Гулчеҳра Нур: ”Йиғларман” китобидан шеърлар

gulchehra-2Исёнкор шоира Гулчеҳра Нуруллаеванинг халқимизнинг миллий уйғониш давридаги ижодидан намуналарни эълон қилишни бошлаймиз. Дастлаб 1987 йилда ёзилган шеърлар билан танишинг.

****

ҚАЙТА ҚУРИШ – ЙИЛЛАР ТАЪҚИБ АЙЛАГАН
ОЗОД ФИКРЛАРНИНГ ДАВР-У ДАВРОНИ…
ҚАЙТА ҚУРИШ – ФАҚАТ ЎЗИН ЎЙЛАГАН
НОПОК КИМСАЛАРНИНГ ЗИМДАН ИСЁНИ…

ВАТАН

Менга оғриқмисан, оҳмисан менга,
Майли, қўшиқ билсин куйлагувчилар.
Нетайки, кўп бўлса сендай заминга
Куйгувчидан кўра куймагувчилар.

Менга аждодлардан Каъбамисан, ё
Мендан авлодларга ёнишлар-ўтлар…
Нетайки, бағрингдан жой топган риё
Она атай туриб, солса човутлар…

Сени ўйламаслик – БУЮК ҚОТИЛЛИК!
Барчага бирдайин ҳожатбарорсан.
Пахта тераётган, қўллари тилик
Ўғлим суратига кириб борарсан.

Сенга қарайман-у, заҳматкаш Ватан,
Ўзимни кўмаман минг таъналарга.
Қаро либос кийиб, тутайми мотам
Ўғлим эшитмаган Муқанналарга.

Гарчи сени куйлаб, гул демоқ урф,
Истеҳзо кўринди, кўзингга боқсам.
Қуриётган Орол бошида туриб,
Сочларини ёйган қорақалпоқсан…

Ёзу қиш пахта деб қад буккан воҳам,
Тилаганим сенга – тақдир қуёши.
Майлига, мен учун оғриқ бўлсанг ҳам,
Омон бўл, омон бўл, кўзларим ёши!

24. 11. 1987.

х х х
х

Мен сиз каби кула олмасман,
Мен сиз каби чалмасман қарсак.
Маҳзунликнинг майидан мастман,
Эгнимда ҳам ғам бичган мурсак.

Тилимдадир қисмати тахир
Фурсатларнинг оғриқ кезлари.
Нетай, нетай, нетайки, ахир
Мен ҳаётнинг дардчил кўзлари…

19. 12. 1987.

х х х
х

Юрардик нопок-ла шеърда олишиб,
Юрардик ҳақиқат, адолатга оч.
Қайта қуриш…
Сендан кўнгил ёришиб,
Ҳар бир ҳужайрага қайтди-ку ишонч.

Эътиқодлар қайтди…
Булутли осмон,
Ўйладим: зум ўтмай бўлгай мусаффо.
Шоҳсупага чиқар бегуноҳ виждон,
Шоҳсупага чиқар эл-юртга вафо.

Қайта қуриш…
Сенга тикиб жонимни,
Дедим: «Мен уники, уники буткул…»
Энди бўлса борим – хонумонимни
Чирпирак этгудай, ёндиргудай ул.

Қайта қуриш – оппоқ бедорликка зеб,
Иймон-диёнатга тегишли насаб.
Қайта қуриш – ҳақ деб, халолликни деб
Хаста бўлган юрак, қақшаган асаб…

Қайта қуриш – йиллар таъқиб айлаган
Озод фикрларнинг давру даврони.
Қайта қуриш – фақат ўзин ўйлаган
Нопок кимсаларнинг зимдан исёни…

Қиш кета қолмасдан, келолмай баҳор,
Кунлар файз-тинчини йўқотган таҳлид,
Имонлилар бедор,
Имонсиз бедор…
Ватан – жанг майдони бўлмишдир яхлит.

Мен ҳам майдон аро покланиш тараф,
Ватан-боғ файзини ўйлаган қушман…
Тегмай қолди чоғи мендан бирор наф,
Кечаги дўстларим – бугунда душман…

Биламан: отгайлар маломат тошин,
Истарлар номимни этмоқни қаро.
Мен эса, ўлсам ҳам эгмасман бошим,
Ўзимни билгайман саркашлар аро.

Тиловат қиламан: булутли осмон
Чақмоқлар сўнггида бўлсин мусаффо.
Шоҳсупага чиқсин бегуноҳ виждон,
Шоҳсупага чиқсин эл-юртга вафо…

20. 06. 1987.

х х х
х

Краснодарда бўлган пойгада Ғиркўк
лақабли отимиз бор кучини оёқларига тўплаб,
марра сари югурди. Лекин, бахтга қарши, судья
Ғиркўкнинг ғалабасини инобатга олмади. Сабаби:
унинг чавандози йўлда йиқилиб қолган ва маррага
отнинг ўзи етиб келганди.

Нусрат РАҲМАТОВ

Ғиркўк учар, Ғиркўк учар,
Шитоб учиб борадир.
Унинг билан ер-кўк учар,
Кўзлагани маррадир.

Энг биринчи бормоқ лозим,
Бормаса, ор бўлади.
Йўлда учган чавандозин
Номуси ер бўлади.

Майиб руҳни тузатаркан
«Енгдим» деган сўз фақат.
Халқ бетоқат кузатаркан,
От ҳам учар бетоқат…

… Қарсаклардан еру кўкнинг
Тиниб кетар кўзлари.
Бошдан-оёқ ҳўл Ғиркўкни
Қучар «қойил!» сўзлари.

Афсус, лекин олинмас тан
Қарсаклар-у «балли»лар.
Шундоқ бўлгай, ўлтираркан
Ҳакамликда даллилар.

Шундоқ бўлгай, ўзгаларни
Ёрти-пачоқ кўрсалар,
Бошни силай турган бўлиб,
Зимдан пичоқ урсалар.

Шеър ёзмадим руҳсизликдан,
Алам ёздим, оҳ ёздим.
Нетайинки, ҳақсизликдан
Ёнай, деса қоғозим.

Бўлса ҳамки гоҳи дардли
Туйғуларим хатлари,
Тик бошимдир ориятли
Ўзбекистон отлари.

23. 07. 1987.

х х х
х

Сиз орзу қиласиз:
олимлар шундоқ
асбоб ясашсаки,
акс этса унда
тегрангизда турган одам сийрати
муҳаббати ила,
нафрати ила,
қувончлари ила,
ҳасрати ила,
ишчанлиги,
шавқу ланжлиги ила,
риёси,
орзуси,
ранжлиги ила…

Ўшал асбоб мавжуд, билсангиз агар:
У – Ватан кўкига тўпланар булут,
У – Ватан бошига тушар мусибат.
Шулар айтиб бергай бекаму бекўст:
мен кимман?
Сиз кимсиз?
Қандай одам у?..
1987.

х х х
х

Бир пас хаёлларга боғланиб турдим,
Турфа саволларга боғланиб турдим,
Не бўлар, ўзинг айт, онажон юртим,
Шоир рост сўзини айтмасдан қўйса?!

Бағрингни ёғийлар тўлдирмасмикин?
Меҳмон мезбонини ўлдирмасмикин?
Ёлғон юрт тўрида ўлтирмасмикин? –
Шоир рост сўзини айтмасдан қўйса…

Эркин фикрларни сириш ортар-ку,
Силлиқ рухсорларда тириш ортар-ку,
Иймон-эътиқодда чириш ортар-ку,
Шоир рост сўзини айтмасдан қўйса…

Одам одамлигин қўйгай унутиб,
Лойқа талотумни бўлмас тинитиб,
Соврилмоғи тайин, чарҳи дун йитиб,
Шоир рост сўзини айтмасдан қўйса…

Минбар, китоблардан қилинг қувғинди,
Увол эрур унга ҳатто ювинди,
Майли, ғурбатларга бўлсин сиғинди,
Шоир рост сўзини айтмасдан қўйса…

Ғурбат ҳам жирканиб, атасин «хоин»,
Ундан дариғ тутсин бир парча жойин,
Умрлик қисмати шу бўлсин доим,
Шоир рост сўзини айтмасдан қўйса…

Яшноқ кўрай, дейман, юртим атласин,
Ҳар жилоси унинг рост шеър ёдласин,
Портлай қолсин замин, осмон портласин,
Инсон рост сўзини айтмасдан қўйса…

29. 08. 1987.

х х х
х

Номардларга айтар сўзим йўқ,
Айтсам, қалби шерга айтаман.

«Мен ўзимни ўйламасман ҳеч,
Халқникиман…» – дерга айтаман.

Шундайларни топмасам агар,
Ёниб-ёниб шеърга айтаман.

Шеър ҳам менга қилмаса вафо,
Унда қаро ерга айтаман…
23. 07. 1987.

АЁЛЛАРГА

Эй сиз, бокиралар, эй сиз, гулсанам,
Тинмаган жонларим, малоҳатларим,
Дунё қай бурчида яшасангиз ҳам,
Дунё устунисиз, зебо қадларим!

Севмак, севилмаклик – сизга қоида,
Сизни мўъжиза, деб таниган очун.
Бир бош паст турасиз эрлар ёнида,
Мағрур бошларини эгдирмак учун.

Олам яралмишки, ўтади улар
Нафис гўзалликнинг қарамоғига.
Овозингиз ипак. Боиси, дерлар,
Дўрилдоқ овозлар эримоғига.

Тийра кўз – «мустабид ҳоким»ларингиз
Мафтун нигоҳларни доғлаш учунмиш.
Бунча узун, десам, кокилларингиз,
Беқўним ҳисларни боғлаш учунмиш.

Қоматингиз шамшод. Одимлар майда –
Зор-зор кутсин учун одими йирик.
Қадамингиз етган, сиз бўлган жойда
Танти қувонч бўлар, нур бўлар тирик.

Ҳайқиргим келади: меҳри беназир,
Эй сурати латиф, сийрати латиф,
Миллат нигоҳлари сизга мунтазир,
Миллат оналигин қўйинг кўрсатиб.

Шу Ватан камоли, қудрати, кучи
Сизларнинг тафаккур, ҳимматингизда.
Тоғларнинг виқори кўксимга кўчиб,
Мен эса бўлайин хизматингизда…

30. 08. 1987.

ВИЖДОН

Рўпарамда кўз кўрмас девор,
Ошиб ўтсам, бўлурман абгор…

Рўпарамда кўз кўрмас парда,
Азоб бўлар, очсам агарда…

Рўпарамда кўз кўрмас чизиқ,
Босиб ўтсам, ҳаётим бузуқ…

Рўпарамда кўз кўрмас довчи,
Сўзни, ҳатто кўзни терговчи…

Девор, парда, терговчи, чизиқ… –
Домларида яшашим қизиқ…

Асирликда йўғу борлигим,
Шу асирлик – бахтиёрлигим…

20. 10. 1987.

х х х
х

Бир дўстга

Дўстлик висолини билардим беҳишт,
Кўнгил бўшатишдан топардим ҳузур.
Ниқобсиз кулгингиз менга эди хуш,
Ниқобсиз юрагим сизга хам манзур.
Кўргансиз қоронғу, ёруғ кунларим,
Кўргансиз ёшларим, табассумларим.

Сизга кўз тушишин ўзи бир қувонч,
Сўзлардим ҳар оним кечинмасини.
Дилоро дардкашга мудом бўлиб оч,
Топдим, деб билса дил, очилмасинми?!
Мен учун таажжуб, менга нокерак
Қулфи бор мамлакат, қулфи бор юрак…

Ўйлардим: манфаат дўстликка ҳаром.
Бахт – дўсти руҳини дўсти бойитса,
Сир тўла ҳаётда ҳар соат, ҳар он
Жилға ўй қўшилиб, ўзни сой этса…»
Шунда бизнинг юрак бир бўлмай қолди,
Энди сизга айтар сир бўлмай қолди…

На қаро кийиндим, на чекдим нола,
На тўсдим хайрона кўнгилнинг шаштин.
Бахт-у омадларга айлаб ҳавола,
Юрагингиз ила хайр-хўшлашдим.
Гўллигидан кулди, ўзидан кулди,
Вайрона кўнглимнинг иши шу бўлди…

Биласиз: тоғ тоққа дуч келмас ҳаргиз,
Биз – тирик жонларга дуч келмоқ тайин.
Ажаб, шунда менга нималар дерсиз?
Ажаб, мен ўзим ҳам… Айтмоғим қийин…
Билганим: назокат юзга кўрк бўлар,
Лекин юрак энди буткул берк бўлар…
1986-1987.

х х х
х

Ўйлар эдим: йўқ дардкашинг, бирон руҳдошинг.
Ўйлар эдим: ҳасади мўл ағёрларинг бор,
Эй сен, боғим ўртасида тик тутиб бошин,
Танҳоликни тақдир билган хаёлкаш чинор.

… Букун эса, ўйларимни, сенга боққан чоғ,
Таҳрир айлаб, инқилоблар кирди сезгига.
Бошингда нур,
бағрингда ел,
пойингда ирмоқ
Кўнглинг олиб, сенинг учун ўйнар «Лазги»га…

1987.

х х х
х

У…га

Кўтаргувчи руҳим, таъбимни
Рост, покиза сўзга ташаккур.
Тушунмади кўплар қалбимни,
Тушунгувчи сизга ташаккур.

Танлаганман сизни, қаламни,
Суюклиги кўзда намоён.
Бунча тубан, десам одамни,
Буюклиги сизда намоён.

Ҳасратим-ла ўрасам мунгга
Юрагингиз вазнларини,
Шодлик қўшиб тутасиз менга
Бу ҳаётнинг назмларини.

Сиз – энг етук, покиза ижод
Руҳиятим кўлкаларида.
Турса керак тўкилмай ҳаёт
Сиздайларнинг елкаларида…

21. 06. 1987.

х х х
х

Ойижон, неча ой бора олмадим,
Армоним айтмаган сўзимда пинҳон.
Сизга дил ёрардим… Ёра олмадим…
Йиғилган ёшларим кўксимда пинҳон.

Дедим: «Дардли дунё, ҳасратли дунё…
Баским, марҳумларни қийнамоқ нечун?»
Ойижон, алвидо айтганмисиз ё
Яшаш – азобланиш бўлгани учун?!

«Йўқ-йўқ, хотиржамман, – дердингиз бизга, –
Куйгунчак қалбларим – мардларим ила».
Мен эса борайми ҳузурингизга
Яккаш ҳасратларим – дардларим ила?!

Нетай, ҳаёт нурсиз менга бу дамда,
Шоир айтганидай, дорми, ойижон?!
Бўйи бўйимга мос кўпдир теграмда,
Кўнгли кўнглимга мос борми, ойижон?

Истардим: эркаклар баландбўй бўлса,
Баланд ўйли бўлса, деярдим яна.
Истардим: аёллар лоларўй бўлса,
Тотув уйли бўлса, деярдим яна.

Йигит хаёлида замин-замонмас,
Манманликни кўрсам, ерга кираман.
Аёл турмушида тинчмас, омонмас,
Вайронликни кўрсам, ерга кираман.

Тўкис муҳаббатим, бахтимдан хурсанд,
Оёқни узатиб кетганингиз чин.
Оҳ, мен ўз бахтимдан хотиржам юрсам,
Қачон мукаммаллик топгай бу очун?!

Ойижон, олишув бормоқда ошкор
Бўйи баланд, ўйи майдалар билан.
Яхшилик нелигин билмаган зинҳор,
Меҳрсиз, тош-метин дийдалар билан.

Чекимизга тушган қайта қуришлар, –
Ватан йўлларини покламоқ иши.
Зимдан қаршиликлар, суйиқасд ишлар…
Шундан қизингизнинг бисёр ташвиши.

Неча ойлар ўтди…
О, мен – бемеҳр…
Зиёрат этмабман, меҳрибонгинам!..

… Қандай одам бўлдим, ойижон, ахир
Дардим билан келсам марҳумларга ҳам…

21. 06. 1987.

х х х
х

У…га

Томчи боғланибди симлар белига,
Шўхлик боғланибди қушлар тилига,
Мен эса… сизга…

Баҳорга тўймайди мавсумий гуллар,
Қадамга тўймайди қадимий йўллар,
Мен эса… сизга…

Қирғоқ азобларин қишга очаркан,
Бағрин ўйиқ кўрган хешга очаркан,
Мен эса… сизга…

Кўнгил бўшатаман, енгил тортаман,
Андуҳим юкларин сизга ортаман,
Азизим, сизга…

Мени, худбиним, деб койинг, арзирман,
Ҳасратли куним, деб койинг, арзирман…
Ажаб, койимассиз, бебаҳогинам…

27. 06. 1987.

РИВОЯТ

Ўтган экан покдил одам,
Яккаш меҳр-ганж экан.
Бу қандайин телба олам:
Кўрганлари ранж экан.

Ранжин ютиб, одамларни
Тўғри йўлга соларкан.
Кўрганида пок дамларни
Кўнгли қарсак чаларкан.

Ўзи емас, ўзгага ҳам
Едирмагай ҳаромни.

Шу боисдан талай одам
Йўқотибди оромни.

Сир бой бермас.
Сиз, деб, падар,
Юкинаркан у каслар.
Пойин ўпиб, ерга қадар
Букиларкан у каслар.

Кулар экан феъли ювош,
«Бу – азалий хат, – деркан, –
Вақти келиб отарсан тош,
Сал секинроқ от», – деркан.

Ҳақгўйлиги у касларнинг
Иззат-нафсин букибди.
Йиғиб келиб хор-хасларни,
Уст-бошидан тўкибди.

Ёзишибди шоҳга нома,
Телба атаб донони.
Дейишармиш: «Зўр хангома
Тутар энди дунёни…»

Ишонибди чиппа шоҳ ҳам,
«Ёзганлари рост, – дебди, –
Кўпчиликки эмас маҳрам,
Чиндан ақли паст», – дебди…

Шоҳ фатвоси нокасларга
Беадад қўл келибди.
Беришибди эрк дастларга,
Ўлжалар мўл келибди.

Атроф қуриб, хазинага
Тикишибди кўзларин.
Кўзни очиб… Дор остида
Кўришибди ўзларин…

Оломонни ёриб чиқиб,
Калом айтмиш «девона»:
«Ҳоли шундоқ бўлар, кимки
Иймонидан бегона.

Билсам ҳамки сизни бебош,
Ғамларингиз евдим-а.
Мана, қайтди сиз отган тош,
Секинроқ от, девдим-а…»

…Ўйланаман неча аср,
Неча йиллар берида:
Бўлди экан қандайин сир
Ул дононинг зорида?

Деган эди: «Секинроқ от!»
Демаганди: «Отма, бас!..»
… Одам аҳли, эвоҳ, наҳот
Тош отмаса туролмас?!

27. 07. 1987.

УЧРАШУВЛАР

Учрашдик…
Нур эдинг, порлоқ нур эдинг,
Ўн олти ёшингнинг ҳотамлигидан.
Қувондим, суратинг, ажиб суратинг
Хусну малоҳатга ватанлигидан.
Шу дафъа
Шеър туҳфа этсайди илҳом,
Унга «МЎЪЖИЗА» деб қўяр эдим ном…

Учрашдик…
Нигоҳинг не учун ерда?
Нечун чарақламас хуснинг қуёши?
Шўхликлар қаерда? Сеҳр қаерда?
Нима учун эгик латофат боши?
Шу дафъа
Шеър туҳфа этсайди илҳом,
Унга «ГУНОҲ» дея қўяр эдим ном…

Учрашдик…
Сен – сўзсиз…
Мен ҳам сукутда…
Қаро кўзда қаро фарёдлар кўрдим.
Ўзингни «маломат» аталмиш дардда,
Ортингдан
Хуснингга сайёдлар кўрдим.

Шу дафъа
Шеър туҳфа этсайди илҳом,
Унга «ТЕЗ ЁРДАМ» деб қўяр эдим ном…

Учрашдик…
Сен эмас…
Ёдинг-ла ногоҳ…
Эсдалик – бўйнингни сиққан дор қолди.
Улгурмаган эдим тез ёрдамга… оҳ…
Юрагимда армон, нола, зор қолди…
Шу дафъа
Шеър туҳфа этса илҳомим,
«ЭЗГУЛИККА ШОШИЛ!..» дермидим номин…

11. 08. 1987.

ФАРИШТА ОДАМ

Учраганни атадингиз опа ё ака…
Учраганни атадингиз ука ё сингил…
Айтинг, айтинг, сувайдосиз нечун ойдака?
Айтинг, нечун кўнгил бериб, топмабсиз кўнгил?

Қарайман-у кўзларимдан тирқирайди ёш,
Яхшисизки, яхшиликка ташнасиз доим.
Ўзгаларни ўйлар экан беозор, ювош,
Ўзгалар ҳам ўйлагайми беозор ройин?

Индамайсиз…
Сизникимас бешафқат олам…
Жон куйдириш, фидо бўлиш, ўртаниш абас.
Фариштасиз яшолмагай фаришта одам…
Мен биламан: фариштангиз бу ерда эмас.

«Кетинг, – дейман, – бу даврага кетинг тупуриб.
Маъқул, – дейман, – нокаслардан қутилмоғингиз…»
Ўйланаман: кейин яна етмасми фириб?
Кейин кимлар тўлдираркин кўнгил боғингиз?

… Сиз кетасиз…
Яна ҳамма опа ё ака…
Сиз кетасиз…
Яна ҳамма ука ё сингил…

Бу дунёни оппоқ истаб сиз ҳам ойдака,
Яна бошдан қоврилгайсиз, фаришта кўнгил…

10. 12. 1987.

ТЎРТЛИКЛАР

1.

Ҳаёт яшаш илмин мендан яширди,
Ҳамдамлар топ, дея шошди-шоширди.
Топдим… Бошга қўйдим… Кўпларин пастлик,
Ажаб, ўз-ўзидан ерга туширди…
25. 07. 1987.
2.

Дуч келган ҳар кимдан дўст-ёр изладим,
Ҳар кун, ҳар сония бисёр изладим.
Бу – менга тақдирнинг нечоғ ҳазили:
Демаган эдим-ку: «Ағёр изладим…»
26. 07. 1987.
3.

Яхшилар, яхшиям борсиз ҳаётда,
Юрагим соати биламан сизни.
Ҳовлиқсам, тўхтасам ё қолсам ортда,
Тинглашга тушаман зарбларингизни…

01. 08. 1987.

4.

Дўлворгинам, тентакчам – поклик,
Ҳар кимсадан излайсан оқлик.
Мен қўрқаман: шу атвор боис
Тушмаса, деб, бошга ғамноклик.
12. 11. 1987.

КЕЛАЖАКНИНГ ОДАМИ

Қўлларига тушди сиз битган хатлар,
«Афсус, тушунмоғим даргумон…» – деди.

… Сиз макр китобин ўқиган дамлар
У меҳр китобин ёдлаган эди.

Қулоғига кирди ханжарли сўзлар,
Лабларин тишлади, ҳайратда қолиб.
… Сиз барбод илмига мук тушган кезлар
У бунёд илмига бўлганди толиб.

Юксак эди унга бани одамлар,
Унга бедоғ эди кўкси доғ ҳаёт.
… Сиз унинг заволин ўйлаган дамлар
Тилаб юрган эди сизга камолот.

… Қани, айтолса-чи бирон сўз сизга…
Сўзга айланмовди ундаги ғулув.
Сўзсиз тикилди-ю рафторингизга,
Ўгай даврангизни талоқ этди у.

Олди ўзи билан улуғ покликни,
Сиғиниб яшарди шу кимёсига.
Сиз учун қолдириб ёқачокликни,
Кетди у ардоқли ўз дунёсига…

27. 08. 1987.

х х х
х

Сизнинг даврангизда қолмоқлик учун
ярим юлғич бўлмоқ,
ярим субутсиз,
ярим айёр бўлмоқ,
ярим ҳаёсиз,
ярим мўлтони-ю
ярим дилозор,
ярим кўр,
ярим кар,
ярим савдойи… –
қисқаси, куйгунчак бутун юракни
ифлос яримларга булғамоқ керак,
воз кечмоқлик керак ўзликдан буткул,
мослашиб чиқиш-чун ҳар бирингизга…
Мен-чи, қолмоқ истаб бутунлигимча,
ташқари чиқаман, даврангиз ташлаб…

… Оҳ, қандай сокинлик, мусаффо ҳаво!..
Кўксимни тўлдириб оламан нафас.
Теграмга тикилиб қарайман.
Ажаб?! –
Бир-икки мендайлар ташланар кўзга.
Таажжуб қиламан:
нима сабабдан
одамлари сийрак тоза ҳавонинг?!

16. 07. 1987.

х х х
х

Куз ташвиши йўқдай шаҳарда,
Пахтани деб ҳамма ҳашарда.

Мен оромин тилаган чоллар
Пайкалларга тўлган қачонлар.

Мен китобга ундаган гўдак
Эрта тонгдан тутибди этак…

Булутларнинг лашкари тўкис,
Қилсин, дерми, кузлигини куз.

Қор учқуни музлатар ичим,
Омонмикин ўғлим-ҳашарчим?!

Телпак ғамин мен қайдан евдим,
Совуққача қолмаслар, девдим…

Жиринглайди телефон шу чоғ,
Газетадан менга қўнғироқ.

Пахта ерда… Келаётир қиш…
Даъваткор бир шеър керак эмиш…

12. 11. 1987.

АЖАБЛАНИШ

Абдулла ҚОДИРИЙга

Сизга тегиш довруқ кўрмади сизни,
Ҳабибликка лойиқ бўлмади ҳабиб.

Яшар эдингиз-ку нурлатиб сўзни,
Яшар эдингиз-ку миллатга табиб.

Фақат сиғинмоқ шарт ёруғ нигоҳга,
Бағрингизда эди беминнат қуёш.
Отар эдилар-ку мевали шохга,
Ажаб, нечун сизга тегаверди тош?!

Насибангиз эди оламдаги бахт,
Юксак туринг эди бодомдай гуллаб…
Кесилар эди-ку одаммас, дарахт,
Ажабо, нечун сиз кетдингиз қулаб?!

Сизни асрамоққа бўлолмай молик,
Журъат қайда эди, қайларда журъат?
Истеъдод қисмати – наҳот танҳолик?!
Ҳақиқат қисмати – наҳот уқубат?!
09. 09. 1987.

х х х
х

Тун ухлайди. Осмонда ҳилол.
Букчайганча у шикаста дил,
«Оҳ» уради. Ташлайди савол:
«Гуноҳларим нимадир, айтгил?..»

Дейман: «Тунга тўнғич асира,
Маҳзунлигинг эзди борлиғим.
Мендан эмас, туҳматдан сўра
Бегуноҳнинг гуноҳкорлигин…»

15. 09. 1987.

ШЕЪРГА ҚАЙТИШ

Орзум қушчалари, полапонларим,
Измингизга қайтдим. Бормисиз омон?
Сиздан йироқ кетган фурсат-онларим
Кузги барглар каби, билдим, заъфарон.

Ҳаққа зор қалбимни англатмоқ истаб,
Кимларга жовдираб боқмадим асти.

Билсам бўлмасмиди сизни, нафистаъб,
Руҳим ҳабибаси, кўнгил пайвасти.

Кимларга улашдим, қиймалаб бағрим…
Ўйловдим: азобим айланар бахтга.
Тутсам бўлмасмиди мурувват-баҳрим
Сиздайин содиққа, сиздай улфатга.

Сиздан айро тушган дамлар етимдай,
Ўйларимда афсус, кўзларимда ёш…
Мана, қайтиб келдим сизга бутунлай,
Юксак пойингизга урмоқ учун бош…

15. 09. 1987.

х х х
х

Қизим, қувонаман: танти табиат
Ажиб юрак ила сени сийламиш.
Сочдан тирноққача маъсума иффат,
Сочдан тирноққача меҳр, ийманиш…

Ҳайратли бир савол мени айлар шод,
Ширин бир ҳаяжон кўксимда зоҳир:
Наҳот менга тегиш шундайин ижод?!
Наҳот меникидир шундай жавоҳир?!
12. 12. 1987.

х х х
х

Марҳаматга

Андуҳларим кўрарсиз баҳам,
Ҳасратимдан бағрингиз тилик.
Сиз учун, о, билмагайман ҳам,
Қилиб эдим қандай яхшилик?!

Бўларкансиз мен учун ҳамдард,
Эриб, ёшга тўлар бу дийда.
Бўлсам агар, қарздорман фақат
Сиздай УЛКАН МЕҲР олдида…
19. 12. 1987.

х х х
х

Шамол тўрт томондан эсган тепалик.
Ўзим ғишт узатган уй қадди баланд.
Қушлар салом берар, оламан алик,
Кўзим рассом кузак машқи ила банд.

Гулга ўч арилар тинимсиз ишда.
Улар нечоғ аҳил, нечоғ дўст-ёрон…
… Гўё умр бўйи ҳаёт саришта,
Гўё дунёда йўқ ёвузлик, ёлғон…

Қизиллик сочилар гулбеорлардан,
Қуёш куйдирмайди, ўпади, холос.
… Гўё қалбим шундай осуда ҳар дам,
Гўё ўртанишлар эмас менга хос.

Шоирлар чорбоғи – роботларида
Мудом дастёрликда қуёш ила моҳ.
… Бундай илтифотнинг қанотларида
Нохуш кимсаларни эсламоқ – гуноҳ…

15. 09. 1987.

www.munosabat.org

Share on FacebookShare on Google+Tweet about this on TwitterEmail this to someoneShare on LinkedIn