Таҳликали ҳаёт

dadaxon-hasan1Исёнкор ҳофиз Дадахон Ҳасан билан журналист Юсуф Расул суҳбати.

Дадахон Ҳасан қачон, қаерда, қандай оилада таваллуд топган?
Қаерда, кимлар билан ўқиган?
Санъатга, сиёсатга қандай кириб келган?
Сиёсий қўшиқлари қандай яратилган?
“Бирлик” халқ ҳаракати қандай ва қай вазиятда ташкил этилганди?
Ҳофизнинг оиласи ва фарзандлари…
Ниҳоят бугунги кун ….

****

Болалик хотиралари

(Биринчи суҳбат)

Юсуф Расул: Дадахон Ҳасан – ўзбек халқининг севимли ҳофизи, эрк ва озодлик куйчиси, ўтюрак шоир… Дадахон Ҳасан – ўзбек мухолифатининг ”отаси”, “Бирлик” халқ ҳаракатининг асосчиси… Сизга бериладиган таърифу таснифлар шу қадар кўп, бироқ, кўпчилик Дадахон Ҳасаннинг шахсий ҳаёти, унинг қандай оилада камол топганини яхши билмайди. Суҳбатимизни дастлаб, ўзингизни болалик чоғларингиздан бошласак…

Дадахон Ҳасан: Мен 1941 йил ноябр ойида (паспортимга 15 март деб янглиш ёзилган) Фарғона вилоятининг Олтиариқ туманидаги Арабхона қишлоғида оддий деҳқон оиласида туғилганман. Қишлоғимиз яқинида араблар тепалиги деган бир жой бор, шу боис мен туғилган жой шу ном билан атаб келинади. Отамнинг исму шарифи Ҳасанов Шокир, онам Ҳасанова Қумринисо эдилар. Отам Қўқондаги механизация билим юртини тамомлаган, ўша пайтдаги жамоа хўжалигида олдин мироб, кейинчалик ҳосилот бўлиб ишлаганлар.Отам бир муддат жамоа хўжалиги раиси ўринбосари бўлганлар, охирги йилларда Олтиариқ туман сув хўжалиги бошлиғи вазифасида ишлаганлар.Немис фашист босқинчилари СССРга бостириб кирганда, отам 1942 йилнинг октябрь ойида урушга кетиб қайтиб келмаганлар. Кейинчалик эшитсам, Россия ўлкасидаги шимолий-шарқий фронтда хизмат қилган эканлар. 1943 йилнинг 15 мартида “Великий” Новгород шаҳри яқинидаги Залуга райони, Шатова қишлоғида ҳалок бўлганлар.Отам вафот этганларида мен эндигина, икки ёшга тўлган мурғаккина чақалоқ бўлганман.

Ю.Р.: Оилада неча фарзандсизлар? Ака-укаларингиз, сингилларингиз борми?

Д.Ҳ.; Ҳа, бир акам, икки опам бор. Акамнинг исмлари Алижон, опаларим Мўътабархон ва Тамарахонлар…Ўша пайтларда, Тамарахоним халқ ичида анча машҳур бўлган экан. Шу сабабли, кичик опамга шу номни қўйганлар.
Ҳозир акам ҳаётлар. У киши олим, педагогика фанлари доктори, профессор Алижон Ҳасанов. Тошкент Давлат консерваториясида ва Маданият институтида мусиқа фанидан дарс берадилар. Опаларим эса жамоа хўжалигида деҳқончилик қилиб яшаб ўтишди. Уларни санъатга алоқаси йўқ. Бизни авлодимизда ҳам санъаткорлар бўлмаган дейишади.
Қишлоғимиздаги мактаб саккиз йиллик эди. Саккиз йил шу мактабда саводим чиқиб, тўққизинчи ва ўнинчи синфларни Олтиариқ тумани марказидаги мактабда хатм қилдим. Қишлоқ билан туман маркази ораси 15 километр эди, қатнаб ўқиб, 1959 йилда ўрта мактабни муваффақиятли тугатишга муяссар бўлдим.

Ю.Р. Дадахон Ҳасанда шеъриятга, санъатга меҳр қачондан бошланган?

Д.Ҳ. Менда дастлаб шеъриятга меҳр уйғонган. Эллигинчи йиллар охирлари эди. Бир куни тасодифан қўлимга ўзбек адабиёти хрестоматияси тушиб қолди. Унда Навоий, Атойи, Саккокий, Машраб, Ҳувайдо каби шоирлар ижодидан намуналар берилган эди. Дастлаб, шу китобни ўқиб адабиётга ишқим тушди. Шундан сўнг, Саъдий Шерозий, Рўдакий асарларини ўқидим. Буни қарангки, улардан илҳомланиб ўзим ҳам шеър ёза бошладим.
Биринчи шеъримни 1959 йилда ёзганман. Бу шеър “Онамга” деб номланиб, ўша пайтдаги Олтиариқ туман газетасида босилиб чиққанди. Орадан тўрт йил ўтиб марказий нашрлардан бири “Ёш Ленинчи” газетида “Севгилим” деган машқим эълон қилинди. Бу шеър қандай ёзилган бўлса шундай босилган, бирор жойига қалам тегизилмаган.

Ю.Р. Демак, мактаб даврида ёзган назмий машқларингиз таҳрирталаб бўлмаган. Мактабдан кейинги ҳаёт ва ижод йўлингиз қандай кечди?

Д.Ҳ.; Юқорида айтганимдек, мен 1959 йилда Олтиариқдаги 1- сон ўрта мактабни битиргач (бу мактаб Пушкин номи билан юритиларди), шу йили Тошкент Давлат Университетининг филология факультетига ҳужжатларимни топширдим. Бироқ биринчи йил омадим чопмади, иншодан “йиқилдим”.

Орадан бир йил ўтиб, яъни 1960 йил яна шу факультетга ҳужжатларни топширдим. Бу гал ҳам омадим чопмади, иншодан ўтдим, бироқ оғзакидан ўта олмадим. Ниҳоят учинчи йил деганда, 1961 йили ўқишга киришга муваффақ бўлдим.
Мен уч йил ўқишга қатнаб юрган кезларда, яъни 1959- 61 йилларда туман мактабларида пионерлар етакчиси ва ўқитувчи бўлиб ишладим. У пайтларда таниш билишчилик йўқ эди, билиминг бўлса ишлайверардинг. Иш жараёнида тинмай ижод қилдим, шеърларим, мақолаларим туман ва вилоят газеталарида босилиб турди.

Ю.Р.: Университетда ўқиш жараёни ҳаётингизда қандай излар қолдирган?

Д.Ҳ.; Мен 1961 йилдан 66 йилгача, ТошДунинг журналистика факультетида таҳсил олдим.Бизни пайтимизга келиб филология факультетидан журналистика ажралиб чиққанди ва биз шу факультетга ўтказилдик.
Мен шу беш йил ичида ватанимни, юртимни танидим. Мен учун Университет катта ҳаётий мактаб бўлди. Бу ерда гўёки, қайтадан туғилгандек эдим. У ерда катта катта шоирлар билан учрашувлар бўларди. Газета ва журналлар таҳририятларига бориб турардик. Бу жараёнда адабиёт, бадиият дунёсига қандай кириб қолганингни ўзинг ҳам билмай қолар экансан.
Мен ўша пайтда бугунги кунда Ўзбекистонда таниқли бўлган Абдулла Орипов, Рауф Парфи, Гулчеҳра Нуруллаева каби шоир ва шоиралар билан бир курсда ўқиганман. Сафар Барноев, Зоҳир Аълам,Омон Мухторов, Шукур Холмирзаев каби ёзувчилар билан ҳам бир пайтда таҳсил олганмиз.

Ёдимда бор, ўша йилларда Шукур Холмирзаевнинг “Оқ отли” деган қиссаси эълон қилинган ва анча машҳур бўлиб кетганди. Бизни факультетимизда Уйғун, Зулфия, Азиз Абдураззоқ, Миртемир домла каби шоирлар билан учрашувлар бўлиб турарди.Ўша пайтдаги шеърият мушоиралари, ҳанузгача ёдимда сақланиб қолган. Айниқса, ўша пайтдаги Пушкин боғидаги учрашувлар, шеърият кечаларини эслайман. Шоирлардан дастхат олишга қизиқардик.

****

Менинг биринчи қўшиғим “Лайло” эди…

(Иккинчи суҳбат)

Ю.Р.; Сизни Университетда ўқиб юрган чоғларингиздаёқ ўша пайтдаги Давлат Хавфсизлик Комитети (КГБ) назарига тушганингизни эшитгандим. Тафсилотлари қандай?

Дадахон Ҳасан: 1961 йилнинг охирида биз ўзимиз ўқиб юрган Тошкент Давлат Университетининг журналистика факультетида “Ҳамзачилар” ижодий уюшмасини ташкил қилдик. Биз ўшанда ҳаммамиз Ҳамзага айланиб қолсак, деган орзу билан уюшма тузганмиз. Уюшмага факультет талабалари қатнашарди. “Ҳамза” деган деворий газета ҳам ташкил қилгандик. Унда совет даврига қарши руҳдаги шеър ва мақолалар чиқарди. Газетани шоир Файзи Шоҳисмоил тайёрларди. Мен Уюшмага маданият ва маърифий ишлар бўйича раис ўринбосари эдим. Деворий газета олти ой мобайнида чиқиб турди.Бизнинг уюшмамизда совет даврига тўғри келмайдиган , совет матбуоти босмайдиган тарихий, адабий асарлар, қатағон қилинган шоирлар, ёзувчилар асарлари муҳокама қилинарди. Аҳмад Алиев деган ўқитувчимиз, яқинда қамоқдан чиққан эди. У киши бизга баъзида қатағон даври адабиёти ҳақида гапириб қоларди. Биз ҳам тилимиз қичиб, саволлар берверардик.Ўша пайтда ҳамма жойда, жумладан домлалар орасида ҳам КГБ агентлари бор эди. 1962 йилнинг ўрталари эди, бир куни ўқишдан сўнг кинога кириб, кеч соат ўн бирларда ижарадаги уйимга қайтаётганимда , уч киши мени қўлларимни боғлаб, машинага босиб олиб кетишди. Улардан иккитаси рус, бири татар эди. Олдинига татар йигит мен билан суҳбатлашди. Қўлида суратим, “Сен Дадаҳон Ҳасанмисан? Университетда ўқийсанми?” деб сўради. “Ҳа!” деганимда, “Юр, машинага ўтир!”, деб, кўзларимни боғлаб қаёққадир олиб кетишди. Уч кун қоронғу бир хонада ётдим. Фақат ҳар куни бир марта карам шўрва беришарди. Учинчи куни мени роса урушди ўша хонада. “Агар яна “Ҳамзачилар” Уюшмасига қатнашсанг, пешонангдан отамиз!”, дея пешонамга пистолет тирашди. Кейин мени, яна қўлларимни боғлаб уйга олиб бориб ташлашди.Университетга боргач, мени олиб кетганлар КГБ одамлари эканлигини билдим. Кейин маълум бўлишича, Уюшма раиси Собир Холбековни ҳам олиб кетиб, 15 кун сўроқ қилишган экан.Шундан сўнг Уюшма фаолияти тўхтади. Аъзо талабалар тарқатиб юборилди. Бироқ, ҳеч ким ўқишдан ҳайдалмади.Ўша пайтда, академик Обид Содиқов Университет ректори эди. У бизни ёшликка, соддаликка йўйиб ҳимоя қилган бўлса керак…”Ҳамзачилар” Уюшмасига Тошкентдаги “Ғунча” кинотеатри орқасидаги Маданият Саройидан жой ажратиб беришган эди. “Тошкент ҳақиқати” газетаси мухбири Ш. Зуҳриддинов уюшма фаолияти ҳақида мунтазам хабарлар чоп этарди. Ўшанда уюшма таъсири жуда катта бўлган. Биз ўша пайтда миллий озодлик ҳаракати нишоналари пайдо бўлганлигини кейин билдик. Мана, ўша йиллардан буён қора рўйхатдаман.Ўшандан буён, менга тинчлик беришмайди ва менга таъқибу тазйиқлар кучайса ҳайрон бўлмайман.

Ю.Р.: Дадахон Ҳасанов журналист ва шоир ўлароқ, қандай қилиб санъаткор бўлиб қолди?

Д.Ҳ.: Уюшмамиз тарқатиб юборилгач, яна жимгина ўқишни давом эттиравердик. Эсимда, талабалар пахта теримига борганда, ҳар куни лирика кечалари бўларди. Бу кечаларда шоирлар шеър ўқирди, мен эса қўшиқ айтардим. Ўзбекистон радиосида ўша пайтда Жонрид Абдулахонов каби ёзувчилар ишларди, улар лирика кечалари ҳақида бир соатлик эшиттиришлар тайёрлагани ёдимда бор.Аслида санъатга иштиёқ, мени қалбимга муҳаббат билан бирга кириб келган. Мактабда ўқиб юрган пайтимда, бир қизни қаттиқ севиб қолгандим. У қизни ўзимга қандай мафтун қилсам экан, деб орзу қилардим. Уни ўзимга қаратиш учун, рубоб чалишни ўргандим. Олдин мактабда, кейин Университетда анча шаклландим.
Ўша пайтларда, Маъмуржон Узоқов, Комилжон Отаниёзов анча машҳур эди. Уларни қўшиқларини айтиб юрардим. Мактабда ўқиб юрган кезларимда доимо қўшиқ айтардим. Кечалари, уч километрли йўлга қўшиқ айтиб бориб келардим. Одамлар ҳозир Дадахон қўшиқ айтиб ўтади, деб қайтишимни кутиб туришар экан. Негадир, мени қўшиқ айтиш услубим кўпчиликка ёқиб тушганди.
Мени йўлим бошқаларникига ўхшамасди, бироз ёввойи йўл эди. Мен катта даврада қўшиқ айтишни талабалик давримдан, 1962 йилда бошлаганман. Шу йили филология факультети қошида бадиий тўгарак ташкил этилди. Рубобчи Қобил Усмонов раҳбаримиз эди. Тўгаракда шеърлардан намуъналар ўқилар, ашулалар айтиларди.

Ю.Р.: Биринчи қўшиғингизни эслай оласизми?

Д.Ҳ.: Албатта. Мени биринчи қўшиғим “Лайло” эди. Тўгаракда, Рауф Парфи ҳам қатнашар эди. У менга “Лайло” шеърини берганда, кўриб уни ашула қилдим. Мен бу қўшиқни, биринчи марта 1964 йилда пахта теримида эканлигимизда айтганман. Қўшиқ мусиқасини ҳам ўзим басталадим.
Кейинчалик, мен қўшиқни советларга қарши кураш воситасига айлантирдим. Чунки, одамлар шеърдан кўра, ашулага қизиқишларини яхши билардим. Чунки, ашула билан одамларга тез таъсир қилиш мумкин.

Ю.Р.: Ишқий лирикадан сиёсий, жанговор қўшиқларга ўтиш жараёни қандай бўлган?

Д.Ҳ: 1965 йили шоир Рауф Парфи менга Чўлпон шеърларини берди. Мен ўша пайтда Чўлпоннинг “Кулган бошқалардир…”, “Кўнгил, сен…”, “Муҳабатнинг саройи кенг экан…” деб бошланувчи шеърларини қўшиқ қилдим. Ўша пайтлари Чўлпон шеърлари чоп этилмасди, бироқ қўлма-қўл бўлиб ўқиларди. Бу қўшиқларни, кейинчалик концертларда ҳам айтганман, бироқ кўп дакки эшитганман.
Университетда, бизга таъсир этгувчи омиллар жуда кўп эди. Сиёсий дунёқарашим ошишига менга асосан тўгараклар катта таъсир кўрсатган. Таниқли шоирлар Миртемир, Шуҳрат, Шукруллолар билан учрашганмиз. Улар ўзларини қамалиб чиқишлари, сабабларини гапириб беришарди. Мен ўша йиллардаёқ, ўзимизни совет мустамлакаси эканлигимизни билганман ва тузумга қарши нарфратим ошган.
Ўқишни битиргач, “Совет Ўзбекистони” газетасининг адабиёт ва санъат бўлимида ходим бўлиб ишлай бошладим. Бу пайтда мен, ўз қўшиқларим билан анча танилиб қолгандим.Газетада Жуманиёз Жаборов ва Анвар Эшонов каби шоирлар билан бирга ишладим. Эътибор Охунова деган шоирани шеърини қўшиқ қилмаганим учун, у билан зиддиятга бориб қолгандим. У мени бош муҳаррирга ёмонлаб, ишдан кетишимга сабабчи бўлган.
Янглишмасам, 1967 йилда ишдан қувилгач, “Ўзбектелефильм”да редактор бўлиб ишлай бошладим. Орадан икки йил ўтгач, Ўзбек Давлат Филармониясига ишга ўтдим. Чунки, журналистикадан кўра санъатга, қўшиқчиликка ишқим кучайиб кетганди.
Филармонияда ғалати шеърларни қўшиққа солардим.Масалан, Туркистон ҳақида, Амир Темур ҳақида қўшиқлар айтганман. Рауф Парфининг “Тўхта, Сиёвуш!”, “Ёшлик, зангор фасл”, “Мен оламдан ўтганда жоним” шеърларини, Махтумқули, Аҳмад Яссавий ғазалларини, урушга қарши ёзилган баётларни қўшиқ қилгандим.
Ўша пайтда, ҳеч ким Ватан ҳақида қўшиқ айтолмасди, ҳеч ким Ватан нималигини тушунмасди. Ватан ҳақидаги қўшиқларим ҳукуматга ҳам, бадиий кенгашларга ҳам ёқмасди. Шунинг учун мени концертларга яқинлаштиришмасди. Бу қўшиқларда тузумдан норозилик, совет турмушидан нолиш мотивлари бор эди.Ана шу қўшиқларим туфайли, мени ёмон кўришарди. Бу йўл, бу оҳанг, бу сўз ўзбек қўшиқчилигига тўғри келмайди, совет ғоясига ёт деб айтишарди. Дадахон Ҳасан халқ мафкурасини бузади деб ўйлашарди. Ҳатто Орол денгизи фондига бағишланган концертга ҳам мени қўйишмаган.
Шу зайлда филармонияда икки уч йил ишладим. Ёдимда бор, етмишинчи йилда қизиқ бир воқеа бўлган. Тошкентдаги Свердлов концерт залида (ҳозир бузилиб, ўрнига биржа маркази қурилган) “Ленинни шарафлаймиз” деган кеча бўлиши керак эди. Кечага Комил Яшин, Уйғун, Воҳид Зоҳидов, Ҳамид Ғулом, Рамз Бобожон, Иззат Султон, Зулфия, Туроб Тўла, Зоҳиджон Обидов, Акмал Пўлат, Ўткир Рашид, Ёнғин Мирзо каби машҳур ўзбек шоирлари қатнашган. Афишада уларнинг номлари ёнига, меники ҳам ёзиб қўйилган экан. Кечага кирган одамлар шоирларни гапиргани қўймай, даврага мени чиқишимни талаб қилишган. Халқ “Фақат Дадахон чиқсин, шоирлар керакмас!” дея бақирарди.Биринчи бўлиб, Комил Яшин минбарга чиққанда одамлар шовқин солиб, уни гапиришига имкон беришмади. Бошқа шоирлар ҳам рад этилиб, мулзам ҳолда орқага қайтишди. Улар уятдан залдан чиқиб кетишганди ўшанда. Улар кетгач, мен икки соат қўшиқ айтганман.
Филармония директори Дадаали Соатқулов эди. У концертдан чиқиб кетаётганимда қўлимдан ушлаб, “Ука, энди эҳтиёт бўлгин, бу шоирлар аждарҳонинг ўзи. Улар сени бир бурдадан еб ташлашади” деган сўзлари ҳамон қулоғим остида турибди. Шундан кейин, кенг миқёсда менга ҳужумлар бошланди… Бир ҳафта ўтиб, Ўткир Рашид имзоси билан “Совет Ўзбекистони” газетасида мени танқид қилувчи феълетон чиқди.

****

Аламзада давра

(Учинчи суҳбат)

Юсуф Расул: Ўткир Рашид сизни танқид қилган фелъетонида нималарга асосланган эди?

Дадахон Ҳасан: Фелъетонда қизиқ нарсалар ёзилган. Жумладан “Сочи ўсган, соқоли олинмаган, шими дазмолланмаган бир маддоҳ чиқиб, “Отамни кўрмадингизму?”, “Амир Темур”, “Лайло, Лайло…” деб қўшиқ айтди, биз Ленинни шарафлай олмадик”, деб ёзилганди унда.Шундан сўнг “Муштум” сатирик журналининг деярли ҳар сонида менга қарши материаллар чиқа бошлади. Ўша пайтда махсус қўшиқчилар бор эди. Акмал Пўлат, Ёнғин Мирзо, Зоҳиджон Обидов, Пўлат Мўмин, Ўткир Рашид, Ҳайдар Муҳаммад, Барот Исроил, Нормурод Нарзуллаев шеърлари қўшиққа солинарди. Уларга радио бастакорлари куй басталаши керак эди. Шундагина қўшиқлар бадиий кенгашдан ўтказилиб, радио ва телевиденияга бериларди.Улар совет даврини шарафлар, совет даврини мадҳ этишарди. Улар тарғибот қуролига айлантирилганди. КГБ улардан яхши фойдаланган.
“Халқлар озод, ватан обод, ҳамма бахтиёр” деган оҳанглар халқ онгу шуурини эгаллаб олган вақтлар эди. Мен эса ўша пайтдаги қуллик ва ночорликлар ҳақида қўшиқ айтардим.Бир гал шоир Туроб Тўла “Сиз бугунги қўшиқчилигимизга янги ҳаво олиб кирдингиз, булар сизни тушунмаяпти. Сиз бугунги қолипга тўғри келмаяпсиз”, деган эдилар.Шоир ўшанда бадиий кенгаш ва маданият вазирлигидаги кишиларни назарда тутган эдилар.Бир кун ҳатто уларни синамоқчи бўлиб Ленин ҳақида “Бориб Ленин ҳузурида қўшиқ айтурман” радифли қўшиқ ёзиб борганман, бироқ бадиий кенгашдан бу қўшиқни ҳам ўтказилмаган.
Шунда бадиий кенгаш аъзоси Ғанижон Тошматов мени бир чеккага чақириб, “Бу ерда бир нарса борга ўхшайди, Ленин ҳақида айтсанг ҳам ўтказишмади”, деган эдилар. Чунки КГБ радио комитетдагиларга қора рўйҳатдаги ҳофизлар ва шоирлар ҳақидаги маълумотни берган. КГБ мени қўшиқ айтишимга рухсат бермасди. Ўша пайтда бутун жамиятни, системани КГБ бошқарарди. 75- 80 йилларда шу боис мени қўшиқларим у қадар кўзга ташланмасди.1977 ёки 1978 йиллар эди. Бир куни бу кўргуликлардан арз қилиб Марказқўмга чиқмоқчи бўлдим. Ҳозирги Маданият институти ректори Азиз Тўраев Марказқўмнинг маданият бўлими бошлиғи эди. Шунга арз қилиб чиқдим. Уни қабулига кириш қийин эди. Қийинчиликлар билан қабулига кирдим. Азиз Тўраев менга ўзим ҳақимда тўпланган ҳужжатларни кўрсатганди. Айни қўшиқларим ва ҳаракатларим билан ҳукуматни ғашига тегаётганимни ва бу билан узоққа бора олмаслигимни айтганди.1976 йилда Тошкентдаги Собир Раҳимов прокуратураси мени бир йил давомида қўшиқларим учун сўроқ қилган. Тўйда айтган қўшиқларимни овоз ёзиш студиялари ёзиб олиб тарқатишаётганда йиғиштириб олишган. Уларда Чўлпон, Яссавий, Эркин Воҳидов, Абдулла Орипов шеърларига басталанган қўшиқлар бор эди.

Ю.Р.: Сизни Тошкентдаги бир концертингиз тўхтатиб қўйилганини эшитгандим, тафсилотлари қандай бўлганди?

Д.Ҳ.: Ҳа, бу воқеа сира ёдимдан чиқмайди. 1976 йилнинг 11 ва 12 феврал кунида Свердлов концерт залида концерт беришим керак эди. Биринчи куни “Ватан” деб номланган дастурнинг дастлабки қўшиғини айтишга улгурдим холос. Қўшиқ “Туркистондир менинг асли Ватаним, Темур бобом жаҳонгирим султоним…”, деб бошланиб, “Жаҳонни ўзига қаратган Ватаним, Ер юзида донг таратган Ватаним, Сенга фидо бўлсин руҳ ила таним”, деб туганлланган эди.
Қўшиқ тугаши билан одамлар ўринларидан туриб кетиб, қарсак чала бошлашди. Орадан 15 дақиқа ўтгач зал директори буйруғи билан конферанс йигит концертни тўхтатилганини эълон қилди. Одамлар бу хабарни эшитгач ғазабланиб, саҳнага чиқиб кетишди.
Залда тахминан икки минг одам бор эди, улар билан зал раҳбари ўртасида жанг бошланиб кетди. Бир неча столлар синдирилди. Зал раҳбари қўрққанидан концертни давом эттиришга рухсат берди.
Кейин 15 минутдан сўнг яна концер тўхтатилди. Одамлар яна залга чиқишди. Яна рухсат берилди. Бир қўшиқ айтганимдан кейин яна концерт тўхтатилди. Бу гал ҳам одамларни уйғонишга чорловчи “Туркистон”, “Амир Темур” каби қўшиқлар айтилган эди.
Шундан сўнг филармония атрофи милиция томонидан ўраб олинди, мени эса олиб кетишди. Улар мени тўғри вокзал яқинидаги Ленин район ИИБга олиб боришди. ИИБ бошлиғи Зокир Алиев олдинига мен билан шунчаки суҳбатлашиб ўтирди, кейин КПЗга қамаб қўйишга буйруқ берди.
Мени ҳимоя қилиш учун борган кўп одамларга эътибор қилишмади. Сўроқ қилиб бўлишгач, менга жамоат тартибини бузганлик айби билан 15 кеча кундузга қамоқ жазоси берилди. Бироқ қамоқда ўтирмадим. Тошкент шаҳар ИИБ бошлиғи, генерал Ислом Сатторов мени чақиргани боис, мени уни олдига олиб боришди. У мени кўргач, “Ука, туппа тузук одам экансиз, нима қиласиз “Амир Темур”, “Туркистон” каби қўшиқларни айтиб? Бундан кўра “Лайло” каби қўшиқларингизни куйлаб юравермайсизми?” деди.
Шундан сўнг генерал менга ўдағайлаб, яна бу каби қўшиқларни айтсам шахсан ўзи уни узоқ муддатга қаматиб юборажагини айтиб, дағдаға қилди ва 30 сўм жарима тўлаб кетаверишимни билдирди. Мен ўшанда нима сабабдан қамалганимни билмаган эдим. Кейин маълум бўлишича мен анти совет қўшиқлар айтган эканман.
Мен 1979 йил Ўзбекистон Ёзувчилар Уюшмасига ишга келдим. Бу ерда тарғибот бўлимининг Тошкент вилояти бўйича ходими эдим. Ёзувчи ва шоирларнинг Тошкент вилояти бўйича шеърият оқшомларини ўтказардим. Ўн йил мазкур уюшмада ишладим. 1988 йилда штатлар қисқарганлигини баҳона қилиб мени ишдан бўшатиб юборишди. Сабаби ўша йиллардан очиқ кураш майдонига чиққан эдим…

****

Кураш майдонида

(Тўртинчи суҳбат).

Юсуф Расул: Сизни ошкора кураш майдонига чиқишингизга қандай омиллар сабаб бўлган?

Дадахон Ҳасан:1985 йиллардан Михаил Горбачёвнинг қайта қуриш ва ошкоралик сиёсати амалга оширила бошлагач, собиқ совет республикаларида сиёсий кўтарилиш кўзга ташланди. Айниқса ўша йилларда, Болтиқбўйида халқ намойишлари бўлиб ўтди. Халқ фронтлари тузилди.
Масалан, Полшадаги “Солидарность” халқ фронти, Литвада “Сайирус” бирлашув халқ ҳаракати ташкил этилди. Ўша пайтда, СССР Олий Совети депутатлари йиғилишлари телевидение орқали намойиш этиларди.Литвада Козимир, Арманистонда Акаусмен, Россияда империализмга қарши академик Сахаровнинг чиқишлари катта воқеа бўлди.
1988 йилга келиб, бу ҳаракатларнинг Ўзбекистонга ҳам таъсири кучая бошлади. Мен ўша пайтда Ўзбекистон Ёзувчилар Уюшмасининг котиби бўлган Муҳаммад Солиҳни олдига бориб, ўзимизда ҳам шундай сиёсий ҳаракатларни тузиш лозимлигини айтдим. У дастлаб, бунинг учун ташаббус гуруҳи тузиш кераклигини ва бу иш билан мени ўзим шуғулланишимни, ўзи эса ҳар қандай ёрдам керак бўлса беражагини маълум қилди. Шундан сўнг ишга киришдик.
“Бирлик” деб номланган ҳаракатимизни дастлаб таъсисчилар гуруҳини туздик.Ўзбекистон “Бирлик” Халқ Ҳаракати ташаббускорлар гуруҳининг биринчи йиғилиши 1988 йилнинг 11 ноябрида бизни уйимизда бўлиб ўтди. Ўша пайтда КГБни айғоқчиларини чалғитиш мақсадида йиғилишни мени уйимда ўтказишимиз сабаби бор эди. Чунки 11 ноябр мени туғилган куним, ким келса туғилган кунга йиғилдик, деб жавоб бериш мумкин эди.

Ю.Р.: “Бирлик”нинг дастлабки ташаббускорлари кимлар эди?

Д.Ҳ.: Асосан ёзувчи ва шоирлар йиғилган эди. Жами 18 киши эдик. Улар Тоҳир Каримов, Рауф Парфи, Хуршид Даврон, Аҳмад Аъзам, Зоҳир Аълам, Усмон Азимов, Қаҳрамон Ғуломов, Ғуломқодир Турсунов, Фахриддин Худойқулов, Муҳаммад Солиҳ, ака-ука Абдуманноп ва Абдураҳим Пўлатов ва бошқалар…
Бироқ, Муҳаммад Солиҳ Ёзувчилар Уюшмаси котиби бўлгани учун ташаббускор гуруҳ аъзолигига кирмаган эди. Жами 11 киши ташаббускор гуруҳ аъзоси бўлган. Орамизда КГБ одамлари ҳам бор эканлигини кейинчалик билганмиз.Орадан беш ойдан кўпроқ вақт ўтгач, 1989 йилнинг 28 май куни “Бирлик” халқ ҳаракатининг таъсис қурултойи бўлди. Қурултой Муҳаммад Солиҳ ташаббуси билан Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмасида ўтказилди. Унда 500 дан ортиқ одам иштирок этди. Кўп одамлар жой етишмаслиги сабабдан кўчада қолиб кетишди.Чунки, бу ҳаракат Ўзбекистонда ҳали янгилик эди. Халқ бизни яхши кутиб олди. Юзлаб одамлар ҳаракатни қўллаб қувватлашаётган эди.
Қурултой бошлангач, мен ҳаракатга Чингиз Айтматовни раис қилиб сайлашни таклиф қилдим. Мақсадим кейинчалик “Бирлик”ни кенгайтириб, Туркистон Озодлик Ҳаракатини ташкил қилиш эди. Қурултой қатнашчилари бу таклифни инкор этишгач, Муҳаммад Солиҳ номзодини раисликка тавсия этдик. У эса ўз номзодини қайтариб олди ва Абдураҳим Пўлатовни раисликка тавсия қилди.
Барча кўнгилсизликлар ана шу воқеадан сўнг бошланди.

Ю.Р.: Нега, Абдураҳим Пўлатовни раис этиб сайланиши ўзини оқламадими?

Д.Ҳ.: Йўқ, ўша қурилтойдан сўнг ҳаракат ичида бўлиниш бошланди. Бунга Абдураҳим Пўлатов ва Муҳаммад Солиҳнинг нодонликлари сабаб бўлди.
Ўша, пайтда ҳаракат атрофида жуда катта куч йиғилган эди. Ҳукумат “Бирлик”дан қўрқарди. Мен ҳаракатнинг ҳайъат аъзоси ва Фарғона водийси бўйича вакили эдим. Олиб борилган тарғибот ишлари ва етилиб турган сиёсий вазият натижасида “Бирлик” тобора кучайиб бораётганди.
Ислом Каримов ўша пайтда, Ўзбекистон Компартияси Марказий Комитетининг биринчи секретари эди. Каримовни кимлигини билиб қолган мухолифат, 1989 йилнинг 10 сентябр куни бутун республика бўйича норозилик намойиши, митинг ўтказилишини эълон қилди. Ўша куни Каримовни истеъфога чиқариш масаласи муҳокама қилиниши керак эди. Мамлакат сиёсий ҳаёти инқилобий ўзгаришлар арафасида турганди. Абдураҳим Пўлатов эса ўзини коммунистик партиядан ҳайдалганига норозилик билдириб, намойишлар ўтказа бошлади ва Каримов қабулида бўлиб, митингни тўхтатиш борасида суҳбатлашиб чиқди.
Каримов суҳбат чоғида, Пўлатовга кибернетика институти директори лавозимини беришни, КПССга қайтадан аъзо қилиб олишни ва “Бирлик”ни рўйхатдан ўтказишни ваъда берган. Эвазига фақат бир нарсани 10 сентябрда ўтказилажак митингни тўхтатишни сўраган. Шундан сўнг “Бирлик” Марказий Кенгашининг аъзолари ҳайъат йиғилишини чақирдик. Ҳайъат аъзоларидан 12 киши иштирок этган йиғилишда, митингни тўхтатиш масаласи муҳокама қилинди. Фақат мен ва Олим Каримов бунга қарши чиқдик, қолган ўн киши эса розилик билдирди. Шунга қарамай Абдураҳим Пўлатов, Зоҳир Аълам, Аҳмад Аъзам, Зоҳид Ҳақназаров, Дамин Нарзиқулов ва Гулчеҳра Нуруллаева Ўзбекистон телевидениесининг биринчи канали орқали чиқиш қилиб, митингни қолдирилганлигини эълон қилишди.
Бу воқеадан сўнг кутилаётган митинг қолдирилди, бироқ Ислом Каримов ўз ваъдасида турмади. Абдураҳим Пўлатов бу ҳаракати билан бутун ўзбек халқини озод ва мустақил давлат қуриш йўлида бошлаган дастлабки қадамини, биринчи иштиёқини сўндирган эди. Минглаб одамларни “Бирлик”дан ва озодлик учун курашдан ҳафсаласи пир бўлди.
Тўғри, бу воқеадан сўнг 1989 йилнинг 1 октябрида ўзбек тилига давлат тили мақомини бериш масаласида митинг ўтказдик.Унда ўн мингга яқин одам иштирок этди. Раҳматли Тоиба Тўлаганова ва бошқалар нутқ сўзлашди.
Бунгача “Бирлик” ичида бўлиниш юз берганди. Марказий Кенгаш аъзоларининг ўша йилнинг сентябр ойи охирларида бўлиб ўтган йиғилишида Муҳаммад Солиҳ Абдураҳим Пўлатовни раисликдан бўшатилишини талаб қилди. Пўлатовни Ислом Каримов билан келишган ҳолда 10 сентябрда бўладиган митингни қолдиргани ва ўзини компартияга тиклашларини сўраб митинглар ўтказгани, ҳаракат обрўига катта зарар етказган эди.Бироқ, олдиндан тайёрланган Пўлатов ва унинг тарафдорлари бунга жон жаҳдлари билан қаршилик кўрсатишди. Шундан сўнг Муҳаммад Солиҳ, агар А.Пўлатов раис бўлиб қолар экан, ўзини ҳаракатдан чиққанлигини эълон қилди ва мажлис залини ташлаб чиқиб кетди.У билан бирга мажлисни тарк этган кенгаш аъзоларидан 14 киши ичида мен ҳам бор эдим.

****

Таъқиблар бошланди…

(Бешинчи суҳбат)

Юсуф Расул: Сизни “Эрк” партиясини ташаббускорларидан бири бўлганингиз ва партия раиси Муҳаммад Солиҳга президентлик сайлови пайтида ишончли вакили бўлганингиз ҳақида маълумотлар бор. Нега яна “Бирлик”ка қайтдингиз?

Дадахон Ҳасан: 90 йил бошида Ўзбекистон “Эрк” Демократик партияси ташкил этилди. Унга Муҳаммад Солиҳ раис этиб сайланди. “Эрк” кўп вақт ўтмай рўйхатга олинди ва партияга жой берилди. “Эрк” газетаси чоп этила бошланди. Партия мавқеи ошди. 1991 йилги президентлик сайловида муқобил равишда Муҳаммад Солиҳ номзоди президентликка қўйилди. Сайловда Муҳаммад Солиҳ 12 фоиз, Ислом Каримов эса 86 фоиз овоз олди.Муҳаммад Солиҳ анча кўп, камида 30 фоиз овоз олганди. Бироқ рақамлар сохталаштирилди. Мен 1991 йилда яна “Бирлик” ҳаракатига қайтиб келдим. Бунинг сабаби асосий кучни “Бирлик”да деб билганман.

Ю.Р.: 1992 йилга келиб Ўзбекистонда мухолифатга қарши бошланган босим ва тазйиқлар бўрони сизни ҳам четлаб ўтмагани ҳақида эшитгандим. Батафсил сўзлаб берсангиз, ўша пайтда нималар бўлганди?

Д.Ҳ: 1991 – 92 йиллар Ўзбекистонда демократия гуллаб яшнаган пайт эди. 1992 йил июлда Тожикистонда фуқаролик уруши бошлангач, Каримов бундан жуда яхши фойдаланди ва бутун мухолифатга ҳамда диндорларга қарши ҳужум бошлади. Олдинига 1989 йилда Қўқонда тузилган “Одамийлик ва инсонпарварлик” ҳаракатини, Намангандаги “Адолат” жамоаси ва уларнинг ҳузуридаги “Ислам лашкарлари”, (кейинчалик “Товба”) гуруҳи йўқ қилинди. Бу ҳаракатлар раҳбарлари ҳам олдинига Ислом Каримов ваъдаларига қаттиқ ишонишганди.
1992 йилда охирида мухолифатга қарши кураш, қама қамалар бошланди. 1992 йилнинг кузида даволанаётган жойимдан Ички Ишлар Вазирлигининг жамоат тартибини сақлаш бошқармаси бошлиғи Муҳаммадхўжа Деҳқонбоевнинг хизмат машинасида мени олиб кетишди. Мени икки кун Эргаш Жўраев ва Ҳусан Аҳмедов каби терговчилар тергов қилишди. Икки кун давомида улар мендан “Эрк” ҳақида сўрашди ва охийри ҳеч қандай айб тополмай қўйиб юборишди.
1993 йилнинг 29 августида уйда ўтирган ўғлим Нодир “Сизни икки одам чақираяпти” деди. Чиқсам иккита йигит… Улардан бири ўзини шаҳар Ички Ишлар Бошқармасидан Ибрагимов, иккинчиси эса Баҳром деб таништирди. Улар иккита машинада келишган экан. Улар мени ички ишлар бўлимидагилар чақиришаётганини ва ўзлари билан боришим кераклигини айтишди. Машинада бизлар ички ишлар бўлимига эмас балки Тошкентдан чиқиб Жиззах томонга кетдик. Улар мени Жиззах вилоят ички ишлар бошқармасига , ундан кейин Фориш туман ички ишлар бўлимига олиб боришди. Бўлим бошлиғи мени қамоққа олинганимни айтиб, ҳужжатларимни олиб қўйди. Мен СССР Жиноят Кодексининг 64 моддасига кўра, яъни миллатлар ўртасида низо қўзғатишда айбланаётган эдим. У ерда бир ҳафта ётдим. Шундан сўнг мени ўзим туғилиб ўсган Олтиариқ туманига олиб бориб ташлашди.
1993 йилнинг 25 сентябрида “Эрк” партиясининг қурултойи бўлиши керак эди. Ҳукумат мени қурултойда қатнаштирмаслик учун шундай ҳийла ишлатган экан. Ҳукумат қурултойда Муҳамад Солиҳни раисликдан бўшатиб, ўрнига Содиқжон Йигиталиевни қўймоқчи бўлган.Бироқ бу ҳийла амалга ошмаган, Муҳаммад Солиҳ қайта раисликка сайланган.
Бу воқеадан сўнг мени оиламга тазйиқ ва босимлар давом этди. Ўғлим ва оила аъзоларим мафия ниқоби остидаги ички ишлар ходимлари томонидан қўрқув ва ваҳимага солинди.
1994 йилнинг 11 сентябрига келиб мен яна қамоқа олиндим.

****

Ўз ватанимда бегонаман…

(Олтинчи суҳбат).

Юсуф Расул: 1994 йилга келиб сизни ҳаётингизга таҳдидлар жуда кучайгани кузатилади, бунинг сабаблари нимада?

Дадахон Ҳасан: 1991 йилнинг октябр ойида мен Америкалик ўзбеклар таклиф билан АҚШга борган эдим. Бироқ бу ташрифим у қадар ҳукуматни ташвишга солмаган. Орадан икки йил ўтиб, 1993 йилнинг октябр ойида яна океан ортига сафар қиладиган бўлдим. Бу сафарим жуда қийинчилик билан амалга ошди. Олдин Сочига, у ердан Туркия орқали Америкага бордим. Мени Виржиния Штатидаги Морленд Университетида бўладиган халқаро конференцияга таклиф этишганди. Конференция Марказий Осиё ва Кавказ ортида дин ва сиёсат мавзусида бўлган. Конференциядан сўнг икки ой давомида, яъни ноябр ва декабр ойларида АҚШда яшадим. Январ ойида Туркияга қайтиб у ердан Арабистонга бориб, Умра зиёратини адо этиб қайтдим. Орадан бир ой ўтгач, 1994 йилнинг март ойида Туркиядан Ўзбекистонга қайтиб келдим.
Ўзбекистон Миллий Хавфсизлик Хизмати ходимлари саккиз ой давомида мени кузатиб юришди. Айғоқчилар кўчаларда изғиб юришарди.
Ўша йилнинг сентябр ойида Саудия Арабистонидан меҳмонлар келиши керак эди.Бирликчи Абдусалом Эргашев ва бошқалар мени қамоққа олинишимни билишган экан, бироқ айтишмаган. Ўша куни Олтиариқдан Марғилонга бозор қилгани борганимда мени қамоққа олишди…

Ю.Р.: Қамоққа олиш жараёни қандай кечганди?

Д.Ҳ.: Мени қамоққа олиш пайтида машинамга ўқ дори ва гиёҳвандлик моддаси ташлаб қўйишган экан. Буни машинамни тинтув қилишаётган пайтда ўз кўзларим билан кўриб ҳайрон бўлганман.
Дастлаб машинамни тўҳтатган ички ишлар ходимлари, “Бу тошкентдан келган машина экан, шу боис уни ички ишлар бўлимига олиб бориб текширамиз” дейишганди. Миршаблар уч киши эди, орқа ўриндиққа ўтирганлар бўлимга боргунча гиёҳванд модда ва ўқ дори ташлаб қўйишга улгуришган экан.
Марғилон шаҳар милициясида ишлайдиган Раҳматали деган йигит мени гиёҳванд модда сақлаганликда айблай бошлашгач, “Мен Дадахон акани яхши танийман, у киши наркотик модда чекмайди”, деб мени ҳимоя қилгани учун, уни Раънохон исмли фоҳиша аёлдан пора олганликда айблаб қамаб юборишган.
Ўшанда мени синфдош дўстим Алижоннинг ўғли Анваржонга мени тергов қилишни мажбуран топширишмоқчи бўлишган. У эса “Бу уюштирилган ишни олмайман, у киши дадамнинг дўстлари”, дея рад этган. Кейинчалик менга маълум бўлишича бу воқеадан сўнг орадан кўп вақт ўтмай Анваржон ҳам пора олганликда айбланиб, озодликдан маҳрум этилган ва олти ойдан сўнг қамоқдан чиққан экан.

Ю.Р.: Сизга қандай айблар қўйилган эди ўшанда?

Д.Ҳ.: Дастлаб мен қўлга олингач, Марғилон шаҳар ички ишлар бўлими ертуласига олиб келиндим. Бу ерда 45 кун давомида турли азобу уқубатларга, қийноққа солиндим.
Улар мени қандай айб билан ҳибсга олишганини айтишмасди. Фақат қўшиқларим ҳақида гапиришарди. Улар Фарғонада 1989 йил содир бўлган фожеаларни сабабчиси сифатида мени кўрсатишарди. Ўша йили Фарғонада ўзбеклар ва месхети турклари ўртасида уруш бўлган ва кўп қонлар тўкилган эди.
Бундан ташқари мени тергов қилган Ички Ишлар Вазирлиги терговчиларини чел элда кимлар билан учрашганларим қизиқтирар эди. Ҳибсхонада мени бошларимга дубинка билан уришар, оёқларим панжасига азоб беришар, тепишар эди.
Хуллас Ички Ишлар бўлими ертўласида бошим айланадиган бўлиб қолдим. Кичик инфаркт касаллигини бошдан кечирдим. Орадан 45 кун ўтгач суд қилиниб, мени тўрт йиллик уй қамоғига ҳукм этиш учун қарор чиқаришди.
1998 йилнинг 8 март кунига қадар мен уй қамоғида ўтирдим. Ҳеч қаерга чиқмасдим. 4 йилдан сўнг менга паспорт ва ички виза беришди

Ю.Р.: Тўрт йил давомида тирикчилик ўтказиш қандай бўлган? Тўй давраларга бориб тургандирсиз…

Д.Ҳ.: Тўрт йил давомида эмас ҳозиргача бирор даврада қўшиқ айтишга имкон беришмайди. Бирор қувончли кунларга ёки маъракаларга таклиф этган кишиларни МХХ ходимлари қўрқитиб, менга рад жавобини беришга мажбур қилган пайтлар кўп бўлган.Бундан ташқари мен билан суҳбатлашган раҳбарларга ҳам қийин бўлган.
Бу каби воқеаларни баъзиларин сўзлаб берсам.
Бир гал Сирдарё вилоятининг Сайхунобод туманига Султонбой исмли танишим ҳоким бўлиб қолди. Бир кун секин уни табриклагани бордим. Орада бегона одам йўқ эди, ўринбосари ва ошпаз йигит бизни учрашганимизни кўрган. Орадан кўп вақт ўтмай Султонбойни ишдан олиб ташлашди.
Бир заводда директор бўлиб ишлайдиган ошнам Маъруфжон Наврўз байрамига мени таклиф қилгани учун уни ишдан бўшатиб юборишган.
Марғилон телефон тармоғи бошлиғи Маҳмуджон билан ҳам яхши муносабатда эдик. У ҳам ишдан олиниб, камомад қилганлик баҳонасида озодликдан маҳрум этилган.
Яна бир танишим Шоҳруҳ Омонов Ўзбекистон радиоси “Ёшлар” канали режиссёри эди. У ҳам мен билан салом алик қилгани учун ишдан ҳайдалди. МХХ ходимлари унга “Дадахон Ҳасанов билан суҳбатлашма”, дейишган экан. У эса “Ким билан суҳбатлашишни мени ўзим биламан”, дея қайсарлик қилган.
Олтиариқ туман газ тармоғи бошлиғи Анвар ҳожи мен билан салом алик қилгани учун ишдан олинган. Уни тўйига эрталабки наҳор ошига бориб, меҳмон бўлган эдим. Хуллас бу каби воқеалар жуда кўп бўлган.

Ю.Р.: Ҳамкасбларингиз, ёзувчи ва шоирларни сиз билан муносабатлари қандай бўлган?

Д.Ҳ.: Улар ҳам мен билан сўҳбатлашгани, тўй ва азаларимга келишга қўрқиб қолишган. Маҳаллий матбуот вакиллари ва ижодкорлар билан алоқаларимиз узилиб бўлган. Бу ҳодиса 90 йиллар бошидан буён давом этиб келади.
2003 йилга келиб Тошкентда чиқадиган “Даракчи” газетаси мухбири мен билан учрашиб суҳбатлашиб кетган эди. Мана икки йилдирки бу суҳбат ҳам чоп этилмайди.
Ўз ватанимда бегонаман гўё….

RS. Суҳбат 2005 йилда ёзиб олинган.

www.munosabat.org

Share on FacebookShare on Google+Tweet about this on TwitterEmail this to someoneShare on LinkedIn