Рауф Парфи ҳикматлари

rauf parfiСанъаткорнинг миясида олам фожеаси айланади.

****

Шеърият Аллоҳ одамни ер учун яратгани каби қадимийдир. Ёруғ дунёга келган инсон бор экан, инсон бўлиб туғилган экан- Инсон ҳақлари, инсон ҳуқуқи бордир. Инсон Ҳуқуқи- Шеърият ҳуқуқи. Инсон ва Табиат уйғунлиги абадий, табиат тартиботи ўзгармас, аммо инсон табиати ўзгарувчандир. Мувозанат бузилган жойда жаҳолатнинг қора қуёши ёниб фикр оламини зулматга чулғайди, қонга булғайди. Муборак уйғунлик йўлида жафо чекканларнинг карвонбошилари шоирлардир, эҳтимол. Шеърият чексизликдир- аммо шеъриятнинг осмонига боқиб чексизликнинг ҳам чеки бор, деб ўйлайсиз.
Шеърият инсоннинг илкин нафасидир, поёнсиз нафаснинг моддийликка айланишидир, балки.

*

Ўзбек миллати бу олтин мероснинг эгаси, бу мерос бутун жаҳон учун, бутун инсоният учун Аллоҳ инояти ила гўзал армуғондир. Ўзбек миллати- жаҳон сивилизасиясини бир поғона баланд кўтарган буюк миллатдир. Ўзбек бўлиб туғилган, ўзбек деган номни муқаддас билиб тану руҳида асраган инсон нақадар бахтли инсондир.

*

Доимо ўлимни англамоқчи бўлиб келганман. Қолаверса бу ҳаёт билан боғлиқ. Буни бир сўз билан айтиш қийин. Уларни сизга вақт тушунтириб беради. Мени қайғули ёзишимга сабаб бўлган туйғу – бу Ватанга бўлган муҳаббат туйғусидир. Ватани қуликда азоб чекаётганда шоир қайғули ёзишга мажбур. Вақти келиб, бор ҳақиқатни рўйи – рост англаб етганларингдан сўнг. Сизнинг ҳам ичингиз дарду – фарёдга тўлади. Шўх – шодон эмас, мунгли ва маҳюс ёза бошлайсиз. Шунда сизларга қараб, изтиробга тўла ғам муборак бўлсин, бу саодат сизга муборак бўлсин, дейман!

*
Қайғу одамни руҳан поклайди. Қайғуролган одам, дардли одамга, хаста одамга, ночор – нотовон одамга дарддош, маслакдош, елкадош бўлаоладиган одамдир. Бизнинг босқинчиларга кучимиз етмайди, шунинг учун ғамгинмиз. Биз зўравоннинг юзига мушт тушираолмаймиз. Шунинг учун ғамгинмиз. Исёнимизни ғам, алам ва изтироб орқали ошкор этаоламиз. Бу бизнинг авлод чекига тушган қисмат бўлди.

*

Нарсаларга эркимизни боғлаб қўйганмиз, моддиятнинг қулимиз. Бу «айёр» ақлнинг хулосалари, оқил ақлники эмас. Ақл Оллоҳни танишдан чалғиса, бу – айёрлик. Оқил деб Оллоҳни билганга айтишади. Оллоҳни таниган банда моддиятга боғланиб қолмайди, у ўзининг қоровули эмас У – ўзининг эгаси, ўзлигини излаётган инсон

*

Саньатнинг вазифаси инсонга ўлимни англатишдир. Шакли қандай бўлишидан қатьий назар… Тушунган, англаган инсон ҳамиша оғриқ, фожеа билан яшайди. Агар, таьбир жоиз бўлса, шундай айтиш мумкин – фожеа инсон билан бирга туғилган аниқ нарса. Инсон доимо ўлим билан ёнма-ён юради. Тошбақа косасини бир умр ортиб юрганидек, ўз ўлимини доимо кўтариб юришга маҳкум. Менимча, ўз ўлимини кўтариб юрган одам Аллоҳга, ўзига, бировга хиёнат қилмайди. Хиёнат ёлғонлардан туғилади. Инсоннинг фожеаси ёлғонларга тўқнашганида бошланади. Биз «Ёлғоннинг умри қисқа» деб ўзимизни юпатамиз. Йўқ, ёлғоннинг умри узун. Буни инсоният тарихига бир назар ташласангиз, билиб оласиз.

*

Ўлим! Оғир! Гўзал! Буни чин саньаткорлар билганлар. Таьмагир билмайди, чунки у ёлғонлар қасрида яшайди. Ъеч қачон ўлмайдигандек тасаввурда юраверади. Ўлимни идрок этган, мана, ҳозир ўлиши мумкинлигини билган ёлғон гапирмайди, зулм қилмайди. Зулмнинг отаси — қўрқоқлик ва жоҳиллик.

*

Фожеани идрок этган одам биз юқорида айтган «сир»га яқин келади. Аслида бу «сир» ҳар бир инсонда бор. Айтиш жоиз бўлса, у Яратганнинг инсонга берган неьмати. Инсон уни ҳамиша ўзида сақлаши керак. Инсоннинг «сири» очилса, Оллоҳ билан муносабати узилади. Мен фалон нарсани англадим, билдим деса, шу ерда у Оллоҳдан айрилади.

*

Руҳсиз одам қул бўлади. Ичида аллоҳ қўрқуви бор одам эркиндир. У ҳамма нарсадан эркин. Худосиз одам қафасдаги одамдир. Улар ўзларини ўзлари қафасга солишган. Токи Оллоҳни топмагунларича бу қафасдан чиқолмайдилар. Ерда тирикчилик қилиб юрган одам учун ўлим ҳақида очиқ гапириб бўлмайди. Гувиллаб, гарангсиб юрган оломон буни англаши оғир. Саньат ҳамиша одамни, одамларни «ушлаб» турган.

*

Шоир ҳақиқатни гапирмай туролмайди. Энди шоирнинг ҳақгўйлигини улкан-улкан ёлғонлар орасида ўйлаб кўринг. Замоннинг зайлига боқ, кимнинг аравасига чиқсанг ўшанинг қўшиғини айт, дейдилар. Шоир ёлғондан, юзаки, сохта қўшиқ айтишдан қўрқади.Аниқроғи, шоирнинг ичидаги истеъдод қўрқади ёлғондан. Чунки ёлғон истеъдоднинг кушандаси .

*

Ёлғон ёзган шоирнинг руҳи ўлади. Санъат, маҳорат бой берилмайди. Санъат- ўрганиладиган, машк билан ҳосил килинадиган нарса. Лекин руҳ ўлган бўлади. Шоир синади. Буни синган шоирнинг ўзи ҳам билмаслиги, тўхтовсиз қулоч-қулоч шеърлар ёзавериши мумкин. Кейин билади. Ўшанда кеч бўлади. Балки кейинчалик хушёр ўкувчилар шоир шеърларининг руҳи ўлик эканлигини пайқайдилар.

*

Ҳамма замонларда шоирларни отганлар, осганлар. Шеър ёзган одам ўлдирилаверган. Давлат томонидан ўлдирилган. Аммо ҳамма замонларда чин шоирлар ўз замонларига мухолиф бўлиб яшаганлар. . Энг муросасиз одам – шоир.

*

Санъат- ўлимни тезроқ ва таъсирлироқ англатиш воситаси. Мен ўйлайманки, санъат билан шуғулланадиган одам – ўлимга энг яқин одам. Безовта бўлсанг, жаҳлинг чиқса мозорга бор, дейдилар. Мозорни бир марта айланиб чиққан кимсанинг ичидаги нафс итлари бир муддат ювош тортади. Санъат билан тиллашган кимса худди мозорни айланиб чиққан каби кўнгли маънисиз шовқиндан, кир-чирдан фориғ бўлади. Санъат билан мозорнинг орасида бир ажиб яқинлик кўраман.

*

Бир дарахт. Сокин. Жим турибди. Ҳеч нарса демайди. Қайғули. Кўнгил шу дарахт томон интилади. Шу дарахт сизни кўпрок тушунадигандек. Вағиллаб юрган, хиринглаётган одамлар бояги дарахтнинг ёнида пасайиб кетади. Дарахт жуда ақлли кўринади. У кўп нарсани биладигандек. Зарур бир гапни айтмоқчи бўлаётгандекми…

*

Мен қизларга мана бундай маслаҳат берган бўлардим: “Қизлар, санъат аҳли орасидан ҳофизларга турмушга чиқинг, ўшаларни севинг. Ҳофиз бир жойга бориб ўнта одамнинг кўнглини хурсанд қилади-да, санъати учун олган хақини қўлингизга топширади”. Менинг ёруг дунёдаги барча оғир фожеаларимга оила сабаб бўлган. Нафратланган бўлсам оила сабаб, ёнган бўлсам оила сабаб. Оила мен учун биринчи ўринда. Шоир деганлари оила кўрмаслиги керак, деган бир ўй ҳам бор. Оилали одам шеърдан узоқроқ бўлгани маъқул.

*

Мен шоир эдим, мен таслим бўлдим: оила қурдим. Аёлларим билан жисмоний яшадим. Ҳеч қайсиси билан руҳоний яшамаганман. Руҳим, фикрим шеърда эди. Балки шеър сабабчи бўлгандир оилавий фожеамга. Севган аёлларим бор эди. Бари ёдимда. Эслайман. Лекин уларнинг исмини айтиш ноқулай: уларнинг бари ҳозир тирик. Аёллар шеърларимнинг ичида. Текширган одам албатта , топади.

*

Мен аслида идеалимдаги аёлни севганман, шунга топинганман. Ҳаётда учратган аёлларим ичимдаги идеал аёлнинг тимсоллари эди. Мен аёлларимнинг барини кечириб юборганман. Мен уларни жуда ёмон кўриб колганим учун бутунлай кечириб юборганман.

*

Мен ишлаяпман дердим. Китоб ўқиш, таржима, шеър ёзиш хаммаси ишлашимга кирарди. «Ишлайман дейсиз, китоб варақлайсиз, ишлайман дейсиз, оқ қоғоздан бош кўтармайсиз. Сиз ҳам мундай одамларга ўхшаб пул тўланадиган иш қилсангиз бўлмайдими?»- дерди. Бечора азбаройи қийналганидан шундай дерди. Мен кун бўйи тинимсиз ичаман, дўстларим ҳам ичади.Шўрлик бечора хотиним ароқ ичишимдан безор бўлган. Роса тўйдирган бўлсам керак. Бир куни аёлим магазин растасига териб қуйилган арок, вино каби ичимликларга кўзи тушиб ҳушидан кетиб колган. Унда ароққа нисбатан кучли аллергия пайдо бўлган экан. Шу даражада қийнаб юборибман. Бечора бардош беролмаган. “Шу билан яшайманми, абадий яшайманми».- деб уйлагандир.

*

Шеър ёзишдан нафратланган пайтларим бўлган. Рости , бўлган. Шеър ёзолмай қолган дамларда шундай ҳис кечгандир. Аммо кўнгилда уйғонган илҳом нафратни ювиб кетарди. Дунёда шоирлар кўп,катта-катта кутубхоналар бор, шуларни ўқиб бемалол яшаса бўлади-ку. Нега мен шеър ёзишим керак? Мияда шубҳали саволлар кўп.Аммо Твардовскийнинг гапи бор: « Толстой бўлсанг ўзингга, мен ҳам шоирман».

*

Одамлар кучли, бақувват бўладилар. Дарахтларни кесадилар, тошларни урнидан силжитиб,ҳар томонга отадилар. Кучли кимсалар одамларни бир-бири билан уруштириб, жанжал чиқариб, давлатни бошқарадилар. Кучли одамга най чалаётган шоир керак эмас. Най чалаётган одам ниҳоятда кулгили туюлади унга. Китснинг назарида кучли одам шеър ёзмаслиги керак. Бошқа ишнинг бошини тутсин. Чала-чулпа туғилган, касалванд,кўнгли бўш,сал гапга кўзига ёш оладиган, ҳаммани кечирадиган шоирлар, шоиртабиатлар кучли одамнинг ғашини келтиради.

*

Ҳар қандай одам қилаётган ишидан завқ олмаса, кўнгли хижил бўлади.Завқ олиш ижодий жараённи бошдан кечириш дегани. Завқланиш жараёни қизиқ. Завқнинг охири қизиқ эмас. Завқнинг охири уйқу бўлиши мумкин.Мен ҳеч қачон ёзганларимдан қаноат ҳосил қилмаганман, кўнглим тўлмаган.Ижоднинг энг даҳшати ва фожеаси ҳам шу. Эслайман: Усмон Азим: «Рауф ака, битта шеър ўқиб берай. Зўр шеър ёздим»,-деди. У роҳатимни олдиндан бузиб қўйди. Олдиндан ўз шеърини зўр деди. Ўша зўр шеърдан олишим мумкин бўлган завқдан мени маҳрум этди.

*

Ички бир туйғу билан сезганман: жуда кўп нарсани ҳис этиб, англаб турган зотнинг ҳаёти қийин кечади. Ҳаётни жуда қисқа қилиб бўлиб олиб,буёғи меники,нариги ёғи билан ярим тийинлик ишим йўк, дейдиган одам бахтлидир. У ўзини улкан фожеадан ажратиб олди.Уйга кириб эшикни ёпди,ўша ондаёқ дунёни унутди. У-оддий одам. У – ҳайвон каби бахтли. У ўз қалбини ўлимга ҳукм этди. Санъаткорнинг ҳислари ,ҳатто уни қамаб қўйсангиз ҳам ташқарида юради.Санъаткорнинг миясида олам фожеаси айланади.

*

Фикрлайдиган, кўнгли нозик маъно, ишораларни англайдиган инсонлар ҳар доим ва ҳар жойда хор этилган. Инсонларнинг юрагини оғритадиган нарсалар бор экан,,билингки, шоирга тинчлик йўқ, омонлик йўқ.Ёлғизлик – тинимсиз ўлим хақида ўйлашдир. Шоир чин ибодат- ўлимни эсдан чиқарган золимлар учун ҳам оғир ўйлар суради,яъни ўлимни ўйлайди.

*

Мен жуда ёшлигимдан ўлимни кўп ўйлардим.Бувим: нега мана бу ишни қилмадинг, деб койиса ҳам ўзимни ўлдириб қўя қолсаммикин, деган фикр келарди миямга. Кимдир ҳақорат қилди, унга муносиб жавоб кайтаролмайсиз,кучингиз етмайди, шунда ўлимни ўйлайсиз.Э даҳшат…

*

Дадам мени жуда қаттиқ эркалатган. Ёлғиз ўғил эдим. Истаган нарсамни олиб берарди.Агар истаганимни олиб бермаса,қўлимга қайчини олиб, кокилимни кесиб ташлайман, дердим. Бошимда иккита кокилим бўларди: Бири Ушпиримга, иккинчиси Шоҳимардонпиримга аталган.

*

Ҳозирда булак-булак бўлиб кетган туркийлар ўзларини турк эканликларини ҳис этмасалар, туркий дунё нураб, кучсизланиб бораверади. Катта бир куч беркиниб ётибди. Халоскор куч. Уни уйғотиш учун турк эканлигимизни англаш кифоя. .. Агар бирлашмасак урф-одатимизни ҳам, санъатимизни ҳам бошқаларга ўтказа олмаймиз.

*

Рус босқинидан сўнг турк сўзи қувғинга учради. Ҳозир ҳам чет элда яшаётган қавмдошларимиз ўзларини турк деб ҳисоблайдилар. Босқинчилар бизларни жисмонан енгди, аммо руҳимиз мағлуб бўлмади.Наполеон айтган:» Туркни балки ўлдириш мумкиндир, лекин уни енгиб бўлмайди». Турк дунёга бойлигини , энг кучли одамларини берди.Ислом арабларга берилди,аммо уни амалга айлантириш туркларга топширилди. Турк эканлигимизни англашга интилиш зарур. Тараққиётнинг калити шу.

*

Янги бир авлод пайдо бўлиши керак. Туркчиликни англаган, ҳис этган авлод. Янги шеърият янги ижтимоий руҳ билан келади. Келаётган янги ижтимоий руҳ, бу – туркчилик. Шеъриятимизни туркчиликни англаш руҳи янгилайди. Шу руҳни ҳодисага айлантирган шоир- катта шоирга айланади. Туркчилик руҳи Навоийда, y катта бир шоирни туғади.

http://karimbahriev.com

Share on FacebookShare on Google+Tweet about this on TwitterEmail this to someoneShare on LinkedIn