ФУРУF ФАРРУХЗОД: ВИДО

Дунёни ларзага солган шеърият

ОДИЛ ИКРОМ ТАРЖИМАСИ

furug furugzodВИДО

Кетарман ложарам,
Кетарман нолиб
Тағин вайронадан вайроналарга.
Кетарман дарбадар, кетарман олиб,
Бу дарё дилимни девоналардай.

Кетарман йироққа,
Қалбимнинг қора
Гуноҳини ҳамда ишқ доғларини
Ювиб, халос этсам дилимдан зора
Хароб истакларнинг дудоқларини.

Кечирмадим, кечдим сендан, умидим,
Бенаво қалбимнинг тинглаб додини,
Тириклайин гўрга олиб кетдим жим,
Қумсамасин дея висол ёдини.

Янграйди андуҳлар, ашклар нағмаси,
Кетарман саргашта, кетарман бадар.
Сиздан, гуноҳларнинг кайноқ чашмаси,
Шояд ўшал онда қилсайдим ҳазар.

Маъсумгина фараҳ ниҳоли эдим,
Шохимни қайирди ишқ панжалари.
Кулфат ёғдусига айландим-қолдим,
Лабим у лаблардан тушганда айри.

Оқибат, пойимга ташлади каманд
Сафар арқонлари. Жигархун, жим-жит
Кетарман, кетарман, торт юрагимдан,
Ночор қўлларингни, бесамар умид…

****

 

ЕР АЛОМАТЛАРИ

Қуёш совиб,
Ердан йитгач барака,
Саҳролар бағрида сўлди чечак, гул.
Балиқлар қирилиб кетди дарёда,
Тупроқ ўликларни этмади қабул.

Машъум тасаввурдай,
Туғёнга дўниб,
Юпун дарчаларда зоҳир бўлди тун.
Ва йўллар ўзининг давомини ҳам
Зулматга сингитиб юборди маҳзун.

Ҳеч ким ўйламади ишқ-муҳаббатни,
Энг ғолиб туйғулар келганда малол,
Фикр тарк айлади тирик жонларни,
Ҳеч ким
ҳеч нарсани қилмади хаёл.

Ёлғизлик ғорлари ичра
Дунёга
Ботиллик келарди қалтираб, қақшаб.
Қондан кўкнор ҳиди анқиб кетарди,
Дилни афъюн ҳиди кетарди ғашлаб.

Иккиқат хотинлар,
Минг азоб билан
Бошсиз болаларни туғиб қўйди, оҳ.
Кимсасиз бешиклар шарманда бўлиб,
Fамгин мозорлардан ахтарди паноҳ.

Нечук аччиқ қисмат,
Пайғамбарликнинг
Қудратин чилпарчин айлаб кетди нон,
Тарк этди илоҳий ваъдагоҳини,
Ул оч пайғамбарлар, бағри бўлиб қон.

Йўқолган қўйлару
Йитган қўзилар
Макон айлаб даштнинг eру қирини,
Дашту даманларнинг пучмоқларида
Эшитмади чўпон ҳайқириғини.

Ҳаракатлар, ранглар ҳамда тасвирлар
Бари ёлғон эди,
Барчаси – рўё.

Барчаси тескари кўринар гўё.

Тубан масхарабоз боши устида,
Наҳс босган фоҳиша турқидан тониб,
Ёнарди ўт кетган соябон янглиғ,
Муқаддас, нуроний ойнинг қўрғони.

Шароб кўлмаклари,
Аччиқ, заҳарли
Буғини таратиб ҳар ён, ҳар томон,
Қотган даҳоларнинг издиҳомини
Ўз домига тортиб кетди беомон.

Суллоҳ каламушлар,
Очкўз сичқонлар,
Тиймасдан ҳакалак отган нафсини,
Кемирди қоронғи ковакларида
Мунаққаш китоблар саҳифасини.

Қуёш ўлган эди,
Қуёш ўлганди,
Эртанинг қалбидан чиқарди доди.
Гўдаклар зеҳнида, тасаввурида
Яшар эди унут каломи, ёди.

Улар эски калом нодирлигининг
Тимсолини гўзал иштиёқ билан
Тасвир айлар эди ўз машқларида,
Беўхшов, дағал ва қора доғ билан.

Шўрлик халқ,
Бенаво юраги ўлган,
Ваҳима ичида қалтираб, қақшаб,
Маккор жасадининг юки остида
Кетарди ғурбатдан ғурбатга қараб.

Кетарди нотавон лошини судраб,
Чeкиб юрагининг тубига дарди,
Қинғир жиноятнинг жароҳатлари
Қўлларида газак боғлаб кетарди.

Гоҳида аланга,
Ожиз аланга
Бу ўлик тўдани этарди вайрон.
Уни ич-ичидан қўпориб бирдан,
Ҳужум қилар эди ғамга беомон.

Пичоқ тортар эди қайси бир эркак,
Хотинининг оппоқ бўғзига бу дам.
Тандир оловига қаларди она,
Яккаю ягона фарзандини ҳам.

Улар ғарқ эди ўз ваҳшатларига,
Улар ваҳшат ичра чeкарди беҳол.
Қўрқув, гуноҳ ҳисси,
Чирқиллаган, кўр
Арвоҳларин буткул айлаганди шол.

Гўё машъум қатл маросимида
Дор арқони,
Маҳкум кимсанинг сабил
Кўзларини зўрлик, золимлик билан
Косасидан ситиб чиқарган каби
Қартайган асаби қақшаб кетарди,
Улар ўз-ўзига кетганда ботиб,
Булғанган шаҳвоний тасаввурига
Санчилган ўқларни оларди тортиб.

Аммо, майдонларнинг атрофи доим
Тўлиб кетар митти жондорчаларга.
Улар боқар эди лоқайд, бепарво,
Суви оқаётган фаввораларга.

Эҳтимол, йиртилган кўзлар ортида,
Бу жонсиз табиат умқида маъюс,
Бир паришон ҳамда чалажон нарса,
Ожиз ва нотавон қолгандир ҳануз.

Балки, қолгандир жон талвасасида,
Умид-ла табиат пок одатига,
Қолгандир ишониб сув овозининг
Софлигига ҳамда садоқатига.

Эҳтимол…
Ва лекин, тубсиз бўшлиқда
Қуёш ўлган эди, бутунлай ўлган.
Ҳеч ким билмас эди,
Ул ғамгин каптар
Имондир, қалблардан қувғинди бўлган.

Оҳ, эй тутқун садо,
Умидсиз шуъланг
Бу манфур тундан нур манзили қадар
Элтувчи ер ости йўлини топиб,
Бизга эзгуликдан бердими хабар?..

Оҳ, эй тутқун садо,
Эй, тутқун садо,
Оҳ, эй, садоларнинг сўнгги садоси…

****

 

ЁЛFИЗЛИК FУССАСИ

Дераза ортида қор ёғади жим,
Дераза ортида қор ёғади жим,
Дилим сукутига кимнингдир қўли
Қайғу уруғини сочар бетиним.

Аввал-охиримни кўриб, қайғуриб,
Сочларинг оқариб кетди-ку, эй қор.
Фақат, юрагимга ёғдинг, эҳ афсус,
Мозорим бошига ёғмадинг бир бор.

Совуқ урган ниҳол янглиғ қалтираб,
Ёлғизлик дастидан руҳим қақшади.
Қалбим зулматида кўтаради бош,
Ёлғизлик дунёсин ваҳми, ваҳшати.

Сен энди ҳарорат этолмассан бахш,
Эй ишқ, эй, музлаган қуёш танаси.
Кўнглим – умидсизлик саҳроси, яйдоқ,
Хастаман, қалбимда ишқнинг яраси.

Шавқнинг ғунчалари кетди қовжираб,
Эй, шеър, эй, жодугар шайтон, эй золим.
Уйғонди, уйғонди охир-оқибат,
Дард элтган уйқудан уйғонди жоним.

Сўнг… қайга юз бурмай, қаерга боқмай,
Сароб афсунига дуч келдим ногоҳ.
Неки, мен ортидан эргашдим, чопдим,
Уйқу сувратига айланди, эй воҳ!

Эй, Худо,
Бир лаҳза айлагин зоҳир,
Дўзахнинг дардини, даҳшатларини.
Қачонгача дилга қамайман, ахир,
Дўзахнинг оташин ҳасратларини?!

Кўрдим, бот-бот ўшал мен кўрган қуёш,
Уфқнинг ортига кўмилди маъюс.
Уфқсиз қуёшим жануб кўксига
Жим ботди сўлиб ва сарғайиб, афсус.

Нима ахтараман бундан сўнг ундан,
Бундан сўнг не кутай ундан интизор?
Совуқ кўз ёш тўкиб, яратмоқ учун,
Тупроғи совимай турган бир мозор.

Дераза ортида қор ёғади жим,
Дераза ортида қор ёғади жим,
Дилим сукутига кимнингдир қўли,
Қайғу уруғини сочар бетиним.

****

 

ГУНОҲ

Гуноҳ қилдим, лаззат кўпирган гуноҳ,
Қайнаб турган иссиқ оғуш ичра маст.
Гуноҳ қилдим, темир билак сиртмоғи
Жисмимга, жонимга айлаганда қасд.

Қоронғи ва жим-жит ул хилватгоҳда
Боқдим сеҳр тўла кўзига беҳол.
Кўксимда юрагим титради зир-зир,
Истак тошиб турган нигоҳидан лол.

Ўшал жим-жит, тийра хилватгоҳ ичра
Тўзғидим, бағрида туйиб эҳтирос.
Шавқ тўкиб лабларим юзига лаби,
Телба дил ғамидан айлади халос.

Мен ишқ қиссасидан сўйладим бир-бир,
Сени истаюрман қадимдан-қадим.
Сени истаюрман, эй жонбахш оғуш,
Фақат, сени, телба ошиғим маним.

Унинг кўзларида порлади ҳавас,
Жон чайқалди гулгун шаробга тўлиб.
Майин тўшак узра менинг вужудим,
Кўксида титради маст-аласт бўлиб.

Гуноҳ қилдим, лаззат кўпирган гуноҳ,
Бир бағирда титраб, ҳушдан айрилдим.
Ул қоронғи, жим-жит хилватгоҳ ичра,
Қайдан билай, Тангрим, мен нима қилдим?!

****

 

КУЗ

Афсунгар табиат юзидан олдим,
Fам йўғирган нури дийдаларимни.
То кўрмасин дея оташ нигоҳим
Ҳасрату мотамнинг жилваларини.

Куз, хокка беланган йўловчи, надир
Кўйлагинг остида қаппайган бўхча?..
Дунё орттирмадинг дунёда, ахир,
Қурғаб, хазон бўлган япроқдан ўзга.

Шоир қалбига ғам, алам бахш айлар,
Кунботаринг кўзи, –
Айланган тошга.
Ўртанган жонимга не ҳам бахш айлар,
Оғушинг, рутубат, ғуссадан бошқа?!..

Мудраган қийноқлар бостириб келар,
Қайғуга лиммо-лим сукут қаъридан.
Бедарак йўқолган орзулар елар,
Пинҳона тасаввур қанотларида.

Куз, эй, меҳнат юкин хуш таронаси,
Куз, эй, ўйчан қўшиқ – хаёлга маҳкум.
Афсунгар табиат чеҳрасидаги
Аянчли табассум…

****

 

ҚАЙТИШ


Иброҳим Гулистонга

 

Жисму жоним қоронғилик ояти, эй воҳ,
Сени такрор-такрор айлаб жисму жонимда
Олиб кетай барқарор барқ саҳаргоҳига.

Бу оятда ёниб сенга оҳлар айтдим, оҳ,
Бу оятда сени буткул пайванд айладим
Дарахт насли, сув насаби, олов зотига.

Ҳаёт, балки, бир кeчадир, узундан-узун,
Бу кeчадан ҳар куни бир исмсиз аёл
Кўтарганча ўтаверар тўрхалтасини.

Ҳаёт, балки, бир арқондир, ушбу арқонга
Ҳар куни бир эркакмижоз эркак, бемажол
Елкасидан осиб қўяр ўз гавдасини.

Ҳаёт, балки, бир боладир, мактабдан қайтган
Ё йўловчи, бемаъни бир табассум билан
Бошқа битта йўловчига «Хайрли тонг» дер.

Ёки ҳаёт – кулоҳини бошидан олиб
Илжайганча «Хайрли тонг» дер экан, гангиб
Кетаётган йўловчининг боши оққан ер.

Ҳаёт, балки, сарҳад ичра ўртанган лаҳза…
Қароғингда тўзғиб кетар банди нигоҳим
Дош беролмай бу ҳудуднинг қутқуларига

Ва бу лаҳза ичра шундай туйғу бор, гўё
Бу туйғуни билмай қўшиб юборгандайман
Қоронғида ойни англаш туйғуларига.

Бутун бошли танҳоликка баробар уйда
Термулар жўн бахтиёрлик баҳонасига
Бутун бошли муҳаббатни қамраган қалбим.

Гулдондаги гул заволи, мўъжаз ниҳолга
Ва овози даричани буткул тўлдириб
Куйлаётган бир қушчага термулган каби.

Ҳиссам шулдир,
Ҳиссам шулдир,
Ҳиссам шулдир,
Оҳ…
Осмон маним улушимдир, юз тўсар чоғда
Мендан олар юзидаги пардаларини.

Улушим шул – тарк этилган пиллапоянинг
Тағин битта поясидан қулаб, уласам
Чириб кетган ғамгин ғурбат жандаларини.

Улушим бу – маҳзун-маҳзун кезинган хаёл,
Хотиралар хиёбони узра чарх уриб
Хотиротнинг хаёлотга қовушганидир.

Ва уларнинг азоб билан жон бераётиб
«Қўлларингни суяман» деб айтган лаҳзада
Томоғида қалтираган товушларидир.

Қалдирғочлар тухум қўяр бармоғим аро
Ва биламан, кўтараман чорвоқларингга
Қадар бўлсам бўялган бeш бармоқларимни.

Қулоғимга исирғалар осиб, қирмизи
Ва қўшалоқ гилослардан, тирноқларимга
Қадагайман ёронгулнинг япроқларини.

Бир кeча бор, менга ошиқ-беқарор бўлган
Сочи пахмоқ, бўйни нозик, оёғи ориқ
Ўғлонлар бор бу кeчада, юраги – ярим.

Улар бир тун шамол ўзи билан обкетган
Қизалоқнинг маъсумгина табассумини
Ёд этарлар танҳоликда, ёд этарлар жим.

Бир кeча бор, менинг ярим-ёрти юрагим
Бу кeчани қачонлардир, қўрқиб-қалтираб
Ўғирлатган болалигим маҳалласидан.

Замон йўли узра кечган сафар – бир мааром
Зиёфат еб қайтаётган, тақдирдан огоҳ
Ҳодисотдир мудроқ замон бачадонида.

Биров ўлар,
Биров қолар,
Мана – ҳодисот.
Чуқурчага қуйилгувчи ариқ тубидан
Марварид, зар овламайди ҳеч қайси сайёд.
Мен танийман кичкина бир паризодани,
Бир уммонда ватан тутган, ёғоч най чалиб
Юрагини аллалайди сокин, сумбода.

Ўша ғамгин ва ғаройиб, кичкина пари
Тунда битта бўса бирла дунёдан қайтар
Ва тонг чоғи бир бўсадан қайтар дунёга…

****

 

ЖУФТ

 

Тун қуйилар…
Ва тундан кейин
Тунд зулумот
Ва ундан кейин
Қароғлар, дастлар
Ва нафаслару нафаслару нафаслар.
Сув қуйилар…
Қатра сизиб жўмракдан
Қатра-қатра бўлиб тўкилар нолиб.
Ва икки чўғ – икки ёниқ сигара,
Соат чиқ-чиқи
Ва икки қалб –
Икки танҳолик…

****

 

ҚЎFИРЧОҚ

 

Бундан-да кўп
Жимжитликнинг зормонда қурби.

Ўликларнинг нигоҳидай нигоҳ билан лол,
Бир сигорнинг дуди ичра
Ва битта жомнинг
Қаърига жим чўкиб кетса бўлар бемалол.
Патгиламнинг рангсиз гули,
Девор юзида
Эгри-бугри чизиқ янглиғ бўзариб туриб,
Қуриган қоқ панжаларнинг кўмаги билан,
Деразадан пардаларни бир ёнга суриб,
Кўрса бўлар: Кeча узра ёмғир ёғар тез,
Бир дўппили, варрак тутган болакай – маҳзун.
Ва ҳайоҳуй шитоб билан, бўм-бўш майдонни
Тарк этганин, бесўнақай жилпанглаб файтун.

Қолиб кетса бўлар битта жойда бир умр,
Қолиб кетса бўлар сабру тоқатлар тўлиб,
Қолиб кетса бўлар ўшал парда ортида
Қолса бўлар, аммо, кўру
Аммо, кар бўлиб.

Беҳудага оҳу фарёд айласа бўлар,
Мафтунликда сабил қолиб кетса жону тан.
Сохта садо, ёлғон товуш, ёт овоз билан
Кимгадир ишқ изҳор этса бўлар:
«Севаман».
Супрасимон бадан билан,
Бадҳайбатсаро
Бир эркакнинг тошдай қаттиқ панжаларида
Тошдан қаттиқ сийналарнинг жилвати билан
Дўнса бўлар офатижон манжалақига.
Бир пок ишқнинг номусини топтаса бўлар,
Нишон тугул, ном қолдирмай урвоқларидан,
Қай бир телба,
Қай бир пиён,
Қай бир саёқнинг
Fор комидай ютоққан сард қучоқларида.
Ҳар жумбоқни
Тўғри чизиқ мисоли ечиб,
Калаванинг уч-учидан ушласа бўлар.
Ҳар таъбирни беш ё олти сўз билан шарҳлаб,
Беҳудага кўнгилни ҳам хушласа бўлар.
Бир умр тиз чўкиб эгик,
Йўқласа бўлар
Худони ҳам номаълум бир лаҳад қаърида.
Имон топса бўлар ожиз садақа билан,
Зиёратхон пирдай
Масжид ҳужраларида.
Кўпайтириш, қўшиш билан, айириш билан
Қолдирмасдан номдан ному нишондан нишон,
Жамланган ҳар йиғиндининг натижасини
Бир нафасда этса бўлар вайрону яксон.
Ўз чоҳида қуриб кетса бўлар сув каби,
Чўкса бўлар чуқурликнинг тубсиз қаърига.
Fазабланган кўзларингни ўхшатса бўлар,
Ранги ўчган эски ковуш тугмаларига.

Бир лаҳзалик гўзалликка,
Оний қувончга,
Фурсат соя солганда дил ғашласа бўлар.
Бир лаҳзалик гўзалликни, хижолат тортиб,
Сандиқнинг туб-тубида ҳам асраса бўлар.
Тиқса бўлар бўшаб қолган кун ғилофига,
Маҳкум, мағлуб ё бир мохов сувратин малул.
Девор дарзин сувратчалар билан беркитиб,
Кетса бўлар сувратларга қўшилиб буткул.
Қўғирчоққа дўнса бўлар,
Абадул абад
Боқса бўлар дунёга дун оралиғидан.
Сомон тиқиб тўлдирилган тан билан мангу,
Қути ичра, шиша кўзнинг қорачиғидан.
Зебу зийнат илинжида йитиб ложарам,
Қўғирчоқдай
Қўл текизса бир суюқоёқ,
Ва шунчаки фарёд солиб ҳиссиз, бесабаб
Айтса бўлар:

«Оҳ, мен жуда бахтлиман бу чоғ».

****

 

БИЗНИ ОЛИБ КЕТАР САБОЛАР

Афсус, шамол қисқа тунимда чорлар,
Шивирлаб, дарахтнинг ҳар япроғини.
Паришонлик тўзғир қисқа тунимда,
Тингла,
Эшитдингми тун ингроғини?

Fамгин боқаман бу бахтиёрликка,
Кўнглимда – узилган умидлар доғи.
Ахир, бахтсизликка қилганман одат,
Тингла,
Таралмоқда зулмат ингроғи.

Нимадир ўтади тун кўксин тилиб,
Ой қизарган, ором билмас тун бўйи.
Том ёришиб кетар,
Ўша томларни
Ҳар лаҳза қўрқитар тўкилмоқ ўйи.

Булутлар
Азадор тўда сингари
Оғир қайғу ичра ўртайди бағир.
Ёғиш учун фурсат кутади улар,
Ёғиш лаҳзасига бўлиб мунтазир.

Бир лаҳза…
Бари ҳеч, бир лаҳзадан сўнг,
Дераза ортида титраган тун бор.
Ер бор,
Айланишдан тўхтаган тағин,
Кимдир иккимизни кутар интизор.

Эй, зангори ҳилқат,
Аччиқ ёд каби
Қўлларингга ошиқ қўлим бўлсин ер.
Лабларингни, борлиқ ҳароратидай,
Ошиқ лабларимнинг навосига бер.

Бизни олиб кетар ҳануз саболар,
Бизни олиб кетар маъюс саболар.

****

 

ИЛОҲИЙ ИСЁН

 

Ярим тун, тебранар бешиклар ҳорғин,
Одамзод ғамидан бўлмасдан огоҳ.
Қайиқдай чайқалган танимни кимдир
Тўфонлар комига тортади ногоҳ.

Нигоҳимга ётдир чеҳралар буткул,
Юлдуз ёши томган кулбалар, томлар.
Зиндон ваҳми, чақноқ занжир ҳалқаси,
Тангрининг лутфидан келган каломлар.

Ернинг совуқ бағри, гўр уюмлари,
Ҳар салом – видонинг соясидай фош.
Осмон остидаги шипшийдам қўллар,
Иссиқ урган хаста, сарғайган қуёш.

Изланишлар тўзғиб, торож бўлган жим,
Қоронғи йўл узра туртинар азоб.
На оташдан из бор Тур чўққисида,
На ёпиқ эшиклар ортида жавоб.

Зулмат кўзларида қолдим ҳайрон, лол,
Бўларманми бир зум жисмимдан жудо?
Додай чирмашардим дунё дилига,
Мен осий, бир лаҳза бўлсайдим Худо.

Худо бўлсам, ушбу худовандликнинг
Номин менга лойиқ кўрса бу жаҳон,
Мунаққаш тахтимдан ўгирардим юз,
Сокин дилга қуриб хилват бир макон.

Агар Худо бўлсам, ўзимдан оний
Айрилиб-айрилиб кетардим учқур.
Бу кекса дунёнинг тор йўлларидан
Кетардим ридосиз, асло бўлмай нур.

Ваҳшат юракларга солмасди соя,
Осийга бермасдим дўзахий жазо.
Эрам боғи йўлин қисқароқ айлаб,
Бу дунёда жаннат яратардим ё.

Худо бўлсам, исён шуъласи тағин
Бошдан-оёқ ёқиб, ёндирарми, оҳ?
Бош чиқариб жисмим зиндони ичра,
Кетарди дунёмга ўт қўйиб ногоҳ.

Улашардим фарёд қурбин дилларга,
Ўшал дилда ўзим тортар эдим оҳ.
Борлиққа ёйилиб борлиғим бутун,
Уялиб эслардим Худоликни гоҳ.

Бу қаттиқ муштларим, бекордан-бекор
Деворга урилмас эди ҳеч қачон.
Дунёнинг бошига туширардим мушт,
«Борлиқ» девор ичра топширарди жон.

Олардим хоксор халқ орасидан жой,
Сиримни очардим уларга жўшиб.
Майхўрлар базмига қўшилиб тунлар,
Кўчада тентираб куйлардим қўшиқ.

Хилватимда ёниб тунда май шами,
Маст бўлиб топардим тадбир бетиним.
Парҳез чопонини итқитиб тандан,
Жом ичра таҳорат ушатардим жим.

Тўзғиган халққа йўл кўрсатардим, то
Дўзах азобидан юмгунча кўзни.
То борлиқ майидан ҳўплаб бир қултум,
Мастлик ҳолатига келтирсин ўзни.

Чанг навоси бўлиб қўнғир тун аро,
Ўтдай ёнар эдим юрак қаърида.
Бу дунёнинг масжид, майхоналари
Чақнарди қадамим зарбаларидан.

Шўх нигоҳда эдим висол хабари,
Жом лабида меҳр саломи эдим.
Мастлик туни ичра бўса шароби,
Буткул ишқу орзу каломи эдим.

Баъзан, саройимда бўлардим огоҳ,
Бенаво халқ дарди, нидоларидан.
То кўрай, дардига бормикан даво,
Ё не истар улар Худоларидан.

Расулим – пок номим бўларди бешак,
Чок кўксимда шондан қолар эди из.
Ишқ шамширим эди, мастлик – китобим,
Тупроғим ҳам бода эди, шубҳасиз.

Водариғ, қачондир хомуш лабимда
Каломлар бутунлай кетганди қуриб.
Видолашгим келар узоқ ва узоқ,
Ўшал жудоликнинг қаърида туриб.

Забунга ярашмас бу Худоликлар,
Мен қайдаю тандан жудолик қайда?
Мен қайдаю бу ер, бу қатлгоҳдан
Ногаҳоний парвоз, Худолик қайда?

Зулматнинг кўзида турибман ғамгин,
Тирқишдан тун ёғар ёстиғимга жим.
Ҳатто, арш деворин орқасида ҳам
Кўрмасман зулматдан ўзга бир тилсим.

Эй, Худо, эй, ажал рамзин хандаси,
Сенга бегонадир нолаю оҳим.
Мен кофир, мен мункир, осий, беқибла,
Кўзингни оч, шайтон – менинг Илоҳим.

****

 

БЎСА

Гуноҳ кулар эди икки кўзида,
Юзида куларди тўлган ой нури.
Ўша сокин лаблар узра куларди,
Шуъланинг бепаноҳ сеҳри, сурури.

Уялиб кетарди гунг бир истакдан,
Порлаган нигоҳи – мастликка мойил.
Боқиб унинг икки кўзига, дедим:
Кўтармоқ керакдир бу ишқдан ҳосил.

Соянинг устига эгилди соя,
Сеҳрли хилвати эди қоп-қора.
Гуноҳнинг юзида сирғалди нафас,
Бўса порлаб кетди икки лаб ора.

***

 

ДЕВОР

 

Ўткинчи дамларнинг совуқ бағрида,
Жим-жит нигоҳларинг беун, беомон,
Атрофимда девор тиклар,
Қочарман
Сендан
Йўллардаги йўлсизлик томон.

Дашту даманларни кўргунимча то
Ойнинг рухсорида, ойнинг доғида,
Чангу ғубор қўнган баданимни ҳам
Ювгунимга қадар нур булоғида,
Этагимни ёзнинг илиқ тонгида
Саҳройи чечакка тўлдирай юриб.
Эшитай хўрозлар қичқириғини
Деҳқон кулбасининг томида туриб.

Сулув саҳронинг кенг этакларига,
Мен сендан қочарман, қолдириб ғамни.
Ё ичай танига оёғим тираб,
Ўша майсадаги совуқ шабнамни.

Қочаман,
Булутнинг сояси тушган
Бўм-бўш қирғоқдаги тош узра маҳзун,
Ўйинқароқ денгиз тўфонларининг
Рақсини томоша айламоқ учун.

Токи, ўшал олис кунботардаги
Йиртқич ва ёввойи каптарлар янглиғ,
Даштларни, тоғларни ва осмонларни
Бемалол бағримга босайин қаттиқ.

Токи, қовжираган ул бутоқларнинг
Узилиб кетмасдан сўнгги нафаси,
Келсин илтижога тўлган сасидан,
Саҳройи қушларнинг шодон нағмаси.

Мен сендан қочаман,
Сендан олисда
Қўярман орзулар шаҳрига қадам.
Шаҳар ичра…
Очиб, олтин қопланган
Ёлғон қасрин маҳкам қулфларини ҳам.

Лек, кўзларинг сокин фарёди билан,
Барча йўлни айлаб кўзларимга тор,
Сеҳрли зулматин ёйиб бетиним,
Менинг атрофимда тиклайди девор.

Бир куни қочаман охир-оқибат,
Мунофиқ дийдалар сеҳридан тайин.
Бир куни таралиб кетаман ногоҳ,
Ёлғонлар гулининг атридай майин.

Қўзғалиб кетаман, тунги шамолнинг
Сочи тўлқинида беғам, беқайғу.
Бораман қуёшнинг қирғоғигача,
Жаҳонда мудроқ
Ва оромда – мангу.

Қаҳрабо булутнинг тўшаги ичра
Ширин энтикаман, дилдан кетар ғам.
Тўкилиб кетар шод осмон юзига
Нурнинг кокиллари –
Оҳангсиз олам.

Мен ўша оламда сархуш ва озод
Кўзимни тикаман кетган дунёга.
Афсункор кўзларинг менинг кўзимга
Йўлларни буткул тор этган дунёга.

Кўзимни тикаман ўшал дунёга,
Афсункор кўзларинг такрор ва такрор
Сеҳрли зулматин ёйиб беқиёс,
Унинг атрофида тиклайди девор.

****

 

СОЯЛАР ДУНЁСИ

 

Намиққан йўлларнинг юзида ҳорғин,
Олачипор туннинг теварагида,
Гўё биздан қочар сояларимиз,
Биздан олисларда, йўл этагида.
Узум новдалари узра тош қотиб,
Совуқдан дийдираб гоҳи-гоҳида,
Бир-бирин пинжига майинлик билан
Талпинар ёришган ой ғуборида.

Йўл юзи намиққан рутубатли тун,
Тупроқ жимлигини айлаганда ҳис,
Гоҳо бир-бирига осилиб ўйнар
Беқарорлик билан
Сояларимиз…

Кечаги шабнамнинг шаробидан маст
Гулларнинг ёйилиб кетганда лаби,
Биздан безор бўлиб қочади тунда,
Гўё биз унутган қўшиқлар каби.

Ушбу қўшиқларни айтмаймиз сира,
Юрак жимлигида сўнди туйғулар.
Бизлар ғазаб ичра унутган куйни
Завқ билан, шавқ билан куйлайди улар.

Соялардан олис,
Дилбандлигининг
Қиссасидан, ҳижрон, васлидан ғофил,
Нотавон жисмимиз ўз майли билан
Ҳаётга бахш этар шаклу шамойил.

Йўл-йўлаклар юзи намиққан тунда,
Ўз-ўзимга айтдим такрор ва такрор:
«Соялар ичра ранг оларми ҳаёт
Ёки биз ўзимиз соямизга ёр?»

Соям қани?
Эй, хўп санқиган руҳлар,
Тийралик мавжидай қамраган мани,
«Ваҳшат нури бор – жим, шаффоф додимда».
Менинг соям қани?
Айт, соям қани?

Истамайман,
Бир зум соямдан, ахир,
Жудо бўлмоқликнинг аччиқ доғини.
Истамайман,
Қай бир гузаргоҳларда,
Мендан олисларда сирғалмоғини.
Ё йиқилса беҳол ҳамда тош қотиб,
Йўловчи оёғи остига беун,
Ўзини ахтармоқ йўллари билан
Юзма-юз келмоғи керакдир нечун?

Ёпиқ эшикларга,
Ҳар остонага
Нечун танин суқар ожиз, ложарам?
Совуқ, бегона бир eлкага нечун,
Умиди узилиб қўйгайдир қадам?!

Оҳ, қуёш,
Оҳ, қуёш,
Менинг соямни
Нечун вужудимдан жудо қилдинг, айт?!
Сендан сўраяпман,
Сендан сўрайман:
Айтгил, қоронғилик шодликми ё дард?

Айт, вужуд зиндонми ё эрк саҳроси?
Тун зулмати надир – узундан-узун?
Тунни кимнинг юзи айлади қора?
Кимнинг қора юзин соясидир тун?

У нима дер экан?
У нима деркин?
Хастадир ҳайрону саргардон таним.
Югуриб-еламан шу сўроқларнинг
Узун ва адоқсиз йўлларида жим.

****

 

ТУПРОҚ УЗРА

 

Ҳаргиз ҳавас қилмаганман,
Кўк саробида
Узоқ-узоқ ялтираган юлдуз қисматин.
Ё олқанган руҳлар каби фаришталарнинг
Сирли, беун суҳбатини орзу қилмадим.
Мен ҳеч қачон мушфиқ ердан айро тушмадим,
Мен ҳеч қачон замин қолиб, юлдуз қучмадим.

Тупроқ узра яшаяпман, тупроқ устида
Ўт-ўландай шимиб нурни, шамол ва намни.
Тупроқ узра яшаяпман, кўтариб бошга
Ўт-ўланлар поясидай мўъжаз танамни.

Истакларим юки ерда қолди, кeтардим,
Дардларимнинг руҳи ерда қолди, кeтардим.
Тупроқ узра яшаяпман, билъакс, чўкардим,
Олисдаги юлдузлар ҳам олқасин дедим,
Шаббодалар менсиз йиғлаб қолмасин дедим.

Даричадан мўралайман, тароналарнинг
Навосидай, ноласидай абасман, абас.
Ва барҳаёт эмасдирман, биргина қўшиқ
Садосидан бошқа садо менга керакмас.

Fамнинг ғариб жимлигидан кўра бокира,
Бир лаззатнинг ноласию фиғони аро
Танам узра шабнам каби қўнган бадандан
Мен қўналға ахтармайман, мен – бахтиқаро.

Кулбам – умр, йуловчилар ундан ҳатлади,
Ёдгор қолди муҳаббатнинг қора хатлари,
Яраланган юракларнинг маломатлари,
Эзғиланган шамнинг куюк маҳобатлари,

Телбаликнинг қинғир-қийшиқ имлоси узра
Имиллаган сўник тиниш аломатлари,
Ёдгорликлар дарёсининг харобатлари
Соҳилида тентираган ул кечаларда
Лабларимга етишган лаб ҳаловатлари…
Ҳаммасини ёруғ ёдгор – юлдуз билгайман,
Нечун энди юлдузларни орзу қилгайман?
Менинг мавзун таронам бу, тароналарим
Бурунгидан кўра баланд янграйди тағин.
Менинг маҳзун таронам бу, самовий, сўлим,
Юрагимга ошно, ошно юракка яқин…

****

 

ТУШ

 

Сокин хилват қолди,
Мен қолдим тағин,
Олис хотирлардан қолди ёлғиз ёд.
Ҳасрату дард билан ўтиб гўр сари
Риҳлат этган ёрсиз ишқдан бир фарёд.
Шам ёқди умидим вайронасига,
Кимнингдир афсунгар бармоқлари жим.
Тўқинди бу гўрда ётган жасаднинг
Ўтли нигоҳига тумтоқ нигоҳим.
Бўзладим, бу – ўша…
Зор юрагимда
Ўтли нигоҳидан қолди ваҳм, дарз.
Лабларида заҳар ханда урди барқ:
– Мени эсладингми, эй сен, булҳавас?..
Титради қайғуга лиммо-лим қалбим,
Вой шўрим, девона бўлган эканман.
Вой шўрим, уни мен ўлдирдим, унга
Ўшанда бегона бўлган эканман…
Менга юрагини олдирди, бироқ,
Ишқимдан қалбида eйилди доғлар.
Топтадим бу юрак остонасини,
Кўзимни кўр ғурур ташлади боғлаб.
Унга азоб бердим, озорлар бердим,
Уқубатлар кўшдим оҳу зорига.
Вой шўрим, вой Худо, вой худойим-эй!
Уни бериб қўйдим ўз мозорига.
Лабим сукутида синграйди нола,
Шам нури қалтирар марқад қаърида.
Бир қатра ёш кўрди сўқир кўзларим,
Жасад кипригининг қабатларида.
Пойига чўкай деб боладай чопдим,
Сўрай деб пушаймон қалб иллатини.
Дегайман: – Мен гумроҳ, бир бечорага
Тилагин Оллоҳнинг махфиратини…
Этагим ҳилпираб, қулаб тушди шам,
Қоронғилик ичра йўқолди кўзлар.
Ортидан ёлвордим: – Кетма, сабр қил…
У кетди сўз демай, у кетди бўзлаб.
Вой шўрим, бунча шўр пешонадирман?
У ётибди топиб тупроқда тўзим.
Вой шўрим, бунчалар девонадирман?
Уни қаро ерга берган Мен Ўзим…

****

 

УНГА НИСОР АЙЛАНГ

 

Унга нисор айланг,
Гоҳи-гоҳида
Хаста вужудининг пайвандин бот-бот
Тўхтаб қолган сувлар
Ва бўшаб қолган
Чуқурликлар ичра айламаса ёд.
Унга нисор айланг,
Аблаҳлик билан
Ўйласа, яшашга бор дея ҳаққим,
Туғённинг қўл етмас орзуси, унинг
Қоғоз дийдасида эриб кетса жим.
Унга нисор айланг,
Тобути узра
Қирмизи ой ўтса тўлишиб, юзиб,
Ва туннинг таралган ҳиди
Минг йиллик
Уйқусини ногоҳ юборса бузиб.

Унга нисор айланг,
Ботини ичра
Fалаён кўтарса учқур тафаккур.
Аммо, кўзларининг пўсти то ҳануз
Куйса нур заррасин айлаб тасаввур.
Ва унинг беҳуда, ботил сочлари,
Умидини узмай шавқ ҳавасидан,
Ишқ қудратин қадим таъсирин туйиб,
Титраб кетса ногоҳ ишқ нафасидан.

Эй, содда бахт юртин содда жонлари,
Эй, ерга ҳамдамлик айлаган изҳор,
Ёмғирда дарича очган одамлар,
Унга нисор айланг,
Айлангиз нисор,
Зеро, тонг сеҳри бор, борлиғингизнинг
Мевали илдизи отганда томир,
Унинг ғурбатининг томири ичра
Ер ости йўлини топмоққа қодир.
Ва унинг ишончга тўлган қалбига
Текканда ҳасратнинг заҳри, зарари,
Кўксининг қоронғи гўшаларида
Нимадир, нимадир кетар қабариб.

****

 

ҚУЁШГА АЙЛАНАР

 

Қара,
Қароғимнинг ичидаги ғам
Нечук қатра-қатра сув бўлар бир-бир!
Қандай қилиб,
Саркаш, қоп-қора соям
Қуёшнинг қўлига тушмоқда асир?
Қара,
Хароб бўлар борлиғим маним,
Қандайдир аланга тортар комига.
Мени авжлар сари кетгайдир олиб,
Мени тортиб кетар тубсиз домига.
Қара, менинг олис осмоним – гўзал,
Дурахшон юлдузга тўлмоқда ҳар гал.

Олислардан келдинг, олис-олисдан,
Атр, нур юртидан келдинг,
Порлайсан,
Оқликдан,
Булутдан
Ва шаффофликдан
Ясалган қайиққа мени жойлайсан.
Олиб кет, умиднинг салтанатига,
Олиб кет, шеъру ғам мамлакатига.

Юлдуз тўлган йўлга кетарсан бошлаб,
Порлайман юлдуздан кўра баландроқ.
Қарагин,
Юлдузлар ёндирар мени,
Тунги юлдузларга тўлиб кетдим, боқ.
Қизил балиқлардай сода, бесабр,
Тун кўлидан юлдуз тергайман бир-бир.

Олис эди кўм-кўк дарчали осмон,
Бундан олдин ер ҳам эмасди яқин.
Эшитаман энди фаришталарнинг
Қорли қанотининг садосин тағин.
Қара,
Етиб келдим ўшал маконга,
Мангулик, чексизлик ва каҳкашонга.

Энди,
Етиб келдик авжлар авжига,
Мавжлар шаробига чўмилтир тағин.
Ҳарир либосига ўраб бўсанинг,
Энг узун тунларда мени қўмсагин.
Мени ҳеч қаерга йўллама, эй ёр,
Мени юлдузлардан айирма зинҳор.

Қара,
Йўлимизда эриб, энтикиб
Тўкилар тун муми, туннинг азоби.
Кўзим косасига,
Қайноқ аллангдан,
Ногоҳ тўлиб кетар уйқу шароби.
Ашъорим бешигин ҳидидай сара,
Сен тошиб, қуёшга айландинг, қара.

****

 

ЁЗНИНГ ЯШИЛ СУВЛАРИДА

 

Сени бир япроқдан айлайман жудо,
Ҳажрим қувончининг юкки-ла бадар.
Ёзнинг кўк сувида,
Ўлим ўлкаси,
Кузги қайғуларнинг соҳили қадар.
Ўзимни сояга урдим мен, лоқайд
Ишқнинг соясига ўзимни урдим.
Мендан қочган гўзал бахт соясига,
Ўшал беқарорлик соясига жим.
Чарх уриб сарсон ва саргардон шамол,
Осмон юрагини эзган тунларда,
Қонли ой гезариб,
Томирларнинг ул
Намчил кeчасида кезган тунларда
Тасалли беролмас
Ёлғиз тунимга,
Руҳимга – ҳисларнинг ҳамроҳ, ёрлиги.
Жўшиб кетар томир зарбаларида
Борлиқнинг туйғуси, хаста борлиғи.

«Бир сир бор дарралар муштоқлигида»,
Тоғнинг чўққисига, тоғнинг бошига
Бу сўзларни кимдир ҳафсала билан
Ўйиб кетмиш тоғнинг хавфли тошига.
Ўзининг жимлиги, сукунатини
Безаганда номсиз ҳислар, туйғулар,
Тоғлар оромини бир тунда, аччиқ
Илтимоси билан бузганди улар.

«Тўлиб-тошган қўллар изтиробида,
Бўш қўллар ороми бўлмагай зинҳор,
Ўшал вайроналар, валангорликлар
Жимлигида боқий бир гўзаллик бор».
Буни қай бир аёл, хўрсиниб оғир,
Сувга айтар эди сўйланиб бот-бот.
Саратоннинг яшил сувлари ичра,
Гўё вайронада кечирар ҳаёт.

Нафасимиз билан бир-биримизни
Белаймиз, буркаймиз узоқ ва узоқ.
Бахтнинг тақвосига бурканиб буткул,
Шамол товушидан қўрқамиз, бироқ.
Гумон соясининг таъсиридан маст,
Бўсалар боғини безаймиз ҳар дам.
Овоз ваҳшатидан титраб-қақшаймиз,
Бизлар нур қасрига қўйганда қадам.

Бундасан, ақойиқ атридан тонгнинг
Кeчасида, кўксим ичра қотиб лол,
Қўлларим доғида, сочларим ичра
Ўздан кетиб бунда ёнарсан беҳол.

Бепоён, қоронғи, саноқсиз недир
Олис кун садоси мисоли, эй воҳ,
Кўзимнинг паришон қароғларида
Чарх уриб, ёйилиб кетади ногоҳ.
Мени симиргайлар булоқдан, балки,
Балки, мени териб олгайлар шохдан.
Эшикдай кўрарлар сўнгги лаҳзада,
Эҳтимол…
Эҳтимол, кўрмасман бошқа.

Яралдик биз қора ерда, кетармиз
Тағин қора ерга тўкилиб, тиниб.
Йўлда «ҳеч»ни кўрдик,
Подшоҳ сингари
Зар ёлли тулпорин кетарди миниб.

Афсус, бахтли бўлсак олармиз ором,
Афсус, жим юракда алам қат-қатдир.
Бахтлимиз, биз яхши кўрамиз, зеро,
Кўнглимиз тор, зеро, ишқ, бу нафратдир.

****

 

ИМОН КЕЛТИРАЙЛИК,
СОВУҚ ФАСЛ ИБТИДОСИГА

 

Бу мен,
Ёлғиз аёл,
Совуқ фаслнинг
Остонаси узра булғанган замин,
Содда, ғамгин осмон тушкунлигию
Қоқ қўллар дардини англайман ҳазин.

Замон eтди,
Замон eтдию соат
Тўрт марта янгради овози, уни.
Тўрт марта бонг урди баланд, бетоқат,
Бугун – дай ойининг биринчи куни.
Фасллар асрорин англайман теран,
Аён – ҳар бир лаҳза айтган ибора.
Нажоткорлар гўрда ётибди,
Тупроқ –
Ҳузур-ҳаловатга битта ишора.

Замон ўтиб,
Соат янгради тўрт бор,
Кўчада тентираб кезади шамол.
Мен эса дунёга боқиб умидвор,
Гуллар чангланишин ўйлайман алҳол.
Fунчалар косаси камқону озғин,
Бу замон – силласи қуриган, хаста.
Қарайман, бир эркак
Ҳўл дарахтларнинг
Орасидан ўтиб кетарди аста.
Ўтиб кетаётган эркак бўйнининг
Кўм-кўк томирлари тортилиб таранг,
Ўлган илонлардай,
Йўғон бўйнининг
Икки томонидан ўрмалар гаранг.
Ва боши айланиб,
Энсаси қотиб,
Ўша қонли сўзни айлайди такрор,
Салом!
Салом!
Ва мен ютиб дардимни
Гуллар чангланишин ўйлайман зор-зор.

Ўша совуқ фасл остонасида
Ўлган ойналарга тутилган мотам,
Юпун тажрибалар ғамгин тўдаси,
Жимлик илми бўғоз қилган кунботар
Ўша
Сабр билан,
Оғир,
Саргардон
Кетаётган зотни, юрагини еб,
Қандай қилиб йўлдан қайтаргай, ахир,
Қандай фармон берар унга «Тўхта!» деб?
Унинг қалби ўлган, судралар тани,
Юраги айланган тошга, кесакка,
Айтиш осон эмас,
Тирик эмасдинг,
Тирик эмассан, деб ўша эркакка!

Кўчада ел кезар,
Ёлғиз қарғалар
Чиқиб келар бурчак-бурчакдан беғам.
Қартайган боғ узра чарх урар улар,
Ожиздир норвоннинг баландлиги ҳам.

Улар бир қалбнинг бор соддалигини
Обкетди эртаклар қасрига томон.
Истаклар хайлини тўзғитиб тағин,
Қандай рақсга тушар ёлғиз қолган жон?
Ва нечук болалик кокилларини
Ювар оқаётган сувларга солиб?
Терган ва ҳидлаган олмани нечук
Тепкиласин оёқ остига олиб?

Эй, ёр,
Ягонадан ягона, эй ёр,
Қоп-қора булутлар кутганда эҳсон,
Нечук қувонарди кундузни кутиб,
Қуёшнинг уйида бўлганда меҳмон.
Эсла,
Қанот ато айлагач парвоз,
Парвоз завқи бир зум бахш этганда жон,
Кунлардан бир куни ўша парранда,
Ногоҳ кўз ўнгингда бўлди намоён.
Эсла, хаёлнинг кўк чандиқларидан
Пайдо бўлган ўша бокира ҳавас,
Ўша тоза барглар, тоза япроқлар
Елнинг шаҳватидан оларди нафас.
Эсла, дарчаларнинг пок идрокида
Ўша нилгун шуъла ёнганда бир-бир,
Ёруғликни орзу айламоқликдан,
Қолмаганди ўзга тасаввур, таъбир.
Кўчада тентираб эсади шамол,
Вайронлик боши бу, келтиргай завол.
Зеро, вайрон бўлган кунда қўлларинг,
Кўчада тентираб кезарди шамол.

Қадрдон юлдузлар,
Маъсум юлдузлар!
Осмон бўйлаб ёлғон эсаркан ҳамон,
Нечук
Гангиб қолган пайғамбарларнинг
Сурасидан паноҳ топар оломон?
Минглаб минг йилликлар мурдаси янглиғ
Ўзаро қовушиб кетамиз ювош.
Қуруқ жасадимиз тубанлигига
Ўшанда ҳакамлик қилади қуёш.

Совуқман,
Совуқман, эслаб қол, ҳеч гоҳ
Исимайман, совуқ айлади хароб.
Эй, ёр,
Ягонадан ягона, эй ёр,
«Неча йиллик эди ул эски шароб?»
Қара, бунда қадрин йўқотди замон,
Балиқлар гўштимни ғажимоқда хом.
Айтгил, нима учун мени авайлаб,
Денгизнинг тубида асрайсан мудом?
Совуқман, безорман дур зираклардан,
Совуқман, биламан, англайман оз-моз.
Ёввойи ақойиқ қирмиз ваҳмидан
Бир неча томчи қон қолади холос.

Мактуб жўнатаман
Ва рақамларнинг
Маҳдуд саноғини тўхтатаман гоҳ.
Ҳандасавий шакл қуршовидаги
Ҳислар оғушидан топарман паноҳ.
Урёнман, урёнман!
Ишқий сўзларнинг
Орасида қолган сукунат янглиғ.
Менинг жароҳатим ишқ туфайлидир,
Барчасига сабаб ишқдир, ишқдир, ишқ!
Бу сарсон орол деб,
Уммон туғёни,
Тоғ вулқони билан айладим талош.
Пора-пора бўлган вужуднинг
Кичик заррасидан яралди қуёш.

Салом, эй маъсум тун!
Биёбондаги
Бўрилар кўзидан сачратиб учқун
Мўлтайган суяклар уюмин, имон
Ва эътиқод билан алмаштирган тун.
Эй тун, ариқларнинг бўйида қатор
Толларнинг арвоҳи чирқиллаб унсиз,
Ўткир болталарнинг мушфиқ, меҳрибон
Арвоҳи меҳрини айламоқда ҳис.
Мен бефарқ дунёдан келаётирман,
Фикрлар, садолар, сўзларнинг ботил,
Бефарқ дунёсидан
Ва ушбу жаҳон
Илонлар инига ўхшайди жуда.
Оёқ шарпасига тўлган бу жаҳон
Унда, фақат, қадам товушлари бор.
Сени ўпадилар,
Бироқ, хаёлда
Сени осмоқ учун тиклайдилар дор.

Салом, эй маъсум тун!
Дарча, куз аро
Доим масофа бор,
Кўрмадим нечун?
Боқмадим,
Ул эркак ҳўл дарахтларнинг
Орасидан ўтиб кетганда беун.
Эсла, йиғлаганди онам ўша тун,
Дардга етдим, пайдо бўлди ҳомила.
Ўша маъсум тунда мен келин бўлдим,
Бирикдим ақоқий бошоғи билан.
Исфаҳоннинг мовий кошинлари ҳам
Ўша тун фарёдга кетганди тўлиб.
Ярим бўлагимга айланган кимса
Қайтганди ичимга ҳомила бўлиб.

Мен уни ойнада кўриб турардим,
Ойнадай соф эди,
Чорлади мафтун.
Ақоқий бошоғин келини бўлдим,
Эсла, йиғлаганди онам ўша тун.
Ёпиқ деразадан ёйилган ботил
Ёруғликдан нечун айладим ҳазар?
Қўлларингнинг вайрон бўлишини ҳам
Сезган эди барча масрур лаҳзалар.
Ва мен қарамадим,
Соат дарчаси
Очилиб, келгунча қандайдир хабар.
Ул соат кетма-кет, ғамгин овозда
Тўрт марта, тўрт бор бонг чалгунга қадар.
Ўша ёш аёлни кўрдим,
Кўзлари
Ўхшарди семурғнинг бўм-бўш инига.
Болдирлари қалқиб,
Соф хаёлимни
Бошлаб кетар эди тун тўшагига.

Сочимни шамолда тарайми яна?
Бинафша экайми боғларга тағин?
Шамдонларни қўйиб чиқайми бир-бир,
Дераза ортига – осмонга яқин.
Рақс тушайми тағин шиша устида?
Мени тағин эшик қўнғироқлари
Сокин чорлаб, олиб кетсинми яна
Ўшал интиқ ва зор садолар сари?

«Энди бари тамом» – дедим онамга,
Дедим: «Биз хаёлга келтирмай бурун
Рўй берар ҳодиса,
Тасаллинома
Юбормоқ керакдир рўзнома учун».

Пуч инсон,
Пуч инсон,
Ва лекин ишонч
Тўлиб кетган унинг бўм-бўш танида.
Қара, шовқин солиб куйлайди қўшиқ,
Тишлари, айниқса, кавшанганида.
Кўзлари,
Кўзлари нечоғлик чуқур,
Йиртилиб кетади хира тортган он.
Нечоғ ҳўл дарахтлар орасидан у
Ўтар
Сабр билан,
Оғир,
Саргардон.
Соат тўрт бўлганда,
Томирларининг
Кўм-кўк ипи,
Ўлган илонга ўхшаб,
Бўйнининг ҳар икки ёнидан бўртиб,
Дарҳол юқорига чиқар ўрмалаб.
Ва боши айланиб,
Энсаси қотиб,
Ўшал қонли сўзни айлайди такрор,
– Салом,
– Салом,
Сира ҳидлаганмисан,
Ўша тўртта мовий лолани бир бор?

Замон eтди,
Замон eтдию тунлар
Ақоқий шохига йиқилди беҳол.
Дераза ортида совуқ тил билан
Кечган кун қолдиғин ютар бемалол.
Қаердан келарман?
Қайдан келарман?
Тун ҳиди дилимга нечук солгай чўғ?
Ўша икки ёш қўл кўмилган мозор,
Гўр тупроғи ҳануз совигани йўқ…

Сен менга қанчалик меҳрибон эдинг,
Эй ёр, ягонадан ягона, эй ёр,
Қанчалик меҳрибон эдинг,
Лабингдан
Тўкилганда ёлғон сўзларинг қатор.
Fамхўр эдинг,
Дарча кўзини боғлаб,
Кумуш шамдон шамин ўчириб шодон,
Золим зулмат ичра олиб кетган чоғ,
Мени ишқнинг сўлим саҳроси томон.
Уйқу чаманида,
Ташналик ўти
Ортидан эргашган буғларга қадар,
Чексизлик гирдида чарх урган нозик
Юлдузларга мени бошладинг бадар.

Нечун сўз шовқиндан иборат, нечун
Дийдор кулбасида меҳмондир нигоҳ?!
Нечун бокиралик сочин ҳаёси
Шафқат ҳисларига бергайдир жило?
Қара,
Бунда ваҳм ёйлари билан
Бутга михлангандир озурда жони, –
Калом билан сўйлаб, нигоҳи куйлаб,
Шафқат билан кетгач қўрқувдан тониб.
Ҳақиқатнинг бешта ҳарфи бўлган ул
Қўлларинг панжаси қолдирган янги
Изларнинг ўрнида қолгандир нечук,
Нечук қолди унинг чеҳрасин ранги?
Сукут нима, нима, нима ўзи, айт,
Эй, ёр, ягонадан ягона, эй ёр?
Айтилмасдан қолган сўзлардан ўзга
Жимлик қучоғида яна нима бор?
Мен сўздан қоламан,
Чумчуқлар тили,
Тириклик тилидир, кўнгил малҳами.
Айтилган ҳар жумла, ҳар сўз, ҳар калом –
Табиатнинг бутун бахти, байрами.
Чумчуқ тили – баҳор, баҳор баргидир,
Улар боис ернинг қувнагай дили.
Чумчуқ тили – насим уфурган атр,
Корхонада ўлар чумчуқлар тили.

Ким бу, абадият йўлида туриб,
Ваҳдат лаҳзасига йўналган бот-бот?
Мангулик фурсатин,
Ҳисоб илмининг
Мантиқлари билан жўр айлаган зот?
Ким бу?
Хўрозларнинг қичқириғини
Кун эмас, нонушта боши деб билган?
Ким бу?
Бошига ишқ тожин қўндириб,
Келинлик либоси ичра чириган?
Маълум вақт
Ботгувчи қуёш
Умидсиз
Ҳар икки қутбда порламади соз.
Кошин наърасидан қуладинг,
Учдим,
Овозимни тўшаб ўқирлар намоз…
Бахтиёр жасадлар,
Бадбахт жасадлар
Ва ўйчан жасадлар фикрга ботган,
Хуш-хуррамлик ичра карахт жасадлар,
Яхши кийингану яхши еб ётган
Жасадлар, –
Муайян вақт бекатида
Оний нурга муштоқ шубҳа қавати,
Ботилликнинг чириб-сасиган фосид
Меваси савдосин шавқи, шаҳвати…
Оҳ,
Қандайин халқ бу,
Қандайин халқ бу,
Нурсиз нигоҳини қоплаган парда?
Турфа ҳодисани интизор бўлиб
Мудом кутиб турар чорраҳаларда.
Албатта, албатта ўша лаҳзада,
Тақиқ ҳуштагининг овозин кутар,
Замон ғилдираги остида қолиб,
Ҳўл дарахт оралаб ул эркак ўтар…

Қайдан келдим?..
«Тамом» дедим онамга,
Дедим: «Биз хаёлга келтирмай бурун
Рўй берар ҳодиса,
Тасаллинома
Юбормоқ керакдир рўзнома учун».

Салом, эй танҳолик мўъжизаси, ол,
Ўлан-тўшагимни топширдим бадар.
Зеро, ул қоп-қора булутлар доим
Тоза оятлардан бергуси хабар.
Зеро, бир дона шам гувоҳлигида
Ёруғ сир-асрорлар ниҳондир қат-қат.
Буни ёйилган ва интиҳо топган
Ўша шуъла яхши англайди, фақат.

Сендан сўнг йўл олдик мозорга қараб,
Мозорга юз бурдик сен кетган маҳал,
Улуғ она тутган ҳижоб остида
Оғир-оғир нафас оларди ажал.
Ажал
Йўғон дарахт эди,
Тириклар
Малул шохларини асрарди аранг.
Бошқа бир томонда турган ўликлар
Соларди чириган томирига чанг.
Ажал
Ул муқаддас мақбара узра
Ўтирганда бўлиб ҳар недан огоҳ,
Тўртта бурчагида
Мовий, ҳаворанг
Тўрт лола ёришиб кетади ногоҳ…

Имон келтирайлик,
Имон келтириб
Ўшал совуқ фасл ибтидосига,
Имон келтирайлик хаёл боғининг
Ҳар бир вайронаси,
Ҳар нидосига.
Имон келтирайлик,
Тиғи қайрилиб,
Бекор қолиб кетган ўроқларга зор.
Ер тагида қолган тутқун донларга…
Қара, қандай гўзал ёғаётир қор…

Ўша икки ёш қўл ҳақиқат эди,
Ҳақиқат тимсоли эди, эҳтимол.
Улар тиним билмай ёғаётган оқ
Қор остида қолиб топганди завол.
Ва келаси йилда, келганда баҳор,
Дарча ортидаги осмонга етар.
Танидан
Ҳаётбахш, шаффоф сув бўлиб
Кўм-кўк фавворалар отилиб кетар,
Fунча берар беғам дарахт танаси,
Эй ёр, ягонадан ягона, эй ёр!
Имон келтирайлик,
Имон келтиргин,
Ўшал совуқ фасл бошига бир бор…

****

 

ИШҚ ТОНГИ

 

Кўнглим саҳифаси янглиғ осмонда
Ёруғ ой ёғдуси қолдирар изин.
Бу кеча кўзимдан ширин уйқуни
Қуваман, хаёлинг – уйқудан ширин.

Қолдим толнинг қуюқ сояларида,
Жимлик тўшагига чирмаб лошимни.
Марғуб нағмаларга эргашаман жим,
Дафтарим юзига қўйиб бошимни.

Рақсга тушар юзлаб тарона, сасим
Биллур жарангидай янграган онда.
Қандайдир нотаниш, хаёлий лаззат
Томиримда елиб-югурар қондай.

Оҳ, гўё юрагим дахмаси ичра
Ой арвоҳи кезар тентираб, санқиб.
Ё дайди шамол у, кир этагидан
Келар ёсуманнинг ҳидлари анқиб.

Лабимда лоладай, бўсанг шуъласи
Яшнайди, бир истак қўзиб қонида.
Ногоҳ мен эслаган бир ёруғ юлдуз
Ёришар сеҳрли ой хирмонида.

Кўксим ичра қай бир нотаниш кимса,
Берилиб чангу руд чертгани сайин,
Ҳамроҳ бўлиб мавзун қўшиқларига
Хушбўй ёғоч ҳиди таралар майин.

Оҳ, бундай ҳолатга ишонгим келмас,
Бундай ҳамроҳликдан кетмасман тониб.
Ўшал бир жуфт кўзнинг мафтун нигоҳи,
Наҳот, турган бўлса қаршимда ёниб.

Ўзга дунё ичра мен томон боққан
Зуҳра юлдузининг кўзлари ёнди.
Дафтарим бетига ёзаман масрур:
«Умринг боқий бўлсин, эй ишқ, ишқ тонги!»

****

 

ҚАЙFУ ГУЛИ

 

Масрурман, оловинг ёндирар мени,
Масрурман, ёдингда йиғлайман бедор.
Масрурман, васлингдан кейин эзилиб,
Безавол ишқингдан йиғлайман зор-зор.

Орамизга тушган айрилиқдан сўнг
Бошқа ўйламайди, деб қилма гумон.
Фақат, сенинг ўтинг ёндирар мени,
Сенинг оловингда ёнгайдир бу жон.

Тунлар дарахтзорнинг бир чеккасида
Ўз ғамидан Корун кетганда тошиб.
Гўё ҳасратимнинг фарёди келар,
Тинган тўлқинларнинг бўғзидан жўшиб.

Ошкор бўлган дардим бўлар намоён,
Бир зум қирғоқ узра ўтирсанг тунда.
Ўшанда соянгга ташласанг назар,
Беқарор руҳимни кўрарсан унда.

Тонг шамолин совуқ лаблари билан,
Сен учун тарона ўқийман ҳар он.
Мен ўша юлдузман, порлаган ҳар тун,
Саройинг осмони узра дурахшон.

Мустаҳкам қалъадай, иккимиз аро
Ястанса бепоён саҳролар, не ғам.
Мен ўша каптарман, қанотин ёйган,
Дарё кенглигида, танҳоликда ҳам.

Масрурман, қуриган шох янглиғ тағин,
Жабринг шуълалари ёндирса маъюс.
Шаҳринг қуёшидан қизиб, ловиллаб,
Ёнаётган қайноқ вужудман ҳануз.

Сени қандай қилиб унутай, ахир,
Ёдинг илк муҳаббат ёдидай ширин.
Ёдинг таъсирчандир кузак сингари,
Минглаб жозибаю жило яширин.

Мени атаб расво, радди маърака,
Иғвогар зоҳидлар устимдан кулар.
Номимни булғайди ўшалар, зеро,
Одаммас, шайтондан яралган улар.

Аммо, мен қайғунинг гулиман ўша,
Ёдинг шохларидан яралган бедор.
Ёлғизлик уйида, тунларда сени
Қидираман, ёдинг бўлганида ёр.

****

 

МЕНДАН КЕЙИН

 

Ажал яқинлашар менга ўша кун,
Нур мавжидан порлаб кетганда баҳор.
Ё ғубор қоплаган қаҳратон қишда
Ё кузни тарк этган чоғда оҳу зор.

Ажал яқинлашар менга ўша кун,
Бундан-да аччиғу шириндир бундан.
Ичи бўм-бeш бошқа кунлар сингари,
Қолган бир соядир кеча, бугундан.

Дийдаларим менгзар тор йулакларга,
Гуноҳларим – совуқ мармарлар янглиғ.
Халос бўлгим келар ғамлардан ногоҳ,
Мени уйқу элтиб кетганда қаттиқ.

Шеърнинг афсунидан фориғ қўлларим,
Дафтарим юзида ўрмалар аста.
Эслайман, шеър қони менинг қўлимда
Нурдай сочиларди ҳар бир нафасда.

Тупроқ чорлар мени ўзига ҳар дам,
Йўл босиб, тупроққа қўймоқ-чун малул.
Балки, ошиқларим ярим кечада
Fамгин гўрим узра қўйиб кетар гул.

Мендан сўнг бир ёнга сурилар ногоҳ
Умримнинг қоронғи пардалари ҳам.
Ўрмалар нотаниш кимса нигоҳи,
Қоғоз, дафтарларим юзида у дам.

Мендан сўнг, ёд айлаб қай бир бегона
Мўъжаз кулбам узра қадам қўйган чоғ,
Қолиб кетар кўзгу четида алҳол,
Сочинг толалари, қўл изи, тароқ.

Ўзимдан қутилиб, қоламан ўздан,
Тартиб бузилади бунда дод солиб.
Руҳим шамолдаги елкан мисоли,
Уфқлар ортида кетар йўқолиб.

Бир-бирин изидан чопар бесабр,
Шитоб билан кунлар, ҳафталар, ойлар.
Номага интизор, интиқ кўзларинг
Йўлларга термулиб, йўлимни пойлар.

Совуқ жасадимни асрайди тағин,
Қабрнинг тупроғи чуқур бағрида.
Қалбинг зарбасидан олисда сенсиз
Қалбим чириб кетар тупроқ тагида.

Сўнгра шамол, ёмғир менинг номимни
Тошларнинг юзидан ювиб кетар жим.
Унутилиб кетар йўлда, ном-номус
Эртагидан фориғ менинг мозорим…

****

 

МУНДАРИЖА

 

Видо
Ер аломатлари
Ёлғизлик ғуссаси
Гуноҳ
Куз
Қайтиш
Жуфт
Қўғирчоқ
Бизни олиб кетар саболар
Илоҳий исён
Бўса
Девор
Соялар дунёси
Тупроқ узра
Туш
Унга нисор айланг
Қуёшга айланар
Ёзнинг яшил сувларида
Имон келтирайлик, совуқ фасл ибтидосига
Ишқ тонги
Қайғу гули
Мендан кейин

mogila furug farruxzod

 

www.munosabat.org

 

Таҳририятдан: Таржималарни тақдим этгани учун Тожикистонлик шоира ва олима Мунаввара Ойматовага ўз миннатдорчилигимизни билдирамиз.

 

Share on FacebookShare on Google+Tweet about this on TwitterEmail this to someoneShare on LinkedIn