Онам, онагинам!..

 

лоик модарЛОЙИҚ

Тожикистон халқ шоири

Одил Икром таржимаси

ОНАМГА

Ўтириб сандалнинг бир чеккасида,
Тунларда кўз юммай, оҳ, қари онам,
Сен, балки, куёвлик тўнин тикарсан,
Дилда ниятларинг бўлиб бир олам.
Куёвлик тўнини қаддимда кўриб,
Тўй куни ушалсин армонларинг то,
Токи, ёшлигингнинг ранги, чиройи
Қайтадан порласин ва берсин жило.
Онажон, қудратли, титроқ қўлингга,
Қанийди, айласам жонимни фидо!

Хира тортиб қолган кўзларинг, излаб,
Игнанинг кўзини тополмайди гоҳ.
Сенинг мўъжизакор қўлларинг букун
Қалтирар кексалик чангали аро.
Шунда ҳам тикардинг гуллик дастурхон,
Ҳар нақшига бериб заргарона зеб.
Маърака-тўйларда, одамлар ичра,
Токи, обрўйимиз тўкилмасин деб.
Умидинг дунёси нечоғ кенг, шинам…
Онам, онагинам!..

Ўтиб кетди гўзал, ёшлик айёминг,
Кўздан ниҳон, юзга пардалар тутиб.
Умринг ҳам соврилди, ушбу ҳаётни
Гоҳида кузатиб, гоҳида кутиб.
Арт, дока рўмолинг бир учи билан,
Ногоҳ кўзларингда пайдо бўлса нам.
Ўз оёғи билан, тушунгин, ахир,
Дунёга бир марта келади одам…
Бардошли оҳларинг тинглайдиган кам,
Онам, онагинам!..

Қишлоқдан нарига чиқмай бир қадам,
Дунёнинг юзини кўрмадинг, наҳот?!
Ўзин атрофида ўзи айланган
Чархдайин бир умр кечирдинг ҳаёт.
Осмоннинг этаги гўё чирмашиб,
Қишлоқ ҳудудини қуршаб олган пайт,
Балки – шу, сендаги жаҳонгашталик
Ниятинг йўлларин беркитдими, айт.
Пинҳон оламингда қанча сирлар жам,
Онам, онагинам!..

Худо деб, оятлар ўқирдинг доим,
Таъбирлар излардинг, қалбинг пайваста
«Ҳафтияк» китобин гўдак ёстиғин
Остига қўярдинг авайлаб аста.
Чақалоқ улғайиб, бўлсин қаҳрамон,
То қўрқув юракдан йўқолсин дердинг.

То сиғиб, гўдакнинг жажжи кўксидан,
Пайғамбарлар қалби жой олсин дердинг…
Ҳеч кимнинг назари илмаган пастқам,
Тутун тўлган кулба ичра бирма-бир,
Инсоний бурчларнинг ҳукми бирлан жим,
Бутун бир дунёни сиғдирдинг, ахир.
Тунлар куймаланиб, мижжа қоқмасдан,
Сутли кулча ёпдинг бизни ухлатиб.
Тонг ёришган заҳот фарзандларингни
Тағин майдонларга қўйдинг кузатиб.
Фарзандлар фахридир дардингга малҳам,
Онам, онагинам!..

Тупроққа топширган фарзандларингни
Ҳар кеча эсладинг, тушингда кўриб.
Арвоҳлар ҳолидан олардинг хабар,
Руҳлар дийдорига мунтазир бўлиб.
Шундоқ остонангда ўлим сояси
Ҳар лаҳза умрингга қўяди тузоқ.
Сени тиним билмай буткул қоронғи
Зулмат дунёсига тортади, бироқ.
Безаволсан, қўрқма ўлимдан бу дам,
Онам, онагинам!..

Минглаб ўлим, ғамни кечирдинг бошдан,
Емай, ичмай, киймай, кетсанг ҳам толиб.
Не-не азоб билан катта қилгансан,
Мени қанотларинг остига олиб.
Эслайман, сен менда тирик кўрай деб,
Қанча орзу, хаёл этганларингни,
Овланган овчидай, қай бир қаро кун,
Бу дунёдан ўтиб кетганларингни.
Юрагинг қон бўлди чекавериб ғам,
Онам, онагинам!..

Букун касбу ҳунар ўрганиб боланг,
Топар беминнат нон, ризқу насиба.
Сен унга дуо бер қўлларинг очиб,
Сенинг номингга деб очди саҳифа.
Сен унга дуо бер, олис йўлларда
Сенинг номинг билан қўйганда қадам.
Унга мағфират қил, раҳнамолик қил,
Онам, онагинам!..

Лабларинг шивирлар, сўйлайди сирлик
Манглайинг қоплаган ҳар битта ажин.
Гўёки, тинглайман шундай ҳикматни,
Хоҳ йироқда бўлай, хоҳ бўлай яқин:
Бир кокилни безаб, сўнгра тўкилган
Бебақо гулдан, айт, борми бирор наф?
Ушбу олам бағрин, сарғаймай, сўлмай,
Безаган гулларга бўлсин шон-шараф.
Аввалсан ҳаётим аввалидан ҳам,
Онам, онагинам!…

Кексайдинг, ғанимат нафасларинг ҳам
Сендан из қолдириб таралар жонбахш.
Ўшал нафасингни гуллар шаклида
Кашталар юзига айлагайсан нақш.
Кўзингдаги сўнгги нурларни бир-бир
Тўкасан тунларнинг қалбига бедор.
Гўё ўша нурни эртанги куннинг
Оппоқ тонгларига айлайсан нисор.
Гул, нур, иймон – сендан мерос муҳташам,
Онам, онагинам!..

Она, бир зум эски ғамларни унут,
Fамгин қўшиқларни куйламагин, бас.
Қайғу-ғамлар тилиб кетган дилингни
Илк қўшиғим билан ёрит бир нафас.
Она, умид билан тикар бўлсанг гар
Янги тўн, дастурхон, бошинг эгиб хам,
Фақат, мен учунмас, фақат, менгамас,
Тиккин сен келажак авлодларга ҳам.
Сўнгги ризқингни ҳам ғанимат билиб,
Доим саломат бўл, омон бўл, бардам.
Онам, онагинам!..
1965

БУ ЁМFИРЛИ ТУНДА…

Бу ёмғирли тунда, маҳзун кечада
Онам кулбасини ўйладим бир зум.
Унинг чакка ўтган томини эслаб,
Дилимда бир дунё йиғлади юм- юм.

Бўм-бўш ҳовлидаги ғариб кулбада,
Тўғри кўнгил – унинг бори-бисоти.
Болалари тўзғиб, уй бурчагида
Ёлғиз ўтиргандир хаёлга ботиб.

Балки, рўза тутиб Рамазон ойи,
Қилмаган гуноҳин оқлаётгандир.
Ифтор чоғи шифтдан томган чаккалар,
Балки, қулоғига ёқмаётгандир.

Эски жойнамозда ўтириб, балки,
Юракдан Худони ўйлайди ҳамон.
Балки, паст овозда, Парвардигордан
Сўраб ўтиргандир жаннатдан макон…

Бир вақт қувноқ эди мунғайган онам,
Узун сочлари ҳам тим қора эди.
Сочидан таралган қатиқнинг ҳиди
Бир хазина эди, бир чора эди.

Енгини шимариб тирсакка довур,
Минг битта тадбирни ўйлаб толарди.
Гўё, у тақдирнинг қаттиқ қўлидан
Бизнинг ризқимизни юлқиб оларди.

Сигир соғар эди уйғониб тонгда,
Меҳр билан сигир ортини силаб
Сирғалиб тушарди сут идишига
Танғилган сочлари тўзғиб, қалтираб.

Ҳар гал қизиб турган мўъжаз тандирга
Сутли кулчаларни ёпиштирган дам,
Тандирнинг лахчаси куйдирар эди
Кипригининг учи, қошларини ҳам.

Сутнинг ҳиди қолган қўллари тунда
Бошимда сирғалар эди мулойим.
Силарди кўзимнинг қабоқларини
Унинг бармоқлари, оҳиста ва жим.

Юрагимда ёнган орзуларимни
Соддадиллик билан тутар эдим сир.
Қўлини кўксимга босиб ухлардим,
Шифтнинг вассаларин санаб бирма-бир.

Бу ёмғирли, маҳзун кечада тағин
Онам кулбасини эсладим ногоҳ.
Шифтдан ўтган чакка… Ёмғир шиддати…
Дилимда бир дунё дод айлади, оҳ!..

Онагинам!
Менинг жаннати онам!
Жойинг жаннатлиги, гарчанд, тайиндир.
Лекин, томдан чакка ўтган бу кунлар,
Билмайман, негадир, жуда ғамгиндир.

Онагинам!
Менинг жаннати онам!
Биламан, пушаймон қилмайсан бекор.
Ёғилган ўқ бизни ўлдиролмади,
Ёғса ёғаверсин, майли, ёмғир, қор!

Онагинам!
Менинг жаннати онам!
Ҳаёт гоҳ қадр, гоҳ қорнига йиғлар.
Осмон ҳам, баъзан ер, баъзида эса
Ўзининг паришон ҳолига йиғлар.

Онагинам!
Менинг жаннати онам!
Осмон йиғлар, дарди бунчалар оғир?..
Сенинг кўз ёшларинг бас эмасмиди?!..
Ёмғир ёғар… Ёмғир устига ёмғир…

ОНАГИНАМ, ДУНЁ КЎРМАГАН ОНАМ

Кунлар ёруғ эди, ҳовлида бир туп
Олмамиз бор эди, қайғу йўқ эди.
Ётоғимиз эди олманинг таги,
Нону сувимиз бор, кўнгил тўқ эди.

Онам қадду басти келишган эди,
Фақат, тўғри йўлни ўтарди босиб.
Қайрилма рўмолин остида узун
Сочларини доим юрарди ёзиб.

Ҳовлимизда бир туп тут ҳам ўсарди,
Бизнинг бойлигимиз эди ўша тут.
Донимиз эди у – қолмаганда дон,
Шинни(1)си рўзғорни айлар эди бут.

Онам тут қуритар эди, қурт учун
Барг териб қўллари бўларди яғир.
Гўё баргдай титроқ жонимизни у
Ажалнинг оғзидан терарди бир-бир.

Қопда буғдойимиз бор эди тағин,
Кўпнинг қаторида – рангу рўйимиз.
Уйимизнинг юзи – нони бор эди,
Қонимиз, жонимиз, орзу ўйимиз.

Онам тутган жойин оларди узиб,
Унда чексиз эди бардош ва сабот.
Замонага қанот бўлмоғимиз-чун
Замон билан бирга қоқарди қанот.

Қишлоқ тепасида булоқ бор эди,
Ўхшарди қишлоқнинг содиқ дўстига.
Дунёдаги барча дарёдан сахий,
Ярарди қишлоқнинг каму кўстига.

Онам сув таширди ўша булоқдан,
Юзимизни ювар эди ҳар саҳар.
Халқнинг келажагин юварди гўё,
Порлаган тонг нури билан ҳар сафар…

Онам, онагинам, нима дей тағин?..
Юзим ёруғ ўшал булоқ ёшидан.
Юзим ёруғ – сенинг олдингда, она,
Келажак қошида, дунё қошида…

Ҳар гал юртимга йўл олсам, тупроғинг
Бағрига кўмилиб ўлгим келар, оҳ.
Онагинам, дунё кўрмаган онам,
Сендай пок юракни кўрмаган дунё!..

_______
ШИННИ – тут мураббоси

КЎНГЛИМ ДУО ИСТАР…

Менинг қари онам, қаерлардасан?..
Кулфатлар домидан толиб кетдим мен.
Бирор тадбир ўйлаб топмасанг бўлмас,
Тақдир гирдобида қолиб кетдим мен.

Бошим қўлларингни соғинди жуда,
Соғиндим дардингга жўр оҳларингни.
Букун ғамдан зада бўлган юрагим
Тусаётир иссиқ нигоҳларингни.

Кўнглим дуо истар, паррандаларнинг
Бир жуфт қанотидай қўлингни ёзиб,
Худони фалакдан ерга чорлардинг,
Fамгин пичирлардинг қиблага боқиб.

Мени олисларга кузатган чоғда,
Ногоҳ ёшга тўлиб кетарди кўзинг.
Кетганимдан кейин, ортимдан йиғлаб
Суяниб қолардинг ўзингга ўзинг.

Нимасини айтай?
Мендан яхшироқ
Биласан қисматбоз дунё ҳолини.
Яхшироқ англайсан сен мендан кўра,
Тириклик тонгини, ҳаёт шомини.

Бу дунёда бита-битталаб йиғдим
Илм ва ҳикматнинг урвоқларини.
Бироқ, сендай яхши ўрганолмадим
Бу еру осмоннинг жумбоқларини.

Биламан, юз ёшга кириб ўлсам ҳам,
Ҳануз йўргакдаги гўдак эканман.
Биламан, сенинг пок сутингдан кейин,
Еган бўлсам, фақат, афсус еганман…

ОНАГИНАМ

Тоғлар орасида шаршараларнинг
Шовқини, сурони, навоси билан,
Булоқлар сафоси, шамолу ёмғир
Куйи билан, баҳор ҳавоси билан
Жон ато айладинг,
Жон ато айлаб
Ўз жонингни бир зум ўйламадинг ҳам.
Туну кун бешигим бошида бедор,
Онагинам, кўнгли садпора онам,
Онагинам, менинг бечора онам.

Рўзғор юкин тортдинг бошоқлар териб,
Шўрлигим, ўзингни хўрладинг, бироқ.
Дунёнинг ранжини татиб кўрдинг кўп,
Дунёнинг ганжини кўрмадинг, бироқ.
Юрак ато этдинг,
Юрак бағишлаб,
Юрагингни тирнаб кетди ғам, алам.
Туну кун бешигим бошида бедор,
Онагинам, кўнгли садпора онам,
Онагинам, менинг бечора онам.

Илоҳий дуолар ижобат бўлиб,
Ёшлик ато этдинг ёшлигингга хос.
Ошиқлик, шоирлик, фидойиликни
Ва ҳаёт давомин қолдирдинг мерос.
Умр ато этдинг,
Умр бағишлаб,
Ҳорғин кўзларингдан аримади нам.
Туну кун бешигим бошида бедор,
Онагинам, кўнгли садпора онам,
Онагинам, менинг бечора онам…

ОНАЛИК ҲАҚҚИ

Эй, дарахт, шохингдан ҳар вақту бевақт
Мева узиб едим бамисоли қанд.
Сенинг ёғочингни ишлатдим, баъзан,
Салқин соянгдан ҳам бўлдим баҳраманд,
Оналик ҳаққинг бор менинг олдимда.

Эй, покиза булоқ, онамдан кейин,
Кўксингдан сувингни тўйиб сўрганман.
Сен менга куч-қувват бергансан мудом,
Софдилликни, фақат, сенда кўрганман,
Оналик ҳаққинг бор менинг олдимда.

Эй, шаддод, шўх дарё, эй, далли дарё,
Бошинг йўқ, оқасан тинмай эрта-кеч.
Ўзингдан кетасан ҳамма-ҳаммага,
Бироқ, сўнгингни ҳам тополмассан ҳеч,
Оналик ҳаққинг бор менинг олдимда.

Эй, эски тегирмон, эй сен чамбаршох,(1)
Нонинг еб вояга етганим тайин.
Ортингдан югурдим далама-дала,
Тириклик ортидан югурган сайин,
Оналик ҳаққинг бор менинг олдимда.

Эй, буғдой бошоғи ичра унган дон,
Оқлигингда юзим ёруғлиги бор.
Шеъримнинг шираси – сендаги шира,
Сендан умид қилиб, бўлдим умидвор,
Оналик ҳаққинг бор менинг олдимда.

Онам ўтгандан сўнг англадим, билдим,
Боқий – волидамдан қолган ҳар нишон.
Раҳматлик онамдан қолган нишонлар,
Токи, боқий экан бу қадим жаҳон
Оналик ҳаққингиз бордир олдимда.

Онам ўтгандан сўнг англадим, гўё
Бу дунё ҳувиллаб қолгандай бари.
Эй, бошлари омон қолган оналар,
Эй, сиз, бу дунёнинг волидалари,
Оналик ҳаққингиз бордир олдимда!..
_________
1-Чамбаршох – «Сигир – уй тегирмони» мақолига ишора.

ОНАМГА ИЛТИЖО

Сочлар оқ, сарғимтир, қоп-қора рўмол,
Бақбақа осилган, қош – икки рангда.
Чангак бўлиб кетган бармоқлар увол,
Ҳаёт ҳозиргина қайтгандай жангдан…

Сув тошган кўзингдан сув келар бот-бот,
Бу сувлар бошингдан ўтди бирма-бир.
Қўл, оёқ, бошу қош, лаблар титроғи,
Бағрингни тилкалаб ўтган ларзадир.

Қошинг қанотлари синибди, она,
Парвоздан тўхтаган мисоли маҳзун.
Лол, ҳайрон турибсан эшик олдида,
Куним битган, деб оҳ тортасан узун.

Тун-кун ташвиш тортдинг болаларинг деб,
Улар тўлдирсин деб Ватан камини.
Бир умр ер юзин ғамини единг,
Энди ейсан гўру кафан ғамини.

Сен ўзга оламга айласанг сафар,
Қулайди умримнинг шоҳстунлари.
Сағир қолдирасан мени, онажон,
Тугар ҳаётимнинг ёруғ кунлари.

Қари онам, Худо умрингни берсин,
Бахтимга омон бўл, умрим сайқали.
Мен ҳануз гўдакман сенинг олдингда,
Қадрингга етмаган гўдакман ҳали.

Мен ҳали гўдакман сенинг олдингда,
Ўша қайсар, ўша гап уқмас, нодон.
Полиздан ўғирлик қилмаслик учун,
Сендан хипчин еган боламан ҳамон…

Қари онам, Худо умрингни берсин!
Мабодо, дунёдан ўтсанг ногаҳон,
Сен билан ўлади борлиғим, борим,
Сендан кейин қариб қоламан, ишон…

Онам!
Кексаликни олма бўйнингга,
Букун ёшлигингни ёд айла бир зум.
Шоир боланг ёди билан ҳар нафас
Ёруғ кунларингни шод айла бир зум.

Ақл кўзи, гарчанд, кўрмас олисни,
Кўнгил кўзи тўлгай нур булоғига.
Агар эшитмаса қулоғинг, ҳаёт
Садосини тўлдир дил қулоғига.

Ҳаёт бўлсанг, бахтли яшайман, ушбу
Дунёни тўлдириб сирга, онажон!
Агар ўлсанг… (Худо кўрсатмасин ҳеч!)
Сен билан ўламан бирга, онажон!..

ОНА, СЕН БОР ЭДИНГ…

Она, сен бор эдинг,
Бут эди бағрим,
Дунё ҳикматга кон, бахтга ёр эди.
Она, сен бор эдинг,
Кўнгил қушимнинг
Ошёнида суву дони бор эди.

Бор эдинг,
Ҳаётдан баҳраманд эдим,
Ёш эдим, ҳаётга ҳамдам, ёнма-ён.
Бор эдинг, дўстларим ғамхўр эдилар,
Ҳаёт осон эди, йўллари равон.

Бошимни силаган чоғингда, она,
Ҳаёт гўзал эди, ўлим бу – рўё.
Ўша сен силаган бошимга букун,
Она, осмон қулаб тушгандек гўё.

Бу не ҳол?..
Тақдирнинг ўйиними бу?
Сен мени яратдинг,
Мен сени кўмдим.
Тупроқ, сувга пайванд айладинг мени,
Мен сени тупроққа топшириб қўйдим…

Онажон, рози бўл берган сутингга!
Ҳаётим унчалик эмасдир юпун.
Аммо, кўзларимга дунё – қоронғу…
Қарилик бошланди сен жон берган кун…

НОН –НАСИБ

Қайга кетди, она, қайларга кетди,
Энди қанот қоққан кабутарларинг?
Қайга кетди, она, қайларга кетди,
Суйган фарзандларинг – жонкуярларинг?

Тинмай сеп йиғардинг келинларингга,
Чиройли либослар, садаф дурдона.
Жамлардинг ғазнадан зарли зарралар,
Маржонлар шодасин излардинг, она.
Не бўлди? Умидинг, асли бетайин,
Касофат тўдалар этдими яксон?
Қарилик ҳассаси сенга жон эди,
Қўлингдан кетдими бу жон ногаҳон?

Ҳар боланг кифтига оппоқ ун сепиб,
Жўнатдинг, йўллари бўлсин деб порлоқ.
Ҳам дуо айладинг, босган излари
Ун каби ҳамиша бўлсин деб оппоқ.
Ёдингдами, она, бир тўғрам нонни
Синдириб бердинг сен бутун нонингдан.
Токи, қолган ўшал яримта нонинг,
Чорласин ёнингдан кетганларингни
Бағрингга ва байрам дастурхонингга.

Қайга кетди, она, қайларга кетди,
Учқур лочинларинг, учиб бағрингдан?
Тилла қулф, калитинг, очиқ эшигинг
Ва юз аввалларинг, бир аввалингдан?
Ёдингдами, бир кун кетганлар ризқин
Ноилож бергандинг менга ногаҳон.
Ночорликда еган нонларим,
Заққум
Заҳардай бўғзимда турибди ҳамон…

Сўнг менинг навбатим келди…
Мени ҳам
Жўнатдинг хизматнинг йўллари томон.
Илтижо қилардинг Худога минг бор,
Илоҳим, фарзандим бўлсин деб омон.
Йиғлама, эй, онам,
Юмшоқ тўшакда
Тинч нафас олмоқда олам ушбу он.
Куйинчак, меҳрибон зотлар умрбод
Ўлса ҳам ўлмайди ўшандан буён.

Менга ҳам ун сепдинг, бердинг менга ҳам
Яримта нон, ярмин асрадинг у кун.
Токи, мен хизматдан қайтган чоғимда
Қолган ул ярмини емоғим учун.
Сенинг дуоларинг ижобат бўлиб,
Бўлгайдир ризқиму насибам бутун.
Қайғурмагин, онам,
Нон-насибамни
Мендан ҳеч ким юлиб кетолмас букун.
Чунки, куйган юрак-бағри ўртанган
Оналар орзусин доғи бор унда.
Жонсарак онанинг қалби фироқдан
Ҳасратларда ёнган чоғи бор унда.
Чунки, жонин фидо қилган меҳрибон
Жонларнинг безавол ёди унда бор.
Жон берган, қон берган қаҳрамонларнинг
Ўчмагай абадий номлари зинҳор!,

1965

ФАРЗАНДЛАР

Сен ҳайрон қоласан, она,
Мен – боланг,
Худди, икки кунлик меҳмондай келсам,
Бир йилда бир марта, сени кўргани.
Катта, гўзал юртлар сафаридан сўнг,
Жомадонни очсам, олдингга ёйиб,
Сен учун келтирган совғаларимни.

Сен ҳайрон қоласан, аммо, дунёда
Ҳар кимнинг ўз қисмат, навбати бордир.
Сен эса, баҳорги қуш навосидан
Бошқа садо тинчин бузмаган сокин
Тоғдаги гўшада,
Бор ҳасратингни
Қўшни кампирларга тўкасан бир-бир.

Аммо, йўловчиман,
Аскар боладай,
Елкамда тайёр – йўл тўрваси ҳар кун.
Унда бир кафт Ватан тупроғи бордир,
Вафодорликдан бор унда пок қасам,
Унда – аталган ризқ, йўлларнинг чанги,
Унда йўллар бордир узундан-узун,
Ёрнинг манзилига элтгувчи ҳар дам.

Унда ҳам чўғ бор, ҳам пахта хирмони,
Ўлиш эҳтимоли, мангу ҳайкал ҳам.
Унда бор аскарнинг мўъжаз ҳаёти,
Дилда пинҳон умид, қаҳрамонлик жам.

Унда – оқ сут, оқ соч, кўз ёшинг, боланг
Ундан эрта кунга ташлайди қадам.
Кўзлари йўл кўрган ёр акси – унда,
Тўйнинг қўшиғидай англар хатимни,
Қолдирмай, ҳаттоки, бирор ҳарфин ҳам.

Ундадир саф тортиб, қўл силкиб қолган
Оналар фарёди,
Парвози баланд,
Кумушқанот қушнинг парвозлари ҳам.
Унда бор Хайёмнинг кўзаси, унда
Ҳофиз бўса олган гўзал бир санам.

Йўловчиман,
Қўлда жузвадон, унда
Кексалар қурилган жойин жаҳаннам,
Дўзах синглиси деб санаган шаҳар
Лойиҳаси, нақши чизилган,
Аммо,
Ундаги уй, қаср, кошоналарнинг
Эгалари она қорнида яшар.

… Қаҳратон палласи. Тизза бўйи қор,
Булоқдан кўзада, мадоринг қуриб
Сув ташийсан хаста ҳолинг билан жим,
Сирпанчиқ қор узра сирғаниб, ҳориб.
Сўнгра ўт қалайсан қозон тагига,
Худди, фолбинлардай, оловнинг ёниқ
Шуъласида мени кўрасан ногоҳ,
Ҳузурингда бор деб қиласан хаёл.
Томдаги қорларни кураб, эслайсан
Ўтиб кетган ёшлик чоғингни дарҳол.

Етилмаган маъдан мисоли букун
Ўшал тоғлар билан эмасман бирга.
Ундан ясалади ҳам қалқон, ҳам тиғ,
Ундан ясалади ҳам тилла сирға.
Энди нафас олиб ўзга ҳаводан,
Тентирайман ўзга манзилда бу дам.
Энди киндик қоним тўкилган жойнинг
Баланд чўққисида кезмайман беғам.
Энди юртдошларим болаларига
Қўшилиб тоғлардан теролмайман гул.
Чиллак ўйнамайман энди, энг гўзал
Оламимдан айро тушганман буткул.

Энди йўловчиман,
Олам сўрмайман,
Оламни кўришни истайман чиндан.
Бахтли одамларга куйласам, токи,
Қачондир бешигим устида тунлар
Сен айтган энг гўзал қўшиқларингдан.

Кезаман, онажон, ҳар лаҳза, ҳар дам,
Оқ сутинг ҳаққини айлай деб адо.
Шул сабаб, борлиғим жомадондадир,
Токи, бу оламнинг ҳар бурчида мен
Ахтариб ёшлигинг,
Буюклигингни
Ва улар шаънига айтай ҳамд-сано!

1966

ОНА

Жон ҳиди, нон ҳиди, елиннинг ҳиди,
Болалик баҳори гулин атри ҳам,
Янги соғилган ул қайноқ сут ҳиди
Сенинг қўлларингдан таралар, онам.
Ҳаёт ашъорининг сатридай гўё,
Юзингни қоплаган саноқсиз ажин.
Сенинг иймонингга, сенинг азмингга,
Онагинам, улар ўқийди таҳсин.

Қаридинг, чиройинг шуъласи учиб,
Ҳаётинг қуёши тоғ узра ботди.
Юмшоқ панжаларинг бўшашиб беҳол,
Чақноқ кўзларинг бир нуқтада қотди.
Сочларинг кул рангин олди бирма-бир,
Йўл юриб толиқди оёқларинг ҳам.
Йўқ,
Тириклик билан видолашма, йўқ,
Онагинам менинг!
Оҳ, онагинам!

Гул бору гулдаста боғлаш айб эди,
Сен яшаган ўшал ёшлик даврингдан.
Тирикчилик олмиш энди ўзга ранг,
Жонингни койитиб тортган жабрингдан.

Хор-зор гўдакларинг, худди, каптардай,
Қўлларингдан олис-олисга учар.
Сен дунёда кўрмай ўтган дунёни
Сенинг кўзинг билан кўради улар.

Бари қайтди сени қўмсаб, соғиниб,
Қайтди мўъжизакор инига тағин.
Сен пешвоз оласан кулбангдан чиқиб,
Кўзларингдан тўкиб қувонч ёшларин.

Олис йўл толдириб, ухласа тунлар,
Ёстиғин бошига ўтириб ҳазин,
Излайсан бошу юз, манглайларидан,
Йўллар, сафарларнинг қолдирган изин.

Фарзандинг бошида ялтираб турган
Бир тола оқ сочни кўриб ярим тун,
Ухлолмай, қалбингни ўртайди алам,
«Бунча барвақт?» дейсан шивирлаб маҳзун.

Она, асли шудир ҳаёт дегани…
Сендай армон билан ўтамиз биз ҳам.
Кексаликка сендай борамиз етиб,
Дунёдан ўтамиз навбат келган дам.

Онажон, фақат, сен мангу қолурсан,
Бу гўзал дунёда сен борсан абад.
Олисларда юрган фарзандлар йўлин
Пойлайсан ой, кунлар санаб сен, фақат.

Болалик айёмин ғавғоси аро,
Сенинг аллаларинг тинглайман ҳамон.
Бироқ, ухлатмайди энди ул садо,
Балки, чорлар бизни ёруғ кун томон…

Ўгит, дуо, эзгу орзулар билан
Яна тўғри йўлни кўрсат бизларга.
Ким йўл юрса, бордир оёғида гард,
Кенглик, саховатни ўргат бизларга.

1966

* * *

Она ер сингари танҳосан, она,
Она ер сингари ёлғиз, ягона.

Ерни мерос қолган молу мулк янглиғ
Неча бор ўртада тақсим қилдилар.
Фарзандларинг ерни парча-парчалаб,
Сўнгра бир-бирига тақдим қилдилар.
Ўртада ер тақсим этилмаслигин
Бир кун улар англаб етдилар, аммо,
Ер, осмон,
Ой, қуёш,
Қалбинг,
Меҳрингдай
Ҳаргиз бўлинмайди гўдаклар аро.

Ҳаммада бордир ўз қуёши, ойи,
Ҳар ким ўз осмону ери ичрадир.
Аммо, асил қуёш, ой, еру осмон
Сендайин ягона, сендай биттадир.

Ҳар кимнинг ўз юрти бўлгани каби,
Туғилган жойи бор, бордир ошёна.
Барчамизга она – Ватан биттадир,
Сен бизга Ватандай танҳосан, она.

Якка-ягонасан қайда бўлмагин,
Якка-ягонасан биз билан ҳар дам.
Сендан ғам яралгай,
Шодлик яралгай,
Яратгайсан бугун,
Келажакни ҳам.

Ер, осмон,
Ой, қуёш,
Бу она Ватан
Танҳолиги боис
Биз учун азиз.
Биттадан кўп бўлган нарса дунёда
Унчалар муқаддас саналмас ҳаргиз.

Она ер сингари танҳосан, она!
Она ер сингари ёлғиз, ягона!

1966

ОНА ЭТАГИ

Гўдакликда, энди йўл юрган чоғда
Тутди этагингдан йиқилмай деб ул.
Бешикда боғланиб қолмай деб танҳо,
Қайга борсанг, тутди этакдан нуқул.

Гарчи, гурзи тутар энди у қўллар,
Она, этагингдан тутар у тағин.
Гарчи юролмайсан энди изма-из,
Гарчи санолмайсан қўйган қадамин.

Она, этагингдан тутгайдир тағин,
Қийналиб ўстирган гўдагинг бу дам.
Кеча эмаклаган мурғагинг букун,
Ўлик-тиригингга эга бўлса ҳам.

Этагингдан тутар, этагингни то
Олмасин деб унинг қўлидан бало.

1966

ҚАРЗ

Сенга ёшлигимни қарз бергим келар,
Қайтарасан деган бир умид билан.
Ёлғизлик дардини чекканда қайтар,
Шодлик кунларимда жом айлаб уни
Ҳасратдан аччиқ ёш тўкканда қайтар.

Оёққа чанг-ғубор юқтирмай келдим
Янги ёққан қорни бирма-бир босиб.
Яшнаган ниҳоллар қолди ортимда,
Келдим олислардан энтикиб, шошиб.
Номингга битилган афсоналарни
Бирма-бир, йўлма-йўл, ўзимча ўқиб
Келдим олислардан, илк қадамимдан
Қолган изга сенинг номингни қўйиб.
Жим сукут сақлаган тоғлар оралаб
Келдим олислардан ёнингга етиб.
Қаърида сирларни пинҳон асраган
Не-не дарёларнинг тўлқинин кечиб.
Дарёнинг бўйидан келдим мен, бироқ,
Бир коса сувингдан бергин, ташнаман.
Мен бир йўловчиман бунда бесабр,
Бир лаҳза тин олиб, тағин қайтаман.
Мен сени бир зумда ошно айлайман,
Дарё, тоғ қаърида асраган сирга.
Тоғларнинг китоби менга ҳамроҳдир,
Дарёлар қўшиғи – мен билан бирга.
Болалигим, бекас, хору зорлигим,
Онам кўз ёшидан сўйлайман ҳазин.
Сочининг учига бойланган калит,
Қанча эшиклардан нон сўраганин.
Сўйлайман мен унинг чарх йигирганин
Ё дока рўмоли ёпган юзидан.
Оталар юз ганжу меросидан ҳам
Афзал бўлган иссиқ култўдасидан.
Сўйлайман мен унинг, чармдай қотиб,
Қабариб ёрилган оёқларидан.
Эркалаган чоғда нозик, мулойим,
Буришган, серқадоқ бармоқларидан.
Тоғлар маконидан сўйлайман яна,
Кўчкилар кўчганин, ёққанида қор.
Саргардон шамолнинг ҳувиллашидан
Сўйлагим келади такрор ва такрор.

Қолгин бир нишондай қароғим аро,
Туҳфадай йўлимда элтай мен уни.
Кўз очиб кўрсатай, токи, англасин,
Ёшликда беқарор ошиқлигимни…

Лабларингда бордир
Шодликдан нишон,
Юзингда яшнайди хазонсиз баҳор.
Зарҳал сочларингнинг сокин жилосин
Ёдим ичра қолдир,
Шафақ акси то
Менинг юзларимни ёритсин такрор!

Кетдик!..
Порлама, эй, ўткинчи жилва,
Мен тилла тобутман ўзимга ўзим!
Ҳар нигоҳ қаъридан дилимда борин
Англаб олгин сен ҳам, эй, хайрихоҳим.
Унда қақшаб кетган бенаво қалбнинг
Мудом очиқ, тўкин дастурхони бор!
Унда қиссалар бор, ўқиб айла ёд,
Гарчи, ганжмас, бироқ, сенгадир ёдгор!

1971

* * *

Кимки оналарнинг муқаддас ерин
Танигай, худди, бир тупроқшуносдек.
Унинг ҳар бир йўлин қадамлар билан
Ўлчаб, охирига етолмайди, лек.

Танимоқлик лозим бу ерни гўё
Жароҳатлик тандай мунглиғ, ярадор.
Умрбод ғам кўрган маъюс чеҳрадай,
Умрин вароғида мотам изи бор.

Ёлғиз она ёлғиз фарзанддан ногоҳ
Айрилиб, тупроққа уни қўйган дам,
Қабрининг бошида йиғламоқликдан
Кўр бўлди бахтнинг ҳар икки кўзи ҳам.

Худди, бир деҳқондай, қаҳатликдан сўнг
Ерга уруғ сочиб, кутмоқда ҳануз.
Ўз юртин қўмсаган мусофир янглиғ
Диёрини эслаб ўртанар маъюс.

Оналар ерини ўз онасидай
Мушфиқ ва меҳрибон билса агар ким,
Йўлида бош фидо айлаб ҳар қадам,
Таъзим бажо қилгай ерга бетиним.

Мен яхши англайман бу ерни, ҳар дам
Ёлғиз онадай у йўлимга қарар…
Ҳар тонг сув келтириб унга булоқдан,
Ҳар куни ҳолидан оламан хабар.

1971

ГАДОЛИК ТЎНИ

Мен ёруғ дунёга қўйганда қадам,
Катта умид билан излардинг паноҳ,
Ҳар уй эшигига бориб бирма-бир,
Тиланардинг, она, бир парча матоҳ.
Дастлаб, кўп болалик оналар, сўнгра
Тўқ, тадбиркор чоллар айлади ато,
Дастлаб, бойлар тобут узра ёпганин,
Сўнг бахтли келинчак бисоти аро.

Художўй кампирлар олдида ёйиб,
Йиққан матоҳларинг лахтакларидан,
Ҳар хил қийқимларни улаб бирма-бир,
Тўн тикардинг эзгу ниятлар билан.
Бутун халқ гўё тўн кийдирди менга,
Бутун халқ ризқ бериб, ғамимни еди.
Мен кийган тўн гўё совутдай, халқнинг
Пора-пора меҳри танимда эди.

Ўша кундан буён, халқдан, эй, онам,
То борман, қарзим бор шу кунга қадар.
Олақуроқ, пора халқ тўнин кийиб,
Англадим бу ҳаёт рангини буткул
Ва халқ хизматига боғладим камар.

Букун мен ҳам сендай, эй, онагинам,
Ҳар бир хонадонга кираман бир-бир.
Тақдирим парчасин сўрайман, баъзан,
Баъзида, сўрайман бир бўлак тадбир.

Сўрайман бир парча халқ ҳаётидан,
Сўрайман бир бўлак қисматин, арзин.
То ашъорим билан қайтарай буткул,
Бўлак-бўлак қилиб халқимнинг қарзин.
Сен тиланган парча матоҳлар учун
Букун ато бўлсин шеърим барчаси.
Бўлсин ашъоримнинг ҳар парчаси то
Иқбол парчаси…

1979

* * *

Илгари эркаклар гўридан кўра,
Чуқурроқ ковлашган аёллар гўрин.
Топдилар гуноҳин катта деб мудом,
Шариатдан не-не ҳийлалар йўлин.

Чуқурроқ қазганлар аёллар гўрин,
То гуноҳин кўмсин деб ернинг таги.
Бирор майса ўсиб чиқмасин, токи,
Булғанмасин ундан поклар этаги.

Лек, улар билмасди, аёл бу – она,
Инсонни туғди у, гуноҳи шудир.
Бундай одатшунос, разил зотларга
Ато айлаганин ҳаёт ва умр.

Улар билмас, она яратгувчидир,
Она билан топар бу ҳаёт такрор.
Барча фарзандларин гуноҳи учун,
Ҳатто, гўрида ҳам тортади озор.

Улар билмас, аёл – жаҳоннинг жони,
Она боис кўргай оламни кўзи.
Гуноҳи бор бўлса, у ҳам шул:
Шундай
Қадр билмасларни туққандир ўзи…

1979

БОРЛИҚ ЖАВҲАРИ

Барча туғён бошидир бағринг бутун,
Қўлларинг илк йўли – ҳар бир жон учун.
Солгай ул қалбингда дарёлар ғулув,
Айланар сувратга тупроқ бирла сув.

Бўлди бедор кўзларинг бахтга эшик,
Тебранар олам мисоли бир бешик.
Этагингдан олди этак бахтимиз,
Қудратингдан туйди қудрат қалбимиз.

Зар қаср устунидан игнанг – улуғ,
Барча нурдан юздаги жилванг – улуғ.
Эзгу фолсиз қоладир сенсиз жаҳон,
Бўшамас ўрнинг ҳаётда ҳеч қачон!..

1980

ОНА ҚЎШИFИ

Катта бўл, йиғлоқи гўдагим, бу он,
Етти иқлим ичра бўл мендан нишон,
Шон қозон!
Шуҳрат қозон!

Бебаҳо шоҳона ганжимсан ўзинг,
Доимо бедор у бахтимсан ўзинг.
Бул улуғвор ҳамда кенг олам аро
Топганим, қудрат ва қадримсан ўзинг.

Катта бўл, эй, болажоним, безавол,
Ўтгану кетганларим ўрнида қол!

Оналарнинг меҳрисан, тобонисан,
Оналар аҳдию ҳам паймонисан.
Ўзини ўртар юракнинг ҳосили,
Оналарнинг давлати, давронисан.

Катта бўл, йиғлоқи болам, улғайиб,
Ворис ўл, озодлигингга чулғаниб.

Гўдагимдирсан ширин, порлоқ бутун,
Бўлмасин ҳаргиз чирой, бахтинг тугун.
Сен нажот, сен пушт-паноҳдирсан мудом,
Эрта кун ҳамда бутун дунё учун.

Болажоним, катта бўлгин, бахтли бўл,
Ифтихор қилсин, жаҳоннинг фахри бўл,
Шонли бўл,
Шуҳратли бўл!

1982

ТЎЛFОҚ

Бир дард – ўларсан ё қоларсан тирик,
Бир дард – тўлғоқ дарди, бошингда турар.
Бир дард – нималар юз беради бугун?
Бир дард – эрта кунда нималар кутар?

Бир дард – келтирасан кимни дунёга,
Унга қандай қисмат, ризқ бўлар ато?
Ўйлайсан, нима бор йўлида унинг?
Зеро, одам – балиқ, наҳангдир дунё.

Билдинг боланг учун мақсад ва ғов деб,
Тўрт томони девор олам, азални.
Ернинг тўрт томони ичра кўрарсан
Ҳам эзгу амални, ҳам шум ажални.

Туққандан сўнг қайноқ бағрингга босиб,
Юзига юзингни суркайсан ва ё,
Меҳрга чулғанган хонадон ичра
Унинг ҳар дардига излайсан даво.

Айлагайсан унинг тўрт мучасин соғ,
Ҳаётнинг тўрт фасли ҳукмига мойил.
Токи изланишлар чорраҳасида
Қолмасин довдираб, бехабар, ғофил.

Билмайсан, лек, ўшал чорраҳаларда
Қайси бир йўлни у қилар ихтиёр.
Аммо, қайси йўлдан юрмасин, кутиб,
Бир умр кўзларинг тўрт бўлар зор-зор.

Умидинг шул, қисмат фолидан, боланг
Бировнинг кўнглига бермасин озор.
Нима иш қилмасин, бўлсин соғ-омон,
Фақат, бўлмаса бас сарсон, беқарор.

Она, жоним фидо нафасларингга,
Дунё боқий қолар, қилсанг гар дуо.
Офат келмас ушбу дунёга, чунки,
Дунё ичра ўзинг боқий бир дунё!

Она, жоним фидо қадамларингга,
Дардингга қўшилар дардлар бирма-бир.
Тўлғоқдасан, фақат, туққанда эмас,
Сенинг бутун умринг тўлғоқдир, ахир!

Бир юрак, битта жон, битта тан билан
Ҳар лаҳза ғамларни туясан ҳазин.
Фақат, тўлғоқ эмас, ундан-да оғир
Бутун олам дардин, одамзод дардин!

ҚАБР БОШИДА

Онагинам, кетдинг фарзанд тўйини кўрмай,
Онагинам, кетдинг сочган донингни термай.
Машъал тутган тўп, келинчак олдида шодмон
Ўйин тушмай, кетдинг дунё бахтига тўймай.

Ном қўярдинг гўдакларга, қилиб орзу, ўй,
Куёвларнинг жиҳозини безардинг ҳар тўй,
Келинчаклар тилла тожин боғлардинг мудом,
Шаббодалар хуш атрига қўшардинг хуш бўй.

Меҳр билан бўлдинг фарзанд йўлида адо,
Меҳр билан ҳар ғавғога қилдинг жон фидо,
Бу ҳаётда меҳру ишқнинг асли эдинг сен,
Меҳр билан бўлдинг охир ҳаётдан жудо.

Гулдастаю гулсиз элтдинг илм маконига,
Қўлимиздан тутиб элтдинг қувнаб гоҳида.
Мактабдан сўнг то ярим тун ширин тил билан
Элтдинг қисса, эртакларнинг кенг жаҳонига.

Кексаликда тортган дардинг ёдимда ҳамон,
Ундаги ҳар қиссаларнинг ўзи бир жаҳон.
Келолмайсан энди менинг уйимга, бироқ,
Бандалигим элтар бир кун уйингга томон.

Кўйлагингни эслатади рангин камалак,
Фарёдингни эслатади момогулдирак,
Ҳар тонг мактаб қўнғироғи – болалик бонги,
Мактаб сари элтганингдан беради дарак.

Кўз ёшларинг эслатгайдир ёмғир ҳар қачон,
Сен термаган гул-чечакни эслатар хазон,
Баҳор чоғи булут қоплаб олган қуёш ҳам,
Сен кўрмаган ёруғ кунни эслатар ҳар он.

Битта бўлдинг букун она ер билан, онам,
Айланиб, ер, осмон билан қўясан қадам,
Куйган бағир, кўз ёш атрин таратар қабринг,
Гарчи, кўз ёш, ғамлар билан ғойибсан бу дам.

Юм-юм йиғлаб, хира тортган кўзларинг – ҳаёт,
Қулочларинг, қоқ, бемадор қўлларинг – ҳаёт,
Ёлғиз келиб, ёлғиз кетдинг дунёдан, бироқ,
Ўздан ёлғиз ёдгор қилиб қўйганинг – ҳаёт!

Шоирлигим сендан мерос қолди, онажон,
Сендан мерос қолди менга бу ер, бу замон,
Тор қишлоқда сен дунёга келтирдинг мени,
Сендан мерос қолди менга бу чексиз жаҳон.

Гарчи кетдинг, қолмай девор тўсган ҳовлимда,
Сен тириксан қароғимда, кўнглим, ёдимда.
Сен эшикдан чиқолмайсан ёнимга энди,
Лек, тириксан шукроналар айтган жонимда.

Борсан, онам, доим мададкордирсан, онам,
Руҳим, шеърим, ғазалимга ёрдирсан, онам,
Токи сенинг оқ сутингни оқлаган боланг
Бу ер, осмон аро бордир, бордирсан, онам.

Розимасдир ҳеч ким дунё ишидан, онам,
Токи сирдай ер бағрида ётибсан бу дам,
Бир онадай, ер ичра ер ғамини ейсан,
Гарчанд, сени бу лоқайд ер ютиб кетса ҳам.

Қуёш томон чўзилади қўлларинг тағин,
Яна қуёш чеҳрасига боқасан ҳазин,
Ёшли кўзга ойнак тақиб чиқарсан гўё
Қидиргандай ғойиб бўлган қуёш изларин.

Сен чиқарсан, сўнгра мени кутиб оларсан,
Хандон, бироқ, ич-ичингдан фарёд соларсан.
Катта йўлга кузатиб, сўнг ортимдан, она,
Минг хаёл-ла қўлларингни силкиб қоларсан.

Хушбахт, бадбахт онам, замин сенга ёр бўлсин!
Пок руҳ, хулқинг асрагувчи барқарор бўлсин!
Қабринг томон элтувчи ул сўқмоқ, номингни
Улуғловчи зотларга йўл, мададкор бўлсин!

САВОЛ

Эй, сен, миллатимнинг мушфиқ онаси,
Эй, серфарзанд она, муштипар олам.
Яратмоқ бобида олдиндадирсан,
Олддасан жон фидо қилмоқликда ҳам…

Фиғон айлаб, куймоқ учун туғдингми?
Қисмат доғин туймоқ учун туғдингми?
Қовжираб, сўлмоқлик учун туғдингми?
Азобдан ўлмоқлик учун туғдингми?

Шод бўлардим, сенинг гўдакларинг гар
Етса гўдакликдан юксакка, тикка.
Шод бўлардим, етса ул гўдакларинг
То ўлгунча ўшал илоҳийликка.

Бу жаҳон юзида кўз очмай улар,
Бу жаҳон юзида ногоҳ юз бурар…
Одам туғилмоғи, жаҳоннинг агар
Шодлиги, ушалган армони йўқдир,
Унда жаҳон надир?
Унда жаҳон йўқ!
Ёки одамий зот жаҳони йўқдир!

1989

ИНТИЗОРЛИК

Йўлнинг бошидадир мунглиғ мозоринг,
Сени ғамлар буткул айлади адо.
Жоним оҳ-зоридан яралган шеърсан,
Сен қонга беланган байтларимда жо.

Ёнингдан ўтади одамлар шошиб,
Гоҳ баланд, гоҳида пастликка қараб.
Гоҳ отлиқ, гоҳида пиёда ўтар,
Бир зум тиним билмай йўртиб, йўрғалаб.

Онам билан яқин дўст бўлган дея
Кимдир мозорингда қилар тиловат.
Кимдир эса, гўё онаси йўқдай,
Парво қилмас, ҳатто, қўпса қиёмат.

Бири тортади ўз аравасини,
Ҳаётидан қилар ифтихор, фахр.
Бири еру осмон ичра муаллақ,
Борлиги, йўқлиги – унга барибир.

Ёнингдан ўтади кимлардир, қалбин
Эски, газаклаган яралар тилмай.
Мозоринг – бир ҳовуч суяк гўримас,
Қалб, туғён мозори эканин билмай…

Ҳар гоҳ тупроғингни айласам тавоф,
Кўзларинг гўрингдан мен томон қарар.
Ўқиб манглайимдан ажинлар хатин,
Фойда-зараримни бирма-бир санар.

Кўз юмдинг бу ёруғ дунёдан, гарчанд,
Боқади менга зор кўзларинг тағин.
Гирён боқар олиб мендан хавотир,
Интизор кўзларинг ҳазиндан ҳазин…

Онагинам, ғамлар ўлдирган онам,
Гарчи, ер остидан топгансан макон.
Гўёки, осмоннинг остида туриб,
Йўлимни интизор пойлайсан ҳамон…

1989

ОНАМ МОЗОРИНИНГ КЎМ-КЎК ҚУББАСИ

Ҳар баҳорда бўлар яшиллик мавжи
Онам мозорининг боши узра жам.
Етти қават осмон тоқи остида
Қайда бўлмай, сени эслайман, онам.

Яшил майсаларинг эслатар, баҳор,
Онамнинг яшнаган ёшлик айёмин.
Кўзларим ўнгида айлагай пайдо,
Тароватбахш умрин, яшноқ ҳаётин.

Кўм-кўк майса ичра кўраман сени,
Онамнинг гўрида яшнаган тупроқ.
Онам армонининг яшил чечаги
Юрагим ерида яшнайди, бироқ.

Тоза тупроқ ичра ётибсан, она,
Тириксан, шеъримда қолгай ҳар изинг.
Барча тириклардан кўра тирикроқ,
Пиримсан, иймоним, тадбирим ўзинг.

Тупроғингда кўм-кўк, момиқ майсалар
Эслатар оналар умид, орзусин.
Кошки, бутун дунё ғавғодан кечиб,
Волидалар томон бурсайди юзин.

Кошки, ернинг яшил курраси, бағри
Яшнаса юзингдай нур сочиб ҳар дам.
Ер гуллаб-яшнаса ҳар тўрт фаслда,
Яшнайди мозоринг чечаклари ҳам.

Титраса она Ер, баъзан, эслайман,
Тупроғинг титроғин ногоҳ, онажон.
Руҳга лаҳад хоки ором берса гар,
Безовта бўлмайди руҳинг ҳеч қачон!

1989

МУҲИДДИН ОЛИМПУР СУВРАТГА ТУШИРГАН ОНАМНИНГ ОХИРГИ АКСИ ОРТИГА ЁЗУВ

Қиблагоҳим, онам!
Олампаноҳим!
Эшикнинг олдида қўл қовуштириб
Тургандайсан ҳануз маъюс, паришон.
Даргоҳимдан кетдинг тупроққа, гарчанд,
Меҳру эътиқодга тимсолсан ҳамон.
Эшик олдидасан, интизор онам,
Шодлигим, умидим,баҳордай маъсум.
Эшик олдидасан, тириксан буткул,
Юз-кўзингда – ўшал мунглиғ табассум.

Бордир, қанча-қанча чақалоқларни
Дунёга келтирган оналар бордир.
Бироқ, онадан ҳам экансан қодир,
Ҳам она экансан, ҳам яратгувчи,
Гўдакка эгизак шоир ҳам туғдинг,
Мафтункор юраги тиниқ бир шоир.

Оқ сутинг оқ шеърим сарчашмасидир,
Неки оқ орзу бор, оҳ, онагинам,
Улангандир оппоқ орзуларингга.
Одамзодда бўлса ҳаёт орзуси,
Барқарорлик умид қилса гар ҳаёт,
Орзу, умидларинг поядир унга.

Қиблагоҳим, онам!
Олампаноҳим!
Гарчи, бу дунёдан кетган бўлсанг ҳам,
Бошингда оқ рўмол, жилмайиб маҳзун,
Умидвор термулиб,
Қўл қовуштириб
Эшикнинг олдида турибсан бу дам.

Эшикнинг олдида турибсан гўё
Меҳмон кутиб олмоқ учун ёруғ юз.
Мени,
Дунёнинг ҳар бурчидан келган
Меҳмонларимни ҳам, остона узра
Кутиб тургандайсан гўё сен ҳануз…

1989

ҲАММАДАН УЛУF

Она чеккан бир нафаслик дард, фироқ,
Ҳар набий мўъжизасиндан яхшироқ.

Оналарнинг бир нигоҳи ичра нур,
Барча юлдуз нуридан кўп порлаюр.

Она айтган ҳар калом дил нақшидир,
Барча доно ҳикматиндан яхшидир.

Оналар берган ушоқ бир маслаҳат,
Бор ҳакамлар ҳукмидан аъло абад.

Оналар бахш қилса меҳрин бир нафас,
Барча санъат аҳлининг сеҳри – абас.

Она кўнгли бўлса гар бир зум малул,
Барча шоир дардидан афзалдир ул.

Она гар бир лаҳзалик ўртар бағир,
Барча мардлар мардлигидан яхшидир.

Она берган бир дуо, бир армуғон,
Барча куч-қудратдан аъло бегумон.

Она қўйган битта беозор қадам,
Чексиз ул олти томондан муҳташам.

Оналар, ҳар бир қадам сизда – азиз,
Сизга бор юксак, баландлар чўкди тиз.

Оналар, борсиз бу олам ичра то,
Сизга бор манзил, макон бўлсин фидо.

* * *

Еру осмоним ўзингдирсан, онам,
Кенг бу жаҳоним ўзингдирсан, онам.

Раҳми йўқ, ҳам меҳри йўқ дунё аро,
Бир меҳрибоним ўзингдирсан, онам.

Сен каби кўнглимни ҳеч ким англамас,
Дилда достоним ўзингдирсан, онам.

Ёғдирар умримга нур нурлик юзинг,
Нурли хон-моним ўзингдирсан, онам.

Англадинг халқнинг тилин, имлонимас,
Ҳам бу забоним ўзингдирсан, онам.

Туғмасанг шоир, ғазал айтармидим?
Байтда баёним ўзингдирсан, онам.

Қўшиғимнинг аввалисан, сўнги ҳам,
Мангу куй, шоним ўзингдирсан, онам.

1986

* * *

Онажон, эй, хушназар, менда назар – сендан нисор,
Менда қолган ҳар нишон, ҳар бир асар – сендан нисор.

Мангулик осмонида парвоз қилар бўлсам узоқ,
Бил, қанотим ҳам парим, эй, муштипар, – сендан нисор.

Қилди ул хоксорлигинг ҳам қанча қадримни баланд,
Осмонимда порлаган юлдуз, қамар – сендан нисор.

Мени деб кўз ёши тўкдинг, кипригингга қўнди нам,
Ўша нам кўзларда унган шеър, кадар – сендан нисор.

Қисқа дер ақлингни кимлар, қисқалик қилгай, бироқ,
Олис ул йўлда шитоб қилсам агар – сендан нисор.

Баъзилар билгай аёлларни заиф деб, воажаб,
Бул ҳаётим ичра порлоқ ҳар шарар – сендан нисор.

Барча билгай нотавон деб ҳам аёл, ҳам онани,
Мен – гувоҳ, бошдан аёғимга қадар – сендан нисор.

Баҳра олсин бул ҳаётдан деб яратдинг сен мени,
Бул ҳаётдан олганим ул бор самар – сендан нисор.

Онажон, муштипарим, ўрнингда қолдим мен букун,
Эрта кундан келган ул ҳар хуш хабар – сендан нисор.

1986

* * *

Айладинг дунёни тарк, сен менга бир дунё, онам,
Мен букун ер узра, сен тупроқ аро танҳо, онам.

Ул қучоғиндан жудо бўлдиму гул айёмида,
Бўлди аччиқ кўз ёшимдан борлиғим дарё, онам.

Ҳар баҳор яшнайди олам хандалар айлаб мудом,
Сарғайиб-сўлган юзим дардинг-ла қоқ саҳро, онам.

Ёшлигимда шафқатинг бирлан қилиб бошимни тик,
Қолдим ул эртанги кун йўлинда зор, аммо, онам.

Юз юлиб қурдинг, яратдинг, соч юлиб қилдинг бино,
Қоматим кетдинг букиб, ганж сингари якто, онам.

Кетди тупроқ остига сен бирла дунё меҳри ҳам,
Қилмагай ҳолимга ҳеч ким ушбу кун парво, онам.

Қийнагай ушбу жаҳоннинг бор баланд-пастликлари,
Сен билан пасту баландлик эрди тенг маъво, онам.

Худди, қабрингдай дилимда орзулар қолмиш қотиб,
Орзу, ишқ дунёсини ҳам қилганим барпо, онам.

Бесабр дунёни тарк айлаб қаён кетдинг шошиб,
Қилмайин бир лаҳза тоқат ҳам сабр, ҳатто, онам.

Тобутинг ичинда кетмиш барча бор-йўғим маним,
Тушди дунё дастидан бошимга кўп савдо, онам.

Эй, ҳаётим шуъласи, кетдинг қувончимни олиб,
Водариғо, водариғо, онажоним, о, онам.

1987

* * *

Онажон, дардингни сен шомлар аро сўйлар эдинг,
Лабларинг сокин шивирлаб юз дуо, сўйлар эдинг.

Fам-алам девори ортинда мудом йиғлаб ниҳон,
Fам билан, ўтганда ҳар хеш-ақрабо, сўйлар эдинг.

Кўп гапирмасдинг, бироқ, бахтин бутун кўрмоқ учун,
Келмасин фарзандга деб зинҳор бало, сўйлар эдинг.

Сақладинг сен охиратнинг йўлларини покиза,
Охират тоғига айлаб илтижо, сўйлар эдинг.

Борар эрдинг ломаконга сен ярим жон, тан билан,
Сўнгги манзилингга гўё бесадо, сўйлар эдинг.

Ул танингда гарчи туғён завқи сўнган бўлса ҳам,
Бул тирикликдан умид қалбингда жо, сўйлар эдинг.

Оқ сутинг ул бедаволар дардига эрди даво,
Бедаволар дардига излаб даво, сўйлар эдинг.

Мен ҳануз ҳайрону лолман, лабларинг қурғаб, қуриб,
Ўз-ўзингча, сен Худо бирлан ва ё, сўйлар эдинг.

* * *

Соғиниб ҳар лаҳза, ҳар дам, сени эслайман, онам,
Қопласа қалбимни дард, ғам, сени эслайман, онам.

Ўз тилин йўқотган ул тилдошларим ичра қолиб,
Топмасам тилдошу ҳамдам, сени эслайман, онам.

Ёшлигим сен бирла гўё айламиш оламни тарк,
Ёшлигимни эсласам ҳам, сени эслайман, онам.

Тоғли, тор манзилда тарк этдинг жаҳонни ногаҳон,
Ҳар сафар кезганда олам, сени эслайман, онам.

Гоҳи дам ўйларга ботсам бу ҳаётда қийналиб,
Кипригимга қўнса гоҳ нам, сени эслайман, онам.

Сени эслайман мудом, ёдинг маним ёдим эрур,
Сенда жоннинг аслидир жам, сени эслайман, онам.

* * *

Ишқ аввали – баланд, бепоён осмон,
Ишқ охири – ботқоқ, дунё – қоронғу.
Ишқ аввали – ёш ва қайноқ орзулар,
Ишқ охири – қариб, кексайган орзу.

Ишқ аввали – қўллар ёрнинг бўйнида,
Ишқ охири – қўллар қўлтиқда бари.
Ишқ аввали – нигоҳ ёрга юзма-юз,
Ишқ охири – боқар юзсизлик сари.

Ишқ аввали – кокил узра гул-чечак,
Ишқ охири – бир боғ хору хас, сўник.
Ишқ аввали – тенгсиз дунё эгаси,
Ишқ охири – эссиз, эгасиз ўлик.

Ишқ аввали – мардлар тўнин кийган лоф,
Ишқ охири – номард тўқиган туҳмат.
Ишқ аввали – дилда лаззатли азоб,
Ишқ охири – дилда ўртанган ғурбат.

Ишқ аввали – лабда эриган бўса,
Ишқ охири – аччиқ, шўр босган кадар.
Ишқ аввали – дийдор нашъу намоси,
Ишқ охири – ҳижрон тутқазган заҳар.

Ишқ аввали – гулга бурканган баҳор,
Ишқ охири – хазон фасли, хиёнат.
Ишқ аввали – илк бор яралган дунё,
Ишқ охири – қойим бўлган қиёмат.

* * *

Илк муҳаббат – совуқ урган ғўрадай
Етилмай тўкилар шохдан ғамбода.
Умр новдасининг илдизи агар
Сувда бўлса, гуллар қайтган баҳорда,
Эй, менинг телба дилим, девона бўл!

Шоирлик юртига сафар айладим,
Тўрвамга мен сени жойладим, фақат.
Тўрвамда йўқ эди тоғлар ганжидай
Шуъла сочган тошдан ўзга бир давлат,
Эй, менинг телба дилим, девона бўл!

Баъзан, кўксим ичра нолийсан узоқ,
Баъзан, ўт ёқасан бағримга маним.
Берилиб кетганда ишқ ўйинига,
Баъзан, бошим билан ўйнашасан жим,
Эй, менинг телба дилим, девона бўл!

Баъзан, пушаймонлик биёбонида
Кетган ёр изини ахтардинг роса.
Баъзан, неки насиб этса умрдан,
Унга шукур айлаб, қилдинг муроса,
Эй, менинг телба дилим, девона бўл!

Ҳаёт кўпу камнинг йиғиндисидир,
Ҳар тун осмон узра ой бўлмас сирдош.
Чиройга ошиқдир баъзилар, аммо,
Дўппи топилади, омон бўлса бош,
Эй, менинг телба дилим, девона бўл!

Мудрама шошқалоқ оламда, зеро,
Шоирлик, ошиқлик телбаликдир, рост.
Очилган эшикни очганлар касби –
Хонаки товуқнинг парвози, холос,
Эй, менинг телба дилим, девона бўл!

Яна сипқорамиз жомларни бир-бир,
Бошга кўтарамиз яна шомларни.
Туғилган минг-минглаб чақалоқларга
Биз инъом этамиз янги номларни,
Эй, менинг телба дилим, девона бўл!
Девона бўл!..

* * *

Хатодан, ғафлатдан ва ғурурлардан,
Жафодан, ғирромлик ва қусурлардан,
Ёлғондан, алдоқдан ва ур-сурлардан,
Ишқ ҳам қартаяди, ҳеч бўлар, афсус,
Ишқу ошиқликка кеч бўлар, афсус.

Гумону маломат ва бўҳтонлардан,
Дилни эговлаган ўлик жонлардан,
Қалби кўр қўрслардан, қўли қонлардан,
Ишқ ҳам қартаяди, ҳеч бўлар, афсус,
Ишқу ошиқликка кеч бўлар, афсус.

Камолот фаслида камол ўтгайдир,
Бамисоли тушдай хаёл ўтгайдир,
Қадр топган ҳусну жамол ўтгайдир,
Ишқ ҳам қартаяди, ҳеч бўлар, афсус,
Ишқу ошиқликка кеч бўлар, афсус.

Гул-япроқ кузакда бўлгандай хазон,
Йўлларда қуриган дарёдай ҳайрон,
Азобдан қийналган жондай беомон,
Ишқ ҳам қартаяди, ҳеч бўлар, афсус,
Ишқу ошиқликка кеч бўлар, афсус.

Эскирган матоҳдай йўқотиб рангин,
Ўлик ердай ютиб зардобу зангин,
Йўлларда туртинган асодай ғамгин,
Ишқ ҳам қартаяди, ҳеч бўлар, афсус,
Ишқу ошиқликка кеч бўлар, афсус.

Ирода сўнгайдир, ғам келса ғолиб,
Ҳалок айлагувчи азобдан нолиб,
Биздай тўполонлар ичида қолиб,
Ишқ ҳам қартаяди, ҳеч бўлар, афсус,
Ишқу ошиқликка кеч бўлар, афсус.

Гарчанд, у – юракда мунглиғ ҳикоят,
Гарчанд, у – дунёдан айлар шикоят,
Гарчанд, у – ёшликдан гўзал ривоят,
Безамон қартайиб кетади, афсус,
Ноаён қартайиб кетади, афсус…

* * *

Оҳ, сени учратиб қолсайдим тағин,
Бошимни пойингга айлардим инъом.
Умр йўлларида чарчаб, эгилган
Сочинг соясида олардим ором.

Ҳайдардим юракдан армонларимни,
Сочингдай титилиб кетарди буткул.
Қовжираган сўлғин бахтим ҳам масрур,
Боғингда очилиб, гулларди нуқул.

Ҳаммадан қўл ювиб, чиқариб қанот,
Юракни парвозга чақирар эдим.
Мен бахтлиман, дея етти иқлимга
Бор овозим билан бақирар эдим.

Турардим кўзингга тикиб кўзимни,
Ёнингдан кетмасдим, қолсам-да қариб.
Эшигингдан то гўр оғзига қадар
Ёнингдан бир қадам жилмасдим нари.

Бир нафас бағрингда ором олсам бас,
Бошқа ҳеч нарсани қилмасдим орзу.
Ахтариб юрмасдим бахт юлдузимни,
Кўзларинг юлдузи сочганда ёғду.

Балки, фироқдан сўз очмасдим, ғамлар
Ўтиб кетмас эди суяк-суякдан.
Балки, бир сўзингдан яратар эдим
Энг гўзал шеъримни юрак-юракдан.

Юрагим ҳасратга тўлгандир ҳамон,
Қолиб кетди ишқу ошиқлик бари,
Умид хирмонида, шамолдан кейин
Қолиб кетган бир кафт кепак сингари…

Оҳ сени учратиб қолсайдим тағин,
Ишқ доғини олиб кетмасдим йироқ.
Ўлар эдим сенинг ғамларингни еб,
Афсус еб мен ўлиб кетмасдим, бироқ…

* * *

Бу кеча хаёлим кўчаларидан
Қоматинг сояси ўтар тентираб.
Ишқимиздан нишон қолмаган, бироқ,
Соя кўз олдимга сени келтирар.

Ногоҳ қўзғаб кетар эски дардларим,
Туз сепди юрагим ярасига ул.
Ўт қўйиб ашқолу дашқолларимга,
Остин-устин қилди уйимни буткул.

Ногоҳ ўчиб қолган юлдуз нуридай
Кўксимга санчилди ишқингнинг нури.
Хаёлимнинг тийра пучмоқларини
Ёритди чақнаган кўзларинг дури.

Ўша чилбир, ўша жамалак кокил,
Ўша турмакланган ширин азоблар.
Ўша ўхшаши йўқ маъсума вужуд,
Ўтиб кетган ўша савол-жавоблар…

Мактублар, сўроқлар…
Ишқ манглайида
Нечун айрилиқдан қолмиш ёзиқлар?
Нима учун, боқий бўлса муҳаббат,
Хато қилиб ўлар барча ошиқлар?!

Нечун бевафодир эркаклар зоти,
Билмас аёл тўккан кўз ёш қадрини?
Наҳот, улар билмас ишқ достонининг
Бўсаю бағирдан ўзга сатрини?

Оҳ, бу достонларнинг йўқдир адоғи,
Улар «Минг бир кеча» қиссаси эмас.
Уни ўқиб, ўксиб йиғламас ҳеч ким,
Ё «Қайдан?», «Қаердан?», «Не учун?» демас…

Одамий ишқ тугал достондир азал,
Гоҳо нур таратган гоҳо нурпараст.
Одаммас – севгидан фойда излаган,
Одамдир – бир умр ишқдан бўлган маст.

Навбатбоз дунёда навбатимизни
Бетоқат кутамиз, айлаймиз талош.
Қўлда навбат жомин синдириб кетдик,
Лабимиз қуп-қуруқ, кўзимизда ёш.

Ким бўлмайлик, энди барчаси ўтди,
Оққан сув қайтмайди ортига боқиб.
Оқиб кетган обрў қайтиб келмайди,
Ариқнинг сувидай кетганда оқиб.

Қаерда бўлмагин, ошиқдай яша,
Фақат, шеър айтишга букун қодирман.
Баҳорда йўқотган ўша гулимни
Афсуски, кузакда излаётирман…

* * *

Ошиқлар – девони чиқмаган шоир,
Ошиқлар – унвондан мосуво олим.
Ошиқлар – овози олинган ҳофиз,
Ошиқлар – гул терган боладир доим.

Шаҳар кўчасидан ўтсангиз агар,
Ёрнинг бўйи қадар қўллар бўйинда.
Ишқ ёғар осмондан, кўча ва куйдан,
Шаҳар муҳаббатга тўлган, тўйинган.

Жуфт-жуфт бўлиб, туртиб йўловчиларни
Улар ўтиб кетар шод, ғурур билан.
Дийдордан порлаган нигоҳ ва юрак,
Гўё нур йўлидан ўтар нур билан.

Бутун шаҳар – ваъда, висолга ошён,
Бирорта жой қолмас тегмаган қадам.
Бутун шаҳар дўнган ҳур бўсагоҳга,
Дарёнинг лаби ҳам, ёрнинг лаби ҳам…

Юрагим ҳаприқар сизларга боқиб,
Ҳаёт ҳамроҳликка бўлганда маъво.
Қариб қолган осмон, худди, сиз каби
Боқий гўзалликдан ахтарар маъно.

Сизга ҳозир ишқу ошиқлик басдир,
Бир юракка бўлиб сирдош, ҳамнафас,
Ошиқ нигоҳ билан ҳаёт ҳуснига
Сиз боқа олсангиз, шунинг ўзи бас.

Ёр қадрига етиш осон иш эмас,
Йиғиштириб дунё ғалваларини.
Топа олсангиз бас учқур замондан
Ишқу интизорлик лаҳзаларини.

Бошқа нима дердим, сиз мендан кўра
Ишқ йўлининг бир жон, бир танидасиз.
Бошқа нима дердим, сиз мендан кўра
Оқил, доно – қадим ишқ фанида сиз.

Ошиқлар – уяси бузилган қушлар,
Ошиқлар – ўт тегиб ёнган нолалар.
Ошиқлар – соҳилда ташна қолган лаб,
Ошиқлар – эртакда қолган болалар…

* * *

Шаҳарга сиғмасанг, уйга сиғмасанг,
Қўшиққа сиғмасанг, куйга сиғмасанг,
Билгил, бу ишқдир!

Қуёш бош устингда, фақат, сен учун,
Отанг қўллагандай порласа беун,
Билгил, бу ишқдир!

Дунёнинг бағрида яйрасанг тўлиб,
Битта барг кўринса юз садбарг бўлиб,
Билгил, бу ишқдир!

Кўзгуга юзма-юз ўтирсанг мағрур,
Кўзингда порласа илоҳий бир нур,
Билгил, бу ишқдир!

Яралсанг ўзингдан ўзгага қадар,
Ўзингдан ўзингни тополсанг агар,
Билгил, бу ишқдир!

Бир куни англасанг ному нангингни,
Онадан не учун яралганингни,
Билгил, бу ишқдир!..

* * *

Айтинг, ўн саккизга кирган чоғида
Ким тунлар тўлғанмай ором олар жим?
Айтинг, ўн саккиз ёш остонасида
Битта қиз номига шеър битмаган ким?

Дарсда устоз кўзин шамғалат қилиб,
Бир қизнинг номига хат ёздим пинҳон.
Юракда ёришган туйғуларимни
Бахтга ёр ул ёрга айладим баён.

Мактубни берардим, гулнинг баргига
Ўралган ишқимни айлаб ифода:
«Мен сени Мажнундай севаман, ишон,
Ишқим – ҳуснинг каби ҳаддан зиёда…»

Партанинг ортида устоздан пинҳон
Санардим кокиллар қаторин ҳар кун.
Ва узун сочининг занжири билан
Юрагимни боғлаб берардим бутун.

Дарс пайти энг сўнгги партада туриб,
Хаёлим сочини тараб сумансой,
Унинг меҳри, худди, каптар мисоли
Юрагим тубидан олган эди жой.

Кўнглим оқ қоғоздай топ-тоза эди,
Фақат, унинг исмин дилга йўндим мен.
Балоғат ёшида ғўр эдим ҳали,
Унга берган эдим содда кўнглимни.

Лекин, афсус, сўнгги қўнғироқ саси
Ишқимиз адосин садоси эди.
Ўтаётган ёшлик айёми, олис
Даштдан келган карвон нидоси эди.

Сўнг… Ҳаёт йўлида кездик саргардон,
Ҳар ким ўз бахтини ахтарди ёниб.
Кетдик, бошимизда – эртанинг ўйи,
Юракка ғам, ташвиш юкини солиб.

Ҳавас унутилди сабоқдай, ёшлик
Кетди, хато кетган ўқдай йўл босиб.
Рози эдик ўшал орзулардан биз,
Бироқ, ёшлик кетди биздан норози…

Унинг узугидан сачраган учқун
Пинҳона ёндирди дилда борини.
Қатор сочларидан олган эдим илк
Шеъримнинг ҳар сатрин, ҳар қаторини…

* * *

Қалбингда азоб кўрдим, тунларда бехоб кўрдим,
Ҳар лаҳзаю ҳар соат ҳолингни хароб кўрдим,
Доро бўлибсан, эй, дил, ғавғолигинг муборак!

Тошдан шарар ахтариб, ёрдан назар ахтариб,
Синиқ кўнгилдан нажот, ишқдан самар ахтариб,
Пайдо бўлибсан, эй, дил, пайдолигинг муборак!

Орзу-ҳавасга лим-лим тўлгайсан, тинмагайсан,
Ёр майлидан маст бўлиб, кўксимга сиғмагайсан,
Эҳё бўлибсан, эй, дил, эҳёлигинг муборак!

Бепоён жаҳондирсан, ошкору ниҳондирсан,
Гоҳ майса янглиғ шодмон, гоҳ сўлғин хазондирсан,
«Шайдо бўлибсан, эй, дил, савдолигинг муборак!»(1)

Туғёнинг ўзгачадир, жавлонинг ўзгачадир,
Кўксимда бош кўтарган тўфонинг ўзгачадир,
Дарё бўлибсан, эй, дил, дарёлигинг муборак!

Ҳолимни сўрайсан гоҳ, ғамингда куярсан гоҳ,
Бош устимда ярақлаб, нур сочиб турарсан гоҳ,
Зебо бўлибсан, эй, дил, зеболигинг муборак!

___________
1- Шамс Табризий сатри.

* * *

Менинг хаёлимда бўлмасанг агар,
Ёниб куйламасди дарё ҳам, ишон.
Ҳаётнинг нафаси қайтиб кетарди,
Ва мендек шоирдан қолмасди нишон.

Менинг хаёлимда бўлмасанг агар,
Бир пулга арзимас ишқнинг зийнати.
Кўзларинг ғурури бўлмаса баланд,
Жуда паст бўларди ишқнинг ҳиммати.

Менинг хаёлимда бўлмасанг агар,
Шеъру шоирлигим бўларди касод.
Ҳаётим, дунёда нимаики бор,
Барчасин дастидан дод этарди, дод…

ЭСКИ ЎГИТ

Дўстлар! Қўлда қадаҳ, дилда гард надир?
Бу кун ўтди, эрта келган дард надир?
Ахир, кимга керак панду насиҳат?
Бул дам ғаниматдир,
Одам ғанимат!

Дўстлар! Ишқ баҳори гул сочиб ўтди,
Дил дарёси бекор, тез оқиб ўтди,
Қачонгача дилни ўртар азият?
Бул дам ғаниматдир,
Одам ғанимат!

Дўстлар! Дил додига етайлик бир дам,
Ёр нозин кўтариб кетайлик илдам,
Ноз айлаган ёрдан кутмайлик ҳиммат,
Бул дам ғаниматдир,
Одам ғанимат!

Дўстлар! Бошни бошга айлайлик фидо,
Юракда тинмасин қадим куй, нидо,
Шеър, қўшиқ нурига қонсин муҳаббат,
Бул дам ғаниматдир,
Одам ғанимат!..

ФАРЗАНДЛИК ҚАРЗИ

Мард эмас ул эркак, ҳаёт жангига
Кирмаса совутин ечиб, беханжар.
Бесовут, беханжар кирсаю бироқ,
Қўлида қирқ ҳунар бўлмаса агар.

Ўз халқининг дарди, каму кўсти деб,
Ўзи билан ўзи олишганда мард:
Киндигининг қони тўкилган ерга,
Юрагининг қони тўкилмоғи шарт.

ШОИР ҚАДРИ

Ошиқлар оҳ тортса хаёлга ботиб,
Зўрлар ҳам йиғласа ҳайрон, лол қотиб,
Дўстлар бир-бирини кетганда сотиб,
Ўшанда билинар шоирнинг қадри.

Осмонда бир юлдуз ёнса дамодам,
Ерда бир ёш юрак тутганда мотам,
Ўзидан ўзини ахтарса одам,
Ўшанда билинар шоирнинг қадри.

Овчиларнинг ови юришмаган он,
Бошин эгиб қайтса, елкада камон,
Харсанг тош устида ўтирса ҳайрон,
Ўшанда билинар шоирнинг қадри.

Йўловчи қумлоқдан ўтиб кетганда,
Оҳанги қумларга чўкиб кетганда,
Бир парча шеър ўқиб жўшиб кетганда,
Ўшанда билинар шоирнинг қадри.

Юрак осмонини қопласа булут,
Сохта гўзалликнинг юзи ҳам шувут,
Эзгулик дунёси бўлганда унут,
Ўшанда билинар шоирнинг қадри.

Дунё тор келганда зўрлар лошига,
Ҳангомаю ғурур етиб бошига,
Ёзув ахтарганда қабр тошига,
Ўшанда билинар шоирнинг қадри.

Одамзод қайтадан топса қадрини,
Куйга солиб айтса алам, дардини,
Бир сўздан ахтарса ул дард шарҳини,
Ўшанда билинар шоирнинг қадри.

* * *

Ибн Сино икки тилда сўйларди,
Кўнгил асрорини, юрак арзини.
Нишопурлик Хайём икки забонда
Чақар эди битта маъно мағзини.

Икки тиллик эди шоирлар бурун,
Ўзининг тилию халқ тили билан.
Мумтоз шеъру достон битди халқ учун,
Ҳақиқат тилию қалб тили билан.

Бу – бизнинг замонга хос бўлган ғамдир,
Гарчи, ҳамма зукко, ҳушёрдир ҳамма.
Икки тиллик шоир нақадар камдир,
Шоирларнинг кўпи – иккиюзлама…

ОРИФ ЗОТЛАРГА

Ноаҳил ва кўрдир ёритгувчимиз,
Яқинлар ўзидан олислардадир.
Тоғларимиз каби сақлаймиз сукут,
Токи, тоғлар тоши қиларкан сабр,
Ҳолимга вой менинг, ҳолимизга вой!

Жилоси қолмаган тоғларимизнинг,
Торож бўлса тоғлар тоши, турбати.
Балки, тош арзимас кўз ёшимизга,
Аммо, ғорат бўлса тоғлар қудрати,
Ҳолимга вой менинг, ҳолимизга вой!

Булоғимиз кўпдир, томоғимиз қоқ,
Гўё озод, аммо, қулмиз беқадр.
На майдон мардимиз, на осмон марди,
Аслимиз қанақа, номимиз надир?!..
Ҳолимга вой менинг, ҳолимизга вой!

Номимиз баланду оҳангимиз паст,
Руҳ баланд, юзларда ажинлар қат-қат.
Дарё тўла суву ташнадир соҳил,
Тоғлар баланд, аммо, пастдир фаросат…
Ҳолимга вой менинг, ҳолимизга вой!

Пахтамиздан битта кўйлак тикилмас,
Юзи ёруғ бўлган бир ҳамватан йўқ.
Пахта фахримиздир ўла-ўлгунча,
Ўлсак, ўрагани, ҳатто, кафан йўқ…
Ҳолимга вой менинг, ҳолимизга вой!

Озодалик йўқдир, оворалик бор,
Чоракорлик йўқдир, бечоралар бор.
Она юртимизда, зоҳиримизда
Эгасиз, худбинга не чоралар бор?!..
Ҳолимга вой менинг, ҳолимизга вой!

Бошимиз омондир, қалбимиз ўлик,
Қисмат қийиғидан белбоғимиз йўқ.
Бир сафда кетамиз итоат қилиб,
Бир сафда ўзликка келмоғимиз йўқ,
Ҳолимга вой менинг, ҳолимизга вой!..

* * *

Кўрдим, юраклари қонга тўлса ҳам,
Юракка бегона етти ётларни.
Не-не унвонларга эга бўлса ҳам,
Фозил бўлолмаган айрим зотларни.
Эй, ҳаёт! Гар бизга устоз бўлсанг, айт,
Айтгил, ёлғонларнинг йиртиб пардасин,
Нечун бир мактабдан чиққан шогирдлар,
Оқил бўлолмайди бари, барчаси?

Ҳаттоки, дунёдан ўтар чоғида
Бузилмас ошиқнинг аҳду паймони.
Шоирнинг юраги уйғоқ бўлса гар,
Шайдо бўлиб ўтар дунёга жони.
Эй, ҳаёт! Гар бизга раҳбар бўлсанг, айт,
Сувдан қуруқ чиқар фосиқлар ҳар дам.
Дунё гирдобидан ўтса ҳам улар,
Нечун оёғига юқтирмайди нам?!

Номуси қолмаган хушомадгўйлар
Ичган қасамини синдирар бир-бир.
Топталган ғурурлар синмайди, аммо,
Дунё чил-чил синиб кетмоқда, ахир!
Эй, ҳаёт! Агар сен одил бўлсанг, айт,
Қачон мунофиқлар овози тинар?
Томдан битта аблаҳ йиқилса агар,
Қачонгача бизнинг бўйнимиз синар?!..

* * *

Бу дунёнинг барча ғавғоси ичра,
Орзуларнинг турфа хунёси аро,
Ақл ва туйғунинг жангу жадали,
Чувалган изланиш дунёси аро,
Етмаган қутбимиз бор ҳаммамизда,
Отмаган субҳимиз бор ҳаммамизда.

Ҳамма гул теради орзу боғидан,
Ўзи, ўзга билан кўргали баҳам.
Тиним билмай гуллар терамиз, гарчанд,
Баҳор чоғи ёхуд баҳор ўтса ҳам.
Бироқ, очилмаган гулларимиз бор,
Ушалмаган орзу ҳавасида зор.

Жаҳон – фидо уйи жону жигарга,
Боши баландлиги ботил эмасдир.
Бироқ, барча шону шавкати билан
Ўзидан қониққан комил эмасдир.
Босилмаган йўл, ер ҳаммамизда бор,
Ёзилмаган зўр шеър ҳаммамизда бор.

Юракда – биз ҳали айтмаган қўшиқ,
Кўксимиз ичида пинҳон бир хабар.
Бир оҳанг қайнайди юракда ҳамон,
Номини билмаймиз шу кунга қадар.
Кулмаган бахтимиз бор ҳаммамизда,
Унмаган нақдимиз бор ҳаммамизда.

Очилмаган маҳзан бор ҳаммамизда,
Топилмаган бир ишқ ҳаммамизда бор.
Овора бир орзу бор ҳаммамизда,
Ҳаммамизда бордир ўпилмаган ёр.
Биз тортмаган кадар бор ҳаммамизда,
Биз ютмаган заҳар бор ҳаммамизда…

ЁЛFИЗЛИК

Ёлғизлик эмас бу – ёлғиз қолсанг гар,
Ёр-дўст сени ташлаб кетса ҳам бир-бир.
Ёлғизлик, бу – халқнинг ичида бўлиб,
Ўша халқ дардини англамасликдир.

Ёлғизлик эмас бу – дўсту душманлар
Бир бор йўқламаса, бўлмаса надим.
Ёлғизлик, бу – ўлик-тиригингда ҳам,
Дардингга, қадрингга етмаса ҳеч ким.

ЭРТАНИ ЎЙЛАБ

То ҳаёт булоғин ёпилмай кўзи,
Авлодлар қалбига тўлсин деб лим-лим,
Оналар мозорнинг бошига борди,
Оталар йўл олди дор остига жим.

То ўлмасин дея кейинги авлод,
Асраб қолсин дея юртнинг шонини,
Душманнинг ўқини еди оталар,
Волидалар ичди жигар қонини.

Ор-номус қолдириб кетди оталар,
Орият йўлида таслим этиб жон.
Ота руҳи рози бўлсин деб фарзанд,
Ўлса ҳам, номусин этмади пайҳон.

То ҳаёт, то абад туртинмасин деб,
Ўтганлар тоқати тўлган, тоқ эди.
Оналарнинг кўрган кунлари қаро,
Гўдакларнинг ичган сути оқ эди.

* * *

Эй, дарёнинг майин эсган шамоли,
Келгил, юрагимда бир лаҳза қувон.
Ёки сен ҳам мендай шошқалоқ каби
Ҳаётни шитоб деб қилдингми гумон?

Тошлар ўйга ботган соҳил бўйида
Дарё суви мендай шошади ҳар ён.
Неки ўтди, қайтиб келмайди бошқа,
Бу ҳақиқат, фақат, айтишга осон…

Нима топсанг – қўлдан кетар бир зумда,
Ҳаёт ортга қайтмас қадимдан-қадим.
Қўлингда неки бор – ўша нақд бугун
Ва унинг қадрига етолмас ҳеч ким.

Ҳаммамиз дунёдан ўтамиз, дарё
Қуримай, узоқ йил тўлишни истар.
Беқарорлик – ушбу дунёга одат,
Бундан-да беқарор бўлишни истар.

Сув лабида сўзга очолмасман лаб,
Ўзимча минғирлаб, тўзим билмасман.
Эй, дарё шамоли, нима йўқотдим,
Нима ахтараман???
Ўзим билмасман.

ҚАРFИШ

Ёғилсин ўшанга халқнинг лаънати,
Беор, ҳиммати паст бўлса, илойим,
Ким гар, онасининг оқ сутин ичиб,
Қора ният билан яшаса доим.

Ҳар икки дунёнинг лаънати бўлсин,
Ким умр кечирса йиғиб бойлик, зар.
Онадан панд тинглаб гўдаклигида,
Одам боласига панд берса агар.

Осмон тушиб кетсин унинг бошига,
Осмонда неки бор, тушсин бетиним,
Обрўйини тўкиб ариқ сувидай,
Онанинг юзидан юз ўгирса ким.

Бутун ер юзининг нафрати бўлсин,
Ўз жонини ўйлаб юрган зотларга.
Онасининг чўккан қабрин унутиб,
Ҳашаматли қаср қурган зотларга!

Лаънат бўлсин, тағин минг лаънат бўлсин,
Номидан одамлар ҳазар этганга.
Лаънат бўлсин, халқнинг ҳалол нонин еб,
Бир кун итдай ҳаром ўлиб кетганга!..

FОЙИБ САФАРЗОД ХОТИРАСИГА

Сенга айтар эдим, бунча шошма деб,
Шошдинг, қара, шошиб қайга ҳам етдинг?..
Қайғурдинг, одамдан ўтса хатолик,
Нечун хато қилдинг, оламдан кетдинг?..

Тоғ йўлидан келдинг сўз билан, сўздан
Тоғ йўлига сафар айладинг мангу.
Ваъда қилган эдинг бир олам қувонч,
Кетдинг… Сендан қолди бир дунё қайғу.

Бу дунё асрори, юк босган дўстим,
Қолди юрагингнинг бир чеккасида.
Сен тоғлар юкини тортмоқчи эдинг,
Умринг юки қолди тоғ елкасида…

ТАСАЛЛИ ЎРНИДА

Бедил бўлолмасанг,
Ҳамдил не керак?

Йўловчи бўлмасанг,
Манзил не керак?

Дарё бўлолмасанг,
Соҳил не керак?

Қонинг ўлган бўлса,
Қотил не керак?!..

ТАШЛАНДИҚ ҚИШЛОҚ

Емирилиб кетган деворлар боши,
Томлар ҳам тўкилиб чўккандир бадар.
Қишлоқнинг жасади жойида, аммо,
Унда тирик жондан қолмаган асар.

Бошқа бир водийга йўл олди ҳаёт,
Дарё тўлиб оқар, фаровон, сулув.
Энди одамлар ҳам сувнинг бошида
Тўполон кўтариб талашмайди сув.

Қишлоқ кўчган манзил – озодлик шаҳри,
Озодлар шаҳридир оламдан огоҳ.
Аммо, вайронага айланган бу жой
Аждодлар қисматин эслатар ногоҳ…

Сандалнинг ичида, ўчоқ олдида
Яшнаб, қолиб кетган чўғнинг жилваси.
Қачондир тоғликлар бағрин ёритиб
Сўнг ўчган оловнинг сўнгги шуъласи.

Кўрмайди кимсасиз кўчалар кўзи,
Жовдираб боқмайди ёр йўлига зор.
Одамсиз, ҳасратга ётар кўмилиб,
Ҳувиллаган ҳовли, мунғайган девор.

Оҳ-нола тентирар теварагида,
Атрофига боқар тош девор маъюс.
Титилган қишлоқдан қолган парча ер
Атрофини ўраб тургандай ҳануз.

Тупроқ билан тўлган ёғнинг хурмаси,
Осилган ошқовоқ шох сиртмоғида
Тор оғзини очиб айтар: – Қандай бахт,
Одамзод ризқи кенг бўлган чоғида…

Кимсасиз қишлоқда қўрқиб, қалтираб
Чинорнинг шохига чирмашган узум.
Ёлғизлик эзганда, туну кун йиғлаб,
Қуриб, қақшаб кетган булоқнинг кўзи…

СИНИҚЧИ

Менинг отам битта синиқчи эди,
Дипломи йўқ эди,
Гар ҳузурига
Бемор келса,
Дардни аниқлаш учун,
Кўзларини юмиб,
Жароҳат жойин,
Бармоқ учи билан
Пайпасларди жим.
Отам
Пайпаслаган чоғда беморни,
Юмилганда ҳорғин кўз-қароғлари,
Ўхшаб кетар эди рентгенга,
Унинг
Юмилган кўзлари
Ва бармоқлари.

Менинг отам битта синиқчи эди,
Оёғи синганлар,
Қўли синганлар,
Бўйни қайрилганлар
Келарди бир-бир.
Шифо топгандан сўнг
Отамдан,
Улар
Тағин йўл юрарди,
Ишга борарди,
Еб-ичарди,
Ухлаб, ҳатто, эснарди,
Аммо,
На Худога қиларди шукур,
На менинг отамни эсларди.

Менинг отам битта синиқчи эди,
Қовурғаси синган,
Бели қайрилган,
Тирсаги,
Кураги
Чиққан, қапишган,
Бўғинлари шишган,
Оёқ-қўллари
Ё жойидан чиққан
Ёки лат еган
Одамлар келарди
Унинг олдига.
Шифо топгандан сўнг отамдан,
Улар
Тағин йўл юрарди,
Ишга борарди,
Еб-ичарди,
Ухлаб, ҳатто, эснарди,
Аммо,
На Худога қиларди шукур
На менинг отамни эсларди.

Менинг отам битта синиқчи эди.
Сигирлар,
Отлару
(Узр!)
Эшаклар,
Қутурган итлару
Қобил мушуклар
Отамнинг олдига келарди,
Оғриқ
Азоб берганида инқиллаб аранг.
Отам даволаган сигирлар дарҳол
Подага қўшилиб кетарди тағин.
Отлар киракашлик қиларди яна.
Улар еб-ичарди,
Тўйиб ухларди,
Чопқилаб юрарди
Унутиб ғамни,
Аммо,
На Худога қиларди шукур
Ва на эслар эди отагинамни.

Менинг отам битта синиқчи эди.
Тоғлар гиёҳидан
Ҳамда шифобахш
Ўтлардан доривор тайёрлар эди.
Бор эди
Дунёнинг бир чеккасида
Шифохона янглиғ
Битта кулбаси.
Кўзлари ёрилган,
Пўсти йиртилган,
Томирлари шишган,
Боши ёрилган,
Пайлари кесилган,
Қони ивиган,
Ичи маддалаган
Яраси ёпиқ,
Яраси бедаво,
Яраси очиқ
Одамлар келарди,
Отам
Уларнинг
Дардига бир зумда топарди даво.
Шифо топгандан сўнг отамдан,
Улар
Тағин йўл юрарди,
Ишга борарди,
Еб-ичиб,
Ухларди,
Унутиб буткул
Оғриқни, азобни, алам, дардини,
Аммо,
На Худога қиларди шукур
Ва на билар эди отам қадрини.

Менинг отам битта синиқчи эди.
Бир водийнинг халқи
Бошдан то оёқ
Отамга
Бир ота,
Битта волида,
Бир ука,
Бир сингил қатори эди.
Аммо, бир кун…
Аммо, бир қаро кунда
Ўз-ўзидан қолди
Отамнинг кўнгли
Бутун дунёдану
Барча одамдан.
Одамларнинг
Синган қўл-оёғини
Отам тузатарди
Ва лекин ўзи
Синиқ кўнгил билан
Ўтди оламдан…

Менинг отам битта синиқчи эди…

* * *

Лойиқ ҳазратлари, сиз огоҳмисиз,
Гуллаб турган ёшлик айёмингизнинг
Ярми ғафлат босиб, алданганидан?
Ўткинчи умрингиз хазинасининг
Ярми ғорат бўлиб, таланганидан?
Ишқу Шеър ва Шуҳрат орзуси дея
Ном олган ўғрилар қолдирмай бир из,
Кўзингиз олдида, хазинангизни
Ташиб кетганидан хабардормисиз?

Сиз эса мамнунсиз,
Ишхонангизда
Тамаки дудида йитганингиздан.
Китоблар терилган жавон олдида
Номига чучмал шеър битганингиздан.
Мамнунсиз, бир ҳовуч тўпориларнинг
Юзаки битилган хатидан, ахир,
Гўё шеърингизни ўқигач улар
Шодликдан қийқириб, айламиш фахр.
Гўё шеърингизни ўқиб ўшалар
Юраги титрагай, йиғлагай унсиз.
Ўздан фахрланиб кетасиз ногоҳ,
Ва гулдай яшнайсиз,
Зеро, мамнунсиз.

Ахир, Сиз…
(Уйингиз буғдойга тўлсин!)
Алданиб дунёнинг алдовларига,
Нечун ишонасиз бунчалар осон,
Одамларнинг сохта мақтовларига?

Ахир, Сиз…
Бўрилар билан қўйни еб,
Чўпон билан бирга йиғламайсиз, бас.
Ахир, Сиз…
Ариқдан қочиб, қутулиб,
Дарёга тутилган қавмидан эмас.

Биласиз-ку Сиз Шеър саргузаштидан,
Сара шеър бир марта яралар, тайин.
Сиз биласиз, шоир ул шеъри билан,
Мўъжиза бобида Худога яқин.

Шоирнинг илк, сўнгги, якка-ягона
Ўшал шеъри билан ёришар қалби.
Ўшал ёлғиз шеъри билан қолар у,
Ёлғиз фарзанди бор оналар каби.

Биласиз-ку Сиз Шеър саргузаштидан,
Бу дунёнинг не-не алп шуароси,
Ўлимидан олдин оҳ-фиғон чекиб
Ўтади ўзидан бўлмасдан рози.
Зеро, яратмаган мумтоз шеърини
ўзи билан олиб кетгайдир бадар.
Гўрга олиб кетар ўшал шеърини
Ёки ўша шеърни гўрида айтар.

Бир бор ўзингизга келинг, юракни
Очиб, ундан сўранг, борми хабари:
Сўзмикан, яратган барча шеърингиз
Ёки майда-чуйда сўз парчалари?

Агар Шеър мезони ўлчанса шундай,
Сизнинг юзингизга айтгум рўйи рост,
Ҳозиргача (мени маъзур тутгайсиз!)
Бекор сув янчдингиз ўғурда, холос!..

Лойиқ ҳазратлари, Сиз огоҳмисиз?..
Ўғурда сув янчгансиз, холос!
Ўғурда сув янчгансиз, холос!..

* * *

Замондош бўлганда бизларга Хайём,
Етарди етмаган орзуларига.
Қўли етар эди ўзга осмонлар,
Ўзга сайёранинг ёғдуларига.

Циолковский ё Эйнштейн-ла
Дўстлашиб, қўлларди бири-бирини.
Ернинг сир-асрорин осмондан излаб,
Ердан излар эди осмон сирини.

Марду номард уйқаш ушбу дунёда
Шубҳасиз, биздан кўп чекар эди ғам.
Биздан кўра кўпроқ ахтарар эди
Беозорлик йўлин, йўриқларин ҳам.

Исёнкор руҳ билан, дов юрак билан
Бекор ўтказмай ҳар дақиқасини,
Тинмай ахтаради ушбу кунда ҳам
Ўшанда ахтарган ҳақиқатини.

ТОШ САҲИФА

Бир ёлғиз қабрнинг тошига бир-бир,
Шундай ҳикмат ёзиб қолдирмиш кимдир:
«Ўз хоҳишим билан яралганим йўқ,
Ихтиёрим билан ўлмасман, тайин.
Неки олган бўлсам дунё қўлидан,
Қўлига қарз янглиғ қайтардим тағин».

Сув ювган харсангни ўйиб зору зор,
Шундай лавҳа битмиш бир вафодор ёр:
«Чўққилар бошида кўтардим фарёд,
Сенинг ёшлигингни қўмсайман бот-бот.
На сен ва на ёшлик келгайдир қайтиб,
Бир байт билан тошни айладим обод».

Бир уйнинг тўрида топибди қадр,
Уста ёзиб кетган ушбу тўрт сатр:
«Кел, азиз меҳмоним бўлгин, биродар,
Остонамни гулга буркагин бир бор.
Уйимга кириб кел қуруқ қўл билан,
Қуруқ юрак билан келмагин зинҳор».

Битта хонақоҳнинг бир шоҳстуни
Узра қай бир оқил қолдирмиш буни:
«Арзимаган молу мансаб туфайли,
Ака-ука талашмайди, биродар.
Баланд тоғлар зурёдимиз, билиб қўй,
Пастлик бизга ярашмайди, биродар!»

* * *

Уфқ зарҳалида қуёш бўлди ғарқ,
Бир нур тоғ тиғидан сўрайди мадад.
Бир зум кунботарга шошма, офтобим,
Сенинг ошиғингман, ошиқ – ғанимат!

Fуруб соясига ботди соялар,
Бир зум тоқат айла, эй, жиззаки кун.
Тоғ ортида қуёш киприги эгик,
Бир зум қуёш умрин айлагин узун.

Қора этак ёйди мотамсаро шом,
Қуёш тоғ ортида йўқолди, йитди.
Алвидо, тонггача омон бўл, қуёш,
Сенинг ошиғингман, дунё – умидли…

Ҳис этаман ҳар кун ёлғизлигимни,
Дилимда муҳаббат дарди бор қат-қат.
Меҳрибоним, бир зум мен билан ўтир,
Сенинг ошиғингман, дунё – ғанимат!..

* * *

Сочларинг ёйилган… Қўрғонланган ой…
Fуборга бурканган сутдай ойдин тун…
Ойнинг этагига узун қўл каби
Чанг солар тоғ тиғи – узундан-узун.

Дарёга ёйилар ойнинг кулгуси,
Мавжлар ҳам қиқирлаб ўтаётир шод.
Кулгин, фақат, дарё қирғоғи узра
Дунёнинг баҳридан ўтар одамзод.

Ерда эса… Буткул ўзга бир ҳолат,
Қирғоқда майсалар сўлган, таланган.
Ёндир, то нигоҳинг чўғидан ёниб
Дарёнинг юраги олсин аланга.

Ўтли нигоҳимдан қочар кўзларинг,
Виқорли талъатинг – порлаган қамар.
Биз кўнгли дарёлар бормиз, дарё бор,
Ранги ўчган бу бахт – ёруғ нақадар.

Ҳаммаси ўтади… Бахт ҳам, иқбол ҳам!
Ҳатто, ёруғ ойнинг юзида бор доғ.
Қара, ой бўйнидан, худи мен каби,
Қўлини ўтказиб турар баланд тоғ…

ЭЙ, ТИЛСИЗ ДАРАХТ

Ўзингдан чиқариб болта сопини,
Илдизинг кесишар,
Дунё ўзи – шу.
Танангни нимталаб,
Ташиб кетарлар,
Нечук савдо?
Нечук кемтик дунё бу?

Сендан дор ёғочи тикланар баланд,
Тобутга айланар тананг, дардларинг.

Тилинг бўлса сўйла, эй, тилсиз дарахт,
Айт, тилинг эмасми, ахир, баргларинг?..

* * *

Не замонлар ўтди, жуда ҳам оздир
Сўздан сабоқ берган устозлар ҳануз.
Туҳмату иғводан, ҳатто, шайтонга
Дарс берувчи зотлар кўпайган, афсус!

Кетдик кўз кулбасин тиниқлигига,
Қийшиқ нигоҳларда бизларга не бор?
Сен билан юракдан сўйлашгим келар,
Сўзбозлар дастидан бўлдим-ку безор.

Қочай десам жой йўқ, гарчанд сен билан
Равондир дунёнинг барча йўллари.
Нетай, шеърларимни қўлимга олиб,
Сен билан қочаман мангулик сари…

ХАЙРЛИ ТУН

Шодлигу ғам бир куни ўтди яна,
Қисмату номусу ном айлаб талош,
Бўлди пайдо янги ой шом буржида,
Бизни тарк этди тағин битта қуёш,
Хайрли тун, эй, дўст-ёрлар, хайрли тун!

Бир китобдир бул тириклик, ўтди кун
Бул китобдан бир вароқ йиртиб тағин.
Шод бўлар, баҳсу жадаллар ичра ким
Ахтариб топса тириклик чорасин,
Хайрли тун, чораси борлар, хайрли тун!

Тийра тун ёдимга келтирди яна,
Сал хира тортган онамнинг кўзларин.
Мен букун олисдаман, сўнгги нафас,
Сўнгги дам ёнида бўлсайдим яқин,
Хайрли тун, онаизорлар, хайрли тун!

Учмайин бир лаҳза, шохлар узра жам
Қушчалар тергай заминдан ризқ-рўзин.
Қонида ўт кезган ул парвоналар
Порлаган шам ўтига ургай ўзин,
Хайрли, тун, эй, куйган жонлар, хайрли тун!

Ул тикон симлар аро сарҳадбон
Ҳушёрдир ҳар кечаю ҳар кундузи.
Токи, олам бағри бўлсин беғубор,
Токи, озор топмасин деб ер юзи,
Хайрли тун, эй, ҳамдиёрлар, хайрли тун!

Аччиқ, ширинлик тўла тун жомидан
Ким ичар май, ким юрак қонин ичар.
То шивирлаб айтган ул тонг орзуси
Соғ-омон бўлсин кейинги тонггача,
Хайрли тун, эй, интизорлар, хайрли тун!

Бир замон фарзандидирмиз барчамиз,
Биз унинг бағрида топдик эҳтиром.
Ёдимизга қўнмасин токи ғубор,
Токи, қолсин барчамиздан яхши ном,
Хайрли тун, эй, дўст-ёрлар, хайрли тун!

Одил Икром таржимаси

www.munosabat.org

Share on FacebookShare on Google+Tweet about this on TwitterEmail this to someoneShare on LinkedIn