Музликларда муҳаббат васфи

sverigeШвед шоирлари шеърлари илк бор ўзбек тилида.

Швед тилидан Саодат Пўлканова таржималари.

Брор Рённҳолм

Ёлғизлик

Ёлғизлик – бир қамоқхона
Бироқ у қурол ҳам
У билан ўзингни ҳимоялайсан
Улғайиш учун

Инсон танҳоликда улғаяр
деган эди бир оқил киши
нақадар ҳақ экан бу сўзлар

Бироқ инсон улғайган сари
қуроллари борар камайиб

Инсон куч олади
ёлғизликдан.

***

Барбро Линдгрен

Чақалоқ туғилди бугун…

Чақалоқ туғилди бугун,
ҳозир, шу дақиқада.
Айни шу онда ва
шу жойда туғилди у.
Тушунуксиз зўриқиш билан,
абадийдек кўринган вақтда…
Ҳозир қандайдир
оғир нафас олар у,
ва кимдир кўрди
oхирги марта
тунги йиғи жарангин…
бетакрор кунда.
Биринчи кун яхши,
охиргиси ҳам…

***

Лена Томповкий

Севимли Она

Севимли Онажон,
Мен севгига эришдим кеча,
У қалбимга кирди сўроқсиз,
Эшикларни қоқмай оҳиста.

Эҳ она, бу жуда даҳшатли оғриқ,
У буюк ва гўзал,
Соҳир, мафтункор.
Бироқ нега азоб берар у?
Ва мен қийналдим.

Менга қарши ҳамма нарса,
Ҳатто бурним, сўнгакларим.
Бироқ нега мен оғриқни сезаман?

Мен эътибор бермайман имтиҳонларга
Бугун икки мисра шеър ёздим,
Ана турар стол устида,

Ҳаракат қилмоқ керак у мисол.
Бу сеҳрланган шаҳзода каби.

Она нима деганидир юз йил яшамоқ?
Отам ва Поллига саломлар айтинг,
Мушугим ва товуқларга ҳам
Сени севган қизинг номидан.

PS: Она, у мени севар деб ўйлайсанми ҳеч?
Ахир менинг қулоқларим чиройли эмас.

* * *

Анна Грета – Виде

Ишқ

Аро йўлда қолган тиланчи мисол,
Қўлларингни чўзганча лоҳас.
Сен ҳар чоғ муҳаббат талаб қиласан,
Бироқ овозларинг бўғилган!

Балки насиб этар сенга, балки йўқ,
Қалбингни илитса муҳаббат тафти,
Сен оларсан ундан балки жуда кўп,
Балки жаннатларда эсади насми.
Муҳаббат шундайин сирли – сеҳрли
Тишлар орасида қолиб кетган сўз,
Бу сўз эмас, муҳаббат васфи.

Болажоним, мен ҳам қаридим
Мен розиман ўтган умримдан.
Туйғуларим мени саркаш ва сарҳил
Мисли сув ва оташ сингари.

Аро йўлда қолган тиланчи мисол
Қўлларингни чўзганча лоҳас.
Сен ҳар чоғ муҳаббат талаб қиласан,
Бироқ овозларинг бўғилган!

* * *

Бенгт Берг

Китоб ҳақида

Сен қачон оғзингни очган чоғингда,
Сочилади ундан бир қанча сўзлар.
Сен фақат оғзингни сўз деб очмайсан
Очадирсан фақат қалб сийратингни.
Оғзингда тиркалган қулф бордир яна
Ўзингда мавжуддир унга мос калит.

Сен қачон китобни очар чоғингда,
Очасан дунёнинг дарвозасин ҳам.
Кичик бир уйингга сочилади сўз,
Оламлар жам эрур китоб ичида.
Унда бордир яна муаззам ҳаёт,
Оламни бошқарган абадият ҳам.
Ногоҳоний қўрқув, қувонч ва умид,
Ногоҳоний афсус, балки кўз ёш ҳам…

Китоб бошланиши ва сўнгги каби
Хотимаси бордир бу ҳаётнинг ҳам.

 

* * *

Онам ҳақида

 

Мен ўйлайман онам ҳақида
У бир маҳаллий аёл.
У оёқларига пойабзал кийган
Унинг қўллари – болалигим ўтган олтин беланчак.
Қучоқлари бирам яхши ва иссиқ,
Унда бордир бошқа бир қайғу ҳам-
болалигим ўтган ичидан.
У менга ўргатди тун ва кунни ажратмоқни,
ва у ердан олдим мен ҳоҳлаган нарсамни.

 

* * *

 

Эдитб Сёдергран

Изладинг сен бир гулни

Сен изладинг бир гулни,
ва топдинг бир мевани.
Сен изладинг чашмани
ва топдинг бир денгизни.
Сен изладинг бир аёлни
ва топдинг бир кўнгилни –
Сўнг оғриқли қайғуга ботдинг.

 

* * *

Улф Лунделл

Севги бизни иккимиз учун…

Қуёш боқар буғдойзор узра,
Шамол эсар, чайқалар майса.
Офтобдан тин олар ва кутар,
Бу шовқинда ухлар дарахтлар.

Бугун фақат сен ва мен…
Бугун фақат иккимиз…
Сен ва мен…
Мен ва сен…
Севги ҳам биз билан бирга.

Эшитдингми соат зангини?
Вақт олдинга қадам ташлади.
Бармоғингда мен таққан узук,
Бир бўса, сўнг бизга пешвоздир кўча.
Бугун фақат сен ва мен…

Бир эркак, бир аёл,
бир – бириники – эгали дунё…
суҳбатдош учун,
ишонч бор учун,
ва қувонч учун,
улар шу ерда.

Қўлларимдан тутгин кезайлик бирга,
Ёмғирда, офтобда мен сеникиман.
Оташ ишқ тафтида исинайлик биз,
Кор қилмас совуқлар биз бирга бўлсак.
Бугун фақат сен ва мен…

 

***

Паулус Уутси

Қор

Туғилдинг сен булут ичида
Шамол сени ерга тушурди.
Оқ кўрпасан замин устида
Оппоқ қор, гўзал қор.

Келадирсан аёзни бошлаб,
Ўйноқилаб беҳад беҳудуд,
Қувончларни кузатган каби
Оппоқ қор, гўзал қор.

Отанг сени – ёвқур шамолдир,
Суртар хушҳол сени заминга,
Қуёш – онанг, кўтариб олар,
Оппоқ қор, гўзал қор.

***

Чанғида

Қаҳратон қиш,
Қаттиқ яхмалак
Чанғи таяр олдинга қараб,
Йўлни белгилайди вазминлик билан.

Ўткир тишли чанғи устида,
Боғлангандир бир жуфт пойабзал.

Юзларингдан томчилайди сув,
Олов ёнар чайлада ҳамон,
Яхши туш-чи , берар орзулар.

***

Ҳимоясиз қирғоқ

Ҳеч нарсани тушунмадим,
Кўнглим эса ғаш.
Кўраяпсизлар эҳтимол.

Барча қишлоқ бузилди бунда,
Бегоналар топтади э воҳ,
Чегарага улар муҳтож эмасди.

Мен турибман қирғоқ бўйида,
Қирғоқдирки узундан узун,
Кўраяпман сизни тахминан.

Кўҳна соҳиллари унча кўп эмас
Бегоналар талаб қилишар биздан,
Бироқ чегарага муҳтож эмаслар.

Менинг халқим бугун чайқалар,
Безовта бир денгиз сингари,
Кўраяпсизлар бизни эҳтимол.

Муҳтожмиз адолатли ҳимояга биз,
Улар эса олдимизга қўйишар талаб,
Улар чегарага муҳтож эмаслар.

Аждодларим кўрар, мен курашаётган авлод,
Кўраяпсизлар бизни эҳтимол,
Чидаяпмиз ҳақоратларга.

Бегоналар эгмоқ исташар бизни,
Улар чегарага муҳтож эмаслар,
Улар чегарага муҳтож эмаслар.

***
www.pulkan.org

 

Share on FacebookShare on Google+Tweet about this on TwitterEmail this to someoneShare on LinkedIn