Мирзо Турсунзода: Шеърлар

2_Mirzo_s_zhenoy_1Мирзо Турсунзода 1911 йил 2 майда Ҳисор туманидаги Қоратоғ қишлоғида туғилган.
«Шеърлар»(1939), «Ёшлик совғаси»(1947), «Менинг асрим»(1973), «Танланган асарлар»(1961-1962, икки томлик), «Олов посбони»(1977), «Куллиёт»(1971-1985, тўрт томлик), «Қалблар ошёнида»(1981), «Танланган асарлар»(1981, икки томлик), «Боқий нур»(1981), «Одамийлик сайёраси»(1981), «Танланган асарлар»(1985) каби шеърий тўпламлари (тожик ва рус тилларида), шунингдек, «Юрт қуёши»(1936), «Хазон ва баҳор»(1937), «Ҳасан аравакаш»(1954), «Осиё овози»(1957), «Гангдан Кремлгача»(1970), «Жонгинам»(1960) достонлари, «Ҳукм»(1934), «Роҳатхон»(1935)пьесалари, «Хисрав ва Ширин(1936, А.Деҳотий билан биргаликда) шеърий драмаси, «Восе қўзғолони»(1939, А.Деҳотий билан биргаликда) мусиқали драмаси, «Тоҳир ва Зуҳра»(1944), «Келин»(1945) опералар либреттоси муаллифи. Тожикистон халқ шоири(1961).
А.С.Пушкин, Т.Шевченко, Некрасов, Жамбул, Ш.Руставели, Зулфия каби қардош халқ шоирларининг шеърларини тожик тилига таржима қилган. 1934 йилдан буён СССР ёзувчилари Иттифоқининг аъзоси.
Халқаро Неру мукофоти совриндори.(1967) Тожикистон жумҳурияти Президенти Эмомали Раҳмоннинг 2001 йил 7 майдаги Фармони билан М.Турсунзодага «Тожикистон қаҳрамони» унвони берилган.
1977 йил, 24 сентябрда Душанбе шаҳрида вафот этган.

1868

МИРЗО ТУРСУНЗОДА ШЕЪРЛАРИДАН НАМУНАЛАР
Одил Икром таржималари

ВАТАН

Баҳор келди, яна бир йили ўтган
Умрим кўз ўнгимда жонланди тағин.
Сафарда ўтса-да умримнинг ярми,
Эт-тирноқдай эдим Ватанга яқин.

Ватан, тоза ҳаво, ҳур нафасингни
Уммонлар ортида сездим ҳар қадам.
Дарёларинг бериб турарди садо,
Денгизлар, тўфонлар тўсиб турса ҳам.

Ҳар лаҳза бағрингга қайтган чоғимда,
Бутунлай меҳримни сочардим дилдан.
Осмонингда учдим, тупроғинг қучдим,
Дуоларинг, қўшиқ, куйларинг билан.

Гарчанд, сайёҳ бўлиб, ёр-диёримни,
Гоҳ олисда туриб айлаганман ёд.
Ҳар ер, дунёнинг ҳар бурчида эдим
Ватан билан бирга, Ватан билан шод!

ОНАГИНАМ

Она, сендан айрилганда чақалоқ эдим,
Эслолмайман юз, қоматинг, қошу кўзингни.
Йўлларингни, изларингни тополмай букун,
Ҳар кўчаю ҳар эшикка урдим ўзимни.

Қишлоқдаги кампирлардан сўрадим сени,
Суҳбат қурдим қабрингдаги тош билан маъюс.
Қулоқ солдим дарахт шохин ҳар садосига
Ва саҳройи чечакларга келдим юзма-юз.

Дарё дердим, сувим ичиб қуритганларни,
Тоғ деганим оғушимдан кўчди қоядек.
Fўза дердим, оқ бўзимни кийиб олганни,
Бирга сигир соққанларни билдим доя(1) деб.

Булоқ дердим, келганларни кўза кўтариб,
Нишим яра қилганларни атардим тикон.
Чақмоқ дердим, нигоҳини олиб қочганни,
Булут дердим, ким йиғласа мендай бефиғон.

«Шариатдан, тариқатдан хабардор эди,
Заҳардан ҳам аччиқ эди томоғида бол.
Бу дунёда шўрлик онанг, бечора онанг
Бир муштипар эди, тинчин йўқотган аёл…»

Дерди ёши юздан ошган бошқа бир кампир:
«Онанг лабин чеккасида бор эди бир хол.
Кулчаюзли, сочи чилвир, қадди ниҳолдай,
Жим турарди билағонлар берганда савол…»

Онагинам, меҳрингни мен қалбимга кўмиб,
Уйғоқ ёдинг ичра кун-тун кезарман бедор.
Бир муносиб хизмат қилиб ёр-диёримга,
Қилгим келар қабринг узра шеъримни шиор.

Ёдинг боис – қишлоқ менинг кўнглимга яқин,
Мовий осмон, кумуш дарё бағрига чорлар.
Суюклидир ҳамқишлоқлар – муҳаббатда тоқ,
Мактаб томи узра ҳануз ол байроқ порлар.

Шеърларимдан онагинам садоси келар,
Қишлоқ десам, онам ёди ўртар пинҳона.
Дегим келар, кекса кампир дуч келса ҳар гоҳ:
Токи борман, бўлгин онам ўрнига она!..

ҲАР ДОИМ БЎЛСИН АЁЛ

Денгизда турса тўфон, дерлар:
– Қуёшнинг иши!
Шамол кўтарса исён, дерлар:
– Қуёшнинг иши!

Булут келтирса қору ёмғир – қуёш гуноҳкор,
Жола бўлиб, тош ёғса бир-бир – қуёш гуноҳкор.

Тўрт фасл пайдо қилар ёғду таратган қуёш,
Гоҳ ушалмас армон, гоҳ орзу таратган қуёш.

Гуллаб-яшнар ер-осмон қуёшнинг навосидан,
Гулшанлар бўлгай хазон қуёшнинг хатосидан.

Қиш совуғи, баҳорий илиқлик – қуёш боис,
Тун зулмати, кундузги тиниқлиқ – қуёш боис.

Шимол томон ёришган чоғлар – қуёш туфайли,
Боши узра заррин туғ тоғлар – қуёш туфайли.

Бундан кейин ҳамма дер: Ҳар доим бўлсин қуёш,
Ерга ёр бўлсин доим, осмонга тўлсин қуёш!

… Аёл қуёш наслидан экан, гоҳ олийжаноб,
Гоҳ дилбарлик қилгайдир, гоҳ дилни айлар хароб.

Гоҳида тонг файзидай сокингина, ғаройиб,
Хазар денгизи янглиғ гоҳида кетгай тошиб.

Гоҳ асалдай ёқимли, ширин, хуш бўй уфургай,
Гоҳ денгиз юзидаги тўлқин каби қутургай.

Гоҳ тириклик айшига бағишлайди ҳаловат,
Гоҳ тилин найзасидан дилда қолар жароҳат.

Гоҳ иффатли, ҳаёли, гоҳ шаккокдир бу золим,
Гоҳ шод-хуррам, гоҳ ғамгин, гоҳ қаттиқ, гоҳ мулойим.

Аёл қуёш наслидан экан, гоҳ олийжаноб,
Гоҳ дилбарлик қилгайдир, гоҳ дилни айлар хароб.

Бундан буён ҳамма дер: Ҳар доим бўлсин Аёл,
Аёл бор – ҳаёт гўзал, умримиз топмас завол!

ОНА ҚАЛБИ

Йиғламоқдан сув бўлса дил, у дил менинг жон, дилимдир,
Кўз ёшига ғарқ бўлса гар манзил, менинг манзилимдир,
Агар осон бўлмаса ҳар мушкил, менинг мушкилимдир,
Дарё мавжи ўпирган ул соҳил, менинг соҳилимдир.

Гарчи шаҳид бўлган фарзанд доғин ёвуз жангда кўрдим,
Гарчи не-не ёт, бағритош савдосин ҳар дамда кўрдим,
чоҳ қазганни чоҳ остида кўрайин деб, умид билан
Ўлмай, кўзим бирла ажал рангин минг хил рангда кўрдим.

Ўлмай, яшаб, мурғагимни асраб, умр ато қилдим,
Тўй кечаси кўзларимдан қувонч ёшин раво қилдим,
Кўз ёшларим маржон каби тизилганда, маржонларни
Келинларга ҳадя айлаб, оналардай дуо қилдим.

Тоқатим йўқ ғамга, фарзанд доғин бошқа кўрмай сира,
Куйдириб кул айлагувчи ёнғин бошқа кўрмай сира,
Етим қолган гўдакларнинг оҳин бошқа кўрмай сира,
Одам умрига етган хавф чоғин бошқа кўрмай сира!

ГАР АЁЛ ОТАШ БЎЛМАСА

Гар аёл оташ бўлмаса, хом бўлардик барчамиз,
Етилмаган май тўла бир жом бўлардик барчамиз.

Гар аёл бахш этмаганда биз учун боқий умр,
Бетахаллус, бехабар, беном бўлардик барчамиз.

Гўдакликдан туймасак иссиқ бағирнинг тафтини,
Муҳаббатдан бехабар ноком бўлардик барчамиз.

Соғмаса кўкрак сутин гар кўзимиз ичра она,
Туғма кўру бенаво айём бўлардик барчамиз.

Гар аёл кўрсаимаса бизга одобдан йўл-йўриқ,
Зотимиз айниб бутун, бадном бўлардик барчамиз.

Гар аёл оташ бўлмаса, кулбамиз кетгай совиб,
Зулмат ичра қоп-қоронғи шом бўлардик барчамиз.

Гар аёл бизни суйиб, ўргатмаганда илк калом,
Бир сўз демай, сақлаб сукут, лом бўлардик барчамиз.

Қурмасак олам гар аёл оташи ичра ёниб,
Қабр тошидай совуқ пайғом бўлардик барчамиз.

НОН УШОFИ

Нон ушоғин ердан бир-бир олиб, кўзимга суртарман,
Иссиқ, меҳнат нонига разм солиб, кўзимга суртарман.

Мен қачондир ўроқчилик қилганман, ёнимда ўроқ,
Ўрганимни гоҳи боғлаб, гоҳида терганман бошоқ.

Тинглаб хирмон янчган деҳқон хиргойисин ва нағмасин,
Эшитардим гаврончўпнинг тушганда оғир зарбасин.

Тентирардим тоғ-адирда оёқяланг, очу наҳор,
Кифтга ола хуржун илиб кезганман ночор, бемадор.

Саҳрода қолган сомондай кун-тун тўзғиб кезар эдим,
Бебош, дайди шамол янглиғ тиним билмай эсар эдим.

Ушбу кунда маҳалламиз новвойи ҳар тонг отган чоғ,
Эшигимга келтиради ўзи ёпган нонин қайноқ.

Келинчаклар хонасини қоплагай ҳар висол тўйи,
Кўчаларни тўлдирганда ширмой ноннинг тотли бўйи.

Эгат узра бошоқчалар бошин эгиб турган пайтлар,
Ёшу қари шодлигини бир-бирига пайванд айлар.

Нон ушоғин териб ердан, букун кўзимга суртарман,
Кўриб, ифтихор қилганим учун, кўзимга суртарман.

ЮЛДУЗИМ

Кўрмадим сени тун аро, Юлдузим,
Шуъла сочсанг порлар само, Юлдузим!
Осмон юлдузларин санаб бирма-бир,
Бироқ, сенсиз қилдим хато, Юлдузим.

Порла, тонг отмоқда илиқ, Юлдузим,
Тонг каби мусаффо, тиниқ, Юлдузим!

Тонглар – умид бўлиб милтиллаган чўғ,
Мен келар йўлингдан кўз узганим йўқ,
Кўзимдан уйқуни ҳайдадим буткул,
Сенга вафодорман, бундан кўнглим тўқ.

Порла, тонг отмоқда илик, Юлдузим,
Тонг каби мусаффо, тиниқ, Юлдузим!

Нозик бармоғингни қўмсар пахтазор,
Сен-ла гаров ўйнаб, ютиш завқи бор,
Мен сенга ҳамиша хайрихоҳдирман,
Умидворман, сира қолмассан ночор.

Порла, тонг отмоқда тиниқ, Юлдузим,
Тонг каби мусаффо, тиниқ, Юлдузим!

Гарчи исминг Юлдуз, Юлдузсан ўзинг,
Юлдуз каби ёруғ порлайди кўзинг.
Юрт сенга тағин бир юлдуз бахш этди,
Жуфт бўлди, жуфт бўлди сенинг юлдузинг!

Порла, тонг отмоқда илиқ, Юлдузим,
Тонг каби мусаффо, тиниқ, Юлдузим!

НАИЛОЖ

Сени соғиндим тоғ-тошим, наилож,
Сендан олисман, диёрим, наилож.

Атрофимда кўрдим биёбрнларни кўп,
Гулим, бўстоним, баҳорим, наилож.

Ўтиб кетар ёнимдан ёт, бегоналар,
Қайда ул хешу таборим, наилож.

Юртга қайтиш ёлғиз иложим бўлса гар,
Бу мақсад кун-тун шиорим, наилож.

Ватан – содиқ ҳамроҳ менга сафарларда,
У ғурур ва ифтихорим, наилож.

Мен Ватанни соғиндим, ҳар даҳза кўздан
Томди кўз ёш, интизорим, наилож.

Шеърлар Одил Икром томонидан тайёрланган «Замонавий тожик шеърияти» тўпламидан олинди.

http://kh-davron.uz

Share on FacebookShare on Google+Tweet about this on TwitterEmail this to someoneShare on LinkedIn