Мунаввар Ойматова: ЭЗГУЛИК ҚЎШИFИ

munavvara_oymatova(Чабуа Амирэжибининг «Дата Туташхиа» мутолаасидан сўнг)

Дата Туташхиа… Мен ўқиган китоб қаҳрамонлари орасида Сен суюклигимсан. Чунки мен ҳамиша янги китоб топа олмаганимда ёки дунёнинг ёлғон қўшиқларидан чарчаганимда Сен ҳақингда ёзилган китобни ўқиб ҳузур қиламан. Беихтиёр Кавказ тоғларида ҳозир ҳам сенинг каби мард абраглар борми экан дея ўйлай бошлайман.

Дада Туташхиа… Умр бўйи фақат Эзгулик истаб, ўз ўғли қўлидан ўлим топган жавонмард. Шунда ҳам мардона, лошини душманга кўрсатишни раво кўрмай ўлган паҳлавон.

Дада Туташхиа… Мен Сен кезган жойларни кадам бақадам сенинг билан кезиб чиққанман. Ишонасанми (Китоб ўқиш асносида, албатта)? Гўзал мегрел тилини ҳам тушунаман. Назаримда, бу тил мардлик тили. Чунки бу сенинг тилинг. Ўз умрингни сен фақат Эзгуликка хизмат қилишга бахшида этиб, зору саргардон кездинг. Гоҳи Грузиянинг гўзал гўшаларида, гоҳи Русиянинг бағри кенг ўрмонларида, гоҳи Туркиянинг нотинч тоғларида. Қаерда Ҳақ учун кураш керак бўлса, Сен ўша ерда ҳозир эдинг. Душманлар, аниқроғи, сенинг душманларинг ожиз эдилар. Чунки сени қўлга тушириш учун ҳар қандай разилликдан, ифлосликдан қайтмас эдилар. Сен буларнинг барига бағрикенглик билан қарар эдинг. Чунки Сен – Дата Туташхиа эдинг. Мардлигидан ҳатто ҳукумат чўчийдиган, оддий авом ҳурмат қиладиган Дата эдинг. Ана шу оддий халқ ҳурмати ҳамиша Сени паноҳига оларди. Чунки сен ана шу халқнинг бир бўлаги эдинг.

Бугун мен қарийб юз йил нарида туриб(назаримда, сен ҳаётда бўлган реал кишисан. Яхшиси шундай ўйлай қолайлик), Сендай мард, сўзида тура оладиган кишиларни ахтараман. Топишимга…

Дата! Сен шахсий манфаат деган нафс нелигини биласанми? Сенда ўша нафс йўқмиди? Нега сен ҳамиша оддий кишилар тарафини олиб юрдинг? Бугун, биласанми, инсонлар сенинг абраглигинг маъноси уёқда турсин, оддий инсоний бурч ёки вазифалари нелигини билмайдигандай туюлади менга. Улар орасида тушунганлар – зиёлилар борлиги, айниқса, во ҳасратога муносибдир. Ўйлаб қоламан, бу лаънати НАФСнинг кўзи қачон умум манфаати йўлида беркилар экан? Ё очилгандан очилиб, дунёни ютиб юборармикан? Дунёни ютиб юборса-я…

Дата! Сен бирор марта Худонинг номини келтириб қасам ичмагансан. Лекин бугун ўзини оддий авомдан баланд оладиганларнинг Худодан қўрқмай қасам ичишларига қандай қарар эдинг. Ё қасам сувми?

Дата! Бударихаларга қилган яхшилигингга улар берган жавоб ёдингдами? Қалб кўзи кўрларга ёрдам бермасликни сен шунда тушундинг, шекилли. Йўқ, кейинроқ Сетуранинг қўрғонида бир муддат яшаб турганингда тушуниб етдинг. Инсониятга яхшилик қилиш фикридан воз кечдинг. Аммо ўрни келганда ўз яхшилигингни қилавердинг. Чунки табиат Сени олижаноб қалб соҳиби қилиб яратганди. Сен ҳақингда ўқир эканман, инсон ўқиб одам бўлмаслигини, билъакс, яшаб ОДАМ бўлишни тушуниб етдим. ўқиган не-не даҳоларни кўргач ана шундай хулосага келдим.

Дата! Мурман табибнинг уйида даволаниб ётганингда сенинг лоқайдлигинг сабабини энди тушунгандайман. Очлик домига тушиб қолган доктор Мурманнинг беморларига нисбатан сен тутган йўлга бугун тасаннолар айтиб, сўзларингни бот-бот эслайман: « Одамнинг кўзи тўймагунча ўзи тўймайди. Очлик дегани шу-да».

Очлик… Нақадар даҳшатли сўз. Бу сўзда улкан фожиа жодир. Ҳарислик бу тоғдан шиддат билан тушаётган селдир. У даҳшат билан пастга оқади. Йўлида учраган ҳар қандай яхшию ёмон нарсаларни оқизиб кетаверади. Унга ҳеч ниманинг фарқи йўқ. Ва ўзи борадиган сўнгги манзилни ҳам билмайди. Эҳтимол, сен шуларни ҳаммасини мушоҳада кўзи билан кўргандирсан. Шу боис бир-бирини гўштини еяётган беморлар ҳолига лоқайд қараб тургандирсан. Сен соҳилда турган адл дарахтсан. Бу селу селобага қўшилмай балки тўғри қилгансан. Чунки Сен эзгуликлар қилиб, эвазига фақат ёмонлик кўрган абраг эдинг-да.

Мурманнинг жияни Куджи Ториа боқаётган каламушларга қизиқиб қолганингда, мен ҳайрон бўлгандим. Датадай абраг каламушларга нега қизиқди деб. Ҳолбуки, Сен уларнинг бир-бирини ейишида ҳам катта фалсафа кўрган экансан. Куджи Ториа каламушлари оддий фалсафаси қуйидагича экан: «Каламушхўрлар икки хил усулда: овқатдан сириб ёки очофатлик билан етиштирилади. Унақасида ҳам, бунақасида ҳам, барибир, одамхўр(каламушхўр) бўлиб чиқади. Шунинг учун мен овқатдан сиришни маъқул кўрдим. Вақтинг камроқ кетади. Албатта, етти ёки тўққизта каламушни олиб, бўш бочкага солиш керак. Очликка дош бера олмаган каламуш жон талвасасида типрчилай бошлагач, қолганлари унга ташланиб, еб қўйишади. Шунақа пайтда биринчи бўлиб, ўлжага ташланган каламушни мўлжалга олиб қўйиш, уни эҳтиётлаш, бошқаларнинг хуружидан муҳофаза қилиш керак. Ҳамма каламушлар баробарига биттасига ташланганда урушиб кетишади. У жароҳатланиб ҳолдан тойса, дарров еб қўйишади». Ва шундай қилиб каламушлар барчаси бир-бирини еб, охирида биттаси қолади. Шу охирги одамхўр кема шпикерларига сотилади.

Дата! Нима деб ўйлайсан? Баъзан одам ҳам ана шу каламушларга ўхшаб кетмайдими? Ҳеч нима ея олмаган каламуш ўз ҳамжинсини ейишдан қайтмаганидек. Табиатнинг бошқа ҳеч қайси жонивори каламуш қилган бу ишни қилмайди. Ё бир-бирини еган бўрини кўрганмисан? Бир-бирини еган қўйни-чи? Табиати инсонникига монанд бу жониворларга қизиқиб боқаётганингда инсоний жамиятдаги ёзилмаган шунга ўхшаш қонунлар ёдингга тушгандир, эҳтимол. Мен озгина тахайюлга берилиб, бочка ва унинг ичидаги ….ларни тасаввур қилаяпман. Алҳазар, минг бор алҳазар. Улар орасида бўлиб қолсам. Биринчи қурбон мен бўлардим. Йўқ, йўқ, яхшиси мен Сен билан тоғларга чиқиб кетаман. Ўша ерда сенинг ертўлангдақа ертўлада яшай қоламан. Нима дединг?

Дата! Одамови деб аташарди-а сени? Тўғри қилгансан уларга қўшилмай. Улар ёлғончи ғоялар ижрочиси эдилар. Сен эса Худодан қўрққан банда эдинг.

Сенинг бошингга катта пул тикилганди. Ўз ўғлинг Гудуна қўлидаги қуролдан ярадор бўлдинг. Охир чоғда ҳам сен ўғлингни, суюклигинг Бечунини аягинг келди: «Пул беришса олма. Қийналиб кетасан, пул адойи тамом қилади. Бу ерга келганимни, мени отганингни онангга айтма. Уни аяшимиз керак».

Сенинг ўлиминг ҳам ўзига хос гўзалдир. Ҳатто лошингни топа олишмади. Ўлганинг душманларингга сир бўлиб қолди.
Қоядан учиб денгизга тушиб кетган лош сенинг лошинг эмас, Дата!

Дата! Сен фалакка учиб кетгансан. Сенинг ўлимингда мен сор бургут ўлимини кўрдим. Қариган сор бургутлар ҳам ўзларини баланд қоядан ташлаб юборишар экан. Кимнидир қўлида, кимнидир чангалида қолиб ўлишдан шуни афзал кўришар экан. Сен сор бургут эдинг. Сен мардлик тимсолисан. Сен ЭРК ҳақидаги эркин қўшиқсан. Сен парвоздаги сор бургутсан. Сен забт этилмаган ЧЎҚҚИсан. Сен денгиз қаъридан туриб нидо қилаяпсан: « Тангри таоллоҳ мени қалбларингизни аждаҳонинг ифлосликларидан тозалаш учун юборди, руҳингизни, унинг боқийлигини ўйлаб ўзини қурбон этган кимсани унутманг!»

Истардим, сенингдек мардларни мен билан ҳамнафас, ҳамзамон яшашини. Истардим, қалби сенингдек пок инсонлар ер юзида кўп бўлишини. Сенингдек эзгулик жарчилари рўйи заминда пайдо бўлишини жуда-жуда истардим…

Дата! Сен мен учун эзгулик Қуёшисан!!!

www.munosabat.org

Share on FacebookShare on Google+Tweet about this on TwitterEmail this to someoneShare on LinkedIn