ОДИЛ ИКРОМ: УЗЛАТ

odil ikrom3 Акам САЙФУЛЛОХОНга бағишлайман

Одил ИКРОМ – 1960-йил, 26-январда Исфара шаҳрининг Кўлкент қишлоғида туғилган. «Уфқ дарахти» (1991), «Таҳажжуд» (2007), «Таҳаммул» (2012) номли шеърий китоблари нашр этилган. Муҳаммад Иқбол, Нақибхон Тўғрал, Фуруғ Фаррухзод, Нодир Нодирпур, Лойиқ, Фарзона, Сайидали Маъмур, Аҳмаджон Раҳматзод, Озарахшнинг шеърий тўпламларини, Заҳирий Самарқандийнинг «Хотинлар макри», Муҳаммад Субҳоннинг «Қора чироқ» насрий асарларини ўзбек тилига таржима қилган. Айни пайтда Жалолиддин Румийнинг «Маънавий маснавий» асарини ҳамда Мирзо Абдулқодир Бедилнинг маснавийларини ўзбек тилига ўгирмоқда. 1990-йилдан буён СССР Ёзувчилари Иттифоқининг аъзоси.

ДУНЁНИНГ ТАГИ

Бир ёнда ғам, бир ёнда беғам,
Қон қонга, жон жонга қасд экан.
Жон қадрига етайин десам,
Куйган жоннинг қадри паст экан.

Мунофиқлар ёрнинг ишқидан
Маст бўлмаган майпараст экан.
Номи улуғ экан ризқидан,
Оҳангидан авжи паст экан.

Балогардон бўлмади ҳеч ким,
Чунки, бало забардаст экан.
Бу дунёнинг тагига етдим,
Бу дунёнинг таги паст экан…

16-декабр, 2010

ИЛИНЖ

Ёруғ кунлар руҳи чирқиллар тағин,
Fамгин арвоҳига шам ёққан билан.
Ёруғ кунлар етиб келгунча яқин,
Зулмат оғушида ой қолармикан?..

Қулунлар ҳукмини айлаб ҳавола,
Отдан тушди, бироқ, тушмас эгардан.
Биз кўнгил мулкига бўлсак равона,
Эгарланган бирор той қолармикан?..

Хиёнатнинг серсув хиёбонида
Хор бўлиб, зор бўлиб ўсганда тикан,
Қонига ташна дил биёбонидан
Оқиб ўтгувчи бир сой қолармикан?..

Бир куни тарк айлаб оқибат юртин,
Меҳр бориб-бориб йўқолармикан?..
Қиёматга қадар жаннатдан қувғин
Одамга дўзахдан жой қолармикан?!..

10-январ, 2011

ҚИШЛОҚҚА ОРАЛАГАН БЎРИ

(«Қишлоқдаги Ватан» туркумидан)

Қўл етмас орзунинг этакларига,
Япалоққа етар ёмоннинг зўри.
Эзгуликнинг содда эртакларига
Бўкиб кетган суллоҳ ёлғонлар – бўри!

Қудратли қопқондай қўйиб юбормас,
Мудроқ юрагини чирмаган тўри.
Ўзига ўзи хон, ўзи бек, сармаст,
Келиб-кетаётган замонлар – бўри!

Рамазон ойида очар оғзини,
Муҳтожликнинг хом ғишт қаланган гўри.
Зардоб тўлган сабру бардош қорнини
Ёриб кетган ёвуз армонлар – бўри!

Иззати топталган нафс кайҳонида
Ловиллаб ёнганда ғаразнинг қўри.
Замонага боқиб, дил яйловида
Қутурган ит боққан чўпонлар – бўри!

Юраклар тутундан кетар қорайиб,
Қурум босиб кетса қалбдаги мўри.
Ишонч қуйруғига боқар олайиб,
Ич-этини еган гумонлар – бўри!

Қўрқувдан титрайди юракдаги ер,
Одам қуригандай қурийди шўри.
Нафасин ичига ютган хонашер,
Майдондаги ғариб қуёнлар – бўри!

Ўйлаб босилмаган ҳар нечук қадам,
Бўрибосар итдай – шайтонга чўри.
Бошин эгиб турган илонлар – одам,
Бош кўтариб юрган инсонлар – бўри!..

17-январ, 2011

ҚУРБОНЛИК

Кўнгил қолиб кетди малул,
Ишқ маргини айлаб қабул,
Куйиб кул бўлган чоғда ул,
Кулдонликка ярамайсан!

Қонига ғарқ бўлган юрак
Аршидан тушганда қулаб,
Тиғ ботиб хўрланди суяк…
Султонликка ярамайсан!

Ким гуноҳкору ким гуноҳ?..
Ким ёвуқдир, ким мосуво?..
Ер – гувоҳ, осмон – гувоҳ…
Бурҳонликка ярамайсан!

Жон юртига келса ҳайит,
Жононга жон бўлгай шаҳид.
Эй, бўйнидан боғланган ит,
Қурбонликка ярамайсан!..

21-январ, 2011

ИҚРОР

Айбим шудир, мен томон боққан
Ёлғонларни хуш кўролмадим.
Қузғунзорда кўнглимга ёққан
Ҳақиқатгўй қуш кўролмадим.

Бу нотамом, телба очунда
Бутун ақлу ҳуш кўролмадим.
Қора тунда, қоп-қора тунда
Ёруғликни туш кўролмадим.

8-декабр, 2010

ҚЎРҚУВ

(«Ҳайвонот дунёси» туркумидан)

Донишманд дейдики, тил бу тил эмас,
Гўё ғилоф ичра турган бир ханжар.
Андишани билмас, андиша қилмас,
Андишанинг отин қўрқоқ деганлар.

Дунё ҳаракатдан бир кун тўхтайди,
Олдин мушт кўтарган қурқоқ дастидан.
Бечора бўрилар итдан қўрқмайди,
Қўрқади итларнинг акиллашидан.

8-декабр, 2010

ХУДО ҲАҚҚИ

Сенга кун бермайман, қаландар юрак,
Сен эса борингни бердинг мен учун.
Гоҳ ёруғ, гоҳ қаро, паришон, мурғак,
Омонат лаҳзалар – Худо берган кун.

Сенга тан бераман, тиланчи тақдир,
Кўнгил беролмайман, қилсанг-да лаънат.
Ҳақдан ўзга ёр йўқ деганлар ҳақдир,
Менинг шоирлигим – Худо берган дард.

Сенга жон беришга эмасман қодир,
Сендай бир гадоман, сўрама мадад.
Худо ҳаққи, жоним Худоникидир,
Бу жонга Худонинг ҳаққи бор, фақат!..

8-декабр, 2010

САДОҚАТ

(«Ҳайвонот дунёси» туркумидан)

Юраклар – бегона,
Башара – таниш,
Инсон деб аталар ҳар кас, ҳар нокас.
Аёл – эркакшода,
Эр – хотинчалиш,
Хуллас, одам ҳар гоҳ одамий эмас.

Гарчанд, ҳайвонда йўқ одоб, андиша,
Пеш қилмас ақлининг сўнгсизлигини.
Итлар итлигини қилар ҳамиша,
Тўнғизлар қилади тўнғизлигини.

8-декабр, 2010

МУСОБАҚА

Югур, токи сендан ўтиб кетмасин,
Ёш, қари эшаклар, ўзинг тенгилар.
Токи, қулоғингни ҳеч ким кесмасин,
Зеро, номард қолиб, мардлар енгилар.

Югургин ўпкангни қўлингга олиб,
Умринг вафо қилиб, қурбинг етгунча.
Эшак ўйинида эмассан ғолиб,
Токи, бу дунёдан ўтиб кетгунча.

10-декабр, 2010

ЧЎКАЁТГАН КЕМА

Ҳар ким пешонада борин кўради,
Ким эрта ўлади, ким кечроқ ўлар.
«Хотини яхшилар бахтли бўлади,
Хотини ёмонлар файласуф бўлар…»

Ақл, қўй энди панд-насиҳатингни,
Бошим гангиб кетди гап кўплигидан.
Судралиб тортганда азиятингни,
Қулаб тушдим кўнгил қилкўпригидан.

Шунча ёшга кириб, ҳали кўрмадим,
Нодон дўстдан кўра яқинроқ душман.
Сувга чўкаётган кема ичра жим
Бахтни орзу қилган бир файласуфман…

10-декабр, 2010

РАМАҚ

Ҳали қарзларимни узолганим йўқ,
Ажал кўзларимдан кўзин узмайди.
Кўзларим қаърида сўниб борар чўғ,
Туйғуларим карахт, афтим бужмайди.

Тақдир ҳамласига тополмай тадбир,
Пир бўлди ҳафсала, эскирди ҳавас.
Валангор кулбасин тарк этди бир-бир,
Умидга эргашган охирги нафас.

Пешонангни буткул қоплади ажин,
Билмадим, қиёмат қачон бошланган.
Юраклар қариди, тўрдан – гўр яқин,
Кўзларинг қаримас…
Кўзлар ёшланган…

12-декабр, 2010

ДАЪВАТ

Битта жону битта тан эдик
Тоза эди ишқнинг насаби.
Муҳаббатга ишонган эдик,
Биз Худога ишонган каби.

Инсоф сўраб қалбларимизга,
Яратгандан имон тилайлик.
Фақат, айтган гапларимизга
Худони ҳам ишонтирайлик.

12-декабр, 2010

ШАРТ

Ишқ аҳлини йўлдан оздирар шайтон,
Ошиқни ғарқ айлар ишқ кўлмаклари.
Тарсо қиздай оғир шарт қўяр ҳамон,
Чўчқадай семирган нафс кўппаклари.

Кечмади қадимий иддаосидан,
Шайх Санъон парвариш қилган тўнғизлар.
Ушбу кун қутурган ишқ саҳросида
Ит боқиб юрибди ошиқ ҳўкизлар.

12-декабр, 2010

НИМА ҚИЛАМИЗ?

Мен одам, сен пари… Нима қиламиз?
Сен ёшу мен қари… Нима қиламиз?
Ш.Нуриддин

Хавфлидир қоронғи юрак юртининг
Соғинчи, сафари…
Нима қиламиз?..
Ғарибдир хотира, хаёл уфқининг
Шомидан саҳари…
Нима қиламиз?..

Қолмади одамий махлуқотларнинг
Ҳаромдан ҳазари…
Нима қиламиз?..
Ошимиз заҳардир,
Сархур зотларнинг
Ош бўлди заҳари…
Нима қиламиз?

Юракларда ишонч йўқолди бир кун,
Келмади хабари…
Нима қиламиз?..
Жонимни садақа қилдим ишқ учун,
Илмади назари…
Нима қиламиз?..

Сотилар арзонга, сотилар текин,
Одамзод жавҳари…
Нима қиламиз?..
Шайтонга тош отдик, тегмади, лекин
Шайтонга зарари…
Нима қиламиз?..

Кўзимга оловдай кўринган чўғлар
Кўнгиллардан нари…
Нима қиламиз?..
Ёну атрофимда дайдиган ўқлар
Жонга тегди бари…
Нима қиламиз?!..

13-декабр, 2010

ТОПИШМОҚ

«Одам топилмайди…»
Одамдан бошқа
Неки бор, топади излаб бир-бирин.
Мендан нима топдинг кириб шу ёшга?
Топишмоқлар осон…
Топишмоқ қийин.
Тинчимни йўқотдим…
Кетдим бош олиб,
Хотиржам этолмай нотинч қалбимни
Исковуч қадамлар қовоғин солиб,
Қайдандир ахтариб топди айбимни.
Фариштадан ҳаром юқин ахтарган
Тубсиз фитналарнинг қолдим қаърида.
Қалбимни титкилар,
Кўзи чақчайган
Қайғулар
Божхона ходимларидай.
Оломон ичида адашиб кетдим,
Қидириб инсондан комил инсонни.
Ҳалигача топа олмади ҳеч ким
Қонимда қайнаган ишқни, исённи.
Ҳаётдан умидим бор эди анча,
Йиғласам йиғларди, кулсам куларди.
Ер остида қолди бебаҳо ганждай,
Қаердан топаман энди уларни?..
Топганга юрт берар тополмаганлар,
Кўзларига суртиб айрилиқ изин.
Топилмас ўзидан қочолмаганлар,
Топмоқ осон,
Аммо, топилмоқ қийин…

14-декабр, 2010

МУТТАҲАМЛИК

(«Ҳайвонот дунёси» туркумидан)

Қулоғингни кесиб бергин итларга,
Ўз қалбингга қулоқ тутганинг учун.
Қиморда ютқазгин бу палидларга,
Ҳаётда, фақат, қон ютганинг учун.

Ишқбоз илонлардан сўрагин узр,
Айбин айбинг билан ёпганинг учун.
Маломатга қолгин бир умр, бир зум
Бағрида ҳаловат топганинг учун.

Зулуклар ғингшийди бошингга чиқиб,
Гоҳида сени туш кўргани учун.
Ҳар доим ортиқча қонингни ичиб,
Баъзида ҳолингни сўргани учун.

Шайтонлар гапига киргин гоҳида,
Қалбингга бурнини суққани учун.
Улар сенга сабоқ берган чоғида,
Илмидан камгина юққани учун.

Товуқлар қичқирса хафа бўлмагин,
Гўрингга ҳар кун ғишт тергани учун.
Улар шаллақилик қилиши тайин,
Сенга тухум туғиб бергани учун.

Эшакдан нолима урганида дўқ,
Нозингни кўтариб кетгани учун.
Қаттиқ гапиришга сенинг ҳаққинг йўқ,
Маррага олдинроқ етгани учун.

Ажалдай бир умр шумқадамдирсан,
Нонини яримта қилганинг учун.
Қаерга бормагин, мутаҳҳамдирсан,
Ўзингни одам деб билганинг учун.

14-декабр, 2010

КЎПЧИЛИК

Битта гуноҳкорга – минг битта гувоҳ,
Ёлғонлар – бир тўда, ёлғиздир қайғу.
Юракни сўзидан айлаб мосуво,
Ақл дер: Кўпчилик нима деса – шу.

Дунёда ўлимдан қўрқмаган ростгўй
Битта бўлса, у ҳам – мен билган одам.
Қўлдан қўлга ўтар кўпга келган тўй,
Танҳодир суякдан ўтиб кетган ғам.

Кўзингни оч, минбаъд оғзингни юмгин,
Худо – битта, сўзинг ерда қолмайди.
Кўпчилик улуғ халқ бўлиши мумкин,
Кўпчилик ҳеч қачон ҳақ бўлолмайди.

14-декабр, 2010

БИР АРБОБНИНГ ДЕГАНИ

Кўнгил кўчасидан ўтмасанг сармаст,
Тентак ҳис-туйғулар кезмаса бошда,
Қизиққон, таъсирчан бир хаёлпараст,
Телба бўлолмасанг йигирма ёшда…
Сенинг қалбинг йўқдир, биродар!

Қирқ ёшда орттирсанг ўзингга душман,
Бетга айтиб ёр-дўст қусурларини,
Қачондир эскирган қолипга тушмай,
Бажарсанг, фақат, қалб буюрганини…
Сенинг калланг йўқдир, биродар!

13-декабр, 2010

ҲУҚУҚ

Зулматда топишар мохов билан пес,
Қалблар аро девор қалинлашади.
Ҳаёт бир лаҳзада ўтиб кетар тез,
Ўлим эса секин яқинлашади.

Фурсатинг йўқ бахтли бўлишга, баъзан,
Баъзан, қудратинг йўқ арзандаликка.
Ҳурматинг йўқ аҳён-аҳёнда, гарчанд,
Ҳамиша ҳаққинг бор шармандаликка.

15-декабр, 2010

МЕҲР

Ўлгудай оч бўлсанг келақол, эй, дўст,
Гўштимни еб, кемир суякларимни.
Фақат, юрагимга олайтирма кўз,
Ғамимни еб, ҳаром қилма ғамимни.

Жуда ташна бўлсанг қонимни ичгил,
Уни беҳудага тўкма ҳеч қачон.
Эҳтимол, ўшанда қўшилар,
Минг йил
Бир қозонда қайнаб қўшилмаган қон.

15-декабр, 2010

РАД

Ибодат қилмасман бу фосиқларни,
Итоат қилмасман мен бу итларга.
Ўзидай суллоҳу мунофиқларни
Шайтондай авраган бу муршидларга
Мени мурид қилма!

Майлига, осмонни ташла устимдан,
Хоҳласанг дунёни бошга кўтаргил.
Жудо қил жисмимдан, жондан, руҳимдан,
Хоҳласанг, ерни ҳам ағдар-тўнтар қил…
Мендан умид қилма…
Ноумид қилма…

16-декабр, 2010

ШОИР ҚАЛБИ

Ёқубжон Очилга

Шоир қалби жонбахш дорга ўхшайди,
Ёлғонлар чайқалиб турар боши хам.
Осмоннинг оёғи ердан кўчмайди,
Осмондан узилиб тушмайди ер ҳам.

Шоир қалби ёниб-ўртанар сўздан,
Тўрт ёғи қибла чор ёрга ўхшайди.
Ҳақ сўзи – ёвузлар йўлини тўсган
Ўргимчак тўқиган торга ўхшайди.

Шоир қалби тубсиз ғордай бир нажот,
Қиёматдан дийдор айлаган талаб.
Улуғ кун хабарин кутган одамзод
Ушбу ғор оғзига турибди қараб.

16-декабр, 2010

ЙЎҚОЛГАН ҲАССА

Ҳассамни йўқотдим бир қаро кунда,
Дедим, энди ўйлаб босаман қадам.
Бориб тағин ўша соддалигимга,
Бошқа йўқотмайман деб ичдим қасам.
Аммо, кундуз демай, тун демай тағин
Ҳассамни ўғирлаб кетди хатолар.
Шундоқ ёнгинамда ҳассамни ҳазин
Дўқиллатиб ўтар таниш гадолар.
Меҳнаткаш қисматим эринмай бир-бир,
Менга турли-туман ҳассалар йўнди.
Улар бировларнинг қўлида қинғир
Найзага айланди,
Тўқмоққа дўнди.
Йўл босдим таяниб тавбаларимга,
Дуч келди баланд-паст, ўнқир-чўнқирлар.
Мен йўқотган ноёб ҳассаларимга
Таяниб йўл топди не-не сўқирлар.

16-декабр, 2010

ОДДИЙ ХУЛОСА

Тўртта улфат билан қисматнинг аччиқ
Таъмин татиб кўрсанг, тушкун бўлмайсан.
Мантиқсиз дунёдан ахтариб мантиқ,
Ўз жонингга ўзинг қузғун бўлмайсан.

Агар ёлғиз бўлсанг ёринг Худодир,
Тўрт томонинг очиқ, турғун бўлмайсан.
Кўнгилнинг юртида сен бир мусофир,
Унда бир кун бўлсанг, уч кун бўлмайсан.

Оқибат кутасан кўзинг тўрт бўлиб,
Оқибатда бағри бутун бўлмайсан.
Кўнгил кўтарасан кўзларинг чўкиб,
Барибир, дунёга устун бўлмайсан.

Эртанинг хаёли кетмайди дилдан,
Эртага бўлмайсан, бугун бўлгайсан.
Тўрт кунлик дунёнинг хаёли билан
Ажалингдан тўрт кун бурун ўлгайсан.

16-декабр, 2010

ТЕГИРМОН

Бир ҳовуч жон қолди…
Қолгани – бекор,
Умрим бўйи йиққан катта хирмондан.
Эллик йилдан буён дам олмай, бедор
Ишлаётган эски бир тегирмонман.
Тўкилдим, юракда борини тўкдим,
Тўхтамай сув қуйган каби элакка.
Пуч орзу хаёллар бағрига чўкдим,
Алданиб, айланиб бир қоп кепакка.
Баъзан, шодлик туйдим, баъзида, азоб,
Чарчадим чанг босиб кетган кулгимдан.
Камгина кўнглимни бўшатдим, қоп-қоп
Қувончлар отилиб чиқди бурнимдан.
Эринчоқ зотларнинг ҳафсаласидай
Мудроқ туйғуларнинг мағзи эди кам.
Инжиқ кимсаларнинг хархашасидай
Майдаланиб кетди қайғуларим ҳам.
Туяни чўмичда суғорган каби,
Бекор кетди қанча кучим, ғайратим.
Тушганда тинимсиз тўқмоқлар зарби,
Янчилди армоним, ишқим, ҳайратим.
Юрак ўғирида туйилган дондай
Юракдан эзилиб чиқди оҳ-фиғон.
Қолмади ёлғондан ёришган тонглар,
Тоза соғинчимдан қолдирмай нишон.
Тўлиб кетган эди сабру бардошим,
Бесамар умрнинг қипиқларига.
Зах босган юракдан тўкилди ёшим,
Бус-бутун кўнгилнинг синиқларидай.
Оз қолди…
Тўкилар сўнгги нафасим,
Бўғзимдан қийналиб чиқар товушлар.
Тегирмон оғзида навбат кутиб жим
Турибман жонимни ҳовучлаб…

19-декабр, 2010

ЭЪТИРОЗ

(«Ҳайвонот дунёси» туркумидан)

Чўчқалар ғингшийди, чордона қуриб,
Улар билан суҳбат қурмаганимга.
Дунё ташвишини бир четга суриб,
Дунёнинг кайфини сурмаганимга.

Эшаклар – норози, сўзимда туриб,
Келганда, ўрнимдан турмаганимга.
Ҳурмати учун гоҳ елиб-югуриб,
Хизматини қилиб юрмаганимга.

Маймунлар ҳайрондир, баъзан, қон қусиб,
Кулгим келмаганда кулмаганимга.
Арзимас дардларим қимматга тушиб,
Қувончимни текин пуллаганимга.

Итлардан балога қолдим, вафосиз
Жафодан юзимни бурмаганимга.
Улар шарафига қилмай маросим,
Уларга қўшилиб ҳурмаганимга.

Сичқонлар чийиллаб айлади безор,
Беозор мушукдай мудраганимга.
Бу дунё кўзимга кўринганда тор,
ўзимни ковакка урмаганимга.

Душманлар ашадий дўст бўлди, ажаб,
Дўстларим айланди қаттол ғанимга.
Илонлар қонимда кезди ўрмалаб,
Суйкалган заҳарни суймаганимга.

Қўйлар хафа бўлди, қовоғин ўйиб,
Бошдан жудо бўлган жонсиз танимга.
Қилган гуноҳимни қон билан ювиб,
Қонимни қон билан ювмаганимга.

Қуёнлар кечирмас мени ҳеч қачон,
Юракдан қўрқувни қувлаганимга.
Бўрилар нафсимга бўлди подабон,
Қашқирдай қон қақшаб увлаганимга.

Чирқиллаб жонимдан тўйдирди кўнглим,
Ўлмаган жонимдан тўймаганимга.
Ажалдан ижозат сўрамай ўлдим…
Одамлар қўймади ўлмаганимга.

19-декабр, 2010

ИККИ КЕМА

Келажакка қараб суздим гоҳи пайт,
Олис ўтмишимни этмай туриб тарк.
Икки кема бошин тутиб оқибат,
Замона қаърига бўлиб кетдим ғарқ.

19-декабр, 2010

КИНОЯ

Нима кўрган бўлсам, ўзимдан кўрдим,
Жондан тўйганим йўқ таъзиримни еб.
Мен сенга қип-қизил ёлғончи бўлдим,
Fаразгўйлар сени кўролмайди деб.

Гоҳ жонингга, гоҳи жиғингга тегар,
Тамшаниб, ҳолингни сўролмаганлар.
Кўр бўлса, бу ёруғ дунёни сенга
Кўп кўрмасди сени кўролмаганлар…

20-декабр, 2010

ҚАЙТИШ

Сен мендан ҳаловат топа олмайсан,
Йўл бермас бошимдан ўтган савдолар.
Оёғимдан тортар, қабр оғзидай
Оёғим тортмаган манзил-маъволар.
Ёлғиз эдим, енгди хиёнат хайли,
Тақдирга тан берсам, тақдир берди панд.
Олиб кетолмадим бошимни ҳали,
Қўрқоқлар кўтарган муштдан, ғалвадан.
Бир кесак зарбига дош бермас бари,
Чумчуқ галасидай чинқирган муҳит.
Мени адаштирди Широқ сингари,
Юрак юртига йўл бошлаган умид.
Жуда ўхшаб кетар борлик ва адам,
Мисоли ёмғирдан кейин ёққан дўл…
Тавба манзилига қолди бир қадам,
Пушаймонликкача – эллик йиллик йўл.

28-декабр, 2010

МЕНИНГ БАШОРАТИМ

(«Номаълум аёлга мактублар» туркумидан)

Фақат, мен эмасман, кимдир бор тағин,
Дашту даманлардан излаган чаман.
Гоҳида серодам, гоҳида ҳазин
Ёлғизлигим билан фахрланаман.

Кимдир олиб кетар ёлғиз бошини,
Мендан умид қилган бахтиқародай.
Мен бир кун кетаман, ўз гуноҳини
Билмаган дунёдан ўтган хатодай.

Алҳол қисматимнинг йўллари қинғир,
Одилбоз ёғдулар бир ёниб-ўчар.
Биламан, ўша – мен билмаган кимдир
Бу ёруғ дунёдан тоқ яшаб ўтар…

29-декабр, 2010

ТАҚРИЗ

(Ҳазил)

Ақлинг бўлди бошингга бало,
Қалбинг маҳкум оғир жазога.
Энди қайдан излайсан даво,
Ўз ичингдан чиққан балога.

Эҳ, бедаво дардга йўлиқдинг
Ва умрингни айладинг хазон.
Номинг чиқди, китобинг чиқди,
Сендан шоир чиқади қачон?..

29-декабр, 2010

МАЛАЙГА ҚАСИДА

(Ҳазил)

Юким ерда қолди…
(Эски шеърдан)

Юким ерда қолмас,
Сўзларим мамнун,
Қичимаган жойин қашимаганда.
Гап тагида қолиб кетардим ҳар кун,
Малайлар гапимни ташимаганда.

Қўлимдан келганда берардим мадад,
Жасадимга ичи ачиганларга.
Ўлигим кўчада қолмайди. Раҳмат,
Бир умр менга гўр қазиганларга!..

30-декабр, 2010

БАХТ ИТИ

Тилар бир-бирининг ишига ривож,
Бу ёлғон дунёдан кечолмаганлар.
Бир амаллаб топар яшашга илож,
Ўлишга баҳона тополмаганлар.

Ҳеч ким ўтолмас бу дунё юзидан,
Дунёнинг юзида қолдирмай бир из.
Чўкиб кетаётган кўнгил қулиман,
Бироқ, мен кўнгилга чўколмадим тиз.

Бахт қуши бошимда ўтирибди жим,
Юрагимни еган итдай қорни тўқ.
Тирик қолиш учун баҳона топдим,
Сен ҳануз отгани тополмайсан ўқ.

29-декабр, 2010

ДОР

Қайтсанг кўнгил юртига қайта,
Ёдлар юзин қоплаганда гард.
Гўзал, ғамгин хотираларга
Ўз бағрини очмаган – номард!

Жони қичиб, қонингни ичиб,
Юрагингга суйкалса офат.
Энг охирги қурбини йиғиб,
Ўз қаҳрини сочмаган – номард!

Сен муҳаббат ахтариб ёрдан,
Ўз бошингга сотиб олсанг дард.
Ўзин баланд олган у дордан
Ўз вақтида қочмаган – номард!..

29-декабр, 2010

МИННАТ

Бақирдим, мен қаттиқ додлаган сари
Не-не кар қулоқлар очилиб кетди.
Сўзим – сўзга оғиз очмаганларнинг
Очилган оғзидан отилиб кетди.

Нафсимнинг итига аталган суяк
Ишқнинг осмонидан ёғилиб кетди.
Шодон уфунатдан безган бу юрак,
Муаттар азобни соғиниб кетди.

Жарга қулаганда қўл чўзганларим
Менинг оёғимга осилиб кетди.
Дўст танламай, тирик бир сўз танладим…
Оёқлар остида босилиб кетди.

Номусга харидор ахтарган даюс,
Ялтироқ туйғулар сотилиб кетди.
Молбошларга раҳмим келади ҳануз…
Раҳмдиллик менинг бошимга етди…

30-декабр, 2010

ОДАМ

Одамга ёр бўлди шайтоний хато,
Еганда олманинг бир бўлагини.
Шул сабаб, жаннатдан қувилди ҳаво…
Одам ҳам шунақа ёр бўладими…

Қонга сингиб кетди қадимий сазо,
Оқизиб иблиснинг кир сўлагини.
«Ўзинг кел» деб нафсдан қутилди ҳаво…
Одам ҳам шунақа зор бўладими…

Ишғол этди ўша қадимий даъво,
Ютоққан юракнинг тор йўлагини.
Пинагини бузмай, бузилди ҳаво…
Одам ҳам шунақа хор бўладими…

30-декабр, 2010

САВОЛ

(«Номаълум аёлга мактублар» туркумидан)

Вужуд тупроғига кўмилган жоним
Сирдай бир кун ошкор этилармикан?
Биргина одамни соғинган золим
Хом хаёлим пишиб етилармикан?

Ўзимни осмондан ахтарганимни
Осмон англамади, ер билармикан?
Тупроқ қучармикан густоҳ танимни,
Очиқ кўзим осон беркилармикан?

Иблис каби ўжар, ёлғиз тунларим
Кимнингдир қошида эгилармикан?
Бир ўзим кечирган қора кунларим
Менинг гуноҳимни кечирармикан?!..

30-декабр, 2010

ХАЁЛ ПАРЧАЛАРИ

Эрта очилган бу кўзимни юмгин,
Кун кўрганим билан кўз очолмайман.
Тушимда ўзгариб туришим мумкин,
Ўнгимда ўзимни йўқотолмайман.
Кўзим, оғирлигим ҳеч кимга тушмас,
Кўр эмасман, кимдир етакламайди.
Менинг осмонимда товуқлар учмас,
Бургутлар ҳеч қачон эмакламайди.
Ўзимни оқлашга эмасман қодир,
Ёруғ кечаларда қоралаб қоғоз.
Барча гўдакларнинг отаси бордир,
Баъзи хотинларнинг эри йўқ, холос.
Манзили ноаён сўнгги номадай
Қолиб кетмас жисмим, жоним чанг босиб.
Бир кун гўрга тиқар макруҳзодалар,
Ўлмаган жонимни ҳайратга солиб.
Қонимни ичгандай, бир дунё қасам
Ичган амалдорда амал кўрмадим.
Берсам, кўнгил бердим, ростини айтсам,
Бировга пул бериб шоир бўлмадим.
Жаноза ўқидим ўзимга ўзим,
Гўр қаздим юрагим ерини ўйиб.
Қалбимнинг энг чуқур ерига кўмдим,
Ўлган ишқ ҳурматин жойига қўйиб.
Уммондан улоқиб кетган қатраман,
Заҳар томди заққум сатрларимдан.
Ёт кўнгил меҳридан бўлдим баҳраманд,
Мен ёрдам кутганда яқинларимдан…
Ҳолимга йиғлама, ҳолимга кулгин,
Кун кўрганим билан кўз очолмайман.
Қайғудан ўзимни топишим мумкин,
Шодликдан ўзимни йўқотолмайман…

4-январ, 2011

ДўСТИМ БЕГМАТ ХОТИРАСИГА

Қўшиқ айтар эдинг юрган йўлингда,
Тўйларда жўшиб шеър ўқирдинг шодон.
Кечир, билиб-билмай, нозик кўнглингга
Баъзан, қаттиқ теккан бўлсам мен нодон.
Меҳр оқиб ўтган азим қирғоқнинг
Бўм-бўш бағри қақраб қолганда сувсиз,
Аччиқ кўз ёш тўккан Шакарбулоқнинг
Мунис саҳролари йиғлайди унсиз…
Ҳақ ҳамроҳинг эди олис йўлларда,
Яқин эдинг ёрга, дўстга, Худога.
Бу ёруғ дунёдан кўнглинг тўлганда,
Афсус, сиғмай кетдинг ёруғ дунёга.
Қисматинг дўст қалбин йўлакларида
Қолдириб кетганда айрилиқ изин,
Дарднинг зирқираган сўнгакларида
Англадим ажалнинг шафқатсизлигин…
Қийналмай жон бердинг соҳир самога,
Жонинг қаро ерда кетди қийналиб.
Насиб айлаган ҳар бахту балога
Аюб пайғамбардек боқдинг жилмайиб.
Кетдинг ҳақиқатнинг она юртига,
Етимчўққи етим қолди жовдираб.
Етти зурёдингнинг етти пуштига
Етиб ортар сендан қолган хотира…
Ўйладинг, кўзладинг, кўрдинг узоқни,
Сенга яқин эди йўл қадоқлари.
Қабрингни излайди Шакарбулоқнинг
Бағри қонга тўлган қизғалдоқлари…

24-декабр, 2010

ЭРТАК

Гўрнинг азобидай қайғулар узун,
Тонг отмай узилар умид эртаги.
Қайғу-аламлардан қўлимни ювдим,
Аммо, ғамнинг доғи дилдан кетмади.
Боболардан қолган меҳр булоғин
Булғаб ўтиб кетар кеча-кундузлар.
Авлиёлар минган хачир туёғин
Изидай кўмилиб кетар юлдузлар.
Эртак давомидан тонар кечалар,
Гарчанд, ёлғон – удум, буюк анъана.
Ишонч дарахтлари қолди бесамар,
Ёвузлик қилганда тағин тантана.
Тилла балиқларнинг сеҳрли сўзин
Айтган қурбақалар сўздан адашди.
Бахтли бўлгин, дея шанғиллар, кўзин
Йилтиратиб боққан бадбахт алвасти…
Муродбахш эртаклар сўнгига етдим,
Эллик йил беҳуда ўтказиб вақтни.
Карахтлиги учун қайғудан кечдим,
Бадбахтлиги учун кечирдим бахтни…
Эртагимга жинлар қулоқ солмади,
Бир тўқ кўнгилни кўп кўрди ҳарислар.
Ён бердим, ёнимда ҳеч ким қолмади,
Жон берсам, хавотир олманг, азизлар!..

4-январ, 2011

ТАЪҚИБ

Таъқиб этар қандайдир шарпа,
Гоҳ тентираб, гоҳида тўхтаб.
Пайдо бўлар гоҳ давраларда,
Ўтиради ўзимга ўхшаб.
Юрагимни еган қутқулар,
Юрагимда санқийди итдай.
Бир-бирига ўхшамас улар,
Қони бирмас, қозони – битта.
Титраб-қақшар қандайдир ғараз
Ва қонимни сўргани-сўрган.
Бир оёғим тўрга чиқолмас,
Бир оёғим чиқолмас гўрдан.
Бир кўзини қисиб, тўнқайиб
Эгилади аламзада ёй.
Бош устимда турар мунғайиб,
Этак билан ёпилмаган ой…

5-январ, 2011

БАСОРАТ

Кўзим жуда очилди эрта,
Кўрдим қанча яхшию ёмон.
Муҳаббатдан сўйлади эртак,
Мен кўз очиб кўрганим – ёлғон.
Меҳр кетди мендан кўп йироқ,
Бахт ҳам учиб кетди бошимдан.
Мен умримда кўрмаган узоқ,
Оқибатсиз қариндошимдай.
Мен ёдимда асрайман бугун,
Ёлғизлардан ёлғизлигимни.
Кўз очаман, кўрмаслик учун,
Қалб олдида ожизлигимни.
Токи бошга ғам келтирмай деб,
Мен жонимни қийнадим яна.
Қувғин бўлган қалб тентирайди,
Бўш кўнгилдан излаб бошпана.
Ақлни ҳам ишлатдим оз-моз,
Фикрларим эди бошқача.
Мен бошимни асрадим, холос,
Қалбим эзиб эллик ёшгача.
Бахт дунёга келар эртароқ,
Армон эса кеч туғилади.
Йиртиқ кўзга тушгандай ямоқ,
Бу кўзларим кеч юмилади…
Бору йўғим – ёлғиз бошим бор,
Бошимни ер бебош бу юрак.
Келди эллик биринчи баҳор, –
Кўзлари кеч очилган кузак…

5-январ, 2011

ТАШБЕҲ

Бу ёруғ дунё – бир улкан жинчироқ
Ёхуд камбағалнинг ғариб кулбаси.
Унинг ярмин зулмат қоплаган, бироқ,
Ярмини ёритар ойнинг шуъласи.

Бир нигоҳ зулматдан тонар ҳамиша,
Ишонар – ой ёғду сочар барибир.
Осмон – оҳ дудидан қорайган шиша,
Чўққилар жинчироқ пиликларидир.

5-январ, 2011

АҚЛ ҚАЙРОFИ

Икки олам кўнглимга сиғиб,
Сенга ҳаддим сиғмаса, нетай.
Бехудликнинг бодасин шимиб,
Буйруқ бергин, ўзимга етай.

Жинлар базми кетганда қизиб,
Бенаволар куйласа бенай.
Ишқнинг заққум шаробин ичиб,
Рухсат бергин, ҳушимдан кетай.

6-январ, 2011

КЎНГИЛ УЙИ

Йўлларда адашган бир мусофирман,
Ўз қалбига қулоқ солмаган қайсар.
Виждондай қийналиб кетаман – кетсам,
Агар қайтса, фақат, ихлосим қайтар.

Инсофим бор, аммо, йўқдир иложим,
Ақлим етмаса-да, қурбим етади.
Ёлғон уясида қолмас ишончим,
Қолса, фақат, кўнгил қолиб кетади.

Агар етсам чуқур оҳлар тубига,
Огоҳлар ортимдан хабар беради.
Мен кетсам…
Хароба кўнгил уйига
Бир куни Худонинг раҳми келади…

5-январ, 2011

ЗАЛОЛАТ

Бу йўлларнинг охири бахайр,
Балогардон бўлсин ишқилиб.
Тун бағридан ахтариб саҳар,
Кўзларинг ҳам кетди йиртилиб.

Мақсад – ўзга, манзиллар – ўзга,
Қадрдондир қонхўр гуноҳлар.
Киприк билан тикилган кўзда
Жовдирайди тутқун нигоҳлар.

Адаштирди бизни, ҳойнаҳой,
Улоқтирди кўнгилдан нари,
Ишқ оёғин қисган пойма-пой
Этигидан қолган излари…

6-январ, 2011

ҲАЛОКАТ

Совиган кўнгилнинг газандасидай
Каппамни ёндирди ёниқ нафаслар.
Кесакдан чиққан ўт алангасида
Ёниб кетди менга ёпишган хаслар.

Чўккан кўнгилнинг соф, тиниқ дардлари
Қолмади одамзод расми-русмида.
Дил тубида оққан дарё мавжлари
Кўлмакка айланди аччиқ устида.

Шайтоннинг ахта, ҳез югурдаклари
Мардлик даъво қилиб, фаришта бўлар.
Кеча дордан қочган гуноҳлар бари
Букун оёғимга осилиб ўлар.

6-январ, 2011

МЕРОС

Бу дунёда ишим битмади,
Битиб кетар жароҳатларим.
Мендан қолар хароб қисматни
Қарғамаган харобатларим.
Бездим кўнгил тутган бўтқадан,
Кўз ёшидай кетдим тирқираб,
Қашқирларнинг тиши ўтмаган
Суякларим қолар зирқираб.
Ўз турқини топар қайғулар,
Титкиланган қарашларимда.
Бир умр гап талашди улар,
Мен бир умр жон талашганда.
Енги йўқлар ёқамдан олар,
Тенгман тенги қолмаганларга.
Нотинч руҳим хотира қолар,
Юрагимни ковлаганларга…
Хилватим бор халқ ўртасида,
Йўқдир ўзга жавоҳирларим.
Ўнқир-чўнқир қалб кўчасида
Қолиб кетар хавотирларим.
Қотиб қолар томирда қоним,
Бармоқларим қолдирган издай.
Ер юзига чиқади жоним,
Гўё олтин қопланган мисдай…

6-январ, 2011

ЭҲТИЁЖ

Йўлимдан қайтарма, умрим муҳрини
Мен босиб ўтаман ўз йўлим билан.
Тўрт ойу ўн кунлик қисмат ҳукмини,
Ахир, ёзганим йўқ ўз қўлим билан.

Сўзимнинг устидан чиқаман, чунки,
Дунёга келганман ўз сўзим билан.
Бағрига чорлайди кўнгилнинг мулки,
Ёлғиз қолганимда ўз-ўзим билан.

Ўлимдан қўрқитма овора бўлиб,
Мен уни кўрганман ўз кўзим билан.
Эллик йилдан буён тирилиб-ўлиб,
Бўлганман қадрдон дўст – ўлим билан.

6-январ, 2011

ҚИШЛОҚДАГИ ВАТАН

(Туркумдан)

Дилдан чиқар содда сўзлар мурдаси,
Фойдаю зарардан ҳамма очар фол.
Совуқ уриб кетган кўнгил кулбаси
Тезак оловида исинар беҳол.
Жиззаки тириклик тушмас жаҳлидан,
Бир товуққа керак ҳам дон ҳамда сув.
Бодрезак мевадай, қалб дарахтидан,
Ушалмас орзулар тўкилар дув-дув.
Кун ўтар кўрсатмай ҳаргиз қорасин,
Тунги ёғдудан ҳам қолмаган асар.
Дарвишона, жулдур қалб вайронасин,
Баъзан, обод айлар шоҳона назар.
Ағдарилар кўнгил авра-астари,
Меҳр – молга хашак бериш билан банд.
Тирик жон қадри паст ҳаддан ташқари,
Ҳар қандай ўликнинг ҳурмати баланд.
Ойдинпарастлар қиш келган фурсатда,
Ойга боқиб ёруғ кунларни эслар.
Бундай қоронғилик, бундай зулматда,
Бир-бирин танимас, ҳаттоки, песлар.
Бўғзи қонга тўлиб, рўзғор қон ютар,
Тўлмас тирикчилик аталган тўрва.
Очлар оч офатни ош қилиб кутар,
Тўқлар тўкар тўқлик шўрига шўрва.
Амалдор бурнидай кўтарилган нарх
Югуриб етмас пул қадрига буткул.
Гандираклаб қайтар мағозадан бахт,
Еган-емагани дўконда нуқул.
Юрак ишдан чиқиб кетар ростмана,
Ташвиш, ғавғолардан боши чиқмайди.
Ёзда қуриб ташлар қиммат бошпана,
Қишда эса арзон кўмир излайди.
Арвоҳларга ҳадя айлар савобни,
Ҳеч ким кечолмайди ўз гуноҳидан.
Уни чин юракдан суйган азоби
Кам бўлмайди, камтар бўлгани билан.
Чўкиб кетмас олис осмон қаърида,
Ернинг қаттиқлиги келмайди малол.
Бахтдан сабоқ берар болаларига,
Эрига бахт бера олмаган аёл…

7-январ, 2011

МЕЗОН

Ушбу дунё омонат бир кошонадир,
Мангуликка иддаоси бўлатуриб.
Кўнгил шоҳу кўнгил мулки шоҳонадир,
Ҳар қадамда бир гадоси бўлатуриб.

Нафс итининг қуйруғидир кўнгил ҳамон,
Қалб шудгорин бир балоси бўлатуриб.
Қадр ўлчар бир палласи оғир замон,
Қинғир, бузуқ бир тарози бўлатуриб.

Одам зоти қарғайди гоҳ қисматини,
Оналарнинг нек дуоси бўлатуриб.
Сиғиндилар ўз нафсига сиғинади,
Юрагида ўз Худоси бўлатуриб.

Юрак дарди қўзиб кетди, жинниларнинг
Ичидаги битта соғи бўлатуриб.
Акам ҳақ деб ўлиб кетди, иниларнинг
Бари шоир, бири қози бўлатуриб…

Гоҳ вужудга бўйсунар қалб, илоҳий ишқ
Имомига иқтидоси бўлатуриб.
Қолди, фақат, энг охирги одам бўлиш,
Охиратнинг ибтидоси бўлатуриб.

7-январ, 2011

ҚУШ ТИЛИ

(«Номаълум аёлга мактублар» туркумидан)

Мени бошлаб кетар бир кун қадрингга,
Армоним кўмилган ёлғизоёқ йўл.
Энг узун афсона сўйлар қаршингда,
Оҳига осмонлар етмаган бир қўл.
Бенаво туйғулар очирмайди кўз,
Сўзларим тўкилар юракка сиғмай.
Бўғзимда қалтираб турибди бир сўз,
Fилофида қолиб занглаган тиғдай.
Кўнгилдан чиқмади мен суйган калом,
Тилимни тушунмас ёру дўстларим.
Номингдан йўллайди самовий салом,
Қанотинг остига олган сўзларим.
Йиғлоқи булбуллар қолди бенаво,
Қузғунлар тўдаси айлаганда даф.
Таниш қарғаларни билмадим, аммо,
Мен билган чумчуқлар чирқиллар бенаф…
Куйларим сабрсиз сукут ичрадир,
Шовқинлар остидан чиқмади бутун.
Оҳангинг олдида тилим қисқадир,
Осмонинг остида қўлларим – узун.
Энтикиб кетади эҳтирослардан,
Бағрингда ўлгиси келган бир вужуд.
Сўзингдан иқтибос келтиролмайман,
Сенга келтираман юракдан сужуд.
Ўқ теккан оққушдай қолди оҳ уриб,
Мени тирилтирган жимжит ҳасратинг.
Ўзимни ўзимдан асрамай туриб,
Сен мени ўлимдан нечун асрадинг?!..
Сурур саҳросига излайман маъво,
Дардлар дарёсига соҳил ёллайман.
Кимдан қўрқишимни англадим, аммо,
Қачон қўрққанимни эслай олмайман.
Мен сени олдинроқ топмадим нечун,
Нечун кетолмайман жонимдан тўйиб?..
Тилсиз орзуларим йиғлайди беун,
Армон елкасига бошини қўйиб.
Ўтиб кетаман жон талвасасида,
Фурсатим қисқадир, йўллар – чўзилган.
Ишқнинг сўнгги манзил, мартабасида,
Баъзан, тилдан қолдим, баъзан, кўнгилдан…
Бир кун бошлаб кетар ғам кулбасига,
Тилини ёлғиз мен тушунган йиғи.
Ярақлар дўзахий шам шуъласида,
Тандан суғурилган жонимнинг тиғи…

8-январ, 2011

МОЛ БОЗОРИДАГИ ЎЙЛАР

(«Ҳайвонот дунёси» туркумидан)

Жовдираб боқади кўзи тушганга,
Арзонга кетмайди ҳеч бир жонивор.
Сотилиб кетади ё бир душманга,
Ё дўстдай сотилар қатор ва қатор.
Кўзи қон талашган фойда – ўртада,
Бағри қон зарарлар тортар оҳ-фиғон.
Олди-сотдилардан юраги зада
Жонворлар бош эгиб турар безиён.
Ҳансирар софликдан тинмай уриб лоф
Даллоллар қўл силтар қўярда-қўймай.
Бир зумда пичоқсиз сўйилар инсоф,
Ўз ёғида ўзи қоврилган қўйдай.
Кўр бўлган савдолар кўтарар шовқин,
Қулоғи кар бўлиб ғала-ғовурдан.
Ҳақиқат бир лаҳза кўтармас бошин,
Нафс билан бирга ем еган охурдан…
Дилда илдиз отса ғараз жинлари,
Жони бор жонзотлар бўлганда нишон,
Мол сўйиб қон кўрган қассоб сингари
Бир-бирига қотил ёллайди инсон.
Отнинг қашқасидай маълум ва мамнун
Беор одоб билан сотар сафсата.
Омад бозорида сотилар ҳар кун,
Отнинг калласидай обрўй, мартаба.
Густоҳлар оғзида кетар чайналиб,
Сўйилган муҳаббат гўшти, қуйруғи.
Фосиқлар қўлида қолар сақланиб,
Эътиқодсиз юрак бўйинтуруғи.
Нонхўрлар бегуноҳ қондан кечолмас,
Қон кечар қон қақшаб букун нонкўрлар.
Жониворлар ўзин бозорга солмас,
Тарозига солар этин қонхўрлар…
Итдай оч гуноҳлар қорнин тўқлайди,
Ҳаромлар кўмилар, сўйилар ҳалол.
Билмайман, эгаси кимга ўхшайди,
Бироқ, эгасига ўхшамайди мол…
Одам қурсоғидир қаппайган қабри,
Азалдан одамзод жавҳари – ҳайвон.
Ўз қадами билан ўлчанар қадри,
Ўз ажали билан ўлмас ҳеч қачон…

9-январ, 2011

ЁРУFЛИК ЁДИ

(«Номаълум аёлга мактублар» туркумидан)

Йўллар аёзида қалтирар жонинг,
Юракка қўл солсам, қўлларим – совуқ.
Бош устимда кезган саргардон ойнинг
Ўн беши – қоронғи, ўн беши – ёруғ.
Панд берди нигоҳлар басоратида
Ё кўнгилсизлигим ёхуд кўрлигим.
Меҳр ва миннатнинг ҳароратида
Шўримни қуритди кўнглим – шўрлигим.
Келгин, совиб кетган қонимни қиздир,
Марқадингда қолиб кетма фаромуш.
Ўн беши ёруғ ой аксида кимдир
Fойиб бўлган ёлғиз тунни кўрар туш.
Кўксинг ичра юрак – Даққи Юнусдан
Қолиб кетган қадим, ҳазин шамчироқ.
Ўткинчи дунёдан нигоҳин узган
Жонинг жаҳонимда бўлар бахтлироқ.
Бизнинг тариқатда дуч келган хатар
Саноғи бўлса ҳам, йўқдир адоғи.
Бисотимда бир йўл қолмаса агар,
Очиқдир ер бағри, осмон қароғи…
Қоқ суяк қолдириб кетди сўнгимга,
Эзилган этимни босиб ўтган вақт.
Фалокат соч тараб чиқди йўлимга,
Соч юлиб ортимдан бўзлаганда бахт.
Гоҳ тирик ёдимни дилимга кўмдим,
Гоҳ таъна, маломат ташлади кўмиб.
Ёғилди ғаразнинг осмонидан жим,
Қор, ёмғир чивғиндай аралаш бўлиб.
Йўл бошлар кўр зулмат толиқтирган тун,
Йўлинг ёруғ бўлсин, эй, ҳуркак садо!..
Кафорат сўрайди ёлғиз сен учун,
Жонимга кўз тикиб турган бир жазо…
Бир кун вужудингга ўт қалар жонинг,
Тепкилаб Худо руҳ бахш этган лойни…
Боқ, бошингда боқиб турган самонинг
Ўн беши – қуёшли, ўн беши – ойли…

10-январ, 2011

ТАРЖИМАИ ҲОЛ

Шеърлар ёзиб, қилдим уйқумни ҳаром,
Севдим ишқ бағрини буткул қон қилиб
Fамин еб, юракни айладим тамом,
Бедаво дардимни дастурхон қилиб.

Тирик юрганимга ишонмай қолдим,
Ўлиб-тирилмоқдан бўлдим гўрзада.
Ялтироқ кўмирдай қаланган ёдим
Ёнди қалб аталган тубсиз қўрада.

Ортимдан югуриб ҳеч ким етмайди,
Айбимни айтолмас биров бетимга.
Мендан қолган мерос янглиғ,
Тегмайди
Зарарим,
Ўзимдан бошқа ҳеч кимга.

Жоним жасадимни жондан тўйғизди,
Қутурган ит қопган каби эгасин.
Тийнатим – безиён, йилим тўнғиздир,..
Мендан бахт топмади бирор мегажин.

10-январ, 2011

ТАСАЛЛИ

Ногаҳон узилган камон ўқидай,
Бағрингга санчилар умид наштари.
Ўлмаган жонингни жон аччиғида
Суғуриб кетганда ғамнинг лашкари.

Ҳабаш ўлигидай чўзилганда тун,
Ўзингни қўярга тополмадинг жой.
Сабр қил, ҳадемай қўша-қўша кун
Туғади ой-куни яқинлашган ой…

10-январ, 2011

УЧИНЧИ ДУНЁ

Ваҳдат шаробидан кўнгил бўлар маст,
Дилинг билан битта бўлса забонинг.
Икки дунёда ҳам боши қўшилмас,
Тилаги бир бўлган икки гадонинг.

Қўлимиздан келса, ёрдам берайлик
Сўзларнинг бағрида унган хунёга.
Шоҳлар зериктирди, келгин, кетайлик,
Гадолар бир-бирин суйган дунёга…

10-январ, 2011

КЕЛГАН БАЛО

Озурда ой нури тўкилса бошдан,
Тунлардан ҳайиқмас эдинг бу қадар,
Ташландиқ болага тегмаган тошдай
Ой бошингда учиб юрмаса агар.

Айт, энди қай ердан излайсан нажот,
Ердаги ҳар қўйган қадаминг – хатар.
Осмонда яшардинг, фалокат, фасод
Оёғинг остида турмаса агар.

Кўнгил чил-чил синди…
Кўнгилнинг юртин
Вайрон айлаб кетди босқинчи кадар.
Майли, келган бало ўшанга урсин,
Ўшаларни Худо урмаса агар.

10-январ, 2011

ДОРПАРАСТ

Кўнгил бозорини кездим саргашта…
Нима бор, нима йўқ, ҳеч ким билмайди.
Нима ҳам дер эдим, қовун танлашда,
Фақатгина, итлар хато қилмайди…
Чўлоқ кўнгил чопмас еган каби лат,
Чалиб йиқитганда қандайдир ғараз.
Бу дор ўпқонига сиғади, фақат,
Эгилмаган бошлар – дорбоз, дорпараст.
Юрак манзилига етолмас лошим,
Алдаб-сулдаганга кўнмай, овунмай.
Елкамда осилиб турибди бошим,
Қачондир палаги ўлган қовундай.
Майли, бошимни ол, майли, эшакка
Тескари миндириб айлантир шаҳар.
Ёлғизлик аталган ҳур мамлакатга
Олиб кетолмасам бошимни агар…
Хатоларим учун мени дорга ос,
Жазо бер, юзимни қаро қил, майли.
Мендай итлар хато қиларкан, холос,
Итдан тарқаганлар хато қилмайди.

13-январ, 2011

АСР УЛАМОСИ

Ой тўлган осмондай олайтирар кўз,
Кўзлари қамашган зулмат – зиёли.
Ёлғон бўғзида хор бўлиб кетди сўз,
Ювуқсиз қўлдаги қуръон мисоли.
Кўрга ҳам аёндир, ушбу оламнинг
Оласи – осмонда, қораси – ерда.
То ҳануз иймони бутун одамнинг
Илмига зор мозий, бугун ва эрта…
Минг бир хил бўёқда товланар туси,
Мудрар муфтхўр нафс ўз қаърига ботиб.
Тўрт ёнга аланглаб, куппа-кундузи
«Қуёш ахтаради жинчироқ ёқиб…»(1)
Қимирлата олмас қулоқларини,
Муттаҳам муридлар жим ютиб юрак.
Ташийди муршиднинг гуноҳларини,
Уч-тўрт ювиндихўр – қўлда белкурак.
Йўл бошида етар йўлнинг бошига,
Кекирдаги янглиғ чўзилганда йўл.
Илм ўрмонига ўт кетганда ҳам
Ёнмас, чунки, унинг этаклари – ҳўл.
Қувонч мозорида қайғурмас дилдан,
Тирик кашфиётга боқар чақчайиб.
Маҳдуд юрагига сиғмаган қилдан
Осойиш топади, қийиқ ахтариб.
Одам тупроғидай енгил юк йўқдир,
Одам гуноҳидай оғир жонзот йўқ.
Ботил олимликка номзодлар кўпдир,
Комил одамликка бирор номзод йўқ.
Бичма қўйдай ювош кўру карларнинг
Йиртиқ ковушига ахтарар лахтак.
Унга тўр бахш этган қаландарларнинг
Пойига бўлолмас шоён бир патак.
Эски хусуматлар чорлаб бир четга,
Юзин қаро кунга сақлайди заҳил.
Бурчакда инқиллар, чанг босиб кетган
Китоб жавонидай эскирган ақл…

14-январ, 2011
_______
1 – Бедил ибораси

ДЎСТ ТАНЛАШ

Ақлимни ўзимга дўст деб англадим,
Аччиғим келганда жаҳлимни босиб.
Ақлимга сиғмади ҳаддим, ҳайратим,
Айниқса, ҳаддидан кетганда ошиб.
Бўш қолганда кўнгил ғамини едим,
Кўнгил қилиб кетди мени шарманда.
Мен уни бошимга кўтарар эдим,
У менга қарши бош кўтармаганда.
Хилватга чорладим қайғу-ғамимни,
Аммо, тўполондан чиқмади бошим.
Ёши улуғ эди қайғуларимнинг,
Андуҳлар ёшига етмади ёшим.
Fазабга жой бердим сокин дилимдан,
Тоқатимни енгди нафрат лашкари.
Уялиб кетдим мен ожизлигимдан,
Нафратим зўр эди ҳаддан ташқари.
Ишққа ишонч билан келдим юзма-юз,
Қалбим ғурбатларга бардош бермади.
Йиғлагим келдию кеча ва кундуз,
Ишқ билан юлдузим тўғри келмади…
Ёлғиз ўлим қолди умримга ҳамдам,
Чарчадим кўр қалбнинг ортидан юриб.
Марг, манзил-маконинг қайда бўлса ҳам,
Мен топиб бораман кўзимни юмиб…

14-январ, 2011

ТОЛЕ ТУРТКИСИ

(«Қишлоқдаги Ватан» туркумидан»)

Оҳудай маъсумдир нур орзулари,
Узилмас қадимий шажарасидан.
Безор бўлиб кетар шам ёғдулари,
Суқ зулматнинг заҳил башарасидан.
Қайдандир салавот садоси келар,
Ўрнидан қўзғалар ўлган ҳафсала.
Тутқич бермаган шум ўғридай кезар,
Ёввойи мушукдай зийрак лаҳзалар.
Суяклар айрилиб кетар этидан,
Тузалмас хатолар йиғлайди зор-зор.
Ингранар ит ётиш азоби билан
Тақдирланган тақдир – итдай вафодор.
Толе турткисидан бўлади бедор
Лаънатзод қисматнинг жафобинлари.
Ёлғизликдан қўрқар,
Гўё беозор
Мусичадан қўрққан калхат сингари…

17-январ, 2011

ОГОҲЛИК

Ой олиб қочди кўзин,
Тун ботди, қамарим йўқ.
Зулмат бағрига ўзин
Тонг отди, саҳарим йўқ.

На зорим бор, на зўрим,
Шохим бор, самарим йўқ.
Томир бўлиб кўмилдим,
Хоким бор, шажарим(1) йўқ.

Жисму жондан бир ҳовуч
Кул қолди, шарарим йўқ.
Аъроф келиб қалбга дуч,
Ўт солди, сақарим(2) йўқ.

Дўстга зор, душманга хор
Зорим бор, зарарим йўқ.
Ўлимдан хабарим бор…
Ўзимдан хабарим йўқ…

18-январ, 2011

__________
1-дарахт маъносида
2- жаҳаннам

* * *

Елдай эсаётган тўрт кунлик умрим
Шам тутган қирқ кунлик азога қолди.
Югурик дунёдан ўтмаган кулгим
Гуноҳимдан ўтган жазога қолди.

Оёқлар остида қолган нораво
Ваъдаларнинг куни вафога қолди.
Овозим бўғзимда қолмади, аммо,
Ихтиёрим ўзга садога қолди.

Армон тупроғида унган хунёгар
Тонг орзуси бахтиқарога қолди.
Назарногир кўнгил жулдур дунёда
Худо назар қилган гадога қолди.

Оний умр бағрин ўртаган мангу
Омонат умидлар бақога қолди.
Одамда қолмади одамий қайғу,
Мотам умри мотамсарога қолди.

Ҳар икки дунёдан излаб қадрини,
Қақшаган юраклар арога қолди…
Бошимда чақилган данак мағзини
Аччиқ деган бошим балога қолди…

19-январ, 2011

ЖАВЗО

Ўзим билан ўзим қолганда танҳо,
Мардуд хаёл етиб келди ёнимга.
Йўлимдай чўзилиб ёр бўлди ялдо,
Қаҳратон айланди қадрдонимга…
Сенинг юрагингга йўл тополмайман,
Эски изларимни кўмиб кетди қор.
Қачон кўрганимни эслай олмайман,..
Кўзларимга иссиқ кўриндинг, баҳор.
Суғурилиб кетдинг бағримдан нохос,
Кўксимга нигоҳинг тиғдай ботганда.
Сенинг келганингни эшитдим, холос,
Кўрдим, сен қайгадир кетаётганда…
Келгин, йўлларингга тўрт бўлди кўзим,
Кўзларингда умид чўғини кўрай.
Нетай, пешонамда борини кўрдим,
Келгин, пешонамда йўғини кўрай…

19-январ, 2011

ГАНЖ

Талон-торож бўлди гўянда оҳлар,
Қолиб кетдинг тағин битта ўлимдан.
Хабар тополмайди нурсиз нигоҳлар,
Енгинг ичидаги синган қўлингдан.
Ҳақиқат совуқда тентирар юпун,
Ёлғон тортиб кетар оҳанрабодай.
Ҳаё улоқтирган чимматга бугун
Турқини яширар сурбет балолар.
Йиғилган дард кўнгил қирғоғин бузиб,
Қароғингдан тошиб кетди азоблар.
Амал гирдобига кетдилар чўкиб,
Халқ ичидан чиққан раҳнамо зотлар.
Иродамни синаб ғам заргарлари
Бир кун қадрин топар мажруҳ қалбимдан.
Ёт кўнгил ва ёвуз кўзлардан нари,
Қайғуга кўмилиб ётган ганжимсан.

19-январ, 2011

АРОСАТ

Бахт қайғуси яшар ғамхонасида,
Хом ғиштдан қурилган уйдай синчи йўқ.
Хароба кўнгилнинг вайронасида
Унинг тиними бор,
Унинг тинчи йўқ.
На йироққа кетар, на келар ёвуқ,
На иссиқ ёқар, на совуқ ёқади.
Қизиган бозордай серодам – томуғ,
Бўш жаннатни кўриб тўлар тоқати.
Олис осмон ва ер оралиғида
Тентирар муаллақ ой – олақарға.
Нигоҳи жон берган қорачиғида
Ўзидан ўзига бўлар бадарға.
Жон олиб, жон бериб, қақшаб-қақшатган
Ўт билан сув аро қолди ломакон.
Худо жой бермайди унга жаннатдан,
Жаҳаннамдан эса қувади Шайтон.

20-январ, 2011

ТЎДА

Қайгадир шаҳодат бармоғин нуқиб,
Менга йўл кўрсатар қаланг-қасанглар.
Ўзингни таништир, дейди дўқ уриб,
Ўзини ҳеч қачон танимаганлар.

Қотиб қолган ҳаром қондай қуюлиб,
Бир жойга йиғилар – аламлари кўп…
Оёқлар остида ётар уюлиб
Тарафлар, тўдалар, гуруҳлар тўп-тўп…

20-январ, 2011

ТАҲРИРИЯТ

Оғир жабр тортган жондай қилтириқ
Ўлигини зўрға судрайди номус.
Қароғини парда қоплаган силлиқ
Нигоҳлар, биайниҳ, музлаган ҳовуз.
Дўстлар сотилади арзон-гаровга,
Тошбақа чангида қолар чаёнлар.
Енгил хасдай учиб сохта мақтовга,
Терак бўйи сапчир тентак хаёллар.
Ҳар икки муслимнинг биттаси – мункир,
Рост калом ёлғондан олар аланга.
Юракдаги қаср нархи бир пулдир,
Дарбадар сичқонлар ини – минг танга.
Қўйиб юбормайди ўз ўлжасини,
Кўнгилда тўпланган ғараз, кинлари.
Кир босган кўнгиллар хасрўбасини
Атрофига йиққан палид сингари…
Бир умр қарамас олд-орқасига,
Балиқдай бошидан сасиган зотлар.
Қирчанғи хўтиклар томорқасига
Гўнг ташиб юрибди улоқчи отлар…

21-январ, 2011

БУҚАЛАМУН

Бир кун ошкор бўлиб чиқади дардинг
Ичингдан иситманг, иссиғинг билан.
Кеча ямоғингни кўз-кўз қилардинг,
Бугун мақтанасан йиртиғинг билан.
Қашшоқлик тантана қилган замонда
Сир тутдинг ёмонлик ва неклигингни.
Ўзлигин англаган дориломонда
Яширасан оддий ўзбеклигингни…
Бугун ўқ тополсанг дарҳол отардинг,
Кеча бағир очган сирдошларингни.
Кеча ўз дардингни тўкиб солардинг,
Бугун яширасан кўз ёшларингни.
Кеча чопқилардинг эчкидай шўхчан,
Бугун оғилига қамалган говсан.
Кеча эдинг сен тоғ қазиган кўҳкан,
Кеча гўр эмасдинг…
Бугун гўрковсан…

19-январ, 2011

БОЛАЛИК ЎЙИНЛАРИ

Неварам САЙИДИЛҲОМХОНга

1.НИШОН

Сал шўх эдим, сал ювош эдим,
Оилада – тўртинчи фарзанд.
Ялангоёқ, тақирбош эдим,
«Отди-отди» ўйнардик баъзан.
Ўлдирмасдик ҳуда-беҳуда,
Бегуноҳ қон тўкмасдик, аммо,
Фақат, алам қиларди жуда,
Ўқларимиз кетганда хато.
Отганлар ҳам, отилганлар ҳам
Бир-биридан кетмасди ранжиб.
Бизлар дайдиб кезардик беғам,
Ўқларимиз юрмасди дайдиб.
Йиқилганга қилардик шафқат,
Хўрламасдик қўлга тушганни.
Энг муҳими, бизлар ўша пайт
Ажратардик дўстдан душманни.
Кўнглимиз тўқ эди, йўқ эди
Ҳеч кимсанинг ҳеч кимда қасди.
Ўқларимиз сохта ўқ эди,
Дўстларимиз сохта эмасди…
Букун санқир ҳар бир қадамда,
Қутурган хавф-хатар итлари.
Бўшамайди юрак аламдан,
Бўшамаган садоқ сингари.
Жуда кўпдир кўнгил сирини
Этак билан ёполмаганлар.
Отай деса бири-бирини
Отгани ўқ тополмаганлар.
Бош кўтарар душман инидан,
Дўстлар эса кетар сотилиб.
Хатар келса, юрак қинидан,
Худди, ўқдай чиқар отилиб.
Тўрт томонга боқиб жонсарак,
Тошга тўлди қўйинларимиз.
Кетиб қолди биздан бедарак
Ўша содда ўйинларимиз…
Юрагимга отилмоқда ўқ
Десам, балки, ҳеч ким ишонмас.
Ўйинлардан ному нишон йўқ…
Аммо, ҳануз номсиз нишонман.

2.ЧИЛЛАК ЎЙИНИ

Бир жуфт таёқ йўниб терак шохидан,
Чиллак ўйнар эдик, деярли, ҳар кун.
Соат милларининг орқа-олдидай,
Бири калта эди, биттаси узун.
Қаттиқ ишонардик калтак кучига,
Қулоққа на ўгит, на гап кирарди.
Таёқчани илиб таёқ учига,
Узоқ-узоқларга улоқтирардик.
Зарбимиз кўзланган маррага етса,
Fолиблик, мағлублик бўларди тайин.
Таёқча қанчалар узоққа кетса,
Fалаба шунчалик келарди яқин.
Ютганга боқардик зўр ҳавас билан,
Ҳатто, ютқазганлар одил, мард эди.
Таёқчани тишлаб, бир нафас билан
«Зув»иллаб югуриш унга шарт эди.
Масофа далилдир ғалаба учун,
Руҳ тетик, қўлимиз бироз толарди.
Муддат қисқа эди, масофа – узун,
Баъзан, нафасимиз етмай қоларди.
Бошга нима тушса кўниб, чидардик,
Тўқимасдик ёлғон баҳоналарни.
Эринмай, қадамлаб ўлчаб чиқардик,
Таёқ етиб борган масофаларни.
Ҳар ким бажарарди ўз юмушини,
Ютқазган «зув» ичар эди бетаъма.
Таъбир жоиз бўлса, ўз қилмишини,
Ўз қадами билан ўлчарди ҳамма…

Баъзан, мағлубият насиб этарди,
«Зув» ичиб, тан берар эдим зўрларга.
Ўшанда, ўзимга раҳмим келарди,
Бугун раҳмим келар қасамхўрларга…
Чиллак таёғидай кетдим улоқиб,
Аралашиб кетди яқин-йироқлар.
Кетди юрагимга ғамгин ўт ёқиб,
Болалик уйида ўчган чироқлар…
Чиллак ўйин давом этмоқда, гўё,
Ақл ғов бўлгандек юрак йўлига.
Зарбдан гангиб, қараб қолгандек дунё,
Ақли калталарнинг узун қўлига.

Букун одат бўлди хирсона хизмат,
Зўравонлик кирди урфу удумга.
Пистирмада пойлаб турган шум қисмат
Таёқ ушлаб, тайёр тургай ҳужумга.
Бир зарбдан ҳаромга айланар ҳалол,
Бир зумда базмга айланар мотам.
Балки, бу афсунлар қолдирарди лол,
Мўъжизакор Мусо пайғамбарни ҳам.
Букун мағлублар «зув» ичмас ҳеч қачон,
Замон ғирромларнинг олар ёнини.
Қон ичиб тўймаган ҳали бу замон,
Ўз қонига ташна одам қонини…
Мардларнинг бошига ғавғо солибсан,
Номард қўлига чўп тутқазган, Дунё!
Чиллак ўйинида букун ғолибсан,
Болаликда менга ютқазган, Дунё!..

3.ОШИҚ ЎЙИН

Ҳар тугул, омад бор эди ўртада,
Қадамлаб ўлчардик бахтнинг бўйини.
Қор ёққан, сирпанчиқ, совуқ кўчада
Қизиб кетар эди ошиқ ўйини.
Дунёда диёнат бор деган бир ҳис
Сингиб кетган эди сўнгагимизга.
Шақилдоқдай, ютган ошиқларимиз
Садо берар эди чўнтагимизда.
Эсимдан чиқмайди ошиқ йиққаним,
Шошиб отилардим омад бағрига.
«Пукка» турган ошиқ уриб «чиккани»,
«Товва» дуч келарди «олчи» зарбига.
Олам – ошиқнинг тўрт томони эди,
Бор эди икки ён, орқаси, олди.
«Чикка» тургани – энг ёмони эди,
Бахт ёр эди – ошиқ турганда «олчи».

Омаднинг паст-баланд гўшаларида,
Баъзан, қувнаб, баъзан, кўзим ёшланди.
Кўнгилнинг сирпанчиқ кўчаларида,
Энг катта ўйинлар кейин бошланди.
Бир қошиқ қон билан тўлди тоқатим,
Бир оғиз сўз билан кўнгил ғашланди.
Ошиқ ташлаганда кетган омадим,
Ошиқ юрагимга итдай ташланди…
Бу ўйиндан чиқиб кетгандай олам,
Паришон боқади бир четда якка.
Бир-бирига суяк ташлайди одам…
Суякхўрлик сингиб кетди суякка.
Fирромлар ошиғи «олчи»дир букун,
Ошиғи «олчи»дир олчоқларнинг ҳам.
Бир юзли, бир сўзли инсонлар учун
Дунёнинг бир ёни, бир томони – кам…
Букун дунё билан орамиз очиқ,
Кеча бирга ўйнаб юргандик гўё…
Дунё – ушбу кун мен ташлаган ошиқ…
Чап томони билан тургандек гўё…

4.ТЎП ЎЙИН

Дарвозабон эдим тўп ўйинида,
Тўп тўрга тушганда ғамга ботардим.
Fалаба уммони, завқ тўлқинида,
Ўзимни аямай тўпга отардим.
Соғ жой қолмас эди озғин танамда,
Мен бот-бот ҳайратга солардим кўпни.
Жуда кўп тўсардим, ўн бир қадамдан,
Зарб билан тепилган жарима тўпни.
(Танбеҳ эшитардим отамдан ҳар дам,
Агар чиқсам чизган чизиқларидан.
Ўшанда, футболни суймаган отам,
Кулиб қўйгандилар мийиқларида).
Кўчамиз майдондай кетарди тўлиб,
Маҳалламиз эди қишлоқнинг чети.
Fалаба қуёши боққанда кулиб,
Ёришиб кетарди мухлислар бети.
Тўплар таранг эди, ерлар мулойим,
Оёқларда – қўнжи қайрилган этик…
«Хушкак» маҳаллани ютардик доим,
Баъзан, «қалача»га ютқазар эдик.
Тўпга талашардик…
Обрў талашган
Тўдага ўшанда йўлиқмаганман.
Эҳтимол, ўткинчи ҳою ҳавасдан
Қалбим дарвозасин қўриқлаганман…

Букун ҳужумчилар – ҳужумга тайёр,
Бўш юракни ким ҳам ҳимоя қилар?..
Юмшоқ супургидай турибди қатор,
Ярим одам, ярим ҳимоячилар.
Букун қаттол қисмат кўрсатар ўйин,
У кун дўст биларди, букун душманман.
У кун қўриқлардим дарвоза тўрин,
Букун ўзим ўша тўрга тушганман…
Тонгдан умид узган узун тунларнинг
Чилбир кокиллари букун – чамбарак.
Майдонда тўп тепиб юрган кунларнинг
Қўйнидаги тўплар букун – замбарак.
Баъзида, тан олиб, баъзан, чанг солиб,
Тўрдан чиқолмадим ақлим борида.
Тўп-тўп тўдаларнинг ичида қолиб,
Тош тепиб юрибман кўп қаторида.
Юрак майдонида ўйин чўзилди,
Умиди хомталош бўлган майдонман.
Букун дарвозасиз, бўм-бўш кўнгилни
Қўриқлаб ўтирган дарвозабонман…

5.ЯШИНТОПАЛОҚ

Қишлоқ узра карнай янграгани чоғ,
Тўйга югурардик биз ёппасига.
Суйган ўйинимиз – яшинтопалоқ,
«Қувди-қувди» эди қишлоқчасига.
Тўйларда саҳнага чиқмасдик, қақшаб,
Рақс ижро этмасдик биз аллақандай.
Жилпангламас эдик эчкидай сакраб,
Чинқирмасдик, худди, чаён чаққандай.
Каппа аталарди, қочганлар учун,
Бирор дарахт ёхуд деворнинг бети.
Рақиблар қўлига тушмасдан бурун,
Каппага тупурсак… Ютуқ шу эди…
Бўлинардик икки гуруҳга доим,
Бир гуруҳ тўрт ёнга қараб чопарди.
Тун бағрига кириб бўлардик ғойиб,
Кимдир яшириниб, кимдир топарди.
Ўйин қизигандан кетарди қизиб,
Гоҳ беркиниб, гоҳо қидирганман жим.
Ўшанда ўзимдан ўзим беркиниб,
Излаб, ахтармасдим ўзимни ўзим.
Қачондир, дардига ахтариб даво
Топа олган ўша замон ўзгарган.
Излардик одамлар кўзидан маъно,
Букун беркинамиз ёвуз кўзлардан…

Ўлмаган жонимга ахтариб бир ном,
Бекорга сазойи қилдим танимни.
Ҳеч ким мендан излаб топмади ором,
Мен ҳам тополмадим излаганимни.
Тупурдим, болалик каппасигамас,
Тунларда йўқолиб кетган тинчимга.
На дунё ишқига қилолдим ҳавас,
На дунё мос келди менинг исмимга.
Меҳрнинг юзига қўнганда қиров,
Муҳаббат ўзини олди панага.
Кўнгилнинг қўлидан кетганда жилов,
Бегуноҳ кулфатлар қолди таънага.
Fараз қиличидан қон томди бевақт,
Ҳавас киндигидан дилга томди қон.
У кун яширинган эди мендан бахт,
Букун мени излаб топмоқда армон…
Букун, ёлғиз ташлаб кетганим учун,
Гўдак хаёлимдан сўрайман узр.
Мен ажал қўлига тушмасдан бурун,
Дунёга тупурсам… Ютуғим шудир!..

6.ТУХУМ УРИШТИРИШ

Қиш чоғи катакка кириб кетарди,
Қор ёғиб, тушганда қаттиқ совуқлар.
Тағин катагидан чиқиб келарди,
Баҳорда тухумга кирган товуқлар…
Бизга ёзу қишнинг йўқ эди фарқи,
Қўрқардик на иссиқ, на совуқлардан.
Танчага тиқилиб ётмасдик ҳаргиз,
Тухум босиб ётган курк товуқлардай.
Тухум қайнатардик ҳайит кунлари,
Тут пўкагин қўшиб, қизартирардик.
Ўчмасди умиднинг чўғ, учқунлари
Ҳатто, чиққан жондан умид қилардик.
Товуғи зўр тухум туққан кишини
Билардик, билмасак суриштирардик.
Тишга уриб кўриб «пойнак», «ниш»ини,
Ҳайитларда тухум уриштирардик.
Сартарошхона ва бекат бор эди,
Ҳозирги мағоза ёнида бир пайт.
Ўша майдончада бизга ёр эди,
Гоҳ бус-бутун омад, гоҳо синиқ дард…

Букун ўзгачадир дунё ишлари,
Пачақланиб кетди байрамлари ҳам,
Урушқоқ хўрознинг тожи сингари
Кўзи қон талашиб кетганда олам.
Таҳорати синган кунлар қоронғу
Йўлларда йўқотди ўнгу терсини.
Қўлдан тушиб кетган тухумдай орзу
Оёқлар остида кетди эзилиб.
Вужуд билан юрак кетди тўқнашиб,
Ўртада хор бўлди руҳлар жилоси.
Тонг манглайи узра турар ўқрайиб,
Қон билан битилган қисмат имлоси.
Ҳайитлик олмаган боладай армон
Безиб кетди кўнгил байрамларидан.
Бир шоир айтгандай, бўлди пушаймон,
Маймунлар одамга айланганидан.
Нафс хизматин адо айлаган малай
Айрилгандир учи, пойнагидан ҳам.
Ҳар лаҳза бир-бирин ўлдирмоққа шай,
Икки дунё каби одам ва одам.
Эй, юрак, орзулар кўмилган мозор,
Бунча суйдинг ўша оҳни, озорни?!
Тўрт томонинг – кўча…
Тўрт томон – бозор…
Тўрт кунлик дунёда ҳайитинг борми?!..

ЖАЛОЛИДДИН РУМИЙ

«МАЪНАВИЙ МАСНАВИЙ»ДАН ҲИКОЯТЛАР

БАҚҚОЛ, УНИНГ ТЎТИСИ ВА ТЎТИНИНГ ДЎКОНГА МОЙ ТЎКИБ
ҚЎЙИШИ ҲАҚИДА ҲИКОЯТ

Бор эди баққолу тилдон тўтиси,
Хушнаво, зангори, бийрон тўтиси.

Эрди ул ҳам кўз-қулоқ дўкон аро,
Барча савдогарга айлаб хуш наво.

Одамий лафз, нутқи ҳам буткул равон,
Тўтилардек куйламиш ул хушзабон.

Ўтди бир кун ул томон, бул ёнга тез,
Тўкди гулмой челагин туртиб шу кез.

Хожа қайтгач ўз уйидан хожадек
Сўнгра дўкон ичра турмиш лаҳза тек.

Кўрди: Дўкон – жиққа ёғ, ул бир маҳал,
Урди сўнг зарб бирла, бўлмиш тўти кал.

Қолди тилдан неча кун ул тўти жим,
Ўртаниб оҳ урди баққол бетиним.

«Ҳай, дариғ, тўсмиш қуёшим ул булут!»
Деб шу он юлмиш соқол, ўртаб вужуд:

«Кошки, қўл синсайди ул бир лаҳза, оҳ,
Хушзабоним боши кал бўлгунча то».

Кошки, қуш тил, сўзга кирса деб нуқул
Ҳадя бермиш учраган дарвишга ул.

Ўтди уч кун, ҳамда уч тун, кўнгли хит
Қолди дўкон ичра баққол ноумид.

Кошки, сўз айтсайди деб қуш, ҳар сафар
Кўрсатар кўп ҳайротомуз нарсалар.

Ўтди бир дарвиш ялангбош бир маҳал,
Боши тос янглиғ яланг, туксиз ва кал.

Тилга кирмиш улни қуш кўрган ҳамон,
Сўнгра ул дарвишга дер: «ҳей, сен, фалон!

Не учун, калсан, аё, кал, ҳойнаҳой,
Ёки сен ҳам шишадан тўкдингми мой?»

Тўти ўхшар дерди дарвиш ўзига,
Кулди ногоҳ барча қушнинг сўзига.

Қилмагин ҳеч ўзни поклардек қиёс,
Гарчи, ёзилганда «Шер», «шир»(1) шакли мос.

Жумла олам шул сабаб – гумроҳмижоз,
Чунки, ҳақ абдолидан билгувчи оз.

Ўзларин гоҳ анбиёдек билдилар,
Ўзни, ориф, авлиёдек билдилар.

Дердилар: «Биз ҳам улардек бир одам,
Ейди не, бўлгай раво бизларга ҳам».

Билмагай, лек, кўзи кўр ул бандалар,
Бул аро бордир тафовут қанчалар.

Бир чамандан ейди бир жуфт ори гар,
Қолдирар ул болу бул заққум заҳар.

Ейди бир хил майса, бир хил ичкилик,
Бир кийик гўнг қолдирар, мушк бир кийик.

Жуфт қамиш бир хил ичиб, озиқланар,
Бир қамиш бўм-бўш, бирин дейсан шакар.

Бундайин юз минг қиёслар бор қатор,
Лек, арода неча йиллар фарқи бор.

Ейди ул, ундан палидлик тарқалар,
Ейди бул, ҳақ ёғдусин нурдек тарар.

Ейди ул, туққай ҳасад, кин доимо,
Ейди бул, ҳақ ишқидан бўлгай бино.

Ул замин пок, бул замин шўр, бағри туз,
Ул малакдир, бул лаин шайтон ҳануз.

Ўхшагай ул икки суврат шакли ҳам,
Икки хил, лек, шўр-шириндир унда таъм.

Бил, фақат, завқ аҳли, гар кўргач татиб,
Бергай ул сув тотли, шўрин ажратиб.

Жоду ҳам тилсимни айлаб кўп қиёс,
Дейдилар, ҳар иккиси-чун ҳийла хос.

Жодугарлар ҳам билиб илмин расо,
қўлга олмишлар Мусо янглиғ асо.(2)

Бул асодан ул асо фарқлик, бироқ,
Бу амалдан ул амал-чун йўл йироқ.

Бул амал олгай Худонинг лаънатин,
Ул амал олгай Худонинг раҳматин.

Эрди бир маймунмижоз кофир қавм,
қалбга ёғгай таъбидан офат азим.

Неки одам қилса, маймун ҳам қилар,
Кўрса не Одамда, ул ҳар дам қилар.

Ул гумон айлайди: Одамдек қилар,
Фарқни, лек, маймунсифат қайдан билар?

Ул амрдан, бул хусуматдан қилар,
Айла даф, ким ул ғараздан қилса гар.

Ул мувофиқ ҳам мунофиқ – ҳамнамоз,
Ул, фақат, тақлид қилар, қилмас ниёз.

Ҳам намоз, ҳам рўза ҳам ҳажлар, закот
Бирла ул мўъмин, мунофиқ айри, ёт.

Оқибат, мўъминда қўл келгай баланд,
Охират дам ул мунофиқ ҳоли танг.

Ҳар иков бир хил амал қилгай, бироқ,
Бир-бировдан Марву Рай янглиғ йироқ.

Ҳар иков боргай мақомин ахтариб,
Ҳар иков боргувчи, номин ахтариб.

Улни ким мўъмин деса, яйрайди ул,
Гар мунофиқ деса ким, қақшайди ул.

Улда ном маҳбубдир ул ҳақ зотидан,
Булда ном манфурдир ул офотидан.

Гарчи, ул «мим», «вов»у, «мим», «нун» – жўн садо,(3)
Бебаҳодир, бўлса гар «мўъмин»га жо.

Гар мунофиқ деса ким пасткаш кишин,
Ул чаёндай жонга санчар ўз нишин.

Гар қилар бўлса бу ном дўзахдан ор,
Унда не боис жаҳаннам таъми бор?

Ном ямондир гар, сабаб ул сўздамас,
Сув агар шўр бўлса, айбдор кўзамас.

Кўза – сўз, ул маъни сувдир беҳисоб,
Маънидир ул «индаҳу Уммул Китоб».(4)

Шўр, ширин уммони бордир бул жаҳон,
Ул ародир «Барзахун ла яғбиён». (5)

Бил, улар ҳар иккисин ўз асли – чин,
Англа аслин, сен синаб ҳар иккисин.

ўлчасанг соф, сохта зар вазнин мудом,
Бил, маҳактош ажратар қадрин мудом.

Ҳар тирик жонларга ҳақ бергай маҳак,
Ажралар не унда ҳақ, не шубҳа-шак.

Тушса қай бўғз ичра гар бир хору хас,
Токи, олинмайди хас, ул тинчимас.

Неча минглаб луқмалардан, унга ёт
Хасни ҳис айлар тирик жон шул заҳот.

Олам англаш бул жаҳон норвонидир,
Динни англаш осмон норвонидир.

Бул шифосин сиз табибдан ахтаринг,
Ул шифосин сиз ҳабибдан ахтаринг.

Бўлса соғ бул ҳис, фаровондир бадан,
Бўлса соғ ул туйғу, вайрондир бадан.

Гар танин жон йўли барбод айлагай,
қайтадан вайронни обод айлагай.

Ганжу зар деб хонасин барбод қилар,
Ганж-ла ундан кўркли ҳам обод қилар.

Сув йўлин тўсгач, ариқлар қазди ул,
Сўнгра пок сувдан ариқ тўлғазди ул.

Олди тортиб ўқни, эт бўлгач майиб,
Янги эт битмиш, жароҳат тарқалиб.

Қалъалар бузгай, улар ёвдан йироқ,
Қайтадан қургай уни бошдан-аёқ.

Ҳақ ишин, ҳақ ҳолатин англайди ким?
Бул зарурдир, ушбу дам айтганларим.

Фарқ қилар гоҳ улу, гоҳ булдин иши,
Бил, фақат, ҳайратга солмоқ – дин иши.

Кимки ҳайрондир – нигорон талъати,
Fарқу маст айлар уни Дўст ҳайрати.

Дўстининг дийдорига тўймайди ул,
Ўзни кўргай, ўзгасин кўрмайди ул.

Ташлагин ҳар юзга сен бир-бир назар,
Юз таниш-чун бул юмуш бергай самар.

Одамий сувратда Иблис бунда мўл,
Чўзмагил бекор улар томонга қўл.

Чунки, сайёд ҳуштагин ногоҳ чалар,
Барча қушлар ул садодан алданар.

Тинглагач ҳамжинси овозин улар,
Пастланиб, ул дам тузоқ, тўрга тушар.

Ул тубан дарвиш сўзин ғорат қилар,
Сеҳридан сўнг алданар ул соддалар.

Мард одам бўлгай мудом равшанназар,
Ким тубан, қилгай макр, қилмай ҳазар.

Кийса шер юнгин гадоликдан агар,
Бул Мусайлам(6) номин ул Аҳмад атар.

Бул Мусайлам-чун лақаб «каззоб»дир,
Ул Муҳаммад, бил, «улул албоб»дир.(7)

Ҳақ шаробин сўнги бўлгай хуш атр,
Боданинг ости азоб, кир, қуйқадир.

(Биринчи китоб, 248 – 324 байтлар)

______________________
1 – Араб имлосида бу икки сўз, яъни, «шер» ва «шир» бир хил шаклда ёзилади.
2 – Исломгача Миср шоҳларидан бири бўлмиш Фиръавн ўз вазири қутқусига учиб, Мусонинг пайғамбарлигини тан олмаслик учун тўрт минг сеҳргарни йиғиб, Мусони йўқ қилишни буюрган. Сеҳргарлар ип, арқонларини Мусонинг олдига ташлаб, илонга айлантирганлар. Мусо эса ҳассасини ташлаган ва ассо аждарҳога айланиб, илонларни ютган. қўрққан сеҳргарлар Мусога имон келтирганлар.
3 – «Мўмин» сўзи «мим», «вов», «мим», «нун» ҳарфларидан иборат. «Мўмин» сўзига айланмагунча, ҳарфларнинг ўзи алоҳида ҳолда шарифликни англатмайди.
4 – «Фотиҳа» сураси қуръони каримнинг мазмунини ўзида мухтасар ифода этгани учун «Уммул китоб» («Китобнинг онаси») деб ҳам номланган. («қуръони карим» оятлари маъноларининг изоҳли таржимаси. Таржимон: Шайх Муҳаммаджон мулло Рустам ўғли (Мавлавий ҳожи ҳиндистоний), Тошкент, «Мовароуннаҳр» – 2006 йил).
5 – «Парвардигорнинг қудратларидан бири шуки, бири шўр ва бири ширин бўлган икки дарё (денгиз) сувини бир-бирига аралаштирди (жорий қилиб қўйди): Икковининг ўртасида бир-бирига қўшилмайдиган парда (тўсиқ) яратди. Ва бир-бирига (тўсиқдан ошиб ўтиб) ғалаба қилмайдилар. Яна иккови бир-биридан жудо бўлади. Ширин сув шўр сувдан ажралади». қуръони карим, «Ар-раҳмон» сураси, 19-20 оятлар. Шайх Муҳаммаджон мулло Рустам ўғли (Мавлавий ҳожи ҳиндистоний) таржимаси.
6 – Сохта пайғамбар. Пайғамбаримиз (с.а.в) номларига пайғамбарлик даъвоси билан мактуб йўллаб, «каззоб» лақабини олган.
7 – Олий, юксак ақл соҳиби.

ХАЛИФАНИНГ ЛАЙЛИНИ КЎРИБ ҚОЛГАНИ ҲАҚИДА ҲИКОЯТ

Лайлига дер ул Халифа: «Сенмисан,
Қайсни мафтун ҳамда мажнун айлаган?

Ул чиройинг ўзгадан афзун эмас!»
Лайли дер: «Жим бўл, ки сен Мажнун эмас!»

Кимки уйғоқдир, асил уйғоқми ул?
Уйқудан баттар бу уйғоқлик нуқул..

Ҳақ-ла гар уйғонмагай жон ҳар нафас,
Ушбу бедорлик мудом зиндон, қафас.

Жонни ҳар кун ўй-хаёл тиғлаб кетар,
Наф-зиёнлар, гоҳ завол қийнаб кетар.

Қолмагай софлик, латофат ҳамда нур,
Беркилар бормоққа йўл осмон довур.

Fофил ул, ҳар ўй-хаёл кайфин суриб,
Қилса суҳбатлар, умид узмай туриб.

Тушда унга дев кўрингай ҳур бўлиб,
Унга тўккай шаҳватин, оч нафс қўзиб.

Наслининг тухмин у шўр ерга сочар,
Ўзга келгач, бор хаёл ундан қочар.

Боши оғриб, булғанар тан наҳсидан,
Дод ўшал пинҳону ошкор дастидан.

Кўкда сайр айлаб чунон бир қуш учар,
Қуш учар, қуш сояси ерга тушар.

Битта ғўр, қуш соясин овлаш учун,
Ортидан чопди, йиғиб ул бор кучин.

Билмагай ул, соя қушнинг аксидир,
Соя аслин билмагай ул қайсидир.

Сояга ул узди ўқлар дамба-дам,
Қолмади ўқдонда ўқлар битта ҳам.

Умрининг ўқдони бўш, ўқлар узиб,
Умри ҳам ўтмиш унинг, соя қувиб.

Дояси ҳақ соясидан бўлса хос,
Ул хаёл ҳам соядан айлар халос.

Банда ҳақнинг сояси, бул бандалик,
Мурдадир оламда ул, ҳақдан тирик.

Ушлагин тезроқ у зотнинг этагин,
Ул – нажот, охирзамон келгач яқин.

«Кайфа маддаззилла»(1) дир ҳар он – валий,
Ҳақ қуёшин нуридан бурҳон – валий.

Бул далилсиз босма ул водий йўлин,
Айт, Халилдек «Ло уҳиббу-л-офилин».(2)

Бор, қуёш топ, ахтариб ул соядин,
Шамси Табриз(3) этагин қўйвормагин.

Топмасанг йўл сен гар ул айём қадар,
Сўр, Зиёулҳақ ҳусомиддин(4) билар.

Йўлда гар бўғзингдан олса ул ҳасад,
Саркаш ул Иблисга хос бул шайтанат.

Қилди Одамга ҳасад, ул ор қилиб,
Ул ҳасад қилганди, ўзин хор билиб.

Йўлда бул довон хатарлик, хавфлидир,
Кимга ҳамроҳмас ҳасад, ул бахтлидир.

Бу жасад – бир уй, ҳасад киргач шу он,
Булғаниб кетгай ҳасаддан хонадон.

Гар жасад бўлса ҳасад-чун уй, жасад
Покланар, гар берса ул Аллоҳ мадад.

«Таҳҳиро байтий» (5) бу – покликдан баён,
Гарчи, хок тилсими, нур ганждай ниҳон.

Беҳасадга сен ҳасад қилган заҳот,
Дилни қоплар ул ҳасадлардан фасод.

Хокипо бўл, ҳаққа гар кимдир яқин,
Ўт ҳасаднинг баҳридан бизлардайин.

(Биринчи китоб, 410 – 439 байтлар)

___________________
1 – «Эй, Муҳаммад (алайҳиссалом), Парвардигорнинг қудратига боқмайсанми? Ер юзида сояни қандай пайдо қилиб, ҳаракатга солди. Агар Парвардигор хоҳласайди, уни бир ерда тўхтатиб қўйган бўлар эди. Сўнгра Биз офтобни соянинг мавжудлигига далил қилдик, сўнгра қуёшнинг ҳаракати билан сояни кам-кам (ўзимизга тортиб) йўқ қиламиз. Яъни, соянинг ўрнини қуёшнинг нури (эгаллаб) олади». қуръони карим, «Фурқон» сураси, 45-оят. Шайх Муҳаммаджон мулло Рустам ўғли (Мавлавий ҳожи ҳиндистоний) таржимаси.
2 – «Вақтики қоронғу бўлди, (ҳазрати) Иброҳим юлдузларни кўриб айтди: «Шу Парвардигорим эмасмикан?» Вақтики юлдуз ботиб ғойиб бўлгач, (ҳазрати) Иброҳим айтдики: «Мен йўқ бўлиб кетгувчиларни дўст тутмайман ва уларга эътиқод ҳам қилмайман». қуръони карим, «Анъом» сураси, 75-оят. Шайх Муҳаммаджон мулло Рустам ўғли (Мавлавий ҳожи ҳиндистоний) таржимаси.
3 – Муҳаммад ибн Алий (Шамс Табризий), Мавлононинг дўсти. 1247 йилда Мавлононинг душманлари томонидан ўлдирилган.
4 – Ҳусомиддин Чалабий. Мавлононинг котиби, садоқатли муридларидан бири.
5 – «Вақтики Биз Хонаи Каъбани инсонлар учун жам бўладиган ва омон топадиган жой қилиб бердик. Ва (буюрдики), Иброҳим (алайҳиссалом)нинг турган мақомини намозгоҳ қилиб олинглар. Иброҳим ва Исмоил (алайҳиссаломлар)дан Менинг Хонаи Каъбамни тавоф қилгувчилар учун пок тутинглар, деб ваъда олдик». қуръони карим, «Бақара» сураси, 125-оят. Шайх Муҳаммаджон мулло Рустам ўғли (Мавлавий ҳожи Хиндистоний) таржимаси.

АЗРОЙИЛНИНГ БИР КИМСАГА НАЗАР СОЛГАНИ, УЛ КИМСАНИНГ
СУЛАЙМОН АЛАЙҲИССАЛОМ ҲУЗУРИГА ҚОЧИБ БОРГАНИ ВА ЖАҲД(1)ДАН ТАВАККУЛ(2)НИНГ УСТУНЛИГИ ТАСДИFИ, ЖАҲДДАН ФОЙДА ЙўҚЛИГИ БАЁНИ

Айни чоштгоҳ чоғида бир содда зот,
Ул Сулаймон(3)дан шу дам сўрмиш нажот.

Сарғайиб ғамдан юзи, кўк – икки лаб,
Сўрди сўнг ундан Сулаймон: «Айт, на гап?»

Деди: «Азройил тикиб ногоҳ назар,
Ўйладим, етмиш бу жонимга хатар».

Деди: «Хўш, айт истагинг? қилгин зуҳур»,
Деди: «Эй, сен, жонпаноҳ, елга буюр,

Токи элтсин мени ҳиндистонга ул,
Шунда мен жон сақлаюрман ҳар тугул».

Нотавонликдан қочиб, ўлгай бу халқ,
Орзу, ҳирснинг луқмаси бўлгай бу халқ.

Бил, фақирлик ваҳмидир марг ваҳми ҳам,
Унга ҳирсу ғайрат ул ҳинд шаҳри ҳам.

Елга амр этгач Сулаймон ушбу кез,
Элтди сўнг ул зотни ҳиндистонга тез.

Эрта кун келганда ногоҳ юзма-юз,
Сўнг Сулаймон Азройилга қотди сўз:

«Бир мусулмон кимсага ташлаб назар,
Нега ул шўрликни этдинг дарбадар?»

Деди: «Мен ул зотга ҳеч чақчаймадим,
Учратиб йўл узра, ошди ҳайратим.

Чунки, ҳақ айтганди, огоҳ бўл бутун,
Ол, унинг ҳинд шаҳрида жонин бугун.

Лол эдим, гар бўлса ҳам юзлаб қанот,
Етмас ул ҳинд юртига зинҳор бу зот».

Қайси иш гар бул жаҳонга бўлса хос,
Кўзни оч, сен шундайин қилгин қиёс:

Қочдик ул кимдан? Наҳот, ўздан? Маҳол!
Кетдик ул кимдан? Наҳот, ҳақдан? Увол!

(Биринчи китоб, 960-974 байтлар)

_______________
1 – Рад, инкор қилиш, чираниш.
2 – Худодан умид қилиш.
3- Сулаймон алайҳиссалом

ҚАЗО ЕТГАНДА ЧАҚНОҚ КЎЗЛАРНИНГ ЮМИЛИШИ ХУСУСИДА ҲУДҲУД ВА СУЛАЙМОН АЛАЙҲИССАЛОМ ҚИССАСИ

Тикдилар чодир Сулаймонга шу дам,
Барча қушлар хизмати-чун бўлди жам.

Дўсту тилдош ўзлари-чун топдилар,
Сўнгра шоҳ олдига бир-бир чопдилар.

Барча қушлар сўз демай, саф тортди тик,
Бўлди Сулаймонга «афсаҳ мин ахик».(1)

Кўнгли бирлар боғланар, тил бўлса бир
Ўзга дил бир дилга бўлгандек асир.

Англагай ҳинд турку турк ҳинду тилин,
Англамас, лек, икки турк гоҳ бир-бирин.

Шул сабаб, кўнгил тили дил нақшидир,
Яхшидир тилдан кўра дил бўлса бир.

Ҳужжату нутқу имодан ўзга, то
Неча юз минг таржимон бор қалб аро.

Барча қушлар ҳар бири асрор-сирин,
Санъатин, илмин, амалдан бор-будин,

Айламиш бир-бир Сулаймонга аён,
Қилди ўз мадҳию ўз васфин баён.

Қилди арз ўз кибримас, ўз ҳолидан,
Токи, жой олмоқ учун саф олдидан.

Хожасин суйгай юракдан қул агар,
Санъатин бир қисмин ул қул кўрсатар.

Кимки гар қилгай харидоридин ор,
Кўрсатар ул ўзни кар, шол, бемадор.

Келди сўнг ҳудҳудга сўз сўйлашга гал,
Бор ҳунар, ўйин аён этмиш жадал.

Деди: «Шоҳ, менда ҳунар бор, майдароқ,
Ози соз, қилдим гапим ҳам калтароқ».

Деди: «Айт, недир у сен айтган ҳунар?»
Деди: «Боқсам теппадан пастга агар,

Теппадан боқсам заминга ногаҳон,
Сувни ер қаъринда мен кўргум аён.

қайгача, қай рангда ул, қанча чуқур?
Тошми ё тупроқдан ул бўлгай зуҳур?

Эй, Сулаймон, лашкаринг олганда дам,
Эслагин йўл-чўлда мен огоҳни ҳам».

Ул Сулаймон деди: «Эй, сен, хайрихоҳ,
Қақраган саҳро биёбон ичра гоҳ,

Сув қидир, очгил бутун лашкарга йўл,
То сафар чоғинда дўст мешкоби бўл».

ҲУДҲУД ДАЪВОСИГА ЗОFНИНГ ТАЪНАСИ

Булни зоғ тинглаб ҳасаддан тортди оҳ,
Деди Сулаймонга: «Бул сўйлар хато!

ўзни мақтаб, лоф уриб, хом сўйламоқ,
Яхшимас шоҳнинг ҳузуринда, бироқ.

Не учун тийракнигоҳ бўлсанг мудом,
Кўрмадинг бир парча тупроқ ичра дом?

Не учун қолдинг унинг доминда сен?
Не учун тутқунсан ул коминда сен?»

Шоҳ Сулаймон деди: «Айт, ҳудҳуд, ахир,
Илк қадаҳ остинда бул қуйқа надир?

Маст-аласт бўлдингми ё айрон ичиб?
Лоф урарсан не учун ёлғон бичиб?»

ЗОF ТАЪНАСИГА ҲУДҲУД ЖАВОБИ

Деди: «Шоҳ, мен бир гадодирман юпун,
Тинглама душманни, ҳақ ҳаққи, букун.

Иддаойим бўлса бекор ушбу кез,
Бошни тикдим, майли, бул бўйнимни кес.

Зоғ қазо ҳукмини рад айлар бу дам,
Асли – кофир, ақли ғиж-ғиж бўлса ҳам.

Сенга «кофир»дан кифоя бўлса «коф»,
Нафсу шаҳватларни қилма эътироф.

Менга осмондан аёндир ҳар бало,
Ёпмагай ақлим нигоҳин то қазо.

Хору бекордир билим, келгач қазо,
Ой тутилгай, ҳам қуёш бўлгай қаро.

Ул қазодан бенасибмас бул абад,
Бил қазодан, ким қазосин этса рад».

(Биринчи китоб, 1210-1242 байтлар)

______________
1- «Сўзга чечан ва дўст»

БОFБОННИНГ СЎФИЙ,(1) ФАҚИҲ(2) ВА АЛАВИЙ(3)НИ БИР-БИРИДАН АЖРАТГАНИ

Кўрди боғбон боғ қараб юрганда то,
Ўғридай уч эр юрарди боғ аро.

Битта сўфий, бир шариф ҳам бир фақиҳ,
Эрди бебош, ҳар бирин хулқи қабиҳ.

Деди: «Юз ҳужжат, далилим бўлса ҳам,
Лек, жамоат кучлидир – бўлганда жам.

Келмагайман бас, улар – кўп, бир талай,
Аввало, мен бир-биридан ажратай.

Ҳар бирин мен ҳар тарафга тарқатиб,
Сўнгра соқолин юлай, зор қақшатиб».

Йўлламиш сўфийни алдаб, бир бутун
Сафни бузмоқ, тумтароқ этмоқ учун.

Деди ул сўфийга: «Бор ҳовли тамон,
Бир гилам келтир, бу дўстлар-чун шу он».

Кетди сўфий. қилди икки дўстга панд:
«Сен фақиҳсан, сен шариф, номи баланд.

Берди ҳукминг бизга нон, топдик нажот,
Бўлди илминг биз учун улкан қанот.

Сен биринг – султонимиз, шаҳзодасан,
Ҳам сайид, ул Мустафо авлодидан.

Сўфий ул ким ўзи? Бир мечкай, хасис,
Сизга ул бўлмайди дўст, ёр, шубҳасиз.

Келса гар у, шул заҳот боплаб туйинг,
Боғу роғим ичра ойлаб кайф суринг.

Боғ тугул, сизга бу жоним садқадир,
Сиз маним ўнг кўз, қадрдоним, ахир».

Аврамиш, боғбон қилиб ногоҳ макр,
Оҳки, дўстлар беҳуда қилмиш сабр.

Даврадан сўфий қувилган ондаёқ,
Борди боғбон ортидан, қўлда таёқ.

Деди: «Эй, ит, сенмисан сўфий, мараз,
Боққа кирган бостириб, айлаб ғараз?

Раҳнамойинг Боязид(4)ми ё Жунайд?(5)
Бул ҳунар қай ул пирингдан юқди, айт?!»

Якка қолгач, туйди хўп сўфийни ул,
Ёрди бошин, зулм-зуғум айлаб нуқул.

Деди сўфий: «Бўлганим бўлди, бироқ,
Дўстларим, сиз кўзни очинг каттароқ.

Англадингиз ёв, қилиб мендан ҳадик,
Мен ғаниммасдим-ку бул боғбончалик.

Кўргулик бул, сизга ҳам айлар насиб,
Бул шаробдан ҳар заиф кўргай татиб.

Бул жаҳон – тоғ, неки сўз айтсанг, ахир,
Акс-садо янглиғ тағин ул қайтадир».

Қирққач ул боғбон у сўфийнинг пайин,
Бир баҳона топди ўйлаб ул тағин.

Сўнг шарифга деди: «Бор ҳовли тамон,
Тушки овқат-чун пиширдим юпқа нон.

Айтгин ул хизматчига, боргин-да тез,
Юпқа нон ҳам ғозни келтирсин бу кез».

Сўнг шариф кетгач деди: «Эй, беназир,
Сен – фақиҳ, сенга аёндир барча сир.

У шариф зотман дея даъво қилар,
Онасин қилмиши не? Айт, ким билар?

Айт, аёл кўнглини англар қайси мард?
Ақли ноқисга ишонмоқ ростми, айт?

Асли авлодим Али дер ҳар қадам,
Гоҳ набий дер, бефаросат бўлса ҳам».

Ким зинодан гар бино, солгай сурон,
Қилгай ул ҳақ аҳлидан шубҳа, гумон.

Кимда бош айланса, олам чархидан,
Бошимас, уй чайқалар дер, афтидан.

Билмайин вайсарди боғбон тумтароқ,
Ул Расул авлодидан эрди йироқ.

Ул – ҳароми, йўқса, эсин ерми ҳеч?
Ҳам улуғ авлодни шундоқ дерми ҳеч?

Ул фақиҳни сўз билан авраб шу зум,
Қилди хилватда шарифга сўнг зуғум.

Деди: «Эй, эшшак, на бор боғим аро?
Ўғрилик пайғамбарингданми ато?

Аслида, шербачча бўлгай шерга хос,
Айт, ниманг бор сенда пайғамбарга мос?»

Қилди боғбон ул шарифни кўп хижил,
Фитна қилгандай Алига хорижий.(6)

Бўлди ёв, гўёки дев бирлан кишан,
Шамр,(7) Язид,(8) гўё Расулиллоҳ билан.

Зулмидан бўлмиш шариф ҳоли хароб,
Дер фақиҳга: «Айрилиб, тортдик азоб.

Энди ёлғизсан, чида, ҳолинг чатоқ,
Ейди ноғора мисол қорнинг таёқ.

На шарифман, дўстга на иссиқ бағир,
Айт, бу золимдан маним фарқим надир.

Битта ёв деб, ўртага тушди ғараз,
Мени сўнг сотдинг, бу сен «биъса-л-иваз».

Келди боғбон, деди сўнг: «Сен, эй, фақиҳ!
Сен фақиҳми? Йўқ, фақиҳмассан, қабиҳ!

Шулми фатвойинг, гапир, ақлингни еб,
Сен кириб, сўрдингми рухсат борми деб?

Ё «Васит»(9)да бир ижозат борми, айт?!
Ё «Муҳит»(10)да бир ишорат борми, айт?!»

Дер фақиҳ: «ҳақсан бутун, калтакла, то,
Дўстидан айрилса ким, шулдир жазо».

(Иккинчи китоб, 2172-2217-байтлар)

______________
1 – тасаввуф йўлини тутган киши.
2 – фиқҳ илмининг олими, диний ҳуқуқ билимдони.
3 – Али авлоди.
4 – Боязид Бистомий, 1Х асрда яшаган буюк мутасаввуф.
5 – Жунайд Бағдодий, Х асрда яшаган мутасаввуф олим.
6 – Хорижий –Али (к.в) га қарши бош кўтарган, унинг халифалигини инкор этган гуруҳ.
7-8 –Уммавийлар қабиласи халифаларидан. Муҳаммад (с.а.в)нинг невараси ҳусайн Ибн Али уларнинг фармони билан Карбало даштида ўлдирилган.
9- 10 – Диний ҳуқуқ илмига доир китоблар номи.

ТИЛШУНОС ОЛИМ ВА ҚАЙИҚЧИ МОЖАРОСИ ҲАҚИДА ҲИКОЯТ

Ўлтириб олим қайиққа, шул маҳал,
Кемачидан, юзланиб сўрмиш дағал:

«Борми имлодан сабоғинг?» Деди: «Ло»(1),
Деди: «Умринг ярмидан бўлдинг жудо».

Кемачин сал кўнгли озор топса ҳам,
Ўзни жим тиймиш жавобдан ушбу дам.

Кемани гирдобга ел кетмиш суриб,
Сўрди олимдан қайиқбон, юз буриб:

«Айт, сузиш келгайми қўлдан? Тез гапир!»,
Деди: «Йўқ, сузгувчимасман мен, ахир!»

Деди: «Умринг боридан бўлдинг жудо,
Кемамиз гирдобга ғарқ бўлмоқда, оҳ».

Қайда маҳв бордир, у наҳв бермас самар,
Бил, жасад бўлсанг – сузарсан бехатар.

Мурда эрсанг, сени сув бошда тутар,
Гар тирик бўлсанг – шу зум дарё ютар.

Одамий зот мадҳи ўлдирса агар,
Бошга кўтаргай сиринг буткул башар.

Халқни бир эшшакдайин кўрдинг бутун,
Худи, ул эшшак мисол қотдинг букун.

Гар замон алломасисан даҳр аро,
Топдинг ул олам, замондан сен фано.

Ушбу олим қиссасин айлаб ямоқ,
Биз ажал имлосидан бердик сабоқ.

Ҳақ-ҳуқуқ, имло сирин, сўз чорасин
Чорасиз қолганда топмоғинг тайин.

Англа, сувлик кўзадир бизнинг билим,
Ноиб – ул ҳақ Дажла(2)си оққан илм.

Сувни элтдик Дажлага, эшшаксиёқ,
Олмадик тан, гарчи, биз эшшак, бироқ.

Узри бор, гарчанд у юкдир беқадр,
Дажладан, зеро, араб ғафлатдадир.

Дажладан топганда биз янглиғ хабар,
Ҳеч қачон элтмасди кўза дарбадар.

Дажладан топгач хабар, балки, туриб,
Синдирарди кўзасин, тошга уриб.

(Биринчи китоб, 2846-2863 байтлар)

____________________
1 – «Йўқ», «эмас» каби инкор маъносини англатади.(ар.)
2 – Бағдод шаҳри ёнидан ўтадиган дарё.

КУНДУЗ КУНИ ЧИРОқ КўТАРИБ, БОЗОР ўРТАСИДА КЕЗИБ ЮРГАН ЗОҳИД ВА УНИНГ ОРЗУСИ ҳАқИДА ҳИКОЯ

Бир киши бозорда кезмиш, қўлда шам,
Куппа-кундуз, қалбда ишқ, истак, алам.

Эзма бир зот сўрди ундан: «Эй, фалон,
Не қидиргайсан бу чоғ? қилгин аён.

Сен чироқ бирлан қуёшли кун, қизиқ,
Айт, надир ахтарганинг? Бул не қилиқ?!»

Деди: «Одам излагум арзигулик,
Токи ул бўлсин тириклардан тирик.

Борми одам?» Деди: «Эй, ўйлаб гапир,
Боқ, ахир, одамга бозор тўладир!»

Деди: «Одам борми, топган тўғри йўл,
Ҳирси қўзгач, ё ғазаб тошганда мўл?

Ҳирс, ғазабга борми бир бергувчи дош?
Тентирайман, улни излаб тоғу тош.

Қайда ул мард, икки шул ҳолдан жудо?
То қилай жонимни буткул мен фидо».

Деди: «Бундай зот – қаҳат, топмоқ қийин,
Сен билолмассан қазо, қисмат сирин.

Шохни кўрдинг, боқмадинг илдизга бир,
Шохмизу илдиз, бу тақдир ҳукмидир.

Бул фалак чархин адаштиргай қазо,
Юз Уторуд(1)ни қилар авраб, адо.

Чора дунёсин қилар тор, бенаво,
Эритар тош бирла темирни қазо.

Тинмагайсан, йўлдадирсан сен мудом,
Пишмагансан, ҳали хомсан, хому хом.

Кўр, у тегирмон аро тош айланар,
Сен ариқ сувига ҳам ташла назар.

Чангланиб, чиқмиш ҳавога хок бу дам,
Кўргин ул тупроқ ичинда елни ҳам.

Қайнагач фикринг қозони ҳар сафар,
Қайнатувчан ўтга ҳам солгин назар.

Ҳақ Аюбга деди: «Мен айлаб карам,
Тола ҳар сочингга бахш этдим чидам.(2)

Сен назар солдингу сабрингга, бироқ,
Сен сабр кўрдинг, сабр берганга боқ».

Fилдирак айланганин кўрган сайин,
Бош буриб, кўргил унинг ҳам шиддатин.

Гарчи, дейсан кўрадирман, лек, ниҳон,
Унда кўп ул яхшиликлардан нишон.

Лаҳзалик билсанг, у кўпикка қараб,
Боққин ул денгизга ҳайрон мўлтираб.

Ким агар кўпикни кўргач, очди фол,
Сўнгра ул денгизни кўргач, қотди лол.

Кўрса ким кўпикни, ул қилгай азм,
Денгиз ул, денгизга ким солгай разм.

Кўрса ким кўпикни – топгай эътибор,
Кўрса ким денгизни, ул – беихтиёр.

Ким агар кўпикни кўргай, олис ул,
Ким агар денгизни кўргай, холис ул.

(Бешинчи китоб, 2889 – 2913 – байтлар)

________________________
1 – Меркурий сайёраси.
2 – «Эй, Муҳаммад (алайҳиссалом), Айюб (алайҳиссалом)нинг аҳволини ёд қил… Вақтики, Парвардигорга нидо қилиб айтди: «Эй, Парвардигор, Сен оламда меҳрибонларнинг меҳрибонисан, мени тамоман машаққат ўраб олди. Менга раҳм қилгил!» Биз унинг дуосини ижобат қилиб, кулфатлардан нажот бердик. Унга фарзандларини қайтариб бердик. Фарзанд устига фарзанд, мол-дунёларининг устига неча баробар мол ато қилдик. Булар Биз томонимиздан Айюбнинг сабри эвазига берилган иноятимиз эди. Ва ҳам Худонинг обид бандаларига панд ва ибратдир». қуръони карим, «Анбиё» сураси, 83-84 оятлар. Шайх Муҳаммаджон мулло Рустам ўғли (Мавлавий ҳожи ҳиндистоний) таржимаси.

БИР ҚАЗВИНЛИК1 КИШИ КИФТИГА ШЕР СУВРАТИНИ ЧИЗДИРГАНИ, ИГНА ЗАХМИДАН УНГА ОЗОР ЕТИБ, СЎНГ ПУШАЙМОН БЎЛГАНИ

Бир ҳикоят сўйлайин, тингла бу он,
Қазвинийлар одатин қилгай баён.

Елка, қўллар ҳам бадан бўйлаб улар,
Игна суқмоқ бирла кўк тасвир чизар.

Қазвиний ходимга учраб дейди, чиз,
Бул таним узра шакл, секин, нафис.

Деди: «Не суврат чизай, эй, паҳлавон?»
Деди: «Чиз шер сувратин – қаҳри ямон.

Менга шер толеъ, чиз ул шер сувратин,
Айла жаҳд, кўк рангни сур кўпроқ, қалин».

Деди: «Айт, қай ерга мен суврат чизай?»
Деди: «Чиз кифтимга, мен-чун шул қулай».

Шунда ходим игна санчгай бирма-бир,
Елкада қўзғалди оғриқ, дард, жабр.

Қазвиний инграрди: «Эй, тилгувчи тан,
Қийнадинг бул жонни, не чизмоқдасан?»

Деди: «Шернинг сувратин сен хоҳладинг»,
Деди: «қай аъзосидан сен бошладинг?»

Деди: «Дум қисмин чизарман ушбу дам»,
Деди: «қўй, дум чизмагил, эй, дўстгинам!

Қуйруғим оғритди дум-қуйруғи ҳам,
Қолди ул оромидан мажруҳ танам.

Шерни думсиз айла нақш, эй, шерясар!
Игнанинг озори жоним қақшатар».

Бошқа қисмин чизгали чекмиш захм,
Айламай шафқат, муросо ҳам раҳм.

Қазвиний инграрди: «қай қисми бу? Дод!»
Деди: «Бул шернинг қулоғи, яхши зот».

Деди: «Шер бўлсин қулоқсиз, эй, ҳаким,
Қўй, қулоқни чизма, бас, тилдинг таним».

Санчди ходим бошқа жойга игнасин,
Қазвиний инграб, фиғон тортмиш тағин.

Сўрди: «Шернинг қайси бул аъзосидир?»
Деди: «Бул аъзо, у шернинг қорнидир».

Деди: «қўй, бўлсин у қоринсиз бу дам,
Ортди дард, сал айлагин захмингни кам».

Солди кўп ҳайратга ходимни бу ҳол,
Тишламиш бармоғин ул, қолганча лол.

Отди ходим игнасин, айлаб қаҳр,
Деди: «Ким кўрган бу оламда, ахир,

Боши йўқ, думсиз ва қорнидан жудо
Шерни, айт, ҳаргиз яратганми Худо?»

Эй, биродар, қўрқма, тан оғришидан,
Бўл халос сен, токи нафсинг нишидан.

Қай гуруҳ бўлгай вужуддан холи гар,
Унга чарх ичра қуёш, ой тиз букар.

Танда ким ўлдирса нафсин, асрамай,
Ул булут, офтоб унинг амрига шай.

Қилса нурлик шам-ла, кўнглин қайси жон,
Куймагай офтобда ҳаргиз беамон.

Қилди ҳақ мумтоз қуёш зикрин қадим,
Деди: «Таззовар казо ан каҳфиҳим».(2)

Кулл тараф интилса жузвлар бегумон,
Гулга айлангай бутунлай бор тикон.

Ҳаққа таъзим, ҳақни суймоқлик надир?
Ўзни паст деб англамоқдир хор, ҳақир.

Шундадир ҳақ бирлигин ўрганганинг,
Ёнса воҳид олдида жон ҳам танинг.

Кундайин порлаб, жило сочмоқ учун,
Тун мисол ул борлиғинг ёнсин бутун.

Борлиғинда борлиғинг бўлсин наво,
Мисдайин эрит уни кимё аро.

«Мен»у «Биз»ни икки қўллаб тутмагин,
«Икки борлик» – боиси, қалб кулфатин.

(Биринчи китоб, 2993-3024 байтлар)

_______________
1- қазвин шаҳридан
2- «Эй, назар қилгувчи, сен офтобнинг тулу қилган (чиққан) пайтида уларнинг ғоридан ўнг тарафга майл қилиб ўтганини, ғуруб бўлганида (кун ботишида) уларнинг чап тарафидан тажовуз қилиб (четлаб) ўтганини кўрасан (яъни, қуёш чиқишида ҳам, ботишида ҳам уларнинг уйқу-оромини бузмасди). қуръони карим, «Каҳф» сураси, 17-оят. Шайх Муҳаммаджон мулло Рустам ўғли (Мавлавий ҳожи ҳиндистоний) таржимаси. Тошкент, «Мовароуннаҳр», 2006 йил.

КОФИРЛАР ЮРТИДА АЗОН ЧАҚИРГАН ОВОЗИ ХУНУК МУАЗЗИН ВА УНИ СОВFА БИЛАН СИЙЛАГАН КОФИР ҲАҚИДА ҲИКОЯТ

Бир муаззинда хунук эрди садо,
Ул азон чақирди кофирлар аро.

Дедилар: «Бас, айтмагил бошқа азон,
Чиқмасин жанжал, адоват ногаҳон».

Ранжигай, гарчанд, писанд қилмай тамом,
Ул азон айтишда сўнг этмиш давом.

Чиқмасин деб қўрқди халқ фитна бу он,
Келди бир кофир шу пайт, қўлда чапон.

Тўнидан ташқари шам, ҳолваси бор,
Худди, чин дўст, ёр учун совғаси бор.

Сўрди, «Кимдир бул муаззин? қайдадир?
Ул азон айтганда, менга маззадир».

Бул хунук овозда бор қандай самар?
Деди: «Куништ(1)дан таралмиш бул саҳар,

Бир қизим бордир чиройлик, ҳар нафас
Ул мусулмонликни айларди ҳавас.

Ушбу савдодан қизим билмасди ор,
Барча кофир панди ҳам қилмасди кор.

Қалбида яйрарди иймон ҳам сужуд,
Худди, манқал ўти – ғам, мен эрдим уд.(2)

Дард-азоб ўртаб, қилардим нола-оҳ,
Ушбу ўт ҳалқаси ичра бепаноҳ.

Чорасиз эрдим бутун ул кеча-кун,
Ул муаззин то азон айтмай бурун.

Сўнг қизим дер: «Не садо? Бунча хунук?
Ул қулоғимга чалинмоқда юлуқ.

Бунчалик хунук садони мен қадим,
Ул куништ, бутхона(3)дан эшитмадим».

Синглиси дерди, намозга даъват ул,
Бор мусулмонларга хос бир одат ул.

Ҳеч ишонмай, бошқалардан сўрди ул,
Бошқалар ҳам айтди тўғри, тўғри бул.

Ростини билгач, у оҳ тортди узун,
Қолди муслимликдан ул кўнгли бутун.

Бўлдим ул ташвиш-азоблардан халос,
Кеча тун тинч ухладим одамга хос.

Айламиш овози буткул бахтга ёр,
Қайда ул? ҳадямни айлай мен нисор»

Сўнг муаззинга деди, кўрган заҳот:
«Айла совғамни қабул, бердинг нажот.

Менга сен кўп яхшилик қилдинг чунон,
Шул сабабдан мен қулингдирман мудом.

Бўлганимда бой-бадавлат ушбу дам,
Тўлдирардим тиллага оғзингни ҳам!»

Сиздаги иймон риёдир ҳам гумон,
Ё қароқчи, ул азон бонгисимон.

Боязид(4) иймони, лекин, ҳар нафас
Солди бул жонимга чексиз ўй-ҳавас.

Худди, эшаклар жимосин кўрса ғар,
Деди: «Эй, воҳ, бунчалар кучлик бу нар?

Қилса бундай зўр жимоъ эшшак, ахир,
Бизда эркаклар мудом тирроқидир».

Боязиддай эрга бўлсин ҳамд, сано,
Берди не иймонга додин бехато.

Сидқидан денгизга томса қатра то,
Денгиз ул қатра ичинда эрди жо.

Қолса чўғ ўрмон аро ногоҳ тушиб,
Ўша ўрмон кетадир буткул куйиб.

Худди, ул шоҳ фикридай олийжаноб,
Жангда душман ҳолини айлар хароб.

Очди бир юлдуз Муҳаммадга юзин,
Айламиш пинҳон жуҳуд, зардушт(5) дурин.

Кимки иймон топди, топгай сидқу шон,
Ўзгаларнинг куфри сўнг бўлгай гумон.

Илк куфрдан қолмайин сўнг ҳеч вақо,
Бўлди муслимлик ва ё қўрқув ато.

Ҳийла бирлан зидламоқлик, бул, ахир,
Худди, нурдан айри бир уйдирмадир.

Зарра бўлгай бир ушоқ, бўлмас азим,
Зарра ҳеч гоҳ порламас «ло янқасим».(6)

Зарра демоқдан мурод, бил, эй, ниҳон,
Дўстимас, дарёда кўпиксан бу он.

Шайхда иймон нурлидир олмай у тин,
Очса гар шайх жони шарқинда юзин.

Барча пастлик ганж тилар осмон аро,
Барча юксаклик – яшилликдан бақо.

Ул бирин жонида нур бор беҳудуд,
Ул биринда бор қаро хокдан вужуд.

Воажаб! Булдир у ёхуд улдир? Айт!
Мен қийин аҳволда қолдим ушбу пайт!

Бўлса ул – бул, эй, биродар, ул надир?
Етти осмон нуридан тўлмиш, ахир!

Ўша гар – ул, бул бадан, эй, дўст, надир?
Воажаб! Бул иккидан бир қайдадир?

(Бешинчи китоб, 3369-3410-байтлар)

_______________
1-Оташпарастлар ибодатхонаси.
2-ўтга қаланганда хуш бўй таратадиган ёғоч.
3-Насронийлар ибодатхонаси.
4-Боязид Бистомий, 1Х асрда яшаган буюк матасаввуф
5-Оташпарастлар
6-«Зарра қисмларга бўлинмайди».

БИР ХОТИН ЭРИГА «ГЎШТНИ МУШУК ЕБ ҚЎЙДИ» ДЕГАЧ ЭРИ МУШУКНИ ТАРОЗИДА ТОРТИБ КЎРГАНИ, МУШУК БИР ҚАДОҚ(1) ЧИҚҚАНИ, СЎНГ ЭРИ «ЭЙ, ХОТИН, ГЎШТ БИР ҚАДОҚДАН КЎПРОҚ ЭДИ, АГАР БУ ГЎШТ БЎЛСА, МУШУК ҚАНИ, АГАР БУ МУШУК БЎЛСА, ГЎШТ ҚАНИ?» ДЕБ СЎРАГАНИ ҲАҚИДА ҲИКОЯТ

Бормиш ул рўзғорли бир эр, унга ёр
Эрди бир таннозу ўғри, нобакор.

Эри не келтирса ермиш эрта-кеч,
Унга миқ этмасди ночор эри ҳеч.

Не машаққат ҳам азоб тортиб узун,
Эри гўшт келтирди бир меҳмон учун.

Ичди май хотин, кабобдан еди ул,
Келди эр, сўнг эҳтиётдан деди ул:

«Қайда гўшт? Топ, уйга меҳмон келди,тур,
Олдига иссиқ таом қўймоқ зарур».

Деди: «Еб, қилди мушук гўштни тамом,
Бошқа гўшт келтир, пиширгайман таом».

Деди эр: «Келтир тарози, эй, санам,
Мен мушук оғирлигин тортай бу дам».

Кўрди тортиб, бир қадоқ чиқмиш мушук,
Жаҳли ортиб деди: «Эй, маккор, зулук,

Бир қадоқдан ўша гўшт кўп эрди сал,
Бир қадоқ чиқмиш мушук ҳам бу маҳал,

Қайда гўшт, айт, гар мушук бўлса бу юк?
Бул агар гўшт бўлса, топ, қайда мушук?

Бўлса гар бул Боязид, руҳ қайдадир?
Бул агар руҳ бўлса, ул тасвир надир?

Қолдим, эй, ёрим, таажжуб ичра лол,
Ноаёндир сену менга ушбу ҳол.

Бўлса ул иккови, лек, хирмон аро,
Дон асил, сомони ундандир жудо.

Қилди ҳикмат икки зидни бирга жам,
Худди, бир – сон гўшти, калла гўшти ҳам.

Бўлса жон тандан жудо, сақлар сукут,
Муз мисол совийди ул жонсиз вужуд.

Ул вужудинг ичра жон бўлгач ниҳон,
Икки тенгликдан яралмиш бир нишон.

Бошни ёрмас, бошга хок сочсанг у дам,
Бошни ёрмас, бошга сув тўкканда ҳам.

Муддаойинг бўлса бош ёрмоқ агар,
Сув билан тупроқни қўш, бош ёрилар.

Бошни ёрсанг, сув тағин аслинда жо,
Келса айём, қайтадир хок хокка то.

Ҳаққа бирлик ҳикмати бўлганда ёр,
Эҳтиёж, ғавғодан ул топмиш қарор.

Ўзга бирлик бўлса ул дамда агар,
«Ло самеъ узнун ва ло айнун басар».(2)

Эшитар бўлсанг, қачон кетдинг узоқ?
Нега солмайсан тағин сўзга қулоқ?

Қору музликда қуёш қолгач юпун,
Сен умид уздинг у музликдан бутун.

Сувга дўндинг, томири йўқ ҳам майин,
Айладинг қалқон, у Довуд(3) нағмасин.

Жонига дармон туярди ул карахт,
Шодланиб, аслига қайтган ҳар дарахт.

Ўша муз ҳам музлигинга қайтадир,
Ҳар дарахтга «ломасосий»(4) айтадир.

«Лайса яълиф лайса юълаф жисмуҳу,
Лайса илло шуҳҳу нафсин қисмуҳу».(5)

Не жигар ювгай, у бекор, холимас,
Муждамас, лек, ул яшиллик шоҳимас.

Эй, Аёз, боқ, юлдузинг юксак, баланд,
Кўк аро ҳеч ғовни ул қилмас писанд.

Ҳар вафо-чун ҳимматинг хосдир қачон?
Ҳар сафо-чун софлигинг мосдир қачон?

(Бешинчи китоб, 3411 – 3440 – байтлар)
____________________
1 – Бир қадоқ – 344,4грамм.
2 – «Кўз кўрмаган ва қулоқ эшитмаган».
3 – Довуд – Бани Исроил (яҳудийлар) пайғамбарларидан бири. Овози ёқимли бўлган.
4 – «Сўрма деб»
5 – «Музнинг жисми ҳеч нарса билан қўшилмайди, аммо, фақат, нафсини ўйлайди».

БИР ҲОВЛИДАН, НИМАНИ СЎРАСА, «ЙЎҚ» ЖАВОБИНИ ОЛГАН ДАРВИШ ҚИССАСИ

Битта уй олдига келмиш бир гадо,
Сўрди нон, қаттиқми ё, юмшоқми ё.

Деди уй эгаси: «Бунда қайда нон?
Сенга нонвойхонамасдир бул макон!»

Деди: «Бўлса, менга жиндак чарви бер»,
Деди: «қассобхонамас сенга бу ер!».

Деди: «Бир кафт ун қиларсан сен хайр»,
Деди: «Тегирмон уйимда йўқ, ахир».

Деди: «Мешдан сув қуярсан, ҳойнаҳой»,
Деди: «Йўқдир бунда сувлоқ ёки сой».

Неки сўрса ул гадой, кеппакми, нон,
Дерди «йўқ», бош чайқаб, ачингансимон.

Ул гадо кўтарди этак, бул юпун
Ҳовлида ҳожат ушатмоқлик учун.

Деди: «ҳай, ҳай!» Деди: «Жим тур, бенаво!
Бўшалай бир зум бу вайрона аро.

Бунда турмуш кечириб бўлмас, ахир,
Бундайин уй, чунки, ҳожатхонадир».

Чунки, сен лочинмас, ул солгувчи чанг,
Токи, шоҳларнинг дилини овласанг.

Сен на бир товус, на турфа ҳуснидан
На нигоҳларни қувонтиргувчисан.

Тўтимас, қанд бирла сийланган мудом,
Ҳар қулоққа хушнаво, ширинкалом.

Сен на булбул, оҳу нола айлаган,
Лолазор ёхуд чаманда сайраган.

Сен на ҳудҳуд, мужда элтган ҳар нафас,
Сен на лайлакдирсан, ул осмонпараст.

Айт, ниманг бор, сенга кимнинг майли бор?
Қандайин қушсанки, бунча хору зор?

Қолмагин сен ул касод дўкон аро,
Кел, фазл томонга «аллоҳ аштаро».

Қай матоҳ қолгай назардан гар ниҳон,
Сотиб олгай Ул раҳмдил, меҳрибон.

Қилмагай қаллобни Ул рад ҳамда даф,
Сотиб олмоқликда йўқдир зарра наф.

(Олтинчи китоб, 1256-1273-байтлар)
________________
1 – «Аллоҳ сотиб олар».

 

 

www.munosabat.org

 

Share on FacebookShare on Google+Tweet about this on TwitterEmail this to someoneShare on LinkedIn