ЛАЗЗАТЛАРНИНГ ЭНГ ШИРИНИ

mahmud yuldoshevМаҳмуд Йўлдошев

Ҳеч ўйлаб кўрганмисиз, сиз ва бизга ором берувчи лаззатларнинг ичида нима ширинлиги ҳақида. Албатта ўйлаб кўрмаган бўлсангиз керак. Аммо бу ҳақда донолар ўйлашган ва бизга улардан бири мана шу фикрни қолдирган. Уларнинг айтишларича, “Лаззатларнинг ичида энг ширини – суҳбат” экан. Аммо сиз эътироз билдиришингиз мумкин, баъзиларнинг “ширин” суҳбатидан ҳатто қочиб қутулиш қийин, деб.
Ҳа, шундай ҳам бўлади. Шунинг учун ҳам буюк Ануширвон уларга қарата мана бу фикрни насиҳат қилиб қолдирган. “Ҳар кишига гапирмоқчи бўлсанг, қарагилки, у сенинг сўзингга харидорми ё йўқми. Агар тингловчи сенинг сўзингга харидор бўлса сўзингни сотгил (агар сўзингни харидор хоҳламаса), у сўзни қўйиб, эшитгувчига ёқадиган сўзни гапир, токи сенинг сўзингга харидор бўлсин “.
Қарабсизки, мана шу биргина иқтибос суҳбат ва унинг кишилар орасида қандай йўналишда бўлишини анчагина аниқлаб беради. Чунки Ануширвон бу ҳақда огоҳлантиради: “Сенинг сўзинг эшитган кишига оғир туюлмасин”. Қаранг, юқорида у огоҳлантираяпти, агар оғир туюлса суҳбат мавзусини ўзгартиргин, “токи у сенинг сўзингга харидор бўлсин”, деб.
Суҳбат, одатда, икки киши ёки икки томон иштирокида ўтади. Биз асосан гапирувчи ҳақида мулоҳаза юритдик. Бу ҳақда Ануширвон айтади: “Кўп билу оз сўзла, кам билсанг кўп сўзлама, чунки ақлсиз киши кўп сўзлайди”. Биз юқорида келтирган, суҳбатидан қочиб ҳам қутулиш қийин бўлган кишилар одатда кўп сўзлашади. Улар сўз қадрига унчалик эътибор билан қарашмайди. Ахир бу тўғрида Ануширвон айтиб кетганку: “Сўзни жуда қадрли деб билгил, чунки сўз хор нарса эмас”.
Инсон бутун умри давомида ўзи учун билим тўплаб, ҳаётий тажрибаларини орттириб боради. Аммо ушбу билим ва ҳаётий тажрибалар бизнинг онггимизда сон-саноқсиз билимлар ва бошқа далилларнинг уюмига айланиб қолмоғи керак эмас. Шунинг учун ҳам буюк мутафаккир Декарт “Ақлни ўстирмоқ учун ҳадеб ўқийвермай кўпроқ фикрлаш керак”, деган эди.
Тартибсиз ўқийвериш натижасида топилган билим, ақлсиз ва тажрибасиз боланинг ўйинчоқларига ўхшаб бутун уй сатҳида ётадида ўша бола керак пайтида истаган ўйинчоғини топа олмайди. Тартибсиз кўп ўқиган кишининг билими ҳам худди шундай, у киши кўп нарсани билади, аммо ўз билган билимларини керак жойга топиб ишлата олмайди. Тартибли билимларгина ақлли ва дононинг қўлида ҳикматга айланади. Шунинг учун ҳам донолар, масалан, сўз ҳақида бундай дейди: “Сўз тўрт навъ бўлади”. Шулардан: “Биринчиси билишга ва айтишга ҳожати йўқ сўзлар. Иккинчиси билишга ва айтишга зарур бўлган сўзлар. Учинчиси билишга зарурати йўқ, аммо айтса бўладиган сўзлар. Тўртинчиси, билса бўладиган, аммо айтишга ҳожати йўқ сўзлар“.
Доноларнинг ўгити орқали айни шу тўрт тамойил асосида ҳар бир инсон нафақат айтиш ва билиши лозим бўлган сўзларни, қолаверса ўзига илм тўплаш асосларини белгилаб олса ҳам бўлади. Бу тамойил айниқса, мулоқот қуриш, бошқалар билан суҳбат орқали муносабат ўрнатиш учун жуда асқотади.
Юқорида айтганимиздек, суҳбат икки томон фаолиятидан юзага келади. Бу ҳақда мутафаккир шундай дейди. “Халойиқ (биз бу ўринда халойиқ сўзини суҳбатдош деб айтишимиз мумкин М.Й.) уч турли бўлади. Халойиқнинг бири шуки, билганини ҳам билади, бундай киши олимдир, унга тобъ бўлиш лозим. Бири шуки, у билади, билганини билмайди, у уйқудадир, уни бедор қилмоқ керак. Бири шундайки, билмайди, билганини ҳам билмайди. У жоҳилдир, ундан қочиш керак”.
Мана, биз суҳбатдош ва улар қандай одамлар экани таърифини кўрдик. Бу ҳақда ҳозирги замон руҳшунослик тили билан айтадиган бўлсак суҳбатдошларни ўндан ортиқ турларга бўлиб таърифлашади.
Улардан биринчиси – “хархашачи, жанжалкаш” суҳбатдош. Бу турдаги суҳбатдош кўпинча суҳбат мавзусидан тез-тез чиқиб кетади, лозим пайтида ўзини босолмайди, ўз қараши ва мавзуга нооддий ва ноаниқ ёндошиши билан бошқаларни у билан суҳбат қурганда эҳтиёткор бўлишга қаратади. Натижада суҳбатдошлар унинг томонини, тарафини олишдан ўзларини тортади. Ҳатто у билан суҳбат қуришдан ҳам ўзларини олиб қочадиган бўлиб қолишади.
Иккинчиси – “ишбилармон, кўнгли очиқ” суҳбатдош. Бу турдаги суҳбатдош энг ёқимли, меҳнатсевар, очиқ кўнгил, босиқ хулқли кишилар. Бундайлар билан суҳбат ўта натижали, ёқимли кечади. Улар билан суҳбат қурганда сезиб турасан киши, ҳар бир дақиқа бу инсон учун жуда қадрлидир. Бундай кишилар билан суҳбатингиз ҳеч вақт сафсатабозликка айланиб қолмайди.
Учинчи тур, “ўта “билағон”, аслида билмас одамлардир. Бундай одамлар кам билса ҳам, ҳамма нарса ҳақида биламан деб юришади. Ҳамма нарса ҳақида уларнинг тўғри-нотўғри ўз фикрлари бор. Тўғри-нотўғрилигини билмасдан суҳбатда ўз фикрларини тиқиштираверишади. Суҳбатнинг ўртасида бўлишни ёқтиришади. Ҳатто билган, билағон, билимли кишиларга ҳам гап бермасликка ҳаракат қилишади. Ўзидан кам билувчилар орасига кириб қолса ўзларини саҳнадаги машҳур артистдай тутишади. Аммо ўзларидан кўп билувчилар, тартибли илм эгалари орасида тезда панд ейди.
Тўртинчиси – “гапсотар”. Одатда, халқ орасида бемаънироқ, кўпгапли, билими паст, тарбия борасида ҳам камчилиги бор одамни шу тоифага қўшишади. Булар нафақат кўп гапиришади, қолаверса, бошқаларга гап бермасликка, суҳбатдошининг вақтини ўғирлашга анча устамон бўлишади. Уларни кўпчилик “ман-ман” дейишади.
Бешинчи тур суҳбатдош – қўрқоқлар. Бу турдаги суҳбатдошлар ўзларига кўп ҳам ишонишмайди, “билганларини билсалар ҳам” ўз фикрларини айтишга шаҳд қилолмайди. Ўзларига, ўз билимларига ишонишмайди, кулгили, ноқулай аҳволга тушиб қолишдан доимо қўрқишади. Қарабсизки, суҳбатдошлар орасида ўз қадр қимматини топмаган кишиларга айланиб қолишади.
Олтинчи турдаги суҳбатдошлар – “тепса-тебранмаслар”. Булар, одатда, ўзларини вақт ва ҳудуддан ташқарида сезишади. Уларнинг суҳбатга бефарқлиги суҳбатдошга доимо салбий таъсир қилиб туради. Кўпинча буларнинг билганини ҳам, билмаганини ҳам билиш қийин. Демак, уларга билади деб таяниб бўлмайди, билмайди, деб умидингизни узгингиз ҳам келмайди. Суҳбатда ноаниқлик бор жойда эса эркин муомаланинг бўлиши амри маҳол.
Ушбуларга яқин турадиган еттинчи суҳбатдошлар тури – “тааллуқли, алоқадор шахс”. Бундайлар худди олтинчи тур суҳбатдошлар сингари ўзларини суҳбатда совуқ тутишади. Мулоқот ўзларига тааллуқли бўлмаса бемалол суҳбат давомида мизғиб ҳам олишлари, суҳбатдошнинг фикрларига эътиборсиз бўлишлари билан ажралиб туради. Аммо, суҳбат уларга алоқадор ҳолларда ўзгариб қолиши, фаоллашиб бошқа қиёфа олишлари мумкин. Сизнинг суҳбатингизга эътиборсизлигини сезган пайтингизданоқ сизда мулоқот қонуниятига асосан бундай суҳбатдошга нисбатан қизиқиш пасаяди. Натижада суҳбат яхши ривож топмайди.
Саккизинчи тур суҳбатдошни “казолардан”, деб атайлик. Бундайлар ўзларини бошқалардан устун олиб суҳбатдошга эътиборсиз қарайди, танқидга чидамсиз бўлади. Билимдон бўлмасалар ҳам суҳбатдошдан ўзининг бирон устунлигини рўкач қилиб “узоқдан” келишади, яъни кўпинча улар мансабларини унутолмайди. Бундайлар билан суҳбатни тенг, ёқимли тарзда ташкил қилиш жуда қийин.
Суҳбатдошнинг тўққизинчи тури – “бунимачилар”. Бундайлар кўп ҳолларда билганларини ҳам билмайди, шу сабаб савол бериш ўринсиз ҳолларда ҳам савол бериб энсангизни қотиради. Ўзлари сўзамол, ҳатто баъзан сухандон бўлганларидан суҳбатдошнинг оғзига қараб зарур нозарур пайтда савол беришга пайт пойлаб туради. Тўсатдан берган саволи билан суҳбат мавзусини бутунлай ўзгартириб ёки жиддий кетаётган суҳбатни кулги, масхара шаклига олиб келиб қўйиши ҳам мумкин.
Охирги, ўнинчи тур суҳбатдош – “расмиятчилар”, оддий суҳбатни ҳам мажлисга айлантириб юборувчилар. Улар одатда “казолардан” бўлмаса ҳам ўзларини ўшалардай қилиб кўрсатишга жуда устамон бўлишади. Бундайлар ўзларидан устунлар олдида ўта нўноқ суҳбатдошга айланиб қолишлари ёки лаганбардорлик қиёфасига киришлари мумкин.
Айтиб ўтиш керакки, суҳбатдошларни бундай турларга бўлиш, ажратиш ўта шартли равишда қилинади. Чунки кўпгина ҳолларда бу турдаги суҳбатдошлардан ҳам яхшироғи ёки баттарроғи учраб туради. Айтайлик, кўрсатилган сифатларнинг айнан яхши томонлари турли хилда, турли кишиларда эмас, бир кишида ёки кўрсатилган сифатларнинг энг салбийлари ёки энг ижобийлари айнан бир кишида учраши мумкин.
Мана, суҳбатдошлар нақадар турлича бўлишини бироз бўлса ҳам ёритдик. Улар билан нормал, расман ва айниқса ёқимли суҳбат қуриш учун Ануширвон айтганидек, “киши сухандон ва нотиқ бўлиши керак”. Суҳбатдошнинг кўнглини топиш, унинг диққатини жалб қилиш ва суҳбат мавзуси доирасида ушлаб туришнинг ўзи бир санъат. Бу ўринда юқорида келтирилган “Сўзни жуда қимматли деб билгил, токи сўз хор нарса эмас” дейилган фикрни унутмаслик керак, холос. Одам шахс сифатида ҳар бир суҳбат давомида суҳбатдоши учун очилиб боради. Одатда кишининг ташқи қиёфаси, кийим-кечаги-ю, юриш туришига қараб биринчи хулосага келсак, бу одам ҳақида у билан суҳбат қурганимиздан кейин ўз фикримизни батафсилроқ шакллантирамиз. Шунинг учун ҳам ҳар биримиз ўз сўзимиз қадрини унутмаган ҳолда донолар фикрига риоя қилсак, яъни “Халойиқ сенинг сўз билан баланд даражага эришганингни билсин, чунки кишининг мартабасини сўз орқали биладилар, сўзнинг мартабасини киши орқали билмайдилар, чунки ҳар кишининг аҳволи ўз сўзи остида жойлашган бўлади”, дейилган фикрдан келиб чиқсак, биз ҳар бир сўзни гапиришдан олдин жуда ўйланиб кейин сўйлашимизни англаб оламиз.
Инсон жамиятда ижтимоий шахс экан, унинг учун лаззатларнинг ширини суҳбат бўлиб қолаверади. Демак, суҳбат жараёни суҳбатдошлар учун ўта ёқимли бўлиши керак. Яъни ҳар биримизнинг сўзимиз “эшитган кишига оғир туюлмасин”, суҳбатдошни бизга оҳанрабодай тортиб турсин. У ўз аниқлиги билан айтмоқчи бўлган фикримизни тўлиқ ифодалашуви билан ажралиб турсин. Акс ҳолда бизнинг фикримизни, нима демоқчи бўлганимизни суҳбатдошнинг тушуниши қийин бўлади. Бу қийинлик эса ўз ўрнида суҳбатдошни биздан тезда узоқлаштиради, фикрини чалғитади, ҳатто биз ҳақимизда нотўғри фикрларга олиб келиши, бизга шахс сифатида берилаётган баҳони ҳам ўзгартириб юбориши мумкин.
Ҳар бир суҳбат жараёни ўз ранг-баранглиги билан ажралиб туради. Кўп ҳолларда бу ҳаётий тажрибани ўрганишнинг охири йўқдай кўринади. Биз шунинг учун ҳам “гапдон”нинг, “хархашачи”нинг ёки “расмиятчи”нинг сўзини тинглашдан қочмоқчи бўламиз. Аммо Ануширвон “Ҳар қандай сўзни эшитишдан сиқилма. У сўз ишингга хоҳ ярасин, хоҳ ярамасин, уни эшит, токи сенинг учун сўз эшиги ёпилиб қолмасин ва сўзнинг фойдаси тамом бўлмасин” дейди. Шу билан бирга инсон ўзи сўзловчи, суҳбатдош сифатида ўз сўзига ўта эҳтиёт бўлмоғи даркорлигини ҳар доим унутмаслиги керак.
Биринчидан, сўзнинг маъно жиҳатига эътибор берилса, яъни “сирингни душман билмасин десанг дўстингга айтма”, деган оқилона маслаҳатдан чиқмаслик керак. Суҳбат жараёнининг нозик томонлари борки, уларни ҳеч вақт унутиб бўлмайди. Масалан, доно айтади “халойиқнинг орасида бир кишининг қулоғига сўз айтмоқ яхши эмас. Гарчи, бундай сўз яхши бўлса ҳам ташқаридан ёмон кўринади. Бу сўздан одамлар гумон қиладилар, чунки кўпчилик одамлар бир-бирлари ҳақида бадгумондирлар”. Ушбу қоида суҳбат маданиятига кириб, бошқалар олдида бирон ҳаракат билан кишиларнинг фикрини чалғитишга йўл қўймасликка чақиради. Ҳар қандай фикрни чалғитиш сизга нисбатан салбий фикр олиб келиши мумкин.
Мана, лаззатлар маликаси – суҳбат, мулоқот маданияти ва унинг турлари, қатнашчилари ва уларнинг ўзларини қандай тутишлари ҳақида бироз мулоҳаза юритдик. Ушбу лаззатдан яхшироқ, унумлироқ манфаат ва улуш олишнинг йўллари кўп. Бунинг учун, одатда, кўп сўзламаслик, яъни сергап бўлмаслик ва яхши эшитгувчи бўлиш кўп ҳолларда катта фойда келтиради. Суҳбатда тингловчи ва унинг роли ниҳоятда катталигини унутманг. Токи, чидамсиз тингловчининг олдида ва унинг иштирокида ширин суҳбат бўлиши қийин.
Суҳбат жараёнида яхши эшитувчи бўлишлик учун суҳбатдошдан диққат-эътиборингизни олиб қочманг. Сергап ва ёйиқ суҳбатдан ҳам энг зарур маълумотни топиб олишга ўрганинг. Агарда суҳбат давомида бирор сўз ёки ибора сизни ҳаяжонлантирса, ғашингизни келтирса уларни нейтраллаштириш йўлини топинг. Унутманг, ҳаяжонга борсангиз фикрингиз текис чиқмаслиги, мавзудан чалғиб кетишингиз хавфи кучаяди.
Суҳбатдошнинг асосий ғоясини кўздан қочирманг. Унинг сўзлари, товуши, хатти-ҳаракати, ҳатто ўзини тутишига эътибор беринг. Фикрини қандай тушунганингизни билдиринг, шошма-шошарлик билан баҳо берманг, ақл ўргатманг, айниқса танқид қилманг. Суҳбатдошни тинглашдаги баҳо, маслаҳат ва танқид гапирувчини ҳаяжонга солади, фикрини чалғитади, демак, гапирувчи ўз мўлжалига етолмаслиги мумкин.
Бу ўринда унутманг, фикрлаш тезлиги гапиришга қараганда тўрт баробар устунлик қилади. Демак, сизда бор “бўш вақт”, гапирувчида йўқ. Эшитувчининг лаззатланишга тўрт баробар вақти кўп.
Суҳбат ширин ўтсин десангиз кўпроқ эшитувчи бўлинг. Суҳбатдошингизга вақти-вақти билан сўз таъсири ўтказиб турсангиз суҳбат силлиқ кечаверади. Суҳбатнинг ёқимсиз томонларини ёқимли томонга буришга ҳаракат қилинг. Суҳбатдошингизнинг Ўзлигига, шахсиятига тегманг. Узундан-узун, ёзма ибораларни суҳбат давомида кам ишлатинг, суҳбатдошга нисбатан ҳурматсиз ва айниқса дидсизлик қилманг. Суҳбат ширин давом этиши, ҳатто бутунлай тўхтаб қолиш хавфи кучли бўлганлиги учун суҳбатдошингиз “йўқ” деб жавоб берадиган саволларни берманг. Суҳбатдошингизни ҳадеб, керагидан ортиқ мақтайверманг. Суҳбат давомида ўз ноҳақлигингизни сезсангиз тан олишдан қочманг. Ўз фикрингизни суҳбат давомида, ҳатто у ўта тўғри ва ёқимли бўлишига қарамасдан ортиқча қайтараверманг.
Ҳа, суҳбат лаззати ширин. Ундан ўта омилкорлик билан фойдаланиш учун билим ва маҳорат доимо бизда камлик қилади. Айниқса, донолар даврасида ўзимизнинг ҳали кўп нарсани билмаслигимиз ва билганимизни ҳам бошқаларга етказиш маҳоратимиз етук эмаслигини сезиб турамиз.
Суҳбатнинг алоҳида турлари ва суҳбатни олиб бориш қоидалари жуда кўп. Бу қоидаларга миллий ва бошқа ижтимоий талаблар қўшилиб улар янада рангбаранг тус олиши мумкин.
Суҳбат давомида, айтайлик, америкаликлар ўзларини шундай тутадики, токи сизнинг бутун танангиз уларга кўриниб турсин, овруполиклар ўзини бундай тутишмайди. Хитойликлар учун суҳбатдошнинг суҳбат давомида бош қисмигина кўриниб туриши етарли. Бизда суҳбатдошнинг кўкрак, бош қисмлари кўриниб турса ўзимизни эркин сезамиз ва суҳбатимиз яхши маромда кечаверади.
Суҳбат лаззатли бўлиши учун бу талабларни қанчалик қалаштирманг, аслида сўзингиз “харидоргир” бўлиши лозимлигини унутманг.

Маҳмуд Йўлдошев
Психология фанлари номзоди

www.munosabat.org

Share on FacebookShare on Google+Tweet about this on TwitterEmail this to someoneShare on LinkedIn