Хайрулла Исматуллаев: Профессор ТЕМУР ХЎЖА ўғли

temur xojaТуркистонлик олимлар

Хайрулла Исматуллаев (1937-2008)

АҚШдаги Висконсин Университети (University of Wisconsin) Осиё тиллари ва санъати бўлими собиқ ўқитувчиси, халқимизнинг фидойи фарзанди, марҳум профессор Хайрулла Исматуллаевнинг ”Туркистонлик олимлар” туркумидаги мақолаларини эълон қилишни бошлаймиз. 2007-2008 йиллар давомида ”Янги Дунё” саҳифасида ёритилган ушбу мақолаларнинг дастлабкиси профессор Темур Хўжа ўғли (cуратда) илмий ва ижодий ишлари ҳақида.

****

Туркистондан чиққан, ота-бобосининг Ватани Туркистон бўлган мунавварлар ер юзида жуда кўп. Улар худди садафга ўхшайди. Кимдир, қандайдир бераҳм куч ипини узиб юборган садаф доналари каби улар ҳамма ерга тарқалиб кетган – Осиё мамлакатларида, Америкада, Оврупода ҳам уларни учратиш мумкин.

Туркистонликлар Австралия университетларида олий математикадан дарс беришяпти, Япония олий даргоҳларида кимёдан тенги йўқ тадқиқотлар олиб боришяпти, Америка қўшма Штатларининг университетларида дарс бериб, тадқиқотлар олиб бориб, фан докторлари тайёрлашда фаол қатнашишяпти.
ТЕМУР ХЎЖА ЎҒЛИНИНГ СУЛОЛАСИ

Қуйида мен асли ватани Туркистон бўлиб, тақдир тақозоси билан бошқа юртга бориб қолган бир гуруҳ ватандошлар ҳақида фикр юритмоқчиман.

Фикр билдирмоқчи бўлганим мунавварлар асли Бухородан бўлиб, уларнинг ёш жиҳатидан энг кенжаси Темур Хўжа Туркияда туғилган бўлиб, АҚШнинг Колумбия университетида машҳур олим Эдвард Оллворт (Edward Allworth) раҳбарлигида Ўрта Осиё адабиётига оид докторлик диссертатсиясини ёқлаган. Кейинги ўн йиллардан бери Темур Хўжанинг ўзи Истанбул Коч университетида профессор ўлароқ Ўрта Осиё тиллари ва адабиётлари кафедрасини бошқармоқда.

Темур Хўжа отасининг шиори: “Ёшларга эьтибор – келажакка эьтибор.”

Шу нарса табиий туюладики, аксарият ҳолларда фарзанднинг қандай бўлиши унинг ота-онаси, атроф-муҳитига боғлиқ бўлади.

Профессор Темурнинг онаси Ҳакима хоним – уй бекаси, отаси Усмон Хўжа Бухоро Халқ Жумҳуриятининг раиси сифатида, янгилик учун интилувчан бир жадид сифатида шунчалик кўп янгиликлар қилганки, ўша даврдаги унинг халқ учун, ёш авлод учун қилган ижобий фаолиятини асрлар тоши билан ўлчаса бўлади. 1921-22 йилларнинг ўзида юзлаб илмга чанқоқ талабалар Германия, Туркия ва бошқа мамлакатларга ўқиш учун давлат ҳисобидан юборилганлар. Ўша ёшлар фақат Бухородан эмас, балки бутун Туркистондан бўлганлар. Ўша ёшларнинг кейинчалик физика, техника, геология, иқтисод, қишлоқ-хўжалиги, социология, медицина каби фанлар доктори бўлиб етишишларида Файзулла Хўжаев, Фитрат билан бирга Усмон Хўжанинг қўшган ҳиссаси ниҳоятда катта бўлган эди. Шу кунларгача Ўрта Осиё мамлакатларида ишчи-дехқон оиласидан чиққан ёшларни ҳукумат ўз ёнидан, беғараз, бунчалик катта миқдорда ғарбий Оврупо мамлакатларига юбориб ўқитмаган.

Айрим ўқувчилар менга эьтироз билдириб, ” Мустақилликнинг биринчи йиллари Ўзбекистон ҳукумати ҳам ёшларни ўқиш учун чет элга юборди-ку!”- дейишлари мумкин.

Тўғри, ўз рақибларини йўқ қилиб, мутлақ ҳоким бўлгач, И.А. Каримов вилоятларга ўз яқинларини бошлиқ этиб тайинлаганди.

Яна шу ҳам тўғрики, кейинчалик шу “тўда” боши вилоятлардаги бошлиқларнинг фарзандларини чет элга ўқиш учун юбора бошлади. Лекин кутилмаганда, бу тадбир И.А. Каримовнинг ўзи томонидан тўхтатиб қўйилди.

Сабаби: И.А. Каримов тўдаси юборган бу ёшлар гарчи бой оиладан, ҳозирги ҳукуматни тебратаётган оилалардан бўлсалар-да, уларнинг ярмидан кўпи ватанга қайтишдан бош тортишган эди. Ҳатто шу, ўзига тўқ оила фарзандларининг ҳам И.А. Каримов “жаннат”ида яшамасликка ҳаракат қилишлари бу “тўда”нинг келажаги йўқлигидан далолат беради.

Усмон Хўжа, Файзуллла Хўжа, Фитрат домла хорижга ўқиш учун юборган ёшлар хозиргача тилларда достондирлар. Уларнинг кўпчилиги ўзи танлаган илм соҳасида катта илмий тадқиқот ишлари олиб бориб, янгиликлар яратганлар, фан доктори, профессор илмий даража, илмий унвонларга эга бўлганлар.

Ўқиш учун И.А. Каримов тўдаси чет элга юборган талабалар билан Усмон Хўжа, Файзулла Хўжа ва Фитрат домла чет элга юборган талабалар ўртасида осмон билан ерча фарқ бордир.

Темурнинг отаси Усмон Хўжанинг айрим тадқиқотлари

20-йилларнинг бошида Усмон Хўжа ўз ғоясини тарғиб этиш мақсадида, кўплаб мақолалар ёзди: “Афғонистон ва Туркистон”, “Миллият ва Болшевизм”, “Болшевиклар ва Дехқонлар”, “Туркистонда турк адабиётининг мафкуравий тахаввулларина умумий бир назар”, “Тротски, Тротскизм”, “Бухоро Жумҳурияти (Эски Бухоро Жумҳуриятининг тузилишига оид)” ва бошқа муҳим мақолалари “Ени Туркистон” журналининг 1927-31 йил сонларида эьлон этилганди.

Усмон Хўжа 1927 йилда-ёқ шоир Чўлпон ижодига энг тўғри баҳо берган мунавварлардан бири ҳисобланади.

УСМОН Хўжа – шоир Чўлпонни биринчи бўлиб ҳимоя қилган инсон

1927 йилдан бошлаб Усмон Хўжа ўз фикрдоши Мажидиддин Аҳмад билан бирга Истанбулда “Ени Туркистон” [”Янги Туркистон”] журналини чиқара бошлаганди.

“Янги Туркистон” журналининг 1927 йил 1-сонида Усмон Хўжанинг

“Туркистонда турк адабиётининг мафкуравий тахаввулларина умумий бир назар” номли назарий аҳамиятга эга бўлган мақоласи ўрин олган.

Бу мақоланинг муҳимлиги шундан иборатки, унда Усмон Хўжа Советлар томонидан қаттиқ танқид қилинаётган шоир Чўлпонни биринчи бўлиб ўз ҳимояси остига олганди.

Усмон Хўжанинг ўша мақолада ёзишича, “миллият мафкурасида халқчилик асослари”нинг куртаклари кўрина бошлаган ва бу адабиётда ҳам ўз ифодасини топган. [Усмон Хўжа, ўша мақола, 27-бет].

Усмон Хўжа мақоласида Чўлпон қаламига мансуб “Халқ” ва “Зиёи камар” шеьрларини келтириб, таҳлил этади. “Халқ” шеьрини “миллият мафкурасида халқчилик асосларини” кўрсатиш учун келтириб, бу шеьр хусусида яна шуларни ёзади: “Бу даврнинг махсулларидан ўлан [=бўлган] бир ганч [=ёш] шоир умиду имон хусусинда сўйладиги “Халқ” унвонли шеьрини дарж айладим [=қайд этдим]. Токи Туркистон халқининг бу кунги ҳақиқий туйғуларина қорилар, яқиндан ошно (б)ўлсунлар”. [Усмон Хўжа, ўша мақола, 27-бет].

Усмон Хўжа шоир Чўлпон шеьриятига оид фикрларини жамлаб, “идрок эттигимиз бу давраи адабия Туркистоннинг истиқболи учун пек муҳим ҳаётий бир даври адабидир. Бу давра улғая!”- деб, башорат қилган эди. [Усмон Хўжа, ўша мақола, 228-бет].

Усмон Хўжа ўзбек ва форс тилларида шеьрлар ҳам ёзган. Унинг шеьрларидан намуналарни ўғли профессор Темур отаси Усмон Хўжага бағишланган тўпламда нашр этганди. (Қаранг: Reform Movements in Turkistan: 1900-1924; SOTA, Haarlem, Netherlands, 2001, str.433-435)

Проф. Темур Хўжанинг машҳур амакиси Файзулла Хўжа ва унинг Темур Хўжага руҳан таьсири ҳақида ёзиш ортиқча бўлса керак, деб ўйлайман. Чунки бу буюк инсонни билмаган киши Ўрта Осиё минтақасида топилмаса керак.

***

Темур Хўжа мана шундай буюк мунавварларнинг руҳий қуршовида етишди. Гарчи отаси Усмон Хўжа 1968 йили Туркиянинг Истанбул шаҳрида вафот этган бўлса-да, у ўз олий ўқишини АҚШнинг мащҳур Колумбия университетида профессор Эдвард Оллворт ((Edward Allworth) раҳбарлигида бошлаб, 1982 йили “Совет Ўрта Осиё адабиётида Сталиндан сўнгги давр: қозоқ ва ўзбек бадиий насрида миллий ўзига хослик” номли докторлик диссертациясини шу олим раҳбарлигида ўз вақтида муваффаққиятли ҳимоя қилган эди. [Қаранг: Timur Kocaoglu, Nationality Identity In Soviet Central Asian Literature: Kazakh and Uzbek prose fiction of the post-Stalin Period. Submitted in partial fulfillment of the requirements for the degree of Doctor of Philisophy in the Graduate School of Arts and Sciences, Columbia University, 1982.]

***

Темур Хўжанинг иш жойлари

Темур Хўжа “ОЗОДЛИК” радиосининг Мюнхен шаҳрида жойлашган идорасида 18 йил (1977-1995) ишлаб, Ўрта Осиё республикалари мустақиллик эьлон қилганларидан сўнг, 1995-йилдан кейин “ОЗОДЛИК” радиосининг идораси Прага шаҳрига кўчди. Бироқ Прага шаҳрига бориб ишлашдан Темур Хўжа Истанбулда университетда ишлашни афзал кўрди.

Шундан сўнг профессор Темур Хўжа Истанбулдаги Коч университети қошидаги Ўрта Осиё туркий тиллари ва адабиётлари кафедрасини қабул қилиб, мана шу олий ўқув даргоҳида ёшларга таьлим бериб келяпти. Энди Проф. Темур Хўжанинг ўзи бакалавр, фан докторлари етказиб чиқариш ишида жонбозлик кўрсатяпти.

Проф. Темур Хўжа университетда дарс бериш билан бирга жуда кўп илмий тадқиқот ишлари олиб боряпти. Темур Хўжа қаламидан чиққан илмий тадқиқотларни 3 гуруҳга бўлиб, тадқиқ этиш мумкин бўлади: (а) адабиёт, Ўрта Осиё Туркий адабиёти; (б) тил, дунё туркий тиллари; (ц) жамият, саньат тарихи.

Профессор Темур Хўжанинг илмий ишларига бир назар

Профессор Темур Хўжанинг илмий ва адабий қизиқишлари ҳам раҳматли отаси Усмон Хўжа қизиқишларини эслатади. Темур Хўжа ҳам отаси изидан бориб, буюк шоиримиз Чўлпон ижоди ҳақида тенги йўқ тақиқотлар яратган.

Профессор Темир Хўжа ўзининг “Яҳё Камолнинг шеьрига илмий чоғимиз етарлими? (“Turk Edebiyati” журнали, 238-сон, 51-53с.) номли мақоласида Чўлпон билан Яҳё Камол ўртасидаги муносабатга тўхталиб ўтса, “Чўлпоннинг шеьрларида табиат ва ҳуррият туйғуси” номли бошқа бир тадқиқотида (турк тилида, “Turk Edebiyati”, Aralik 1993, 242-сон, .41-45с) шоир Чўлпоннинг “Куз” шеьрининг О.О. Шарафиддинов нашри билан (Чўлпон, Яна олдим созимни, Тошкент, 1991, 414-бет; нашрга тайёрловчи – Озод Шарафиддинов) бу шеьрнинг асл нусхасини қиёслайди. Профессор Темир Хўжа шоирнинг бу шеьри “Яна олдим созимни” тўпламида янглиш ўқилганлигини мисоллар билан исботлаб беради. Чунончи, бу шеьрнинг Тошкент нашрида:

Куз қўшини – оғу булут ўқларни. – деб хато ўқилган.

Бу сатр аслида:

Куз қўшини оғу толиқ ўқларни,- деб ўқилиши лозим эди деган тўғри хулосага келади тадқиқотчи.

***

Асосий мавзудан бироз чекиниш

ЧЕКИНИШ 1

Таъқиқлар, ман этишлардан кейин, Чўлпон асарлари тўпламининг “Яна олдим созимни” номи остида босилиб чиққанида, О.О. Шарафиддиновнинг яқин кафедрадошларидан бири “Шунча қийинчиликлардан кейин, арзон нархда чиққан бўлса ҳам, Озод Обидович масьул муҳаррирлик қилган Чўлпон китобини халқ кўп сотиб олаётгани йўқ,” деб қолди.

Мен ёшлари анча жойга борган, кўпни кўрган мутахассислардан бунинг сабабини сўрадим. Улар айтишдики, масьул мухаррир шоир Чўлпон шеьрларининг анчагина ўринларига ўз “тафтиш” қаламини текказиб чиққан. Шу сабабли аксарият шоир мухлислари бу нашрдан хурсанд эмаслар. О.О. Шарафиддиновнинг қўли теккан бу нашрнинг сотилмаслигининг сабаби шудир.

***

ЧЕКИНИШ 2

Тошкент Давлат университети ўзбек адабиёти кафедрасида узоқ йиллар давомида Ботирхон АКРОМОВ исм-шарифли олим, мулойим касбдош, тўғрисўз инсон ишлаган эди. Адабиёт кафедрасининг мажлисларидан бирида бўлиб ўтган шоир Чўлпон шеьриятига бағишланган баҳсда Ботирхон Акромов Озод Обидович Чўлпон шеьриятини яхши тушунмаслиги ҳақида гапирган. Тамом, Вассалом! Бўлган гап – шу.

Шундан кейин О.О. Шарафиддинов турли органлар ёрдами билан Ботирхон Акромовни ТошДУдан кетишига эришди. Б. Акромов каби буюк олим, тўғрисўз инсонни Тошкент Политехника институтининг Этика, Эстетика кафедраси тезликда ишга олди. Бир йил ўтмай Ботирхон Акромов фан доктори бўлиб, ўнлаб китоб, илмий тадқиқотлар қилди.

***

Темур Хўжа ўзининг ХХ аср (1920-1996 йиллар) ўзбек шеьриятига бағишланган “Замонавий ўзбек шеьри” номли ишида (”Chog’dosh O’zbek She’ri”, “TurK Dunyosi”, Til va adabiyot jurnali, 1996, 1-сон) ХХ аср ўзбек шеьрияатини даврлаштирган ҳамда 16 та шоир ва 2 та шоира асарларидан (асл нусхада туркча таржимаси билан) намуналар берган (Шу журнал, 1996 йил, 1-сон, 9-51 бетлар).

Бу ишида ҳам Темур Хўжа шоир Чўлпон ижодига қайтиб, шоирнинг “Кўнгул”, “Халқ”, “Бас, энди”, “Куз”, “Гўзал Туркистон”, “Кишан” ва “Тўфон” шеьрларини асл нусхада ва туркча таржималари билан илмий ишига илова қилган.

Профессор Темур Хўжанинг қайд этишича, Чўлпоннинг “Кўнгул” шеьри “дунёдаги бутун қардош туркий халқлар шеьриятининг балки энг гўзал 50 шеьридан биридир.(”Чоғдош ўзбек шеьри”, 5-бет).

Профессор Темур Хўжанинг Туркистон, ўзбек адабиётига оид яна бир қатор тадқиқотлари борки, улар тадқиқотчиларнинг нигоҳидан четда қолмаслиги керак. Масалан, “Туркистон туркий адабиётида замонавий ҳикоя ва романнинг туғилиши” (”Turkluk Arastirmalari Dergisi”, 1987, No.2, 145-54); “Замонавий ўзбек адабиёти“[”Cagdas O’zbek Edebiyati”, IN: Turk Dunyasi El, vol.3, s.756-68, Ankara, Turk Kulturunu Arastirma Enstitusu);” Мағжон шеьрларида қуёш, оташ ва олов”. ИН: Turkdebiyati, Istanbul, 1994 yil, No.243.

***

ТЕМУР Хўжанинг ТИЛШУНОСЛИККА ОИД ИШЛАРИ.

Профессор Темур Хўжанинг тилшуносликка оид китоблари, илмий тадқиқотлари, ранг-баранг ва хилма-хилдир. У ўз тадқиқотларида ер шаримизнинг Осиё ва Оврупо қитьаларида жойлашган ва кам ўрганилган туркий тилларни ўрганишга, тадқиқ ва тавсиф этишга ҳаракат қилади.

Унинг қаламига мансуб ”Бугунга қадар билинмаган бир турк лахчаси” номли илмий тадқиқоти (Beshinchi Milletler arasi Turkoloji Kongresi, Istanbul, Eylul 1985, vol.1, s.77-87) va ”Karay” китоби [Timur Kocaoglu, Karay. The Trakay Dialect. Languages of the World, LINCOM EUROPA, 2006 yil] муҳим саналади.

КАРАЙ тилидан қўлланма

Профессор Темур Хўжанинг “КАРАЙ” китоби 242 саҳифадан иборат бўлиб, унда Кириш (1-9 бетлар), Фонология (9-15), Морфология (15-36), Синтаксис (37), Жумлалар ва Намуна Матнлар (39-156), Иловалар (139-231) ва Кўрсаткичлар (232-242) берилган.

КАРАй тилининг учта шеваси бор: (1) Тракай шеваси; (2) Халич-Лутск Карай шеваси (Бу шевада Полшада жойлашган Карайлар гаплашади); (3) Қрим Карай шеваси (Бу шева – Украинада яшайдиган Карайлар шеваси).

Темур Хўжа Литвада яшайдиган Карай халқининг Тракаи шевасини ўз китобида ўрганган.

Темур Хўжа ўрганишни мақсад қилиб олган тил Туркий тилларнинг ғарбий қипчоқ гуруҳига мансуб бўлиб, у туркшунослар томонидан икки хил номланади: КАРАЙ – КАРАЙИМ.

Профессор Темур Хўжа мазкур китобида бу сўзларнинг этимологиясини беради. Унинг таькидлашича, “карай” / “караим” сўзи Хебру (=Hebrew) тилидаги “ўқимоқ” маьносини билдирадиган “қара” дан келиб чиққан; “қараи” – бирлик; “қараим” – кўплик.

Ўтган асрнинг 60-йилларидан караим тилига оид фақат полшалик олим Заячковски (Zajaczkowski Wlodzimierz)нинг бир-икки ишини марказий кутубхоналардан топиш мумкин бўларди.

Профессор Темур Хўжанинг “КАРАЙ” китобини батафсил тавсиф этаётганлигимдан мақсад битта – Туркий тиллар қанчалик бир-бирига яқин, тушунарли эканлигини кўрсатиш. Темур Хўжа бу китобида Карай тилининг икки шевасидан 950 та кичик матн бериб, уларнинг инглизча таржимасини ҳам беради. Биз бу ўринда Карай тилида фақат 1-2 мисол олиб, уларни ўзбекча таржимаси билан қиёслаб кўрамиз:

КАРАЙ тилида: ЎЗБЕК тилида:

———– ————

Ачих юзу, қара кўзу, Очиқ юзи, қора кўзи,

Эски адет да Турк сўзу. Эски одат ва Турк сўзи.

Енгил учат атланганда, Отга минганда, енгил учади,

Қилич сузлайдир қининда. Қилич сўзлайди қинида.

[Шу китоб, 151-бет].

ЮҚЛА, УВЛУМ УХЛА, ЎҒЛИМ

Қуяш энди ингир болду, Қуёш энди ботди,

Ишанчлардан жаним толду. Жоним ишончларга тўлди.

Хануз балқир қуяшимиз, Ҳануз балқир қуёшимиз,

Ярух болур тирлигимиз. Ёруғ бўлур (тирикчилигимиз) ҳаётимиз.

Юқла, увлум! Юқла, увлум! Ухла, ўғлим! Ухла, ўғлим!

Ярих болур тирлигимиз! Ёруғ бўлур ҳаётимиз!

[Шу китоб, 143-бет].

***

Профессор Темур Хўжа китобида бундай мисоллардан 950 та келтирган.

Бу китобнинг аҳамияти жуда каттадир. Бир неча юз йил асосий туркий тиллар сўзлашиладиган минтақалардан узоқроқда, ўзга қуршовда ҳаёт кечирган, бошқа динни қабул қилган кичик бир халқ тили ўзбеклар учун ҳам тушунарли шаклда сақланиб қолган.

Бу ҳол бизга бир хақиқатни эслатади: Туркий дунёни майда бўлакларга парчалаб ташлаган мустамлакачилар ва уларнинг Туркистон минтақасидаги давомчилари-шогирдларининг ёвуз ниятлари – туркий халқларни кичик бўлакларда сақлаб, уларни эксплуатация қилиш, бойликларини талон-тарож этиш энди амалга ошмайди. Чунки, мехнаткаш халқ энди уйғоняпти, бир-бирини тушуняпти, бир-бирига яқинлашаяпти…

***

Профессор Темур Хўжанинг нашр этилган китоб ва илмий мақолалари шу даражада кўпки, уларни бир мақолада санаб улгуриб ҳам бўлмайди.

Шундай машҳур туркшунос, талабаларга бешта тилда маьруза қила оладиган устоз, туркий шеьриятнинг дидли тадқиқотчиси, туркий тилларнинг нозик билимдони бўлган ватандошимиз билан биз-туркистонликлар ғурурланамиз.

Профессор Темур Хўжа қанчалик кўп китоб ёзса, қанчалик тўғри гапни халқ афкор оммасига етказса, Тошкентга ин қуриб олган “тўда” шунчалик ундан қўрқиб, олимнинг исми-шарифини “Тўда Бошининг қора Рўйхати”га киритибди. Мазкур “рўйхат”да 197 та ўзбекистонлик ҳақиқатпарвар, эркпарварлар бордир. Севимли халқ ҳофизи Шерали Жўраевдан тортиб собиқ давлат арбоби, иқтисод фанлари доктори Шукрулла Мирсаидовгача, адибимиз Мамадали Маҳмудовдан тортиб халқимизнинг буюк, иймонли шоирлари Муҳаммад Солиҳ, Рауф Парфи, Юсуф Жумагача шу “қора рўйхат”га киритилганлар. Бу – табиий бир ҳол. “Тўда Боши”нинг рўйхатига ўз халқини, ўз юртини севувчи туркистонликлар киритилмаса, ўз касбининг усталари киртилмаса, ким киритилади?!

Профессор Темур Хўжа амакиси Файзулла Хўжанинг ўлдирилиши, отаси Усмон Хўжанинг қувғин қилиниши ва ниҳоят “Тўда боши” томонидан ўз исми-шарифининг “қора рўйхат”га киритилиши – шунча кўргиликлар бир инсонга кўплик қилмасмикин?! Лекин Темур Хўжа булар ҳақида бирор марта гапиргани, шикоят қилгани йўқ. Олим бутун аламини иш билан оляпти. У янги режалар тузиш, китоблар нашр этиш билан банд. Бироқ Темур Хўжа ҳеч вақт зулмга бефарқ бўлмаган. Ахир қандай қилиб, Юртни бузаётган, бойликларини очиқдан-очиқ талон-тарож қилаётган, ватансеварларни йўқ қилаётганларга, шу кунги муттаҳамларга бефарқ бўлиш мумкин?!

Бефарқ бўлмайди, бефарқ бўлиши мумкин эмас?! Отаси Усмон Хўжанинг, амакиси Файзулла Хўжанинг ва бу йўлда минглаб қурбон бўлганларнинг руҳлари зулмга бефарқ бўлишга рухсат бермайди!

Олим ва таржимон Темур Хўжа ўзининг шу кунларда қилаётган ишлари хақида бизга кичик бир маьлумот берибди:

“Мен шу кунларда шарқий Туркистонлик ёш ёзувчи Нурмухаммад Ясин Оркеснинг ҳикояларини Туркия турк тилига айлантириб, бу ҳақда кичик бир китоб нашри билан бандман.

Балки эшитгандирсиз, Нурмухаммад Ясин Оркеш (6 март 1974 йилда туғилган), 24 март 2004 йилда “Ёввойи каптар” номли бир ҳикоя ёзган ва шу ҳикояси “Қашқар Адабиёти” журналининг 2004 йил май сонида чоп этилган. Лекин Хитой ҳукумати 2004 йил ноябр ойида ёш ёзувчини “бузғунчи, миллатчи”деб,10 йил қамоқ жазосига ҳукм этган… Бу уйғур тилидаги “Ёввойи каптар” ҳикояси жуда ҳам зўр, худди Чўлпон ёки Фитрат асарларидаги каби кучли мажоз (метафора)га эга….”

Мана шундай ватандошимиз Темур Хўжа. Бир соат бўш вақтини бекор ўтказмайди, у доимо фойдали иш билан банд. У ҳадсиз туркий дунёнинг ҳар бир қисмини бир бутунлик деб ҳисоблайди. Туркий дунёнинг бир қисмидаги қайғу – унинг қайғуси; бошқа бир қисмидаги шодлик унинг ҳам шодлигидир.

Бизнинг назаримизда, “тўда”бошиларга эгилиб, ҳақиқатни халқимиздан яшириб юргандан кўра, Хақ ва хақиқат томонда бўлиш нақадар гўзалдир!

Буюк Чўлпоннинг ушбу шеьри ўз мухлисига атаб ёзилгандек туюлади:

Ҳайвонларга, инсонларга

Золим эга бўлмай қолмас.

Фақат эркин виждонларга

Эга бўлоқ – мумкин эмас!

(Чўлпон, Виждон эрки)

Хайрулла Х. Исматулла


(Хайрулла Х. Исматулланинг “Ўзбек тили, 3-жилд: Олий курс” китобидан олинди).

www.munosabat.org

Share on FacebookShare on Google+Tweet about this on TwitterEmail this to someoneShare on LinkedIn