Амирқул Пўлкан: ”Булоқ” шеърлар тўплами

amirqul pulkan buloqАмирқул Пўлканнинг иккинчи китоби – ”Булоқ” шеърлар тўплами – 1979 йилда нашр этилган бўлиб, унда шоирнинг ёшлик чоғларида битган сара шеърлари киритилган.

Ўзбекистон халқ ёзувчиси Мирмуҳсин домла китобга шундай сўз боши ёзиб қолдирган эдилар: ”Амирқул Пўлканов адабиётга дадил кириб келаётган истеъдодли ёшлардан бири. Унинг шеърлари халқ оғзаки ижодига хос рангин оҳангларга бойлиги, самимийлиги ва ўзига хослиги билан ажралиб туради. У лирик шеърларида ҳам, ижтимоий мавзуларда ёзилган руҳидаги шеърларида ҳам ҳаётни бутун зиддиятлари билан тасвирлашга инсон руҳий кечинмаларини ёрқин бўёқларда акс эттиришга интилади. Шоир бўлиш Амирқулга бобомерос.У бобосининг изидан бориб, бугунги кунда халққа манзур бўларли шеърлар ёзаяпти. Мен унга шеъриятнинг серташвиш, сермашаққат донғил йўлида ижодий камолот тилайман”.

Айни ижодий камолотга эришган пайти – 34 ёшида ҳаётдан эрта кетган Амирқул Пўлканнинг ”Хотира уйғонса гўзалдир” деган гўзал сатрлари бор. Шоирнинг хотираси ҳамиша барҳаёт. Амирқул Пўлкан бугун ҳам ўз шеърларида яшамоқда.

* * *

Булоққа бир умр қуримоқ ётдир;
У йиллаб курашиб тошларни ёрган.
Унинг ҳар қатраси – обиҳаётдир,
Унинг ҳар томчиси – туганмас армон.

* * *

Гоҳ тунлари ўйсиз ўтмайди,
Гоҳ қалбингга етмайди кучинг.
Жасоратинг ўзи етмайди,
Севаман, деб айтмоқлик учун.

1978

Жангчи

(Отам Умарқул Пўлкан ўғлига бағишлайман)

Ўн олти ёшида жангчи эди у,
Ватанидан ёвларни қувди изма-из.
Неча бор қузғундек чанг солди қайғу,
Неча бор ўлимга келди юзма-юз.

Лекин у қочмади жангоҳни ташлаб,
Қўрқувдан қалтираб чекмади фарёд.
Ҳолбуки ўша пайт ёвузлик яшнаб,
Милтиқнинг учида турарди ҳаёт.

У баттол қисматга бош эгмади йўқ,
Ва нажот ахтариб чопмади гирён.
У бир қалқон эди – ўтмас эди ўқ,
У бир қоя эди – бўлмасди вайрон!

Сувга чўкмади у, ўтда куймади,
Томчидек тупроққа кетмади сингиб.
Уни тарк этмади бахти, омади,
Музаффар қайтди у ёвларни енгиб.

Энг бахтли кунларга етди ниҳоят,
Оналар гул сочди жангчи пойига.
У бугун умридан хурсанддир ғоят
Ва лекин кўнгли ҳеч тушмас жойига.

Синиққан чеҳрада ажинлар қат-қат,
Қалбига сиғмайди қувлик, ёмонлик.
Тинчлик бўлса дейди дунёда фақат,
Энг севган сўзи ҳам фақат омонлик.

Осойиш тилайди башарга ҳар кун,
Жангчининг қалбида эзгу бир ғоя…
У ҳамон фидодир она-юрт учун,
У ҳамон юртини қилар ҳимоя!

1977

Интизор чечаклар

Қиш куни булбулни соғиндим жуда,
Кўзимни тўрт қилди сайроқи қумри.
Аслида баҳорни қўмсаш беҳуда,
Зероки уч ойдир қишнинг ҳам умри.

Биламан, шу фасл ўтмасдан қолмас,
Шу ёлғиз бир умид кўнглимга қанот.
Лекин у қалбимга таскин беролмас,
Бахш эта олмайди менга ҳаловат!..

Дунёда баҳордан сулувроқ не бор!
У менга сўзлагай эзгу чўпчаклар…
Дўстларим, ҳадемай келади баҳор,
Доим қор остида ётмас чечаклар!

1977

* * *

Ўтди йиллар, ўтди аср,
Ўтди қанча замонлар-ей.
Яхшиларга кун бермади,
Оғу берди ёмонлар-ей!

Буюлик ҳам айб экан-да!
Насибаси дор бўлди-ей.
Кўк йиғлади, ер йиғлади,
Одам қуртдек хор бўлди-ей.

Ер – бойники, сув – хонники,
Подшоники – ҳаволар-ей.
Ғарибники бўлмиш фақат
Мунгли мунгли наволар-ей.

Шоирга кун йўқ эди,
Тилсиз эди зўр тоғлар-ей.
Булбулники эди саҳро,
Қузғунники – гулбоғлар-ей…

У даврлар ўтди энди,
Ўтди ўшал замонлар-ей.
Ер – бизники, сув – бизники,
Хору хасдир ёмонлар-ей.

Толе қуши қўнди бошга,
Жондай ширин бу дамлар-ей.
Бир-бирига меҳр берар,
Бахт улашар одамлар-ей.

1976

Чоллар

Ғўза унди илк бор қўриқда,
Чаппар урар чексиз далалар…
Лойқа сувга тўлган ариқда
Чўмилмоқда бир тўп болалар.

Чумчуқлар ҳам тол кавагида
Сукунатга бермишлар навбат.
Икки бобой дарахт тагида
Кўк чой ичиб қилмоқда суҳбат…

Бири дейди: – Бунча кун иссиқ?
Бири кулиб қўяр мулойим.
– Бўлмасин-да, тилимиз қисиқ,
Планимиз тўлсин, илойим!

Бири манглай терини елпиб,
Белбоғини қўяркан ёнга,
Қалб ташвиши юзига тепиб,
Қараб қолар дала томонга:

– Кўрдингми, Хол… фақат ғўза деб,
Қармабмиз бу йил полизга.
Офтоб урган қовунларни еб,
Биров раҳмат дермикин бизга?!

Кулиб қўяр ошнаси, лекин
Бир дамгина қолар ўйланиб.
Чойдан босиб ҳўпларкан, секин
Ўз-ўзича қўяр сўйланиб:

Қовунсиз ҳам яшамоқ мумкин,
Пахтанинг- чи, йўриғи бошқа!
Агар ғўза экмасам, бугун
Кирмас эдим балки юз ёшга!..

Бири манглай терини елпиб,
Бири асо оларкан қўлга,
Қувончлари юзига тепиб,
Қишлоқ томон тушарлар йўлга.

Гоҳо ўтган кетгандан сўйлаб,
Гоҳ сайр этиб орзу кўшкида,
Бири борар ғўзани ўйлаб,
Бири ёнар полиз ишқида…

Юлдузларга тўлади само,
Чайқалади шамолдан толлар.
…Умр тилаб дунёга, аммо
Туни билан ухлолмас чоллар.

1975

Ботирлар

Неча бор заминни куйдирди оташ,
Неча бор мозийнинг айланди чархи.
Ва лекин йўлидан тоймади қуёш,
Ва лекин тушмади ботирнинг нархи.

Ғанимлар юртимга қилдилар юриш,
Муқаддас тупроқда тутдилар чодир.
Интиқом олмоққа чорлади уруш,
Ёвларга ўқ бўлиб санчилди ботир.

Ботирлар жон берди мардона туриб,
Тулпорлар қон кечиб чопдилар сарсон.
Ўқ еган бургутдек ногоҳ чарх уриб
Уларнинг кўксига йиқилди осмон…

Улар ҳам ҳаётни севарди жондан,
Улар ҳам яшарди толе ахтариб.
Ботирлар кўксидан сачраган қондан
Кўкдаги юлдузлар қолди қизариб.

Эҳ, улар шароб ҳам ичмади қониб,
Умр ҳам бермади жанги беомон.
Шоирлар қудратни куйлади ёниб,
Уларнинг шаънига битдилар достон.

Зотан, мен улардан олгайман сабоқ,
Шул узоқ ўтмишга солгайман назар.
Бугун ҳам қайдадир писганча қўрқоқ,
Ботирнинг ортидан урмоқда ханжар.

Мен қандай чидайин бундай жафога,
Не қилай гўдаклар қолсалар сағир!
Умримни бергайман балки даъвога,
Мен ҳам ботирларга зурёдман, ахир…

Ва лекин бу билан ўзгармас тарих,
Тўкилиб битмагай киприкдаги гард.
Бари-бир уларни бўлмас қайтариб,
Жазога мустаҳиқ бўлмагай номард.

Майда гап қилсам гар кечиринг, бироқ,
Дўстларим, ботирлик эмасдир осон.
Кўз юмган ботирлар бугун ҳам уйғоқ,
Уларнинг кифтида турибди осмон.

1975

Бирга яшаймиз

Ҳей, кўксини атайлаб тешиб,
Юлдузларни қадаган Осмон,
Ҳей, булутни бовлиқдай эшиб,
Шамолларни ҳайдаган Осмон,
Бирга яшаймиз!

Ҳей, кўксимга ёғду тўлдириб,
Юрагимда тонг отган Қуёш,
Ҳей, барчага оташ келтириб,
Зулматларни уйғотган Қуёш,
Бирга яшаймиз!

Ҳей,башарни кафтида тутиб,
Ҳаловатни кўрмаган Замин,
Ҳей, бировлар севиб гул экиб
Ва бировлар хўрлаган Замин,
Бирга яшаймиз!

Ҳей, йиқилсам турғазиб қўйиб,
Ҳар он мени қўллаган Она,
Ҳей, бошимдан ўргилиб, суюб,
Толе сари йўлллаган Она,
Бирга яшаймиз!

Мангуликни келтирмоқ учун,
Ерни гулга тўлдирмоқ учун,
Ўлимларни ўлдирмоқ учун,
Бирга яшаймиз!

1973

Олтин

Подшолар эрларни дорга осганда,
Мурдалар сиртмоқда олганида тин,
Ёвузлар юртимга оёқ босганда,
Уларни ўзига чорлади олтин.

Олтин деб бир-бирин топтади инсон,
Фараҳли орзулар тушди домига.
Эй олтин, юзингга сачраганда қон,
Ўзинг шак келтирдинг бойлик номига!

О, балки бўлмасди разолат зулм
Бу ўтли оламда йўқ эсанг агар.
Сени деб жангоҳда тож кийди ўлим,
Сени деб бошларни кесди Искандар.

Дунёда бировлар тўймади сенга,
Сеҳринг-ла ҳар қайда қолдирдинг кўз ёш.
Сен боис – одамлар зор бўлди нонга,
Сен боис – юз йиллаб кўрмади қуёш.

То ҳануз бу дарддан фориғмас инсон,
То ҳануз ғазодан кутгайлар самар.
Қаршингда бировлар сотгайдир имон,
Ортингдан чопгайлар тобутга қадар!

Биламан, бир куни келар шундай дам,
Ўтмишни хўрсиниб эслармиз оғир.
Олтинни тупроқдан қазиган одам,
Тинч яшаш йўлини ҳам топгайдир охир…

Мен шукур қиламан ўзимни тутиб,
Ва лекин ўйларим бўлмайди абас.
Яхшиям бўлмайди қуёшга етиб,
Яхшиям шу қуёш тиллодан эмас!..

1977

Ҳайдар бобо

Ҳайдар бобо!
Менинг ён қўшним.
Табиатан зукко, меҳрибон.
Куни бўйи билмайди тиним,
Чарчаш нима билмайди ҳамон.

Давраларда сўзлайди эркин,
Пайти келса жиндек “тортади”.
Дам олса ҳам бўлар-у, лекин
Қариб қоламан деб қўрқади.

Рўзғордан ҳеч камчилиги йўқ,
Қўл қисқа деб бўлмайди диққат.
Келиндан-ку доим кўнгли тўқ.
Ўз ўғлидан розимас фақат.

Юрар дардин ичига солиб,
Ахир қандоқ чидасин, ҳай-ҳай!
Ота касби бу ёқда қолиб,
Рассом бўлиб кетса болакай!

У суратни чизар қотириб,
Чол ўзи ҳам ҳайрон қолади.
Лекин бундоқ бирга ўтириб,
Суҳбатлашса нима бўлади?

Миқ этмайди,
Гўё мум тишлаб,
Тураверар қоғоз қошида.
Ахир бобо Рустамдек ишлаб,
Улоқ чопган ўттиз ёшида!

У бўлса-чи, қоғоз билан банд,
Ўзга ишни қилмайди хаёл.
Эҳ, бари бир бола-да – дилбанд,
Бу ҳам чолга келмайди малол.

Билганингни қилгин, дейди-ю,
Йўл олади чойхона томон.
Чоғ улфатга қўшиларкан у,
Улфатаро соҳиб, қаҳрамон…

У даврада сўзлайди эркин,
Пайти келса жиндек “тортади”.
Дам олса ҳам бўлар-у, лекин
Қариб қоламан деб қўрқади.

1977

Ўтмишда ҳалок бўлган ошиқлар монологи

Афсонавий эди севгимиз,
Дунё эди мисли бир чаман.
Фарҳод-Ширин эдик иккимиз,
Бизга фириб берди ёсуман.

Афсонавий эди севгимиз,
Кўп талпиндик орзуга томон.
Тоҳир-Зуҳро эдик иккимиз,
Бир қабрда ётибмиз ҳамон.

Афсонавий эди севгимиз,
Фарёд чекиб кездик чўлларда.
Лайли-Мажнун эдик иккимиз,
Қўшиқ бўлиб қолдик тилларда.

Афсонавий эди севгимиз,
Сиғмас эди тасвири сўзга.
Ою Қуёш эдик иккимиз,
Етолмадик бир-биримизга…

Афсонавий эди севгимиз,
Севдик очиқ, севдик пинҳона.
Бахтли бўлар эдик иккимиз,
Бахтсиз қилди бизни замона.

1977

* * *

Биламан, балки умрим
Сўқмоқдек қисқа бўлар…
Биламан, бу дунёда
Ҳеч нарса мангу қолмас!
Аммо ишқимиз яшар,
Шунга ишонгим келар…
Сени мендан ҳаёт ҳам,
Ўлим ҳам ажратолмас!..

1974

* * *

Инсон нон деб яшамас фақат,
У ташнадир меҳру зиёга.
Бир дунёдир ундаги шафқат,
Лекин ўзи сиғмас дунёга.

1977

Шоир

Мир Алишер илк мартаба битганда баёт,
Фузулийнинг байтларида кулганда пари,
Ҳали бундай шеъриятни билмасди ҳаёт,
Баҳосига етмас эди дунёнинг зари.

Фарҳод тошни йўнар эди ўшанда тоғда,
Ширин кундек порлар эди гўзаллар аро.
Занжирбанд шеър озодликка талпинган чоғда
Сузар эди шуҳрат майи ичра Байқаро.

Жомий кетди куйлаганча толе қушини,
Кўп буюклар бу дунёдан ўтдилар бир-бир.
Шоирсан деб силамади улар бошини,
Ҳеч қайсини алқамади аллома тақдир.

Қилич билан кесилди кўп замон йўллари,
Гоҳо омад ҳамроҳ бўлди маккор ва қувга.
Бир онийлик обрў учун жаллод қўллари
Гулханийни қопга солиб ташлади сувга.

Аммо улар билмадилар, бахтсизлик нечун!
Аммо улар сотмадилар пулга шаънини.
Ҳақиқатни бурро қилиб айтгани учун,
Қонхўр подшоҳ Нодирани олди жонини.

Ҳақиқат деб, охир дорга тортилди Машраб,
Юракларда ғам тўфони чўкдилар қат қат.
Узоқлардан дўстларининг ҳолини сўраб,
Фиғон қилди ўз юртига сиғмаган Фурқат.

Ҳар қайдаки оларканмиз уларни ёдга,
Буюкларнинг руҳига бир қилгаймиз таъзим.
Шоирлардан мерос қолган кўҳна ҳаётга,
Боболардек бағишлаймиз ашъори азим.

Бугун элда Навоийнинг фарзандлари кўп,
Нодиранинг авлодимиз кимдир биримиз.
Гўзал Сир-у, улкан Амударёдек оқиб,
Халқ қалбига кириб борар бизнинг шеъримиз.

Эзгулик севарканмиз тандаги жондай,
Бизнинг тийрак орзулар ҳам толега доир.
Шеъримизда бир истиқбол порлайди кундай,
Истиқбол деб шеър битади ҳар битта шоир.

1975

* * *

Биз бўронда қолдик адашиб,
Мушкул эди йўл топиб юрмоқ.
Дўстим деди: “Қани, қичқиргил!”-
Қийин эди лекин қичқирмоқ.

“Дод” дейишга уялдим рости,
“Йўқ” дейишга бормади тилим.
Қутурарди атрофда бўрон,
Ҳижолатдан ёнарди дилим.

Дўстим деди: “яна қичқиргил,
Токай мен дод дейман ахир”!
Иккимиз ҳам ҳолдан тойгандик,
Иккимиз ҳам йиқилдик охир.

Ётарканман қорга мук тушиб,
Йиғлар эдим чангаллаб қорни:
“Наҳот бир бор қичқиролмадим,
Хафа қилдим шундай шунқорни…”

Дўстим тўнни бошига буркаб;
Уввос солиб қиларди нола…
…Тонг отарди иккаламизни
Топиб олди бир чўпон бола.

Тинган эди энди қор, бўрон,
Ловулларди чўпон гулхани.
Бир чеккада дўстим… болага
“Қўрқоқ” дея сўйларди мани.

Қолган эдик бизлар адашиб…

1978

* * *

Шодлигимнинг поёни йўқдир,-
Олам яшар қуёш нуридан.
Бу дунёда парилар кўпдир,
Сен яхшисан аммо баридан!..

Шодлигимнинг поёни йўқдир,
Олам яшнар қуёш нуридан.
Бу дунёда ошиқлар кўпдир,
Мен яхшиман аммо баридан!..

1976

* * *

Бировларга ўхшайсан дема,
Шовулласа шеъримда денгиз.
Бир-бирига ўхшайди кема,
Бир-бирига ўхшайди юлдуз…

Бировларга ўхшайсан дема,
Шу сўз мени этгайдир лоҳас.
Қиёс излаб, ғамимни ема,
Мен ўзимга ўхшайман холос!

1977

* * *

Ер самони севармиш, ё раб,
Самога ҳам эмасмиш осон.
Ер тўймасмиш самога қараб,
Ерга боқиб тўймасмиш осмон.

Аммо улар учрашмас бир қур,
Севгида-чи, тенгсиздир ҳамон.
Наҳот мени эслатар шу ер,
Наҳот сенга ўхшайди осмон?!

1973

* * *

Чимилдиқ ичида шивирлар висол,
Чимилдиқ сўнгсиз бир сеҳрга тўлиқ.
Чимилдиқ ичида – қўл етмас хаёл,
Ўзи ҳам ҳайратдан лолдир чимилдиқ.

Куёвга бахт асли хаётдан сийлов,
Келин ку яқинда гул очган чечак…
Тун бунча қисқа, деб зорланар куёв,
Тонг бунча яқин, деб ёнар келинчак.

1978

Севгилим

Сен менинг орзум бўл,
Қўшиқ бўлиб янгра қалбимда.
Муқаддас бўй бўлгин,
Умри узун бўл,
Армон бўлиб қолма қалбимда!

Зангори бўшлиқларга шўнғи,
Юлдуз бўлиб порла, қувонай.
Сабо бўлиб эсгил тонгги –
Гўзаллигинг шавқига қонай.

Сени куйлаб ўтай…
Ҳур бўл,
Ёниқ қалбим бўлиб қол, гулим!..
Умримга мезон бўл,
Мақсад бўл,
Кўзларимга нур бўл, севгилим!..

1969

* * *

– Ўйлар, нечун ҳаддан ошасиз!
Кўзлар, нечун сизда мунг, хаёл?
– Бизлар қўшни боққа шошамиз,
Унда кезар гўзал бир аёл!

– Асаб, нечун тарзингиз бузуқ?
Юрак, нечун сизда ҳаяжон?
– Сўрамагил, дардларим қизиқ…
У мен билан эди бир замон…

1969

* * *

Шўхлик қилма, дерлар менга,
Ундар жиддий бўлмоққа.
Кулгим келса кулмай нега?
Ўрганганман кулмоққа.

Ёшлик қилма дерлар менга,
Синагайлар саботим.
Сегим келса, севмай нега?
Ишқ бу – менинг ҳаётим!

Эҳтиёт бўл, дерлар менга,
Чорлар сукут қилмоққа.
Шошгим келса, шошмай нега?
Тоқатим йўқ кутмоққа!..

Майли, мени терганг, дўстлар,
Тингламоққа мен шайман.
Лекин фақат севиб, ёниб,
Қалб амри-ла яшайман…

1977

* * *

Нур этагин йиғиб олиб,
Шом талпингач ер томон,
Хона ичра танҳо қолиб,
Сирлашамиз икковлон…

Хаёл мени сархуш этар,
Ўй сураман суюниб…
Тонгда аранг чиқиб кетар,
Тун хаёли кийиниб.

1976

* * *

Ўн тўрт кунлик бўлганида ой,
Тун қўйнига кирганда фалак,
Тингла, мени кўнглимни айтай,
Деразангни очиб қўй малак!..

Йироқларга кетганим чоғда,
Қилганида ҳижрон жонҳалак.
Рақибларни қолдиргин доғда,
Деразангни ёпиб қўй, малак!..

1976

* * *

Мангуликка тимсолдек қолар,
Туганмасдир тоғлар бардоши.
Еру кўкни ларзага солар,
Гар қуласа тарвуздек тоши.

Бардошлига кенг эрур фалак,
Бесабрлар тамом бўлади…
Фарёд қилма, менга эй малак,
Мен оҳ урсам ёмон бўлади!

1971

Ўзбекистон

Мен сени севаман,
Олис фазони,
Ёрқин юулдузларни куйлайман ёниб.
Денгизга лаб тутган улкан дарёларнинг
Ҳаётбахш сувидан ичгайман қониб.

Мени сени севаман,
Куйлаб, мадҳ этиб,
Сўйларман бу дунё одамларига.
Гуллар унаверар,
Бахт кўкаради
Сўнгсиз пахтазорнинг этакларида.

Мен сени севаман,
Юксак тоғлардан
Шошилган шовводек билмайман тиним.
Сенга талпинаман бутун умр бўйи,
Боболар Ватани – Ўзбекистоним!..

1976

Мақсад

Одамлар ҳаётда ўтаркан бурчин,
Эришмоқ истаркан собит бўлмоққа.
Мақсад керак экан яшамоқ учун,
Мақсад кеарк экан ҳатто ўлмоққа!

Мен унинг ортидан югурдим йиллаб,
Гоҳида оёғим тойилди тошга.
Аллаким панд берди тушсин деб қулаб,
Бировлар оғамдек кўтарди бошга.

Гарчи мен юлдузни кўзлаганим йўқ,
Ҳавойи ишқни ҳам қилмадим одат.
Ё Ҳумо қушини излаганим йўқ,
Мақсадим кетидан интилдим фақат.

Оҳ, уриб ётмадим фурсатни кутиб,
Қўрқмадим келгай деб бевақт заволим.
Гоҳида деҳқоннинг қўлидан тутиб,
Эгатдан сув бўлиб оқди хаёлим.

Миришкор халқимни севдим ҳар қачон,
Бошига ғам тушса ғам чекдим минг бор.
Мен учун юртимдек азиздир жаҳон,
Мен уни куйларман беҳудуд, бисёр.

Шу боис ўйимнинг йўқ эрур кети,
Бул сабаб бўлолмам андак бепарво:
Кетмасин уйлардан ҳеч вақт нон ҳиди,
Инсонга ҳамиша бахт бўлсин раво.

Матлабим, заҳматинг чекдим кўп ғоят,
Мақсадим, мен учун ўзинг бўл даҳо!
Сен бўлсанг мангуга боқийдир ҳаёт,
Сен бўлсанг менга ҳам йўқдир интиҳо!

1975

* * *

– Тинчингни буздимми, азизим,
Не сабаб қовоғинг солинган?
– Қўявер. шунчаки мен ўзим…
Севилиб юрагим олинган…

– Сен менга аламли хотира,
Ишқингда юрагим тилинган.
– Севардим, иложи йўқ сира,
Севиб ҳам юрагим олинган.

1967

* * *

Қовоғингдан гоҳо қор ёғар,
Гоҳ куласан: тушунолмайман.
Ё парисан, ёки афсунгар,
Кимлигингни ҳануз билмайман.

Гоҳ кўнглимга ташвиш соласан,
Ўй босади, хаёлга толсанг.
Пари бўлсанг нега куласан,
Не йиғлайсан афсунгар бўлсанг?!

1977

www.pulkan.org

Share on FacebookShare on Google+Tweet about this on TwitterEmail this to someoneShare on LinkedIn