Ғаффор Ҳотам: Ватанга муҳаббат

gaffor hotamovРасул Ҳамзатовнинг “Менинг Доғистоним” китобини ўқиб…

Яқинда америкалик олимлар ўғил-қизларининг киндик қони томган заминга муносабатини билиш ниятида ижтимоий тадқиқот ўтказишди. Улар ёшларга: “Ватан деганда нимани тушунасиз?” – дея мурожаат қилишди. Шунда йигит-қизларнинг етмиш беш фоизи: “Қаер яшашга қулай бўлса, ўша жой мен учун ватан”, – деб жавоб қайтарди. Табиийки, бу олимларни ҳам, сиёсатчиларни ҳам ўйлантириб қўйди. Сиёсатшунос Ж. Бьюкенен буни азалий қадриятлар ва урф-одатлар, муқаддас туйғулар – олий туйғулар оёқости қилинаётгани, инсоннинг ички дунёси емирилаётгани билан изоҳлади.

Аслида ҳам, шундай дейишга, безовта бўлишга асос бор. Европани марксизм ва нацизмдан тозалаш керак деган даъво билан Анрес Брейвик Норвегияда қилган қаттолликни бир эсга олинг. У аввал Осло шаҳрида, ҳукумат биноси олдида даҳшатли портлаш содир этди, кейин шаҳар четидаги кўлда, оролчада дам олаётган етмиш етти йигит-қизни ёвузларча отиб ўлдирди. Одамлар нима бўлганини ҳали англаб етмай туриб, бир неча ўн минг исёнкор ёшлар 7 август куни кечаси Лондон кўчаларига қалқиб чиқди. Кейин беомон аланга Ливерпул, Бирменгем, Бристол ва Манчестер шаҳарларини куйдириб ўтди. Ғалаёнчилар автоулуовларга, иншоотларга ўт қўйди, дўконларни вайрон этди, талон-тарож қилди. Шундан сўнг бу тўфон Германияга кўчди, Берлинда бошланган ёнғин Гамбург шаҳрини ҳам чулғаб олди. Исёнчиларга ҳатто полиция бас кела олмади…

Албатта, бу кишилик жамияти дўппини олиб қўйиб, жиддий ўйлаб кўрса, арзийдиган ҳодиса…

Дунё чайқалиб турган мана шундай вазиятда “Менинг Доғистоним”нинг тилимизда ёруғлик кўриши кўнгилга қувонч бағишлайди. Чунки бу китоб мана шу вайронкорлик зиддини, одамийликни, яратувчиликни, аввало, она тилига, она Ватанга, она халққа ва унинг тарихига меҳр-муҳаббатни улуғлайди. Унда иймон-эътиқод, миллий урф-одатлар ва ёқимли хулқ билан хулқланиш гўзал инсоний фазилат сифатида талқин этилади. Шоир тоғликлар жанг қилаётганида оналар бошидаги рўмолини олиб, ўртага ташласа, уруш тўхтайди, деб ёзади. Қани, ўзингиз айтинг, оналарни ва миллий таомилни бундан ортиқ улуғлаш мумкинми?!

Дунёда нима кўп, китоб кўп. Кейинги пайтда зоти бетайин бўлган кимсалар ҳам “падари бузруквори”, ҳатто ўзи ҳақида китоб ёздириб чиқармоқда. “Адиб замондошлари нигоҳида” деган жилдларни санаб адоғига етиш қийин. Аммо бу китоблардан кимга фойда, нима фойда? Мана шу вазиятда “Менинг Доғистоним” одамнинг кўзига оловдай бўлиб кўринади. Нимага десангиз, она Ватан тараннум этилган бундай асар, Абдулла Орипов шеъриятини айтмаса, бизнинг адабиётда йўқ.
“Доғистон – менинг бешигим, – деб ёзади Расул Ҳамзатов. – Мен шу заминда туғилдим, шу заминда она тилимдаги аллани эшитдим, кейин шу тилда сўзлашни ўргандим ва шу тил томир-томиримгача сингиб кетди. Шу заминда она тилимдаги қўшиқларга қулоқ тутдим ва ўзим ҳам биринчи бор она тилимда қўшиқ куйладим. Шу заминда биринчи бор сув ва нон таъмини туйдим…

Тоғликлар унча-мунча гапга жанжаллашмайди. Ҳақорат қилишса ҳам чидашади ёки ҳақоратли сўзларга ҳақоратли сўзлар билан жавоб қайтаришади. Агар ҳақоратли сўзлар ўзларига қаратилган бўлса,улар шундай айтишиб тураверишлари мумкин. Бироқ ҳақоратли сўзлар онасининг ёки опа-синглисининг шаънига тегиб кетса борми, қўллар ханжар томон чўзилади.

Доғистон – сен менинг онамсан!..

Доғистон – менинг муҳаббатим, менинг қасамим, менинг тавбам, менинг ибодатим! Доғистон – ҳаётимнинг мазмуни!..”

Китобни ўқиган одам, у етти яшарми, етмиш яшарми, қатъи назар, шоир айтмоқчи бўлган фикрни англаб олади. У содда тилда, халқчил усулда ёзилган, худдики дунё кўрган ва узоқ ҳаёт йўлини босиб ўтган тоғлик бир мутафаккир сизга юрак очиб, кўрган-билганини айтаётгандек, унга хулоса ясаётгандек. Асар бир-бирини бойитиб борувчи қайдлар ва ҳикматларга бой. Ва ҳар бир ҳикоя, ҳар бир қайд ва эслов инсоний кечинмага белаб олинган. У юракдан отилиб чиқаётган булоқ сувига ўхшайди. Ва сизни сеҳрлаб оқизиб кетади. “Ҳар қадамда мен ўзимни учратаяпман, болалигимни, баҳор ёмғирида қолганимни, гуллар терганимни, кеч кузда дов-дарахтдан барглар тўкилишини томоша қилганимни қайтадан кўргандай бўлаяпман”, – деб ёзади муаллиф. Ким шу ёшда шу ҳолатни бошидан ўтказмаган? Аммо Ватан мана шундай идрок этилишини камдан-кам одам ўйлаб кўрган. Ва бунинг учун бировни айблаб бўлмайди. Чунки асар оғир замонда, ўтган асрнинг етмишинчи йилларида ёзилган. У вақтда ҳаммамиз катта ёлғонга кўмилиб яшаганмиз ва барчанинг ватани битта бўлган: СССР. Коммунистик тузум шундай таълим берган, шундай тарбиялаган. Ҳамма нарса сиёсатга кўмиб ташланган. Бошдан-оёқ риё ва ўйдирма. Гарчи шундай бўлса-да, шоир мавҳум тушунчалар орасидан она Ватанини ажратиб олиб, меҳрга-нурга белаб кўрсатади.
У фикр қўзғаш учун: “Дунё Кремлдан бошланмайдими?” – дея савол қўяди ва юрагидаги ёзувларни саҳифаларга сочиб ташлайди: “Мени тақдир қайси жойларга олиб бормасин, туғилган юртимнинг, тоғларнинг, отни эгарлашга ўргатган овулнинг вакили эканимни унутмайман ва ўзимни ўша жойларда Доғистоннинг махсус мухбири сифатида сезаман…
Мен учун дунё Доғистондан бошланиб, Доғистонда тугайди…”

Шоир Ватани, халқи ва унинг тарихи ҳақида тушунча берар экан, “Бешикдаги ёзув”, “Эшикдаги ёзув”, “Чироқдаги ёзув”, “Ёдгорликдаги ёзув”, “Ханжардаги ёзув” каби қайдлар билан уни бойитади, айни вақтда халқнинг урф-одатлари ҳақида ёрқин тасаввур уйғотади. “Оилада қиз туғилса, беланчагига қўнғироқча осилади, – деб ёзади шоир. – Унда шундай ёзув битилган: “Етти ака-укага опа бўл”. Яхши ният. Кам сонли халқ кўпайишни истайди ва бу табиий. Аммо кам сонли Доғистон халқи ҳам кишилик тарихидаги босқинлар кулфатини катта ва жафокаш халқлар қатори ўз юрагидан ўтказган. Буни муаллиф Нодиршоҳнинг Доғистонга ҳужуми, Чох водийсидаги беомон жанг мисолида очиб беради. “Охири тоғликлар ғаним қароргоҳининг кулини кўкка совурди. Кейин Эронда эл оғзида шундай гап пайдо бўлди: “Агар шоҳ ахмоқ бўлса, Доғистонга юриш қилади…

Шоҳга қарши жангларда Доғистон ўзининг юзминг ботир ўғлонидан айрилди. Тинч халқнинг чўпонлари, овчилари, деҳқонлари, тоштарошлари, наққошлари, шоирлари бевақт ҳалок бўлди.

Аммо қутлуғ заминда яна бир миллион халқ соғ-омон қолди. Яна йигитлар ўз севгилиларини отларида олиб қочишди, чакмон остида исинишиб, бир умрга бирга бўлишга аҳд-паймон қилишди. Яна беланчаклар тебранди, аллалар куйланди. Доғистонликлар сафига яна юз минг ўғил-қиз қўшилди, юз минг ўроқ, ханжар, пандур, доира ясалди.
Шунда яна уруш бошланди…”

Бу урушда тоғликларга Имом Шомил бош бўлади. Улар оқподшоҳ босқинига қарши йигирма беш йил курашади. Ватан ҳимояси йўлидаги бу жангу жадал, экспансион хуружлар, улар келтириб чиқарган жабру жафо асарда кечмиш вақеа ва хотиралар орқали таъсирчан очиб берилган. Имом Шомил гарчи мағлуб бўлса-да, кураши изсиз кетмаслигига, у авлодлар қалбида ёлқин бўлиб, уйғоқликка ундаб яшашига астойдил ишонади…

Одам боласи эс-ҳушини таниб, дунёга очиқ кўз билан қарай бошлагач, ҳаётнинг маъно-мазмунини англашга интилади, ўзини ўйлантирган саволларга жавоб излайди. Мана шундай даврда бу китоб садоқатли дўст ва билимдон раҳнамо бўла олади. “Ҳар бир одам болалигидан ўз халқининг вакили бўлиш учун дунёга келганини билиши ва шу вазифани зиммасига олишга ўзини тайёрлаши керак”, – деб ёзади шоир ва мана шу вазифа инсон умрининг мазмун-моҳияти экани ҳақида баҳс этади, хулоса чиқаради ва ҳаётий билимини улашади.

Тирик классик сифатида яшаб ўтган Расул Ҳамзатовнинг она тилига ихлосу эҳтироми ўтган асрнинг етмишинчи йилларида юракларга олов солган. Унинг “Она тилим” шеърини ёд билмаган одам камдан-кам топилади. Шу боис, шоирнинг бир байтини эслаш билан чекланса бўлади: “Эрта она тилим йўқолса агар, Мен бугун тайёрман бўлишга қурбон…”

Доғистоннинг ҳаёти, ўтмиши, урф-одатлари жуда ўхшаш бўлгани учунми, бу асар элимиз-юртимиз ҳаётидан олиб ёзилгандек таассурот қолдиради. Ўғил-қизларимиз қўлдан қўймай ўқийдиган шундай бир китобга эҳтиёж кучли эди, ўзи, деб ўйлайсиз. Кейин, шу заҳматни бўйнига олиб уни таржима қилган ва тандирдан узилган қайноқ нондай дастурхон устига қўйган шоир Асрор Мўминнинг отасига раҳмат, дейсиз…

Мана, “Менинг Доғистоним”ни ўқиб бўлдингиз. У стол устида турибди. Аммо сиз бир нимани йўқотгандай безовтасиз. Китобни яна қўлга олиб варақлайсиз, нимани унутиб қолдирдим, деб саҳифаларга кўз югуртасиз. Шунда хотимадаги мўъжаз шеър хаёлингизни ўғирлайди. У кўз ёшдай милтираб турибди:

Бор-йўғинг талаган ёвлар кўзига,
Юртим, май косадай кўриндинг фақат.
Майингдан маст бўлиб, келмай ўзига
Сенинг қонингни ҳам ичди бешафқат.
О, жафокаш халқим, яшадинг қарам,
Кўрдинг қанча хўрлик, қанча бедодлик.
Ё Рабб, қанча шоҳлар келиб-кетса ҳам,
Ягона орзуинг бўлди Озодлик!..

2011 йилнинг 21 августи

www.munosabat.org

Share on FacebookShare on Google+Tweet about this on TwitterEmail this to someoneShare on LinkedIn