ЯНГИ АВЛОД ОВОЗИ

sharq yulduzi«Шарқ юлдузи» журнали 2013 йилнинг илк сонидан «Жараён» рукнида «Янги авлод овози» номи билан долзарб мавзуда суҳбатлар бера бошлади. Журналнинг дастлабки сонидан филология фанлари доктори, проф. Ҳамидулла Болтабоев, адабиётшунос олим, «Жаҳон адабиёти» журнали бош муҳаррири Шуҳрат Ризаев ҳамда ёзувчи Назар Эшонқулнинг суҳбатлари жой олган. Эътиборингизга ана шу суҳбатда журнал бош муҳаррири, адабиётшунос олим Улуғбек Ҳамдам томонидан берилган саволларга Назар Эшонқулнинг жавобларини тақдим этамиз.

****

Улуғбек Ҳамдам: Сир эмас, кейинги қарийб йигирма-йигирма беш йил мобайнида давр тубдан ўзгарди. Бу дегани шуки, янги даврга хос бўлган кайфият ҳам пайдо бўлди. Демак, истаймизми-йўқми, янгиланган кайфиятни ўз асарларида акс эттирувчи авлод ҳам вояга етган бўлиши керак. Агар шундай бўлса, қани улар? Нега “манаман” дея кўзга ташланмаяпти? Бу гапни яна шунинг учун айтаяпманки, давраларда кўпинча 70-йиллар авлодидан кейин бизда бошқа адабий авлод шаклланмади, деган иддаоларни тез-тез эшитиб қоламиз. Чиндан ҳам шундайми? Акси бўлса, бунинг исботи борми? Чунки ҳар бир янги авлоднинг ўз ижодий кредоси бўлади, дунёни бадиий-эстетик қабул қилишида ўзига хослик бўлади, хўш, шу хусусиятлар нималарда кўзга ташланади? ХХ аср ўзбек адабиёти тарихига назар ташласак, адабий авлодлар бир-бирларидан жуда кўп жиҳатларга кўра яққол ажралиб турганининг гувоҳи бўламиз. Чунончи, маърифат, ислоҳот ва озодлик ғоялари билан суғорилган ижтимоий кайфият жадидлар авлодининг; инқилоб ва шўронинг илк йилларидаги ғалабали (бунинг замиридаги қурбонлару йўқотишлардан қатъи назар) юришлари билан боғлиқ ижтимоий кайфият 20-йиллар авлодининг; социализм ғоясига ишончнинг тирилтирилиши билан боғлиқ ижтимоий кайфият 60-йиллар авлодининг; ғояга ишончнинг барбод бўлиши ва туб ижтимоий ўзгаришлар (жумладан, истиқлол) заруратининг ҳис этилиши билан боғлиқ ижтимоий кайфият 70-йиллар авлодининг ғоявий-эстетик мавқеини белгилаган. Хўш, бугун-чи? Бугунги адабий авлоднинг (магар у бор бўлса) ғоявий-бадиий-эстетик қарашлари нималардан иборат?

nazar eshonqulНазар Эшонқул: Сиз айтган авлодлар бўлиниши кўпроқ поэзияга хос. Назм дунёвий анъаналар, усуллар, синовлар ва шаклларни ўзида синаб кўрди, тараққиёт босқичига чиқиб олди. Наср ҳақида мен бундай деб айтолмайман. Назаримда, насрга нисбатан жараён бир мунча бошқачароқ кечгандай. Қодирий ва Чўлпон бошлаб берган насрий изланишлар, хусусан, миллий наср, уни дунё адабиёти билан бўйлаштириш ҳақидаги орзулар ўзини тўлақонли маънода сиз айтган “70-йиллар авлоди”га келибгина амалга ошди. Шу сабабли, Қодирийдан бошланган бу жараённи ёш нуқтаи назардан бир авлодга мансуб деб ҳисобламаган бўлардим. Бу даврда, гарчи, наср бизнинг адабиётда азалдан бўлган деган қараш тарафдори бўлсам ҳам, аммо профессионал наср, айнан, ана шу 50-йилда шаклланди, профессионал миллий наср, миллий жанр тусини олди. Мавзулар, одамга муносабат, воқеликни акс эттириш, айтадиган гапи, танлаган шакллари, услубий ранг-баранглигига кўра, ўтган 50 йиллик насрни бир авлод насри деб баҳолаган бўлардим. Гарчи, бу насрда сиз санаган авлодларга хос тамойиллар бўлса ҳам. Аммо фундаментал наср жанрини ана шу 50 йиллик авлод биргаликда яратди, бу давр насрининг услублари, айтар гаплари, мақсадлари, концепсиялари бир-бирига яқин. Чўлпоннинг насрдаги шаклий изланишлари, ҳатто миллий менталитетга хос бўлмаган (Мирёқуб характери, унинг аёлларга муносабати) воқеликни қамраб олишга, услубий кенгликка чиқишга уринишлари, ҳаммаси 70-йиллар насрига келиб, ўзини тўла оқлай бошлади. Аслида, авлодлар, менимча, адабий концепсияларига қараб фарқланиши муҳимроққа ўхшайди. Биз ана шу 50 йил ичида насрни елкасида кўтарган авлоддан (Қодирий, Чўлпон, Қаҳҳор, Ғафур Ғулом, Ойбек, Миркарим Осим, Асқад Мухтор, Шукур Холмирзаев, Мурод Муҳаммад Дўст, Аҳмад Аъзам, Эркин Аъзам, Хайриддин Султонов) миннатдор ҳолда, бугун “ўзбек насри” ҳақида бемалол фикр юритаяпмиз. Насримиз 50 йиллик изланишдан сўнг, 80-йиллар ва бугунги авлод олдига уни, энди, янги босқичга, янги поғонага кўтариш вазифасини қўйди. Бу шаклда, ифодада, метафораларда, образларда, тилда, услубда кўриниши керак. Тўғри айтдингиз, янги авлоднинг юзи кўринаяптими? Кўринаяпти. Мен “Фано ва бақо”, “Тўп ўйин”, “Озодлик”, “Ҳайкал”, “Дашту далаларда”, “Ўзим билан ўзим”, “Қоғоз гуллар”, “Жажман”, “Адашвой” ҳикоялари, “Бозор”, “Рўё”, “Озод”, “Боқий дарбадар” романлари каби асарларда (рўйхатни кенг қилиш мумкин) ана шу янги авлоднинг қиёфасини, услубини кўраман. Албатта бу асарларнинг муаллифлари турли ёшда. Лекин улар асарларини услубига ва концепциясига кўра, янги авлод насрига тегишли деб баҳолаш мумкин. Шунинг учун ёшига қараб эмас, адабий авлодни асарларнинг мазмуни, услуби, концепциясига қараб белгилаш тарафдориман. Эҳтимол, шунда биз адабий жараёндаги авлод ўзгаришини маълум бир 10-20 йилга эмас, авлод ўз миссиясини қай тариқа бажраолганига қараб баҳо беришимиз осонлашар! Шу маънода янги наср авлоди рўйхати Асқад Мухтор номи билан бирга, бугун Аҳмад Аъзам, Хуршид Дўстмуҳаммад, Исажон Султон, Улуғбек Ҳамдамдан кейин ёши ҳали ўттизга кирмаган ёшларимизга бориб тақалаётгани кишини хурсанд қилади. Яқинда Мурод Човушнинг “Ҳеч” деган қиссасини ўқиб қолдим. Мени хурсанд қилган нарса, Мурод Човуш айтадиган гапига ўзига хос янги шакл топа олган. Шу билан бирга, олмошлар ўртасидаги тўсиқни, бошқача айтганда, анъанавий баён усулини осонгина енгиб ўтади. Мен ҳам бир воқеликни “Мен”, “Сен”, “У” тилидан ва нуқтаи назаридан ҳикоя қилишга уринганман. Аммо, барибир, мени меъёрлар ушлаб турган. Мурод Човуш эса ҳеч иккиланмай, дадиллик билан бу меъёрни бузади. Бузганда ҳам осон, табиий бузиб ўтади, бунга изоҳ ҳам бермайди. “Мен” қолади, аммо қаҳрамонлар ўзгариб туради. Бу адабий приёмни табиийликка анча яқинлашдирган. “Поток сознания” – онг оқими усули бу қиссада яққол ўз ифодасини топган. Аммо қисса тили анча ҳафсаласиз, ишлов берилмаган, палапартишликка мойил, поэтик унсурлардан кўра, шаклга берилиб кетилган. Лекин, барибир, адабий жараённинг бир намунаси сифатида таҳлил қилишга арзийди. Оз бўлсада, ёшлар янги наср авлодга мансубликларини исботлашга уринишаяпти. Янги насрга хос ифода усуллари Баҳодир Абдураззоқ, Умид Ёқуб изланишларида ҳам батафсилроқ кўринаяпти.

ulugbek hamdamУлуғбек Ҳамдам: Назаримда, бугунги кунда адабиётимизнинг энг катта хусусияти унинг ранг-баранглигидир. Ҳа, замонавий ўзбек адабиёти мавзу жиҳатидан ҳам, жанрий ўзгаришлар нуқтаи назаридан ҳам, услуб томонидан ҳам ғоят хилма- хил кўринишга эга бўлиб бораётир. Фикримча, шу хилма-хиллик ва унга доимо эга бўлиш имкони бизнинг асл, бебаҳо бойлигимиз бўлса, ажаб эмас. Демак, аввало, шу бойликнинг қадрига етмоқ, уни асраб-авайламоқ керак бўлади. Чунки ижод учун эркинлик дегани кўчат учун мўътадил тупроқ, сув ва ҳаводек гап. Модомики, шундай экан, ижод эркинлиги учун бизнинг ҳаммамиз, бутун жамият, унинг зиёли қатлами ва, айниқса, ижод аҳли масъулдир, тўғрими? Бошқа томондан, ранг-баранглик деганимиз авлод деган тушунчани инкор этмайдими? Ахир, авлод бўлиш учун муҳитнинг бир хиллигию шунга яраша дунёқарашдаги якранглик ҳам керак бўлади-да. Ҳозир истеъмолда ҳамма “изм”лар мавжуд. Ким анъанада, ким мумтозда, ким модерн ва яна ким “супермодерн”, яъни, ҳамма йўналишларнинг кесишувида ижод қилаяпти. (Буни оптимистлар “синтез”, пессимистлар бўлса “бўтқа” дейди.) Шундай бир вазиятда, дунёни бадиий-эстетик қабул қилишдаги яқинликка таянадиган адабий авлод ҳақида гапириш қанчалик ўринли экан?

Назар Эшонқул: Ижод эркинлиги мавзуси йигирма йил муқаддам долзарб эди. Бугун назаримда, у кам эсланаяпти. Сабаби шундаки, бугун ким нимани хоҳласа ёзиб ётибди, ҳеч ким, ҳеч нарса тўсиқ бўлаётгани йўқ. Ҳатто шу даражада эркинлашиб кетдикки, адабиётга, эстетик нормаларга, этик тамойилларга зид бўлган, ота-боболаримиз бизни миллат, халқ қилиш учун мисқоллаб йиғган ва бизга шу йўллардан бошқасида юриш инсоният таназзули эканини қатъий қилиб белгилаб кетган қоидалардан воз кечилган, инсоннинг ҳайвоний қиёфасини акс эттирадиган, ҳирс, эҳтирос жараёнлари батафсил тасвирланаётган, демак, тарғиб қилинаётган олди-қочди, тижорат, фисқ-фасод чўпчакларни ҳам газеталаримиз, ҳам нашриётларимиз янги адабий воқелик сифатида эътироф этишаяпти, бунақа асар ёзаётганлардан янги давр Де Садини яратишаяпти. Ҳатто шу даражага боришаяптики, яқинда бир хусусий ношир бир машваратда уялмай-нетмай: “Фалончи ҳирсни бадиий воқелик даражасига кўтариб, адабий кашфиёт қилди” деган гап билан мақтанибди ҳам. Ношир назарда тутган “асарлар” ёзаётган “кашфиётчи” адибнинг китоблари бугун китоб савдосида бозори чаққон. Мен ўйлаб қоламан, шундай “ҳирсли кашфиёт” қилаётган ҳам, шундай китобни нашр этаётган ҳам шу асарларни ўз фарзандлари, ўз набиралари ўқишини, ана шу “батафсил тасвирланган”, “адабий воқеликка айлантирилган” “ҳирс” тасвирлари фарзандларининг одоб ва ахлоқига таъсир қилиши, ўзгартириши мумкинлигини ўйлармикин?! Ё фарзандлари билан ҳам бу мавзуда худди асарларидаги тасвирлар каби бемалол гаплашаверармикин?! Агар шундай бўлса, унда бу ҳолатни адабий танқидчилик эмас, тиббиёт ходимлари муҳокама қилиши керак. Менимча, қўлига қалам олувчи ҳар бир одам олдин ёзганларини фарзандларига ўқиб бераоладиган ва келажак олдида ахлоқий нуқтаи назардан уялмайдиган қилиб ёзиши керак. Мабодо, ўз асарларини фарзандларига ўқиб беришга уялса, унда нега уни бутун миллатга тақдим қилиши керак? Мақсад нима? Миллат ахлоқига путур етказишми? Биз ҳар ёзганимиз учун болаларимиз олдида жавоб берамиз. Уларнинг ахлоқи, инсонгарчилиги, дунёқараши олдида ёзган ҳар бир сўзимиз билан жавобгармиз. Адабиёт, қалам бизга ана шундай масъулият юклайди.

Қайсидир газетада ўқиб қолдим. Бир “ёзувчи” укамиз ҳар куни бир босма тобоқдан икки босма тобоққача “асар” ёзар экан. Шунинг учун унинг ёзганлари газеталарда тинимсиз босилади, уни ҳатто “давримизнинг таниқли ва истеъдодли ёзувчиси” деб таништиришади. Лекин бу укамиз оддий адабий жумла тузишни билмайди. Эга-кесим ва уюшиқ бўлакларидан бошқа, поэтик оҳордан дарак йўқ. Шундай пайтда, “истеъдод” деган сўздан ҳам, ёзувчиликдан ҳам одамнинг кўнгли қолиб кетади. Бошқа бир тоифа, бугунги эркинликдан фойдаланиб, адабиётимизга Де Сад анъаналарини олиб кираяптики, бундай эркинлик ота-боболаримиз қарши курашиб келган иллатларнинг кенг илдиз отишига замин яратаяпти. Умуман, масалага қайтадиган бўлсак, эркинлик ижодкорга сув билан ҳаводай зарур. Мустақиллик бу эркинликни берди. Худога шукур. Балиқ сувсиз яшай олмагани каби, ижодкор эркинликсиз яшай олмайди. Бу исботланган. Аммо эркинликни ота-боболаримиз биз учун мисқоллаб йиғиб қолдирган гуманизм ва ахлоқдан воз кечиш, анъана ва қадриятларни менсимаслик, уни вайрон қилиш, фаҳш ва тубан манзараларни тавсифлаш деб тушуниш вулгаризм ва варваризмдан бошқа нарса эмас. Бундай эркинлик охир-оқибат миллатни ҳам, инсониятни ҳам таназзул ёқасига олиб боради. Инсоният жуда кўплаб цивилизацияларни бошидан кечирган. Ана шулардан энг буюги, ҳатто оловнинг кашф этилишидан ҳам аҳамиятлироғи – бу уятли жойини ёпиб юришни ўрганган, ўргатган цивилизациядир. Иккинчи буюк ютуқ гуманизм, ана шу гуманизмга боғлиқ равишда шаклланган, инсонни улуғлашга, уни ахлоқий ва маънан гўзаллаштиришга хизмат қилувчи ахлоқдир. Бу икки ютуқсиз инсоннинг ҳайвондан ҳеч қандай фарқи қолмайди. Бугун Де Сад каби жинсий ва ахлоқий эркинликни адабиётга олиб кириш билан, бу буюк ютуқларга зарар келтираётганлар ўзлари билиб-билмай инсониятнинг, миллатнинг таназзулига хизмат қилишаётганини англашаётгани йўқ. Ғарб адабиёти ахлоқсиз Де Сад ва унинг издошлари туфайли эмас, адабий истеъдодлар ва улуғ гуманизм ғояларини тараннум этгани ҳисобига тараққий этган. Адабиёт ҳамиша ҳур фикр, ҳур тараққиёт, ҳур имон, виждон учун курашиб келган. У истибдоднинг, зулмнинг, зўравонликнинг, ёвузликнинг ҳар қандай кўриниши билан келиша олмайди, уларга қарши курашади, уларга қарши курашиб туриб, эркинлик тарафида туради, аммо инсоният мисқоллаб йиғган ахлоқ ва гуманистик фазилатлардан ҳеч қачон воз кечмайди, гарчи, бу гуманизм ва ахлоқ кимларгадир ва қайсидир хатти-ҳаракатларга таъқиқ, эркинликни бўғиш бўлса ҳам, у булардан воз кечолмайди. Чунки, айни, шу нарсалар инсонни ҳайвондан ажратиб, уни санъат ва маданият сари бошлаб келган. Инсон авратини ёпган кунидан бошлаб санъатни ҳис қилиб, нафосат сари юксала бошлаган. Энди бу авратни очиб кўрсатиш одамни ҳайвон каби яланғоч юришга ундовдан бошқа нарса эмас. Ахлоқсиз ва инсонпарварликсиз санъат бўлмайди. Ҳирс ва жунбишни шавқ билан батафсил тасвирлаш – уни тарғиб қилишдан бошқа нарса эмас. Мабодо, тарғиб қилинаётган экан, унга соғлом ақл кўзи ва қонун кўзи билан қараш зарур бўлади. (Бу менинг шахсий фикрим: кимки ҳирс ва жунбишни ўқувчида рағбат ва ҳавас уйғотадиган, унинг онг ости туйғуларига таъсир қиладиган даражадаги тафсилот билан ёзаётган экан, бу ерда нимадир, хусусан, қандайдир миссионерлик ғояси бордай туюлади. Бугунги ғаразли дунёда оммавий маданиятнинг тазйиқига сабот билан дош бериб келаётган Шарқни моддий ва маънавий синдириш учун, аввал, унинг ахлоқ, қадриятлари, оила ва жамият ҳақидаги тушунчаларига путур етказишга, йўққа чиқаришга уриниб ётган кучлар мавжудлигидан кўз юмиб бўлмайди.)

Иккинчи томондан ижодкорнинг эркинлиги унинг матонати билан, иродаси билан, иймони билан чамбарчас боғлиқ. Ижодкорнинг балиғи сувсиз ҳам яшайолади. Агар у қуруқликда судралиб юришни ўрганса… Бу истеҳзо эмас. Балки ижодкорнинг тақдири эканини эслатиш учун келтирдим. Чунки ижодкор эркинлик бўлса ҳам, бўлмаса ҳам ёзишга маҳкум. У Худонинг одамлар орасидаги, бизнинг кўнглимиздаги, адашган манзилимиздаги нигоҳи. У ҳамиша ва ҳар қандай вазиятда ёзиши шарт. Дўзахий шароитда ҳам у ижод қилишга, инсонни матонатга ундашга, унинг кўнглидан дўзах куллари ичида ҳам бир чимдим чўғ топишга, ана шу чўғ орқали уни халос қилишга, етаклашга мажбур. У шуниси билан ижодкор. Шарт бўлса, зарур бўлса, сувдан чиқиб, судралиб, ўрмалаб, тирмалаб юриб ёзиши шарт. Чинакам истеъдодлар, чинакам ижодкорлар ана шундай қилишади. Ана шуни қисмат деб билганлар ҳақиқий ижодкорлардир.

“Ранг-баранглик”, “авлод”, “изм”лар бир-бирини инкор этадиган тушунчалар эмас. Авлод ранг-баранг, шунингдек, қайсидир, “изм”га дахлдор бўлиши мумкин. Гап “изм”да эмас. Гап истеъдодда. Истеъдодсиз “измлар” сувсиз кўлга ўхшайди. “Изм”га дахлдорлик истеъдодларга ярашади. “Изм”лар истеъдодсизликни яшириб турадиган қўрғон эмас. Афсуски, бугун баъзилар ўзларининг нўноқлигини, истеъдодсизлигини ана шу “изм”лар остига яшириб олишга уринишаяпти. Ҳатто биттаси ўзини “мен символизмда ижод қиламан”деб даъво қилди. Гаплашиб кўрсанг, ўзи символизмнинг “с” ҳарфини ҳам билмайди. “Символизмда ижод қиламан” деса, ёзган тутруқсиз нарсаларига маъно киради, гўё. Бунақа ўзларига “изм”лардан уя, ин ясаб олаётганларнинг на авлодга, на ранг-барангликка, на “изм”ларга алоқаси йўқ. Улар шунчаки адабий олифталар. Бунақаларни вақт, барибир, бир кун адабий жараёндан суриб-чиқариб ташлайди. Авлод ҳам, адабий жараён ҳам истеъдодларга қараб баҳоланади, эътироф этилади.

Улуғбек Ҳамдам: Адабиёт биз кўниккан тушунчадангина иборат эмас, албатта, унинг миссияси хийла теран, шунчаларки, инсоннинг аслий ва, энг асосий, ичкин эҳтиёжларига ажабтовур тарзда жавоб бера оладигандек туюлади менга. Чунончи, қадимдан: “Биз қайдан келдигу кетурмиз қаён?” (Умар Хайём) деган савол фикрловчи инсон учун саволларнинг саволи бўлиб келган. Бунга муқаддас китобларда жавоб айтилган. Одатда, ўлмас битикларнинг жавоби ғоят умумий тарзда бўлади. Фикр одами эса шу умумийликни ўзининг ва ўзгаларнинг ҳаёти мисолида конкретлаштиргиси, унга индувидуал либос кийдиргиси, яқиндан тушунгиси, ҳис қилгиси келади. Шу ерда адабиёт ўзининг образлар олами ва рамзий табиати билан унга ёрдамга бел боғлайди, назаримда. Румий ҳазратлари “Ичиндаги ичиндадир” асарида у дунёни, руҳлар оламини бу дунё орқалигина, бу дунёдан олинган мисоллар воситасидагина тушунтириш мумкин, дейди. Бу борада Карл Густав Юнгда ҳам ажойиб фикр бор экан. Унинг “Хотиралар, тушлар, мушоҳадалар” номли асарида ўлимдан кейинги ҳаётга ишора бор, булар туш, онг ости ҳаётимиз, деган фикр илгари сурилади. Аслида, адабиёт ўз табиатига кўра, худди шундай жиҳатларни ҳам қамраб олади ва қамраб олмоғи керак эмасми? Фақат уч ўлчовли оламга, бу дунёнинг ақидаларигагина суяниб, унинг талабларигагина мўлжаллаб битилган адабиёт инсон кўнглининг яримигагина малҳам қўйиши мумкин, ҳа, шаксиз, у мавжуд ҳақиқатнинг бир палласигина бўла олади. Ҳақиқий адабиётда ҳар икки оламга ишора бўлмоғи ва, энг муҳими, бундай адабиёт ҳар икки оламдан маънавий туртки олиб яратилмоғи керак, деб ўйлайман. Чунки бу адабиёт бизнинг ўзимиз, кўнгил ҳолимиз, онг устию онг остидаги борлиқ “мен”имиз экан, унинг “беш кунлик дунё”нинг малайи бўлиб, ундаги бирон-бир ўткинчи мафкурага хизмат қилибгина “кун кўриши” ҳар қандай жиддий адабиётнинг кечирилмас нуқсонидек туюлади менга. Бу борада, мисол излаб узоққа боришнинг ҳожати йўқ, масалан, совет адабиётининг аччиқ қисматини олиб кўринг… Шу хусусда ҳам фикрлашиб олсак.

Назар Эшонқул: Адабиёт инсон моҳиятини ўрганар экан, у бевосита фалсафа ва илоҳиёт билан бирлашиб кетади. Адабиётнинг дарди, изтироби, оғриғи фалсафий оғриқ, илоҳий оғриқ. Чунки инсоннинг моҳиятини унинг кўнгли ва руҳиятини моддий тараққиётлар тўла қондира олмайди. Мана, XXI асрда инсоният ақл бовар қилмас тараққиётга эришди, унинг қулайликларидан, тараққиётнинг барча маҳсулларидан фойдаланаяпмиз, космосга учаяпмиз, олис юлдузларнинг тити-питисини чиқариб, текшириб ётибмиз, нигоҳларимиз телескоплар орқали галактикаларнинг узоқ нуқталарига бориб етаяпти, аммо инсон муаммоси Қошғарий, Юсуф Хос Ҳожиб, Навоий, Машраб давридагидан нари силжигани йўқ. Бу муаммо ҳали ҳам шундай турибди. Хусусан, сиз келтирган Румий ҳазратлари инсоншунослик масаласида нима деган бўлса, бугун ҳам ўша ҳикмат, ўша таҳлиллар долзарблигича турибди. Демак, инсон моҳиятини моддий жиҳат, моддий равнақ тўла очиб беролмайди. Инсон ҳали-ҳануз жумбоқлигича қолмоқда, ҳалигача у ўзи излаганини тополгани йўқ. Излагани четда эмас, унинг ўз ичида бўлса, не тонг?! Эҳтимол, одамзод бу дунёга ўз ичидагини ўзгалардан излаб, ўзи билан ўзи курашиб, ўзи тузаб, ўзи вайрон қилиб, ўзи таназзулга бориб, ўзи тиклаб умр кечиришга маҳкум этилгандир?! Эҳтимол, тириклик моҳияти мана шу қутблар орасидаги изланишда ва ўзини топишдадир. Эҳтимол, инсон қачонлардир ўз ичидагини топиб, ўзини-ўзи маҳкумликдан холос қилар. Лекин ҳозирча холос қилгани йўқ. Инсон ҳалигача ўзига-ўзи жумбоқ. Бу жумбоқнинг илдизини илоҳиётдан, руҳиятдан, коинотдан, ана шу оламни бирлаштирадиган ўзидан излаш керак, чамамда. Ана шу нарсаларнинг ҳаммаси, Румий ҳазратлари айтгандай, инсоннинг ичидадир. Инсон ичи коинот каби кенг, илоҳият каби қувватли, руҳият каби сирлидир. Барча саволга жавоб унинг ичида, унинг ўзида, унинг моҳиятида. “Ҳар икки олам” таҳлили – бу инсоннинг ўзини таҳлил қилишдир.

Улуғбек Ҳамдам: Дунё дунё бўлибдики, эзгулик ва ёвузлик курашиб келади. Кеча адабиёт эзгулик, яхшилик, ёруғликнинг ёнида туриб “жанг” қилаётган эди. Бугунчи?.. Бугун адабиёт эзгулик учун курашишдан “уялмаяптими”, “ор-номус” қилмаяптими? Кўпчиликнинг назарида кулгили аҳволга тушиб қолган эзгуликнинг ёнида, эзгулик учун “жон олиб, жон бериш” адабиётга ғалати, соғлом мантиқдан узоқ тутим, “романтика” бўлиб кўринмаяптими? Хуллас, адабиёт бугун кимнинг, ниманинг ёнида ва нима учун?..

Назар Эшонқул: Сиз биз гаплашаётган адабиёт Навоий даврида кимнинг ёнида турган бўлса, бугун ҳам ўшанинг ёнида турибди. Шакллар, манзаралар, чегаралар, мезонлар, жанрлар, ифода усуллари ўзгарди, аммо адабиётнинг азалий ва абадий мавзуси эзгулик ва ёвузлик ўртасидаги кураш тўхтагани йўқ. Инсоният ибтидосидаги Шайтон ва Раҳмон кураши ҳали ҳам давом этаяпти. Тўғри, бугунги воқеликда бирданига ёвузлик ва эзгуликни англаш жуда мушкул. Худди эртаклардаги каби уларни бирдан оқ-қорага ажаратиб олиш жуда қийин. Аммо кураш кетаяпти. Икки қутб ўзларининг шакллари ва усулларини ўзгартирди, қиёфаларини ҳам таниб бўлмаяпти. Чунки кураш энди ботиний тус олди. Бу кураш инсоннинг кўнглига кўчди. Бугун ҳар қачонги даврдан ҳам кўра, эзгулик ва ёвузлик ўртасидаги фарқни аниқлаш ўта мушкуллашган давр. Чунки Шайтон ва Раҳмон инсон ботинига яширинди. Бугун Шайтон ҳам, Раҳмон унинг ичида, Шайтон ва Раҳмон маркази инсоннинг ўзи бўлиб қолди. Жамики ёвуз кучлар худди эзгу кучлар каби инсон қалбини забт этишга киришдилар, уни ўзига бўйсундиришга ўтдилар. Шу сабабли Шайтон ҳам ўзининг қиёфасини эзгулик ниқоблари остига яшириб олмоқда. Инсон учун кураш бугун барча мафкураларнинг, шунингдек, санъатнинг бош вазифаси бўлиб қолди. Инсон бўлмаса, бу курашнинг моҳияти қолмайди. Шу сабабли, инсон қанчалик чуқур таҳлил қилинса, у ерда бу кураш шунча кўп юзага чиқиб, эзгулик ва ёвузликнинг қиёфаси аниқлаша боради. Инсон мураккаблашгани сабабли, эзгулик ва ёвузлик кураши ҳам мураккаблашди, адабиётнинг ифода этиш усули ҳам мураккаблашиб бормоқда. Бу мураккабликдан келиб чиқиб, санъат гуманизмдан чекинолмайди. Адабиёт инсоннинг ёнида, инсонпарварликнинг ёнида турмоғи шарт.

Улуғбек Ҳамдам: Истаймизми-йўқми, бугун постмодернизм ҳақида тўхталмай ўтолмаймиз. У нима, бугун дунё олаётган ҳаво-нафасми? Унинг хусусиятлари ХХ аср ўзбек адабиёти мисолида қандай ва нималарда кўринади? У бизни қаерга бошлаб кетаяпти? Аслида, модомики, постмодернистик кайфият кўнглимизга ташриф буюрган экан, яхшиси, унинг қўлидан бизнинг етаклаганимиз беҳроқ эмасми? Ахир, унинг “манифести”да мутлақ эркинлик деган, бир қарашда хуш, моҳиятан эса инсониятни нималарга гирифтор қилиши номаълум бўлган (аслида, тахмин қилиш қийин эмас) бош “модда” бор. Бу “модда” маддалаб кетмайдими?.. Чунки Ҳаёт (Реализм) деб аталган “Шоҳкўча”га нисбатан у (ва ҳар қандай бошқа “изм” ҳам) бор-йўғи бир “ёндош кўча” бўлса-ю (ва у ўша “Шоҳкўча” туфайлигина қадриятга эга эса), бу кўчага ихтиёрини, сўнг ўзини бутунлай топшириб, ичкарига оёқ босган инсон алал-оқибатда адашиб кетмайдими?.. (Бу борада, фикр билдираётганда, у ёки бу “изм”га бўлган муҳаббатимиз ва ёки нафратимиз қобиғидан чиқиб олсак, ҳақиқатга яқинроқ келармиканмиз, дейман.)

Назар Эшонқул: Аслида, “измлар” инсонни таҳлил қилишнинг турли усулларини таклиф қилаётган ҳаракатлар, уринишлардир. Постмодернизм ҳам ана шундай уринишлардан бири. Менга адабиётнинг бош вазифасини, унинг асл миссиясини унутиб қўйиб, шакл ва фикр изидан қувган оқимлар, унинг қандай номланишидан қатъий назар ёқмайди. Харуки Муракамини ўқий олмайман. Менга сунъий туюлади. Аммо Кавабата ёки модернистлар отаси Кафкани ёхуд Беккетни ҳамиша қайта-қайта ўқийман. Мураками адабиётдаги замонавий фокусга, жимжимага ўхшайди. Адабиётнинг пойдевори бўлган инсон ҳақидаги қайғудан кўра, ўзининг кийим-бошини, машинасини, компьютерини, мобилини, жаргонини муҳокама қилаётгандай туюлади. Мен бугун шов-шув бўлаётган постмодернистлар ҳақида фикр айтишдан тийиламан. Кафка, Камю, Жойсда ва бошқа модернист даб аталган ёзувчиларда инсон изтироби ва поэзия, нафасот бор эди. Ҳозирги давр оқимлари ҳақида бундай дея олмайман. “Ҳаёт маънисиз, маънисизликка онгли муносабатда бўлиш керак” деган фикрни оҳорсиз шаклларга солиб бераётгандай. Бундай жимжимадор оқимларга чалғиш керак эмас.

Улуғбек Ҳамдам: Адабиётнинг табиатида ўйинлик хусусиятининг тобора тош босаётганлигини кўриб-сезиб турибмиз. Бу, албатта, янги гап эмас. Қадимдан адабиётда “фойда” (меҳнат) (utile) ва “ўйин” (ducle) деган икки қанот мавжуд бўлиб келган (негадир учинчи хусусият – сиғиниш, илтижо ҳисси ҳақида айтилмаган. Чунки бадиий асарнинг яратилиш асносида, меҳнат ва ўйин завқидан ташқари илтижо, сиғиниш ҳиссиёти ҳам иштирок этади.) Фақат кейинги вақтларда ўйиннинг ҳиссаси кучайиб кетди. Бу дегани шуки, нимани айтишдан кўра, қандай айтиш, дард айтишдан кўра, “ниманидир” бўлсаям гўзал шакллар ёрдамида ўқувчига етказиш биринчи ўринга чиқиб бораётир. Аслини олсангиз, модерн, постмодерн суянадиган асосий устунлардан бири ҳам шу: ҳамма нарсани ўйинга, санъатга айлантириш. Нима деб ўйлайсизлар, “ўйин”га берилиб, инсоннинг катта ҳарфлар билан ёзиладиган ДАРДидан узоқлашиб кетмаймизми? Бу кетишда адабиёт чиндан ҳам бошқотирма – крассворднинг бошқачароқ хилига айланиб қолмайдими?..

Назар Эшонқул: Бу савол олдинги саволнинг бошқачароқ шакли. Аслида, санъат инсоннинг ҳис-туйғуларини қитиқлайди, тасаввурини ўйнайди, фикр қилишга, ўйланишга мажбур қилади. Бугун ўқувчининг тасаввур қила олиш даражасини синашга қаратилган асарлар анчагина… Шаклий, услубий изланишлар, бошқотирмалар, гарчи, у адабиётнинг асосий талаби ва мезонига мос бўлса, ҳеч қандай хавфли жойи йўқ. Гессенинг “Игра в бисер”, Кортасарнинг “Игра в классики”, “62. Модел қурилмаси” (“62. Модель для сборки”) романлари ҳам сиз айтгандай ўйинга, бошқотирмага қурилган. Аммо улар адабиётнинг барча талабларига мослаштирилган, бўйсундирилган. Нафосат ва эстетика мезонларидан четга чиққан ҳар қандай шакл ва мазмуннинг санъатга алоқаси йўқ. Санъат ана шу мезонларда ўйин қилиш учун яратилган. Бу мезонларда туриб ўйин қилган Бодлер, Пикассо, Жойс, Кафка, Пруст, Беккет, Вульф, Музил, Камю, Сартр, Салвадор Дали, Кортасар ва бошқалар бугунги оқимларнинг отаси эди. Улар санъатнинг ифода чегараларини қанчалик кенгайтиришмасин, ана шу мезонлар доирасидан чиққанлари йўқ, улар тасаввурни кенгайтирдилар, ҳис-туйғуларни қитиқлашди, фикрни кучайтиришди, аммо эстетикага зид ишлар қилишгани йўқ. Мен адабиётнинг, унинг тасвири, акс эттиришининг чегараси йўқ деган гапга қўшилмайман. “Изм”ларнинг ва изланишнинг ҳам чегараси бор, у тасаввур, эстетика, ахлоқ ва гуманизм чегаралардир. Ана шуларга ёт нарсаларни мен асар сифатида, санъат сифатида қабул қилолмайман.

Улуғбек Ҳамдам: Юқорида айтилган шунча мулоҳазалардан келиб чиқиб, битта гапни алоҳида урғу билан айтиш лозимга ўхшайди: бугун жиддий, оқни-оқ, қорани- қора деб айтишга билим, тафаккур кучи ва жасорати етадиган адабий танқид ҳар қачонгидан-да зарурроқ экан. Унинг тушунтирувчи, қарашларимизни тиниқлаштирувчи, адабий-маънавий ўзагимизга озуқа бергувчи, унга янги руҳ ҳадя этгувчи кучига жамиятда катта эҳтиёж пайдо бўлганига ортиқ шубҳа йўқ. Шу маънода, кунимизда бадиий асар қайси мезонлардан туриб баҳоланаяпти: унинг сифати, янгилиги, илмийлигидан ташқари танқидчининг ХОЛИСЛИК даражаси қай аҳволда? деган ҳақли саволлар туғилади. Чунки, кўпинча, бадиий асарлар баҳоланган танқидий мақола, илмий тадқиқот ва ёки тақризни ўқиб, ўзингга ўзинг савол бериб қоласан киши: қайси бири паст, қайси бири ўртаю қайсиси баланд асар ва нима учун?.. Аксарият ҳолларда, ҳаммаси бирдек дурдона ўлароқ тақдим этилади. (Ва ёки кўркўрона “уриб” ташланади.) Назаримда, бу ўринда, танқидчиларимиз ўқувчилик муҳаббати (ёки нафрати) изҳоридан олим-мутахассис муносабатини билдириш даражасига ўсиб боролмаяпти. Яъни, у ўзининг у ёки бу асарга ёки унинг муаллифига бўлган симпатия (ёки антипатия)сини олимнинг қараши деб ўйлаяпти. Шулардан битта ҳақли савол туғилади: бугунги ўзбек адабий танқиди мавжуд ҳақиқатни қай даражада ўзида акс эттирмоқда?

Назар Эшонқул: Адабий танқид масаласи бугун ўта долзарб муаммога айлангани рост. Адабий танқид китобхондан бир қадам олдинда юриши керак. Илғор хориж мамлакатларида ўқувчилар дидини тарбиялайдган махсус тўгараклар бор, газеталар бор, махсус адабий дид билан шуғулланадиган гуруҳлар бор. Бизда бу иш адабий танқиднинг ихтиёрига ташлаб қўйилган. Адабий танқид эса бугунги ўртача ўқувчи даражасидан ўсиб чиқолгани йўқ. Адабиётшуносларимиз хафа бўлишмасин. Адабий танқид дегани фақат адабиётшунослик эмас, ёзувчи, шоир, файласуф, социолог, умуман, зиёли қатламнинг ҳаммаси шу доирага киради. Бу дард ҳаммамизники. Масала шундаки, адабий дид кундан-кунга майдалашиб, хиралашиб бораяпти. Унинг хиралашишида оммавий маданият билан бирга, ёзувчиларнинг, танқидчиларнинг ўзлари ҳам хизмат қилишмоқда. Кўча чўпчакбозлигининг танқидчилари пайдо бўлди. Улар ана шу чўпчакбозликни бевосита адабиётга дахлдор қилишга тер тўкиб меҳнат қилишаяпти. Туппа-тузук ёзувчилар кўча чўпчакбозлигига ўтиб кетишди. Ҳа, майли, тирикчилик-да (косибчилик қўлидан келмаганларнинг бунақа тирикчилик қилиши гуноҳ ҳам, айб ҳам эмас, аксинча, сўз оҳорини билмайдиган кўча ёзувчиларидан афзалроқ), деб юрган эдик, аммо улар, энди, бу чўпчакбозликни адабий асар сифатида даво қилишаяптики, бу адабий жараёнимизда хавотирли ҳолат пайдо бўлганини билдиради. Йўлдош Солижоновнинг, айнан, шу масалада куйиниб ёзган мақоласига бошқа бир адабиётшунос эътироз билдирди, гўё бу билан адабиётшуносликда фикрлар хилма-хиллигини намойиш қилди. Аслида, бу эътироз моҳиятан олганда, чўпчакбозликни адабиётга тиқиштиришдан, адабиётда пайдо бўлаётган майда манфаатларнинг намойишидан бошқа нарса эмас эди. Яқинда, бир туппа-тузук адабиётшуноснинг эстетика талабларига жавоб бермайдиган бир ҳикояни оғзидан бол томиб мақтаганини эшитгач, адабий дидимиз анча хатарли вазиятга тушиб қолганини ҳис қилдим. Танқидчи ёзувчи, шоирлар билан бирга адабий дид учун масъуллардан бири. Унинг бу дидни туширишга, соя солишга ҳаққи йўқ. Бугунги адабий танқид ўзининг фаолиятсизлик даврини бошдан кечираяпти. Уларнинг айримлари назарияпарастлик билан, айримлари чўпчакбозликни адабиётбозликка айлантириш билан машғул бўлишаяптики, бундан хавотирланмай бўлмайди. Илгари ҳам ёзгандим. Миллий дид, жумладан, адабий дид ҳам худди давлат чегаралари каби қўриқланиши шарт. Фақат бу ерда “чегарачилар” ёзувчилар, танқидчилар, олимлар, зиёлилар бўлиши керак. Агар биз шу пайтгача шаклланган адабий дидни бой берсак, адабиёт яшаб қолиш имкониятини бой берган бўлади, ўрнини оммавий маданият намуналари бўлган тижорат асарларга бўшатиб беради. Тижорат адабиёти эса ҳеч қачон миллатни тарбия қилмайди, уни глобаллашув даврида пайт пойлаб турган бошқа мафкураларга ем бўлишга, ютиб юборишига замин тайёрлайди. Ана шунинг учун ҳам бу хавотирли ҳолат.

Улуғбек Ҳамдам: Қанчалик гапни силлиқламайлик ва ёки индамайгина айланиб ўтишга ҳаракат қилмайлик, барибир, бугун ҳам ўша кўҳна муаммо ижодкор олдида кўндаланг бўлиб турибди: эски билан янги ўртасидаги кураш!.. Бу кураш кўчада эмас, аввало, ижод аҳлининг ботинида кечаяпти. Хўш, бугун қандай ёзиш керак? Кечагидек ёзишни, ўзидан битта кўйлак кўп кийган авлоднинг бадиий тилию ёзиш манерасининг ўзига хослигини тан олган, уни “яхши” деб билгани ҳолда, ҳозирги ўзбек адабиётини бугун яратаётган ижодкор нега, барибир, янгича ёзиш керак деб ўйлаяпти, шундай ёзишга уринаяпти ҳам? Ахир, тап-тайёр, асфальтланган, текис, ҳатто айтиш жоиз, чорраҳаларига светафорлар ўрнатилган йўллардан юриш оппа-осон эди-ку! Нима учун бугунги ижодкор янги йўллар очиш тараддудида яшамоқда? Бу икки йўлдан қай бирини танламоқ керак? Саволдан савол туғилар экан: хўш, нима дегани ўзи иккитасидан бирини танлаш? Эскига суянган кўйи, унинг негизида янгисини яратиш мумкин эмасми? Эски билан янги ўртасида кўприк қуриш узоқни кўзлаб иш тутиш бўлмайдими ва ёки, барибир, давр руҳи, замон нафаси айтиб тургандек ёзиш лозимми? Қайси бири тўғри йўл? “Янги-яхши” ёзаман деб “эски-яхши”дан маҳрум бўлиб қолмаяпмизми? Унда орадаги фарқ нима? Чунки ҳар қандай янгиликнинг пойдеворида эскиликнинг тоши мустаҳкам туради. Биргина шу фактнинг ўзиёқ давомийлик, ворисийлик ҳақида бонг урмаяптими? Замоннинг бу шиддатида бугун бўлмаса, эртага бонгни эшитадиган қулоқларимизга “кўз” тегиб, том битиб қолмаслигига ким кафолат беради?..

Назар Эшонқул: Санъат ижодкорнинг ўзини намоён этиш усулидир. “Ўзини” деганда, кўп нарса назарда тутилади. Бу ерда ўзлик, давр, замон, жамият, қарашлар, тушунчалар жамулжам бўлади. Ҳар бир ижодкор ўзини ўзига хос ифода этгиси, шунга мос услуб, шакл танлагиси келади. Худди бармоқларимиз каби ижодкорнинг дунёни қабул қилиш тарзи ҳам бир-бирига ўхшамайди. Тўғри, услубий яқинликлар бўлиши мумкин, лекин, айнан, такрори бўлмайди. Қодирий билан Чўлпоннинг маънавий қарашлари бир-бирларига яқин бўлса ҳам услублари бир-бирларига ўхшамайди. Бу воқеликни кўриш, ёндашиш ва акс эттиришнинг ўзига хослигидан дарак беради. Ҳа, бармоқ излари каби, агар ижодкор шахс бўлса, улар бир-бирларига ҳеч қачон ўхшамайди. Бир-бирига ўхшамагани учун ҳам биз адабиётнинг майдони, чегараси, усули кўп ва кенг деймиз. Адабий хилма-хиллик – шахслар хилма-хиллигидир. Шахс бўлмаган ижодкорнинг асарлари худди инкубаторнинг тухумлари каби бир-бирининг ё у жиҳати, ё бу жиҳатининг такрори бўлади, холос. Шахс бўлиб шаклланган ижодкорнинг асарларигина ранг-баранг бўлади, бундай ижодкорлар адабиёт учун воқеа бўлаолади. Қоғоз қоралаш, ёзув устида тер тўкиш, жилд-жилд китоблар чиқариш, тил қонуниятларига амал қилиб жумлалар тузиш, эга-кесимни жойига қўйиш, “ижодкор” деган номга сазавор бўлиш, кўпчиликнинг қўлидан келади, аммо камдан-кам ижодкорлар шахс бўлиб шаклланади. Шахс бўлиб шаклланмаган ижодкор эса адабиёт учун, шунчаки, ўткинчи ҳодиса. Бугун бор, эртага йўқ. Адабиётнинг шафқатсизлиги ҳам шу ерда. Минглаб одам асар ёзади, адабиёт эса фақат битта-иккитасини эртанги кунга етказади. Қолганлари шу замоннинг йилномалари каби ўз даврида қолиб кетаверади. Шунинг учун шахслар яратган услубларгина адабий жараёнга ҳам, адабиётга ҳам “қувват”, янгиланиш, тоза ҳаво беради. Ранг-баранглик – шахслар ранг-баранглигидир.

Улуғбек Ҳамдам: Ижодкорнинг ижодкорлик ва фуқаролик бурчларини қандай изоҳлаган бўлардингиз? Ёки улар бир нарсами? Агар бир нарса бўлмаса, ижодкорнинг ижодкорлик бурчига садоқати унинг фуқаролик бурчини адо этишига монелик қилмайдими? Ва ёки фуқаролик бурчимни тўла-тўкис бажо келтираман, деган ижодкор кўнглига хиёнат қилиб қўймайдими? Масалан, жадид адабиёти вакилларини эсга олайлик. Улар давр тақозосига кўра, яшаб ижод этдилар. Кўнгилларида бўлса ҳам анъанавий “гул ва булбул” ҳақида куйлай олмадилар. Худди шундай тақдирни 70-йиллар авлодида кўриш мумкин. Шоирларимиздан Шавкат Раҳмон “рубобий шеър”лар ёзишни орзуладию “жангчи”ю “зобит” бўлиб қолганини алам билан шеърга солди… Битта ишни амалга ошира туриб, ҳар икки – ижодкорлик ва фуқаролик бурчларини адо этиш мумкинми ўзи? Агар мумкин эса, нега, унда, кўпинча кўнгилнинг истаги бошқа бўладию қаламнинг юриши бошқа чиқади? Агар саволни шундай қўйиш мумкин бўлса, ижодкор учун қайси бурч муҳимроқдир?

Назар Эшонқул: Ёзувчини миллат виждони дейишади. “Миллатга виждон” бўлиш масъулиятли ва шарафли мақом. Ижодкорнинг бурчи ана шу мақомга содиқ қолиш ва ҳалол бўлишдир. Тўғри, барча замонларда ёзувчилар ўткинчи масалаларга, давр билан боғлиқ муаммоларга муносабат масаласида ҳар хил қарашларда бўлганлар. Ўткинчи курашларга боғланиб қолиб, адабиётнинг бош вазифаси унутилган ҳолатлар ҳам бўлган. Масалан, мен Солжиницинга ҳурмат билдирган ҳолда, унинг рус адабиёти учун жуда кам асари эртанги кунга қолади, деб ўйлайман. Асосий асарлари шўро тузумини фош қилишга қаратилди. Бугун эса бу асарларнинг унчалик ҳам аҳамияти йўқ. Давр билан бирга Солжинициннинг довруғи ҳам сўнди. Лекин мен, барибир, фаол фуқаролик тарафдориман. Ёзувчи учун ўткинчи муаммо йўқ. Агар у муаммо миллат, Ватан, инсон тақдирига дахл қилаётган бўлса, бу масалага ёзувчи аралашиши ва ҳал бўлишида ўз ҳиссасини қўшиши керак, деб биламан. Рус тафаккури ХIХ асрда Белинский, Герцен, Добролюбов, Чернешевский, кейинчалик Толстойнинг фаол фуқаролик позицияси маҳсули бўлган фикрлар билан равнақ топганини ҳеч ким инкор қилолмайди. Абадий мавзулар билан бирга инсонга, унинг келажагига, гуманизм ва эркинликка дахл қилаётган масалаларга ўз муносабатини билдириш ижодкорнинг бурчи ва вазифасидир. “Санъат санъат учун” қараш тарафдори бўлган Томас Манн, Стефан Цвейглар фашизм билан келишмай, юртини ташлаб кетишди ва умрларининг охиригача антифашист (коммунист эмас) бўлиб қолишди. “Санъат санъат учун” деган қараш ижодкорни майда-чуйда масалаларга ўралашиб қолувчи публицист бўлиб қолишдан асраш учун айтилган… Ҳамма гап шундаки, ёзувчи Худо берган истеъдодини ўткинчи курашларга бағишламаслиги, “атомни ўтин ёриш учун” ишлатмаслиги керак. Унинг буюк миссияси инсон қалбини поклантириш, инсонни бани олам уйғунлиги йўлида руҳлантириш, унга матонат бағишлаш, инсонни олий ҳидоят сари ундаш, инсоннинг хаёли ва тафаккурига қудрат, куч ато этишдан иборат. Ана шу йўлда у ҳар сония, ҳар куни ва ҳар доим ёниб яшаши шарт бўлади.

Улуғбек Ҳамдам: Бугун, назаримда, “жиддий адабиёт” деган алоҳида бир терминни бот- бот ишлатишга тўғри келади. Чунки “омма” ва ёки “кўча адабиёти” деган нашрдан уни ҳимоя қилиш эҳтиёжи пайдо бўлди. “Жиддий” ва “омма адабиёти” ўртасидаги чегарани аниқлаштириб олмаганимиз туфайли ҳам эрта бир кун кейингиси аввалгисининг ҳуқуқларига даъвогарлик қилиб қолиши ҳеч гапмас. Натижада, “адабиёт” деганда, ўқувчи кўз олдига енгил-елпи, ур- сур, фаҳш ва олди-қочдидан иборат негатив матнлар йиғиндисининг келишини тасаввур қилиш қийин эмас. Мана шулардан келиб чиқиб, бугунги ўқувчи “жиддий адабиёт нимаю омма адабиёти нима?” деган саволнинг жавобини юзакироқ бўлса ҳам билиши керак, деб ўйлайман. Чунки мен назарда тутаётган “жиддий адабиёт” инсонни инсон, миллатни миллат сифатида тикланишига маънавий далда бўлса, “омма адабиёти” кўринишидан беозор бир эрмакдек туюлса-да, алал-оқибатда инсон ва миллатни буҳронга етакловчи кучга ўхшайди. Шунинг учун ҳам мўри-малахдек урчиб кетаётган “омма адабиёти” қаршисида маънавий таназзул олдини олишга қаратилган “жиддий адабиёт”нинг бўлиши, бўлгандаям, бақувват устундек туриши жудаям зарур! Бунинг учун эса жамият миқёсида шундай адабиёт ҳақида қайғурмоғимиз шарт бўлади. Сиз-чи, сиз қандай ўйлайсиз?..

Назар Эшонқул: Бу масала ҳақида кейинги йилларда кўп гапирилаяпти. Албатта, хавотир ўринли. Кўча чўпчаги билан, адабиёт бошқа-бошқа нарса. Адабиёт ва маданиятни теран тушунадиганлар ҳатто АҚШда ҳам Фолькнер, Хемингуэй, Вульф, Торнтон Уайлдер қаторига ҳеч қачон Артур Хейли ёки бошқа бестселлер ёзувчиларнинг номини қўшиб санашмайди. “Бестселлер” инглизча “best seller” сўзларидан олинган бўлиб, “энг кўп сотиладиган” деган маънони билдиради. Бу ерда китобнинг сифати, адабий қиммати эмас, унинг тижорат қиймати биринчи ўринда туради. Шу сабабли, кўча чўпчакларини “адабиёт” деб эмас, оддий “тижорий асарлар” ёки “бестселлер” деб аташ керак. Ана шунда адабиёт билан кўчанинг енгил олди-қочдилари ўқувчиларни чалғитмайди. Бироқ бу ерда ҳам, энг аввало, танқидчилар ва ёзувчиларнинг муросасиз нигоҳи, кузатуви ҳамда муносабати керак бўлади. Адабий дид миллий бойлик ҳисобланади. У асрлар оша сайқалланиб, ривожланиб келади. Уни туширишга ҳеч кимнинг ҳаққи йўқ. Бу дидни саёзлаштиришга қилинган ҳар қандай ҳаракатга қарши аёвсиз курашиш керак. Асарлар билан, муносабат билан, танқидшунослик ва адабиётшунослик билан. Бу – бизнинг адабиётшунослигимизнинг бурчи. Агар жиловни кўча асарларига бериб қўйган эканмиз, бу ерда адабиёт учун масъуллардан бошқа ҳеч кимни айблаб бўлмайди. Тасаввур қилайлик, уйимизга болаларимизнинг соғлигига, ахлоқ ва ўлчамларга зарар берадиган одатми, вирусми, ҳашоратми кирса, дарров бу нарсалардан қутулишга ҳаракат қиламиз, уйни тозалаймиз, тарбия билан жиддий шуғулланамиз, ташвишга тушамиз, токи, ана шу хатар йўқолмагунча тинчимаймиз, ҳаловат билмаймиз. Адабий дид борасида ҳам худди шундай бўлишимиз керак. Адабиёт ёзувчиларнинг “уйи”, меҳроби, унга гард юқтирмаслик ҳаммамизнинг бурчимиз. Адабиёт “энг кўп сотилишга” эмас, энг юксак дидни, нафосатни ва инсонпарварликни тарбиялашга, уни ўстиришга хизмат қилади. Диди баланд миллат эса улуғ эврилишлар қилишга қодир миллатдир. Чунки дид-бу маданият, тафаккур тарзидир, ҳам иқтисодда, ҳам руҳониятда, ҳам фикрда, ҳам маданиятда эртанги кунга ёқилган маёқдир. Бугун биз қандай маёқ ёқсак, эртанги авлод ўша маёқ нури билан ҳаётга назар солади, ўша маёқ нури билан аждодларимиз ва бани башар қолдирган меросга, қадриятларга муносабат билдиради, ўша маёқ нури билан баҳо беради, яшайди. Бугунги адабий жараён ана шу масъулиятни унутмаслиги керак, деб ҳисоблайман.

«Шарқ юлдузи» журнали. 2013 йил №-1 сон.

www.facebook.com/jabbor.eshonkul

Share on FacebookShare on Google+Tweet about this on TwitterEmail this to someoneShare on LinkedIn