борлигининг ўзи менга кифоя,
Дуоси ҳамиша қилар ҳимоя,
Суянганим доим ўзимга соя,
Шукурки, бошимда менинг отам бор.

Отам омон бўлсин, бошим осмонда,
Розилигин олиб юрай ҳар онда.
Отаси йўқларга жуда ёмон-да,
Шукурки, бошимда менинг отам бор.

Худо берган умри рост, узоқ бўлсин,
Фироқлари ундан минг йироқ бўлсин,
Бахтимда кўргани хўп қувноқ бўлсин,
Худога шукурки, отажоним бор.
ОНАИЗОРИМ

Гўдакликдан бошгинамни силаган,
Одам бўл, деб, узоқ умр тилаган,
Алла айтиб, бешигимга белаган,
Онам рози бўлсин, онаизорим.

Болам бошин кўксимга қўйсин, деган,
Ширингина меҳримга тўйсин, деган,
Ота-она хизматин қилсин, деган,
Онам рози бўлсин, онаизорим.

Қаранг, барча гуноҳларимдан кечган,
Онам ҳам мен каби оқ сутни ичган,
Куну тун меҳрла бағрида қучган
Онам рози бўлсин, онаизорим.
ОТАМ УЛУҒ ЗОТ

Йўл-йўлакай юрган карвонлардан ҳам,
Оллоҳ ато этган ширин жондан ҳам,
Момом ёпиб кетган иссиқ нондан ҳам,
Отам улуғ зотдир, отам улуғ зот.

Болдек мазаси бор ширин қанддан ҳам,
Толдек қотиб қолган жонсиз тандан ҳам,
Муҳаббати буюк ёрим, сендан ҳам,
Отам улуғ зотдир, отам улуғ зот.

Кутмаганда келган меҳмонлардан ҳам,
Фариштадек бўлган мезбонлардан ҳам,
Боғларни яшнатган боғбонлардан ҳам,
Отам улуғ зотдир, отам улуғ зот.

СЕВГИЛИМ

Саноқли кунларим ўтиб кетади,
Юракнинг яраси бир кун битади,
Соғинчларим сенга қачон етади,
Муҳаббати чексиз буюк севгилим.

Қайларда бўлсанг ҳам дейман: Омон бўл!
Ширин жонинг учун доим соғлом бўл,
Муҳаббат боғида ҳамон боғбон бўл,
Муҳаббати чексиз буюк севгилим.

Биз учун жаннат йўқ, сен шуни билсанг,
Майлига, бир бора тушимда келсанг,
Қанийди доимо ёнимда бўлсанг,
Муҳаббати чексиз буюк севгилим…

АЙИРМАСИН

Минг кунимга ярайдиган,
Кўнгилчамга қарайдиган,
Соч силикитиб тарайдиган
Юлдузимдан айирмасин.

Вафоли ёр бўладиган,
Қучоғимда тўладиган,
Шодон юриб куладиган
Юлдузимдан айирмасин.

Остонамга келган чоғи,
Ўчмасин ҳеч шамчироғи,
Яшнайверсин гўзал боғи,
Юлдузимдан айирмасин.

Дерлар Аюб ошиқ банда,
Остонамга ёр келганда,
Бизни қилимай ҳеч шарманда
Юлдузимдан айирмасин.

АЙИРДИЛАР

Гўзал ёрим, бошгинангиз балоси,
Қўлда торим, қошгинамнинг қароси,
Бегойимсиз, сиз бунчалар куйманг, ёр,
Айрилиқда йўқдир севги давоси.

Биламан, ёр, сиз сўзимнинг гадоси,
Сизда ҳам бор йигитларнинг шайдоси,
Эртакдаги Зуҳролардек бўлманг, ёр,
Айрилиқда йўқдир севги давоси.

Мен ҳам сиздек висолингиз адоси,
Фақат сиздур хаёлимнинг пайдоси,
Иккимизни бугун айирдилар, ёр,
Айтинг, нетай, недур унинг давоси.

ЯНГАМГА

Сўзларим ўтмади шу бугун сизга,
Умид боғлагандим бир гўзал қизга,
Насибахон насиб этмади бизга,
Эҳ, янгажон, бугун сиздан хафаман.

Ўғлимсан, дедингиз, боламдан ортиқ,
Сўнгра андуҳларни этдингиз тортиқ,
Энди ишқ ханжари юракка ботиқ,
Эҳ, янгажон, бугун сиздан хафаман.

Шоир бола бир кун унутар кетар,
Ширин дардларим ҳам ўзимга етар,
Юракнинг яраси бир куни битар,
Янгажон, барибир сиздан хафаман.

ҚАЙДАН ТОПАМАН

Жонимга жон бўлган сендек жононни,
Ёнимда ёр бўлган сендек ёронни,
Зуҳролардек севган сендек жайронни,
Сендай гўзал ёрни қайдан топаман?

Кулгу чеҳраларни сен очиб юрган,
Нозу ишваларни сен сочиб юрган,
Қўлим етмас кўкда сен учиб юрган,
Сендай гўзал ёрни қайдан топаман?

Юзингга бунчалар чирой ярашган,
Ҳуснингга ой, гул ҳам жон деб талашган,
Улуғ зот момолар сочин тарашган,
Сендай гулчиройни қайдан топаман.

АЙТ, НИМА ҚИЛАЙ?

Сен бунчалар гўзал, менга боқасан,
Сен ишон, барчага гулдек ёқасан,
Сочингга гулларни ўраб тақасан,
Сени севолмасам, айт нима қилай?

Мен ҳам ошиқ бўлиб сендек суйганман,
Телбалардай бўлиб, мен ҳам куйганман,
Муҳаббатни дея, жондан тўйганман,
Сени севолмасам, айт нима қилай?

Сен ҳали ғунчасан, бахтинг кулади,
Мендан ҳам гўзалроқ ёринг бўлади,
Ҳали сени излаб бахтинг келади,
Сени севолмасам, айт нима қилай?

Мени севадиган гўзал ёрум бор,
Куну тун мењримга бўлар интизор.
Шаънингни асрагин бўлмагим ҳеч хор
Сени севолмасам айт нима қилай ?

ЁЛҒОНЧИ ЁР

Майли, мен яшайман, бевафо, сенсиз,
Юрагимдан сени ўчира олмай,
Сен яшаб юрибсан, бевафо, менсиз,
Қайси бир сўзимни кечира олмай.

Наҳотки, шунчалар ҳам бағринг тошмиди,
Ўшал ёринг сенга ё сирдошмиди,
Сени жондан севган ул қуёшмиди,
Ваъдалари ёлғон, ташлаб кетган ёр.

Мен сендан жафолар, йўқ, кутмагандим,
Сенсиз ўзгалардан дард ютмагандим,
Сендан бошқаларга гул тутмагандим,
Ваъдалари ёлғон ташлаб кетган ёр.

КЕЧИРМАЙМАН

Гулим, сенга ошиқ эдим,
Висолингга лойиқ эдим,
Танҳо сенга содиқ эдим,
Энди сени кечирмайман.

Эй, бевафо, ёрим мани,
Жондан ортиқ жоним мани,
Ноласи йўқ зорим мани,
Энди сени кечирмайман.

Севишингни сўйлар эдинг,
Наво қилиб куйлар эдинг,
Куйларимда ўйнар эдинг,
Энди сени кечирмайман.

Кулгичимдан кулар эдинг,
Қучоғимда тунар эдинг,
Вафоли ёр бўлар эдинг,
Энди сени кечирмайман…

ШАФҚАТСИЗ ДУНЁ

Сен шафқатсиз, бевафо дунё,
Бор умримни сен хазон қилдинг.
Чиндан севган ошиқ ёримни,
Савдосини сен арзон қилдинг.

Раҳм қилмай, сен, бир кам дунё,
Гулчиройни сен адо қилдинг.
Жондан ширин ёрнинг меҳрига,
Мен ғарибни, сен гадо қилдинг.

Сен бунчалар шафқатсиз дунё,
Сендан ҳали ўчим оламан.
Ўйламагин жудо қилдим деб,
Мен ёримни севиб қоламан.

СЕВГАНИНГ УЧУН

Эссиз ёр, йўлингга гуллар сочарман,
Юрак дардларимни сенга очарман,
Сенинг сувратингни қўмсаб қучарман,
Мен телбани яхши кўрганинг учун.

Ортингдан доимо ҳурмат қиларман,
Мени севишингни ҳамон биларман,
Сенга узоқ умр, бахтлар тиларман,
Мен телбани ҳурмат қилганинг учун.

Тушларимда сени кўриб турарман,
То абад мен сени эслаб юрарман,
Бир куни ёнингга излаб борарман,
Мен телбани жондан севганинг учун.

ЯГОНА ГУЛИМ

Юзингдан ёғилар ойнинг шуъласи,
Кўзингдан ёғилар севги ишваси,
Сўзингдан ёғилар болнинг шираси,
Сен, қизлар ичида ягона гулим.

Сумбул сочларингни майин ўрарсан,
Секин қадам ташлаб, кулиб юрарсан,
Тушларингда бир кун мени кўрарсан,
Сен, қизлар ичида ягона гулим.

Дунёда сендек ёр бўлмаса керак,
Сенсиз ярим ой ҳам тўлмаса керак,
Сени кўрмай қуёш кулмаса керак,
Сен, қизлар ичида ягона гулим.

ГУЛЧИРОЙИМ

Гулчиройим, Гулчиройим,
Дунёдаги энг чиройим.
Висоллари болдек ширин,
Сен афсона, сен чиройим.

Қандай яшаб юрибсан менсиз,
Мен телбаман, ягонам, сенсиз.
Ўтиб кетди ширин туйғулар,
Орзулару севгимиз, эссиз…

Ёддан чиқмас сени сўзларинг,
Мени кутган қора кўзларинг.
Муҳаббати гулдан ҳам гўзал,
Ойдан тиниқ, ойдек юзларинг.

Наҳот мени унита олсанг,
Дилга њижрон дардини солсанг.
Оллоҳ сени доим асрасин,
Ўзга билан тоабад қолсанг.

СЕВМАЙМАН

Бор, боравер ёрингга,
Тегиб кетдинг жонимга,
Қайтиб келма ёнимга,
Энди сени севмайман.

Менга хиёнат қилдинг,
Севгимизни ер билдинг,
Мени унутгил дединг,
Энди сени севмайман.

Сендан гўзал ёр бисёр,
Уларнинг вафоси бор,
Мени сендек қилмас зор,
Энди сени севмайман.

НАВБАҲОР

Навбаҳор – янги баҳор, гўзал баҳор,
Ақли ҳушим олган ўзинг, Гулбаҳор,
Васлингга зор-зор қилма Интизор,
Бахтимга бўлгин дейман вафоли ёр,

Армонда қолмасин дилдаги борим,
Ҳажрингда ёнар бўлдим, Гулчиройим,
Оллоҳим берсин бизга бахт, иқболим,
Рад этма севар ёр бўлгин, Баҳорим.

ЯШОЛМАЙМАН

Осмон ойсиз яшаши мумкин,
Мен севгингсиз яшай олмайман.
Лола гулга ўхшаши мумкин,
Мен бошқага ўхшай олмайман.

Ғунча гулдек яшнаши мумкин,
Мен гулзордек яшнай олмайман.
Тойчоқ отдек кишнаши мумкин,
Мен отлардек кишнай олмайман,

Шеърим сенга бориши мумкин,
Мен ёнингга бора олмайман.
Сен дардингни ёришинг мумкин,
Мен дардимни ёра олмайман.

Кўз ёш тўкиб йиғлашинг мумкин,
Афсуски мен йиғлай олмайман.
Сен дилимни тиғлашинг мумкин,
Мен дилингни тиғлай олмайман.

ЎЧИМ БОР

Чин юракдан севган қиз,
Севгисидан тонган қиз,
Гулхан бўлиб ёнган қиз,
Ҳали сенда ўчим бор.

Севаман деб айтган қиз,
Сўзларидан қайтган қиз,
Мени ташлаб кетган қиз,
Ҳали сенда ўчим бор.

Жонимга, жон бўлган қиз,
Севишимни билган қиз,
Тушларимга кирган қиз,
Ҳали сенда ўчим бор.

СЕВАР ЁРИМ

Менинг қадримни билмай,
Ёки назарга илмай,
Бир умр қайтиб келмай,
Ўзгани хуш кўрдингми?

Жондан кечиб, қон ютиб,
Қайси саҳродан ўтиб,
Бошқаларга гул тутиб,
Ўзгани хуш кўрдингми?

Сен учун осон эмас,
Жонинг ҳам омон эмас,
Ойсиз бу осмон эмас,
Ўзгани хуш кўрдингми?

Бечора севар ёрим,
Девона севар ёрим,
Афсона севар ёрим,
Ўзгани хуш кўрдингми?

ТУШЛАРИНГДА КЎР

Осмондаги ойга боқ,
Мен ҳам ойга боқаман.
Юрагингга чироқ ёқ,
Мен ҳам чироқ ёқаман.

Ёринг билан бахтли бўл,
Мен ҳам бахтли бўламан.
Дарёлардек тошиб тўл,
Мен ҳам тошиб тўламан.

Доим қувнаб кулиб юр,
Мен ҳам кулиб юраман.
Тушларингда мени кўр,
Мен ҳам сени кўраман.

ЮРАК ЙИҒЛАДИ

Гулим, сендан хавотир бўлиб,
Соғинчларим юракка тўлиб,
Севган дилим бир куни сўлиб,
Ўксиб-ўксиб юрак йиғлади.

Гулчиройим омон бўлсин деб,
Остонаси райҳон бўлсин деб,
Унутмоғи осон бўлсин деб,
Ўксиб-ўксиб юрак йиғлади.

Энди ёрим келармикан деб,
Ё умрбод кетармикан деб,
Аҳволимни билармикан деб,
Ўксиб-ўксиб юрак йиғлади.

БЕВАФОНИНГ ЮРАГИ

Муҳаббатдан алданиб,
Севгига нуқта қуйдим.
Худо ҳаққи, ишонинг,
Севгимдан жудо бӯлдим.

Наҳот шафқатсиз дунё,
Алдаб мени суйдирди,
Ўлжа қаҳат келгандек,
Танлаб мени куйдирди.

Тошдан ҳам қаттиқ экан,
Бевафонинг юраги.
Истамайман ул ёрнинг
Йўқдир менга кераги.

ШОИРНИНГ ДАРДИ

Шоирларнинг дарди дилдан бўлакча,
Кўзига дунё тор, йўл ҳам йўлакча.
Ютган андуњлари оламга сиғмас,
Энг катта денгизлар бизга кўлмакча.

Шоирнинг сўзлари ғазал ва достон,
Тилдаги сўзлари бир боғу бўстон,
Шоирни севолган мухлисларига
Чин дилдан айтаман мен ёру дўстон.

Шоирлар сирини ошкор этолмас,
Дилдаги ноласин инкор этолмас.
Шеър ёзиб дунёни гўзал этса ҳам
Дарди йўқ кимсани ҳамкор этолмас.

ГУЛЧИРОЙИМ

Дарёлардан сув ошиб кетди,
Юрагимдан дард тошиб кетди,
Соғинчларим тез шошиб кетди,
Гулчиройим, сени соғиндим.

Сингилгинанг ўкситиб қўйди,
Ғийбатидан бир куни тўйди,
Соғинчларим бағримни ўйди,
Гулчиройим, сени соғиндим.

Кел, йўлимиз бўлмасин бошқа,
Бир ҳафта деб кетибсан Ошга,
Соғинчларим терилди қошга,
Гулчиройим, сени соғиндим.

Синовингдан бир кун ўтаман,
Ваъдаларинг эслаб кутаман,
Соғинчларим олиб кетаман,
Гулчиройим, сени соғиндим.

УЙҚУМ КЕЛМАДИ

Кўзимдан кўз ёш келди,
Фалакдан қуёш келди,
Чин дўсту сирдош келди,
Тунда уйқум келмади.

Ҳолим сўраб ёр келди,
Меҳр излаб зор келди,
Наво сўраб тор келди,
Тунда уйқум келмади.

Қиш ўтиб баҳор келди,
Дард ютиб анҳор келди,
Гул тутиб гулзор келди,
Тунда уйқум келмади.

Осмондаги ой келди,
Шарқираган сой келди,
Гул билан чирой келди,
Тунда уйқум келмади.

Кўнглимга нигор келди,
Қора кўз хумор келди,
Ширин сўз изҳор келди,
Тунда уйқум келмади.

Кўкдаги юлдуз келди,
Кеча-ю кундуз келди,
Дилимга бир сўз келди,
Тунда уйқум келмади.

Гулдан ҳам гўзал келди,
Достон ва ғазал келди,
Кимгадир амал келди,
Тунда уйқум келмади.

Бечора гадо келди,
Ёримдан видо келди,
Боримга жудо келди,
Тунда уйқум келмади.

Дарёлар оқиб келди,
Висол ҳам ёғиб келди,
Гуллари боқиб келди,
Тунда уйқум келмади.

Жонимга жонон келди,
Дардимга дармон келди,
Шундайин замон келди,
Тунда уйқум келмади.

Хушбўй атиргул келди,
Сайраган булбул келди,
Ёмғир билан дўл келди,
Тунда уйқум келмади.

Ёлғон муҳаббат келди,
Армон муҳаббат келди,
Сарсон муҳаббат келди,
Тунда уйқум келмади.

Сарвиравоним келди,
Оромижоним келди,
Соҳибжамолим келди,
Тунда уйқум келмади.

Севиб суймаган келди,
Ишқда куймаган келди,
Дардга тўймаган келди,
Тунда уйқум келмади.

Учиб кетган қуш келди,
Шоирга сўз жўш келди,
Меҳрибоним хуш келди,
Тунда уйқум келмади.

Кўзимдан кўз ёш келди,
Фалакдан қуёш келди,
Чин дўсту сирдош келди,
Тунда уйқум келмади.

ХУШ КЕЛИБСАН, БАҲОРИМ!

Дарахт куртак очмоқда,
Қуёш нурин сочмоқда,
Қалдирғочлар учмоқда,
Хуш келибсан, баҳорим!

Наврўз ажам келмоқда,
Ҳар рўз байрам келмоқда,
Юрак тўлиб тошмоқда,
Хуш келибсан, баҳорим!

Бойчечакларинг билан,
Гулчечакларинг билан,
Беланчакларинг билан,
Хуш келибсан, баҳорим!

Барчалар ўйнаб кулсин,
Зоғчалар ўйнаб кулсин,
Шодлик муборак бўлсин,
Хуш келибсан, баҳорим!

СЕВАМАН ДЕЙСАН

Севаман, севаман дейсан-у,
Севгимнинг қадрини билмайсан.
Сен билан бўламан дейсан-у
Бир бора йўқлаб ҳам келмайсан.

Чеҳрамнинг қувончи дейсан-у,
Мен билан қувончга тўлмайсан.
Юракнинг ишончи дейсан-у
Юрагим ишончи бўлмайсан.

Олақол жонимни, дейсан-у,
Олсам гар жонингни бермайсан.
Ёлғизим, ягонам, дейсан-у,
Ўзгага лабингни бурмайсан.

Ёргинам, ёрингман, дейсан-у,
Ёрга бахт эшигин очмайсан.
Висолга зорингман, дейсан-у,
Неларга меҳрингни сочмайсан.

ҲАЗИЛ

Тушларимда доим бирга бўлайлик,
Ўйнаб, кулиб, қувнаб, шодон юрайлик,
Ўтиб кетган севги гаштин сурайлик,
Менинг севгим сенсан, менинг севгилим.

Саратонда куйиб мен-ку, ёнмадим,
Сени суйиб севгимиздан тонмадим,
Ширин муҳаббатдан ҳали қонмадим,
Менинг севгим сенсан, менинг севгилим.

Мендан қочиб қаерларда яшайсан,
Қизғалдоғу атиргулдек яшнайсан,
Келаётган баҳоримга ўхшайсан,
Менинг севгим сенсан, менинг севгилим.

НОВЛИК ҚИЗГА

Ҳей, новлик мен суйган ќиз,
Келиб турарди тез-тез,
Зор бўлиб кутгандик биз,
Учрашувга келмади.

Жондан ортиқ севардим,
Соғинганда келарди,
Севишимни биларди,
Учрашувга келмади.

Кўз тегибди сўзига,
Ойдан тиниқ юзига,
Сўз бергандим ўзига,
Учрашувга келмади.

Келса қучиб кутардим,
Дардларимни ютардим,
Гулдасталар тутардим,
Учрашувга келмади.

КЕЛИНЧАК

Қора қалдирғочлар учган замонда,
Ёргинам ҳидларин сочган томонда,
Шумдек шўх янгалар жуда ёмон-да,
Ёр келинчагимни алдаб қўйдилар.

Шоирнинг севишин атайин билиб,
Жажжи юрагини беҳуда тилиб,
Бевафо янгалар қайлардан келиб,
Хор келинчагимни алдаб қўйдилар.

Ошиқларинг бисёр, қўявер, дея,
Жуфти ҳалолингни суявер, дея,
Ёрингнинг меҳрига тўявер, дея,
Зор келинчагимни алдаб қўйдилар.

Бўйнига тилладан сепларни тақиб,
Бошига ўт аро гулханлар ёқиб,
Менга эса нафрат кўзлари боқиб,
Гул келинчагимни алдаб қўйдилар.

МУҲАММАД ЮСУФГА

Келгин, соғинганда бир бор йўқлаб кел,
Кўзларим чироқдек ёнганида кел.
Бошимга энг оғир мусибат тушиб,
Эгилмаган бошим эгилганда кел.

Сендан нафас олай, ҳаво бўлиб кел.
Энг гўзал шеъримга наво бўлиб кел.
Висолинг соғиниб озор чекканда,
Бедаво дардимга даво бўлиб кел.

Қушлар маконимга оққуш бўлиб кел,
Ширин уйкуларда ё туш бўлиб кел.
Тунлари интизор бўлиб кутганда,
Қучоғингни очиб қумсаб, кулиб кел.

ОШИҚ БЎЛИШ ОСОНМАС

Ошиқ бўлиш асло осонмас, қизлар,
У сиздан чин севги талаб қилади.
Ишқнинг азобларин бошдан ўтказган,
Аюбжон исмли йигит билади.

Севгининг сирлари кўп айтаверсам,
Балки керак бўлар, йигит-қизларга.
Чин севги, тилдамас дилда бўлади,
Дилдан севинг дейман, дўстлар сизларга.

Дил севгиси менда бор, айтсам агар,
Бир гўзални чиндан то абад севдим.
Эшитсин деб, менинг дил зорларимни,
Ноласин ќўшиќда такрор куйладим.

***

Ўқувчи:
Устоз, кириш мумкинми?
Бугун дарсдан кеч қолдим.
Чойимни ичмай туриб
Китобга назар солдим.

Ўқитувчи:
Даврон, тўғрисин айтсам,
Бу сенга бўлган одат.
Доим сендан олдинда
Етиб келар Садоқат.

Ўқувчи:
Мен оқшом дарсни қилиб
Саҳар тура олмадим.
Кеч бўлса ҳам борай деб
Билганимдан қолмадим.

Ўқитувчи:
Яхши, ўтириб олиб,
Бу одатингдан қайтгин.
Ўтган дарсдан иккинг бор,
Тез чиқиб дарсни айтгин.

НИКОҲ ТЎЙИГА

Очилмаган гуллар очилиб турса,
Ҳидлари ҳар томон сочилиб турса,
Шундай гўзал келиннинг никоҳ тўйига
Ширин-шакар сўзлар ёғилиб турса.

Келинчак ёрига вафоли бўлсин,
Вафоли ёр ҳамон севинчга тўлсин.
Бу висол кечада икки юлдузнинг
Биз учун тўйлари муборак бўлсин.

ХЎЖАНДИМ

Шаҳарларнинг гўзали,
Менинг азиз хужандим.
Шеъларимнинг ғазали,
Ширин-шакар дилбандим.

Бундай чиройли шаҳар
Топилмайди жаҳонда.
Бошимга зар сочсалар
Алишмайман жононга.

Озодликка ярашган,
Ободликка қарашган,
Темурмалик талашган
Менинг азиз Хужандим.

КЎЗЛАРИНГГА СУР

Севгимиз баргини қўлингга олиб,
Соғинчли дардимни кўнглингга солиб,
То абад телбангнинг қадрини билиб,
Кўзингга сур, жоним, кўзларингга сур.

Бирга бўлган ширин кунимиз эслаб,
Етаклашиб юрган йўлимиз излаб,
Майли йироқлардан жонимини қийнаб,
Кўзингга сур, жоним, кўзларингга сур.

Софдек севгимиздан менга бахт тилаб,
Ќўлим етмас сунбул сочларинг силаб,
Сенга бўлган севгим ќадрини синаб,
Кўзингга сур, жоним, кўзларингга сур.

Ширин хаёлингга мени эркалаб,
Ойдек юзларингни ювсанг эрталаб,
Жаннат томонларга мени етаклаб,
Кўзингга сур, жоним, кўзларингга сур.

СЕН МЕНИ ЎЙЛАЙСАН

Сен мени ўйлайсан, мен эса сени,
Кўнглимиз яқиндир, йўлимиз йироқ.
Иккимизнинг борар жойимиз бир кун,
Бизни кутиб ётар шул майин тупроқ.

Шамоллардан сенга салом айтаман,
Тунлари ухлолмай қўмсаб ётаман,
Билмам бу аҳдимдан қачон қайтаман,
Сен мени ўйлайсан, мен эса сени,

Қачон кўникармиз, айт менга, гулим,
Қачон унутармиз, айтгин, севгилим,
Висолингни яна соғинди дилим,
Сен мени ўйлайсан, мен эса сени,

ҚАЙДАСАН, ГУЛЧИРОЙИМ?

Севар эдинг сўзларимни,
Силар эдинг юзларимни,
Синар эдинг кўзларимни,
Қайлардасан, Гулчиройим?

Кун бўйи ёнимда эдинг,
Тун бўйи ёдимда эдинг,
Кўзлари йўлимда эдинг,
Қайлардасан, Гулчиройим?

Қани мен-ла юришларинг,
Менга қараб кулишларинг,
Севинчларга тўлишларинг,
Қайлардасан, Гулчиройим?

Менинг учун жон берардинг,
Мени қумсаб сен келардинг,
Жоним акажон деярдинг,
Қайлардасан, Гулчиройим?

ИШОН

Қачон севинчларга тўлиб кетаман,
Менинг бахтим дея ўлиб кетаман,
Айрилиққа бир кун кўниб кетаман,
Гулчиройим, ишон, шу сўнгги сўзим.

Майли, мен бечора бахтли бўлмадим,
Сен билан умрбод қувнаб кулмадим,
Мен сенсиз ўламан дебон ўлмадим,
Гулчиройим, ишон, шу сўнгги сўзим.

Кўзимни юмсам ҳам сени кўраман,
Сендан ўзгаларга юзим бураман,
Ўлгунимча сени кутиб юраман,
Гулчиройим, ишон, шу сўнгги сўзим.


ШУ. ШУ. ШУ

Ишон, дўстим, ёлғон эмас,
Ширин жоним омон эмас,
Танлаганим ёмон эмас,
Юрагимнинг эркаси шу.

Биламан у қандай гўзал,
Шеър эмас бу, достон ғазал,
Ўзгалардан менга афзал,
Ҳаётимнинг эртаси шу.

Дунёлардан кўнглим қолди,
Қалбимга шу меҳр солди,
Хаёлимни шундай олди,
Уйимизнинг бекаси шу.

Кўнгилчамни шунга бердим,
Юлдузимга гуллар тердим,
Бир оз ширин хаёл сурдим,
Бор йўғимнинг эгаси шу.

ЖОН ГУЛЧИРОЙИМ

Биласан бу бевафо дунё,
Биласан бу бепарво дунё,
Биласан бу бенаво дунё,
Йиғламагин, жон Гулчиройим.

Тақдиримиз насиб этмади,
Бахтимиз ҳам кулиб кетмади,
Чин ноламиз кўкка етмади,
Йиғламагин, жон Гулчиройим.

Тушларимда нотинч бўлибсан,
Мени ўйлаб ғамга тўлибсан,
Менсиз атиргулдек сўлибсан,
Йиғламагин, жон Гулчиройим.

Нозик қўлинг менга етсайди,
Ғам-андуҳлар биздан кетсайди,
Дил яраси тезроқ битсайди,
Йиғламагин, жон Гулчиройим.

АБДУРАҲМОНОВА ШЕЪРИ
ҚИЗИМ СИЗГА ЎХШАСА

Пешонамда бўлса бир қизча кўрсам,
Қизимнинг исмини Г… қўйсам,
Юзимда табассум қувнасам кулсам,
Ўшал қизим сизга ўхшаса дейман.

Сиздайин доимо эсли ҳуш бўлиб,
Висоли паришон оппоқ қуш бўлиб,
Сиздек Зуҳроларга бир кун туш бўлиб,
Ўшал қизим сизга ўхшаса дейман.

Қизимни кўзимга суртиб юрардим,
Унга боқиб сизни эслаб турардим,
Қизимнинг аксида сизни кўрардим,
Ўшал қизим сизга ўхшаса дейман.

КЕЛСАНГ ЁНИМГА

Ширин жоним сенга фидо этарман,
Ўзгалардан кўнгил узиб кетарман,
Кўксингга бошимни қўйиб ётарман,
Дунёлардан кечиб келсанг ёнимга.

Нозик кўнгилчангга ҳамон қарарман,
Сумбул сочларингни майин силарман,
Ойдек юзларингни силаб юрарман,
Дунёлардан кечиб келсанг ёнимга.

Ойимларга ўзинг келин бўларсан,
Бахтингдан шод бўлиб қувнаб куларсан,
Ойдек келин бўлиб тўлиб юрарсан,
Дунёлардан кечиб келсанг ёнимга.


СОҒИНЧЛАРИМ

Сизни ёдга олар бўлсам,
Хаёлимда ёнимда сиз,
Йироқларда бўлсангиз ҳам,
Кеча кундуз ёдимда сиз.

Бир бор кўриб ўзингизни,
Тинглай ширин сўзингизни,
Кўзларимни гирён этиб,
Қийнайверманг гулингизни.

Ёнингизда борар эдим,
Қувончларим ичга сиғмай,
Учрашувга келмасангиз,
Кутар эдим ортга қайтмай.

Сиз мен томон учардингиз,
Мен сиз томон учар эдим,
Соғинчимни сизга бериб,
Сизни дилдан қучар эдим.

Абдураҳмонова шеъри

МЕНИ СЕВИБ ЎТМОҚДА

Кўнглида ғамлигу қайғуси билан,
Хаёлда шодлигу туйғуси билан,
Ширин тушларида уйқуси билан,
Севган ёрим мени севиб ўтмоқда.

Ўзи атиргулу гулга ўхшолмай,
Куну тун оромсиз гулдек яшнолмай,
Мен ерда, у кўкда менсиз яшолмай,
Вафодорим мени севиб ўтмоқда.

Йўлларимга гирён, интизор бўлиб,
Бағритош қўлида шундай хор бўлиб,
Бугун бегонага ночор ёр бўлиб,
Гулчиройим мени севиб ўтмоқда.

МЕНГА ТУРМУШГА ЧИҚАСИЗМИ?

Дунёдаги танҳо энг чиройли қиз,
Пойингизга бошим уриб чўксам тиз,
Шунча қизлар ичра танлаганим сиз,
Айтинг, менга турмушга чиқасизми?

Жоним десангиз агар жоним берарман,
Сиздек малакларга гулим терарман,
Ёвларим олдида кўксим керарман,
Айтинг, менга турмушга чиқасизми?

Нозик қўлингиздан гулоб ичарман,
Майлига, ҳаттоки жондан кечарман,
Энг бахтли кунимдан тахтлар бичарман,
Айтинг, менга турмушга чиқасизми?

Агар осмондаги юлдуз бўлсам мен,
Ҳам кеча-ю ҳамда кундуз бўлсам мен,
Оллоҳнинг йўлида чин сўз бўлсам мен,
Айтинг, менга турмушга чиқасизми?

ҚИЗИНГИЗНИ МЕНГА БЕРАСИЗ

Менинг ишонганим холажоним сиз,
Жонгинамдан ширин жонажоним сиз,
Ўзимнинг иккинчи онажоним сиз,
Ойдек қизингизни менга берасиз.

Майин сочларини тараб юрийман,
Гулдек юзларини силаб юрийман,
Қора кўзларини асраб юрийман,
Ойдек қизингизни менга берасиз.

Ёки қулоқчасин тишлаб қўяйму?
Йигитлар кўнглини ғашлаб қўяйму?
Беғубор қалбимни хушлаб қўяйму?
Ойдек қизингизни менга берасиз.

Бермасангиз агар олиб қочаман,
Бошимга балони гулдек сочаман,
Қизингизга қалбим сирин очаман,
Ойдек қизингизни менга берасиз.

БОЛАЛИК ЧОҒИМДА

Болалик чоғимда қувноқ ёш эдим,
Кўзлари қувнаган ой қуёш эдим,
Гўзалларга боқмас бир ювош эдим,
Яхшиларга ҳавас қилиб юрардим.

Дадамлар гоҳида дунё кезсалар,
Яхшилар томонга қўлин чўзсалар,
Охунжонга атаб шеърлар ёзсалар,
Дадамларга ҳавас қилиб юрардим.

Яхши одамларни даврада кўриб,
Уларнинг ортидан эргашиб юриб,
Кўчалар чангитиб давримни суриб,
Одамларга ҳавас қилиб юрардим.

Муҳаммад Юсуфнинг китобин ўқиб,
Муҳаббат майидан озгина бўкиб –
Қўлимдан келмаган шеърларни тўқиб,
Шоирларга ҳавас қилиб юрардим.

СИНГЛИМГА

Дадамнинг эрка қизи,
Онамнинг ширин сўзи,
Қалбимнинг нурли кўзи,
Сен онамга ўхшайсан.

Ҳаттоки хулқ-атворинг,
Тилдаги ширин болинг,
Тошдайин бўлсин жонинг,
Сен онамга ўхшайсан.

Гоҳо шодон кулишларинг,
Битмайди ҳеч ишларинг,
Гулдан гўзал тушларинг,
Сен онамга ўхшайсан.

Ўзимнинг сингилжоним,
Ёлғизим, жонажоним,
Иккинчи онажоним,
Сен онамга ўхшайсан.

ЯХШИЙДИ

Шодликсиз ғамдан кўра,
Гулижон ҳолим сўра.
Бу кунлардан бахтингга
Сўнганларим яхшийди.

Кўкда учиб юришдан,
Ширин хаёл суришдан,
Бу кунлардан кифтингга
Қўнганларим яхшийди.

Жоним қўмсаб яшашдан,
Девонага ўхшашдан,
Бу кунлардан шартингга
Кўнганларим яхшийди.

Бу азобли дардимдан,
Кўксимдаги гардимдан,
Шу кунларда кафтингга
ўлганларим яхшийди.

ШАРТ ЭКАН

Тақдирим қўлига қараб,
Ойимнинг кўнглига қараб,
Чиндан севган қизимни
Унутмоғим шарт экан.

Атиргулни ой юзини,
Севганимнинг қош кўзини,
Дилдан севган қизимни
Унутмоғим шарт экан.

Шаҳарларда ўқиш учун,
Синовлардан ўтиш учун,
Болдан севган қизимни
Унутмоғим шарт экан.

Муҳаббат ҳам бир аломат,
Нетайин минг надомат,
Жондан севган қизимни
Унутмоғим шарт экан.

Шарт экан, хўп шарт экан,
Лек буёғи дард экан.

ҚУВОНЧИМ

Керак бўлса майни сувдек ичаман,
Ёр томонга қанот қоқиб учаман,
Севганимдан эмас, жондан кечаман,
Кел, ёрингни олиб кетгин, десалар.

Танамдан жонимни узиб олсинлар,
Майли, қўлларимга ҳалқа солсинлар,
Севган ёргинамдан бугун тонсинлар,
Кел ёрингни олиб кетгин десалар.

Юрагим ўксиниб йиѓласа керак,
Бў сўзлар дилимни тиѓлиси керак.
Қувончим ичимга сиғмаса керак,
Кел ёрингни олиб кетгин десалар.

Мен Мажнун, у Лайли бўлиб бораман,
Дилдаги дардимни тўкиб ёраман,
Шодликдан доим ќувнаб юраман,
Гулчиройни олиб кетгин десалар.

УКАМ ЭЛДОРЖОНГА

Сен менинг укамдек кўнглимга яқин,
Яхши ришталарни этмагин чақин,
Мендан хафа бўлиб юрмагин тағин,
Ахир биз иккимиз бир тану бир жон.

Муҳаббат бобида порлаган укам,
Гоҳида сиз дейсан – Аюбжон акам,
Ҳеч кимга хор бӯлма бу дунё бир кан,
Ахир биз иккимиз бир тану бир жон.

Ширин сўзларим рост ва ҳалол, ишон,
Ёлғонга қўшилиб қилмагин нишон,
Гул боғидан чиқмай кулгин ва қувон,
Ахир биз иккимиз бир тану бир жон.

Сенга саломатлик, бахтлар тилайман,
Ким яхши, ким ёмон, лекин билмайман,
Жажжи юрагингни тирнаб тилмайман,
Ахир биз иккимиз бир тану бир жон.

…ГА

Қўлларингиз гул эди,
Сочингиз сумбул эди,
Сизни севган аслида
У мен эмас дил эди.

Мазорда бориб мен-ла,
Кафтимдан сув ичгансиз,
Жонингиз бериб менга,
Бағрингизга қучгансиз.

Ёрингиз бўла туриб,
Ёнимга ҳам келгансиз,
Йигитларга лаб буриб
Нечун мени севгансиз?

Кулгичлари гулхан қиз,
Ғунча лаби гулдан қиз,
Ҳаётида икки ёр,
Аммо мени севган қиз.

ДЎСТ ЭДИМ

Бағримни пичоқ тилган,
Севгимдан жудо қилган,
Дўстликни ўйин билган,
Мен шу билан дўст эдим.

Дўстликдан ин қурмаган,
Чин дўстликни кўрмаган,
Сирим сақлаб юрмаган,
Мен шу билан дўст эдим.

Изимни излаб юрган,
Кўзимни кўзлаб юрган,
Сўзимни сўзлаб юрган,
Мен шу билан дўст эдим.

Жудо бўлсам хўп кулган,
Ойдайин қувнаб тўлган,
Гул эмас, тикан юлган,
Золим билан дўст эдим.

ЎЛГУНИМЧА

Дўстлар мени телба деманглар,
Ҳолим сўраб ғамим еманглар,
Мен шахзода Маликамни
Ўлгунимча севаман энди.

У ҳаётда ёр-ла яшайди,
Лек хаёлда мен-ла яшайди,
Мен шахзода Маликамни
Ўлгунимча севаман энди.

Ёр исмини қизимга қўйиб,
То абад мен ҳижронда куйиб,
Мен шахзода Маликамни
Ўлгунимча севаман энди.

Мудом унинг кўнглида борман,
Ёрим бору лек унга зорман,
Мен шахзода Маликамни
Ўлгунимча севаман энди.

КЕТМА

Нозлари нозик малак,
Ёр, ўзимга сен керак,
Менга сендан йўқ бўлак,
Ўзгалар билан кетма.

Суймаганга жон бериб,
Куймаганга гул териб,
Ширин сўзларга эриб,
Ўзгалар билан кетма.

Бағримга бош қўймасдан,
Висолимга тўймасдан,
Қовоғингни уймасдан,
Ўзгалар билан кетма.

Ёр, менинг нигоҳим сан,
Суқлардан паноҳим сан,
Савобу гуноҳим сан,
Ўзгалар билан кетма.

ОШИҚНИНГ

Дунё ёлғон – рост экан,
Бой бойларга мос экан,
Ошиқнинг кўрган куни
Девона-ю, маст экан.

Жудо бўлса дош бериб,
Кўзларида ёш бериб,
Ошиқнинг кўрган куни
Девона-ю, маст экан.

Ухламайди тунлари,
Қон ютади кунлари,
Ошиқнинг кўрган куни
Девона-ю, маст экан.

Ошиқ бўлган пушаймон,
Азоб чекаркан ҳар он,
Ошиқнинг кўрган куни
Девона-ю, маст экан.

УНУТМАСАНГ БАС

Биздек дардмандларга қилишмас ҳавас,
Ёвлар энди бизни бахтиёр демас,
Майли, жоним, энди не бўлса бўлар,
Мени севганингни унутмасанг бас.

Ҳижронлар тагида кетсанг кўмилиб,
Армонлар сувига ётсанг чўмилиб,
Йўлларимга зор-зор ўтсанг термулиб,
Мени севганингни унутмасанг бас.

Бир кун ўғилчангга исмимни қуйиб,
Исмимни такрорлаб ўғлингни суйиб,
Меҳримга тўймадинг, исмимга тўйиб,
Мени севганингни унутмасанг бас.

Розиман ёнимга қайтиб келмасанг,
Сенга содиќлигим ќадрин билмасанг,
Майлига, доим мен томон елмасанг,
Менинг севганимни унутмасанг бас.

ЁНИМДА БИР ЁРУ…

Бошим силаб ёрим ёнимда ётар,
Армонли севгилим хаёлим тортар,
Соғинчларим дилга тош бўлиб ботар,
Ёнимда бир ёру, ёдимда бир ёр.

Бу қандай эзгулик билолмайман ҳеч,
Севганимни кўриб келолмайман ҳеч,
Гўзал ёрим ташлаб кетолмайман ҳеч.
Ёнимда бир ёру, ёдимда бир ёр.

Бу азобдан менга ўлим яхшироқ,
Бириси ёнимда, бириси йироқ,
Жуфти ҳалолим-чун яшайман, бироқ,
Ёнимда бир ёру, ёдимда бир ёр.

Ҳолимни қаранглар, эй ватандошлар,
Мени тушунолмас ҳеч бағритошлар,
Бизни дуо қилинг, жон қариндошлар,
Ёнимда бир ёру, ёдимда бир ёр.

ЁРДАН АЙРИЛМОҚ

Пешонамда бори мана шу экан,
Дардимни бахтим деб азобни кўрмоқ,
Аслида йўлларим гул эмас тикан,
Менга одат бўлган ёрдан айрилмоқ.

Аюбжон саргардон дебон кулманглар,
Менинг мушкулимга ғамхўр бўлманглар,
Дардимга даволар излаб юрманглар,
Менга одат бўлган ёрдан айрилмоқ.

Тақдирдан нолимай кўнишим ҳам шу,
Қайғу ситамларга тўлишим ҳам шу.
Бу кундан қутулмай ўлишим ҳам шу,
Менга одат бўлган ёрдан айрилмоқ.

Жони йўқ танамни олинг, розиман,
Ширин хаёлларнинг мен парвозиман,
Чолғунинг жарангсиз чиқмас созиман,
Менга одат бўлган ёрдан айрилмоқ.

СОҒИНИБ КЕЛДИМ

Кўникмай бир кечада,
Сизнинг қадрингиз билдим.
Куним қолди кўчада,
Сизни соғиниб келдим.

Йироқларга кетолмай,
Синовлардан ўтолмай,
Мен сизни унутолмай,
Сизни соғиниб келдим.

Ҳижрон дардидан қочиб,
Сиз томон елиб учиб,
Гўзал ёримдан кечиб,
Сизни соғиниб келдим.

Хўп денг, сиз билан қолай,
Нозик кўнглингиз олай,
Ўлсам сиз билан ўлай,
Сизни соғиниб келдим.

КЕЛИБ КЕТ

Ўтмай умрим фурсати,
Табассум-ла кулиб кет.
Соф севгимнинг ҳурмати,
Бир боргина келиб кет.

Соғинчларга ўзим бой,
Ҳануз кўнглимда бор жой,
Эссиз севгим, Гулчирой,
Соғинчимни олиб кет.

Ишва нозларинг билан,
Кўкда парвозинг билан,
пардоз андозинг билан,
Висолимни севиб кет.

Дардим дилга сиғмаган,
Кўзларим қон йиғлаган,
Юрагим зор тиғлаган,
Аҳволимни билиб кет.

СЎНГГИ БОР

Севди қизларни дилим,
Сочим толасидан кўп,
Келгин, азиз севгилим,
Сўнгги бор юзимдан ўп.

Нозли нозларингни қўй,
Шаҳду бол меҳримга тўй,
Сочларинг иси хушбўй,
Сўнгги бор юзимдан ўп.

Жаннатдек соҳибжамол,
Эй, қош-кўзлари ҳилол,
Сен-чун ўпич ҳеч малол,
Сўнгги бор юзимдан ўп.

Севгидан айриляпмиз,
Нигоҳдан қайриляпмиз,
Тақдирдан юз буряпмиз,
Сўнгги бор кўзимдан ўп.

ОЗОРИ ШУ

Кўзларингни кўр қилади,
Пешонангни шўр қилади,
Инсонларни хўр қилади,
Муҳаббатнинг озори шу.

Фиғони урар юракка,
Садоси чиқар фалакка,
Ҳалқасин солар билакка,
Муҳаббатнинг озори шу.

Дуч келтирар қалам қошга,
Сўнг урдирар бошинг тошга,
Давосиз дард солар бошга,
Муҳаббатнинг озори шу.

Жудоликни яхши кўрар,
Ердан олиб ерга урар,
Гўрдан олиб гўрга берар,
Муҳаббатнинг мазори шу.

КУТАМАН

Кутаман лаҳзалар ўтишин,
Кутаман яралар битишин,
Бошимга ғалвалар келса ҳам,
Кутаман ёр келиб, қайтишин.

Кутаман хаёлдан кетолмай,
Кутаман васлига етолмай,
Ҳаттоки заррача чидолмай,
Кутаман ёр келиб қайтишин.

Кутаман дардга даво излаб,
Кутаман ёр ваъдасин эслаб,
Мен учун бебаҳо битта гап,
Кутаман ёр келиб қайтишин.

Кутаман ўшал қалам қошни,
Кутаман тоабад сирдошни,
Ҳам вафоли, ҳам бағритошни,
Кутаман, кутаман, кутаман…

НИГОР

Мени қийнама, Нигор,
Ахир менда кўнглинг бор.
Бўлақол ўзимга ёр,
Севилмаган йигитман.

Кўз очиб кўрганимсан,
Юракдан урганимсан,
Биринчи севганим сан,
Севилмаган йигитман.

Нигоҳимдан қочмагин,
Ўзгага сир очмагин,
Тилдан заҳринг сочмагин,
Севилмаган йигитман.

Майли, нозли, эрка бўл,
Ҳаётимга эга бўл,
Ё кулбамга бека бўл,
Севилмаган йигитман.

ЁДИМДАСАН

Сендан кечолман узур,
Чунки хаёлимдасан.
Хаёлимда бир умр,
Доимо ёнимдасан.

Тунлари уйқумда-ю,
Ширин ҳис-туйғумдасан.
Хаёлан ўнгимда-ю,
Доимо ёнимдасан.

Йўлим узоқ дил яқин,
Унутиб қўйма тағин,
Ўтган кунларни соғин,
Доимо ёнимдасан.

Аммо сени кўролмам,
Сен-ла бирга юролмам,
Ёнингга ҳам боролмам,
Лек ҳамон ёдимдасан.

АЛДАЙВЕР

Сенинг алдовларинг жонимга далда,
Азроил жонимни олгунча алда.
Шунчалар алдаки, алдовларингга
Ўзинг ҳам алданиб қолгунча алда.

Майлига, алдайвер жондан тўйдириб,
Ёлғоннинг тафтига жоним куйдириб,
Бевафо экансан, васлинг суйдириб,
Ўзинг ҳам алданиб қолгунча алда.

Алдовларинг дилга болдайин ёқар,
Гоҳида кўксимни найзадек чоқар,
Ситамлар кўзимдан ёш бўлиб оқар,
Ўзинг ҳам алданиб қолгунча алда.

Алдовларинг билан тўлиб-тошсам, бас,
Шунда ҳам васлингни қиламан ҳавас,
Ошиғинг ёлғончи дебон атамас,
Ўзинг ҳам алданиб қолгунча алда.

БЎЛДИМИ?

Мени ҳаддан-да қўмсаб,
Кўзингга ёш тўлдими?
Қўмсабо қучолмайсан,
Шу ҳам ҳаёт бўлдими?

Дўстлар бизни айирди,
Қанотимиз қайирди,
Тақдир жабрини берди,
Шу ҳам ҳаёт бўлдими?

Лола чиқар тош қирга,
Сен кўкда-ю мен ерга,
Иккимиз бўлмадик бирга,
Шу ҳам ҳаёт бўлдими?

Мен мурда, сенчи , мозор,
Юраклар кўрди озор,
Сен менга, мен сенга зор,
Шу ҳам ҳаёт бўлдими?

МАЙЛИГА

Майлига, дунёда сув тошиб кетсин,
Майлига, дарёда сув ошиб кетсин,
Майлига ўт ёниб тез шошиб кетсин,
Лек севган ёрингдан жудо қилмасин.

Майлига, далалар ёниб кул бўлсин,
Майлига, ёмғирлар ёғиб кўл бўлсин,
Майлига, дўзахга бизга йўл бўлсин,
Лек севган ёрингдан жудо қилмасин.

Майлига дунёда пулдан кам бўлсанг,
Майлига чиройда гулдан кам бўлсанг,
Майлига соғлигу тандан кам бўлсанг,
Лек севган ёрингдан жудо қилмасин.

ДЎСТЛАРИМ

Курсдошларимга

Тоғлар гўзал, манзара гўзал,
Йигитларни шаънидир азал,
Менга ёқиб қолди шу ғазал,
Дам олишга борган дўстларим.

Тоғ устида бир кеча турдик,
У ерлардан оламни кўрдик,
Бир кеча-ю бир кундуз юрдик.
Дам олишга борган дўстларим.

Дўстлар билан чўққига чиқдик,
Ташвишлару ғамлардан кечдик,
Баҳор, қирни лолани қучдик,
Дам олишга борган дўстларим.

Дийдорлашиб, қувнашиб кулдик,
Наволардан севинчга тўлдик,
Бизлар бугун дусти-ёр бўлдик,
Дам олишга борган дўстларим.

БОШҚАЧА

Сиз ёмон демайман гулдек қизларга,
Ичимдаги гапим шудир сизларга,
Хафа бўлиб юрманг нодон сўзларга,
Рўмол ўраб юрган қизлар бошқача.

Бошяланг юрасиз, кимга ёқасиз,
Ойдайин бизларга кулиб боқасиз,
Ҳусн билан дарё бўлиб оқасиз,
Рўмол ўраб юрган қизлар бошқача.

Рўмол ўранг, ҳурмат қилайин сизни,
Кўйлаклари узун сиздайин қизни,
Кўнгилга олмасдан кечиринг бизни,
Фартук таќиб юрган ќизлар бошќача.

ЖОНИМГА ТЕГДИ

Қизларга ёлғондан кўнглимни очиб,
Уларга мењримни бењуда сочиб,
Олти ойга етмай ташлабон қочиб,
Қизларни алдаш ҳам жонимга тегди.

Дилрабо қизларни эрмак қилдим деб,
Бугун муҳаббатни эртак билдим деб,
Гулдек қизларга ҳам керак бўлдим деб,
Қизларни алдаш ҳам жонимга тегди.

Бевафо қизлар ҳам ваъдалар бериб,
Кўнгил хушлик учун севишиб юриб,
Бошқа ёрга тегиб кўксини кериб,
Қизларни алдаши жонимга тегди.

ХУДОГА ШУКУР

Яхшиям бахтимга, жоним, сен борсан,
Аммо менга эмас, ўзгага ёрсан,
Менинг телбагинам, меҳримга зорсан,
Борингга шукурлар, борингга шукур.

Телбагинам, мен ҳам бахтингга борман,
Нолимайман, шукур, ўзгага ёрман,
Лек унутма, мудом меҳрингга зорман,
Зоримга шукурлар, зоримга шукур.

Мен унмаган гўдак бошимга жудо,
Бир сўзга бўлгандим начора гадо,
Менга шоирликни берибди Худо,
Худога шукурлар, Худога шукур.

СЕВГИМ БОШҚАЧА

Балким, сиз биларсиз, ёки билмайсиз,
Чорангиз ҳам йўқдир, қайтиб келмайсиз,
Тушларимда ҳўнграб нечун йиғлайсиз,
Ахир сизга бўлган меҳрим бошқача.

Малакдек қизлар кўп, севсам севардим,
Қошу кўзларини майин силардим,
Сиз танҳо дунёда, буни билардим,
Ахир сизга бўлган зеҳрим бошқача.

Менинг сиздан олган дардим аримас,
Мен ўтиб кетсам ҳам севгим қаримас,
Сиздан ўзгаларни севсам арзимас,
Ахир сизга бўлган севгим бошқача.

Кўнгли нозик бўлар дейишар қизни,
Чин дилдан севсангиз унутманг бизни,
Ўзим бир кун излаб топаман сизни,
Ахир сизга бўлган сеҳрим бошқача.

БЕВАФО ҚИЗ…

Қўлларингдан тутиб қола олмадим,
Оёғингга бошим ура олмадим,
Қалбингга меҳримни сола олмадим,
Бевафо янгамнинг бевафо қизи.

Йиллар давомида зор-зор куттирдинг,
Бир шоир акангни қонлар юттирдинг,
Ўзга эмас, ўзгага қўлинг туттирдинг,
Бевафо янгамнинг бевафо қизи.

Лек мен бечорани ўйламадинглар,
Ювош бошим сийпаб сийламадинглар,
Ҳатто сўзларимни тенгламадинглар,
Бевафо янгамнинг бевафо қизи.

Шукурки, мен билан бир қишлоқдасан,
Дардларим устига дард қўшмоқдасан,
Менсиз бахт уйига тез шошмоқдасан.
Бевафо янгамнинг бевафо қизи.

СОВЧИЛАР

Гулимни гул дебон узиб кетманглар,
Гулдаги фикримни бузиб кетманглар,
Гулимдан айириб, кўзимни ёшлаб,
Бағримни беҳуда эзиб кетманглар.

Кўзлаган уйимга келган совчилар,
Кўз, оғзимни лойлаб кетган лойчилар,
Гулимдан айириб балони бошлаб,
Бағримни беҳуда эзиб кетманглар.

Ахир бу ўзимнинг ҳалол фариштам,
Одоб, ахлоқлари гўзал сариштам,
Гулимдан айириб кўнглимни ғашлаб,
Бағримни беҳуда эзиб кетманглар.

Нозлари ёқимли нозли бу малак,
Сизлардан ҳам кўпроқ ўзимга керак,
Гулимдан айириб ўзимни ташлаб,
Бағримни беҳуда эзиб кетманглар.

ЎЗИНГДАН ҚОЛМА

Чўнтагингда сариқ чақанг бўлмаса,
Жондан азиз ота-онанг бўлмаса,
Кийган кўйлагингга тугманг бўлмаса,
Ўзгаларни қўйгин, ўзингдан қолма.

Ўзгалар қўлида бечора бўлсанг,
Жигарларим бор деб овора бўлсанг,
Бу бир кам дунёда ночора бўлсанг,
Ўзгаларни қўйгин, ўзингдан қолма.

Етимдайин бир кун очликда қолсанг,
Меҳнат қилмасдан ҳеч ҳолингдан толсанг,
Ситамлар ўтида чўғ бўлиб ёнсанг,
Ўзгаларни қўйгин, ўзингдан қолма.

Кўчаларда санғиб юрсанг чангитиб,
Ошнолар уйини билсанг танг этиб,
Бошинг олиб кетсанг, келмагин қайтиб,
Ўзгаларни қўйгин, ўзингдан қолма.

ТЎЙИБ КЕТДИМ

Сизни бахтли этолмадан,
Васлингизга етолмадан,
Шеърларимни битолмадан,
Дунёлардан тўйиб кетдим.

Менга раҳми келмайдиган,
Ночорлигим билмайдиган,
Сўлдиради сўлмайдиган,
Дунёлардан тўйиб кетдим.

Йиғладима, ҳеч кулмасдан,
Ўлгим келди ёв ўлмасдан,
Ўн саккизга ҳам тўлмасдан,
Дунёлардан тўйиб кетдим.

Ёвларимга бўлдим фидо,
Куйдирдиму куйдим адо,
Яхши кундан йўқдир садо,
Дунёлардан тўйиб кетдим.

ЛОЙ КЎЧА

Лой кўчангдан ўтар бўлдим,
Қўшиқларим айтиб-айтиб.
Беғуборим хазон бўлдим,
Келақол, ўзимга қайтиб.

Етар энди қийнашларинг,
Ўз ёрингни сийлашларинг,
Куйдирди-ку ёз-қишларинг,
Келақол ўзимга қайтиб.

Юрагимда бир, ғулғула,
Кўзларим нам ёшга тўла,
Ўтинаман бошим сила,
Келақол, ўзимга қайтиб.

Дарвозангда кўзим қолди,
Лой кўчангда изим қолди,
Сенга айтар сўзим қолди,
Келақол, ўзимга қайтиб.

ДУГОНАСИ

Қора қошу кўзимни,
Қандайин бир сўзимни,
Мени севиб қолибди,
Севгимнинг дугонаси.

Мен чун тўлиб тошаркан,
Васлимга тез шошаркан,
Мен-ла бирга яшаркан,
Севгимнинг дугонаси.

Айтди дил изҳорини,
Бермаскан озорини,
Шайлади гул зорини,
Севгимнинг дугонаси.

Мен қизлар ичра сарсон,
Менга тутманглар осон,
Бири ой бири осмон,
Севгимнинг дугонаси.

ҚИЗЛАР

Ширин жонимни бериб,
Мен қизларни севаман.
Севишим билиб туриб
Қизлар мени севмайди.

Ўтга куйиб кул бўлиб,
Мен қизларни севаман.
Устимдан кулиб-кулиб,
Қизлар мени севмайди.

Бахтимни излаб-излаб,
Мен қизларни севаман.
Билмам кимларни кўзлаб,
Қизлар мени севмайди.

Йигитлар кам, қизлар кўп,
Мен қизларни севаман.
Дунёда қизлар тўп-тўп,
Аммо мени севмайди.

ШОИРЛАР

Шоирларнинг бағри носоғ дейдилар,
Дилозор телба деб билишар гўё.
Шоирлар энг оғир дардни ейдилар,
Ахир шоирларнинг ўзи бир дунё.

Қани, Муҳаммаддек бўлсайдим шоир,
Ақал Ботиржондек бўлардим Ботир.
Не азобни бошга солардим охир,
Асли шоирларнинг ўзи бир дунё.

Мен нодон, ҳозирча шоир эмасман,
Шоирлар олдида ғўрману пастман.
Лекин муҳаббатнинг майидан мастман,
Шоирлар зотининг ўзи бир дунё.

АЖАБ БЎЛДИ

Бизни кутмай бахти қаро,
Тегиб кетди кўнгли яро,
Ёрни севолмас экан,
Ажаб бўлди, хўп бўлди.

Татимайди ичган оши,
Нима қилсин қотган боши,
Аримас ҳеч кўзда ёши,
Ажаб бўлди, хўп бўлди.

Ёр кўнглидан жой бермабди,
Гул боғидан гул термабди,
Ё кўчоѓига сиғдирмабди,
Ажаб бўлди, хўп бўлди.

Ёр қўлида хор бўлган қиз,
Висолимга зор бўлган қиз,
Бегонага ёр бўлган қиз,
Ажаб бўлди, хўп бўлди.

ОНАМ ВА ДАДАМ

Онам дерлар, болам, қўй,
Хаёлинг ҳам ҳар жойда,
Тунлари ухламайсан,
Шоирликдан не фойда?

Дадам дерлар, ёзавер,
Янги шеърлар тузавер.
Дунёларни кезавер,
Шеъринг хўп ажойиб-да!

Онам: Бўлди. Ухлагин,
Юрак-бағринг тилмагин.
Эркалигинг қилмагин,
Шоирликдан не фойда?

Дадам мақтар ботир деб,
Мажнун эмас, Тоҳир деб.
Менинг ўғлим шоир деб,
Шеъринг кўп ажойиб-да.

ҚЎШНИ ҚИЗ

Меҳримни берайин деб,
Бегона бўлмайин деб,
Шу қизни севайин деб,
Қўшни қизни севгандим.

Болаликда шўх эдик,
Армонларда йўқ эдик,
Кулгуларга тўқ эдик,
Қўшни қизни севгандим.

Изҳоримни билмади,
Ё назарга илмади,
Севган ёрим бўлмади,
Қўшни қизни севгандим.

Шўхликни ташлаб кетган,
Кўзимни ёшлаб кетган,
Кўнглимни ѓашлаб кетган,
Қўшни қизни севгандим.

АДАШДИМ

Севгидан кўнглим қолиб,
Қалбимга олов солиб,
Дунёдан кўзим толиб,
Ёр танлашда адашдим.

Севдим гулдайин қизни,
Висолда ойдек сизни,
Ташлаб кетдингиз бизни,
Ёр танлашда адашдим.

Севмасам бўлармикан,
Ярим ой тўлармикан,
Ё қалбим кўнармикан,
Ёр танлашда адашдим.

Бу қиз бевафо экан,
Менга бепарво экан,
Куйсиз бенаво экан,
Ёр танлашда адашдим.

РУС ҚИЗИНИ

Хафа бўлманг, сингилларим,
Қалби тоза жон гулларим,
Севимли сиз кўнгилларим,
Рус қизини севиб қолдим.

Момоларим кулсалар њам,
Ғийбатимни қилсалар ҳам,
Телбалагим билсалар ҳам,
Рус қизини севиб қолдим.

Ўзбек қиздан кўнгил уздим,
Начора мен аҳдни буздим,
Бугун янги ҳаёт туздим,
Рус қизини севиб қолдим.

Рози бўлинг шуни олай,
Хўп десангиз олиб борай,
Рус қизининг ёри бўлай,
Рус қизини севиб қолдим.


ЧИН МУҲАББАТ ТОПМАДИМ

Соф севги изладим, чарчадим, толдим,
Асл дўст, сен қайда?
Мен қайда қолдим?
Бахт истаб юракка фақат дард солдим,
Чин муҳаббат, чин дўст топмадим.

Қанча гўзал ёрнинг сочин силадим,
Ошиқу зорларга ором тиладим,
Лайло, Зуҳроларнинг қўлин сўрадим,
Чин муҳаббат, чин дўст топмадим.

Азиз ёр ишқида бўлдим овора,
Муҳаббат меҳрига Аюбжон зора…
Кемтик бахтим дея бўлдим ночора,
Чин муҳаббат, чин дўст топмадим.

ЖУФТИ ҲАЛОЛИМ

Қачон бағримга бош қўйиб ётарсан,
Шому саҳарларни мен-ла отарсан,
Тун кўксимни қуёш бўлиб ёќасан,
Толеимда ёзган жуфти ҳалолим,
Ҳаётимда келган меҳри ҳилолим.

Тушларимда сени кўриб суйганман,
Сен учун шеърларни ёзиб қўйганман,
Билмайман, бу тақдир сен кимнинг қизи,
Сен малак экансан бу ойнинг сўзи,
Қадру қимматингга айланай ўзим,

Толеимда ёзган жуфти ҳалолим,
Ҳаётимда келган меҳри ҳилолим.
Бевафо қизларни севиб куйганман,
Сен учун шеъларни ёзиб қўйганман.

ҲАЁТ – ЎЙИН ЭМАС

Кимсалар борки, ўзгаларни қора қилиб, ўзларини оқ билишар. Аслида ким қора-ю, ким
оқлигини Тангримга қўйиб берсак, бизга фурсат буни кўрсатар.

Қизингиз ҳаётни ўйин деб билди,
Барчани олдида ёрни ер қилди,
Қай ерларга бориб қайтиб ҳам келди,
Мана энди айтинг, кимнинг айби бор?

Қизингиз қўлига қўл тегмагандим,
Ёвларни олдида бош эгмагандим,
Ҳақ йўлида юриб мен билмагандим,
Билганларим айтинг, кимнинг айби бор?

Муҳаббат майини қултумлаб ичди,
Фақат ёрдан эмас, мендан ҳам кечди,
Ким билади дейсиз, кимларни қучди,
Қадрдоним айтинг, кимнинг айби бор?

Бу шеърда мен яхши, у ёмон эмас,
Лек менга кифоя омон бўлса бас,
Майли, мени шоир демаса демас,
Эй дўстларим, айтинг, кимнинг айби бор?

www.munosabat.org

Share on FacebookShare on Google+Tweet about this on TwitterEmail this to someoneShare on LinkedIn