Асқар Маҳкам – ҳақпараст ва эркпараст шоир!

hasanboy goyib

 

Ҳасанбой Ғойиб

«Эрк» дединг бўғзингни қиличлар тилди
Ва сўзлар дорига осилдинг»

«Ҳақ» деган шоирнинг кесувлик умри
Яшардинг безабон қул бўлганингда.
Бари бир сиртмоққа борардинг тўғри
Халлож замонида туғилганингда».

Асқар Маҳкам.

Ҳақпараст шоир ва форс-тожик адабиётининг нуқтадон билимдони(мутаржими) шодравон Асқар Маҳкам замонамизнинг маърифатли шоирларидан эди. Асқар Маҳкам ўзбек адабиётини форс-тожик ва туркий классик шоирларимизнинг адабий меросидан сарчашма олган пурмазмун ижоди билан бойитди.

Чақмоқдек умр кўрган шоирнинг Тошкенти азимда «Наврўз», «Ибодат», «Ишқ», «Таважжуҳ», «Тазарру», «Маънавий-маснавий» китобининг биринчи дафтари таржимаси, «Авесто» таржима китоблари, Душанбеда «Ҳақ», «Оқ китоб»номли китоблари, Эронда «Табриз дафтари», Мавлоно Румийнинг «Шамсий Табризий» ғазаллари таржима китоблари чоп этилди.

Форс-тожик классик шоирлари Мирзо Абдулқодир Бедил, Адиб Собир Термизий, Ҳожа Ҳофиз, Мавлоно Жалолиддин Румий ҳазратларининг орифона ва ошиқона ғазаллариниюксак маҳорат Билан ўзбек тилига таржима қилди. Замонавий форс-тожик шоирлари Нодир Нодирпур, Аҳмад Шомлў, Имом Ҳумайний, Шаҳриёр, Маҳдий Шерозий (Эрон), Устод Лоиқ Шерали, Низом Қосим, Сайф Раҳимзоданинг шеър ва ғазалларини ўзбек тилига ўгириб ўзбек китобхонларига туҳфа қилди.

Ушбу таржималар бетакрор шоирнинг ўзбек адабиётига қўшган улкан ҳиссаси бўлса, тожик адабиёти тарғиботи учун ҳам қилинган шоён хизматларидан ҳисобланади.

Исломий Маърифатимиз пирларига маънавий шогирд тутинган шоирнинг ўзи яратган гўзал ва жаззоб шеърлари ва ғазаллари ҳам ўзбек шеъриятининг нодир намуналари қаторидан ўрин олди.

Миллатпарвар шоиримиз Шавкат Раҳмон ўзиниг «Ватан» газетасидаги бир суҳбатида шундай деган эди:
«Шеър буюк севинчдан ёки буюк фожиадан дунёга келади, танҳоликда яралади, танҳоликда ўқилади. Башар фожиасини, миллат фожиасини ўз фожиаси билиб ўртанган шоир ҳақиқий шеър бахтига муяссар бўлади. Шеър ёзиш эса ўлим билан юзма-юз туриб гаплашган билан баробардир».

Асқар Маҳкам инсоният тарихидаги энг фожеали, зиддиятларга тўла, муқаддас Ислом динимизга тажовуз кучайган бир даврда миллатнинг ҳақпараст ва эркпараст шоири бўлиб майдонга келди. Маърифатпарвар шоир Абдулло Зуҳур ўзининг Асқар Маҳкам ҳақидаги мақоласида шундай ёзади: «Дунёнинг мутлоқ соҳиблигига даъвогарлар асримиз сўнгида ўзларининг ашаддий душмани деб билган коммунизм ғояси ва бунга амал қилаётган давлатларни чилпарчин этгач, энди буюк ислом ғояси ва мусулмон оламига қарши аёвсиз ҳужум бошлашди».(«Қаттиқ иймон шоири» ).

Ягона мусулмон миллатининг қайғуси билан яшаган зийрак шоир мусулмонлар бошига тушган фожеа сабаблари ва бу фожеанинг даҳшатли оқибатларини дарк қилиб улгурган эди. Минг афсуслар бўлсинким, бир пайтлар Ислом тамаддуни бешиги бўлган кўҳна «Турон кенгликларида» (Шавкат Раҳмон ибораси) истиқлолга эришган давлатлар аввал «шўролар пошнаси остида топталган» бўлса, энди турли адовату низолар, фитналар исканжасида эзилмоқда эди. Жабрдийда «элга ўзлигини танитиш қандай эркпарвар шоир учун виждон бурчига айланди». (А. Зуҳур «Қаттиқ иймон шоири»). Элга ўзлигини танитиш дегани-миллатга ўз динини англатиш, элга ўзлигини танитиш дегани –аждодларимиздан мерос бўлиб қолган бой қадим маданиятимизни тарғиб қилиш демакдир. Чунки «Ким ўзлигини англаса Худони англайди» дейдилар машойихлар.
«Қўллари ток зангига, кўзлари ойга айланган» Биби Эна тимсолидаги элимизга фақат ўзлигини англаган, иймонли, фарзандларгина мададкор бўлиши мумкин эди. Фақат эътиқоди бутун жонкуяр фарзандларгина «Юраклари сел бўлган бемор Ватан»нинг дардига малҳам бўлиши, «юрак-бағри оқиб тушган Ватан»га фожеалар исканжасидан қутилиш йўлларини кўрсатиши, унинг ҳимояси учун «ўлим билан юзма-юз туриб гаплашиши мумкин» эди.

Миллат фожеасини ўз фожеаси деб англаган шоир Асқар Маҳкам ўз асарларида халқни энг аввало яхшиликка-Иймонга даъват қилади.

Маълумки, Иймон Ислом динимизнинг беш фарзидан биринчисидир.

Шу ўринда Иймон ҳақида тўлароқ тушунча олиш учун замонамизнинг мутафаккир олими Шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф ҳазратларининг «Иймон» китобига мурожаат қилсак. Шайх Муҳаммад Содиқ Муњаммад Юсуф ҳазратлари «Иймон» номли китобларида «Бақара» сурасининг 177-ояти каримасини шарҳлар эканлар шундай ёзганлар:

«Бу ояти каримада яхшилик бир неча қисмга бўлинмоқда:

1. Иймон. «…Аллоҳга, охират кунига, фаришталарга, китобга, Пайғамбарларга иймон келтириш…»
Аллоҳга, Унинг борлигига, сифатларига, исмларига, ягоналигига, тарбияткунанда эканлигига, илоҳлигига иймон келтириш, Охират кунига, яъни қиёмат қўпишига иймон келтириш, фаришталарга, уларнинг сифатларига иймон келтириш, китобга, яъни Аллоҳ таоло томонидан бандаларни ҳидоятга бошлаш учун туширилган илоҳий-самовий китобларга иймон келтириш, Аллоҳ таоло юборган Пайғамбарларнинг бирортасини ҳам қўймасдан ҳаммасига иймон келтириш.
Ушбу иймон келтиришлар яхшиликнинг боши ва асосидир. Бусиз, яъни иймонсиз ҳеч қандай яхшилик бўлиши мумкин эмас. Чунки, кимнинг Аллоҳга, охират кунига, фаришталарга, китобларга, Пайғамбарларга иймони йўқ бўлса, ундан яхшилик чиқмайди. Чиқса ҳам, доимий бўлмайди. Бирор сабабга боғлиқ бўлади. Ўша сабаб тугаса. Яхшилиги тугайди»
Демак, кимнингки иймони бўлмаса ундан яхшилик чиқмайди.
Асқар Маҳкам ёзади:

Иймоннинг кифтида турар осмонлар,
Иймонсиз қавмнинг қошига келманг.
Бундай қавм қўлига, эй, мусулмонлар
Қуръон ҳам бермангиз,
Қилич ҳам берманг!

Афсуски, миллат эркинлигига, бирлигига раҳна солаётган энг катта хавф олдида минтақада жойлашган давлатлар бирор бир федерациягами, иттифоққами бирлашишлари керак эди. Мустақил давлатлар мисолида эса истиқлолият учун курашган ҳур фикрли зиёлилар, мамлакатларимиз мустақилликка эришилгач, «ман-ман»лик даъво қилмасдан ягона мақсад атрофида бирлашиб, миллатнинг маънавияти билан шуғуллансалар фойдалироқ бўлар эди.

Шодравон ҳожи Камол Эримез Туркиядан келиб мактаб очиб, фарзандларимизнинг маънавиятини, маърифатини ошириш учун хизмат қилаётган бир пайтда, биздаги баъзи «зиёлилар» улуғ шоиримиз таъбири билан айтганда «Маҳалла-маҳалла бўлиб Миллатни улоқдек тортқилашди». (Шавкат Раҳмон ибораси). Шу ўринда Шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф ҳазратларининг миллатимиз учун қилаётган буюк хизматларини эътироф этишимиз лозимдир.

«Худонинг хос худайчилари» (Асқар Маҳкам ибораси) бўлган баъзи шоирлар эса миллат қайғуси билан яшаб, унга ўзлигини танитиш учун хизмат қилиш ўрнига очиқдан очиқ залолатга чорлаб шеърлар битишмоқда. Ушбу хатоликка йўл қўйган шоирлар муқаддас китобимиз Қуръони каримнинг «Шуаро» сурасида келган «Шоирларга йўлдан озганлар эргашур» деган оятидан (26-сура,24- оят) ўзлари учун панду насиҳат олсалар яхши бўларди деб ўйлайман.

Ушбу сура давомида келади: «Магар иймон келтирган ва яхши амаллар қилган њамда доим Оллоҳни ёдда тутган ва илгари мазлум бўлганларидан кейин (ислом зафар топгач) ғолиб бўлган кишилар (яъни шоирлар йўлдан оздирувчи эмаслар). 26-сура, 277-оят.

Шу жойда мавриди келганда, бир ҳадисни келтиришни маъқул кўрдик. Саҳобалардан бўлган бир шоир келиб Пайғамбар алайҳиссаломга, Оллоҳ таоло шоирлар ҳақида айтган бу сўзларидан кейин бизларнинг ҳолимиз не кечади, деганларида Ҳазрат шундай жавоб берганлар: «Мўмин киши ҳам тиғ билан, ҳам тили (яъни қалам) билан Оллоҳ йўлида жиҳод қилур. Яратган Эгамнинг номига қасамки, сизлар отадиган ўқнинг тиғи ўткирроқдир».

Қайд қилиб ўтиш жоизки, Тожикистон Президенти Эмомали Раҳмон ташаббуси билан 2009-йилнинг «Имоми Аъзам йили» деб эълон қилиниши ҳар тарафлама эътибору эътирофга лойиқдир.

2012-йилда Тожикистон Президентининг АҚШдаги икки тадқиқот маркази томонидан тузилган «Жаҳондаги энг нуфузли 500та мусулмонлар» рўйхатига киритилиши ҳам қувонарли ҳолдир.

Бир дўстимиз бўлган воқеани сўзлаб берганди. 2000- йилларда катта бир мажлисда Давлатимиз раҳбари «Асқар Маҳкам деган шоиримиз бор экан, қачон ва нима сабабдан Тожикистонни тарк қилган» деб сўраб қолади. Мажлисда қатнашган Тожикистонлик ўзбеклар вакили «Фуқаролар уруши вақтида» деб жавоб беради давлат раҳбарига…

Шодравон Асқар Маҳкам шеърият ҳақида ҳам ўзининг ўқимишли мақолаларини ёзиб қолдирди. Сўзларимнинг исботи сифатида айтмоқчиманки, Асқар Маҳкам ўзининг «Аналҳақ» китобида берилган «Руҳоният ва сўз» номли мақоласида сўзнинг илоҳий моҳиятини илмий жиҳатдан мисоллар билан асослаб берган. Шу ўринда ушбу мақоладан иқтибос келтириш жоиз деб ўйлайман:
«Сўз ва руҳ билан ёлғиз қолган шоир иймонли бўлса, бу жараён ибодатдир. Агар бордию сўз билан ёлғиз қолган шоир жисмида нафсоният устун бўлса, бу айш ва шақоват. Ундан ҳам баттари-фитна ва бузғунчилик бўлиши мумкин. Иймонли сўз ва руҳнинг бир вужудда кечадиган умри хайрли тоат бўлиб, ўз соҳибини эзгуликлар сари элтади, ўзгаларга ҳам яхшиликлар келтиради. Зеро, бу ибодат дуолари ижобат бўлади.

Табиийки сўфийлик-шоирлик эмас. Сўфийлик чексиз риёзат, жисмоний ва руҳоний чиниқиш, шахс маънавий камолотининг энг олий нуқтаси. Сўфийликка юксак қобилият, теран билим ва куч-қудрат билан эришиш мумкин эмас. Бинобарин, сўфийларнинг деярли аксарияти саводсиз бўлганлар. Бироқ ҳали адабиётда сўфий шоирлар мақомида сўз айта оладиган шоирлар пайдо бўлган эмас. Зеро, бу олий мақомотга фақат сўфийлик риёзати, сўфийлик руҳонияти орқали эришилади. Шеърга ана шу нуқталардан ёндошиш, сўзга меҳр боғлаган ёшларга худди шу риёзатлар йўлини ҳам кўрсатишнинг оқибати яхши. Аксинча, оддий нафсониятга айланган шеърбозлик бу дуне ғурури, шуҳратпарастлик, худбинлик каби залолатга айланади»
Биз «бадиий ижод» деб атайдиган ҳодиса «руҳоний-ақлий ижод» бўлиб, унинг сирлари ҳақида китоб ёзилса ўқимишли китоб бўлади.

Сўз асл маънода илоҳийдир. Аммо илоҳиёт ҳам Илоҳ ва унинг қули ўртасидаги ботиний боғланишлар орқали зуҳур этади. Чунончи, Пайғамбар алайҳиссалоту вассаломга сўз аршдан ваҳий тарзда, яъни моддийлашган ҳолда инган.

Сўз ҳамма истифода этиши мумкин бўлган Оллоҳ марҳаматидир.Чунончи булоқдан одам ҳам, қуш ҳам баҳраманд бўлаверади. Сўз ёлғон бўлмайди, унинг соҳиби ёлғончи бўлиши мумкин. Агар ёлғончига барча ишонса, унда фалокат рўй беради. Адабиётда янги сўз бўлмайди, рост сўз бўлиши мумкин. Ақл-Яратувчининг мўъжизаси, у руҳ ва сўзни олий мақомларга кўтаради. Ақл, руҳ ва сўз муштараклиги инсониятнинг илоҳий қудрати. Оллоҳ инсонни айни шу шу учлик сифати билан безаган. Бу ҳақда саҳиҳ далолатлар, пирларимиздан пандлар бор».

Шоирнинг устод Лоиқ Шерали хотирасига бағишлаб ёзган «Ҳалойиқ, шоирни тупроққа қўйишмоқда», улуғ шоиримиз Шавкат Раҳмонга бағишланган «Адабиёт ибодати», шунингдек, шоирнинг дўсти Саййид Неъматуллоҳ Иброҳимга бағишланган «Оқ китоб»и ҳамда «Хайёмни тушуниш» бадиҳалари ҳам мазмун моҳияти билан оташнафас шоирнинг ушбу шоир ижоди ва шахси мисолида аслшеърият ҳақидаги фикрларининг, қарашларининг мантиқий давомидир.

Мисолларга ўтамиз:

-Шеър аслида ўзи ҳақида ўзи гапирмоғи керак. Уни кимдир кимгадир тушунтирмайди. Бундай шеърнинг ҳеч кимга кераги йўқ. «Оқ китоб».

-Шеърият агар у рост йўлдан борса инсониятга бахт олиб келган, одамларнинг кўзини очишга хизмат қилган, бордию ёлғон ва сохтакорликка ружуъ қилган бўлса, у сохта пайғамбарлар каби олам сањросида кетиб бораётган одамлар кўзига қум сочиб кўр қилган.«Хайёмни тушуниш».

-Шеърига ўхшамаган шоир-шоир эмас. «Оқ китоб».

-Асл шеърият асл ишқ оҳангидир. Шеърни ишқ яратади. «Ҳалойиқ, шоирни тупроққа қўйишмоқда».

-«Агар мен ўзимни шоир десам, форс адабиётида шундай шоирлар борки, улар асрлар қаърида туриб қаҳ-қаҳ отадилар». Устод Лоиқнинг сўзи. «Ҳалойиќ, шоирни тупроққа қўйишмоқда».

Мен Асқар ака билан бир мартагина учрашганман холос. Ўшанда 2001 ёки 2002 йил эди чоғи. Турсунзода шаҳри марказидаги «Роҳат» чойхонасида шоирнинг ҳамкурси ёзувчи Абдуҳафиз Мирзааҳмад, шоир Эркин Шукур ва мен Асқар Маҳкам билан бир пиёла чой устида суҳбатлашган эдик. Шоирнинг рафиқалари Мањмула опа ва битта ўғли ҳамроњ эдилар. Кофарниҳондан Тошкентга кетиш арафасида эканлар. Акалари Анвар ака кузатиш учун келишган экан. Эркин ака мени «Асқар ака, бу дўстимизнинг исми Ҳасанбой, яқинда илк китоби нашрдан чиқди» дея таништирди. Озроқ у ёқ, бу ёқдан суҳбатлашгач, ҳали сиз билан кўп суҳбатлашамиз» дедилар у киши. Афсуски, бу илк ва сўнгги суҳбат эканлигини ўшанда билмаган эдим. Бизнинг суҳбатимиз қиёматга қолиб кетди.

Шоирнинг ўзи ёзганидек, «Ҳақ» деган шоирнинг умри кесувлик экан. Асқар ака орамиздан эрта кетди. 2007 йилнинг баҳор фасли эди. Кечаси соат(3-00)учларда Абдуваҳоб аканинг ўғли ҳофиз Шарифжон қўнғироқ қилиб қолди. Телефонда у менга «Асқар ака оламдан ўтдилар, Кофарниҳонга олиб кетяпмиз, њозир чегарадамиз, Эркин акани телефонини беринг, қайсидир бир одамнинг ёрдами керак» деди. Мен унга керакли номерни бердим, бориш керакми десам «йўқ, эрталаб фалон-фалон одамларга айтиб қўяркансиз, дадам айтяптилар» деб тайинлади. Шундан кейин бирма-бир у кишининг маъракалари бўлиб ўтди. Регардан, Хўжанддан жуда кўп кишилар келишди. Аммо Тошкентдан бирор кишининг келганини учратганим йўқ. Айни шу сатрлар ёзилаётган кунларда бетимсол шоирнинг ўтганларига њам олти йил тўлади. Лекин негадир ҳозиргача у кишининг адабий мероси етарли даражада тарғибу тадқиқ қилингани йўқ. Шоирнинг ўзи «Бизнинг сўзимиз» шеърида шундай ёзган эди:

Сўйладик гоҳ урён
Гоҳи мунаққаш…
Йўқ эди ҳайтовур тинглайдиганлар.
Дунёга келади хомуш мажнунваш
Бизнинг сўзимизни англайдиганлар…

На қизлар дафтарга битдилар уни
На ҳофиз куйлади девона бўлиб…
Аммо мен биламан унинг умрини
Дунёга келар у… биз кетгач ўлиб…

Шодравон Асқар Маҳкам ҳаётлигида Устоз Нажмиддин Комилов, шоир Саййид Неъматуллоҳ Иброҳим, шоир Абдулло Зуҳур, доктор Жаъфар Муҳаммад ва доктор Аббосали Вафоий (Эрон), Ҳабибулло Дўстов каби маърифат-парвар зиёлиларимиз шоир ижодига катта баҳо бериб, ўқимишли мақолалар эълон қилишган эди.

Яқинда Интернет саҳифаларида Ўзбекистон халқ шоири, Устоз Хуршид Давроннинг шоир Асқар Маҳкам ҳақидаги мақоласини ўқиб қолдим. Ушбу мақоладан иқтибос келтираман:

«Менинг назаримда, Асқар Маҳкам ижоди ўзбек китобхони томонидан тўла кашф ҳам, тўлиқ идрок ҳам этилмаган. Аммо, ишончим комилки, охир-оқибат шоирнинг ҳайратли даражада юксак шеърияти ловуллаб турган вулқондек юракларни ларзага солади, асл шеъриятни соѓинган сонсиз инсонлар унинг ҳайратига, ҳасратига шерик бўлади».

Шоир ижодига берилган ҳаққоний ва одил баҳони ўқиб тўғриси, Устоз Хуршид Давронга бўлган ҳурмат-эҳтиромим янада ошди. Устознинг блогидан ўрин олган шоир Икром Отамурод, ёзувчи Набижон Боқий ва Кавсархонларнинг шоир ижодига баuишланган мақолалари ҳам диққатга сазовордир.

Мен ҳам оташқалб шоиримиз Асқар Маҳкамнинг мухлиси сифатида у киши ҳақида билган, ўқиганларимни сиз азизлар билан ўртоқлашгим келди. Мақсадим устозни хотирлаш, Оллоҳдан у кишининг охиратларини обод, руҳларини шод этишини сўрашдир. Омийн, ё Раббийл оламийн!

P.S:

Якинда дўстимиз, «Муносабат» интернет-сайти муҳаррири Юсуф Расул билан маслаҳат қилиб, Асқар аканинг китобларини электрон версиясини тайёрлашни кўзда тутиб қўйдик. Жияним Сирожиддин ҳам Асқар ака билан лицейда ўқиган чоғида учрашган экан, у кишига нисбатан ҳурмат-эҳтироми баланд. Худо хоҳласа электрон версиясини тайёрлашда кўмаклашишини айтди. Олима Набизода ташаббуси билан «Асқар Маҳкам» гуруҳининг ташкил қилинганлиги қувонарли ҳолдир. Бу амал ҳам орамиздан эрта кетган улуғ шоиримизнинг хотирасини мустаҳкамлаш йўлидаги эзгу амаллардан ҳисобланади. Дўстимиз Абдулла Насриддин ҳам «Оқ китоб»нинг электрон вариантини етказишини айтди. Меҳрибон Аллоҳ юқорида номлари зикр этилган дўстларимизнинг савобли ишларига кушойиш бериб, хонадонларини обод айласин!

2013-йил Февраль-апрель.

www.munosabat.org

Share on FacebookShare on Google+Tweet about this on TwitterEmail this to someoneShare on LinkedIn