БАХТИЁР ҲАМРОЕВ БИЗНИКИЛАРДАН ЭДИ

78d607068cd064420401737e12f83bae_XLШуҳратжон АҲМАДЖОНОВ

Фото. Бахтиёр Ҳамроев турмуш ўртоғи Муяссар ва фарзандлари билан.

Сафдошим, ҳамшаҳрим, инсон ҳуқуқлари ҳимоячиси Бахтиёр Ҳамроев 2013 йил 4 май куни вафот этганини эшитиб, унинг ҳуқуқ ҳимоячиси сифатидаги фаолияти, у билан учрашганларим, суҳбатларим ҳақида эсладим. У яхши инсон эди. Биз деярли тенгқур эдик: у 1955 йил 12 январда туғилган бўлиб, мендан бир ёш кичикроқ эди.

Бахтиёр Ҳамроев халқ тарафида, яъни биз тарафимизда эди, у бизники эди.

“У бизники эди” деган сўзларим тушунарли бўлишлиги учун халқимизнинг машҳур шоири Абдулла Орипов 1964 йилда ёзган, 1968 йилда дастлаб чоп этган “Бизникилар” номли шеърини келтирай. Мен уни дастлаб 1970 йилда ўқигандим. Шу шеър матнини сайтларда икки кун қидириб топдим.

Шеърнинг асл матнини ва унга доир изоҳни қуйидаги мақоладан келтирмоқдаман: ДОНИЁР БЕГИМҚУЛОВ. Ҳаққа, ҳақиқатга ташна шеърият. – Орипов А. Савоб: шеърлар //Тўпловчи ва сўнгги сўз муаллифи Д.Бегимқулов/. – Т.: “Маънавият”, 1997, 112 бет. (90-109 б., 96-98-б.) – http://www.ziyouz.com/index.php?option=com_frontpage&Itemid=378&limit=16&limitstart=48

Чапай аскарлари келдилар босиб,
Босиб келди оқлар устига.
Томошабин йигит юраги тошиб,
– Бизникилар, деди дўстига.

Раҳимов фашистларнинг кўзича
“Миссершмит”ларнинг кўзини ўйди.
Кимдир мамнуният билан ўзича,
– Бизникилар, – деб қўйди.

Йироқ ўлкаларда кезарди сайёҳ,
Кезарди юртига кўзини тикиб.
Советлар сўзини эшитди ногоҳ,
– Бизникилар, – деди энтикиб.

Ҳеч ким мангу эмас ушбу оламда,
Агар бир кун таним кўмсалар,
Кошкийди, кимлардир туриб тепамда,
– У бизники эди, десалар …

Адабиётшунос Дониёр Бегимқулов охирги тўртликдаги “кимлардир” сўзи маъносини бундай тушунтиради.

“Кимлардир” қандайдир бир тўда, гуруҳ эмас, балки юрт истиқлолини қалбида маҳкам тутган, миллат шаъни, мустақиллик учун жонини ҳам беришга тайёр турган фидойилардир. Шоирнинг лирик қаҳрамони айнан мана шундай миллат фидойиларини назарда тутган. Шеърдан келиб чиқадиган асл маънони англашда охирги марта такрорланадиган “кимлардир”нинг ўрни катта. Бу сўз “аҳли юрт” билан алмаштирилиши туфайли шеър шунчаки оддий шеър бўлиб қолган. Шоир мана шу “кимлардир” уни “у бизники эди”, деб хитоб қилишларини хоҳлайди, айни вақтда унинг ўзи ҳам ўшаларнинг куйчиси бўлиш олий мақсади эканлигини ботиний изҳор қилади”

Бизникилардан бўлган Бахтиёржонни Аллоҳ ўз раҳматига олсин, жойини жаннатда қилсин.

P.S. Раҳматли Бахтиёр Ҳамроев кимлиги ва унинг ички кечинмалари ҳақида 2007 йил январда ёзган қуйидаги мақоласида яхши очиб берилган.

ҲАМРОЕВ Б. Исёнкор қишлоғимни соғиндим, аммо боролмайман. – http://isyonkor.ucoz.ru/news/2007-01-19-952 (www.isyonkor.ucoz.ru 2007.19.01).

Мен ушбу мақолани www.isyonkor.ucoz.ru сайтидан олиб, айрим грамматик хатоларини тўғрилаб www.munosabat.org сайтига жўнатаяпман ва сайтда қайта чоп этилишини илтимос қиламан.

E-mail: jiz54@mail.ru , ergash1955@yahoo.com , maqsadsh54@gmail.com

2013 йил 7-12 май.

АҚШ, Вашингтон шаҳри.

****

baxtiyor hamroevБахтиёр ҲАМРОЕВ

Исёнкор қишлоғимни соғиндим, аммо боролмайман

Болалигим қишлоғимда қолиб кетди,
Қишлоғимни соғинганда боролмайман.

(Юлдуз Усмонова қўшиғидан)

Ҳа, ўсиб улғайган, киндик қоним тўкилган қишлоғимга боролмайдиган бўлганман. Аниқроғи, мен учун қишлоғимга борадиган йўллар беркитилган.

Қишлоғим, буюк аллома Аҳмад Яссавийнинг издошлари, Яссавий тариқатининг давомчилари бўлган диний уламолар Дарвешшайх, Примшайх, Сайидоувшайх ва Азимшайхлар яшаб ўтган, қишин-ёзин Алиобод шамоли тинмай эсиб турадиган жойда жойлашган.

Ўзбекистонда юз мингдан ортиқ қишлоқ бўлса шунча ном, шунча тарихга эга албатта. Қишлоғим, Шайбонийлар сулоласидан бўлмиш подшоҳ Абдуллахон томонидан 16-асрларда қазилган Пой-ариқ ариғининг этагидаги «Саҳобота» номидаги Муҳаммад А.В.С нинг саҳобаларидан бирининг қабри жойлашган қабристон ёнгинасида жойлашган. Ҳар бир қишлоқлар қатори ўзига яраша тарихи бор. Бу тарихи давомида қишлоғимиз ўндан ортиқ номлар билан аталган. Ҳозирда кимдир Чолмуюн, кимдир Саидоув, Ойбоштўп, Кийиктўп, Фармонқул, хулласи анча-қанча номлар билан аташади.
Ўзбекистон, Горбачёвнинг каромати ила «мустақил» бўлиб олгандан сўнг, қишлоғимиз атрофидаги аҳоли 20 аср бошида аталган каби қайтадан қишлоғимизни Исёнкор деб атай бошлаган ва ҳозиргача тез-тез тилга олиниб туради. Айниқса Самарқанд вилояти ҳокимлигидагилар яхши билишади.

Пайариқ туман ҳокимияти ва бошқа идораларда ишлайдиган раҳбарлар бу номни кўплаб қўллайдилар. Исёнкор қишлоғидан борган вакилларнинг ишлари бошқа қишлоқдан борган одамларга қараганда ариза-ю шикоятлари тезликда битарди. Бу қишлоқдан аризачилар келганда ҳокимиятдагилар албатта осмонга бир қараб «Янги ой чиқдими нима бало?» деб олар экан. Сабаби, қишлоғимиз кексаларининг айтишича, Ойбоштўпликларга хос бир қизиқ ҳолат бор, яъни янги ой энди чиқа бошлагандан бу қишлоқдагиларники «тута» бошлар экан. Аниқроқ қилиб айтганда исёнкорга айланар экан. «Босмачилик» давридаги қишлоғимиз исёнкорлигига тўхталиб ўтирмадим.

Яхши эсимда 1992 йил бошларида, Ўзбекистонда рўй берган нон тақчиллиги даврида туман ҳокимлиги томонидан ҳар куни Исёнкор қишлоғи узлуксиз нон билан таъминланиб турарди. Сабаби қишлоқ аҳлининг исёнкорлиги тутиб қолар эди.

Яна ҳам яхши эсимда, 1992-1993 йилларда, икки туман раҳбарлари орасида минг гектар ташландиқ ер учун қаттиқ талаш бўлди. Икки туман раҳбарларининг айби билан, икки туман аҳли орасида катта жанжал юзага келди. Ўшанда Исёнкор қишлоғимизнинг бутун аҳолиси оёққа турди. Ерни тортиб оламиз деб келган қўшни туман ИИБнинг автоматлар билан қуролланган миршабларига қарши чиқиб, машиналарнинг тагларига, комбайн ва бошқа техникаларнинг ғилдираклари остига ётиб олишдилар. Миршабларнинг қуролларини кўкрагига тираб «Қани от» дея ҳайқирдилар. Бу воқеа бўлишидан олдин қишлоғимиз мулласи, тракторчиси ҳибсга олинганди. Туман ИИБ биносини бутун Исёнкор қишлоқ аҳолиси ўраб олиб митинг қилишди ва албатта гаровдагиларни озод қилиб келишди. Оқибатда минг гектар ердан 400 гектар ер қишлоғимизга қайтарилиб берилди.

Исёнкор қишлоғимни соғиндим, аммо боролмайман.

Исёнкорлигим туфайли, 1977 йилда, Ростов-Дон вилоятининг Волгадонск шаҳрида «Атоммаш» заводи қурилишида ишлаганимда Дон казакларининг атамани билан қаттиқ тортишув ва жанжал бўлган эди. Ўшанда казак атамани «Менинг бобом Жиззах биқинидаги Равот қишлоғида сенга ўхшаган сартларнинг аёлларини кўкрагини қиличи билан кесган ва зўрлаган» деб ҳақоратлаганда, унга мен «Чунки, сенинг ота-бобонг варвар (варвар – ваҳший, бадавий, маданият душмани, жоҳил, нодон, А.Ш.) бўлган. Қамишдан тўқилган иштони бўлган. 10-асрга келиб динга кириб инсонлар сафига кира бошлаган. Бу ҳам майли, ҳатто 15-асрга келиб ҳам ота-бобонгни ёзувида нуқта, вергул, ундов белгилари бўлмаган. Ҳолбуки, 10-15 асрларда менинг ота-бобом аждодлари юлдузлар қанчалигини санаган, алгебра фанига асос солган, «Ҳамса»лар ёзган. Мана, ҳозир ҳам сенинг забонинг билан сўзлаётган мана шу сўзларнинг 70 фойизи туркий сўзлар ўзагидан ташкил топади» деб айтганимдан сўнг калтакланиш оқибатида юзимнинг соғ жойи қолмаган эди. Жанжал тугагандан сўнг, атаман тан бериб, ҳатто кечирим ҳам сўраган эди. Ўшанда, қалбимда, ҳаётимда биринчи бор ғалаба ҳиссини идрок этган эдим, ҳамда Исёнкор қишлоғим одамларини соғиниш ҳисси ҳам қалбимда биринчи марта рўй берган эди.

Исёнкор қишлоғимни соғиндим, аммо боролмайман.

Исёнкорлигим туфайли, Ёмонқулнинг ўғли Убайдулланинг 70 га яқин малайларидан вилоят ҳокимининг катта маслаҳатчиси Ўктам «ҳожи», Жиззах Телерадиокомпанияси раиси Хусан Эрматов, «Ўзбекистон қаҳрамони» Парда Зиётов, «Жиззах овози» газетаси бош муҳаррири Акрам Имомов ва бошқалар уйимга бостириб кириб «Американинг агенти, ватан хоини, Жиззахда ҳам Андижонни қайтармоқчимисанлар, сенга 24 соат мухлат берамиз, қишлоғинга кўчиб кет» дея шарт қўйганда «Қайдасан Ойбоштўпликларим, исёнкор қардошларим» дея қичқиргим келди.

Айниқса, 2006 йилнинг 18 августида иккинчи маротаба уюштирилган босқинчиликда, уйимнинг олдида турган оломон «Бу Бахтиёр шпионни, ватан хоинини, террористни ҳовлига олиб чиқинглар, тошбўрон қиламиз» дея қичқирганларида мен соғинган Исёнкор қишлоғининг одамлари кўз ўнгимдан ўтган, ёнимда бўлишини жуда-жуда истаган эдим. Чунки, бу тошбўронга тайёр турган, қичқираётган, ҳар қандай қабиҳликка тайёр зомби, манқурт оломоннинг атрофида яна бир оломон бор эдики, улар қишлоғимдаги одамларга асло ўхшамас, жимгина томошабин бўлиб туришар эди.

Энг фожиалиси шундаки, бу томошобинлар орасида майоридан тортиб сержант унвонли миршаблар бор эди. Уларнинг қўлидан фақат Буюк Британия Қироличасининг Ўзбекистондаги элчихонаси дипломатлари Бен Гринвуд ва Леонид Кудрявцевларни оломон ичидан олиб чиқиб кетишга кучлари етди холос. Ўшанда, оломон ичида қамалда қолган, бутунлай ўзини йўқотиб қўйган Б.Гринвуднинг осмонга қараб «Бу қанақа халқ ўзи?» дея деярли унсиз овози хотирамда михланиб қолган эди.

Қишлоғимни соғиндим, аммо боролмайман.

Исёнкорлигим туфайли, мен учун ҳаммасидан катта фожиа кейин рўй бергани шу бўлдики, Андижон хунрезлигидан кейин 26 май куни (тиллога топилмас ягона қизимнинг туғилган куни) ҳокимият томонидан уюштирилган босқинчиликдан кейин уч кун ўтиб, Исёнкор қишлоғим жойлашган Пайариқ туманидаги куч салоҳиятига эга ва бошқа идоралар томонидан бир вакил яширинча келиб мен билан учрашиб кетди. Айтганларини шеърий тарзда ёзишга ҳаракат қилдим:

Қайтиб борманг қишлоғингизга, биз учун ҳам кўп ғавғолар бўладур,
Кўчиб борманг, айтинг майли Исёнкорда кўп муаммо ҳал бўладур,
Билиб қўйинг, Исёнкорнинг одамлари «хат» қилишиб юқорига чиқишдилар,
Ҳатто, аканг-уканг, оғайнилар имзо тўплаб Сендан «воз» кечишдилар.
Қишлоғимни соғиндим, жуда-жуда соғиндим, аммо боролмайман.
Исёнкорлигим туфайли, энди ҳукумат десантчи ўғлимни қамоққа тиқишдилар.
«Айтинг ўғлим, болагинам, нима қилай, Сиз учун, барчасига тайёрман?»
Дадажоним! Сиз учун мен туриб бераман!!! Маҳкам бўлинг!
Мен учун бунданда ортиқ мукофот йўқдир!
Азиз халқим! Нечун энди бу диёрда ҳақиқатлар қолмаса?
Азиз халқим! Бу дунёга нега келдинг ўз овозинг бўлмаса?
Азиз халқим! Бу дунёга нега борсан ном нишонинг қолмаса?
Азиз халқим! Ўзбек деган номинг бор Туронзамин диёрида!
Туркий халқим, ор-номусу – диёнатга қайтайлик!
Аллоҳимиз паноҳида чин ҳақиқатни айтайлик!
Миллати йўқ золимларни битта-битта йиғайлик!
Азиз халқим! Ўзбек деган номинг бор Туронзамин диёрида!

Инсон юрагидай бақувват аъзо бўлмаса керак. Бу аъзо ҳар қандай юкни кўтара олишга қодирдир!
Мен учун бундай оғир тошлар жуда-жуда оғирлик қилиб кетаяпти. Борган сари бу тошлар мени ерга чўктиришда давом этмоқчи.

Йўқ-йўқ! Мен кучлиман! Исёнкорманку! Исёнкор қишлоғиданманку!

Қишлоғимни соғиндим, жуда-жуда соғиндим, Исёнкор қишлоғим тушларимга ҳар кун киради, аммо боролмайман.

Эй АЛЛОҲим! Ўзинг кечиргил мени. Бошимга солаётган барча мушкулларингга ҳам минг қатла шукр. Тавба қилдим, тавба қилдим…

Бахтиёр Ҳамроев.
Жиззах шаҳри «Заргарлик» маҳалласи.

2007 йил 27 январь.

—————————————————–

ҲАМРОЕВ Б. Исёнкор қишлоғимни соғиндим, аммо боролмайман. – http://isyonkor.ucoz.ru/news/2007-01-19-952 (www.isyonkor.ucoz.ru 2007.19.01).

www.munosabat.org

Share on FacebookShare on Google+Tweet about this on TwitterEmail this to someoneShare on LinkedIn