Ҳуснинисо Аҳмедова: Мунглиғ (ҳикоя)

husiniso ahmedovaТожикистонлик журналист ва ёзувчи Ҳуснинисо Аҳмедовадан саҳифамиз ўқувчиларига яна бир совға: ”Мунглиғ” ҳикояси.

****

Уяли телефонда бироз шумшукроқ, қисқагина хабар келди: «Амманг оғир ётибти. Келиб обкет! Мирсодиқ».

Акмал телефон трубкасидаги «хабар» тугмасини босиб, қайта-қайта ўқиди. Унинг кўнглига бу хабар ёлғон эканлигига шубҳа аралаш ғулғула тушди. Энди буни дадасига тушунтиришнинг йўлини қилиш керак. Чунки Адҳамжон аканинг қон босими баланд. Унга нохуш хабарларни бироз ёлғон аралаштириб, ётиғи билан тушунтиришади.

Рисолат аммаси биринчи турмушидан фарзанд кўришмагани учун айрилган. Иккинчи марта шаҳарга тушган, ўгай бўлсаям ўғил-қизлари бор. Амманинг эри дардмандроқ экан, кейин-кейин бут-кул ётиб қолди. Шўрлик амма чолини тўққиз йил гўдакдек парвариш қилди. Умрининг давомини шу хонадоннинг қувончу қайғуси учун сарфлади.

Адҳамжон ака поччасининг ўлимидан сўнгги бир маъракасига борганда, опасини секин бир четга тортиб, уни қишлоққа олиб кетажагини айтди. Опа бироз ўйланиб қолди, лекин кўнмади:

– Шундай сухан қилганингни ўзигаям жоним тасаддуқ. Энди шугиналарга инсоф берса, ўлигимам, тиригимам шуларники. Мен кетсам неварачалар ҳовлининг бетида қолиб кетишади. Бунинг устига, келиннинг юмушларига қарашаман, апанг чўри. Эр-хотин бир ерга чиқишса, қозонларига қопқоқман.

– Отам раҳматли, қиз – эгалик қул, мунглиғ бўлади. Мендан кейин апанг хўр бўлмасин, гўримда тинч ётай, дердилар. Мабодо, Рисолнинг ҳаётида ками-кўстлик пайдо бўлса, оталик қилгин, деб васият қилиб кетганлар. Кўриб турибман, ҳаётингиз тўкис… Тўкис, дедим-у, шу ўғлингиз анча қўрсроқ, беандишароқ. Арзимаган гап учун кўнглингизни оғринтириб қўядими, деб қўрқаман. Шу-да, бет тирнашмасдан иссиғида обкетай.

–Ўлай, полвон инимга. Қандоққина отамиз, қўрғонимиз бор эдила-я. Қоронғу гўргиналари ёруғ бўлсин, ота-онамиззи, – юзларига фотиҳа тортди опа. – Миссодиғ айтганингдай, беҳад беандиша. Локин уни гапини кангулга олмайман, поччангни ёлғиз арзандаси. Келиним яхши, сиз билинг, мени билинг, ўғлингиззи гапини гап, деманг, деб туради. Бу ёқда қизларимам, ўз оналаридай кўриб, ҳолимни сўраб туришади. Поччангдан кейин буларни ташлаб кетсам, юзгиналарига аёқ қўйган бўламан-да, айланай, илоҳо, умригиналари узун бўлсин, инсоф берсин шуларга.

–Майлику-я! Энди ўзимам касалванд бўп-қолдим. Акмалжон бўлса давлат ишида. Вақти-бевақт ҳолингиздан хавар ололмай қоламизми, деб қўрқаман-да. Сиздан олдин жўнаворсам, ўлим ҳақ, апа, кейин мусофир юртларда қопкетманг, дейман-да.

– Худо асрасин, орқамда қолинглар, мендан асти ташвиш тортма, хокам кужо, деган экан бир муштипар мунглиғ. Қаерда яшаган бўлсам, тупроғимам ўшахта бўлади, апанг чўри.

«Аммамни олиб кетамизми», – деб Акмалжон дадасидан сўраганида, Адҳамжон ака, «кўнмадилар», деб қисқа жавоб берди.

Демакки, Мирсодиқ фармоннамо хабар жўнатиптими, худо раҳмати бобоси башорат қилган ками-кўстлик содир бўлганга ўхшаб турибди.

Акмалжон хабарни яна бир карра ўқиб, қайтариб, телефон қилди. Ўчирилган, деган жавоб олиб, яна бошқа рақамни «сўраттир»ди. Униси ҳам жим.

Акмал дадаси билан ўтириб чой ичди. Худди гапни келувидек сўз бошлади:

– Аммам тушимга кириптилар, дада. Ўша кейинги борганимда, сал тоблари йўқдек эди, хавотир оласиз, деб сизга айтмовдим. Аммам, агар мазам қочаверса, қишлоққа обкетасан, мусофир юртларда қолиб кетмайин, сен ишонган жигаримсан, ҳайит, арафада йўқлаб, тиловат қилиб қўясан, дегандилар, – деди-да, ёлғонлагани сезилмаслиги учун, кўзларини ерга қадаб, дастурхоннинг попугини силаб ўтирди.

Дадасининг қўлидаги пиёла чайқалди, шекилли, уни қўшқўллаб ушлаб дастурхон четига қўйди. Ишонқирамай, ўғлига синчиклаб тикилди:

– Ия, энди бу янги гап-ку, болам. Шунча илтижо қилсак ҳам апам кўнмовдилар. Менимча, апам ҳеч қачон мазалари қочишини кутиб, кейин олиб кетинглар, демасалар керак…

Ўртага оғир жимлик чўкди.

– Сен бола, менга тўғрисини айт, апам тирикми, ишқилиб?!

– Ҳа, яхшилар, йўқлатиптилар холос.

– Содиққа телпон ур.

–Телефонлари ўчирилган. Ишхонасидагилари командировкадалар, деди. Демак, тинчлик.

Аслида аммани қишлоққа олиб кетишларини Мирсодиқ айтган эди.

– Акмал, қарилар бекорга ўлимлик йиғмас экан, ўлик кўмиш қийин экан. Дадамла чол-кампирри маъракасига деб, кассага пул қўйган эканла. Бир «ЗИЛ» мошинни пули. Пул инфеляция бўлиб, қўйганлари куйиб кетди. Эҳ, мияси айниган чол, шунча пул тўплабсан, битта «ЗИЛ» сотиволиб, дарвоза-хонага қантариб қўймайсанми?..

–Замон бундай бўлишини ким хаёлига келтирипти, ака, коммунизм яқин, турмуш бунданам зўр бўлади, деб яшайвердик-да.

– Мана энди кимга зўр келди, менга зўр келди. Чолни маъракасига анча чиқимдор бўлдим. Энди менинг бўйнимда амманг ҳам.., ўтирипти.

– Ҳа, маърака оғир, – ачиниб сўзланди Акмалжон. – Лекин аммамдан хавотир олманг. Илойим, умрлари узоқ бўлсин-ку кексаларимиззи, лекин менинг қўрамда иккита бўрдоқи қўй доимо боқувда. Тўлганини алмаштириб, қассобга топшириб тураман. Ҳар йили 150 кило шоли сотиб олиб, қопчасини оғзини тикиб қўяман. 30-40 литр оқ ёғни алоҳида сақлаб, ишлаттирмайман. Меваям ўзимиздан, картишка, пиёзиям ўзимиздан чиқади.

– Яша, ўғил бола! Лекин бир кунлиги – чепуха! Кейинги маъракалари жигарингни эзиворади-да, – Мирсодиқ оғир аҳволда қолган одамдек, «уҳ» торт-ди.

Акмал ҳайрон қолди:

– Унда нима қилиш керак?

– Обкет, аммангни! Кампир ҳали бақват. Уч-тўрт йил «ғинг» демай, уй юмушларини бажараверади, касалам бўлмайди. ўттиз йилдан бақи бизнинг рўзғорга куймалашади. Обкетсанг, зиён қилмайсан, бақват кампир, хамир қориб, ҳар нонларни ёпа-дики…

Акмал афсуслангандек бошини сарак-сарак қилди, сигарет тутатди. Жаҳли чиқди:

– Ширасини сўриб, турпини тупуриш экан-да, ака. Аммам келганда, бир ярим яшар гўдак бўлган экансиз. Шу пайтгачаям унинг оналик меҳрини сезмаган экансиз, энди уни боқиш сиз учун қийин. Сизнинг ўрнингизда бошқа биров бўлганда, кўрнамаклик қилмас, бу шўрликка боқимонда, оқсоч кампирга қарагандек рафтор қилмас, бошига тож қилардикуя, ҳақиқаттанам сизга оғир экан.

– Ана, – ҳафсаласи пир бўлган одамдек, ўрнидан қўзғалиб, қайта ўтирди Мирсодиқ. – Сизларга ўзи бир нарса, деб бўлмайди. Дадангни давлениси 200 га сапчийди. Сениям тумшуғингдан ортиқ гапириб бўлмайдиган бўпти.

Акмал қаттиқ қаҳрланди. Бу қаҳрланиш жирканч нафратга дўнди. Ҳақиқатан ҳам қони қайнаб, чакка томирлари бўртди.

– Эй ҳез … им! – Мирсодиқнинг кўзларига ўқдек қадалиб тикилди Акмал, – белида белбоғи йўқлардан экансан-ку! Керак бўлса, кампирри касалини боқасан, ўлигини кўмасан, бу сени бурчинг! Ўшандаям у дунёга бўйнингдаги қарздорлик занжирини шалдиратиб жўнайсан. Мен гапимдан қайтдим: сенга бир чақалик ҳам ёрдам бермайман, – деди-да, бармоқлари билинар-билинмас титраб, қутидан янги сигарет олди.

– Ҳовлиқма, ҳовлиқма, ўв-в, сенсирама бола, бу ер чирик қишлоғинг эмас, билдингми? Бир бесоҳиб чувринди кампир деб, эртагаёқ давлатти уйига элтиб ташлайман. Орият қилиб, жирилламаларинг, деб, яхшиликча олдингдан ўтдим. Холасам, сениям, дадангниям аммангга қўшиб…, ҳазиллашмаларинг мен билан.

– Вой, ҳаромзода…

Акмалжон бўлиб ўтган гаплардан таъби тирриқ бўлар, лекин бу ҳақда дадасига қандай гап очишга ожиз эди.

– Оғир ётипти, – деган бўлса, апам шўрликам кетадиган бўптилар-да. – Адҳамжон аканинг ранги қум ўчиб кетган, оғир сўлиш олиб, чап юзини тез-тез силаб қўярди. – Ўғлим, Одил тоғангни чақиртириб, иккаламизга битта улов топиб бер. Ҳар эҳтимолга қарши тайёргарлик кўриб қўй. Сингилларингни чақиртир, қозонга шўрва солиб, хамир-патир қилишсин. Аянг раҳматлини диванини мени хонамга кирит. Келин, янги кўрпа, жойшабларни тўшаб қўйсин. Телефонингни қўлдан қўйма. Узоқ йўл, хабарлашиб турамиз.

Ҳақиқатан ҳам узоқ йўл. Почча ва қайни йўл-йўлакай омади гаплардан сўзлашиб боришди.

– Адҳамжон ака, момомни мазалари бўмапти-да, – гапга қўшилди ҳайдовчи.

– Ҳайронман. ўғиллари оғир ётибтила, деб собшен жўнатипти. Бор гапни телпон қилиб, қулоқма-қулоқ тушунтирмайдими?! Э, бу ҳозирги ёшларнинг бўйни йўғонлиги.., – Адҳамжон аканинг тишлари орасидан «нобакор ҳайвон», деган гап сирғалиб чиқди. – Акмалжон унга уланолмай, хуноблар бўлиб кетди. Собшен жўнатиптию, телпонни ўчириб қўйипти.

– Шу уяли телпонларам яхши чиқди-да, узоғингни ёвуқ қилади, деб хурсанд бўлардим, шуниям зиёни кўпакан, – деди қайни, бир поччасига, бир шофёр томонга қараб, – Қулоғингга тутсанг, ўрта қулоққа нур юбориб, мияни қувватсизлантирар экан. Биззи уйдагиларнинг каттаю кичиги носга банги бўлган носкашдек буни қўлларидан қўйишмайди. ўричча, инглисча музикалар, «жиринг-жиринг», «алё-алё»… Асабларингни оқишоқ қиворишади.

Қайнининг эсига қизиқроқ бир воқеа тушди шекилли, ястанган жойидан қўзғалиб, шофёрга яқинроқ ўтирди:

– Тунов куни, денг, гап жўралардан ҳожи Нурмаматимиз Исфарада дам олиб қайтганларини эшитиб, тонг саҳари билан Ўратепага бориб, ҳожини кўриб келишни жўралар билан келишиб олдик. Жамоатни куттирмай, уйқудан барвақтроқ туришни мўлжаллаб, неварачани телефонини олай десам, у ухлаб қолган экан. Телефонини обчиқиб, саҳарги тўрт яримларга уйғотсин, деб тўғрилаб қўйдим. Бир гал шундай қилганимда, бирам ширин бир куй чалиниб, мени уйғотган эди. Ухлаб ётибман-у, бошқа бир оламга тушиб қолгандайман. Ойнадек Ойкўлда оққушлар учиб юришипти. Соҳилда, ҳавзи Кавсарнинг бўйида ётгандек ётибман. Оққушлар кумуш қанотларини силкитиб-силкитиб, юзларимга илиқ томчиларни сепиб ўтишаяпти. Бир оҳанрабо мусиқадан оҳиста шивирлаш эшитилгандек бўлади: «уйғон, қара, тонг отаяпти, ҳадемай қуёш кўтарилади-я, уйғонсангчи…» Эҳ-ҳе, замонангни техникасигаям қойил қолмай иложинг йўқ-да.

– Энди бу сафаргисини эшитинг, – ўзи олдинроқ кулиб олди қайни, – шу денг, бир ширин тушлар кўриб, майиздай ухлаб ётганаканман, эркак кишининг ҳайқириғидан сесканиб, кўзларим очилиб кетди: «Тур ўрнингдан, падарингга лаънат! Ҳалиям ётибсанми? Молларга қарасанг ўласанми, соҳат ўн бўлди. Энаси, буни уйғотсанг бўлмайдими, эшакка ўхшаб, овнаб ётишини қара буни… Сан, сан, сан…, одам бўлмийсан!!!»

Бу ҳайқириқ ўзимизнинг Ҳожибой қизиқнинг кассетасидан телпоннинг будилнигига кўчириб ёздирилган ёзувлигини тушуниб етгунимча, ҳушимдан айрилиб ётаверибман. Ҳалиги ўшқириқ яна такрорланди: «Тур ўрнингдан, падарингга лаънат!..»
Ҳайдовчи қотиб-қотиб кулди:

– Вой шумтакалар-ей, шунча шумликларни қаердан ўйлаб топишаркин-а, – кейин ўзиям жўшиб-тошиб, Ҳожибой қизиқнинг ашаддий мухлиси эканлигини сўзлай кетди:

– Ҳожибой Тожибой дейишса бас, унинг қизиқчиликларини эслаб, роса куламан-да. Тамоми ўрта Осиёда унга етадиган қизиқчи бўлмаса керак, деб ўйлайман. Эркакларни кўкрагини дўппайтириб, хотинча кийинишлари, саҳнада диконглаб югуришлар, бепарда сўзлаш, масхаравозликлар унда йўқ. Шу томошабинга юзланиб, жон жўралари билан қизиқ-қизиқ гаплардан ҳангомалашиб тургандек гапираверади, гапираверади, кулавериб юмалаб қоламан. Сўзи-ку, сўзи, кўзлариям одамми кулдиради-я, товбангдан кетай. Роса мазза қилиб куламан-да, ҳи, отасига раҳмат.

Адҳамжон ака бу гапларга унчалик эътибор бермас, қон босими кўтарилаётгандек бўғриқарди. Нима бўлганда ҳам, опаси етиб боргунларича, оёқ узатмаса яхши эди-да. Чиқмаган жондан – умид, жони бўлса бас, кейинчалик қарат-боқтир қилишса, зора оёққа турса.

Буларга эшикни йиғидан кўзлари қизариб кетган жувон очди. Адҳамжон аканинг юраги «шиғ» этди. Ҳолсизланиб, эшик кесакисига суянди.

– Тинчмисизлар келин, апамга нима қилди, – унинг кифти оша ичкарига мўралади.

– Яхшилар, кираверинглар.

Сергул делагай кийган, катта дока рўмолини томоғининг остидан танғиб олган опаси кўрингач, Адҳамжоннинг кўнгли жойига тушиб, енгил нафас олди.

Опа инисининг ёнидаги одамлар билан талмовсираброқ сўрашар, ўзини қандай тутишни билмай, патиллаб қолган эди.

– Апанг чўри сенга, ўзгинанг овора бўлиб келдингми-я, бўйларингга ўлай, полвон иним, тобуткашимни аёғини тагига ўлай, орқамда қолгин, ишқилиб, – у кампирона олқишлар асносида кўзларига ёш олди, – Манзура келинимни дард обкетди, сенгина касал бўлмасанг нима эди-я. ўзгинангни тани-жонинг соғми…

– Ўзингиздан гапиринг, апа!

– Менми, – яна талмовсиради опа, – менга жин урармиди. Юрибман-да, тупроқдан ташқарида.

– Шукур, саломат экансиз. Мирсодиқ ҳаммамизни шоширди, ўзи қани?

Мирсодиқ эрта-саҳардан беш-бекорга хотинига зуғум қилиб ўдағайлаган эди. Кейин ошхонада куймалашаётган кампирга эшиттириб, «қайнанажонингни эгаларига званит қилдим. Мен келгунча, келиб обкетишмаса, «қариялар уйи»га элтиб ташлайман, тушундингми?» – деган эди. Ўша учун қайнона-келин унинг бу дилозорликларидан кўнгиллари ўксиб, йиғлашиб ўтиришган эди.

– Миссодиғам ишлук одам. Олинглар, балоларинг урсин, дастурхонга қаранглар.

Меҳмонлар дастурхондан бир чимдим-бир чимдим нон насиба олишди-да, қайтиш ҳаракатига тушишди.
Мунглиғ опасининг ҳаракатларини кузатиб турган ини йиғлай-йиғлай, дерди: «Шунча катта оиладан бир опаму, бир мен қолибмиз-а. Эътибор бермаган эканманми, бечорагинамнинг қадди букилиб, қўл панжалари қуруқшаб қопти-я…» Ука аламини боса олмасди.

Кампир каловланар, бир нарсадан қаттиқ хижолат чекаётгандек изтиробда эди. Келинининг ҳам кўзлари маҳзун ва ғуссали боқарди. Улар шунчаки хайр-хушлашмас, худди видолашаётгандек рози-ризочиликлар ва кўз ёшларнинг адоғи йўқ эди.
Мунглиғ кампир бу хонадон аҳлининг паноҳини Худога топшириб, чорак асрдан зиёдроқ рўзғоридан орттирган кичкинагина тугунчакни бағрига босганча, титраб-қақшаб уйдан чиқди.

Меҳр-мурувватга зор, нотавон гўдакдек бўлиб қолган бу ожизага қараб, ҳайдовчиям оғир ўйга толди. Фақат Одилжонгина кўнгил кўтарувчи, таскинбахш сўзлар айтиб турди:

– Бунақа хайрлашманглар-да, аммажон. Ҳали боллариз, неваралариз сизни соғиниб кўргани бориб туришади. Бу қўни-қўшниларни қаранг. Шаҳар жойларидаям одам одамга ғанимат экан. Уларни кўз ёшларига қаранг. Шунча йил беҳуда шаҳарда юрмабсиз, дўсту ёр, хешу табор, ажойиб қўшнилар орттирибсиз-ку, аммажон, асло кўз ёши тўкманг…

Шаҳардан чиқиб, катта йўлга тушишгач, кампир қорачиғининг теграси кўкарган, намчил кўзларига дока рўмолининг учини босиб, боягидек нотавон гўдак тимсолида йиғлаб юборди.

– Ҳа, ҳа, апа, нима бўлди? Раҳматли чолийиз эсизга тушдими? – Ҳазилга бурмоқчи бўлди ини.

–Апанг чўри, сенгинагаям, Акмалгинагаям тирик товон бўладиган бўлдим-да. Қариганимда сарсоним чиқишини чолим раҳматли сезган эканларми, ўзимми номимга бонкага пул ўтқазиб қўйган эканлар. Бир даста тилло зайимимам бор эди. Давлатимиз бузилиб, ҳалигиларнинг ҳаммаси куй бўпти. Миссодиғим ториқавериб-ториқавериб, инжиқ, серзарда бўлиб қолди. Чолли шу йўлга сен бошқаргансан, деб ўшаларнинг аламини ҳам мендан олади. Бугунга келиб сизларга тирик товон бўлиб…

– Вой апажоним-ей, вой онажоним-ей, кўзим кўзингизга тушгунча не хаёлларга бориб ўтирибман-у, сиз бўлсангиз…
Тириклигингиз, сиҳат-саломат эканлигингизни ўзи бизга давлат-а, – ини опасининг озғин, титроқ елкаларидан қучди. Кампирнинг баттарроқ хўрлиги келди:

– Бир катта мошинни пули, ўн-ўн бешта патгиламни сармояси куйиб кетганлийи. Зайимларим…

Ини самимий кулди:

– Қуриб кетсин, пулиям, патгиламу, мошину тилла зайомлариям. Эҳ, ҳе, мен нима ўйларга борибман-а, сиз бўлсангиз, пул дейсизми-ей. Эсон-омон қишлоққа қайтайлик, иккаламиз чиқиб, волидайнларимиззи қабрларини зиёрат қиламиз. Худо хоҳласа, Акмалжон машинасига миндириб, қариндошларникига олиб боради, бола-чақаларини таниб қайтасиз. Ўзингиз қавла кампирпошшалар билан маърака-мажлисларга юрасиз… Мен не хаёлларга борибман-а, шукур, шукур…

Ҳайдовчи машинасининг магнитафонига Шералининг кассетасидан қўйди. Ҳофиз тоза ва қудратли овозда куйлар, диловар қўшиқ матни машинадагиларга хуш ёққандек, ичлари тўкилиб, жон қулоқлари билан тинглашарди.

Чархи кажрафторнинг бузуқ гардишию, узоқ ўтмишнинг ситамгар нидолари ва тақдири азалнинг кажбаҳс садолари бугунги турмушимизда ҳам инъикос этаётганиданми, юракларни ларзага солувчи бир ўкинч янграган сари, дардманд инининг ҳам, мунглиғ опанинг ҳам диллари йиғлаб борарди.

Чарх авзойи бу дам аввалгиларға ўхшамас,
Энди инсон қадри ҳам аввалгиларға ўхшамас.
Энди инсон қадри ҳам аввалгиларға ўхшамас…

www.munosabat.org

 

Share on FacebookShare on Google+Tweet about this on TwitterEmail this to someoneShare on LinkedIn