Рамиз Равшан: Нафас

ramiz ravshanАбдулкарим БAҲРИДДИН таржималари

РАМИЗ РАВШАН ҲАҚИДА СЎЗ

Рамиз Равшаннинг илк китоби 1970 йилда босилиб чиққанди. Илк китобга сўзбоши ёзган Акрам Айлисли шундай таъкидлаганди: «Рамиз Равшаннинг йигирма уч ёши бор. Буни айтмасак ҳам бўларди. Аммо масала шундаки, Рамизнинг шеърлари ва унинг ёши орасида ажиб бир уйғунлик бор…»

Рамизнинг иккинчи китоби орадан ўн етти йил ўтгач, 1987 йилда дунё юзини кўрди. Унга сўз ёши ёзган Комил Вали шундай таъкидлади: «Энди Рамизнинг қирқ ёши бор… Аммо «Кўк юзи тош сақламас»даги шеърлар энди Рамизнинг ёшига айни эмас. Улар ё жуда ёшдир, ё жуда қаридир… Мен Рамизнинг шеърини ўз сўзим каби бемалол онамга ўқиб бера оламан. Ўғлимга васият қиламан. Умримни бу шеърларда яшайман».

Рамизнинг метафораси шеърнинг бўй-бастичадир, илҳомининг жонида, руҳида, мажозидадир, ҳар шеъри мукаммал бир мажозий тамсилга айланиш даражасидадир.

Кўзимизнинг қобоғинда Рамизнинг ёзганлари унинг яратганларига айланади, биз бу дунёни бир бора ва абадий севиб қоламиз, бу дунёга қайтиб келмаслигимизни унутамиз, абадийликни юракдан ҳис қилиб нафас оламиз. Бу нафас ҳам бизнинг шеъримиздир. Шеърга айланмаган дил сўзларимиздир.

Рамизнинг шеърияти ўзликни англаш сари йўлда туғилган шеърлардир. У дунёдан фожиавий тарзда зериккандир: «Ахир, бундоқ ким зерикар – Оғзимда тилим зерикар, Чўнтакда қўлим зерикар. Йўлимга қизлар чиқсалар, Ёқамга бир гул тақсалар, Ёқамда гулим зерикар… Бу қайғунинг борми чеки, Бу на ғамдир дунёдаки?! Биламан, менга кўз тикиб, Қайдадир ўлим зерикар». У дунёга чизиқ тортади-да, кўз очиб кўрганларидан ториқа-ториқа онасига: «Мени қайтариб ичингга ол», – демоққача боради.

У «Кўзгу»га тикиларкан, кўзгу чатнаб парча-парча синади – у ўзини бундоқ кўргиси келмайди. Бир томондан, дунё уни қаритди, иккинчи томондан, дили ёшдир. Орзулари кўкка тортади, оёғи эса ерга ботган: «На қадар сўзлар бор сўзимдан ёшроқ, Энди чақирмоққа нафасим келмас. Энди бу дунёда ўзимдан ёшроқ Шеърларни ёзмоққа ҳавасим келмас». Аммо тириклик ва ўлим ёнма-ёндир, унинг чегараси ёлғиз Аллоҳга аёндир. Бироқ шоир шуни биладики, ўлимдан инсонни юлиб оладиган нарса илҳом тўлғоғида туғилган сўздир: «Сўнг нафас дунёда ҳар недан ширин, Шоир ҳам қарийди, ўлар, биламан. Сўзидан қон ҳиди келган шоирнинг Оғзидан сут ҳиди келар, биламан…»

Рамизнинг шеърини шарҳлашга, тушунтиришга уриниш кулгилидир. Уларни мутолаа қилиш керак. Улар ўзини ўзи тушунтиради. Ўзини ўзи ҳимоя қилади.

Таржимон

****


БИРОЗ УЗУН БЎЛДИ УМРИМ, ШЕКИЛЛИ…

Бироз узун бўлди умрим, шекилли,

Эҳтимол, дўстлар ҳам ториқди бироз…

Мени едирмоқдан чарчади дунё,

сувлари чарчади, нони чарчади.

Мени кездирмоқдан безди йўллари,

кўзимга боқмоқдан осмони чарчади.

Излаганлар истаб чарчади,

Бадгумон ёмонлаб чарчади –

бироз узун бўлди умрим, шекилли.

Йўллар товонимнинг остидан қочар.

Дейдилар туш бошқа,

бунақа бўлмас,

Шоирда иштаҳа бунақа бўлмас –

дўстлар ҳам ўзгача боқар юзимга.

Қанчалар дўстим бор,

шаҳар тўладир,

Кўпининг кўнглида кадар тўладир.

Жўрадан,

қардошдан,

ўзгадан ўксиб,

Бахтидан, ўзидан, кўзгудан ўксиб,

кўпи йиғламоққа баҳона излар.

Оз қолди, оз қолди, чиданг, дегайман,

Дўстлар, чиданг, мен кетажак кун етар.

Ҳеч нарсага кучим етмаса-да,

қора кийим кийдирмоққа,

дўстларни йиғлатмоққа

кучим етар…

Лекин кучим етмас, на қилай, ахир,

на қилай, ахир, мен шўрлик,

кучим етмаяпти бу дунёдан кетмоққа.

Бу дунё Дарбанд қалъаси,

На йўли бор, на йўлкаси,

Қардошим, одам боласи,

кучим етмас бу дунёдан кетмоққа.

Яшил-яшил майсалари

чирмашар қўл-оёғимга,

Рангпар булутлари босар бошимдан,

Сойлари сув олар кўзим ёшидан,

игнала гўр қаза-қаза,

тиззам-ла ер кеза-кеза

Ўтдим бу умримнинг ўттиз ёшидан –

кучим етмас бу дунёдан кетмоққа.

Кетимдан оғир бурганлар,

Шоирларнинг эҳсонини еганлар,

Шоир одам ёш ўлади, деганлар,

Менинг шоир бўлмоққа кучим етмас,

Ўлдиринглар мени, ўлмоққа кучим етмас –

кучим етмас бу дунёдан кетмоққа…

****

ҚАДРИМНИ БИЛМАДИ БУ ОДАМ МЕНИНГ…


Кўзгудаги аксим қаршисида

Билмадим, бу қайдан топди умримни,

Бир асов от каби чопди умримни,

Тоғларга, тошларга отди умримни.

Бу одам қадримни билмади менинг –

Аллоҳим, ол мени бунинг дастидан!

Кошкийди, умримни бу ер юзида

Бир ўзга одамга дуч айласайдинг,

Мени одам эмас, қуш айласайдинг

Ёки бир қоп-қора тош айласайдинг.

Мени бу одамга сен нега қўйдинг,

Аллоҳим, ол мени бунинг дастидан!

Ол мени, бер мени, ўзгаларга бер,

Синиқ ойналарга, кўзгуларга бер,

Бўлинай, юз бурда, минг бурда бўлай.

Бу одам юзимга боқа олмасин,

Мени ойналарнинг синиқларидан

тўплай олмасин ҳеч, йиға олмасин –

Аллоҳим, ол мени бунинг дастидан!

Бўлинсам, дардим ҳам бўлинар, балким,

ҳар дардим юз бурда, минг бурда бўлди.

Бир дардим қолмади ўзимдан улкан,

барча дардларимдан мен улкан бўлдим.

Бу ернинг устида, осмон остида

бўлинсам, ҳар бурдам ҳар ёнга тушса….

Қачондир, дилингнинг шод соатида,

Аллоҳим, қайтадан ёдингга тушсам,

Янгидан тўпласанг синиқларимни,

Синиқ қўлларимни, оёқларимни,

Оғзимни, бурним ва қулоқларимни,

Аллоҳим, янгидан яратсанг мени,

дунёда энг гўзал кўзгу бўламан.

Янгидан дунёга йўлласанг мени,

бу одам бўлмайман, ўзга бўламан –

Аллоҳим, ол мени бунинг дастидан!..

****

ҚОРА КИЙГАН АЁЛ

Кишилар бир бўлмас, отам боласи,

қўрқоғи бор,

марди бор.

Аммо ҳар кимнинг ўлганидан сўнг

қабри узра йиғлагувчи

Бир қора кийинган гўзал аёлдан

умиди бор.

Сен ўлганда

ким бўлади кўзларингни боғлаган?

Дўстингми бўлади?

Ётми бўлади?

Бу дунёда, балким, сен деб энг кўп йиғлаган

Сен энг кўп йиғлатган хотин бўлади.

Кўз ёшлари ювар қабртошингни,

Қабрингда тўлғониб

дейсан, худойим,

Йиллар бўйи мен йиғлатган бу аёл

қайда яна асрагандир

бу қадар кўз ёшини?!

Бирор марта

на сочини силадим,

на-да кўз ёшин артдим,

Қорачиғимга ботар энди

сочининг ҳар толаси,

Йиллар бўйи

бу аёлга мен, ахир, дард етказдим.

Нега энди чекар дардимни?!

Бу аёл қабр тошимни

ўпиб силагунча,

Мушти билан урса, урса яхши эди,

Қабримнинг устида қон йиғлагунча,

Қарғаб, қақшаб турса, яхши эди.

Кет, кета қол,

қора кийган аёл,

Йиғингни тўхтата қол, қора кийган аёл.

Бу қабр ҳам минг қабрнинг биридир,

етар, қабртошни босма бағрингга,

Барча мен деб йиғлаганлар тинчиди,

бас, гўр ичига томаётир, йиғлама…

****

ШАҲАРНИНГ ЁҒДУЛАРИ

Бу шаҳарнинг ёғдулари

Менга жим қўнишар, синглим.

Кўзларимдан ўтиб-ўтиб,

Юрагимга тушар, синглим.

Ёғду тушар уст-бошимга,

Усту бошим ёруғланар.

Ёғду тушар кўз ёшимга,

Кўзда ёшим ёруғланар.

Ёруғ тушар кунларга-да,

Ойларга-да, йилларга-да,

Мендан бироз илгарида

Ўттиз ёшим ёруғланар.

…Узоқлашар, узоқлашар

Қишлоғимиз қоронғуси.

Яна ҳам қоп-қоралашар

Қишлоғимиз қоронғуси.

Оҳ чекарман, оҳим кетар,

Борим кетар, йўғим кетар,

Кечалари уйқум кетар

Қишлоғим қоронғусига.

Янги кўйлагинг эгнингда,

Янги рўмолинг елкангда,

Қайга кетарсан, эй момо?!

-Қишлоғим қоронғусига…

Кесдилар, яна битдингиз,

Умримни яшил этдингиз,

Дарахтлар, қайга кетдингиз?

-Қишлоқнинг қоронғусига….

Бу шаҳарнинг ёғдулари

Ўрнимдан қўпорди мени,

Тирик қўймайин, қўймайин

Ёғдулар оборди мени.

Кўп турдим, тура билмадим,

Бунга не чора – билмадим,

Тош отиб ура билмадим

Шаҳарнинг ёғдуларини.

Кўндим охири, ярашдим,

Дардимни айтдим, танишдим.

Қоришдим, мен ҳам қоришдим

Шаҳарнинг ёғдуларига.

Ёруғландим, ёруғландим ,

Кимман – билинмайман энди.

Ёруғландим, ёруғландим,

Қаранг – кўринмайман энди…
****

ЗЕРИКИШ

Бу қандайин чарчоқдир,

Ахир, бундоқ ким зерикар?!

Чўнтакда қўлим зерикар,

Оғзимда тилим зерикар.

Зерикар қошим-қовоғим,

Зерикар кўрпам-тўшагим,

Уйга кирсам – уй-эшигим,

Йўл юрсам, йўлим зерикар.

Йўлимга қизлар чиқсалар,

Кулиб юзимга боқсалар,

Ёқамга бир гул тақсалар,

Ёқамда гулим зерикар.

Қайга отай бу қайғуни?!

На боши бор, на якуни…

Биламан, жим пойлаб мени

Қайдадир ўлим зерикар.

****

ШАМ

Фузулий ёдига

Юз йиллардир бир шам ёнар,

Шамоллар сўндира билмас

Минг-минглаб қўллар чўзилар,

Шуъласини тера билмас.

Қоронғудир сўлу соғи,

Ёнган шамнинг не гуноҳи?!

Эрийди, тўкилар ёғи,

Ўлар,

ўлар,

ўла билмас.

Томчи-томчи, зарра-зарра,

Кундан-кун узилган жон-ла,

Йиғлайди ҳар йиғлаган-ла,

Ҳар кулган-ла кула билмас.

Исинтирар шўрликларни,

Қўрқитади бўриларни.

Ёритади нариларни,

Ўз тубини кўра билмас.

 

****

 

Кетганлар қайтар узоқдан

 

Кетганлар қайтар узоқдан,

Чўпонлар қайтар овлоқдан,

Ўпичлар қайтмас ёноқдан,

Сўз қулоқдан қайтган эмас.

Худонинг берган кечаси,

Ёнар, ўт олар нечаси,

Парвоналар насл-насл

Шамчироқдан қайтган эмас.

Шоир одам кундуз-кеча

Ўз қонини симириб ичар.

Бўйига бичган оқ кафан –

Оқ вароқдан қайтган эмас…

****

 

ҚОРНИДА ТЎҚҚИЗ ОЙ КЎТАРГАН АЁЛ

 

Кеча-кечагача ёш боланг эдим,

бир ўйноқ, телбароқ ўғил эдим, она.

Кундуздан, кечадан,

чўлдан, кўчадан,

Душман таънасидан,

дўст гинасидан,

Неча қиз кўзидан, қиз юрагидан

узилдим, сигрилдим, суғрилдим, она.

Қайтадан қайтдим мен ўз аввалимга,

бир аёл ичига йиғилдим, она –

тўққиз ой қорнида кўтарган аёл.

Бу хира кўзларим тиниқди бирдан,

бирдан юрагимнинг туби кўринди.

Дунёнинг йўллари узилди бирдан,

бўйнимда толенинг ипи кўринди.

Умрим коса каби тушди қўлимдан,

синмаган нарсалар синувчи бўлди.

Бутун йўлларимни олдинг қўлимдан,

бутун йўлларимнинг сўнги сен бўлдинг –

тўққиз ой қорнидла кўтарган аёл.

Қорнида тўққиз ой кўтарган аёл,

бошимни тиззангга қўйиб йиғларман,

Бу ўтган умримнинг гуноҳларини

кўзимнинг ёши-ла ювиб йиғларман.

Юрагим минг ердан минг бир дард чекар,

дардиму ғамимни бўға билсайдинг.

Бу ўтган умримнинг устидан чизиб,

кошкийди, қайтадан туға билсайдинг –

тўққиз ой қорнида кўтарган аёл.

Балким, бошқа одам бўлардим шунда,

бу ғамни ўзимдан қува олардим.

Балким, севинардим, кулардим шунда,

балким, сени ҳам хуш сева олардим.

… Бир йўл бор

чўзилар то ўлимгача:

Бу йўл сабримдир менинг.

Қорнида тўққиз ой кўтарган аёл,

Қорнинг қабримдир менинг…

****


ДУНЁ МЕНГА ЖУДА ТАНИШ

 

Юрсам, изим улканлашар,

Жимсам – сўзим улканлашар.

Боқсам, кўзим улканлашар –

Дунё менга жуда таниш.

Унинг тоғи-дашти таниш,

Ёзи таниш, қиши таниш.

Кўзларимнинг ёши таниш,

Дунё менга жуда таниш.

Аввал ҳам келганманми ё?

Келгану кўрганманми ё?

Яшаган, ўлганманми ё –

Дунё менга жуда таниш.

****

 

ФАҚАТ СЕНИНГ ЮЗИНГ КУЛСИН

 

Менинг юзим кулган эмас,

Фақат сенинг юзинг кулсин.

Мени кўрса: “Амаки!” – деб,

Ўғлинг кулсин,

қизинг кулсин.

Мен-ку сенга ярашмадим,

Сўз демадим, талошмадим.

Юлдузимиз ёнишмади,

Кел,

сенинг юлдузинг кулсин.

Юз йил ғам кўрма, қарима,

Бир саҳар чиқиб йўлимга,

Туз сепсанг эски ярамга,

Ярам кулсин,

тузинг кулсин…

****

 

ЗУЛФЛАРИНГНИ ЕЛ БОСАДИР

 

Сочларинг тебранар тинмай,

Рўмолингни ел босадир.

Талпиниб, тута олмайман,

Ушла, мени тер босадир.

Ювиндим, терда ювиндим,

Охир чарчадим, тойиндим.

Қайтдим, кўрдимки, тўйингдир –

Кўрдим, сени эр босадир.

Сочингга гуллар тақарсан,

Бармоққа хино юқарсан.

Сен унда кўкка боқарсан,

Бунда мени ер босадир…

****


ҚЎЙ БЎЛМОҚЛИК ҚИЙИН ИШДИР

 

Бу дунёнинг азоби кўп,

Ҳаққидан ҳам ҳисоби кўп.

Қўйидан ҳам қассоби кўп –

Қўй бўлмоқлик қийин ишдир.

Бўйнингда арқон солланиб,

Бир тутам ўтга алданиб,

Еб, семириб, лаззатланиб

Қўй бўлмоқлик қийин ишдир.

Кундалар қорайган юртда,

Пичоқлар жон олган юртда,

Чўпонлар оч бўлган юртда

Қўй бўлмоқлик қийин ишдир.

Ит бўлиб ҳурмадик ойга,

Енгди бизни истиҳола,

Қўзи бўлмай туриб аввал

Қўй бўлмоқлик қийин ишдир.

****

 

ҚУРБОНЛИҚҚА ОЛИНГАН ҚЎЗИ

 

Бу ҳовлида ётган қўзи,

Уйқуда кўрганинг недур?

Нафасларинг тотли, узун,

Ўт каби терганинг недур?

Тотланиб, вақтинг чоғланиб,

Қизил бўйинбоғ боғланиб,

Туморланиб, безакланиб,

Бу уйга келганинг недур?

Севинарсан, ҳозир тўқсан,

Яшил ўтдир қайга боқсанг…

Мен биламан – қурбонлиқсан,

Бас, сенинг билганинг недур?!

***

 

БЎРИ

Воқиф Самадўғлига

 

Балким, мен ҳам бўри эдим

Дунёнинг азал вақтида,

Ҳали тузук тили чиқмай,

Ҳар жоннинг cассиз вақтида.

Ҳар дарахти, гули номсиз,

Чумолиси, фили номсиз,

Кўп нарсалар ҳали номсиз

Айланиб, кезар вақтида.

Бир эди ҳамманинг бахти,

Йўқдир хушбахти, бадбахти,

Балиқларнинг учган вақти,

Қушларнинг сузар вақтида.

Балким, сўз ҳам бекор эди,

Ҳамма нарса дилбар эди,

Бўрилар ҳам емас эди

Дунёнинг гўзал вақтида.

****

 

НОЗИК КАПАЛАК МУРДАСИНИ ТАЛАШАЁТГАН

ҚОРА-ҚОРА ЧУМОЛИЛАР

 

Қора-қора чумолилар,

капалакни найладингиз?!

Тўпландингиз, тўп бўлдингиз,

Қанот-қанот қўпордингиз,

Ташидингиз, обордингиз,

капалакни найладингиз?

Айрилди кун ёруғидан,

Кўкнинг камалак туғидан,

Қулоғим битди, том битди

Гулларнинг қичқириғидан,

капалакни найладингиз?

Дарди тушар оғизларга,

Дод айлар, чақирар сизни.

На едирар, на тўйдирар,

На қишдан чиқарар сизни,

капалакни найладингиз?!

****

 

ОДАМ

 

Дўстим Нотиқ САФАРОВга

 

Энди мени ким овутар,

Эй, мени овутган одам?!

Ўзга дардин кўрган вақти

Ўз дардин унутган одам.

Хуш сўзини, қилиғини,

Гўдакдай соф йўриғини,

Дастурхонин бор-йўғини

Еру кўкка тутган одам.

Дунёда на сув, на ўт бор,

Дунёда на дўст, на ёт бор,

Аллоҳдан кейин бир от бор:

Одам,

Одам,

Одам,

Одам!..

****


АЙРИЛИҚ

 

Яна бир шаҳарда юзма-юз келдик,

Начора, бошқа бир шаҳаримиз йўқ.

Эўтимол, биз бахтли бўла олардик,

Эҳтимол, бахтлимиз,

хабаримиз йўқ.

Орадан шунча йил ўтиб кўрганда –

Таний олмадим мен,

мени кечиргин.

Ўйлардимки, сенсиз ўлиб қоларман,

Мен ўлмадим сенсиз,

мени кечиргин!

“Ўлмадим…” – деяпман, не билай, ахир,

Эҳтимол, мен сенсиз ўлиб қолганман,

Қабрсиз, кафансиз ўлиб қолганман.

Эҳтимол, биз унда айрилмасайдик,

На мен эндигийдим,

на сен эндиги –

Айрилдик, шайтонни кулдирдик унда:

Бу йилнинг,

бу ойнинг,

бу куннидаги

Мана шу кўчанинг шу бурчидаги

мени ҳам, сени ҳам ўлдирдик унда.

Сўлимиз, соғимиз одамга тўла,

Қўл ушлашиб эрлар, хотинлар ўтар.

Ўзидан хабарсиз,

умрида минг бор

Ўзини ўлдирган одамлар ўтар,

Ўтар ўз қонига ботган одамлар.

Дарвоқе, қон қани?

Қон, ахир, йўқдир…

Ҳамма гуноҳкордир дунёда,

аммо

Дунёда ҳеч кимнинг гуноҳи йўқдир.

Бизсиз битилмишдир бу толе, бу бахт,

Палаҳмондан учган бир жуфт тошмиз биз.

Балким, бу дунёда

ўн-ўн беш йилмас,

Бундан минг йил аввал айрилмишмиз биз.

Ҳалол йўлимизни қўйиб,

не учун

Адашдик, бир ўзга йўлдан кетдик биз.

Балким, минг йил аввал саҳв тушиб недир,

Минг йиллик хатога қурбон кетдик биз.

Алмашди ўрнини, балким, қиш-баҳор,

Қоришди дунёнинг шаҳари, кенти.

Балким, ўз ичида ўгай оналар

Ўгай болаларни кўтарар энди.

Умрим бошдан оёқ ёлғондир, балким,

Толеим ўзгадир ростдан ҳам менинг.

Ҳув йўлдан ўтган қиз

онамдир, балким,

Эҳтимол, ўғлимдир бу ўғлон менинг.

Бу ёлғон умримда

сен ўзинг несан?

Балким, ҳеч севгилим эмассан менинг.

Онамсан,

синглимсан,

момомсан,

кимсан?!

Фақат Аллоҳ билар, кимимсан менинг.

Бизни ким айирар бу айрилиқдан,

Етмас додимизга на йўл, на кўприк.

Ўликсан, тириксан, ҳар несан, тўхта!

Тўхта, ҳеч бўлмаса, қўлингдан ўпай…

Дегайсан: “Ўлганман мен, ўликни ўпма…”

Қўлимнинг кафтида

қўлинг увушар.

Дегайсан: “Хайрингни берсин, қўлимни ўпма,

қарагин, қўлимдан қон иси келар…”

****

 

ЙЎҚЛОВ


Расул муаллим ва Нигорхоним хотирасига

 

Золим дунё – ўз ишида,

Келишида-кетишида,

Кел, йиғлайлик, етмишида

Севгилидек ўлганларга.

Юраги минг хил дард кўриб,

Кўзи минг хил сифат кўриб,

Гўзал-дилбар умр суриб,

Гўзал-дилбар ўлганларга.

Ўтиб бутазор тўсиндан,

Тиконларнинг орасиндан,

Қон сизса ҳам ярасиндан,

Қўлда чечак ўлганларга…

****

 


БУ ДЕРАЗА СЕНИКИДИР

 

Сеникидир бу дераза,

Ипак пардаси қалқадир.

Деразангда бегонанинг

Қора кўлкаси қалқадир.

Ўтиб сўлу соғдан энди,

Боқарман узоқдан энди.

Мен чеккан бу оҳдан энди

Бу ернинг юзи қалқадир.

Тебранар майса, япроғи,

Тебранар тошу тупроғи.

Ердан кўкка чиқар оҳим –

Ойу юлдузи қалқадир.

Қалқадир эшик-деразанг,

Хўрсиниб, йўлга боқарсан.

Зилзиладир, йўқса нега –

Деразанг ўзи қалқадир?!

****

 

БОШИ КЕСИК ГЎЗАЛ ТУТ

 

Пилла қуртига едириш учун чавақланган тутларга

 

Боши кесик гўзал тут,

бу доғни сенга ким суқди?

Болтани сенга ким урди,

пичоқни сенга ким суқди?

Ипакғипак япроқларинг

қуртлар аро таландими?

Билакдай оқ бутоқларинг

ўчоқларга қаландими?

Куйдингми қисматнинг аччиқлигидан?

Золимлар қайтмади золимлигидан,

Йиқилдинг қўл етмас баландлигингдан,

боши кесик гўзал тут…

Гўзал тутим, изиллама, бўзлама,

на болталар, ка пичоқлар қолажак.

Самовотдан йиқилсанг-да, ғам ема,

сен йиқилган самовотлар қолажак.

Дунёнинг қуртлари ўтар,

қори, ёғиши ўтар,

Қатор-қатор қуши ўтар,

Тош отарлар – тоши ўтар

сен йиқилган баландликдан.

Умидли кўзлар тикилар,

Ёш ниҳолчалар экилар

сен тўкилган баландликда…

Мендан сенга салом бўлсин,

боши кесик гўзал тут!

Болам бўлса, боланг бўлсин,

боши кесик гўзал тут.

Эгилиб кўксингга бошим қўярман,

суягим най қилиб чаласан менинг.

Пойингга бир уй бўлар ошни уярман,

уйимнинг тиргаги бўларсан менинг.

Гўзал тут,

яраларинг битсин, соғайсин.

Бу дунёда на болталар,

на пичоқлар қолажак.

Самовотдан йиқилсанг-да,

яна жонинг соғ бўлсин,

Бу дунёда

сен йиқилган самовотлар қолажак…

****

 


БЎҒИЛАР

 

Дунёнинг суви булғанар,

Балиқ деб қармоқ бўғилар.

Булғанар, кўки булғанар,

Кўкида Аллоҳ бўғилар.

Кўп чўккан ерида чўкар,

Додига келган ҳам чўкар.

Ақлли чуқурроқ чўкар,

Саёзда ахмоқ бўғилар.

Бирови нағмали-созли,

Бирови боши қафасли,

Бирови кўйлак-либосли,

Биров яланғоч бўғилар…

****

 

ЙИҒЛАМА, БИНАФША МОМО

 

Йиғлама, Бинафша момо,

Ахир, не бор йиғлагулик?

Совға бер беш неварангга

Тугунчали, боғламали.

Ким кўз тутди, ким унутди,

Ким бу дарддан хабар олди?

Ўғилларни уруш ютди,

Неварангни шаҳар олди.

Оқ сочлар деб дард айлама,

яшил-яшил ўтлар чиқса.

Кўкни тутиб лўпиллама

йиғлаган булутлар чиқса,

йиғлама, Бинафша момо!..

Ёзасан: “Кўзим йўлдадир…”

Ёзасан: “Қаддим букилди…

Ўт ўрган қўллар қайдадир –

Ўтлар сарғайиб, тўкилди…”

Мактуб ёзмоққа вақт қани,

Ҳар дам ўзинг йўқла бизни.

Сарғайиб сўлган ўтларнинг

Қарғишидан сақла бизни, –

Йиғлама, Бинафша момо!..

Бошингдан қув хаёлларни,

Хаёллардан бош айланар.

Поездларнинг қаторидай

Кўзларингда ёш айланар.

На яқинда, на узоқда,

Ўроқ ўрган пичандамиз.

Ҳали одам бўлмасак-да,

Қўрқма, одам ичиндамиз,

Йиғлама, Бинафша момо.

****

 

ДУНЁ БЕХОС ЁРУҒЛАНСА

 

Бир офтоб чиқса бир кеча,

Дунё ногоҳ ёруғланса,

Шаҳар-шаҳар, кўча-кўча,

Ётоқ-ётоқ ёруғланса.

Кўрардик, кимларнинг қўли

кимларнинг қўйнидан чиқар.

Кимлар эгила-эгила

кимларнинг уйидан чиқар.

Ойдин кун бўлса бир кеча,

Минг-минг турли гуноҳ кўрсак.

Устини ёпа олмаса,

Дунёни яланғоч кўрсак.

Бошимизга нима келар,

ақлимиз шошар, эҳтимол.

Ҳамма бирдан бош кўтариб,

дунёдан қочар, эҳтимол.

Бас, ким қолар бу дунёда,

Гўдаклар қандоқ уйғонар?!

… Яхшиямки, бу дунёмиз

Секин-секин ёруғланар…

****


ҲАСРАТ

 

Бир тупроқ парчаси қувар кетимдан,

гўёки бўйимга бичилмиш менинг.

Узилиб қишлоқнинг ой шуъласи-ла

қурбақа овозли

оқшомларидан,

Узилиб уйлардан, одамларидан

бир тупроқ парчаси қувар кетимдан.

Поездда, мошинда

Кўнгли айнийдиган Бинафша момом

бир парча тупроқнинг тушар кетидан,

югурар, югурар, етолмас аммо.

Бир тупроқ парчаси кезар шаҳарда,

Мени ахтармоқдан безар шаҳарда.

Ёруғ рекламалар тешар кўзини,

Йиғлагиси келар, йиғлай олмайди.

Охири ўзини асрай олмайди –

Кенгиш кўчаларнинг

Кумуш асфальтига ташлар ўзини,

Ғилдирак тагига ташлар ўзини…

Бир тупроқ парчаси қувар кетимдан,

Кошки келиб топса бу кундан мени.

Шу шаҳар ичида

ёлғиз қўймасайди ўзиндан мени.

Кечалар шу тупроқ парчаси узра

Бир дарахт эксайдим,

бир уй қурсайдим,

Келин келтирсайдим қишлоғимиздан…

****

 

ҚАРИЛИК

 

Ёлғизлик бошланар бундан буёғи,

қочиб қутулмассан, отам боласи.

Ойларни, йилларни тутсанг бўйингга,

Сойларни, чўлларни тутсанг бўйингга,

ўлчаб етолмассан, отам боласи.

Энди кўплар билан орам совуган,

кўплар омадимга севинмас энди.

23 ёшимда мени севганлар

33 ёшимда севолмас энди.

Мен, ахир, на Чўлман,

на Йўл,

на Кўча,

Ахир, ҳамманики бўла олмайман.

Мени севганлар деб ўла-ўлгунча

23 ёшимда қола олмайман.

Қанчалик сўзлар бор сўзимдан жасур,

энди чақирмоққа нафасим йўқдир.

Энди бу дунёда ўзимдан жасур

сўзларни ёзмоққа ҳавасим йўқдир.

Йиғини бас қилди, тинди шеърим ҳам,

қариди мисралар, сўзлар мен билан.

Дўстлар ёшлигича қолар шеъримда,

қаримоқ истамас дўстлар мен билан.

Илоҳим, қарилик шундай экан-да,

дўстлардан жимгина узилар одам.

Умр лойқаланган сувдай экан-да,

озайгани сари тозарар одам.

Ичиму ташимнинг занги ювилар,

сатрлар кўкарар бу оқ вароқда.

Узоқдир юрак-ла қўлнинг ораси,

хайрият, ўлмадим шу оралиқда.

Сўзлар юрагимдан қўлимга етди,

бироз сарғайди ва сўлди, на илож.

Бироз жасурлиги, шўхлиги йитди,

гина қилмасинлар, йўл-да, на илож.

Энди болта кесмас ақлим кесганни,

тириклик тотини биламан энди.

Бу кўҳна дунёда ҳар нафасимни

дарахтдан мевадай тераман энди.

Сўнг нафас дунёда ҳар недан ширин,

шоир ҳам қарийди, ўлар – биламан.

Сўзидан қон хиди келган шоирнинг

оғзидан сут хиди келар – биламан.

Бу дунё бир қайнар қозондир, илло,

сўндирмас ўтини на қор, на ёмғир.

Бу дунёдан кетиш осондир, аммо

дунё-ла чиқишиб яшамоқ оғир…

****

 

Кетсак биз бўлмаган ерга

 

Кел, қўл-қўлни тутиб кетсак,
Кетсак биз бўлмаган ерга.
Бор дардни унутиб кетсак,
Дардимиз бўлмаган ерга.

Бунда қўйсак ўзимизни,
Бу тиришган юзимизни,
Бу эскирган сўзимизни,
Кетсак биз бўлмаган ерга.

Бир кимса олмасин хабар,
Кел, чиқиб кетсак бир саҳар.
Бу уй, бу кўча, бу шаҳар,
Бу денгиз бўлмаган ерга.

Одам ўғли оз топилар,
Сен деган дўстинг сотилар,
Бу Рамизни ким оборар
бу Рамиз бўлмаган ерга?!

****

 

Ким айтар, уйқуда ўлмоқ осондир?..

 

Дейдилар, уйқуда ўлмоқ осондир…
Ўзинг ҳам билмайсан, нечук ўлурсан.
Саҳар сокин эшитарсан азонни,
Уйқудаги сокинликда ўлурсан.

Кўзу кипригингдан айрилар жонинг,
Руҳинг баданингдан учар қуш каби.
Қўлингда қолмайди дардинг, дармонинг,
Ташвишга қўймайсан уйда ҳеч кимни.

Ким айтар, уйқуда ўлмоқ осондир?..
Ким билар, қандоқ бу – уйқуда ўлмоқ?
Балким, бу энг буюк дарддир, азобдир,
Энг тор исканжадир уйқуда ўлмоқ.

Бир кўз кипригинг ҳам уйқуда балким,
Йилларча белингда тош ташийдирсан..
Нафасинг кесилар охирда балким,
Умрингни тошларга бағишлайдирсан.

Бир кўз кипригинг ҳам уйқуда балким,
Жаллод болтасидан узилган бошинг.
Унда қизил қонинг оққандир балким
Ёстиққа оққандир унда кўз ёшинг.

Уйқуда ўлмоқдир энг роҳат ажал…
Бу ҳам бир ёлғончи тасаллимиди?
Кўрарсан, уйқуда сени бўғган қўл
Душман қўлимиди, дўст қўлимиди?

Недир бирдан унда умринг боғлаган?
Дилга оқиб тушган бир томчи қондир.
Кимдир қабринг узра додлаб йиғлаган?
Балким, у уйқуда сени бўғгандир.

Кеча қўрқув солар уйқумизга-да,
Тебранар кимнингдир қора кўлкаси.
Балким чизиқ тортсак уйқумизга ҳам,
Ҳеч ким тушимизга кира олмасин.

Балким ҳеч ётмасмиз – ҳар ётганнинг-да,
Агар уйғонмаслик қўрқувси бўлса.
Балким ҳеч ётмасмиз – умр сўнгида
Сокин бир ажалнинг уйқуси бўлса.

Аммо уйқунг келар – кўрарман, эвоҳ;
Ана, секин-секин юмилар кўзинг.
Ёт… тонгда уйғонмоқ умиди ила…
уйқунг ширин бўлсин –
ухла, азизим…

****

 

Не бор Аллоҳдан юксакда?

 

Не бор Аллоҳдан юксакда?
Не бор қабрдан қуйида?
Чекканим оҳдан юксакда?
Билганим сирдан қуйида?

Нега куннинг кундузида
Қушлар учар кўк юзида?
Кўз ёшлари қуш кўзидан
Томчилар дондай қуйига.

Дема, биз ки қуш эмасмиз,
Аллоҳга таниш эмасмиз…
Руҳим, тур, тамом, кетайлик,
Сен юксакка, мен қуйига…

****

 

Секин-секин севдим сени

 

Секин-секин севдим сени,
Ҳар кун бир оз-да севдим.
Энг кўп бу қиш севдим сени,
Қорда, аёзда севдим.

Қара, биз тезда исиндик,
Ҳаволар увушганда.
Одамлар қалин кийиниб,
Дарахтлар совушганда.

Қор остидан бош кўтарган
Чечакдек севдим сени.
Оловига исинганим
Ўчоқдек севдим сени.

Ҳали бундоқ севмагандим
Умрим бўйи ҳеч кимни.
Сени севдим қор устида
Дон ахтарган бир қуш каби.

Қўрқа-қўрқа бу тонг чоғи
Лол боқарсан нега сен?
Айтасанки, қуёш чиқиб,
Қор эриса, нетасан…

****

 

ВАТАН

 

Сени севмоқ оғирдир, Ватан.

Сен не кундасан,

тепадан қуйигача

гуноҳ ичиндасан.

Биласанми, сени севмоқ

бу соат нега ўхшар?!

Зўрланган бир қизни севганга ўхшар.

Бу севгидан ичкин-ичкин

ичида ёнар одам.

Аммо очиқ айтмоққа

қўрқар, уялар одам.

Бу не ҳолга тушмишсан,

бу қандоқ кундир, Ватан?

Одам сени севмоққа энди уялар, Ватан.

Устингда нефть кўлкаси,

ким ювади бу кўлкани,

Милёнчилар ватани, тиланчилар ўлкаси.

Нефтла кетди баракотинг,

баракот қочди сендан.

Нефтла кетди бокиралигинг,

бурғулар кечди ичингдан.

Қарич-қарич қазилсанг-да,

севин то ҳануз соғсан.

Бир кун нефть тугаганда

ойдин кунга чиқажаксан.

****


Ғ А З А Л

Бир саҳар ювдим юзиму

кўзимни бир ҳовуч сувда,

Кўрдим оёқдан бошгача

ўзимни бир ҳовуч сувда.

Танидим бўри, қўзини,

бу дунёнинг ҳар тусини,

Одамларнинг нокасини,

соғини бир ҳовуч сувда.

Топдим ўтиб кетганларнинг,

бу дунёдан кўчганларнинг,

Юз йил олдин ичганларнинг

изини бир ҳовуч сувда.

Отдим бор дарднинг тошини,

турдим, тик тутдим бошимни.

Эритдим кўзим ёшининг

тузини бир ҳовуч сувда.

****

 

ОҲ, БУ ҚИЗНИНГ БАРМОҚЛАРИ

 

Оҳ, бу қизнинг бармоқлари

Бармоқларимга тегмади.

Юрагим оғриган кеча

Келиб, эшигим чертмади.

Оҳ, бу қизнинг бармоқлари

Бир мактуб ёзрми экан?

Бир кун ўлди, деб эшитса –

Қабримни қазарми экан?

Оҳ, бу қизнинг бармоқлари

Юир узук тақди белига.

Қиз эди, бир сўз демадим,

Энди не дей бу… келинга?!

Оҳ, бу қизнинг бармоқлари

Узун-узун бармоқлари…

Чертмади, она, чертмади

Эшигимни бармоқлари.

****

 

ҚЎШИЛСАК

 

Дарду ғам дилдан ётланиб,

Бироз севинсак шодланиб,

Кўнглимиз ҳам қанотланиб,

Учган қушларга қўшилсак.

Кўрмасак шу кўрганларни,

Термасак шу терганларни,

Ёдга олиб ўтганларни,

Шу ёғишларга қўшилсак.

Тупурсак эгри ишларга,

Ғийбатларга, урушларга,

Дунёда на сўкишларга,

На қарғишларга қўшилсак.

Сўзимизда рост бўлмаса,

Бу дунёга бас келмаса,

Демоққа бир сўз келмаса,

Сассиз тошларга қўшилсак…

****


ЧИҚАР

 

Қўлга қалам олган чоғда,

Сатрларим қорайганда

Куйлагимга сизган қондай

Қайғулар вароққа чиқар.

Жонимда сўзлар сиқилар,

Ортар, устма-уст йиғилар,

Юз қўшиқ чўкар, бўғилар,

Бир қўшиқ қирғоққа чиқар.

Куйган кўп шоир сўзидан,

Ўпган йўқ шоир кўзидан.

Шеърнинг астари юзидан

Қиммат, қимматроққа чиқар…

****

 

Демаки, шоирнинг бор-йўғи тилдир

 

Демаки, шоирнинг бор-йўғи тилдир,

Шапалоқ уришга қўлимиз ҳам бор.

Бироз бошимизда ақлимиз бордир,

Бироз киссамизда пулимиз ҳам бор.

Кўп ботирлар йўққа чиқди ўртада,

Кимнинг бахти кимни йиқди ўртада.

На бўлсинки, бир иш йўқдир ўртада,

Ҳали соғимиз ҳам, сўлимиз ҳам бор.

Минг йилдир туғилиб ўлармиз, эй дўст,

Йиғласак, бас қилиб билармиз, эй дўст.

Токи қадам ташлай олармиз, эй дўст,

Қабристон томонга йўлимиз ҳам бор.

****

 

СОВУШ

 

Бу одам ўлар, шекилли,

Қўлимда қўли совийди.

Аста-аста сўнар кўзи,

Пешона тери совийди.

Саслар ботар қулоғида,

Додлар йитар томоғида.

Ёриқ-ёриқ дудоғида

Бўсалар ери совийди.

Кўзларимда қурийди ёш,

Бу ё одам, ё қабртош.

Шундайин жим, ювош-ювош

Ўликдан тирик совийди…

 

****

 

ОНА

 

Бу қишни ҳам йўлга солдик,

Бу қор ҳам эриди, она.

Эриган қорга қўшилиб

Йиғласак еридир, она.

Қайтди бахтнинг ўзи биздан,

Ким қутқарар бизни биздан?!

Бу дунёда ўзимиздан

Дардимиз тирикдир, она.

Кун нурга кўмди тўрт ённи,

Бахтимга туғар кун қани?!

Балким, соатим дунёнинг

Вақтида ортдадир, она…

***

 

ОЙ ЁРУҒИ

 

Ой ёруғи тушди кўкдан,

жонимдан – қонимдан ўтди.

Кўпимнинг ичиндан ўтди,

Ўзимнинг ичимдан ўтди,

ўтди, товонимдан ўтди.

Оз қолди-я,

икки бўлак қилса мени.

Бошимдан кўкка михлади,

товонимдан ерга мени.

Юргим келди,

қадам қўя олмадим…

Ёнимдан одамлар ўтмоқда,

ой ёруғи, тегмадинг ҳеч кимга.

Қўйгил мени, ой ёруғи,

кетай ўз йўлимга, ишимга.

Бу не ишдир, ой ёруғи,

нега йўлинг мендан ўтди?

Ҳамма адашди, ой ёруғи,

ҳув узоқдан, ёндан ўтди.

Дедилар: жинними – недир,

ҳар ким тамға илди менга.

Биров боқиб мазах қилди,

биров боқиб кулди менга.

… Бу менинг қўлим-оёғим,

Бу менинг оғзим-қулоғим.

Бировдан камчилигим йўқ,

Йўқ бировдан ортиқлигим –

қўйгил кетай, ой ёруғи!

Омон, отам, бу не тошдир?!

Тошни отган қайга қочди?

Итлар пойимга тармашди,

қўйгил кетай, ой шуъласи!..

Сен оҳимга етгин, она,

она, сенинг боланг менман.

Бу кеча ой шуъласига

чормихланиб қолган менман.

Она, мендан ўтган бу ёруғ недир,

она, менки, ёруғ теккан эмасман.

Ўзи менинг бахтим шундай экан-да,

ўз бахтини сўккан эмасман.

Ўлганим йўқ, йиғламагин,

Ўтавер, дам сақламагин,

Эшигингни боғламагин –

эшигинг чертган эмасман.

Ялама, ковушим кирлидир,

Ҳурма, жоним сабрлидир,

Қочгил, эй Аллоҳнинг ити,

мен сенинг эганг эмасман.

Тилим – лол, бошим – қуйи,

Уйнинг энг бечора ўғли.

Қўйгил кетай, ой ёруғи,

излаганинг мен эмасман…

****

 

ЙИҚИЛАМАН

Райнер Мария Рилькега

 

Йиқиламан, йиқиламан,

ўзимдан кетаман.

Қалбимдаги сабрдан,

тўзимдан кетаман.

Сиғинмоққа бир бурчак йўқ,

Йиқилмоққа бир қучоқ йўқ –

йиқиламан, йиқиламан…

Бу дунёни худо ўзи

сақлар мендан юқорида,

Бу денё деб йиғлар кўзим,

йиғлар мендан юқорида;

Кўзим ёши томчи-томчи

томчилайди ўз бошимга.

Кўзимдан йиқилдим, Аллоҳ,

кўзим ёшидан йиқилдим.

Ҳар нарсанинг боши Сўздир,

Сўзнинг бошидан йиқилдим…

Бошим узра, воҳ, ҳар кеча

бўри увлаб ётар узоқ.

Кўкда юлдузлар ҳар кеча

кечагидан кетар узоқ –

йиқиламан, йиқиламан.

****


ЎЛИМ

“Эшик” дотонидан

На урушдан боланг келди,

На уйингга келин келди.

Кўзинг равшан, Зебо момо,

Эшикни оч, Ўлим келди.

Юзи йўқ, сени чақирса

нафасини ютуб Ўлим.

Ўлимларнинг энг фақири,

шўрлик Ўлим, юпун Ўлим.

Не ҳам олсин, ниманг бордир

биргина дардингдан бошқа.

Ажин тушган афт-ангоринг,

букилган қаддингдан бошқа.

Бу Ўлим сенга не десин?

“Момо” десин? “Она” десин?

Она бўлсанг, боланг қани?

Момосан – набиранг қани?

Набирасиз, боласиз кампир.

О, қиз кампир, ёлғиз кампир.

Ёстиқлар ҳўл бўлди

кўзинг ёшидан,

Бошингни кўтаргин, ахир!

Эҳтимол сескандинг Ўлимдан ахир,

Уйқунг қочди, балким.

Ҳеч ким оч кетганмас уйингдан ахир,

Тур, қозон ос, Ўлим очдир, балким.

Эшикка чиқ, Ўлим хафа бўлиб кетмасин,

юзингни сурт ойғига-қўлига.

Яхшиямки, бу дунёда ҳар кимнинг

ҳаққи бордир ҳақдан келган ўлимга.

Дунё ботди ўғилларнинг қонига,

Балиқ каби талпинади, ёлворар.

Яхшиямки, Ўлим келиб оборар

Оналарнинг ўлган ўғил ёнига.

Оналарни кўриб шошар ўғиллар,

бир ўғил ҳам онасини танимас –

Онасининг дардга тўла юзини,

юзи тўла дардини-да танимас.

Пешонадаги бирор ажинни,

сочидаги оқ толани танимас.

-Бу кампир кимдир? – дер.

Ўлим айтар: -Онангдир!

-Йўқ, бу менинг онам эмас,

менинг онам жувондир…

Кўзлари мўлтираб

Ўлим қолар ўртада,

Энди, ахир, ўз бошига

не тош солсин бу Ўлим?

Қари-қари кампирларни қайтариб,

Ёш-ёшгина оналарни

қайдан олсин бу Ўлим!?

Ўлим, нега лўқиллатдинг кўзингни,

Нечук бунча йўқотгансан ўзингни?

Ўлим, сенки ой-у кундан айириб

умримизни бизга парча-парча

бўлиштирган ўлимсан.

Бу дунёда

сен ҳаммани бир-биридан айириб,

У дунёда кўриштирган Ўлимсан.

Милён-милён жон олсанг-да,

жонсизсан.

Темирмисан, пўлатмисан, сен кимсан?!

Ўлим, сенинг боланг йўқдир – пуштсизсан,

Ўлим, сенинг онанг йўқдир – етимсан.

Нега қарайсан

оналарнинг, ўғилларнинг юзига,

Пуштсиз Ўлим, етим Ўлим, буюр, топ:

Оналарнинг орасидан

она ахтар ўзингга,

Ўғилларнинг орасидан ўғил топ.

Отамиз бўл, бошимизни силагин,

Онанг сенга алла айтсин, ётасан.

“Ўғил” бўлсанг – қандай нонкўр ўғилсан,

“Ота” бўлсанг – қандай золим отасан.

Чиқ, кет, Ўлим, йўлимизда айланма,

Ўнгимизда, сўлимизда айланма,

бунда сенга эга бўлган топилмас,

бола бўлган, она бўлган топилмас.

Тирик-тирик ўғилларни

олиб кетдинг оналарнинг қўлидан,

Аммо энди

девор янглиғ ёпишиб бир-бирига,

Қаттиқ ушлаб

аввал ўлган болаларнинг қўлидан,

Бир она ҳам ўғил бермас Ўлимга.

… Ва ҳар ўғил шундай

қўлидан танийди ўз онасини…

Ҳар ўғил ўз онасининг қўлини

силар, сийпар, уқалайди бармоғин.

Нега қарайсан, эй Аллоҳнинг Ўлими?!

Яхшиликча кетгин, Ўлим, йўлинг оқ бўлсин!..

****

 

ОҒРИҚ

“Эшик” достонидан

 

Ўғли урушда ўлган кун

Зебо момо кўкда эди –

қўллари кўкда, кўзлари кўкда.

-Илоҳим, – дерди, – ўзинг мадад бер,

ёдингдан чиқарма бизларни кўкда.

-Илоҳим, – дерди, – жойинг баланддир,

қарасанг, боламни кўрарсан, балким.

-Аллоҳ бўлсанг нима бўпти, – дерди, –

Аллоҳни ҳам она туққандир, – дерди, –

қарасанг, боламни кўрарсан, балким…

Аллоҳни она туққан эмасди,

аммо онасининг овозига

жуда ўхшади Зебо момонинг овози,

олди бошидан ақлини.

Аллоҳ қаради, боқди,

Бир яшил дарахтнинг остидан топди

Зебо момонинг ўғлини.

Зебо момонинг ўғли

чалқанчасига чўзилганди –

кўкрагида тиғ яраси.

Кўзлари очиқ эди,

бош устида япроқларни кўрар эди,

булутларни кўрар эди –

Булутларга тўла эди

япроқларнинг ораси.

Япроқларга тўла эди

булутларнинг ораси.

Оғрир эди, оғрир эди яраси.

-Бу қандай оғриқдир, – дерди, – Аллоҳ,

наҳот бу оғриқнинг охири йўқдир?!

-Кошки ўлсам эди, тинчланардим, – дерди, –

ўлимдан сўнг оғриқ йўқдир.

Аста-секин

япроқлардан ажралди булутлар,

тутди кўкнинг юзини –

булутларни кўрмади.

Аста-секин

бир япроқ

кенгайиб-кенгайиб тутди кўзини,

япроқларни кўрмади.

Энди ўлдим, шекилли, деб севинди.

… Аммо яраси ҳали ҳам оғрир эди…

Чўчиди, сесканди: – Илоҳим, наҳот

ўлимдан сўнг ҳам оғриқ бор экан?!

Билардики, бу ўлимнинг

хад-худуди йўқдир.

Билардики, бу ўлимнинг

охири йўқдир.

Ва, демак, шундай

юз йил, минг йил кечажак,

юз йил, минг йил оғрийверар яраси.

Раҳми келди ўзига,

йиғлади ичкин-ичкин,

йиғлаб-йиғлаб ўлди,

қачон ўлганини ўзи ҳам билмади…

…Аммо кўзлари ҳали очиқ эди,

кўзлари

тикка Аллоҳнинг кўзига боварди.

Аллоҳ чидаёлмади,

олиб қочди кўзини –

Зебо момони кўрди.

Зебо момо: “Ўғлим”, – деб йиғларди.

Аллоҳнинг юраги оғрир эди.

Аллоҳ деди: -Эй она!

Зебо момо: “Нима гап, эй ўғил? – деди.

Аллоҳ деди: -Эй она,

бошқа ўғилни нима қиласан,

кел, менинг онам бўл, – деди.

Зебо момо: -Йўқ, – деди, –

сени мен туққаним йўқ!

Ўртанди, сиқилди Аллоҳ

қолди само юзида.

Зебо момодан яшириб,

шўрлик чўзди қўлини,

юмди Зебо момо ўғлининг

очиқ қолган кўзларини, –

Кўз ёшидан

ҳўл бўлди бармоқлари.

Этагига суртли бармоқларини,

бармоқлари яна ҳўл эди аммо.

Яна этагига суртди бармоқларини,

аммо бармоқлари яна ҳўл эди…

****

 

ҚЎШИҚЛАР

“Эшик” достонидан

 

БИРИНЧИ ҚЎШИҚ

 

Тилинг куйсин, тил эгаси,

Сўзламоққа тилим келмас.

Бу не сирдир, сир эгаси,

Кетган кетар, келган келмас.

Дунё, йўл ётиб зериксин,

Сувларинг оқсин, тиниқсин,

Уй бузганнинг ёп дарчасин,

Бу эшикка келин келмас.

Кўкда булут тўлиб кетар,

Қушлар қанот солиб кетар.

Ўғилларни олиб кетар,

Оналарга ўлим келмас.

***

 

ИКИНЧИ ҚЎШИҚ

 

Ширин-ширин ухлар эдик,

Бир золим уйғотди бизни.

Оналар бағридан олиб,

Бу дунёга отди бизни.

Тушдик йўлларнинг комига,

Бахтимизнинг сўроғига.

Тақдир солди-ю олдига,

Қўлида ўйнатди бизни.

Бизки, йўл нима – билмасдик,

Ҳам ўлим нима – билмасдик.

Билсак, дунёга келмасдик,

Оналар алдатди бизни….

****

 

УЧИНЧИ ҚЎШИҚ

 

Киприк кўзга эга эмас,

Оғиз сўзга эга эмас.

Дунё бизга эга эмас,

Дунёнинг ҳам эгаси йўқ.

Дардимиз, ғамимиз бирдир,

Ҳар дарднинг сўнги сабрдир.

Ҳар умр сўнги қабрдир,

Бунинг “нечун”, “нега”си йўқ.

Бизга умрни ким бичди?

Фалакнинг феълига тушдик,

Бир чевар қўлига тушдик –

Қайчиси бор, игнаси йўқ.

****


ТЎРТИНЧИ ҚЎШИҚ

 

Умр ўтар секин-секин,

Энди кун-кундан қисқадир.

Кел, бйлашиб кўрай, қардош,

Қани, ким-кимдан қисқадир?!

Ахтардим ўтган йўлларни,

Майса, ўт битган йўлларни.

Дунёнинг бутун йўллари

Менинг сабримдан қисқадир.

Ғам чекмагил, одам ўғли,

Ўтган ўтур, бўлган бўлур.

Қўлим бўшдир, дилим – тўлиқ,

Тилим умримдан қисқадир.

****

 

БЕШИНЧИ ҚЎШИҚ

 

Бу ўт қайси ўтдир экан,

Қай қабр узра битди экан?!

Ким кимни унутди экан,

Ким кимнинг ёдида қолди?

Билган борми мен билганни,

Айтмадим мингдан бирини.

Қўшиқларнинг энг ширини

Тилимнинг ортида қолди.

Ўлсам ҳам, онам боласи,

Оқармас сочим қораси.

Пешонамга битган ёзув

Сочимнинг остида қолди…

****

 

ОЛТИНЧИ ҚЎШИҚ

 

Илоҳим, ўлди бу одам,

Кўзлари боғлидир энди.

Уни на севмоқ қўрқитар,

На ўлмоқ қўрқитар энди.

Кими бор, солса ёдга ки,

Бугун-эрта дунёдаги

Бир яшил ўтдир ул ёки

Қамишдай қуриюр энди.

Йиғламоққа бир каси йўқ,

Дарахти йўқ, сояси йўқ,

Эли, юрти, ўлкаси йўқ –

“Аллоҳ”нинг ўғлидир энди…

***

 

ЕТТИНЧИ ҚЎШИҚ

 

Хандақларга қуёш боқур,

Уйғон, уйғон, ётган ўғил!

Қани, қурол тутган ўғил,

Ўғилнинг қўллари қани?!

Уйда ўрни қолар бўлса,

Нега келмас, келар бўлса?!

Бу келин у келин бўлса,

Хиноли зулфлари қани?!

Ким бу юртга ғам ташиди?!

Бу тоғ эмас, гўр тошидир.

Бу кўл эмас, кўз ёшидир,

Бас, юртнинг кўллари қани?!

****

 

САККИЗИНЧИ ҚЎШИҚ

 

Кўз ёшга чўмилган дунё,

Юзинг-кўзинг тозамиди?

Тирикларнинг хотирида

Ўлганлари азизмиди?

Бизни кўрган кўзгуларинг

Энди кўрар ўзгаларни.

Не биларсан, энг гўзали –

Ул юзмиди, бул юзмиди?!

Дардимизни оз чек, дунё,

Ҳар келган кетажак, дунё.

Келганларинг кечиккан ё

Ўлганларинг шошганмиди?!

****

 

ТЎҚҚИЗИНЧИ ҚЎШИҚ

 

Бир пиёла чой қуй, ичай,

Ширин бўлсин, аччиқ бўлсин.

Онанг менинг онам бўлсин,

Чечанг менинг чечам бўлсин.

Уй қурдик – омонат эмас,

Бир кимса кўчирган эмас.

Бахтимиз очилган эмас –

Эшигимиз очиқ бўлсин.

Менсиз умринг узун бўлгай,

Бош қўймоққа тизинг бўлгай.

Йиғламоққа кўзинг бўлгай,

Оқармоққа сочинг бўлсин!

****


ЎНИНЧИ ҚЎШИҚ

 

Булут келди кўк бошига,

Деди, онам, ур бошингга.

Ҳар қишлоқ, ҳар уй бошига

Ўғил кетди, оҳ, қайтмади.

Кундуз ўтди, кеча қолди,

Дарахттлар силикиша қолди,

Барглар ўша-ўша қолди,

Бутоқлари бўй отмади.

Йиллар еди изларини,

Ўғилларнинг тизларини,

Оналарнинг кўзларини

Йўллар еди, ҳеч тўймади…

****

 

ДЕВОР

 

Қоғоз эмас – девордир бу,

Бошимни ургувчи девор.

Хаёл суриб, йиғлаб-кулиб,

Ўртаниб тургувчи девор

Бир тоқ-танҳо дарахт каби

Остида битгувчи девор.

Йиғлаганда болиш каби

Юзимни суртгувчи девор.

Варақ эмас, девордир бу,

Ғамдан оқарар ҳар кеча.

У томондан кимдир мени

Саслар, чақирар ҳар кеча.

Мен ўлсам, демангиз ёлғиз,

йиғлангиз бизга, йиғлангиз.

Мени дея азоб чеккан

ул етим сасга йиғлангиз.

Бу деворнинг бул юзинда

ўлган Ромизни кўминг ва

Бу деворнинг ул юзинда

қолган Ромизга йиғлангиз…

****

 

КИМ БИЛСИН…

 

Инсон инсондир, қардошим, ҳайвон ҳайвондир:

хотини ҳам, эркаги ҳам,

кучуги ҳам, мушуги ҳам.

Инсон инсондир, қардошим, ҳайвон ҳайвондир:

севилгани ҳам, сўйилгани ҳам,

соғилгани ҳам, ейилгани ҳам.

…мана, балиқлар бор,

мана, бор қушлар…

Мен одам бўлмасайдим,

билингки, қуш бўлардим.

Агар ит бўлсам ҳам,

билардимки, қушман,

ҳали қанотлари чиқмаган қушман.

Эҳтимол,

ким билсин, отам боласи,

Эҳтимол, ростдан ҳам ит асли қушдир,

аммо итнинг иши қуш иши эмас,

тупроқдан айрилибучгиси келмас,

осмонда қанотин очгиси келмас…

… Бу дунё ўзи ҳам бир парча қушдир,

мурғак, бир тухумдай қушдир бу дунё.

Хотинми-эркакми, иту мушукми,

бир кун кўражаксан: учди бу дунё.

Учиб кетди,

ўтиб кетди қушлардан,

Чинқириб-чинқириб учажак қушлар

дунёмизнинг ортидан,

Қанотлари чарчагунча,

узилгунча учажак,

Ўлгунча,

учажак қушлар

дунёмизнинг ортидан.

Ўлик-ўлик қушлар тўкилар

само бўшлиғига,

Ҳаволарга, ҳаволарга,

узоқ-узоқ, бошқа-бошқа дунёларнинг

қумлоғига, тошлоғига,

ўлик қушлар тўкилар.

…қоришиб ётар қушлар

тошларнинг орасида….

Бошқа-бошқа дунёларнинг одамлари

тош ўрнига

Ўлик қушларни отажаклар

бир-бирларига.

Ҳеч ким ажратмайди –

қуш қайсидир,

тош қайси….

…Эҳтимол,

ким билсин, отам боласи,

Эҳтимол, бизнинг дунёмизнинг ҳам

кесаклари, тошлари

Учиб кетган дунёларнинг

ўлиб тушган қушларидир, қушлари…

****

 

БУЛУТ

 

Юрагимнинг ғамини,

Кўзларимнинг намини,

Қардошимнинг тўйида

лўппи-лўппи буғланган

Паловнинг дамини

ютиб ичига

бошимнинг устидан бир булут ўтар.

Онам булут, жоним булут,

Сени кўрдим, бағримнинг ичи ачишди,

Кўзимнинг ёши ачишди,

Уйимнинг девори-тоши ачишди –

ол бу тош-деворнинг қўлидан мени,

қутқар мени, ўзинг билан олиб кет.

Онеам булут, онамдан ортиқ булут,

Сочлари чилвир булут,

Ёноқлари кулгич булут –

балки мени сен туққансан,

мен сенинг болангман ёхуд.

Мен булут ўғлиман, булут боласи,

Булут парчасиман, булут пораси,

булутга тўламан бошдан-оёғи.

Устим – булут, ичим – булут,

Кўксимда юрагим –

булут,

Эгнимда кийимим, кўйлагим –

булут.

Пешонамда сочим –

булут.

Булут-булут сочларимдан

энди ҳеч не қолмади

Пешонамнинг ажинини ёпомоққа.

Мени изламоққа, азизламоққа

энди ҳеч не қолмади –

Онам булут, синглим булут,

қутқар мени, ўзинг билан олиб кет.

Онам булут,

Дардимдан кўзлари намланган булут.

Ўзини ёдидан чиқариб,

анчадан бошимда айланган булут –

Сени кўрган они қоним жўш урди,

қайнайверди, тошди томирларимдан,

Қолмади, қоним қолмади,

Ярим жоним қолмади,

тез ўт, онам булут, ўлдирма мени…

… Юрагимнинг ғамини

Кўзларимнинг намини,

Қардошимнинг тўйида

лўппи-лўппи буғланган

Паловнинг дамини

ютиб ичига

бошимнинг устидан бир булут ўтар.

Йўлинг оқ бўлсин, кетган булут,

Кетиб, кетиб кўзимдан йитган булут.

Бир вақт бу ерларга келсанг, келмасанг,

Ерга боқиб мени кўрсанг, кўрмасанг,

қайғу чекма, йиғламоқдан кечиб кет,

қўшин-қўшин булутларга қўшил, кет.

Менла-менсиз дунё ўша дунёдир,

бу дунёнинг шу туриши соғ бўлсин,

ерда –тоши, кўкда қуши соғ бўлсин.

Қушларнинг қанотлари

Силкиб ўтсин булутларни,

Кўк юзининг булутлари

қўшин-қўшин соғ бўлсин.

Онам булут, сен ҳам соғ бўл булутларнинг ичида,

Ёмғиринг соғ бўлсин,

бошинг соғ бўлсин…

 

http://karimbahriev.com

 

Share on FacebookShare on Google+Tweet about this on TwitterEmail this to someoneShare on LinkedIn