ЯХШИЛАРНИ АСРАНГ ОДАМЛАР! (Қисса)

Шарипов суратиҲайдарқул Шарипов

Бу йилги қиш мисли кўрилмаган даражада қаҳрли келди. Тийрамоҳнинг хуснига зеб бергувчи олтинранг ва кирмизи япроқлар атроф-жавонибга ўзгача бир тароват бахш этаётган ва ҳали улар новдалар билан видолашиш мутлақо хаёлига келмаган бир пайтда тинимсиз йигирма кун ёмғир ёғиб турди. Сумбуланинг авж палласи бордир, Сирдарё соҳиллари узра ястаниб ётган поёнсиз шолизор майдонлардаги донга тўлиқ бошоқларнинг бошлари эгик, офтоб нурида ял-ял товланади. Баъзи бир майдонларда эндигина ўроққа тушишган. Узундан узоқ ва эзилиб ёққан ёмғир туфайли ўроқ мавсумини давом эттиришнинг имкони бўлмай қолди. Бундан бир-бир ярим ҳафта муқаддам ўримга ҳозирлик кўрилиб, уватларнинг ҳар-ҳар жойи ўпирилиб, суви чиқариб юборилган шолипоялар қайта бошдан сувга ғарқ тўлди. Ҳали баданидан нами аримаган шоли дасталари сув бетида қалқиб қолди. Эрта баҳордан тийрамоҳнинг ўрталарига қадар ўз ўзанига сиғмай, соҳилларига бош уриб, мавжланиб оққан Сирдарё, гарчи кузга келиб, хийла ҳовуридан тушган эрсада, узлуксиз ёмғирдан сўнг, яна безовталаниб қолди. Зилолдек сувлари яна пўртанага айланди. Шусиз ҳам лиммо-лим ёмғир сувларига тўлган шолипояларга бу азим дарёнинг сизот сувлари ҳам қўшила бошлади. Яқин –яқингача ҳосилга ғарқ ҳадсиз –ҳудудсиз шолизор майдонлар сувга кўмилган, у ер, бу ерда бир пайтлар денгиздек мавжланиб ётган бепоён ҳосилдор ерларни эсга соладиган шоли бошоқлари кўзга ташланиб қолади.
Ўша муттасил ёққан ёмғир йигирма биринчи куннинг тун ярмида қорга айланди. Чўпонлар ҳисобига кўра, қавс ойига яна бир ой фурсат бор эди. Хуллас, ўша биринчи ёмғир аралаш қор, гарчи жуда барвақт бўлсада, аёзли ва қаҳри қаттиқ қишни бошлаб берди. Мучал ҳисобдонларининг айтишича бундай қаҳратон ва серёғин қишни сўнгги 25-30 йил давомида ёши бир жойга бориб қолган мўйсафидлар ҳам эслашолмайди. Катта ва кичик чилла оралиғида қирқ тўрт маротиба қор ёғиб берди. Нари бериси билан уч ёки тўрт, жуда ғайрат қилса беш олти қорга ўрганиб қолган, қишга тайёргарлиги ҳам ўзига яраша, амал тақал қилиб кун кўриб юрган фақирона юртнинг одамлари ночор аҳволда қолди. Салгина шамол эсиб, дарахт учлари қимирладими бас, ярим йиллаб ёруғликдан ва иссиқдан бебаҳра одамларнинг қишга атаб, тишининг ковагида асраб юрган ўтин-чўплари аждаҳо комига ташланган чумчуқ калласидай гўштдек, аёзли кунларнинг бир ойига ҳам урвоқ бўлмади. қиш чилласи ярмига етар–етмай, битта–яримта бойваччаларни ҳисобга олмаганда, қўпчиликнинг уй мўрисидан тутун чиқмай қолди. Ҳамманинг фикри- зикри иккита муаммога қаратилган бўлиб, қандай қилиб бўлмасин, очликдан ва совуқдан талофат кўрмай, кўкламга етиб олиш эди. Бузуқ деган жойда омон-омон даврларда ўрис амакиларнинг (умринг узоқ ва иймонинг бут бўлгурлар) тавсия ва кўрсатмаси билан қурилган катта бир иншоотнинг осмонўпар мўриларидан йил-ўн икки ой тутун буруқсиб туради. Ўрис амакилар юрт сўраб турган, мачитлар кам, лекин иймонлилар кўп замонларда, алюминми, алламбаломи олиш учун печга ёқилғи сифатида ишлатиладиган анод қуйқасидан ҳосил бўлган «агарка»ни уй шароитида ишлатиш у ёқда турсин, ҳатто олиб чиқиш катта жиноят ҳисобланарди.
«Дурак что ли, это же вредный газ, задохнёшься и умрешь» дейишарди иймонли малласоч тоғалар. қиш қаттиқ келган ўша балиқ йилида, яъни жонкуяр ўрис тоғалар ўз юртларига кўчиб-кўчиб кетган ва юрт тақдири кади каллаларга қолган йили ўша зормонданинг нархи бир қопчасига юз сомонийга чиқиб кетса… Азал-азалдан бобою-бобокалони юввош бўлиб келган оломон, совуқдан қотиб қолгандан кўра, агарканинг ҳидидан заҳарланишни афзал билишди. қирғиз кўмирини айтмайсизми? Халтасига кечаси саёқ юрган дайди ит сийиб ҳам қўймайдиган ўша қиргиз оғайнимизнинг матоси шунчалар қадр топди-ей…, отлиққа топилмай қолди. Агар ҳайру-барака кўтарилган бу юртда, қирғиз кўмирининг нархи бунчалар ҳакалак отганидан Жалолобод ёки, ўшда тушгача бир, пешиндан сўнг яна бир президент алмаштириш билан овораю-сарсон, жанжални пулга сотиб оладиган қирғиз ошналаримиз хабар топса, табиийки, босар–тусарини билмай қоларди.
Одамлар бошига тушган бу бадбахтлик ва кўргулик эвазига олчоқ, фирибгар ва муттаҳамлар нархни кун сайинмас, соат сайин оширишади. Ва кечқурун кўз ёшлар, норозиликлар ва ночорликлар эвазига йиғилган бойликдан фарзандлари оғзига луқма тутадилар. қарабсизки, мачитлари ва имомлари, хожилари ва муллолари кўп, аммо ранги заъфарон бу юртда яна ўғри, каззоб, зўравон ва фоҳишанинг уруғи кўпаяди.
қишнинг кўзга кўринмас, поёнсиз муаммолари кишиларни шунчалар серзарда, гапюқмас қилиб қўйдики, улар бир-бирларига табассум ўрнига хўмрайган нигоҳ ва бир жуфт қишдан ҳам совуқ чақчайган кўзларни ҳадя этишар, ҳавонинг иссиқ кунлари оддийгина кулгу ёки аскияга сабаб бўладиган мавзу ҳозир беихтиёр жанжалга айланиши хеч гапмасди. Улар ҳар тонг илиб қолган кўрпадан истар-истамас сирғалиб чиқиб, ҳали уйқудан қониб қонмаган нигоҳларини самога, ҳеч бўлмаса, офтобнинг шакли-шамойилини кўриш илинжида бирон маъно уқиб бўлмайдиган, кулранг бўшлиққа тикишарди. Бугун ҳам улар орзу қилганчалик қуёшли кун бўлмаслигига амин бўлишгач, баттар тажанг бўлишар, ва бу хуноблик уларни кун бўйи тарк этмасди. қора совуқ таъсиридан мамлакатнинг энг ҳурлиқолари оддий гўзалга, гўзаллар одми одамларга, одмилар хунукка, хунуклар эса, бадбашараларга айланиб улгургандилар. Биз хўп бўлмасада, кўп таърифини келтирган юрт одамлари орасида яна бир тоифа кишилар бор эдики, улар ҳам бўлса маърифат аҳли–олиму фузалолар, шоиру-носирлар ва мусаввирлар ҳар ҳолда қишнинг қаҳрли нигоҳи улар хонадонини ҳам четлаб ўтмаган бўлсада, кумуш қишнинг муаммоларидан ташқари, бетакрор манзарасидан ҳайратланишга ўзларида куч топаолардилар. Унинг дераза ойналарида акс этган ўймакорлик санъатида, дарахт шохларида осилиб қолган қор уюмларида, қир-адирларда майса излаб, тумшуғи –ла қор титкилаб юрган қўй-қўзиларнинг жиққа ҳўл юнгидан кўтарилаётган қўнғиртус буғларда- бу ёруғ олам эгасининг чексиз илоҳий қудратини илғай олишарди.
Ана шундай қаҳратон кунларнинг бирида аср ва шом оралиғи бўлса керак, юпунгина кийинган, йўл териб юришидан ва ўта эҳтиёткорлик билан қадам ташлашидан кўриш қобилияти заифроқ киши шаҳар кўчаларининг биридан кетиб борарди. Юпунгина кийинган дейишимизча бор-эгнига қиш мавсумига хос бўлмаган оқиш ва анча уриниб қолган кузги плашч, бошида қулоқчини ҳам йўқ, қор ва шамолдан бир оз бўлсада паноҳ топиш учун плашчи ёқасини кўтарган ва унинг ичига боши билан кириб кетгудек бўйнини қисиб олган. Кўзида чап ойнаги дарз кетган кўзойнак. Плашчи тагидан ҳам айтарли киши танига роҳат берадиган иссиқ кийими йўқ. Оёғида ранги ўчинқираган ёзлик пойафзол. Уйга шошилмаётгани, ёки бирон зарур юмуш юзасидан кўчага отланмаганлигини унинг оҳиста қадам ташлашидан билса бўларди. Тўғрироғи, айни пайтда қайга ва нима мақсадда йўлка бўйлаб кезиб юрганини унинг ўзи ҳам идрок этолмасди. Шундай бўлсада, пича одимлади. Совуқ забтига олган, шамол аралаш қор ҳамон ёғарди. Изғирин шамол қиялаб ёғаётган қор учқунларидан бир уюмини учириб келиб, йўловчининг юзи аралаш бўйнига сочиб кетди. Бу унга қаҳратонда бир пақир совуқ сув қўйиб юборгандан ҳам баттар алам қилди. Кўзойнагини олиб, шишаларини устки кийимининг этаги билан қордан тозалади. Сўнг, куф-куфлаб пича иситди-да, енги учи билан қайта бошдан артиб, ойнакларини тиниқлаштирди. Юз ва бўйнидаги қорларни сидириб ташлади.
-қиш деганлари ҳам шундай безбет бўладими-а? –ўзича ғудранди у. -Тез –тез ишингни қилиб, бошқа мамлакатларга ўтиб кетавермайсанми? Ўзи шу камбағал юртга қишни ким қўйибди ? Сенам бир жойга ёққинки, свету –гази, ўтину-чўпи беминнат бўлса?!
Ўзича тўнғиллаб, сўкиниб бораркан, гоҳ ўчиб, гоҳ ёниб турган ранго-ранг ва митти чироқчалар ёғдусида атайлаб кўзга ташланиб турган, эшик пештоқига «Спиртли ичимликлар» ёзувли дўкон олдидан чиқиб қолганини ҳам сезмай қолди. Бирдан эсига не мақсад билан йўлга чиққани тушиб кетди. «Аввал шу ерга бир қўниб ўтишим керак, кейин нима иш қилишим ўз-ўзидан маълум бўлади- қўяди»- ўз фикрини астойдил маъқуллади у.
-Э,э,э келсинлар, келсинлар тақсирим, – дўкон мудири Бўрон ака ҳар доимгидай уни илтифот ила кутиб олди. -Ўша ҳар кунлик дозами?- кейин эса жавобни ҳам кутиб ўтирмасдан стаканни тўлдириб ароқ қўйди. Стол устидаги яримлаб қолган қатиқли ликопча, турли- туман газакларни стаканга яқинроқ суриб қўйди.
-қани Олимхон, марҳамат қилсинлар, -Бўрон тоға яна бир бора манзират қилди. Олимхон кўпам куттирмасдан лиммо-лим тўла стаканни бир кўтаришда сипқорди. Кейин бир фурсат оғзи ва бурнини енг учлари билан тўсиб турди. Дарров газакка ёпишмасдан, ҳалиги услубни қўллаш, кўпинча ичкиликнинг ҳадисини олган, узоқ йиллик тажрибага эга бўлган профессионал ичувчиларга хос одат…
-Энди Олимхон ука, мени яна бир бор маъзур тутасиз, Бўрон тоғам яна ўша эски ашулаларини бошлади деб кўнглингизга олманг.
-Ўзи бу касофатни ўйлаб чиқарган ҳам, уни сотган ҳам ахмоқ. Одамларга ароқ кўйиб бир гуноҳ орттирамиз, айниқса, сизга ўхшаган эшонзодаларга шароб тутқазиш билан гуноҳимиз икки ҳисса ортади. Суярхон тоғанинг дамларига дарё тескари оқади. Ўғлимку шу куйга тушибди, бир ёшингиз ўртақироб бўлиб, Сизни нима жин чалди, -деб албатта мендан домангир бўлади-да.
-Майли, шу сафаргиси охиргиси бўла қолсин,- Олимхон ликопчадаги турп бўлакларидан бирини оғзига солиб касирлатиб чайнаркан, даҳанини енг учларига артиб олди. -Ишонинг Бўрон тоға, мана шуниси охиргиси, бошқа оғзимга олмаганим бўлсин! Эҳ-ҳе, сўнгги беш-олти йил давомида Олимхон бундай ваъдаларнинг мингтасини бергандир… Бўрон тоғаси ҳам Олимхоннинг ҳар кун такрорланадиган эчки қасамларидан мингдан зиёдини эшитгандир.
Олимхонга эса, ичкилик аллақачон таъсир қила бошлаган, сархуш бир кайфият ила илиқлик бошидан то товонига қадар забт этган, жаннатий бир роҳат оғушида сузарди. Ушбу ҳолат унинг учун кайфнинг энг авж палласи ҳисобланиб, уни сабрсизлик билан кутар, кайф қушини қўлига қўндириб олгач эса, у билан қўшилиб осмонга кўтарилар, булутлардан-да юқорида парвоз этарди. Шу лаҳзаларда у самовий орзулар оғушида яшар, замин узра амалга оширишнинг ҳеч ҳам имкони йўқ режаларини ўтирган жойида бир зумда ҳал қиларди- қўярди. Сархуш бир ҳолатда ер ва осмон оралиғида муаллақ қотган куйи, гоҳида энг зўр нотиққа айланар, керакли сўзларни қийналмай топаолишига, сўзларни чертиб-чертиб ўз ўрнида ишлатаолишига ва энг асосийси, керакли жойда овозини баландлатиб, зарур бўлганда пичирлаб нутқ ирод қилишига оломон ҳайратланиб боқарди. Менман деган раҳбарни бир оғиз гап билан жойига ўтқазиб қўяр, душманларидан эса, ҳеч кимнинг эсига келмаган ва ишлатиб кўрмаган антиқа усуллар билан боплаб ўч олардики, улар қаршилик кўрсатиш у ёқда турсин, оғиз жуфтлагани улгуролмай қолишарди.
Стул суянчиғига танасини бутун оғирлиги ила ташлаб, кўзини юмганча бир-биридан ширин хаёллар уммонида сузаркан, кўзини очишдан қўрқар, гўёки кўзини очган заҳоти кўраётган туши ҳушга айланиб қолиши муқаррардай, ўзи ёқтирган оламни тарк этишни сира-сира истамасди. Гарчанд, Бўрон амакига «бу охиргиси»- дея сўз берган бўлсада, бу нарсанинг ҳеч қачон охиргиси бўлмаслигига ич-ичидан иймон келтирар, ҳали ваъдалар кўп марта такрорланиб, анча давом этиши, эҳтимол, умрининг сўнгги лаҳзаларигача уни тарк этмаслигини теран идрок этарди. Кайфи тарқаб, ўзига кела бошлагач, ҳалигина кўзига жилвагар ва ранго-ранг кўринган олам, бирам рангсиз, зерикарли манзара касб этардики, атрофида куймаланиб юрган одамлар унинг нигоҳида латта-путталарга ўралиб олган, мақсадсиз тентираб юрган маҳлуқлардай бўй кўрсатарди. Шунинг учун ҳам бу телба оламга тиниқ фикр ва ақл кўзи билан боқишга юраги бетламас, тезда яна ўзи хоҳлаган дунёга қайтгиси келарди. Бунинг учун яна ва яна ичиши керак эди. Токи у соғинган ва талпиниб яшайдиган макон Олимхонни яна ўз бағрига олиши учун…
-Бўрон тоға, яна бир такрорламайсизми?- Олимхон мудирнинг кўзига қарайолмасдан, журъатсизгина сўради. Бўрон тоғаси оғир хўрсинди.
-Олимхон, тақсирим, ҳозиргина ўзлари айтдиларку, – бу охиргиси деб…
-Тўғри шундай дедим, лекин, бугун охирги кун деб айтмоқчийдим, чалкаштириб охирги қадаҳ деб айтворибман, – узуқ-юлуқ қилиб тўнғиллади у. ҳангоматалаб уч-тўртта улфатларга бу гап нашъа қилиб, роса мазза қилиб кулиб олишди. Дўкон мудири стаканга яримлатиб ароқ қўйди-да, сўнг, бошини чайқай-чайқай Олимхон томонга суриб қўйди.
-ҳа эссиз-а. .. эсиз шунча обрў, мартаба, касб-кору, оилаю-бола-чақа.
Наҳот одам боласи машаққат эвазига қўлга киритган шунча ютуқни бир стакан оғуга алмаштириб ўтирса… лаблари пичирлади Бўрон тоғанинг. Олимхон кейинги қадаҳни ҳам бир кўтаришда бўшатди. Кейин нафасини ичга ютганча, кафтининг орқаси билан оғзини бир зум тўсиб турди-да, сўнг узундан –узоқ «уҳ» тортди. Газак қилиш ҳаёлига ҳам келмади. Тағин бориб жойига оғиб чўкди. Кўзларини юмди. ҳалиги ширин ва энтиктирувчи туйғулар, томир-томиригача сингиб кетадиган роҳатбахш илиқлик то уни ўз оғушига олгунга қадар, бир оз кутиш керак. Ичкиликка бу қадар муккасидан кетиши қайси пайтдан ва қай вазиятда содир бўлганини Олимхоннинг ўзи ҳам эслай олмайди. Шуни хотирлайдики, илгарилар онда-сонда, бирон узрли сабаб билан тўй –базмларда, оз-моз оладиган одати бор эди. Духтурнинг кими кўп, ошно-оғайниси-ю таниш- билиши кўп. Бирда ўзи хоҳлаб ичди. Бирда мажбурлаб ичиришди. Хуллас, бора-бора бу одатий ҳолга айланди. Оилавий можаролар тинка-мадорини қуритганда, илмий ишлари олдинга силжимай, бир жойда депсиниб қолганда, ичидаги кўнгилхираликлар авжига минганида ҳам ўзини араққа урди. Аламини ичимликдан олди, унда таскин қидирди. Севара ва болалари уни ташлаб кетгандан сўнг эса, кун ора ичадиган одам, ҳар кун ичишга ўтди. Кун пешиндан оқдими, безовталаниб қолар, соат миллари тезроқ 5-ни кўрсатишини сабрсизлик билан кутарди.
Энг ёмони, кейинги пайтлар иштаҳаси бўғилган, юз граммдан сўнг, кўнгли умуман ҳеч нарса тусамай қоларди. Бора-бора шунчалар журъатсиз одамга айландики, оддийгина муаммони ҳал қилиш унинг учун ўтиб бўлмас тўсиқ бўлиб кўрина бошлади. ҳар гал оғзи қуруқшаб, танаси совуққотгандек қалтирай бошлаши билан кўнгли нима тусаётганини аниқ-тиниқ ҳис этар, лекин, бошқа ичмасликка ўзини қанчалик ишонтирмасин, кўчага чиқиши ҳамон, оёқлари унга итоат қилмаган ҳолда ичимликлар дўконига судрарди. ҳозир ҳам ярим уйғоқ, ярим мудроқ ҳолда ўтираркан, эсига бирдан хотини Севара ва болалари тушди. Бехосдан безовталаниб қолди.
-ҳа, Олимхон ука, доза бироз кам бўлдими?-
Бўрон тоға киноя аралаш сўради.
-Йўқ, гап дозада эмас. Бир жойга зарур юмуш билан боришим шарт эди. Буткул ёдимдан кўтарилибди. ҳозироқ, бормасам бўлмайди.
-Шу ҳолингизга нима юмушни ҳал қилмоқчисиз? -Бўрон тоға яна ўсмоқчилаб сўради. -Оёқда базўр турибсизку.
-ҳолимга жин ҳам ургани йўқ, тоға. Болаларимни бориб кўрмасам бўлмайди.
-Шу изғирин совуқда-я, бемаҳалда-я?- Олимхонни кўрамиз деб кўзлари учиб турганига ҳечам ишонгим келмаяпти-да. Балойи жон бир жойда қоқинибми, туртинибми, йиқилиб қолсангиз борми, бу совуқда тирик қолишингизнинг ўзи даргумон… ҳозир ҳамма иссиқ излаб уй-уйига кириб кетган, ҳувиллаган кўчада ит эгасига боқмайди.
-Жуда соғиниб кетдим уларни, кўрмасам бўлмайди…
-Соғинган одам барвақтроқ тадоригини кўради. -Болаларинг ўз йўлига-ю, сен бола бемаҳалда бир ғалвани бошламасанг эди. Кошки қайнотанг билан қайнонанг гапга етар одам бўлса… Юракни ғаш қиляпсанда, бола… ҳалиям бўлса, фикрингдан қайт. Эртага, кундуз куни борарсан…
Олимхонни кўндириб бўлмасди. У гандираклай –гандираклай кўчага чиққанида совуқ забтига олган, гарчи қор тўхтаган бўлсада, муздек заррачалар юзга келиб уриларди. ҳайҳотдек кўчаларда ҳеч ким кўринмас, машиналар қатнови ҳам тўхтаган, изғиринда симёғочлар шохига илинган чироқлар ғийқиллаб у ён-бу ён тебранарди. Олимхон атайлаб бирда-ярим йўловчи машиналарнинг кўзи тушсин, дея симёғочдан таралаётган шўъла остида турди. ҳадеганда машина кўрина қолмас, узоқдан бўлсада, бирорта моторнинг гувиллаши қулоққа чалинмасди. Совуқ ва изғирин шамол юпунгина кийинган, ёзги пойафзолдаги Олимхоннинг жон-жонидан ўтиб кетди. Бироз бўлсада, танасига иссиқ югурсин учун, турган жойида депсина бошлади. Ярим соат оралиғида иккита енгил машина паст тезликда олдидан ўтиб кетди. Олимхон машина устига ўзини ташлагудек бўлиб, олдидан кесиб чиқса ҳамки, эътибор беришмади. Чайқалиб тургани панд бердими, бирон пияниста деб ўйлашдими, хуллас, тўхташмади. Кутишни ҳам, кетишни ҳам билмасдан иккиланиб тургандики, кўча бошидан бир жуфт чироқнинг ёғдуси таралди. Ортидан машина моторининг кучаниб гувиллаши қулоққа чалинди.
«Барибир буниси ҳам тўхтамай ўтади», – умидсизланди Олимхон қўл кўтаришга ҳам ҳафсаласи келмай. ҳаял ўтмай, машина унга томон яқинлашди-ю, тезликни пасайтириб, Олимхоннинг ёнгинасида тўхтади.
-ҳа, духтир ака, бемаҳалда совуқда турибсиз бундай, – рул чамбарагини тутган ёшгина ҳайдовчи йигит, эшик ойнасини бир оз пастга тушириб, унга сўз қотди.
-Шу зарур бир иш билан кўчага чиқувдим десангиз, соатга ҳам қарамабман, ростдан ҳам бемаҳалда кўчага чиқдим шекилли…
-қаерга кетаётгандингиз?
-Заҳматкаш томонга.
-Эҳе, йўлим тамоман бошқа тарафга эдику, ака!
-Жон ука, бормасам бўлмайдиган иш.
-Нима, бирон касалингиз борми?
-Шундай деса ҳам бўлади.
-Майли тўхташга тўхтадим, энди сизни ҳам ноумид қилмай… лекин, духтур ака, мени маъзур тутасиз, таниш бўлсангиз ҳам, бепул олиб кетишга ҳечам иложим йўқ. Йўлнинг аҳволини қаранг. Бензин ўлгурнинг нарх-навосига қаранг.
-Пул сиздан айлансин ука! ҳожатимни чиқарсангиз бўлгани- Олимхон эшикни очиб, ҳайдовчи ёнига ўтираркан, машина салонига ароқнинг гупиллаган қўланса ҳидини ўзи билан олиб кирди. ҳайдовчи бурнини бир жийириб қўйди, сўнг бир муддат ёнидаги эшик ойнасини очиб қўйиб, машинасини ҳайдаб кетди. Заҳматкашдаги таниш дарвоза олдида Олимхонни тушираркан, қайтасизми, кутиб турайми, дегандек имо қилди. Олимхон ҳам, кетаверинг, ҳали ишларим кўп дегандай жавоб қилди.
Дарвоза ҳадеганда очилавермади. Устма –уст тақиллайвергани- данми, аввал эшикнинг ғайқиллаб очилгани, сўнг, эркак кишининг томоқ қириб йўталгани эшитилди.
-Ким у?-норози оҳангда сўради ҳалиги овоз.
Унга жавобан Олимхон бу сафар дарвозани оҳистароқ тақиллатди.
-Ким у деяпман, – қаҳрга йўғрилган овоз яна сўради.
-Ббу-м-мен… Олимхон …. заиф овозда мужмалгина жавоб қайтарди у.
-қанақа Олимхон…. яна…бемаҳалда ким уни чақирибди бу ёққа…
-Менман, куёвингиз Олимхон…
-Нима?-дарвозани очишга астойдил келаётган шарпа таққа жойида қотди… «Куёвингиз» деган сўз қулоғига «ёвингиз» бўлиб эшитилдими, миқ этган садо ҳам чиқмади. Сўнг, тезда изига қайтди. Шу лаҳзада уйнинг бошқа аъзоларининг уйқусига ҳам чок-чокидан дарз кетди, чоғи, гангир-гунгур овозлар кўпайиб қолди.
-Кимман деяпти, – хойнаҳой бу қайнонасининг овози эди.
-Ким бўларди, анови саёқ ит, босмачининг боласи!
-қайси босмачининг- ўсмоқчилаб сўради қайнонаси.
-Босмачи кўп ўтган бўлса, ярим кечаси биттама битта отини эслаб чиқайми? Ўзимизнинг босмачи – куёвингизман деяпти.
Шу гап кифоя қилди чамаси, қайнонасининг уйқуси узил-кесил ўчди, анча серҳаракат бўлиб қолди. Энди йўлакда бир эмас, икки кишининг шарпаси пайдо бўлди. қўлларида чироқми, фонусми нимадир тутиб олган бўлсалар керак, аввал йўлак узра, сўнг, дарвоза тирқишига шуъла таратди. Олимхон ичганини ва чайқалиб турганини сездирмаслик учун бор куч ва матонатини ишга солиб, зўр бериб дарвоза тутқичидан ушлаб турар, гаплари пойинтар-сойинтар чиқмаслигини ўйлаб жони ҳалак эди, шу онда. Аксига олиб, дарвозанинг айнан Олимхон тутиб турган тавақаси зарб билан очилди. Дарвозага қўшилиб, у ҳам гандираклаб ичкарига кириб кетди. Кутилмаганда, қайнонасининг оёғини эзғилаб босиб олди. Уйимизга бостириб кирди деган ҳаёлга боришди чоғи, жон понлари чиқиб кетаёзди. қайнота –қайнона бири қўйиб, иккинчиси Олимхонни туртиб ниқтаб ташқарига судрашди. У ичкарига тасодифан қанчалик шитоб билан отилиб кирган бўлса, ундан-да тез ташқарида пайдо бўлди.
-ҳе, такага ўхшаб, сасимай ўл, ичганнинг зўридан вақт алламаҳал бўлганини ҳам билмай қолган, – сўкинди қайнотаси Панжи мелиса.
-Ассалом, азизлар, – воқеанинг бунчалар тез ривожини кутмаган Олимхон узуқ-юлуқ гап бошлади. -Узр, менинг силарни безовта қилиш ниятим йўқ. Болаларни бирровгина хабар олиб кетай девдим.
-Нималар деб алжираяпти, у қанақа бола яна?
-Ўзимнинг болаларимни демоқчийдим, – чайналди Олимхон.
-Менга қара, ўв пияниста, ёз ўтди, куз ўтди, энди қирчиллама қишда, унинг устига тун ярмида боланг эсингга тушиб қолдими? Сенга бола нимага керак? Бутилкангни қучоқлаб ётавермайсанми? Cен учун хотин ҳам, бола ҳам ўша!… Энди тур даф бўл бу ердан, қорангни ўчир.
қайнотаси важохат билан дарвозани ёпмоқчи эди, Олимхон бир оёғини ичкарига тираб, бунга йўл қўймади.
-Йўқ! Болаларимни кўрмасам кетмайман! Ёки, кўриб кетаман, ёки уларни ўзим билан олиб кетаман.
-Нима, нима, ҳўв ароқхўр, ҳали шу кунинг ҳам ортиқчалик қилиб қолмасин тағин. Умрингни қолганини турмада чиритиб юбормайин яна, кечаси бемаҳалда, маст ҳолатда кимсан ҳуқуқни ҳимоя қилиш органи ходимининг уйига бостириб киришингнинг ўзи, етарлича дастак бўлаолади. Можаро шу ерга етганда, ҳовли саҳнидан «ким билан бунча тортишяпсизлар?» деган овоз келди.
Бу шубҳасиз, Севаранинг овози эди.
-Ким бўларди, э ….., қайнонаси эринг демоқчимиди, ёки дарвоза олдида тебраниб турган нусхани қизига эр деб айтишни муносиб кўрмадими, биринчи бўлиб тилига келақолган ҳайвоннинг отини атаб қўя қолди.
-Ким бўларди, анави эшшак…
-Мен ўзим гаплашаман у билан, силар ичкарига киринглар, -Севара уларга қатъий буйруқ қилди. Ота-онаси чор-ночор ортга тисарилишди.
-Хўш, нега келдингиз, – ким чақирди сизни бу ерга? -қоронғуда бўлсада, бемалол уқса бўладиган чақчайган нигоҳларини унга қадади Севара.
-Мен сизга узил-кесил жавобимни айтганман. Сизни ҳеч қачон севмаганман ва эрим деб ҳисобламаганман. Сиз билан ярашиш ва яшаш ниятим ҳам йўқ. Болаларга келсак, мутлақо умидингизни узинг. Мен тирик бўлсам, уларни сизни «дада» деб чақиришига йўл қўймайман. Гап тамом, қанча даъвонгиз бўлса, судда кўришармиз…
Дарвоза тақа-тақ ёпилди. Олимхон яна анчагача серрайиб туриб қолди.
Бақир –чақирга қўшнилар ҳам безовталанди чоғи, бир ҳовлидан эркак кишининг йўталгани, яна биридан чақалоқнинг биғиллаб йиғлаши эшитилди. Олимхоннинг сархушлигидан асар ҳам қолмади. Яна бир оз турса, иш баттар чувалашиб кетишига ақли етди чоғи, ортига қайтди. Заҳматкашнинг бўри увиллашини эслатувчи изғирин шамолли кўчасидан кетиб борар экан, беихтиёр заводнинг тунги сменадаги ишчиларни ташувчи автобуслар турадиган бекатга келиб қолди. Тунги соат ўн иккими, ёки иккимиди, ҳар қалай бекатда автобус қорайиб кўринарди. Олимхоннинг кўнгли бир оз ёришгандек бўлди, ҳар қалай шаҳарга уловда етиб олади-ку. Автобус ҳам кўп куттирмади. Ўн –ўн беш чоғли ишчиларни олиб, йўлга равона бўлди. Олимхоннинг кўнглига уй ҳам сиғмади. Ўзини ҳеч қачон бунчалар хўрланган, йигитлик ғурури топталган ҳис этмаганди. ҳозирда биёбондай тап-тақир ва яйдоқ кўнгли ҳувиллаб қолди. Тўғри, поликлиникага иш кабинетига кирди. Эшикни очиши билан юзига илиқ харорат урилди. Бир томони жуда толиққанидан, иккинчидан қора совуқ суяк –суягидан ўтиб кетганиданми, стулга ўтириши билан мудроқ боса бошлади. Ноилож шкаф тортмаларидан қоғоз тахламларини топиб, болиш ўрнига стуллар устига тахлади. Шундан сўнг, стуллар устига узала тушиб ётди. Баданига сал бўлсада, илиқлик югуриб, танаси ҳам аввалгидек тақирлаган ўриндиқларнинг совуқ нафаси ўрнига, аллақандай хуш ёқувчи мулойимлик сезди. Танаси зил-замбилдай оғирлашиб, оёқ бўғимларида сим-сим оғриқ пайдо бўлди. Чарчоқ устун келиб, росаям ҳолсизланган эканми, омонат бўлса ҳам, стуллар узра бемалол чўзилгач, қовоқлари оғирлашиб, кўзлари ўз-ўзидан юмилиб кетаверди. Лекин, тизгинсиз ҳаёллар тўфони уйқуга имкон берармиди?!
Худди ҳозиргидай, аниқ эсида, уни илк бор Жумҳурият газетаси редакциясида учратганди. Ўша куни пойтахтга дўсти-шоир Собир Иброҳимни атайлаб кўргани келувди. Аксига олиб, аллақандай топшириқ билан чиқиб кетган экан, анча фурсат кутишга тўғри келди. Вақтини қизғандими, ҳафсаласи пир бўлдими, сабри чидамай ортига қайтди. Энди даҳлиз охирига келувди, қараса, дўсти навниҳолдек бир қиз билан зинапоя бўйлаб, иккинчи қаватга кўтарилаётган экан. Токи, улар юқорига чиқишгунча, одоб юзасидан, йўл бериб тепада қараб турди. Собир Иброҳим Олимхон билан кўриша кетди. Дўстининг қизиқсиниб қарайверганини сездими, ҳамроҳини унга таништирди.
-Бу кичик мухбиримиз, яқинда ишга келган…
-Яхшимисиз, муллака?- қиз назокат-ла салом берди унга. Олимхон унинг саломига алик оларкан, тузукроқ разм солди. Шу аснода, юрагининг бир чеккаси «жиз» этганини аниқ сезди. Пастга тушаркан, аллақандай куч, бунга ҳанузгача ақли етмайди, илинжми, умидворликми, уни ортига ўгирилиб қарашга мажбур этарди. Ўзидан анча олислаб улгурган, сарвқомат мухбир қиздан нигоҳини узолмасдан, бир зум карахтланиб туриб қолди. Сўнг, ич-ичидан, бутун вужуди-ла хитоб қилди.
…Ё, раббим, менингдек бир ғариб қулингнинг зим-зиё қалбига бир тутам шуъла сочмоқни истасанг, шул паривашнинг дилига раҳм солгил! Лоақал, бир мартага ортига ўгирилиб қарасин! Мободо, бу ёруғ оламда, заррадек адолат ва тиниқ ҳиссиёт бўлса, менга қайрилиб қарамоғи бор? Ўгирилиши керак, мана, хозир… Чиндан ҳам мўъжиза рўй берди. қиз аввалига қадамини секинлаштирди. Сўнг тўхтаб, елкаси узра Олимхонга қайрилиб боқди. Олимхон унинг истиқболига шошилди. қизнинг жон олгувчи оташ нигоҳларида,, ойдан ойдин оразларида, ўзига бўлган қизиқсиниш ва итоаткорлик ифодасини кўргандай бўлди.
-Сиз чиндан-да гўзалсиз, сиз маликасиз, қизгина… деди Олимхон энтикиб. Мен фақат шуни айтмоқ учун истиқболингизга шошилгандим….
-Биламан буни ўзим ҳам биламан… – деди қиз ҳам унга жавобан…
Олимхон унинг офатижон қароқларида, яна бир муддатлик савол-жавобга мойиллик зоҳирлигини илғагандай бўлди. Лекин, қўққисдан қилган жавобидан каловланиб қолди, зинапоя суянчиғидан ушлаб, пастга туша бошлади.
-Хайр, – деди қиз ҳам унинг ортидан ханг-манг тикиларкан. Кейинчалик Олимхон ўзи сезмаган ҳолда, мухбир қиз ишлаётган бинога жуда серқатнов бўлиб қолди. Гарчи, неча йиллардан буён, шифокор сифатида газета саҳифалари орқали кўпчиликка танилиб қолган, қўлёзмаларни дахлдор бўлимларга тарқатишни яхшигина билсада, хатлар бўлимига уни атайин кўргани кирар, шу баҳонада ўрталаридаги ётсираш ва тортинчоқлик пардалари кўтарилгандек бўларди. Исми Севара экан. Юлдузлари бир-бирларига тўғри келдими, тезда элакишиб кетишди. Кейин эса тўйлари бўлди. Орадан шунча йиллар ўтибдики, тўй ҳақида гап кетгудек бўлса, унинг юзлари тундлашади. Ички бир дард ва хўрсиниш билан эслайди у кунларни… Олимхон ётган жойидан, ўнг ёнбошига ағдарилди. Назарида елкаси ва бели тарашадек қотиб қолгандек бўлди. Тўғри-да, пар ёстиғу, юмшоқ кўрпаларга бурканиб ётганмидики, мумдек эриб, ширингина уйқудан керишиб уйғонса? Унинг бир ёнга ағдарилганидан норозидай, майиб-мажруҳ стуллар ҳам бирваракайига «инграб» юборишди.
Уларнинг бўлғуси ҳаётига илк бор тўй куни оғу аралашди. Йўқ! Йўқ! Тўй куни эмас, аниқроғи, тўйдан олдин… Унинг асорати шу кунгача, икки фарзандли бўлишибди ҳамки, ҳали ҳам кўланка ташлаб турибди.
-Олимхон ака, Сиздан бир нарсани илтимос қилсам, майлими,- Севара ундан сўради.
-Майлингиз, бугун не десангиз, хизматингизда Олимхон акангиз «лаббай» дея тайёрда!
-Шундай дейишингизни билардиму барибир, бир мартага бўлсин, олдингиздан ўтгим келди-да.
-Лаббай жонидан…
-Нима десамикин, ҳалигидақа, анув дадангизнинг кийинишлари бизникиларга антиқа кўриняпти. Вечер пайти ҳам, шу уст-бошларида бўладиларми?
-Хўш, нима бўпти кийимларига?-ажабланиб сўради Олимхон.
-Айтмоқчиманки, авжи саратон вақти ҳам, оёғига этик киядими киши, ҳамма битта кўйлакда, ўшанда ҳам иссиққа тоби тоқатлари етмай, ҳансирашяпти-ю, дадангиз жун костюмда, унинг устидан желакми, чекмонми нима кийган?
-ҳар ким ўзига маъқул бўлганини танлаб кияди-да, нима маслаҳат берасиз, олтмишга кирган чол, жинси шим кийиб, оёғига крассовка илиб олсинми?
-Йўқ, тушунмадингиз чоғи, – яна бидирлаб ўзиникини маъқуллади. Севара- кўряпсиз-у, бизникилар билан борди-келди қиладиган одамларнинг ҳаммаси маданиятли, замонавий, казо-казолардан…қанча-қанчасидан менга бир вақтлар совчи ҳам келган…Бизни босиб ўтиб, кимни танлади экан, -дея фурсат пойлаб турганларининг сони нечта? демоқчийдимки, вечер пайти дадангиз аралашмасалар. Бирон хонага жой қилиб беришади. Оёқларини узатиб, бемалол дам олишсин. Акангиз у кишининг ўрнидан айланиб турар… Олимхон лом-мим дея олмай қолди. Тўғрироғи, масаланинг бу тариқа кўндаланг қўйилишини, ҳечам хаёлига келтирмаганди, нафасини ичга ютди. Кейин билса, ўшанда нафас билан бирга йигитлик ғурурини, ор-номусини, ҳаттоки, оддийгина инсонийлик шаънини ҳам қўшиб ютган экан?
«Ажойиб таклиф бўлди-ку? Бир парча этни оқ ювиб, оқ тараб, вояга етказиб уйлантирсалар-у, битта шаҳарлик мегажинни деб, аллақайси қаланги-қасангиларга ёқинқирамай, ўз пушти-камаридан бўлган зурёдининг тўйини кўраолмай, бир бурчакда сиғинди бўлиб, ўтирсинми? Мени кечирадилар-у, ойимтилло, агар бу топилмас матоҳнинг уруғини қўқондан келтиришган бўлса ҳам, ҳаттоки бир умр хотинсиз қолиб кетган тақдирда-да, бу шартингизга кўнмасман… Гапингиз ўзингизга сийлов… Энди, марҳамат қилиб, кўтаринг товуқ шўрвангизни… Севарани вақтида аччиқ-аччиқ узиб олмагани учун ҳануз-ҳанузгача ўзини кечира олмайди. Эҳтимол, ўша пайтдан бошлаб жиловини ўз қўллари билан хотинининг қўлига тутқазиб қўйгандир? Эҳтимол, аёл кишининг етмиш икки эшакка юк бўладиган ҳийла-найранги олдида ожиз эканлигини ўша он ошкора намоён қилгандир? Ажабмас, бундан ҳам даҳшатли хатоларга йўл қўйган бўлса, ўшанда?
-Нима силар ўтиргани келганмисанлар, туринглар жилла қурса, хамир-памирни кесишга қарашиб юборинглар, -келин бўлмишнинг уламасоч опаси шанғиллаганча қуда хотинларга буйруқ қилди. Шу сўзларни юм-юмалоқ, бўғирсоқни эслатувчи, семизликнинг зўридан оғзи қолиб, селкиллаган корсони билан нафас олаётган опаси тап тортмай айтди. Атайин, баралла эшитсин учун, нақ уларнинг қулоғи тагида шанғиллагандай бўлди. Олимхоннинг онаси ўзи бошлаб келган хотинлар олдида уят ва ор-номуснинг зўридан ер ёрилмадики, кириб кетса… Бу ёруғ оламда, ўзи туғилиб ўсган қишлоғу, Бойсун тоғининг жилвагар чўққилари, нари борса ноҳия марказидан бошқа жойни кўрмаган қишлоқи кайвонилар, шаҳарнинг бало-қазодай қақилдоғлари олдида ўзларини йўқотишди-қўйишди. На бир-бирлари билан гаплари қовушди, на ўтиришларида ва на туришларида ҳаловат бўлди. Айниқса, ўқимишли ўғлининг раъйига қараб, шаҳарлик келинга рози бўлган бечора Гулсумгинанинг Норбегим кайвонининг олдида неча пуллик одам бўлди? Неча марталаб, орқаворотдан бўй етган қизи Ширинни Олимхонга бўлсин деб, онасига гап жўнатди. Ахийри ўзига ҳам айтди. Гулсум ая, «ўқиши бир ёқлик бўлсинчи, боланинг фикрини бўлмай» дея гапни илмоқли қилди. ҳозир Норбегим аянинг кўзларига қарай олмасада, ичидагини уқиб ўтирибди.
«Ўл-а, танлаб-танлаб, хўпам тозисига учрабсанми? Жуда агар зуваласи тиллодан бўлса ҳам, ўша келин бўлмишнинг, мунча хор бўлиб, оёқ ости қилдирасан, ўзингни? қойил бўлмадим, сенга Гулсум? Болангни ўғил бола қила олмабсан? Боланг номусли бўлганда сену мени мусофир юртда, манови итларга талаттириб қўймасди».
Кайвони ичида айтсин, ташида айтсин, барибир ҳақ эди. Дархақиқат, Олимхонда номус, орият деган нарсадан отлиққа топилмади. Магар бўлганида, ўзи ҳам шу кунгача бу куйларга тушмаган бўларди. Бечора онаси тўй тугаб йўлга чиққунга қадар ўғлидан пинҳона юм-юм йиғлади. Отаси нажот излаб ўғлига термулди. Сўтак ўғилдан шунда ҳам жонга оро кирадиган садо чиқмади. «Менинг хаётимда бир марта бўладиган бахтли кунларимда, падари бузрукворим ёнимда турмас экан, бунақа писмиқ тўйнинг менга кераги йўқ» дейишга ҳам ярамади.
-Агар менинг болам бўлсанг, ўзингни эркак деб билсанг, -отаси ғазабини бошқа тия олмади, ижарага бўлса ҳам уй олиб чиқиб кетасан! Сенга гапим шу! Йўқ! У отаси орзу қилганчалик унга муносиб ўғил ҳам бўлаолмади, эркаклигини ҳам исбот қилаолмади. Аксинча, ичкуёв деган тавқи-лаънатни бўйнига илиб олгач, бир умрга измини хотинининг қўлига қўш қўллаб топширди. Олимхон инграб юборди.
-Олимхон, -сен одаммассан, шунчаки, одам қиёфасидаги махлуқсан холос. Пайғамбардек падари бузрукворингнинг юзига оёқ қўйдинг, табаррук насихатларини нописанд қилдинг, ботқоққа итқитдинг, ўз тенгингни топмадинг. Разилсан, пасткашсан, орсиз-номуссиз, инсоний ғурурдан бебаҳра қолган айри танасан холос… Хотин деб отанинг дилини сиёҳ қилдинг, кўзига тик қарадинг, овозингга эрк бердинг. Энди кимсан, нимасан, хотинпарварлигинг нималарга олиб келди? Бир ёшинг қирққа қараб кетяпти. Уйда хотин, икки фарзанд, аҳволингга бир қара… Мурдадек совуқ курсилар устида, итни боғлаб қўйса турмайдиган ҳайҳотдек совуқ хонада кафанингга ўраниб ётганингни кўр. қарийб уч йил бўляптики, аҳволинг шу, ит ётиш, мирза туриш. Бир оғиз сўз билан ўн йиллик рўзғорлари остин устун бўлиб кетди-я? Болаларини эсласа, юраклари туз сепгандай ачишиб кетади. Ўша оллоҳ қарғаган кун Севара иккаласи можаро талашишяпти-ю, икки боласи кўзлари мўлтираб, жовдираганча уларга тикилишади. Гўё, олдиндан бошларига кўланка ташлаб турган хавф-хатарни сезгандай. Маъсум болаликнинг беғубор ва тиниқ хиссиётлари ила яқин кунлар ичида, бошларига тушажак етимлик балосини теранроқ англагандир эҳтимол… Олимхоннинг юрагини садпора қилган, умид учқунларини шамдек сўндирган бир-биридан совуқ ва заҳарли сўзлар ҳанузгача унинг қулоғи остида жаранглайди. Гўё, ҳозиргина шу дақиқаларда айтилгандай…
Агар зарурати туғилиб қолса, бошдан-оёқ, бир жумлани туширмасдан ёки қўшмасдан такрорлаши мумкин. Умрбод, юрагининг қат-қатларида игна билан санчиб битилгандек, муҳрланиб қолди, бу сўзлар…
-Олимхон ака, биласизми, мен Сизга кўпдан буён муҳим бир гапни айтолмасдан изтиробда эдим…-деди ўша куни Севара. Ўша машъум сирни ўн йил ўтяптики, қалбим тубида пинҳона яшириб келаман. қарасам, бундан буёғига бардошим етмайди. Икки юзламачилик қилиб яшашга тоқатим тугади. Агар шу бугун, ҳозирнинг ўзида юрагимни бўшатиб олмасам, бир фалокатга гирифтор бўлишим, эҳтимолдан холи эмас. Биламан, Олимхон ака, Сиз учун бу гапларни эшитиш, айниқса, суйган аёлингиз оғзидан, ўлим билан тенг, ундан-да даҳшатлироқдир. Лекин, айтишга мажбурман… Бошқа чорасини топаолмадим.
Мен…Мен…Сизни… ҳеч қачон севмаганман. Олимхон ака, ишонинг, гапларим ҳаммаси рост. Айни сонияларда виждоним нимани буюрса, шуни адо этяпман. Ростим, Олимхон ака, мен сизни ҳеч қачон севмаганман, бундан кейин ҳам севаолмайман.
Олимхон ҳақоратомўз сўзлар таъсирида карахт бўлиб турар, миясига жўялироқ бир фикр келиши айни пайтда, амри маҳол эди.
-Севара, сенга бирон кор-ҳол бўлдими? Ёки, тобинг йўқми? Нималар деб алжираяпсан? Умуман қаёқдан топдинг бу алжойи-салжойи гапларни?
-Йўқ! Мен жиддий гапиряпман, Олимхон ака! Агар, яна бирор йил бағримда кўтариб юрсам, бу мабҳум сирни, миям ғовлаб, телба бўлиб қолсам керак. Булар сиз ўйлаганчалик алжойи-салжойи гаплар эмас. Балким, иккаламиз умид билан қурган, тўғрироғи сиз қурган турмуш кошонасининг тақдири қил устида турганлигидан огоҳ бергувчи фарёдидир, билсангиз… Фақат сиздан ўтиниб сўрайман, Олимхон ака! Гапларимни бўлманг, сабот билан охиригача эшитинг. Кейин майли, нима қилсангиз қилинг, не деб ҳақоратласангиз ҳаққингиз бор… Чунки, мен ҳаққи-ҳалол никоҳингиздаги заифангизман. Мени вафосизликда айблайсизми, ўз эрининг ғурурини поймол қилган суюқоёқ дейсизми, наҳс ботқоғига ботган, ношукур банда деб атайсизми, бу Сизнинг ҳукмингизга ҳавола. Оилавий масалага келсак, онам билан отамнинг қистови билан Сизга турмушга чиққанман. Чунки, ўзингиз тушунасиз, қиз боланинг ёши ўтинқираб, уйда ўтириб қолдими, шунга яраша гаплар, сўзлар ҳам кўпаяди. Бундан буёғига уйимизда менинг эмас, кўпроқ ўша узун-қулоқ гапларга барҳам бериш хусусига тортишувлар бўларди. Сизнинг олдингизда мен ўта дидли, фаросатли, кўхликкина, ўзини тутган босиққина қиз, тенгини тополмагани учун, остонада совчилар сийраклашиб қолган, энди эса, узоқ вақтлар излаганим, кутганим-Сизни учратиб, ўз бахтимдан масрур киши сифатида бўй кўрсатишим керак эди. Мен умрим давомида бир марта виждоним амрига қулоқ тутмай, унга қарши иш қилдим. Ўшанинг жафосини ўн йилдан бери тортаман. Жоним азобда, руҳим изтиробда. Инсон ўзи суймаган, жирканадиган нарсани зўрма-зўраки тил билан суйдим дегани билан дил тан олмас экан. Сизнинг ҳар бир бўсаларингиздан сўнг, бир ўлиб, бир тирилардим. На эркалашларингиздан, на суюшларингиздан, заррача бўлсин, балоғатга етган эркак кишининг қўли бошини силаши билан, мушукдек юввош тортиб, унинг бағрига кириб кетганини билмай қоладиган заифа сифатида ҳаловат топмасдим. Аксинча, жирканардим, жазавам тутиб, бор шаҳвоний ва ишқий эҳтиросларим ҳам сўнарди. Сабаби, Сизда хаёлимда сийрати тикланган, мен орзу қилган йигитга хос бўлган сифатларни мисқолча бўлсин топаолмасдим. Атайлаб, шундай фазилатларни Сизда кўргим келарди, лекин, қанчалик қидирмайин, топмасдим. Мен истаганларнинг барчаси оилали, ўйнаши бор, мени истаганларни эса, мен оламимга сиғдираолмайман. Сиз билан неча йил бирга турмуш қурган бўлсак, менга негадир, омонатдай, бугун бўлмаса, эртага қулаб тушиши муқаррар бўлган иморатга ўхшарди. Тунлари юмшоқ таним оғушингизда бўлгани билан, Сизга нисбатан ўзимда, озгина бўлсада, илиқлик ёхуд, ҳарорат сезмасдим. Баъзан ўзимни-ўзим ёмон кўриб кетаман. Бунчалар тошбағирсан, бунчалар бемеҳрсан, аёл киши шу қадар дийдаси тош қотган бўладими-дея фарёд чекким келади. Бир бечора юртидан воз кечиб, ота-онасининг паноҳидан йироқда, мусофир юртларда сенинг бир оғиз ширин сўзингга, садоқатингга зор бўлиб юрсаю, сен уларнинг бир парча этдан фарқи йўқ юрагинг қатидан шул шўрликка бир томчигина бўлсин, меҳр булоғи кўз очмадими? ҳуснига нон ботириб ейсанми? қўлида гулдай ҳунари бўлса? Бошқалар ҳавас қилса арзигулик касб- кори бўлса? Тўртта одам чақириб, иззат –ҳурматини жойига қўйса, икки одамнинг иши тушиб, олдига бош эгиб борса? Яна нима керак, сенга? Бошингда эр деса айтгудек эринг, суянчиғинг, ҳимоячинг, тўшагингда сенинг шаҳвоний ва ишқий нафсингни қондирадиган эркагинг бўлгандан кейин, яна нималарга орзумандасан? Ўткир ақлу-заковатинг, фалсафий мушоҳидаларинг билан гўрга борармидинг? қайси аёлдан, пайғамбар чиқибдики, сендан чиқса? Ўзимни ўзим ҳар қанча тергамайин, инсофга чақирмайин, лекин, юрак савилга буйруқ бериб бўлмас экан, қалб амрига бўйин товлаб бўлмас экан. ҳечам тан олмайди, ўз билганидан қолмайди. Сиз эса, менинг туйғуларим, дил изтиробларимдан мутлақо бехабарсиз. Улар Сизга тамоман бегона. Аслида сизни ҳам тушунса бўлади. Эр сифатида шаръий никохингиздаги жуфти-ҳалолингиздан ҳар қанча харорат, меҳр ва аёллик бурчини талаб қилмоққа ҳақлисиз. Мен эса ўзимни Сиздан олиб қочганим, Сизга бепарво ва лоқайд бўлаверганим сайин, кўпроқ талпинасиз, буни ўзингизча аёлларнинг ўз қадру-қимматини бир поғона бўлсада, юқорига кўтариш учун, қилинаётган навбатдаги нозу фироқ деб тушунсангиз керак-да. қай йўл билан бўлсин, менинг муҳаббатимни қозонишга жон-жаҳдингиз билан киришасиз. Кечалари нафасларим қайтгудек бўлиб, иссиқ оғушингизда тўлғанарканман, «дод» деворгим келади. «ҳой йигит, -дегим келади, Сизнинг юзингизни ўзимга қаратиб-мунча ўзингизни хўрлайсиз, оёқ ости қиласиз, суймаганга бунчалар суйкаласиз? Севмаганман Сизни, севмайман, тушунасизми, йўқми, шуни, бундан буён ҳам севмайман. Эркакмисиз, ёки тўнкамисиз, -ўзингизнику қадрингизни билмас экансиз, ҳеч бўлмаса мени ўз ҳолимга қўйинг. Хотин деганнинг уруғи шунчалар камёб бўптими? Нима бало, оналар қиз туғишни бас қилибдиларми? Орият, ғурур деган нарса борми, ўзи Сизда?
– Олимхон ака! Эҳтимол менинг гапларим Сизга эртак мисол бўлиб туюлаётгандир? Минг афсуски, буларнинг ҳаммаси бор нарсалар, аччиқ ҳақиқат… Сизга бегона меҳрим фарзанд кўргач, ҳеч бўлмаганда болаларимга оналик меҳри бўлиб қайтадими дегандим, шу йўл билан ўзимни овутмоқчи эдим, йўқ, барибир бўлмас экан. Сиз эса, кейинги йиллар ўғил туғиб берасан, деб ҳоли-жонимга қўймайсиз? Нима, ўғил туғиш менинг қўлимдан келмас эканми? Лекин минг турли баҳоналар, аёллик ҳийла-найрангларим билан Сизни чалғитардим. Икки фарзандимиз сал оёққа туриб олсин, сал ўзимга келиб олай дея Сизни чиппа-чин ишонтирардим. Сизни кўра била туриб, алдардим-у, виждоним олдида жилла бўлсада, уялиб ҳам қўймасдим. Аслида эса, Сиздан фарзанд кўришни асло-асло истамасдим. Билсангиз агар, аёллар ўз суйган кишисидан жон-жон деб фарзанд орттиришни ёқтиришарди. ҳар ҳолда, аёл кишининг бошида ақл-фаросат бобида ўзидан бир неча поғона устунликка эга бўлган эркак киши бўлгани маъқул экан. Мен шундай кишини узоқ йиллар орзу қилдим. Лекин, не қилайки, бўйимдек бўй топдим, аммо кўнглимдек кўнгил топмадим. қисқаси, эр киши ўз аёли учун ярим пир-деган тушунчани ҳазм қилаолмадим. ҳусн бир мартага бериладиган неъмат, ундан ҳар лаҳза, ҳар дақиқада фойдаланиш лозим деган ақида билан яшаб келдим. Бошимда эрим бўла туриб кирмаган кўчам, қилмаган бузуқчилигим қолмади. Шунчалик наҳс ботқоғига ботиб, яна ҳеч нарса кўрмагандек умргузаронлик қилишни виждоним қабул қилмайди. Мен бўлганимча бўлдим. Энди сиз менинг касофатимга, мен бегуноҳ болаларимнинг уволига қолмайин. Аёл киши учун гарчи у севмасада, севилишнинг ўзи катта иноят экан. Мен шу пайтгача буни инкор этиб келдим. Ўзимга муносиб, мен хоҳлаган ва мен орзу қилган муҳаббат ахтардим. қидирганим эса, мени зиёфатларга, ишратхоналарга етаклаб кетди. Ахийри, шуни англаб етдимки, ҳиссиётга, эҳтиросларга эрк бериш чоҳга элтаркан.
Олимхон тошдек қотиб турар, Севаранинг бундан буёнги сўзлари қулоғига ҳам кирмасди. Кўнгли бир зумда ўғри урган уйдек шип-шийдам, ҳувиллаб қолди. Оёқлари мажолсизланиб, тиззалари қалтирай бошлади. ҳолсизланиб, ўзини базўр тутиб турар, гўё қандайдир илоҳий қудрат танасидаги бор дармонини суғуриб олгану, қуруқ сурати шамолда тебраниб тургандай…
…Ваҳ, аттанг, аттанг, ўн йиллик гулдек умрингни елга совирибсанда, Олимхон? Яхшиямки, аёл боши билан мардлик қилиб ҳаммасини тан олди. Акс ҳолда, умрингнинг охиригача юравераркансан, шумшайиб бўйнига ип боғлаган бузоққа ўхшаб… Ана сенга севги, муҳаббат…Ана сенга хотинингни еру-кўкка ишонмасдан, умринг етмагандек, жонингни ҳам тортиқ қилганинг… Хотин номига сеники-ю, аслида эса, ҳамманики… Энди тушуниб олгандирсан, не-не йигитларнинг хотинингни атрофида ширага тармашган пашшалардек уймалашганини… Бирон ерда кўрганмисан эркак зотининг аёл кишига (айниқса гўзал аёлга) холисанилло хизмат қилганини… қилишади, бир-икки марта, лекин ортида таъмаси билан… Учинчи мартадан сўнг, албатта ўша аёл тўшакка таклиф қилинади. Эркак киши томонидан кўрсатилган беғараз ёрдам учун унинг бегона тўшакда ўз танини ихтиёрий равишда бегона эркакнинг танига қўшишнинг фурсати келди. Энди етиб боргандир, товуқмиянгга, кейинги пайтлар, кейинги пайтлар эмас, кейинги йиллар, хотинингнинг турли-туман мажлислари кўпайиб кетганига. Ёпирай, шаҳар ҳокими аллақачонлар иш тугаб, дам оляпти-ю сенинг администратор хотининг эса, ҳалиям мажлисда! Ундан-да ажабланарлиси ярим кечаси «машваратдан» хизмат машинасида эмас, ҳар сафар, ҳар турли бойваччанинг шахсий машинасида қайтади. қайси ахмоқ эркак тушум бўлмаган жойда сенинг хотинингни ярим тунгача қўриқлаб ўтирар экан? Чунки, умидвор, илинжи бор? Хотининг шунга шаъма қилиб қўйган. Токи, хотинингдан, эркаклар аксар ҳолда аёллардан нима талаб қилса, ўша «ҳаққини» олмагунча, ярим тун у ёқда турсин, эрталабгача юраверади, орқасидан соядек эргашиб. Токи буларнинг ҳаммаси тўшак билан тугамагунча… Тўғрида, сен эплолмаганингдан сўнг, қўриқлашни, бошқалар қўриқлайди хўш, шунча гапу-сўзлардан сўнг, унинг бу ҳовлида яшагулиги қолдими? Тургилиги қолдими? Овқатларига аллақачонлар ит тегиб бўлган? ҳалолликка-ку қачонлардир путур еткан экан, бундан чиқди, ўша қанжиқни деб наҳс ботқоғига ботганингга ҳам хийла фурсат бўлган Мободо у иштирок этаётган давраларда, сен кўриниб қолсанг, ранг-қути ўчиб жони чиқиб кетарди. Йўқ! Ўша қуюқ зиёфатларда, хотинингнинг нонини яримта қилиб қўйганинг учунмас, унинг атрофида сўлаклари оқиб, суйкалишаётган ғаркўз эркаклар билан бемалолроқ маишат қилиб олишига халақит барганинг учун, шўрвага тушган хира пашшадек унинг таъбини тирриқ қилганинг ва сендан жиркангани учун! ҳаш-паш дегунча, орқасидан гумашталарини эргаштирганча жўнаб қоларди.
Нима қилсин?…Ёлғиз ўзи ҳовлидан бош олиб чиқиб кетсинми? Кошки эди, шу билан бор аламлар, изтироблар, ҳовлида қолган бўлса-ю, унинг ўзи мусаффо қалб, тиниқ ҳиссиётлар ила чиқиб кетганида. Аксинча, баттарроқ аланга ичида қолди. Кўчага чиқишга, одамлар кўзига тик қарашга юраги дов бермайди. Назарида, ўтган ҳам, кетган ҳам, қўллари билан нуқиб уни кўрсатаётгандай…. «хайрият-эй, охири етиб борибди-да, шу тўнкага» дея масхаралаётгандай. «Хотиндор бўлмай ўла, хотинлик бўлдим деб, икки бути орасига ёпишиб олиш шарт эканми? Эркак отинг бор, ўласанми, бошдан қаттиқ ушласанг?» Яхшиямки, қайси бир барака топгур ароқни ўйлаб топган экан. Кўпроқ шу жонига оро киради. Бир мусофир юртда, дардингни бориб, кимга ҳам айтардинг? ҳамма ўзи билан ўзи овора. Унинг устига денг, бу мамлакатнинг одамлари қизиқ экан. Оғзи бор, қулоғи йўқ. Гапирадиганлар кўп-у, эшитадиганлардан дарак топаолмайсиз. Вой, соддасанай, соддасан, Олимхон! Гўл бўлмасанг, шунча йўл босиб, тоғу-тошларни ошиб, бегона юртларга шон-шуҳрат қидириб келасанми. Билмасмидинг, ҳар бир жойнинг ўз қашқирлари-ю бўрилари бор, улардан ортиб қолса, ўлимтик сенга тегади. Бўлмаса, хомтаъма бўлма? Бу юрт гўзалларининг кўзи менга учиб турибди, деб ўйловдингми? Бу жононлар, керак бўлса, аввал шу ерлик «бўрилар»нинг қўлидан ўтади, қачонки, нафслари қониб, иштаҳалари бўғилгач, сенга оширишади. Ёки, янаям антиқа йўллари бор. Сени номига унга эр қилиб, расмийлаштириб қўйишади-ю, аслида ул хурлиқонинг шарбатидан туну-кун ўзлари баҳраманд бўлишади…
қайси куни экан, аниқ ёдида йўқ, кечки салқин тушиши билан билан ёзги қаҳвахонага чиқди. Одамлардан анча узоқда, хилват бир гўшани танлаб, хаёлга чўмди. қанча ўтирганини эслайолмайди, бир пайт «гурр» этиб, фалакка ўрлаган кучли қаҳқаҳадан хаёллари патдек тўзғиб кетди. Малол келгандай, ижирғаниб, ўша томонга ўгирилди. Уч-тўрт чоғли улфатлар айшу-ишрат авжида, шекилли, юз кўзлари бўғриқиб қизарган, нигоҳлар мастона, буруқситиб сигарета тутатишяпти. Улардан бирининг нигоҳи Олимхонга тушди чоғи, чайқала-чайқала унинг столи ёнига келди.
-ҳой, оғайни нима ўтириш бу, бир ўзлари чеккагинада шумшайиб-а?!-Юрмайсизми хўрозларнинг даврасига…
-Оддий хўрозлармас, даканг хўрозларнинг чорловига-де, ўқимаган Даврада яна гулдираб кулгу портлади.
-и-ях-ха-ха-хаа-ааа!
Олимхон қайта-қайта қистовдан сўнг, улар сафига қўшилди. Ичимлик ҳукмрон бўлган бундай «хўрозлар» даврасидан маънавий озуқ олмоқ қаён дейсиз, аксинча йиллар давомида унга ёд бўлиб кетган ширакайф эркакларнинг жайдари фалсафаси қайта такрорланади. Уч-тўрт эрнинг боши бир жойга йиғилдими, демак, аёл зоти ҳақида гап кетади. Ўз навбатида эркаклар борасидаги ғийбатни аёллар маромига етказишади. Улфатларнинг ўртасидан жой олган йигитлардан бири, келганларни оғзига қаратган. Давранинг гули ҳам шу бўлса керак.
-қайси куни, биттасини илинтирдим, десанг. Чатти, гапга қулоқ сол,- шундай дея, -у фикрини маъқуллаётгандай, шеригининг елкасига шапатилаб уриб қўйди. -Ўзиям, энағарди кўрсанг, балиқ дейсан, қанжиқ баланд оҳурдан ем еб ўрганган эканми, менга ўхшаган хашакиларни бурнини жийириб кўрсатади. Лекин, менам ор талашиб, изимдан қайтмадим. қўлга киритгунча, хийла балога тушиб кетдим… Асов отдай тайсаллаб –тайсаллаб, барибир қўйнимга кирди… – Ваҳ, ваҳ, ваҳ-у кўзларини юмиб, гўё айнан ҳозир ўша офатижоннинг жаннатий оғушида ётгандай роҳатланиб, яна шеригининг елкасига шапатилаб ура кетди.
-Бева эмас, нақ балиқнинг ўзи… Баданлари мармардай тиниқ, билаклар тиқмачоқдай, ҳар сонларки, лорсиллаган. Сутга чайилгандай оппоқ сийналар диркиллайди. Шу пайтгача эркак қўли тегмаганми, дейсиз… Танасига атайлаб ёғ суркалгайдай сип-силлиқ… У ёғидан ушласанг ҳам, ситилиб чиқиб кетади, бу оёғидан ушласанг ҳам. Ана нозу, ана муқом… қийқанглагани сари, қонинг кўпиради. Унча-мунча эркакни тўшакка етказмасдан мот қилади. Сволоч, катталарга беш кетдим. Айнан шунақаларни чертиб-чертиб ишга олишаркан. Улардан нима кетибди. Бир кийимлик тоза куйлакми, шпилкалик туфли, фаранги атирми, совға қилиб юборса басда, давлати камайиб қолармиди… ҳаял ўтмай қўйнигинасида, ёввойи каптардек питирлаб турибди-да, ишва билан. Тонг отгунча, мижжа қоқмай олишиб чиқибман, мегажин билан. ҳар муқомлар қилади-ей, ҳар қилиқлар қилиб жўштиради-ей… ҳалолинг бўл-а, ўликни тирилтир-а, укағарнинг қизи, – дедим охири ўзига… Кулади-ю, минг минг ноз ила ишваланади. Ундан сари баданим қизиб этим жимирлайди… Отингизни билсам, ойимтилло, – дедим попугим сал-пасайиб, шаҳвоний ҳисларим ором олгач.
-ҳо, Сизга арзон- гаровга исмини айтадиган овсарсифат йўқ, оковси жонидан,- дейди яна тиззамга ўтириб олган куйи, қип-яланғоч баданини танимга чиппа ёпиштириб, нозланади.
-Мани исмимни билмоқ истагида куйиб, қадамимга тузоқ қўйганлар-у, табассумимга бир шаҳри- азимни тортиқ қилиб юборишга жон деб рози бўлиб юрганларни йиғсангиз, улкан бир шаҳар бўлади. Ўша куни муаттар ҳидлар уфуриб турган танидан қайта-қайта лаззат олдим. Аёл кишининг юраги тошдан битган тақдирда ҳам, ширин гапириб, баданини оҳиста силаб-сийпаласанг, мушукдек юввош тортиб, оғушингга кириб кетганини ўзи ҳам билмай қолади. Гап-сўзларидан сезиб қолдим, шунча чирой, шунча ҳусну-латофату, ақлу-заковат билан, ялтир-юлтирлару, тилло тақинчоқларга ўч экан шўрлик, мен ҳам мардлик қилдим. Бошлиғимизнинг хотинини туғилган кунига деб, беш олти улфат пул йиғиб, бриллиант кўзли узук олувдик. Ўша қурғур бахтимга денг, чўнтагимда турибди. Тантилик қилиб, бармоғига тақиб юбордим.

– «Ўйнаб қўяй, -шундай офатижон, сузук кўз ҳилқатга дунёни ҳадя этсанг арзийди-я. ҳа Пирмат, дейман, ўзимга ўзим завқим келиб, ўйнаб қўяй толеингга. Узукни кўриб, бир қийшанглайди, бир қийшанглайди. Янги-янги нағмалар, куйдирги қилиқлари билан кўзларимни тиндириб, бошларимни айлантириб ташлади.
-қачон келасиз, яна, Пирмат ака, -соғинтириб ўлдираркансизда, одамни, – дейди шафтоли гулидай нимқизғиш лабларини чўччайтириб. – Отларини айтмадилар-у, жонидан, дейман уни бағримга тортиб.
-Воей, бошқа зарурроқ жойим турганда отимни нима қиласиз, – жавоб қайтаради у, қайта бошдан мени шаҳват алангасида куйдирмоқ ниятида.
-ҳа, айтақолинг, энди, момиғим, бунчалар таранг қилдингиз?
-Cевара, Севараман, мен билдийзми?-
-Исмига қара, Чатти, исмига қара… -даврабоши қулфи-дили очилиб, яна шеригига ўгирилди. – Бундай отга, битта от совға қилсанг ҳам ютқазмайсан. Ўлай агар-эркак бўлиб шу ёшгача бунақасини кўрмовдим. Севарадан кейин, хотиним кўзимга яйловда юрган сигирдай кўринадиган бўлиб қолди. Лекин, дейманда, жўралар шу катталар жа пишиқ халқ келади-да занғарлар. Пойтахтдан келадиган мен-ман деган каттаконнинг тиззасига ҳалиги офатижонни қип-яланғоч қилиб ўтқазиб қўйса, ундан кейин хоҳлаган амалига минар-ов?
Олимхон, ўтирган жойида, кўмирдек қорайиб кетгандек, сезди ўзини. Аъзойи бадани жиққа терга ботди. Ўзини ўриндиққа эмас, бир уюм чўғ устида кўрди, гўё, кўзлари тиниб, қулоқлари шанғиллаб кетди. Нима қилсин?
-Бўлар иш бўлди, деб бўйнини қисиб, жўнаб қолсинми? Ёки ичидан зил кетса ҳам, гўё, бу гапларнинг унга заррачалик алоқаси йўқдай, ўзини бепарво кўрсатиб ўтираверсинми? Ёки қолган-қутган йигитлик ғурурини ишга солиб, манови оғзи шалоқ безбетнинг ёқасидан олиб, юз-кўзи аралаш мушт тортиб юборсинми?
«Лаънати, ҳароми, Севара-менинг хотиним бўлади, нималар деб унинг бошидан мағзава тўкяпсан? –десинми?»
-Менга қара, ўв, латтачайнар, -десачи, у. -Хотининг эканлигини билиб айтяпманда. Аслида –ку, у сенники-ю, лекин, лекин, алақачонлар ҳамманинг хотинига айланган. Буни битта сен-ҳезалак тушуниб етганинг йўқ. Хотининг шаҳарлик белида қуввати бор эркагини ҳаммасини хурсанд қилиб улгурди. Ўшалар номидан, шундай дилбар фоҳишани асраганинг учун, сенга атайлаб минатдорчилик изҳор этмоқ ниятида, даврамизга чорловдик.
-Чатти, қўй, бу қўшмачига, тўлатиб қўй. Ана энди, ароғингни ичда, ишқий ғазалларингни ёзиб юравер… -Сенинг нархинг шу ўзи…
-ҳўш нима қилсин? Бундан буён эл-юрт ичида бош кўтариб юришга арзигулик холи қолдимикан?Назарида, ҳамма бармоқларини нуқиб кўрсатаётгандай.
-Биласанми, анавини хотинини мен бир кеча… Ваҳ,ваҳ,ваҳ…
Олимхон ўтирган жойида олов бўлиб ёнди. Олдидаки, тап тормасдан оғизларига шунча эрк беришаётган экан, орқаваротдан нима гап-сўзлар қилишаётганикин? Минг афсуски, сен ҳақингда туқилган ғийбату- бўҳтонлар, ўзингга энг сўнгида етиб келади. Аксар ҳолларда етиб келмаслиги ҳам мумкин. Унинг қадру-қимматини қумурсқага тенг олмайдиган, рўпарасида савлат тўкиб ўтирган мана бу шербачалар-чи? Оғизлари қўланса гапдан бўшади, дегунча, унинг ҳангомасини бошласалар керак?
-Чатти, анавинга, қара, Севарани етаклаб кетаётган қизига қара!
-Ўхшайди-я? Бош, кўз, бурун-ўзим-а, ўзим…
Ерга уруғ ташлаш биздану, парваришлаш анави сўтакдан-да…
-Ваҳ-ҳа-ҳа-ҳа-ааа…
-Энди ўзинг айт, Чатти, қайси биримиз ҳақиқий деҳқон?
-А нима дединг? Тенг шерик дейсанми?
-Элликка-элликда, а? Шундайми?
-Ваҳ-ҳа-ҳай…
Йўқ бунақаси кетмайди. Бу яхшимас, ўз ёғинга ўзинг қовурила-қовурила умр шамингнинг сўниб боришига имкон яратиб бермоқдан ўзга нарсамас? Кетади, бу бевафо дунёнинг барча икир-чикирларига чиртта кўз юмади-ю ҳайё-ҳуйт деб жўнаворади. Кўрмайди ҳам, куймайди ҳам, ўша куйдиргижонни. Олимхон улфатларнинг манзиратини кутмасдан, пиёласига ароқ тўлғазди. Кетма-кет бир неча пиёла оғуни ютоқиб сипқорди.
-Узр, оғайнилар, менинг сал кайфим ошиб қолди. Уйга тезроқ етиб олмасам бўлмайди, хавотир олишади…
Сўнг, гандираклай-гандираклай, даврадан узоқлашди. Дуч келган яна бир қаҳвахонага ўзини урди. Ичди, яна ва яна…
Эрталаб, оғзи қуруқшаб, чанқаб, аранг кўзини очди. Боши ари уясидай ғувиллайди. Толиққан нигоҳлари ўзига қадалиб турган бир жуфт оҳу кўзларга тушди. Ўзининг қай аҳволда ва қаерга эканлигига тушунолмай карахтланиб қолди. Боши аллакимнинг тиззасида, момиқ, бармоқлар унинг тўзғиган сочларию, тиканакдек туклар қоплаган юзларини силаш билан овора… Гўё ширин тушлар оғушида ётибди-ю, ҳали замон ниҳоясига етиб қолишидан қўрққандай тезда кўзларини юмди. Нозик бармоқлар, силашда давом этди. Бу туш эмас! Асло! Олимхоннинг бундай тушлар кўрмай қолганинга анча бўлган. Кўзларини очганида теграсида парвона таниш қиёфани кўрди.
-Уйғондингизми Олимхон ака, – қўнғироқдек жарангдор овоз уни ўзига келтирди.
-Мунира…. Сиз қандоқ қилиб бу ерларга?… Нима ўтириш бу?…, – хирилдоқ овозда, унинг устига узук-юлуқ чиққан гапларидан Олимхон хижолат чекди. Муниранинг нигоҳи ерга қадалди. Киприклари узра марварид томчилар юз кўрсатди.
-Олимхон ака, наҳотки, шу юришни ўзингизга эп кўрсангиз?- Мунира гўё Олимхонга озор етказищдан чўчиётгандай, заиф товушда гап бошлади.
-Кечаги аҳволингизни кўриб, кўзларимга ишонмай қолдим. Рангингиз бир ҳол, кўйлагингиз ёқавайрон, эгнингиздаги кийим- бошми ёки, увадага ўраниб олганмисиз, билиб бўлмайди. Катта кўчада гандираклаб –гандираклаб кетяпсиз. Олдингизга борай десам, атрофдагилардан изза тортаман. «Ол-а, шу турқи тароватинг билан ароқхўр –пиёниста билан дўст тутинганингга, куяйликми, -дея пинҳона таъкиб этишларидан чўчийман. Бормай десам, бормай десам!- Уҳ!…
Неча йиллардан буён оромимни ўғирлаб, менга тинчлик бермай қўйган бўлсангиз? Барибир, ўзимда куч топдим, олдингизга бордим. Салом бериб, ўзимни танитдим.
-А, Муни, – дедингиз-у, агар шундай қилмасангиз, йиқилиб тушадигандай, қўлингизни билагимдан ўтқазволдингиз. ҳамманинг кўзи бизда. Катта кўчанинг ўртасида ўтган-кетганга томошамиз. Ер ёрилса-ю, кириб кетсам… Сизнинг эса, ўтган-кетган билан сариқ чақачалик ишингиз йўқ. –Муни, – дейсиз-у холос. Фақат, ғўлдирайсиз, гапларингизга тушуниб бўлмайди. қийналиб бўлса-да, узуқ-юлуқ гапларингизга тушунишга ҳаракат қиламан. -Муни, сени худонинг ўзи етказди, агар бугун учратмаганингда, эртага ўлигимга эгалик қилардинг, – дейсиз нуқул. Мен эса, «нега, нега бундай деяпсиз?» – деганимча қақшаб қолавераман. Саволларим жавобсиз қолади. қоқилиб –суриниб уйингизга кетяпмиз.
-ҳамманг бир гўрсанлар, сенларга одам деб қараганнинг ўзи одаммас… -дейсиз бақиргудек бўлиб… Йўл ўртасида, одамлар эса, бизни эр-хотин хаёл қилишиб, «шу можароларини уйда қилишса, бўлмасмикин», дегандай, истеҳзо билан қараб, ўтиб кетишади.
-Олимхон ака, жон ака! Майли, ҳамма гапингиз тўғри, фақат кўча-куйда мени шарманда қилманг. Юринг тезроқ, уйингизга элтиб қўяй, – дея худонинг зорини қилиб ёлвораман. Судрагудек бўлиб, сизни тортқилайман. Озроқ инсофга келгандек бўласиз-у, ҳаял ўтмай, яна дийдиёнгизни бошлайсиз.
-қанжиққа эрмак учун қарагандек, қараш керак сенларга, эркакларнинг кайфу-сафоси учун яралган, сен аблаҳлар. Яна макр-ҳийла учун. Бундан ортиғини товуқмияларингга хос ақлларинг ҳазм қилаолмайди. Аёл зоти борки, кўзимга балодек кўриняпти, уруғингга ўт тушгурлар… Сенларга гул эмас, чўлтоқ супурги ҳадя қилиш керак.
Алдаб-сулдаб, уйингиз остонасигача олиб келдим. Эшик қўнғироғини босишим билан, ёшлари ўтинқираб қолган, нуроний бир рус аёли эшик очди. Сизни биринчи марта шу аҳволда кўраётган бўлса керак.
Нақ ҳуши бошидан учаёзди.
-Олимхон, что с тобой, – ну говори, сынок! Тебя обидели? –дея муштдекина гавдаси билан атрофингизда гиргиттон. қайта-қайта мендан сўрайди. Мен шўрлик қайдан билай ?! Елка қисишдан нарига ўтмайман. Кампир билан бир илож қилиб, ўрнингизга ётқиздик. Бошингиз ёстиққа тегиши билан ухлаб қолдингиз. Кампир бечора Сизни қаттиқ ҳурмат қиларкан. Ўзини қўярга жой тополмасди. Сиз ҳақингизда кўп яхши гапларни айтди.
«Бошига оғир савдо тушган қизим, яхши инсонларнинг фарзандига ўхшайсиз. Кўзингиз айтиб турибди, деб мендан қайта-қайта илтимос қилди. Уни ёлғизлатиб қўйманг».
Кейин, иккаламиз, биргалашиб, чой ичдик.
-Худо раҳматли онаси хотирасига бахшида этиб, китоб ёзган, яқинда нашрдан чиқади, – дея – менга қўлёзмаларингизни кўрсатди.- Бу йигитнинг донолигини, ундан чиққан ақлли гапларни, -оғзидан бол томиб Сизни мақтайди. Ёғдек эриб, худди ўзимни мақтаётгандай, Сиздан фахрланиб ўтирибман.
-Икки ўғлим бор эди, – кампир яна гапида давом этди. –Иккаласи ҳам нобуд бўлди. Олимхон келгандан буён, унга ўрганиб, суяниб қолдим. Бор меҳримни шу болага берганман, у сўзи охирида кўзларига ёш олди.
Деразадан ташқарига қарасам, шом тушиб, атроф зулмат пардасига ўраниб улгурибди. Кириб Сизнинг ҳужрангиз чироғини ёқдим. Дастлаб, кўзим, хотинингизнинг деворга суяб қўйилган икки дона портретига тушди. Дарров билдим, ўзингиз чизгансиз. қўлимга олиб, обдон томоша қилдим. Бутун меҳрингиз, қалб қўрингиз ва иқтидорингизни ишга солиб, машаққат чекканингиз, рангин бўёқларда мана-ман деб кўзга ташланиб турибди. Хотинингизни чинакам севишингизни ўшанда англадим. Англадиму, унинг бахтига ҳасад билан назар солдим. Кейин уйни зимдан кузата бошладим. Ё, парвардигор… Дераза пардаларида ҳам, дарпардаларда ҳам, гиламларга ҳам шеърлар битилиб, илиб ташланган. қизиқсиниб, ҳаммасини ҳаяжон билан ўқиб чиқдим. ҳар шеърларки, оҳ деса, оламни куйдиргудек. ҳар бир сатри Севара билан бошланиб, Севара билан тугаган. Нигоҳларим қаерга қадалмасин, шеър билан, хотинингизнинг суратига тўқнашади. Йигит кишининг ўз жуфти-ҳалолини бунчалар катта қалб билан ёниб севишини , ҳаёт нари турсин, мен ҳатто китобларда кам учратгандим. қайноқ cевги тафти уфуриб турган мисралар мени оҳанграбодек ўзига тортиб, лол бўлиб қолдим. Сиз эса, ҳеч нарсадан бехабар, қотиб ухлаяпсиз. Хотинларни бевафоликда айблаб, улар шаънига бунчалар ҳақоратомуз сўзлар айтганингиз асл моҳиятини бир қадар англагандек бўлдим.
ҳалидан буён, нафасини ичига ютиб, миқ этмай, ўтирган Олимхон тилга кирди.
-Муни, наҳотки, мен сизнинг шаънингизга шунчалар бўҳтонлар ёғдирган бўлсам… Ахир, то ҳануз сизни покиза аёл сифатида эъзозлаб келаман.
-Йўқ, Олимхон ака, мен сиздан эмас, ўзимдан хафа бўлдим. Мен бор меҳру-муҳаббатини бошқа бир аёлга инъом қилиб бўлган кишидан, меҳр кутиб яшабман. Мен унинг бир оғиз сўзига зор, у эса бошқага интизор. Ё, раб, ҳар кимни ўз тенги билан яратсанг бўлмасмикин? Мунира юзларини кафтлари орасига олиб, унсиз йиғлай бошлади. Олимхон аросатда қолди.
-Мунира, Муни, нима бўлди Сизга? Нега йиғлаяпсиз? Агар мендан хато ўтган бўлса, ҳозироқ кечирим сўрайман. Мунира ялт этиб, унга ўгирилди. Кўзларида дув-дув ёш…
-Нега йиғламай, Олимхон ака! Нега йиғламай? Ахир, мен ҳам аёлман, ҳеч бўлмаса, қадримга йиғлашга ижозат берарсиз? Анави, чизган суратларингиз, битган шеърларингиз, ўйлайсизки, ўз ишини қилмадими?
Юракларимни садпора қилдику? Бахтнинг кўзи кўр бўлмаса, келиб-келиб бир вафосиз суюқоёқнинг бошига қўнадими? қандай у ношуд, ношукур, тошбағир аёл эканки, ҳароратига унча-мунча аёл чидайолмайдиган оташдек қайноқ муҳаббатдан воз кечиб, бошқа эркакнинг этагидан тутиб кетган бўлса? Эҳ, яратган эгам, Севара, шунча бахт, шундай буюк севги ва эъзоз эвазига ерда эмас, фаришта мисол осмонда учиб юриши керак эди. Туни билан мижжа қоқмадим, ҳам ҳавасим келди унга, ҳам ҳасадим. Нега, биз шўрликларда, ўша бахтдан бир мисқол ҳам йўқ. Айбимиз нима? Бир йигитни қаттиқ севиб, тақдиримизни абадул-абад ўша билан боғлаганимизми? Ёки, нозу-карашма, жилвалару-жилпанглашларни ўрнига қўяолмаганимиздами? Ёки, бўлмаса, суюқоёқлик кўчасига киришдан катъиян бош тортганимиздами? Нима, нима, ахир? Эҳтимол енгилнинг остидан, оғирнинг устидан ўтишнинг ҳадисини олмаганимиздадир, айбимиз?
-Муни, агар сизга шунчалар ҳақорат бўлиб ботган бўлса, шу суратлар-у, шеърлар, олиб ташлашим мумкин?
-Йўқ, йўқ! Олимхон ака! ҳечам ундай қила кўрманг. ҳар кимни биринчи бахтидан айирмасин. Биринчи бахтим тилло тахтим, шундайми? Мунира жимиб қолди. Орага ноқулай вазият чўкди. Гўё, бу ёғига гапни ким давом эттиришга икковлари ҳам бир-биридан нажот кутаётгандай?…
-Биласизми, мен Сизга бошқа бир муҳим нарсани айтмоқчи эдим.
Сиз…Сиз…Олимхон ака, тун бўйи мени Севара тимсолида суйиб, эркаладингиз. қулоқларимга ўз исмим қолиб, Севара деб пичирладингиз. Дудоқларимдан, сийналаримдан Мунира деб эмас, Севара дея- эҳтирос билан ўпдингиз. Ўша кеча мен сиз билан Мунира эмас, Севара бўлиб тонг оттирдим. Сочларимни такрор-такрор ҳидладингиз. Билдим, унинг сочларини ҳидини туймоқчи бўлдингиз. Кўзларимга узоқ тикилдингиз. Сездим, Муниранинг кўзидан, Севарага хос бўлган чақноқ нигоҳларни ахтардингиз. Кўзларингизга ёш тўла кўзларим ила боқаману, қароқларингизда, бахт ва шодлик сурурини кўргандай бўламан. Ўша кеча, Севара яна бағрингизга қайтиб келгандай, бўлди. Дунёнинг барча ғаму-ташвишларидан холи инсонлардек, масрур эдингиз. Мен буни дастлаб, мастликнинг аломати деб ўйладим. Лекин, кейин тушундим. Мастлик ростлик деб бежиз айтишмаган. Шундай бўлмаган тақдирда ҳам, мен сизнинг ростгўйлигингизга, соддадиллигингизга, тиниқ қалб эгаси эканлигингизга иймон келтирганман. Эҳтимол, шу хислатларингиз учун ҳам, сизга қалбим тўридан жой бўшатиб бергандирман. Сиз қайси ҳолатда бўлманг, ёлғон гапиролмайсиз, эҳтиросларингизни яширолмайсиз. Хафа бўлманг, Олимхон ака! Сиз ҳеч қачон бошқа аёлни яхши кўролмайсиз. Сизнинг бахтингиз ҳам, бахтсизлигингиз ҳам шунда. Ўн йил давомида, Сиз бор меҳрингизни Севарага бериб бўлгансиз. Сизнинг қалбингиз фақат Севара учун очиқ. Бегона аёл ҳарчанд уринмасин, қалбингизни забт этаолмайди. Эҳтимол, уйланарсиз, лекин бахтли бўлаолмайсиз. Ўша шурликни ҳам бахтли қилаолмайсиз. Чунки, гўзаллар маликасига уйланган тақдирда ҳам, Сиз унга Севарага қарагандай қарайсиз. Унинг юришидан, туришидан, кулгусидан, эркаланишларидан, Севарани ахтарасиз. Уни ҳам Севара деб чақирасиз, Севара деб севасиз, Севара деб қучиб эркалайсиз. Буни эса, ҳар қандай аёл ўзи учун энг оғир ҳақорат деб тушунади. Бир кунмас, бир кун келиб, пичоқ суякка қадалгач, у ҳам Сизни ташлаб кетади. Энди, мен кетай Олимхон ака! Сизнинг қалбингиз яйдоқ чўлдек таптақир, ҳувиллаб қолган, ҳамма меҳрингизни Севара ўзи билан олиб кетган. қачон қайтса, ўзи билан олиб келади. ҳозир эса, кўзи бекилган меҳр-муҳаббат булоғидан, ташналикни қондирмоқ, телбаликнинг ўзи, холос. Омон бўлинг Олимхон ака! Кетишим олдидан сизга яна бир нарсани айтиб қўяй! Сизни севардим, ҳеч кимга сизни алишмасдим. Сизни ўзгалардан қизғанардим. Энди эса, менга аталган муҳаббатни Севара ўзи билан олиб кетиб бўпти. қуруқ танангизни ташлаб. Бир умр, лаънатлайман сени Севара, илоҳим, севги саҳросида, бир мисқол меҳрга зор бўлиб, умринг хорликда ўтсин. Муҳаббатнинг уволи урсин сени. Лаънат сенга, минг лаънатлар бўлсин…
Олимхон тош қотиб тураверди. Мунирани юпатишга арзигулик бирон калима ҳам кела қолмади, тилига. Сирасини айтганда, нима деб таскин бериши керак эди, унга… Йўқ! ҳаммаси ёлғон деб айюҳаннос солсинми? қандай айтади, қайси юз билан? Шунча кўнгилхираликлар, жирканчиликлардан сўнг ҳам нигоҳлари Севаранинг йўлида нигорон, юраги унинг номи билан уриб турган бўлса… Муниранинг ўзи айтдику, ёлғонни эплолмайсиз деб, бўлди-да. Кўз ёшларга тўймас, муҳаббатни суймас, бу дунёи- дундан этагини қоқиб ўтиб кетсинми?
Тонгга яқин кўзига уйқу энган эканми, бақир-чақир қилишиб пол юваётган фаррош хотинларнинг овози, пақирдаги сувнинг шалоплаши ва яна аллақандай субҳидамга хос жонланишдан уйғониб кетди. Гарчи кечаси тунаган жойи иссиқ ва юмшоқ кўрпа, парқу ёстиқ бўлмасада, ўрнидан тургиси келмай анча фурсат ётди. Бир соатга бориб бормай ҳамкасбларининг бирин-кетин кириб келиши ва бу ерда қизғин иш бошланиши ёдига тушиб, истар истамас жойидан қўзғолди. Рўпарасидаги деворга осиғлиқ кўзгуга тикилди. Юзларини тиканакдек қиров аралаш тук қоплаган, кўз остлари салқиб шишган, афт-ангори буришиқ, нигоҳларида на умид ва илинж уқиш қийин бўлган, ҳиссиз бир суврат акс бериб турарди. Унга бақрайиб тикилиб турган нусха ўзи эканлигига ишонч пайдо қилиш учун беихтиёр қўлларини ияклари остига олиб борди. Гўё ўзининг асл башарасини илк бор кўраётгандай, нафрат ва жирканиш ила боқди. Дарҳақиқат, ундан курашиш ва олдинга интилишдан кўра, дарровгина кўна қолиш, жанг қилмасдан таслим бўлишга мойил, ғайрат-шижоатдан асар ҳам қолмаган ясама чеҳра боқиб турарди. Ўз қиёфасидан, хонанинг муздек ҳавосидан «ҳойнаҳой, ташқарида тизза бўйи қор бўлса керак» деган ўю-ҳаёлдан кайфияти бузила бошлади. Илгарилар қор ёғса, чиройи очиларди, энди эса кўнгли беҳузур бўладиган бўлиб қолган. Чинданда, ташқарига чиқар экан, юзига урилган муздек шамол ва қор учқунларидан бор кайфияти ҳам йўқолди. «Хўш, бундай пайтда нима қилмоқ керак? Биринчи учраган дўкондан оч наҳорга юзтани бостирса-чи? Муаммони ечишнинг бундан-да осон усули бормикан? Кейин унга қолса, дунёни сув босиб, еру-кўкни қор қопламайдими?
Лекин, бу фикридан тезда қайтди. Бугун қандайдир кўнгилсизлик рўй беришини кўнгли сезгандай, дили ғашланди. Аммо, биринчи марта нафсига қарши бош кўтаришга ўзида куч топа олгани учун, кўнглининг аллақаерида милт этган шодлик учқунлари ҳам пайдо бўлди. Сартарошхона томон йўл олди. Олимхон соч –соқолини олдириб, туппа тузук одам сувратида ишхонасига етиб келганида, уни аввал регистратор хотин учратди: -қаерларда юрасиз, Олимхон Суярхонович! Бир соатдан буён бош врач сизни сўроқлаяпти, манзилингизни ҳам айтиб кетмабсиз, роса овора бўлдик.
-қай бирлари сўроқлаяпти, поликлиника бош врачими ёки ноҳия бош врачи?
-Тўғрисини айтсам, иккаласи ҳам. ҳозир ҳамма ишингизни четга йиғиштириб қўйиб, ўзимизнинг бошлиққа -Насурига учранг! «Бошланди» – Олимхон ўзича ғудраниб қўйди. Кабинетидан халатини олиб, елкасига илди-ю, Насури ҳузурига йўл олди.
-Сизнинг дастингиздан бирон кун бўлса ҳам, тинчлик борми, Суярхонов, – поликлиника бошлиғининг дастлабки саволи шу бўлди. – Сўнгги пайтлар фойдангиздан кўра, зиёнингиз кўпроқ тегяпти. Кеча нима балоларни бошладингиз яна… Тонг саҳарлаб шеф сўраяпти.. Э,э,э… жонга ҳам тегиб кетдингизку… ҳозирнинг ўзида ноҳия бош врачига учранг. Дағдағасига қараганда, вазият қалтисга ўхшайди.
Олимхон бош врач – Жамила Кудари қабулхонасига етиб келганида, иш куни эндигина бошланган, қаҳратон чилланинг совуқ нафаси ҳар қадамда сезилиб турган эрсада, қабулхона эшиги очиқ эди. Олимхон яхшиямки, эҳтиётлик билан ичкарига мўралаган экан, котиба қизнинг шундоққина ёнгинасида оромкурсида қошлари чимирилган, асабийлашганидан юзлари бўғриққан, шоп мўйловли Панжи мелиса ўтирарди. Олимхон дарров ўзини панага олдию, ҳеч бирлари уни сезмай қолишди. Котиба ҳам, қайнотаси ҳам. Демак, вазият нафақат қалтис, балки, ўта қалтислигича бор. Тунги можароларни кўз олдига келтираркан, афти қийшайиб кетди. Йўқ! ҳозир шу ҳолатда, бош врач ҳузурига киришнинг ҳечам хожати йўқ! Киргани билан уни эмас, Панжи мелисани тинглайди, обдон эшитади. Чунки, Олимхонни аёвсиз дўппослаш учун калтак ўз оёғи билан келиб турибди. Шусиз ҳам, Жамила Кудари ноҳияга бош врач этиб тайинланган кунданоқ, Олимхон икковлари орасидаги зиддият кучайса кучайдики, юмшамади. У қабулхона эшигидан шарпасиз узоқлашаркан, дафъатан қулоғига бош врач кабинетининг эшиги очилгани ва «келдими?» -деган овоз эшитилди. Табиийки, бу сўроқ Олимхонга тегишли бўлиб, бош врач котибадан уни суриштирарди. Котиба қиз жавобан нима деди, Олимхон эшитмади. қадамини янада тезлаштирди. Коридор сўнгида, яна бир бор ортига ўгирилиб қаради. қабулхонадан бош врач муовини, бош акушер- гинеколог Ишқия Сатторовна чиқди.
Бир вақтлар Олимхон машҳур адиб Тоҳир Маликнинг қайсидир бир асари қўлига тушиб қолганида, ажиб бир манзарани қайта-қайта ўқигани бор.
-Эмишки, бир замонлар қайсидир бир ўрмонда дарахтларга қирон келибди. Дахшатлиси шунда эканки, янги экилган ниҳолми, асрлар билан юзлашган оқсоқол дарахтми, андиша қилиб ўтирмасдан, бир чеккадан кесилаверармиш. Сабр косалари тўлган дарахтлар, арз қилишиб, ўрмонзордаги жамики яшил мавжудотлар шоҳи- қарағайнинг ҳузурига боришибди.
-Бизни ёш-қари, яроқли- яроқсизлигимизга қарамасдан қирғин қилишяпти, – кўз ёш тўкишибди дарахтлар.
қарағайшох чуқур ўйга толибди. Узоқ сукутдан сўнг, дарахтларга юзланибди.
-Менга бир нарсани аниқлаб беринг! Сизларга қирон келтираётган болтанинг сопига яхшилаб эътиборингизни қаратинг! Бизнинг ўрмонда ўсмайдиган бегона дарахтдан ясалганми, ёки ўзимизнинг маҳалладошларданми?
Топшириқни олишгач, улар бири қўйиб, иккинчиси югургилаб кетишибди. Ва ҳаял ўтмай, хабар келтиришибди.
-Шаҳаншоҳ, бизни қирғин қилаётган болтанинг сопи ўзимизнинг ўрмондаги қарағайдан ясалган….
-Демак, душман ўзимиздан чиққан,- хитоб айлабди қарағайшоҳ. Бунинг олдини олишнинг чораси йўқ. Агар соп бегона бўлганида эди, уни иложини қилса бўларди. Энди сабр –тоқат билан пешонада ёзилганини кўришдан ўзга чорамиз йўқ!
ҳозир Ишқия Сатторовнани кузата туриб, кўз олдида ўша манзара яна бир бор жонланди. Эҳ-ҳе, Олимхон у билан ва унинг ўзига ўхшаш манқурт гумашталари билан неча йиллардан бери олишиб келади. Бу Ишқия деганлари бош врачнинг ишончига кириш, унинг чўнтагини қаппайтириш учун, антиқа- антиқа усулларни ўйлаб топди. У кишининг «кашфиёт» лари дастидан туғруқхона деса, ноҳия аҳлининг ранги докадек оқарадиган бўлди. ҳомиладор аёллардан тортиб, унинг орқасидан келган қавм-қариндошу, уруғ-аймоқларини шилишни шунақанги теша тегмаган усулларини ўйлаб топишдики, бечора аёл ўз зурёдини бағрига босгунга қадар, гўдакнинг ҳар бир килограмм вазни тилло тенгига айланарди. Навбатчи шифокордан тортиб, навбатчи фаррошгача то ўз улушини ундириб олгунга қадар, ҳомиладор аёл ёки туққан хотин эркин нафас ола олмасди. ҳатто ҳомиладор хотинни умри бино бўлиб кўрмаган, унинг кўзи ёриган, ёки кўзи ёримаганидан мутлақо бехабар, туни билан эрининг қучоғида пишиллаб ухлаб чиққан бўлим мудирининг ҳам «доля» си ҳали у ишга келмасдан бурун эгасини кутиб турарди. Бир марта туғруқхонага иши тушган бечора хотинлар худога таваккал қилишиб, қолган фарзандларини уйда туғишни афзал кўришар, ўзининг ҳам, туғилажак фарзандининг ҳам тақдирини Оллоҳга ишониб топширишдан ўзга чоралари йўқ эди. Жафокаш элнинг заҳмат-ла топган уч-тўрт сомоний чойчақасидан тирсиллаб семирган туғруқхона ҳамширалари унча-мунча духтурни писанд қилмас, ҳатто оддийгина саломлашишни ҳам ўзига эп кўришмасди. Эндигина тиббиёт билим юртида таҳсилни бошлаган бўлажак ҳамширалар туғруқхона ҳамшираларидан андаза олишар, қандай қилиб бўлмасин, туғруқхонага ишга жойлашиш пайидан бўлишарди. Ажриқ сингари томир ёйиб кетган бу кимсалар билан олишиш Олимхонни катта сел оқимига бир пахса чим босишига қиёсласа тўғрироқ бўлар эди. Шу ҳақда ўйлар экан, бош врач албатта Ишқия Сатторовнадан Олимхон ҳақидаги фикрини сўраган, – деган хомҳаёл унинг миясига чақин солиб ўтди. Ишқия Сатторовна эса, ўлса- ўладики, Суярхонов ҳақида илиқ фикр айтмайди.
Ўша куни Олимхон анча вақтини қайнотасининг кетишини кутиб ўтказди. Коридорда бир неча маротиба Ишқия Сатторовна билан тўқнаш ҳам келиб қолди. Унинг салом-алигида зоҳиран бирон ғаламислик белгилари намоён бўлмасада, Олимхон унинг нигоҳларида акс этган ва уни нишонга олган маъноларни уқиб олади.
«Кимингга ишонасан, нимангга ишонасан? Сенда ақл бўлса, юриб кетаётган эшелонни тўхтатаман деб, ғилдираклари остига чўп cуқасанми? Ахир чўп шамол аралаш ўзингни ҳам поезд тагига итқитиб ташлаши мумкин-ку!»
«Садқайи сар, нима бўлса бўлар»,- Олимхон бош врач ҳузурига киришга жазм этди. Уни биринчи марта кўриб, биринчи марта гаплашиши эмаску? Бақиради, чақиради, ишдан ўз хоҳишинг билан кетасан дейди. Жойингга аллақачон одам топиб қўйганмиз дейди. Жуда бўлмаса, ҳукуматга, шаҳар раиси муовинига жўнатишади. Биз буни эплайолмадик деган маънода. Олимхон ҳам ўладиган ҳўкиз болтадан тоймас қабилида иш тутади. Марказ директори, ёки, шунчаки бир оддий шифокормас, аксинча заҳматкаш халқнинг бир бўлаги, фарзанди сифатида дилида армон бўлиб ётган ҳасратларини айтади.
Котиба қизнинг Олимхонга кўзи тушиши билан, кўз қорачиқлари икки баробар кенгайиб кетди, гўё. У Олимхонга қамоқдан қочган ашаддий ва ўта хавфли, бу ерга эса ўч олгани келган жиноятчига қарагандай бақрайиб қаради. Ундан кўзларини узмаган ҳолда, бир қўли билан пайпаслаб бош врач кабинети эшигининг тутқичини топди. Эшикни ярим очиқ қолдириб, остонадан туриб деди:
-У киши келди.
-Ким келди?
Жавоб ўрнига котиба қиз орқасига қарамасдан, бош бармоғи билан елкаси оша кўрсатди.
-Чақиртирганингиз!
-Айт, кирсин.
Котиба гўё Олимхон уни босиб, янчиб ўтадигандек, ўзини бир чеккага олди.
-Чақиртирган экансиз, – саломдан сўнг, бош врач қаршисида тўхтади. Жамила Кудари Олимхонга қаттиқ тикилди. Унинг Олимхонга айтмоқчи бўлган сўзлари ҳам, унга бўлган муносабати ҳам, айни пайтда у ҳақда нималарни ўйлаётгани ва қандай ҳукм чиқариши- ҳамма ҳаммаси нигоҳида жамланганди. Бош врачнинг бу ҳолатда яна хийлагина туриб қолишини сездими, Олимхон яна тилга кирди:
-Чақиртирган экансиз, мана келдим!..
-Олимхон Суярхонович! Сизнинг келган ёки келмаганингиз билан вазият ўзгариб қолмайди. Сизни кўрсам, ВИЧ- инфекция ёдимга тушиб кетади. Иккалангиз ўртангизда жуда катта ўхшашлик бор. қанчалик кураш олиб борилмасин, камайиш ўрнига кўпаяверасизлар…
-Миннатдорман Кудари хоним! Менга бундай илиқ сўзлар билан илтифот кўрсатишингизга қараганда, анча ҳасратингиз борга ўхшайди. Сўз ўйинига вақтни беҳуда қурбон қилмасакда, асл муддаога кўчиб қўя қолсак…
-Албатта, албатта… Бош врачнинг ташвиши фақат Олимхон Суярхонов эмас… Ақлли ва фаросатли ходимлар, раҳбар ҳузурига елкасига бир қоп муаммони опичлаб эмас, аксинча, муаммоларнинг ечими хусусида аниқ ва равшан ўз фикру- мулоҳазалари билан кирадилар. Ана ундай ходимлар ҳақиқатан ҳам ўз касбини севган ва уни санъат даражасига кўтариш лаёқатига эса шахслар… Сиз эса, ноҳия соғлиқни сақлаш тизимининг озгина бўлсада, оғирини енгил қилиш ўрнига, ўзингизники камлик қилгандай, оилавий можароларингизни ҳам тиқиштириб ўтирибсиз.
-Сезишимча, қабулингизга қайнотам кирганга ўхшайди, – Олимхон атайлаб қайнотасини қабулхонада кўрганлигини четлаб ўтди. Лекин, шуни айтиб қўяйки, Кудари хоним, у киши айнан ўша сиз таъкидлаган ва эъзозлайдиган, касбини санъат даражасига кўтараолган маҳлуқлардан. Умрнинг ва вақтнинг ғаниматлигини теран англайди. Ишонтириб айтаманки, у киши Сизнинг ҳузурингизга нафақат муаммолар билан, бира тўла Олимхонни йўқотиш керак, у сурбетни думини тугиш лозим каби конкрет фикр-мулоҳизалар билан келган. Чамамда, Сиз бундай шахсларни ўта қадрлайсиз. Сизни бошлиқ сифатида уч йилдан буён таниб, ҳамкорлик қилаётган бўлсам, уч йилдан буён муаммо талашамиз. У кишини эса, биринчи бор кўриб турибсиз ва илк бор суҳбатида бўлишингиз. қисқа фурсат оралиғида бир-бирингиз билан эл бўлиб кетишингиз ҳар қандай таҳсинга лойиқ. Айниқса, юлдузларингиз бир- бирингизга тўғри келганини айтмайсизми?
Бош врачнинг кўзларида ўт чақнади. Важоҳат билан ўрнидан қўзғолди. «Шу сафар масала узил-кесил ҳал бўлади» деган ўй Олимхоннинг хаёлида чақмоқдек чақин солиб ўтди. Жамила Кударининг бошлиқлиги, бошлиқ бўлганда ҳам унча-мунчамас, ноҳия миқёсида катта мавқега эга раҳбар эканлиги ёдига тушдими, ёки ўта маданиятли ва маърифатли оилада тарбия кўрганлигини Олимхонга намойиш этгиси келдими, ҳарқалай, ўзини босди. қайтадан оромкурсига чўкаркан, юмшоқ ҳалим оҳангда гап бошлади.
-Мана кўрдингизми, Олимхон Суярхонович! Сизнинг кириб келишингизнинг ўзи бир муаммо туғдиради, ҳали оилавий можароларингизга навбат етиб келмасдан бурун…
-Муҳтарама, Кудари! Менимча, оилавий можаро ҳамма рўзғорда бор. Агар қайси бир эр-хотин, шунча йил яшаб, Сиз оғзимиз сенга бормабди деса, мен шахсан ишонмайман ва буни яхшигина эртак ўрнида қабул қиламан. Демак, ёки улар бирга яшашиб, бир-бирларини кўрмаган, ёки аёл эрсиз яшаб, эри хотинсиз ўтган. Оилавий можароларки, уйга сиғмай, кўчага ўрмалаб чиқдими, демак у оила эмас, шунчаки асаб тизимининг яна қанчага бардош беришини синаб кўрадиган ҳарбий полигон…
-Мен шу муассаса раҳбари сифатида қабулимга келган ҳар бир фуқаронинг дарду-ҳасратини эшитишга масъулман. Шу оддийгина қоидадан ҳеч бўлмаса, хабарингиз бордир.
-Лекин, мен ҳар сафар ҳузурингизга кирганимда, хотинимдан нолиб, қайнота ёки қайнонам устидан арзу-шикоят қилиб кирмаганман. Аксинча, ноҳия ижтимоий тадқиқотлар маркази директори, Сиз билан тенг ҳуқуқ ва ваколатга эга бўлган раҳбар сифатида кирганман. Ва ҳар ташрифим замирида, шахсий манфаатимдан кўра, кўпроқ жамоат манфаати устунроқ бўлган. Комил ишонч билан айтаманки, менинг шахсий ёки оилавий муаммоларимдан кўра, йиллаб ечимини кутиб ётган бошқа муҳимроқ масалалар бор. Ўзингиз шижоат кўрсатиб чақиртирган экансиз, яна бир мардлик кўрсатсангиз-у, вақтингизни аямасангиз…
-Суярхонов, бу ерда мен раҳбар, кимга қанча вақт ажратишни ва нима учун ажратишни менга қўйиб беринг. Сизга қолганда эса, вақтни увол кетказишнинг ҳечам ҳожати йўқ. Чунки, сиз гапни топибмас, қопиб гапиришга одатланиб қолгансиз.
-Эҳтимол, шундайдир. Лекин, гапнинг муқаддимасини қанчалик жимжимадор, қулоққа оҳанрабодай ёқадиган тарзда бошлаганим билан, муаммоларнинг асл моҳиятига келганда, уни безаш ҳам, бежаш ҳам иш бермай қўяди. Чунки, у том маънода ўз бўйини кўрсатади. – -Демак, мен бу ерда юзага келган масалаларни узил-кесил ҳал этиш ўрнига, уларни тўплаш учун ўтирган эканманда?
-Бу ерга Сизни ким ўтқазганию, нима мақсадда ўтирганингиз, албатта, кўпроқ Сизга аён. Лекин, мен неча бор Сизга учраган бўлсам, муамммоларни санаб улгурмасимдан, тутақиб кетгансиз. Гапимни чўрт кесиб, оғзимдагини оғзимга, бўғзимдагини бўғзимда қолдиргансиз. Мажбур бўлганман ўша ечимини кутиб, қалашиб ётган муаммоларни ҳам, уни бартараф қилишни, ҳеч бўлмаса олдини олиш ҳақидаги ўз мулоҳазаларим акс этган сатрларни бир неча бор Сизга йўллашга. Лекин, ҳар сафар оддий қоғоздан ҳам ғариброқ бир алфозда иш столингизда эътиборсиз қолиб кетаверган…
-Суярхонов! Соғлиқни сақлаш тизими ноҳияда, қолаверса, вазирликда бужет соҳасидаги энг илғор муассасалар қаторида тилга олинишидан хабарингиз бордир? Вазирликда, ҳокимликдаги мажлисларда иштирок этсангиз керак?
-Тўғри буни инкор этмайман. Лекин, менинг назаримда, бу мақтовлар тагидан муттасил сизот сув оқиб турувчи жарлик устига қурилган иморатга ўхшайди.
-Мен Сизни бошқа мавзуда чақиртиргандим. Сиз эса, умуман бошқа томонга ўтлаб кетдингиз.
-Сиз атайлаб чақиртирган мавзу- жа унчалик янгилик эмас. Ал-мисоқдан, қолаверса, аждодларимиздан қолган мерос…
-Хуллас Жамила хоним Кудари! Асл мавзуга юз бурсак. Фақир қулингиз ўйлай-ўйлай, шу хулосага келдим. Назаримда, Сизни бу ноҳияга тавсия қилганлар, Заҳматобод кўчаларида пуллар оёқ остида сочилиб ётибди, фақат эплаб супурги билан йиғиштириб олсанг, бўлгани, деб қулоғингизга қуйган кўринади. ҳатто ҳаракатингиз, юриш-туришингизга қараб, бу одам ноҳиямизга иккита мақсад билан келган, деган ўй менга анчадан буён тинчлик бермай қўйди. Биринчи, бу ноҳияга келгунга қадар қанча сарфу-ҳаражат қилган бўлсангиз, уни танини чиқариб олишингиз керак. Кейин эса, кечани-кеча, куздузни-кундуз демай, фойда ортидан бўлмоғингиз лозим. Чунки, буни Сизнинг маҳаллий аҳолига меҳру-мурувватингиз йўқлигидан, оддий фуқаролар дарди билан ошно эмаслигингиздан билса бўлади. Гарчи, айни пайтда мени кўрарга кўзингиз, отарга ўқингиз йўқ эрсада, Сиздан фарқли ўлароқ, менинг шу халқ билан тўйим ҳам, азам ҳам бир. Менинг фарзандимни шу халқ орасидан чиққан мураббия боғчада тарбиялаяпти, шу аҳоли орасидан етишиб чиққан муаллима сабоқ ўргатяпти. қўрқаман, жуда қўрқаман, эртага неча йиллик қўшним, маҳалладошим мен билан бир товоқда таом ейишга ҳазар қилиб қолмаса деб. Даҳшатга тушаман, сўнгги манзилга сафар чоғимда, тобутим дастасидан жирканч билан тутмасмикинлар деб. Бўлим мудирларидан тортиб, оддий тиббиёт ходималаригача, боши охурда. Пул топиш илинжида. қолган ҳаммаси- улар учун ҳаётдаги энг майда икир-чикирлар… Туғруқхона деганлари ноҳия соғлиқни сақлаш 75 ёшга тўлибдики, тарихда бундай шармандагарчиликни бошидан кечирганмас. Агар шу йўсинда кетиш бўлса, кўп эмас, яқин бир, бир ярим йил ичида (албатта, бевосита Сизнинг раҳбарлигингиз остида) туғруқхонада ва уй шароитида кўз ёрганларнинг сони тенглашиб қолади.
-Бас, етар, ичингиздаги дардларингизни тўкиб солишга хўпам имконият яратиб бердим. Буёғини ўзимга нисбатан ҳақорат деб қабул қиламан. ҳар қандай ҳақорат эса, қонун билан жазоланади. Хўш, ўз ихтиёрингиз билан чиқиб кетасизми, ёки…
-Хоним Кудари! Мен шундай қарорга келдим. Мудроқ босган кўзларингизни шу сафар жилла бўлсада, бедорликка даъват этмас эканман, кабинетингизни тарк этиш йўқ! Остонангизга оёқ тираб туриб оламан.
Хўш, нега сўнгги йиллар давомида, янги туғилган чақалоқлар орасида бош чаноқ суяги босим ортиши ёмғирдан сўнгги қўзиқориндек кўпайиб кетяпти. Сабаби битта. Бу ерда фарзанд кутаётган аёлнинг умуман айби йўқ. ҳамма касофат, ўша аёлни смена пайти қабул қилиб олган навбатчи врачда. қандай қилиб бўлмасин, ўша аёл бечорани уч-тўрт сўмини ундириб олиш, ён-атрофидаги қўшилиб келганларни шилиб олиш. Ўзини юз ўту-чўққа урса-урадики, ишқилиб шу аёлни ўз навбатчилиги тугамасдан туғдириб олиши керак. ҳали тўлғоқ бошланмаган, туғиш йўллари ўз майлича бола туғиш ҳолатига тайёр бўлмаган… Хулласи калом, ҳали пишиб етилмаган тўлғоқни, алламбалоларни мушак демай, вена демай, қуюқ-суюқ қилиб юборишади. қарабсизки, бир сутка, ярим сутка муддатидан илгари бачадон безовталанади, қўзғолон бошлайди, ҳали туғруққа мутлақо тайёр бўлмаган, тор туғруқ йўлларидан чақалоқнинг боши ҳаддан зиёд қисилиб, дунёга келади. Ана Сизга тайёргина бош мия чаноқ суягининг босим ортиши касаллиги. То суяги қотиб, бола 7-8 ёшга киргунча на болада уйқу бор, на ота-онада. Еган –ичганлари заҳар, кийганлари кафан. Бу борада мен неча маротиба ҳам оғзаки ва ҳам ёзма тарзда мурожаат қилдим. Лекин… Сунъий тўлғоқни чақирувчи препаратларни мутлақо ишлатмаслик борасида, неча марталаб Худонинг зорини қилдим. Ва яна лекин…
Нега бунчалар иш стажи бир жойга бориб қолган қария ҳамшира ҳам, ҳали тиббиётнинг кўчасига эндигина қадам босаётган ғўр ҳамширадан тортиб, студентлик курсисида таҳсил олаётган талабагача туғруқхонага ишга жойлашишни хоҳлайди. қачондан буён туғруқхона бойлик орттириш масканига айланди. Яна бир фожиа! Ўзимизнинг жайдари маълумотларга кўра, ҳар тўрт чақалоқдан биттаси туғма сон суягининг чиқиши билан туғиляпти. ҳали чилласи чиқмасдан бурун бундай гўдакларнинг икки бути орасига шина ўрнатилади. Ва шина деган жонивор, кўп эмас, кам эмас, олти ой туриши керак. Бола бечора на оёғини қимирлата олади, на бошқа болалардек, типирчилаб, ўйнай олади. Ота-онасига янги-янги қилиқлари билан қувонч олиб келиш ўрнига ғам-ғуссага ботиради. Шу масалада неча марталаб сен менга бордик. Вазирликка боришга ҳам рози эдим. Илмий тадқиқот олийгоҳларидан мутахассисларни, эксперларни чақирайлик, тадқиқот олиб боришсин деб, кўзингизга балодек кўриндим. Собиқ шўролар даврида халқ тўю-маърака қилса, духтурман деганни таклиф қилмасдан қўймасди. Уйининг тўрига ўтқазиб қўярди. Айрича иззат икром кўрсатарди. ҳозирчи! Аксарият ходимларимизнинг нафси ўпқонлигидан, юлғичлигидан- кишилар оқ халатларга олайиб қарайдиган бўлишди. Бирон бир иссиқ ёки совуқ маъракага бориб қолсангиз, игнанинг устида ўтиргандай сезасиз ўзингизни. Тиббиётга алоқадорлигингизни сезиб қолишдими, бас, фалончи духтурга биттаю –битта молимни сотиб, пулини олиб келиб берганман, туғруқхонадан неварамни олиб чиқаман деб. Бола-чақам томоша қилиб турган телевизоримни гаровга қўйиб, пул олганман, қабилидаги гапларнинг кети узилмай қолади. Улар маъракага келишганми, ёки, тўй баҳона духтурнинг авра-астарини ағдаришгами, тушунмай, ҳайронсан, киши… Уятнинг зўридан азбаройи ер ёрилсаки, кириб кетсанг… Агар бу жараён шу тахлит давом этаверса, жонимни гаровга қўйиб қасам ичаманки, халойиқ тиб ходимлари тимсолида ўзининг энг қаттол душманини кўрадиган бўлиб қолади. Вазиятнинг бу даражада таранглашувига Сиздан олдинги бош врачлар ҳам иложи борича ҳисса қўшишган. Лекин, Сизнинг бу борада чеккан захмат ва хизматларингиз янада мақтовга арзигулик.
-Жаноб Суярхонов! Жуда баландпарвоз ва жон куйдириб гапиришингизга кўра, юртим деб, элим деб, ёниб яшайдиганлар тоифасидансиз, шекилли? Хўш, биз шунчалик ношуд, ишнинг кўзини билмайдиган калтафаҳм раҳбарлар сирасидан эканмиз. (ҳолбуки, бизнинг ким ва нималарга қодир эканлигимизга, Сиз каби менинг қўл остимдаги ходимим эмас, тепадан мени назорат қилиб турган раҳбарлар баҳо беришади). Ўзингизчи? Ўзингиздан сўрасак, жасорат намуналарини кўрсатиб, маҳаллий аҳолингиз учун нималар қилиб қўйдингиз? қайси ишни қойилмақом қилиб дўндирдингиз? Ароқ ичишни қойиллатганингизни ҳисобга олмаганда, албатта… Айтмоқчи, Сизнинг ширакайф ҳолатдаги ҳатти-ҳаракатингизни маъмурият, касаба уюшма ташкилоти ва партия қўшма мажлисида муҳокама қилинсин деган таклифлар ҳам тушяпти.
-Ичсам ичгандирман, буни тан оламан, ширакайф ҳолатда, эҳтимол кимнингдир ғашига ҳам теккандирман. Аммо, бир нарсага ишончим комилки, маъмурият билан касаба уюшмаси пул йиғиб менга ароқ олиб берганлари йўқ. Ёки, мен ароқ ичиб турганимда, партия менга газак узатиб турган эмас. Мен бугун қанча ва ким билан ароқ ичганим биланмас, бошқа бир хайрли иш билан фахрлансам арзийди. Мен бошлиқ марказ юртдошларим онгида бошқача бир тафаккурни қисман бўлсада, шакллантиришга эришдик. Тиббиётнинг бошқа ходимларидан фарқлироқ, фақат ташхис қўйиш ва даволаш ишларига муккамиздан кетмадик. Соғлом кишилар ўртасида тинимсиз иш олиб бордик. Боғча тарбияланувчилардан бошлаб мактаб ўқувчиларию, студентлар, уй бекалари, меҳнат муҳожирлари ва уларнинг оила аъзолари, нафақа ёшидаги нуроний отахон ва онахонларгача юқумли ва юқмайдиган касалликлардан ҳимояланиш йўлларини ўргатдик. Танани ва руҳни биргаликда, ёшликдан бошлаб чиниқтириш, тўғри овқатланишга одатланиш, ножўя хатти-ҳаракатлардан тийилиш, инсоннинг кам касал бўлишига, ёки, умуман касалланмаслигига олиб келишини қайсидир маънода шуурига сингдира олдик. Бир йил давомида бир оиланинг бемор бўлмасдан соғлом юриши оилада қанчалар маблағ тежалишига сабаб бўлишини иқтисодий жихатдан исботлаб бераолдик. Агар эътибор берган бўлсангиз, шифокорларга йил сайин шифо истаб эмас, аксинча, қандай қилса, инсон камроқ касалликка чалинади ёки, умуман бемор бўлмайди қабилидаги саволлар билан маслаҳат сўраб келаётган мижозлар сони ортиб бормоқда. Чунки, улар минг машаққат билан топган маблағларини заҳар –заққум дорилар сотиб олишга, беморхонама- беморхона зир-зир югуриб, овораю-сарсон бўлгандан кўра, тўю-томошаларга, фарзандининг камолини кўришга сарфлаш минг кара афзаллигини аллақачон тушуниб етишган. Онаси оламдан ўтган, бошида қайнонаси йўқ, маслиҳатга муҳтож ёш оналарга болани ҳеч бўлмаса, икки ёшгача она сутидан маҳрум этмасдан озиқлантириш қанчалар кони фойда эканлигини тушунтирганимиз, ажойиб натижалар берганини билсангиз эди. Фарзанд кўрган она ишламаса, рўзғор бошлиғи икки сўм чой-чақа топаман деб, етти ёт бегона юртларда сарсону-саргардон кезса… Устига устак, болани сунъий овқатлар билан озиқлантиришса… Гўдаклар сутли овқатининг ҳар бир қутиси 25-30 сомоний, нари борса, уч кунга етиб- етмай тугайди. Шу аҳволда бир йил бола боққан менман деган топарман- тутарман оила елкасидан нафас ола бошлайди. Амал-тақал қилиб рўзғор тебратиб турган оила бунча маблағни қаердан топади? Озгина маблағ билан ҳам тўқ яшаб, ҳам болани ҳар хил хасталиклардан сақлаб қолишнинг оддий қоидаларини улар жон –жон деб ўрганишди. Мана шулар барчаси ходимларимнинг ўз юртдошларига кўрсатган беминнат хизмати… Шугина меҳрибонлик унчалик ҳам дабдабали ҳаёт кечирмаётган юртдошларим рўзғорининг озгина бўлса ҳам, ўнглашиб кетишига бевосита бўлмасада, билвосита хизмат қилишига ишонаман…
-Менингча, Суярхонов, маррага етиб келган кўринасиз! Сизни шунчалар тоқат билан тинглаганим учун менга раҳмат айтишингиз керак. Асабларингиз ҳаддан ортиқ толиққан. Эрталаб, кадрлар бўлимига учраб кетинг. Меҳнат таътилига чиқиш тўғрисида буйруқни тайёрлаб қўйишади. Дам олиб қайтганингиздан кейин, енгилроқ ишга ўтказиш тўғрисида ўйлаб қўяман.
-Мен сиздан отпуска сўраб…
-Бас қилинг, бўлди етар. ҳатто ҳукумат раҳбарлари ҳам менинг кабинетимда бунчалар узоқ қолиб кетган эмас. Мени холи қолдиринг…
Жамила Кудари ўрнидан шитоб билан қўзғолди. Бундан «гап тамом, вассалом» деган маъно уқса бўларди. Олимхон сўзламоққа оғиз жуфтлаганди, бошлиқ қўли билан эшикни кўрсатди. У ноилож кабинетни тарк этди. Кўчада мақсадсиз узоқ кезди. қизиқ! Бир эмас, бир неча маротиба ичкилик сотиладиган дўконлар ёнидан ўтиб кетса ҳам, қайрилиб боқмади. ҳатто кўнглига ичкилик ҳам сиғмади. Бугун Олимхон шаробсиз ҳам сархуш эди. қатор йиллар давомида сурункали ичкилик унинг ирода пойдеворига заҳм етказган, нопокликка, адолатсизликка қарши ғалаён кўтарадиган қайноқ ҳисларнинг аллақачон чўғи ўчиб, кул қоплай бошлаган деб ўйларди. Бугун эса, иймони басаломат эканлиги, қалби уйғоқ ва виждонини ҳали мудроқ босмаганлигига ўзи яна бир бор амин бўлди. Гарчи инсон шаънини топтайдиган, шифокор обрўсига путур етказувчи ҳар қандай бебошликка қўли билан исён кўтаришга ожизлик қилсада, дили ғалаён кўтарди, тилида норозилигини кескин баён эта олди. Узоқ йиллар соғиниб кутгани, биллурдек шаффоф ботиний оламига гард қўниб улгурмаган Олимхонни топгандек маст эди. қалин қор қоплаган, машиналар ғилдираги остида кўм-кўк яхмалакка айланган йўл четидан оҳиста одим ташлаб бораркан, киракаш машиналардан бири унинг ёнгинасида келиб тўхтади.
-Олимхон ака, манзилингизга ташлаб ўтаман, совуқда пиёда қолибсиз. Олд ўриндиққа жойлашиб, машина ўрнидан жилгандан сўнггина эсига келди. «қаёққа кетаётганди, қаерга бориши керак эди? Одам деган ҳам мақсадсиз кўчага чиқадими? Сирасини айтганда, энди унга барибир эмасми? Отпуска дедими, демак сенинг розилигингсиз ҳам беришади. Енгил иш ваъда қилишдими, таътилдан сўнг, думингни тугишади.
Бундан келиб чиқадики, Олимхон, ҳозир сен – бой бўлиб болтаси, гадой бўлиб халтаси йўқ киши, қиёфасидасан… Марказ директори лавозимидан-ку четлатишади, бу аниқ! ҳеч бўлмаса, даволаш ва илмий ишларини олиб боришига тўсқинлик қилишмасмикин? Олимхон рақибини яхши билади. Жамила Кудари шайтон билан бир партада ўтириб, сабоқ олган. Ўзгани қуллаб –қувватлаш, йўл кўрсатиб қўйишга унчалик иштиёқи йўқдир, лекин, ўч олишнинг минг бир усулини пухта ўзлаштирган…
Машина бир силкиниб, тўхтаганда, Олимхон ўзига келди. ҳаёллари патдек тўзғиб кетди. Йўл четида, дастурхонга ўроғлиқ тоғора кўтарган ёшгина жувон турарди. ҳайдовчи йигит машинадан тушиб, орқа эшикни очди. Жувон ичкарига кирди. Ўзи билан ҳалигина тандирдан узилган, ҳовури чиқиб турган қайноқ ноннинг ҳушбўй ҳидини олиб кирди. Олимхоннинг юраги орзиқиб кетди. ҳайдовчи йигит ҳам Олимхонга бир қараб қўйди.
-Иссиқ ноннан олингла… акамулло… – жувон гўё шуни сезиб тургандай, битта иссиқ нонни иккига бўлиб, Олимхон билан ҳайдовчи йигитга узатди.
-Олингла… акамулло, -яна илтифот–ла сўз қотди у. –Сила – эркаклани фаришталаринг улуғ… Лекин, нон ҳаммамиздан улуғ… ўйда, таннуримизди нам тоттибди, ўшанга холамлани таннурига нон ёпиб, ўйга олиб келотувдим. Дадамла айтганла… нон ёпсанг, ҳиди неча ҳамсояникига босса, бир буддадан бўссаям, улашиб чиқ. Бўлмаса, ҳамсоянинг ҳаққи қолади, деганла… Отгинанга ман ўлай, ноннинг ҳиди силаниям димоғларингга бодди. Емасаларинг, ман гуноҳкор бўлиб қоламан…
Олимхон ортига ўгирилиб, нонни оларкан, жувонга кўз қирини ташлади. Оқ жун рўмол тагидан зулматни эслатувчи соч толалари пешона узра шалоладек сочилган, чарос кўзлар қаъридаги оташин нигоҳлар, аёзданми, тандир ҳароратиданми- олранг тус олган лўппи юзлар… -Ким бўлса ҳам, ҳалол луқмадан камол топган, тарбия кўрган солиҳа аёл экан, – ҳаёлидан кечди, Олимхоннинг. Ушатилган нондан бир бурдасини оғзига соларкан, унинг бетакрор, лаззатбахш таъмидан бутун вужуди роҳат топгандай бўлди. Бундай таъмни сўнгги бор қачон туйганини у эслайолмади. Бу жаннатий неъматнинг хушбўй ҳидидан тортиб, лаззатли таъмигача Олимхонни маъсум болалик оламига етаклаб кетгандай бўлди. Раҳматли Бувиш энаси ҳар нон ёпганида, нонлар орасига гоҳи учта, гоҳида тўртта кулча қўшиб ёпишни канда қилмасди. Энаси нон узишдан олдин, тандир ёнига албатта бир чинни косада муздек сув келтириб қўярди. Олимхон у кишини ҳеч қачон тандир ёнида турганчалик фариштасифат, юзлари тандир ҳовуридан қирмизи ранг олган, бир оз салмоғи кўпайган, оқ соч толалари бирам ўзига ярашган гўзал ҳолатда кўрмасди.
-Олимхон, Аҳатқул, олинглар болаларим, кулчаларингни совуқ сувга ботириб еб олинглар, кейин менга мазасини айтасанлар, – энаси негадир ҳар доим нон узишни митти кулчалардан бошларди. Ўша беғубор болалик чоғларида, совуқ сувга ботириб тановул қилинган иссиқ нон таъми бир умрга оғзида қолди. Ўшандай таъмни кейинчалик казо-казолар иштирок этган давралардаги тансиқ таомлардан ҳам, ранг-баранг шарбатлару, шириндан-шакар пишириқларда ҳам учратмади. Ўз ҳаёлларига эрк бериб, ҳалиги жувоннинг қай ерда тушиб қолгани ҳам эсида қолмабди. Ўша куни оёғи ҳеч қаерга тортмади. Нохуш бир хабарни эшитишни олдиндан кўнгли сезгандай, ишхонасига бирровгина кириб ўтишга ҳам юраги бетламади. Йўл-йўлакай уйидан хабар олиш учун учинчи қаватга кўтарилди. Бир шода калитни қўлида тутганча, эшикни очишга чоғланган Олимхон, ҳангманг бўлиб қолди.
«Муҳрланган, суд қарорисиз кирилмасин, Заҳматобод шаҳар суди, муҳр.
сана …. чи йил… имзо ______ каби сатрлар акс этган қоғоз ёпиштирилганди, эшик қулфига. Подъезд этагида, нима қиларини, қаерга боришини билмай, хийла карахтланиб туриб қолди. Хаёлига беихтиёр иссиққина, ҳалигина тандирдан узилган нон билан сийлаган аёл келди. Унинг шамол эпкинида ўйнаётган паришон сочлари, ибо ва латифлик мужассам қароқлари, ўзи пиширган нон каби ҳароратли ва қирмизи юзлари- кўз ўнгида гавдаланди. Бир оғиз миннатдорчилик билдириб қўймагани ҳам эсига тушиб, роса ўнғайсизланди. Ўйлай –ўйлай дўсти Мирвоситникига боришга қарор қилди. У ҳам худи ўзидай, куйган қуллардан. Сўнгги пайтлар хийлагина кексайиб қолган онаси билан шаҳар чеккасида пастқам гина ҳовлида туришади. Мирвоситнинг ўзи икки кун уйда бўлса, ўн кун сафарда. Узоқ шаҳарларга қатнайдиган поездда-кузатувчи. Агар вазиятни тўғри тушунтира олса, ишлари ўрнидан сал силжиб кетгунча уникида тура-турар…
Кун эртасига Олимхон Мирвоситникидан ҳар кунгидан ҳам вақтлироқ ишга отланди. Иш ҳужрасида уни ҳамшира кутиб олди.
-Олимхон Суярхонович! Сизни бугундан бошлаб таътилда дейишганди, – салом –аликдан сўнг, ҳамшира унга сўз қотди, – ҳозиргина Насурининг ўзи келиб менга тайинлиб кетди. То ўзлари чақирмагунча, ишга чиқмай тураркансиз. Бирор саволлари бўлса, олдимга кирсинлар, дедилар.
ҳафсаласи пир бўлган Олимхон кабинетдан чиқди. Бир фикри ортига қайтиш бўлса, яна бир фикри Насури ҳузурига кириш эди. Кирган тақдирда ҳам, кайфиятни бузадиган, умидсизликка туширадиган шумхабар эшитиши тайин.
-Бош врачимизнинг фармонини эрталаб ҳамширангизга тайинлаганман, – деди Насури Олимхонни тик турган ҳолда кутиб оларкан. Яна бир гап. Бир жиҳатдан кирганингиз ҳам яхши бўлди. Ўзингизга айтишим шарт. ҳукумат хотин-қизлар ва оила бўлими мудири Сизни сўратган. Кечиктирмай, шу бугуноқ олдига боришингиз зарур.
ҳукуматга уни не мақсадда ва нима зарурият билан чақиртирганини Олимхон ўзича таҳмин қила бошлади. Ёки, қайнотаси йўл-йўлакай ўша ерга ҳам қўниб ўтдимикин? Эҳтимол, аввал у ерда бўлиб, сўнг, бош врачга учрашгандир? ҳеч тушунолмай қолди. Нима исташади, улар ўзи?
Шундай бўлса ҳам, оёғи тортиб –тортмай, ҳукумат биноси томон йўл олди. Мудира иш кабинетида йиғилишми, учрашувми, нимадир бўлаётган экан, пича кутиб туришга тўғри келди. Ярим соатлардан зиёдроқ чамаси вақт ўтгач, эшик очилиб, ичкаридан бирин-кетин аёллар чиқиб кела бошлади. Икки-уч нафари ниманидир баҳслашиб, яна ичкарида қолишди. Олимхоннинг сабри чидамай, эшикни очди.
-Менга мудира керак эди, чақиртирган эканлар…
-Кимсиз, қайси масалада, – аёллардан бири унга савол билан юзланди.
-Мен Суярхонов, врачман, беморхонадан келдим.
-ҳа, ҳа, Суярхонов, Сизмисиз, кираверинг, мен бўлим мудираси, ҳозир бўшайман. Олимхон ҳайратдан қотди. Бўлим мудирасиман деб даъво қилаётган бу аёлни бозорнинг учига чиққан шаллақи хотинлардан бири эканлигини яхши билади. Аёллар лозимасидан тортиб, супургигача сотиш билан машғул бўлган бу аёл, наҳотки ҳукумат номидан гапирадиган даражага етган бўлса?
-Сизни қайси масалада чақиртирганимизни билсангиз керак?
-Тахмин қилишим мумкин?
-Хуллас, устингиздан кўп шикоятлар бор.
Ноҳия бош врачи, ўринбосарлари, қайнотангиздан тортиб, хотинингизгача даъво қилишган. Ишингиз, вазифангиз ҳақидаги масалани орқага ташлаб турармиз. Мана, хотинингизнинг ажралиш ҳақидаги судга берган аризасининг бир нусхаси. қоида бўйича оилавий масалаларнинг ҳар бири суддан аввал бизнинг бўлимда кўриб чиқилиши шарт. Ижобий якун топмаган тақдирда, биз ўзимиз ишни судга оширамиз.
-Майли, эҳтимол, бу сизнинг вазифангиздир. Лекин, бу ерда ростданам, Сиз мудирамисиз?
-Агар ростданам шубҳаланаётган бўлсангиз, ташқарига чиқингда, эшик пештоқидаги ёзувни ўқиб кўринг.
-Йўғ-е, ундай деманг опа, эшикдаги ёзувга ишонса бўлади, лекин, барибир…
-Нима лекин, нима барибир…
«Иштонфуруш бир шаллақининг тез кунда сиёсий арбобга айланиб қолганига шубҳаланмасликнинг ҳеч иложи йўқ»- ичида ғудраниб қўйди Олимхон. ҳали Гитлер деганлари Совет Иттифоқига бостириб кирганича йўқ эди, бу ноёб зотнинг учта эрнинг тагига сув қўйиб, ундан сўнг, ўзидан ўн ёш кичик бир отарчи йигит билан дон олишиб юргани оламга достон бўлганига… Шу кишим энди Олимхондай ўз қадр-қийматини билган, ор-номусини ҳимоялай оладиган кишига, оилавий кодекслар бўйича морал ўқийдими? Оиланинг муқаддаслиги ва у давлат таянчи эканлиги, эр-хотиннинг вафо ва садоқатда бир-бирига намуна бўлиши шариатда ҳам, давлат наздида ҳам улуғланишини мисоллар тариқасида тушунтирадими?
-Оилангиз билан ажрашмоқчимисиз?
-Кечирасиз опа! Буни мендан эмас, ариза ёзган кишидан сўрашингиз керак?
-Биринчидан мен опа эмас, Лўбатой Маҳкамовнаман. Иккинчидан, ариза берган одам ўз аризасида фикрини аниқ баён этган. Бизни Сизнинг фикрингиз қизиқтиради.
-Менимча, Лўбатой Маҳкамовна, менинг фикрим билан Сиз эмас, ўша ариза ёзган одам қизиқиб сўнг, ариза ёзганларида жуда чиройли чиқарди. Хўп майли, фикримни айтдим ҳам дейлик, шу билан бирон нарса ўзгарармиди?
-Ўзгарадими, ўзгармайдими, буниси билан менинг ишим йўқ, битта оиланинг ажралиб кетиши бўлимнинг йиллик ҳисоботига манфий таъсир кўрсатади. ҳар бир рақам учун эса, мен хукумат бошлиғи олдида жавоб беришим керак.
-Тушундим, демак Сизнинг ҳисоботингиз мусбий якун топиши учун биз нима қилишимиз керак?
-Йил охиригача ажрашмай турасизлар. Чунки, мен янги одамман. Биринчи йилдан кўрсаткичларим расво бўлишини истамайман. Ишнинг уддасидан чиқмади, деган дашномни Сизларга ўхшаганларнинг дастидан эшитишга тоби тоқатим йўқ.
-ҳар бир оила ажрашганда, камида икки-учтадан гўдак тирик етим қолади. Бу ҳам Сизнинг ҳисоботингизда ўз аксини топадими?
-Буниси энди менинг ваколатимга кирмайди, бошқа дахлдор, бўлимлар, қолаверса, суд бор..
-Лўбатой опа! Э, э… кечирасиз. Лўбатой Маҳкамовна! Иш бошлаганингиздан буён, ўзингизнинг «бой» ва «сермазмун» ҳаётий тажрибаларингиз, «ўта қимматли» маслаҳатларингиз билан нечта оила тўғри йўл топиб, эр-хотин апоқ-чапоқ бўлиб кетишди?
-Сиз нима, қидирув органининг ходимимисиз, ёки, мендан интервью олмоқчи бўлган мухбирмисизки, мени бунча саволга тутасиз. Бу ерда саволни мен бераман.
-Беринг бўлмаса, ўша саволингизни…
-Мени хотинингизнинг ёзган аризасига нисбатан фикрингиз қизиқтиради.
-Дадамлар- Эшони Суярхон айтардилар. Оила – бу эр-хотин ўртасидаги сирли сандиқ. Оиланинг пасту-баланд жиҳатлари, ўзига яраша сиру-асрори ана ўша сандиқда сақланади. Сандиқнинг калити эса, иккита бўлиши керак. Бири эрда, иккинчиси хотинда. қачонки, сандиқнинг қулфига дуч келган калит тўғри келаверса, унинг сандиқлиги ҳам қолмайди-ю, оиланинг оилалиги… Хотиним аризада нима ёзгани мендан кўра, Сизга равшанроқ. Менинг фикримга келсак, опа, калитни Сизга ишониб топшираолмайман.
-Менга қаранг, духтурча, бизнинг бўлимнинг калити ҳар қандай оила сандиғига тўғри келади. Керак бўлса, очиш учун Сиздан изн ҳам сўраб ўтирмайсиз.
-Хотинимнинг сепига тўрт метр атлас қўшиб қўйгандай, бизнинг тўйимизни хотин-қизлар ва оила бўлими харажат қилиб ўтказиб бергандай, гапиришингизни қаранг… Кўнглингиз тўқ бўлсин! Ишонтириб айтаманки, ярим йиллик ҳам, йиллик ҳисоботингиз ҳам биз туфайли жабр кўрмайди: Ёш келин –куёвларнинг бахт-саодати, оила равнақи учун бундан буён ҳам ҳормай-толмай «фаъолият» юришингизга тилакдошман… Мен кетдим!
Олимхон эшикни ярим очиқ қолдириб чиқиб кетди.
-Сурбетлигини қаранг! Ўзинг майдача бир духтур бўлсанг, чиранганингга ўлайми? Одамларнинг шикоят қилганларича бор экан…
Иштонфуруш мудира кўп вайсади. Лекин, Олимхоннинг эшитганлари шу бўлди. У йўлка бўйлаб кетаркан, жуда-жуда хўрлиги келди. Мусофир юртда, ҳаққингни ҳалоллаб ейиш осон иш эмаслигини юрагининг қат-қатидан туйди. Лекин, бошига бундай ташвиш, синов ва хўрликлар тушишини тасаввур ҳам қилмаганди. Шу тобда ўзини шунчалар ҳам ёлғиз ва нотавон, ғариб ва абгор сездики, беихтиёр қароқлари қатидан қатра ёш сизиб чиқди. Негадир, кўз олдидан Бувиш энасининг, тандирдан ҳозиргина узилган қайноқ кулчаларни узатиб турган унутилмас лаҳзалар, нотаниш жувоннинг машина ичида иссиқ нонни манзират қилган оний лаҳзадаги жозибали табассуми ўтди. ҳозирда бир оғиз юпанчга, бир чимдим меҳрга зориқиб турганини ич-ичидан ҳис этди. Лекин, атрофини қуршаб ётган дийдаси қотган, қалби сўқир кишилардан меҳр кутиб бўлармиди? Тўйиб –тўйиб ичкиси, сўнг тўйиб-тўйиб йиғлагиси келди. Дўконлардан бирини мўлжаллаб, йўлнинг нариги четига ўтувди ҳамки, – Олимхон, ҳей духтур ука! –деган овозни эшитди. Аланглаб, ён верига қараса. Мирзали домла қаршисидан келяпти.
-Яхшимисиз, Олимхон ука! Соғлиқларингиз яхшими ? Бола-чақалар соғ-омон юришибдими?- домла самимий ҳол сўраша кетди. Уч-тўрт кундан буён бот-бот ёдимга тушасиз. Хийла бўлди кўрмаганимга. Мазаси қочдийкинми, деб хавотирга ҳам тушдим. Шукр, ўзингизни кўриб, дилим анча таскин топди. қани йўл бўлсин, ука!
Олимхон бундай саволни кутмаганди, дабдурустдан довдираб қолди.
-Ўзим шундай, ишдан кейин…
-Олимхон ука! Агар қаршилик қилмасангиз, Сизни ўзим билан олиб кетаман. Пешинни масжидда бирга ўқиймиз. Кейин уйга ўтамиз. Дадангиз Суярхон эшон Суғддан ҳар келганларида масжидимизда намоз ўқиб кетардилар. Намозга келганларида имомликка ўзлари ўтардилар. Олимхон домланинг ортидан эргашди. Улар масжид саҳнига етиб келганларида, ўн-ўн беш чоғли одам суҳбатлашиб ўтирар, кимдир таҳорат олаётган, бир гуруҳ муллаваччалар эса, таҳсил билан машғул эдилар. Пешин намози ўқилгач, уч тўрт намозхон, Мирзали домла ва Олимхон бошлашиб домланикига йўл олишди.
-Тўкиной, меҳмон олиб келяпман, қарашиб юбор қизим, – домла ҳовлига кираркан, гарчи ҳеч ким кўринмасада, овоз берди.
Тўкиной деган қизлари шу бўлса керак, гарчи меҳмонларга ўзини кўрсатмасада, эшик ортидан домлага ул-бул нарса узатиб турди. Ўртада дастурхон солингач, иссиққина тандири нон тортилди.
-Шаҳарга кўчиб келганимга йигирма йиллар бўлиб қолди. Уй нонини емасам, нон егандай бўлмайман. Нечта ҳовлига кўчган бўлсам, аввал тандир қурдираман, -гап бошлади домла. Илгарилар раҳматли аяси пишириб турарди. Энди ишонганим шу. Тўкиной қизимга қолган. Аясидан ҳам ўтказиб пиширади.
-қани азизларим, нонга марҳамат! –уй соҳиби меҳмонларни дастурхонга таклиф этди. Тановвулдан сўнг, меҳмонлар изн сўраб ўринларидан туришди.
-Олимхон Сиз қола туринг, мен ўзим кузатиб қўяман, -деди домла.
Меҳмонлар кетишгач, домла ва Олимхон ёлғиз қолишди.
-Дўхтир ука! Анча бўлди, Сиз билан дийдорлашмаганимизга. Негадир ўйчан, рангингиз синиққан кўринади. Бир икки бамаъни жойдан, Олимхон укангизни ширакайф ҳолда кўп кўряпмиз деган гаплар ҳам келиб қолади, қулоғимга…. От бошига иш тушса, сувлиғи билан сув ичар, эр бошига иш тушса, этиги билан сув кечар, – деган мақол бор. Йигит киши омадсизликка учраса, хиёнатнинг қурбони бўлса, ёки, юртини қаттиқ соғинса… шу куйга тушади. Лекин, ука, бу муаммони ечишнинг осон йўли эмас… Тўғри, кайф ҳам бор нарса.. кимдир, ичкиликдан, кимдир тамакидан, яна бирови носданми, қиморданми, хўроз уриштиришданми роҳат топади. Лекин, ука, бир нарсани айтиб қўяй… Икки оламда ҳам, ислом динидаги кайфни топаолмайсиз. Беш вақт намозда оллоҳ Сизни беш вақт тинглайди. қуръон тиловат қилаётганингизда, оллоҳни Сиз тинглайсиз. Ана бунинг кайфини бир бора туйган одам, дунёда энг донғи кетган маликул- шаробга ҳам қиё боқиб қўймайди. Дунёвий кайф ва роҳат оний лаҳзада тугайди. Лекин, Оллоҳнинг жамолига шайдо бўлиб яшаш ишқи, унинг дийдорини кўришга муштоқ бўлиб яшаш кайфи, токи тирик экансиз, Сизни тарк этмайди. Агар Сизни шароб кайфи ўз оғушига олган бўлса, мана мен Сизга кайфнинг энг тозаси, ҳақиқийси ва Оллоҳга маъқулини тавсия қилдим.
Яна бир маслаҳатим ука! Дунё ишлари ҳеч қачон тугаганмас ва уни ҳеч ким тугатаолмаган. ҳаммасини бир четга йиғиштириб дадангизни, юртингизни зиёрат қилиб келинг. Ака-укаларни, ошною-оға-иниларни кўрасиз, ташвишлардан йироқлашасиз. Руҳингиз енгил тортади, фикрингиз тиниқлашади. Иншооллоҳ, қайта бошдан танангизга куч энади, иродангиз мустаҳкамланади. қайтиб келгач, Сизни албатта даврамизга оламиз. Худо хоҳласа, пушаймон ҳам бўлмайсиз, хор ҳам бўлмайсиз.
Олимхон домланинг ўгитларини жон қулоғи билан эшитди. Суҳбат поёнида домла яна қизини чақирди.
-Тўкиной, акангни қўлига сув қўйиб юбор!
ҳаял ўтмай, елкасида қордек оппоқ сочиқ, бир қўлида обдаста, иккинчи қўлида дастшўй тутган қиз кўринди. Олимхон қўлларини ювиб, сочиққа қўл узатаркан, ногоҳ нигоҳлар тўқнаш келиб қолди. Таниш, жуда таниш нигоҳлар… Паришон сочилган соч толалари, қирмизи ва лўппи юзлар…
қаерда учратганди, қачон? Лоп этиб миясига дастурхонга ўроғлиқ тоғора кўтарган, ҳайдовчи ва Олимхонни иссиқ нон билан меҳмон қилган жувон тушди. «Бу ўша одоби ила мени ром этган қиз. Демак, исмлари Тўкиной»… Сочиқни оларкан, қиз чиройли табассум ҳадя этди.
-Хуш кўрдик акамулло, яна келингла, -деб қолди.

Анжирли Зарафшон сатҳидан анча баландликда, адирлик тепасидан жой олган чоғроққина аҳолиси бор қишлоқ. Адирлар гумбази тоғбағрига туташиб кетганлиги боис, уйлар бир хил тартибда эмас, шаҳардаги каби маржондек тизилмаган. Бири пастқам, иккинчиси хийла тепаликда, яна бировининг ҳовлисидан қўшнининг томига нарвонсиз бемалол чиқса бўлади. Суярхон эшоннинг уйи қишлоққа кираверишда – офтобрўй томонда, энг баландликда… қишми, саратонми, офтоб чиққандан то ётоғига бош қўйгунга қадар, ҳовлини қуёш нури тарк этмайди. Зарафшоннинг нариги соҳилидаги Cўфиён, қашқа, Сўжина, қумсой қишлоқларидан ҳам гарчи масофа анчагина эрсада, бу уй бемалол кўзга ташланиб туради. қаторасига узундан узун солинган уйларнинг олд қисми- пешайвон. Пешайвондаги 8-10 киши жой бўладиган тахта сўри қишин-ёзин жойидан силжимайди. Суярхон эшон эрта кўкламдан то биринчи қор ёғдигача шу ерда тунаб қолади. Нонуштани ҳам, тушликни ҳам шу ерда қилади. Шу cўрида узоқ сукутга толиб умр сарҳисобини қилади. Олис- олисларга тикилади. Пастда-кафтдагидек кўзга ташланиб турган, мавжланиб оқаётган Зарафшон, мовий анҳорлар, поёнсиз шолизор ва тамакизорларга, тўқайзорларга нигоҳини қадайди. Бир ҳафтадирки, Олимхон дадаси билан бирга… Гарчи қишнинг авжи чилласи бўлсада йилт этган офтоб шуъласи кўриндими, сўри саҳнига пўстакни ташлашадида, ота-бола ёнма-ён жойлашишади. То баданлари совуқдан жунжиккунча гангир-гунгир суҳбатлашишади, бир пиёла иссиқ чойни шу ерда баҳам кўришади. Бир ҳафтадирки, Олимхон дадасининг хизматида. Субҳидамда туриб отасига таҳорат сув тайёрлайди, ўзи таҳорат олади, қозиқдан жойнамозни олиб, намозга жой ҳозирлайди, чойига, оби-овқатига ўзи қарашади. Бир ҳафтадирки, раҳматли онасидан ёдгорлик бўлиб қолган икки сингил- Шоҳиста билан Малоҳат бири-қўйиб, иккинчиси акага талпинади. Бир коса сутми, қатиқми баҳона акага меҳрларини тортиқ қилишади. қўшниси Абдуҳалимнинг завжалари – Тожинисо ҳам ўз туғишган синглисидай бўлиб қолган. Бирам одамижон, бирам оқкўнгил… қачон Олимхонни келганини эшитса, ғилминди пишириб, кўргани киради. қишлоқ одамлари ҳалигача уни ёлғиз қолдиришганмас. Шунақа пайтда бир умрга қишлоқда қолиб кетгиси, қишлоқ одамлари билан қўшилишиб пода боққиси, қир-адирларга қўй-эчки ҳайдагиси келиб кетади. Олимхоннинг… қанийди, иложи бўлса, уни шаҳар билан боғлаб турувчи кўз илғамас ришталарни шарт-шарт узиб ташласа-ю, боши билан қишлоқ ҳаётига шўнғиб кетса… Ариқ чопса, тўқайзорлардан эшак-эшак ўтин ташиса, тер қуйилиб турган пешонасини хотинининг рўмоли билан танғиб, ғарам-ғарам шоли ўрса… Айни чарчаб, чанқаб турганида суюкли ёри меҳр тўла кўзлари билан унга боқиб, бир косада айронми, муздек сувни узатиб турса… Э. эҳ…
Бир ҳафта бўлдики, отаси ундан ишга, оилага дахлдор бирон нарса сўраган эмас… Гўё бу мавзуни атайлаб четлаб ўтгандай… Индамадими, демак, ҳамма сирдан воқиф, ҳаммасини ўз тошу тарозусида ўлчаб кўрган.. Аслида, индамагандан кўра, уришиб сўкиб, бақириб чақиргани минг карра афзал эди. Ўзи ҳам енгил тортарди, Олимхоннинг ҳам елкасидан тоғ ағдарилгандай бўларди. қишлоғига келгандан бери, чиройи анча очилиб, дили равшан тортгани билан, уч кун бўлдики, Олимхоннинг ўнг қовурғаси остида сим-сим оғриқ пайдо бўлган. Гоҳ кучаяди, гоҳ ўзидан ўзи тўхтайди. Айниқса, тунлари кўп безовта бўлади, қовурғаси остида нимадир осилиб тургандай, эзилиб бўлакларга бўлиниб кетаётгандай туюлаверади. Аввалгидек, уйқудан ҳам ором топмайди. То чошгоҳга қадар кўнгли ҳеч нарса тусамайди. Шаҳарга қайтса, албатта дўхтирларга учрашини кўнглига тугиб қўйди. Шундай кунларнинг бирида шаҳардан ишхонага тезда етиб келаркансиз, мазмунидаги шошилинч телеграмма келиб қолди. Киши таъбини хира қиладиган навбатдаги кўнгилсизлик бўлса керак- дея Олимхоннинг кайфияти бузилди. Рости гап, уйдагиларга бу ҳақда оғиз очмади, кечга томон иккинчи шошилинч телеграммани келтиришди. Бу ноҳия бош врачи Жамила Кударидан эди. Гарчи, Олимхон отасига ҳеч нарса демаган бўлсада, барибир ота-отада, фарзанд ичини нималар кемираётганини қалбан сезди. Тонг саҳар сафарга, яна ўша ғала-ғовур хукмрон шаҳарга отланаркан, отасининг жон қадар дўсти Нусратилло махсум дуога қўл очди. Лутфулло бобо дуога қўшилди. Жонажон дўсти Шойимқулнинг нигоҳида акс этган соғинч изларини, сингиллари Шоҳиста ва Малоҳатнинг жавдираб турган кўзларини, Тожинисонинг қароқларидаги бир жуфт марварид томчилар бир умрга унинг ёдида муҳрланиб колди.
-Олимхон, ойнажон! Балогинанг урсин, илойим соқолларинг кўкрагингга тушиб, бобой бўлиб жургин!- камондек эгилган қоматини аранг кўтариб дуо қилди. Чаман момо. Олимхон отасининг анча букчайиб қолган танини кучоғига оларкан, падари-бузруквори бағридан таралаётган эндигина ўрилган беда ва қуриган янтоқнинг омихта ҳидидан жаннатий бир роҳат туйди. Отасининг қоқ суяк қўлларини, муборак бошларини узоқ силади.
-Мен ношуд ўғилни кечиринг ота-дея олди зўрға. Кўзларида ёш халқаланди.
-Худо хоҳласа ҳаммаси яхши бўлади, ўғлим! Отаси Олимхоннинг елкасидан қучаркан, деди.
-Юрагимнинг таги ойдин, гувоҳлик бериб турибди. Сен менинг ношудмас, энг ишонган ўғлим, суянган тоғимсан. Лекин, не иложки, тақдирни тавсиф қилиб бўлмайди. Мендан сенга насиҳат болам, мусофир юртда душман орттирма! Ўша юртнинг халқидан баланд уй қурма. Юзингга айтолмасада, ичида ҳасад боғлайди. Сувингни пуфлаб ич! ҳушёрликни кўлдан берма! қариганда жон болам, мени ғамга ботирманглар. Силарни деб чорак аср умримни ёлғизликда ўтказдим. Камми, кўпми, қолган умримни осойишта яшаб, оёғимни бемалол узатиб, омонатимни топширай…
қиш ҳалиям қаҳридан тушмаган, йўлкалар кўм-кўк муз. Шойимқул дўсти Олимхоннинг сумкаю жомадонларини тракторга юклади. Зарафшонни кечиб ўтиб ноҳия марказига элтиб қўйди. Олимхон қаердан ҳам билсин, болаликдаги дўсти, энг азиз қадрдони билан сўнгги марта дийдорлашиб турганини… Шойимқул ҳам ўша куни кўзларида мунг ила кузатиб қолди уни… Олимхон шаҳарга етиб келиши биланоқ, Жамила Кудари қабулига кирди. Гўё, ўзига нисбатан сўнгги ҳукмни кутаётгандай, тоқатсизланиб кутди унинг сўзларини.
-Гап бундай Олимхон Суярхонович! Орамиздаги бўлиб ўтган можарою-тортишувлар менинг кабинетимдан остона ҳатлаб кўчага чиқиши керак эмас! Меҳнат таътилидан чақириб олганимиз учун алоҳида буйруқ тайёрлаб бераман, иш ҳақингизни тўлалигича оласиз. Энди асосий гап. Завод санаториясида Жумҳурият бош вазирининг биринчи ўринбосари Шавкат Мирзиёев дам оляптилар. Мутахассислар у кишига игнатерапия тавсия этишган. Санатория игнатерапевти ҳаж сафарида. Фақат шу ноҳиянинг мутахассисларидан табобат оламан деб иккала оёғини бир этикка тиқиб олган. Пойтахтдан қанчадан қанча игна санчиб даволаш бўйича мутахассислар жон-жон деб рози бўлишди. Аммо, меҳмон кўнмаяпти, ноҳиянгиз тиббиёт тизими нечоғлик салоҳиятга эга эканлигини ўзимда синаб кўрмоқчиман, деб туриб олган. Хизматларини қиласиз, мен хозир шаҳар ҳокимига Сизни топиб, меҳмон ҳузурига юборганим ҳақида ахборот беришим керак. Лекин, айтиб қўяй, обидийда қилиб, дарду ҳасратингизни тўкиб ўтирманг, бизни шарманда қилиб… Олимхон бош врач кабинетидан қабулхонага чиққан эди ҳамки, ўнг ҳовурғаси остида, кўкраги аралаш шундай кучли оғриқ хуруж қилдики, чидаёлмай ғужанак бўлиб олди. қаршисидаги оромкурсига аранг етиб олди. Бир зумда нафас етишмагандай, қора терга тушиб кетди. Атрофдагиларнинг диққатини чалғитмаслик учун, тишини-тишига босиб чидаб берди. Ишқилиб, бош врач чиқиб қолмаса бўлгани. «Халиям ўтирибсизми пийпаланиб? Нима премьер-министр муовини аммангизнинг ўғлими, бунча бемалолсиз?» деб хархаша кўтаради. Дорухонадан у-бу таблеткаларни харид қилди-да, йўлга тушди. Санаториянинг бош вазир ўринбосари дам олаётган хона эшиги олдида иккита барваста йигит тўхтатди, «Кимсан, нимасан?» қабулидаги йўл-йўлакай саволлардан сўнг, улардан бири ичкарига кириб кетди. Олимхон Шавкат Марзияевни жуда савлатли, унча-мунча одамга гапини бермайдиган димоғдор одам бўлса керак деб тасаввур қилганди. Лекин, қаршисида мутлақо бошқа бир қиёфадаги одам пайдо бўлди. Олимхон остонада кўриниши билан, меҳмоннинг ўзи унинг истиқболига пешвоз чиқди.
-Бош вазир ўринбосари Шавкат Умарович, – биринчи бўлиб қўл узатаркан, меҳмон ўзини таништирди.
-Олимхон Суярхонов! – ноҳия бош игнатерапевти, – ўта камтарона оҳангда жавоб қилди Олимхон. Олий мартабали меҳмон уни оромкурсилардан бирига ўтиришга таклиф қиларкан, сўради:
-Эшонзодаларданмисиз?
-ҳа, шундай Шавкат Умарович! Отамиз ҳаётлар… Бобо авлодимиз Суғд вилоятида яшаб ўтганлар. Бобомизни Баширхонтўра дердилар…
-Э-э шошманг, қистакўзлик Баширхонтўрани айтмаяпсизми мабодо? У кишини бизнинг уруғ аймоғимиз пирим деб қабул қилганлар.
-Тўғри топдингиз Шавкат Умарович! Айнан ўша қистакўзлик Баширхонтўра… Меҳмон бир пиёла чой қуйиб Олимхонга узатди. Бундай илтифотдан у баттар ўнғайсизланди.
-Энди духтур ука, мен учун бир хизмат қиласиз! Мутахассислар дам олиш жараёнида тўлиқ курс игна муолажасини оласиз, дея таъкидлашган Душанбелик профессорларни ўзим рад этдим. Даволаниш ва дам олиш баҳонасида ноҳиянгиз шифокорлари билан танишиб, уларнинг интеллектуал салоҳиятини билгим келди.
-Шавкат Умарович! Ижозатингиз билан мен томир уришингизни текшириб кўрсам… Мартабали меҳмон ўнг қўлини оромкурси суянчиғига қўйди.
Олимхон меҳмонннинг томир уришини, жимгина, узоқ кузатди.
-Муҳтарам Шавкат Умарович…
-Олимхон ука! Бугундан бошлаб мен сиз учун оддий Шавкат акангизман. Ўртадаги барча расмиятчиликни олиб ташлаймиз. қолаверса, мен шунчаки беморингизман. қани гапирингчи, томир уришлар нима ахборот беряпти.
-Маълумотларни батафсил айтайми, ёки лўнда қилиб асл моҳиятини баён этайми?
-Батафсилроқ бўлса, янада яхши, ким ҳам ўз соғлиги тўғрисида қизиқмайди дейсиз.
-Бўлмаса эшитинг, Шавкат ака! Асаб тизимингиз хийлагина зўриққан, хотирангиз ҳам кейинги икки йил давомида панд бера бошлаганини сезган бўлсангиз керак. Сўнгги пайтлар, эҳтимол бир йилдан ошгандир бунга, режалаштирган ишларингизни ярмини амалга оширмай туриб, руҳан толиқиш ва жисмонан лоҳаслик сезасиз ўзингизда. Ўзингизни ишга зўр бериб урганингиз сари тажанглигингиз орта беради. Ишингиздаги сифат ва унумнинг пастлигини кўриб баттар жиғибийрон бўласиз. Шу боис қўл остингиздаги ходимларингизни ноўрин хафа қилиб қўйганингизни ўзингиз ҳам сезмай қоласиз. Буни фақат, анча совуганингиздан кейин идрок эта бошлайсиз. Бир йилга яқинлашиб қолгандир, юрагингизни аллақандай таҳлика ва ваҳима қоплаган. Гўё, бир кунмас, бир кун кимдир юзингизга қарата, сизга ишониб топширган вазифани уддалай олмаяпсиз- дея шартта айтадигандай… Шуларнинг ҳаммаси йиғилиб, пировардида оромингизга путур етказган, уйқунгизга салбий таъсир кўрсатган. қанчалар руҳан ва жисмонан толиқишингизга қарамасдан, уйқу сизни дафъатан забт этаолмайди. Уйқу сизни эмас, сиз уйқуни қидириб юрасиз.
Шу сабаб, эрталаб уйқудан тўйиб, роҳат билан керишиб уйғонмайсиз. Аксинча, ухлаш учун энди тайёргарлик кўраётгандай сезасиз ўзингизни… Кечаси маънисиз, мантиқсиз, қисқа метражли тушларни кўп кўрасиз. Афсуски, эрталаб кўрган тушингизнинг тўқсон фоизини ҳам эслаб қолаолмайсиз. ҳар бир воқеа ҳодисага шубҳа ва ҳадик билан қарайдиган бўлиб қолгансиз. Асабийлашганингизда олов ичида қолгандай бўлаверасиз. Кафтларингиз терлаб кетади, лабларингиз учиб, ўзингиз сезмаган ҳолда қўлларингиз қалтирай бошлайди. Шавкат ака етарлими, ёки…
-Э, бўлди-е, ука-е, Шавкат акангиз менми ёки сизми? Ўзим бўлатуриб, ўзимни дардимни сизчалик билмас эканман. Мен Сизни бошқа духтурларга ўхшаб, бир соат савол-жавоб қилади деб ўйлабман. Энди бунча иллатларни бартараф қилишнинг йўлини гапиринг.
-Шавкат ака! То муолажа тугагунга қадар, Сиз менга итоат этасиз, мен сизга эмас. Мен сизга оддий беморга қараётгандай муносабатда бўламан. Агар ҳолатингизда сиз кутган ўзгариш жуда секинлик билан рўй бераётган бўлса, кўнглингизни чўктирманг. Чунки, саккиз-ўн, баъзан умр давомида асаб тизимида йиғилиб қолган «юк»ларни биз бир давра табобат давомида узил-кесил халос этаолмаслигимиз мумкин. Бу табиий ҳол. Лозим бўлса, бир-бир ярим ойдан сўнг, иккинчи даволаш босқичини бошлаймиз. Шу пайтгача , даволаниб кўргансиз. Лекин, улар гоҳида узилишлар билан, гоҳида охиригача етмасдан чала ташлаб қўйилган.
Бош вазир ўринбосари жуда дилкаш, одамохун киши экан. Олимхоннинг ҳар бир кўрсатмаларини сидқи дилдан бажаради. У келганда тансоқчилар ҳам хонага камроқ кириб- чиқишга ҳаракат қилишади. Олимхон гоҳ тонг саҳар у кишининг ҳузурига ошиқади. Хуррак отиб ухлаб ётган бўлади. Ўзида йўқ хурсанд бўлиб кетади. Бу яхши аломат. Демак, асабга дакки берадиган, чўчитадиган омиллар бир қадам ортга тисланибди. Чошгоҳ сари қадам ранжида қилади, меҳмон мизғиётган бўлади. Гоҳида берилиб китоб мутолаа қилаётган пайтда келиб қолади. Игна санчиб даволаш сеансидан сўнг, Шавкат Умаровичга бўш вақт топди дегунча, тирик табиат қучоғига ошиқишни, ғужғон ўйнаётган балиқлар тўдасига, шаршарага ёки шарқираб оқаётган сой сувига нигоҳлари толиқгунга қадар тикилишни таъкидлайди. Уйқудан олдин ва уйқудан уйғонгач, дилкаш наволарни тинглашни тавсия этади.
-Олимхон ука! – деб қолди бир кун меҳмон, келганимдан буён менинг хизматимдасиз. Астойдил дам олиб, иш қобилиятимни тўла-тўкис тиклашим учун тинимсиз елиб-югуряпсиз. Неча кундан буён кузатаман. Рангингиз синиққандай, бир нарса сизни муттасил азоб бераётгандай… Ичингизни нимадир кемираётгандай туюляпти менга… Гоҳида жисмингиз мен билан овораю, хаёлингиз мутлақо бошқа жойда эканлиги сезилиб қолади.
-Йўғ-е, Шавкат ака! Унчаликмасдир, эҳтимол, сизга шундай туюлгандир…
-Эхтимол… лекин, туюлдими, демак, нимадир бор.
Кошки, Олимхон бировга ёриладиган, бировга дардини айтадиган одамлар сирасидан бўлса… Осмон узилиб Олимхонни босса босиб қоладики, ундан садо чиқмаслиги тайин. Лекин, ўша куни нима бўлди, нима жин урди уни, қандай қилиб асаб торлари бўшаб кетди, ўзиям ҳайрон. Худди ёшликдаги дўсти, синфдоши Шойимқул билан гаплашгандай гаплашибди Шавкат акаси билан. Бир маҳал қараса, Шавкат Умарович жим қолган, юзлари жиддий тус олган… Олимхон билан очилиб-сочилиб суҳбат қурган Шавкат акаси эмас, ҳақиқий бош вазир ўринбосари Шавкат Мирзияев… Олимхоннинг нафаси ичига тушиб кетди. Ўзиём ўтирган жойида тарашадай қотди. Нима қилиб қўйдинг, галварс эшонзода? Агар шу шашти билан бирон жойга қўнғироқ қилса борми, ҳаш-паш дегунча, Жумҳуриятни ғалвирдан ўтказиб юбориши мумкин… Ахир унча мунчамас, мамлакат Президентининг ишонган одами бўлса…
-Э яшаворинг, духтур ука! ҳали шунча дард билан тикка оёқда юриб, беморлар дардига малҳам бўлиб юрибман денг… деди бир маҳал Шавкат Умарович, хаёллар тизгинини бир нуқтага йиғиб оларкан.
Олимхоннинг хотираси панд бермаса, бу даволаш босқичининг ниҳоятига етаётган кунлар эди. Шавкат Умарович аввалгидан кўра, анча тетиклашган, ўзини соғлом ва бардам сезарди. Даволаниш ва дам олишнинг самарасиз кетмаганидан мамнунлиги юз-кўзларида зоҳир эди.
-Умид қиламанки, бир биримизни унутмаймиз, – деди Шавкат Мирзияев хайрлашув олдидан. Сўнг ташриф қоғозларидан бирини Олимхонга узатди.
-Истаган пайтингиз, истаган муаммонгиз билан мурожаат қилишингиз мумкин.
Олимхон меҳмон билан самимий хайрлашди. Лекин у кишининг ташриф қоғозларига ҳам, таклифларига ҳам жиддий эътибор қилмади.
-ҳукумат ишлари билан банд одам бўлса… Олимхонга ўхшаб тақдири шўр, саратонда совқотиб юрганларнинг Жумҳуриятда сони бор, саноғи йўқ. Мамлакат миқёсидаги муаммолар қолиб, Олимхонни эслашга вақти борми?
Олимхон эртаси эрталаб, Анжирлига қайтгиси бор эди. Лекин, кўкрак қафаси остидаги сим-сим оғриқлар, доимий чарчоқ ва иштаҳасизлик жон жонидан ўтиб кетдию, пойтахтдаги поликлиникалардан бирига учради.
-Жигарни еб битирибсизку, ука, – такаллуфни бир четга йиғиштириб, сўз қотди духтур. Яхшиямки, Олимхон ўзининг шифокорлигини айтмабди. Духтур ҳам мулзам тортарди. Ўзиям ноқулай аҳволда қоларди.
-Одам ҳам ўзига шундай бепарво бўладими, жигарнинг хаммаёғини чандиқ боғлаб, тошга айлантириб юборибсизку. Шу туришда кунингизга яраб турганига ҳайронман. Цирроз бошланяпти биродар. Тезда ётиб даволанмасангиз, охири аянчли тугаши мумкин. Ўшандан кейин ҳам Олимхон икки ҳафтагача судралиб юрди. Беморхонада даволаниш қарийб икки ойга чўзилиб кетди… Даволаниш баҳона ўзининг дўстлари, уни ҳурмат қиладиган касбдошлари ва шогирдлари кўплигидан боши осмонга етди. Кунда бўлмаса, кун ора Бўрон тоға хабар олгани киради. Агар қатновда бўлмаса, Мирвоситнинг бир оёғи шу ерда. Мирзали домла қўли бушади дегунча, Олимхонга талпинади. Бу орада аёзли кунлар ҳам анча юмшаб, баҳор нафаси сезилиб қолди. Олимхон бугун эрталаб уйғонса, нафақат бўлимда, бутун бошли баморхонада ўзгача жонланиш. ҳали соат миллари тўққизга етиб улгурмасданоқ палаталар, дахлизлар, дераза ойнаклари артилган шишадай тозаланди. Беморларнинг устки кийимларидан тортиб чойшаблару дераза пардаларигача, сочиқлардан тортиб ёстиқ жилдларигача алмаштирилди. ҳаммага бўлмаса ҳам бўлим мудирлари, даволовчи шифокорлар ва навбатчи ҳамшираларга гарчи унчалик янги бўлмасада, ҳар ҳолда ҳали оҳори тўкилиб улгурмаган халатлар тарқатилди. Катта кичикнинг оғзида комиссия келармиш деган гап. Олимхон мийиғида кулиб қўйди. Кошкийди, ҳар кун комиссия келса… Бир соатлар чамаси фурсат ўтгандир, ўзиям нақ Олимхон ётган палата деразаси остида барин-кетин учта машина келиб тўхтади. ҳовлини одам тутиб кетди. Хаёл ўтмай, бўлим даҳлизида гурс-гурс қадам товушлари, гангир-гунгир овозлар қулоққа чалина бошлади. Палата эшигини Жамила қударининг ўзи очди. Ичкарига ўн чоғли одам кирди. Улардан соғлиқни сақлаш вазири, шаҳар ҳокими ва унинг ўринбосарларини таниди Олимхон.
-Суярхоновнинг ўзлари шу киши бўладилар – Жамила Кудари ҳаммадан олдинга ўтиб Олимхоннинг каравоти ёнида тўхтади.
-Салом бердик, Олимхон ука, бир томир уришингизни кўриб қўяйми, – деса борми меҳмонлардан бири. Олимхон не кўз билан кўрсинки, қаршисида бош вазир ўринбосари Шавкат Мирзияев турибди. Хаяжондан тили калимага айланмай қолди.
-Бу ерга киргунча соғлиғингиз ҳақида батафсил ахборот олдим. Батамом соғайиб кетгунингизча жавоб йўқ. Бу менинг кўрсатмам. Бу ердан чиққач, энг нуфузли курортлардан бирига жойлашатиришади. Энди зиммамдаги қарз бўлиб турган вазифани адо этиб кетай… қўлингизни беринг Олимхон ука, – бош вазир муовини унинг қўлини қаттиқ сиқди, сўнг, кафтларига бир шода калитни қўйди.
-Мана бу шаҳарнинг қоқ марказидаги кўп қаватли уйлардан тўрт хонали квартиранинг калитлари, курортдан қайтгач, мазза қилиб яшайсиз. Атрофдагилар чапак чалиб юборишди, кейин соғлиқни сақлаш вазирига юзланди.
-Жўрахон Иномович! Мен вазирлик орқали Олимхон Суярхоновнинг ҳам раҳбар, ҳам даволовчи шифокор сифатидаги иш фаъолияти билан танишиб чиқдим. ҳукумат номига мактуб тайёрлаб, Ибн Сино мукофотига бу кишининг номзодини кўрсатасиз. 18-август тиббиёт ходимлари куни, шахсан мукофотни ўз қўлларингиз билан топширасиз. Вазир бош устига дегандай, қўлини кўксига қўйди.
-Илмий ишларингиз борасида ҳам қизиқиб кўрдим. Эндигина тетапоя бўлиб келаётган, мурғаккина бизнинг мамлакатимизда инсон умрини узайтириш мавзусида диссертация ёзиш жуда катта жасорат ва меҳнатни талаб қилади. Шундай долзарб мавзу, Жўрахон Иномович наҳотки, ўн йилдаям ёруғлик кўрмаса? Бу нима гап?
Cўнг, ноҳия бош врачи Жамила Кударига юзланди.
-Кудари хоним! Кадрларни тўғри танлаш ва уни жой-жойига қўйиш бу албатта Сизнинг вазифангиз. Мен ўйлайманки, Олимхон Суярхоновнинг ҳозирги вазифаси унинг раҳбарлик ва илмий салоҳиятига торлик қилиб қолган. Каттароқ, бақувватроқ, бор куч ва салоҳиятини ишга солиб фаъолият юритадиган лавозимларга тавсия қилинг, ютқазмайсиз. Бўлмаса, ўзим билан пойтахтга олиб кетаман. Шавкат Мирзияевни қуршаб турганлар кулиб юборишди, сўнг чапак чалиб юборишди.
Олимхон воқеа тафсилотини шу ергача эслайди. Кейин, гангиб қолдими, ҳаяжондан ўзини йўқотиб қўйдими, меҳмонлар қачон кетишди, ҳечам эсида йўқ. Бир пайт қараса, палатадошлари мижжа қоқмай унга тикилиб туришибди. Тумбочка устида бир шода калит…
-Акалар, бугун қанақа кун ўзи,- ҳалиям бўлса, ўзига келмаган Олимхон палатадошларидан сўради.
-Бугун жума, ака, – бир овоздан жавоб қайтаришди улар.
-Жума,- пичирлади Олимхон. Оллоҳнинг азиз куни…
-Суярхонов, – олдингизга одам келган, кираверсинми?-навбатчи ҳамшира эшикни қия очиб Олимхондан сўради. Сўнг, эшик тавақасини ланг очиб қўйди. Остонада бир қўлида тўрхалта, иккинчисида тугун кўтарган хушбичимгина аёл кўринди. Уялиб, қимтиниб, ер остидан ҳаммага бир-бир нигоҳ ташлади-ю, керакли кишисини топди шекилли, Олимхон томон одимлади.
-Ассалому алайкум акамулло, энни яхшимисиз?
-Ия, Тўкиной, бу ерларни қандай топақолдингиз?
-Дадамла яваддила, акомулло, ҳар охшам ўйимизда сизди гапингиз. Мусофир йигит, жабр бўлли деб дадамни ичлари кўялла…, -аёл ерга қараган куйи гапирарди.
-Дадангиз юбордиларми, ёки, ўзингиз топиб келдингизми? У бир оз жимиб қолди. Юзлари дув қизарди.
-ҳай десангиз, ростимни айтай … Ўзим топиб келлим, акамулло. Дадам мачитгала… Танурга нон ёпувдим, хом шўрвони термосга соллим-у, экта иссиқ нон билан оллингизга чоптим… Олинг акамулло.. савуб қомасун. Шерикларингизга ҳам манзират қилинг.
Олимхон тўлқинланиб кетди. Томоғига нимадир тиқилгандай сезди ўзини. ҳозир, кимдир бир оғиз ширин сўз айтиб юборса, йиғлаб юбориши тайин эди.
-Минг бора таъзим ва раҳмат сенга ҳақиқат, – беозор пичирлади лаблари унинг. -ҳақиқат эгилади, букилади, лекин, синмайди, дейишади. Аммо, ҳар эгилиб, букилганда, нечталаб қовурғаси синиб, беллари майишиб кетишини ҳамма билса эди.
-Бир нессала деёпсизми ўзингизча акамулло, – Тўкиной чўчинқираб Олимхонга тикилди.
-ҳа, Тўкиной, энди баралла айтсам ҳам бўлади, – у Тўкинойнинг қўлларидан оҳиста тутаркан, давом этди.
-Бир-биримизни, яхшиларни асрашни ўрганайлик! Чунки, уларнинг борлигидан ва юз хотиридан қиёмат ҳар куни ортга сурилади.
Яхшиларни соғиниб, яхшиларга талпиниб яшайлик, азизлар!

Тамом.

Душанбе-Хўжанд – Панжакент- Душанбе
Январ-апрел- 1998 йил.

www.munosabat.org

Share on FacebookShare on Google+Tweet about this on TwitterEmail this to someoneShare on LinkedIn