Муҳаммад Иқбол: Рубоийлар

kitobФорс тилидан Одил Икром таржимаси.

(«ТУР ЛОЛАСИ»ДАН)

***

Тонгда булбул дерди боғбонга: «Бу хок,
Фақат, ғам ниҳолин яшнатар наҳот?
Биёбон тикани қуриб қартаяр,
Ва лекин, гул сўлар ёшарган заҳот».

***

Ишқ куй- наво бўлса, дутордир одам,
Сир очару ўзи асрордир одам.
Бу қурди яхшироқ У яратганни,
Наҳот, Худо билан ҳамкордир одам?!

***

Борлик ва йўқликнинг девори бўлгин,
Сон-сифат дунёсин бедори бўлгин.
Ўзлигингни ярат ўз вужудингда,
Иброҳимдай ҳарам(1) меъмори бўлгин.

***

Чаман қушларини суймайди жоним,
Бу ошёнда ёлғиз куйлаган оним.
Кўнглинг нозик бўлса оғушимдан қоч,
Куйласам, куйимдан сачрайди қоним.

***

Кайқубод(2) тож-тахти, мулки Ажам(3) – хок,
Черкову(4) бутхона,(5) Байтул-ҳарам(6) – хок.
Ва лекин, билмасман гавҳарим надир?
Нигоҳим фалакдан баланд, танам – хок.

***

Қуръоннинг маъносин сўрма Розийдан,(7)
Қалбимиз оятга далил, кўзгудир.
Ақл ўт солгайдир, ёнгайдир юрак,
Намруду(8) Халилнинг(9) тафсири шудир.

***

Сен, эй ҳарам шайхи, балки, билмассан,
Ҳатто, ишқ дунёсин охири бордир.
Унда на қилмишлар нома аъмоли,
Унинг на муслим(10) на кофири бордир.

***

Эй, олим, зукколар, изтиробдаман,
Ҳолимни на ақл англар на оқил.
Бир парча тупроқда қандай жим турсин,
Хаёл оҳуларин саҳроси бу дил?!

***

Бу бепоён олам балиқ сингари
Айём денгизида айём ичра гарқ.
Юракка назар сол, шунда кўргайсан,
Айёмнинг денгизи бир жом ичра ғарқ.

***

Аёнми, неки бор гул водийсида?
Оташ ичида чўғ жон қаърида не?
Бизга чаман бўлиб кўринган чаман,
Ким билар, булбуллар назарида не?

***

Қуёшсан, тегрангда кезиб юрган – мен,
Назаринг тушганда буткул нурман мен.
Бағрингдан олисда топмасман камол,
Қуръондирсан, ўттиз порангдурман мен.

***

Тик қомати – озод бандаси Унинг,
Гул юзин нури – май пардаси Унинг.
Қуёш, ой, юлдузлар маҳрамдир унга,
Одам қалби – ёпиқ дарчаси Унинг.

***

Кимни ахтарасан, ғамгинсан нечун?
У бор, еча олсанг ниқоб қулфини.
Уни ахтарганда ўзни кўрмайсан,
Ўзингни ахтарсанг топмайсан Уни.

***

Эй, гўдактабиат, ўрган адабни,
Мусулмонзодасан? Тарк эт насабни.
Қирмиз ранг, қон, томир, териси билан
Араб кибр айласа, тарк эт арабни.

***

Кўксимиз ичра бир пинҳон олам бор,
Хокимизда бир дил, дилда бир ғам бор.
Жонимизни ёққан май косасидан
Ҳануз кўзамизнинг тубида нам бор.

***

Эй дилим, денгизим, оҳимсан менинг,
Қайиғим, қирғоқда роҳимсан менинг.
Шабнамдай хокимга томдингми ва ё
Fунчадай ўсдингми хокимдан менинг?

***

Яхшилик, ёмонлик рамзи нимадир?
Тил титрасин, маъно гар бўлса ниҳон.
Тикон, гул кўрингай шох юзасида,
Шох ичида бордир на гул, на тикон.

***

Кел, эй ишқ, юракнинг рамзи бўлган ғам,
Кел, эй уруғимиз, ҳосилимиз ҳам.
Бу олам тупроғи эскирди, тағин
Лойимиздан қоргин бошқа бир одам.

***

На Хатлон(11) тулпорин минганман учқур,
На шоҳлик завқидан топгайман ҳузур.
Шунинг ўзи менга давлатдир, эй дўст,
Кўксимни ковласам чиқиб келар дур.

***

Дейсан, одам – хокдан яралган маъво,
Ҳаёту мамотга бўйсунар, аммо.
Афсунгар бу ҳилқат ўз ариғига
Каттакон денгизни айлагандир жо.

***

Дейсан, тузоқ бўлди қушимизга ин,
Қанот қоқиб, парвоз этмоғи қийин.
Тандан баланд бўлди жоннинг маъноси,
Ахир, тиғимизнинг қайроғидир қин.

***

Дилимиздан орзу қандай чиқди, айт?
Манзил ўти қандай куйиб битди, айт?
Не кўрар кўзимиз билан кўрганлар?
Кўксимизга юрак қандай сиғди, айт?

***

Жаҳонимиз, бошқа фикру ўйи йўқ,
Тонгу шом эврилган ҳолатга ромдир.
Силлиқланса қазо эгови билан,
Тупроқдан яралган тан нотамомдир.

***

Дилтопар манзилга жўр бўлмагайдир,
Оловга, сув, гилга жўр бўлмагайдир.
Ўйламагин тани ором олар деб,
Бу дарё соҳилга жўр бўлмагайдир.

***

Аёнмас ўзликнинг аввали, боши,
Ўзликка ҳалқамас шом, саҳар лоши.
Хизрдан эшитдим ушбу ҳикматни,
Тўлқиндан қадиммас денгизнинг ёши.

***

Гулда дардларимга яқин бир дил бор,
Чаманга мубтало ҳазин бир дил бор.
Япроғининг тили бийрон эмасдир,
Лекин, чок кўксида тағин бир дил бор.

***

Ёввойи лоланинг ғавғосин суйдим,
Шох узра гул атри дунёсин суйдим.
Мени суяр чаман булбули, чунки,
Чаман булбулининг хунёсин(12) суйдим.

***

Минг йиллаб фикрга, хаёлга ботдим,
Унга боғландиму ўзни йўқотдим.
Бошдан кечирганим – шу тўрт оғиз сўз:
Сидирдим, қидирдим, синдирдим, отдим.

***

Ботинимда(13) нурли афкор(14) – недир бу?
Зоҳиримдир буткул асрор – недир бу?
Эй, сен латифагўй донишманд, айтгил,
Бадан осуда, жон сайёр – недир бу?

 

 

(«ҲИЖОЗ АРМУFОНИ»ДАН)

 

***

Шаробимни бадмаст, ҳаромдан асра,
Етилган майни ғўр ва хомдан асра.
Тўқайдан олисроқ айла учқунни,
Хосларга бахш этиб, авомдан асра.

***

Сенга бу ғавғонинг ҳожати йўқдир,
Сенга бу дарду доғ тоқати йўқдир.
Ўшал ломакондан юз бурдим, унда
Ярим тун ноласи, тоати йўқдир.

***

Жаҳон қуёш билан қоронғу бироз,
Савоби савобдай топмагай эъзоз.
Билмайман, қайгача, ҳар вайронага
Одам қони билан бергайсан пардоз.

***

Қулингман, ўзгалар ғамин емасман,
Йўлингдаман, ўзга йўлда эмасман.
Лекин, мен нодонга: «Эшакни, чопқир,
Қирчанғи от дегил» десанг, демасман.

***

Бу даврон осмонни этмоқда хароб,
Бу ҳол Жабройилга(15) бермоқда азоб.
У ерда бир Дайр(16) кўтармоқда қад,
Кофир қургай, мўмин айлагай тавоб.

***

Жаҳонинг нокасга тўлиб кетар гоҳ,
Каслар нокасга хор бўлиб кетар гоҳ.
Дўконлар ичида не-не ҳунарманд
Қузғун айши учун ўлиб кетар гоҳ.

***

Шайхга айтар эди сармаст бир мурид:
«Худо ҳолимиздан бехабар, бироқ.
Бизга яқинроқ – шоҳ томиримиздан,
Бизга У – қориндан эмас яқинроқ».

***

Бу фалакнинг ҳануз мароми йўқдир,
Бу карвоннинг ҳануз мақоми йўқдир.
Бетартиб ишидан нима дей тағин,
Бу миллатнинг ҳануз имоми йўқдир.

***

Мусулмонга одат – хусумат, ғараз,
Мунофиқлик ёрдир унга ҳар нафас.
Нолийди, гар ўзи қочган масжиддан
Биров олар бўлса бир ғишт, битта хас.

***

Худо ҳузурида йиғладим: «Нечун,
Мусулмон хору зор, ифтихори йўқ?»
Кўкдан нидо келди: «Билмайсан, наҳот,
Унинг қалби бору қалбда ёри йўқ».

***

Фолдан безди кўнгил, ўтгандан кейин,
Не ҳожат шарҳи дил, ўтгандан кейин.
Менинг юрагимда порлаган чироқ
Сўнди икки юз йил ўтгандан кейин.

***

Менга ёлғизликнинг такбири яхши,
Ясрибга(17) ёлғиз йўл тадбири яхши.
Қайда мактаб, қайда шавқ майхонаси?
Ўзинг айт, мен учун қай бири яхши?

***

Пок дилдан гул терган менми ёки у?
Шавқ хабарин берган менми ёки у?
Мен, мулла – икки ўқ дин садоғида,
Қай биримиз мерган, менми ёки у?

***

Румийдек(18) ҳарамда(19) чақирдим азон,
Жон асрорин ундан ўргандим осон.
У эски асрнинг фитнасидан лол,
Мен янги асрнинг ишидан ҳайрон.

***

Тупроғимдан барпо айла гулистон,
Лола қонига қўш кўз ёшим бу он.
Али(20) шамширидай нигоҳ бер ўткир,
Гар Али тиғига бўлмасам шоён.

***

Бедаво дардману давоси йўқман,
Ўйлама, забунман, сўнган бир чўғман.
Камонга жойлансам бўлади ҳануз,
Миллат ўқдонидан тўкилган ўқман.

***

Келгил, давра қуриб рақсга тушайлик,
Дунёдан юз буриб рақсга тушайлик.
Баъзан, дўст кўнглининг кўчасида маст,
Қон-қон йиғлаб туриб рақсга тушайлик.

***

«Аналҳақ»(21) улуғлар мақомидир, бас,
Хоч жазо бўлгайдир ё жазо бўлмас.
Битта одам айтса таънага қолар,
Бутун халқ сўйласа – нораво эмас.

***

«Аналҳақ» демоққа ўшал халқ шоён,
Ҳар шох нами бўлса томирида қон.
Гар шукуҳи ичра пинҳон жамолга
Кўзгу тутса тўққиз қаватли осмон.

***

Мақсадинг жомига эски майдан сун,
Унга Парвиз(22) мулки арзимас бутун.
Кўнгилнинг девори бир ҳарам бўлсин,
Жалолиддин Румий ашъори учун.

***

Жомидан гулгун май айлагил орзу,
Тош олгани каби лаълдан ол ёғду.
Оҳуга берилса арслон юраги,
Қоплон ортидаги доғни ювар у.

***

Насиб этди унинг ўтли нафаси,
Юлдузидан ёруғ туним маҳбаси.
Ҳарам даштидаги кийикни кўргил,
Лабидан тўкилар арслон хандаси.

***

Румийдан ибрат ол йўғу борликка,
Амир ҳасад қилгай ул ночорликка.
Гадолик мақоми бошни этса хам,
Лаънат бу дарвишлик, бундай хорликка!

***

Хунёгар арабга мендан бер хабар,
Қирмизи лабларга солмадим назар.
Қуръондан олган нур ила айладим,
Юзу ўттиз йиллик кечани саҳар.

***

Жонларга яратдим ғулғулаю ғам,
Бир кафт хок деб билдим тоғ, қасрни ҳам.
Кун келиб ёв бўлар тошқин денгизга,
Мен ариқ сувини ичирган алам.

***

Сув, лойингда не бор, айлагил қадр,
Суруринг мастликнинг жилвасидадир.
Ул-бул кўзасини бўш кўрдим, зеро,
Боқий май юрагинг шишасидадир.

***

Бу тоғ, дашт зулмати дилни ўртар зор,
Унда на қуш ва на сувнинг мавжи бор.
Биласан, бу тунни йўл посбонининг
Қандили қуёшдай ёритмас зинҳор.

***

Баҳор тонгининг илк лоласидирман,
Дард-ғамимнинг сўнмас ноласидирман.
Менсимай қарама, юз карвон гулга
Кўмилган ёлғизлик чорасидирман.

***

Муслим этди фақру султонликни бир,
Икки дунё аро инсонликни бир.
Ҳозирги асрдан Худо асрасин,
Этди султонлигу шайтонликни бир.

***

Ўз нигоҳинг сенга маҳрам ягона,
Қамчи янглиғ бизни айлар равона.
Бизга ризқ талошин бердилар, бу ҳам
Қанот ёзмоқ учун битта баҳона.

***

Сен каби ўзимдан пинҳондир сирим,
Бир куни ўзингда топарсан тиним.
Мени кофир айлар ризқ ўй-хаёли,
Сени кофир айлар китобий билим.

***

Баҳсу талошлардан ўтган халқ боғи
Хокида яшнагай орзу япроғи.
Ҳидлардан рангларни ажратар кесиб,
Орзудан тобланса ўзлик яроғи.

***

Ҳар кўчада ўғри, қалби қосирлар,
Юракни талашга ўта моҳирлар.
Энг қиммат гуноҳни сариқ чақага
Бергай арзонфуруш ушбу тожирлар.

***

Бор-йўғим нигоҳдир, қашшоқдирман қоқ,
Дўстлар тоғи гўё кепакдир, бироқ.
Шоҳ қўлга ўргатган ўшал лочиндан,
Қабристонда кезган қарға – яхшироқ.

***

Донолар мажлисда тўкди борини,
Ёсуман баргидан нозик зорини.
Бироқ, айт, ул басир кимдир, тиконнинг
Рангин кўриб, айтган чаман ҳолини?

***

Бу тупроқдан риҳлат айласам, ҳамма
Деди, у биз билан бир жон-тан эди.
Лек, ҳеч ким билмасди ушбу мусофир
Нима деди? Кимга? Қаердан эди?

***

Юраги соф бўлса, кўзлари басир,
Қашшоқ, қўли қисқа бўлгайдир амир.
Динсиз ва билимсиз ул бойваччанинг
Эгнида қабомас, тўқимдир ҳарир.

***

Икки сўзда амал асрори бордир,
Ишқ мақоми баланд минбармас, дордир.
Намрудлардан(23) халос бўлмас Халиллар,(24)
Гар хушбўй ёғочга олов аёрдир.(25)

***

Дўстни суймаган дил жаҳони бўлмас,
Тун, кунида осмон замони бўлмас.
Қоматингни тиклаш вақтин ўзинг топ,
Ишқ, мастлик намозин азони бўлмас.

****

 

ИЗОҲЛАР

 

1-ҲАРАМ – Каъба.
2-КАЙҚУБОД – Қадимий Эрон шоҳларидан.
3-АЖАМ – Ғайри араб, форс-тожик қавмлари.
4-ЧЕРКОВ – насронийлар масжиди.
5-БУТХОНА – бутпарастлар ибодатхонаси.
6-БАЙТУЛ-ҲАРАМ – Маккадаги Каъба зиёратгоҳи.
7-РОЗИЙ – Абубакр Розий(865-925 ёки 934), файласуф, табиб, етук табиатшунос, 184та асар муаллифи.
8-НАМРУД – Иброҳим алайҳиссаломни ўтга ташлашга буюрган афсонавий подшоҳ.
9-ХАЛИЛ – Иброҳим пайғамбарнинг лақаби.
10-МУСЛИМ – мусулмон.
11-ХАТЛОН – ҳозирги Кўлоб.
12-ХУНЁ – нағма.
13-БОТИН – ички олам, қалб.
14-АФКОР – фикрлар.
15-ЖАБРОЙИЛ – Худо билан Пайғамбар ўртасида воситачи, ваҳий келтирувчи фаришта номи.
16-ДАЙР – насронийлар ва оташпарастлар ибодатхонаси.
17-ЯСРИБ – Мадина шаҳрининг қадимий номи.
18-РУМИЙ – Мавлоно Жалолиддин Румий(1207-1273).
19-ҲАРАМ – 1-изоҳга қаранг.
20-АЛИ – Муҳаммад пайғамбарнинг халифаларидан тўртинчиси ва куёви.
21-АНАЛҲАҚ – Мен ҳақман.(IХ асрда яшаган Машҳур мутасаввуф Мансур Халлож сўзи).
22-ПАРВИЗ – Хисрав Парвиз, сосонийлар шоҳи(590-628).
23-ХАЛИЛ – 9-изоҳга қаранг.
25-АЁР(ИЁР) – олтин, кумуш каби буюмларнинг софлигини аниқлаш даражаси; олтин ўлчайдиган тош-тарози; инсоннинг қадр-қиймати даражаси(мажозий).

 

www.munosabat.org

 

Share on FacebookShare on Google+Tweet about this on TwitterEmail this to someoneShare on LinkedIn