Танишинг: Иқтидорли шоир Жўрабек РАМАЗОНОВ

jurabek ramazonovЖўрабек Рамазоновнинг ”Огоҳнома” достонини ўқиб, янги бир истеъдодли шоирни кашф этгандик. Бугун унинг шеърларини эълон қилар эканмиз, туйғуларимиз алдамаганига ишонч ҳосил қилдик. 

Қ И Ё М А Т

Дунё кўрмас эмиш бошқа пайғамбар
Муҳаммаддан токи маҳшарга қадар.

Унгача покланиб бўлиши шарт ер,
Ёзилиб бўлиши керак ҳамма шеър.

Қиёмат кунида эркагу аёл
Қип-яланғоч юрар эмиш бемалол.

Тангрининг қошида тиз чўкиб у чоқ,
Ҳар бир гуноҳига берармиш сўроқ.

Ҳозир-чи, эркакка урар эркак дўқ,
Аёлнинг эгнида ярим либос йўқ.

Аслини шунчаки суриштирсанг гар,
Пайғамбар номига мингта даъвогар.

Менимча, қиёмат бошланар шу дам –
Қачонки одамга сиғинса одам!

* * *

Гарчи кўп дунёда эллар, элатлар,
Баъзисин халқидан қонуни бисёр.
Аммоки ҳар нима бўлса, миллатлар
Озод яшамоқни айлар ихтиёр.

Эрк ахир томирдан унгувчи дарахт,
Япроғин йўлларга гулдай тўшаса…
Бу қандай эл – агар кундузи карахт,
Тунлари хавотир билан яшаса!

Бу қандай эл, агар ҳақгўйлар асир,
Даҳолар авайлаб юрса жонини.
Ейишга бир бурда нони йўқ шоир
Мақтаса шоҳининг дастурхонини!

Бу қандай эл, агар унутиб шонни,
Тонгларига ўзи беролмаса зеб.
Миллатнинг ягона қаҳрамонини
Таништирса халққа душманинг шу деб

Деҳқони кўрнамак, чўпони ўғри,
Қизи беандиша, ўғли тошбағир…
Телба буйруқларнинг аёвсиз чўғи
Асл фарзандларни куйдирса бир-бир…

Ҳа, тарих дилларга чўкар тош бўлиб,
Унутиб бўлмайди лаҳза-ю онин.
Юртим, сен мисоли бир қуёш бўлиб,
Яшнатиб юравер дунё айвонин!

 

 

Х Ў Р О З

Тонг чоғи хўрозни туртади товуқ:
“Туринг энди, халқни уйғотиш керак!”
Хўроз-чи, тўнғиллаб қўяди совуқ:
“Ҳали эрта ахир, жим ётиш керак!”

Иккинчи бор товуқ туртганидан сўнг
Эриниб очади хўроз кўзини.
Аллақачон ортда қолиб кетган тонг,
Сурон эгаллаган замин юзини.

Шунда сўка бошлар товуқни хўроз:
“Нега уйғотмадинг сен бефаросат?
Ҳамма ёқда бизга бегона овоз,
Энди қичқиришга қолмабди ҳожат!”

Бу на латифа-ю, на бир ривоят,
Шундай экан, маъно изламанг бундан.
Лекин… бошланиши мумкин қиёмат
Одамлар хўрозга ишонган кундан.

 

У Р У Ш

Қўшнимиз бор эди – бардамгина чол,
Фақат бир қулоғин милтиқ чўқиган.
Қизиқиб, урушдан берамиз савол,
Дейди: “Ўлмаганман танклар ўқидан.

Қўлтиқтаёққа ҳам суянганим йўқ,
Ҳув ана, милтиғим айвон қошида.
Ҳозир ҳам шу Ватан учун жанг қилмоқ
Лозим бўлса, боргум сафнинг бошида!”

Тўғри, мен урушни кўрган эмасман,
Хийла эшитганман чолдан ҳарқалай.
Аммо оловланган юрагим билан
Ҳаёт майдонига кирибман билмай.

Кўрдим – курашларга ярамайди бир,
Лекин кўкрагини кергани керган.
Англадим: бундайлар ортидан кимдир
Телефон гўшагин кўтариб турган.

Баъзида мендан юз бурганда омад,
Шунчаки дард билан чўкканда кўксим,
Аямасдан сочар турли маломат
Қандайдир “…вич”ларга ишонган дўстим.

Кўрдим – фалончининг эрка боласи
Имтиҳон маҳали сурганмиш “танка”.
Пистончи мансабнинг зиналаридан
Суяниб чиққанмиш қўлтиқтаёққа.

Майдонга қуролсиз, ўқсиз кирганман,
Фақат юрагимни бўядим оққа.
Танкларнинг зарбидан ҳануз омонман,
Суянганим ҳам йўқ қўлтиқтаёққа!

 

Н У Қ Т А

Хоҳи жиддий, хоҳи ё
Шунчаки ҳазил бўлар,
Тугагунча битта гап,
Минг жоним савил бўлар.
Фалончига хуш ёқар –
Буйруқ беради кўпроқ;
Чидайман-да бошимда
Турса ҳам узун таёқ.
Пистончи кимларнидир
Қилар тинмайин сўроқ.
Бундай маҳал устимда
Гердаяр ўткир ўроқ.
Баъзилар пардоз учун
Гоҳи “дум” ҳам қўйишди.
Гапин ичга ютганлар
Мени учга бўлишди.

 

АЁЛ ҲАҚИДА

Сиз нега аёлни беозор дейсиз,
Нимага ўйингиз бўлмайди теран?
Шоирлар ёлғонин истисно қилсак,
Ким унга қайси вақт жонини берган?

Тасаввур қилайлик: изғиринли кун,
Ўтиб кетаётир йўлдан бир жувон.
Ахир, шу аёлнинг пўстини учун
Эҳтимол қирқ қуён бўлгандир қурбон!

Биз кабилар нуқул ёлғонни ёзиб,
Қошида ўзини пояндоз тутар.
Лекин аёлларга ёқа бўлай деб
Орзу қилмагандир биронта сувсар.

Аёл ҳам ўзини хокисор билиб,
Кимнидир суяди, кимдан куяди.
Даҳшатли тимсоҳнинг терисин шилиб,
Оёғига этик қилиб кияди!

Сиз яна аёлни беозор дейсиз…

 

О Н А

Қайсидир қавмда урушдан кейин
Оналар келаркан жанг майдонига.
Ўғлининг жасадин топиб, сўнг секин
Яқинлашар экан унинг ёнига.

Агарда дилбанди олд томонидан
Яраланган бўлса, тортаркан уввос.
Жой бериб аждодлар қабристонидан,
Аза тутишаркан оналарга хос.

Агар орқасидан ўқ еганда у,
“Урушдан қочган” деб қўяркан ташхис.
Ҳеч ким йиғламаскан, чекмаскан қайғу,
Она ҳам мурдадан ўгираркан юз.

Бу кўҳна дунёдан қолган бир қисса,
Аслини билмайман – ёлғонми ё чин.
Аммоки, ҳаётда шундайин яша,
Ўлсанг, ҳеч бўлмаса онанг йиғласин.

 

Б У Л Б У Л

Бу булбулга келмас ҳавасим,
Кўр қилмиши кўксим тилади –
Қанча гўзал бўлмасин саси,
Озодликда нола қилади.

 

Д О Ғ

Юзингда доғинг бор, деб
Ойга таъна қиламиз.
Ўйлайман ич-этим еб:
Қани ерда доғсиз юз?

 

Қ Ў Р Қ О Қ

Балиқнинг қилтиғидан қўрқади,
Ҳавонинг шилтиғидан қўрқади,
Бошлиғининг хонасидан қўрқади,
Хотинининг онасидан қўрқади.

 

* * *

Бир саҳар укамни уйғотмоқ бўлиб,
Турткилай бошладим тутиб кифтини.
У эса негадир бирдан сесканиб,
Сўнг силтаб юборди митти кафтини.

Хулласи, ўша тонг қонади бурун
Уйғонсин деганда жажжи бир гўдак.
Қонамасми халқни уйғотмоқ учун
Минглаб бурунлару милёнлаб юрак…

 

www.munosabat.org

 

Share on FacebookShare on Google+Tweet about this on TwitterEmail this to someoneShare on LinkedIn