Назар Эшонқул: БАҲОР ГУЛЛАРИ

назар-эҲикоя

(Йилнинг тўрт фасли тасвирланган «Ялпиз ҳиди ” туркумидан)

«Буюклик ва гўзаллик ҳамиша ёнма-ён турса керак», деб ўйлай бошлади Самандар шаҳарда ўриклар гуллаб, йўлакларни оқ-қизғиш гулбарглар қоплаб олган ва кўнглида ўзидан кўра улуғроқ бир шижоат уйғонаётганини англаган, ҳар бир гўзаллик бутун таровати ва фусункорлиги билан кўнглига оқиб кираётганини ҳис этган пайтлар Боғ баҳор келиши билан бирдан ўзгача яшилланиб жўнаганди. Самандар ҳатто ўтган йили қуриб ётган дарахтларнинг қовжираган шохларида куртаклар ўсиб чиқаётганини кўрганди. Гарчи чиркин ҳиди ҳамон таралиб турган бўлса ҳам, энди боғдан кўпроқ кўкат ҳиди келарди; бир ёввойи ғурур билан очилиб яшнаган анвойи гуллар ҳам боғга ўзгача фусункорлик бағишланганди. Гулларни, айниқса, ялпизни кўрганда Самандар завқланиб кетарди. Ялпизлар ҳам бу йил ҳар йилгидан кўпроқ эди. Болалар боғчасидан оқиб келиб, боғнинг этагини айланиб ўтадиган ариқча атрофида бир қулочча жойда ялпизлар гуриллаб ўсиб чиққанди. Бу жой кекса жўка дарахтининг орқасида, кўздан пана жойда бўлгани учун ялпизни бу йил ҳеч ким юлиб ташламаганди. Самандар боғдаги гўзалликдан руҳи тиниқлашиб бораётганини сезарди. У кўнглида уйғонаётган туйғуларнинг булоқларини боғдан топгандай эди. Энди у ҳар куни боғга чиқар ва ярим соатча боғни айланар, кўнглида бирдан ҳеч кимга айтиб бўлмайдиган кечинмалар пайдо бўлаётганини ҳис этарди; бу кечинмалар шунчалик нафис эдики, Самандар бу нафисликни бехосдан йўқотиб қўйишдан қўрққанидан оҳиста қадамлар билан юрар: кўксида жуда нозик гуллардан терилган гулдастани кўтариб юрганга ўхшарди.
Самандар ўз хаёлидан ва боғдан таралаётган олам билан уйғунлашиб борар, уйғунлашган сайин қалбида кўпроқ ташналикни ҳис этарди. Самандар бир неча ойдан бери зариф туйғулар билан яшарди, у бу туйғуларни қайта йўқотиб қўйишдан қўрқар ва шунинг учун ҳар лаҳза қаршисидаги қаровсиз боғнинг битта гўзал томонини кашф этар ва тобора у билан уйғунлашиб борарди.
Бир куни ишдан қайтиб, хотинига хонасини боғга қараган деразаси олдига жой қилдирди: столни тахтлаб бўлгач, оромкурсига чўкканча, боғни томоша қила бошлади.
Хотини чой олиб келди; изидан ўзи ҳам курси келтирди-да, эрининг ёнида ўтирди. Тўсиқ-панжара билан қатор қилиб экилган, лекин қаровсизлигидан шохлари панжаралардан ошиб тушган гуллар улардан атиги бир неча қадам нарида яшнаб ётарди.
– Гуллар негадир бу йил бошқача очилди, – деди хотини унга қарамай. – Негадир бу йил кўнгилга жуда яқиндек туюлаяпти.
– Ҳар йили ҳам шундай очиларди, – деди Самандар, – фақат биз эътибор бермасдик.
– Билмадим. Ҳар қалай, бу йил жуда бошқача, – деди хотини, – қараб турсанг, ҳар бир гул панжаралардан бошини узатиб қараётган қизалоқларга ўхшаб кетади.
– Тўғри, улар билан болалар ўртасида қандайдир ўхшашлик бор, – Самандар хотинининг топқирлигидан завқланиб кетиб, унга кулиб қараб қўйди. Хотини унинг гапини деярли эшитмади ҳам. У ўзининг таассуротларини бирдан гапириб қолишга ошиқарди, чоғи.
– қараб турсангиз, гуллар ҳам бир-бири билан жуда берилиб гаплашаётганга ўхшайди; – деди яна хотини, – қулоғингга қиқир-қиқир кулганлари эшитилгандек бўлади, агар бирон гул тебраниб қолса, ҳаммаси бирга қўшилиб тебранишади.
– Гуллар ҳам худди биз каби яшайди. Тўғри, бизга қараганда қисқароқ, лекин яшайди. Олдинлари гулни маъшуқа қизга ўхшатишган. қаранг, қандай гўзал.
Самандар аруздаги икки байтни бармоқ оҳангига солиб ўқиди.
– Бу кимдан? Бизда одамни гулга ўхшатмайди, шекилли, – деди хотини, – мен одамни гулга ўхшатишни қандайдир япон ёзувчисидан ўқиганман.
-Бобурдан. Мен ҳам илгари шундай ўйлардим, – деди Самандар ва хотини бир пайтлари ўзи билан адабиётларга муносабат масаласида ҳеч келиша олмаганини эслади. – Лекин тўққиз ой олдин Навоийни ўқий бошлагач, бу фикримдан қайтдим.
– Одам гулни кўрганда кўнглида нимадир туғилади-ю, сўнг дарров йўқолади, афтидан, у йўқолмаса керак, бизнинг ўзимиз унутсак керак, – деди хотини яна гулзорга қараб.
Самандар хотинига ҳайратланиб қаради.
– Баъзида гулни кўрганда кўнглинг шундай яшнаб кетадики, бирдан яшариб қолгандай ҳис этасан ўзингни. Шунда ўзинг-ўзингга хунук кўриниб кетасан, бирдан бошқача яшагинг келиб қолади.
Самандар хотинига баттар ҳайратланиб боқди. Чунки хотини унинг кўнглида кечаётган, у бир неча ойдан бери тушуниб етолмаган нарсаларни жуда содда қилиб тушунтириб берган эди.
Бирдан хотини билан ўзи ўртасида жар қурган ўша куз оқшомини эслади. Балким, ўша жар уларни айрича қилиб яқинлаштиргандир? Жар кўп нарсаларга тўсиқ бўлган-у, лекин уларнинг айнан бир нарсани ҳис этишларига, айнан бир нарса ҳақида бир хил фикрга келишларига йўл очиб бергандир? Ҳар қалай, Самандар ҳозир ҳижолат тортди.
– Ростдан ҳам, оқ атиргул гўзал бир қизга ўхшайди, – деди у ўзининг қизариб кетганини хотинидан яшириш учун. – қаранг, ана у гулбарглари – қат-қат сочлари, қизғишроқ яллиғи бор гулбарг эса юзи… Соч юзни оҳиста ҳовучлаб турибди… гўзал бир ҳикоя чиқаркан… Нима дедингиз? Сўзга уста бўлсам, ўзим ёзардим.
Хотини унга яйраб тикилди. Самандарнинг ҳаяжони унга ҳам кўчганди, юзи қизил туман чангланиб кетгандайин, кучсизгина қизарди.
қизи эшикдан югуриб кириб, ўзини онасининг қучоғига ташлади.
– Ойижон, мен оламушук куйдим, – деди у тилини ясаб, эркаланар экан. Онаси унинг бошини силади. Лекин гулзордан кўз узмай:
– Гулларнинг номини жуда топиб қўйишади-да, – деди, – тугмачагул, гулибеор, қирқоғайни, оққалдирғоч… ростдан ҳам, қалдирғочга ўхшайди. қизлигимда менга нуқул оққалдирғоч совға қилишса, деб орзу қилардим.
-Мен эса атиргул совға қилганман, – эслатди Самандар, хотинини илк бор оппоқ кўк гулли кўйлакда учратгани кўз олдига келди. «Ростдан ҳам ўша пайт оқ қалдирғоч га ўхшарди», ўйлади у дафъатан.
– Тўғри, – деди хотини, унга бир кўз ташлади-ю, уялиб олиб қочди. – Карамга ўхшаган улкан атиргул эди. Лекин ҳиди ҳалигача димоғимдан кетмайди, ўша гулни эсласам, негадир анови атиргуллар кўримсиз бўлиб қолади. Балким бу ёшлик хотираси бўлгани учундир?
-Анови гуллар қуёшчаларга ўхшайди, – деди қизчаси, дераза рахига осилганча, қўли билан панжара ағнаб ётган жойдан кўринаётган гулларни кўрсатиб. У отаси билан онаси нима ҳақида гаплашаётганини дарҳол англаб олган эди ва унинг чарос кўзлари ҳам ҳайрат, ҳам гўдаклик аралаш порлаб турарди.
Самандар қизи кўрсатган томонга қараб, сариқ мойчечакларни кўрди.
Мойчечаклар митти қуёшчалар каби яшнаб турарди ва ҳозир Самандарнинг кўзига бу митти қуёшчалардан таралаётган нурлар бутун боғни чароғон нурларга тўлдириб юборгандай бўлди.
У қизнинг гапидан энтикиб кетиб, уни қаттиқ қучиб олди. Ўзининг ҳаяжондан ёшланган кўзларини хотинидан яшириш учун кўзларини оҳиста юмди. Бирдан кўз олдини ялтираб турган ўргимчак уясидек тўр қоплаб олди; тўрнинг ҳар бир катагидан яшил шуълалар тараларди. У қобоғини озгина ҳаракатга келтириши билан яшил шуъла алвонлашар ва бутун кўз олди қип-қизил рангга тўлиб кетарди. Бу унинг юзига тушаётган қуёш нурларининг киприкларида акс этаётган жилвалари эди. Хотини унга худди бир энди кўраётгандек қараб турар, қуёш нурлари эрининг юзини оппоқ атиргулдай яшнатиб юборганидан дафъатан ҳайратга тушганди. Самандар кўзларини очганда хотини ўзига тикилиб турганини кўрди. Кўнглини хотинининг кўзларидан таралаётган ҳайрат ва фароғат эгаллади. Ўзи ҳам хотинига ҳайрат билан боқди. У ҳеч қачон хотинининг кўнглини ўзига шу дақиқадагидек ҳамоҳанг ва яқин ҳис этмаган эди.
У дераза олдида юзини сўнаётган офтобга тутганча ўтирарди. Хотини билан қизи ошхонага ўтишди. У ердан қизининг қандайдир қўшиқни хиргойи қилаётгани эшитилди. У курсига яхшилаб жйлашиб олди.
Хавода кўкат ҳиди аралаш гул ҳиди бор эди.
қуёш уфқ ортига яширинди. Уфқ алвон рангга беланди: ҳозир феруза осмон фонида бу ранг жуда тиниқ ва равшан эди. Феруза рангдан ҳам алвон рангдан ҳам мусаффолик тараларди.
У уфққа қараб ўтирган куйи беихтиёр бир йил муқаддам курсдошлари билан бир дўстининг қабрига борганларини эслади. Марҳум тенгдошлари ичидаги энг ювош ва келишган йигит эди. У машинасида тўсатдан фожиали ҳалок бўлганди. Сабоқдошлари билан етиб борганда марҳумни энди чиқаришаётган экан. Марҳумнинг барваста гавдали отасининг йиғиси Самандарнинг юрак-бағрини эзиб юборса ҳам негадир Самандар йиғлай олмаганди. Бу хабар бутун тенгдошларини тўсатдан эсанкиратиб қўйганди. Улардан ҳеч ким йиғламади. Ҳамма бошини эгиб тураверганди. Бу бошқаларга шумшук қўринаётган бўлса-да, йиғлашаётганлардан кам қайғуришмаганди.
Самандар марҳумни кўмишаётганда оппоқ матонинг ичидан унинг юзини кўргандек бўлганди: юзи ҳам оппоқ эди. Кейин кўмиб бўлишгач, кимдир қабр бошига бир тувак сариқ атиргул қўйди. Самандар ўша куни гулга унчалик эътибор бермаган эди. Бироқ эртасига яна сабоқдошлари билан қабрга боришганда, кечаги гулларнинг ичида фақат биттасигина бир кечада қовжираб қолганини кўрди. Бошқа гулларнинг гулбаргларида ҳам сўлимлик акс этса-да, улардан ҳали ҳаёт нафаси уфуриб турарди. қуриб қолган гулнинг гулбарглари ҳам тўкилиб, қабр атрофига сочилиб кетган эди. У ўша куни гул билан одам бир-бирига жуда ўхшаш эканлигини ҳис этганди. Бир кун олдин қўйиб кетган гуллардан бири қабр бошида бир кечада тўкилиб бўлгани унинг хаёлидан ҳеч кетмади. У марҳумни эслаган сайин кўз ўнгига унинг оппоқ, келишган юзи келар ва ўлимига ишонгиси келмади. Лекин у марҳумни эслаши билан ҳаёт ва ўлим ораси бир қадам эканлигини ҳис қилар, ўзини ҳам қовжираб бораётгандай сезар ва ваҳимага тушарди. Сўнг у бу туйғуга кўникиб қолди. қачон гул билан қабрни ёнма-ён кўрса, ҳаёт билан ўлим ораси бир қадам эканлиги эсига тушар, гул ва қабр, марҳумнинг юзи ҳеч хаёлидан кетмай қоларди. Унинг хаёлидан аста-секин гул, қабр ва марҳумнинг оппоқ юзи уйғунлашиб кетди: назарида аввал марҳум гулдай қовжираб тўкилган, изидан эса гул тўкилганди. қабр билан гул орасига атиргулнинг сариқ гулбарглари тўкилиб тушарди. Ўша пайтда у сариқ атиргул билан қабр ўрасидаги бу қадар мутаносибликдан ҳайратга тушганди.
Бу манзаралар мана энди у худди уфққа тикилиб тургандай, хотиралари деразасидан унга тикилиб турарди.
Ҳозир ҳам у марҳумнинг юзини эслаши билан хотирасига лип этиб гул ва қабр қалқиб чиқди. Шунда у ўлимнинг бир қадам нарида турганини ҳис этди-ю, умрнинг бунчалик қисқа эканлигидан бирдан вужудини титроқ босди. «Бу иккаласининг ораси бунчалик яқин, – деб ўйлади у, – одам бир марта тўйиб нафас олишга ҳам улгурмайди». Сўнг уфққа қараб хотирасидаги ва кўнглидаги ваҳимани қувмоқчи бўлди. Бироқ ловуллаб ёнаётган уфқда ҳам сариқ атиргул ва қабр пайдо бўлди. Сариқ атиргулнинг гулбарглари оҳиста тўкилар, ловуллаб ёнаётган уфқдан қип-қизил чўғга айланиб ерга учиб тушарди. У хаёлидан гул ва қабрни ҳайдаш учун кўзларини юмди; бироқ гул ва қабр кўз олдидан кетмади; аксинча, уфқдаги қип-қизил олов бирдан асов шамол гирдобига тушган қип-қизил лолаларга айланди; лолалар у ёқдан бу ёққа тебранар экан, бир зум қоқ ўртада турган сариқ атиргул ва қабрни ютиб юборар, яна гул ва қабр қалқиб чиқаверарди. Самандар бундан ларзага келди: бу манзара хаёлида энди узлуксиз адвом этишини англади ва кўзларини яна қаттиқроқ юмиб олди; шу дақиқада бу манзарада қандайдир ҳузурбахш гўзаллик таралаётганини, кўнгли бирдан ҳамма нарсадан холи ва айни дақиқада ҳамма нарсага алоқадор, ўзи, вужуди билан кўз олдидаги манзаранинг бир бўлаги эканлигини, буни ҳис этиш қалбида тараҳҳум ва зариф туйғулар уйғотаётганини ҳис этди.
«Ҳар бир инсон қалбида олам билан уйғунлашишга ташналик бор, – дея ўйлади Самандар, – бу ташналик хунуклик ва турмушнинг кундалик туманлари ичида гарчи йўқолиб кетгандай туюлса-да, у бор, унинг борлигини билиш учун инсон ўз қалбини излаб кўриши керак; инсон умрининг мазмуни аслида ана шу ташналикдадир…».
Осмон бинафша рангга кирган эди; боғ устида сариқ атиргулнинг бир дона гулбаргидай ой қалқиб турарди.
Самандар буларнинг ҳаммасида теран бир умумийликни англади; у ҳамон қаровсиз боғни – кўнглини тинмай кузатарди.
У кейинги кунларда ўзини ҳам гул деб ўйлай бошлади; буни аввал у боғдаги панжара орқасидаги қаровсизликдан шохлаб кетган атиргулнинг ҳиди димоғига урилганда, кўнглида ҳам қандайдир бир нарса яшнаб очилиб кетганини сезган пайтда ҳис этганди; кейин бу ўхшатиш унинг миясида чарх уриб айлана бошлади ва Самандар ўзининг ҳам гул эканлигига энди шубҳа қилмай қўйди. Ўзини гул деб ўйлаш энди унга бачкана ҳам, беўхшов ҳам туюлмасди. Аксинча, бу ўхшатиш жуда табиийдай эди. Ҳатто у ўзининг қалбида қандайдир гул пориллаб очилганини, бутун танасига қучоқ-қучоқ ҳид таратаётганини сезгандай бўларди. Бу гул унинг назарида лолага ўхшарди. Лоланинг гулбарглари ҳовучида бир томчи шудринг ўйноқларди; шудрингдан тонгнинг мусаффо ҳавоси таралар ва Самандарнинг вужуди бу гўзаллик қаршисида мадорсиз бўлиб қолар, танаси ҳузур қилар, гул эса тобора яшнаб борар, кўксида пора-пора чайқалар, бутун вужуди шу гулнинг нозик гулбаргларидек, оҳиста титраб кетарди.
Бошқа бир куни у панжара ортидаги атиргулни узиб олди-да, хонасига жўнади. қизи ҳали боғчадан қайтмаган эди. Хотини унинг қўлидаги гулни кўрди-ю, тувак келтириб берди.
– Умиданинг хонасига қўя қолинг, – деди у кўзлари яшнаб гулни ҳидлар экан.
Самандар бош чайқади; ўзи ҳам гулни шунинг учун келтирганди. Гулни қизининг хонасига тувакка қўйди-да, қизининг кароватига ўтириб, уни томоша қила бошлади.
қизининг гулни кўриб, қанчалик қувонишини ўйлаб, кўнгли яшнаб кетди.
У жилмайиб қўйди.
Юрагининг қуюқ туманлари орасидан – қаровсиз боғдан бу кўримсиз гулни топиб олганидан хурсанд эди.
Гул ёлқинланиб, хонани безаб юборгандай туюлди.
«қизимга бу гулни сўлитма, дейман – дея ўйлади у, – ва гулни қандай парвариш қилиш кераклигини ўргатаман”.
Самандар гулга қараб эгилиб олган, хотини эса эшикдан гўё хонадаги иккита гулни томоша қилаётгандай гулга ва эрига ҳайрат аралаш тикилиб турарди.

www.facebook.com/jabbor.eshonkul
www.munosabat.org

Share on FacebookShare on Google+Tweet about this on TwitterEmail this to someoneShare on LinkedIn