ИСЛОМ ВА ФИКР ЭРКИНЛИГИ

habibullo hakimҲабибулло Ҳаким

”Ислом ва Замон” рисоласидан боблар.

Парвардигори олам ислом умматига ўзининг то қиёмат боқий китобида қайта-қайта таъкидлаб ақлларини ишлатишни, фикр юритишни буюрганига қарамай ислом юртларидаги фикр, сўз эркинлиги масалалари жиддий ислоҳотларга муҳтождир.
Ислом юртларидаги фикр, сўз эркинлиги масалалари барчага маълумки жуда ачинарли аҳволда.
Ҳар қандай жамиятнинг ҳар хил ижтимоий касалликларга чалинишининг, охир – оқибат бу касаллик кучайиб жамиятнинг ҳалокатига сабаб бўлишининг олдини олувчи энг ижобий восита бўлган танқидий қарашларни, танқидий фикрларни очиқ изҳор этишнинг ва сўз эркинлигининг бўғиб ташлангани ислом юртларининг ижтимоий ва иқтисодий таназзулининг асосий сабабларидан биридир.
Ислом ва мусулмонларнинг фазилатлари ҳақида беадад, ўз-ўзини мақтовчи, олқишловчи китоблар ёзилавериб фақат шундай бир тарафлама китоблар ўқишга ўрганган аксар омма танқидий китобларга нисбатан салбий қарашлардадир.
Бунинг устига ўз мухолифларини енгиш йўлида ҳар қандай шармандаликдан қайтмайдиган, динни ўз шахсий ёки гуруҳий манфаатлари йўлида ишлатишга ўрганиб қолган сохта “дин жонкуярлари”нинг усталик билан халқ фикрини ҳоҳлаган кўйларига солиб ўйнатишлари сабаб ҳам танқидий фикр билдиришга кўпчилик журъат этолмайди.
Натижада, халқ ичида ижтимоий-иқтисодий муаммолар йиғилиб, газак олиб, ўнглаб бўлмас даражадаги, жамиятнинг ичидан емирилишига сабаб бўлувчи тузалмас касалга айланиб қолмоқда.
Ислом юртларида ҳам фикр эркинлигига, сўз эркинлигига, танқидий фикрларни бемалол изҳор қилишга йўл берилмас экан, жамият ижтимоий тарафдан ҳам, иқтисодий тарафдан ҳам юксала олмайди.
Зеро, Парвардигори Олам эркин, ҳур, озод, энг мукаррам инсон қилиб яратган Одам болаларини ҳурлигини чеклаш, фикрий қулликка солиш – ҳур инсонни қул қилиш гуноҳига тенгдир.
Ҳур инсонни қул килиш эса бир бегуноҳ жонни ҳаётдан маҳрум этиш билан баробардир.
Афсуски, ҳозирги кунда аксар исломий мамлакатлар фикрий қуллик муҳити асоратидадир
Ислом юртларидаги омма фикратини бошқариш майдонидаги муҳитни эгаллаб олган «шаллақи такводорлар» энг эзгу ният ва мақсадлар билан айтилган, ёзилган ва бошланган ҳаракатларни ҳам мутаассиблик билан «дин бузувчилик», «динга душманлик» деб йўққа чиқарадилар.
Чунки улар хаётда фақат бир тарафлама таълим,тарбия олганлар. Реал ҳаёт воқеълигидан бехабардирлар. «Киши ўзи билмаган, танимаган нарсасининг душманидир» деб бежиз айтилмаган.
Шунинг учун улар юксак ривожланган давлатлар тажрибаларига фақат душманчилик назари билан, қора кўзойнаклар орқалигина қарайдилар.
Бинобарин, ислом юртларидаги илғор кучлар халқнинг ижтимоий-иқтисодий ҳолатини ўнглаш йўлида ҳаётга реал қарай оладиган, ҳар тарафлама зиёли тоифаларнинг маслаҳатларига суянишлари керак. Нодон, мутаассиб кучларнинг бу майдондаги таъсирини иложи борича камайтириш зарур.
Модомики, изҳор этилган ҳар қандай фикрларда диннинг аслини, рукнларини инкори йўқ экан бундай фикрларни бўғишга ҳаракат қилиш мутлақо мумкин эмас.
Чунки “Фарз, рукн қоим экан дин қоимдир” деган ўзак қоида мавжуд. Яъни фарзу-рукнлар диннинг муқаддас, дахлсиз асосларидир.
Бундан ташқари нарсаларни, амалларни қай даражада бажариш, сақлаш, риоя қилиш, қилмаслик ҳар бир мусулмоннинг ўз шароитига, тоқатига боғлиқ, унинг ихтиёрига тобеъ амалдир. Бу амаллардаги зиёдалик ёки ноқислик учун уни айблаш ўзи ислом асосларига зиддир.
Диний илмларни ўта мураккаблаштириш, ҳар қандай амални ўзи ҳоҳлаган тарзда муҳимлаштириш ёки аҳамиятини пасайтиришга устаси фаранг “дин ҳимоячи”лари омманинг соддалигидан ўз мухолифларини обрўсизлантириш ва хатто йўқотиш йўлида фойдаланмоқдалар.
Динни, иймонни рўкач қилиб бундай иймонсизлик қилиш афсуски кундалик оддий ҳолат бўлиб қолди.
”Икки мусулмон урушишса ўлган ҳам ўлдирган ҳам дўзахдадир” деган қатъий ҳукм ҳам бу нодонларни биродаркушликнинг ҳар хил кўринишларидан тўхтата олмаётгани ачинарли ҳолдир…
Бундай носоғлом муҳитнинг асл исломга ва инсон табиатига хилофлиги сабаб ҳам одамлар ислом юртларидан безиб, инсон ҳуқуқлари, фикр, сўз эркинлиги тўла таъминланган юртларга кетиб қолаётгани ҳеч кимга сир эмас.
Хатто бой араб давлатларидаги имконияти бор шайхларнинг 40-50 фоизгача қисми инсон ҳуқуқлари, сўз, фикр эркинлиги таъминланган Америка ва Европа давлатларидан ҳовли – жойлар сотиб олиб қўйганлари ҳам ўзгалар фикрига, сўзига кенглик билан, тоқат билан қараш, ихтиёрини, эркинлигини ҳурмат қилиш инсон табиатидаги эҳтиёж эканини исбот этади.
Бот-бот, ислом юртларидаги сал илғорроқ, ўзгачароқ фикрлаган олимларнинг ҳар хил тазйиқларга, қувғинларга учраётганларини хабарлари эшитилиб тургани барча илғор фикрловчи одамларни бу муаммо ҳақида жиддийроқ фикрлашга, шуғулланишга ундайди.
Акс ҳолда, ислом юртлари нафақат ижтимоий балки иқтисодий жиҳатдан ҳам бунданда қолоқлашиб кетаверади. Чунки ўзининг эртанги кунига, ҳуқуқлари ҳимоясининг гаровига ишонмаган ҳар бир одам ўзининг бор имкониятларини, маблағларини ўзи ишонган, ҳуқуқлари ҳимояси кафолатланган юртларга жойлаштиради.
Гарчи у, бор мол-мулкини исломий юртларда жамғарган бўлса ҳам жиддийроқ иш юритишдан аввал албатта келажаги кафолатланган шароитни, жойни танлайди. Исломий юртлардан катта-катта маблағларнинг ўзга юртларга “оқиб чиқиб кетиши”нинг сабаби ҳам шудир. Фақат инсон ҳуқуқлари, фикр, сўз эркинлиги, ижтимоий адолат, кенглик, қонун устуворлиги кафолатлансагина, одамларда келажакка ишонч уйғонсагина ислом юртларига ҳам “маблағлар оқиб кириши” жараёни бошланиши мумкин. Шундагина ислом юртлари ҳам тараққий қилиши, обод, гўзал ва фаровон юртларга айланиши мумкин
Колаверса, энг буюк, бебаҳо бойлик бўлган ноёб қобилиятлар, ноёб «ақлларнинг оқиб чиқиб кетаётгани», ислом юртларининг равнақи, ривожи учун хизмат қилиши ўрнига ўша Ғарб ва Америка манфаатлари учун хизмат қилаётганига ҳам ислом юртларидаги ҳукм сураётган бефарқлик, гумроҳлик, адолатсизлик, нодонлик ва жаҳолат сабабдир.
Биз хам бу бебаҳо бойликка ҳушёрлик, ғамхўрлик ва эътибор билан қараб, жиддийроқ шуғулланмасак Аллоҳ олдида бу неъматларнинг уволига қандай жавоб берамиз. Ожизлик, хору-зорликда, қолоқликда бир-биримизни айблаб, инқироз ва таназзул ботқоғига ботиб кетаверамиз.
Демак, токи ислом юртларида ҳам инсон ҳуқуқлари, фикр, сўз эркинлиги, адолат устуворлиги тўла таъминланмас экан, одамларда эртанги кунига тўла ишонч уйғонмас экан айтарли даражада тараққиёт ва юксалишни кутиш қийин.
Айниқса, ҳозирги замонавий, информатика даври одамларини реал воқеъликдаги адолат, эркинлик ва ишончгина буюк ишларга, фидоийликка чорлаши, ундаши мумкин.

(Давоми бор).

www.munosabat.org

Share on FacebookShare on Google+Tweet about this on TwitterEmail this to someoneShare on LinkedIn