Алишер Соипов: Ҳаётдан мен эрта кетаман дердим

alisherҚизиқ, Алишер Соипов ҳаётдан эрта кетишини билганмиди?

(1981-2007)

Сизни изтиробдан қутқаргим келар,
Олиб кетгим келар сизни узоққа.
Балки хотиралар бир кун чекинар,
Қалбларни тарк этиб биздан йироққа.

Бугун эса улар бизни қийнайди,
Ўтган ёруғ тунлар бугун – ғам-алам.
Сизни ўзгаларга кўзим қиймайди,
Начора, фалакка етмади нолам.

Бугун йўлларимда висолингиз йўқ,
Ўтган кунлар эса дилни ўртайди.
Мен сизни ўйлайман жуда узоқ, кўп,
Бу ўйлар тубига етиб бўлсайди.

Ёдингизда бўлса, сизга гоҳида
Ҳаётдан мен эрта кетаман дердим.
Овутар эдингиз шунда беҳуда,
Ниҳоясиз эди қалбимда дардим

Бугун ўша дардлар Сиз билан тўлди.
Сизни ҳам кўп кўрди бу телба олам.
Бугун менинг сўнгги умидим ўлди,
Энди бир кун менга тутарлар мотам.

Лекин сиз чекманг ҳеч беҳуда ташвиш,
Умрим якунининг сабаби сизмас.
Юртдошлар ўлимим қилсалар тафтиш,
Изоҳлари эрксиз ватанга сиғмас.

Олиб кетгим келар Сизни узоққа,
Хўрликларга ватан бўлди бу макон.
Агар кетолмасак ундан йироққа
Бизни таҳқирлашга топарлар имкон.

Ваҳший ё мулойим ҳайвон сингари,
Бири зўрлик қилар, бири – итоат.
Бу юртда ҳеч бир иш юрмас илгари
Бу юртга қаердан келсин Саодат.

Мени кутаётир халоскор ўлим,
Кетаману, аммо виждоним оғрир:
Сизга бахт узишга етмади ўғлим,
Бирга кетмоқ эса мумкинмас, оғир.

Сизни изтиробдан қутқаргим келар,
Олиб кетгим келар сизни узоққа.

2001 й.

http://ijodkor.com

Share on FacebookShare on Google+Tweet about this on TwitterEmail this to someoneShare on LinkedIn