Юсуф Расул: Дераза ортидаги одам

yr5Ҳикоя

Мен хаёлимни алғов-далғов қилиб юборган бу воқеа ҳақида ҳеч кимга юрак очиб гапирмаган эдим. Бироқ начора, қалбимни бўшатишим керак. Эҳтимол, шунда бироз енгилроқ бўлар.
Мен қўшни уйда яшовчи бу қизга ҳамиша ҳайратланиб қарардим. Бугун ҳам шундай кайфиятдаман. Ўша пайтлари хушрўй, латиф ва бениҳоят гўзал бўлган бу қизнинг шўх-шаддот ҳолатда юриши ўзига ярашиб турарди. Кейинчалик унинг ҳаётида қандайдир воқеа содир бўлдими, маҳзунлашиб қолди.Бу маъюс қизнинг исми Гулруй эди. Гулруйдан юрак ютиб, нега ғамгинлашиб қолганини сўрадиму… Ҳаммаси шундан кейин бошланди.
Уни қалбини ўртаб, ғам-қайғуга ботирган туйғу муҳаббат экан.
– Мен бир йигитни севиб қолдим, бироқ бу севги менга бахтдан кўра кўпроқ мусибат келтирди, – деб ҳикоясини бошлади Гулруй. – Мен унга қанчалик интилмай, шу қадар узоқлашиб борардим. Ахийри бора-бора ўртамизда улкан тўсиқ пайдо бўлди. Бу – дераза эди.
Муҳаббат инсон қалбини янгилар экан. Гулруй кўнгил қўйган йигит муҳаббат боис тамоман ўзгариб қолибди. Аста-секин одамлардан панада-рихлатда яшашни ихтиёр қилибди. Аҳвол шу даражага етибдики, у эшиксиз уй ичига қамалиб, ўзини темир панжара билан тўсилган деразали уйда абадий яшашга маҳкум этибди.
…Мен ожиз, лекин ниҳоятда сулув бу қизга ёрдам беришга аҳд қилдим. Мақсадим- Гулруй билан рихлатдаги инсон муносабатларини тиклашга ёрдам бериш эди.
Бир куни субҳи содиқда йигитнинг деразаси олдига бориб секин мўраладим. Қаршимда Хаёл дунёси ястаниб ётарди. Бир-икки жойда сочилган Умид парчалари, яна Орзу бўлаклари, сўнгра тағин ва тағин мавҳумликнинг оғир тошлари торгина бу дунёда юришга имкон ҳам бермаслиги сезиларди.
Деразани чертдим, сўнгра қаттиқ тақиллата бошладим ҳамки У ўгирилиб қарамади. Ақалли «Сен кимсан?» ҳам демади. Унинг бунақанги одамовилигидан жаҳлим чиқди. Яна ўзимни босдим. «Қўй-е, уларга нима ишим бор, кетаману, иккинчи бу нописанд одамнинг кулбасига қайтиб оёқ босмайман» деб ўйладиму, яна қизнинг маюс чеҳрасини эслаб бу фикримдан қайтдим.
Эртаси куни яна субҳидамда бўёқлари кўчиб, олачипор бўлиб қолган бу дераза олдига келдим. У эски кўйлакларини ечиб, янгисини кияётган экан. Бирдан кўйлаклардаги ёзувлар диққатимни тортди. Уларнинг эски,увадаси чиқиб кетганидаги «мен», ҳозиргина кийиб, ўзини ойнага солаётган кўйлагидаги «сен» деган ёзув ярқираб кўзга ташланарди.
Яна одатдагидек деразани аввал секин, кейин куч билан тақиллата бошладим. У ўгирилиб қаради. Сўнгра қўлидаги кўзгуга хиёл тикилганча мен томонга кела бошлади. Йўқ, у одамовига ўхшамасди. Қарашларидан зукко, олижаноб киши эканлиги сезилиб турарди. «Ҳа, сизга нима керак ўзи? Нега ҳар куни деразам ортидан нари кетмайсиз?» Яна нималар деди у мен англай олмадим.
Мен ўзимни тушунтирмоқчи, бечора қиз унинг мақсадини англай олмай аросатда қолганлигини айтмоқчи эдим. Фақат, «Гулруй… У сизни севади… Кутаяпти…» дея олдим холос. «Кетинг… биламан ҳаммасини… мени тинч қўйинг!..» – деди у қатъий оҳангда ва яна нари кетди.
Назаримда унга нимадир қаттиқ азоб берарди. Нимадир…
Эрталаб яна келдим. У яна ўша ҳолатда менга қаради. Бу гал ҳеч нарса демай дераза пардаларини туширди-да, оғир сукунат қаърига ғойиб бўлди.
Нима ҳам дердим, мен унга ўзимни англатолмай ёки уни англолмай оғир изтиробга гирифтор бўлгандим.
«Гулруй, – дедим қизнинг олдига бориб, – у бизни тушунишни ҳам истамаяпти. Илтимос, ўзингиз боринг. Ахир севасиз-ку! Менинг эса иложим йўқ».
«У менинг олдимга ҳар куни келади. Сиз буни билмайсиз, – деди қиз ўйчан ҳолатда. – Лекин гапирмайди. Тикилади. Нуқул тикилиб ўтиради-да, яна жимгина қандай келган бўлса шундай кетиб қолади. Қийналиб кетдим…»
“Нима қилиш керак? Нима қилсам шўрлик қизни ҳам, ул бахтсиз йигитни ҳам бу англаб бўлмас мусибатдан қутқара оламан?” Саволлар менга тинчлик бермасди.
«Илтимос, сиздан ялиниб сўрайман, бир оғиз гаплашиб олайлик, малол келмаса чиқинг ташқарига» – дедим бир куни уни чақириб олиб.
У менга дераза оша надомат билан кўз ташлади.
Бирдан унинг кўзларидаги илтижони, йўқ, йўқ, даҳшатли бир сирни илғаб қолиб қичқириб юборай дедим. Ҳа, бу чиндан ҳам ачинарли ҳол эди.
У афсус билан бош чайқади: «Ахир орамизда дераза бор-ку! Мен ундан чиқолмайман».
«Нега бўлмаса ҳар куни Гулруйнинг олдига борасиз? Қандай қилиб?» дедим азобдан титраб.
У жилмайди. Ҳа, кулди. Илк бора ачиниш билан кулди бечора. Лекин билмадим, ўзигами ё менинг ҳолимга?!
«Гулруйнинг олдига борсам дераза ўз-ўзидан ғойиб бўлади. Сизга келса…»
Шу кундан бошлаб деразани ёмон кўриб қолдим. Ҳар куни синдиришга, майдалаб йўқ қилишга чоғланаман. Лекин бу менинг қўлимдан келмайди. Бундан ташқари тушунарсиз бўлсада, лекин менга ёқиб қолган у дераза ортида яшайди. Бундан ташқари мен Гулруйни ҳам азбаройи инсонийлик юзасидан севаман.
Хушруй, зариф, бениҳоя лобар қизнинг олдига ҳар куни бораркан, мен унга кундан-кун ипсиз боғланиб қолаётганимни ҳис қилдим. Қиз ҳам буни сезади. Гоҳида узоқ пичирлаб, тиловат қилади: «Тангрим! Ўзинг кечир, ўзинг мадад бер! Мен кундан кун ниманидир англаб бораяпман. Бу шубҳасиз сенинг қудратингдир».
«Гулруй, – дейман унинг хаёлини бўлиб, – у бугун ҳам келадими?» Қизнинг кўзларида қувонч ифодалари зоҳир бўлади: «Ҳа, келади, умуман, Сиз келсангиз у сизга қўшилиб келади. Сиз кетсангиз у ҳам изсиз ғойиб бўлади».
Қиз менинг елкамга бошини қўйиб йиғлайди. Мен бу узоқ муножотни тинглай олмайман.
Бугун яна унинг олдига бордим. Дераза ортидаги одам мени кутаётган эди.
«Сизга ёрдам беролмайман, – дедим илтижо қилиб. – Сиз ўзингизга раҳм қилсангиз чиқинг. Сизни эшиксиз уй ичида яшашингиз, ёлғиз деразадан термулиб кун кечиришингизга ортиқ тоқат қилолмайман».
У азобдан, ваҳимадан титраб кетди. Лаблари унсиз пичирлади. «Сиз мени қаёққа чорлаётганингизни биласизми? Ахир бу гуноҳ…»
Йўқ, унинг қўрқоқлиги эмас, ожизлиги мени таҳликага солиб қўйганди. У ўзига шу қисматни раво кўраётган эди.
Мен унга деразани ташқаридан эмас, ичкаридан очиш мумкинлигини, агар занглаб кетган ҳалқалари халақит берса, синдириб бўлса-да чиқиши лозимлигини тушунтирдим. Тўғри-да, йўқса биз ҳеч қачон кўришолмаймиз, бир-биримизни тушунолмаймиз. Ўзимни унга, уни эса Гулруйга батафсил англатиб беролмайман.
Қиз бугун шод эди. «Сиз ҳар куни келасиз, – деди Гулруй. – У ҳам келади. Сиз кетсангиз юрагим бўшаб қолади. Билсам… Сизни севиб қолибман. У эса йўқ… Мен учун ўлган».
«Нима деяпсиз, Гулруй?!» Азбаройи ҳаяжондан, ғазабдан, аламдан, изтиробнинг зўридан қизариб кетдим. «Ахир У сизни севади-ку! Мен эса ҳеч кимман. Шукур қилинг у бор экан, мен ҳам мана қаршингизда турибман. Ахир, мен бир бечора одамнинг пок муҳаббати устига ўзимнинг бачкана ҳисларимни ағдариб кетолмайман».
Гулруй бирдан қаҳқаҳа уриб кулиб юборди, сўнгра чеҳраси яна маҳзунлашиб кескин оҳангда нидо қилди: «Кетинг! Сизни ҳам, Уни ҳам кўрарга кўзим йўқ! Кетинг! Даф балинг!»
Начора, мен бир эзгулик қилмоқчи эдим. Тушунишмади…
У мени дераза ортида кутиб турарди. «Бораману ҳамма айбу нуқсонларини юзига айтиб кетиб қоламан», деб аҳд қилдим. «Энди қайтиб қизнинг ҳам, қаршимдаги мана бу ожиз одамнинг ҳам яқинига йўламайман».
Иш мен ўйлагандан бошқача бўлиб чиқди. У зўр бериб деразанинг занглаб қотган темир панжараларини емириш билан овора эди. «Ҳадемай очилади. Келинг, ёрдамлашворинг…» Масъум чеҳрасидан қўрқув ҳисси чекинган, у чидаб бўлмас даражада хотиржам кўринарди.
Ҳа, у абадий озодлик хаёлидан маст эди…

1992 йил, Тошкент.

www.munosabat.org

Share on FacebookShare on Google+Tweet about this on TwitterEmail this to someoneShare on LinkedIn