Лойиқ: Яхшилик қолади тоабад

лойиқ шералиТожик тилидан Сайфуллохон Қорихонов таржимаси.

ОНА ҚАСИДАСИ

Юз жон бўлсин онанинг бир тилагин адоси,
Осон қилар мушкулинг онанинг ҳар дуоси.

Гар қулоғи том битган дунё сўзим эшитса,
Бу сўз – она алласин, балки, оҳанрабоси.

Битган бўлсам шеър агар, бисотимдан бир асар,
Бу ҳам танга сингиган онам ғаму навоси.

Бошлангани учун, эй, тан-жонидан туғилмоқ,
Ҳар кун туғар юз достон битта она ҳижоси.

Яшолмасман ўйламай, тозанажод онамни,
Бошим унга тасаддуқ, жоним она фидоси.

Шиддату шон-шарафдан бошим кўкка етса ҳам,
Қилгум она пойига яна таъзим бажоси.

Ўзидан рози бўлган кимсаларга ҳайронман,
Рози бўлгайми ўздан, олмай она ризосин.

Чиқмай она қабридан, қуёш Шарқдан чиққани –
Унинг билмай йўл қўйган, балки, битта хатоси.

Само ойдин бўлмагай, кўзи нурга тўлмагай,
Агар ерда бўлмаса, она нуру зиёси.

Бебақо бўлса дунё, аксинча, юз ўлимга
Бергай олам бақосин, фақат, она бақоси.

Тўхтарди ер юришдан, фалак даврон суришдан,
Очилмаса бир нафас она дасти сахоси.

Дунё эди норасо, борлиқ эди носазо,
Бўлмаса гар холиқ то, она меҳри расоси.

Кўз ёшини тўкмаса, агар она сув қилиб,
Тақир даштдай товланар кўм-кўк ернинг жилоси.

Баланд осмон тоқида порламагай бир юлдуз,
Шуъла ато этмаса кўздан она даҳоси.

Оламда йўқ интиҳо, чунки яхшилик узра –
Она қўйган қадамнинг йўқ сира интиҳоси.

Тўлғоқ тутиш дардидан ўзга дардни тан олмай –
Жаҳоннинг тўрт бурчидан келар она садоси.

Балки, бизнинг замонда шоҳу гадо йўқ, лекин,
Ўлдилар қанча шоҳлар, бўлиб она гадоси.

Fамхору ҳамдардларим сочимдан кўп бўлса ҳам,
Оғир кунда билингай, она ўрни, баҳоси.

Она мадҳи бўлмаса, бир пулга ҳам арзимас
Жаҳон шоирларининг бирга айтган саноси.

Унга ҳайкал қўйсалар чеккан оҳу зорини
қандай тажассум этгай, жонсиз она сиймоси?

Коинотга йўл очган бўлса баёв фарзанди,
Уни ҳам очмиш она нигоҳи дилкушоси.

Зарга ғарқ зурёдлари, ахир англаб етдилар:
Дунё она олдида тариқчадир қиёси.

Унинг жаҳонгирлари, бўйин қайирганлари,
Қайрилдилар онанинг бузиб аҳду вафосин.

Сўндирдилар умидин дунё жангида, лекин,
Мангу қолди онанинг умид тўла дунёси.

Дунё дарду балосин онаизор олди-ю,
Аммо, дунё олмади она дарду балосин.

Бизга жафо қилса гоҳ, одам бўлардик, валлоҳ,
Кошки, қолса оламда фақат она жафоси.

Бир бўлмасак онанинг қадди икки букилар,
Кўринг, мавзун қоматлар, онанинг қадди ёсин.

Эдим ғамгин, пажмурда, она қазо этганда,
Қуримаса агарда, етти иқлим дарёси!

 

ОЛҚИШ

Ҳар ким кўриб юзингни, топсин ёшлик рухсорин,
Кокилларинг мушкидан тотсин ёшлик уфорин.
Хазон юзин кўрмасин
Ҳуснинг – тиниқ гулбоғинг.
Бир доғ изин кўрмасин
Чақнаган кўз – қароғинг.
Аччиқ кезин кўрмасин
Ширин кулгич, яноғинг.

Бошдан-оёқ баҳорсан, юзингга гул қўнади,
Қадам қўйсанг қаерга, изингдан гул унади.
Алам заҳрин кўрмасин
Асал лабинг – дудоғинг.
Ҳижрон қаҳрин кўрмасин
Анбар тўлган қучоғинг.
Озор баҳрин кўрмасин
Дийдоринг – дил чароғинг.

 

 

ЛОЙИҚ КЕТДИ АЙЛАБ ВИДО

 

Ул бағри қон лаългунга де, Лойиқ кетди айлаб видо,
Ул маҳбуби маҳзунга де, Лойиқ кетди айлаб видо.

Зор қақшаган жоним маним тарк айласа ғамгин таним,
Мажнуннамо бедбун(1)га де, Лойиқ кетди айлаб видо.

Гар тобутимнинг устига гул баргларини сочсалар,
Япроғи ҳўл гулсунга де, Лойиқ кетди айлаб видо.

Кўз ёшларим Жайҳун каби – халқнинг синиқ армонидан,
Дардимни, бор, Жайҳунга де, Лойиқ кетди айлаб видо.

Қалбимда очун ранжлари саҳро қумидин эрди кўп,
Саҳрода тўзган қумга де, Лойиқ кетди айлаб видо.

Кўнгил учун ичдим басо мен кетма-кет паймоналар,
Ул соғари вожгунга де, Лойиқ кетди айлаб видо.

Бул дафтари шеъру ғазал, мендай ажалдан ўлмагай,
Бор, чархпалак гардунга де, Лойиқ кетди айлаб видо.

___________
1-Бедбун – тол бутаси, мажнунтол.

 

ҚИЛМА ПАРВО, МЕНИНГ, ЭЙ, ДАРЁ ДИЛИМ

 

Турмуш йўлакларин тўрт ёғида биз,
Гоҳ йўлдан озганмиз, гоҳо йўлдошмиз.
Чопгаймиз гоҳо бош, гоҳ оёқ билан,
Гоҳида бошлиқмиз, гоҳо бебошмиз.
Қилма парво, менинг, эй, дарё дилим.

Сени гоҳ атарлар ҳиссиз, умидсиз,
Ўзининг кимлигин ўзи билмаслар.
Уларнинг мол-ҳолин қаърига боқсам,
Улар ҳам ўзидан рози эмаслар.
Қилма парво, менинг, эй, дарё дилим.

Сени ноумид деб атаганларнинг
Юракда орзусин ўлганин кўрдим.
Ҳаттоки, жўжани кузгача санаб…
Кўнгли ваҳимага тўлганин кўрдим…
Қилма парво, менинг, эй, дарё дилим.

Шу қисқа умримда англаганим шу:
Ҳавас бозорига ўхшаркан дунё.
Бозорга келтирса кимдир хазина,
Баъзилар келтиргай иллатли ашё.
Қилма парво, менинг, эй, дарё дилим.

Шоир андишали бўлмаса агар,
Қофия ўйини авж олар, тайин.
Ахир, истеъдод бу чигит эмаски,
Ердан тўп-тўп бўлиб унса йил сайин…
Қилма парво, менинг, эй, дарё дилим.

Ердан ҳосил олиш истаги, гарчанд,
Юз минглаб инсонга тиргак, суянчиқ.
Баркамол, соппа-соғ кўринсак ҳам лек,
Ҳаммамиз бошоғриқ, юракда санчиқ,
Қилма парво, менинг, эй, дарё дилим.

Бири кам дунё бу – кемтик ва чипор,
Розию норози бўлган ва бўлар.
Минг тусда товланса ҳаётнинг ранги,
Унинг асл рангин, айтинг, ким билар?
Қилма парво, менинг, эй, дарё дилим.

 

 

ЕТГАНМАН

 

Ўздан ўзни ахтариб, чин дунёга етганман,
Томчиларда ғарқ бўлиб, кенг дарёга етганман.

Ишқ савдосин кўнглимга, тугиб телба дилимга,
Юз саҳрою дашт кезиб, сўнг Лайлога етганман.

Баланд тўрдан жой олдим, гоҳ пойгоҳга сирғалдим,
Пойгоҳларда ўрнашиб, арш-аълога етганман.

Жим, бенафас ва бетин, кўриб Исо чормихин,
Лофлар умқин дарк этиб, таваллога етганман.

Бор эди тор, омонат, менда хароб иморат,
Кўнгилларга ин қуриб, тасаллога етганман.

Тирик жонлар ғамида, ҳар кун ўлдим камида,
Мен тупроққа айланиб, муддаога етганман.

 

 

ЯХШИЛИК ҚЎШИFИ

 

Бу дунё, бу олам ўтгайдир,
Қалбдаги қайғу-ғам ўтгайдир,
Бизларнинг навбат ҳам ўтгайдир,
Аммо, кўк остида безавол,
Қадрдон ва чексиз ер мисол,
Юракка жойлашиб қатма-қат,
Яхшилик қолади тоабад.

Юз дарё, юз денгиз йўқолар,
Юзта боғ, юз илдиз йўқолар,
Юзта йўл, юзта из йўқолар,
Аммо, юз юракда кўз очиб,
Қуёшдай нур сочиб, дур сочиб,
Қолдириб юз белги, аломат,
Яхшилик қолади тоабад.

Ул макон, бул макон ўзгарар,
Ул замон, бул замон ўзгарар,
Ул жаҳон, бул жаҳон ўзгарар,
Аммо, пок инсонлар номидай,
Энг баланд Жаҳоннинг Томидай,
Одамлар ёдида оқибат,
Яхшилик қолади тоабад.

ҚАЛАМ

Ҳаётнинг беминнат устуни – қалам,
Гарчанд, бўйи калта, қисқадир эни.
Дорбоз қўлидаги лангарчўп каби,
Самода муаллақ тутгайдир сени.

Уни тўғри тутсанг, баландликда сен
Қил арқон устида юрарсан осон.
Агар сен қаламни эгри ушласанг,
Йиқилиб, ер билан бўларсан яксон.

БАЪЗИ БИРЛАР…

Баъзи бирлар на саволу на жавоблар,
Баъзи бирлар на гуноҳу на савоблар.

Ўз уйларин калитини топмай, вале
Лоф-қоф билан эшик «очар» каззоблар.

Кўринса ҳам ҳуру батоб суратлари,
Сийратлари асли хароб, бетоблар.

Оёғига боғлаб хино, манзил сари,
Аммо, шошгай биздан олдин нобоблар.

Кўп аёллар юздан ниқобни олдилар,
Баъзи номардлар то ҳануз бониқоблар.

ТУFИЛДИМУ ОДАМДАН…

Туғилдиму Одамдан, одам бўлмадим, афсус,
Инсонпарвар оламда олам бўлмадим, афсус.

Чувалган бу дунёда ўралдиму армоним –
Чўққисида бир байроқ – парчам бўлмадим, афсус.

Зорландиму орландим, очилдиму сочилдим,
Лек зор кўнгил захмига малҳам бўлмадим, афсус.

Бир кунимда татиб мен юз йилларнинг ғамини,
Бир дам ғамгин юракка ҳамдам бўлмадим, афсус.

Пайғомсиз пайғамбарлар кўпайди, Пайғамбарга
Ҳеч ким лойиқ бўлмади, мен ҳам бўлмадим, афсус.

ЎН ЕТТИ ЎFЛИДАН АЙРИЛГАН КОВАНИНГ НОЛАСИ

Муз қотиб кўксимда гўё, юрак садпора йиғлайди,
Гўдаксиз уйда тебранмай, бешик тун ора йиғлайди.

Мастона шоҳлар базмидан қаҳқаҳалар келгай, вале,
Менга қалъа ғишти бирлан мунгли минора йиғлайди.

Мен билармен, бечора – ер, бечораҳол – ундан фалак,
Бечора ҳолимга куйиб, икки бечора йиғлайди.

Ёлғиз – замин, ёлғиз – само, ёлғиз кўкнинг юлдузлари,
Мендайин ёлғизга, аммо, жами сайёра йиғлайди.

* * *

Тилла кўз ҳар узук – жавоҳир эмас,
Ҳар отлиқ – шаҳсувор, баҳодир эмас.
Ҳар кўр – басир эмас Рўдакий каби,
Ҳар оқсоқ – Темурдай жаҳонгир эмас.

* * *

Дўстлар кўпу манглайга битта Ватан битадир,
Ҳайкал каби тоши ҳам чирой эҳсон этадир.
Ҳар бир инсон, ҳар маскан, гарчанд, азиз, мен учун –
Лекин, она биттадир, Тожикистон биттадир.

ЖОНФИДОЛИК

Парвона бўлсанг, куймагил жинчироқ атрофида,
Куйгил қуёшни айланиб, сўнг майлига қурбон бўл.

Томчи бўлсанг, энг аввало, манзилингни изла, топ,
Тошга томма, гул тубига томчилаб гулистон бўл.

Гар сув бўлсанг, кўл сувидай бир ерда топма қўним,
Қирғоқ очиб, ирмоқ очиб, қудратли бир уммон бўл.

Гар заҳарга даводирсан, не кераксан ўлса дўст,
Топгил даво ўлмай бурун, дардига сен дармон бўл.

Бўлсанг яшил, дуркун ниҳол, зарур бўлса ёнмагинг,
Яшнаган бошингга ўт қўй, шуъла бер, чароғон бўл.

Яхши-ёмону дўсту ёв, поку ифлослар аро
Ё кўтар елкангда тобут, ё бешикка такон бўл.

Ўзга тутқунсан бунчалар, қайда ул туғёнларинг?
Шеър каби чиққил юракдан, тилсизларга лисон бўл.

Келгил ҳаёт бўшлиғида ўз оламинг қур ўзинг,
Ўзинг учун ўл, майлига, лек ўзгаларга жон бўл.

 

www.munosabat.org

Share on FacebookShare on Google+Tweet about this on TwitterEmail this to someoneShare on LinkedIn