Юсуф Расул: Ҳадемай тонг отади (ҳикоя)

тонгДўстим Рустам Қобилга.

Сундсвал – қуёш шаҳри. Нарёғи Тимра – икки дарахт шарафига қўйилган мафтункор маскан. Европа шимолидаги бу икки шаҳар юрагингга яқин. Биринчи келиб тушган жойинг. Худди ўз ватанингдек – қадрдон ва азиз.

Бу ердагилар шимол ва жанубликларга ажратилади. Жанубда аҳолининг асосий қисми яшаса, шимолда, бор – йўғи ўн фоизга яқини истиқомат қилади. У ерда ҳаёт қайнаса, бу ёқда ўлик сукунат ҳукмрон. Лекин, бу жимликда ҳам ҳикмат кўп. Тинчлик, хотиржамликка нима етсин!.

Яна хаёллар… Сенга шунақа ҳаёт керакмиди? Ўзинг истамаганмидинг осуда бир жойни? Бу ерда фақат хаёл суриш мумкин. Ўйлайсан, фикрлайсан… Ҳеч ким сенга хаёл суришдек руҳий лаззатни тортиқ этолмайди. Ҳеч ким сендан бу бахтиёрликни тортиб ололмайди ҳам. Айниқса тун бўлса, ўзинг билан ёлғиз қолсанг, бу сукунат қанчалик бебаҳо неъмат эканлигини юрак- юракдан ҳис қиласан. Ҳаёлларингни ўзгалардан қизғанасан. Уларни руҳ тўлғонишлари, руҳнинг осмону фалакка парвози деб биласан. Жисминг ерда, руҳинг хаёллар билан бирга самода парвоз қилиб юради. Хаёллар сени одам қадами етмас юксакликларга олиб чиқиб кетади. Қайтиб тушгинг келмайди.

Сундсвал – қуёш шаҳри. Лекин, қани қуёш! Атроф қоп – қоронғу. Қаҳратон қиш ўз забтига олган. Шамол ўйноқлаб ёғаётган қор парчаларини кўзларингга олиб келиб уради.

Охирги автобус ҳам кетиб бўлибди. Бўм- бўш бекатда уйидан ҳайдаб чиқарилган кимса каби совуқдан дилдираб ўтирибсан. На олдинга, на ортга йўл бор… (Мен сенга тунда йўлга чиқма деб айтувдимку! Сен гапларимга қулоқ солмадинг. Тунги соат йигирма тўртта охирги автобус бўлади, шунга бемалол улгураман, уйга етиб олсам бўлди, дединг). Шаҳардан уйга қайтаётгандинг. Йўлда қолиб кетдинг. Ўғлинг “дадам қачон келадилар, соғиндим” деб аясига телефон қилдиради. “Ҳозир етиб бораман, мана яқин қолди” деб уларни ишонтиришга ҳаракат қиласан. Келсанг, шанба куни бўлгани учун автобусларнинг қатнаш тартиби ўзгарган. Тимрага элтувчи автобус олдинроқ кетиб бўлибди. Қайсидир араб мамлакатидан келган такси ҳайдовчиси отни калласидек пул сўрайди. Атиги ўн беш чақирим йўлга икки юз доллар берасан деб туриб олса бўладими? Ўн долларлик йўл-ку! Гап пулда эмас. Лекин арабнинг бу қадар пулга ўчлиги, сени кўчада қолиб кетганингдан фойдаланмоқчи бўлгани жаҳлингни чиқарди, холос.

Бўм- бўш автобус бекати. Қизиқ, шунча йўл юриб, етиб келган жойинг шу- зерикарли, кимсасиз бекат. Бу сени умринг бекатими ёки автобуслар тўхтайдиган жойми? Нега атрофда ҳеч ким йўқ? Нега бу ерларда тентираб юрибсан? Ҳа, айтганча уйга бораётгандингку! Ўғилчангни соғинган эдинг.

Иккала ўғлинг ҳам шириндан ширин. Лекин катарган сари бу ширинлик аччиқ қалампирга айланиб борадими? Ўз жисмингдан бунёд бўлган катта ўғлинг билан ҳеч келиша олмайсан. Сен ”ади” десанг, у ”бади” деб туради. Ўйлаб ҳам ўтирмасдан сўзларингни инкор қилади. ”Демократия” дейди. Ҳар ким ўз фикрини эркин билдириши керак эмиш. (Мактабда ўргатишганда). Қизиқ, сен ўз ўғлингни тобора ўзгариб бораётган феъл -атворинини қабул қила олмайсан. Бир томондан унга ҳавасинг келади. Сен билмаган нарсаларни билади. Кўп китоб ўқийди. Бешта тилда бемалол суҳбатлаша олади. Отасининг боласи-да. (Эсингдами, бир вақтлари сенга “Биз болаларимизга қараб ўз келажагимизни кўрсак, болалар бизни тимсолимизда ўз ўтмишларини тасаввур қиладилар”, деган эдим). Сен ўз келажагингга ишонмайсанми? Демак, сен ўзинг ўзингга ишонмас экансан-да. Ахир жисмингдан ситилиб чиққан шу бола ҳаётингни давомчиси-ку! “Нега менга ишонмайсиз? Нега мендан доим шубҳаланиб юрасиз?” дейди у астойдил хафа бўлиб. “Боланиннг кўнгли нозик бўлади?” дейишади. Сен ўғлингни иззат- нафсига тегаётганингни сезиб турасан. Лекин, буни тан олмайсан. Ўғлингдан ўзингни қидирасан. Уни ҳам ўзингдек бўлишини истайсан. Лекин у буни хоҳлайдими? “Мени ҳаётдаги йўриғим бошқа. Мен ҳам ўз ҳаётимни ўзим билганимча яшашим керак” деб туриб олади …

Кичкинаси эса ширинтой. “Сен бегуноҳ фариштасан” дейсан унга. Ҳеч кимга озори тегмайди. Кўзларингга тикилиб, кулиб туради. (Э, Худо! Ахир, сен бу тилсимни бизга англатмагансан-ку! Сени ўзинг яратган бандаларингга очиқ гапиришга хоҳишинг бўлмаса, биз нима қилдик! Ахир фаришта деган покиза хилқат шу мурғак гўдаклар эмасмикан? Улар фариштадек пок, бегуноҳ ҳолда дунёга келишади. Кейин… фаришталар одамга айланади. Кирланади, гуноҳга ботади. Оқибати, мана нима? Акасига ўхшаб отасига қарши тап тортмай гапирса, демократияни рўкач қилиб турса, додингни кимга айтасан? Одам Ато ҳам ўзини яратган Зотга қарши бормаганми? )

Каттасига “Демократ” деб лақаб қўйиб олгансан. Кенжатойинг эса – “Фаришта”. Иккаласи ҳам икки хил дунё. Каттаси бир-да мулойим, бир қарасанг қўрс, қўполдек кўринади. Миттивой эса шириндан ширин. “Асалчам”, “шокаладим”, “меҳрибоним” деб эркалатишни яхши кўрасан.

…Автобекат ҳам тинчиб қолди. Совуқ суяк- суякларингни зирқиратиб оғрита бошлайди. “Энди нима қилдим? Қаерга бораман” деб яна хаёлга толасан.

Олти йил шу совуқ ўлкаларда яшадингми? Қийин бўлгандир?. (Сен кўпинча ўзингга ўзинг савол берасан. Ўзинг билан ўзинг гаплашиб юрасан. Яхшиси бу саволни бошқаларга бер. Улар жавоб беришсин. Лекин бошқалар сен ҳақингда билмайди-ку!) Европага бораман деб орзу қилардинг. Келдинг, кўрдинг. Иссиқ жойда туғилиб ўсган кишиларга совуқ иқлим ёмон таъсир қилар экан. Энди эса кетгинг келади. Кетолмайсан. Бу ернинг жозибаси борми? Нимасидир сени ўзига маҳкам тортади. Оёқ – қўлларингни худди кўринмас иплар билан шу ерларга боғлаб ташлашгандек.

…Қор ҳам тинмади. Кўчанинг нариёғида одамлар ғимирлай бошлашди. Тунга клуб бўлса керак. Маст- аласт ўспиринлар кириб -чиқиб юрибди. Сен эса бекатда қорлар чирпирагидан қочиб, беркиниб олгансан. Чиқмайсанми? Ҳамма кўнгилхушлик билан банд. Сен ҳам ўша ерга бориб, бирор жононни топиб, иссиққинада пивоми, вискими ёки конякми, дарду баломи, симириб, кўнглингни хушлаб ўтирсанг, асаканг кетадими? Йўқ, уйга боришинг керак. Бегона жойларда тентириб юришдан фойда йўқ. Фариштадек беғубор ўғлинг ухламай сени кутиб ўтирибди.

Дабдурустдан хаёлингга бир фикр келади. “Фарҳод акага телефон қилсам-чи!. Мошинаси бор, келиб олиб кетади. Ёқилғи учун пулини тўлайман. Ҳамюртим…” (Мен сенга тунда йўлга чиқма деб айтгандимку! Сен эса гапимга кирмадинг. Мана энди ҳамюртим деб бировга ялина бошлайсан) . У ёқдан “Ким бу!” деган бўғиқ овоз эшитилади. Фарҳод ака ухлаб ётган эканми, дабдуристдан сени танимай ёки ўзини танимаганга олиб, каловланади. Кейин “Э, сизмидингиз, озгина ароқ ичиб, мизғиб қолибман” дейди у. Сен ярим тунда қўнғироқ қилаётганинг учун узр сўраб, мақсадга ўтасан. “Шу…ака, ёрдамингиз керак бўлиб қолди. Шаҳардан қайтаётгандим. Охирги автобусга улгурмадим. Нафси ҳакалак отган таксичилар кўп пул сўрашаяпти. Ўзингиз келиб олиб кетолмайсизми? Бензинингизни қуйиб бераман. Сиздан бошқа ўзимизникилардан ҳеч ким йўқ бу ерда” … Ҳақиқатдан шундай-да. Тимрада ўзбеклардан фақат сен ва Фарҳод ака оиласи билан яшайди. Ишонганинг, суянганинг ҳам шу киши. Бирор хизмат бўлса олдига югургилаб борасан. Яхши- ёмон кунларида ҳамиша ёнидасан. Шундай пайтда у ҳам қараб турмас. Мошинасида келиб олиб кетса, олам гулистон. Иссиққинада ўғлинг билан ўйнаб, телевизор кўриб ўтиришга нима етсин! Лекин Фарҳод аканинг норози оҳангда гўлдирагани сени хушёр торттиради. “Умид экан, кўчада қолиб кетибди. Бемаҳалда нима қилиб юрган экан Сундсвалда!” У хотини – Ширин опа билан гаплашаётганди. Сўраётган бўлса керак-да. Ҳисоб бермаса бўлмайди. Хотинлар замони келаяпти. Бурунги асрларда хотинлар хукмронлик қилган экан эркаклар устидан. Яна ҳокимиятга интилмоқдами улар?!. (Мен сенга айтгандимку, тунда кўчага чиқма деб!) “Узр, боролмайман. Озроқ ичиб олгандим, ука! Полис ушласа ҳайдовчилик гувоҳномамни тортиб олади” дейди Фарҳод ака. Сен ҳамюртим деб ҳурмат қиладиган бу кимсага ҳар қандай шароитда ёрдам бериб келгансан-ку! Нега шундай қийин вазиятда сенга қайишмайди?. Хотинини гапига кираяптими ёки? Ўзи бировдан илтимос қиладиган одам эмассан! Илтимос қилдингми, ўзини тарозига солиб, қадр – қимматини ўлчай бошлайдиган каттазанг одамлар ҳам бор. Улар шундай пайтларда ўзларини муҳим инсондай тасаввур қилишадими-ей. Уларсиз ишинг битмайдими? “Майли, ака, узр безовта қилганим учун” дейсан . Яна “Ҳеч гапмас, ука. Хафа бўлманг, бошқа бирор одам топилиб қолар” дейди нариги томондаги овоз. Бирдан хаёлингга қўшни уйда яшовчи курд бола тушади. “Фарҳод ака, қўшнимиз Ахмеддан сўраб кўрмайсизми, уни мошинаси бўлмаса ҳам ҳайдовчилик гувоҳномаси бор-ку. Бирга келарсизлар” . Сен умид билан, жовдираб жавоб кутасан. Фарҳод ака, ”майли, сўраб кўраман”, деб алоқани узади. Орадан ўн дақиқалар ўтиб яна қўнғироқ қиласан. Нариги томондан телефоннинг бандлигини кўрсатувчи овоз эшитилади. Кейин қайта- қайта, умид билан қилган қўнғироқларингга ҳеч ким жавоб бермайди. Телефон ўчириб қўйилган бўлади.

Бу қанақа жой ўзи? Қаёқдан ҳам бу ерга келиб қолдинг? Бегона жойларда итинг адашганмиди?

Ўша куни жуда тушкун аҳволда эдинг. Фарҳод аканинг шундай қийин вазиятда ёрдам қўлини чўзмагани сени лолу ҳайрон қолдиради. “Эрта бир куни уни ҳам менга иши тушади… Бегона жойларда бир- биримизга қайишмасак, нима қилиб юрибмиз. Яна юртдош эмиш…Ўзини тарозига солишини-чи. Бир дўстинг бегона жойда, кўчада қолиб кетса-ю, сен телефонингни ўчириб қўйиб, бемалол, ҳеч нарса бўлмагандек ухлаб ётсанг!”. Йўқ, уни ўрнида сен бўлганингда бундай қилмасдинг! Ҳаммани оёққа турғазардинг. У эса бемалол, пишиллаб ухлаб ётибди.

…Қор ҳам тинмади. Совуқ борган сари забтига олмоқда. Нақд қирқ даражага чиққан бўлса эҳтимол. Бу совуда хаёл суриб ҳам бўлмайди. Хаёлларинг музлаб қоладигандек.

Тунги клуб томонга қараб кетмоқдасан. Бирор иссиқ жой топмасанг бўлмайди. Йўқса, соғлигинг ишдан чиқади. Шусиз ҳам намчил ҳаво ўз ишини қилиб бўлган. Оёқларинг симиллаб оғригани- оғриган. Бўйрагингда ҳам оғриқ пайдо бўлган. Ўпканг бўғилади. Нафас олиш тобора қийинлашиб бормоқда. Бегона жойларда бемаврид ўлиб кетмасанг бўлгани.

Дарвоқе, ҳаёт ва ўлим… Шу иккаласи бир – бирига тескари нарсалар эмасми? Ҳаётга қарши ўлим яратилганми, ёки ўлимга қарши ҳаётми? Қайси бири афзал ўзи? Ҳамма ҳаётни севиб яшайди. Ҳеч ким ўлимни истамайди. Ҳаётни қанча севсанг, ўлимдан шунча нафратланасан. Бири- муҳаббат, иккинчиси эса нафрат тимсоли. Бу ерда бир сир бўлса керак. (Сен доимо қандайдир мавҳум нарсалар ҳақида хаёл суришни ёқтирасан) “Биз ўлим нима эканлигини тушунмаймиз-ку! Шу боис ундан қўрқамиз!” деб ўйлайсан. Лекин, ҳаёт нима эканлигини тушунасанми? Ҳаётнинг ўзи, моҳияти нимада эканлигини тўла тушуниб етган одамни кўрсата оласанми? Йўқ, вассалом…

”Нега бу дунёга келганмиз?”, деб ўйлайсан. ”Биз ўзи киммиз? Нега қуруқ замин устида ёлғиз яшашга маҳкум этилганмиз?. Одам зотини бу кимсасиз ер юзига ким ташлаб кетган экан?
Бундан мақсад нима?” Бирдан хаёлингга ”Гуантанамо” келади. Улкан қамоқхона. Ер юзи ҳам шундай маҳбусхона эмасмикан? ”Гуантанамо”га ашаддий террорчилар – мусулмонларни қамашган. Қандайдир жиноят содир этган одамларни ер юзига ўзга сайёрадан олиб келиб ташлашмаганмикан? Биз ҳаммамиз мусулмонлармизми? Қачон озод этишар экан? Жуда зерикарли-ку бу маҳбусхонада яшаш?

Менинг фариштам! Нима қилаётган экан ҳозир? Кўзлари беғубор, қалби пок. Сен ҳам бир кун келиб одамга айланасанми? Одам бўлиб яшаш фаришталар учун қийин бўлмасмикан?

Инсонларни тоза, пок ҳолида бу дунёга юбориб, яна пок ҳолида қайтариб олишади. Фариштадек покиза бўлиб туғилган эканмиз, покланиб бўлмагунимизча ўлмаймиз. Ўлим инсонни поклайдиган беқиёс неъмат эмасмикан? Ўлсанг, дунё деб аталган бу қамоқхонадан қутуласан. Ҳам ўзинг ўзингдан озод бўласан. Мана, мантиқ қаерда?

Қачонлардир осмондан тушган фаришталар инсонлардан бунёд бўлган қизларга уйланиб, ер юзида абадий қолиб кетишган… Фариштасифат одамлар улардан қолганми? Унда ҳийлаю найранг билан яшайдиган шайтонсифатлар қаердан пайдо бўлган!?

Яқинда ажабтовур бир суратни кўриб, ҳайратдан донг қотиб қолдинг. Чиройли табиат манзараси акс этган бу суратда, бир эркак ва уни олдида иккита аёл тасвирланган эди. Дарахт тагида турган аёллардан бирининг узун думи борлиги эътиборингни тортади. Сурат тагида “Одам Ато ва унинг хотинлари” деб ёзилган. Бу Одам Ато яратилганда уни иккита хотини бўлганлигига ишорат эди. Улардан бири – чиройлиси – Момо Ҳаво бўлса , иккинчиси – аёл қиёфасидаги думлик бир махлуқ. Шайтон деганлари шу бўлса керакда. Анча вақтгача мутаассир бўлиб юрдинг. “Ер юзида сочилиб кетган одам болаларининг кўплари шу шайтондан туғилмаган бўлсинда ишқилиб”, деб ўйлардинг…

…Қор ҳам бунча эзмаланмаса. Лекин бу каби тоза ҳаво бирор жойда йўқ. Ўпкангни тўлдириб нафас олсанг, яйраб яшаса бўлади. Наҳотки! ”Яшаса бўлади” дедингми? … Бу совуқда дилдираб қаерга борасан? Тунги клуб ҳам пуллик экан. Қолаверса ўзингни ҳам тақир – туқур мусиқаларга ҳафсаланг йўқ. Ие, йўлнинг нариги томонида “Туркча пицца” деб ёзиб қўйибдими? Ўзимизнинг турк орқадошларимиз бўлса керак ҳайноҳой! “Орқадош”, “елкадош” “сафдош” …. Қанийди, бу каби сифатларга эга инсонлар кўп бўлса. Бормикан?

Сен каби совуқдан ўзини ичкарига урган кишилар кўп шекилли. Қаторлашиб туришибди. Егулик буюртма беришаяпти. Турк гамбитларига ўхшаш шоп мўйлабли ошпазнинг қўли қўлига тегмайди. Ёрдамчилари ҳам бор. Касса аппарти олдида туриб олган ёшроқ йигит танишдекми? Ким бўлдийкин? (Эсингдами, бир – бирларига руҳан яқин инсонлар тезда тил топишиб кетишади, дегандим сенга. Узоқ масофалар кўнгил учун ҳеч нарсага арзимайди аслида. Биз ҳам қаерда бўлмайлик, ҳамиша ёнма – ён яшаётгандек сезамизку ўзимизни).

Ярим соат. Узоғи билан бир соат мунғайиб ўтирасан. Одамлар сийраклашиб борарди. Охири бир ўзинг қолдинг. Ҳалиги кассир бола олдингга келиб, сени гапга солмоқчи бўлади. “Қаердансиз? Бу ерда нима қилиб юрибсиз?” деб сўрай бошлайди. “Ўзбекман” дейсан. Сўнгги автобусга улгурмай, шаҳарда қолиб кетганингни айтасан. “Ташқари совуқ, бироз исиниб олмоқчиман” деб қор ёғиб ётган кўчага имо қиласан. Туркчани билишинг уни мамнун қилади. Ёнингдаги курсига оҳиста ўтириб, сенга синовчан тикилади. “Орқадош, бемалол шу ерда дам олиб ўтираверинг. Тунги соат иккигача ишлаймиз” дейди. у. Кейин ўз иши билан кетади.

Девор пештоқига осиб қўйилган телевизорга тикиласан. Газеталарни ўқиган бўласан.
Вақт ўтиши керак. Тезроқ тонг ота қолсайди. Эрталабки бешдан автобуслар қатнай бошлайди. Бир пасда уйга етасан.

…Фариштадек бегуноҳ, беозор ўғлингни қучоғингга маҳкам босиб, узоқ вақт қимирламай ўтирсанг… Ундан қандайдир руҳий куч оласан. Қалбингдаги дарду ғуборлар ўз – ўзидан тарқаб кетади. Буни кўп марта синаб кўргансан. Ўғилчангни бағрингга босиб ўтирар экансан, гуноҳларинг тутдай тўкилади. Қалбинг осмонини босиб ётган тушунарсиз туйғулар гўёки муаззам қуёш нурларига дош беролмай тарқаб кетган қора булутлардек даф бўлади. Ҳамма нарсадан қутуласан… “Фаришта” ухлаб ётгандир. Осмонга қараб, пишиллаб ухлайди. Ҳамма болалар ҳам шунақа ширинмикан? Ёки фақат сени ўғлинг шундай азизми? Бошқаларни боласини унча ёқтирмайсан. Ўзингники ўзингга азиз кўринади. Қизиқ, бу худбинлик нишонасимикан?

Пиццахонада ярим тунгача мунғайиб ўтирасан. Ташқари совуқ. Қор тинимсиз уриб ётибди.
“Иш вақти тугади. Энди ошхонани ёпамиз” дейди ҳалиги кассир йигит. Соат ҳам тунги икки бўлибди. Сен унга жовдираб қарайсан. “Борадиган жойингиз йўқми? дейди у сенга ачингандек. У жуда хушфеъл эди. “Бўлмаса сизни автомобилларга ёқилғи қуйиш шаҳобчасига элтиб қўяман. Улар эрталабгача ишлашади” дейди. У сени яхши танимаса ҳам яхшилик қилгиси келади. Бу йигитчани биринчи кўриб туришинг. Ташқарига чиқасизлар. Эскироқ автомашинасини ўт олдиради. Тезда манзилга етасизлар. “Хафа бўлманг орқадош, шунақаси ҳам бўлиб туради” дейди у кулиб.

Фарҳод ака билан бу турк йигитни таққослаб кўрасан. Бу бегона, лекин ўзини сенга яқин олиб гапиради. Дўст тутади. Сени нотаниш жойда, қор буралиб ёғаётган совуқ кўчада ёлғиз ташлаб кетишга кўзи қиймади. Фарҳод ака эса телефонини ўчириб қўйди. Сенга бегоначалик ичи ачимади-ку! ”Одамнинг оласи ичида” дейишади. Шундай пайтда ким чин дўстлиги билинар экан. (Мен сенга айтгандим-ку, ҳаммани ўзинга дўст тутма, ҳеч кимга ишонма, деб!)

Ёқилғи қуйиш шаҳобчасида сотувчидан ўзга ҳеч ким йўқ. Кофе олиб, бироз исиниб олмоқчи эканлигингни айтасан. У индамай бош силкийди. Розилик аломати бу. “Сўнгги автобусга улгурмадим. Эрталабкиси тонги бешда бўлар экан” дейсан. Сотувчи индамай қоғоз титади. Нималарнидир ҳисобини олади. Ичкарига ўн тўрт, ўн беш ёшлардаги икки қиз кириб келади. Улар бурчакдаги стол атрофида ўтириб, ”қиқир- қиқир” кулишади. Улардан бир сени имлаб чақиради. “Илтимос, бизга бир пачка сигарет сотиб олиб беринг” дейди у қўлингга пул тутқазиб. Ўн саккиз ёшга тўлмаган ўсмирларга тамаки маҳсулотлари сотиш таъқиқланганини яхши биласан. Сотувчи кўз қирини ташлаб, бир уларга, бир сенга қарайди. Ички шуур билан сезасанки, у ўртада бўлган гап- сўзларни тусмоллаб ўтирибди. Қизчаларга рад жавобини берасан. Улар норози бўлиб чиқиб кетишади. “Агар уларни истагини бажарганимда нима бўларди?” деб сотувчидан сўрайсан. “Полисга телефон қилиб, бу ҳақда хабар қилардим” дейди у . Сотиш ҳам, сотиб олишга воситачилик қилиш ҳам жиноят саналади. Хайрият, бир фалокатдан қутилиб қолдинг. Худо бир асради. Кўнгилчанглик қилиб, ёш қизларга сигарет олиб берганингда нима бўлишини тасаввур қиласан. Қизиқ, нега улар бу ишнинг охири вой эканлигини билган ҳолда, сени жиноятга бошламоқчи бўлишди экан? Ўзларини ҳузурларини ўйлаб шундай қилишмадими? Одам ҳам шу қадар ўзини ўйлайдиган худбин бўладими? Уларга барибирми? Сени тақдиринг билан қизиқишмайди. Ишлари битса бўлди. Турли хил ҳийла билан сени алдамоқчи бўлишади.

Одам Ато нега аёл қиёфасидаги шайтонга бўйсунган экан-а? Ие, аёл дегани шайтоннинг ўзи эмасми? Шайтон эркак эмас, аёл-ку! Шу пайтгача бунга эътибор бермаганингга ҳайронсан. Шайтонни олов дейишганига ишониб юрган экансан-да. Мана шу қизларнинг ўзи, кўзинг кўриб турган шайтонваччалар эмасми? Улар ўз ҳусну чиройлари билан бошқалар эътиборини тортиб олишади. Кирган борки уларга албатта бир қараб ўтади. Булар эркак киши бўлганда бунчалик тикилишлар қайда эди! Анаву, бўйлари узун, кўкраклари бўртиб чиқиб тургани офатижон эканми? Кўзларини сузиб боқишлари ҳар қандай одамнинг эҳтиросларини қўзғайди. Булар ярим тунда нима қилиб юрибди бу ерда?

“Демократ” ўғлинг шулардан биттасига илашиб қолиб роса куйдирганди. “Сен ҳали ёшсанку! Ўқишинг керак. Миянгни ҳалитдан кераксиз нарсалар билан банд қилма?” десанг аразлаб уйдан чиқиб кетди. Ўшанда ўғлингдан, ўз жигарбандингдан қаттиқ ранжиган эдинг. . Уни кимдир бошқариб турганини сезиб турардинг. Бу ўша, бўйлари мана шу қизники каби узун, ориқдан келган, сочлари жамалак қиз эди. Уни нимасидир сенга ёқмасди. Турқи совуқдай эди. Жозибаси йўқ. Ўша куни ўзингни базур ушлаб қолдинг. Кап- катта, эси кириб қолган бола билан ”ади- бади” айтишиб, урушиб ўтиришни ўзингга эп кўрмадинг. “Демократ” бунга йўл қўймади ҳам. Онасига қараб “Мен сизларни яхши кўраман” дея илтифот қилди. Сен ундан бу каби такаллуфни кутмаган эдинг. Ҳайрон бўлдинг. Ўғлингга нимадир бўлаётганди. Кейинги пайтларда шунақа одамови бўлиб қолган. “Мен сизларни дунёқарашларинг билан келиша олмайман” дейдими? Дунёга қарашимиз, яшаш тарзимиз унга ёқмашмиш. Миллий таомларимиз семиртириб юборар эмиш. Таркибида ёғ моддаси кўп . Турли туман ёғлик маҳсулотлар организмга чиқит бўлиб, тўпланиб қолади. Қорин солишлар шундан экан. ”Семиз одамлар – касал одамлар” дейди. Улар чиқитларни кўтариб яшашар экан. Касалланиб, эрта ўлиб кетишар эмиш. Кўп ўқиган-да. Ҳамма нарсани тушунади. Кўзингга қараб, дилингда нима кечаётганини билиб туради. Ўсмирлик ёшида. Хавфли ёш. ”Уни асраш керак”, дейди хотининг. Сен эса ўғлинг билан чиқиша олмайсан. Уни кимлардир бошқараяпти, деб ўйласан. Таъсирчанлиги сени хавотирга солади. Ўшанда ўша қиз билан узоқ хат ёзишди. Кейин сизларни яхши кўришини айтиб, кўчага чиқиб кетганча қайтиб келмади. Компютерини ёқиб, ўша жамалак соч қиз ёзган фикрларни ўқиб қолдинг. Бу шайтон қиз узоқда туриб бўлса ҳам ўғлингга руҳий таъсир кўрсатиб, уни уйдан олиб чиқиб кетганини кейин тушундинг. “Сен севги ёшига етган, ўзинг мустақил иш қиладиган йигитсан. Бундан ташқари севгансан, севилгансан. Ота- онанг сени ҳозир тушунмаса, барибир бир кун келиб тушуниб олишади. Кечиришади. Унгача вақтни қўлдан бой берма, мени олдимга келгин. Уйдан чиқишда, ота- онангга уларни яхши кўришингни, тоза ҳавога сайр қилгани кетаёганингни айтсанг, йўлингни тўсишмайди. Мен сени севаман. Бир умр кутиб яшайман” деб ёзилганди хатда.

Шундоқ ёнингда ўтирган зурриёдинг ўз жигарбандларини ташлаб ўзга бир аёлнинг ортидан кетганди. Аёл дегани шайтони бўлмай нима! Орадан икки ҳафта ўтди. Ўғлинг, икки ўт орасида қолганди. Буни сезиб турардинг. Қани, ота- онасини дер эканми, ёки ўша қизними,, деб атайин уйга чақирмадинг. Лекин, хотинингни сабри чидамади. Она-да. “Ўғлимни қайтариб олиб келинг, бегона жойларда санғиб юрмасин”, деб йиғлаб туриб олди. Ўғлингга қўнғироқ қилганингда, “Борсам аям урушмайдиларми?” деб иккиланиб қолди. Ўз ишидан ўзи пушаймон эканлиги сезилиб турарди. “Йўқ, келавер, биз сени кечирдик. Бундан кейин ўйлаб иш қил”, деб унга ён босдинг.. Уйга қайтиб келди. Ота -она ўз зурриёдини хато қилса кечиради. Кечириб юбординглар. Олдингидек яна ўз ҳаёти билан яшаб юрди. Лекин хаёллари бошқа жойда эди унинг. Ўз фарзандинг қалбида нималар борлигини тушуниб етмасдинг. Фақат ундан шубҳа қиласан. Баъзан уйга кеч келса ҳам нимагадир шубҳалана бошлайсан. “Ўртоқларим билан кинога тушдик. Филм кўрдик. Ўйинлар ўйнадик” деган гапларига ишонгинг келмайди. Бунга унинг ўзи сабабчи. Ниманидир яширади. Очиқ айтмайди. Ёки сенга шундай туюладими?

…Қор ҳам тинмади. Фарҳод ака нима қилаётганийкин? Иссиқ кўрпасига бурканиб, ухлаб ётгандир-да. Унга нима? Соат ҳам тунги уч бўлиб қолибди. Кўзларинг қизариб кетган. Ухлагинг келади. Бу ерда чекиш мумкин эмас шекилли. Ёқилғи қуйиш жойи-да. Ташқарида ҳали ҳам қор ёғаяптими? (Мен сенга айтгандимки, тунда йўлга чиқма, деб. Сен эса гапимга қулоқ солмадинг. “Бориб ўғилчамни кўраману, яна қайтиб келаман” деб чиқиб кетдинг. Энди эса қаёқдаги бир дўкончада тонг отишини кутиб, сарғайиб ўтирибсан).

Фарҳод ака қизиқ одамда. Ўзимизнинг ўзбек… Қув ва содда келади. Ширин опани қандай учратиб қолганини ҳикоя қилиб берганда, уларнинг тақдири ҳақида билиб, ҳайратдан қотиб қолгандинг. Ажабтовур, ҳеч кимникига ўхшамаган, ўзига хос топишув….

“Умид, бизни тақдиримиз тасодиф билан яратилган. Ширин опангиздан олдин Махпират деган хотиним бор эди. Бир қизча туғиб берди.Ўшанда пичоғим мой устида. Каттагина устахонам бор. Ҳаётимда камчилик кўрмасдим. Ҳамма нарса етарли эди. Лекин мен кўнглимдаги аёлни тополмаганман. Нимасидир ёқмайди. Фикрими, дунёқарашими? Гаплари малол келади. Оддий нарсаларни тушунмайди. Нуқул вайсагани вайсаган.

Қисқаси, у билан ортиқ яшолмаслигимни доим сезиб юрардим. “Дунёда шундай бир аёл бўлса, кўзларига қараган заҳотинг сени мақсадингни тушуниб турса. Оқила ва фозила… Ортиқча гап қилмаса. Бир марта бериладиган умрингга арзигулик аёл бўлса! Борми шунақаси?!”

Мен шулар ҳақида ўйлардим, ука. Шоир бўлмасам, гезини келтириб тушунтириб беролмайман. Лекин юрагим тўлиб кетган мани.

Бир куни мошиналарни рўйхатдан ўтказиш идорасига бориб, ҳужжат тўғриламоқчи бўлдим. Ҳисобчилар хонасига кирар эканман, ишонинг ука, бир қизни кўриб, ҳайратдан қотиб қолдим. У мен излаб юрган, орзу қилган, тунлари ўйлаб чиқадиган ўша аёл эди. Худди хаёлимдаги қиз … “Э, худойим, инсонларни тақдирини шунақа, ўзлари билмас боғлаб қўясанми?” деб ўйладим. Тезда орқага бурилиб, хонадан чиқиб кетдиму, кўчага чопдим. Нима бўлаётганини ўзим ҳам билмайман. Биринчи дуч келган дўкондан чиройли, муқовали китобга ўхшаш шокалад сотиб олдим. Иккинчисидан – оқ чиннигул. Тезда изимга қайтиб, яна ўша хонага кирдим. Тақдирми ёки тасодифни қарангки, у хонада бир ўзи эди. Шериклари қаёққадир чиқиб кетишибди. Тўғри олдига бориб, гул ва ширинликни қўлига тутқаздим. “Ширин! Мана булар Фарҳоддан сизга совға!” дедим. Уни исмини билмасдим. Хаёлимга келган гап шу бўлди. Қиз ҳайратдан киприкларини пирпиратиб “Мени исмим Ширин эканлигини қаёқдан билдингиз?” деса бўладими? Бу тақдир ҳазилимиди ёки Яратганнинг менга туҳфасимиди? Билмадим, ука!

Хуллас, бизнинг ишқий саргузаштларимиз шундай бошланган. Бу ҳақда эшитган Махпират қизчасини эргаштириб онасиникига кетиб қолди. Ширин билан олти ойдан кейин тўйимиз бўлди. Мана ҳозир иккита фарзандимиз бор. Мендан бахтли инсон бўлмаса керак бу дунёда!”

Фарҳод ака ўз муҳаббати ҳақида соатлаб гапиришни ёқтиради. Фарҳод ва Ширинлар муҳаббати тарихи ҳақиқатдан бошқаларга ўхшамайди. Сен уларга ҳавас қиласан. Оддий мошина устаси бўлган ҳамюртингнинг қалби, руҳий дунёси шу қадар ажабтовурки, булар сени лол қолдиради.

“Эҳ, Фарҳод ака, ажойиб инсонсизда. Лекин нега мени кўчада қолдириб, бамайлихотир, ҳеч нарса бўлмагандек ухлаб ётибсиз? Бир дўстингиз, қорли кечада, бегона шаҳарда дилдираб юрибди-ку! Наҳотки, бу ҳақда ўйлаб ҳам кўрмасангиз?”

Худди кўчада қолиб кетганинг учун Фарҳод ака айбдордек, ундан ёзғирасан. У одамда нима айб? Озроқ ичган экан… Сабабини айтди-ку! Сени деб ҳайдовчилик гувоҳномасидан маҳрум бўлсинми?

Ҳа, айтганча афсоналардаги Фарҳод нега тоғу тошларни кесиб, Ширинлар юртига сув келтиради? Ширинни қаттиқ яхши кўргани учунми? Навоий бу достонда Фарҳод чеккан ранжу машаққатлардан мақсад- сув келтириш демайди-ку! Инсоннинг ўз камчиликлари, саҳву хатолари, нафсу аммораси, ўзини енгиш учун кураши тимсоли эмасми у? Ҳамма бу дунёдан ўзини излайди. Хотинидан, болаларидан, яқинларидан ўзини излаб юраверади. Сен ҳам изловчисан-да. Фарҳод акадан нега ранжиб ўтирибсан? Уни ўзинг каби бўлишини истаганинг учун, сенга сен истаган яхшиликни қилмагани учун хафа бўлдинг, тўғрими? Сен бу билан ўзингни ўзгалардан излаётганингни тушунасанми?

…Қор ҳам тиниб қолди шекилли. Роса эзиб ёғди-да. Соат ҳам эрталабки тўртга яқинлашибди. Ҳадемай тонг отади. Автобус бекати томонга борсанг ҳам бўлаверса керак энди. Бекатгача анча йўл. Фақат хаёллар сени тинч қўймайди. Ўйламасдан кетаверсанг ҳам бўлар балки… Ўйлаб ўйларингни адоғига етолмайсан-ку!

Швеция. 2013 йил, 18-19 апрель.

www.munosabat.org

Share on FacebookShare on Google+Tweet about this on TwitterEmail this to someoneShare on LinkedIn