Хосият РУСТАМОВА: Туркум шеърлар

xosiyat rustamovaНазокатли ва бетакрор шоира Хосият Рустамовадан саҳифамиз ўқувчилари учун тақдим этилган гўзал шеърлар…

***
Айт, мени қайси бир йўлга бошладинг,
Биздан бу ҳаётни кимлар кўчирган?
Азизим, биламан, оппоқ сочларинг –
Қора кунларимни бошдан кечирган.

***

Машинанинг орқа ўриндиғида,
Бетартиб хонадай хаёлим уйқаш.
Ойнага қадалган кўзим йиғида –
Юракни ўртайди аллақандай рашк.

Худога боряпман ўзимни ортиб,
Бунча ҳам гўзалсан ям-яшил чироқ!
Менинг диққатимни ўзига тортиб –
Ҳайдовчи кўзгудан ташлайди нигоҳ.

О, шу пайт
Кимлардир кулди – киноя!
Қарадим,
Йўлларни супурар фаррош.
Қизил чироқларга қилмас риоя,
Менинг кўзларимдан оқаётган ёш.

***

Ҳафсаласи пир бўлар кўкдан
Ернинг оғзи ошга етган он.
Чет элларда денгизга сузган
Кемаларга ўхшайди хазон.

Қишга тайёр турмоқлик расм,
Хашаклар ҳам боғланар ихчам.
Бола қанча ҳушёр бўлса ҳам,
Тўкилади йўлларга пичан.

Гўё борлиқ уйқуда қолган,
Анор кўкка дўлайтирар мушт.
Куз – айбини бўйнига олган,
Маҳбус каби ўтирар хомуш.

***

Билмаяпман то ҳануз, қайда мен очган эшик,
Кирганманми дунёга, наҳот ўзим очганман?
Сўрайман ҳар майсадан, сўрайман бошим эгиб,
Қаерга жойлашганман?!
Қаерга жойлашганман?!

Бу дунё борми ўзи, исмин айтиб чақирсам,
Гоҳида йиғлаб турсам, қаҳ-қаҳа отсам гоҳо.
Овозимнинг борича уввос солиб бақирсам,
Нега боғлар жим турар, нега тоғлари соқов?

Ҳаёт бўлсанг қараб қўй – турибман бурилишда,
Мен номини билмаган юлдузга тўла осмон.
Мана харсанг тош гувоҳ, журъатим йўқ киришга,
Ортга қайтишнинг ўзи энди бўларми осон?

Одам ўтса паналаб тураман четга ўтиб,
Баъзида қочишга ҳам етмай қолади кучим.
Ўзинг илтифот кўрсат – қаерда турай кутиб,
Одамларнинг қалбини қулфини очмоқ учун?!

****

ҲАЁТ. УЧИНЧИ АВГУСТ

Шундан кейин сени бошқа кўрмадим –
Шифокорнинг ҳалатига олгандинг қўниб.
Турмуш ўртоғимнинг илтижо тўла,
Кипригида қолгандим кўриб…

Ҳали кетмаганди гуллардан ифор,
Учинчи августнинг тегиб ғашига.
Бекиниб олгандинг, қабристонда бор –
Кучукларнинг вовуллашига.

Ўлим тўшаклари очирмасдан кўз,
Устимдан куларди қаҳ-қаҳа отиб.
Сени кўриб қолдим ичимда – бесўз –
Ўзим билан ўзим олишаётиб.

Сўнгра оёғимдан сўрадим изн,
Беҳол юрагимга ўлим солди от.
Шу кеча тушида қўрқибди қизим –
Қўлларимдан ўсиб чиққанмиш қанот.

Мен турган эмишман узаниб кўкка,
Учиб кетмоқликка ўзимни чоғлаб.
Ва бир чол мен яхши кўрган ўрикка –
Икки қанотимдан қўйганмиш боғлаб.

Во дариғ, қизимнинг туши келди ўнг,
Мени гўр оғзидан кўтарди танам.
Тун ўрмалаб ётган ўша кундан сўнг –
Мен сенга боғландим юрагим билан.

***

Жуда узоқлаб кетдим. Кўринмайди қирғоқ, қум,
Чайқалиб боряпман йўлимдан чиқар деб ким?
Сизнинг кўзларингизга эгаси ҳам номаълум –
Денгизда оқиб кетган кемага ўхшаб кетдим.

ҲАЁТ

Милтиғингга жойладингми ўқ –
Бироқ, мен ўзимни отганман.
Пичоғингга жой қолгани йўқ,
Бўғзимгача қарзга ботганман.

***

Қўй, ўксима, ўтади итларнинг ҳам ҳуриши,
Бошингни кўтар баланд узилиб кетар қарз ҳам.
Узатган қўлларингни менга тегиб туриши
Ва Сени топяпти-ку мен қўлимни узатсам.

Совуқ тушмоқда. Куз ҳам йиғиб бўлди ҳосилни,
Тап-тақир шудгорларда хоҳлаганча оқар сув.
Қанча мева тўкилди,
Қанча мева осилди.
Биз ҳали тирикмиз-ку,
Биз ҳали тирикмиз-ку…

***

Баъзан орзу берар панд,
Баъзида келар орим.
Бутун фикри ўйим банд –
От бўлсин деб тулпорим.

Кезаман жангу жадал,
Қор, изғирин қилмас кор.
Ва лекин шу қамчига –
Итоат этар тулпор.

***

Ёзмаган кунларим тушар изимдан,
Мени исканжага олади шеърлар.
Сермаҳсул қабристон каби ортимда –
Дўппайиб турибди қанча қабрлар.

***

Ёз куйдириб юборди жонни,
Уйдан чиқма, олади иссиқ.
Тутиб кетди ҳамма томонни –
Юрагимнинг куйинди иси.

***

Сен кетгандай…
Бехосдан
Ҳувиллаб қолди хонам,
Ҳозир бошқача эди…
Бирдан ўзгарди аҳвол.

Сен ахир ўзинг менга
Яқинсан ўзимдан ҳам –
Бармоқларимни сиқиб
Турган узугим мисол.

***

Бир зум исингани кирдим. Кетаман,
Кечиринг, бугун ҳам вақтим жуда зиқ.
Ёзмаган кунларим ҳаёт устимдан
Ножўя сўз каби тортади чизиқ.

***

Мен кўрмаган кунларни кўрсат,
Тунларингга олиб кир бир-бир.
Нетай, жоним, оз қолди фурсат –
Нетай, умрим оз қолди ахир.

Чизиқлардан оғрийди кафтим,
Тақдир шунча ёзилганми жўн ?
Менинг тугаб бормоқда вақтим –
Ҳаёт бергин ўлганимдан сўнг.

Мен кўрмаган кунларни кўрсат,
Ит кўрмаган кунларни эмас.

***

Яна қачон келаман?
Борми келишдан маъни –
Тебраниб бораяпман
Денгизда оққан сувдек.

Мен бу ёруғ оламга
Сочилиб кетсам қани,
Лўлининг чодири-ю,
Хитой ёзувларидек.

***

Ҳозирча кута тур
Беруҳ, бетаъма –
Жудаям ишим кўп
Боришим қийин.

Вақт топсам – мен Сенга
Кириб бораман,
Албатта, бораман
Ҳаётдан кейин.

***

Кимларгадир дардисар бўлдим,
Келгандирман кимгадир малол.
Еру осмон кесишган йўлнинг –
Ўртасида кездим беиқбол.

Ҳузур қилдим қушларни отиб,
Тузлаб қўйиб олдим қонини.
Олдим кимнинг конини тортиб –
Ва кимларнинг олдим жонини?

Кўтараман оғир танимни,
Ерман.
Осмон.
Ва яна кимман?
Додлаётган она заминнинг,
Очиқ қолган жароҳатиман.

****

Мен туғилиб тўғри қилдимми,
Адашдимми дунёда униб?
Ота, дея чақирдим кимни –
Кимни она дедим суюниб?!

Замин билан танишдим илк бор,
Бу – чувалчанг.
Бу – илон.
Кун. Тун.
Осмон билан танишлигим бор –
Мен дунёга келмасдан бурун.

Ватанимга содиқлигим чин,
Аза очиб, кияман ридо.
Мен дунёга келганим учун –
Ўзини ҳам кечирсин Худо.

***

Зулумотга тўладир хонам,
Узун тунлар юраман бекор.
Чой ичаман фоҳиша билан,
Ўғри билан ўйнайман қимор.

***

Ё осмоннинг устида яша,
Ё яшагин остида ернинг.
Ўртасига тушиб ўтирма –
Ер ва осмоннинг.

***

Бернар Буа Дадье

Ўлсам керак,
Қонталаш елкам,
Оғримоқда.
Илтимос, урманг.
Менинг айбим нима?
Менинг ҳам –
Юртим озод –
Мен эса қулман.

***

О, наҳот жойидан қўзғалди учоқ,
Худонинг бағрида бўламан энди.
Туғилган юртимдан кетяпман йироқ –
Юрагим ёрилиб кетмаса бўлди.

Сиғмайман ўзимга – юрак теппа-тенг,
Туманнинг ичига боряпман оқиб.
Марица, Сен ҳақда ўйлаяпман мен,
Немиснинг ҳар битта сўзига боқиб.

Қайда бор кўзимнинг ёшига ўлчам?
Гоҳида ҳузурбахш, гоҳ маҳзун хаёл.
Менинг кўз ёшимга қарайди ўйчан,
Ёнимда ўтирган қора тан аёл!

Ҳаётни алмашиб кияман танга,
Руҳим ҳаволанар болаларга хос.
Мен бир кун улғайиб қайтсам ватанга,
Устимда эскириб кетмасми либос?!

***

Эртага учаман – Худо хоҳласа,
Уйимга сим қоқмоқ шарт эмас бугун.
Бу ерда кундузги 1. Роппа-роса –
Менинг ватанимда эса ҳали тун.

Кун қизир.
Беҳолман қуёш тафтидан,
Ўт сочар фалакка осилган қандил.
Эҳтимол, ўғлимнинг каравотидан
Кўрпаси сирғалиб тушиб кетгандир.

Менинг юрагимда музлайди жаҳон,
Не совуқ кунларни ёдимга солиб.
Бу иссиқ шаҳарни қолдириб ҳайрон
Мен яна дунёдан кетаман совиб.

***

Бармоғимда ҳиром этар тун,
Минг бор ўлиб-тирилар танам.
Тушунарли бўлишим учун –
Бақирворгим келар менинг ҳам.

***

Топилмай турганда дардингга даво,
Шамол ҳам атайлаб чиқар йўлидан.
Ойни уялтириб юлдузлар гоҳо –
Осмонни қучоқлаб олар бўйнидан.

***

Ўтиргандай ҳаёт дарсида,
Шамолларнинг чиқмас унлари.
Деразамнинг рўпарасида –
Хира тортиб қолар тунлари.

Қўл силкиди… Кетди… Тонг отмай –
Миниб олиб кўкнинг бўйнига.
Тунда яна қушлар тап тортмай –
Дарахтларнинг кирар қўйнига.

***

Бутун ер юзини ташлади сочиб,
Қўрқувдан калима келмас ёдига.
Ўзини йўқотиб, шамолдан қочиб,
Дарахтлар ёпишар қуш қанотига.

Қайга учиб кетган осмоннинг хуши,
Алжираб тортади ипакларини.
Қоронғу тунларга қоқилиб тушиб,
Шамол йиртиб қўяр шиппакларини.

***

Ишон, Сени хафа қилмайман бошқа,
Кеч бўлса ҳам чиқдим. Қоп-қора адир.
Бир осмон юлдузни кўтариб бошга –
Сенинг йўлларингда турибман, ахир.

Жоним, бугун ишинг тугайдими кеч,
Қорнинг оч эмасми,
Омонми жонинг?
Итлар изғиб юрар.
О, менга бу кеч,
Айтгани шумиди Худонинг?..

***

Қўриқлар ҳар қарич ерини,
Қолдирмасдан ҳечам беэга.
Чумолилар боғлаб белини–
Буғдойларни ташир уйига.

***

Шу митти қуш билан ўйнайди ҳаво –
Жони бор нарсани бўлмайди енгиб!
Уришиб бергиси келар қуш …
Аммо –
Осмон ҳам қарийиб онаси тенги.

***

Баҳорнинг қўлига топширди-кетди,
Қиш қайтиб ортига боқмади қиё.
Амал-тақал қилиб кекса дарахтни –
Бошидан ошириб юборди дунё.

Гоҳо оғриб қолар икки товони,
Гоҳо юрагини сиқади кўклам.
Ҳаммаси майли-ку…
Фақат ёмони –
Баҳорга қарамас муҳаббат билан…

***

РАШК

Дарахтларни бўлмаскан билиб,
Очса ҳамки юракларини.
Шамоллардан тунни рашк қилиб,
Ечиб отар кўйлакларини.

Ухлаб бўлмас. Тоғнинг бир қуши
Чидай олмай Ойнинг нозига –
Осмоннинг бир бошидан тушиб,
Юлдузларни солар оғзига.

***

УМР

Алдаб бўлмас экан кузакни,
Кетган экан ичидан пишиб.
Келаверар – ютиб юракни –
Одамларнинг изига тушиб…

***
Бугун менга аён ернинг аҳволи,
Фалак ҳам тушуниб қолган гапимга.
Бошимни тик тутиб турмасам борми –
Гўё осмон қулаб тушар заминга…

***

Йўқ, йўқ!
Хафамасман у қадар,
Бўлди. Дунё кўрсатди борин.
Ҳаёт, Сен ҳам бўлмасанг агар –
Менинг нима кечарди ҳолим?

Чанг кўчадан чопиб ўтар от,
Судралади шамол этаги.
Сени ютиб олишга, Ҳаёт –
Бир пиёла сув ҳам етади…

***

Бошидан тупроққа ён босар жуссам,
Ёки оғирмикан шунчалар дарди?
Айтганини қилиб олдида юрсам –
Юрагим орқага тортиб кетади …

***

Жони қаттиқ. Совуқ урмайди,
Ҳаёт чархлаб ўтирса чархни.
Ёшлигидан кўриб улғайди –
Мудом боши эгилган халқни.

Кетолмайди яқин-йироққа,
Билар тегирмоннинг тошини.
Иккиланмай буғдой ўроққа,
Ўзи тутиб берар бошини…

***

Ҳеч қаерга кетганим йўқ,
Ҳаёт, гуллаб қўйма тағин.
Мени ушла муқаддас кўк –
Мени олиб қолгин замин.

Турар ўғлим каби новча,
Меҳр анқир терак, толдан.
Бу ердаги қушларгача,
Жигаримга ўхшаб қолган.

Кўнглимга сиғмас ҳеч нарса,
Ер остидан келар нидо.
Бўлсам ҳамки ақли қисқа –
Мени юртда қолдир, Худо.

***

ЕРГА

“Бу ер қачон тўяди?” –
Онам йиғлар ўкиниб.
Уялиб… ҳам қўяди,
Қор остига бекиниб…

***

Озгина… Озгина… Озгина қолди,
Озроқ туриб берса, қолмайди хатар.
Узоқдан бўлса ҳам кўриб баҳорни –
Қушдек енгил тортди дарахтлар.

***

Тўхтадим манзилга ҳали етмасдан,
Манинг дарду тушим ичидан пишди.
Катта бўлиб қолдим.
Энди қўрқмасдан –
Яқинда қўлингдан оламан ишни.

Ёмғиру қорларни бер менга қўйиб,
Сен эса ҳумордан чиққунча ўйна.
Фақат Сен ҳам дунё тарафда бўлиб,
Мени шамолларга силкитиб қўйма.

***

ТОНГ

Аллақачон ёмғир ҳам тинган,
Ҳеч ким яшамаган тоза тонг.
Яқинлашиб келар заминга —
Ҳали ҳеч ким ўпмаган осмон.

Қимир этмас дарахтлар беун,
Қушлар учмас жим. Беирода
Қадам босилмаган янги кун
Яқинлашиб қолди дунёга.

***

Олчадан узилган сўнгги барг каби,
Диққатингни тортмас ҳолим. Унутман.
Гўё қўшнимизнинг ҳовлисидаги
Олма дарахтидан тушган қуртман.

Ҳаво ўрнида ҳам чарх урар хазон
Жон оро кирмайди.
Шамол бўлмас эл.
Бугун не кўйларга солар бу осмон,
Эрта не кўйларга солар қаро ер.

***

ЁМҒИР

Булутлар ёйилди кўкни тўлдириб,
Шамол қувиб кетди совуқ қишларни.
Яна дарахтларни ўйга чўмдириб,
Қораси кўринди оппоқ қушларни…

Бугун ҳам отгиси келмай отди тонг,
Бугун ҳам дардини ичига ютди.
Кексайган ҳолига қарамай осмон,
Сузғичдан ўтказиб олар булутни.

***

Дарахтлар ўзини зўрға ушлади,
Силкинди жонини қўлига олиб.
Эрта куздан кетиб қолган қушларни —
Баҳор ҳайдаб келар олдига солиб.

Бугунча далалар қамчилайди от,
Эртага…
Эртани Худо билади.
Ерни кўрмай қолган боғларни Ҳаёт,
Оёқлар остига ташлаб кулади.

***

МАНЗАРА

Юлдузлар жойидан кетади қалқиб,
Бахтиёр тебраниб тун ёзар қулоч.
Қатор симёғочлар ичидан балқиб,
Оқбадан ой чиқиб келар яланғоч.

Мафтунман. Зўрба-зўр нафас оламан,
Эсимдан чиқариб кечаги кунни.
Шу ҳолда қаерга олиб бораман,
Кўйлаги сўтилган келинчак тунни…

***

Бўлди қайтармайман саволларимни
Биламан, барига жавоб берасан.
Боши очиқмикан хаёлларимнинг,
Нега қўрқмай кириб келаверасан?

***

Боряпман…
Нишонга тегмаган ўқдай,
Кафтимда дунё бор – гўё бир сиқим.
Шунча оломоннинг ичидан қўрқмай,
Юрагимни баланд кўтариб чиқдим.

Нима ҳам кўрибман қирқ йил ичида,
Яшаб ҳам бўлдимми?
О, нақадар оз
Онт ичишим мумкин. Бари беҳуда —
Фақат муҳаббатим муҳаббат, холос!

***

Ўзимни пиширдим оловларингда,
Жуда узоқ йиллар… Секин… Шошмадим.
Музаффар руҳимнинг бежон танимдан
Куйган жойларини олиб ташладим.

Бир кун келиб қолсам Сенинг ёдингга,
Кечир, танимасанг, кўриб чиройим,
Шунча кутиб-кутиб Сенинг олдингга —
Тирик боролмасам, Худойим.

***

Йиғлагим келади эслаган пайтим,
Менинг ғамларимни емаган вақтнинг—
Кўзига кўринмай орқага қайтдим,
Кўнглига қуш сиғмай турган дарахтнинг.

Сендан умидимни узгандим тамом,
Яшардим ҳовучлаб дардманд юракни.
Ҳаёт, ёқтирмайман ўшандан буён—
Бизнинг ўртамизга тушган йўлакни.

***

Кутяпман.
Ҳеч йўқ сен бирор нарса де,
Юрагим чарсиллаб ёнаётган пайт.
Бугун ёзмасам ҳам майли…
Фақат, Сен—
Эртага, албатта, ёзасан деб айт.

Сенга ишонаман.
Сенинг гапинг гап.
Худди шу ёзишнинг бордай кераги.
Баъзи шоирларнинг шеърига қараб,
У дунёга кетгим келади…

ШАМОЛ

Сувдан кирган ўтданми,
Тирнар ўзини отиб.
Уйдан чиқиб кетганми
Эс-хушини йўқотиб.

Ёмон кўрмасдим рости,
Бу шамолнинг зарбларин.
Ерга тушган гилоснинг
Пўст ташлади лаблари…

***

Келиб қолар қайдандир шошиб,
Остин-устун қилиб қорларни.
Шамол ёмон ҳаддидан ошиб—
Уйқусини бузар боғларнинг.

Босар нозик ниҳолларни ғам,
Ёқмас ғарблик қушларнинг хулқи.
Баҳор эшик қоқиши билан
Еру кўкнинг очилар қулфи.

***

Яна қуюқлашди қоронғу осмон,
Кўриб бўлмай қолди нариги бетни.
Кўз олдимда бутун дунё зимистон,
Шу баланд уйинг ҳам кўринмай кетди.

Шамол гандираклар. Тонгга бор қанча
Хазонлар ўзига келолмас ҳануз.
Дарахтлар ер чизар. Энди ёзгача
Боғларда адашиб қолиб кетар куз.

Ой чиқди. Дош берармикин асабинг?
Ёп-ёруғ кунлардан бордай ном-нишон,
Қайга боришини унутган каби,
Ой сенинг томингда турар паришон.

***

Дунё улкан кемадай сузар,
Тоғ ёнбошда товланар ял-ял.
Жой талашиб қолар юлдузлар –
Ой осмонда тўлишган маҳал.

Йўл измига тушар йўлларнинг,
Юлдузларга тўлар ер шари,
Қўрқиб кетган ўйчан гулларнинг,
Учиб кетар капалаклари.

www.munosabat.org

Share on FacebookShare on Google+Tweet about this on TwitterEmail this to someoneShare on LinkedIn