Амирқул Пўлкан: “Пойга” тўплами

amirqul pulkan poygaПўлкан шоир сулоласининг учинчи вакили – шоир Амирқул Пўлкан (1948-1982) қисқа умр кўрди. Айни ижоди гуллаб -яшнаган 34 ёшида бевақт вафот этган шоирдан тўрт шеърий китоб ва беш фарзанд мерос бўлиб қолди. Амирқул Пўлканнинг биринчи китоби- ”Пойга” шеърлар тўплами 1978 йилда Ғофур Ғулом номидаги Адабиёт ва санъат нашриётида чоп этилган. Ушбу тўпламга шоирнинг ёшлик чоғларида ёзган ватан, ҳаёт, муҳаббат ва эзгуликни тараннум этгувчи сара шеърлари киритилган эди.
Амирқул Пўлканни яқинлари ва дўстлари яхши хотиралар билан эслашади. Самимий, оқкўнгил, жасоратли шоир эди, дейишади.
Илоҳим шоирнинг руҳи шод, охирати обод бўлсин!
* * *

Хаёл каби чексиз у,
Қийғири бор қиёда.
Бахт ўлкаси асли шу,
Мангу яшар дунёда,
У менинг муҳаббатим!
У сенинг муҳаббатинг!

Кўкламда – гул, қишда – қор,
Кузда ерга берар жон.
Дунёда бир Ватан бор,
Онамиз – Ўзбекистон.
У менинг муҳаббатим!
У сенинг муҳаббатинг!

1970

 

Ўкинч

Гоҳ тунда кўзимни юмдирмас соат,
Чамамда, тун дардин соат ютяпти.
Аслида сергаклик менга бир одат,
Умр ўтяпти!

Қанчалик уринмай,
Барибир бўлмас.
Гўёки уйқу ҳам фурсат кутаяпти?
Ҳадемай бу тундан асар ҳам қолмас,
Умр ўтяпти!

Бир пайт қарабсизки,
Қуёш ҳам секин
Уфқ бағрин қонатиб ботиб кетяпти.
Мен ҳам ўз кулбамга қайтаман,
Лекин
Умр ўтяпти!

Кун чиқар,
Кун ботар,
Ҳеч бўлмас тамом.
Ҳаёт ҳам кунларга юкин ортяпти.
Фақат мен қўшиғим бошлолмам ҳамон,
Умр ўтяпти!

1976

 

* * *

Паноҳим шу Қуёш ва шу Ер –
Иккиси бир кунда туғилган
Иккиси мангудир, ёши тенг,
Бириси бирига йўғрилган.

Мен Қуёш ортидан қуваман,
Ёритар синиққан тарзимни.
Заминим, сени ҳам севаман,
Узмоқчи бўламан қарзимни.

Руҳимда турфа хил туйғу жам,
Тайёрман қарзимни бермоққа.
Гар сени бошимда кўтарсам,
Жой топа олмайман юрмоққа!

Заминим, кечиргил, мени сен,
Кўтаргум, лекин йўқ иложим.
Қуёшим, сен жуда буюксан,
Қучмоққа етмайди қулочим!..

1967

 

Оқшом

О, бу кеча ажойиб оқшом,
Асир этар ойнинг жамоли.
Мен хурсандман, сарҳушман бу дам,
Эсиб турар баҳор шамоли.

Сайр этаман хиёбон узра,
Қалбимда бир исмсиз қўшиқ.
Ғилдиракдек айланар курра,
Учгим келар дунёлар ошиб.

Чироқлардан қамашар кўзлар,
Япроқларда шуълалар қат-қат,
Оқшом ўзи бир эртак сўзлар,
Ишқ ва бахтдан сўзлар у фақат.

Севишганлар кўнглини ёзар,
Ишқ олами нақадар кўркам!
Тўп-тўп юлдуз самода кезар,
Хиёбонда кезаман мен ҳам.

Тонгда бирпас тин олар куйлар,
Аллақайда жаранглайди жом…
Сўнг қуёшга кўмилар ўйлар,
Ўзга юртга жўнайди оқшом.

1968

 

* * *

Ногоҳонда элитса уйқу,
Гар ҳушимни чулғаса рўё,
Зарб бермаса қалбимда ғулу,
Мен орзудан воз кечгум, Дунё!

Оғир йўлда ҳорисам, толсам,
Толе излаб юрганим асно,
Бир гирдобда айланиб қолсам,
Асло мени қўллама, Дунё!

Мақсадимга етмаса қўлим,
Пок кўнгилни қлисам сим-сиё,
Қаро бўлсин менинг бахт йўлим,
Ғазабингга дучорман, Дунё!

Ҳисларимни кўмса гар қиров,
Шамол каби изсиз кетсам ё,
Лоқайд дея атаса биров,
Мен ҳам сени тарк этгум, Дунё!

1973

 

Дўстлик

Қадрдон дўстимдан хат олдим бугун,
Сибирлик жўрамни эсладим яна.
Онажон, хурсанд бўл фарзандинг учун,
Фарзандинг дўстини кутмоқда, она!

Сен менга шафқатни ўргатдинг бошдан,
Сен менга севмоқни ўргатдинг ҳар он.
Ғанимга дийдам -ку қаттиқдир тошдан,
Дўстларга дўстлардек очурман қучоқ.

Шу буюк туйғу деб ичганман қасам,
Шу боис ҳар ерда омадим ёрдир.
Эй, она, мен сенга ростини айтсам,
Дунёда менинг кўп дўстларим бордир.

Бари ҳам мен учун азиздир, она,
Бари ҳам мен каби шодон, устивор.
Онажон, мактубга боққил бир, мана,
Қадрдон дўстимнинг юрак тафти бор!

Қуёш жилмайиб у кириб келар,
Биз унинг йўлига чиқайлик пешвоз.
Кўзларда порласин теран туйғулар,
Шу буюк дўстликка қўяйлик ихлос.

Дўстларсиз дунёда яшаб ҳам бўлмас,
Дўстларсиз бизлардан толе куладир.
Онажон, Алёша бир ўзи эмас,
Қувноқ Машани ҳам олиб келадир.

Келавер Алёша, ғам ема сира,
Ҳеч кимса бахт топмас дўстликдан қочиб.
Ўзбекнинг одати шунақа, жўра,
Меҳмонни кутгайлар қучоқни очиб.

1974

 

Куз

Шамоллар дархтни баргини узар,
Шамоллар қамчилаб жунжитар таним.
Сарғайган боғларда олтин куз кезар,
Кузнинг оғушида бу кун Ватаним.

Дарахтлар либосин ечаркан аста,
Бўй чўзиб қолишар уфққа боқиб.
Қуёш иниб кетар уфқдан пастга,
Юлдузлар термилар чироғин ёқиб.

Япроқлар шивири йўқ энди бунда,
Сўппайиб турибди яланғоч тана.
Дарахтлар мудрашар юлдузли тунда,
Табиат бизларни сийлар деб яна.

Паймони тўлган чоғ куз ҳам кетадир,
Мангу яралмаган фаслнинг бари.
Сўнгра қиш боғларга ташриф этадир,
Шамшири қайралган ботир сингари.

Кўп ўтмай қирларда ўт ҳам унади,
Бир-бирин такрорлар фасл ва ҳаёт.
Баҳорда кузакни истаб ёнади,
Куз пайти баҳорни қумсар одамзод!

1973

 

Деҳқон далалари

Бу ерда қуёш ҳам файз билан ботар,
Ажойиб шаън билан тўшалар шомлар.
Далалар денгиздек ҳансираб ётар,
Шу ерда юз очар кумуш ранг тонглар.

Бу ерда ободлик куйланар мудом,
Бу ерда ҳамиша қуёш парвона.
Бу ерда муқаддас билар ҳар одам,
Сўнгги йўқ пахтазор – бахтдан нишона.

Ҳаммани шу ерга етаклар йўллар,
Пешона тер билан яшнайди тупроқ.
Шу тупроқ дардида қабарган қўллар
Ғолиблик туғини тутар баландроқ.

Шунчалик азиздир бу ерда инсон,
Шу қадар жаранглар деҳқоннинг номи.
Ишга ҳам, тўйга ҳам топилар имкон,
Ўзидек соддадир қутлуғ каломи.

Одамлар кўнглини куйламоқ учун,
Шодликдан энтикиб, сўз тополмадим.
Чеварлар мадҳини сўйламоқ учун,
Далалар қошидан ҳеч кетолмадим.

Деҳқоннинг даласи шунақа бугун,
Зотан, бу кенгликнинг йўқдир поёни.
Мен сажда қилгайман шу дала учун,
Шу дала кийдирар бутун дунёни.

1970

 

* * *

Кўзларим пирпираб,
Қовоғим учиб,
Ўйчан борар эдим ташлаб кўз қирим.
Сўнгги ўриндиқда бир-бирин қучиб,
Тинглаб борар эди улар бир-бирин.

Эшитиб бўлмасди улар сўзини,
Йигитча қалбидан ёниб сўйларди.
Қиз ҳам йигитга тикиб кўзини,
Балки ўйлар эди,
Балки куйларди…

Тармвай из билан имиллаб борар,
Гоҳида бекатда “уҳ” тортар хаста.
Кимлардир вагонга ҳовлиқиб кирар,
Кимдир тушиб кетар шалвираб аста.

Юрагим ақлимдан бир савол сўрар,
Хаёллар бошимни чулғаб олади.
Билмайман:
Йигитча қайгача борар?
Билмайман:
Қиз қайда тушиб қолади?..

1976

 

Уфқ

Ўртамизда беҳудуд йўл,
Қанотим йўқ, учар бўлсам.
Етмас балки узатсам қўл,
Эшитмасман қулоқ солсам.

Ўртамизда беҳудуд йўл,
Саботим йўқ етар бўлсам.
Юраккинам ёнар гул-гул,
Таскин топар галга солсам.

Ўртамизда беҳудуд йўл,
Тоқатим йўқ қолар бўлсам.
Йўлга чиқдим, сен огоҳ бўл
Ва кечирма бунда қолсам!

1976

 

Қишлоқ

Кўклам кириб келар кўзларга,
Йироқлардан келар шамоллар.
Ҳусн берар баҳор қизларга,
Яшнаб кетар бизни томонлар.

Унгирларда товланар лола,
Тоғда бодом илк бор очар лаб.
Лабларида най тутган бола,
Кунгай томон чиқар эрталаб.

Аҳён-аҳён куйлайди булбул,
Бутоқларда ўйнайди қушлар.
Мен қишлоқни ўйлайман нуқул,
Ишқим мени у томон бошлар.

Қарши олар жилмайиб отам,
Онам қувнаб безар дастурхон.
Кириб келар сўнгра дўстлар ҳам,
Олиб кетар боғларга томон.

Шундай бўлар қишлоқда ҳар гал,
Сингиб кетар кўксимга бу ном.
Мен қишлоққа синггайман аввал,
Сўнг кўкламдан ичгайман илҳом.

1975

 

Она алласи

Она, ташвишим тортиб, гоҳ опичлаб кўтардинг,
Гоҳида алла айтдинг, дилингни англамасам.
Гоҳо узоқ тунларни бедор қилиб ўткардинг,
Ахир ухлай олмасдим, аллангни тингламасам.
Бунчалар дилрабосан онагинам алласи?
Бунча оҳанграбосан, онагинам алласи?

Дунёга келиб неки, эзгуликни кўрибман,
Барига ўзинг гувоҳ, қўлларимдан тутгансан.
Не тонг, сендан йироқда шеър ишқида юрибман,
Балки шеърга ишқимни аллалаб уйғотгансан.
Она тилим тимсоли, онагинам алласи,
Тириклигим камоли, онагинам алласи,

Меҳрингдай бир қуёшни тополмадим ҳеч қачон,
Онажон, сен сўйласанг, тоғу тошлар қолар жим.
Шодликдан тўлиб -тошсам, қувонасан, онажон,
Бошимга ғам тушганда ўзинг ёлғиз қувончим.
Таъзимга эгик бошим, онагинам алласи,
Ҳам ойим, ҳам қуёшим, онагинам алласи.

1970

 

Тонг

Тонг, шеъримга нафосатинг ато қил деб қистайман,
Гўзалликда у тенгсиздир, сулув қизга ўхшаган.
Ёғду тўла сийнасидан бўса олмоқ истайман,
У – илҳомдир, тутқич бермай оқ қоғозга тушмаган.

Зуҳро ҳамон ёниб турар, гўё тонгнинг меҳмони,
Ҳали замон инжулардан осмон ости оқарар.
Юмушларга шошилади сўлим қишлоқ деҳқони,
Ширин ўйлар гирдобида айланаман беқарор.

Тонг отади, тунда кўрган тушларингни ўйлайсан,
Шу қуёшга умр тила, нурга тўлсин ҳамма ёқ.
Хаёлимда малаккинам, сен шу тонгга ўхшайсан,
Оқшомлар ҳам жуда созу, аммо тонглар яхшироқ…

1968

 

* * *

Чексиз уфқларни қучмоқ истайман,
Юлдузларга етса дейман оёғим.
Узоқ -узоқларга учмоқ истайман,
Қушлар парвозини кузатган чоғим.

Денгизлар қаърига шўнғигим келар,
Танимай қоламан ўзимни ўзим.
Бағрим ҳам ажиб бир қўшиққа тўлар,
Улкан кемаларга тушганда кўзим.

Гоҳида хирмонлар бўйини кўриб,
Бу шошқин руҳимни чулғар ҳаяжон.
Бир нафас кўнглимга ихтиёр бериб,
От сурмоқ истайман далалар томон.

Боғларда ёр билан кезганим чоғи,
Қувончдан осмонга етганда бошим.
Биламан, бу бахтнинг бордир адоғи,
Абадий эмасдир йигитлик ёшим.

Лекин мен уфқни қучмоқ истайман,
Ва токи юрмайин дейман ўкиниб.
Ҳаётни қонгунча ичмоқ истайман,
Ҳаётим, сув каби кетма тўкилиб!..

1972

 

Истак

Бобом тенгсиз эди эртак бобида,
Ром қилиб қўярди гапириб туриб.
Кетиб қолар эдим узоқ узоқларга,
Учар гиламларда ўтириб.

Чамбилу Кўҳиқоф, боғи Эрамга,
Гўрўғли юртига бориб қайтардим.
Ошиқ бўлиб Барчин латофатига,
Алпомиш кучига таҳсин айтардим.

Жуда ўхшаш экан эртак ва олам,
Ижобат топаркан инсон матлаби.
Шундан бери мен ҳам анча улғайдим,
Ботир йигит бўлдим Алпомиш каби.

Юлдузга учаман энди истасам,
Ҳоҳласам ўт чиқар замин қаъридан.
Лекин бир муддао тинчимни бузар,
Бир истак зўр чиқар доим баридан.

Қўлимдан тутганча шоширар ҳаёт,
Мен ҳам ғиротимни мудом қистайман.
Аммо ҳамон ўша – бобом айтиб берган
Учар гиламларда учмоқ истайман.

1972

 

Пойга

Бошимизда бир парча осмон,
Пойимизда бир қисм тупроқ.
Отингни кўп қистама, ўғлон,
Яна ўзинг биласан бироқ…

Гўрўғлининг Ғиркўк отини
Кўкка олиб чиққан бу пойга!
Алпомишнинг Бойчиборини
Туёғидан йитган бу пойга!

Ҳали олдда қанча йўллар бор,
Маҳкамроқ тут, тушмасин қамчинг.
Ҳали олдда қанча чўллар бор,
Етармикин саботинг, кучинг?

Тойилмасин отинг туёғи,
Ҳали манзил олис, биродар.
Ўзингга ҳам маълум бу ёғи,
Оғмаса бас, тиллақош эгар.

Сувлиғини тортгил, бедовнинг,
Ҳали олддан чиққайдир кўприк.
Эҳтиёт бўл, битмасин кунинг,
Гар йиқилсанг қолмайсан тирик!

Йўлимизда кўпдир хору хас,
Кўприкдан ҳам қолмабди яров.
Демак, бизлар биринчи эмас,
Олдда кетиб бормоқда биров!

Қани, тушгил, тин олсин бедов,
Кўп ошиқма манзилга томон.
Тузатайлик кўприкни икков,
Бошқалар ҳам ўтсинлар омон.

Бошимизда бир парча осмон,
Пойимизда бир қисм тупроқ.
Ҳей, отингни қистагил, ўғлон,
Ишонаман мен сенга кўпроқ.

1975

 

 

* * *

Эзгулик абадий куйланар,
Тиллардан тушмайди бир нафас.
Йиллар ғилдираги айланар,
Ҳаётим йилларга ҳамнафас.

Йиллар ғилдираги айланар,
Шошади умримни қисқартиб.
Ўйларим учмоққа шайланар,
Ўйларим юлдуздек бетартиб.

Йиллар ҳам тинмайди, тинмайман,
Тинимсиз оширар ёшимни.
Кўнмайман, ҳеч бунга кўнмайман,
Йилларга эгмайман бошимни!

1969

 

* * *

Шамчироғим, ўчиб қолма, шамол-эй!
Тонг отмасдан ўчсанг қандай ёмон-эй!
Тун қўйнида қолдирма сен ҳеч кимни,
Нур кўрмаса, каминанг ҳам тамом-эй!
Шамчироғим, ўчиб қолма, шамол-эй!

Мен шамолни тўсай дейман, тинмас у,
Бир балодир, алдовга ҳам кўнмас у.
Ўзи ўтдир, ўзи сувдир омонсиз,
Лекин сенинг яллиғингдан ёнмас у,
Мен шамолни тўсай дейман, тинмас у.

Шамчироғим,ўчирмасман сени мен,
Бахт қушимсан, қочирмасман сени мен,
Сен ўчгунча ўзим ўчгум шамолда,
Агар ўчсанг, кечирмасман сени мен,
Шамчироғим, ўчирмасман сени мен!..

1976

 

Баҳор келди Ўзбекистонга

Уфқнинг юзи қизарди сағал,
Майса ҳиди кирди-ку қонга.
Кутган эдим уни кўп маҳал,
Баҳор келди Ўзбекистонга.

Қайтишдилар қалдирғочлар ҳам,
Етишдилар бахтиёр онга.
Ёр ҳуснини кашф этди олам,
Баҳор келди Ўзбекистонга.

Тинчитмади шодлик туғёни,
Роз сўйладим оқарган тонгга.
Севинчимнинг йўқдир поёни –
Баҳор келди Ўзбекистонга.

Қиш совуғи кетди кўп йироқ,
Дала боғлар кирдилар жонга.
Қайта бошдан яшарди тупроқ,
Баҳор келди Ўзбекистонга.

Деҳқон чиқди кўксини кериб,
Қуёш тегди ердаги донга.
Келинчакдек сочини ўриб,
Баҳор келди Ўзбекистонга.

Бойчечаклар қиздай мўралар,
Бахт кўз қисар ноз билан менга.
Толе келди, асли, жўралар,
Баҳор келди Ўзбекистонга.

1972

 

Турналар

Турналар арғамчи ясарлар,
Мунг билан йўғрилмиш овози.
Турналар парвозда ўсарлар,
Булутдан баланддир парвози.

Баҳорни, заминни суярлар,
Ҳеч қайда аниқмас макони.
Қўнимсиз ҳаётдан куярлар,
Ноласи титратар самони.

Заминни қоплагач кумуш зар,
Табиат жўнатган кузини,
Бир паноҳ ахтариб, турналар
Жанубга уришар ўзини.

Совуқдан қочишар турналар,
Оҳлари бағримни тирналар.

1970

 

Илҳом

Тун чодирин ёпинади келиндай,
Сайёралар пирпирайди бошимда.
Ҳасос ўйлар тортқилашиб қўлимдан,
Сукут қизи таъзим қилар қошимда.

Юрагимдан тўкилади нимадир,
Қиёфасин билмоқ бўлиб қарайман.
Чеҳрасини кўролмайман барибир,
Гўдаклардай шошиб ундан сўрайман.

-Ўзи не гап, куттирмасдан сўзлай қол,
Несан ўзинг, ёш кўксимни тиғлаган?
-Тошаяпман, сен ишончим, йўлга сол,
Мен илҳомман юрагингга сиғмаган!..

1968

* * *

Туғёнли денгизни эслайман,
Мен унда кўраман салобат.
Денгиздек бўлмоқни истайман,
Гоҳида қумсайман ҳаловат.

Ўйларим оқади йироққа,
Тўлқиндек исёнга у шайдир.
Тутаман ўзимни сўроққа:
-Наҳотки қалбимга ўхшайди?

Тунларни қуваман изма-из,
Уйғоқман, қочади уйқулар.
Кўксимда ҳокимдир тошқин ҳис,
Фикримни чулғайди туйғулар.

Қўним ҳам бўлмайди, тинмас ҳеч,
Туйғулар ишқ бўлиб порлайди.
Сукутга, оромга кўнмас ҳеч,
Тўлқиндек жўшмоққа ундайди.

1973

 

* * *

Осмонда бир бургут учиб юрибди,
Қанотин силкитар мағрур ва масрур.
Эҳ, унинг кўзлари ёниб турибди,
Оташ нигоҳида қатъий бир ғурур.

Боқаман, ҳожат йўқ шарҳ учун сўзга,
Кор қилмас кўнглимга ҳеч қандай ўгит.
Биламан, у мени имлайди кўзга,
Фақат юксакликни тан олур бургут.

Ердаги ҳаёт ҳам эмасдир тахир,
Юксаклик мени ҳам чорлар ҳар нафас.
Эй бургут, қанотим йўқ менинг ахир,
Менга ҳам учмоқлик буюк бир ҳавас!..

1973

 

* * *

Рўпарамда юксак қоя,
Чиқмоққа йўқ пиллапоя.
Юқмасин деб шаънимга гард,
Менинг ўзим чиқмоғим шарт.

Қўлда арқон, чўкич билан,
Жинддакина ўкинч билан,
“Ё насиб деб ёрнинг лаби”,
Ишга тушдим Фарҳод каби.

Қишда қору ёзда ёмғир,
Қоя узра шамол изғир.
Кўзларимга урилгай дўл,
Мен ўзимга очгайман йўл.

Қўлда чўкич урмоқдаман,
Ўз йўлимдан бормоқдаман.
Чиқмоқдаман босиб бир-бир,
Қордек ёғиб турар тақдир.

1976

 

* * *

Тинч, сокин хонамда тун ухлар,
Илҳомга йўғрилмиш танаси.
Ўша тун шеъримни опичлар,
Ўша тун шеъримнинг онаси.

Эй шеърим, кўкларга ҳаволан,
Юлдузлар пойингга тўшалсин!
Эй шеърим, кўкларга ҳаволан,
Қалбдаги армоним ушалсин.

Сен менинг қувончим, қайғумсан,
Сен менинг орому кулфатим.
Эъзозлаб асраган туйғумсан,
Сен менинг энг собит улфатим!

1976

 

* * *

-Эй қушгинам, куйлаб бер бир оз,
Таранглашган руҳимни юмшат.
-Эркин бўлсам куйлардим мумтоз,
Аввал мени қафасдан бўшат!

-Хўп, озодсан, қушгинам, сўйла,
Хушнуд этгил кўнглимни бир он.
-Йўқ, йўқ, энди сен ўзинг куйла,
Кенгликларга сиғмасдан шодон!..

1968

 

* * *

Кунботишда тилла ранг шафақ,
Кунчиқишда кумуш ранг жило…
Мен кимгадир қилмадим шафқат
Ва кимгадир қилдим илтижо.

Дунё қизиқ, дунё ажабо,
Гоҳо шамча кўринмас чироқ!
Биров мени айлайди адо,
Мен бировга солмайман қулоқ!

1968

 

* * *

Жилғаларнинг суви бир бўлиб,
Гувиллайди тимнимсиз дара.
Тоғ ўйлайди пастга термилиб,
“Мен буюкман сойлардан кўра!”

Тоғ сукутни мангуга асраб,
Эшитмайди шовқинни сира.
Сой ўйлайди чўққига қараб:
“Мен буюкман тоғлардан кўра!”

1968

 

* * *

– Салом, бобо, соғликлар қалай,
Бахтлимисиз, умрингиз ёрми?
– Эҳ жигарим, дардингни олай,
Кампирни деб тугади ярми…

– Салом буви, аҳволлар қалай,
Бахтлимисиз, умрингиз ёрми?
– Сўрамагил, болам, ўргилай,
Чолимни деб тугади ярми…

1968

 

* * *

– Йўловчи, қайларга шошасан,
Адоғи борми ҳеч йўлингни?
– Ҳали кўп довонлар ошаман,
Дўст бўлсанг узатгил қўлингни!

– Айта қол, борми ё қанотинг?
-Толиқсам, йўлларда шеър айтгум…
– Кезмоққа етурми ҳаётинг?
– Йўл юриб умримни узайтгум!..

1968

 

* * *

Ҳаёт рўпарамда дарёдек турар,
Сувлари тиниқдир,оқишлари жўн.
Кимдир довулларда овозсиз юрар,
Кимдир сукунатда солади шовқин.

Ҳаёт рўпарамда тилсимдек турар,
Сеҳрни билмасдан ёнаман ўтда.
Бировлар кимгадир гоҳо панд берар,
Гоҳ кимдир қопмоқни ўргатар итга.

1968

 

* * *

У тушимга кирар ҳар саҳар,
Тортқилармиш сочларин сабо.
Ҳидлармиш менга гулсафсар,
Кўксимга бош қўйиб дилрабо.

Бир қизмишки, сулув ва дуркун,
Куйлармишман қўлидан тутиб…
Мен васлига етгайман бир кун,
Ё ишқида кетгайман ўтиб.

1976

 

Бир Пари бор

Бир пари бор, яшар йироқда,
У ҳаммага соҳиби фармон.
Бир пари бор, яшар йироқда,
Мен ҳам унинг васлига зорман…

Ўша менинг Қуёшим, Ойим,
Осмон каби заминдан йироқ.
Борай десам рад этар доим,
Ва ўзи ҳам келмайди бироқ…

1976

 

* * *

– Айтгил, рўбоб, машқинг бунча паст,
Эшитаман мусиқанг аранг?
– Эвоҳ, эгам, сўйлаганинг рост,
Ё мен носоз, ёки сен гаранг!

– Рубоб, куйинг эмасдир аъло,
Ғаминг тўзғир аччиқ тутундай?
– Ёки менга бўмиш бир бало,
Ё ўзгардинг сен ҳам бутунлай!..

1976

 

* * *

Тун бўйи тинмади ёмғир,
Туни бўйи тинмади қалам.
Ёмғир, қанча куйласанг арзир,
Сени бу кун кутмоқда олам!

Мен ҳам сени тинглаяпман жим,
Бироқ сўзга очилмас лаблар.
Қўшиқ бўлиб янграр-ку қалбим,
Бир кун ахир, тўкилур зарблар!..

1977

 

Тўртликлар

Менга иккинг бирдексан, гўзал,
Мен иккингсиз бўлурман адо.
Сенга жуда ўхшайди ғазал,
Ё сен унга ўхшайсан жуда.

 

* * *

Кайф бўлмаймиз майга ҳам ҳатто,
Сархуш этар висолли дамлар.
Севмоққа-ку маҳкум, одатда
Севилмоқни истар одамлар.

 

* * *

Ўнга кириб ёлғон айтаманми, дейди ёлғончи,
Йигирмага кириб ёлғон айтаманми, дейди ёлғончи.
Қирққа кириб ёлғон айтаманми, дейди ёлғончи,
Сочим оқарганда ёлғон айтаманми, дейди ёлғончи.

 

Суҳбат

(Ҳазил)

Мен дедим: “Ярқиллаган
Икки кўзингга бандаман”.
У деди: “Сен ердасан-ку,
Мен ахир осмондаман”

Мен дедим: “Бошга кўтаргум,
Ошиғингман ишқи пок”.
У деди: “Бошинг керакмас,
Менга елканг яхшироқ!”

Мен дедим: “Кўнгил учун,
Сал пал ширинроқ сўзлагин!”
У деди: “Гар ёқмасам мен
Ўзга бир ёр излагин!”

Мен дедим: “Айт, не қилай?
Бўйдоқ ўтайми бир умр?”
У деди: “Бундоқ эса,
Машинага навбатда тур”.

Мен дедим: “Йўқ-ку пулим,
Ҳатто участка қургани”.
У деди: “Пулсиз бўгунча,
Создир худонинг ургани!”

Мен дедим: “Шартми ахир,
Ишқни ўлчаш пул билан?”
У деди: “Мумкин топишлик
Пулни ҳар хил йўл билан”.

Мен дедим: “Нақш олмани
Қурт емоғи рост экан?”
У деди: “Бас қил йигитча,
Асли зотинг паст экан!”

Мен дедим: “Бундан кўра,
Қалбимни ол, жонимни ол!”
У деди: “Жон сенга сийлов,
Алвидо, эй яхши қол!..

Шу тариқа иккимиз ҳам
Тарқалишдик икки ён.
Мен секин кулбамга кетдим,
У эса пулга томон…

1975

 

Қушлар мажлиси

Бир куни қушларнинг мажлиси бўлди,
Жамики парранда тўп бўлиб келди.
Биласиз, йиғилмоқ кўп эски одат,
Ундан ҳам эскидир рағбат, мукофот.

Бир ички умид-ла ёнарди қушлар,
Устма-уст чекарди асаби бўшлар.
Оққуш ҳам боқарди кутгандек шафқат,
Тўтининг кўзлари ёнарди фақат.

Чунки у совринни олганди бир бор
Ва яна олмоқни истарди такрор.
Бир четда жимгина Сассиқпопишак
Бетиним шимарди қуртлаган туршак.

Ниҳоят ҳамма жам бўлгандан кейин,
Бўзтўрғай овози таралди майин.
Аввало сайланди мажлис ҳайъати,
Хонани тўлдирди Бургут ҳайбати.

Энг тўрдан жой олди Бойўғли, Қарға,
Тўти ҳам ҳайъатга илинди зўрға.
Тустовуқ жой тегмай чуғурлаб қолди,
Майна ҳам дардини ичига солди.

Чумчуқлар бир икки “чирқ-чирқ” этдилар
Ва сўнгра негадир жимиб кетдилар.
Зағизғон қанотин қоқаркан айтди:
– Етди-ку, мажлисни бошламоқ пайти!..

Мажлисга Бўзтўрғай раислик қилди,
У бир оз Саъванинг устидан кулди.
– Энг яхши ижодкор Булбул ҳам, мана,
Мажлисга кайф бўлиб келибди яна!

Эркатой Читтакнинг хулқи кўп ёмон,
Аъзолик бадалин тўламас ҳамон!
Бир йилки, кўринмас Бедана – қочоқ,
Оққушнинг назми ҳам ғамгин ва пачоқ.

Қалдирғоч ой сайин сўрайди ёрдам,
Бошқа пайт бу ерга босмайди қадам.
Тушуниб бўлмайди Лайлак домлага,
Ҳамиша тайёрлар қўпол ҳамлага.

Асаби чатоқми, ишқилиб у кун,
Хонамда кун бўйи ютдилар тутун.
Хулласки, дўстларим, яхшимас ишлар,
Гўнг титиб юрибди баъзи бир қушлар!..

Талантлар рўйхати ўқилди сўнгра,
Аламдан Мусича йиғлади ҳўнграб.
Бу гапдан қушларнинг боши айланди,
Ҳайъат ҳам жим қолиб узоқ ўйланди.

Охири қилдилар шундай бир қарор:
Мукофот Тўтига берилди такрор…

1976

 

Биз ва Бошлиқ

( Ҳазил)

Агар ишда бўлмаса унум,
Хижолатдан қизарса юзлар,
Қолоқликнинг гуноҳкори ким?
– Айбдор биз,
– Айбдор бизлар!

Тўлиб турса планлар кунда,
Ходимлар ҳам бўлса эс ҳушлик,
– Ташаббускор ким эрур бунга?
– Ташаббускор –
Бизларнинг бошлиқ!

1975

 

Сенга ва Менга

(Ҳазил)

Тўйимиз ҳам ўтди жоним,
Қулоқ осгин энди менга:
Буюрмоқлик биздан бўлсин,
Тингламоқлик бўлсин сенга.
Қайтармагил гапимни ҳеч,
Мослашиб ол энди шунга.
Сўз айтмоқлик биздан бўлсин,
Жим ўтирмоқ бўлсин сенга.
Ишингни ҳам йиғиштир, қўй,
Сиринг айтма унга-бунга.
Кўча кезмоқ биздан бўлсин,
Ишламоқлик бўлсин сенга.
Гоҳ кайф қилсам ғиринглама,
Шукур дегин ўтган кунга.
Кийинмоқлик биздан бўлсин,
Кир ювмоқлик бўлсин сенга.
Тош сингари бардошли бўл,
Тўзим берсин иссиқ жонга.
Роҳат қилмоқ биздан бўлсин,
Фидойилик бўлсин сенга.
Қушдек тағин учиб кетма,
Мендан безиб ўзга инга.
Каминани сийлайвергин,
Фарзандингдан қайтар сенга!..

1975

 

Шеър Монологи

(Э.Воҳидовга назира)

Аё дўстлар, ўз ҳолимга йиғлайман-ей,
Йиғлаб, шоир юрагини тиғлайман- ей.
Бу дунёда ҳеч шеър мендек хор бўлмасин,
Хор бўлмасин, ўқувчига зор бўлмасин!

Булбул каби гўзал эдим туғилганда,
Гўзал тортдим туйғуларга йўғрилганда.
Шоир мени умид билан ёзган эди,
Мижжа қоқмай тунлар озиб-тўзган эди.

Бамисоли фарзандидек суярди у,
Гоҳи маврид ёддан ўқиб қўярди у,
Ногоҳ мени бир ходимга дучор этди,
Гапга эриб, қуллуқ қилиб ташлаб кетди.

Ғаладонда анча ётдим фурсат кутиб,
Охир менга навбат келди кунлар ўтиб.
Ходим дарҳол қайчисини ишга солди,
Сал узун деб тилгинамни қирқиб олди.

Соқов бўлиб, кўнглимдагин сўзлолмадим,
Дардим айтиб, ҳўнграб-ҳўнграб бўзлолмадим.
Қош чимириб боқди бўлим мудири ҳам,
Қаламидан ғалвир бўлди бутун танам.

Секретарга кирганимда ҳушсиз эдим,
Кўзим ғилай, жағим синган, тишсиз эдим.
У ҳам ечди қолган безак, банотимни,
Зўрлик билан синдирдилар қанотимни.

Бош муҳаррир имзо чекди боқмай қиё,
Чиққаним сўнг каро бўлди ёруғ дунё.
Таний олимай шоирнинг ҳам боши қотди,
Аламидан уч ойдан кўп касал ётди.

Тутолмади “шаҳид” шеърининг азасини,
Суролмади илҳомининг мазасини.
Эй ёронлар, шоиримга толе ёрми?
Эй ёронлар, ғўр ходимга жазо борми?

Ўз ҳолимга ўзим юм-юм йиғлайман-ей,
Йиғлаб, шоир юрагини тиғлайман-ей.

1973

 

Ўз-ўзини танқид

(Ҳазил)

Мен ўзимни аямайман,
“Раҳм этмайман” жонимга.
Ўз -ўзини танқид қилмоқ
Сингиб кетмиш қонимга.

Ҳар йиғинда сўз оламан,
Маърузани боплайман.
Ёмонларнинг додин бериб,
Яхшиларни ёқлайман.

Мажлис борки, ҳар гал менга
Насиб этар сўзламоқ.
Бу шунчаки ҳазил эмас,
Бировларни тузламоқ!

Ахир, бизнинг жамоада
Биронта иш бўлмас хом.
Темирдан ҳам мустаҳкамдир
Меҳнат деган интизом.

Ходимлар ҳам ичмас,чекмас,
Ҳар юмушда саришта.
Заррача айб тополмайсиз,
Бамисоли фаришта.

Қолаверса, бошлиғимиз
Ҳеч қайсига “отмас” тош.
Бирисига жўра бўлса,
Бирисига қариндош.

Шундай бўлгач, қандоқ қилай,
Сиқай кимнинг қўлини?
Мен ҳам секин қидираман
Гап тегмаслик йўлини.

Таассубга ўрин қолмас,
ҳеч ким бўлмас сўзимни.
“Жамоани мақтайману
“Савалайман” ўзимни…

1973

 

Амаким

Катта корхонага бошлиқ амаким,
Жамоага доим “ақл” беради.
Амакимнинг феъли бизларга маълум,
Гапини қайтарсак ёмон кўради.

Қилмасдан қўймайди ўз айтганини,
Бермайдию, фақат олар ҳаётдан.
Ҳатто бизларни ҳам қарздор қилиб қўяр,
Чўғ бўлиб кетамиз гоҳо уятдан.

Шоирнамо гаплар амакимга – қалқон,
Идеал деб билар ўзини фақат.
Асло очмайди у асл ниқобини,
Сезганларга доим бўлар бешафқат.

Гоҳо сиёсатдан чўпчаклар айтар,
Найза билан туртар асаб, сабрга.
Файласуфлиги тутиб кетса агар,
Тўн кийғазиб қўяр ҳурмат, қадрга…

Лом-мим демаймиз биз, қўрқамиз,
Ғинг десак тилимиз олар “суғуриб”.
Нима айтса, фақат шуни бажарамиз,
Хизматин қиламиз елиб, югуриб.

Эгилиб,
Букилиб,
Турланиб турамиз,
Самимий ҳурматга асло кўнмайди.
Кундан-кун амаким шардек шишиб борар,
Ёд олган “ҳикматин” айтиб тинмайди.

Чизган чизиғидан сира чиқолмаймиз,
Мослашиб қолганмиз биз шунга жуда.
Амаким-ку бир кун аниқ “ёрилади”,
Бизни бу балодан асрасин худо!

1973

 

Мажлис бўлади

Секин-секин чекинади тун,
Секин-секин тонг ҳам кулади.
Бошланади яна янги кун,
Яна бизда мажлис бўлади.

Шошиламан ишга ҳар дафъа,
Хизмат ҳушим чулғаб олади.
Биров хурсанд, биров кўп хафа,
Яна бизда мажлис бўлади.

Биров минар танқид отига,
Биров узр айтиб қолади.
Кимдир ейди ичи-этини,
Яна бизда мажлис бўлади.

Терлаб кетар ваъзхонлар баъзан,
Аччиқ ҳидга хона тўлади.
Сафсатадан бурқсийди тўзон,
Яна бизда мажлис бўлади.

Чўзилади гоҳо шом қадар,
Гоҳо бошлиқ зуғум қилади.
Уйда хотин жаврар: “Дарбадар!..”
Яна бизда мажлис бўлади.

Пир бўлади баъзан ҳафсалам,
Қочиб қолсам дарров билади.
Кўрилади менинг масалам,
Яна бизда мажлис бўлади.

Шу боиски, бир сўз айтмайман,
Ичда дардим кўксим тилади.
Гоҳ тунда ҳам ишдан кетмайман,
Яна бизда мажлис бўлади.

Йиллар ўтар, бир кун эҳтимол,
Ажал жонга чангал солади.
-Тўхта, – дейман шунда, – эй ажал,
Яна бизда мажлис бўлади.

1974

 

* * *

Корхонада одатий йиғин,
Директор муовинга берди навбатни.
Тили бийрон экан муовиннинг жуда,
Қийиб ташлар экан докладни.

Ўқийверди муовин, ўқийверди,
Сира тутилмади, сира шошмади.
Қолмади биронта айтилмаган нуқсон,
Ҳатто илғорларни мақтаб ташлади.

– Сайфиев планни кеча тўлғазган,
Тошевнинг иши ҳам беҳад ажойиб!
Бугун корхонамиз машъали эрур,
Азиз касбдошимиз Сўфихўжаев!

Ҳамиша омад ёр бу акамизга,
Сеҳрлаб қўяди сўзлаб кишини.
Эргашинглар унга, оғайнилар,
Ундан ўрганинглар савдо ишини!..

Сўнг сўзни албатта директор айтди,
Тош қотган чеҳралар ёришди кундай.
У ҳам мақтаворди Сўфихўжаевни,
Мажлис қарорига ёзилди шундай:

“Ёймоқ лозим тажрибасини,
Тақдирламоқ керак зафарин!
Янги довонларга бел боғлаган –
Заҳматкаш пивофуруш –
Сўфихўжаевга офарин!..”

1974

 

“Яхши от”

Бир ҳалол юмушга бормайди қўли,
Ҳар қайда сўз билан айбин ёпади.
Фақат бир жумлани такрорлар тили:
“Яхши от, дўстларим, кейин чопади!”

Эгардан тушмагай, тушса ҳам отдан,
Барига баҳона, сабаб топади.
Фақат бир жумлани такрорлар ёддан:
“Яхши от, биродар, кейин чопади!”

Айбини юзига солмангиз, ҳай-ҳай,
От бўлиб тепару, итдек қопади.
Фақат бир жумлани такрорлар тинмай:
“Яхши от, қариндош, кейин чопади!”

Ёши ҳам кундан кун улғайиб борар,
У ҳамон беқарор свудек оқади.
Фақат бир жумлани сўйлайди такрор:
“Яхши от, оғайни, кейин чопади!”

“Яхши от” етмишни урмоқда бугун,
Ва лекин то ҳануз келмас омади.
Аввалги қуввати йўқ энди унинг,
У энди на юрар ва на чопади!..

1976

 

Шоир Бола

(Ҳазил)

Фавқулодда топишдилар иккала ёш,
Қиз ҳуснда тенгсиз эди мисли лола.
Иккисин ҳам сийлар эди сахий қуёш,
Қуёшим, деб куйлар эди шоир бола.

Булбул бўлиб, лоласини куйлар эди,
“То ўлгунча сени куйлаб ўтаман”, деб.
Қиз ҳам ёниб севгисини сўйлар эди,
“Сен бўлмасанг ўзни сувга отаман” деб.

Бири Лайли, бири гўё Мажнун эди,
Қаттиқ эди ўртадаги аҳду паймон.
Бир куни қиз ошиғига “хайр” деди,
Жўнаб кетди узоқдаги юрти томон.

Бир куни қиз ошиғига “хайр” деди,
Жўнаб кетди узоқдаги юрти томон.
Тақдир қурғур бу ўйинни тан олмади,
Йигит қизни изламади бошин эгиб.

“Бу хўрликка” қиз ҳам сира чидолмади,
Аламидан у бошқага кетди тегиб.
Рости, дўстлар, шоирга кўп ёмон бўлди,
Ётиб қолди кўкрагини захга бериб.

Эҳ-ҳе, қанча сувлар оқиб тамом бўлди,
Ундан бери қанча қорлар кетди эриб.
Аммо ҳануз тунлар кўкка нигоҳ тикар,
Хаёлини тарк этмайди ўша лола.

Ҳамон уни тушларида кўриб чиқар,
Ҳамон унга шеър битади шоир бола.

1976

www.pulkan.org

 

Share on FacebookShare on Google+Tweet about this on TwitterEmail this to someoneShare on LinkedIn