Хуршид Даврон: АМИР ТЕМУР САБОҚЛАРИ

0- amir-timur-tamerlane-museum.11036.large_slideshowМуаррих Тожиддин Салмоний Соҳибқирон бобомизга бағишланган китобини ёзилищи сабаби ҳақида фикр юритиб, шундай ҳитоб қилади: «Қадимгилар ҳаётида ибратли ҳикматлар бордир, улар ҳаёти билан танишмоқ орқали ўгитлар олинур. Бу ўгитларни билмоқ инсон жонига қон қўшмоқдай гап. Зеро, тарих инсоннинг нафаси каби, улуғ ҳукмдорларни жонлантирувчи биp мўъжиза, тарихни билиш эса камол соҳибларининг кўнглини ранжу аламлардан поклайдиган маънавий калитдир».

Қўлимизга бебаҳо маънавий калит тутқазган донишманд боболаримиз бугунги шукуҳли кунларда ёнимизда ҳамқадам яшаётгандай, истиқлол берган буюк саодатга «шерик булаётгандай, мустақиллик ва озодлигимизга заррача хавфу хатар пайдо бўлганда эса маслаҳату насиҳатлари билан мадад ва қувват бераётгандай. Улар олис ўтмишдан туриб, бугунги наслларга масъуллик, сабр-тоқат тилаётгандай, ҳушёрликка чорлаётгандай. Тун чўкканда, атрофни сукут қучиб, қадимий асотирлар қаршисида ёлғиз қолганда, Ватан озодлиги йўлида шаҳид кетган, “шаҳидлар шоҳи” деб улуғланган Шайх Нажмиддин Кубронинг “Алданишдан сақланинг!” — деган ҳорғин ҳайқириғини, гоҳ ҳазрат Навоийнинг олтин қафас ҳақида битилган, меҳру шафқатга даъват этган сатрларини, гоҳ яна бир улуғ бобомизнинг юракларимизни умид билан тўлдирувчи: “Улуғ вазифалардан ва улуғ интилишлардад қўрқманг.Улар улуғ воқеаларни тайёрлайди ва улуғ шахсларни тарбиялайди”- деган хитобини эшитгандай бўламан. Бу даъвату хитоблар борасида буюк Соҳибқиронинг залворли овози янграйди: «Фарзандларим, орангизда нифоқ тухумлари экилмаслиги учун кўп зийрак ва ҳушёр бўлинг! Фақат ўгитларимга ва тузукларимга содиқ қолсангиз, уларга амал қилсангиз, юксалгайсиз!“ Бу хитоблар замондошларим қалбида акс-садо бераётганини сезаман…

Шу гапларни ёзар эканман, 1996 йил Самарқанддаги муаззам Соҳибқирон ҳайкали пойида янграган сўзларни эсладим: “Амир Темур шахсини идрок этиш — тарихни идрок этиш демакдир. Амир Темурни англаш— ўзлигимизни англаш демакдир. Амир Темурдан сабоқ олиш — тарих қаърига чуқур илдиз отган томирларимизга, маданиятимизга,қудратимизга асосланиб, буюк келажагимизга ишончимизни мустаҳкамлаш демакдир”.
Турли 6аҳона-ю сабаблар билан Соҳибқирон васиятларини қайта-қайта ўқийман, тузукларини такрор-такрор варақлайман. Бобомерос уч сабоқ онгу-шууримни қамрайди — ўйлайман, мушоҳада қиламан.

Биринчи сабоқ: истиқлол ва озодлик хусусидаги ўгитлардир. Ўсмирлик ва йигитлик орасидаёқ кураш майдонига отилган Темурбекнинг ягона мақсади “душман қўлида хўрланган мамлакатни қатлу ғоратдан қутқариб қолиш” эди. Бобомизнинг эрксизлик ва мутеълик ҳақидаги тасаввурини билиш учун бир тарихий далилга мурожаат қилайлик: “Лой жанги”дан кейинги оғир бир вазиятда, она юртини раҳмсиз душманга ташлаб қочаётган амир Ҳусайннинг “Ортиқ бардош беришга мажол қолмади. Хотин, бола-чақаларни Жайҳун сувидан нарига ўтказмоқ лозим, токи бу мамлакатни тарк этайлик ва ўз жонимизни қуқариш чорасини кўрайлик” деган қўрқув-саросима тўла сўзларини эшитганда, ёш Темурбек шундай дейди: “Беномуслик билан кечирилган ҳаёт қадрсиздир ва пушаймон билан зое кетган умрни қайтариб бўлмайди. Мен кетолмайман, мен қоламан ва лашкар тўплаб, мўғул билан жангу жадал қиламан!” Англаган бўлсангиз, бобомиз бировларга тобеъ бўлиб яшамоқни, эрксизликни беномуслик демоқдалар.Айтиш жоизки,бугун миллат ва юрт келажаги пойдевори мустаҳкамланаётган бир
даврда “фаолиятсиз ва лоқайд кечаётган умр қадрсиз,номуссиздир.

Буюк Соҳиқирон бутун ҳаёти ва фаолияти мобайнида мустақилликни ва озодликни мамлакат ва тараққиёт таянчи деб билди. Ўлими олдидан эса фарзандларига, улар орқали келажак наслларга — сизу бизга ҳам асрлар оша васият қилди: “Миллат саодатини. сақламоқ, миллат дардларига дармон бўлмоқ вазифангиздур”. Миллатнинг саодати — истиқлол ва озодликдир, миллатнинг дардларига дармон бўлмоқ эса элу юрт саодати, фаровон ҳаёти учун бетиним тер тўкмоқ, фикр этмоқдир.

Иккинчи сабоқ: адолат ҳақидаги ўгитлар. Соҳибқирон йигитлик йилларида эрк ва истиқлол жангига киришган кунлар баёнида ёзади: “Мўғул қўшини устидан ғалаба қилганимдан кейин, салтанатни ўз тасарруфимга олгудек бўлсам, АДОЛАТ билан ҳукмронлик қилишга азму-жазм этдим…Навқиронлик палласидаёқ Темурбекнинг фаҳму фаросатининг қат-қатидан пири Зайнуддин Тайободий тилидан айтилган “Мамлакат куфр билан туриши мумкин, лекин зулм бор ерда турилмайди” ҳикмати жой олди. Бу ҳикматни қуруқ шиор эмас, амалий фаолият учун асос деб билган Амир Темур салтанат муҳрини «Куч адолатдадур» битиги билан зийнатлади ва салтанат адолатли бўлиши учун раият — халқ аҳволидан огоҳ бўлди, золимларнинг тажовузли қўлини мазлумлар этагидан юлиб ташлади, улуғларни оға, кичикларни фарзанд қаторида кўрди. Адолат барқарор бўлиши учун у энг аввало қонунлар ҳукмронлигини ўрнатишни бош мақсад деб билди.
“Тажрибамдан кўриб билдимки, — деб ёзади Соҳибқирон, — давлат агар қоида-тартиб асосида қурилмас экан, тўра-тузукка боғланмас экан, ундай салтанатнинг шукуҳи, қудрати ва тартиби йўқолади. Бундай салтанат яланғоч одамга ўхшарким, уни кўрган ҳар кимса назарини олиб қочади ёхуд касу нокас тап тортмай кириб-чиқадиган томсиз, эшиги-тўсиғи йўқ уйга ўхшайди”. Амир Темур тузукларида адолат тушунчаси бир неча асосга эга.

Биринчи асос: аҳолининг турли табақаларининг ўзаро уйғун бўлишини таъминлаш. Иккинчи асос: аҳолининг ҳақ-ҳуқуқини тенг таъминлаган ҳолда, кишиларни хизматга тайёрлашда шахснинг салоҳияти ва имкониятларидан келиб чиқиш. Чунончи, Соҳибқирон вазирликка тайинланадиган кишиларда асиллик, тоза насллик, ақл-фаросатлилик, сипоҳу раият аҳволидан хабардорлик, уларга нисбатан хушмуомалада бўлишлик, сабр-чидамлилик ва тинчликсеварликни зарур сифатлар деб билса, амирликка лойиқ кишилар фаросатлик, баҳодир, довюрак, табдиркор, сергак, эҳтиёткор, олдини ва орқасини ўйлаб иш тутадиган кишилар бўлиши лозимлигини уқтиради. Адолатнинг учинчи асоси эса барчанинг тенг фаровонлигини ҳимоя қилиш билан бирга бу фаровонликни юзага келтиришдаги хизматига қараб ҳар бир инсон ўз улушини олишга имкон яратишдан иборат. “Тузуклар”даги ушбу кўрсатмалар айнан мана шу имкониятни яратиш учун хизмат қилиши кўзда тутилган эди: “…Раиятни оғир аҳволга солишдан ёки мамлакатни қашшоқликка тушириб қўйишдан сақланиш керак. Негаки, раиятни хонавайрон қилиш давлат хазинасининг камбағаллашишига олиб келади, бу эса салтанатнинг кучсизланишига олиб боради. Буйруқ бердимки, хирожни экиндан олинган ҳосилга ва ернинг унумдорлигига қараб йиғсинлар…” Амир Темур салтанатида ҳукмрон адолат тушунчасида “тинчлик-осойишталик”, “ободлик-тўқлик”, “тенглик” тушунчалари билан йўғрилган эди.

Соҳибқирон бобомизнинг адолат хусусидаги сабоқларидан хулоса шуки, адолат ғояси ҳар бир инсонга — раҳбардан тортиб оддий фуқарогача бирдек хос бўлганда, ҳар бир инсон бу ғоя тантанасини ҳар қадамда ва ҳамма вақт ҳис этиб тургандагина мамлакат тараққий этиши, мустақиллик ва адолат учун қизғинлик билан курашмоғи, шу йўлда керак бўлса жонини ҳам фидо этмоғи, Ватан равнақига тўсиқ бўлаётган ҳар қандай иллатга муросасиз бўлмоғи мумкин. Адолат барқарор жойда “Ватан” географик ҳудуд тушунчасидан маънавий тушунчага, ватанпарварлик эса мавҳум тушунчадан ватанда яшовчи ҳар бир инсоннинг бахту-саодатига хизмат килувчи фаолиятига айланади. Айниқса, бир тузумдан иккинчи тузумга ўтаётган,жамият янгиланаётган паллада адолатнинг жамиятда қандай ўрин тутиши кишилар онгини, тафаккурини белгилашда жуда муҳим бўлади.
Учинчи сабоқ: тадбиркор бўлиши хусусидаги ўгитлар. Соҳибқирон тузукларида таъкидлайди: “Ишбилармон, мардлик ва шижоат соҳиби, азми қатъий, тадбиркор ва ҳушёр бир киши минг-минглаб тадбирсиз, лоқайд кишилардан яхшидир”.

Соҳибқироннинг ўзи ана шундай тадбиркор ва шижоатли инсон эди. Унинг назарида тадбиркор инсон кўпчилик бошига тушган муҳим ва мушкул ишларни уддабурронлик ва узоқни кўра билиш билан осонлаштиради, агар давлат ишларида жумбоқ учраса, ақлу-фаросатини ишлатиб уни ҳал қилади, бир тўғри тадбир қўллаб, муроса-ю мадора, хушмуомалалик, қатъийлик билан одамларни бирлаштиради.
“Тадбиркор”, “тадбиркорлик” сўзлари бугун янги мазмун билан бойиди. Бу сўзлар бугун кўпроқ иқтисодиёт, қишлоқ хўжалиги ва маданиятнинг турли соҳаларида фаолият юритган одамни англатади. Шу тушунчадан келиб чиқиб қараганда ҳам Соҳибқирон қолдирган сабоқлар биз учун катта аҳамиятга эга эканлиги кўзга ташланади.
Амир Темур тахтга чиққанда Туронзамин узоқ йиллик асоратдан кейин хароб ўлкага айланган, иқтисодий ҳаёт издан чиққан, халқ қашшоқ ҳаёт кечирар эди. Айни шу сабабдан у салтанатда адолатни устивор қилиш билан бирга халқ турмушини яхшилашга жиддий эътибор қаратди.

Барчанинг тенг фаровонлигини таъминлаш учун тадбиркор одамларга ҳар томонлама қулай имконият яратиш зарур. “Тузуклар”даги ушбу кўрсатмалар айнан мана шу имкониятларни яратиш учун хизмат қилиши кўзда тутилган эди: “Яна амр этдимки, кимки бирон саҳрони обод қилса, ёки кориз қурса ё бирон боғ кўкартирса, ёхуд бирон хароб бўлиб ётган ерни обод қилса, биринчи йили ундан ҳеч нарса олмасинлар, иккинчи йили ўз розилиги билан берганини олсинлар, учинчи йили қонун-қоидасига мувофиқ хирож йиғилсин.
Яна буюрдимки, агар бирон ернинг амалдорлари ва калонтарлари оддий фуқарога жабр-зулм қилса ва шу орқали бечораларга зарар етказган бўлса, бундай вақтларда етказилган зарарни калонтарлардан ундириб, жабр кўрганларга берсинлар, токи улар яна ўз ҳолларига келсинлар…”

Мустабид тузум даврида ўлкамиз халқини иложи борича битта соҳага ихтисослаштириш, масалан, фақат пахтачилик билан машғул қилиш, маънавият ва мафкура соҳасида эса битта ҳукмрон ғоя ёки партиянинг устивор бўлиши, миллионлаб одамларни ҳукмрон партия ғоясига кўр-кўрона ишонтиришга уриниш сиёсати юргизилди. Бу аслида халқларнинг ижодкорлик ва ташаббускорлик руҳини сўндиришга қаратилган сиёсат эди. Ҳар бир халқ тараққиёти учун зарур ихтисослашув жараёнига тўсқинлик қилган, халқларни миллий онг ва тафаккурини тушовлаган, жаҳолат билан йўғрилган бундай сиёсат юргизган тузум энг аввало ўз илдизларига болта ураётганидан бехабар қолди. Мустабид тузум ўз инқирозини ўзи тайёрлади. Донишманд боболаримиздан бири айтганидек, “Қайси салтанатда зулму бедодлик олий даражасига етдими, унга завол ҳамроҳ бўлади”.
Бугун боболаримиз орзу қилган кунларда яшамоқдамиз. Кўнглимиз, онгу тафаккуримиз аждодларимизнинг маънавияти билан ёришган. Улуғ Соҳибқироннинг номи ёд, руҳи шод этилаётган кунларда бобомерос ишонч билан келажакка талпинамиз. Мана шу талпинишда ишонч ва иродамизга қувват бағишловчи мозий овозини эшитиб турамиз.

1996

http://kh-davron.uz

Share on FacebookShare on Google+Tweet about this on TwitterEmail this to someoneShare on LinkedIn