Сирожиддин Ислом: Одам Ато тишлаган олмага қасам

sirojiddinББС радиосининг ўзбек бўлимида ишловчи журналистларнинг аксарияти бадиий ижод билан шуғулланадиган иқтидорли шоир ва ёзувчилар эканлиги кўпчиликка маълум бўлса керак. Таниқли журналист ва адиб Ҳамид Исмоил раҳбарлик қиладиган бу нуфузли халқаро радионинг Марказий Осиё ва Қофқоз хизмати ўзбек шўъбаси мухбирлари- Хайрулло Файз, Бахтиёр Имомов, Паҳлавон Содиқ, Рустам Қобил,  Гулсевар Замон, Марҳабо Аҳмедова ва Феруза Раҳмонларни талабалик йилларимиздан яхши ижодкор сифатида билардик. Ўтган йилнинг охирларидан радионинг яна бир мухбири – Сирожиддин Исломнинг фалсафий мушоҳадаларга ўралган сатрларини ўқиб, бу ажойиб жамоага ўз сўзи ва овозига эга янги бир ижодкор қўшилганига ишонч ҳосил қилдик.
Сирожиддин инсон қалбидаги буюк дард ва  оғриқларни қисқа ва лўнда сатрларда осонгина ифода эта олади:

Кенжа укам бизни тарк этган кун
Лондон ёмғири кўз ёшларим билан қоришган маҳал
ўзимни овунтирганим:
Мен энг қора кунда ҳам тушкунликка тушмам
Зеро энг гўзал ёмғир энг қора булутдан ёғар!

Қалби ва руҳий дунёси осмон қадар юксалган, дунёнинг жамики сиру синоатларини теран англаб етган ижодкоргина шундай қайғули мисралар тиза олади.
Сирожиддин Исломнинг бир туркум шеърларини эътиборингизга ҳавола этар эканмиз, хориждаги ўзбек адабиётида янги бир овоз пайдо бўлгани билан барчангизни қутлаймиз.

****

Агар сен бўлмасанг,
Баҳор
энг гўзал ҳодиса эди.

***

Дедим: Нега шунча ёлғиз боркан,
Нега шунчаси ёлғиз?
Деди: Бўлганинг қадар
Бўлмаганинг кадар!

***

Ҳаёт – шамол
Ажинларим
Ундан хотира…

***

Чарчади мендан
Увадаси чиққан жойнамоз ҳам
Сени кутиш сабр истайди

***

Рангин
Билмасман
Аммо
Сен гапирганда
оқиш
Мен гапирганда
қизғиш
Бошқаси гапирганда
сарғиш
Тус олади

***

Ватанда cўзи ўтган бир жон қолди
Мустақиллик номида майдон қолди
Тўмарису Шераку Сарбадор ўрнига
Оғага қуллик қилган мардикор қолди
Адолату маърифату иттифоқ ўрнига
Ола рангга бўялган байроқ қолди
Уйин тарк этган эрк наққоши ўрнига
Кўланкаси майдон бутбоши қолди

***

Мен, сенлар айтмоқчи,
”Ватан хоини”
ва ”террорчи”ман!
Юрагим уруши – бомба миллари
танамга сиғмас,
танам хонамга
хонам оламга
портлаб кетаман!
Бутбоши қурган
Бутчилар ичида…

***

Аксинг
Сенинг аксинг
Ҳар тун бағримда

***

Нафас – имтиҳон
Нафас – инъом
Нафас – имтиҳонда берилган инъом…

***

У кетгач
сочимни устара билан олдим
Қўллари хотираси мени эсдан оғдирарди

***

Чарчадим
Жуда чарчадим
Бир жой беринг
Ором олайин
Бир бўш курси
Бир бўш хона
Бир бўш кўнгил

***

Бири бор эди
Бири йўқ эди
Буниси келди
Униси кетди
Бири учун ўзимдан кетдим
Бири учун дераза чертдим
Бири учун ўзимга боқдим
Бири учун уйимни ёқдим
Эшикларни бирма бир қоқдим
Аммо ҳеч бири “келгин” демасди
Кирган даргоҳларим Сенинг эмасди
Кечир мени
Ёлғиз Паноҳим!
Кечир мени
Суйган Аллоҳим

***

Баъзан
Адашиб қоламан
Ниқоб тутган
Одамлар орасида

***

Ҳар тун
Кўнглимда сен
Қўйнимда танҳолик

***

Кенжа укам бизни тарк этган кун
Лондон ёмғири кўз ёшларим билан қоришган маҳал
ўзимни овунтирганим:
Мен энг қора кунда ҳам тушкунликка тушмам
Зеро энг гўзал ёмғир энг қора булутдан ёғар!

***

Cени топганимда
На мен қолгандим
На биз

***

Ўлсам,
Зах лаҳатга
Бағрим ила ётқизинг
Бу кўнгил ўрганиб қолган

***

Сен ва мен
Ўртамизда фарқ битта:
Мен бир ёмонликни деб барча яхшиликларни унутаман
Сен бир яхшиликни деб барча ёмонликларни унутасан
Сен ва мен
Ўртамизда фарқ яна битта:
Сен кўрасану беркитасан
Мен кўрмайману очаман

***

Дунё ажиб:
Иш тепилади
Пул босилади
Лағмон осилади
Лоф урилади
Иш бузилади
Ош отилади
Гап сотилади
Лекин дўстлик қурбон қилинади

***

Биламан.
Яна хато қилдим.
«Ийяка наъбуду» дедим,
Аммо бошқаларга эргашдим.
«Ийяка настаъин» дедим,
Аммо бошқаларга такя қилдим.
Сен эса доимо
Неъмат йўлига бошладинг.
Яъни мен ва сен ҳар тонг унутдик:
Мен ваъдаларимни.
Сен хатоларимни.

***

Одам ато тишлаган олмага қасам!
… Кўзимда
Нур тоғи олмоси пинҳон
Нуҳ кўрган тўфонга қасам!
… Нигоҳимда
Фарҳод тешаси ниҳон
Исо кўтарилган самога қасам!
… Эгнимда
Қайс кийган жанда
Мусо тутган ҳассага қасам!
Юрагимда
Ширин нолали ханда

***

Айро кетдик.
Сен ўнгимдасан
Мен ёнингда…

***

Сочларим оқартирган
Тегирмон эмас
Кеча кўчасидан ўтганим
Нотаниш аёл

***

Қарға қарғадан сўради:
Биз оқмизми
ёки одамлар қалби…?

***

Дедим: Танҳоман, кўнглим учун амал қил.
Дединг: Бас, сен Менга таваккал қил.

***

Сукут
Нодонликдан эмас буюкликдан
Сени эшитмаслигим энди тушундим
Аллоҳим!

 

***

Бағрим иситган қуёш
Пешонамдан оққан тер
Ва дудоғимга оҳиста қўнган
Бир ёмғир томчиси
Ҳисларимдаги қўрқув
Ёлғоним ҳақиқати
Ичимдан чиққан нафас
Кўнгил тошларига
Экилган умидим
Кўзёшларим
Табассумим
Фарёдларим
Мени сархуш этган май

***

Меҳрибонлигинг – ёмғир
Райҳону ажириқ
Баҳра олар бирдай…

***

Сен
Руҳим
Ажириғи…

***

Cен билан кўрганларимни
Сенсиз
Кўргани кўзим йўқ.

***

– Парвардигоро!
Қайдасан?
– Мен шу ердаман,
Сен қайдасан?

***
Гоҳида
адашиб қоламан
одамлар орасида

***

Муножот
Эй Яратган Эгам!
Олимга масъулият
Авомга илм
Мўъминга рўшнолик
Зиёлига иймон
Мутаассибга фаҳм
Фаросатлига таассуб
Аёлга нафосат
Эркакка шарофат
Кексага огоҳлик
Ёшга асолат
Талабага ақида
Ётганга бедорлик
Бедорга ирода
Ёзувчига масъулият
Ҳунармандга дард
Шоирга шуур
Изловчига мақсад
Ўтирганга қиём
Ўликка ҳаёт
Кўдакка нигоҳ
Сукутга фарёд
Фирқага ваҳдат
Хасисга шифо
Худбинга инсоф
Фоҳишага адаб
Мужоҳидга сабр
Халққа сергаклик
Миллатга ҳиммат,
Истеъдод, фидокорлик
Нажот ва иззат
Ато эт!!!

***

Нафратланаман
аҳмоқ эдим, деган
хотираларимдан

***

Айрилиқ масофа билмас
Қанчалар узоқлашсам,
Шунчалар яқинлашасан!

***

Тут юрагимни
Фақат эҳтиёт бўл –
Қўлинг куйиб қолмасин…

***

Сени ўйлаш гўзал,
Худди дунёнинг энг гўзал овозидан
Энг гўзал қушиқни тинглаш каби
умидли…
Фақат
… фақат
Энди умидларим тугаб бормоқда
Мен энди қушиқ тинглашни эмас
Қўшиқ куйлашни истаб қолдим…

***

Қани кел
Биламан,
нафас олиш ҳунар эмас
Лекин
сен-ла ўлмоқ истайман…

***

Камалак –
ёмғир остида сени кутганлар
мукофоти

***

Камалак –
ёмғир остида сени кутганлар
мукофоти

***

Мендаги сен
Сенга
Асло ўхшамайди

***

Сабр тоши бўлишни истардинг.
Сен тош бўлдинг,
мен эса сабр…

***

”Мансур Ҳаллож”

Маҳбубимни кўнгил кўзи ила кўрдим
Дедим: Сен кимсан?
Деди: Сен.

***

”Топишмоқ”

Болалари нигоҳи орзуга тўла…
Ёшлари нигоҳи ҳасратга тўла…
Қариялари нигоҳи афсусга тўла…
Айтингчи, бу қайси эл?

***

Яратган эгам
махлуқларинг ё аёл айла ёки мард
номардлардан чарчадим!

***

Сени ҳар куни ичаман
тамом бўлмайсан
Ажабо, қайси денгиз ўзани
Кўзларингга оқаётган бўлса?!

***

Тил муаллими дил изҳори:

“Сен ҳақдаги феълларим ўтган замонда
Ҳаттоки узоқ ўтган замонда
Яқинроқ кел
Ҳозирги замон феъли
Мажҳул нисбати бўлишни истайман…”

***

”Маҳкум рўзаси”

Бир парча
руҳдан бошқа
қоқ суяк
… ғурурдан бошқа
бус бутун
иймондан бошқа
бисотим қолмади
закотим истаётган
ватан посбонлари –
қузғунлар учун
Ҳеч айтмайди аммо
Кўрсатиб қўяди
Ҳаёт

***

Агар муҳаббатинг бўлмаса,
Иброҳим уйин
Панжарадан қурган бўларди
Шайтон ҳайқирди:
Сажда қилгани келдим
уйғон, эй одам!
Ҳозир яхшиман
Лекин
Ўтмишим оғрияпти!

***

Денгизни бошига тортган соҳилдек
Кўрпани устимга тортаман…
Денгиз тубида унинг нигоҳи…

***

Эди
Бегона
Бўлди
Таниш
Дўст
Одат
Рўзгор
Бевафо
Бегона
Ҳасрат.
бўлмади
Унут
Ҳаёт
Ёмон ўтаяпти.
Шукр.
Ёмон қолмаяпти.

***

Сен дарёга
кўз ташлаган он
Чўкмаган кема
Қанчалар ғариб

***

Кўзларига боқдим
Денгиз эди улар
Деди: Суза биласанми?!
Дедим: Чўка биламан фақат.

***

Сени севаман, аммо…
…аммо, сени севаман

***

Гоҳида ғарқ бўлгим келар
Сувга эмас
Ғуссага эмас
Хаёлга эмас
Сенинг оғушингга
Она!

***

Сукут
Нодонликдан эмас буюкликдан
Сени эшитмаслигим энди тушундим
Аллоҳим!

www.munosabat.org

 

Share on FacebookShare on Google+Tweet about this on TwitterEmail this to someoneShare on LinkedIn