БОЛАДА ИЖОДКОРЛИКНИ ТАРБИЯЛАШ

mahmud yuldoshevМаҳмуд Йўлдошев

Яқинда эндигина тўрт ёшга тўлаётган неварам Бойир билан Ғазалкентнинг “Чортоқ” номли сиҳатгоҳида дам олдик. Бу ёшда болалар жуда кўп гапирадиган, ҳамма нарсани эринмасдан сўрайверадиган, ўзлари ўрганган билимлари доирасида янги-янги сўзларни ўйлаб топиш хусусиятига ҳам эга бўлишади.

Бир куни офтобда анчагина сайр қилганимиздан кейин хонага қайтишимизда учинчи қаватга кўтарилишда чарчаган Бойир:
Ота бошим яхши ишлаяпти-ю, негадил оёғим яхши ишламаяпти, деди.
Нимага ундай, десам, хонага чиққиси келмаяптида, деб жавоб берди.

Биз Бойир иккаламиз ҳар куни сиҳатгоҳ ҳовлисида сайр қиламиз, ҳовуздаги балиқларни томошо қилиб, ҳовуз сувини қоплаб қолган бақакўйлакларни тозалаймиз ва қайтишда Энага сиҳатгоҳнинг минерал сувидан олиб келамиз. Умуман қиладиган ишларимиз кўп.

Бир сафар, ҳар кунгидай ҳовлига чиқишга тайёрланар эканмиз сиҳатгоҳнинг минерал сувидан олиб келишга хонамиздаги 2 литрлик бутилни оламизми ёки баклажканими, деб сўраганимда, Бойир шошиб бутилка ва баклажка сўзларидан янги сўз ясаб “бутилижкани”, деганида биз Эна иккаламиз ўзимизни кулгидан тутолмадик. У эса нимага куласилай, “бутилижкани” олайлик, дедида, ўзи ҳам янги сўз айтиб юборганини англаб кулиб юборди.

Шу-шу, биз бутилижка тўғрисида ва у билан боғлиқ кўп воқеаларни айтиб юрамиз ва бутилижкага боғлиқ эртаклар тўқиймиз.
Неварам ётиш олдидан: менга элтак айтиб белинглай, деб ё менга ёки энасига, ойисига дадасига мурожаат қилади. Ким бўш бўлса у Бойирга ётиш олдидан айтиладиган эртакни бошлайди. Бу эртакларнинг кўпчилигини эшитавериб қулоғи қотган Бойир, одатда, эртакларни бирга ижод қилишга, бошқа томонларга буриб юборишга ёшлигидан ўргатилган ва ҳар бир эртакни ҳар куни бошқача-бошқача йўналишларда айтишга ва эшитишга ўрганиб кетган. Мана шундай эртакларнинг бирини биз Бойир иккаламиз бирга тўқидик. Сиз ҳам эшитиб кўрингчи, болалар.

Мен: бир бор экан, Бойир: бил йўқ экан. (Одатда, бу жумлаларнинг ярмини мен айтаман, ярмини Бойир айтади. Бу билан биз боланинг гапириш, фикрлаш маҳоратини ошириб борамиз.)

Мен: бир оч экан, Бойир: бил тўқ экан. Мен: бўри баковул экан, Бойир: тулки ясовул экан. Мен: қирғовул қизил экан, Бойир: қуйлуғи узууун экан. Мен: тошбақа тарозибон экан, Бойир: қулбақа ундан қализдол экан. Мен: узоқ ўтган замонда, Бойир: қишлоқ деган томонда, (Биз қишлоққа тез-тез бориб турамиз ва шунинг учун кўплаб эртакларимиз қишлоқда бўлган воқеалар билан боғланиб кетади. Воқеаларнинг қишлоққа боғланиб кетишида асосан Бойир ташаббускор бўлади.) иккита юлдуз бор экан. Мен: бири катта, Бойир: иккинчиси кичкина экан. Мен: катта юлдуз йўлда ўтиб бораётган экан, кичкина юлдузча ундан сўрапти, қаёққа бораяпсиз, катта юлдуз. Шунда катта юлдуз сув ичиб келишга, деб жавоб берипти. Бойир: сув ичишга болаётган бўлсангиз бизга ҳам сув олиб келиб белинг. Мен: хўп бўлади, идишингизни беринг. Бойир: ҳозил бутилижкани беламан, дейдида ўзининг сўзини эслаб кулиб юборади.

Мен: Каттаюлдуз булоққа бориб бутилижкасини сувга тўлдириб олиптида, секин йўлга чиқипти. Йўлда келаётса унинг олдидан, Бойир: Шерботир чиқипти. Мен: Ҳой Каттаюлдуз қаёқдан келаяпсан? Бойир: булоққа болдим, сув ичдим, кичкина юлдузга сув олиб келаяпман. Мен: мен ҳам жуда куннинг иссиғидан чанқадим, сувингдан менга ичишга берасанми?
Мен: шерботирга сув берамизми?

Бойир: ҳа беламиз. Мен: ма ичиб ол. Шунда шерботир бутилижкадаги сувнинг ҳаммасини ичиб олиптида, раҳмат сенга Каттаюлдуз, депти. Каттаюлдуз бутилижкани олиб орқасига қайтиб яна уни булоқдан сувга тўлдириб йўлга тушипти. Бироз ватдан кейин катта юлдузнинг олдидан, Бойир: Айиқполвон чиқипти. Мен: ҳой Каттаюлдуз, қаёқдан келаяпсан. Бойир: мен булоқдан сув ичдим, энди Кичкинаюлдузга сув олиб кетаяпман, ҳозил йўлда шелботилни учлатдим, у чанқаган экан унга сув белдим. Мен: менга ҳам сувингдан берасанми: Бойир: ҳа беламан, ма ич. Мен: шунда айиқполвон сувни ичиб олипти ва бутилижкани яна қайтариб Каттаюлдузга бериптида, раҳмат сенга, Каттаюлдуз, депти. Мен: Каттаюлдуз яна булоққа сувга қайтипти, бутилижкасини тўлдириб, энди Кичкина юлдузга сув олиб бораман, деб йўлга тушипти. Шунда унинг олдидан, Бойир: чўлоқ бўри чиқипти. Мен: Каттаюлдуз қаёқдан келаяпсан, менга ҳам сувингдан бер, бермасанг ҳозир сени еб қўйаман.

Бўрига ҳам сувдан берамизми?

Бойир: йўқ белмаймиз. Мен: шундай қилиб Каттаюлдуз Чўлоқбўрига сувидан бермапти ва йўлида давом этипти. Бироздан кейин Каттаюлдузнинг олдидан, Бойир: қуёнча чиқипти. Мен: ҳой Каттаюлдуз, қаёқдан келаяпсан. Бойир: мен булоқдан сув ичдим, энди Кичкинаюлдузга сув олиб келаяпман, Мен: ҳозир олдимдан Шерботир чиқди, Бойир: мен унга сув белдим. Мен: яна сув олиб келаётганимда олдимдан айиқполвон чиқди: Бойир: мен унга ҳам сув белдим. Мен: яна сув олиб келаётсам, олдимдан чўлоқ бўри чиқди. Сувингдан бермасанг сени еб қўйаман деди. Бойир: мен унга сув белмадим, мен ундан қўлқмайман. Мен: менга ҳам сувингдан берасанми? Бойир: ҳа беламан, ма, ич. Мен: шунда қуён ҳам сув ичиб каттаюлдузга: раҳмат, депти. Мен: Каттаюлдуз яна кетаётса олдидан сичқонча чиқипти. Бойир: Каттаюлдуз қаелдан келаяпсан? Мен: мана, Кичкинаюлдузга сув олиб келаяпман, ўзим булоқдан сув ичдим, Бойир: йўлда Шелботил чиқди, унга сув белдим. Мен: айиқполвон чиқди унга сув бердим. Мен: чўлоқбўри чиқди унга сув Бойир: бермадим. Қуёнча чиқди унга сув белдим. Мен: мана энди Кичкинаюлдузга сув олиб кетаяпман. Бойир, ота, сув ичишга тўтиқуш ҳам чиқсин. Мен: хўп, майли, чиқақолсин. Бойир: шунда Каттаюлдузнинг олдига тўтиқуш чиқипти. Мен: Каттаюлдуз бутилижкадан тўтиқушнинг пиёласига сув қуйиб берипти. Бойир: тўтиқуш сувни мазза қилиб ичиптида, раҳма, раҳмат, депти.

Мен: кеийн Каттаюлдуз сувини Кичкинаюлдузга олиб келиб берипти ва йўлда бўлган воқеаларни кичкина юлдузга айтиб берипти. Бойир: сув олиб келаётсам олдимдан шелботил чиқди, унга сув белдим, айиқполвон чиқди унга сув белдим, чўлоқбўли чиқди, унга сув белмадим. Мен ундан қўлқмайман.

Мен: қуёнга ҳам сув бердик, Бойир: тўтиқушга мен сув белдим.

Мен: Кичкинаюлдуз муздай булоқ сувини ичиб Каттаюлдузга катта раҳмат депти.

Бойир: ойижон, бизга ҳам сув белинг, ичиб кейин ухлаймиз, ота иккаламиз.

Бугунги кунда замонавий эртаклар асосан телеэкранлар орқали мултфилмлар кўринишида болалар онгига сингиб боради. Аммо ота оналарнинг ўз болаларига эртаклар айтиши жуда катта ўрин тутади. Аммо шу бугунги кунгача биз болаларимизга эртаклар айтамизу аммо бу жараёндан боланинг фаоллигини оширишда фойдаланмаймиз. Юқорида келтирилган мисолда айни шу ҳолат, яъни болага эртак айтишда уни мана шу эртак қатнашчиси сифатида фойдаланилади. Биз болаларнинг эртак эшитиш ёшида уларнинг онгларининг ўта фаол пайти эканлигини унутмаслигимиз керак. Демак, бу ҳолатдан фойдаланиш йўллари жуда кўп, шулардан бири сиз айтиб бераётган эртакга болани ё шу эртак қаҳрамони сифатида киритиш ёки уни шу эртакни айтишга ҳаммуаллифга айлантириш катта аҳамиятга эга бўлади.

Уч тўрт ёшларда болалар телеэкранлардан турли мултфилмлар кўриб улгуришади. Сиз мана шу ҳолатдан фойдаланган ҳолда уларни эртаклар ижод қилишга ўргатиб борасангиз унинг ижодкорлик хусусиятини ўстириб борган бўласиз. Бу ҳолат боланинг кейинчалик ижодий туйғуси, ижод қилиш хусусиятларини ривожлантирганлигини кўрасиз.

Психология фанлари номзоди
Маҳмуд Йўлдошев
Унинг невараси
Бойир Назарзода

www.munosabat.org

Share on FacebookShare on Google+Tweet about this on TwitterEmail this to someoneShare on LinkedIn