Маҳмуд Йўлдошев: Уйқу

тушЯнги талқинлар.

Инсон умрининг учдан бир қисмини уйқуда ўтказади. Уйқу ҳақида илмий мақолалар кўп, аммо уларнинг ҳар бирини таҳлил қилганда ҳам сиз ўз уйқу меъёрингизни аниқлаб ололмаслигингиз мумкин.

Бунинг устига, ҳар биримизда ўз яшаш жо­йимиз ва минтақамизнинг табиий ҳолатларидан келиб чиққан ҳолда бизга бевосита алоқадор бўлган жисмимизнинг биологик ички соати ҳам бор. Буни асосан бир ша­­ҳардан иккинчи шаҳарга самолётда учганда сезасиз.

Умуман, ким қандай ух­лайди ва қандай ухлаш тўғри, деган саволлар кўпчиликни қизиқтирса ке­рак. Айниқса, ҳозирги кунда бутун жаҳон халқлари уйқусизликдан шикоят қилиб турганда. Масалан, Америкадаги врачлар ўз мижозларига 2004 йили  уйқусизликка қарши 35 миллион дори рецепти ёзиб беришган. Бутун жаҳонда уйқусизлик дарди кундан-кунга кучайиб бормоқда. Охир­ги тўрт йил ичида 20 ёшдан 44 ёшгача бўлган аҳоли орасида уйқусизлик икки баробар ошган.  

Ҳозиргача олимлар орасида инсон нима учун ухлайди деган саволга аниқ ва пухта жавоб топилган эмас. Айниқса, инсоннинг ҳаёти давомида уйқу қандай рол ўй­найди деган савол мав­ҳум қолиб келмоқда. Шу ўринда делфинларнинг ҳаётини оладиган бўл­сак, делфинларга маза. Уларнинг мия ярим шарлари алоҳида-алоҳида ухлаганлиги учун делфинлар одамларга умуман ухламайдиган махлуқлар сифатида кўриниши мумкин. Чунки, уларнинг бир мия яримшари ухлаганда бош­қаси ишлаб туради.

Хўп, инсонлар нима учун ухлайди? Олимларнинг бу саволга берадиган энг охирги жавобларидан бири бу – инсон организми кун давомида ишлагандан ке­йин тунда уйқуда у дам олади, деган мулоҳаза кучли. Аммо, ундай дейдиган бўлсак, уйқуда қилинган ихтиролар ва уйқуда бизнинг умуман ҳаётдан узилиб қолмаслигимиз, жисмимизнинг иш фаолияти давом этишини кузатамиз. Энг оддий тушунчалардан би­ри, биз кучли чарчашдан кейин қаттиқ уйқуга кетган бўлсак ва ён-атрофда­ги шовқин-суронларни ҳам эшитмасдан ухлаб қолганимизда ҳам нима­гадир исмимизни чақириш­са тезда жавоб берамиз. Бу шуни кўрсатадики, инсоннинг уйқуси қанчалик қаттиқ бўлмасин, у ўз шахсиятига боғлиқ во­қеа­­лардан узилиб қолиш даражасида уйқуга кетмайди.

Яна бир ми­сол, инсон гипноз уйқусида ухлатилганда ҳам у ўз ахлоқига қарши ҳа­ра­кат­ларни бажармас экан.

Энди асосий саволлардан бири бу ким қан­ча ухлаши керак, деган савол. Бу саволга жавоб беришда инсоннинг ёши бевосита алоқадорлигини айтиш лозим. Ёш болалар, чақалоқлар туғилганидан ке­йин салкам 23 соат ухлайди. Кейинчалик уйқу уларда кама­йиб боради ва катталар учун ўртача меъёр 6-8 соат деб кўрсатилади. Қизиғи шундаки, америкалик олимларнинг 6 йил давомида бир неча миллион кишиларни кузатиши шу­ни кўрсатганки, суткасига 6-7 соат ухлаганлар ора­сида 8 соат ва ундан кўпроқ ухлаганларга қа­раганда ўлим анча паст экан.

Умуман ухламаслик, ёки узоқ муддат ухламасдан яшаш мумкинми, деган савол ҳам кўпчиликни қизиқтиради. Оддий инсоннинг узоқ вақт ухламасдан яшаши мумкин эмасга ўхшайди. Бу саволга ҳам психологлар турли мисоллар келтиришади. Масалан, 70-йилларда Покистонда бир киши ўз оиласи ҳалокати фожиасини эшитгандан кейин умрининг охиригача ухламаганлигини кўрсатиш мумкин.

Яна бир мисол, 1964 йи­ли 17 яшар Ренди исмли йигит 264 соату 12 да­қиқа ухламаган. Бу ҳо­зирча дунё­вий рекорд саналади. Аммо у шундан ке­йин сурункасига 15 соат қотиб ухлаган.

Соҳа мутахассисларининг айтишича, уйқу уч турда бўлади. Тез уйқу, яъни бир неча дақиқа ичи­да ухлаб туриш. Енгил уйқу, ён-атрофдаги во­қеалардан салкам узилмасдан ухлаш ва чуқур уйқу, бизда буни оддийроқ қилиб қотиб ухлаш дейишади. Биз ҳар уй­қуга кетишимизда уйқунинг мана шу учала бос­қичини ҳам босиб ўтамиз ва бу уйқумиз давомида босқичма-босқич такрорланиб туради.

Ҳайдовчи ва шунга ўхшаш касб эгаларида бў­ладиган энг хавфли уйқу бу тез уйқу. Инсон, айтайлик, ҳайдовчи жисмоний чарчаш ҳолатида ма­шина ҳайдаб кетаётган пайтида бир неча сония уйқуга кетиши мумкин ва у бу пайтда йўлни кўр­мас­лиги, аммо қўл-оёқлари машинани бошқариб бо­ришда давом этиши мум­кин. Айнан мана шу тари­қа уйқуга кетишлар жуда кўплаб авариялар сабаб­чиси бўлаётганлиги дунё­да кўплаб қайд этилган.

Инсон уйқуси билан боғ­лиқ яна бир қизиқ ҳолат шундаки, бу кўпчиликда учрамаса ҳам, аммо учраб турадиган ҳол, яъни илмий атамаси сомнамбула, уни инглизлар кўпинча – слипволкер – уйқусида ҳаракатланувчи, уйқусида туриб юрадиганлар дейишади. Буни рус психологиясида кўпчилик олимлар ой фазалари билан боғлашгани учун уларни рус тилида «лунатик» – ойдинда юрувчи, деб аташади. Инсоннинг бу руҳий ҳолати бевосита ой фазалари билан унчалик боғлиқ эмас, деган фикрларни ҳам инобатга олиб, мен уларни уйқусироқ ҳолати ва лунатикларни ўз ўрнида уйқусироқлар деб атамоқчиман. Яъни инсон уйқуда ва шу бир пайтнинг  ўзида уйқуда ҳам эмас, уйқусираб ўз фаолиятини давом этдирмоқда.

Уйқусироқлик ҳолатида инсон ухлаб ётган жо­йидан туриб бирор жойга бориши, ошхонага чиқиб овқатланиши, уй-рўз­ғор ишларини бажариши, аммо эртасига ўзи шундай қилганлигини билмаслиги ва айтиб беролмаслигидир.

Шу бугунгача таъкидланиб келинаётган, яъни уйқусироқларни бундай ҳолатдалигида уйғотмаслик кераклиги, агарда улар уйғотилса фожиа юз бериши мумкинлиги фан­да, олимларнинг кузатувида тасдиқланмаган. Тўғ­ри, уйқусироқ бу ҳолатида томнинг устидалигида уйғотилса у ўз ҳолатини кўриб бирдан қўрқиб кетиши ва ҳа­қи­қатан ҳам фожиа юз бериши мумкин.

Аслини олганда эса уйқусироқни бу ҳолатдан уйғотиш хавф­ли эмаслиги бугунги кунда аниқ тасдиқланган ҳол дейиш мумкин.

Маҳмуд Йўлдошев,
психология фанлари
номзоди.

www.munosabat.org

Share on FacebookShare on Google+Tweet about this on TwitterEmail this to someoneShare on LinkedIn