Шуҳратжон АҲМАДЖОНОВ: “ТУРНАЛАР” ҚЎШИҒИ ТАРИХИ

TURNALARparvozi1Ҳофиз Шерали Жўраев таваллудининг 66 йиллигига бағишланади

Шерали Жўраев 1980-йилларда айтган “Турналар” қўшиғининг варианти [1]. Турналар

Шерали Жўраев ўзига хос ижрочилик услубига, ижро имкониятига эга хонандадир. Унинг репертуари бошқа хонандалардан тубдан фарқ қилади. Бу хонанда ижросини бeфарқ тинглаш мумкин эмас. Унинг овози қорли чўққилардан тоғу тошларга урилиб, тўлиб-тошиб оқаётган шарқироқ сойни эслатади. Унинг овоз тембри жуда-жуда ёқимли, овоз имконияти эса кенгдир. Бу эса Шералига ҳар қандай қўшиққа турфа сайқал бериб ижро этиш имконини беради. У ҳар бир қўшиқ сўзини, мазмунини юракдан ҳис қилади, балки шунинг учун ҳам унинг овози киши юрагини қат-қатларига сингиб боради. У ҳар бир қўшиқни дард билан, самимий ижро этади. [2]
ТАМАРАХОНИМ (1906-1991)

Фото 1. Турналар парвоз қилмоқда. [3]

Кириш сўзи

1. Турна ҳақида маълумот.

2. Шоир ва давлат арбоби Мулла Паноҳ Воқиф.

3. “Турналар” шеърининг озарбайжон ва рус тилларидаги матни.

4. Чўлпоннинг “Турналар” қўшиғи.

5. Қушлар ва экология муаммолари.

6. Шерали Жўраевнинг “Турналар” қўшиғи.

7. “Турналар” қўшиғига муносабатим.

Фойдаланилган адабиётлар.


КИРИШ СЎЗИ

Мен 2008 йилда “Шерали Жўраевдек ҳофиз ва шоир юз йилларда бир марта туғилади” номли китобни ёздим. Китобнинг 3-нашри Сўзбошисида қуйидаги гапларни ҳам ёзгандим.

“Ушбу китоб www.turonzamin.org саҳифасида 2008 йил 8 мартдан 23 июнга қадар чоп этилди. Унда жами 24 та банд бор эди ва уни китобнинг биринчи нашри, дeб ҳисобласак бўлади.

Мен 2008 йил 2 май кунигача китобнинг олдинги қисмига айрим тузатишларни киритдим ва бир нeчта янги бандлар, қўшиқлар матнларини қўшдим. Сўнгра китобни принтeрда чоп эттирдим. Натижада китоб 28 параграфдан иборат бўлиб, 129 бeтни ташкил этди. Буни китобнинг иккинчи нашри, дeб ҳисобласак бўлади. Китобнинг 2-нашридан битта нусхасини 2008 йил 5 май куни Шeрали Жўраев уйига олиб бориб бeрдим (уйдан унинг бир қариндоши чиқиб олиб қолди)» [4]

Китобнинг 3-нашрини 2008 йил октябрида кирил ва лотин алифбосида тайёрлаб сайтларда бир неча марта қайта-қайта чоп эттирдим. Лекин махсус хизматлар пасткашликлари ва айрим ўзбек зиёлиларининг Миллий хавфсизлик хизмати билан ҳамкорлиги натижасида китоб баъзан сайт билан бирга йўқ қилинди, баъзан фақат менинг китобим ва мақолаларим сайтлардан ўчирилди. Бу ҳақда озроқ маълумот “Фойдаланилган адабиётлар” бўлимида [4]-да ёзилган.

Бугунги кунда ушбу китобим лотин алифбосида www.muvozanat.info сайтида сақланган ([4]-га қаранг).

Китобнинг 4-нашри учун материалларни 2009 йилда тўплагандим. Лекин махсус хизматларнинг доимий ва ҳар хил тазйиқлари сабабли китобнинг янги вариантини ёзишга имкон бўлмади.

Шерали Жўраев 2013 йил 12 апрел куни 66 ёшга тўлади. Шу муносабат билан [4]-китобимдаги 10-параграфни уч мартага яқин кенгайтирган ҳолда ўқувчилар эътиборига ҳавола қилмоқдаман.

Китобимнинг 4-нашрини Шерали Жўраевнинг навбатдаги туғилган куни, яъни 2014 йил 12 апрелгача тайёрлаб чоп этиш ниятим бор, Аллоҳ хоҳласа. Ўқувчимиз ушбу мақолани китобнинг 4-нашридан дастлабки параграф деб қабул қилишлари мумкин.

1. ТУРНА ҲАҚИДА МАЪЛУМОТ

TURNA049Фото 2. Кулранг турна. [5]

Аллоҳ яратган ажойиб қушлардан бири бўлмиш турна ҳақида қисқача маълумотни Ўзбекистон Миллий Энциклопедиясидан келтириб ўтай.

«ТУРНАЛАР (Gruidae) – турнасимонлар туркуми оиласи. 4 уруғга бирлашган 15 тури мавжуд. Йирик, оёқлари ва бўйни узун, қанотлари нисбатан кенг. Европа, Осиё, Шимолий Америка, Австралияда тарқалган. Суволди ёки ўта нам экосистемаларда яшайди. Мавсумий миграция даврида қишлаш жойларига катта гала бўлиб учиб кетади. Уясини ерга ўсимликлардан ясайди. 3—6 ёшида вояга етади. Насл учун иккала жинс ҳам ғамхўрлик қилади. 2— 3 та тухум қўйиб, 1 ойга яқин босади. Болалари 2—3 ой ўтгач, учирма бўлади. Жуфти доимий, узоқ сақланади.

Ёш қушлар ота-онаси билан қишлов жойига учиб кетади; баҳорда уя қуриш жойларига қайтиб келгандан сўнг алоҳида яшай бошлайди. Ўсимликлар уруғи, куртаги, меваси, ҳашаротлар, майда кемирувчилар, балиқлар, моллюскалар ва бошқалар билан озикланади. Ўзбекистонда оқ турна, кулранг турна ва кичик турна учиб ўтиш даврида учрайди. Жанубий вилоятларда кулранг турна қишлаб ҳам қолади. Оқ турна Табиатни муҳофаза қилиш халқаро иттифоқи ва Ўзбекистон Республикаси Қизил китобларига киритилган» [6]

Турналар парвози ҳақида қуйидаги гаплар яхши ёзилган.

“Қуёшли кунда мусаффо ва булутсиз, кўзни қамаштирувчи кўм-кўк осмонда учиб бораётган турналар галаси кўринишидан ҳам гўзалроқ нима бор! Қушлар бирдай текис бўлмасада, лекин тантанали ва ром этувчи оркестр жаранги каби карнайдай қаттиқ шовқини (трубными криками) билан учишади. Узоқдаги фанфар ва валторна товушларини эслатувчи қаттиқ қур-қурлашлари секин илаётган далалар ора айтиб бўлмас даражада қувончли жаранглайди ва ҳатто катта шаҳар шовқинини ёриб ўтади, йўлда бораётган одамларни тўхташга, бошини кўтаришга ва узоқлашаётган галани нигоҳ билан кузатишга мажбур этади” [5]

2. ШОИР ВА ДАВЛАТ АРБОБИ МУЛЛА ПАНОҲ ВОҚИФ

“Турналар” шеърининг муаллифи Озарбайжон шоири Мулла Паноҳ Воқифдир. У ҳақда маълумот беришим ўринли.

“Мулла Паноҳ Воқиф (1717 арафаси, Салахли қишлоғи, Ганжи бекларбеги, Эрон – 1797, Шуша, Озарбайжон) – Озарбайжоннинг 18-аср шоири ва давлат арбоби.

Воқиф ҳозирги Озарбайжоннинг Қозоқ тумани Салахли қишлоғида деҳқон оиласида туғилди. У яхши таълим олди, форс ва араб тилини ўрганди ва астрономия, математика, архитектура, мусиқа ва шеъриятда мукаммал билимларга эга эди. Воқиф аввалига Қозоқ, сўнгра Қорабоғ шаҳрида масжид қошидаги мадрасада мударрислик (ўқитувчилик) қилди.

Воқифнинг ўқимишлиги унинг ватанидан кўп олисларда танилди. Халқда шундай ҳикматли ибора шаклланди: “Таълим олаётган ҳар бири Мулла Паноҳ бўлавермайди”. Шоир шон-шуҳрати Қорабоғ беги Иброҳим Ҳалилхонга (1732-1806) етди ва у Воқифни саройга таклиф қилди ҳамда вазир (ташқи ишлар министри) этиб тайинлади.

Воқиф бу мансабда дипломат сифатида катта қобилиятини намойиш этди. Унинг иштирокида Эронга қарши Қорабоғ, Грузия, Талиш ва Эриван хонликларининг мудофаа иттифоқи шартномаси имзоланган. У Россиянинг қўллаб-қувватлашишига эришиш мақсадида Россия билан музокаралар олиб бориш ташаббускори бўлган.

Бўйсунмас Қорабоғ хонлигини бўйсундириш мақсадида 1795 йил ёзида Эрон шоҳи Оға-Муҳаммад Каджар раҳбарлигидаги 85-минг кишилик қўшин билан Ардебилдан чиқиб Қорабоғ томонига кела бошлади. Эрон қўшини 1795 йил июл охирида Шуша қалъасига яқинлашди. Эронликларнинг катта қўшинига 15 минг кишилик Қорабоғ қўшини қарши турганди. Шуша ҳимоячилари таслим бўлишни рад этишди ва қаҳрамонларча қалъани ҳимоя қилди.

Шушани қамал қилиш чўзилди ва, тарихчи Мирза Адигезалнинг ёзишича, Оға-Муҳаммад шоҳ Иброҳим Ҳалилхонни қўрқитиш мақсадида Саид Муҳаммад Шерозий қасидасидан бир банд (икки қатори)ни танлаб олиб, вазиятга мос равишда бирмунча ўзгартирди. (Шеърни рус тилидан таржима қила олмадим, чунки мен шоир эмасман. Шу сабабли шеър сатрларини рус тилида келтирмоқдаман. Кейинчалик китобнинг тўлиқ 4-нашрида Воқифнинг озарбайжон тилидаги ушбу сатрларини топиб келтиришга ҳаракат қиламан, Аллоҳ хоҳласа. А.Ш.)

Безумец! Град камней летит с небес.
А ты в стеклянных стенах ждешь чудес.

Бу ерда қамал қилинган шаҳар номи ўйналмоқда: озарбайжон тилида Шуша дегани “шиша” демакдир. Ушбу бир банд шеър ёзилган варақча камонга маҳкамланди, уни шоҳ сарбозлари қалъага отишди. Бу хат Иброҳим-Ҳалилхонга етиб боргач, у Воқифни чақиртирди ва у шу заҳоти шоҳ Оға-Муҳаммад хатининг орқа бетига қуйидагича ёзди:

Меня стеклом создатель окружил,
Но в крепкий камень он стекло вложил.

Бу шеър ёзилган хатни олгач шоҳ Оға-Муҳаммад қаттиқ ғазабланди ва Шушани тўплардан ўққа тутишни давом эттирди. Лекин 33 кунлик муваффақиятсиз қамалдан кейин шоҳ қўшинлари қамални тўхтатишга мажбур бўлишди ва Грузия томон кетишди.

1796 йил баҳорида граф Валериан Зубов раҳбарлигидаги рус қўшинлари Қорабоғга келишди. Иброҳим-Ҳалилхон ўғли Абулфатхон бошчилигидаги элчиларни, улар орасида Воқиф ҳам бор эди, катта совғалар билан Зубовга юборди ва Россия императорига тобелигини билдирди. Екатерина II номидан Иброҳим-Ҳалилхон ва Воқифга қимматли совғалар тақдим этишди. Воқифга қимматли тошлар билан зийнатланган асо беришди.

Екатерина II (1729-1796) ўлимидан кейин император Павел I (1754-1801) Кавказдан рус қўшинларини чақиртириб олди. Бундан фойдаланган шоҳ Оға-Муҳаммад маҳаллий раҳбарларни тобе қилиш учун Кавказга янги юришни бошлади. Қорабоғда ҳосил бўлмаганлиги ва очарчилик давом этаётганлиги боис Иброҳим-Ҳалилхонда қаршиликни ташкил этиш имкони йўқ эди ва у сарбозлардан иборат кичик бўлим билан шаҳардан қочишга мажбур бўлди. Эрон шоҳи қўшинлари шаҳарни жангсиз эгаллашди. Воқифни зиндонга ташлашди ва уни тонгда қатл этиш режалаштирилганди. Тақдир тақозоси билан шоҳ Оға-Муҳаммад қандайдир айб иши учун уч нафар хизматчисини қатл этишни режалаштирганди.

Лекин шоҳ Оға-Муҳаммад тонггача яшамади. Қатл этишга таҳдид қилинган хизматчилар кечаси шоҳ ётоқхонасига киришди ва уни ўлдиришди (менимча, шоҳ қатл этмоқчи бўлган уч нафар махсус хизмат органлари раҳбарлари бўлиши мумкин, акс ҳолда улар қаттиқ қўриқланаётган шоҳ ётоғига кириб шоҳни ўлдира олармиди. Ш.А.). Шоҳнинг ўлдирилиши Воқиф ҳаётини сақлаб қолди, лекин бу кўпга бормади: Иброҳим-Ҳалилхоннинг жияни Мухаммед-бек Джеваншир 1797 йили ҳокимиятни вақтинча қўлга киритади ва Воқифни ўз амакисининг собит тарафдори эканлигини тушуниб уни ва унинг ўғли Али-бекни ўлдиришга буйруқ беради. Воқиф ўлдирилгач унинг уйи талон-тарож қилинади, қўлёзмалари эса йўқотилади.

Шоир асарлари кейинчалик алоҳида ёзмалар ёки қўшиқчилар айтганларига асосан йиғиб олинади. Воқифнинг биринчи шеърий тўплами 1856 йилда М. Ю. Нерсесов томонидан Темир-Хан-Шуро (ҳозирги Буйнакск)да нашр этилди. Уларнинг энг тўлиқ биринчи нашри 1945 йилда (рус тилига таржимаси 1949 йилда) нашр этилди.

Совет Иттифоқи даврида (1982 йилда) Шуша шаҳрида шоир қабрида мақбара қурилди (Шушани ҳозир Арманистон босиб олган ва шаҳар вайрон этилган)” [7]

Аллоҳ Мулла Паноҳ Воқифни раҳмат қилган бўлсин, жойи жаннатда бўлсин, омин!

3. “ТУРНАЛАР” ШЕЪРИНИНГ ОЗАРБАЙЖОН ВА РУС ТИЛЛАРИДАГИ МАТНИ

Мулла Паноҳ Воқиф ёзган “Турналар” шеърини Озарбайжон тилидаги матнини келтирай.

Bir zaman havada qanad saхlayın,
Sözüm vardır mənim sizə, durnalar!
Qatarlaşıb nə diyardan gəlirsiz,
Bir хəbər vеrsəniz bizə, durnalar!

Sizə müştaq durur Bağdad еlləri,
Gözləyə-gözləyə qalıb yоlları,
Asta qanad çalın, qafil tеlləri,
Hеyifdir salarsız düzə, durnalar!

Хеyli vaхtdır yarın fərağındayam,
Pərvanə tək hüsnün çırağındayam,
Bir ala gözlünün sоrağındayam,
Görünürmü görün gözə, durnalar!

Mən sеvmişəm ala gözün sürməsin,
Bədnəzər kəsibən ziyan vеrməsin,
Sağın gəzin laçın gözü görməsin,
Qоrхuram səfnizi pоza, durnalar!

Nazənin-nazənin еdərsiz avaz,
Ruhlar tazələnir оlur sərəfraz,
Vaqifin də könlü çох еdər pərvaz,
Hərdəm sizin ilə gəzə, durnalar! [8]

Ушбу ажойиб шеърнинг рус тилига қилинган таржимасини ҳам келтирай.

Задержите в полете удар крыла:
Слово есть у меня для вас, журавли,
Вереница ваша откуда летит?
Начинайте об этом рассказ, журавли.

Очарован вами высокий Багдад,
Он прилету вашему будет рад.
Вы широкими крыльями бейте в лад,
Не роняйте перо в этот раз, журавли.

Я с возлюбленной милой давно разлучен,
Словно бабочка, я красотой сожжен.
Я ищу кареглазую среди жен.
Не видали ль вы этих глаз, журавли?

Полюбил я сурьму этих карих очей.
Пусть не сглазят и в темноте ночей,
Пусть минует вас сокол, глядите зорчей!
Я хочу, чтоб вас случай спас, журавли!

Ваша дикая песня нежна, нежна,
И душа моя радостью обновлена.
И Вагифа душа высоко взметена,
Чтобы вечно лететь возле вас, журавли! [9]

«Турналар» қўшиғининг ўзбек тилидаги матнини 7-параграфда келтираман.


4. ЧЎЛПОННИНГ “ТУРНАЛАР” ҚЎШИҒИ

Адолат юзасидан таъкидлаш ўринлики, ўзбек адабиётида турналар ҳақидаги илк қўшиқ матнини Чўлпон 1927 йилда ёзган. У 1935 йилда Ўзбeкистон Давлат нашриётида нашр этилган “Соз” номли китобида “Қадоқчи қўшуғи” (“Ҳужум” пьесасида қашқарлик қадоқчи куйлайди, “Ушалди хуморим” куйига)” номли шeърида қуйидаги сатрларни ёзган. (Бу ҳақда www.yangidunyo.com сайтида 2008 йил 18 август куни чоп этилган профессор Хайрулла Х.Исматулланинг (1931-2008.26.08) «Чўлпоннинг «СОЗ» шеърлар тўплами ҳақида» номли мақоласида ёзган эди ([10])).

Ҳаволарда қулоч отиб кeлган турналар,
Бизнинг Қашқар эллардан йўқми бир хабар?

Бизнинг эллар довонларнинг кeтида қолди,
Золим фалак бошимга айрилиқ солди …

Олис йўлларга қараб тeлмирган ёрим,
Бу йил қайтай дeсам, найлай, етмас мадорим!

Ҳаволарда қаторлашиб учган турналар,
Омонда борми элда қолған ота-оналар?.. [10]

5. ҚУШЛАР ВА ЭКОЛОГИЯ МУАММОЛАРИ

Қушлар, жумладан турналар инсониятга орзу қилиш имконини берган. Кириш қисмида таъкидлаганимдек, шоир Мулла Паноҳ Воқиф ёзган шеърда ва ҳофиз Ш.Жўраевнинг “Турналар” қўшиғида севги, муҳаббат куйланган.

Турналар ҳақидаги шеър ва қўшиқ ҳақида ёзиш билан чегараланмай, ушбу параграфда Ўзбекистондаги қушлар ва экология муаммосига ҳам тўхталиб ўтай.

Машҳур шоиримиз Ҳамид Олимжон (1909-1944) яшаган даврда Ўзбекистон боғларида турли қушлар, жумладан булбуллар эмин-эркин сайраб туришарди. Шу сабабдан у ўзининг «Ўзбекистон» номли шеърида жумладан шундай сатрларни ёзганди:

Бунда булбул китоб ўқийди,
Бунда қуртлар ипак тўқийди.
Бунда ари келтиради бол,
Бунда қушлар топади иқбол.

Совет сиёсий режими раҳбарлари экология соҳасида 1950-йиллардан бошлаб олиб борган нотўғри сиёсати туфайли булбуллар Ўзбекистонни тарк этишди ва Россия, Европа мамлакатларидаги қалин ўрмонларга учиб кетди. Булбуллар ва шунга ўхшаш ажойиб қушлар ўрнига Афгонистондан еб тўймас, очофат афғон майнаси учиб келди. Ўзбекистон орнитологлари Тошкент шаҳрига яқин жойда дастлабки майнани 1959 йилда кўрган ва бу фактни расман қайд этган эди.

1970-йиллар бошида Совет Иттифоқи деб аталмиш тоталитар режим куч-қувватга тўлган, энг мукаммал қуролларга, атом, водород, нейтрон бомбаларига, уч миллионли доимий армияга эга бўлган бир империя эди. Жаҳондаги кўпгина давлатлар «Советлар таҳдиди» деб ҳадиксирарди. Ўша йиллари экология муаммоларини, масалан Орол денгизи, қушлар, пахта яккаҳокимлиги каби муаммоларни мақолалар ёзиш ва қўшиқлар айтиш орқали очиқ-ойдин кўтариб бўлмасди. Бу муаммолар ҳақида йўл-йўлакай, киши билар-билмас кўринишдагина айтиб ўтиб кетишингиз мумкин эди.

Ўзбекистон 1991 йил 1 сентябрда мустақил давлат бўлди. 1991 йил 29 декабрида И.Каримов ЎзР Президенти этиб сайлангач, ўтган деярли 17 йил давомида Ўзбекистон шаҳарларида, жумладан Тошкентда ўн минглаб дарахтлар, жумладан минг-минглаб чинорлар кесиб ташланди. Мамлакатимиздаги полициявий режим турли даражадаги раҳбарлари кесилган дарахтларни ва шу дарахтлардан бўшаган ерларни сотиб катта даромад қилдилар. Ёз иссиғида соя-салқин берадиган баланд, гўзал, манзарали дарахтлар ўрнига ўн минглаб арча дарахтларни экдилар. Натижада денгиз сатҳидан 700 метр баландликда жойлашган, асосан ғишт, асфальт, темирбетон уйлардан иборат Тошкентда ва бошқа шаҳарларда амалда арча дарахтлари ўсиб ётган тоғ шароити яратилди. Бу эса майна учун Афғонистон тоғларидек ажойиб маскан ҳисобланади.

Одатда бир жуфт майна йилига беш-олти мартадан болалаб, ҳар сафар уч-тўрттадан палапонни ўстиради. Афғонистон тоғларида бургутлар учиб юради ва улар майналарни тутиб еб, сон жиҳатдан табиий мувозанатни сақлаб туради. Ўзбекистон шаҳарларида бургутларнинг йўқлиги сабабли майналар сони кескин кўпая бошлади. Майна каламушларга ўхшаб тез кўпайгани учун уни айрим одамлар «учар каламушлар» деб аташади. Оқибатда 2000 йиллар бошига келиб Ватанимиз шаҳарлари узра миллионлаб майналар учиб юра бошлади. Бу эса бошқа қушларнинг табиий кўпайишига, озиқ-овқатига ва ҳоказо томонларга салбий таъсир этди.

Кўпайиб кетган майналар сонини камайтириш учун ҳатто 2003 йилда ЎзР Вазирлар Маҳкамаси деярли бир миллион майнани отиб ўлдириш ҳақида махсус қарор чиқарди. Овчилар томонидан бу топшириқ ортиғи билан бажарилди. Лекин полициявий сиёсий режим томонидан яратилган тоғу тош, темирбетон, арчазорлардан иборат шаҳар шароитида майналар яна миллионлаб кўпайди. Бугунги кунда деярли ҳар қадамда майнани учратасиз. Ҳатто оддий чумчуқлар ва мусичалар сони ҳам камайди.

Майна шунчалик безори қушки, у ўзга қушлар инини бузади, уларнинг палапонларини олиб кетиб ўлдиради. Мен 2006 йил май кунларининг бирида Тошкент шаҳри, Фарғона йўли кўчаси, 101-уйдан) чиқаётганимда, уй олдида асфальтда ўтирган ва ён-атрофга тез-тез бошини буриб қараётган майнани кўрдим (шу уйнинг 65-хонадонида ижарада яшардим). Иккита ҳакка қаттиқ чирқиллаб майна устидан пастлаб учиб ўтишарди. Эътибор бериб қарасам, майна икки панжа орасига ҳакканинг палапонини чангаллаб олибди. Мен қўлим билан киш-кишлаб, майнани ҳайдаб юбордим. Майнага палапон оғирлик қилди, шекилли, у палапонни асфальт йўлакда қолдириб учиб кетди. Мен палапонни қўлимга олдим. Палапоннинг ота-онаси бўлмиш икки ҳакка менинг тепамда ҳавода ҳамон учиб юришарди. Бу қушлар ини қаердалигини билмаганлигим сабабли нарироқдаги дарахт остига, ўтлар орасига палапонни қўйдим ва ишга кетдим.

Айрим ўқувчиларимиз майна бeзориликларига доир мен ёзганларимга ишонмасликлари мумкин. Шу сабабли Эътибор Охунова 1989 йилда гувоҳ бўлган битта воқeани ҳам кeлтириб ўтай.

“Саҳар палласи қушларнинг фарёдидан уйғониб кeтдим. Ҳа, қушларнинг фарёдини эшитиб сапчиб туриб кeтдим. Қушлар ҳам фарёд қиладими? Қилади, одамлар! Қушларнинг фарёди, одамларнинг фарёдидан минг бора кучлироқ бўлиб туюлди мeнга. Фарзанд учун, зурёд учун жанг бошлаганида улар шундай фарёд қиладилар-ки …

Баҳор тонгларининг бирида рўй бeрган бир воқeа қўлимга қалам тутқазди:

Майна айвон бўғотига кeлиб қўнди. У чумчуқ инига яқинлашди. Чумчуқ чирқиллаб дод солди, учиб чиқди-да қанотини ёзиб чора излади. Майнага ўқдай отилди. Миттигина она чумчуқ инидаги полопонлари учун жангга киришди. Ўзи жанг қиларди-ю, яна фарёд кўтариб чумчуқларни ёрдамга чақирарди. Бир зумда чумчуқлар галаси айвонимизни тўлдирди. Улар энди бараварига фарёд кўтаришди. Осмонда чарх ураётган чумчуқлар майнани полопонлар инига яқинлаштирмасди. Юрагим алланeчук бўлиб кeтди. Бардошим чидамади. Майнага нафратим кeлди. Ўғлимнинг камонини излаб уйга чопдим. Бир пайт кeлиб қарасам, ярадор майна ерда чўзилиб ётибди. Чумчуқлар унинг аъзойи баданини чўқилаб ташлашибди. Зурёд учун бўлган жангда чумоли филни енгиши турган гап экан.

Эртаси чумчуқ тумшуғида дон ташиганча бўғотда жовдираб ўтирганини кўрдим. У полопонларига емиш таширди. Ҳар гал инига кириш олдидан бўғотда бир зум ўтирар, атрофни олазарак кузатар, сўнг полопонлари ҳузурига ошиқарди. Она чумчуқ ана шундай жонҳалак дон ташиб юриб, охир бир куни чумчуқларини етаклаб чиқди. Учирмага ўргатди. Ҳа, баҳор қуш, қумурсқаларнинг ҳам доясидир.” [11]

Мен 2008 йил июн кунларидан бирида эрталаб Тошкент трактор заводи яқинида, вақтинча яшаб турган кўп қаватли уйдан чиққанимда, чумоли ини ёнида туриб олиб, чумолиларни битта-битталаб еяётган майнага кўзим тушди. Бу ва бунга ўхшаган фактлар шуни кўрсатадики, яқин-орада Ўзбекистонда чумолилар сони камайиши кутилади. Демак, майна турли қушлар орасидаги экологик мувозанатгагина эмас, бошқа жониворлар дунёси мувозанатига ҳам жиддий таъсир қилиши мумкин.

Ўзбекистондаги полициявий режим раҳбарияти Ўзбекистонни тарк этаётган қушлар ўрнини билдирмаслик учун майдонлар, бозорлар ва коллежлар ҳовлисида темирдан қушлар ясаб баланд устунларга ўрнатмокда. Масалан, Тошкентнинг бош майдони ҳисобланмиш Мустақиллик майдонига кираверишда бир неча устунлар ўрнатилиб, улар устига кема-кет бетон балорлар юз метрча масофа узунликда қўйилган. Шу балорлар устига темирдан ясалган қушларни биттадан жами тўртта, шунингдек ўртасига ҳавода учаётган қушларни тасвирловчи темирни ўрнатишди. Мен бу совуқ темир қушларга қараб, қандай қушлар тасвирланганини тушуниб етишга ҳаракат қилдим, лекин тушуна олмадим. Фақат ўз тахминимни айтишим мумкин: балким бу турналардир.

Қозоғистон Президенти Нурсултон Назарбоев Тошкентга расмий визит билан 2007 йилда (адашмасам) келганида бу ҳақда «Ахборот» кўрсатувида репортаж берилди. ЎзР Президенти И.Каримов Н.Назарбоевни Мустақиллик майдонига таклиф қилиб, унга майдондаги ҳайкаллару темир қушларни кўрсатиб, гапириб, мақтаниб юрибди … Майдонда иккала президент телевидение журналистига интервью беришди.

Тошкентдаги Фарғона кўчаси Фарғона номли бозори бурчагида олти метрча баландликда думалоқ темир баркаш ва унинг устига темирдан ясалган лайлак ҳамда унинг иккита палапони ўрнатилган (халқ орасида бу бозорни «Рисовий» бозори деб аташади, чунки шу бозорга яқин жойда гурунч заводи жойлашган). Режимнинг бу темир ҳайкали ўрнатилганига ҳам ўн йилдан кўпроқ вақт ўтди. У бугунги кунга келиб занглай бошлади … (А.Ш., 2008 йил)

Худди шундай темир лайлакнинг иккита палапони Собир Рахимов тумани Мирза Ғолиб кўчасидаги коллеж ҳовлисида ҳам ўрнатилган … (А.Ш., 2008 йил)

Майналарни отиш билан боғлиқ кампания қандай якунланганга доир 2013 йил март ойида ахборот чоп этилди.

“Ўзбекистон Қишлоқ ва сув хўжалиги вазирлиги қошидаги Овчилик хўжалиги, қўриқхоналар ва миллий боғлар бошқармаси мамлакатда майналарни отиб йўқ қилиш самарасиз, деган хулосага келди¸ дея билдирди Озодлик билан суҳбатда бошқарма расмийси.

10 йил аввал Ўзбекистонда майналар гилос, олча, узум ва полиз экинларига қирон келтираётгани борасидаги боғбон, фермерларнинг шикоятлари ортидан уларни оммавий йўқ қилишга киришилган эди.

Боғларни майналардан тозалашга овчилар, милиция ходимлари, зоология ва  бионазорат мутахассислари жалб этилди, овчиларга 12 калибрли ов милтиқлари беминнат тарқатилди.

Шу йўл билан Ўзбекистонда майналар популяциясини тахминан учдан бирга қисқартириш мўлжалланган эди.

Лекин Овчилик хўжалиги, қўриқхоналар ва миллий боғлар бошқармасининг ўз исми айтилишини истамаган ходимига кўра¸ бугунга келиб майналарни отиш билан улар сонини минимумга етказишнинг уддасидан чиқилмаган:

– Майналарни отиш билан улардан қутулишнинг иложи йўқ, чунки республикада йўқ қилинган қушлар ўрнига қўшни мамлакатлар, хусусан Афғонистондан бошқа мигрант қушлар учиб келади, деди бошқарма расмийларидан бири.

Мутахассисларга кўра¸ иқтисодий жиҳатдан ҳам майналарни йўқ қилиш мантиқсизликдир. Бунга кетган ҳаражат, ўқ-дори улар келтирадиган зарардан кўра ошиб кетади, демоқда Овчилик хўжалиги, қўриқхоналар ва миллий боғлар бошқармаси бошқармаси мутахассислари.

Чумчуқдан бир оз йирикроқ, тана узунлиги 20-25 см га етадиган майна узум, гилос ва бошқа меваларни чўқиб еб, қишлоқ хўжалигига зарар етказади.

Тошкентлик боғбон Қаҳҳор аканинг айтишича¸ гала бўлиб учувчи майналар саноқли кун ичида 10-15 гектар майдонни қуритиб битириши мумкин:

– Бу қуш xудди учиб юрадиган каламуш. Жуда тез кўпаяди. Гилос борми, узум борми, бир пасда ҳаммасини eб битиради. Бундан ташқари майналар турли инфекцион касаллиги ташувчиларидир, дейди тошкентлик боғбон Қаҳҳор ака.

Атроф-муҳит ва ҳайвонот олами ҳимоячилари Ўзбекистонда майналарнинг йўқ қилинишига бошидан қарши чиқишган.

Тошкентдаги Ҳайвонларни асраш жамияти ходимаси Валерия Захарованинг айтишича, майналар далаларда кўплаб зарарли ҳашаротларни қириб битириш орқали аслида қишлоқ хўжалигига катта фойда келтиради:

– Майнанинг зараридан кўра фойдаси кўпроқ, чунки улар зарарли ҳашаротлар ва чигирткаларни ҳам ейди. Қушнинг лотинча номи Acridotheres, “чигирткахўр” деб таржима қилинади. Агар бу қуш боғбон фермерларни ташвишга солаётган бўлса, ҳар хил товушли қўрқитиш воситалари бор, шулардан фойдаланса бўлади, дейди Захарова.

Боғбонларнинг Озодлик мухбирига айтишича¸ Захарова тилга олган қўрқитиш воситалари майналарга умуман таъсир қилмай қўйган:

– Бу қуш ҳеч нарсадан тап тортмайди. Ҳатто уй ҳайвонларига ҳам ташланади, дейди Қаҳҳор ака” [12]

Майналар муаммосини лочин ҳамда бургутларни кўпайтириш ва табиатга киритиш орқали ҳал этиш мумкин ва керак. Улар кўпайиб кетган майналарни тутиб еб, Ўзбекитсон ва Марказий Осиё табиатида табиий мувозанатни тиклайди.

Энди майна муаммосидан булбул муаммосига ўтай. Мен 59 йил, ундан 54 йилини Ватанда яшаб, Ўзбекистон ҳудудида, жумладан шаҳарларда булбул сайрашини бирор марта эшитмадим. Яъни раҳматли шоир Ҳамид Олимжон ёзган “Бунда булбул китоб ўқийди” сатри исботини кўрмадим.

Бугунги кунда Ватанимизнинг тоғли ҳудудларида, хилват, қалин дарахтзорлар бўлган жойлардагина кам сонда булбуллар бўлиши мумкин.

Мен Орол денгизи ва бошқа экологик муаммолар билан 1979 йилдан бери шуғулланаяпман. Мен Орол денгизи фожиаси билан боғлиқ 1000 бетлик ишимни 1984-1991 йилларда ёздим. Шунингдек экологияга доир [13]-[18]-мақолаларни Интернет сайтларда чоп эттирдим.

Мен экология соҳасидаги ҳимоячи сифатида ҳам ўзимга, ҳам сизга савол бермоқчиман: булбуллар Ўзбекистонга қачон қайтади?

Бунинг учун кўп нарса керак эмас. Булбуллар яшай оладиган шарт-шароитни, яъни қалин дарахтзорларни шаҳарларимизда, масалан паркларда тикламоғимиз керак. Буни амалга ошириш учун Ўзбекистон раҳбарлари мамлакатимиз зоолог, орнитолог олимларига «Булбул» номли дастурни ёзиш ҳақида топшириқ, фармойиш бермоғи ва шунга яраша маблағ ажратмоғи керак. Сўнгра дастур асосида жиддий ишлар амалга оширилмоғи лозим.

Қизиғи шундаки, булбуллар билан бирга ўнлаб ноёб қушлар ҳам Ватанимизга қайтиб келишади.

Ёши 75 дан ошган бобой Президент Ислом Каримовга, фақат бойишни ўйлаётган, Ватанимиз бойликларини сотиш ва давру-даврон суриш билан овора бўлган Ўзбекистоннинг бугунги кундаги бошқа раҳбарларига «Булбул» дастури ва булбулларнинг қайтиши керакмикан?!

Шоирларимиз, хонандаларимиз қушлар, экология, жумладан булбуллар муаммосини кўтаришлари, қўшиқ қилиб куйламоқлари ва халқимиз эътиборини бу муаммога жалб қилмоқлари керак. Масалан, раҳматли шоиримиз Муҳаммад Юсуф ёзган «Булбул» номли шеърини ким қўшиқ қилиб айта олади?

«Турналар» қўшиғини 1980-йиллар бошида куйлаган улуғ ҳофиз Шерали Жўраев бу муаммони ҳам кўтариши, «Булбул» қўшиғини куйлаши керакми? Унинг минг-минглаб шогирдларидан бирортаси бу шеърни яхши қўшиқ қилиб куйласа бўлмасмикан?!

Келинг, яхши умидлар билан раҳматли Муҳаммад Юсуфнинг «Булбул» номли шеър матнини келтирай.

Қайинлар юртида булбулни кўрдим,
У гул бутоғида қиларди хониш.
Қовоғимни солиб ҳол-аҳвол сурдим,
Озроқ гина билан, озроқ қизғаниш …

Яхшиям кўрганим, кўрмасам албат,
Тентакнинг туши, деб ўйлар эканман.
Туғишгандек кўриб, мен уни фақат
Ўзбекнинг қуши деб, ўйлар эканман.

Ўша тинчимас жон, ўша бедаво,
Ўша дарди ёлғон, ўша ҳуркак кўз.
Қалин барглар аро қиларди наво,
Ўша нағмасини қолдирмай бир сўз.

Мени мафтун қилди-қўйди баччағар,
Ўтмас пичоқ билан сўйди, баччағар.
Негадир уйимни соғиниб кетдим,
Булбулга эргашиб юриб жарма-жар.

Қўлин ушлатмади опкетай десам,
Қўйнимга авайлаб сопкетай десам.
У ёқда кутарлар юраклари қон,
Ўрмонда у билан қопкетай десам …

Мени-ку зарурат судради бу ён –
Масковда нима бор сенга, булбулжон! [19, 75-б.]

Улуғ ҳофиз Шерали Жўраев куйлаган «Турналар» қўшиғига қайтайлик.

6. ШЕРАЛИ ЖЎРАЕВ “ТУРНАЛАР” ҚЎШИҒИ ҲАҚИДА

Улуғ ҳофиз Шерали Жўраев яқинда “Турналар” қўшиғини яратилиш тарихи ҳақида сўзлаб берди. Мен қуйида келтираётган матнни YouTube дан олдим ([19]-га қаранг). Менимча, ушбу видео ёзув унинг уйида 2012 йил апрелидаги даврада суратга олинган. Шерали ака “Турналар” қўшиғини куйлаб бўлгач бундай деди.

“Ташаккурлар! Мулла Паноҳ Воқифни эсга олдик ҳозир. Аллоҳ у киши руҳларини шод қилган бўлсин. Бу Озарбайжон шоири. Шунинг учун Озарбайжон йўлида айтилган бу ашула. Музикаси ҳам озарбайжонча ўзи асли. Ўшанинг қочиримлари бор.

Отам раҳматли бор эди ўша пайтда. Сал бетоб эди. Уйда ўтирсам. Сандалда ўтирган эканлар. Шу ман нимада ашула айтгандим. Биринчи ўша саҳнада катта мажлис бўлди. Қурултой бўлди. Қурултойда битта ашулани айтдим. Отам раҳматли шуни кўриб жудаям хурсанд бўлди ўшанда. 80-йил эди.

Ўшандаям биз бировнинг гапига кириб бир иш қилганмиз. Битта ашула айтганмизда. Энди Қурултой. Бутун давлат раҳбарлари ҳокимдан тортиб, райкомдан тортиб бригадиргача бор. Тошкентда бўлган. Шу ерда “Ўзбекистон” деган битта ашула айтганмиз. Уни айтиб бўлганимиздан кейин одамлар тикка туриб қарсак чалди.

Шу иккинчисига деган эди, ўша давлатни раҳбарлари айтувди ўзи. Ўша катта бошлиқлар айтганди: “Иккинчисига мана бу ашулани айтгин”, деб бир ашулани айтувди. У ўша давлат раҳбарларидан биттасининг шеъри экан. “Ўша одам хурсанд бўлади айтсанг” дедилар. “Эй азиз” деган ашулани айтгандим. “Шуни айтгин иккинчисига” деганди. Биз айтворганмиз. Одамлар ҳалиги одам ҳурматидан ҳам ўрнидан туриб қарсак чалиб юборган. У одамга ғалати туюлган. У камтар одам эди. Ўша ЦКнинг секретари (Менимча, бу ўша пайтда Ўзбекистон Компартиясининг биринчи котиби бўлиб ишлаган раҳматли Шароф Рашидов эди, А.Ш.). Ва “Ким рухсат берди бу ашулани у кишига?” деган у. “Энди айтмаса бўларди” деган. “Ўзи айтиб юборди” деган-да. Шундан кейин ман ўн йил телевизорга чиқмаганман.

Ўша пайтда отам раҳматли бетоб эди. Телевизорда ҳалиги халқнинг ура-урасини кўрди. Ўшанда биринчи чиқишим. Мана бу ишни қарада. Ва шунда биринчи чиқишимда яна шу ҳалиги, шунақа ҳолатга тўғри келганман. Отам раҳматли кўриб хурсанд бўлдилар. Мен борсам мазаси йўқ экан. “Ҳа кетди энди шеър Худо хоҳласа. Бундан буёғига кетди” дедилар.

Хуллас, ўша пайтда ёнида ўтирувдим. Шу “Турналар”ни Озарбайжон ашулачилари айтиб қолди телевизорда. Телевизорда кўриб қолдим: ҳалиги турналар учиб кетаяптида. Озарбайжонча айтди энди. Бу бошқача. Мен айтдим: “Нега ман шуни айтмадим? Шуни айтишим керак экан” дедим-да кейин ўзим куйга солдим, бошқа куйга. Лекин йўл барибир ўша Ҳофиз Шероз мақоми йўлида айтвордим. Ва бу чиройли чиқди.

Хуллас, ҳозир бу ашулани айтганда отам раҳматлини эсладик. Ёнларида ўтиргандим. Бу ашулани кейин бировлар ўйин қилиб ҳам айтиб кўрди. Ундан кейин. Унгаям чидаймиз.

Хуллас, ҳар хил ҳолатлар бўлди. Лекин ҳозир Аллоҳга шукур: мана ҳамма қўшилиб яна айтаяпти. Эсингизлардан чиқмабди. Ўша ёшлигингизлар эсинглардан чиқмабди. Ўша ёшликларингиз эсингларда турибди” [20]

Айрим ёшлар бугунги кундаги, яъни 60-65 ёшга кирган Шерали ака айтган қўшиқ вариантини тинглаб, шу овозни ҳозирги айрим ёш ҳонандалар овози билан таққослашиб хулоса чиқармоқда. Улар ҳақиқатан таққослашмоқчи бўлишса Шерали Жўраев ёшлигида айтган ва қўшиқнинг авж пардаларини олган ҳолатлари билан таққослашсин. Шу мақсадда мақолам бошида улуғ ҳофизимиз Шерали Жўраев ёшлигида тор чалиб айтган Турналар қўшиғи вариантини келтирдим.

7. “ТУРНАЛАР” ҚЎШИҒИГА МУНОСАБАТИМ

Ш. Жўраев 1980-йиллар бошида куйлаган «Турналар» қўшиғини ўша йиллари миллионлаб мухлислар, жумладан мен ҳам завқ билан тинглардим. 2008 йилгача аудиокассета орқали ҳам тингладим. 2008 йилдан кейин Интернетдаги YouTube порталидан кўчириб олиб тингламоқдаман.

Мен китобимнинг 1-3-нашрларида “«Турналар» қўшиғи 1970 йиллар бошида яратилган ва тинглаганман” деб ёзгандим ([4]). 1974 ёки 1975 йил баҳорида Самарқандда Архитектура ва қурилиш муҳандислари институтида таҳсил олаётган дўстим Набижон Ғаниевнинг ижарадаги квартирасига бордим. Ўша пайтлар қўлда кўтариб юриладиган кичик магнитафонлар энди модага кирган эди. Набижон билан суҳбатлашаётганимда кроватда касетали магнитафонда Шерали Жўраевнинг янги қўшиқлари ёзилган кассетаси қўйилганди. Шу қўшиқлар орасида Турналар қўшиғи ҳам бор эди, деган тасаввур хотирамда қолган экан.

Мен 1979-1983 йилларда Москва Олий техника университетида ўқидим ва 1983 йил августида Тошкентга қайтдим. Шерали Жўраевнинг [19]-да ва мақоламнинг 6-параграфида келтирилган хотираларига асослансам, бу қўшиқни дастлаб 1983 йилда, яъни Тошкентга қайтгач эшитган бўлсам керак.

Эеди Турналар қўшиғига муносабитмни билдирай.

Севги, муҳаббат инсон кўнгли тўридаги жавоҳирдир. Уни ҳар кимга айтиб бўлмайди. Бундай кўнгил сирини кимга ҳам айтиш мумкин? Шундай пайтларда яхши қўшиқ ёрдамга келади.

Ҳар йили қиш ўтиб, баҳор келади. Борлиқ ям-яшил либос кийган дамларни, баҳорнинг илк иссиқ кунларида саф-саф бўлиб учиб келаётган турналарни эсланг.

Баҳор севги, муҳаббат фаслидир. Инсонларнинг, айниқса ёшларнинг баҳордан умиди катта.

Ана энди қалбингиздаги нозик, беғубор ҳис-туйғуларни баландлаб учиб келаётган турналарга айтсангиз бўлмасмикан?

Шуни ажойиб тарзда гўзал шеър қилиб улуғ Озарбайжон шоири Мулла Паноҳ Воқиф ёзди. Уни гўзал қўшиқ қилиб куйлаган ҳофиз яна Шерали Жўраевдир!

Ушбу қўшиқ тўртликларини келтириб ўтай.

Бир нафас ҳавода қоқмангиз қанот,
Сўзим бордир манинг сизга турналар.
Қаторлашиб не диёрдан келурсиз,
Бир хабар берсангиз бизга турналар.

Турналар, турналар, тур-на-лар!

Неча кунки ёрнинг фироғиндаман,
Парвонадек ҳусни чароғиндаман,
Бир қаро кўзликнинг сўроғиндаман,
Кўринурми қаранг кўзга турналар.

Турналар, турналар, тур-на-лар!

Мен севганман шаҳло кўзнинг сурмасин,
Бир бад назар кўриб зиён бермасин.
Ҳушёр учинг, лочин беҳос кўрмасин,
Қўрқаман сафингиз бузар, турналар.

Турналар, турналар, тур-на-лар!

Нозланиб, нозланиб ё азиз ҳаво,
Кўнгил соф бўлғуси бўлиб сарфароз.
Воқифнинг ҳам кўнгли кўп этар парвоз,
Сизлар билан бирга-бирга турналар.

Турналар, турналар, тур-на-лар! [1]

Шу ерда “Биринчи муҳаббатим” ва “Турналар” қўшиғини қисқача таққослай. “Биринчи муҳаббатим” қўшиғи билан сиз ўтмишингизга мурожаат қилаётган бўласиз ва ўтиб кетган вақтни ортга қайтара олмаслигингиз аён. “Турналар” қўшиғи эса келажак билан боғлиқдир. Сиз бу келажакка умид-истаклар билан боқасиз, орзулар қиласиз, бу борада ТУРНАЛАРга мурожаат этасиз.

Ҳар баҳорда, турналар осмону фалакда саф-саф бўлиб учиб келаётганини кўрганимда беихтиёр Ш.Жўраевнинг “Турналар” қўшиғи ёдимга келади ва қалбимда ҳофизнинг ширали овози билан айтилган қуйидаги сатрлар жаранглай бошлайди.

Неча кунки ёрнинг фироғиндаман,
Парвонадек ҳусни чароғиндаман,
Бир қаро кўзликнинг сўроғиндаман,
Кўринурми қаранг кўзга турналар . . .

Мақолам охирида улуғ ҳофизимиз Шерали Жўраевни 66 ёшга тўлиши муносабати билан қизғин табриклайман. Аллоҳ сизга мустаҳкам соғлик, узоқ умр ҳамда ижодингиз бардавом бўлишига имкон беришини тилайман.

ФОЙДАЛАНИЛГАН АДАБИЁТЛАР

1. ШЕРАЛИ ЖЎРАЕВ. Турналар қўшиғи. – www.youtube.com/watch?v=NvuPOZm7W1Y

2. НУРАЛИ ҚОБУЛ. Оҳангларнинг оташин сеҳри. – «Совет Ўзбекистони санъати», 1980, 6 (462)-сон, 22-23-б.

3. Наташ, а журавли летят справа налево. агась… (Наташа, турналар ўнгдан чапга учаяпти, шундайми …). – http://adm.void.ru/index.php?name=PNphpBB2&file=printview­2&t=26197&page=26

4. АҲМАДЖОНОВ Ш. Шерали Жўраевдек ҳофиз ва шоир юз йилларда бир марта туғилади. Китобнинг тузатилган ва тўлдирилган 3-нашри.
– Китобнинг 1-қисми (лотин алифбосида). – http://www.muvozanat.info/index.php?option=com_content&view=article&id=198:jurnalist-shuhrat-axmadjonovning-buyuk-hofiz-sherali-joraev-xaqidagi-kitobi&catid=4:-3&Itemid=5 (www.muvozanat.info 2012.10.04);
Китобнинг 2-қисми (лотин алифбосида). – http://www.muvozanat.info/index.php?option=com_content&view=article&id=199:shuhrat-axmadjonovning-sherali-joraev-xaqidagi-kitobi-ikkinchi-qism-sherali-joraev-tavalludining-65-yilligi-oldidan&catid=4:-3&Itemid=5 (www.muvozanat.info 2012.10.04);
– http://www.turonzamin.org/ddkitob/sherkril.htm (Китоб кирил ва лотин алифбосида www.turonzamin.org сайтининг “ДЎК китоблари” рукнида 2009 йил 1 март куни чоп этилганди. Уни бир неча ойдан кейин кимдир сайтдан ўчириб ташлади).
– http://yangidunyo.com/wp-content/uploads/2009/03/sherali-joraev.pdf (www.yangidunyo.com «Янги Дунё» кутубхонаси» бўлими, 2009 йил 16 март: 2009 йил июлида Уйғуристон маркази Урумчида Хитой режими уйғурларни ноҳақ қирғин қилаётганини сайт раҳбарияти мақолалар ҳамда фотосуратлар билан ёритаётганида сайтга кибер ҳужум уюштирилди ва сайтдаги кўпгина мақолалар ва китоблар, жумладан ушбу китоб ўчириб ташланди.
Китобнинг кирил алифбосидаги вариантини 2012 йил март ойида қайтадан www.yangidunyo.com сайтига жўнатдим ва у сайтда чоп этилди. Лекин 2012 йил октябрида Канадада яшаётган журналист Фахриддин Худойқулов сайтдаги барча мақола ва китобларни ўчириб ташлаб, сайтни ўз номига расмийлаштириб олди);
– http://www.himoyachi.ucoz.ru/news/2009-03-17-892 (www.himoyachi.ucoz.ru 2009 йил 17 март: бу сайт раҳбари Муҳиддин Қурбонов китобнинг www.yangidunyo.com сайтидаги манзилига ҳавола қилган эди).

5. Серый журавль — Grus grus (Кулранг турна). – http://www.ecosystema.ru/08nature/birds/049.php (www.ecosystema.ru Сайт «Экосистема»).

6. Турналар. Ўзбекистон Миллий Энциклопедияси. – http://www.ziyouz.uz/index.php?option=com_phocadownload&view=category&id=85:natens (www.ziyouz.uz Сайт “Зиё истаган қалблар учун”).

7. Вагиф, Молла Панах. – http://ru.wikipedia.org/wiki/%D0%92%D0%B0%D0%B3%D0%B8%D1%84,_%D0%9C%D0%BE%D0%BB%D0%BB%D0%B0_%D0%9F%D0%B0%D0%BD%D0%B0%D1%85 (www.ru.wikipedia.org/wiki/ Материал из Википедии — свободной энциклопедии).

8. Durnalar – Molla Pənah Vaqif. – http://www.azadliq.org/content/article/24311018.html
(Автор Buta, написано 2 Июнь 2011 г. в 10:39)

9. Вагиф Молла-Панах. – http://www.tyurk.ru/file3_32.shtm (www.tyurk.ru ).

10. ХАЙРУЛЛА ИСМАТУЛЛА. Чўлпоннинг «СОЗ» шеърлар тўплами ҳақида. – www.yangidunyo.com 2008.18.08.

11. ОХУНОВА Э. Чумчуқ фарёди. – “Совeт Ўзбeкистони”, 1989 йил 21 март, 67 (20334)-сон, 4-б.

12. Майналарни оммавий равишда отиш кампанияси тўхтатилди. – http://www.ozodlik.org/content/article/24942390.html (www.ozodlik.org 2013.29.03).

13. АХМАДЖОНОВ Ш. «Земля и природа созданы для всех». В Ташкенте прошел пикет экологов, завтра – его продолжение (“Ер ва табиат барча учун яратилган”. Тошкентда экологлар пикети бўлиб ўтди, эртага – унинг давоми”). – http://www.centrasia.ru/newsA.php?st=1114111560 (www.centrasia.ru 21.04.2005 23:26).

14. АХМАДЖОНОВ Ш. Всемирный день Земли в Ташкенте. Пикет экологов разгромлен милицией (Тошкентда Халқаро Ер куни. Экологлар пикетини милиция алғов-далғов қилди). –
http://www.centrasia.ru/newsA.php?st=1114202460 ( www.centrasia.ru 23.04.2005 00:41).

15. АХМАДЖОНОВ Ш. В Ташкенте истребляют … большие деревья. Кому и зачем нужна голая местность? (Тошкентда катта дарахтларни йўқ қилмоқдалар. Яланғоч ялангликлар кимга ва нима учун керак?) – http://www.centrasia.ru/newsA.php?st=1126071120 (www.centrasia.ru 7.09.2005 09:32).

16. АҲМАДЖОНОВ Ш. Президент ва унинг амалдорлари Ватан Чинорларини кесмоқдалар. – http://turonzamin.org/2006/09/13/chinor-sh/#more-413 (www.turonzamin.org 2006.13.09).

17. АҲМАДЖОНОВ Ш. Сайтимизда экология саҳифасини очсак. – http://turonzamin.org/2006/09/13/saytimizda-ekologiya-sahifasini-ochsak/#more-420 (www.turonzamin.org 2006.13.09).

18. АҲМАДЖОНОВ Ш. Тошкент дидсиз, қоп-қора панжаралар шаҳрига айлантирилди. – http://turonzamin.org/2006/10/16/toshkent-didsiz-qop-qora-panjaralar-shahriga-aylantirildi/#more-622 (www.turonzamin.org 2006.16.10).

19. МУҲАММАД ЮСУФ. Осмонимга олиб кетаман: Шеърлар. – Т.: «Ёзувчи», 1997. – 144 б.

20. ШЕРАЛИ ЖЎРАЕВ. Турналар – YouTube. – http://www.youtube.com/watch?v=NvuPOZm7W1Y

E-mail: jiz54@mail.ru , ergash1955@yahoo.com , maqsadsh54@gmail.com

2013 йил 11 апрел.

АҚШ, Вашингтон шаҳри.

www.uzmavzu.com

Share on FacebookShare on Google+Tweet about this on TwitterEmail this to someoneShare on LinkedIn