Ғойибдан бўлган гумона

malohatЖурналист қандай қилиб кўмиб юборилган ҳақиқатни излаб топган эди?

Малоҳат Эшонқулова

Менга қолса, бу оламда “бой бўлиб болтаси,гадой бўлиб халтаси бўлмаган” манглайи қаролар журналист бўлса керак, деган бўлардим. Ҳимоясиз, чорасиз ва ожиз кимслар… Тўғрисиям шу-да! Ҳақ гапни айтаман, деб пешанам “тақ” этиб темир деворга текканида, айбсиз айбдорлик юки қаддимни букканида ким қўлтиғимга кирди? Кўнглимни ким кўтарди? Оқ юзимнинг ойдин бўлиши учун ким кўмакка келди, ЭГАМдан бошқа?! Э, йўқ, энди одамларнинг машмашасига аралашиб бошимни оғритмайман, ўзимга душман орттирмайман-да, бу ёғига мақтаб, маддоҳлик қилиб, камига “пахта қўйиб” “кўтариламан”, керилиб юраман, дея аҳд қилган эдим. Аммо журналист дегани лоқайду бепарво туролмас, кўнгли муз бўла олмас экан…

Чекка қишлоқдан келган кекса кампирнинг қақшашларига жимгина қараб туролмадим. Ижодкор – кунглининг қули экан-да! “Ё Расул!”дея яна оғримаган бошимни оғритишга киришдим…

– Оғзи қийшик, бўлсаям бойнинг боласи сўйласин, деганлари тўғри чиқди, –момонинг нафақат овози, жаҳл билан силтаётган қоқсуяк қўллари ҳам титрарди. –Ўзига тўқларнинг тантиси эди-да, келиним! У қилди бу қилди, хуллас, гулдай боламга тухмат қилиб қаматиб қўйди! “Уриб, гумонамни ту­ширди”, деб тухмат қилди-я ўғлимга, умидинг қypғyp! Келин бyғоз эмас эди-ку?! Бўйида йўқ эди-ку, улар қаердан топишди бундай бўхтонни?! “Қўнғиз оппоғим, кирпи ҳам юмшоғим” дейди боласини, ўйладим онага ачиниш би­лан термулиб. Ўғлининг қамоқда қийналаётганига кўкси бир куйса, боласининг бахти балқимаганига беўтин ёнарди, олов бўларди, она шўрлик. Чунки ғишт колипдан кўчган, ўғилнинг панжара ортида ўтирганига ҳам қарийб олти ой бўлганди.

Умидвор бўлиб келган кўнгилни ноумид қилиб қайтарай ҳам дедим, бироқ камбағалпараст кўнглим ўлгур кўнмади. Рўзғор деб аталмиш аждаҳога енг бўлса, елкасига ёқа бўла олмаётган бир бечора кампир “Афғонда инвалид бўлиб қайтган ўғлимни қасддан қаматиб қўйишди”, деб қақшаяптими, демак, бир гап бор, деган тўхтамга келдим. Нимадир қилиш керак. Аммо нима?! Ахир, қўлимда бир қадам қўйишимга қарши қудратли қурол бор – айблов хулосаси! Суднинг ҳукми! Ҳар иккаласида ҳам тўрт-беш жумла айнан кўчириб келтирилган: “…Раҳматулла …йил …кун кеч соат …ларда онгли равишда ўз хотини Омонова Ойсанамнинг ҳомиладорлигини била туриб, уни қасддан уриб, қорни, беллари, аъзои баданига тепиб, аёвсиз калтаклаб, шафқатсиз азоблаб, унга жиддий тан жароҳати етказган ва 3 ойлик ҳомиласининг тушишига сабабчи бўлган…”

Қани, қонуний кучга кирган суд ҳукмидаги бу сатрларга қарши бирор бир сўз деб кўринг-чи, айта олармикансиз? Бунинг учун сиртлоннинг юраги уриб туриши керак киши кўксида!

“Раҳматуллага оид “жиноят иши”ни урганмоқчиман, суд хужжатларини беринг”, деб бориб талаб қилиб кўринг-чи? “Терговчи ёки судья балки хатога йўл қўйгандир?” деган мулоҳазага боришармикан? Асло! Аксинча, сизни “тирноқ, ичидан кир қидирадиган ғаламис”га чиқаришади.

“Суд ҳукми Ўзбекистон Республикасининг номидан ўқилади! Ҳукмга қарши гапириш хукуматга қарши чиқиш билан баробар!” дея дағдаға килишади. Ҳа, топишган, ўз айбларини хаспўшлашнинг энг осон ва айёр йўли бу! Қойилқолиш керак!

Аммо “судья дегани билиб ё билмай Ўзбекистон Республикасининг номидан ноҳақ хукм чиқариб, бир фуқаронинг баҳтини барбод қилиб қўйса-чи? У холда одамларнинг судларга, қонунларга, хукуматимизга бўлган ишончи ўлмайдими, ҳурмати сўнмайдими?!” деган ўй кўнгилларининг кўчасидан ҳам ўтмайди, хеч ҳам! Шундай экан, хақ, истаб қон қақшаётган кампирнинг кўнглига қандай тасалли топиш керак? Қандай? Ишни нимадан бошлаш зарур, нимадан?

– Хола, нега бунча “келинимнинг бўйида йўқ, эди”, деб такрорлайверасиз-а? Ҳақиқатдан ҳам 12-13 ҳафталик ҳомиласи нобуд бўлганлигини тасдиқловчи суд тиббиёт экспертизасининг хулосаси бор-ку! Буни қандай инкор қилмоқчисиз?

– Оҳ, болам-а, сиз бу қоғозларга қараманг. Шу бир пар­ча қоғозга қараб қозилар жигаргўшамни жувонмарг қилишди-ку! –у мен томонга эгилди. – Келиним ўғлимга туҳмат қилишидан тўрт кун олдин қишлоқ, врачлик пунктида спиралини олдириб келган эди. Спирали бор аёлда бола бўладими?

– Спиралнинг устидан ҳам бола бўлиб қолиши мумкин, дейишади-ку дўхтирлар, –кулиб қўйдим –Тиббиётда бундай ҳолатлар кўп кузатилган.

Унинг гапини инкор қилишга қилдим-у, кўнглимда илинж туғилди. Калаванинг учини топгандек бўлдим. Рости-да, прокурорнинг ёнига боргудек бўлсам, ўзиникини маъқуллаб, айблов хулосасини қувватлаши аниқ. Қозига рўпара келсам, суд тиббиёт экспертизасининг хулосасини рўкач қилади. Экспертизадагилар ҳам эсини еган эмаски, “ҳа, биз нотўғри хулоса бергандик, хато биздан ўтган», дейишса! Шунинг учун ҳам қонун идораларини тинч қуйиб, мустақил ҳаракат қилишдан ўзга чора йуқ. Ишни ўша –кампир айтган қишлоқ врачлик пунктидан бошлайман, деган қарорга келдим.

Момо алдамаган экан. Чиндан ҳам келини “эрим уриб, ҳомиламни туширди”, деган кундан уч кун аввал худди шу ерда спиралини олдирганлиги ҳақида қайднома бор. Аёлни кўрикдан ўтказган гинеко­лог шифокор билан бўлган суҳбат ҳам буни тасдиқлади. Қизиғи, бемор Ойсанам Омонова спиралини олдириб кетгач, яна икки кундан кейин қайта шу шифокор кўригидан ўтган ва камқонлигидан шикоят қилган. Бу фактни беморнинг касаллик варақасидан ўқиб билиб олиш мушкул эмас.

– Демак, бемор Омонованинг спиралини олган шифо­кор сизсиз? – гинеколог аёлни саволга тутдим.

– Эсимда, бемор Ойсанам Омонова бизга қон кетиш шикояти билан келган экан. Қарасам, спирали ноқулай жойлашган. Шамоллашиям йўқ эмас эди. Олмасликнинг иложи йўқ. Шунинг учун спиралини олиб ташлаганман.

– Ўша пайтда у ҳомилам бор, деганмиди? Балки буни мутахассис сифатида ўзингиз ҳам сезгандирсиз?

– Йўқ, демаган. Ҳомиладорлигини мен ҳам пайқамадим. Назаримда, унинг бўйида йўқ эди. Чун­ки хомиладорлик чоғида қон кетгудек бўлса, у ўз-ўзидан тўхтамайди. Спира­лини олгач, бемор икки кундан кейин кўрикка келганида кўрганман, унда қон кетиш мутлақо тўхтаган эди.

Ажаб, Ойсанам ростдан ҳомиладормиди ўзи? Бу са­волга жавоб топиш учун туман гинекология бўлимига йўл олдим. Аёлга худди шу ерда “касаллик тарихи” очилган-да! Ўзимни алдаб нима қилдим? Oчиғи, менда тиббиёт илмидан оз бўлса-да, тушунча ёки билимнинг ўзи йўқки, қўлимда турган “касаллик тарихи”дан “ишкал” топсам! Буни истаётган бўлишим мумкин, аммо имконим йўқ эди. Уни варақлаб тушунганим фақат шу бўлдики, Омонова бу ерда 7 кун даволанган. Ва яна “…бемор ҳомиланинг чала тушиши оқибатида шифохонага мурожаат қилган…” деб қайд қилинган алламбало жумлаларни хижжалаб зўрға ўқи­дим. Яна бир аниқлик киритганим –у гинекология бўлимининг 7-палатасида ётган.

Худди бир из топадигандек кириб, палатани кўздан кечирдим. Тўрт кишилик шинамгина хонада тўрт бемор аёл “ғийбатлашиб” ётибди. Ҳа, етти куну етти тун. Ҳамхона беморларни бир-бирига яқинлаштириш учун етарли муддат. Улар дардлашади, сирлашади… Беморларга қараб, каллам ишлаб кетганидан қувондим Топдим! Бемор Ойсанамнинг палатадошлари билан гаплашаман. Зора, улар бирор гапдан бохабар бўлишса… Даволовчи шифокордан бемор Ойсанам Омонова би­лан бирга ётган беморларнинг “касаллик тарихи”ни беришини сўраганимда, у мийиғида кулди:

– Яхши, ҳозир буюрамиз, архивдан топиб келтиришади.

– Унгача суҳбатлашсак…

– Эътирозим йўқ.

– Ҳомила неча ойлик эди?.. Аниқ,бўлишича, аёлнинг спи­рали ҳам бўлган… – саволим чала қолди.

– Бачадоннинг ҳажми ва шунга алоқадор нарсаларга таяниб айтиш мумкинки, ҳомила уч ойлик бўлган. Аёл хомиласини уйида йўқотган, биз буерда мадкани тозалаб, барча тиббий ёрдамни кўрсатганмиз, –оғзимдан гапимни олди у, -Кейин… спирали бўлган бўлса бордир, аммо спирал бўлса­-да, ҳомиладор бўлиш ҳолларига ҳаётда кўп дуч келганмиз…

Сўзимиз бўлинди. Оқ халатли қўхликкина қиз Ойсанам Омонова билан битта палатада даволанган учта бемор аёлнинг “касаллик тарихи”ни кўтариб кириб келган эди. Очиғи, бу қоғозни тўрт йил титкиласам ҳам тушунмасдим. Аммо менга кераклиси беморларнинг манзили эди. Уларни ён дафтаримга кўчириб олдим-да, шифокор билан хайрлашдим.

Вақтни бой бермай, манзил бўйича аёлларни қидириб кетдим, топдим, суҳбатлашдим.. Ва ниҳоят… Бу сафар менинг лотереямга ютуқ чиққан эди. Уч аёл ҳам бир-бирини билишини, ҳақиқатдан ҳам битта палатада бир пайтда даволанганлигини эътироф этди. Аммо чорбоғлик Ойсанам деган аёлни билмасликларини, бундай исмли бемор уларнинг палатасида мутлақо ётмаганлигини таъкидлашди. Бу бемор аёллардан бирининг хотираси чатоқ бўлиши мумкиндир, эҳтимол, аммо қолган иккитаси-чи? Наҳотки, уч аёл Ойсанам исмли палатадошларини бараварига унутган, ёдларидан чиқарган бўлса? Бу мумкин эмас. Тамом. Мен –бедиплом дўхтир –ўз диагнозимни қўйиб бўлдим: Ойсанамнинг қорнида уч ойлик ҳомиласи хақиқатдан ҳам бўлмаган. Кўнглимнинг қироли ҳам, қароли ҳам мен ўзим. Суди, судьяси ҳам мен, ўз хукмимни чиқариб қўйгандим: демак, шифохонага Ойсанам Омонова деган беморнинг ўзи мутлақо келмаган ҳам, ётмаган ҳам. “Касаллик тарихи” “тўлдирилган”, холос.

Аммо кўнгил ҳукмини халққа ҳайиқмай ҳайқириб ҳавола қилиш учун инкор этиб бўлмайдиган исбот керак, дадилгина далил даркор. Уч бемор аёлнинг кўрсатмаси кўп ишга қодир бўлолмайди, суд тиббиёт экспертизасининг хулосасини инкор этолмайди-да!.. Воажаб, у қандоқ золим эр эдики, зулмига чидай олмаган аёли туҳматдан турмага тиқиб қўйган бўлса! Нима бўлгани-да ҳам, аввало, даъвогарни –жабрланувчи аёлни эмас, жавобгарни кўриш мен учун қизиқ эди.

Рахматулла билан суҳбатлашиш учун қамоқхонага кириш қийин кечмади. Учрашув хонасига озиб- тўзиб кетган 40 ёшлардаги кишини келтиришди. Рангида қон йўқ. У бир қарашда кўримсиз кўринса­-да,қайрилма киприкли маъноли кўзлари, қуюк қора қошлари, кенг елкалари 20 ёшларида жуда кўркам, келишган йигит бўлганлигидан далолат берарди. Чорасиз ва ғуссали одамлар билан юзлашишга, очиги, юрагим йўқ. Уларнинг андуҳларига дош бериш учун 360 даражали ўтда ҳам эримайдиган пўлат дил керак, кўнгил керак кишига, йўқса асаб толаларинг “чирт-чирт” узилиб адо бўласан, одам.

Ўзимни таништириб мақсадимни айтгач,у йиғлади. Худди болалардек –қўллари би­лан юзларини беркитиб, овоз чиқариб йиғлади. Бу холатни кўриш, кузатиш оғир эди…

– Йўқ, айтинг, ахир ме­нинг гуноҳим нима? Афғонистон ўқларидан ўзимни асраб, шу мақсадда омон келганмидим? Яраланиб ёниб ётганларимда ўз элимда хор бўлиш учун ўлим билан олишганмидим? Турмага тушиш учун тирик қолганмидим? Ахир тўтидай тўртта болам бор-а! Уларнинг гуноҳи нима? Ачинаман, уларни кўзим қиймайди. Тирноққа зорлар бор-а, мен шу тўтиларим учун яшардим, шулар учунгина тирик юргандим-ку! –у бирам йиғла­ди, бирам йиғлади-ей, зўрға тинчлантирдик.

Эртаклардаги дев қурбақанинг кўзига ошиқ бўлганидек, қишлоқдаги камбағалгина киши каттагина бир амалдорнинг қизига кўнгил кўйган экан. Йигит келишган, кўркам эмас-ми, қизнинг ҳам кўнгли кетибди. Бу замоннинг қаро ботирлари йўқки, Тоҳир Зуҳролар бир-бирига етиша олмаса? Йўқ-да, ошиқ-мошиқлар осонгина қовушди-қўйди. Қани энди ишқ-муҳаббат майи умр бўйи ташналикни қондирса, севги деган сўз тимдалаб ётган оч қоринни тўйдирса экан. Бўлмади-да! Сеҳрли сўзлар билан қорин тўқ бўлмади, меҳрли кўзлар билан рўзғор бут бўлмади. Аммо болалари тўрт бўлди. Оқибатда, катта еб, катта ичиб ўрганган қизнинг ҳам тоқатлари тоқ бўлди. Ҳаёл бошқа, хаёт деганлари бошқа экан-да.

– Хотинингиз туҳмат қилиш даражасига етган бўлса, де­мак, кўнглини қолдиргансиз-ки, нима қилиб бўлсаям сиздан қутилиш пайига тушган?, –эртагимизни давом эттиришини сўрадим эрдан.

– Менинг қуруқ гавдам бор, ичим тамом бўлган, –у кўйлагини кўтариб жароҳатини кўрсатди. –Ярим жон бўлиб қайтганман. Оғир юмушга ярамайман, соғлиқ йўл қўймайди. Шундай бўлсаям болаларимнинг бахтли бўлиши учун устачилик қиламан. Устаниям иши оғир. Бир кун заказ бор,бирида йўқ. Тушум ҳам шунга яраша. Ҳали “Изаура”, хали “Кобра” деган кўйлак обермадинг, деб қонимни ичарди. Бировнинг томини тешайми, ўғирлик қилайми? Кўшнининг хотини янги кийим кийса, бизникида ғурбат. Сен ношуд, сен нотавон, деган хақоратлар ҳиқилдогимга келарди. Охири, тамом, ажрашаман, дедим-да, отасиникига олиб бориб қўйдим. Олти ой сиғди ота­синикига. Еттинчи ойга етар етмас, ўзи уйга қайтиб келди. Кечиринг, келишиб яшаймиз, деди. Қаршилик қилмадим. Ўн беш кун ўтди, ё йўқ. Кечга бо­риб яна шу гап: тўполон, ғурбат! Бир шапалоқ урдимми- йўқми, кўчага ўқдай отилиб кетди. Эртаси куни милисахонага чақиришди. Бордим, шу борганимда ушлаб қолишгани, шундан бери қамоқдаман. Судда эшитишимча, хотинимни уриб, уч ойлик гумонасини қасддан туширган эмишман. Ўша куни жанжал чиқаришидан тўрт кун олдин дўхтирга чиқиб спиралини олдириб келганди, ўзим гувоҳ. Камқонлигига дори ёзиб беришган экан, пулим йўқ эди, энамдан томот олиб келиб берганман – шу ҳам қон кўпайтиради деб. Йўқ, –йигит кўрсаткич бармоғини ҳавода ўйнатди, –сиз ундан сўранг, қарийб олти ой отасиникида юрганида, аччиқ қилиб, ортидан бир бор бормаганман, яқинлик қилмаганман. Ўша уч ойлик бола қачон, кимдан бўлди экан, бир сўраб кўринг-а!

Учрашув вақти адоғига етди. Хайрлаша туриб,“Раҳматулла энг тартибли, интизомли, ишчан маҳбусларимиздан бири, насиб этса, унга муддатидан олдин жавоб берамиз“, деди турма бошлиғи.

Энди Ойсанам отлиғ сулувни кўрмасам, эри тайинлаган омонат саволни бермасам бўлмас, дея Чорбоғ қишлоғига чопдим.

Топдим, Ойсанам опа эри тиклаган тўрт хонали томда тўрт боласи билан тирикчилик қилаётган экан. Мени хушламайгина қарши олди.

– Эримга ачинасиз-у, тўрт норасидани ўйламайсизми? Эрим кантуж эди.

– Турли отишмалар, ёмғирдай ёққан ўқлар, бевақт жони узилган жасадлар орасидан омон қайтган киши маълум маънода асабий бўлиши табиий эмасми?

– Айтишга осон, бир кун, бир йил эмас, асаби адо бўлган одам билан бир умр чидаб яшаш! Ўзи бўлмайди бунинг!

– Шунинг учун туҳмат қилиб бўлса-да, қутулмоқчи бўлдингизми эрингиздан? – ним табассум билан тагдор савол қилдим.

– Ким сизга шундай деди? – важоҳатли қараш қилди суҳбатдошим.

– Қўлимдаги далиллар…

– Нима, сиз судмисиз? Ё прокурормисиз?

– Унисиям- бунисиям эмас, мен аёлман. Онаман. Эрли хотинман. Хўп, десангиз, мен сиз билан оддий бир аёл сифатида гаплашсам… Спиралингизни олдирган экансиз, тўғрими?

– Ҳа, нима қибти, устидан бола бўп қолган экан, билмай қолибман. Эрим тепкилагач, тушиб қолди.

– Қаерда тушганди гумонингиз?

– Қаерда бўларди, ўша куни қорним қаттиқ санчиқ турди, қон кетди. Акаларим шифохонага олиб кетишди. Ўша ерда тушган-да!

“Ҳа, акалар ҳам туманда чакана постни эгаллаган одамлар эмас. Бу ҳудудда тўртта “зўр” бўлса, шулардан биттаси улар” – меҳрибон туғишганларнинг оқибатига қойил қолдим кўнглимда.

– Бироқ сизни даволаган врач бемор аёл ҳомиласини уйида йўқотиб келган, деган эди-да?

– Уйида?… Йўқ… Дўхтир адашган… Эсидан чиққандир. Оғриқ билан борган эдим, балнисада тушиб қолган болам… Уч ойлик экан.

– Уч ойлик эди денг? – ўсмоқчилаб сўрадим. – Бир савол бераман, илтимос, нафсониятингизга тегмасин, хизматчилик, –мулозамат қилдим. – Эрингиз билан уришиб анча вақт…

– Ҳа, тўғри болам билан отамнинг уйига ташлаб келди. Ярим йил юрдим-а! Барибир чиққан қиз чиғриқдан ташқари экан-да! Ўзим-ку сиғдм-а, аммо тўрт болам тўполон кўтарди, қайтиб келишга мажбур бўлдим. Эндигина икки ҳафта бўлганди ярашганимизга, яна қилиғини чиқарди.

– Шу олти ой ичида Раҳматулла ака билан кўришганмидингиз?

– Йўқ, –Ойсанам опанинг жазаваси тутди. – Мен учунмас, тўрт боласининг ҳурмати учун лоақал бир хабар олмади-я, яшамагур!

– Демак, шу вақт ичида жисмоний яқинлик ҳам бўлмаган?

– Хечам? – У лаб буриб, елка учирди.

– Кечирасиз, олти ой эрингиз билан яқинлик қилмаган бўлсангиз, уч ойлик бола қандай бўлди экан?… Кўнгил қўйган одамингиз бордир балки?

– Уч ойлик… – гап нимага келиб тақалаётганини англаган аёл саросимага тушиб қолди… – Уч ойлик эмас экан-да, етти ойлик экан ичимдаги. Аразлаб, олти ой кетиб қолишимдан олдинроқ бўп қолган экан бўйимда,савил.

– Етти ойлик хомиласи бор аёл гинекология бўлимига эмас, туғруқхонага ётқизилади, билишимча. Яна… етти ойлик чала туғилган бола аксарият холларда яшаб кетиши ҳам мумкин.

– Э, йўқ, етти ойлик бўлсаям, 2-3 ойлигидаёқ ичимда ўлиб қолган экан… 3-4 ойдан буён қорнимда ўлик ҳолатида ривожланмасдан турган экан-да! …Ана шу ўлик гумонамни олиб ташлашди, дўхтирлар… – аёл пойинтир -сойинтир гапирар, нима деяётганини ўзи ҳам тушунмасди, назаримда.

– 4 ой давомида ўлик ҳомилани кўтариб юрган баччадон омон қаларканми? Маткангиз ириб кетмаганига, қонингиз заҳарланиб қолмаганига ҳайронман?, –дедим азборойи ажабланиб, –Суд тиббиёт экспертизасидан қачон, қаерда, қандай қилиб ўтказишган, эсингиздами?

– Ҳа, иккита дўхтир шифохонага келиб қорним, оёқларимни кўриб кетган.

– Ростдан шифохонада ётганмисиз? Нега унда палатадошларингиз сизни танишмайди Нечанчи палатада, неча кишилик хонада даволангандингиз? Хозир кўрсангиз, палатадошларингизни танийсизми?

– Бунча эздингиз? – аёл оғир оҳ тортган кўйи бошини орқасига ташлади, кўзларини юмди. – Мен мажбур эдим,–деди у бироздан кейин синиқ овозда. –Унинг ўзи мени шунга мажбур қилди, эрим билан бирга яшолмадим, у истамади. Тўрт бола билан қаерга борардим? Дарбадар юрармидим? Тўрт бола билан тинч яшаш учун, эримнинг кўзини қўрқитиб қўйиш учун туҳмат қилиб бўлсаям қаматишимга ўзи, феъли, инжиқлиги мажбур қилди мени. Бўйимда бўлмагани рост, аммо болаларимнинг тинчлигини ўйлаб тўқиб чатишга, бу ёлғонни ростга айлантиришга мажбур бўлувдим…

Йўқ, у йиғламади. Жаҳл ҳам, кесатиқли иддао оҳанги ҳам йўқ эди унинг овозида. Адашмасам, барига қўл силтагандек, бепарво ва лоқайд гапирди. Кўзларида ёш йўқ, бир нуқтага маъносиз тикилиб қолганди…

Ана энди мен суҳбатлашишим лозим бўлган охирги бир одамни – Ойсанам Омоновани суд тиббиёт экспертизасидан ўтказиш учун олиб борган ички ишлар ходимини топиш қолган эди, холос.

– Омоноваларнинг жанжалиними? – деди у негадир мийиғида кулиб. – Яхши эслайман. Синглим,узоққа борай, десангиз, қалтис ишларнинг кетидан кавлаштирманг, изқуварлик қилманг, ақлли бир маслаҳат-да бу сизга, –донишмандлик қилди милиса ака. – Кейин… экпертизага аёлнинг ўзини олиб борган эмасман. Нима қиламан, уни етаклаб юриб, шифохонада “касаллик тарихи” бор-ку! Экпертизадан ўтказиш ҳақида каттанинг кўрсатмасини олгач, ана шу “история”ни олиб бориб берамиз. Улар историясига қараб хулоса беришади. Бори шу. Бу ерда ҳеч қандай “секрет” ёки “криминал” йўқ, –у қулочини ёйиб, елкасини қисди.

– Шулар ҳақида интерью берсангиз, илтимос, –ялинган бўлдим.

– Э, йўқ, бошимни оғритманг. Сиз сўрадингиз, мен айтдим. Интервью бериш учун бошлиқлардан рухсат сўраш керак, –бош чайқади ички ишлар ходими.

“Хўп” дедиму, хурсанд бўлиб, ортга қайтдим. Чунки мен мақсадимга етган, унинг сўзларини тасвирга олиб бўлгандим. Газета ходимига маълумот берган одам, эртаси куни “мен ундай деган эмасман”, дея тониши мумкиндир, эҳтимол? Бироқ, тележурналистнинг ютуғи – у эшитганларини нафақат ёзади, балки тасврига ҳам туширади, съёмка қилади. Ана шундан кейин ҳам суҳбатдошингиз айтганидан қайтиб, сўзларини инкор қилиб кўрсичи?!

Алал – оқибат вилоят прокуратурасидан, ички ишлар бошқармасдиан, вилоят суд тиббиёт экспертизасидан, адлия ва соғлиқни сақлаш бошқармаларидан, вилоят судидан, қамоқни ўташ муассасасидан тегишли мутасаддиларни чақириб, қўлга киритган матреалларимни намойиш қилиб бердим.

– Хўш, бу ҳолатни ким қандай изоҳлайди? – кўрсатув давомида савол ташладим давра суҳбати иштирокчиларига.

– Беморнинг ўзини кўздан кечирмасдан туриб, касаллик тарихига асосланиб, суд тиббиёт экспертизаси ўтказиш мутлақо мумкин эмас, –деди шу соҳа раҳбари. – Бу хато чиндан ҳам содир бўлганми-йўқми, аввало, шунга аниқлик киритиш лозим.

– Аёл ҳомиладор эмас эдим, деб тан олаётган бўлсаям-а?

– Барибир текшириш, ойдинлик киритиш лозим, –деди прокуратура вакили виқор билан.

– Олаётган ойлигини оиласига эплай олмаётган дўхтирлар тўрт-беш сўмлик чойчақа учун сохта “касаллик тарихи”ни дунёга келтирмайди, деб қай бирингиз кафолат бера оласиз?

Оғир жимлик, сукунат…

Шундан кейин бу можара анча мунча шов-шувларга сабаб бўлди. Баҳс, мунозара, муҳокама… Орадан кўп ўтмай, Раҳматулла ўз уйига қайтиб келди! Ҳа, қамоқдан чиқди.

Ў-ҳу, изқувар журналист жудааа уддабурро чиқиб қолди-ку, ноҳақ қамалган кишини қутқариб олишга қурби етибди-я, деган кинояли ўйда қойил қолаяпсизми?

Йўқ, Раҳматулла оқланиб чиққан эмас. Шунчаки… аминистия акти қўлланиб озодликка чиқди, муддатидан олдин қамоқдан қайтди, холос….

Малоҳат ЭШОНҚУЛОВА,
тележурналист.

(Мақола “Даракачи” газетасининг 2005 йил сонидан олинди).

www.munosabat.org

Share on FacebookShare on Google+Tweet about this on TwitterEmail this to someoneShare on LinkedIn