Юсуф Расул: Зулайҳо муҳаббати

yusuf-rasu1l(Буюк форс-тожик шоири Абдураҳмон Жомийнинг «Юсуф ва Зулайҳо» достони асосида насрлаштирилган қисса)

Сўзбоши ўрнида

Юсуф Расулов буюк тожик шоири Жомийнинг машҳур достонларидан бири «Юсуф ва Зулайҳо»нинг насрий таржимасини яратган, достон мазмунини унинг поэтик услуби ва гўзалликларини сақлаган ҳолда, ўзбек тилига насрий баён қилиб чиққан. Худди шу ишнинг ўзи айни вақтда илмий меҳнат ҳам. Чунки, шундай мураккаб маънолар, сўфиёна ғоя ва тамсилларга бой асарни чуқур англамай, унинг насрий таржимасини яратиш мумкин эмас. Бу ўринда тафсир ва таржима бирга зуҳур этади, бошқача айтганда , насрлаштириш ҳам илм ва ҳам ижод бўлиб майдонга чиқади. Муаллиф достонга алоҳида шоирона руҳ бериш учун атоқли шоир Муҳаммадризо Огаҳий таржимасидан иқтибослар келтирган, натижада насрий вариант халқ қиссалари руҳини олган.

Нажмиддин Комилов,
филология фанлари доктори, профессор.
1993 йил, Тошкент.

xxx

Бу қадимда содир булган бир афсона. Канъон мулки шоҳи – Ёқуб бошқа хотинларидан дунёга келган ўн бир фарзанди ичидан Юсуфга алоҳида меҳр қўйган эди.Юсуф икки ёшга тўлганда онадан эрта етим қолиб, аммаси қўлида тарбия топади. Аммаси гўдакнинг ҳусну малоҳатига шайдо бўлиб, ҳеч вақт жойидан жилдирмас эди. Оқибатда у Юсуфни бир дам кўрмаса туролмайдиган ҳолга тушади. У  болани ҳаммадан қизғанар, доимо ўзи билан бирга олиб юрарди. Ёқуб бир куни ўғлини кўрмоқчи бўлганида, рашку ҳасад ўтида ёнган амма ҳийла ишлатади – ўз камарини Юсуфнинг белига боғлаб, халк ичида уни ўғрига чиқаради. Ўша давр шариатига кўра ўғри кимнинг молини олса, у ўша кишига умрбод қул бўлган. Шу сабабли Юсуф аммасиникида яшаб қолади. Бу воқеадан кўп вақт ўтмай, аммаси Юсуфнинг жамолини кўриб шод бўлгач, вафот этади.

Бу эса ўз фарзанди дийдорини соғинган шоҳ Ёқуб учун айни муддао эди. У азбарои хурсандчиликдан Юсуф атрофида парвона бўлиб, бошқа ўғилларини эсдан чиқаради.

«Дема ой, балки равшан офтоб ул,
Солиб кавну маконга нури тоб ул.
Дема они жамол ичра қуёш ҳам
Ки Ҳақ нури эди бўлгон мужассам».

Юсуфнинг бу қадар гўзаллиги ва халқ орасида довруқ қозонишининг боиси ҳам шунда  – Ҳақ нурининг унда мужассам бўлганида эди.

Марғиб мулки подшоҳи Тангмуснинг гўзалликда якто қизи бўлиб, унинг овозаси узоқ элларга тарқалган эди. Ҳусну латофати мислсиз бу сарвқомат, хипча бел, ақиқ дудоқли паризотнинг исми Зулайҳо эди.

Зулайҳо бир куни ухлаб қолгач, кўнгил кўзи очилиб, туш кўра бошлайди.Тушида эшикдан бир соҳибжамол, барно йигит уйга кириб келади. Уни кўрган қиз ошиқу беқарор бўлиб қолади.

Эрталаб уйқудан уйғонган Зулайҳо йигитнинг кимлигини билмай зорланади. Дардини айтишга бирор маҳрам тополмайди. Яна иложсизликдан кеч тушишини кута бошлайди.Чунки,

Ки, тундир ишқ элининг созгори,
Ҳамиша аҳли дилнинг роздори.
Эрур ушшоқ элига пардадур кун,
Аларнинг пардадори, лек эрур тун.

Ишк ўти Зулайҳо қалбини ёндириб, унда неки бор куйдира бошлайди. Ишк – гуёки тикан.Тикан ураб олган вужудда ором бўлмаганидек, ишқ ўти тушган калб ҳаловат топмайди. Зулайҳо кеча-ю, кундузини шу зайлда ўтказади, тушида кўрган йигитнинг кимлигини билиш иштиёқида ҳасрат чекади.

Зулайҳо бир куни ўз сиридан доя кампирни воқиф этади. Доя – энага. Мажозий маънода уни ақл деб олиш мумкин. Калб сиридан огох бўлган доя Зулайҳо тушини баён қилгач «Кўринмишдир санго дев» дейди. Зулайҳо, тушида кўргани дев бўлиши мумкин эмаслигини, дев бу қадар гўзал суратга кириши гумонлигини айтгач, у «Тушни бошингдан чиқариб ташла» дейди.
Ақл – шошқалок, у қалб сиррини очолмайди.

Зулайҳо барча ишни такдир ихтиёрига топширади.

Эмас мумкин менинг тадбиру корим,
Ки илгимдин борибдур ихтиёрим.

Орадан бир йилга якин вакт ўтади. Зулайҳо ҳижрон ўтида қоврилган, олам ишидан ғофил… Фалакка нидо қилиб, яна ўша хушсуврат йигитни кўрсатишларини ўтиниб сўрайди. Туш кўргач, нотаниш ошиқ, ўша – олдинги кўринишда намоён бўлади ва кизга ўз зотини айтиб, «Ҳижрондан ғам емай, иффат ва назокатингдан айрилмай, мени кутгин», дейди.

Яна аввалгидан бадтар азоблар бошланади. Зулайҳо телбага айланиб колаёзади. Уни ушлаб занжирбанд этадилар. Оёкларига зардан занжир боғлаб, соқий олдига элтадилар.

«Соқий» – мумтоз шарқ адабиётида ”тариқат пири”, ”комил муршид”, баъзи ўринларда эса Тангри маъноларида келади. Шундан келиб чиқадики, Зулайҳо илоҳий ишкдан бехуд бўлиб, тариқат йўлига киради. Бироқ ,соқийнинг, яъни тариқат пирининг насиҳатлари, илм ва маърифат уни ўзига келтира олмайди. Аксинча, Зулайҳонинг девоналиги янада ошади.

Топа олмай дили девонасини,
Яна бошлади у афсонасини.

Бу ўринда соқий (пир) суҳбатларидан қониқмай, яна руҳи мутлақ – Ҳақ ишқида ёнаётган ошиқ ҳолатига нозик ишора қилинади.
Зулайҳо алал оқибатда ишқ йўлида ақлу ҳушидан тамом бегона булади. Заъфарон чечакдай жисму жони сарғайиб сўлади. Яна ўз ёрига нидо қилади:

Бериб ғам, қилмадинг ғамхорлик ҳеч,
Олиб дил , қилмадинг дилдорлиғ ҳеч.

Зулайҳо энди учинчи марта тушида ёрини куриб, унинг зотини сурайди. Ошик маъшуқига ўзини Миср Азизиман, деб танитади. Уйғонгач ҳушёр тортган Зулайхо канизакларига «Отамга бу муждани айтинглар, оёғимдан занжирни олсинлар, энди жунундан асар ҳам қолмади», дейди.

Зулайҳони банддан озод қиладилар. У энди Миср Азизи ишқида ёниб, келган совчиларга рад жавобини бераверади. Бунинг боисини сўраган отасига Миср эли подшосига муҳаббати борлигини секин ишора билан тушунтиради. Таймус қизининг муддаосини билгач, Миср шоҳини бундан огоҳ этади. Тезда тўй тадоригини кўриб, Азиз Зулайҳо васлига ошиқади.
Зулайхо Азиз билан кўришгач, тушида учрашган барно йигит бу эмаслигини, адашганлигини англайди.

Бу эрмас, ул кишики тушда кўрдим,
Неча йил жустужуйида юрдим.

У ўзининг бахтсизлигидан беҳад ғам-алам чекиб, нола қилади. Шунда ваҳийдан овоз келиб, Миср Азизи сени «мақсудинг эрмас, вале мақсудинг онсиз даст бермас» дейди.

Севар ёринг жамолин кўргунг ондин,
Ўзинг мақсудингга еткургунг ондин.

Бундан ҳушёр тортган Зулайҳо Миср Азизи билан бирга уни юртига  келади. Бу ерда уни шоду хуррамлик билан кутиб оладилар.

Ошиклик – қайгу чекмок. Қаерда бўлмасин, ишқ аҳли кўргани хорлик, дарду алам. Зеро, буларсиз инсон камолотга эриша олмайди.

Зулайҳо фалак бедодлигидан шикоят қилади. Яна ҳижрон, ишқ ўтида қоврилади.

Қилай чора дебон бечора қилдинг,
Ватандан айириб оввора қилдинг.

Зулайҳо ишқ ва гўзалликни Юсуфда кўради. Шунинг учун унга талпинади. Юсуф – мислсиз гўзаллик тимсоли. У ошиқни ўзига тортгувчи ишқ. Зулайҳо Юсуфга талпинаяптими ёки парвона шам атрофида айлангани каби ишққа ўзини ураяптими? Бу саволга жавоб тайёр. Ишқ ва гўзаллик бир нарса.  Юсуф туфайли ишқ мавжуд, ёки ишк боис Юсуф – гўзаллик бор. Бу икки туйғу ўзаро зид эмас.

Зулайҳо Юсуф ҳажрида ёниб:

Юмиб ўзлик хаёлидан кўзимни,
Сани топсам, гар ахтарсам ўзимни, дейди.

Бу хилдаги ишққа муносабат юксак тафаккурли инсонларга хос хусусиятдир. Инсон ўзлигидан, демакки шахсиятидаги ёмон қусурлар – нафс, таъма, такаббурлик, жаҳолат ва худбинликдан воз кеча олмас экан, ўзлигига – соф инсонийликка эриша олмайди. Соф маънодаги инсонийлик Тангри сифатлари – эзгулик, самимият, поклик ҳамда мискинликни ўзида жамулжам этиш. Демак ўзлик чиркидан ҳақиқий ўзликкача бўлган масофани босиб ўтиш учун ошиққа ишқ мададга келади.

Ишк –мақсад эмас, восита.  Тангри сифатларига кўтарилиш йўли.

Олам ва одам ишқ туфайли ўзини намоён этади, ўзлигини танийди. Айнан мана шу йўлда инсон ўз аслини, моҳиятини англаши, ҳис қилиши мумкин.

Зулайҳо саҳарлар боду саболарга илтижо қилиб, ёри бўйи насимини келтиришларини сўрайди.Лекин, ҳеч қайдан хабар топмайди.

Айни пайтда Канъон мулкида «бўлиб ҳусн ичра якто» Юсуф ўсиб- улғаяди. Унинг ҳусну чиройига ҳамма ҳайрат билан боқади. Айниқса, отаси Ёқуб Юсуфга ўзгача меҳр қўяди. Бундан Юсуфнинг ўн бир биродарининг рашки зиёда бўлади.

Бир куни Юсуф туш кўради. Тушида унга ой ва қуёш, ўн бир юлдуз сажда қилиб бош эгиб турганмиш. Буни эшитган Ёқуб ва уни маслаҳатчиси – донишманд, бу сирдан ҳеч ким хабар топмасин дейдилар. Лекин барибир бундан биродарлари воқиф бўлиб, Юсуфни йўқотиш пайига тушадилар. Машварат қилиб, уни жисмонан мавҳ этиш режасини тузадилар. Акаларидан бири Юсуфни ўлдиришни таклиф қилса, иккинчиси бу фикрни рад қилиб, ”уни алдаб, биёбонга  олиб бориб ташлаймиз”, дейди. Учинчи акаси эса ”Юсуфни чўлдаги қудукка ташлаймиз,  йўлдан ўткувчилар Юсуфни қутқариб, ўзга элларга олиб кетишади. Бу ҳолда биз ҳам ташвишдан қутиламиз, Юсуфнинг жони ҳам омон қолади”, деб таклиф билдиради.

Бу фикр бошқаларга ҳам маъқул келади. Бориб оталаридан Юсуфни овга олиб чиқиб, сайр қиламиз, деб рухсат сўрашади.Ёкуб аввалига рози бўлмайди. Қистовга олаверишгач, укалари –  Юсуфни соғ- омон қайтариб олиб келиш   шарти билан рози бўлади.

Йўлга чиқишгач, биродарлари Юсуфни қийнайдилар, уриб-туртиб, тиканли йўлдан юришга мажбурлайдилар. Шундан кейин, уни чўлдаги қоронғу қудуққа олиб бориб ташлайдилар.

Қудуқ ваҳимали ва қоронғу эди – Юсуф жамолидан ёришиб кетади. Шу пайт унга Жабройил деган фаришта Тангридан ваҳий келтиради. «Сенга Тангри шундоқ хабар юборди,-дейди у.-Сенга хиёнат қилган биродарларинг бир куни олдингга хору зор бўлиб, ялиниб келадилар. Лекин сен уларга ўзингни танитмайсан».

Юсуф уч кун қудуқ ичида ўтиради. Тўртинчи кун Маъдан элидан Мисрга йўл олган карвон адашиб қудуқ яқинига келиб колади. Карвондагилардан бири қудуққа яқинлашиб келади. Шу пайтда Жабройил Юсуфга «қудуқдан чиқиб, уларни хурсанд қил, биргаликда Миср сари кетгил» деб буюради.

Юсуфни қудуқдан чиқариб олган киши уни бу қадар гўзаллиги олдида маҳлиё бўлиб қолади. Юсуфни ўзга кишилар кўзидан панада тутиб, карвонга олиб боради. Уларни узоқдан кўриб турган биродарлари орқага қайтиб келиб, «Юсуф бизнинг қулимиз. У биздан қочиб беркиниб юрибди, талабгорлар бўлса сотамиз», дейишади.

Юсуфни қудуқдан чиқариб олган савдогар уни арзон баҳода сотиб олиб, Мисрга элтади. Юсуфнинг ҳусну жамоли бу ерда ҳам овоза бўлиб кетади. Уни кўргани ташриф буюрган Миср Азизи бу қадар зеболикни кўриб ҳушини йўқотади. Ўзига келгач Юсуфни подшох саройига таклиф қилади. Юсуф Нил дарёси сувида ювингач, янада гўзаллашиб, барчани ўзига қаратади. Унинг оввозасини эшитган Зулайхо подшоҳ даргоҳига боради.

Кўриб ондин ҳамул ошуби ғавғо,
Деди: «Бу не алола эркан оё?»

У шундай деб ўзидан кетади. Зулайҳони хонасига элтадилар.У ўзига келгач, доя кампир нега бундай бўлганини сурайди. Зулайҳо тушида кўргани – барно йигит шу эканини айтиб:

Букун то+дин о+иррок бoлди борим,
Била олмам нечук бoлгуси корим, дейди.

Доя унга сабр – тоқат қилишини, киши фақат сабр-тоқат билангина ўз  мақсадига етишиши мумкинлигини тушунтиради.
Юсуфга ҳамма Миср аҳли харидор булади. Лекин уни сотиб олмоққа ҳеч кимнинг курби етмайди. Зулайҳо эридан Юсуфни сотиб олишини ялиниб сўрайди. Азиз ҳар хил баҳоналар қилади, бироқ хотини ҳоли жонига куявермагач, ахийри подшонинг ёрдами эвазига Юсуфни сотиб олишга мажбур бўлади.

Чу Юсуфким онинг илгига кирди,
Тўкиб кўб шодлик ашкин дер эрди:
Ки «Ё Раб, тушму ё бедорлиғму?
Ки келди жонима жононим ўтру?
Қачон кўнглумга эрди ушбу уммид-
Ки шомимни ёритгай нури хуршид».

Миср яқинида ўша пайтдаги Од қабиласидан бўлган, гўзалликда тенгсиз, сохибжамол бир қиз бор эди. У Юсуф овозасини эшитиб йўлга чиқади. Қиз Юсуфни кўргач ўзидан кетиб, яна ҳушига келади.

Улар ҳақиқий ва мажозий ишқ ҳақида суҳбат қурадилар. Қиз Юсуфдан «Бунчалик гўзал ҳусн ва зеболикнинг ижодкори ким?» дея сўрайди. Шунда Юсуф унга ҳақиқий ва мажозий ишқ ҳақида сўзлаб беради.

«Қуёш – бу олам ижодкори ҳикматининг бир зарраси, фалак бу қудратнинг бир қатрасидир. Унинг жамоли туҳматдан йироқ, ғайб пардаси эса унинг ҳижобидир. Яъни, Тангри ғайб -кўринмас олам, (тасаввуфда маънавий-руҳий дунё) пардасидан ҳижоб ёпингандир. Тангри оламни, собиту сайёрани яратиб, уларда ўз аксини зоҳир қилган. Сенинг кўзларинг ва жонинг қандай чиройни кўриб, ҳис қилмасин, улар Тангрининг аксидур. Агар бу аксни кўрсанг, асл гўзалликни кўрмоққа жазм этгил. Асл моҳиятдан хабарсиз, акс- соядек нурсиз бўлиб қолма. Чунки, гул рангида вафолик бўлмагани каби, аксида, суратда бақолик йўқ. Шу боис боқийлик истасанг, аслига нигоҳ ташлай бил. Унинг дарду ҳижрони жонга малҳам бўлгай».

Асл ҳақиқат ҳақида билган  киз Юсуфга ташаккур айтиб, «Сени бир кўриб, ҳушимдан бегона бўлдим, шу пайтга қадар излаганим мажоз эканин билдим» дейди:

Ҳақиқатга чун кўзим бўлди бино,
Мажозий ишқи тарк этсам авло.

Қиз Юсуфга ҳақиқатни англатиб, унга тўғри йўл кўрсатгани учун шукроналар айтиб, Нил дарёси бўйида ибодатхона барпо қилади. Зебу зийнат, мол-мулкини ташлаб, эгнига хирқа кияди ва қолган умрини ибодат билан ўтказади.

Қилиб бошиға такя бир қатиғ тош,
Риёзат тошига урди қатиғ бош.

Қиз шундай хулосага келади: Кимники умри суратга тикилиб ўтса, у асл моҳиятдан хабардор эмас. Бу олам –бир суратхона, асл моҳият эса бошқа. Яъни Тангри – асл ҳақиқат кўзга кўриниб турган оламда эмас, балки уларнинг моҳиятида, кўринмас томонида зуҳур этган. Тангрини кўз билан кўриб бўлмайди, қалб билангина ҳис қилиш лозим. Кўнгил қачон покланса бунга эришиш мумкин бўлади.

Достоннинг шу булимига келиб Юсуф пок ва оқил, ҳақиқатни таниган, комилликка эришган инсон сифатида гавдаланади. Бошқа томондан шоир Юсуфни мажозий ишк рамзи эканлигига хам ишора этади. Мажозий ишқ ҳақиқатга олиб борувчи йўл. Риёзатни ихтиёр этган қиз ҳам, Зулайҳо ҳам Юсуфга булган муҳаббатлари эвазига Ҳақ йўлини топадилар. Шоир ҳеч қаерда мажозий ишқ ҳакида очиқ айтмайди, фақат баъзи ўринларда, суҳбат асносида бунга ишора қилади. Масалан, қиз номидан билдирилган байтга эътибор қилинг:

Чу эмди фикр ила аниша қилдим,
Санинг ишқинг мажоз эрканин билдим.
Ҳақиқатга кўзим чу бўлди ошно,
Мажозий ишқи тарк этсам авло.

Бу хилдаги нозик ишора ва қочириқлар шарқ адабиётига хос бўлиб, улар ўқувчини ўйлашга, мушоҳада қилишга ундайди. Оддий китобхон учун мисралар замиридаги суфиёна маъноларни англаш бир қадар мураккаб кечиши аён.

Юсуф ва Зулайҳо достони шу зайлда давом этади. Юсуфни қўлга киритган Зулайҳо энди уни тарбияси билан шуғулланиб, кийим-бош, керакли жиҳозлар олиб беради. Юсуф аста-секин унинг хаёти мазмунига айланиб боради. Лекин Зулайхонинг ғами ортгандан-ортади. У ўз дардини Юсуфга айтишни билмай изтироб чекади. Энди юксак мартабага эришган доя ундан бу изтиробнинг боисини сурайди. Зулайҳо унга жавобан, «Мен ҳам бу саргардонлик сабабини билмай ҳайронман. Дилимда ғам бор, бирок у кимнинг ғами эканлиги менга номаълум. Бу дард келиб оромимни олди, танимни оташу сўзонга солди», дейди.

Таним туфроғи эрди сарви сокин,
Қилибдур бир қуюн саргашта лекин.

Юсуф Зулайҳо билан ҳамдаму ҳамдард бўлиб, унга ўз саргузаштларини сўзлаб беради. Акалари қудукка ташлаган кунларини эшитгач, ҳисоблаб чиқиб, ўзини ўша кунда қанчалик ғам чеккани эсига тушади. Ва бир нарсага иқрор бўладики, вақт ва замон, йироқ манзиллар кўнгиллар олдида ҳеч нарсадир.

Бале билгай кўнгул гар бўлса огоҳ,
Кўнгуллардан кўнгулларга бордурур роҳ.

Бу воқеадан сўнг Юсуф чўпонликни орзу қилиб қолади. Дунёда ҳамма пайгамбарлар чўпонлик қилишганини билган Зулайҳо унга бу борада керакли барча асбобларни тайёрлаб беради.

Юсуф анча вақт чўпонлик қилади. Шу орада Зулайҳо қалбида ишқ ўти яна аланга олади. Ошиғини бориб қучишни, ундан бўса олмоқни, шаҳвоний айшга берилмоқни хоҳлаб қолади. Лекин, Юсуф бунга изн бермайди, ўзини ундан олиб қочади. Ночор қолган Зулайҳо яна доя билан маслахатга киришади.

Зулайҳонинг арз-додини эшитган доя бориб бу ҳақда Юсуфга билдиради. ”Зулайҳо сенинг ишқингда неча йиллар саргардондир. Бор уни истагини бажо келтир, бечорани хурсанд қил”, дейди у.

Юсуф бу сўзларни рад этади: ”Мен Миср Азизи ғуломиман, унга хиёнат қилмайман. Буни Худо кечирмайди. Зулайҳо бу ишда мени маъзур тутсин”, дейди.

Бу сўзларни эшитган Зулайҳо, келиб Юсуфдан кечирим сўрайди. Юсуф аммасининг, отасининг ишқи бошига не кўргуликлар солганлигини айтиб, йиғлайди. Шундан сўнг Зулайҳо Юсуфни яқиндаги гўзал боғга хизматга юбориб, ўзи канизаклари билан маслаҳат қилади. Бориб Юсуфни олдида хизмат қилинглар, у нима истаса беринглар, зора қалбида гўзалларга рағбат уйғонса, дейди.

Ўша куни тунда канизаклар турли ноз-неъматлар билан Юсуфни маҳлиё қилмоқчи бўладилар, лекин у эътибор қилмайди. Чунки:

Алар эрди саро-сар макру достон,
Эмас эрди ичи-ю тоши яксон.

Яъни, канизаклар қалбу вужудларидаги қоронғуликни , қусурларни ҳайдаб чиқариб, маърифат зиёси билан нурафшон этмаганлар.

Зулайҳо шундан сўнг яна ҳийла йўлига ўтади. Қандай бўлмасин, Юсуф билан шаҳвоний муносабатга киришмокни ўйлайди. Лекин ишқни бу хилдаги шайтоний ишларга рағбати бўлмаслигини, ишққа поклик, гўзаллик билан етишиш мумкинлигини хаёлига ҳам келтирмайди.

Доя ишқдан бехабар. Дояга, яъни ақлга фақат тажриба, вақт ва замон юки ортилган. У вақтга бўйсунмас қалб кенгликларини англаб етмайди. Шу боис қалбига ишқ ўти тушган Зулайҳога ўйлаб ҳам ўтирмай нотўғри маслаҳат бераверади. Бу гал ҳам Зулайҳо ундан маслаҳат сўраганида «Ичма-ич етти хонали қаср бино эт. Унга Юсуф ва ўзингни шаҳвоний алоқага киришиб турган ҳолдаги ҳар хил суратларингни чиздир, зора Юсуфнинг кўнгли ийиб, муродингни ҳосил қилса», дейди у.

Бу таклифга Зулайҳо рози бўлиб, доя раҳнамолигида қаср қурдиришга киришиб кетади. Қаср битгач, Зулайҳо ўз мақсадини амалга ошириш учун қулай фурсат ва жой пайдо булганидан мамнун булади.

Зулайҳо доя ёрдамида Юсуфни алдаб чақириб, қасрга олиб киради. Бирма-бир етти хонага олиб кириб, эшикларга банд уради. Еттинчи хонага кириб шармандали суратларни кўрган Юсуф Зулайҳонинг муддаосини англайди. Зулайҳо ялиниб-ёлвориб, ўз муддаосини ҳосил қилишини сўрайди. Юсуф бунга рози бўлмайди. У ўзини пок ва доно Холиқдан қўрқишини, у сабаб танини либос қилиб, бу оламда яшаётганини айтиб, «Агар мени бу банддан озод этсанг, васлимга етишишингга ёрдам бераман, йўқса, агар бу ишни қилсам, Тангри ва Азиз ғазабидан на бу дунёда, на у дунёда омонлик топмайман» дейди.

Юсуф рад этавергач Зулайҳо қўлига ханжар олиб, ”агар рози бўлмасанг, ўзимни ўлдираман, сен то абад мени гуноҳимга қолиб кетасан”, дейди.

Юсуф бурчакдаги парда орқасида нимадир борлигини сезиб қолади.

”У бут. Унга туну кун ибодат қиламан. Бугун менинг шармандали ахволимни кўрмасин деб, парда билан тусиб куйдим”, – дейди Зулайҳо.

Бу сўзларни эшитган Юсуф фарёд уради:

«Ўликнинг кўзидин сен қилгосен шарм,
Эрур ондин санинг кўнглунгга озари.
На янглиқ қўрқмайин ман нотавоно,
Худодин ким эрур доноу бино?»

У шундай деб ташқарига чиқишга азм қилиб, эшик олдига боради – қулфлоғлик эшик ўз-ўзидан очилиб кетади. Қайси эшикка бормасин, барчаси шу зайлда очилиб кетаверади. Зулайҳо уни эшик олдида қувиб етади ва ўзига тортмоқчи бўлиб, куйлагининг орқа томонидан йиртиб олади. Юсуф унинг қўлидан чиқиб қочади.

У эшикдан чиқишда Азизга дуч келади. Ўзининг бу қадар паришонлиги боисини яширади. Шу пайтда эшикдан эгин-бошларини чоклаб, олд томондан йиртган Зулайҳо чиқиб келади.У ўртадаги бўлиб ўтган воқеадан Азиз хабар топган деб ўйлаб, Юсуфни хиёнаткорликда айблайди. Унга жазо беришини талаб қилади.

Юсуф ўзининг гуноҳсизлигини, Зулайҳонинг қилмишларини қанчалик тушунтирмасин, Азиз унга ишонмайди, Юсуфни зиндонга ташлашларини буюради.

Зулайҳога яқин ва суҳбатдош бир аёлнинг уч ойлик чакалоғи бор эди. Она сути оғзидан кетмаган норасида гўдак ногоҳон тилга кириб, Миср Азизига хато иш қилганини, бу айб Зулайҳодан ўтганини айтади. Ҳайрон бўлган Азиз бунинг исботини сўрайди. Шунда чақалоқ «Сўзларимга ишонмасанг, Юсуфнинг куйлагига қара, агар у олд томондан йиртилган бўлса, Зулайҳо айбсиз, орқасидан йиртилган бўлса , у гуноҳкор бўлади», дейди.

Ҳақиқатдан ҳам Юсуфнинг куйлаги орқа томондан йиртилганини кўрган Азиз, ўз ишидан пушаймон бўлиб, Юсуфни зиндондан озод этади, Зулайҳони эса тавба-тазарру қилиб, гуноҳдан фориғ бўлишга чақиради.

Бу воқеани эшитган Миср хотинлари Зулайҳони ёзғириб, уни беномус, беандиша, уятсизликда айблайдилар. Бу хилдаги гапларга чидаёлмаган Зулайҳо, уларни бир бора Юсуф жамолини кўришга, шундан сўнг хулоса чиқаришга даъват этади. Улар рози бўлишгач, Зулайҳо Юсуфга тавба қилиб, ”сўнгги бор шу хотинлар олдидан ўтгин, токи мени бу маломатлардан қутқаргин”, дейди.

Миср аёллари йиғилишиб, тахтада сабзи тўғраб турган пайтда Юсуф уларнинг олдига киради. Бу каби гўзаллик қаршисида лолу забун бўлган хотинлар қўлларини қалам мисоли тўғрай бошлайдилар. У кетгач ҳамма жой ”оҳу воҳ”га тўлади. Аёлларнинг кўпи шу жойда ишқ туфайли жон беради, кўпчилиги девона бўлади.

Миср хотинлари ўз андишасизликлари учун Зулайҳодан кечирим сўрайдилар. Юсуфни эса яна Зулайҳо билан бирга бўлишга даъват эта бошлайдилар. Табиийки у бунга рози бўлмайди, ўзини бу хотинлар макридан халос қилишини, зиндонда бўлсада фароғат бағишлашини сўрайди. Нияти ҳосил бўлади. Зулайҳо хотинлар гапига кириб, Азиздан рухсат олгач Юсуфни зиндонбанд қилади. Зиндонбандга унга яхши хона беришини, яхши қарашини буюради.

Юсуфни зиндонда  яхши кутиб олишади. У кириши билан қоронғу зиндон бирдан ёришиб кетади. Юсуф бу ерда ҳам тоат  -ибодатини канда қилмайди. Зулайҳо Юсуфни зиндонга ташлаганидан пушаймон бўлади. Қанча қийналади, ўзини айблайди. Бу азоблардан қутилиш учун йўл излайди.

Умри –ошиқға жонондин жудолиғ,
Хусусан қилса тарки ошнолиғ.

Унга доя яна таскин беради. Сабр-қаноат қилишини, бир кун келиб Юсуфга қайта мушарраф бўлишини айтади. Лекин…

Кеча бир ҳомиладурким, туғар дам,
Туғар ушшоқ учун андуҳ ила ғам.

Зулайҳо ҳижронга чидай олмайди. Юсуфнинг ишқида сарғайиб сўлади. Охири сабру тоқати тугаб, дояни уйғотади.Юргин Юсуфни кўрайлик, дейди.

«Икков бир гуша ичра ўлтуроли,
Ҳамул дилдор дийдорин кўроли.
Чун зиндон ичрадур ул гулузорим,
Эмас зиндон, эрур ул навбахорим.
Агар ушшок кўнглин очса бўстон,
Очар менинг кўнглимни зиндон».

Улар икков зиндонга боришади. Зиндонбонни уйғотиб, Юсуфни сўрайдилар. Кўрадиларки, Юсуф шамдек ёниб, ойдек ёришиб, бехуд бўлиб ўтирибди. Тонг отади, у жойидан жилмайди. Зулайҳо иложсиз бўлиб орқага қайтади. Энди тобора ишқи оловланиб, зиндонга кирганда ҳам, чиққанда ҳам ошиғини сўрайди. Узоқдан кўриниб турган зиндон томидан кўз узмай, соатлаб тикилиб ўтиради. Охир оқибат:

«Анинг ёди аро қилди йўқ ўзни,
Жамеъки неку баддин юмди кўзни».

Энди у ўзлик қутқулари, нафс чиркинидан озод, ёдида факат ёр ишқи қолган эди, холос.

Бу орада Юсуф зиндонда икки маҳбус билан танишади. Улар бир оқшомда бир хил туш кўриб, таъбири нима эканлигини билмай, ҳайрон эдилар. Юсуф бу туш таъбирини айтиб, ”бирингиз дорга осиласиз, иккинчингиз шох саройида мартабага эришасиз”, дейди.

Ҳақиқатдан шундай бўлиб чиқади. Юсуф иккинчи маҳбусга агар саройга борсанг, менинг ҳолимдан шоҳни огоҳ қилгин, дейди.

Орадан узоқ вақт ўтади. Маҳбус ваъдасини ёдидан чиқариб юборади. Юсуфнинг жонига подшоҳнинг ўзи аро киради. У тушида аввал етти семиз ҳўкизни кўради. Кейин яна етти ориқ ҳукиз пайдо бўлиб, семиз ҳукизларни худди майсадек еб қўйишади. Кейин яна етти буғдой кўкаради, уларни ҳам пок-покиза туширадилар.

Шох сарой мунажжимларини чорлаб, улардан бу туш таъбирини сўрайди. Лекин улар туш таъбирини айтмоққа ожизлик қиладилар. Шу пайт зиндондан озод бўлиб, саройда хизмат килаётган халиги кишининг ёдига Юсуф тушади. Шохга зиндонда хушсурат, таъбирчи йигит борлигини,  фақат у бу жумбоқни ечиши мумкинлигини айтади.

Шоҳ уни зиндонга юбориб,  туш таъбирини билиб келишга буюради. Юсуф унга шуларни баён қилади: Етти семиз ҳўкиз – етти тўкин-сочинли йил рамзи. Бу йилларда барча экин-тикинни ғамлаб олмоқ лозим. Йўқса етти орик ҳукиз – етти қирғоқчилик йили келиб , очлик,  қахатчилик бошланади.

Бу сўзларни эшитиб, хурсанд бўлган шоҳ Юсуфни саройга таклиф килади. Лекин, у бу таклифга бир шарт билан, Миср хотинлари йиғилиб, Юсуфни гуноҳсизлигини ошкор айтганларидан сўнг, бу таклифга рози бўлишини айтади. Шоҳ барча хотинларни тўплайди.Улар Юсуфни гуноҳсизлигини тан оладилар. Зулайҳо ҳам бу даврада бўлиб, барча сирларини, ишк боис Юсуфга келтирган жафоларини бўйнига олиб, «Юсуф шоҳ эътиборига сазовордир» дейди. Бу сирдан воқиф бўлган шоҳ Юсуфни тезда саройга келтиради.

Шундай қилиб Юсуфни саройда иззат –ҳурмат билан кутиб оладилар. У шоҳга ўз саргузаштларини яширмай сўзлаб беради. Хурсанд бўлган шоҳ мамлакатнинг бундан кейинги ишларини Юсуф билан маслаҳатлашиб олиб борадиган бўлади. Бу орада Миср Азизи вафот этади, уни ўрнига  Юсуфни тайин этадилар.

Зулайҳонинг Юсуфга бўлган ишқи янада оловланади. У энди бир вайронани макон қилиб, тоат- ибодат билан машғул бўлади. Ҳаёли, бутун жисму жони ёр билан бўлади. Юсуф ўтган ер тупроғини кўзига тутиё қилади. Юсуф ҳар куни сипоҳийлари билан ўтадиган йўл бошида қамишдан уй бино қилиб, яшай бошлайди.

Насими боғи жонни тоза айлар,
На ёлғиз жон, жаҳонни тоза айлар.
Чу жонга тозалик ҳамроҳ бўлгай,
Бил ондин тоза ёр огоҳ бўлгай.

Бир куни Зулайҳо бутга сиғиниб, ортиқ мадори қолмаганини, ёри васлига етишига ёрдам беришини сўрайди. Сўнг яна Юсуф йўлига чиқади. Унинг девонисифат аҳволидан одамлар кулишади. Юсуф эса бепарво ўтиб кетади.

Ўлимдан бошқа иложи қолмаган Зулайҳо бориб бутни тошларга уриб парчалаб ташлайди. Сўнг яна йўл бошига девона-ю, бечора аҳволда ўтиради. Бу воқеадан хабар топган Юсуф уни қошига келтиришларини сўрайди.

Зулайҳо сочлари оқарган, масту мустағриқ эди. У ўзини танитиб, неча йил Юсуф ҳажрида ғам чекканини айтади. Улар шу ерда суҳбат қурадилар.

Дедиким: -Қайдадур ҳусну жамолинг?
Деди: -Кетти тилаб базму висолинг.
Деди: -Ким айлади хам сарву нозинг?
Деди:- Ул бори ҳажри жонгудозинг.
Деди: – Кўзинг недин бенур бўлди?
Деди: – Сенсиз оқиб қон, кўр бўлди.

Юсуф раҳм-шафқат ва мурувват кўрсатмоқчи бўлиб, Зулайҳодан «Недур санга бу кунда ҳожат?» деб сўрайди. У ёшлигим қайтиб келса, дейди. Юсуф дуо ўқийди, шунда Зулайҳо ўн саккиз ёшлик қизга айланади. Яна аввалги ҳусну жамоли, дилбар феъл-атвори, гўзал қадду қомати қайтиб келади. Юсуф ундан яна не муддаоси борлигини сўраганда Зулайҳо сен билан бирга бўлсам, дейди. Юсуф бу сўзларни эшитгач тараддудланиб қолади, нима деб жавоб беришини билмайди. Шунда ногоҳон пайдо бўлган Жабройил шундай дейди: «Сенга пок Тангри шундай лутфу карам қилиб, тақдирингни Зулайҳо билан боғлади. Уни аҳдини ўзингга пайванд эт, Зулайҳони никоҳингга ол. Бизнинг талабимиз шудир».

Бу сўзларни эшитган Юсуф Зулайҳони ўз никоҳига олиб, ҳарамига келтиради. Катта тўй дастурхони ёзиб, унга шоҳни ва бошқа дўст биродарларини чорлайди. Ниҳоят шовқин-сурон тиниб, икки ошиқни хилват пардасига кузатиб қўядилар.

Зулайҳо парда ичра солиб ўзни,
Дер эрди шодлигидин ушбу сўзни:
Ки «Ёраб, тушмудур, ёхуд хаёлим?
Ки бу давлат эди амри маҳолим.
Бўлурманми висол уйида хандон,
Яна ё мубталои дарди ҳижрон?»

Хонага Юсуф киргач, унинг чиройидан Зулайҳо бехуд бўлади. Юсуф уни қучоғига олиб, нафас етказгач, ҳушига келади. Шундан сунг айшу ишратга машғул бўладилар. Юсуф Зулайҳонинг иффат пардаси сақланганини билиб, боисини сўрайди. Зулайҳо Юсуфни тушида кўрганини-ю, у иффатини сақлашни буюргани, Миср Азизи бунга эриша олмаганини сўзлаб беради. Юсуф унинг меҳру муҳаббатига, вафо-ю, садоқатига таҳсин айтди.

Бу воқеадан сўнг орадан анча йиллар ўтди.  Зулайҳо Юсуфнинг васлига тўйиб, аста-секин уни унута боради. Чунки, Юсуф ишқи мажозий эканлигини билган Зулайҳога ҳакиқат нури ошкор бўлган эди.

Чу хуршиди ҳақиқат бўлди толеъ,
Кўзи олдидан идти барча монеъ.
Ҳақиқат чун анга нурини сочди,
Неким ғайри эди куйди-ю, қочди.

Зулайҳо бир окшом Юсуф қучоғидан қочиб, ҳар тарафга девонавор югуради. Қувиб етган Юсуф унинг куйлагини йиртиб юборади. Зулайҳо ўтган кунларини эслатиб, ”куйлагингни йиртган эдим, сен ҳам мени куйлагимни чок этдинг. Энди неки қилган бўлсак, икков баробар бўлдик”, дейди.

Юсуф Зулайҳонинг Ҳақ ошиғи эканлигини билади. Шу боис севгилиси номига гўзал бир ибодатхона бунёд қилади. «Ўтирғил анда шукр айлаб Худога» дейди.

Шундан сўнг орадан йиллар ўтди. Улар бир қанча фарзанд кўрдилар. Юсуф бир куни туш кўрса, уни марҳум ота-онаси имлаб чақираётган эмишлар. Шунда у узининг қазо они етганини фаҳмлаб, Тангридан жонини олишини тилайди. Буни эшитган Зулайҳо ҳам ўз жонини севгилиси билан бирга олишларини сўраб, тавалло қилади.

Бир куни Юсуф овга чиқмоқ учун янги кийим-бошини кийиб, энди отига минмоқчи бўлганида, ногоҳон Жабройил пайдо бўлади. «Қайтгил, бугун сени қазо онинг» дейди у.

Бу хабарни эшитган Юсуф одамларни тўплайди. Ўрнига тахт ворисини тайинлайди. Бу йиғинга ғам-аламдан афтода-ю хароб бўлган Зулайҳо иштирок эта олмайди.

Халкнинг нола-ю афғонини эшитган Зулайҳо севгилисининг ёруғ оламни тарк этганини англайди. Уч кеча-ю кундузи гоҳ бехуш, гоҳ ўзига келиб ётади. Тўртинчи кун Юсуфнинг қабрига бориб, сочларини юлиб йиғлайди, кўзларини ўйиб туфроққа кўмади ва шу зайлда ўзи ҳам чин дунёга рихлат қилади. Уни Юсуф билан бир тобутга солиб дафн этадилар.

Кўп ўтмай Нил дарёсига тошқин келиб, Юсуф хокини бошка жойга кўчирадилар. Лекин яна бу элга вабо ва қаҳатчилик келади. Шундан сўнг донишмандлар маслахатлашиб, тобутни мумлаб, Нил дарёсига ташлайдилар. Дарё эса икки ошиқдан бирини тобутдан олиб сувга ғарқ қилади, иккинчисини иссик туфроққа чиқариб ташлайди.

Юсуф ва Зулайҳо афсонаси шу жойда ўз интиҳосига етди. Узоқ замонлардан буён давом этиб келаётган бу афсона оддий одамлар назарида шунчаки бир ҳикоядек туюлади. Аслида, у Ҳақ йўлига кирган ошиқнинг ишқ учун курашлари ва жасорати ҳақидаги ғамгин қиссадир.

1993 йил.

www.munosabat.org

 

Share on FacebookShare on Google+Tweet about this on TwitterEmail this to someoneShare on LinkedIn