Шоҳлар оромгоҳи

02-300x224Бугун Соҳибқирон Амир Темур таваллуд топган кун.

Саодат Пўлканова

Буюк Соҳибқирон Амир Темур бобомиз, ҳамда уларнинг оила аъзолари дафн этилган, “Гўри Амир” мақбараси XIV-XV асрларда бунёд этилган. Мақбара ўртасида Амир Темур бобомиз, у кишининг бош томонларида пиру устозлари Мир Саид Барака дафн этилган. Чап томонларида икки ўғиллари Шоҳруҳ ва Мироншоҳ, оёқ томонларига фалакшунос Мирзо Улуғбек, ўнг ёнларида тўнғич набиралари, тахт вориси Муҳаммад Султонни ҳоклари қўйилган. Соҳибқироннинг қолган фарзандлари Жаҳонгир ва Умаршайх Мирзолар қадим Кеш музофатига дафн қилинганлар.
Тарихий манбаъларда келтирилишича, Муҳаммад Султон, Амир Темурнинг тўнғич фарзанди Жаҳонгир Мирзонинг ўғли бўлиб 1403 йилда 29 ёшида урушдан қайтаётганларида касаллик туфайли оламдан ўтган.
Самарқандда иккита йирик архитектура ансамбли обидалари бизнинг кунларгача сақланиб келди. Уларнинг бири шаҳзода Муҳаммад Султон (1374-1403) номи билан боғлиқ. Муҳаммад Султон Темурнинг севимли набираларидан бири бўлиб, унга Самарқанд тахтини бериш мўлжалланган. Муҳаммад Султон Ўзбекхон авлодларидан бўлган Жаҳонгир ва Суюн оқанинг ўғлидир. Дастлабки бу комплекс икки бино-мадраса ва хонақоҳдан иборат бўлган. Улар тўрт айвонли тўртбурчак ҳовли, унинг тўрт бурчагидаги тўртта баланд минора бир-бирига қўшилган…
Муҳаммад Султон мадрасаси келажакда унинг сиёсатида ва ҳарбий ишда сафдоши бўладиган нуфузли оиланинг болаларини тарбиялаш учун мўлжалланган. Мадраса ва хонақоҳлардан фақатгина пойдеворнинг айрим қисмлари сақланган. Ана шунга ва XVII аср тарихчиси Малеҳо Самарқандийнинг ёзишига кўра, мадраса икки қаватли бўлиб, унда ҳовли,29 ҳужра ва иккита дарсхона бўлган.
Муҳаммад Султон 1403 йилда Кичик Осиёга юриш вақтида тўсатдан вафот этди. Шаҳзода жасади Султониядаги пайғамбар Ҳайдар мозорига қўйилади ва 1404 йили Самарқандга олиб келиниб, унинг мадрасасидаги вақтинчалик дахмага дафн этилади. Ўша 1404 йили Муҳаммад Султон мадрасаси ва хонақосини бирлаштирувчи ҳовлига жанубий айвон олдида Темур буйруғига кўра катта мақбара – Гўри Амир қурилди (бу ерда биринчи бўлиб мусулмон динининг кўзга кўринган вакили Мирсаид Барака дафн этилган). Кейинчалик бино Темурийларнинг оилавий даҳмасига айланган, бу ерга Темурнинг ўғиллари – Умаршайҳ, Мироншоҳ,Шоҳруҳ, неваралари Муҳаммад Султон ва Улуғбек ҳамда икки кичик ёшдаги чевараларининг жасади қўйилган…
1941 йилнинг 21 июлида Академик Қори- Ниёзий бошчилигидаги совет экспедицияси Амир Темур, Мирзо Улуғбек, Муҳаммад Султон, Шоҳруҳ ва Мироншоҳ Мирзоларнинг қабрларини бирма-бир очиб, ўрганиш ишларини олиб борганлар. Улар Амир Темур қабрини очаётган пайтларида, бу ҳақда эшитган маҳалллий аҳоли вакилларидан бир неча отахонлар келишиб, “кимки Амир Темурни руҳларини безовта қилса дунёда бир ташвиш-нотинчлик юз беради”, деб ул зотни қабрларини очмасликни маслаҳат берадилар. Шунга қарамай, экспедиция аъзолари қазиш ишларини давом эттираверадилар.
1941 йилнинг 21 июль санасида Амир Темур қабри очилади. Кунинг эртаси 22 июль куни немис – фашист босқинчилари собиқ совет иттифоқи ҳудудига бостириб кирадилар.
Жаҳонгир Амир Темур ва унинг фарзандлари жасадини қазиб олиб ўрганиш ишларини олиб борган экспедиция аъзоларидан бири антрополог Герасимов 1942 йилнинг декабр ойида ёзган хулосаларида, ҳақиқаттан Амир Темурнинг ўнг оёқлари оқсоқ бўлгани ва Мирзо Улуғбекни бош қисми бўйнидан юқорига қараб, ўткир тиғли нарса билан кесилганлигини маълум қилади.
1942 йилнинг декабр ойи охирларида Амир Темурнинг жасадлари олиб келиниб яна ўз жойига қўйилади ва шундан кейингина собиқ совет иттифоқининг бир неча шаҳарларидан немис қўшинлари орқага чекина бошлаган деган фикрлар мавжуд.

* * *

Соҳибқирон Амир Темур сағанаси ҳақида халқ орасида турли туман ривоят ва афсоналар сақланиб қолган.
Айтишларича, 1736 йилларда Эрон Шоҳи Нодиршоҳ Самарқандни ишғол қилгач, Амир Темур қабри устига қўйилган қора рангли қимматбаҳо нефрит тошини ўз юртига олиб кетмоқчи бўлади. Нодиршоҳ тош ичида бирон бойлик бор деган фикрда бўлган. Бироқ, қимматбаҳо тош Эронгача бутун ҳолда етиб бормайди – унинг навкарлари йўлда тошни синдириб қўядилар.
Нодиршоҳ мамлакатига етгач, уч кун ўтмай унинг қизи оғир дардга чалинади, юртга касаллик ёғила бошлайди, ўз фарзанди ўлим тўшагида ётганини кўрган шоҳ, бирон чора тополмайди. Ахийри, барча олиму ҳакимларни , донишманду башоратчиларини саройига чиқариб, улардан малика тузалиши учун нима қилиш кераклигини сўрайди.
Йиғилганлардан турли хил маслаҳатлар чиқади. Бири қизингизни бошқа шаҳарга ҳаво алмаштириш учун юбориш керак деса, яна бошқаси қизингизга атаб қурбонлик қилишингиз керак дейди. Шунда бир донишманд подшога қараб: “Олампаноҳ бир қошиқ қонимдан кечсангиз бир гап айтаман, маликанинг дардига фақат бир нарса малҳам бўлади. Яқинда Самарқанддан бир азиз кишининг ҳоки устига қўйилган қабр тошини олиб келгансиз, қачонки ушбу тошни ўз жойига олиб бориб қўйсангиз, қизингиз соғайиб яна аввалги ҳолига қайтади”, дебди.
Бу гапларни эшитган Нодиршоҳ ўйланиб, вазирлари билан маслаҳат қилибди.Самарқанддан олиб келинган, ўша қабр тошини яна жойига олиб бориб қўйдирибди, шундан сўнг кўп вақт ўтмай подшонинг қизи тузалиб яна юртига омонлик қайтибди.

* * *

Амир Темурнинг отаси Амир Тарағай бадавлат кишилардан эди. Шунингдек ул зот Қозонхон ҳузурида соҳибмансаб бўлиб, Кеш ўша пайтларда, Амир Тарағайнинг акаси Хожа Барлос қўл остида бўлган экан.
Амир Темурнинг ёшлиги Кешда ўтган. У 1361 йилда Кеш хокимлик лавозимига тайинланади. Тарихий маълумотларга кўра, Темур турк, араб ва эрон тарихини чуқур билган ва амалий жиҳатдан фойда келтирадиган ҳар қандай илмни қадрлаган.
Тарихий асарлардан бири “Темур тузуклари” да келтирилишича, Мир Саййид Барака, Зайниддин Тойбодий ва Шамсиддин Кулоллар Амир Темурга устозлик қилишган. Амир Темур Ҳазрат Мир Кулолнинг дуо ва ўгитлари шарофати билан жаҳонгир бўлиб етишибди. Ҳазрат Мир Кулол, доимо адл ва тақвони рўзғорингиз шиори айланг, деб насиҳат қилар эканлар. Улар ҳатто соҳибқиронга ёқут кўзли узукни тақдим этганлар. Ушбу узук кўзида қуйидаги сўзлар битилган экан. “Рости – расти” яъни ножот тўғриликдадир.
Соҳибқирон ҳақида Ғарбу Шарқда жуда кўплаб китоблар битилган. Бу асарларнинг бир қисми тарихий бўлса, бошқаси бадиийдир. Машҳур тарихчи аллома Шарафиддин Али Яздий ўзининг “Зафарнома” асарини, Ибн Арабшоҳ “Ажойиб ул-мадқур фи ахбори Темур” Абдураззоқ Самарқандий “Матлаъий мажмаъйи” Саъдайн ва Мажмаи баҳрайн” каби кўплаб асарлар яратганлар. Рюи Гонзалесде Клавихо “Буюк Темур” номли асари, инглиз олимаси Хильда Хукэм, Олмониялик Гаис Роберт Ромер, Фарангистонлик олим Жан Поль Рокс, америкалик Жон Вудис ва Беатрица Манэнинг Амир Темур ҳақидаги асарлари анча маълуму машҳурдир. Клавихонинг кундаликлари “Улуғ Темурлангнинг ҳаёти ва фаолияти” деб номланади. Ушбу асар 1582 йили Савильеда нашр юзини кўрган. XVI асрда лотин тилида “Скифлар Шоҳи Темурланг” деб номланган китоб нашр этилган. 1587 йилда машҳур инглиз драматурги Кристофор Марло, ўз тилида “Улуғ Темурланг” номли драммасини яратган экан.
Ўзбекистон мустақилликка эришгандан кейин, ўзбек тарихчи олими Бўривой Аҳмедов соҳибқиронга бағишланган қатор рисолаларини яратдилар. “Темур тузуклари”, “Темурга мактублар”, шунингдек “Амир Темур” номли романлари эл эътиборидадир.
Амир Темур 1401 йил Сурия ва Дамашқни олгандан сўнг, ўз одатига кўра, у ердаги ҳунарманд олимларни Самарқандга келтиради. Ўн икки яшар Ибн Арабшоҳ ҳам асирлар орасида бўлган экан. Ибн Арабшоҳ 1408 йилгача, Самарқандда яшаб кейин эса дунё кезгани чиқади. Араб тарихчиси ўзининг “Темур ҳақидаги хабарларда тақдир ажойиботлари” номли китобида соҳибқироннинг аҳвол руҳияти ҳақида батафсил ҳикоя қилган.
“Темур қадди қомати келишган киши эди. Унинг бўйи новча, пешонаси кенг, калласи катта, овози гулдиракдай эди. Зўр жисмоний кучи қадар ботирлиги ҳам бор эди. У ўлимни писанд айламасди. Ёлғонни жинидан ёмон кўрар, ундан жирканарди. Ҳазил мутойиба билан унинг кўнглини олиб бўлмасди. У ўз ҳузурида қароқчилик, қотиллик ва зино ҳақида сўйлатмасди. У тўғри сўзнинг гадоси эди, нечоғлик аччиқ ва аламли бўлмасин, бор ҳақиқатни тинглашдан бўйин товламасди”, деб ёзади тарихшунос.
Амир Темур Қора, Эгей ва Ўрта денгиздан то Ҳиндистоннинг шарқигача, Мўғилистон ва Хитойгача, Ҳинд океанидан то Ўрол тоғларигача, Москва остонасидан Денепр бўйларигача бўлган ҳудудларни забт этади ва буюк салтанат барпо қилади.
Бутун мамлакатларни забт этган соҳибқирон Туркистон ўлкасини босиб олган даврларида, тасаввуф таълимотининг асосчиларидан бири Ҳазрат Аҳмад Яссавий мақбараларини қайта таъмирлаш ишларини амалга оширади.
Маълумотларга қараганда “Гўри Амир” мақбараси икки қаватли бўлиб, шарқ даҳмасозлиги услубида қурилган. Олмониянинг Ваймар шаҳрида, Гўри Амир даҳмаси шаклидаги шундай иншоот бор. У даҳмага Герцог Август ва улуғ олмон алломалари Гёте ва Шиллерлар дафн этилган.
Соҳибқирон Амир Темур сайъ-ҳаракатлари туфайли Самарқанд,Бухоро,Хива,Исфахон,Шероз,Кеш,Қаршида беҳисоб ва беқиёс обидалар барпо этилган. Ҳатто, Самарқанд атрофида қурилган қишлоқларга Миср,Дамашқ, Бағдод,Султон,Шероз, Париж номлари берилган.
Буюк саркарда Амир Темур кўрагон,Хитойга қарши лашкар тортиб Ўтрорга борганларида, 1405 йилнинг 18 феврал санасида дорилбақога сафар қилган эканлар.
…Буюк ва ибратли ишларни амалга тадбиқ этган Соҳибқирон Амир Темур номи билан боғлиқ бўлган “Гўри Амир” мақбарасини зиёрат этгувчи кишилар,соҳибқирон руҳига тиловатлар қилиб, аллоҳдан ўзларига мадад сўрайдилар.

(Саодат Пўлканованинг ”Самарқанд: Муқаддас қадамжолар-Ҳақиқат ва Афсона” китобидан. Сурат муаллифга тегишли).

www.pulkan.org

 

Share on FacebookShare on Google+Tweet about this on TwitterEmail this to someoneShare on LinkedIn