Муҳаммад РАЖАБ: УЛУС ҲАНГОМАЛАРИ

muhammad rajabОйдиндаги ижодкорлар: Марҳум шоир Муҳаммад Ражаб қаламига мансуб  ҳангомалар.. .

***

Мулла Эшнинг болалари

Не кунларга қолдик оғайнилар?! Ҳеч замонда ака ўз туғишган укасини судга берадими? Бунақаси ҳали Улусда бўлмаганди. Тағин булар мулла Эшнинг болалари-я! Раҳматлик гўрида тикка турадиган бўлди. Эҳ-е, мулла Эш қандай одам эди. У казо-казоларни бир гап билан мот киларди. Ҳар ҳолда икки-учтага гапи ўтар, қаттиққўл, валинамой бир киши эди. Бошидан ўзи фарзандларини унча хушламасди. Каттаси ўқишни битириб тумандаги даҳрийлар идорасига ишга киргач, у билан икки ойча гаплашмай юрди. На илож, ота-бола – эту тирноқ. Бунинг устига тўнғичи бўлса. Ишонгани, суянгани, шажарасининг бисмиллоси. Кичигини-ку, жини суймасди. Қачон қарасанг боши ғавғодан чиқмайди: ким биландир гап талашган, бошқаси билан қиз талашган, кимнидир аламидан урган. Мулла Эш ўғилларининг кичиги ҳақида икки гапнинг бирида каромат қилиб айтардики: бу падар қусур одам бўлмайди… Мана оқибати – ўз акасини урди. Ака шўрлик нима қилсин? Бир қориндан талашиб тушган укасига кучи етмаса. Ўша ҳўкиз би­лан тенг бўлиб ўтирадими? Қолаверса, жанжаллашиб ўтирса обрўйига тўғри келармикан? Жаҳл чиқса ақл кетади. Бунинг устига даҳрий бўл­са. Аччиғи чиқса отаси-ку отаси, худосиниям тан олмайди. Укасини шартта милицияга берди-юборди.

Сизга воқеани бир четдан айтиб бермасам бўлмайдиган кўринади. Алқисса, бундан уч ойча бурун Мулла Эшнинг кичиги ўқишни битириб, диплом билан бирга шаҳардан хотин ҳам олиб келди. Бундан мулла Эш кўп ранжиди. Бироқ, келин шаҳарлик бўлгани билан ажабтовур ўзбек экан. Қайнотасига каловини келтириб салом қилди. Мулла Эш­нинг ўмгани бўшади. Начора, замон сенга боқмаса, сен замонга боқ. Ими-жимида тўй қилиб берди. Ҳовлининг кун ботаридаги мулла Тошдан қолган ҳужрани бўшатиб берди. Кун чиқарда каттаси, кунботарда ки­чиги, ўрта уйда мулла Эш келган-кетган муридларини қабул қилиб яшай бошлади. Мулла Эшни тилдан қолдирган бир ҳодиса бўлмаганда ҳалигача тинч-тотув яшайве-ришлари мумкин эди.

Тўйдан ўн беш кунларча ўтиб, бир саҳар мулла Эш таҳорат учун ҳовлининг кунботар томонига йўл олди. Йўл олишга олди-ю, манзилига етолмай, ярим йўлда таққа тўхтади. Воажаб, нилий саҳар нурларида оппоқ сонларини ялтиратиб янги келинчак музикани ванг қўйганча оёқларини боши баробар кўтариб тушираяпти. Қайнотасини кўриб ширингина бир жилмайиб, каловини келтириб таъзим қилди-ю, рақсини давом эттираберди. Ҳар сафар таъзим-саломга жавобан мулла Эш: баракалло, қизим, барака топинг, дегув-чи эди. Бу гал лом-мим демади. Таҳоратни ҳам насия қилиб ортига қайтди.

Қайтдию, ўрнига чўзилди. Ўрнига чўзил-ди-ю, қайтиб турмади. Уч кун шифтга қараб гум-гурс ётди. Тўртинчи куни, ўғилларига насиҳат ҳам, васият ҳам қилмай бандаликни бажо келтирди.

Мулла Эш ўлди-ю, бу хонадондан файз ҳам кетди. Болалари унинг маъракасини ўтказар-ўтказмас иш-ишига шўнғиб кетишди. Кичик келини ҳам чилласи чиқар-чиқмас эрининг олдига, мактабга жойлашди. Эри жисмоний тарбиядан, бу одобдан дарс беришади. Ҳавас қилса арзигудек зиёли оила. Ҳувиллаган ҳовлида одатдагидек катта келин — Сотим савдогарнинг қизи ёлгиз қолди. Эрини ишга, болаларини мактабга кузатади. Супиради-сидиради, ювади-ямайди, қоради-ёпади. Катта келин ўзидан-ўзи, кичик келин мактабдан ортмайди. Шундай қилиб икки ойча яшашди. Бир куни Сотим сав­догарнинг хотини Ойша олибсотар келди-ю, қизининг ҳолини кўриб уввос тортиб йиғлаб юборди. Анаву мегажинга айт, орқасини дикирлатиб юргунча, уйга бироз қайишсин, ҳиқиллай-ҳиқиллай ўргатди онаси.

Мулла Эшнинг катта келини одоблигина эди. Онасига ҳеч нарса демади. Бироқ ўзича ўйлаб кўрса, онаси бекорга йиғламайди. Эртасига пешинда, овсини овқатланиб бўлиб, шоша-пиша ишга отланаётганда чидаб туролмади. Таппи қориб ўтирган жойида овсинга ёрилган бўлди.

– Овсинжон, сиз ҳам мундай уйга қайишсангиз бўлармиди? Ҳеч бўлмаса овқат еган косаларингизни йиғинг! Нима, сизнинг бу ерда сотиб олган чўрингиз борми? — деди катта келин овозини салгина кўтариб.

Буни эшитиб кичик келин портлаб кетди.

— Вой, вой-ей, ўргилдим сиздақанги ҳақини таниб қолган қишлоқидан. Қачондан бери сиз бизнинг орқамизни тозалаб қолдингиз? Оғзингизга қараб гапиринг, ким сизни чўри деди? Ёқмаса қилманг, керак бўлса ўз қозонимни ўзим қайнатиб оламан, – бидирлаб ташлади мулла Эшнинг кичик келини. Катта келин қанча одобли бўлмасин овсинининг қишлоқи дегани оғир ботди.

— Биз қишлоқи бўлсак ҳам, сендай сонидаги холини илинган эркакка кўрсатиб кўчама-кўча санқийдиган додарбоқидан худо сақласин. Сатанг, шаҳарлик шармсиз сатанг, тфу! — деди катта келин ижирғаниш билан қораётган тапписига тупуриб.

Мулла Эшнинг кичик келинининг сонида ростдан ҳам холи бормикан, ёки шармсиз сатанг деган гап алам қилдими, ишқилиб овсинининг_ сочига чанг солди. Мулла Эшнинг катта келини чаққонгина эди. Ҳужумга чап бериб, қўлидаги таппини рақибнинг юзига бехато отди. Бечора келинчак бармоқчалари орқали кўзи билан оғзини аранг очиб “ув” тортганча ҳовлидан чиқиб кетди. Тўғри мактабга, эрининг олдига борди. Эри югурганча уйга келди. Катта келин хиргойи қилиб таппи қориб ўтирган эди. Қайнисининг важоҳатини кўриб, ўрнидан туриб изоҳ бера бошлади. Изоҳга ҳожат сезмаган мулла Эшнинг кичик боласи янгасини бир силтаб гўнг тепага итқитиб юборди. Воқеанинг устига Мулла Эшнинг катта боласи келиб қолди. Қўлини пахса қилганча укасига ҳай-ҳайлаб чопди. Жаҳлидан тушмаган Мулла Эшнинг кичик боласи акасини билагидан ушлаб, елкасидан ошириб янга-сининг ёнига отиб юборди. Усти-боши шилта даҳрий тура солиб Ҳалим миршабникига югурди.

Ўтган йили курашда Мулла Эшнинг спортчи боласини йиқитган Ҳалим миршаб унинг қўлини орқасига қайириб туман марказига олиб кетди.

Ана энди суд бўлади.

Не кунларга қолдик, огайнилар. Ҳеч замонда Улусда бунақанги воқеалар бўлмаганди.

****

Отасининг боласи

Уста Мадиёр кенжаси билан айтишиб қолди. Нима эмиш, ўқишга борар эмиш. Тағин нима денг, журналист бўлар эмиш. Уста Мадиёрнинг журналистларни кўрарга кўзи йўқ. Қачон қарасанг улар рахбарларнинг олдида ялтоқлангани-ялтоқланган. Ҳали бирорта журналистнинг этикдўзлар ҳақида ёзганини уста эшитмаган. Ҳа, боласи тушмагур-а, ол, ана шоир бўл. Одам ҳам шунча паст кетадими? Журналист бўлар эмиш. Аслида-ку буларнинг бари бир гўр. Қолаверса, устанинг бу борада ўз фалсафаси бор: «Бузилган дунёни қалам билан тузатмоқ мушкул ишдир». Уста бундай хулосага келишининг ҳам сабаби бор. Бурноғи йили неварасини турмушга чиқараётганда чинни излаб Тошкентга борди. Марказдаги катта магазиндан қайтаётганда Ражаббойни кўриб қолди. Ражаббой улуслик Имом чолнинг невараси. Тошкентда ишлайди. Идораси катта бино, ҳатто тепасида соати ҳам бор. Авваллари бахшиман деб ота-бобосини шеърга қўшиб айтиб юргувчи эди. Кейинчалик каттаконларни муштум қиладиган одат чиқарди. Ўзи кичкина бўлсаям бало бу бола. Уста қараса, Ражаббой. Юрибди ўзига ўхшаш икки-учта тепакал оғайниси билан, қўлини орқага қилиб, соя бетда сайр этиб. Бора-сола кўришди. Узоқ сўрашишди. Соядаги ўтиргичлардан бирида салқинлашишди. Устага аввалига Ражаббойнинг шериклари ўта бемаъни одамлардай туюлди. Э, буларнинг билмаган балоси йўқ. Дунёнинг бу бурчидан кириб, у бурчидап чиқади-я. Оддий этикдўздан тортиб, энг катта бошлиққача таъриф беришади-я! Эмишки, устанинг шунча йўл босиб пойтахтга келиши ва чинни идишлар тополмаганига ҳам энг катта бошлиқлар айбдормиш. Уста ҳайрон. Чиннининг катта бошлиққа нима алоқаси бор? Уста ҳайрон, уста жим. Улар гапиради, уста эшитади. Ичида уларга қойил қолиб ўтиради. Шу пайт бир воқеага гувоҳ бўлмаганида уста балки уларга қойил бўлганича, Улусга қайтиб келармиди. Балки ёзувчи зотидан кўнгли қолмасмиди, балки кенжаси билан буйтиб айтишиб ўтирмасмиди?! Ким билади? Уста ҳам бир чапани одам. Ёзувчилардан бир кўнгли қолдими, қайтиб уларни суйиши гумон.

Шундай қилиб, улар гурунглашиб ўтиришган эди. Шу пайт ўрта бўй, мулойим юзли бир киши: «Ҳа, шоирлар, ҳорманглар!» деганича ўтиб кетди. Телевизорда тез-тез кўринувчи бу машҳур ёзувчини уста дарров таниди.

– Анаву киши Фалончибой эмасми? – сўради уста ҳурмат билан.

– Ҳа, шу Фалончи Фалончиев, — деди Ражаббой овозига ҳавасми, ҳасад оҳангини аралаштириб.

– Ярамас, – деди унинг ёнидагиси нафрат билан. Уста ногаҳонда қўлини кесиб олгандек сесканиб тушди.

– Қаранг, – деди ундан нарироқда ўтирган кўзойнакли қорача киши. – Ҳайф бунга ёзувчилик. Қаранг, бунинг юришини, атрофига гуруҳ тўплаб…

У сигаретни пошналари орасига ташлаб алам билан эзғилади. Бири унинг қадам олишини эгри деди, бири тўғри деди, бири майда деди, бири йирик деди. Ширингина суҳбатлари фисқу-фасодга айланди. Уста бефаросатларча Фалончибоймиди, деб сўраганидан хижолат тортди.

Устанинг мулзамлиги кечқурун вокзалга чиққанда ҳам ёзилмади. Хайрлашиш арафасида Ражаббойдан ўсмоқчилаб сўради:

– Ҳалигилар ҳам ёзувчими?

– Ҳа, — деди Ражаббой истар-истамас.

– Бояги-чи, бояги, ростдан ёмон одам-ми? — эзмаланди уста.

– Билмадим, оқсоқол, бирон нарса дейиш қийин, – энсаси қотиброқ жавоб берди кузатувчи. Кейин ўртада иккаласи учун кўп нарсани ойдинлаштирган қисқагина савол-жавоб бўлиб ўтди:

– Унда ҳалигилар нима учун, – Фалончибойни демоқчи эди-ю, уста иккиланиброқ, – анавини ёмон кўради? — деди.

– Улар шунинг қўлида ишлашади.

– Ёпирай. Сен-чи? Сен ҳам шулар билан ишлайсанми ?

– Ҳа.

– Ёпирай. Ахир булар аждаҳо-ку, сени бутунлай нобуд қилишади.

– Пешонада бори, оқсоқол. Қолаверса, нафақат булар, бу бечораларни шу кўйга солган ҳаётнинг ўзи аждаҳо, – деди Ражаб­бой хўрсиниб.

Суҳбат узилди. Уста ўзича ўйлар эди: «Буларнинг аҳволини қара, халқнинг ишонган ёзувчилари эмиш! Тағинам баракалла-ей бу халққа!»

Узилган суҳбат поезд келиб биринчи йўлга тўхтагунча қовушмади. Поезд тўхтагач, уста Ражаббойга қаради. Улуснинг поездига ти­килиб турган Ражаббойнинг кўзларида ажиб учқун ўйнарди. Суйган хотинининг сочларига термулган одамнинг кўзларидагина бўлади бундай соғинчга қоришиқ меҳр жилва қилган учқун. Буни ўзича англаган уста унга мурожаат қилди:

Ана шунинг қўлида шунча йилдан бери ишлар экансан, у сенга бирон марта яхшилик қилмаганми?

Ражаббой суҳбатни давом эттиргиси келмадими, индамади.

– Менга қара, Ражаббой, – салмоқ билан поездга қараб юраркан деди уста насиҳат йўсинида. – Анча калласи тўқ, пишиқ боласан, балки қишлоққа қайтарсан-а? Юрасан, бир кунингни кўриб, бу ғурбатлардан узоқроқда, термангни ёзиб.

– Бўлмайди, оқсоқол. Катта иш бошлаганман, охирига етказмасам бўлмайди. – деди ишонч билан Ражаббой, вагон эшиги олдида тўхтаб тўрхалтасини уста Мадиёрга узатар экан.

– Ўжарсан, ўжар, Ражаббой. Бобонг раҳматли ҳам ўжар эди, лекин у киши анча доно эди, – деди уста Мадиёр вагон зинасига қадам қўйиб, орқасига ўгирилмай гапини охирлатди. – Ҳай, майли, омон бўл, омадингни берсин!

Шу-шу уста Мадиёр унинг бирор нарсасини ўқимай қўйди. Авваллари ҳижжалаб бўлса-да, ўқиб турарди.

Ражаббойнинг бирор нарсаси чиққан куни кенжаси келиб суюнчилайди:

– Қаранг, ота, Ражабоой ака маладес-да, яна боплаб ёзибди.

– Боплаб нима қилибди, — дейди уста уни жеркиб…

Қаранг, бугун келиб шу зумраша отаси билан гап талашиб ўтирибди-я. Ўқишга борар эмиш, журналист бўлар эмиш. Бола-да, тушунмайди. Уста Мадиёр етмиш сўм билан еттита болани вояга етказди. Ўғилларини уйлади, қизларини чиқарди. Фақатгина шу кенжаси қолди. Бугун келиб ўқишга бораман деди. Бола-да, тушунмайди. Нима, уста Ма­диёр дўхтир Абдимўмин Каттаевмидики, ўғлини фалон пул билан журналистикага киргизса, фалон пулга шаҳардан уй олиб бериб қўйса. Ана, Каттаевнинг боласи, юрибди кичкина бир газетда ишлаб, ким-кимларга чой ташиб. Ҳеч ким уни танимайдиям, уям ҳеч нарса ёзмайди. Қолаверса, устанинг ўғли отасининг боласи, ёлғонни эплаб гапиролмайди.

Уста аввалига ётиғи билан тушунтирди:

– Ўғлим, бир йил, ярим йил ишла, ҳарбийга бориб кел. Ўқиш бўлса, қочмас.

– Йўқ, ота, шу ёқда ишлайман. Ўқишга кираман, менга фақат йўл пули берсангиз бас.

– Бўлмайди, болам, бу йил бормайсан, – деди уста чўрт кесиб.

– Барибир кетаман, – деди ўғли дадиллик билан.

– Бормайсан! – Уста шундай ўқрайди-ки, бола бечора бошини эгишга мажбур бўлди.

– Ма, – деди уста бироз паст тушиб. – Мановини Абдирайим олтиоёққа олиб бориб бер. Отам кўнини бултур Тошкентдаги жуҳуд жўрасидан олиб келган экан, эллик сўм берасиз, де. – Уста ўғлига янги тикилган маҳси узатди. Ўғил маҳсини қўлтиқлаб остонадан:

– Мана кўрасиз, барибир кетаман! – деди. Боласининг кўзига кўзи тушган ота ўғлининг аллақачон йигит бўлиб етилганини ҳис этди. Уста эшикка интилганида, эшик ёпиқ турарди.

Мана ўтирибди уста Мадиёр бош эгиб.

Бола шўрлик ўқишга боролармикан? Ҳар ҳолда уста Мадиёр – чапани одам. Бироқ кенжатой ҳам шу одамнинг пушти камаридан бўлган. Шу отанинг боласи. Супра қоқдиси…

****

Ўғри

Раҳмонали Улусдаги омадсиз одам. Шўрлик онадан эрта етим қолди. отаси бошқага уйлангач, янги онанинг маслаҳати билан уни туман марказидаги интернатга беришди. Раҳмонали у ерда хоҳлаганидек ўқиди, яшади. Оқибатда ҳеч бало бўлмади. Қайтиб Улусга келди. Улус катта қишлоқ бўлса-да, чўпонликдан бошқа иш топиш ўлимдан қийин.

Қариндошлариникида, унисидан хафа бўлса бунисиникида, буниси хафа қилса отасиникида, отаси хафа қилса бошқасиникида яшаб юрди. Бу хилдаги ҳаёт ҳарбий хизматдан кейин ҳам давом этди. Тўғри, бошқа юртларда ҳам ишлаб келди. Лекин бошқа ерларда қариндошлари йўқмикан, дарров қайтиб келди. Ёши ўттиздан ўтиб яхшиларнинг ёрдами билан ўзи каби бир етимчага уйланиб олди.

Ҳамма бало шундан кейин бошланди. Бир кишини сиғдирган қариндошлар икки кишини сиғдирмас экан. Қайси бириникига борса насиҳат эшитди.

– Энди, оғайни, ўз кунингни ўзинг кўр. олахуржун бўйнингдами, аравангни торт.

Икки ёрти бир бутун бўлиб аҳил яшанглар. Ишланглар! — дейишди.

– Ҳов, яхшилар, иш бўлмаса ўғрилик қилайинми?! — дерди етимча тутақиб.

– Ўғрилик қиласанми, тўғрилик қиласанми, ишқилиб ўз кунингни ўзинг кўр, — дейишиб қариндошлар уни қишлоқнинг чеккасидаги бировнинг бўш кулбасига кўчириб қўйишди. Ҳар ким ҳолига қараб: биров қозон, биров товоқ, биров товуқ, деганларидай ёрдам қилишди. Лекин ҳеч ким энг яхши ёрдам – икки етимчадан бировига иш топиб бермади. Ишнинг ўзи йўқ эди.

Келин пишиққина экан, бир йилча амал-тақал қилиб яшашди.

Бу ёғига бундай яшаб бўлмай қолди, яхшилар!

Бир куни кечқурун, ҳа, бу қишда эди, қор эндигина тинган эди, Раҳмонали ҳайт деди-ю, уйдан чиқиб кетди. Ярим тунда бир қўйнинг гўштини орқалаб келди. У ҳам индамади, хотини ҳам, қаердан олдинг, демади. Фақат тенг ярмидан бўлиб:

– Қўшниникига олиб чиқиб беринг, – деди. Раҳмонали хотининг олижаноблигига ичида тан берди. Қўшниси ҳам ўзидек камбағалгина йигит. Қарийб бир ҳафтадирки, бола-чақасини тухум билан боқяпти.

Гўштни олиб чиқар экан, хотинини эркалаган бўлди:

– Кичкинагина каллангга шунча ақл берган Худойимдан айланай.

Қишлоқнинг чеккасидаги икки хонадонда қувонч узоқ давом этди. Алламаҳалгача ўчоқ ҳам, чироқ ҳам ўчмади.

Раҳмоналининг бахтиёрлилиги эрталабгача экан. Йўғ-э, тушгача! Ишламагандан кейин нима фарқи бор, тушми, эрталабми?! Ишқилиб бахтиёр Раҳмонали эндигина турган, ҳали ювиниб улгурмаган ҳам эди. Бекорчиликдан семириб кетган Улуснинг участковойи Ҳалим миршаб билан, шундай совуқда ҳам терлаб кетган отаси, пишиллаб кириб келишди. Салом йўқ, алик йўқ, Ҳалим миршаб сичқонга ташланган мушукдай совуқдан тарашага айланган Раҳмоналининг даҳлиздаги этигига ташланди. Ўнг қўлида этик, чап қўли билан Раҳмоналининг ёқасидан тутди:

– Мана, – деди қиров қоплаган мўйловлари орасидан вишиллаб, – мана, далил, эпласанг ўғрилик қил-да, падарлаънат!..

Шундай қилиб эрталаб, йўғ-э, тушда, Улуснинг ёлғиз чойхонаси бекорчиларга тўлиб улгурган бир пайтда, ўз ишининг устаси Ҳалим миршаб қўлида этик, олдинда терга ботган отаси-ю, ўртада гўшт орқалаган Раҳмонали шўрлик – қишлоқ шўроси биносига йўл олишди.

Натижаси нима бўлди, дейсизми? Ҳеч нарса! Ота даъвосидан кечди. Ўғил лақаблик, миршаб гўштлик бўлди. Девордан ошириб ташлаган гўшти учун қўшни хотин эридан ўлгудай калтак еди…

www.bil.uz

 

Share on FacebookShare on Google+Tweet about this on TwitterEmail this to someoneShare on LinkedIn