Тарихга муносабат адолатли бўлсин

tarixi rashidiyТақриз ўрнида

Ашраф Ахмедов

Менга шогирдларимдан бири Муҳаммад Ҳайдар мирзонинг “Тарихи Рашидий” асарининг ўзбекча таржимасини олиб келиб, “Домла, мана бу китобни бир ўқиб кўринг” деганида, китобнинг чиройли муқовада, юксак полиграфик маҳорат билан, ҳадя қилса арзигулик кўринишда нашр этилганини кўриб, хурсанд бўлдим.

Чунки Муҳаммад Ҳайдар мирзо тўғрисида айрим манбаларда ўқигандим. Бундан ташқари “Тарихий Рашидий” китобининг русча матни билан озроқ таниш эдим. Иккинчи томондан, тўғрисини айтсам, мазкур асарнинг айрим жойлари менда унга нисбатан салбий фикр уйғотганди.

Шу сабабли китобни диққат билан ўқий бошладим. Негаки, у тарихий манба, ўша давр воқеалари иштирокчисининг баёни.
Аммо сўзбошини ўқиб чиққач, ҳафсалам пир бўлди. Гарчи филолог олимлар эзгу ишга жазм этган бўлишса-да, китобга баҳо беришда, ундан хулоса чиқаришда тарих илми талабларини мукаммал бажара олишмаган. Аниқроғи, аксарият тарихчилар томонидан ҳали эътироф этилмаган ҳамда ҳукмдорлар атрофидаги шахсий муносабатлар ифодаси, “хонлар шахсидаги маърифатга муносабат” тўғрисидаги шахсий қораламаларни буюк тарихий асар баробарида таърифини келтиришган. У ҳатто “Бобурнома”га тенглаштирилади.

Маданий меросимизда гарчи тарихий манба ҳисоблансада, шахсий нуқтаи назар ёки воқеалар муайян мақсад йўлида баён этилган биографик асарлар йўқ эмас. Улар бошқа тилларга таржима қилинишидан қатъи назар, фундаментал тарихий асарлар рўйхатига киритилмаган. Буни табиий ҳолат деб қабул қилмоқ лозим.

Аввало, муаллифлар 45 саҳифалик сўз бошида бу китобни қайси тилдан таржима қилганликларини аниқ айтишмаган. Ўта зукко мутахассис ноширгина титулдаги кичик белгидан унинг форсчадан ўгирилганини англаши мумкин.

Мутаржимлар таъкидлаганидек, “Тарихи Рашидий”нинг ўнлаб тилларга таржимаси ва чалкашликлар мавжуд нусхалари бор. Бизнингча, бундай ҳолат Муҳаммад Ҳайдар нуқтаи назари ёки баёнининг асл воқеликка мос келмагани оқибатидир. Таржимон ёки ҳаттот бундай саҳифаларни ё тушириб қолдирган ё тўғрилаб ёзган бўлиши мумкин. Шу сабабли ҳам бор йўғи 3-4 та асарни арабчадан форсийга ўгирган, фақат битта воқеанома ёзган муаллифни қомусий олий деб таърифлашдан тийилмоқ маъқул, деб ҳисоблаймиз. 1996 йилда Амир Темурнинг 660 йиллиги тантаналари чоғида “Тарихи Рашидий”нинг русча таржимаси тарқатилганида ва ундан кейин ҳам бирорта олим унга илиқ муносабат билдирмагани фикримизни исботлайди.
Асардаги бир ҳолат мени ҳайратга солди. “Тарихи Рашидий”да (123-бет) “Улуғбекнинг туғилган ва ўлган санаси маълум эмас. Агар ўша даврдаги (қайси даврни назарда тутаяпти?) саналарни бир-бирига қиёсласак, унинг тахминан 860 йилда вафот этгани маълум бўлади” деб ёзилган.

Келинг, энди масалага одилона ойдинлик киритайлик. Сўз боши муаллифлари Муҳаммад Ҳайдар “Бобурнома” ва “Зафарнома”дан илҳом олгани, улардан ўнта бобни китобига иқтибос тарзида киритганини фахр билан таъкидлашади. Айнан “Зафарнома”нинг “Зикри вилодати амирзода Улуғбек” бўлимида “Вилодати амирзода Улуғбек дар рўзи якшанба нуздаҳуми жумади ал-аввал санаи ситт ва тисъин ва сабъимия буд” деб аниқ ёзиб қўйилган. Бу эса 1394 йил 22 март санасини билдиради.
“Бобурнома”да эса 903, яъни 1497-1498 йиллар воқеалари тавсифида Улуғбекнинг ўлдирилиш тарихи абжад ҳисобида “Аббос кушт” (яъни 1449 йил) деб қайд этилади.

Биринчидан, Мирзо Улуғбек Муҳаммад Ҳайдардан бор-йўғи юз йил олдин яшаган.

Иккинчидан, Улуғбекнинг шуҳрати етти иқлимга маълум эди. Падаркушлик эса жамоатчилик эътиборидан четда қоладиган воқеа эмас.

Учинчидан, Улуғбекнинг туғилган йили ва вафоти ўша даврдаги ўнлаб манбаларда қайд этилган.
Китобнинг 58-бетида “Туғлуқ Темурхон Эсан Буғахоннинг ўғлидир” дейилади. Бу хусусда фанда шубҳа бор. Чунки тарихий манбаларда Эсан Буғахоннинг 1318 йилда вафот этганлиги қайд этилади. Туғлуқ Темурхоннинг туғилган йили эса ҳижрий 730 (1329-1330) йил. Демак, Эсан Буғахон ўлгандан 11 йил кейин Туғлуқ Темурхон туғилган. Бинобарин, “Тарихи Рашидий” русча нашрининг 608-609-бетларида бу саналар ҳақиқатга яқин тарзда келтирилган.

Демак, Муҳаммад Ҳайдар сўз боши муаллифлари таърифлаганидек, қомусий олим эмас. У “Бобурнома” ва “Зафарнома”дан ўзига ёққан бобларни кўчирган бўлиши мумкин. Лекин назаримда, бу асарларни синчиклаб ўқимаган.

Тарихий асарларга қўйиладиган биринчи талаб шуки, уларда воқелик одилона баҳоланиши ва ўз ҳолича тасвирланиши лозим. Чунки биз тарихимиздан хулоса чиқаришда биринчи манбаларга таянамиз. Шу нуқтаи назардан қараганда, “Тарихи Рашидий”да китобхоннигина эмас, балки тарихчиларимизни ҳам чалғитадиган, воқеалар нотўғри талқин этилган ҳолатлар бор. Сўз боши муаллифлари айнан ана шу лавҳаларни бўрттиришга уринганлар.

Китобнинг 27-бетида “Улуғ мақсадли буюк жаҳонгир ва лашкарбоши ҳукмдорлар: Амир Темур, Туғлуқ Темурхон, Абусаид Мирзо” деган жумлага дуч келамиз. Ўзингиз одилона айтинг, бутун дунёга “буюк саркарда, жаҳонгир, давлат арбоби” деб XV-XVI асрлардаёқ танилган Соҳибқирон Амир Темур ёнига фақат бир неча мутахассисларгагина маълум бўлган Туғлуқ Темур ва Абусаидни қўйиб бўладими?

Туғлуқ Темур 1360 йил эрта баҳорида Мовароуннаҳрга келганида 24 яшар Амир Темур 31 яшар хонни худди ёш болани алдагандек алдаб, орқасига қайтариб юборади. 1361 йил бошида у Мовароуннаҳрга иккинчи қайта келганида Амир Ҳусайн билан Сурхон воҳасида кичик бир тўқнашув бўлади. Лекин Амударёнинг чап соҳилига қочган Амир Ҳусайнни таъқиб этишга унинг журъати етмайди. Туғлуқ Темурнинг “буюк жаҳонгирлиги” шу билан тугайди.

Мирзо Абусаид эса фақат ўзбек хони Абулхайрхоннинг ҳарбий қўллаши билан 1350 йили Мовароуннаҳрда ҳокимиятни қўлга олди ва сўнг Хуросонни ҳам қўлга олишга муяссар бўлди. Сўз боши муаллифлари Абусаид Шарқий Туркистондан то Кавказ Қорабоғигача ҳудудларни қўлга киритганлигини айтиб (Б.8), уни яна Амир Темур билан тенглаштирмоқчи бўладилар. Аслида Абусаид Мовароуннаҳр ва Хуросонни бирлаштирганида Мўғулистон мустақил ривожланаётган, ҳарбий Эрон билан Жанубий Кавказ эса Қора Юсуфнинг ўғиллари қўлига ўтиб бўлган эди. Амир Темур давлатининг ҳудудлари унинг ўлимидан кўп ўтмасиданоқ Халил Султоннинг иғволари туфайли талай қисмини йўқотган эди. Улуғбек даврида 1426 йили Хоразм ва Мовароуннаҳрнинг шимолидаги ерлар қўлдан кетди. 1427 йил эса Жета – Мўғулистон йўқотилди. 1408 йили Мироншоҳ Мирзонинг ўлимидан сўнг ғарбдаги ерлар ҳам қўлдан кетган эди.

Сўзбошининг 10-бетида: “Шоҳ Исмоил ўз дипломатик закоси билангина эмас, ҳарбий кучи билан ҳам Шоҳибекхон – Шайбонийхонни мардона тор-мор қиладики, бунга китобхон қойил қолади”, дейилади. Бу иқтибосга ҳамоҳанг сўзлар 36-бетда ҳам бор: “Шайбонийнинг Ўрта Осиё шаҳарларига қилган қонли юришлари… ўз ниҳоясига етди. Тарих ўз ҳукмини чиқарди”. Бундан сўнг муаллифлар Шайбонийхон – Исмоил Сафавий муносабатларидан камида тўрт хулоса чиқаради. Бу хулосаларга кўра, Шайбонийхон – золим, қонхўр, адолатсиз, мағрур, кимсани менсимас ва ҳ.к. Шоҳ Исмоил эса – тинчликпарвар ва инсонпарвар, жасур ва адолатпарвар қилиб кўрсатилган ва ҳатто китобда унинг расмини ҳам келтиришган. Шуниси ажабланарлики, китобда миллатимиздан чиққан ва биз ҳозиргача салоҳиятидан фахрланиб юрган Шайбонийхон (уларда “Шайбоний”) ўзбекларга душман сифатида ифода этилган.

Шайбонийхоннинг Мовароуннаҳрга келишида ҳеч қандай қонхўрлик ва золимлик бўлмаган, аксинча, Темурийлар XV аср охирига келиб тўла инқирозга учраб, Бобур мамлакатни қўлда ушлаб туролмагани учун Мовароуннаҳр аҳолиси кучли бир ҳокимнинг тарафдори бўлиб турганида Шайбонийхон келиши айни муддао бўлган. Шунинг учун ҳанафий мазҳабидаги хон келишига маҳаллий ҳанафий мазҳабидаги аҳоли деярли қаршилик кўрсатмаган. Ундан ташқари, Мовароуннаҳрнинг шимолий қисми аҳолиси (яъни, Хоразм ва Қуйи Сирдарё ерлари) XIII асрданоқ ўзларини “ўзбек” деб атаган. Ҳатто Амир Темурнинг армиясида ҳам бир неча ўзбек туманлари ва уларнинг ўзбек амирлари бўлган. Ваҳоланки, муаллифлар буни Шомий ва Яздий “Зафарнома”ларидан ўқиб олиши мумкин эди.

Энди Шайбонийхоннинг Исмоил Сафавийга муносабатига келсак, биринчидан, Шайбонийхон Жўчинажод ва Чингизий бўлгани учун ўзини Чингиз мулкининг қонуний хони деб билган ва Исмоилнинг шоҳлигини тан олмаган ва уни ўзидан анча паст деб билган. Шу сабабли бўлса керак, Марв жангида у Исмоил жанг қилишни ҳам билмайди деб ўйлаб, ўзининг кам сонли аскарлари билан Исмоилнинг кўпсонли аскарига қарши чиққан. Бунинг устига устак, Мовароуннаҳрдан Убайдуллахон бошчилигидаги аскарлари келишини кутишга сабри чидамаган.

Шоҳ Исмоил 1510 йилдаги Марв жангидан сўнг ўликлар орасидан Шайбонийхоннинг танасини топиб, калласини кесиб келтиришларини буюрган. Калла косасини тозалатиб, уни тилла билан қоплатган ва ўзига май ичадиган коса қилиб олган. Хоннинг танаси ҳақида эса аскарларига: “Кимки мени ҳурмат қилса ва менга садоқатли бўлса, душманимнинг гўштидан бир луқма татиб кўрсин!” деган. Шу заҳоти одамхўр, вахший қизилбоши аскарлари хоннинг танасига ташланиб, уни бурда-бурда қилганлар, қон ва тупроққа беланган гўштини оч бўрилардек талашиб еганлар. Бу тана чопилган жойдан узоқроқдаги аскарлар эса олдиндагилардан хон гўшти бурдаларини пулга сотиб олиб еганлар.

Бу воқеадан бироз олдин Шоҳ Исмоилнинг амирларидан бири итоат қилмаганида, уни тириклайин сихга тортиб, оловда пиширтиради ва аскарларига едиради. (ўаффорийфард. Равобите Сафавия ва ўзбекон. Б. 15).

25 ёшли Исмоил Сафавий Ҳиротни олганидан сўнг жоме масжидга кириб, Темурийларнинг шайхулисломи, 80 яшар Шайх Тафтазонийга (Амир Темур саройида хизмат қилган машҳур файласуф олим Саъдиддин Тафтазонийнинг неварасига) чорёр халифалардан Абу Бакр, Умар, Усмонни ва Ойша онани ҳақорат қилишни ва шиаликни қабул қилишни буюрганида Шайх буни қатъий рад этади. Шунда Исмоил Шайхнинг кўксига икки камалак ўқини отиб, ўлдирган.

Кези келганда шуни айтиш керакки, Бобурнинг ҳаёти, таржимаи ҳолида Исмоил Сафавий билан боғлиқ қора саҳифалар бор. Афтидан Бобур кейинчалик ўзини ўнглаб олганидан сўнг ўз қилмишидан орланиб, ўша воқеаларни “Вақоеъ”га киритмаган, ҳар ҳолда унинг асарида 1511 йил сентябридан 1512 йил сентябригача бўлган воқеалар ўз ифодасини топмаган. Айнан ана шу вақт оралиғида у шармандаларча воқеаларни бошидан кечиради. У 1511 йил ёзи охирида қандай қилиб бўлса ҳам Мовароуннаҳрда салтанатни қўлга олишга ҳаракат қилиб, Шоҳ Исмоилдан ҳарбий ёрдам сўрайди. Шоҳ ёрдам беришга рози бўлади, лекин шу шарт биланки, у Мовароуннаҳрга шиалар либосида, яъни қизилбошилар салласида киради ва Исмоилнинг номи билан хутба ўқитади ва танга зарб қилади. Бобур бунга рози бўлади. Бир пайтлар дунёни ларзага солиб турган буюк Соҳибқироннинг авлоди бундай таҳқирловчи шартга рози бўлиши бобосининг руҳи покини шод қилмайдиган ўта ачинарли ҳол эди. Самарқанд аҳолиси аввалига Бобурнинг бу қилмишига сабр-тоқат билан чидайди. Аммо 1512 йил баҳорида шаҳар аҳолиси у шиалар либосини ечмай, Шоҳ Исмоил номи билан хутба ўқитишидан дарғазаб бўлиб, унга ва уни қўриқловчи қизилбошиларга ташланадилар. Бобур аранг Ҳисорга қочиб қутилади. Қизилбошилар қирилиб, улардан фақат бир киши қутулиб, шоҳ ҳузурига қочиб боради. Исмоил аҳволни англагач, Нажми Соний номли амири бошчилигида 60 минг кишилик қўшинни Мовароуннаҳрга юборади. Йўлда уларга Бобур ҳам қўшилади. Нажми Соний Исмоилнинг фармони билан қизилбошиларга хос ваҳшийликларни қилганида ҳам Бобур ўртага тушмайди.

Хусусан, Нажми Соний Хузор (ўузор)га келганида шаҳар аҳолиси таслим бўлганига қарамай, уларни қатлиомга топширади, сўнг Қарши томонга юради. Шаҳар аҳолиси Хузорнинг аҳволи ҳақида эшитиб, барчаси шаҳар мудофаасига киришади. Аммо Нажми Соний шаҳарни олиб, аҳолисини аскарларига қатлиомга топширади. Ҳатто масжидга бекинган хотин-халаж, ёш болалар ва кексалар ҳам қирилади. Ачинарлиси шуки, иккала шаҳарлардаги қирғинларда Бобур Нажми Соний билан бирга бўлади. Бир гал Нажми Соний ўз амирларидан бирини гуноҳкорликда айблаб, қатл қилмоқчи бўлганида, Бобур унинг ёнини олиб, ҳаётини сақлаб қолади. Аммо Қаршининг бир маҳалласидаги чиғатойлар Бобурдан уларни Нажми Соний олдида ҳимоя қилишни сўраганларида, Бобур уларнинг илтимосига қулоқ солмайди ва 15 минг бегуноҳ чиғатойлар қириб ташланади. Шундан сўнг Нажми Соний ва Бобур Ғиждувонга юришади. Ғиждувон жангида Нажми Соний ва 60 минг кишилик қизилбошилар қўшини Убайдуллахон томонидан тамомила қирилади.

Муҳаммад Ҳайдар мирзо буни исломнинг куфр устидан ғалабаси деб тантанавор тавсифлайди (29-фасл). Ўша бир йиллик оралиқда Бобур асосан мўғуллар ва қизилбошилардан иборат 40 минг кишилик армияси билан Убайдуллахоннинг 3 минг кишилик гуруҳидан Малик чўлида шармандаларча енгилади. Муҳаммад Ҳайдар буни олқишлаб тавсифлайди.

Хулоса қилиб айтиш мумкинки, Муҳаммад Ҳайдар мирзонинг асарини бундай сўз боши билан ўзбек китобхонига тақдим қилиш хато ишдир. Муҳаммад Ҳайдар ўзи мўғул бўлишига қарамай, мўғуллардан жиркангани ва қизилбошилар, Исмоил Сафавийдан нафратланганида сўз боши муаллифлари бу нарсага эътиборсиз қарайдилар, аҳамият бермайдилар.

Жумладан, Муҳаммад Ҳайдар “Шоҳ Исмоил Ироқда ўрнашиб, тевараклардаги шаҳарларда ҳам шариат ҳукмларини барбод қилиб,
оммавий қатл қилди. Бу ёвузликларнинг шарҳи бу мухтасар тарихга сиғмайди” (Б. 347) деб ёзсада, сўз боши муаллифлари бу ҳақиқатга қарши фикр юритадилар.

Китобнинг 40-43 бетларида муаллифлар шундай ёзадилар: “Биз “Тарихи Рашидий” таржимасига киришганимизда учта савол бизни қизиқтириб қўйди. Булар: Мўғулистон қаер? Мўғуллар қайси тилда гаплашишган? Уларнинг юз тузилишлари монголоидмиди?” Бундай саволлар энг ёш тарихчи учун ҳам кулгили туюлади. Афтидан, муаллифлар ўзлари фойдаланган адабиётлар орасида асарнинг 1996 йилдаги русча нашрини кўрсатган бўлсалар-да, уни қунт қилиб ўқимаганлар ёки уқмаганлар. Улар тарихий Мўғулистон таркибига Хуросон, Мовароуннаҳр, ҳозирги Қашқару Бадахшонгача, Ҳиндистон шимолидан бутун Олтой ўлкаси ҳудудлари кирган дейишади. Ҳозирги география бўйича “Шинжон автоном райони ерлари, Қозоғистоннинг катта қисми, бутун Олтой ўлкаси, Қирғизистон, Тожикистон ва Ўзбекистон ерлари” кирармиш. Мазкур русча нашрнинг 609-бетида шундай изоҳ бор: “Мўғулистон – мустақил …давлат, ХIV аср ўртасида ҳозирги Жануби-Шарқий Қозоғистон ва Қирғизистон (Еттисув ва Тиён-Шон) ҳудудида Чиғатойлар давлатининг парчаланиши натижасида шаклланган. У туркий ва турклашган мўғулларни ўзига бирлаштирган ва то ХVI аср ўртасигача мавжуд бўлган. Мўғулистоннинг Мирзо Ҳайдарнинг “Тарихи Рашидий”сида маълум чегаралари ХIV-ХVI асрлар давомида ўзгариб турган. Аввалига Мўғулистон ҳудудига Сирдарё, Сарисув, Балхаш, Иртиш ва Марказий Тиён-Шоннинг жанубий этаклари оралиғидаги улкан ҳудуд кирган. Кейинчалик Қирғизистон билан Или водийси кирган. Мўғулистон тамомила парчаланишидан олдин унга фақат Кошғария кирган”. Лекин Яздий “Зафарнома”сидаги маълумотларга кўра, Мўғулистон таркибига ХIV аср охири ХV аср бошида Или воҳаси, Шимолий Қирғизистон, Балхаш кўли ва Эмил дарёсидан жанубдаги ерлар ва Шарқий Туркистон кирган. Лекин ҳеч қачон Мўғулистон таркибига Хуросон, Мовароуннаҳр, Қозоғистоннинг катта қисми, ҳозирги Ўзбекистон, Тожикистон ерлари ва Шимолий Ҳиндистон, Олтой кирмаган.

В.Раҳмонов ва Я.Эгамова иккинчи саволларига жавоб топиб, мўғулларнинг тили “чиғатой туркий тили бўлган” деган гапни айтишади. Ҳолбуки, бу – исбот талаб этмайдиган аксиома бўлиб, бизнинг ҳудудларда бир неча асрдан бери маълум.
Улар учинчи савол доирасида мўғуллар монголоид эмас, демак европоид, деган хулосага келадилар. Улар нашр этган “Тарихи Рашидий”да бир неча ўрта аср миниатюраларини келтирадилар. Буларда Бобур, опаси Хонзода ва баъзи мўғул арбобларининг тасвирлари келтирилган – уларнинг ҳаммаси қисиқ кўз, яъни монголоид, ҳар ҳолда уларда монгол қони сезиларли. Хўш, уларнинг монголоид ёки европоид бўлишининг тарих учун ёки Муҳаммад Ҳайдар учун, унинг китоби учун ёки бизлар учун қандай аҳамияти бор? Улар мўғулларнинг ирқи ҳақидаги бемаъни саволни қўйиб нима демоқчи бўладилар?
Асарнинг матни қайси тилдан таржима қилингани китобнинг бирор жойида кўрсатилмаган. Лекин сўз бошида фалон нашрлардан, фалон нусхалардан фойдаланилди, деган ишоралар кўп. Шундай бўлса-да, китоб уйғурча ва русча нашрлар асосида ўзбекчага ўгирилгани кўриниб турибди.

Китобнинг 123-бетидаги 6-изоҳ А.Ўринбоевнинг русча нашри 87-бетидаги изоҳнинг хато кўчирилмасидир. Авваламбор, ўша нашрнинг ўзида ҳижрийда Улуғбекнинг туғилиш йили 796 ўрнига 896 бўлиб қолган. Биз тилга олган муаллифлар вафотини ҳам хато қилиб, 853 ўрнига 953 қилиб қўйганлар. Энди улар кўрсатган ҳижрий туғилиш-ўлиш йиллари 896-953 ни шамсийга кўчирсак, 1491-1546 йиллар бўлиб, бу саналар Улуғбекни Муҳаммад Ҳайдарга замондош қилиб қўяди.

Китоб охиридаги истилоҳлар изоҳининг ҳам аксарияти хато. Барча туркий қабила ва уруғларни, уларнинг мўғулларга алоқаси борми йўқлигидан қатъий назар, “туркий-мўғул қавмининг номи” дейилган. Ҳолбуки, туркман, қанғли, қарлуқ ва бошқа қабилалар Мовароуннаҳрда Чингизхон келишидан 300-500 йиллар олдин ҳам бўлганлигига қарамай, уларни “туркий-мўғул” номи билан атайверганлар. Демак, муаллифлар Мовароуннаҳрнинг этнографиясини яхши билишмайди. Ўзбеклар ҳам туркий-мўғуллар қаторига киритилган. Лекин бу сўз “ўзбак” шаклида ёзилган. Матнда ҳам бир гал “ўзбек”, бир гал “ўзбак” тарзида келтирилган.

Узунлик, юза ва оғирлик ўлчамларига берилган изоҳлар ҳам асосан хато. Масалан, 1 газ – 90 см. дейилган, аслида эса – 49,5 см. 1 жариб (жериб эмас) – 3 кв.м дейилган, аслида эса – 958 кв.м. 1 ман оғирлик – 863 грамм дейилган, аслида эса – тахминан 25 кг. 1 харвор оғирлик – 60-80 кг. дейилган, аслида – 100-150 кг.дан 250 кг.гача. 1 шаръий мил – 4000 қадам дейилган, аслида эса – 4000 газ, яъни қарийб 2 км; агар “қадам” дейилса, 1 мил 3000 м = 3 км бўлади ва ҳоказо.
Сўз бошида бир қатор орфографик хатолар ва ғализликларга йўл қўйилганки, нуфузли олимлар учун бу кечирилмасдир. Масалан, китоб матнида “форсий тил” (форс тили ёки форсча), асл тил (она тили), тилдош (бир тилда сўзлашувчи) сингари иборалар, “илмий-шарҳий аппарат” (?) атамасига дуч келиш мумкин.

Бобур жамғармаси бой маданий меросимиздан халқни баҳраманд этишда хайрли ишга қўл урибди. Табриклайман. Китоб жуда чиройли, сифатли чоп этилган. Албатта, вақти келиб асар мазмунига мутахассислар баҳо беришади. Аммо келгуси нашрларда сўз бошидаги ва изоҳлардаги хатоларни тузатмоқ лозим.

Ашраф АҲМЕДОВ,
тарих фанлари доктори,
биринчи даражали Давлат мукофоти лауреати.

www.munosabat.org

Share on FacebookShare on Google+Tweet about this on TwitterEmail this to someoneShare on LinkedIn