Луғатларга кирмаган занггилар

mahmud yuldoshevМаҳмуд Йўлдошев

Эс билибманки сўз қаърини ковлаштириб, ҳар бир сўзнинг сиз ва биз билган маъносидан бошқа яна қандай маънолари бор экан бу сўзнинг ботилу ботину зуҳурида, деб қўлга тушга луғатлардан ўзим учун янги, бошқалар ишлатгану ҳали мен ишлатмаган сўзларни уларнинг маъноларини зимдан ўрганиб юраман. Қарангки, ўз вақтида бундай сўзларни у ер бу ерга ёзиб юришни одат қилганимдан захира бойлигимда, менинг бисотимга айланган бундай сўзлардан юзлаб, кейинчалик минглаб йиғилиб қолганлигини аниқладим.
Бисотимдаги бу бойликнинг кўплаб қисмини китоб ва бошқа манбалардан топган бўлсам, яна бир кўп қисмини одамлардан эшитганман. Шу билан бир вақтнинг ўзида бизнинг тилимизда мана шундай тушунча бор ва бу тушунчага халқ даҳоси албатта сўз ўйлаб топган, деган ҳолда излаб луғатлардан ёки одамлардан топган вақтларим ҳам бўлган. Шундай бир сўзни қандай топганлигимга алоҳида мисол келтираман. Маълумки, халқимиз дунё медицина фанига қанчалик улкан ҳисса қўшганлиги. Одамларни даволовчи кишиларни кўплаб сўзлар билан атаймиз: табиб, ҳаким, жарроҳ, соғун, эмловчи, эмбека, овуртма ва бошқа яна ўнлаб бундай сўзларни келтириш мумкин. Шу сўзларни бир вақтлари санаб ўтганимдан кейин наҳотки халқ даҳоси молларни даволовчи кишиларга алоҳида сўз топмаган, деб ўйланиб қолдим ва китоблардан ахтардим, одамлардан сўрадим, тополмаганимдан кейин атайлаб луғатларни ўқишга тушдим. Одатда биз луғатлардан бирон сўзни унинг маъноси бизга у нотаниш бўлгани учун унинг маъносини излаймиз ва сўзни билганимиз учун уни луғатдан топишимиз осон кечади. Бу ўринда менинг сўз излашим одатий ҳолнинг акси эди, яъни маъносини биламан, сўзни билмайман. Бу ҳол энди луғатдан фойдаланишни буткуллай бошқача вазиятга солади.
Мен учун турли луғатларни ва айниқса туркий луғатларни ўқишнинг ўзи бир мароқли иш. Маънодан келиб чиқиб сўз излаб топиш мақсадида шундай луғатлардан бири 1979 йилда чиққан Ўзбекча русча луғатни айни шу мақсадда ўқий бошладим. Қизиқиб кетибман, а ҳарфидаги сўзларни ўқиб чиқиб б ҳарфини бошлар эканман тўсатдан байтар сўзига кўзим тушди. Эскирган, деган белги қўйилганда ветеринар, коновал, деб ёзиб қўйишибди. Дарҳол 1954 йилда чиққан русча ўзбекча луғатни олиб ветеринар сўзини қарадим. Бу луғатда ветеринарни “ветеринар”, вергулдан кейин, мол дўхтири ҳам демасдан “мол доктори” деб ёзишибди. Энди сўз бойлигимизда байтар бор экан, дедимда Ўзбек тилининг 1976 йилда “Фан” нашриётидан чиққан имло луғатини қарай бошладим. Не кўз билан кўрайки бу луғатда байтар сўзи умуман берилмаган. Аммо, бу луғатда нимагадир байтария ва байтарлик сўзлари берилган. Изланишларим шунга олиб келдики, бу сўз бизнинг луғавий бойлигимизда ишлатилар экан, аммо қачонлардир араб тилидан кириб келганлигини 1972 йилда чиққан “Навоий асарлари луғати” дан топдим.
Сўз бойлигимиз тўғрисида гап кетганда ўзимнинг бу йўналишдаги билимларимдан ҳар доим ҳадикланиб тураман. Шу ерда ҳадикланиб, деб ёздимда айни шу маънода яна бошқ сўзлар ёдимга тушди. Қаранг, биз бирор нарсадан ҳадиклансак, бу ушбу маълумот, келтирилаётган вазият бизга хавфлироқлигини, адашсак бирор хатар етказишини тушунтиради. Шубҳалансак, воқеа тафсилоти бизга номаълум, аммо биз вазиятдан унчалик қўрқаётганимиз йўқ. Безовта бўлсак умуман хавотир йўқ, аммо эҳтиёт бўлиш керак тушунчалари ёдимизда бўлади. Умуман бизнинг туркий тилимизда сўз, ўхшаш маъноларни тушунтирадиган, аммо бир биридан маъно жиҳатидан албатта сал, анча ва жуда катта фарқ қиладиган сўзлар ниҳоятда кўп. Бунга оддий мисол қилиб ҳавонинг тебраниши, шамол сўзи синонимларини келтириш мумкин. Бир қараганда бу сўзга ҳам ўн ўн беш синоним топса бўлар, деб қараган эдим ўзимча. Қарангки, амалда ундай бўлмади. Ҳайратлиси шундаки, мен бу сўзга 40 та маънодош сўзларни топдим. Мана улар: 1. Шамол, 2. шаббода, 3. шарпа, 4. бўрон, 5. бода, 6. буюқ, 7. гармсел, 8. (гўдакнинг) уҳ, 9. гирдибод, 10. довул, 11. ел, 12. елвизак, 13. елпинчоқ, 14. изғирин, 15. насим, 16. найсон, 17. сабо, 18. самум, 19. тайфун, 20. тўзон, 21. тўфон, 22. талғағ, 23. тўпи, 24. учоқ, 25 уюрма, 26. эол, 27. эсин, 28. эпкин, 29. қасирға, 30. қуюн, 31. қаз, 32. дувалай, 33. ёлинг (гармсел), 34. Онгизак тонгги насим, 35. қут, 36. эскин, 37. тизгин, 38. тўзғин, 39. сарин, (енгил салқин шамол), 40. тўполон.
Бу сўзларнинг кўпчилиги китобий бўлса, кўпчилиги халқ орасида ишлатилади. Баъзилари эса фақат илмий асарларда ишлатилади. Қарабсизки, уларнинг ҳаммасига тилимизда ўзига яраша ўрин бор. Уларнинг ҳар бирида ўзлари билан олиб юрадиган маъноси бор. Халқ уларни ҳеч қачон бир бири билан аралаштириб юбормайди. Сарин маъноси ишлатиладиган жойда қаз ёки тўполонни ишлатмайди.
Сўз қудратли нарса. Бир вақтлари биргина сўз билан фалон қишлоқда, фалончида ва фалон от бор, дея олган аждодларимиз. Бунга мисол, отларнинг ўтмишда жуда катта аҳамияти билан боғлиқ бўлгани. Ҳозир биз бирор суҳбатда, қора мерседеси бору нарги қишлоқда, десак унинг эгаси кимлигини биламиз.
Бу фикрни мисол қилиб келтирганимнинг сабаби, бир пайтлари гўр сўзи билан қизиқиб қолдим ва унинг отлар билан (Ғирот, Гўрот, Нурот) боғлиқлигини кўргандан кейин бу маънодаги сўзларни тўплай бошладим. Қарабсизки, отлар билан боғлиқ сўзлар 78 етгандан кейин кўп экан, деб тўпламай қўйган эдим.
Энди гўр сўзига келсак, туркий тилларда ўта бир тез-тез учрайдиган сўз “гўр”дир. У ўзбек тилида “қабр” маъносидан ташқари “нур” маъносида кенг ишлатилади. Мени ёшлигимда бувим мактабдан қишда эртароқ етиб келганимда, гўргаэй болам, кечки совуққа қолмай келиб олдинг, дер эди. Бу жумлалардаги ташвиш ва ачинишлар, қувонч ва ташвишларни билдирган гўргаэй тушунчаси бизга ғализ туюлмас эди. Чунки бувим қувонганидан, эртароқ етиб келганинг нур устига нур бўлди деётган эдида. (Ахир инсон ўз неварасига гўр, қабрни соғинмайдику.)
Кейинчалик бу гўр сўзини халқ достонларида учратиб унинг кўпроқ “қабр” тарздаги маъносида қўлланилганини кўриб ҳайратланмаганман. Сабаби, у пайтда гўр сўзининг бу маънода ишлатилишини ҳам ўз қобилиятимда ўзлаштириб улгурган эдим. Гап “Гўрўғли” достонлар туркуми хусусида боряпти. Достон ва бошқа бирқанча асарларда Баҳромгўр исми ҳам учрайди. Бундан ташқари, Марказий Осиёда “гўр” билан боғлиқ жуда кўплаб топоним ва гидронимлар ҳам бор. Афғонистондаги Гўр вилояти, Гўрийлар сулоласи, Гўрируд (Нурли дарё) дарёси, Хоразмдаги Гўргон, Гурлан, Урганч (нурли тупроқ), ҳозирги Жиззах вилояти ҳудудларидаги Гўрдасой булоқлари, Намангандаги Гўртепа, Нуротадаги Гўрхонасой ва бошқалар шулар жумласидандир.
Буларни кўргандан кейин ўйлаб қоласан киши, наҳотки ота-боболаримиз жой номларини фақат қабр билан боғлаб айтиб келган бўлса? Бу ўринда аниқса Урганч, Гўрдасой сўзлари анча эътиборга лойиқ. Бу жойда таъкидланадиган асосий фикрлардан бири бу Гўрўғлининг асл маъноси Нурўғли эканлигида. Аслини олганда Нур ва унинг ёрдамида сеҳирли равишда дунёга келган аждодларимиз ҳақидаги афсоналар бизнинг фикримизни тасдиқлашга жуда асқотганини кўриш мумкин. Демак, гўр, сўзига алоҳида эътибор қаратсак арзийди.
Ушбу сўз тарихи Ў.Сулаймоновнинг “Шумернома”сида ҳам учрайди1. У “қуёш, “нур” маъносидаги “гўр” сўзининг келиб чиқишини чуқур таҳлил қилади. Асли келиб чиқиши туркий бўлган бу сўз суғд тилига, зардуштий динига эътиқод қилган бошқа халқлар тилларига ўтган. Кейинчалик этрусклар тилида “геркле”, “гер” (“ўғил”), юнон тилида “геракл”, лотин тилида “геркулес”, туркий эпосларда Гўрўғли шаклларини олган. “Гўр” сўзи исмларга бирикиб, “ўғил”, “қуёш ўғли”, балким “Зардушт ўғли” маъносини берган, “нурли”, “қуёшли” маъносида жой номларига қўшилган. Бундан ташқари, туркий халқлар ҳаётини ўта чуқур бир тизимли тарзда тавсифлаб берган юнон тарихчиси Геродотнинг (гер-нур, одот-ота) исми ҳам “гўр”, яъни нур сўзи билан боғлиқ бўлса ажаб эмас. Бу борада унинг Осиёни, жумладан Марказий Осиёни, унинг тарихини нимагадир мукаммал билганлигини унутмаслик керак.
Шу нуқтаи назардан олганда, “Гўрўғли” достонлар туркумининг тарихи зардуштийлик динига бориб боғланади. Демак, достонларнинг бош қаҳрамони Гўрўғлининг сизу бизнинг тушунчамиздаги гўрга ҳеч қандай алоқаси йўқ. Чақалоқнинг гўрда туғилганлиги буюк халқ достонига кейинчалик қўшилиб кетган афсонанинг чаласаводроқ қўшимчаси, деб фараз қилсак бўлади. Бинобарин, Баҳромгўр ўз лақаби билан форсийлар талқинидаги ёввойи эшак, Қабрбаҳром, Баҳромқабр эмас, аксинча, ва гўзал маъноли Нурбаҳром, Баҳромнур бўлиб чиқади. Гўрўғли гўрда туғилган эмас, у Нур ўғли, илоҳий нурдан Ашанинг шуъласидан туғилган инсон, бўлиб чиқади.
Шу пайтгача Гўрўғлининг бедов оти билан боғлиқ Ғирот сўзи нима маънони англатишини билмаслигимиз учун уни чуқур таҳлил қилишдан мумкин қадар четлаб ўтар эдик. Юқоридаги фикрларга таяниб айтадиган бўлсак, Қуёш ўғли – Гўрўғлининг Қуёш, нур, нур тезлигида чопадиган афсонавий оти, Гўрот, Нурот бўлиб чиқаяпти. Энг қимматли томони шундаки, ушбу ташқаридан қараганда унчалик муҳим бўлмагандай тузатишлар орқали Гўрўғли достонининг ёши бир неча мингйилликка “қарийди”, бу эса миллатимиз, халқимиз турихи, маданияти, маънавияти учун аҳамиятсиз, деб қараладиган нарса эмас. Масала биз ўйлагандан анча жиддийроқ ва муҳимроқ.
Биз ўз тарихимизга боғлиқ манбаларни ўрганишга киришар эканмиз, кўпинча уларни илгари араб манбалари орқали ўрганар эдик. Чунки араблар ҳарқандай босқинчиларнинг бири сифатида бизнинг тарихимизни ўзлари бостириб келганларидан кейин бутунлай йўқ қилиб ташлаган эди. Буни мен Беруний бобомизнинг қадимдан қолган сўзларига таяниб айтаяпман. Тарихимизнинг яна бир қисми форслар ва форс тили билан боғлиқлиги бор. Шунинг учун қадимий манбаларнинг катта қисмини биз форсий манбалар орқали ўрганишга, бирон сўзнинг маъноси керак бўлиб қолса уни Зангги ота сўзини форсий зан сўзи билан тушунтиришга ҳаракат қилгандай, кейинчалик, маълум сабабларга кўра асосан рус манбалари орқали ўрганишимиз ва излаганимиз бизнинг сўзларимиз, уларнинг маъно ва тарихини бизга яқинлаштириш ўрнига узоқлаштириб келганини кўрамиз. Сўзларим тасдиқсиз бўлишини хоҳламаган ҳолда бир мисол келтираман. Бу сўз занг, зангги занггила ва бошқа шу каби ўзакдош сўзлар билан боғлиқ.
Бу сўз билан жиддий шуғулланишимга тўғри келишининг сабаби, бир пайтлар Чингизхон тарихига оид 1240 йилда ёзиб тугатилган “Монголойин тобшо” “Мўғулларнинг сирли китоби”ни мўғул тилига ўта яқин бурят тилидан бевосита ўзбек тилига таржима қилишим билан боғлиқ.
Ҳар бир сўзнинг тарихи ва тақдири бор. Шу жойда ўша китобда мен учратган зангги сўзи алоҳида эътиборга лойиқ. Бу сўз ҳозиргача мўғул тиллар гуруҳида уруғбоши маъносида келади ва бизнинг тил гуруҳимизда ҳам кўп ишлатилиб асосий бўғин, ғурур, мағрур (каттазанг) токнинг асосий новдаси ва бошқа маъноларини беради. Қизиғи шундаки бу сўз қадимий Авестода ҳам айнан мана шу маънода, яъни, зангтупати – шаклида уруғбоши маъносида ишлатилганини кўрамиз. Авестодаги зангтупати яъни, зангту – уруғбоши, пати, падре сўзлари ота маъносида.
Илк бор бу сўзни учратганимда бевосита Занггиота сўзи ёдимга тушди. Маълумки, Занггиота лақабини кимлар нималар деб шарҳлашмади. Қорабобойдан то ҳинду ҳабаш, зангигача. Занггининг туркий тилларда уруғбоши эканлигини инобатга оладиган бўлсак ва бу шахснинг жуда катта билимли ва обрўли киши бўлганини эсласак занггиотанинг уруғбоши ота бўлганлиги маъно ва мантиқан ўз ўрнига тушиб бошқача талқинларга ўрин қолдирмайди.
Демак, Занггиота номи билан машҳур, асл исми Ойхўжа ибн Тошхўжа бўлган шахс уруғбоши бўлган ва унинг лақаби “Занггиота” бўлиб бу сўз маъно жиҳатидан шахснинг ижтимоий ўрни ва унинг фаолиятига тааллуқлидир. Ул зотнинг туғилган йили номаълум, 1258 йили вафот этган. Бизнингча, кейинги йилларда чоп этилган манбаларда у ҳақда ўта қора танли бўлган, деб маълумот берилиши унчалик тўғри ва бу инсонга нисбатан ҳурматдан эмас. Шундай экан Занггиотанинг номини – лақабини “Занги”, “Занжи” эмас, – Зангги, Занггиота, деб олиш керак ва тўғрироқ бўлади.
Қизиғи шундаги, Занггиота (Тошкент вилояти), Занггибобо (Андижон вилояти), Занггибойи (Самарқанд вилояти) каби жой номлари бизда учрайди ва уларга ҳалигача чуқур изоҳ берилмаган.
Чингизхон тарихига оид китобни таржима қилиш жараёнида шўролар даврида унинг босқинчилиги хусусида онгимизга сингиб қолган тушунчалардан воз кечолмай тайсаллаб турдим. Лекин китоб қарашларимни бутунлай ўзгартириб юборди.
Чингизхон тарихига оид китобни таржима қилиш жараёнида шўролар даврида унинг босқинчилиги хусусида онгимизга сингиб қолган тушунчалардан воз кечолмай тайсаллаб турдик. Лекин китоб қарашларимизни бутунлай ўзгартириб юборди.
Чингизнинг хон кўтарилиб, унвон олиши мени ўйлантириб қўйди. Балки бу қараш мутахассисларга илмга хос бўлмаган қараш бўлиб туюлиши ҳам мумкин. У ўша пайтда сиёсий жиҳатдан заифлашиб тарқоқлашиб кетган туркий халқлар орасидан чиқиб, уларни бирлаштиришга жазм қилгани учун ҳам Чингизхон – Чин Ўз Хон номига сазовор бўлган бўлиши ҳам мумкин. Таржима қилинган китобда туркий уруғлар вакиллари уни оқ кигизга ўтирғизиб, хон кўтариши ва «энди чин ўзимизнинг хонимиз чиқди, чин ўз хонимиз», деб улуғлаши тасвирланади. Асарда Чингизхоннинг тахтга ўтириш даври ўта фожиали пайтга тўғри келгани қайд этилади. Ўша замонлар ўта тарқоқ бўлган туркий элатлар босқинчилар зулми остида изтироб чекади. Бу пайтда уларни бирлаштиришда Чингизхонга Тоорил (китобда шу талаффузда берилган) – Тўғри ўул, Тўғри ўғил – Ван хон (уйғур) унга биринчи ва жиддий ёрдам кўрсатади.
Хўш, Ван хон аслида ким бўлган? У ўша пайтда Хитой ҳудудларини бошқариб турган туркий хон бўлган.
Шу ўринда “Чингиз” сўзи маъно жиҳатидан “денгиз” сўзига алоқадор эмаслиги хусусида таъкидлоб ўтиш жоиз. Чунки мўғул, бурят ва бошқа туркий тиллар тармоғида “денгиз” маъносини ифодаловчи “долон” сўзи бор. Бинобарин, бу ҳам биз юқорида илгари сурган “Чин Ўз Хон” талқини фаразига мўғул тиллар гуруҳида долон сўзининг борлиги чингизнинг денгиз билан алоқаси йўқлиги борасида фикримизни тасдиқловчи далилга айланади.
Ном, кимлар қайд қилганидай, масалан, француз шарқшуноси Пол Пеллио “чингиз” сўзини туркий денгизнинг бузилган шакли деб ҳисоблайди2. “Жамоати таворих” асари муаллифи эса бу сўзни мўғул тилидаги “чинг” (“чин”) сўзига олиб бориб тақайди3. Бизнингча, “чингиз” сўзининг бу каби маъноларга дахли йўқ4.
Тўғри, мўғул ва бошқа туркий тилларда “чин” сўзи “қаттиқ”, “қайтмас”, “ҳаққоний”, “тўғрилик”, ҳатто “тиришқоқлик” маъноларини беради. Ушбу тилдаги “чийрэг”, ўзбек тилидаги “чийир” (“чайир”) сўзи ҳам “кучли”, “пишиқ” маъноларини беради. Демак, биз “Чингизхон” сўзидаги “чин” ўзагинигина фақат мўғул тилига алоқадор деб қарашимиз мумкин ва бу тақдирда фаразимиз фақат шу тилгагина асослаганида Чингизхоннинг лақаби “Чингхон” ёки “Ченхан” бўлиб қолар эди. Лекин мўғул тилида на “ўз” ва на “гиз” га олиб келувчи асослар йўқ.
Шунинг учун бу масалага ўша пайтдаги сиёсий муҳитдан келиб чиқиб ёндашадиган бўлсак, Чин Ўз Хон унинг руҳига, яъни туркий халқларни бирлаштириш заруратига, ўша пайтдаги туркий халқларнинг унинг фаолияти билан мағрурланганлигига тўла мос келади.
Маълумки, Чингизхоннинг асл исми Темужиндир ва у бизга Европа, аниқроғи, рус тарихшунослиги ва талаффузидан кириб келган. Аммо уни туркий тилларнинг қонун-қоидаларига таяниб талаффуз қилсак, Тимуджин “темирчи” бўлиб чиқади. Ўша замонларда темирнинг ҳам, темирчининг ҳам қадри баланд бўлгани ва айнан мана шу сўз билан одамларнинг ўз фарзандларини аташлари сир эмас ва ҳатто бугунгача кенг тарқалган ҳолатдир.
“Темирчи” сўзини ифодалайдиган исм, ном чех, поляк ва бошқа славян тилларидаги “ковал”, рус тилидаги “кузнец” немис тилидаги “schmied”, инглиз тилидаги “smith” сўзларига ҳам тааллуқли. Ушбу сўзлар ўша тилларда кейинчалик худди биздагидек фамилияга айланиб кетгани сабаби ҳам шунда. Демак, Чингизхоннинг асл исмини туркий тиллардаги сўз маъноси, ўша пайтнинг сиёсий муҳити ва грамматикаси талабларидан келиб чиқиб, “Темирчи”, “Темир”, Темирхон, Ўзимизнинг темирчимиз, Чинтемир (бу ўринда Хондамирни ҳам унутмайлик) хонимиз, деб атасак бўлади.
Шу ўринда Чингизхоннинг ўғли Жўжихоннинг исми ҳақида ҳам яна бир мулоҳаза. Маълумки, туркий тилларда ж ва й, ж ва ч, с ва ш ҳарф ва товушлари турли элатларимиз талаффузида алмашиб келган ҳоллар кўп учрайди. Шунга асосан, “Жўжи” сўзи “йўлчи” сўзининг “ж”ловчи қипчоқ шеваларидаги ўзгарган кўриниши эканлиги аниқ.
Юқорида айтилган анча илмийнамо фикрларни оддийроқ қилиб бир жумлада мана бу фикрни айтиб кўрайлик. Чин ўз хонимиз Темирчининг ўғли Йўлчи хон. Қаранг, бу қанчалик оддий фикр бўлишига қарамасдан у бизнинг айнан қадимий манбаларни бирор бошқа тил орқали эмас, ўзимизнинг тилимизга яқин бўлган тилдан ўгирганимиз учун юзага келаяпти.
Шу ўринда ўз тилинг бойлигини билиш, баъзи ҳолларда бирор сўзнинг маъносини излаб топишда айнан бошқа тилларда қолиб кетган сўзимизнинг асл маъноси бизга ёрдам бериши ва бу ҳолатни эътироф этиш, бунинг учун ўша тилларни билиш ва айниқса улардаги манбаларни ўқиш ҳам ўта зарур ва фойдали эканлигини тушуниб етасан киши. Бу фикрни тасдиқлаш учун яна бир мисол келтираман.
Маълумки, ўтмишда аждодларимиз “сак-шак” қабилалари, деб ҳам аталган. Бу хусусда фанда турли фикрлар мавжуд. Лекин негадир бизга Шарқникидан кўра Европа, асосан, рус манбалари яқинроқдай туюлаверади. Ҳинд манбаларида сак-шак (юқорида ч, с, ш ҳарф ва товушларининг алмашиб юришлари ҳақида таъкидлаб ўтилди) қабилалари тарихда Канишка империяси ҳудудларида яшагани аниқ кўрсатилади ва “сак-шак” сўзи ҳозирги ҳинд тилидаги “шакямуна” – “саклар авлиёси” (муна санскритда авлиё) маъносини англатиши айтилади. Бунинг учун Ашвагхошанинг (тахминан 2 аср ҳинд шоири) “Будданинг ҳаёти” ёки Калидасанинг (тахминан 5 аср ҳинд ижодкори) “Сакунтала” асарлари ўрганилса кифоя.
Маълумки, шу пайтгача баъзан, туркий халқлар “ашин”га – бўрига эътиқод қилган, деган қарашлар ҳам мавжуд. Туркий халқлар тарихида зардуштийлик динининг ўрни беқиёс бўлганини, Зардуштнинг, “куч ва имконим борича, мен одамларни “аша”га, яъни, Ҳаққа, ҳақиқатга даъват қиламан…”, деган фикрини ҳисобга олиб, оташпарастлик динидаги яккахудоликни эсласак, баъзи туркий тилларда “шино” – “бўри”га оҳангдош “аша” (“ашин”) сўзи аслида “тангри” эканини уқиб олиш қийин эмас. Албатта, мен бу гапни қатъият билан, шундай, деб айтмаяпман, аксинча, муҳокама учун ўртага ташлаяпман. Эҳтимол, шу йўналишда ҳам тадқиқотлар ўтказилиб, филолог ва бошқа олимлар қатъий хулосасани айтар. Аммо зардуштийликдай буюк динни яратган, зикр этилганидай, қўшни халқларга Шакямуна – саклар авлиёсини берган халқларнинг тангри – якка худодан эмас, биз бўридан тарқалганмиз, дейишига ишонгинг келмайди. Демак, Аша бўри эмас, биз Ашиннинг, Кўктангрининг болаларимиз. Шу жойда психологлигим ёдимга тушиб, ўзимни бўри зурриётларидан эмас, Кўктангри авлоди эканлигимни англаган ҳолда руҳимда алоҳида бир мағрурлик ҳис қиламан.

Маҳмуд Йўлдошев
Психология фанлари номзоди

www.munosabat.org

Share on FacebookShare on Google+Tweet about this on TwitterEmail this to someoneShare on LinkedIn