Ўлим билан юзма-юз

xor14Ўзбекистонлик агрохимик олим Ахмад ҳожи Хоразмийнинг Британиядаги азоб уқубатлари… Ўқиб даҳшатга тушасиз. Наҳотки инсон ҳамма нарсага чидайди? Кетма- кет уч инфаркни бошдан кечирган олимнинг яна ҳаётга қайтиши…

Ахмад ҳожи Хоразмий

Ўлим ҳақ. Буни билсада ҳар бир тирик жон, ҳеч бўлмаса ҳозир ўлмаслик учун унинг билан курашади. Айрим ҳолатларда, (Аллоҳнинг берган умри тугамаган бўлса) ажал маълум муддатга чекиниб ҳам туради. Одам ўлим билан юзма-юз бўлганида, мутлоқ чорасизлигига ишонганидан кейин, ўлимга тик қараб, унга рози бўлар, бунда қўрқинч ҳиси йўқолар экан.
Бу ҳақда ўзим бошимдан кечирган тафсилотларни қуйида қандай бўлса шундайлигича баён қилмоқчиман. Токи муҳтарам ўқувчи ҳам билсин, демократик Европада ҳам ҳамма нарса биз ўйлаганча адолатли ва силлиқ эмаслигига ишонч ҳосил қилсин!

2013 йил, 1-апрель эрталаб кўкрак қафасимда пайдо бўлган нохуш оғриқдан уйғониб кетдим. Авваллари ҳам қаттиқ асабийлашсам, чарчасам, юрагим безовта қилиб турарди. Лекин маълум муддатдан кейин дориларнинг ёрдамида яна ҳамма нарса жойига тушиб кетарди. Бироқ бу галги оғриқ ўзининг нохушлиги ва кескинлиги билан ажралиб турарди ва дори ичсамда борган сари кучаярди.

Тезроқ шариат ва тариқат ибодатларимни қилиб олиш мақсадида, рафиқам ёрдамида (авваллари таҳорат олишда ҳеч кимнинг ёрдамига мухтож бўлмаганман) таҳорат қилиб олдим. Аҳволим борган сари оғирлашарди.

“Эй Оллоҳим, ҳеч бўлмаса ибодатларимни қилиб олишга имкон бергин”, деб дуо қилдим-да бомдод намозини ўқишга киришдим. Оғриқ бутун кўкрак қафасимни ва чап қўлимни қоплаб олди. Бомдод намозини зўрға якунладим ва жойнамознинг устида ётиб қолдим. Нафас олишим ҳам оғирлашаётган эди.

Ўғлим тез ёрдамга қўнғироқ қилди. Тез ёрдам машинаси шу яқин орада экан шекилли, бир неча дақиқа ичида етиб келди. Тез ёрдамда келган докторлар мени ётган жойимда кардиограмма қилишди.

Докторлар қаердан келганимни сўрашди. Ўзбекистондан десам, Курдистон, Курдлар, деб буринларини жийириб қўйишди. Менда эса: “Курдистон эмас, Ўзбекистон, курд эмас, ўзбек”, деб қайта-қайта тушинтиришга мажол йўқ эди.

Бошқа бир тезёрдам машинасида яна 2 та доктор келиб қолишди. Аввалги келган докторлар кардиограммани ҳозир келган докторларга кўрсатиб: “Катта муаммо йўққа ўхшайди. Балки кўкрак қафаси мускуллари шикастлангандир. 3-4 парацетамол ичса ўтиб кетади. Касалхонага олиб кетмаймиз”, деди.

Кейинги келган докторлар эса: “Аҳволига бир қара, касалхонага обориш керак. Бир кор ҳол бўлиб қолса ҳаммамиз жавобгар бўламиз”, деди. Аввалги докторлар: “Бу Курдларга бало ҳам урмайди. Маъсулятни ўз бўйнимизга оламиз. Сизларнинг келганингизни эса ҳужжатда кўрсатмаймиз”, дейишди.

Кейинги келган докторлар: “Сизлар айтмаганингиз билан бизнинг ҳам келганимизни уй эгалари, барча қўшнилари кўриб турибди-ку. Касалхонага обормасак бўлмайди”, деб туриб олишди. Ва ниҳоят мени Стокпортнинг Степинг Ҳил марказий касалхонасига оборишди. Кардиология бўлими консултанти доктор С.М.Ҳорнер (S.M.Horner) бошлиқ докторлар мени обдон текширишди ва: “Обширний юрак инфаркти” деб диагноз қўйишди ва даволаш ишларини бошлаб юборишди.

yuzmayuz1Кундан-кунга аҳволим яхшиланиб борди (сурат-1). Ўзимга анча келганимдан кейин докторлар менга: “Яхшиям ўша куни ўз вақтида олиб келишди. 1,5 – 2 соатга кечикканингизда сизни сақлаб қолишнинг имкони бўлмасди. Жисмоний бақувват одам экансиз. Бундай оғир юрак ҳуружига камдан-кам одам бардош бера олади”, дейишганида 1-апрель эрталаб ажал билан юзма-юз бўлганимни, тезёрдам билан келган айрим докторлар: “Бу Курдга бало ҳам урмайди”, деб мени уйда қолдириб кетишганида нима бўлиши мумкинлигини тушиндим.

Ҳадисда: “Мусулмон киши ўз тириклигида мол мулкини васият қилгани афзал” деган кўрсатмаси асосида ўғлим Улуғбекни ва рафиқам Гулистонни касалхонага чақириб бу ерда бор мулкимни уларга тақсимлаб васият қилдим.

Қазо қилсам жасадимни Ўзбекистонга олиб кетишга ҳаракат қилманглар. Аввало, менга аталган қабрни ваҳшийларча бузган Каримовчилар, жасадимни ҳам хўрлашлари мумкин. Қолаверса, Хоразмийларнинг катта кўпчилигининг жасади хорижда қолган, балки менга ҳам шу қисмат қилингандир, деб ҳам васият қилдим.

Ўрни келганида айтсам, мен 1993 йилда фамилиямни Хоразмий қилиб ўзгартирганимда Вилоят ҳокимлигида бирга ишлаган, таниқли травматолог-ортопед олим Қадамбой Йўлдошев: “Хоразмий бўлганингизга қувондим. Бироқ Хоразмийларнинг кўпи мухожиротда қолган. Иш қилиб, уларнинг қисмати сизга раво бўлмасин-да”, деганида юрагим “Шув” қилиб кетган бўлсада, муҳожир бўлишни ҳаёлимгада келтирмагандим.

Ҳелиен вақтинчалик манажер бўлган юрак хуружидан кейин даволанадиган палатада 10 га яқин беморлар бор экан. Булар ичида Англичан бўлмаган фақат мен эдим. Шу боис бўлса керак доктор ва палата хизматчилари менга пастроқ назарда қарар эдилар.

Айрим пайтлари сигнални босиб чақирсам ҳам келмас эдилар. Ҳожатга чиқиш ётган жойимизда амалга ошириларди. Эркагу-аёл ҳамма бир палатада ётганимиз боис ҳожатга чиқаётганда одатда парда тортиб қўйилади. Мен ҳожатга чиқаётганда атайлаб пардани очиб юборишарди. Бу ҳолат мени асабийлашишга мажбур қиларди.

Бир сўз билан айтганда палата докторлари ва хизматчилари менга очиқдан очиқ душман бўлиб қолишди. Ҳатто ўзимга эшитдириб: “ Ярамас Курд”, деб жеркишарди.

Мен бу палатада бошқа қола олмаслигимни, мени бошқа касалхонага, ҳеч бўлмаса бошқа палатага ўтказишларини талаб қилиб туриб олдим. Буларнинг ҳам устидан қарайдиган каттароқ манажер аёл келиб суриштирув ўтказди. Мен уларнинг қўпол муомуласи ҳақида гапирдим. Улар эса мени бир марта “Илтимос”, ва яна бир марта “Раҳмат” сўзларини айтмаганликда айблашди. Палата хизматчилари айбдор, деб топилди ва улар бошлиқларининг олдида мендан расман кечирим сўрадилар.
Палата хизматчилари менга нисбатан жуда хушмуомула бўлиб қолишди. Бироқ менга ўз вақтида на чой, на нон беришарди.
Буларни сўрасам хушмомулалик билан: Узр, биз жуда бандмиз”, дейишарди.

На кир бўлиб кетган кийимларимни алмаштиришарди. Ҳатто ич иштоним сасиб кетганди. Буларни алмаштиришни сўрасам тавозе билан: “Узр бизда бу нарсалар йўқ”, дейишарди. Докторлар эса мендан бирон марта хабар олишмади. Зарурат бўлганда докторларни чақирсам “Бандмиз”, деб келишмасди.

Овқат тарқатадиган одам менинг тушлик овқатимни олдимга қўйиб кетди. Тўладан келган ҳамшира овқат келтирган одамга: “Унинг овқатини қайтариб олиб кет”, деди. Овқатни олиб кетишга келган одамга: “Қолдиринг, мен уни емоқчиман”, дедим. Ҳалиги одам икки ўртада нима қилишини билмай қолди. Ҳалиги ҳамшира қатъий оҳангда: “Олиб кет деяпман сенга”, деди. Ҳалиги одам овқатни менинг қўлимдан юлқиб олиб кетди, мен ўша куни оч қолдим.

Мен палата хизматчиларининг менга нисбатан хушмомуалилик билан, лекин ноинсоний қилаётган бундай муносабатларидан қаттиқ асабийлашдим. Кўп ҳам ўтмай менда иккинчи юрак хуружи бошланди. Докторлар зир югуриб қолишди. Морфинга аллергиям бўлсада юракдаги оғриқни камайтириш учун қон томиримга юқори дозада морфин юборишди.

Аллергиядан бутун баданимга қизил нарсалар тошиб кетди ва аҳволим янада оғирлашабошлади. Қон томиримга яна қандайдир дорилар қуябошлашди. Капелницанинг дозасини каттароқ қўйишганди босимнинг кучидан миям лўққиллаб отилиб чиқаёзди, чап кўзим қонга тўлиб кетди. Бундан мен додлай бошладим. Қонга ўтаётган дорининг дозасини пасайтиришгандан кейин ўзимга келабошладим.

Сал ўзимга келганимдан кейин полицияга телефонда ҳаётим хаф остида эканлигинини айтиб, бу хаф айнан докторлар томонидан келаётганини тушинтириб, ёрдам сўрадим.

Кўп ўтмай полиция палатага телефон қилди ва алланарсалар деб кулишди. Кейин билсам палатадаги докторлар: “Ҳа, Хоразмий деган касалимиз ростдан ҳам бор. Бироқ у ичиб олса у ёқ, бу ёққа телефон қилиб туради”, дейишган.
Мен ўғлим Улуғбекка телефон қилиб, менга бўлаётган хаф-хатарлар ҳақида полицияга телефон қилишни топширдим. Ўғлим бу ҳақда Стокпорт, ҳатто Манчестер полициясига қайта-қайта телефон қилган. Улар ҳар сафар: “Биз эшитдик у одам ҳақида”, деб унинг гапига қулоқ солишмаган.

Бу палатада қолиш ҳаётим учун хафли эканини сеза бошладим. Ва мени бошқа касалхонага, ҳеч бўлмаса бошқа палатага ўтказишларини талаб қилабошладим.

Ва ниҳоят мени 5-апрелда кардиология бўлимига қарашли бошқа палатага ўтказишди. Мени ёмон одам сифатида маълумотлар буларгада аллақачон етиб келган бўлсада бу ердаги муомула анча яхши эди. Менинг асабларим аста-секин ўзига келабошлади.

6-апрель (шанба)га келиб юрак уришим кескин пасайиб кетди ва минутига 80-90 дан 25-30 га тушиб қолди. Бу ҳақда навбатчи врачни чақиртирсам: “Мен у одамни биламан”, деб келмади. Ва ниҳоят тўполон қилиб бўлсада навбатчи врачни чақиртирдим ва пулснинг пасаяётгани ва унга қарши қандай чора кўришаётганини сўрадим.

Жуссаси кичкинадан келган, сийрак соқолли, кўзойнак таққан, ҳатти-ҳаракатлари кунтиларга ўхшаб кетадиган бу доктор: “Пулснинг пасайиб кетаётганини кузатаяпмиз, лекин унинг олдини олишга ҳеч қандай чора кўрилмаяпти.
Пулс 18-20 дан пастга тушганидан кейин юрак истаган пайтда тўхтаб қолиши мумкин. Юрак тўхтаб қолмаслиги учун зудлик билан юракка апарат қўйиш керак. Бунинг учун эса аввалги келган палатангизга қайтишингиз лозим.

Биз биламиз, аввалги палатангиз ҳаётингиз учун хафли. У ерда 3-чи юрак хуружига учрашингиз ҳеч гап эмас. Унда сизни на апарат нада докторлар сақлаб қолаолмайди. Олдингизда иккита йўл бор. Ё ҳар қандай хафга рози бўлиб аввалги палатангизга қайтасиз. Ё-да, манашу ерда юрагингизнинг тўхташини кутиб ётаверасиз”, деди ўзига хос бир қониқиш билан.
“Аввалги палатамга қайтсамда, бу ерда қолсамда мени ўлим кутаётган экан, яхшиси мени уйга жўнатинг, фарзандларимни бир кўриб уйда ўлай”, дедим. “Жуда яхши, унда сизнинг номингиздан таёрланган тилхатга имзо чекиб беринг-да кетаверинг”, деди доктор.

Ўғлимга телефон қилдим, улар Мартиннинг машинасида етиб келишди. Мен улар талаб қилган тилхатга имзо чекдим-да касалхонани тарк қилдим. Кейин маълум бўлишича улар мени ўлишидан қўрқиб ҳеч ёққа кетаолмайди, аксинча бизга ялиниб кечирим сўрайди, деб ўйлашган экан.

Юрак бўлимидагиларнинг ҳаммаси ҳам ёмон одамлар эмас эди. Мартин, Шўна, Анди каби ҳамширалар менга кўнгил бериб, ҳамкасбларини инсофга чақириб турардилар.

Мартиннинг машинасида уйга йўл олганимизга 10 минут ҳам ўтмай касалхонадан телефон қилишиб: “Ҳозироқ қайтиб келмасангиз полиция билан келтирамиз”, деб дағ-даға қилишди. Бу касалхонага қайтиб бориш мен учун ўлимдан ҳам оғир эди.

Уйга келиб фарзандларимни бағримга босиб, ҳидлаб-ҳидлаб ўпдим. Ичимдан: “Оллоҳга топширдим сизларни, мендан рози бўлинглар”, дедим-да, биз касалхонага кетдик, деб ўғлим (Улуғбек) билан Манчестерга боришни режалаштириб, шошиб-пишиб уйни тарк этдим.

Биз кетганимиздан бирнеча дақиқа ўтар-ўтмас, уйга 2 та машинада мени касалхонага олиб кетиш учун полиция келган. Уйдагилар бизни касалхонага қайтиб кетишди, десаларда уйни текширишган ва эшикнинг одида бирнеча соат кутиб ўтиришган.
Катта йўлга чиқиб телефонда такси заказ қилдик. Фамилиямизни эшитган захотиёқ: “Сизларга машина берилмаслиги ҳақида кўрсатма олганмиз”, дейишди. Биз дарров тушиндик бу полициянинг иши эканлигига.

“Насиб” тейк авайига бориб такси чақириб беришларини илтимос қилдик. Улар ўз номларидан такси чақириб беришди. Таксига ўтириб Манчестерга йўл олдик. Манчестерда Афғонистонлик ўзбек ошноларимиз бор эди. Махчабин доктор эди. Мақсад ундан маслаҳат ва йўл-йўриқ сўраш эди. Борсак Ахмаджовуд уйида экан, Махчабин бир ўтиришга кетган экан. Биз унинг келишини кутиб ўтирдик.

Кўкрак қафасимда оғриқ пайдо бўлиб у кучаябошлади. 3-чи юрак хуружи бошланган эди. Махчабинни ортиқ кутишнинг имкони қолмади. Уй эгаси тезёрдамга телефон қилди.

Тезёрдам тезда етиб келди. Мен тезёрдамда келган докторга Степинг Ҳилда бошимдан кечирганларимни яширмасдан айтиб бердим. Биз Манчестер касалхонасига йўл олдик.

Кўп ўтмай: “Хоразмийни зудлик билан тўғри Стеринг Ҳил касалхонасига келтиринглар”, деган хабар келди рацияда. Степинг Ҳилдаги аҳволни докторга айтганим яхши бўлган экан, мени у ёққа оборишмади, Манчестер касалхонасига келтиришди.

Тезёрдамдан мени қабул қилиб олаётган доктор фамилиямни эшитган захоти: “Буни бу ерга қабул қилаолмаймиз. Уни Степинг Ҳилга обориш керак, улар талаб қилишаяпти”, деди мени оборган докторга. Доктор унга аҳволни тушинтирганди, мени қабул қилишди ва кардиолог (косултант) докторнинг ҳукмига ҳавола қилишди.

Мен катта докторга аҳволни қисқа гапириб Степинг Ҳилга қайтаришса ҳаётим хаф остида қолишини тушинтирдим. Доктор мени тушинди ва қатъий оҳангда: “Менинг рухсатимсиз ҳеч ким олиб кетаолмайди сизни бу ердан”, деди.

yuzmayuz2Мени юрак хуружидан кейин даволанадиган палата (Coronary care unit)га ётқизишди (сурат-2). Бу палата ходимлари, айниқса фамилияси Раж бўлган ҳамшира менга анойи бир совуқ қараршарди. “Бу ҳамшираларнинг ҳаммаси ҳам бир гўр шекилли”, деган фикр ўтди миямдан ва уларнинг муомуласига эътибор бермадим.

Сабри чидамади шекилли, ҳалиги ҳамшира менга қўлини бигиз қилиб: “Биз биламиз, сен ёмон одамсан. Сен ҳақингда бу касалхонада ҳаммам билади. Сен Степинг Ҳилга қайтиб ўша ерда даволанишинг керак”, деди.

Маълум бўлишича Степинг Ҳил ходимлари барча касалхоналар кардиология бўлимларига телефон қилиб мени ёмонлаб улгуришган экан.

Эртаси(7.04.2013)га ўғлим келди. Мен унга ҳаётим ҳамон хаф остида эканлигини тушинтириб, Манчестер полициясига бориб аҳволни уларга айтиб, полициядан кимдир келиб тезроқ мен билан учрашиш кераклигини тайинладим.

Ўғлим Манчестер полициясига борган ва аҳволни тушинтирган. Улар ҳамма нарсани ёзиб олишган ва: “Биз зарур чорани кўрамиз. Бугун-эртага аданг билан ҳам учрашамиз”, деб ўғлимни жўнатишган. Афсуски улардан ҳеч ким менинг олдимга келмади.

Шундан кейин ўғлим мени хаф-хатардан ҳимоя қилишларини сўраб 9.04.2013 да Стокпорт полициясига ариза топширган. Аризада Степинг Ҳил касалхонаси ходимлари томонидан менга бўлган қўпол ва совуқ муносабат, унинг таъсири ҳатто Манчестер касалхонасида ҳам сезилаётгани ҳақида ёзилган.

Шунингдек аризада менинг Каримов режими танқидчиси эканим боис ҳаётимга бўлаётган хаф-хатарнинг бир учи Каримовчи(ММХ)лар билан боғланган бўлиш эхтимоли борлиги ҳам қайд қилинган.

Чунки Каримов ўз танқидчилари бўлмиш Муҳаммад Солихга Европада бирнеча марта суйқасд уюштиргани, Қирғизистонда Алишер Соипов, Россияда …(номи эсда йўқ), Швецияда Обидхон қори Назаров каби ўз танқидчилари жонига қасд қилганлари бу хавотирга асос сифатида кўрсатилган аризада.

Бу масала бўйича Стокпорт полицияси дедективи 24.04.2013 да, эрталаб соат 10 20 ларда Манчестер касалхонасига, мен ётган палатага ташриф буюрди. Бу ариза бўйича мени ва Степинг Ҳил касалхонасини анча-мунча ўрганишган. Google ва бошқа манбалардан мен ҳақимда ёзилган ва менинг қаламимга дохил анча мунча материалларни тўплашган.

Степинг Ҳилда менга MRSA бактерия(инфекция)сини юқтиришгани каби хавотирли фактлар бировларнинг буюртмаси эмасмикан, каби тахминлар ҳам ўрганилаётганини қайд қилди дедектив.

Мен бўлиб ўтган ҳамма нарсаларни бирма-бир айтиб бердим, полиция ходими ёзиб олди. Полиция ходими менга анча-мунча саволлар берди, мен жавоб бердим. Полиция ходими бу масалани чуқурроқ ўрганишни ваъда қилиб соат 12 ларга яқин кетди.

8-апрель (душанба) куни эрталаб, мен ётган палата манажери Каролин (Caroline) мен регистрация қилинган (беркитилган) доктор Фираз Миро (Firaz Miro) консултант-доктор Александр Б. Борг (Aлехсандр B.Borg) ва ҳамширалар менинг олдимга келишди.

Салом йўқ, алейк йўқ, Каролин менга қараб: “Нимага Степинг Ҳилдан қочиб келдинг. Сен у ерга қайтиб кетишинг керак”, дея ўшқира кетди. Мен унга: “Аввало мен Степинг Ҳилдан қочганим йўқ, уларнинг рухсати билан, улар сўраган қоғозга имзо чекиб у ерни тарк қилдим. Бунинг сабабларини эса бу ерга мени қабул қилган катта докторларга тушинтирганман. Зарур бўлса улардан сўраб олинг.

Қолаверса мен бу ерга даволаниш учун келганман. Сизларнинг ўшқириқларингиз мен олаётган даволарнинг самарасини йўққа чиқараяпти. Биринчи навбатда менга тинчлик керак”. дедим. Докторлар унга қараб: “Беморга қўпол муомула қилиш мумкин эмас!”, дейишди кескин оҳангда. Шундан кейин мен Каролинни бошқа кўрмадим.

Степинг Ҳилда томоғимга инфекция тушган экан. Натижада томоғим шишиб ҳароратим кўтирилабошланди. Бир ҳафтача турли хил антибиотиклар билан томоғимни даволашди.

Аҳволим кундан-кунга яхшиланаборди. Эрта-индин юракка апарат (Peacemaker) қўйиб, эндиограмма қилиб уйга жавоб беражакларини айтиб турган бир пайтда Степинг Ҳилдан MRSA бактерия(инфекция)сини юқтириб юборгани маълум бўлиб қолди.
Мени зудлик билан изоляция қилинган махсус хонага кўчиришди ва бу инфекцияга қарши даволай бошлашди. Мен ётган палатани бутунлай беркитиб, карантин қилишди. Бу ҳам етмаганидай ўнг оёғим бармоғида бир шиш пайдо бўлиб оғриқ берабошлади. Бунга қарши Ibroprofen бериб даволай бошлашди.

Касалхоналар ходимларининг менга нисбатан совуқ муомуласи, менда турли хил инфекцияларнинг пайдо бўлабошлаши ҳаётим ҳамон хаф остида деган хавотирни кучайтирди.

Мен ўлишдан қўқмасдим, бироқ бандаликни бажо келтирсам рафиқам ва ўғлим мени қандай жойлар экан. Ахир улар бу масалада ҳеч нарсани билишмайди, деган ҳаёллар қийнар эди мени.

10-чи авлодлари Бухорадан бўлган, Манчестерда истиқомат қилувчи Муҳаммад Исмоил деган бир йигит билан учрашгандим 2 йил аввал. Унга телефон қилдим, у дарров етиб келди. Ўғлим ёш, ўлсам менинг жасадим нима бўлишидан хавотирда эканимни айтдим.

У: “Аввало Худо умр берсин сизга. Агар шундай бўлиб қолса ўғлингиз менга телефон қилсин. Ҳамма нарсанинг бошида тураман, насиб бўлса. Бу ердаги айрим масжидлар жаноза ва жойлаш билан боғлиқ ҳамма нарсаларни ташкил қилишади. Бунинг устига кўп масжидлар имомлари сизни билишади.”, деб телефонларини берди ва ўғлим билан учрашиб танишди. Кейин мен анча тинчландим…

xorazmiy3Бу касалхона Манчестер университетига қарашли бўлганлиги учун медицина факултети юқори курс талабалари шу касалхонада амалиёт ўтишади. Кунда-кунаро талабаларни менинг олдимга олиб келишиб: “Мана, бир ҳафтада 3 марта юрак ҳуружини ўтказиб ҳалигача яшаётган одам”, деб мени кўрсатишарди. Улардан мусулмонлари “Машаллаҳ”, деса, бошқалари “Воов” дейишарди. Мен ичимдан “Воов” деганларга : “Кўзинга тош”, дердимда Қуръони каримнинг “Фалақ”, “Нос” каби сураларини ўқиб ўзимга дам солардим.

Мен карантин қилинган хонада 3 ҳафтача ётдим ва MRSAга қарши бутунлай даволаниб бўлганимдан кейин 25.04.2013 да чап кўкрагимнинг устини операция қилишиб (операция Радиология бўлимида доктор Заиди (Zaidi) томонидан қилинди) Peacemaker қўйишди.

26.04.2013 кеч соат 5.30 да дориларни уйда ичиб даволанишни давом қилдириш шарти билан менга жавоб беришди (сурат-3). Турли жароҳатлар анча кунгача менга озор берди.

Уйга келганимдан кўп ўтмай менга Степинг Ҳил касалхонасидан хат келди. Хатда юрагимни кўрикдан ўтказишим учун кардиология бўлимига келишимни илтимос қилишибди. Мен уларга жавоб ёздим. Жавоб хатимда менга шунчалар озор етказган ходимларнинг қайси юз билан мени таклиф қилаётганига ҳайронлигимни ва уларга ҳалиям юрагимни ишонмаслигимни ёздим. Хатимни олишганидан кейин улар менга телефон қилиб, бўлиб ўтган воқеалардан афсусда ва уятда эканларини билдиришди.
Хулоса ўрнида. Аввало мени оғир аҳволда кетишга мажбур қилган, қолаверса ўзлари кетишимга (барибир ўлишидан қўрқиб кетаолмайди, деб) рухсат берган, Степинг Ҳил ходимларининг барча касалхоналарга хабар қилиб мени қабул қилмасликларини, ҳатто полицияни ишга солиб бўлсада мени қайтариб олиб бориш учунги ҳаракатлари менинг хавотиримни янада кучайтирарди.

Бундан ташқари, менинг ҳаётим касалхона ходимларидан бошқа яна кимларнидир қизиқтираётгандай туюлаверди менга.
Бу хоросотларнинг кўпчилигидан хабардор бўлган рафиқам кўзларида ёш билан: “Жон адаси, майли, ўша ноинсоф касалхона ходимларига биз учун эгилинг. Худо кўрсатмасин, сизга бир бало бўлиб қолса бу ёт элда биз нима қиламиз”, деб йиғларди.
Майли, фарзандларим учун эгилсам эгилай, деб ҳаракат қилдим. Бироқ касалхона ходимларининг ғуруримни бунчалик топташларига чидаш имкони бўлмади. Эгилишдан кўра ўлимни афзал билдим ва: “Эй Оллоҳим, бу номардларга эгилтиргандан кўра олгин омонатингни”, деб дуо қилдим.

Оллоҳга беадад шукурки, эгилтирмади мени ўша номардларга, ҳозирлиқча омонатинида олмади. Оллоҳнинг иродаси билан мен ғолиб келдим, улар мағлуб бўлдилар.

Ҳар юрак хуружи бошланганда, ҳар гал аҳволим оғирлашганда, ҳар кеча уйқуга ётганда, ҳар гал операцияга кирганда иймоним(калимаи шаҳодат)ни ўқиб, Аллоҳнинг зикрини қилишда бардавом бўлардим.

Кўкрагимгни операция қилиб юрагимга (Peacemaker) апарат қўйишда ва эндиограмма қилишда мени ярим уйқу(наркоз)да қўйишди. Хирург ва радиологларнинг кўп ҳаракатларидан воқиф бўлиб ётдим. Операция қилиш учун томирдан наркоз берабошлаганидан калимаи шаҳодатни такрорлай бошладим.

Операция жараёнида эса, бетўхтов Аллоҳнинг зикрини қилганим эсимда. Операция вақтида англичан ҳамширалар операция қилаётган доктор Заидига: “Доктор, бемор тинмай бир нарсаларни гапираяпти”, дейишган. Шунда асли араб бўлган доктор Заиди: “У Аллоҳни зикр қилаяпти. Илоҳим Аллоҳнинг ўзи шифо берсин унга”, деган экан.

Операциядан кейин доктор Заиди ҳар олдимга келганида: “Илтимос, менинг ҳаққимга ҳам дуо қилинг”, дерди. Охирги кунлари бундай илтимосни англичан доктор ва ҳамширалар ҳам қиладиган бўлишди.

Албатта, бир ҳафта ичида 3 марта юрак хуружини ўтказиш, кўз кўриб қулоқ эшитмаган кўргиликлару хавотирлар ўз ишини қилмай қўймади. Юрагим ожиз бўлиб қолди. Бундан кейинги ҳаётимнинг ҳар дақиқасини хавотир ва эҳтиёткорлик билан ўтказишим кераклигини тушинаман. Лекин омонат Оллоҳники, уни қачон олишини Ўзи билади. Бунга “Ризо керак – тағдирига”, деб таёр туриш, ҳар бир бандасининг бурчи.

Ахмад ҳожи Хоразмий
Май, 2013. Буюк Британия,
Стокпорт шаҳри.

www.munosabat.org

Share on FacebookShare on Google+Tweet about this on TwitterEmail this to someoneShare on LinkedIn