“Қизил китоб” ҳақида

ahmad hojiАхмад ҳожи Хоразмий

Аввало “Қизил китоб” деганда, жуда камайиб (йўқолиб) бораётган ва ҳимояга муҳтож бўлган инсоният, ҳайвонот ва ўсимлик турлари баён қилинган китоб тушинилади. Бундай китобларнинг аксарияти қизил рангда бўлади.
Биз қуйида ҳикоя қилмоқчи бўлган китоб ҳам ҳалқ орасида “Қизил (ноёб) китоб” деб танилган. Бу китоб шунинг учун қизил(ноёб)ки, у Президент танқид қилинган ва Ўзбекистонда барча цензуралардан ўтиб нашр қилинган биринчи ва ягона китобдир. Шу билан бирга, бу китоб менинг таржимаи ҳолим асосида юзага келган мемуар ҳам.
Мемуар асосан инсон умрининг охирги йилларида (пенцияга чиқиб, ишдан қолганида) ёзилади. Мен мемуармни ёзишга бошлаганимда 50 ёшда эдим. Бу китобнинг эрта ёзилишига таниқли тасаввуфшунос олим, профессор Ориф Усмон сабаб бўлган.
Ориф Усмонов қатор хорижий давлатларда Ўзбекистоннинг фавқулотда ва мухтор элчиси, Ўзбекистон ташқи ишлар вазири ўринбосари бўлиб ишлаган Ойбек Усмоновнинг отаси, Ўзбекистондаги биринчи “Рустамбанк” хусусий банкнинг эгаси, мана, салкам 20 йилдирки, президент И.Каримовнинг топшириғи билан қамоқда сақланаётган Рустам Усмоновнинг акасидир.
Биз Ориф ака билан 1999 йилдан буён тасаввуф илми бўйича ҳамкорлик қиламиз. Тасаввуфга оид бирнеча илмий мақолаларимиз ҳаммуаллифликда чоп қилинган.
Ориф ака менинг “Вакил” номли китобим билан Каримов режимига қарши бориб, “Озодлик”даги чиқишларимдан яхши хабардор эканлиги учун менинг қамалиб кетишимдан хавотирда эди. Шу боис Ориф ака: “Сиз мемуар ёзинг, у сизнинг умрингизни (озодликдаги умрингни, демоқчи) узайтириши мумкин”, деб маслаҳат берган.
Мен мемуарни 2000 йилнинг охирида ёзиб тугатдим. Китобга ёзган сўзбошисида Ориф ака: “А Хоразмийнинг давр сиёсати, айрим раҳбарларнинг истаги ва фикрига қарши бориши ва натижада жабр ҳам чекиши, бир қараганда ибратли ҳол бўлиб туюлмасада, унинг бу ҳаракатлари Ҳақ ва ҳалқ манфати йўлида қилингани учун жасоратли ибрат дейишга арзийди”, деб таъкидлаганди.
Бу китоб 2001 йилнинг бошида нашрдан чиқди. Шунда Ориф ака: “Энди Каримов сизни менинг укамга ўхшатиб осонгина қамай олмайди. Ҳукумат сизни қамаши учун анча-манча тер тўкиши керак бўлади”, деганди.
Бу китоб қўлма-қўл, талаш бўлиб кетди. Туркманистон президенти С.Ниёзов, Туркманистонннинг Ўзбекистондаги элчиси С.Пирмуҳаммедов, Гулнора ва Сайёра Рашидова, ГКНТ раиси П.Ҳабибуллаев, президентнинг тескаси деб танилган Хоразм ҳокими И.Бобожонов каби кўплаган мулозимларга бу китобни ўз дастхатим билан берганман. Булар ҳақида пастда қисқача баён қиламиз.
qk2Менинг 2001 йилда «Хоразм» нашриётида чоп қилинган 26 босма табоқдан иборат ҳажмга эга бўлган «Илмга бағшида умр» номли автобиографик (мемуар) асарим (сурат-2) чиққанидан кўп ўтмай, бир гурух ғаламислар ташаббуси билан қаттиқ таъқибга дучор бўлди.
Улар тўқиган уйдирма бўйича гўёки бу китобда барча олиму-ёзувчи, ҳокиму-вазир, ҳатто мамлакат президенти ҳам танқид қилинган эмиш. Буни ўқиган китобхоннинг тасуроти ва фикри хафли томога ўзгариши мумкинлиги учун бу китобларни зудлик билан йиғиб олиш, муаллифни ва китобнинг нашр қилиниши билан алақодор барча одамларни жавобгарликка тортиш лозим эмиш.
Натижада вилоят ҳокимлигида комиссия тузилиб китобдаги ҳар бир боб , бўлим, ундаги факт, фикр ва мулоҳазалар чуқур текшира бошланган. Китоб нашри билан алоқодор бўлган ташкилоту-одамлар қаттиқ сиқувга олинган.
2001 йил феврал ойининг охирларида «Хоразм» нашриёти директори Ҳакимбой Нурметов уйга келиб: «Ахмаджон ака, бу китобнинг муаллифи сифатида аввало сиз, унинг нашр қилинишига алоқадор бўлган биз ҳам қамаладиган бўлаяпмиз. Агар сиз мардлик қилиб: «Нашриёт титули(рухсати)ни сохталаштириб (ёки ўғирлаб) олган эдим» деб тушунча ёзиб берсангиз сизга 1-2 йил қўшиб берилиб биз қамалмай қолар эканмиз”, деган зоҳатиёқ мен ҳеч иккиланмасдан шундай тушинчани ёзиб бердим.
Бундан биринчи хабар топган ўғлим Ойбек, турмуш ўртоғим Гулистонлар тинмай йиғлашар, мен эса уларни тўхтата (юпата) олмай юрагим қон бўлиб кетарди. Ва ниҳоят, аввало тепамизда буюк қудрат соҳиби бўлмиш Аллоҳнинг борлигини унутмаслик, ҳар бир нарса Унинг ҳоҳиш-иродаси билан бўлиши, агар менга хизматга-тухмат учун (ноҳақ) жабр кўриш қисмат қилинган бўлса унга рози бўлиб, яхши кунлар келишига умид қилиб яшаш лозимлигини тушинтиришга муваффақ бўлдим.
Мен келгаунча кимнинг нима билан шуғулланиши, нималарга кўпроқ эътибор бериш кераклигини ва асосан тушкинликка берилмасдан Аллоҳга дуо қилиб яхши кунларга умид ва сабр билан яшаш кераклигини таъкидладим ва ўзим ҳам сочларимни олдириб тайёр турдим…
Бу китобни ҳар томонлама ўрганиб чуқур таҳлил қилиб чиққан комиссия бир овоздан китобда келтирилган барча факт, фикр ва мулоҳазалар далил ва ҳужжатларга асосланганлиги, фақат улар бадийлаштирилмасдан жуда очиқ ва кескин ёзилганлигини қайд қилган.
qk3Кўп ўтмай «Ўзбекистон қишлоқ хўжалиги» журналининг 2001 йил 2-сонида биология фанлари доктори, Ўзбекистонда хизмат кўрсатган фан арбоби, профессор О.Х.Хасанов ва тасаввуфшунос олим профессор О.У.Усмоновнинг бу китобга расмий тақризи эълон қилинди (сурат-3).
Унда китоб А.Хоразмийнинг таржимаи ҳоли асосида юзага келган автобиографик (мемуар) асар бўлиб унинг кўп бўлимлари китобхон учун қўлланма бўлиб хизмат қилса, айримлари тарихга янги саҳифа бўлиб кирса ажаб эмас.
Давр сиёсати, айрим раҳбарларнинг истаги ва фикрига қарши бориши, натижада жабр ҳам чекиши бир қараганда ибратли ҳол бўлиб туюлмасада, муаллифнинг бу ҳаракатлари Ҳақ ва ҳалқ манфаати йўлида қилингани учун жасоратли ибрат дейишга арзийди. Лекин, афсуски, бу китоб жуда кам нусхада босилибди. Агар тегишли ташкилот (раҳбар)лар бу китобнинг кўп нусхада қайта нашр этилишини ташкил этсалар кенг меҳнаткашлар оммаси учун ҳам зарур ва фойдали иш қилинган бўлур эди”, деб таъкидланади.
Шунингдек бу китоб ҳақида «Қалб кўзи» (2001 феврал), «Даракчи» (18.10.2001), «Ўзбекистон овози» (5.97.2001), «Даракчи» (3.01.2002) каби мамлакатимизнинг қатор газета ва журналларда ҳам таниқли журналистлар томонидан ҳаяжонли ва илиқ сўзлар ёзилабошланди. Яқиндагина ғаламислар таъқибига учраган бу асар энди кўпчиликнинг севиб ўқийдиган китобига айланди.
Кейинчалик Ўзбекистон қишлоқ ва сув хўжалиги вазири ўринбосари, Хоразм вилояти ҳокими бўлиб ишлаган А.Аллаберганов 2001 йилда Боғот райони ҳокими бўлиб ишларди. Ҳамма қатори у ҳам менинг фаолиятимдан яхши хабардор эди ва мени мутахасис-олим сифатида қадрларди.
Менга Боғот районида бирон иш беришини сўраб А.Аллабергановнинг қабулига кирдим. Гап нимага бориб тақалди-ю, мен: “Менинг китоб(мемуар)имни ўқиганингизда бу саволга ўрин қолмасди”, дедим. Шунда ҳоким: “Қизил китоб”ингизни ўқидиккина эмас, уни деярли ёд олганмиз.
Қатор китоблар ёзганлар кўп. Улардан айримларининг китоби (И.Каримовга шама қилияпти)ни Ленин, Брежнев китобларига ўхшатиб мажбурлаб ўқитишади. Лекин улардан бирон жумла ҳам эсда қолмайди. Мана бундай (қизил) китоб эса эсдан чиқмайди. Айнан шу китобингиз сабаб сизга иш бераолмайман. Акс ҳолда бошим кетади, мени тушинишга ҳаракат қилинг”, деган.
Мен Хоразм вилояти Фан ва Техника маркази директори бўлиб ишлаганимда Ўзбекистон Фан ва Техника Давлат комитети мулозимлари билан яхши муносабатда бўлганман.
Булар ичида Гулнора Рашидова (Шароф Рашидовнинг кенжа қизи) менга анча меҳрибон эди. Мен Тошкентга ҳар борганимда мени кабинетига таклиф қилиб, чой, кофе билан меҳмон қиларди.
Гулнора орқали Сайёра Рашидова билан ҳам танишганман. С.Рашидова мени ўзи директорлик қилаётган инстиутга суҳбатга таклиф қилган. Суҳбатимиз 2 соатча чўзилган. Сайёра опа мен қилаётган ишлар билан батафсил танишган ва менинг биосфера экологиясини яхшилаш борасидаги ишларимни қўллаб-қувватлашини, бу борада ҳар қандай ёрдамини аямаслигини билдириб, янги лойиҳамнинг конкурсдан ўтишига ёрдам қилган.
Шу боис ҳам “Қизил китоб” деб танилган “Илмга бахшида умр” номли мемуаримни Гулнора ва Сайёра Рашидоваларга ҳам дастхат қўйиб совға қилганман. Шундан 2 кун ўтиб Гулнора Рашидовадан, китоб ёқдими, деб сўрасам: “Уйга оборган кунимоқ Абдулазиз акангиз (Ўзбекистон ташқи ишлар вазири Абдулазиз Комилов) менинг қўлимдан олган китобингизни ва бошини кўтармай ўқияпти. Сайёра опам ҳам кечаси билан ухламай ўқиётган эмиш китобингизни”, деди.
Хизмат сафарим тугаб Хоразмга қайтишдан олдин, хайирлашиш учун Гулнора Рашидованинг олдига кирдим. Мени салом–алейксиз, совуқ қабул қилди. Ҳа, энди раҳбар одам, бирон нарсадан асабийлашиб ўтиргандир, деган ҳаёлга бордим.
“Китоб ҳақида Абдулазиз ака ва Сайёра опамларнинг фикри қандай экан. Уни сиз ҳам ўқиб чиқдингизми”, деб сўрадим. Г.Рашидова ўзига ярашмаган бир заҳарҳандалик билан: “У китобингизни ўқишга ҳеч кимнинг вақти йўқ. Мен ҳозир жуда бандман”, деб мен билан гаплашгиси йўқлигини намаён қилди. Бу эса Гулнора ва Сайёра Рашидовалар билан бўлган муносабатимизнинг охири бўлди.
Маълум бўлишича, Абдулазиз Комилов: “Хафли одам экан у Хоразмий дегани. Қизил китобида “Папа”ни (А.Комилов президентни “Папа”, деб атар экан), расво қилибди-ку”, деган экан.
Туркманистон президенти Сапармурот Турканбоши (Ниёзов) ўзининг Ўзбекистондаги элчиси Султон Пирмухаммедовга, Ўзбекистон фуқороси бўлган, туркман миллатига мансуб, таниқли ва эътиборли одамлар билан учрашиб уларнинг истак ва таклифларини эшитишни топширган.
Шу муносабат билан 2001 йил февраль ойида мен ҳам С.Пирмуҳаммедовнинг меҳмони бўлганман ва ўзимнинг яқиндагина нашрдан чиққан “Қизил китоб”имга ўз дастхатини қўйиб совға қилганман унга.
С.Пирмухаммедов китобни қўлига олиб, у ёқ бу ёғига қараб: “Овадан-а бўлипдир” (Чиройли бўлипти) деди-да, бирдан ранги ўчиб, худдий қўлида илон ушлаб тургандай “Тўп” қилиб китобни столга қўйди-да: “Бу китоб буюк Сардорим(Президентим)га берилмай, мен олишга ҳаққим йўқ. Илтимос, аввал буюк Сардоримга ёзиб беринг”, деди.
Мен бу китобдан ёнимда бошқа йўқлигини, эртага келтириб сардорига ҳам ёзиб беришимни айтдим. У ўз хизмат машинасини бериб, китобни ҳозироқ келтиришимни илтимос қилди. Элчининг Туркманистон ва Ўзбекистон байроқлари қадалган, хашаматли Мерседес-Венз машинасида уй(Тошкент шаҳар, Олмазор маҳалласи)га келиб китобдан биттасини олдим ва: “Муҳтарам С.Ниёзовга. Эҳтиром билан муаллифдан”, деб ёзиб имзо қўйиб элчига бердим.
Элчи эса: “Бунақа ёзилмайди. Мен қоғозга ёзиб бераман, сиз ҳарфма-ҳарф кўчириб, имзо қўйиб берасиз”, деди ва салкам бир варақ қилиб ёзиб берди. Бу нома: “Дунё туркманларининг сардори ва хавондори, буюк Сапармират Туркманбошига…”, деб бошланганди.
Мен аввалги ёзганимни чизиб ташлаб китобнинг бошқа варағига элчининг ёзиб берганларини кўчиришга тутиндим. Элчи бўлса: “Бу китоб энди ярамайди, бошқа китобга ёзинг”, деди. Афсуски, уйдан бошқа китоб келтирмагандим. Элчининг машинасини миниб китоб келтириш учун яна уйга қайтдим ва бирўтала 3-4 китобни олакелдим.
Битта китобга Туркманистон Президенти учун элчининг айтганидай қилиб ёзиб бердим. Қолганларини эса элчи Туркманистон Давлат кутубхонасига, Туркманистон Давлат Университетига, Фанлар Академиясига бериш учун олиб қолди.
Шу тариқа С.Пирмухаммедов билан яқин бўлиб қолдик. Тез-тез унинг меҳмони бўлиб турардим. Мен унга совға қилган “Қизил китоб” унинг китоб жавонида С.Туркманбоши китоблари билан бирга узоқ йиллар турган.
Бир куни мени С.Пирмухаммедов чақиртириб қолди. Кайфияти баланд эди. “Сизга хушхабарим бор, буни кўринг”, деди-да Ашхабоддан кечагина келган видеокассетасини қўйиб берди.
Видеода Туркманистон президенти ўтказаётган катта бир мажлис тасвирланган эди. Бунда Ўзбекистондаги кўпчилик туркманларнинг миллатини “Ўзбек” қилиб паспорт олаётганларидан ғазабланган С.Ниёзов: “Оворам (қўяверинг), улар ўзи аввал ҳам ҳақиқий туркман бўлмаган. Ҳақиқий туркман мана бундай – қўрқмасдан, туркманлиги билан ғурурланадиган бўлмоғи лозим!”, деб менинг “Қизил китоб”имни кўрсатган.
Ўрни келганида айтиш жоизки, СССР қулаганидан кейин, ҳар республика ўз миллий паспортига ўтиш жараёнида Ўзбекистондаги кўпчилик туркман, тожик, қозоқ ва бошқа миллатлар “Ўзбек” деб, Туркманистондаги кўпчилик ўзбек ва бошқа миллат вакиллари “Туркман” деб паспорт олдилар.
qk4Бундай жараён авваллари ҳам бўлган. 1924 йилдан кейин Мавораннаҳрда яшовчи тожик, туркман, қозоқ ва бошқа миллатга мансуб аҳолининг миллатини “ўзбек” қилиши эвазига Ўзбекистондаги ўзбекларнинг салмоғи йилдан-йилга ошиб борган. Масалан, менинг ўзим, 1993 йилгача “Ўзбек” бўлиб яшаганман. Қариндошларимнинг кўпчилиги ҳозир ҳам “ўзбек”.
1994 йил апрель ойида Ўзбекистоннинг марказий газетаридан бирида, таниқли журналист Рўзимбой Ҳасан қаламига мансуб, мен ҳақимда “Хоразм фахри” номли катта мақола босилди (сурат-4). Бу мақола: “Миллатнинг буюклигини, тараққиётини ишбилармонлар, бой-бадавлат кишилар белгиламайди. Миллат фани, адабиёти ва Ахмад ҳожи Хоразмийга ўхшаган ўзбек олимлари билан буюкдир”, деган иборалар билан якунланган.
Шундан кўп ўтмай бу мақола айрим қўшимчалар билан, Туркманистон Президентининг нашри бўлмиш Ватан ((Watan) газетасида (туркман тилида) нашр қилинди (сурат-5).
Мақолада: “Ўзбекистон фанида янги йўналишга асос солган, қишлоқ хўжалиги соҳасидаги энг ёш фан доктори, (ва ҳакозо, ҳакозалар) деб тан олинган ва 23 миллионлик ҳалқнинг ичидан чиққан ягона олим бор, у ҳам бўлса туркман йигити – Ахмад Хоразмийдир. Буюк боболари ал-Хоразмий, Берунийларнинг рухлари қўллаб, Туркманистон Президенти академик С.Ниёзовнинг назарига тушса, унинг меҳнатлари ўз қадрини топади, деб ишонамиз”, деб таъкидланади.
Юқоридаги мақолалар асосида Туркманистон радиосида берилган эшитдиришларнинг бирида: “Эски (аввалги) буюк Хоразм ҳудудидан чиққан олимлар ичида фақат иккита олимгина “Хоразм фахри”, деб тан олинган. Булардин бири (биринчиси) имом М.Замахшарий Туркманистондан чиққан (Замахшар қишлоғи Туркманистон республикасининг Дошўғиз вилоятида жойлашган) бўлса, иккинчиси – профессор А.Хоразмийнинг ўзи туркман. Барча туркманлар булар билан ҳақли равишда “Туркманлар фахри”, деб ҳам фахрланадилар”, деган сўзлар янграган.
Кўп ўтмай мени Туркманистон Президенти С.Ниёзов ўзининг яқин одамлари орқали суҳбатга (норасмий равишда) таклиф қилди. Туркман президентига яқинроқ одамлардан ҳисобланган, Дошўғиздаги С.Рўзметов номидаги агробирлашма бош диретори, уч марта қахрамон Садулла ака (унинг уйида бирнеча бор маҳмон бўлганман), Туркманистон йўллар ва транспорт вазири (асли Дорғон оталик бўлган ва Қоқожон исмли бу министр билан биз ёшлигимизда бирга мол боқардик) ва мен ҳақимдаги мақоланинг Ватан газетасида нашр қилинишининг ташкилотчиси бўлган, Президент матбуот котибининг айтишига қараганда мени Туркманистон Президенти Туркманистонда яшашга ва ишлашга таклиф қилмоқчи бўлган.
Бу пайтда мен бир вақтнинг ўзида Районлараро “Ўзсельхозхимия” бирлашмаси (МРПО) раиси, Вилоят фан ва техника маркази директори, Урганч университети профессори бўлиб ишлардим. Шундай бўлсада мен Туркманистон президенти билан кўришишга отландим.
qk5Вилоят ҳокимлигида ва Ўзбекистон президенти девонидаги юқори лавозимли танишларим менга телефон қилиб: “Ҳамма нарсадан (Ўзбекистон ва Туркманистон матбуотида мен ҳақимда ёзилган ва айтилган гаплардан) Президентнинг хабари бор. Туркманистонга боракўрманг. Бунинг жабрини нафақат қариндошларингиз, Ўзбекистондаги юзминглаган туркманлар ҳам тортиши мумкин”, дейишди
Бу пайтлар Ўзбекистон ва Туркманистон президентлари бир-бири билан чиқишмас эди. Булар орасидаги келишмовчиликнинг жабрини бегунох бу икки (ўзбек ва туркман) ҳалқ кўп марта чеккан.
СНГ ва Ўрта Осиё раҳбарлари йиғилишларида С.Туркманбоши И.Каримовни тез-тез жеркиб ташлар экан. Шундай бир йиғинда Н.Назарбоев С.Ниёзовга: “Бунча беҳурмат қилманг Каримовни. Ҳар қалай у биздан 2-3 ёш катта, оқсоқолимиз ахир”, деганида Ниёзов: “Ўзбекми, тожикми, еврейми, ким эканлигининг маълуми йўқ одам оқсоқол бўларми”, деган экан.
С.Ниёзов барча мамлакатлардаги мухолифатчиларни (шу жумладан Муҳаммад Солиҳни ҳам) бизникиларгада лақамча солади, деб ёқтирмас экан. Шундай бўлсада ўзи ўтказаётган бир йиғилишда: “Шу валатизино қўтир (И.Каримов)дан ўша Муҳаммад Солих дегани ҳам минг марта яхши. У (И.Каримов демоқчи) ҳеч қачон Ўзбекбоши бўла олмайди. Нафақат дунё ўзбеклари, ҳатто ўзининг (Ўзбекистоннинг) ўзбеклари ҳам уни ўзбек сифатида тан олмайди”, деган экан.
Мавзуга қайтиб айтадиган бўлсак, касалман ва ҳакозо, деб Туркманистонга кетмадим. Шундай бўлсада, кўп ўтмай, мен ҳақимда Ўзбекистон ва Туркманистон газеталаридан эълон қилинган мақолалар бўйича текширишлар бошланиб кетди. Газеталарда, радио ва телевиденияда ёзилган ва айтилган ҳар бир фактни обдон текширишди.
“А.Хоразмий 4 ёшида қишлоқ аёлларига Ислом бўйича дарс ўтган”, деган фактни текшириш учун 1952-53 йилларда мендан намоз ўрганган, ҳозир(1994)да оғир касал бўлиб касалхонанинг реанемация бўлимида ётган сал кам 90 яшар Ойша момони (врачларнинг қаршилигига қарамай) сўроқ қилишган. Текширув тугагунча мақола муаллифи (журналист) жонини ховучлаб ўтирган.
Бу текширувларга сабаб бўлган, очиғироқ айтганда, Ўзбекистон ҳукуматига оғир ботган нарса, Туркманистон газетасидаги: “23 миллионлик ҳалқ ичидан чиққан бу ягона олим – туркман йигити А.Хоразмийдир”, деган сўзлар бўлган экан.
Яна асосий мавзу(“Қизил китоб”)га қайтсак.
2002 йили ёзда Туркманистон элчиси С.Пирмухаммедовга: “Нафақат ўз президентингиз, бизнинг президентимиз билан ҳам муносабатларингиз яхши. Мен неча йиллардан буён ишсизман, менга ёрдам қилсангиз-чи”,дедим.
Шунда С.Пирмухаммедов: “Бунга президент шарт эмас. Бу ишингизни президентнинг Давлат маслаҳатчиси Т.Рисқиев орқали битириб бераман. Унинг билан жуда яқинмиз”, деди ва 2 кундан кейин келишимни айтди.
2 кундан кейин бордим. Аввалги очиқ чеҳрали муносабатдан асар ҳам йўқ. “Юқори (Президент девони)дан ишингиз битмайди, “Озодлик”да чиққан экансиз. Унақа радиоларда чиққанлар ҳамма ерда, Туркманистонда ҳам, ватан хоини ҳисобланади. Биз эса ундай одамлар билан гаплашмаймиз”, деди қовоғини солиб.
Майли охирги илтимосим бор, дедим ва давом қилдим. Президентингизнинг топшириғи бўйича Ўзбекистондаги таниқли ва эътиборли туркманларнинг фикрини ва илтимосларини ўрганаётган экансиз. Менинг ҳам Туркманбошига айтадиган фикр ва илтимосларим бор, дедим.
Элчи қўлига ручка ва қоғоз олиб, айтинг илтимосларингизни, деди.
Мен туркманлар ва туркман эканим билан ғурурланиб юраман. Бироқ Туркманбошининг ҳар қадамда ўзига ҳайкал қўйиши, ўзини туққани учун онасига қаҳрамон унвонини бериши, ойларнинг номинида ўзининг ва қариндошларининг номи билан аташи, Рухномани Қуръони карим билан тенглаштириши, каби бачкана одатлари билан дунё аҳлининг кулгисига қолиб, ҳамма туркманлар каби менида уялтираяпти, деб гапимни тугатмасимданоқ элчи юрагини ушлаганича, ёрдамчисини чақириб: “Менга валидол олиб кел, домлани эса кузатиб қўй”, деди. Бу эса С.Пирмухаммедов билан менинг учрашувимнинг охири бўлди.
2005 йилгача Тошкент Давлат Аграр Университетида асосан магистрларга дарс ўтганман. Магистрлар диссертацияларига менинг раҳбар бўлишим учун навбатда ҳам туршган. Шундай магистрлардан бири бўлган Тохир Тошхўжаев агрохимия мутахасислиги бўйича аспирантурага кирган пайтида мени илмий раҳбар қилиш учун университет ректорини ўртага қўйгани ҳам бор гап.
Ўрни келганда шуни ҳам айтиш керакки, бундан 2 йил олдин (2002 йилда) Тохир ўқиётган магистрлар группасига дарс ўтганимда, бир қанча вақт Тохир мен билан ҳадиксираб муомула қилиб юрди. Бирнеча ҳафта ўтганидан кейин ҳадиксирашга эҳтиёж йўқлигига ишонч ҳосил қилди шекилли, менга яқин келабошлади, ҳатто онда-сонда ҳазиллашишга ҳам журъат қиларди. Ва у бир кун: “Домла, президент танқид қилинган қизил китобингизни бир ўқиб кўрайлик”, деб қолди. Мен ҳайрон қолдим ва бу ҳақда сен қаердан биласан, деб сўрадим.

Тохир адасининг Президент маҳкамасида давлат маслаҳатчиси Хайритдин Султоновнинг муовини бўлиб ишлашини, адаси ўғлидан мен (уни ўқитаётган домла) тўғримда эшитганида: “Хоразмий қизил китоб ёзиб оқсоқол(президент)ни обориб-обкеган”, деб мендан эҳтиёт бўлишни тайинлаган экан. Бундан икки йил олдин мени хафли ҳисоблаган президент маҳкамасининг маъсул ходими Ахмадхўжа Тошхўжаевнинг шахсан ўзи 2004 йилда менинг олдимга келиб, ўғли Тохирга менинг нафақат илмий раҳбар, маънавий ота ҳам бўлишимни ўтиниб илтимос қилганлиги ҳам бўлган гап.

Хулоса қилиб айтадиган бўлсак, “Вакил” номли илмий-сатирик китобим ва “Қизил китоб” деб танилган “Илмга бахшида умр” номли мемуаримнинг биринчи томи мени катта-кичикка танитди. Шу билан бирга ҳаётимни алғов-далғов ҳам қилиб юборди. Муҳожиротга юз тутишимда бу китоблар асосий ролни ўйнади. Шундай бўлсада мен бундай китоблар ёзганимдан афсусда эмасман.

“Қизил китоб” ё-да, “Илмга бахшида умр” номли мемуаримнинг давоми(2-чи томи)ни муҳтарам ўқувчилар ҳукмига ҳавола қилмоқчиман.

Илтимосим шуки, уни ўқиган ўқувчилар: “Бу китобдан келиши мумкин бўлган бало-қазолардан муаллифни Аллоҳнинг ўзи асрасин”, деб дуо қилсалар. Мўътабар китобларда: “Кўпчиликнинг дуоси ижобат бўлғайдир”, деб бекорга таъкидланмаган.

Ахмад ҳожи Хоразмий
Май, 2013. Буюк Британия.
Стокпорт шаҳри.

www.munosabat.org

Share on FacebookShare on Google+Tweet about this on TwitterEmail this to someoneShare on LinkedIn