Мунаввара Ойматова: «БЕДАРДЛАРГА БЕРМА ШЕЪР ЖУНУНИНИ»

munavvara_oymatovaБеназир шоира Эмили ДИКИНСОНга бағишлайман.

ХАЁЛ ПАРВОЗИ

1

Олам ва ОДАМ ҳақидаги баҳсу мулоҳазалар мангу давомийлик касб этгани каби Шоиру ШЕЪР ҳақидаги суҳбатлар ҳам Олам каби қадимий ва боқий мавзудир. Ҳар вақту замонда ҳар ким ўз нуқтаи назарини баён этган. Барибир ечим ечилмай қолаверган. Чинакам ЕЧИМ Шеърхон қўлида титиғи чиқиб кетган китобу унинг қалбида уйғонган ҲАЙРАТ эканини унутмаган ҳолда , биз ҳам баҳоли қудрат буюклар қошида узр айтиб, бу борадаги ўз мушоҳадаларимизни баён этмоқчимиз.

* * * *

ШЕЪР – РУҲ ва АҚЛ ҳосиласи. Руҳнинг тахайюл осмонига парвози. Ақлнинг тафаккур оламидаги ОЛАМдан ҳайрати.
ШЕЪР – ХАЁЛнинг ҲАЙРАТ осмонидаги рақси. Шоир руҳиятидаги жазб ва жазаванинг сўзлардаги жилваси. ҲАЙРАТнинг шиддатли сели. КЎНГИЛнинг тахайюл ва таҳайюр салтанатидаги сайри.
ШЕЪР – шоирнинг лаҳзалик туғёни, исёнининг мангулик умри.
ШЕЪР – аждод-авлодларнинг қонидан қонига оқиб ўтгувчи Ҳасрати, Суврати, Сийрати, Сўзларда, мисраларда, бандларда гапиргувчи тарих, бугун, келажак, эрта, тонг, чошгоҳ, оқшом,тун…
ШЕЪР – Инсон қон томирларида оқаётган шарқироқ сой, дарё, уммон.
ШЕЪР – жаннатдан қувилган ОДАМнинг излаётган жаннати.
ШЕЪР – заминда ОДАМини излаётган ҲАВОнинг ноласи, фарёди, сувайдоси сўзлардаги ҳувайдоси.
ШЕЪР – йўқлик оламидан ЎЗлигини излаётган ИСЁНнинг Ўзлигига сайри.
ШЕЪР – алалхусус, мисралар, бандлар, жанрлар кўринишида гапираётган бокира КЎНГИЛ – ИНСОНнинг ўз-ўзидан ҲАЙРАТи.
Шеърнинг туғилиши чақмоқнинг ёхуд яшиннинг ялт этган бир чақнаши каби бўлиб, Шеър умри эса асрлардан, тарихдан устун ҲАЙРАТ туҳфасидир.

ШЕЪР – ибтидоий жамоа даврида ғор деворларига чизилган сувратлар каби изоҳсиз тушунилиши керак бўлган МИМ. Ўшал суврат ибтидоий аждод ўй-фикрлари, орзулари мужассамаси эмасми? Улардаги ҳаёт – давр дарёсида оқиб ўтиб, келажакка қараб кетаверади. Ва шу оқишда ўзи билан бизнинг бугунимиздан энг яхши, йўқ, энг аъло Ҳайрат сийратларини ШЕЪРларни ўзи билан олиб кетади. Демак, ҳақиқий ШЕЪР келажакка томон йўл олган КЎНГИЛ ҳайрати.
Бетакрор мусанниф Акутагаванинг «Инсон ҳаёти Бодлернинг бир сатрига арзимайди», – деган шафқатсиз хулосасида ҳақиқий Шеър умри инсон умридан узун эканлигига ишора бор.

Шундай қилиб, ШЕЪР – ижодкор Қалби ва Ақли ҲАЙРАТи узган камон ўқи. Бу камон ўқининг парвози ижодкорнинг ўтмишига айланиб, келажаги томон кетаётир. Бу парвоз тўхташ нелигини билмайдиган ВАҚТ янглиғ боқийдир. Илло, ВАҚТ ҳамиша ҳаракатда. Инчунин, ШЕЪР ҳам ҳамиша ҳаракатда. Ундаги ҳаракат мисралардаги сўз ҳаракатида намоёндир.
СЎЗ – ҳарфлар тизмаси, мисра қуруқ сўзлар маржони эмас. Шеърдаги СЎЗ – ҳаракатдаги туйғу суврати. Бу суврат жонлидир. Худи рассом чизган расмдаги уйғоқ ранглар силсиласи каби. Сўз қатида ҲАРАКАТ, ИСЁН, ИНҚИЛОБ бор. Сўз замирида олов бор, ҳарорат бор. Муҳаммад Солиҳ айтганидек, « Шеър медуза. Ундаги фикр ёзувда ифодаланиб, қоғозга парчинланган каби бўлса ҳам, доимо ҳаракатда бўлади».

СЎЗга қайтайлик. Такрор айтамиз, СЎЗ ҳарфлар тизмаси эмас. СЎЗ – товушларнинг қоғоздаги сурати. Товуш – ҳаракат. Демак, СЎЗ – ҲАРАКАТ. Бу ҳаракат мисраларга тақсимланган мазмунда инъикос этган воқелик. Агар мазмун чинакам воқеликни ўзида акс эттирган бўлса, шундагина мисрада, умуман, ШЕЪРда ҳаракат намоён бўлади. Бу намоёнлик ўқувчи ШУУРида ялт этиб акс этувчи чақмоқ зиёси. Шеър ана шу зиёси билан шеърхон қалбида гапира олсагина у ШЕЪРдир. Шу ўринда, Эдуардас Межелайтиснинг қуйидаги фикрини келтиришни жоиз билдик. «Фақат инсон ички дунёсида абадий бўлган нарсагина яъни унинг руҳи, туйғусигина яшаб қолади, холос». Демак, Шеърда инсон руҳида абадийлик касб этган руҳият тасвирлари яшовчандир. Фақат ўлмас туйғулар ҳаракати нақшланган ШЕЪРлар – ибтидоий жамоа ғорларига чизилган расмлар каби ўчмас, уйғоқ ҳаракат бўлиб яшайверади. Бундай ШЕЪРдаги сўз эса донишманд Акутагава таърифлаган СЎЗ каби бўлиши керак. Акутагава дейди: « Бадиий асардаги СЎЗ(таъкид бизники – М.О.) луғатда маҳрум бўлган гўзалликни намоён этиши керак» яъни тирик СЎЗга айланиши керак.

Замонавий шеъриятда «инсоннинг руҳий дунёси, унинг қалб кўриниши, ландшафти… асосий предмет бўлиб»(Э.Межелайтис) қолган бир пайтда СЎЗга эътибор, умуман, ШЕЪРУ ШОИР муаммолари қандай (Хўжанд ўзбек адабий муҳити мисолида)лигига тўхталмоқчимиз.

ШЕЪРНИНГ КИЛИМАНЖАРО ЧЎҚҚИСИ

2

Қирқоёқ: Оёқда юриб кўр-чи?
Капалак: Ҳо, сен қанотларда учиб кўр-чи.

АКУТАГАВА

Эрнест Хемингуэйнинг «Килиманжаро қорлари» ҳикоясида келтирилишича, Килиманжаро Африка қитъасининг энг юқори нуқтаси экан. Масаи қабиласи унинг ғарбий чўққисини «Нгайэ-Нгайя» яъни Худонинг уйи деб атар экан. Худди мана шу чўққида қоқ суякка айланган коплоннинг музлаган жасади бор экан. Шундоқ баландликда қоплонга нима зарур бўлганини ҳеч ким изоҳлаб беролмас экан

Шу ҳикояни ўқигач, кўп ўйланиб юрдим. Ростдан қоплонга қорли баланд чўққида нима бор экан? Бугун эса чинакам ижод ва ижодкор ҳақидаги қайдларимга назар ташлар эканман, ўша баланд чўққида қолган қоплонга, аниқроғи, баланд чўққига етиб бориб, музлаган қоплонга ҳавасим келади. Ахир у чўққини кӯрди, чўққидан туриб оламни кўриб ўлишга муяссар бўлди. Қолаверса, у вужудини тўла-тўкис ўша чўққидагина сақлаб қолди. Агар чўққига етмагандами, у инсонлар қалбида ҳайрат уйғота олмасди…

Фақат чўққига қараш керак эмас. Ёнбағирларга ҳам қараш керак дейишади менинг чўққи ҳақидаги фалсафамни эшитганлар. Бугун мен шаккоклик билан чўққига чиқиб ўлишни истамаган қоплон – қоплон эмас дейман. Ёнбағирлардагилар эса чўққига етиб боролмайдиганлар. Улар мангу шу ёнбағирда қолиб кетадиганлар. Уларнинг маълум маънода борлиги, эҳтимол яхшидир. Бироқ уларга қараб, чўққи нафосатидан айримларнинг кечиб қўя қолгани ёмон. Бу бизнинг Хўжанд ўзбек адабий муҳити ҳақидаги мулоҳазаларга менинг хулосам.

Мен қадимдаги каби ҳозир ҳам ўзбек адабиётининг ўзига хос алоҳида адабий муҳитлари борлигини эътироф этган ҳолда, айтмоқчиманки, бу адабий муҳит ўзича жилға бўлиб оқиб, қайси бир қумлоқда қумга сизиб кириб кетмаслиги керак. Бу адабий муҳит ўзбек адабиётидан ўзининг ўрнини, ҳақиқий ўрнини топиб олиши керак деб ҳисоблайман.

Бироқ ҳозиргача ҳам Ўзлигини англаб етмаган бу адабий муҳит қачон ўзининг ўрнини топиб олиши минг номаълумли тенгламага ўхшаяпти. Бунинг кўпгина сабаблари бор. Назаримда, биринчи сабаби, Суғд вилояти миқёсида ўз ҳолича нашр этилаётган китоблар( китоб аташ жоиз бўлса). Бу «шеърий китоб»лар муҳаррир кўрмай, таҳрир этилмай ўқувчи, оз сонли ўқувчига тақдим этилмоқда. Натижада, «ақллар ҳукмдори» Альбер КАМЮ айтган қуйидаги мушоҳада ҳеч беистисно ҳақ сўзга айланаётир: «Шаклга тушмаган моҳият ёки моҳиятсиз шаклга юз бурган асардаги яхлитлик қуруқ сафсатадан ўзга нарса эмас».

Бу «ўзнашр» китобларнинг таҳрирсиз мисралари дарди бир тараф, орфографик, пунктацион, стилистик хатолари бир тараф. Улардаги маънонинг мантиқсизлиги шеърни яхши тушунгувчиларни юрак оғриғи қилиши тайин. Шеър бокира ДАРДдан туғилгувчи мўъжиза. Бугун юрак оғриғига айлангани ҳам гўё бир мўъжиза. Ҳаммадан қизиғи, нашр этилаётган шеърий мажмуалардаги шеърлар у ерда номланган жанр талабларига жавоб бера олмаслиги яна бир мўъжиза. Умуман, олам телба-тескари мўъжизаларга, Гиннес китобига кирувчи рекордсменларга ҳамиша эҳтиёж сезган. Бироқ шеър олами китоб чиқариб, рекорд қўйишга унчалар эҳтиёж сезмаса керак.

Яқинда АҚШ адабиёти тарихига оид бир рисолада қизиқ шоир шахсиятига дуч келдим. 19-асрнинг иккинчи ярмида яшаб, ижод этган Эмили Дикинсоннинг тириклигида бир неча шеърлари, шунда ҳам бир таниши томонидан, ундан рухсатсиз, чоп этилган экан. Эмили шон-шуҳратни умуман истамаган, шеърларини ҳеч кимга кўрсатмаган экан. У тириклигида истамаган шон-шуҳрат Эмилини 20-асрнинг эллигинчи йилларида излаб топибди. Эмили Дикинсон яратган шеърлар 19-аср АҚШ шеъриятининг нодир дурдоналари экан. Ёдимга Килиманжаро чўққисидаги қоплон тушади. Ҳеч кимга сездирмай чўққига чиққан қоплон…

Шу ўринда замонавий ўзбек насри яловбардорларидан бири Назар Эшонқулнинг «Ёзувчининг жамиятдаги ўрни унинг нечта асар ёзгани билан ўлчанмайди. Асосий мезон – Унинг истеъдоди», – деган эътирофи хотирга келади. Назаримда, «ўзнашр» китоблар олтин излаш эпидемиясига йўлиқиб, Америка шимолига – Клондайкка йўл олганларга – шон-шуҳрат излаб саробга кетаётганларга ўхшайди. Уларнинг ортидан зеҳни кундан кун пастлашиб бораётган ўқувчилар карвони… Эс –сиз…
Эркин Воҳидов айтган эди: «Шеърни англамакнинг ўзи истеъдод. Бу истеъдоднинг номини назокат деймиз, нозикфаҳмлик деймиз».

Биз бугунги ўқувчини нозикфаҳм дея оламизми? Бунга ким айбдор?
Айбдор қидириб юрмайлик. Шеърхонни айбдор этсак, у ранжийди. «Ўзинглар тақдим этган китобни ўқияпмиз-ку. Бизда нима гуноҳ»деб. Шоирни айбдор этсак, у ҳам ранжийди. «Шеърхоннинг дидига мослаб ёзамиз. Бизда не гуноҳ»,– деб. Ҳолбуки, « Шеърият – диди ўртача китобхонга ҳам, диди юксак китобхонга ҳам мўлжаллаб ёзилмайди. Ҳақиқий шеър тушунарли бўлиши учун ўз чўққисидан тушиб юрмайди. Ўқувчининг ўзи чиқсин»(М.Солиҳ.).

Бугунги «ўзнашр» мажмуалардаги шеърлар, назаримда(ҳаммаси эмас!), ўқувчининг ортида қолиб кетган шеър(агар уларни
шеър деб аташ жоиз бўлса).

Ҳолбуки, шеър ҳис қилинади. У юракдан чиқиб, юракка йўл олади. Ана шу йўл олишда у мўъжизалар изҳор этади. Шеър – санъат. «Санъат идрокка мансуб ҳодисалар турига киради ваш у сабабли шеър ёзишни ўргатиб бўлмаганидек, поэзияни ҳам тушунишни ўрганиб(ўргатиб – М.О.) бўлмайди… Поэзияни тушуниш руҳнинг кашфиёти. Кашфиёт сири инсон табиатида яширин» (В.Белинский).

Юқоридаги «ўзнашр» китобларда эса тушуниладиган ёки ҳис қилинадиган шеърнинг ўзи йўқлиги ўқувчи дидини ўтмаслаштирувчи омиллардан биридир. Шундай китобларни ўқишга кетган вақтингга ҳайфинг келиб, беихтиёр Асқад Мухторнинг «кимнингдир ёзганига офарин, кимнидир ёзмагани учун раҳмат» – дегани ёдга тушади. Ва секин пичирлайман: «Кимнидир китоб чиқарганига афсус, кимнингдир китоб чиқара олмаганига афсус». Яна Межелайтиснинг «Тунги капалаклар»и ёрдамга келади: «Жуда кўп шеърлар дастлабки босилган газета сонлари билан бирга йўқ бўлиб кетди». Йўқ, газетада чиққанлар китоб бўлиб, бугун адабиётга киришни даъво қилаяпти. Адабиёт эса ҳайрон. Булар ким ўзи деб. Яна Назар Эшонқул ёрдамга келади: «Бозорбоп ёки бугун бозори чаққон асарларни адабиёт деб баҳолайвермайлик». Унда буларни нима деб аташ мумкин?

Доно Акутагаванинг истеъдод ҳақидаги қуйидаги қайди балки саволга жавоб бўлар: «Истеъдод билан истеъдодсизлик ораси бир қадам. Аммо шу бир қадамга бутун бошли математикани жойлаштириш мумкин».

Қарангки, адабиёт ҳам математик мисоллар ечишга қодир экан. Аммо «ўзнашр» китоблардаги бадиий савияга ечим борми? Ёки улар истеъдод билан истеъдодсизлик орасидага оралиқ ҳолатми? Умуман, адабиёт ўз тарихида қанотда учолмаган қирқоёқ ва оёқда юролмаган капалакларни кўп кўрган. Бечора капалак ҳам, қирқоёқ ҳам ёнбағирда, чўққи нелигини билмай қолиб кетаверган. Муҳаррир кўрмаган китоблар(ҳаммаси ҳам эмас!)ни шуларга менгзаш керакмикан?

Чинакам ШЕЪР эса Килиманжаро чўққиси каби ўзига чорлайверади. Ва унда музлаб қолган қоплон тунлар тушимга киради…

* * *

Шеър ҳақидаги мулоҳазалар бизгача ҳам бўлган, биздан кейин ҳам бўлади. Шояд, бу мулоҳаза, мушоҳадалар қўлига қалам олган шеър ёзувчини ҳушёрликка ундаса. Шоира Гуландом Тоғаева айтганидек, «Бедардларга берма шеър жунунини» деган сўз, илоҳо, ҳақиқатга айлансину вилоятда сара шоирлар, Сара шеърлар кўпайсин.

Пинҳон шеър ёзиб юрган Шоир дўстим! Сизга эса камтарин шоира Эмили Дикинсоннинг шеърини айтгим келди:

Мен ҳеч кимман. Сиз кимсиз?
«Ҳеч ким»ми ёки сиз ҳам?
Унда бир жуфт эканмиз,
Зинҳор бировга айтманг.

Кимдир бўлмоқ қандай маълул –
Ёзда ботқоқларни масрур –
Этиб номин қуруллаган
Қурбақалар қандай машҳур.

Зотан, инсон ўзига берилган умрни яъни Тангри берган фурсатни бир лаҳзада яшаб ўтади. Лекин шоир шеъри, чинакам ШЕЪРи абадиятга йўл очиб, ҳозирдан келажак умрини яшай бошлайди. Истеъдод билан истеъдодсизлик орасидаги математиканинг ечими ҳам ана шу!

Изоҳ: Сарлавҳа ўрнида Гуландом Тоғаева сатри қўлланилди.

www.munosabat.org

 

Share on FacebookShare on Google+Tweet about this on TwitterEmail this to someoneShare on LinkedIn