Миршариф Хўжаев: Девордаги сурат

mirsharif akaМиршариф Хўжаев

Давлат мукофотини олган бир роман ҳақида бундан тўрт-беш йил бурун мақола ёздим.Таниш-билишларга кўрсатдим-у, бирорта таҳририятга юбормадим. Чунки танишларим, биринчи бўлиб, Нусрат Раҳмат: “Буни ҳеч бир газета ёки журнал босмайди”, дейишди. Баъзилари эса: “Цензура йўқ-ку, нега босмайди? “Ўзбекистон адабиёти ва санъати” чиқаради”, дея “қутқу” бердилар. Мен,содда ҳам, гиж-гижга учиб, мақолани 2012 йил бошида “Ўзбекистон адабиёти ва санъати”га жўнатдим.

Орадан бир ойдан кўп вақт ўтди. Мақола босилмади, жавоб ҳам келмади. Ваҳоланки, қонунга кўра, мен таҳририятга мурожаат қилган фуқаро сифатида, мақолам босилмайдиган тақдирда ҳам, бир ой ичида жавоб олишим керак эди. Уч юз олтмиш километр йўл босиб, Тошкентга бордим, таҳририятга кирдим. Бош муҳаррир ўзида йўқ экан, бўлим мудири Аҳмад Отабоевга учрашдим. У киши: “Мақола бош муҳаррирга ҳам, менга ҳам маъқул бўлди. Бош муҳаррир бу танқидий мақолани ўша роман ҳақидаги бир ижобий мақола билан бирга, бир бетнинг ўзида босамиз, бирор таниқли адабиётшунос олимга шу ҳақда буюртма беринг, дедилар. Ҳозир ўша ижобий мақолани кутяпмиз. Яқин вақт орасида босилади”, дедилар. “Буни ҳеч бир нашр босмайди”, деган танишларим устидан очиқчасига кулдим. Нусрат акага: “Кўрдингизми, ҳақиқат бор десам, ишонмайсиз. Яқинда мақолам ”ЎзАС”да босилади, деб мақтандим. Энди у киши хижолат бўлди.

Шундан кейин яна икки ой ўтди. А.Отабоевга қўнғироқ қилдим. У киши: “Иккинчи мақола тайёр бўлди, шу кунларда босамиз”, дедилар. Лекин туя гўштини еган қурғур битигим чиқавермади. Таҳририятга яна бордим. Бош муҳаррирни тағин учратолмадим. А. Отабоев: “Мақолаларнинг иккаласини ҳам тайёрлаб, бош муҳаррирга бердим, энди у киши билан гаплашинг”, дедилар. Муҳаррирни кутиб-кутиб,келавермагач, телефон рақамини олиб, кетдим.

Яна бир ойдан кўпроқ вақт ўтди. Тошкентга бориб, бош муҳаррирга қўнғироқ қилдим. У киши мени ишхонасига тақлиф этди. Учрашдик. “Мақолани боплабсиз. Адабиётшуносмисиз? Иккала мақола ҳам менда… Афсуски, босолмаймиз, буни сиз тушунарсиз деб ўйлайман”, дедилар. Мен “тушундим”. Бир танишим: “Мақолани “Шарқ юлдузи”, албатта, босади, ўшанга юборинг”, деди. Соддалик қурсин, бу гиж-гижга ҳам учиб, журнал таҳририятига жўнатдим. Бир ойдан ортиқ вақт кутдим ва таҳририятга бордим. Бу ерда ҳам бош муҳаррирни тополмадим. Бош муҳаррир ўринбосарига учрашинг дейишди. Учрашдим. У киши: “Мақолани босолмаймиз”, дея очиқ айтди. Бундан хурсанд бўлдим. Чунки чўзиб юрмай, дангал айтиб қўя қолди-да.Энди танишларим эмас, мен хижолатда юрипман.

Мақола “Девордаги сурат” деб аталади.

****

Китобингизни ўқидим

ДЕВОРДАГИ СУРАТ

Давлат мукофоти соҳиби Омон Мухтор ижоди таърифу тавсифга муҳтож эмасдир. У назмда ҳам, насрда ҳам қалам тебрата олишини исботлади. Ёзувчининг 2006 йилда “Шарқ” нашриёт-матбаа аксиядорлик компанияси бош таҳририятида чоп этилган “Навоий ва рассом Абулхайр” романи ўзбек адабиётида кейинги йилларда яратилган ижод намуналари орасида тасвир услуби жиҳатидан оҳорлилиги билан ажралиб туради.

Муаллиф улуғ мутафаккир асарларида баён этилган айрим тафсилотлар асосида шоир ҳаёт йўлини тадқиқ қилади; у яшаган давр, турмуш тарзи, замондошлари, адабий жараён ҳақида бой маълумот тўплагани кўриниб турибди. Бу эса кишидан, таъбир жоиз бўлса, жасорат, қатъият ва оғир меҳнатни талаб қилиши табиий.

Бадиий жанрда ёзилган бу асарни навоийшуносликка қўшилган ҳисса дейиш ҳам мумкин. Ёзувчининг муваффақиятлари тўғрисида талай илиқ гаплар айтса арзийди. Аммо бу мақолада номи юқорида тилга олинган роман ҳақида айрим мулоҳазаларимни билдирмоқчиман.

Китобни ўқиш жараёнида, дастлаб, ундаги оддий имловий ва мантиқий хатолар ажаблантирди. Жумладан, 17-бетда: “Карвон ортидан бўйнига ғулу солинган бир тўда қуллар … бормоқда. Ана, улардан бири. Негадир эгнида қора костюм…”, дейилади (барча қорайтиришлар бизники. М.Х.). “Ўзбек тилининг изоҳли луғати” (Москва.”Рус тили” нашриёти. 1981) да: “ғулу – ғалва, жанжал, ғулғула, ғам, ташвиш” маъноларини билдириши ёзилган. “Ғул” сўзига эса ўша луғатда: “айбдорнинг бўйин, оёқларига кийгизиб қўйиладиган жазолаш асбоби; кишан”, деб таъриф берилган. Бу арзимаган хатони мусаҳҳиҳлар ўтказиб юборишган деган фикрга бордим. Афсуски, бундай эмас экан. “Ғулу” сўзи ўша бетда икки марта, 119-бетда яна шу тарзда ёзилган. Демак, саҳв мусаҳҳиҳдан ўтмаган. Ғалва, жанжални эса қул бўйнига боғлаб бўлмайди. Бунинг устига, ХV асрда костюм кийган қулни кўз ўнгимга келтиролмадим.

Китобда, шунингдек, “гуриллаб” сўзи “гуруллаб”, “кўнгил” – “кўнгул”, “ҳар ҳолда” – “ҳарҳолда”, “ассалому алайкум” – “салом алайкум”, “димоғ” – “думоғ” (ҳаммасини санаш шарт эмасдир) тарзида имловий хатолар билан битилган.
Бундан ташқари гаплардаги сўзларнинг жуда кўп қисми бош ҳарфлар билан ёзилган. Жумладан, “…Навоийнинг Бутун Ҳаёти ва Бутун ижодида – унга хос Ташқи Осойишталик ва Қатъиятга тескари ҳолда – Ички бир ЗИДДИЯТ кўзга ташланади…” (9-бет) жумласида ва бошқа бетларда бу ҳолни кўриш мумкин. Ўзбек тилининг имло қоидасидан бунга изоҳ тополмадим. Асардаги кўплаб имловий хатолар, тил қоидасида учрамайдиган ислоҳлар номдор муаллифга ҳам, мамлакатнинг салмоқли нашриётига ҳам иззат келтирмайди, албатта.

Бу, шунчаки, китобат қилиш жараёнида ўтказиб юборилган арзимас камчиликлар, шунга ота гўри қозихонами, дейишлари мумкин. Китобхон эса бундай деб ўйламайди. Шунга ўхшаш “арзимас” хатоларни кўргандан кейин, тирноқ остидан кир излагандек, ҳар бир жумлага диққат қарата бошладим. 8-бетда: “То рўзи маҳшар тарки хоб айлаб”, деган ибора бор. Мир Алишер эса: “…то субҳи маҳшар тарки хоб айлаб”, деганлар. 73-бетда: “Жаҳондин нотамом ўтмак – ҳаммомдин нопок чиқмоқ”, дейилган. Навоийда: “Жаҳондин нотамом ўтмак – биайниҳ эрур ҳаммомдин нопок чиқмоқ” тарзида келади. Ёзувчи Навоий сўзларини ўзлаштирма гапга айлантирган десанг, улар қўштирноқ ичига олинган. Демак, бу алломадан айнан келтирилган иқтибос ҳисобланади. Яна ўша 8-бетда: “Ҳали ҳеч ким Бу Осмон қаърига кўтарилмаган”, иборасига кўзингиз тушади. Бу энди ширкка ўхшаш гап. Оллоҳнинг арши осмон қаърида бўлса, у ерга Муҳаммад алайҳиссалом кўтарилганлар, дейилади.

Романнинг 9-бетида: “Биз Ҳусайн Бойқаронинг ўн бир хотини исмини биламиз. Бека Султон бегим, Чўли бегим, Шаҳри бону бегим, Поянда Султон бегим, Хадича оғо бегим, Попо оғоча бегим ва бошқалар”, дейилган. Булар ва бошқа хотинлар, чиндан ҳам, Ҳусайн Бойқаронинг жуфти ҳалоллари бўлишган. Аммо уларнинг ҳаммаси ҳам унинг хотинлари эмас. Негаки, ислом шариати бир мўминга тўрттадан ортиқ хотин олишга ижозат бермайди. Демак, ёзувчи айтган ўн бир аёлдан фақат тўрт киши унинг хотинлари, қолганлари канизаклари бўлиши мумкин. Қуръони Каримга кўра, эркак учун чўриси ҳалол бўлишига қарамай, уни “хотини” дейиш ўринсиз. Ҳатто Ҳусайннинг бобокалони Амир Темур ҳам бу ақидани бузмаган. Жумладан, Ибн Арабшоҳнинг ёзишича, Мирзо Улуғбекнинг отаси Шоҳрух Мирзо Амир Темурнинг никоҳидаги канизакдан туғилган.
Алишер Навоий аруз вазнининг донишманди эканлиги ва унинг бу соҳадаги билимини шубҳа остига олиш ақлга тўғри келмайди. Бироқ, романда шоир ғазалларидан келтирилган иқтибосларда аруз вазни қоидаси бузилганлигини кўрасиз.

14-бетда:
“Ўз қаттиғ ҳолимға ўлмасдин бурун мотам тутай”,
деган мисра бор. Навоий асарида у қуйидаги тарзда берилган:
“Ўз қатиғ ҳолимға ўлмастин бурун мотам тутай”.

Мисрада битта ундошнинг ортиқ ишлатилганига шунча ваҳимами, дегувчилар топилади. Афсуски, бундай эмас. Бу мисрада “қаттиғ” сўзи икки “т” ундоши билан ёзилса, аруз вазнининг рамали мусаммани мақсур шаклида битилган ғазал афоили бузилади, яъни қоидадан чекинилади. Бу ҳам мусаҳҳиҳ хатосидир деган андиша билан ўқишни давом эттирамиз. 72-бетда мутақориб баҳрининг мусаммани мақсур шаклидаги:

“Мени ишқдин манъ этар содда шайх”
мисраси учрайди. Навоийда у:
“Мени ишқдин манъ этар сода шайх”

тарзида берилган. Бунда ҳам юқорида таъкидланган ҳолат такрорланган.
Энди Алишер Навоий ва Ҳусайн Бойқаро ҳаётлари, ўзаро муносабатлари хусусидаги тасвирларга эътибор қаратамиз. Асарнинг 11-12-бетларида:
“Алишер кўчада кетаётиб, болохонада, дарча олдида ўтирган қизни кўрган, бир қарашдаёқ телбаларча севиб, ҳаяжондан титраб кетган! …улар бир-бирларига ўргана бошлашади. Қизнинг сингилчаси аксар кўчада, эшик олдида ўйнаб юради.
Алишер сингилчани қўлга олади. У орқали Қизга хат ва шеърлар юбориб туради…кейин, ниҳоят ўтиб кетаётган Алишерга (қиз.М.Х.) дарчадан гул ташлайди”, деб ёзилган.

Ислом шариати қатъий амал қилган XV асрда боғбон қизи Гулининг, деярли, нотаниш ва номаҳрам кишига дарчадан гул ташлаши воқеаси ўқувчига ХХ аср “комсомолка, спортсменка” қизлари ҳаракатини эслатади.

Яна 12-бетда:

”Шу кунлар кимдир тасодифми, Алишерга нисбатан ғайирлик-душманлик қилибми? – Ҳусайн Бойқарога Боғбоннинг Гўзал Қизи ҳақида хабар етказади. Ҳусайн маҳрамларига буюриб, оёғини ерга теккизмай, Қизни саройга келтиради…
Ҳусайн Қизнинг васлига етишолмайди. Уйланишга қарор қилиб, уйланолмайди ҳам.
Қиз норозилик билдиради.
Кескин қаршилик кўрсатади…
…Қиз Алишерга кўнгил берганини подшоҳга айтмайди. Айтолмайди… “, дейилган.

Султон саройига келтирилган канизакнинг подшоҳга қаршилик кўрсатиши у давр учун мутлақо нотабиий эди. Буни қарийб бир ярим минг йиллик, мусулмончилик билан боғлиқ, тарихимизнинг исталган давридан мисол келтириб, исботлаш мумкин.
Масалан, Бухоронинг сўнгги манғит амирлари саройига канизаклар келтирилиши мисолида бу ҳолатни таҳлил қиламиз. Аҳмад Донишнинг ёзишларича, айрим бухороликлар амир саройига ўз қизларини келтириб, “дарборбоп матомиз бор”, дея боргоҳга қолдириб кетишган. Фақат амир хоҳласа, қизга доманраслик (доманраслик – қизга тегинмоқ маъносида) қилган, акси бўлмаган. Айрим доманрас бўлган канизаклар (баъзан доманрас бўлмаган канизаклар ҳам) ҳукмдор амри билан, дарборнинг бева эркакларига тортиқ этилганлар. Канизакнинг фикри ҳеч қачон сўралмаган.

Ёки XV аср охири XVI аср бошлари (айнан Ҳусайн Бойқаро яшаган давр) га оид далилни олинг: Мирзо Бобур Шайбонийхон билан Самарқанд учун курашда опаси Хонзода бегимни, сулҳ шартига кўра, рақибига қолдириб, бу ердан чиқиб кетгани ва Шайбоқхон Хонзода бегим билан беш йиллар чамаси яшаб, ундан ажралгани воқеаси кўпчилик замондошларимизга маълум. Шундан кейин Хонзода бегимни Шайбонийхон холаваччаси Саид Ҳодихожага хотинликка беради. Бу шароитда ҳатто темурийзода Хонзода бегим эътироз билдиролмаган. Боғбон қизининг подшоҳга “норозилик билдиргани” ва шоҳнинг “уйланишга қарор қилиб, уйланолмагани” кишини таажжублантиради, албатта.

Романда бу воқеалар тасвирлангандан кейин муаллиф бундай деб ёзади:
“Ўшанда унинг (Навоийнинг. М.Х.) Ҳусайн билан муносабати бузилганмиди?! Йўқ.Орадаги “яқин”ликка озгина соя тушади, холос… Агар Алишер билан Гули воқеаси чиндан рўй берган бўлса… бу воқеа Алишернинг 16 ёшдан узоғи билан 28 ёшга киргунча вақтни қамраб олиши мумкин. (Ҳусайн биринчи хотинига 18 ёшида уйланган эди.)

Энди қаранг! Бу даврда (Алишер 16 ёшдан 28 ёшгача бўлган пайтда) Хуросон подшоҳи Ҳусайн Бойқаро эмасди! …Бу даврда Алишер у билан кам кўришган. …Шундан кейин 7 йил (35 ёшгача) Ҳусайн саройида хизматда бўлган Алишер ёш қиз Гули билан яширин алоқа ўрнатиб, учрашиб турганига эса ақл бовар қилмайди (у энди Хуросонда машҳур) …Демак, муҳаббат можаросига Ҳусайннинг дахли йўқ!…Бу воқеа Ҳусайндан олдинги Хуросон ҳукмдори (Хуросоннинг Ҳусайндан олдинги ҳукмдори. М.Х.) Султон Абусайид даврига тўғри келиши мумкин эди…” (16,19-бетлар).

Бу гаплар ҳақиқатга яқин. Ундай бўлса, юқорида Алишер билан Ҳусайнни бир-бирига қарама-қарши қўйиб, муаллифнинг: “…орадаги “яқин”ликка (Алишер ва Ҳусайн орасидаги. М.Х.) озгина соя тушади, холос. (Бу соя кейинчалик гоҳ-гоҳо кўзга ташланади)”, деб ёзишидан мақсад нима?

Қиз можароси, ёзувчи таъкидлаганидек, Султон Абусайид билан боғлиқ деб фараз қилайлик. Романда Абусайидга бундай баҳо берилади:

“…Абусайиднинг ўзига бино қўйгани, нодонлиги, жоҳиллиги, ёвузлигини (Навоий. М.Х.) кўради.” (20-бет).
Хўш, энди Гули Абусайид саройига келтирилди, деб тасаввур қилинг. Шундай “жоҳил, ёвуз” шоҳ қизнинг унга маҳрам бўлиш ёки бўлмаслигини сўраб ўтирармиди?

Воқеа давомида:
“Султон (Абусайид. М.Х.) Алишердан қандай қутилишни ўйлайди. У суръатли бир равишда Алишерни Самарқандга сургун қилади…(ҳеч қандай сургунсиз, ўз ихтиёри билан кетган бўлиши ҳам мумкин.)”, дейилади (21-бет).
“Суръатли бир равишда Алишерни Самарқандга сургун қилади”, дея қатъият билан таъкидлангандан кейин: “ўз ихтиёри билан кетган” деб гумонсираш ўқувчида ҳам шубҳа уйғотади. Адабиётшуносликда олиб борилган кейинги тадқиқотлар ҳам Алишер Навоийнинг Самарқандга сургун қилиниши масаласини шубҳа остига оляпти (жумладан, профессор Ш.Сирожиддинов). Бадиий адабиётда эса, афсуски, ўқувчи ҳамон чалғитиляпти.

Алишернинг Гули билан муносабатига хотима қўйиш учун муаллиф:
“Мабодо 28 дан 35 гача оралиғда унга (Алишерга. М.Х.) муҳаббат Буюрган бўлса-чи?!
Бу ҳолда унинг севгилиси – Гули эмас!
(олдинги Воқеа Бу Даврга сиғмайди!)
Буниси барибир (бари бир. М.Х.), кейинги Муҳаббатми?! Иккинчисими?!

Гули – Биринчи бўлиб қолаверади…” деб ёзади (22-бет).

Буни қандай тушуниш мумкин? “Севгилиси – Гули эмас-у…Гули Биринчи бўлиб қолаверади…”!?
Асарнинг “Иккинчи дафтар”ида Ҳусайн Бойқаро шажараси келтирилади:
“Ҳусайн Мирзо бинни Ғиёсиддин Мансур бинни Бойқаро бинни Умаршайх бинни Амир Темур.
У она томондан ҳам Темур авлоди. Феруза бегим – Темурнинг яна бир ўғли Мироншоҳ Мирзонинг қизи эди.
Ҳусайн – каримут-тарафайн, икки тарафдан Темурга туташ… ”(27-бет).

”Ўзбекистон миллий энциклопедияси”да бундай деб ёзилган: “Ҳусайн Бойқаро…онаси темурийлардан Мироншоҳнинг набираси…” 11-том, (397-бет).

Дарҳақиқат, Ҳусайн ота томондан Амир Темурнинг чевараси, она томондан эса эвараси ҳисобланади. Демак, онаси Феруза бегим Мироншоҳ Мирзонинг, романда айтилганидек, қизи эмас, набирасидир.
31-бетда шундай жумла бор: “…У (А.Навоий. М.Х.) Машҳад, Ироқ, Сабзавор,…шаҳарларида…сарсон-саргардон кезади”. Ироқ деган шаҳар бўлмаган ва ҳозир ҳам йўқ.

Тўртинчи дафтарда тасаввуф хусусида фикрлар билдирилади. Маълумки, Шарқ адабиётини ўша даврнинг ҳукмрон мафкураси – ислом фалсафасисиз, яъни тасаввуфсиз тасаввур қилиб бўлмайди. Е.Э.Бертельс: «Навоий тасаввуфнинг барча ахлоқий томонларини қабул қилди, тасаввуф алалоқибат эришадиган мақсадларни ўз олдига идеал сифатида қўйди, аммо тақдир унга раво кўрган муҳит билан алоқаларини узмади. У тасаввуфнинг оташин мухлиси, қалбида суфий, ушбу таълимотнинг билимдони эди, бироқ у амалиётчи суфийга айланмади», деб ёзган эди. Ҳужвирийнинг фикрича, Навоий усул соҳиби – мутасаввиф, яъни тасаввуф илмидан хабардор, олим (проф. И.Ҳаққул фикри).

А.Навоий амалиётчи суфийга айланмаганлиги, унинг тасаввуфона шеърлар ёзмаганлигини билдирмайди, албатта. Шоир ижодида ҳам дунёвий, ҳам илоҳий ишқ бир хилда аксини топган деса бўлади. Тасаввуф ҳақида мукаммал фикр билдиришни даъво қилмасдан, фақат бир гапни айтмоқчиман: “Навоий ва рассом Абулхайр” романида шоир асарларидан келтирилган иқтибосларнинг кўп қисми муаллиф томонидан дунёвий ишқ мадҳи сифатида таҳлил қилинганга ўхшайди. Ваҳоланки, фикримча, у ғазаллар орасида соф суфиёна руҳда ёзилган асарлар бор. Бунга кўплаб мисоллар келтирса бўлади. Бироқ бу ишни мутасаввиф олимлар ҳукмига ҳавола қилиб, А.Навоийнинг, романда тасвирланган, муҳаббати ҳақида мулоҳаза юритсак.

Ёзувчи:

“…Буюк Шоир…Бошқа Номаълум гўзални севмаслиги мумкин эмас… Шу ўринда айтаман. Номаълум Гўзал бўлмаса, фақат ғазаллар эмас, Алишер “Хамса”ни ёзганида ҳам, Лайли ва Мажнун, Фарҳод ва Ширинлар ишқини “тўлиб” чизолмас эди! Унга ҳатто Гули ҳам “ёрдам” беролмас эди!)

…Алишер Номаълум Гўзал билан бот-бот учраша бошлайди. Улар орасида чинакам МУҲАББАТ ДАМЛАРИ кечади. Лекин атрофдагилар ҳеч нарсани кўрмайдилар! Эшитмайдилар! ”, дейди (90-91-бетлар).
Навоий иккинчи (Номаълум) гўзални севди, деб ишонайлик. Давлат арбоби – муҳрдор, вазир, Хуросонда, мавқе жиҳатидан, Ҳусайн Бойқародан кейин иккинчи, бойликда ҳам Мовароуннаҳр ва Хуросонда Хўжа Аҳрордан кейин турувчи мулкдорнинг севгисини бошқалардан яширишига сабаб нима? Ошкора никоҳдан ўтишига нима монелик қилган? У тарки дунё қилган зоҳид эмас эди-ку! Муаллиф шоир билан номаълум гўзални – никоҳсиз, бир-бирига номаҳрам кишиларни, яширинча учраштириб, ўзи хижолат тортгандек: “…эҳтимолки, аввалдан Алишер бирон дўсти, сирдоши (Паҳлавон Муҳаммаддек киши)ни чақириб, Номаълум Гўзал билан ўртага бир коса сув қўйиб, махфий никоҳдан ҳам ўтган (мен бунга зиғирча шубҳаланмайман)! У Худодан қўрққан жиддий тариқат кишиси ,” деб ёзади.

Гап “эҳтимолки” деб бошланади-да, охирида “бунга зиғирча шубҳаланмайман”, дейилади. Жумладаги эҳтимол тўғрими, шубҳаланмасликми? Муаллиф бир гапнинг ўзида ҳам шубҳаланяпти, ҳам қатъият билдиряпти. Умуман, беш юз йил аввал салт-сувой ўтган Навоийнинг ётоғидаги тўшагини бугун титкилашга ҳожат борми? Мана бу гапларга эътибор беринг:
“…ривоят бўйича, Давлатбахт деган канизакни Хадича (Ҳусайн Бойқаронинг хотини. М.Х.) “имтиҳон учун ” бир оқшом Алишернинг уйига киритиб юборади (яна никоҳсиз эркак билан аёлнинг махфий учрашуви. М.Х.). Улар туни бўйи суҳбатлашишади… Алишер билан Давлатбахт бир-бирига нисбатан аввалдан яқинлик сезган. (Бу романдаги учинчи муҳаббат. М.Х.) Бўлмаса, Алишер уйида канизакнинг қолишига изн бермасди. Давлатбахт ҳам Хадичанинг “шумлиги”га қараб, “шарт”ни бажаравермасди. Ўша давр шароити…ни минг инобатга олганда ҳам, Кўнгул Ҳукми! Менимча, шундай”. (87-бет). 99-бетда эса ёзувчи: “Унга (Навоийга. М.Х.) “ўйинқароқлик” либосини кийдириш муносиб эмас”, дейди. Навоийни номаҳрам қизлар билан махфий “учраштириш”, уларни бир кеча бир уйда қолдириш, “бир-бирига нисбатан аввалдан яқинлик сезган”, дейиш, ораларида “чинакам МУҲАББАТ ДАМЛАРИ” кечганлигини таъкидлаш, унга ўйинқароқлик либосини кийдиришдан бошқа нима бўлиши мумкин?

Бундай тафсилотлар, асосан, Ғарб адабиётига хос ҳол. Алишер Навоий тимсолини насронийлар адабиётидаги Дон Жуан сингари образларга ўхшатиш бизга ярашмайди.

“Навоий ва рассом Абулхайр” романини жанр мезонига қўйганингизда ҳам унинг бу талаблар андазасидан чиқиб кетишига гувоҳ бўласиз. Аниқроғи, асарда, жанрнинг энг муҳим талабларидан бири – зиддият (конфликт) йўқлиги кўзга ташланади. Бу эса, ўз навбатида, кульминация ва зиддият ечими билан боғлиқ муаммони келтириб чиқарган.

Алишер Навоий билан Ҳусайн Бойқаро ораларидаги муҳаббат можароси романнинг асосий зиддияти деб қаралса, буни муаллифнинг ўзи инкор қилган. Бундай можаро бўлмаган, дейди ва бу тўғри. Султон Абусайид билан боғлиқ, Самарқандга сургун масаласими, десангиз, тағин ёзувчи: “ҳеч қандай сургунсиз, ўз ихтиёри билан кетган бўлиши ҳам мумкин”, дея бу фикрни ҳам шубҳа остига олади. Ҳатто сургун воқеаси юз берганида ҳам, романда бир жумла билан тасвирланган бу ҳолатни, жанр талаби нуқтаи назаридан, зиддият деб бўлмайди. Романнавис дарғалардан бири – Лев Толстой эса: зиддият тасвири бўлмаган асар муаллифнинг истеъдодсизлигидан дарак беради, деган.

Балки “зиддият”, “кульминация” сингари тушунчалар ҳозирги адабиётшунослик назарияси тан олмайдиган масалаларга айлангандир. У ёғи менга қоронғи.

Асардаги таъсирдорлик – ҳаққонийлик (бадиийлик мезони), яъни китобнинг ўқувчини қай даражада ҳаяжонлантира олиши ёки акси ҳақида ҳам узоқ вақт баҳслашиш мумкин. Бунга юқорида талай мисоллар келтирилди.

Ҳурматли ёзувчимиз Омон Мухтор “Ўзбекистон адабиёти ва санъати” газетасининг 2012 йил 8-сонида босилган “Бефарқ қараб бўлмайди” сарлавҳали мақоласида мамлакатимиздаги адабий жараён хусусида куйиниб ёзган. Аммо, афсуски, мақолада айтилган танқидий фикрлар, менимча, чумчуққа милтиқдан отилган сочма ўққа ўхшайди. Танқид, деярли, ҳеч кимга тегишли эмас.

Адабиётимизда содир бўлаётган ва Омон ака тилга олган шунга ўхшаш ҳолатларнинг асосий сабаби: “менга тегма, сенга тегмайман” қабилида иш тутилаётганида деб ўйлайман. Адабиётшунослигимиз ҳам ўзбекона андишани бузиш ниятида эмасга ўхшайди. Танқидчиларимиздан бири ўзбек адабиётида Омон Мухторчалик кўп роман ёзган муаллиф йўқ деганидан воқифмиз. Лекин адабиётда сон ортидан қувиш нима эканлигини Алишер Навоий беш юз йил муқаддам айтиб қўйган эди. Бундай ҳолатдан фақат ҳақиқий адабиёт ютқазади.

О.Мухтор романнинг бошида: “Навоий тўғрисида юзлаб китоблар ёзилган. Аммо кўнглим тўлмади. Буларнинг аксарида у тирик одамдан кўра кўпроқ девордаги суратга ўхшайди”, дейди (7-бет). Асарни ўқиб, оддий адабиёт мухлиси сифатида, ўша суратнинг девордан пастга тушганлигига сира ишонгим келмади.

Миршариф ХЎЖАЕВ.

www.facebook.com/mirsharif.xodjayev

Share on FacebookShare on Google+Tweet about this on TwitterEmail this to someoneShare on LinkedIn