Юсуф Расул: Кўнгилдаги масофа

yr1

 

Шеърлар

”Талабалик дафтари”дан.

Онамга…

«Бу дунёда ғам ема» дединг,
«Қайғу чекма» дединг муттасил.
Мен-чи едим барча ғамларни,
Қайғу чекдим тинмай тўрт фасл.

Бугун эса бор-йўқ умримни,
Ҳаётимни қўйиб қийноққа.
Оғриқларга тўлиқ дил билан
Чиқиб кетдим сендан йироққа.

****

Акам Шуҳрат хотирасига

Сўзлагин…
Қайларга бош олиб кетай,
Тунгами, кунгами сочай қалбимни.
Сенинг кўз ўнгингда йўқолай-йитай,
Мен қандай топширай сенга умримни?

Айт ахир…
Қайларга кўмдинг жисмимни,
Нега мен гирёнман, ҳайрон, девона?
Нега сен унутиб қўйдинг исмимни,
Нега мен дунёга бўлдим бегона.

Сочларинг – анбардир.
Рўйинг-суманбар,
Хаёлларинг банддир қайга, жувонмард?
Сўзларинг-титроқдир,
Кўзларинг-фироқ,
Сочларинг –байроқдир,
Йўлларинг –йироқ.

Сенингми-кўк, ҳилол,
Менингми-тупроқ.
Сенингми – ишқ, висол,
Менингми- фироқ.
Сенингми – бу олам, менинг паноҳим,
Сенингми – шунча ғам, менинг гуноҳим?!
Айт ахир…

****

Энди қайтмас кунлар ёди қийнайди,
Хаёлимни қамрар тунлар сиёҳи.
Боролмайман қишлоғимни соғиниб,
Ғаддор қисмат ўйиними бу ёки?

У томондан бир мунгли кўз боқади,
Тентирайман чумиб хаёл домига.
Қайга борсам таъқиб этар бу нигоҳ,
«Юрма,-дейди,-ўғлим кўнгил ройига».

Унутолмай қийналади юрагим,
Гарчанд унга изн бермам, бермам йўл.
Ақл, шуур дунё ғамин ўйласа,
Онажоним, сизни дейди бу кўнгил.

****

 

Ўзбекистонда қиш

Оқ кўрпа ёпинган далалар тағин
Қуёш нурларида товланар майин,
Бу қандай латофат, бу қандай чирой,
Кўзларим қувонар қараган сайин.

Азизим, ахир қиш, бу-дилбар фасл,
Ҳув олис тоғларни буркар оқликка,
Далалар, гул боғлар ором олар жим,
Қор ҳусн бахш этар бутун борлиққа.

Яшагинг келади ҳар он қайтадан,
Гўдаклар кўзида турфа ҳаяжон,
Мен сени севаман, азиз Ватаним,
Мен сени севаман ҳур Ўзбекистон!

****

Сен кетгач…

Сен ўзинг ҳақингда маҳзун, соҳира,
Ҳазин хотиралар қолдирдинг бир тўп,
Сўнг кетдинг… Девона шамоллар билан
Тилсиз хаёлларинг келдилар қайтиб.

Бебурд вужудимдан ҳайдалган юрак,
Намхуш хотиранинг гўшаларида,
Тийра кўзларингдан томган ёғдудан
Жон олди бу ялдо кечаларида.

Сенинг бахт ҳақидаги фасоналаринг
Ўзидан улоққан девоналардай,
Қайтдилар, қайтдилар мендан жой сўраб
Хаёл деб аталган кошоналарга.

Сен кетгач… омонсиз қийноқлар ичра
Дучор бўлиб қолдим ўзимга-ўзим.
Сен кетгач…хотира кўзгуларидан
Танидим ва топдим сени, юлдузим.

****

Ниҳоят мен келдим қаршингга,
Сўзла энди бор нафратингни.
Айт, яширма, юрагимга соч,
Ғазаб билан муҳаббатингни.

Мен барибир кетаман бундан,
Гапир, ғамга тўлсин сўзларинг.
Токи бир кун қийнасин мени
Изтиробли, маҳзун кўзларинг.

****

Энди сенга яшаш қувончли,
Кўзларингда юз очар баҳор.
Худди мунис қалбингдек сирли,
Тўлиб оқар биз севган анҳор.

Севинчингга монанд силкинар,
Бизга сирдош кўм-кўк майсалар.
Эслайсанми, ўша тун бизни
Мавҳ этганин ўтли бўсалар.

Олам гўзал…
Тип-тиниқ осмон…
Ой юлдузлар ёритар тунинг.
Кўзларингга сиғмас бир маъно:
Бугун сенинг туғилган кунинг.

****

Юрагимда неки бор бўлса
Йитди-ю, айланди руёга.
Ишқ туфайли, севги туфайли,
Улар дунди нури зиёга.

Бир дилгир табассум излабми,
Ё жонбахш қайғуми… кўзларим?!
Сувга чўкди ёшларга тўлиб,
Ўтга тушиб ёнди сўзларим.

Сен адашдинг умрим йўлидан,
Кечиб муҳаббатим, қадримдан.
Мен дунёдан ўтмасдан бурун,
Дунё ўтди оғриқ қалбимдан.

****

Онажоним, менинг мунис онажонгинам,
Қаранг, оппоқ либос кийди далалар тағин.
Боз қайта фусункор бўлди бу олам,
Боз қайта оқликка бурканди замин.

Қиш – соғинч фаслидир.
Энтикар юрак,
Эски дард, андуҳлар уйғониб келар.
Бурчакка қарайсиз, жавон ёнида
Отамнинг йўқлиги дарров билинар.

Онажоним, менинг мунис онажонгинам,
Қаранг, қандай гўзал эрур бу фасл.
Бу дам дилингизни андуҳ тарк этар,
Қайғулар қувончга дўнар муттасил.

Осмондан қор эмас, кўнгил ёғади.
Гўёки тўкилар фалакнинг дарди.
Олис кенгликларга қарайсиз ичкин,
Оқариб боради оламнинг ранги.

****

Дунёдан ўтарлар одамлар,
Унутилар риё, адоват.
Бахиллигу макру хиёнат,
Фақат қолар ёруғ муҳаббат.

Сен рўёсан, менда ўткинчи,
Умр ва вақт алдаб кетгувчи.
Инсонийлик сирин очгувчи –
Муҳаббат қолажак, муҳаббат.

Хазонларни супурар шамол,
Бир барг каби умр ҳам увол.
Дунё асли дунёмас – завол,
Муҳаббат мангудир, муҳаббат.

****

Сўзлари маъноли қиз,
Солиб дилга ёруғ из,
Сен кетдинг – ўртамизда
Қолди муҳаббат ёлғиз.

Ёлғиз қолган муҳаббат,
Ҳижрону азоб гўё.
Тошдек мунғайиб қолган
Менмас – армонли дунё.

Армонли дунёдир ул,
Севгим – сочлари сунбул.
Сендан қолгани фақат
Кемтик ва зада кўнгил…

****

Абдулҳошим тоғамга

Биз келсак – майсалар титрайди,
Гуллар уйғонади изларимизда.
Тоғлардек фарёдлар юксалар,
Қайғулар туғилар кўзларимизда.

Биз кулсак – ёмғирлар йиғлайди,
Ўзидан улоққан йўлларда.
Йиғласак – аламлар кулади,
Тентираб кимсасиз чўлларда.

Биз кетсак – бағрига олади
Ўзидан адашган дунёлар.
Биз кетсак – тўлғониб қолади
Ўзанига сиғмай дарёлар.

****

Тунлар тавбасига таянар,
Ҳар лаҳза ўзини ҳис этар осмон.
Сен кетасан – ортингда қолар
Бир вужуд – тулғониб беомон.
Қақраган, қақшаган бу вужуд ичра
Бир сен яшайдирсан, мен яшамасман.

Кўкда-да кимдир бор, у сени чорлар,
Чорлар-да қайтадан отар заминга.
Вужудинг мих каби қоқилар ерга,
Фақат бошинг қолар… таъзимга.
Мени самоларга кўтарган сенсан,
Сени тупроқларга ботирган ўзим.

****

Кузги боғ

Руҳим заминига кузак чоғларда
Сарғайган япроқдай тўкилиб хаёл,
Сен кетсанг, тун чўккач ўша ёқларга
Адирлар югурар кўтариб ҳилол.

Сукунат бағрида оғир тин олиб,
Субҳидам уйғонган ажиб чоғларда,
Менинг бу девона юрагим қолиб
Дарахтлар йиғлайди кузги боғларда.

****

Илкис кўтарилган қушлар галаси
Бизнинг руҳимизни талаб, суғуриб,
Олиб кетадилар ҳув кенгликларга,
Маъюс хаёлларга белаб, йўғириб.

Қарайсан – куз, ҳорғин, афтода, ғариб,
Сенинг кўнглинг каби ўксук, паришон,
Қарайсан – менинг ҳам кўзларим ёруғ,
Қарайсан – атрофда алданган ҳижрон.

Қарайсан – ишқ –ўлат ҳайдаган кўнгил
Эркталаб қушларнинг қанотларида,
Кўтарилиб борар тупроқдан олис
Хаёлдай бокира самовотларга.

Қарайсан – ўзингдан йироқларда жим
Кетиб бораётган ўзингга ҳолсиз.
Қарайсан қушларнинг шивирларига
Алданган руҳингга мажолсиз.

Қарайсан…
Қарайсан, топа олмайсан,
Излаганинг кимдир?
Йўқотганинг ким?
Ўлим пойлаб турган эшикка томон
Йўл узоқ кўринмас ўзга бир манзил.

****

Менинг умрим – сенга етгунча
Соғинч ва қайғуга тўлиқдир.
Менинг умрим кета – кетгунча
Ўз умримдан анча улуғдир.

Шундай экан қандай тарк этай
Улуғворлик деган туйғуни?
Ҳижрон қолиб мен сени нетай?
Қайга кетай ташлаб қайғуни?

****

Қаричлаб, белгилаб чораларимни,
Хаёлимга тизиб бор имконимни.
Кетиб бораяпман ҳаёт оралаб,
Танимга яшириб сабил жонимни.

Кўзларимдан кимдир атрофга боқар,
Қалбимда қўр тўкиб ўтирар кимдир.
Кетаяпман… ўзимдан хавотирланиб,
Ичимдаги кимдир ҳанузки жимдир.

Мен хаёл сурсам у менга қўшилар,
Қарасам ичикиб боқар кимгадир.
Сўзласам ёнимда туриб сўзлайди,
Йиғласам, йиғлайди у ҳам негадир.

Деразани очиб қўйинглар энди,
Очинглар дунёнинг дарвозасини.
Биз ҳам ташқарига қарайлик ахир,
Эшитайлик кўнгил оввозасини.

****

Хумоюнга

Сен дунёга келганда ўғлим,
Мен яшашдан безгандим чунон.
Сояларнинг дунёсида рост
Қийин эди ҳалол яшамоқ.

Шунда ногоҳ ёришди кўнглим,
Сен келдинг қалбимга суянчиқ бўлиб.
Билмайсан дунёда нималар бордир,
Жимгина ётасан кўзларинг кулиб.

Ўғлим, бу ҳаётдир, биларсан бир кун,
Ғаму шодлигини татиб кўрарсан.
Мен келсам қувониб куларсан шодон,
Гар кетсам ортимдан қайтиб келарсан.

****

Тобора тўкилиб юрагим тутдай,
Тобора қисқариб бормоқда йўлим.
Эгасига интизор итдай
Пешвоз чиқиб келмоқда ўлим.

Мазмунини йўқотиб қўйган
Дунё турар қаршимда сассиз.
Ташландиқ уй мисоли – куйган,
Менинг қалбим шундай кимсасиз.

Сен-да кетмоқдасан – ортингдан
Эргаштириб хуш чоғларимни.
Ҳисларимни сочиб – туртинган,
Бўм-бўш қилиб қучоқларимни.

****

Сиз мендан қувончни сўраманг,
Қайғулар банд этсин суроғингизни.
Ғафлатни ёпинган дунёни эмас,
Сиз менга ишонинг юрагингизни.

Шамоллар ўйнасин саргашта руҳни,
Хаёллар фол очсин қисматимиздан.
Мен сизга ишонай муҳаббатимни
Ўчириб ташламанг юрагингиздан.

Майлига, уяйлик вақт тоғларини,
Жимгина кутайлик ўз-ўзимизни.
Токим гулим, бир-биримизга
Ишониб яшайлик юрагимизни.

****

Бир узун кўчанинг бир узун сочли
Бир маҳзун чеҳрали гўзал санами.
Бу қишлоқ тор бизга, юргил, кетайлик,
Ҳув олис шаҳарга бошлагин мани.

У олис шаҳарнинг тош қотган, ғариб,
Ҳиссиз дийдалари ҳайдаса бизни.
Қўрқма, кенгликларга кетамиз чиқиб,
Азобдан қутқариб юрагимизни.

Агарда севгилим, агар тоғ-тошлар
Қийнаса, яшашга бермаса имкон.
Бизда бир илож бор, илож бор ахир-
Менинг юрагимни этгали макон.

****

Оғриқ оқиб тушар товонларимга,
Дардимни эзғилаб яшашим керак.
Сен ҳақдаги ожиз хаёлларимдан
Умидимни узиб ташлашим керак.

Лаззат бор изтироб беланчагида
Маъни йўқ ғафлатда чарчаб толишдан.
Шу буюк соғинчнинг келажагида
Қўрқаман ўзимни англаб қолишдан.

****

Саодатга

Мен сени кимларга қолдирдим, гулим…
Наҳотки билмадим – бу вужуд хоин.
Бир кун адо қилар сени кўзларим,
Бир кун хароб қилар юрагим тайин.

Мен сени кимларга бердим севгилим,
Наҳотки ишондим телба кўнглимга.
Наҳотки ишондим, наҳот ишондим
Сендек фариштани ёлғон умримга!?.

****

Сенинг кўзларингда телба дунёнинг
Телба хаёллари акс этар гулим.
Сенинг кўзларингдан излайман нажот,
Сенинг кўзларингдан топаман ўлим.

****

Кўзларимни эзғиласа дард,
Узун фарёд ботса қалбимга,
Хаёлимни санчаман ногоҳ
Мудраб ётган бўм-бўш қабримга.

Мен яшайман- руҳ кўкка тортар,
Ғофил дилни, ғамни, сабримни.
Ожиз, осуд сукутим билан
Уйғотаман бир кун қабримни.

****

Рангсиз осмон менинг қалбимга
Тушар, чўкка тушиб ёлворар.
У мендан сенимас азизим,
Менинг ўзлигимни ахтарар.

Мен йўқман гуё бу вужудда,
Мен ўзимдан ўлдим олдинроқ.
Сенинг ишқинг, ҳижронинг билан
Ўлимим ҳам бўлди ойдинроқ.

****

Тушун жоним, йўлимиз айро,
Бирга кетолмаймиз шу куйи.
Мен ёнингдан кетаман – ҳайрон,
Сариқ барглар каби тўкилиб.

Иккимизга тортиқ шу қисмат,
Қолар мунглиғ, кўзлари гирён.
Бегуноҳ қалб мусичалари –
Умримиз ҳам қайдадир сарсон.

Сўз излайсан – бахтга муносиб,
Кўзларингда ўтинчли тилак.
Менга тунлар азоб беради
Сенинг исминг ўйилган юрак.

****

Ўшал тонг чоғида менинг қалбимга
Бир ҳазин оҳанглар келдилар қайтиб.
Қалдирғочлар қайтди симёғочларга,
Сен-чи? Кетдинг алвидо айтиб.

Ўшал тонг чоғида шўх қалдирғочлар
Бир телба ошиқни этдилар сархуш.
Улар-да қайтдилар шўх наво билан,
Фақат сен қайтмадинг севимли оққуш.

****

Йироқлар ҳам йироқлашади,
Узаяди уззукун тунлар.
Сени бекор сўроқлашади
Юрагимдан ўтаётган кунлар.

Бир ичикиш дилни ўрайди,
Дил ўрайди бир энтикишни.
Хаёлларим мендан сўрайди
Фақат, фақат сен келишингни.

Кундан ғолиб, тунлардан ғолиб
Юрак аҳди сенсиз кетмоқдир.
Ҳижрон – қолмоқ қайғуни олиб,
Ҳижрон – асли ўзни билмоқдир.

****

Суратдаги қиз

Турмуш ўз йўлига, ғаму қувонч ҳам
Ҳаёт оқаверар босиб кўнглингни.
Сенга таништирмоқ истайман гулим,
Кўзларинг тубидан боққан кимсани.

У ҳаё ва ибо макони булиб,
Қалбингдан талпинар нигоҳларингга.
У шундай бир сирли назокат билан
Табассум қўндирар дудоқларингга.

У шундай бир ажиб хилқат эрур рост,
Кел, аён этайин, у – сенинг руҳинг.
У – Тангри инъоми, йўқ Тангри сири,
У – инсон асрори, йўқ, сенинг ўзинг.

****

Поездда

Сен осойиш ухлайсан, гўзал,
Киприкларинг қабоғинг ёпар.
Поезд елар…
Ташқари совуқ,
Ҳисларимни соғинч уйғотар.

Зор нигоҳим боқар, ичикар,
Қучоҳим ҳам бўм-бўш изиллар.
Капалаклар – интиқ лабларинг
Пирпирар, қўнмоққа жой излар.

Сен осойиш ухлайсан, гўзал…

****

Ўзингга ичикиб қарайсан маҳзун,
Ўзингдан излайсан бору йўғингни .
Ўзингга чирмашиб яшайсан ҳамки,
Ўзингга тортасан руҳингни.

Қачонгача ахир худбинлик,
Қачонгача бир танда яшаш?
Қўйиб юбор сенга бандилар
Ўзи учун бошласин кураш.

****

Мен адашиб кетдим севгилим,
Шум тақдирнинг кечаларида.
Соғинчингдан чироқлар ёқдим,
Юрагимнинг кўчаларида.

Манзил излаб телба-ю ғариб,
Йўл топмадим то саҳаргача.
Лекин чироқ ёниқдир ҳануз
Юрак деган бу шаҳарчада.

****

Туманли йўлларда телбавор кезиб,
Жумбоқ саволларнинг бағрини тилдим.
Осмоннинг пойида туриб жимгина
Осмонга тикилдим, тикилдим…

Кўзларим қамашди мовий кенгликдан,
Руҳимда кимнингдир кафтини сездим.
Безовта ҳаяжон инган фалакдан
Бир мунис нигоҳнинг тафтини сездим.

У ҳам мен сингари бечорамикан,
Ё ишқда оввора, бешак билмадим.
Ўзимдан улоқиб беимкон, бесас,
Йиғладим, йиғладим, йиғладим…

****

Мактубларим кетди сен томон
Чопар бўлиб кетди сўзларим.
Кечир жоним мен боролмадим,
Йўл бермади қайноқ кўзларим.

Юрагимнинг қафасин бузиб,
Сени излаб кетди кунларим.
Ойлар, йиллар, асрлар кечди
Хаёлидан ғамли тунларнинг.

Туйғуларим улоқиб сарсон,
Хаёлларим чирпираб – вайрон ,
Жисмим уйин бузганда чунон,
Сен томонга жўнади ҳижрон.

Сабил қолган бу муҳаббатим,
Ва нафратим шунчалар ғариб,
Вужудимга сиғмайин бу кеч
Улар кетди сени ахтариб.

Ва ниҳоят мана мен ношуд,
Бор-будумни сен томон йўллаб,
Қолиб кетдим бу кенг дунёда
Қуруқ жисм, бўм-бўш қалб билан.

(1988-1992 йиллар).

www.munosabat.org

Share on FacebookShare on Google+Tweet about this on TwitterEmail this to someoneShare on LinkedIn