ЖАЗМАНЛАР САЛТАНАТИ МАЛИКАСИ

eketerina velikiyБуюк Екатерина

Екатерина Россия олтин тожига эгалик қилган машҳур маликалардан биридир. Бироқ, унинг ҳақиқий исми Екатерина эмас, келиб чиқиши ҳам нотайинроқ. Ҳатто, баъзи тарихчилар уни буюклар қаторига қўшишмайди ҳам. У Россияга келганида оддийгина немис маликаси эди, бу ерга пулсиз, дўстларсиз, бисотидаги бор-йўғи учта кўйлак билан қадам қўйганди. Аммо у Россия тахтининг вориси улуғ князь Пётрга турмушга чиқишга мушарраф бўлди.
Пётрнинг ўзи арзимас бир шахс эди. Ақли ҳам мақтагулик эмасди. Юзида чечак асоратлари шундоқ билиниб турар, тўшакка этиги билан ётиб олиш одати бор эди. Ҳатто шоҳ бўлиб ҳам, хизматкорлари билан тез-тез бўкканича ичиб турарди. Аскарларини занжир билан, баъзан мушти билан урар, баъзида эса ерга ётиб олиб, аскар кийими кийдирилган қўғирчоқларни соатлаб ўйнарди.
Екатеринанинг бир неча фарзандлари бор эди. Аммо унинг эси паст эри болаларининг биронтасини тан олгиси келмас, уларнинг бино бўлишига ҳеч қандай алоқам йўқ, дея аюҳаннос соларди.
У юзлаб меҳмонлар олдида Екатеринани ҳақоратлар, шундай сўзлар билан камситардики, уни ёзмоққа ҳатто қалам ҳам ор қилади. Баъзан хотини билан ажралиш ёки уни ибодатхонага бадарға қилиш тўғрисида таҳдид ҳам қилиб қўярди.
Хотини ҳам шу тахлит жавоб қайтарарди. Екатерина тўнтариш уюштирди, эрини тахтдан ағдарди ва жазманларидан бирига унинг ароғига олтингугурт солишни буюрди. Бироқ, Пётрнинг жони темирдан ҳам қаттиқ эканки, ҳатто олтингугурт ҳам уни йиқита олмади. Ана шундан сўнг Екатеринанинг жазмани унга қаттиқ мушт уриб, қўлига тушган салфеткани томоғига тиқиб, буғиб ўлдирди. Мана шу воқеалардан кейин Екатерина 34 йил мабойнида ўнлаб халқлардан иборат дунёдаги энг катта империяни бошқарди. У ўз империясини менинг жажжи чорбоғим деб атарди.
У бошқа эрга тегмади, лекин том маънода ёлғиз эмасди. Гап шундаки, кўплаб, балки юзлаб жазманлари унинг қайноқ, романтик юрагидан ўрин топди. Шу билан бирга, у набираларининг тарбиясига жуда қаттиққўллик билан эътибор қаратардики, ҳатто ўсимликларнинг кўпайиши масалалари ҳам ўрганилади деб ботаникани ўқитмасди.
У юз миллион фунт стерлинглаб пул сарфлаб жазманларини шохона тақдирларди. Гарчи уларнинг кўпчилиги бирон бир иқтидори билан ажралиб турмаса-да, армия генерали, биринчи даражали амалдор этиб тайинланарди. Польшани забт этгач, суюклиларидан бирини у ерга қирол этиб тайинлайди. Аслида бундай нияти ҳам йўқ эди. Бироқ совиб қолган жазманидан қутилиш учун шундай йўл тутди. Кейинроқ суюклисини мансабидан жудо қилиб, унинг тилла суви билан зарҳалланган тахтини Россияга олиб келтириб, ўз ваннасига ўрнатди.
Унинг жазманларидан бири моҳир армия офицери Григорий Орлов бўлиб, у юнон худолари монанд гавдали, ғор одамникига ўхшаш услуби билан ажралиб турарди. Унинг муштини ишга солиб юбориш одати бор эди, ҳатто баъзан Екатеринанинг ҳам соғ жойи қолмасди. Олий зот маъшуқа жонига текканда эса, у ҳафталаб йўқ бўлиб кетар, дуч келган биринчи хизматкор қиз билан илакишиб қоларди. Шунга қарамай, малика ўктам жазманининг бу қилиқларига панжа орасидан қарар, унга унвонлар-у, минглаб крепостной деҳқонлардан иборат қасрларни тақдим қилишдан чарчамасди. Охир-оқибат Орлов ёш қиз билан қочиб кетди, кейинроқ эса ақлдан озди.
Бундан сўнг Буюк Екатерина девдай Потёмкинни севиб қолди. У бир кўзли бўлиб, бошқасини қовоқхонада жанжалда йўқотганди.
Гарчи Потёмкин Шарқнинг барча гўзаллиги ва бойлиги билан безатилган палатада яшасада, ялангоёғига кийиб олган уй шиппакларида юрарди. Сочлари ҳамиша ўсиқ, ўзи эса исқирт эди. Унинг тирноғини чайнаш одати бўлиб, хом пиёз ва саримсоқни хуш кўрарди. Бироқ, Потёмкин шундай куч-қувват манбаи эдики, қўлининг ҳар бир тегиши Екатеринани бетакрор ва нафис бахтгга мушарраф этарди. У жазманини эркалаб “олтин товуғим”, “кабутарим”, “кучукчам” деб эркалатарди.
Шуни айтиб ўтиш керакки, шу “кучукча” Россиянинг энг машҳур қўмондонларидан эди. Бироқ, у тўпнинг наъраси у ёқда турсин, милтиқ товушидан ҳам сесканиб тушарди.
Гарчи Екатерина дунёдаги энг бой аёл ҳисоблансада, кунига икки мартагина тамади қиларди. Ўзига бироз тўқ бўлган ҳар қандай одам ундан кўра тўкисроқ овқатланарди. Маликага овқатлар олтин ликопчада тортиларди. Агарда бирорта овқатнинг гўшти куйган бўлса, Екатерина ошпазнинг устидан кулган бўлардида, барини тановул этаверарди.
Тарихда айшу-ишратни севувчи сифатида ном чиқарган Екатерина умуман вино ёки алкаголли ликёр истеъмол қилмас, қорағат шарбати билангина кифояланарди. Уни тайёрлаш учун қарийб бир фунт кофе кетарди.
Унинг юзлаб хизматчилари бўлатуриб, баъзан каминга ўзи олов ёқарди. У чекмасди, бироқ тамаки ҳидлашни хуш кўрарди. Кийимларига тамаки шу даражада ўтириб қолган эдики, бу маликанинг келаётганини узоқдан билиш имконини берарди.
У баланд бўйли, хушқад эди. Ўзининг қомати билан фахрланар, баланд кўриниш учун бўйнини чўзиб юрарди. Ваҳоланки, болалигида гавдаси жуда секинлик билан ривожланган. 26 ёшга етгандагина мия суяклари тўла ўсиб бўлади, шу боис у ҳамиша бош оғриғидан азоб чекарди.
Жуда мағрур ва кибрли бўлган Екатерина ўзига юборилган хатларда, “Император жаноби олияларига” деб ёзилмаган бўлса, уларни ҳатто очиб ҳам кўрмасди. Бир куни у ичиб олиб, мен унинг эри бўлганман деган бир эркакнинг бурнини кестириб юборади.
Ёши ўтгач, Екатерина шунчалик семириб кетдики, оёқлари филдай гавдасини кўтара олмай қолди. Шундан бошлаб ғилдиракли махсус курсида ҳаракатланишга мажбур бўлди.
Ҳатто ёши анча ўтинқираган пайтида ҳам баҳор шамоли унинг эхтиросга бой юрагини қитиқлаб турди. Бу гал унинг жазмани шарафига набираликка ярайдиган гвардия офицери Платон Зубов мушарраф бўлди. Екатерина ҳокимиятининг сўнгги бир неча йилларида ушбу мақтанчоқ калтафаҳм йигит Россияни билвосита бошқарди.

Абулфайз БАРОТОВ тайёрлади.

www.munosabat.org

Share on FacebookShare on Google+Tweet about this on TwitterEmail this to someoneShare on LinkedIn